Менинг олмон тилидаги ҳаётим
Инсон қалби тарихидан ҳикоя қилиш таржимаи ҳолни ўраб-чирмашдан халос бўлишдир. Менинг олмон тилим моҳиятан мадҳия бўлиб янграйди. Қалб хотирасида. Ботинимдаги гобелен вужудимнинг бирдан-бир, ягона жон қулоғига айланган. Бунда Европани бош деб олсак, ундаги хотира инсон янглиғ либосга бурканади. Суратлар эса менинг ҳаётим, унда ботинан ва зоҳиран бир вужуд бўлиб яшайман.
Болалигимда исмим илк бор олмон тилида янгради. Ўшанда ўз исмим мени ҳарфлар оламига олиб кириб, гўёки забт этилаётган сайёрага айланди. Славян тилимни эса ўз-ўзидан ёзишга киришга-нимдагина англай бошлайман. Бирламчи тилдаги ана шу доимий кафолат мени ўз ҳақимда сўйлашга ундайди. Бироқ, аввало олмон тилидагина туғилиб ўсган ўз уйим ўзимга эшитила бошлайди. Ўз орзу-ўйларим, келиб чиқишим, таржимаи ҳолим, аввало, худони танигандек, ҳарфларда ўз аксини топди. Мана шу нарса нафақат мени ва гапни боғлайди, нафақат қусурларни бекитади, балки яна бардавом ҳикоянинг туғилишига имкон яратади. Бу эса нафаснинг кўчма манзараси, унда кўринмас олам йўсинида нарсалар бир-бири билан қўшилишиб кетади, фақат ҳарфлардагина дунё ҳақида ёзавериб чарчаган бу қўл, сўзлар овозини руҳлантирган ҳолда ҳамда маъно учун Иаков нарвони бўлиб, бехосдан кўриниб қолади.
Мутаносиб тарзда жонланиб бораётган ушбу ҳикоя менга олмон тилида гапира бошлайди, у гўё телефон қўнғироғи, унга, ушбу суҳбатдан, худди азиз кишинг билан бўлганидек, умрбод ажралмаслик учун, қабул қилувчи мослама ўрнатгим келади.
Бирон нима ҳақида ҳикоя қилиш, бирон нимани сақлаш, асраш истаги менга бобомдан ўтган, илк бор насрга қўл уришга журъат қилганим ҳам у киши туфайлидир. Аслида бу фикр менда бир куни у кишининг порлаб турган кўк кўзлари, қирмизи олмадек тиниқ юз-кўзлари болаларча тасаввуримда сурат янглиғ кўз олдимда намоён бўлган пайтда туғилган эди, бундай суратни эса фақат, агар унга инсон қиёфасидаги ботиний моҳиятни яққол тасвирлаб бериш вазифаси топширилган бўлса, буюк мусаввир ярата олар эди. Бобом қиёфаси шундай, рассомлар орзу қиладиган эди. Менга у ҳамиша шакл ва инсонийлик тимсоли бўлиб кўринган, мен илк бор тасаввур қилганим — унинг қиёфаси эди.
Боқий қиёфа ҳамда қалбим хотирасида яшаётган кўк кўзларнинг мана шу суратини мен ҳеч қачон бирламчи тилимда ёд олмаганман. Олмончада у худди уйимда бирга яшаётган яқин кишимдек, ёдимга тушаверди ва қўлимга қалам олиб, уни тасвирлашга киришмагунимга қадар намоён бўлаверди. Юз ва кўзлар сурати менга нимаики айтган бўлса, барчасини баён қилиб бўлинди, деб туюлгунга қадар, ўлимнинг вазифаси — бизга яшаб бўлинган ҳаёт хотирасини ёдга солиш эканлигини тушуниб етгунимга қадар, ҳаммаси шундайлигича қолаверди. У (ўлим) бизга бой берилган нарсаларни, бизни ҳаётдан мосуво қиладиган нарсани, шунингдек, бизни ўз қобилиятимизни ҳис этишга монелик қиладиган ожизликни ҳам эслатиб туради. Бинобарин, тилда ўзни севишни ҳис қилишни ҳам.
Гапларда нафас яшайди. У шуни хоҳлайди, у гапни пухта ишлаб чиқади, пишитади. Агар юрак ҳаяжондан гупиллаб урса ёки кўз ёшлари ўз-ўзидан думалаб кетаверса, нафас бироз «дам олади». Нафас энди бошқа бирор ёққа бориб, шу дақиқада бирор бошқа кишига, эҳтимол черковдаги туҳфа тарқатувчига ёки ўзини калтакка рўпара қилган бирор мушукка бакор келиши мумкин. Ўша мушукни урадиган инсон қўли тошга ўхшаб, ўзи ҳақида ҳеч нарса билмасди, тош бағрида эса орзу-умид ва атиргул қувончи мужассам эди.
Нафас ухлаётган пайтда ҳарфлар бир-бирларини тополмайдилар, Иаков нарвони ҳам дам олади. Тилнинг ботиний қисми сараланиб, уни ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлади. Энди ҳарфлар жимликдан фойдаланиб, инсонларнинг қулоқларига ўзлари қандай хоҳлашса, шундай эшитиладилар. «Мен» ўзининг кераклилигини ҳис қилиши ва қайтадан Ернинг янги бир овоз (оҳанг) турига тўқнаш келиши учун ҳам сукунат зарур бўлади. Мусаввирларнинг қизил тупроғи вергулли нуқтада, нуқтада, вергулда, сўз билан сўз ўртасидаги йўқликда, катта ва кичик ҳарфлар орасида яшайди. Мана шу оқимни мен фақат олмон тилида ҳис қиламан, мана шу тилдагина ҳарфларнинг негизлари, ботиний макон аҳолиси бутунлай мен билан боғлангандир, славян тили ундагина ритм ва фан мусиқаси сифатида яшайди, бироқ ҳеч қачон ҳарфлар жўравозлиги, куй-қўшиқ бўлиб эмас. Фақат олмон тилида ўйлаш мумкин. Фаришталар ҳам муҳаббат ҳарфларидаги, ўй-хаёлнинг ҳаётий жабҳасидаги мушкулотлар билан иш юритишлари керак бўлади, бу мушкулотлар инсонларга хос, у L ҳарфи билан тўлдирилган ва муҳофаза қилинган, Ерга ўзига мансуб нарсалардан бир нима келтириш учун унга юқоридан, тик ва ётиқ нур тушиб туради. Нур ботинидан эса қўшиқлар таралади, бу қўшиқлар тўғри чизиқ бўйлаб, унумдор заминга шошилади, бу заминда одамлар уйлар қурадилар, орзу-умидлар қиладилар, ғам-қайғуга ботадилар.
Менинг бирламчи тилимда «муҳаббат» сўзи ljubav дейилади, у L билан намоён бўлади, мана шу ҳарф сурати менга шундай кўринади, ана ундан сўнг J ҳарфи келади, унинг каттагина қисми ерда, ўсимликлар ва дарахтларнинг илдизлари бир-бирларидан бўса олиб, туташган, бир-бирлари билан битишиб, рангларининг истиқболи хусусида келишиб олишган жойда яшайди. Ушбу ҳарф худди катта чўмичга ўхшайди. Кейинчалик яна қайтадан янгиланиш учун ерга кириб туради. Шу туфайли муҳаббат билан янгилик менга ҳамиша бир нарса бўлиб туюлиб келган, баъзан уларнинг, ўша бирламчи, ўша иккинчи, ўзимга ўзим ҳақимда ҳикоя қилаётган ва бошқа ҳар бир жонли тилда азоб бера олишининг боиси ҳам шунда. Номларда эса баъзан бирламчи тилнинг исботласа бўладиган жўшқинлиги сақланиб қолган. Масалан, «Filomena» сўзи менга худди олмон тили эшиклари олдига қўйилган сафар чамадонига ўхшаб кетади. Сўз шу ерда яшаб, менинг ўзимнинг бошқа тарафимда эса мустаҳкам тил манзилига эга бўлиб, қўлга киритилишни хоҳларди, у худди бошқа қитъаларни ўрганганидан сўнг энди ўтмиш воситачиси ва ҳозирги замон сари қурилган кўприк сифатида ўзлигини билиши лозим бўлган сайёҳ қариндошга ўхшарди.
Бу ҳақда синглимга гапириб, бу номни узоқ излаб, фигура учун топганлигимни, Саня ва Паула «Filomena»дан олдинроқ чиққан бўлишса-да, бироқ ўзларини оқлай олмаганлигини айтган эдим, синглим, Filomena тўғри сўз, деди. Ва: «Бу бир пайтлар мен эдим, менинг ўзим бир пайтлар шундай эдим».
Мана шу «бир пайтлар»ни у бошқа бир ҳаётдами ёки бир замонлар Ер юзида берилган барча номларнинг архивлашган нафасиданми, қаердан топган бўлса ҳам, у синглимнинг ўз овози билан акс-садо бердики, энди мен учун у катта одам бўлиб қолган эди ва билъакс мен, унинг опаси, энди ўзимни аллаким деб ҳисоблашим, қўл узатишим ва ўзимни ожиз деб ҳис қилишим мумкин эди, бунга ижозат унинг овозидан ва бу ердаги номидан уфуриб турарди. Унинг исми Zdravka бўлиб, уни талаффуз қилишдан олдин, уни ўйлагандаёқ, барча фикрлар бошланган ўша жойдаёқ одамлар нотаниш кимсадан қандай ҳайиқсалар, ўзларидан ҳам худди шундай бирдек қўрққанлари янглиғ, олмонча тиллар ҳам мушакларидаги енгилгина оғриқни ҳис қиладилар. Бунда zdrav шунчаки соғлом деган маънони англатади ва ундаги ka эса мана шу соғлом инсоннинг кичик дўстидек жаранглайди, у асли тоғлик бўлса керак, инсоний сўзларни у тоғ чўққисидан бу тоғ чўққисига олиб юриб, бу билан одамларга ушбу сўзларни яхшироқ ўрганиш ўз вазифаси эканлигини бот-бот эслатади, унинг айтишича, улкан бир коинот қалпоғи борки, унда ҳар бир айтилган сўз фидойилик билан яшайди. Бу қалпоқда жой ҳақида гап бўлмайди, Вақт коинотнинг ҳамма жойида ўртача катталикдаги шамдир, у моддийлик қанча изн берса, шунчалик узоқ ёнаверади; фақат Ер юзидагина аҳволот шундай, гўё Вақт ҳақиқатан ҳам текшириб кўрса бўладиган ўзгармас нарсадек.
Менинг синглим топишмоқларни яхши кўради ва ҳавода фақат сон-рақамларнигина кўради, томлар ҳам унинг учун ёнма-ён турган сонлардан иборат бўлиб кўринади. «Мен анча йиллардан буён сонларда ўйлайман», деди у бир куни менга ва мен унга: «бу иш фақат жуда зиёли кишиларнинг қўлидан келади», дедим. Бугунги кунда эса шуни тасаввур қилаяпманки, менинг соғлом синглим учун сонлар бирламчи ҳамда иккинчи тил ўртасида воситачилик ролини ўйнаган экан.
Сонларнинг ҳам қушларга ўхшаб, ўз осмонлари бор, бу билан илк болаликда бошланган куй-қўшиқнинг яна имкони топилган. Ўзни асраб қолишнинг бирдан-бир йўлини сонлар ўзлаштириб олишган ва ишончли, хавфсиз жойни қўмсаб, қийналгани боис, улар ҳузурига сонлар фариштаси ташриф буюриб, ўзини уларнинг оламларида ижарада яшовчи, деб таништирган. Унинг ота-онаси унга ҳамиша у тунги суратлар манзарасини кундалик ҳаётига ҳам олиб кираётганини, бу аҳвол шундай давом этаверса, бу борада онаси билан отасининг фикрлари истисно тариқасида бир жойдан чиққан эди, ундан ҳеч нима чиқмаслигини таъна қилишгани-қилишган эди.
Сонлар фариштаси атиргул кварцини олиб келиб, уни юрак атрофига қўяди ва газета ўқий бошлайди, газетада эса ҳеч қандай хабарлар, умуман, ҳеч нима, сукунатдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Мана шу жимжитлик синглимга аста шивирлаб, на Паула, на Саня Filomena бўлолмаслигини айтади, шунинг учунми, менинг Здравкам ўзининг эҳтимол тоғларда, балки олмонзабон кўл бўйида узоқ яшаган Filomena эканлигини яхши билади, у ерда ўзлик ҳужжати аввалбошданоқ арзимас қоғоз, бироқ барибир яланғоч фикрга ўхшаш бир нима бўлган экан, у ўша ерда ўсган гиёҳ-мавжудотдан, агар орзуларимизнинг тасвирласа бўладиган ярми ўсимликлар дунёсига айланиб қолса, унда нима бўлади ва мабодо, биз эсишимиз зарур бўлиб қолса, унда ҳаво билан шамол каби эсишимиз лозиммиди, деб сўраган бўлар эди.
Ўйлаш мумкин, қорақарағайларнинг қанотлари яхшироқ, теракларнинг эса кифтлари каттароқ, улар билан ҳарфлар аҳил яшай оладилар ва улар ҳавонинг тўғри сарҳадини аниқлай олишлари учун нафақат бош (калла)нинг тўсиқларини ва қулоқларнинг орасидаги масофани енгиб ўтишларига тўғри келади. Қулоқлар орасидаги ёруғлик ўлчови қорақарағай ва теракларнинг қобилиятларини кишиларнинг мумкин бўлган индамасликлари билан боғлайди. Агар тил хоҳласа, агарки сўзларни эга бўлиш истаги қамраб олса ва гаплар жаҳаннам қаърига, номсиз ўликлар ҳузурига йўл олса, унда ёруғлик ўлчови ҳам ўлиши мумкин, биз ўликлардан қўрқамиз, бунинг боиси, улар бизга айтилиши жоиз бўлган нарсаларнинг чегараланганлигидан сабоқ берадилар, шундан бўлса керак, эҳтимол.
Олмон тилида мен мана шу чегараларни тушуниб, ҳаётга ишона бошладим. Дарахт тепасидаги шох-шаббаларнинг ва ўзимдаги хотиранинг билиниб турган қатъиятининг опа-сингиллигига ҳам. Мана шу хотиранинг ўзини ҳеч қачон хонадаги бир чизиқ деб ўйлаб бўлмаса агар, уни ер юзидаги узлуксизликка қўшса бўлади, у нафас ва суратлар билан қон-қардошдир.
Алифбода таажжубнинг ўзига хос тури бошланади, у бошқа бирор инсонни чув туширмасдан, бирон-бир улуғ ишни амалга ошириш қобилиятига бўлган ботиний ишончдаги ҳиссий қуёшнинг олмон тилидаги сезса бўладиган ибтидонинг акс-садо майдонидир. Бунда балки бирдан-бир йўсин шуки, олмоқ худди мева ҳосилини олишдек гап, бундан ҳеч ким зарар кўрмайди ва ҳеч кимдан ҳеч нима олинмайди, берувчи бўлган дарахтдан ташқари, демак уни ҳам ҳеч қандай ўғри урмайди.
Озодликнинг улуғворлиги менга олмон тилида насиб бўлди, фақат қалбга яқин бўлган барча нарсалардан маҳрум бўлиш ҳисобига. Дарахтларнинг номларини қайтадан ўрганишга тўғри келди. Липа (жўка) дарахти энди lipa деб аталмасди, унинг ҳиди ҳам илгаригидек, болаликдагидек кучли эмасди, ўша йилларда иссиққа чидайдиган ўт-майсалар устида бўлғуси алифбо ва ўз исмимиздан бехабар, болаларча беғамлик билан ит ва мушуклар панжалари ила ёнма-ён ётган пайтларимиз бўларди.
Исмимдаги славянча ҳарфлар олами болада, энди мени исмим орқали танишолмайди, деган ҳадик-хавотир уйғотди. Бунда бугунги ботинимдагидек ҳеч қандай гап юзага келмаганди. Фақатгина қийинчиликнинг оғир бўйи менинг янги болаларча «мен»имга кириб келди, ичкари томонга дарҳол ёруғ хоналар очилди, юз-кўзларим эса узоқ қишларнинг соясини ва анча кейин олмон ёзини ҳам ўзим учун фойдали ҳисоблашимга изн бера бошлади. Олмон ёзига қийин бўлди. Унинг катта рақобатчиси бор эди: у Ўрта ер денгиз (бўйи)дан келган эди ва болаликнинг моҳиятан вояга етган иштирокчиси эди. Ота-оналар томонидан ҳавода таъқиқ мавжуд бўлиб, аниқ бўлмаган Ўрта ер денгиз (бўйи)га оид келиб чиқишга эга эди. Олмон тили жанубникидек ҳақиқий ёзни келтириб чиқара олмасди.
Бу узоқ чўзиладиганга ўхшаб кўринди. Бироқ қачонлардир олмон тили билим, сўраб ўрганиш соҳасига айланди ва шу тариқа ҳаётимга қатъиятга ўхшаш нимадир олиб кирди. Фақат олмон тилидагина бу ҳақда аниқ орзу қилиш мумкин эди. Тил оқими аниқликка, видолашаётган сир-синоатларнинг математикасига айланди. Гўё халос бўлмаган нарса болалик жароҳатлари билан чулғаб олинган жойга, ўзидан, мендан, ўзининг муваққат ҳокимидан номлар ва сўзлар нафас оладиган дунёга, асоссиз бўлса-да, ўзимни оқлашим керак бўлмаса-да, ҳеч бир ниятсиз, қалбларимизнинг марказлашган кўчасида ҳеч бир тақвимсиз бориб тушмоқни хоҳларди, бу кўча эса пировардида бизни ташқи бир ўлкага бошлаб борган эди. Энди биз қаерда яшаяпмиз ўзи, сўрардик биз, болалар ўзимиздан. Ва бир куни мен, биз воқеликда ўз ботинимизда, ўз ҳаётимизнинг теран мусофирхонасида ўзимиз айланиб юрар эканмиз, ташқи кўриниш театрга ўхшаш бир ихтиро бўлса керак, деб ўйладим.
Ҳақиқатан ҳам ҳеч биримиз — мен ўйлайманки, бу гапни энг камчилик одамлар учун айтиш мумкин эди — иш юзасидан бошқа бир тилли вилоятга, гарчи ташқаридан қараганда, бизга яқин бўлмаса ҳам, бормаган эдик. Биз, болалар буни усиз ҳам йўлда бўлиш деб, қарар эдик. Австрия биз учун ҳақиқий манзарасини намойиш қилаётгандек, соҳилдан соҳилга ва ундан сўнг тоғлар бағрига қишда қори ва ёзда чарақлаган қуёши билан, худди бизга ўхшаб йўл-йўлакай, ўзига ато этилган юксак чўққиларни юваётгандек туюларди.
Ҳар ҳолда онам кетди, чунки кетиш унга ор-номус, мол-мулк, далалар ва ўз оиласининг урф-удумлари туйғуси учун яшашга қараганда бошқа бир нима учун бирдан-бир имконият туғдирган эди. У гастарбайтер эмасди. Ўз соғинчини ўзи билан олиб, бир куни Германияда иш топган иккала сингиллари ҳузурига шунчаки кетворди-қўйди. Германиядаги бир черковда бир-бирларини учратиб қолишган ота-онам тарихини мен фақат олмон тилида тушуна олардим, бирламчи тилда анъана заруратдек таассурот қолдирган, гўё у ерда бу тилда айтилган гап барча замонлар учун, даврлар оша ўз кучини сақлайдигандек ва ҳеч кимнинг, ҳатто менинг онамнинг ҳам замона зулмидан халос бўлишга ҳақ-ҳуқуқи йўқдек туюларди.
Олмон тилида менга бу анъана умуман тушунарли эмасди, бу балки мана шу тилда жароҳат ва мўъжиза бир-бирига шу қадар яқинлигидан бўлса керак, гўё бир сўз бошқасининг ҳосил бўлишига хизмат қилгандек, бу билан ягона бир ҳарфнинг таъсир кучи абадиятга айлана оларди, бу билан мана шу ҳарф менинг юлдузлар олиб келган ҳаётим алифбосида нафақат муҳим воситачилик ролини ўз зиммасига оларди, балки уни таниш ҳаёт ва ўлимга ишончни ҳал қилган ва ота-онам ўртасидаги муҳаббатни ҳам ифодалаган эди.
Буни тушунтиришнинг ҳожати йўқ, бироқ бу иккала сўз орқали мен ҳар бир ҳужайрам билан ҳаёт ва ўлим эмас, балки ҳаёт ва ўлим ўша бир-бирига зид тушунчалар эканлигини англайман, улар ҳар бир инсонга ҳамроҳлик қилади, чунки ҳар бир одам ўзича, ўзига хос чегара бўйлаб юрувчи, чегарадан ўтувчидир. Ҳар бири бутунича ўша улкан фазовий қалпоқнинг яшовчисидир, унда шу Ернинг номлари билан сайёрамизнинг тиллари ҳам ёнма-ён яшайди, улар ўша ерда, осмоннинг бир бўлагида англаш мумкин бўлган буржларга, оҳанглар, сонлар, ҳарфлар ва инсон овозларидан иборат таъсиротларга айланган.
Айтилган гап, отилган ўқ. Ҳеч қайси бошқа тилда мен ўз-ўзимга овоз ҳам йўлда бўлиш, чегараларини ўзим ўйлаб топганим ички ҳаракатланадиган бирон-бир аъзо атрофида бўлиш эканлигини тасаввур қилолмайман, бундан кўзлаган мақсадим — танамнинг ўзида сакрашни, дарёлар ва сойлар устидан, ўз соям устидан ва оёқ чалишлар устидан сакрашни машқ қилиш эди. Нариги тарафга сакраб ўтганимдагина мени танишади, ана унда сакраб бўлган бўламан ва менинг оёқларим энди истакларим, ташвишларимнинг оғир юкига айланади, уларни ҳар бир ёзилган олмонча сўз билан улоқтириб ташлайман, ҳар бир гап билан ташвишнинг кўринмас қиёфасини таниб, уларнинг шериклик ва ишончлилигини билиб бораман ва бу нарсанинг ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётига дахлдор эканлиги рўйирост ошкор бўлади.
Йиллар оша менинг соғлом синглим унга ҳеч қандай бир ҳаёт қонун-қоидаси ёрдам бера олмаётганидан қайғуриб, ғам чекарди. Бирламчи тилда унинг ҳар бир мустақил фикри унга худбинларча сакраб ўтиш ҳаракати бўлиб чап берар, нокерак нарса бўлиб эшитилар ва ҳар биримиз ўз ҳаётимиз ҳақида жўн ва бирдек гўзал нарсаларни ифода этишга уринишга улгурмасимиздан, бирламчи тил бизни тепиб юборар, унинг тасарруфидаги кўплаб отлар гўё бошқа бировлар томонидан бошқарилгандек, бизсиз йўртиб қочиб қолар ва фақатгина оғамиз, ўсмир йигит бизга иккала тилда ҳам ҳаётга тўғри йўлланма бераётгандек кўринарди. Уни у балки ўзи билан бирга, ўзининг эски ҳаётидан, ўзи туғилган, келиб чиққан юртдан ёки фақатгина ота-оналарининг муҳаббат ҳақидаги фикрларидан олиб келган эди. Агар биз, Зуҳро, Сириус ёки Плеяда (юлдузлар тўдаси)дан деб айтганимизда, бу — бизга янада гўзалроқ туюлган бўлар эди. Бироқ бу муҳаббат шоҳидлари бўлган ва яшаш ҳуқуқларини эрта таниган савол берган болаларга ҳам кифоя бўлиши керак эди.
Сингил ва ака бирламчи тилда бир-бирларига қарашли эдилар, улар ҳатто менинг мансублик ҳуқуқимни ҳам рад этдилар, ака(м) мен унинг синглиси эмаслигимни ва бутунлай бошқа одамларга дахлдор эканлигимни баралла айтиб юборди. Олмон тилида нафақат жароҳат ва мўъжиза сақланиб қолганди, балки озодлигимнинг мазкур тилига умид ҳам кириб келган эди ва олмон заминидаги ҳар бир орзуим билан, акам менинг бошқа яқин кишиларим йўқлигини ва синглимсиз мен бу дунёда бир умрга яккаю-ёлғиз бўлиб қолишимни англаб етсин, тушуна олсин, деб умид қилардим. Хонадондан ташқарида, мактаб ҳовлисида мен ҳатто уни деб, олишгандим ҳам, чунки кунларнинг бирида, у ниҳоят, «катта синглиси»ни ёрдамга чақириб қолди, боиси уни бошқа болалар қийин-қистовга олишиб, унга қараб муштларини дўлайтириб турардилар. Мен бир сония ҳам ўйлаб ўтирмасдан, енгларимни шимариб, хезланганимча уларга ташландим, сингил деган номни қозониш учун бакор келдим, бугун менга шундай туюладики, энди менинг кимимдир бор эди, мен ҳам мана шу олмон мактабида унга тегишли эдим ва бундан буён энди қўлларим воситасида эришган ҳақиқий номим бор эди.
Бу орада синглимни бир касалхонадан бошқасига олиб боришарди. Қутқарув хизмати доим иккинчи катта танаффусда келар эди, етти йилдан буён у ботиний алдов ҳақида гапирарди. Биз биргаликда бирламчи сўзни унутиб қўйган эдик, ҳаттоки уни ўрганганмизми-йўқми, билмас ҳам эдик ва баъзан, югославча қўшиқлар тинглаган пайтимизда (бу пайтда «югославча» сўзини айтиш таъқиқланмаган, ҳали уруш бундай «буйруқ» чиқармаган эди) ҳар биримиз ўзимизча йиғлар эдик; чунки «tuga» сўзи, яъни «қайғу-ғам» «duga», яъни «камалак» сўзи билан ҳамон қофияга тушарди, бироқ «ёмғир» сўзи ёлғиз бизнинг ичимизда қолган, «ёй» эса барча рангларни ўзи билан бирга олиб, ғойиб бўлган эди.
Олмон экрани орқали собиқ юртимизни туман босганлигини, тўсатдан йўқ нарсадан милтиқлар ва снарядлар пайдо бўлганлигини кўрдик, бир неча ўн йиллар давомида ғафлатда қолишиб, мана шу ур-йиқитни кутишгани кейинроқ маълум бўлди, ўша биз билган ва севган ҳақиқий одамлар эса, ўзларига янги қиёфалар касб этишиб, кўзларида ўт чақнаб, ҳокимият сўзларини ўргандилар, ўз хоҳиш-иродаларини кучлилар соатларига тўғрилаб, барча нарсаларни ёдлаб олдилар, замон эса, мана шу, ичувчи ва одамларни алдовчи, одамларга очлик, очлик ва телбанамо, қўлтиқтаёқда юрувчи шон-шуҳрат олиб келувчи замон эса, шир яланғочланиб, ароқ ича бошлаганди.
Мен эса, мен ўша, менинг бирламчи тилимда орзу қилган, ўз инсонийлик орзуларига хиёнат қилган ва қўзичоқни қушхонага олиб борганларга ҳақиқат, тўғрилик ҳамда бункердаги хоинликлари сабабли, уларга энди ортиқ мансуб эмас эдим. Барча ўзича қудратли, тўсатдан кучлилар ҳаммаёқда пайдо бўлишганди, кучсиз, бечора, азиз чеҳра ҳеч қаерда йўқ эди, фақатгина ғолиблар йўлнинг икки четида гўё чиндан ҳам одамларни ўлдириб яшаш мумкиндек, тизилишиб турардилар.
Энди одамлар бизнинг бирламчи ўша еримиздан иккинчи ўша еримизга, ўша бошқа бу ердан мана шу бошқа бу ерга келишаётганини ва энди ўзларининг эски чегаралари ва паспортлари хусусида ҳам сохтакорлик қилишаётганларини кўрар эдик. Баъзилар Сараеводан, баъзилар Герцеговина, Словениядан ёки соҳил бўйидаги Рийекадан ҳам келишарди. Синглим ва мен икки нафар янги келганларни бир кўришдаёқ севиб қолдик. Миле сараеволик, Рашо эса — Рийекадан эди. Улардан биринчиси — босниялик хорватни мен, иккинчисини — хорватиялик сербни эса синглим севиб қолди. Ёз эди, уруш кучайгандан кучайган пайт, ўша йили ўн саккиз баҳоримни нишонлаган эдим. Илиқ ва бўлиқ эди ўша август ойи, эгнимда қизил тусли ўғил болалар кўйлаги, қоп-қоронғи қовоқхонада ўтириб, хорват тилида ёзилган илк шеърларимни ўқиб бергандим.
Мен ўзим мана шу тилда илк бор куйлаш нима эканлигини мутлақо билмас эдим, эсимда қолгани шу эдики, ўшанда Миле йиғлаб юборганди. У мана шу қоронғи емакхона ўртасида ўтирволиб йиғларди ва бизнинг Югославиямиз тоабад ўз имкониятини йўқотган эди. Ўзимча илк бор, кўк кўзли инсонни сўз билан йиғлатиш ҳам ўзи гўзал иш бўлса керак, деб ўйладим. Биз учта машҳур югослав эстрада-чолғу ансамблларидан бирининг мусиқасини, Азра, Бйело Дугма ва Рибля Чорба ёки аллақандай далмация лапарларини узлуксиз тинглардик, уларда денгиз, онанинг ҳаёти ёки яна ҳижрон азобига дучор бўлган муҳаббат тарихи куйланарди.
Рашо гитарада машҳур югослав қўшиғи — «Balkane moj» («Менинг Болқоним»)ни ижро этарди, биз истироҳат боғида ўтириб, тун ярмидан оққунга қадар сигарета пачкаларини чекиб тугатдик, янги дўстларимизга олмон тилини тушунтирдик, «rollen» сўзидаги «r»ни қайта-қайта уқтирдик. Телевизорда Югославиядан лавҳалар кўрсатишди. Уруш ўз башарасини намоён қилди. У йиғларди. Олмон тилининг ҳимояси билангина телевизор олдида кўз ёшларимни аранг тутиб тутардим.
Одамлар бунга кўникишди. Ота-онам пастки хоналарнинг бирига герцеговиналик қочоқлар — гўзал кўк кўзли эр-хотинни қабул қилишди. Бизнинг Олмониядаги тушдан кейин бўладиган суҳбатларимизга янги сўзлар кириб келди, жанговар зоналар, ҳарбий бўлинмалар, милтиқлар, гранаталар бизнинг камтарона кичкинагина синчли уйимизга ҳам бостириб кирди, бу уй ҳессенлик бир деҳқонга қарашли бўлиб, биз унда ижарада турардик, уй йиллар оша таъмирланмас эди. Иккинчи жаҳон урушидан кейингина ҳар қалай уй фасадига оддий оқ плиталар ётқизилди. Энди деҳқон уйни сотиш учун унинг баҳосини чамалай бошлади. Бунинг учун айнан менинг хонамнинг деразаси остидан баъзиларини олишди. Баҳо чамалаб кўрилгандан сўнг, гап ҳақиқий кўҳна синчли уй ҳақида кетаёт-ганлиги ва уй эгаси уни арзон-гаров сотворишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ эканлиги маълум бўлди.
Агар янглишмасам, «ёдгорликларни муҳофаза қилиш» деган гап пайдо бўлди. Бу деҳқонни бироз чўчитиб юборган бўлиши керак, шунинг учунми, у яна оқ плиталар ётқизишни хоҳлаб қолди. У уйда мана шу тамғани қолдирди ва уйнинг ёнидан ўтган ҳар бир киши, уй кўринишдан чет элликларники бўлса керак, деб ўйларди. Бундан мен уялардим, бирон нима учун, кичкина деразалар учун, синглим ва мен ухлайдиган, эски ёғоч печкали, иситиш тизими йўқ бўлган хона учун ҳам доимий тарзда уялиб юрардим. Ота-оналар бу ҳақда, ҳатто тушларида ҳам ўйлашмайди, ўйлардим ўзимча ва ертўлага тушиб, у ердан ёғоч ёки кўмир опкелардим. Баъзан ортга ўгирилиб, менга шундай туюладики, гўё мана шу уй бутун олмон тарихини ўзида мужассамлаштиргану, менинг ўзим ҳам худди қари хотин бўлиб қолганман, ёш ва ҳали қиз бола бўлишимга қарамасдан, ертўлага букилиб тушиб-чиқардим, чунки у ерда тик туришнинг иложи йўқ эди.
Хотирамда уй ҳам ўз жойида эмасдек, гўё бизнинг замонамизга тегишли эмасдек, унда нимадир бошқача бўлиб қолган эди. Нафақат ертўладан, балки уйдан ҳам чириган ҳид келарди. Гўё мамла-катимиздаги воқеалар Ҳессендаги яшаётган уйимизнинг фасадига ҳам етиб келгандек эди, у шундай ҳувиллаган ва қаровсиз эдики, худди юзидан ўқ еган одамга ўхшарди. Кўриниши сири очилган ва ҳафсаласи пир бўлган одам қиёфасини эслатарди. Ўшанда тўсатдан капиталистга айланган деҳқоннинг мана шу вайронасини ҳар кўрганимда телевизордаги хабарлардан ҳам кўра кўпроқ изтиробга тушганман.
Гоҳида «Янгиликлар»да шундай хабарлар ҳам бўлардики, уларда ватандошларимнинг овозларини ҳам эшитиш мумкин бўлиб қоларди. Олмон шарҳловчиси гап бошламасдан, она тилимни сезиб, пайқаб, аниқ-тиниқ тинглай бошлардим. Уч-тўрт сўзни илғаб улгурмасимдан, юрагимга тимсоҳ ўрмалаб кириб, кўксимда нимадир кўкрак қафасимни мажақлаб ташлаётгандек туюларди. Воқеалар бирламчи тилда, болаликдаги тилимда тасвирлангудек бўлса, нега мени бу қадар изтиробга солишини сира-сира тушунолмасдим. Мени олмон тили ҳам ҳаяжонга соларди. Бироқ у мени кўпроқ чалғитарди, холос. У менга содир бўлаётган даҳшатнинг жойини аниқлаб, уни ўзимдан одатдаги аҳамиятсиз нарсалар оламига соқит қилишимда ёрдам берарди, бу эса ўз навбатида менга ўн саккизга тўлган кунимни одатдагидек, бемалол нишонлашимга имкон берарди.
Жойларнинг номларини, одамларнинг исмларини бузиб, рас-восини чиқариб талаффуз қилишлари мени ранжитарди. Энди биз, югославлар, одамларни қизиқтириб қўйгандик. Кимнинг қаердан келаётгани, у «ёвуз» сербларга мансубми ёки «раҳмдил» хорватларга қарашлими, буни ҳар бир киши билишни истарди.
Рашо бизга ўхшаб, бунга парво қилмасди. Милени ҳам бу кам қизиқтирарди, биз бир-бирларимизни кўзларимиз ва ҳамиша қалбларимизда яшайдиган қўшиқларимиз билан севар эдик, бу қўшиқлар биз учун чин инсонлардек эди ва вақт ўтиши билан уларни энг ашаддий хорватлар ҳам бирга куйлай бошладилар. Биз сузишга борардик, сайр қилардик ва ўрмонни кўздан кечирардик. Даврамизга янги одамлар, ёшлар, оилалар, эндигина вояга етган навқирон шахслар келиб қўшиларди, улар учун энди ҳаёт хорват ёки серб ўзлигидан кўра кўпроқ маъно касб этарди.
Уйларимизда қаҳва ичаётганимизда синглим, акам ва мен бир-биримиз билан илк бор бутунлай она тилимизда сўзлашардик, бу пайтда туғилиб ўсган юртимизда уруш кундалик воқеага айланган эди. Биз ҳамон, уруш бизларни ва хотирамизни вайрон қилиш қўлидан келмайди, деб ўйлар эдик. Чунки хотира бўлса, қуёш нурлари бўлса, қай бир тизимга арзирди, ахир унда лочинлар озод учиб юрган, умумюгослав табассуми остида чумолилар тирикчилик деб, уларнинг қизиллари қораларига қараганда чаққонроқлик-ларини тушунишни истамаётган ҳайрон болаларнинг ва бизнинг оёқларимиз ёнгинасидан катта ўлжаларини ташиб кетаётган бўлишса. Биз яшашни истардик ва бунга қалбларимиз қодир, деб ҳамиша ишонар эдик.
«Қалб» ва «дил» сўзларидан қўрқмас эдик, биз улар билан бирга ўсган, барча қайғу ва ғам-аламларга қарамасдан, бизни улар катта қилган эди. Ҳар бир далмациялик болани ҳаётининг фақат бир кунида ўз исми шарифи қолиб, юз марта «дил ва қалб» сўзлари билан чақиришади. Фақат учинчи самимий ўпични қуёш дейилади. Бу билан ҳар бир мурғак қалбда онг ўсиб боради, у ўзини қуёшча, бизга ҳаёт бахш этадиган катта сариқ Қуёшнинг вакили деб ҳис қилади. Ҳаёт ва Ёруғлик: Ўсишга таъсир кўрсатади. Ва ҳар бир сўзда ҳолдан тойдирувчи аниқлик мужассам эмас, агар мен биргина «Далмация» сўзини оладиган бўлсам, унда «alma» «дил» (унинг органи эса «қалб»). Далмация — таъсирчанликнинг аналогияси ҳамда меҳроби. Агар она боласини ўз олдига чақирса, у шундай дейди: Duљo moja dоdi ovamo, яъни жоним, келақол олдимга. Мана шу чақиришда ҳар доим моҳият мужассамдир, у барча тиллардаги кенгликка, муҳаббат тилига илҳақ, ундаги флюид эса кишининг ўзига ва яқин кишига ҳадя қилинади, у олмон тилида мана шу дунёни ўзгартирувчи, қувонч бахш этгувчи сўзларни айта олади.
Синглим ҳамон аччиқлангани-аччиқланган эди. Рашо билан дўстлиги учун ундан қочадиган, уни черков майдонида кўришгач, ола қараб, ҳар хил гапларни тарқатишиб, сербларнинг дўсти эканлиги сабаб уни лаънатлайдиганлар кўплаб топиларди. Бироқ у чуқур сукут сақлаган кўйи севгили бўлиб қолаверди, ўзини оқлаб юрмади, балоғат ёшига етаётган аёлнинг илк соғинчлари бор эди унда, дўстининг ҳузурига йўл олганида юзидаги кулдиргичлари қатрада қуёш акс этгандек жилва қиларди.
Орадан бир неча ой ўтгач, у индамайгина кўпчиликнинг ўз Рашосига нисбатан холис ниятли бўлишига эришди. Бунинг учун у ҳеч нарса қилмади, ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ талаб қилмади, бақириб-чақирмади, ҳеч кимни ўз хатти-ҳаракатининг бемаънилигига ишонтириб ўтирмади. У фақат севарди ва шунинг ўзи кифоя эди. Бутун қиш бўйи биз барчамиз Бистро йўсинидаги қаҳвахонада учрашиб юрдик, у ер, маълум бўлишича, барча собиқ югославлар дийдорлашадиган жой экан. Кўз очиб юмгунимизча, ўзимизни загребликлар, белградликлар, македонияликлар, Нови Сад, Сараево, Сплит ва Мостардан, ҳар томондан келган одамлар даврасида кўрардик, улар ҳар доимгидек югославларга хос тарзда бир-бирлари билан аҳил эдилар. Агар одамлар мендан, югославларга хос йўсин, бу нима ўзи, деб сўрашганларида, уларга буни ишонарли қилиб тушунтиришга, энг аввало, буни баланд овоз билан гапиришга қийналган бўлар эдим. Уруш олдида буларнинг барчаси деярли бемаъни, тутуриқсиз жаранглайди. Бироқ мен буни мана шу важдангина айтмаяпман. Мени ватан соғинчига ўхшаш нимадир чулғаб олгани ва содир бўлган воқеаларни рад қилишим мумкинлиги учун ҳам эмас, балки менда бутунлай ишонарли бир нима бор эди. Мен уни асраб-авайлашни истардим. Умрни ботиний ўхшашликлар билан поёнига етказа оламиз, деб ишонгим келарди.
Менга мудом, бу ҳам яна тасодиф эмас, дунёнинг ҳамма ерида мана шундай, деб ишонувчилар учраган. Уларнинг барчаси, худди менга ўхшаб, хорижлик югославлар, дея эътироз билдириш мумкин. Бироқ биз ўзимизда, нимани асраш лозим бўлса, шуни авайлаб, сақлаб қолдик-ку. Мана шу — бус-бутун жой. Яъни барча тушунадиган тинчлик кўпригини.
Азалий Югославия халқларига хос эътиборга молик нарса ҳамиша сақланиб қолган: агар улар ўз уйларида бир-бирлари билан тортишиб, уришиб, қирпичоқ бўлишган бўлса, хорижда бир-бирларидан ажралмас, бир халқ лапарларини, бошқа бир халқнинг қўшиқларини тинглашардилар ва шу тариқа барчаси бирлашиб кетар эди. Бу фақат қувонч бағишлар эди, бунга ҳамиша ҳар бир киши ўз ҳаётида, ўз хотирасида гувоҳ бўлиши мумкин эди. Ҳеч бир тўй-томоша бўлмасдики, унда мана шу барча қўшиқлар куйланмаган бўлса, унда мандолина (мусиқа асбоби), гитара, гармон ва зарб билан чалинадиган мусиқа асбоблари ижро этилмаган бўлса, ҳеч нарса, томоқ қириб ашула айтишлар ҳам эсдан чиқмасди, ҳатто деворга қаратиб, қадаҳ улоқтиришлар ҳам бўларди; бир куни бунинг сабабини, нега энди яхши кўрган нарсани ирғитиш керак экан, деб сўрасам, мусиқа туфайли, дея жавоб беришди.
Мусиқа биз учун мудом кўприк бўлиб хизмат қиларди. Энг қайғули дамларимизда, Бйело Дугма ёки биз ҳақимизда ўзимизга шамол каби бир нималарни сўйлаб берадиган қандайдир Рома ансамблининг қўшиқларини тинглар эдик. Бунинг асли нималигини ўзимиз ҳам билмас эдик, бироқ у ҳаётимизга бир қадар жон бағишлар, дунёни ҳам маънодор қилиб кўрсатарди. Мана шу ҳолатларни мен Эмир Кустуриканинг баъзи бир фильмларида пайқаганман, у Ер юзида бўлиши мумкин бўлган барча нарсалар билан, ҳамма нарсаларга қарамасдан ўзимиз учун вазифа қилиб олганимиз — қувонч билан қон-қардош бўлган тушкунлик эди.
Куйлаш бизга унутмасликда кўмак берарди. Рашонинг синглисини Сека деб чақирар эдик, бу сингилча ёки кичик сингилча деган маънони англатади. Секанинг сочлари узун, ёнғоқранг, оёқлари ҳам узун, келишган эди, уни мутлақо кичкина деб бўлмасди. Ва унинг бутунлай жиддий тусли юзи навқирон хорватни барча нарсани, ўз келиб чиқиши, ота-она хонадони ва ўзининг миллий онг тушунчаси туфайли ҳессенлик барча хорватлар орасида таниқли отасининг католик қаттиқўллигини ҳам унутишига олиб келган эди. Отаси айнан черковда хорват миллий мадҳиясини биринчилар қаторида баралла куйлаган инсонлардан эди. Энди эса, унинг ўғли бир гўзал серб қиз билан жамоат жойларида қўлтиқлашиб сайр қилиб юрарди. Бундан биз барчамиз хурсанд эдик, чунки иккалови бир-бирларини яхши кўришар ва бир-бирлари билан ҳамиша қўл ушлашиб юрардилар. Аста-секин бу ҳеч кимни ортиқ ташвишлантирмай қўйди. Бир, икки йилдан сўнг қурама ошиқ-маъшуқлар ўзларини бемалол ҳис қила бошладилар ва бу ҳақда ортиқ ҳеч ким ғалаён қилмай қўйди. Боснияда одамлар ўла бошлади. Амакиваччаларимизни кўчириб олиб келишди. «Уруш» сўзи ҳамманинг оғзида, қашшоқлик, шаҳардаги холамнинг ҳам пули қолмади, емиш тортилиб қолди. Қашшоқлик ва очлик. Булар қариндош-уруғларимизга дахлдор янги сўзлар эди, биз эса ўзимизни 21 асрда яшаётгандек ҳис қилиб, чиройли жинсиларга аланглаб қарардик, бир маромда ҳаёт кечиришга, кинога тушиб, аллақандай янги фильмларни кўришга ёки атиги бир қадаҳ капуччино (ичимлик) ичиш учун жиддий ҳаракат қилардик. Ҳамиша онамдан усталик билан пул ундиришнинг эвини қилардик ва муҳим мактаб учрашувларини ўйлаб топардик, кинозалга бориб, Жон Траволта, Мелания Гриффитс ва Роберт де Нироларни томоша қилардик.
Ватандан олисдалик пайтимда амакиваччаларим яна янги фронтга кўчганликларини эшитдим, Дубровникни ўққа тутишар, Загребни ҳам бутунлай хавфсиз деб бўлмасди. Миле анчадан буён Хорватия пойтахтида эди, у ўзининг Сараевосини қўмсар ва ота-онам билмаслиги учун менга кирилл ёзувида шифрланган хатлар ёзарди. Босниялик билан нима қилмоқчисан ўзи, сўрарди отам ўсмоқчилаб, ахири у сени гўрга тиқади, тамом-вассалом.
Милега нега атиги бир мартагина жавоб ёзганман, бунинг сабабини ўзим ҳам билмайман. У Загребда ўзининг меъморлик ўқишини тугаллаб, сўнг қайтиб келмоқчи эди. Ёки сен ўзинг олдимга келасан, деганди у, мен эса, баъзан ўзимча бу гапни хаёлимда, ўй-хаёлим асосида тасаввур қилганман деб ўйлаб, мамлакатимиз парчаланган ва Боснияда одамларнинг ҳаёти қил устида турган, болалари билан уларга яна бир кун ёки бир соат яшаш насиб қиладими-йўқми, ана шундай бир пайтда ушбу дўстлигимиз истиқболига ишонган эдим.
Ана шу дўстлик Миленинг жўнаб кетиши билан мендан юз ўгирган экан. Бизнинг ботиний вужудимизда ўша даврдаёқ тиришқоқ бир режиссёр бор эди ва гарчи мен унинг режиссурасидан кўп изтироб чеккан бўлсам-да, барибир яхшиликка умид боғлаб, ҳақиқий мактубни интизорлик билан кутардим, унда гапни ортиқ айлантириб ўтирмасдан, барча нарсалар очиқ-ойдин айтилиши керак эди. Бироқ ана шундай хат ҳеч қачон келмади. Шунинг учунми, менинг режиссёрим ҳам ўзининг хатти-ҳаракат йўсинини далил сифатида келтириб, орқага тисланган кўринади, у билардики, ҳаммаси режа бўйича бораётибди, ҳижрон азоби ёмон ва у мени йигирманчи йилга пўсти арчилмаган, кузги беҳига ўхшатиб топширворди, буни эса ҳеч ким тушуна олмасди. Ҳатто ўзим ҳам.
Рашо ва унинг оиласи Рийекага бошқа қайтиб келмади. Синглимдан эшитишимча, укаси билан Сербияга келган заҳотиёқ уни ҳарбийлар ҳибсга олишган экан. Бизнинг югославча қўшиқларимизни куйловчи бу хушовоз хонандани ҳанузгача қўлида қурол билан тасаввур қилолмайман. Мен уни ҳам бошқа барча аскарлар сингари сигарета тутатиб турган ҳолда тасаввур қиламан. Унинг ҳамиша бир нималарни излаётган юз-кўзлари, бир нималар билан андармон бўлишни истаган қўллари кўз ўнгимда намоён бўлаверади, токи у гитараси ҳақида бемалол ўйлай олсин, дейман.
У синглимни тарк этмасидан олдин, бу улар учун таҳликали замон тақозо қилган қисмат эди ва улар тақдирга тан беришга мажбур эдилар, уни бир ўпай деб тегажоқлик қилган экан. Здравка эса ҳафсаласи пир бўлиб, бунга кўнмаган. Қизнинг қалбига йўл тополмаган йигит унга кассета қолдириб, хайрлашади. Синглим уни узоқ вақт тинглаб юради.
Кассетага у билан биргалашиб куйлаган барча қўшиқларимиз гитара жўрлигида ёзилган эди. Бир куни менга қўйиб берди. Биз бир-бирларимизга қарамасдан, олис-олисларга термилганимизча, кўзларимизда ёш билан Рашони тинглардик, кассетани аниқ йигирма марта ағдариб қўйдик, охири оддий ҳаётни муҳаббат-ла соғиниб, чарчаганимиздан ухлаб қолибмиз.
Рашони менга бошқа кўриш насиб қилмади. Фақат, унинг ўрнига, ёздаги ижодий сафар чоғида у яшаган шаҳар — иккинчи жаҳон уруши тугагач, хорватлар Рийекасига айланган шаҳарни кўздан кечирдим. Ёз, олам унинг безавол нурлари бирла чароғон эди. Сайр қилиб юриб уни, оиласини, укаси Батони, синглиси Секани, ота-онасини, уларнинг Ҳессенда узоқ вақт амакилариникида бепул ижарада яшаган пайтларини эсладим, амаки бир куни улардан кўп пул олиб, эртасига уйдан чиқариб юборган эди, чор-атрофда эса уруш борар, ҳамон гранаталар портлар, иккала йигит афтидан, фронтга боришга мажбур бўлишганди, чоғи. Амакининг дастидан улар охирида Сербияга ҳам бордилар. Улар энди, ўзлари хоҳлармиди-йўқмиди, шу юртга мансуб эдилар.
Энди Югославия билан, Хорватия билан қиладиган ишим қолмаганди. Кўп йиллар мустақил инсон бўлиш ҳақида ўйладим, бу — бирданига, ҳа, ҳар гал бирданига — бугунги кунда журналистлар ва сиёсатчилар буни бошқача кўришни истайдилар — парчаланиб кетадиган мамлакатнинг ўзлик ҳужжатига қараганда анча арзигулик иш саналарди. Югославиянинг қизил паспорти аслида умуман қизил ҳам эмас эди, у қорамтир узум новдаси рангида бўлиб, унда учта чиройли олтинранг ёлқин ёниб турарди, бу аниқ эсимда қолган. Паспортимдаги ана шу ёлқинларни кўрганимда, ўн яшар бола эдим, ана шу ёлқинлар эди, мени Югославия, Австрия ва олмон чегаралари орқали Ҳессендаги Зулцбахга олиб келган, у ердаги уйларнинг рақамлари, кўчаларнинг ва жойларнинг номлари ёзилган топ-тоза лавҳалар, барча янги нарсалар кишини жунбишга келтирса-да, бироқ барибир юрагимдаги кичкинагина қишлоқ мактабимизга муҳаббатни босиб кетолмас эди, бу муҳаббат, энг аввало, ўша етмишинчи йиллардаги олмон хонадонлари учун ҳамиша мезон бўлиб хизмат қиларди.
2005 йилнинг ёзидаги кашфиётим, инчунин, ҳафсаламни пир қилди; бир пайтлар мўъжазгина бўлган қишлоқ мактабимнинг деразаларига панжараларни устма-уст қалаштириб ташлашибди. Буни кўриб, шуни ҳис қилдимки, бу — шундай бир одамнинг иши эдики, унинг ички дунёси ҳам ана шу панжарали деразаларга ўхшаб тақа-тақ берк, чунки болаларга дунёни панжаралар ортидан кўрсатиш фикрини бундан бошқача нима ҳам деб баҳолаш мумкин.
Югославия паспорти ўз умрини ўтаб бўлган эди, бундан уни на узум ва на ранг теранлиги қутқара оларди. У тез орада ёшларнинг қўлларида ҳам эскилик сарқитидек кўрина бошлади. Мен ҳаворанг хорват паспортини олдим, бироқ уни олишдаги қийинчилик менинг бироз кайфиятимни бузди. Масъул мутасаддининг қабулига кириш учун соатлаб навбатда турдик. Ёз, иссиқ, одамлар терлаб-пишган, қандайдир муҳим иш чиқса, эсда қоладиган воқеа бўлса, нуқул ёзга тўғри келади, йўлакларда навбат кутиб турган шаҳар ҳамда қишлоқлардан келган одамларнинг қўлтиғидан чиқаётган тернинг қўланса ҳиди нафасни бўғади. Шаҳарда яшайдиган холам таниш-билишларини ишга солиб, бизни навбатда турганлар ёнидан билдирмасдан олиб ўтмоқчи бўлди. Албатта, буни одамлар сезиб қолиб, қарғана бошладилар. Мен бундан уялиб кетдим, холам билан онамнинг ёнида қаддимни букиб юрганимча ичкари кирдим. У ерда иш билан ўта банд, жиддий қиёфали одамлар ўтиришарди.
Ўшанда мана шу барча ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрганман, гувоҳи бўлганман, бироқ бутун бир давлат янгидан барпо этилаёт-ганлигини кўпам тушуниб етмаганман. Ва инсоният ҳамда давлатлар тарихида ҳамиша бўлганидек, одамлар ишни аввало архивдан бошлаган. Биз энди хорватлармиз, деган гапни ҳаммаёқда эшитиш мумкин эди. Ҳа, албатта, ўйлардим мен, мана шу пайтгача ичимизда бекиниб ётган нарса, ниҳоят юзага чиқди ва яна, терлаб-пишиб, олисларга назар ташлаб, ўйлардимки, бу янги барпо этилган мамлакатда одамлар қўлтиқтаёқда юришса, ҳаммаёқда оёғи кесиб ташланганлар бўлса, сўзлар ҳам қандайдир ғалати эшитиларкан — хорват, граната, анор, апельсин, кинематограф — дунё алмашинувчан бўлиб қолдиёв, дейман.
Шунга қарамасдан мана шу алмашинувчанлик ҳар бир алоҳида нарса учун, буюм-ашёлар учун, номлар, маҳсулотлар, хоналар ва юз, қиёфалар учун маънони кучайтириб юборди. Энг аввало, юз, қиёфалар учун, жилмайиш тури ҳам ўзгарган эди. Одамларнинг табассуми ва ювошлигига нима бўлган экан? У ерда бир гал бўлган пайтимда, ўз-ўзимдан, болалигим бошқа бир юлдузлар маконидан бошланган бўлиши ва мен юз, қиёфаларни идеаллаштириб юборган бўлишим мумкинми, деб сўрадим. Даҳшатни мен ҳамиша одамларда кўрганман, уларни, қандай бўлишса, шундайлигича севганман. Бу нарса болаликнинг ўша лаҳзаларида онгли равишда кечмаган, у пайтда гап нима ёки ким ҳақида кетаётганлигидан қатъи назар қуруқ саросаб солишу дил хайрихоҳлиги бўлган, холос.
Кейинчалик хотираларда менинг ўзим ана шу лаҳзаларга айландим, ана шу сониялар бирин-кетин ёнма-ён тизилишиб, вақтнинг ўртасида туриб, вақтга боғлиқ бўлмасликни исботладилар. Нима бўлган бўлсам, мана шу одамлар билан бўлганман, улар билан ва уларнинг орасида бола ҳам бўлганман. Узоқ вақт мен ўзимни олмон тилида бундан нарида, деб ўйлаб келдим. Кичкинтой йилларнинг қадамлари кўмилиб кетгандек эди, гўё. Бобомнинг қиёфасини олмонча сўзлар билан тасвирлай бошлаганимда, меҳр-муҳаббатга тўла ушбу қиёфа, мана шу илк инсон ватани ҳам менга мурожаат қилганди, мендан сакраб чиқиб автоном оламга айланди, кўп йиллар ичра менда ботинан нимаики бўлган бўлса, у зоҳиран қиёфа касб этди. Бу олам теварагидаги аниқ ва лўнда фан эса мени хотираси бор инсонга айлантирди. Хотира шуки, мен унга ходим сифатида, ўз юлдузимнинг бурчак ва қурсоқ атрофларидаги шай вакил сифатида керакман. Бироқ нима у, менинг юлдузим? Ким у, менинг юлдузим? Албатта, мен етти ёшимда, янги чиққан югослав кашшофи сифатида, бу юлдуз, чунончи ягона, фавқулодда бўлмаса-да, бироқ ҳар ҳолда қандайдир Тито ва унинг партизанча телпагидаги юлдуз билан туташ, у билан алоқада ҳамда унинг бюроси билан тўғридан-тўғри уланадиган телефон линиясига эга, деб ишонар эдим.
Олмончадан Мирзаали Акбаров таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 4-сон