Марина Цветаева. Бальмонт ҳақида сўз (эссе)

Шоирлик чексизликдир, у ҳақда сўзлаш қийин. Шоирлик қаердан бошланади? Қаерда тугайди?
Ҳамма нарсани ўз қарашларим асосида чегаралайман, аммо улар ичида чўнтагида бир мири йўқ ғирт шоир – Бальмонт ҳақида бир нарса дея олмайман.
Кулманг, жаноблар. Мен на Есенин, на Мандельштам, на Маяковский, на Гумилёв, ҳатто Блок ҳақида ҳам шундай демаган бўлардим. Чунки уларда шоирдан ташқари яна катта-кичик, яхши-ёмон нимадир бор эди. Ахматовада ҳам шеърларидан ташқарида илтижолари яшарди.
Бальмонтнинг эса шоирдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Бальмонт хос ва мос шоир. Шунинг учун ҳам уйидагилар уни сўрашса: “Шоир ухлаяпти” ёки “Шоир тамаки олгани чиқди” – дейишади. Бунинг кулгили ёки изоҳталаб жойи йўқ. Дейлик, ухлаяпти, у кўраётган тушлар ҳам – шоирники, тамакига чиқди, дўкондор уни растасида кўриб ажабланмайди, нима учун келганини билади.
Бальмонтнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, сўзи – муҳр – юлдуз.

Талаб этган эмас ҳали шоирни
Аполлон муқаддас қурбонликка, бу
Ғала-ғовур дунё ташвишларига
Бола кўнгли билан чўкиб кетган у.

Сукутда илоҳий илҳом париси,
Ширин тушлар қалбга бағишлар лаззат.
Балким ҳақир дунё болаларидан,
Баридан нотавон, арзимас ва паст.

Булар Бальмонт ҳақида эмас. Аполлон Бальмонтни ҳамиша талаб қилган. Бальмонт ҳеч қачон ғурбат дунё ташвишларига кўмилиб қолмаган, унинг илоҳий илҳом париси тинмаган, қалби ширин тушлардан лаззатланмаган, ҳақир дунё болалари ичида Бальмонт ҳеч қачон нотавон бўлмаган, умуман, улар ичида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ, унинг ўзи эса нотавонлик тушунчасидан йироқ яшаган.
Билмадим, билмадим, нимадир – нафрат,
Менда ҳеч кимсага йўқ гина-кудрат.

Ожиз лаҳзаларда гар чексам ҳасрат,
Ҳатто душманимга сочолдим ҳайрат.

Аниқликни олайлик. Бальмонт ундан бутунлай ва энг баланд даражада холи, ҳатто кундалик ҳаётий суҳбатларда ҳам: “Марина, мен сенга чақа олиб келдим”, – дерди. Унинг пуллари чақа эди, арзимас қоғоз банкнотлар – червон, оддий пул. У франклар ва сўмлар олдида ўзини ерга урмасди, ростини айтсам, у бундай ҳаёт билан таниш эмас эди, уни билмасди.
Кламар, Париж ташқарисидаги шаҳарча. Бальмонтни узоқ танаффусдан сўнг катта кўчада учратиб қолдим. Шаҳар атрофи, бундай жойни ҳамма ерда кўриш мумкин. Қувонч, қўл сиқишлар, дийдор, дўстона гиналар, ҳайрат… “Шунча пайт қандай яшадинг? Тузукмисан? – “Марина, мен жуда бахтли эдим, икки ой кўҳна Ҳиндистонда бўлдим”.
Бўлган. Ҳаммаси шу.
Бальмонт билан ҳамиша эртакдагидай. У қачонлардир “Тоғ чўққилари”да туриб, шундай деган эди: “Ҳаёт йўллари бой”. “Ҳа, агар унда Бальмонт билан кетсанг”, – қўшиламан.
Мен тез-тез Бальмонтнинг баландпарвозлиги ҳақида эшитиб қоламан.
Ҳа, бу – энг яхши сўз.
У юксакларда учиб юради, пастлашни истамайди. Хоҳламайдими ёки уддалай олмайдими? Мен ер ҳамиша Бальмонт оёқлари остида юксалиб туради, деган бўлардим.
Агар Бальмонт хонада бўлса, хона қўрқинчли.
Ҳозир тушунтираман.
Туғилганимдан буён ҳеч кимдан қўрқмаганман. Фақат икки одам бундан мустасно: князь Сергей Михайлович Волконский (унга “Ўқувчи” номли шеъримни бағишлаганман ) – ва Бальмонт.
Қўрқардим, қўрқаман, қўрққаним учун ҳам бахтлиман.
Мен эркин одам учун қўрқаман.
“Қўрқувим” – даҳшатни англаш, ўзига-ўзи зиён етказиш эмас, балки илоҳий назарларга тушиб қолишни англатади. Бироқ князь Волконский ва Бальмонт ўртасида қандай боғлиқлик мавжуд? Қўрқувдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Қўрқув ҳайратланишдир. Бир воқеани ҳеч унутолмайман.
1919 йил. Москва. Қиш. Мен ҳар доимгидай Бальмонтларникига келдим. Бальмонт совуқ хонада аёлларнинг шотландча рўмолига ўраниб ётарди.
Бальмонт:
– Албатта, чеккинг келаяпти-я?
Мен:
– Унчаликмас…( кўнгилда эса изтироб).
– Мана, ҳафсала билан чек. Трубка паришонхотирликни ёқтирмайди. Муҳими, гапирма. Кейин гапирасан.
Ўтирдим, ҳафсала билан ичимга тортаман, лекин ўхшамайди.
Бальмонт хурсанд:
– Ёқдими?
– М…м…м…
– Кириб келишинг билан юзингда шундай изтироб кўрдимки, Марина, анча пайтдан буён чекмаганингни тушундим. Эсимда, бир куни Тинч уммонда…
Сўзлай бошлайди. Мен чекмасдан, қўрқув ичида ҳафсала билан тортаман. Бальмонт буни сезиб қолмасмикан, деган хавотирдаман.
– Ана, чекиб бўлдинг. Энди бер.
Узатаман.
Бальмонт трубкада тамаки тўла эканлигини кўриб:
– Ҳеч қанча чекмабсан-ку…
Мен:
– Йўқ… шундай сал-пал…
Бальмонт:
– Ахир, у ўчиб қолган, сен уни ҳатто ёқмабсан ҳам. (Трубкани текшириб кўради.) Мен тамакини яхшилаб майдалаганман! Марина, сени яхши кўрганимдан шунчалик кўп солиб юборибманки, у ёнолмабди! Трубка меҳр-муҳаббатга тўлиқ эди. Бечора Марина! Нимага менга айтмадинг?
– Чунки сендан қўрқаман!
– Мендан қўрқасан? Елена, Марина мендан қўрқаркан. Негадир бу менга ёқаяпти. (Қадрдоним, мен сендан қўрққаним йўқ, бир лаҳзага бўлсаям, сени хафа қилолмайман. Ахир, трубка меҳрга тўла.)
Бальмонт менга ҳамиша охиргисини берарди. Нафақат менга, ҳаммага. Сўнгги трубка, сўнгги пўстлоқ, сўнгги ўтин, сўнгги гугурт.
Ачинганидан эмас, очиқкўнгиллигидан. Туғма олийжаноблик.
Худо бермаса бўлмайди. Подшо бермаса бўлмайди. Шоир бермаса бўлмайди.
Бироқ у олишни эплай олмасди. Бир воқеа ёдимда. Кўчадан ҳаяжонланиб кириб келди, лекин таъби хира, ўзида эмас.
– Марина! Елена! Мирра! Мен ҳозир шундай даҳшатли, шундай ажо­йиб бир иш қилдимки, ҳатто оқибатда афсусланаяпман.
– Афсусланаяпсан?
– Волхонка бўйлаб кетаётган эдим. Кимдир мени чақирди, аёл овози. Қарадим, машинада ясанган, чиройли, ёшгина, худди мафтункор швед қизидай, эсингдами, Елена, биз у билан пароходда гўзал оқшомни бирга ўтказган эдик? Ўша. Машинани олиб келди. Ўтирдим. Суҳбат. Лаҳзалар учмоқда. У ҳаяжонда. Мен ҳам. Лаҳзалар учмоқда.
Бирдан қарасам, жуда узоқлашиб кетибмиз, тўғрироғи, мен уйдан анча олислаб кетибман, қайтиш амри маҳол. У эса қўлларимдан ушлади, сочларининг уч-учларигача қизариб кетди – шимол аёлларигина шундай қизарадилар: “Константин Дмитрович, менга очиғини айтинг, буни сиздан сўраётганим учун узр: қандай яшаяпсиз? Мен сизга нимадир… менда ҳамма нарса бор: ун, қанд, ёғ, шу кунларда жўнаб кетаман…”
Шу ерда, Марина, даҳшатли иш қилдим: “Йўқ”, – дедим. Менинг ҳамма нарсам бор, дедим. Марина, мен фақат нафас олардим. Чунки ўша пайтда менда ҳамма нарса бор эди: ажойиб машина, ҳамроҳим – малоҳатли, ёш, олийҳиммат, сочлари тилларанг аёл… Биз юрмасдик, учардик… Кутилмаганда ун, ёғ? Қандай қилиб шундай учрашувни ўлдирардим? Кейин эса кеч бўлди. Марина, қасам ичаман, унга ўн марталаб айтгим келди: “Ҳа, ҳа. Ун, қанд ҳам, ёғ ҳам, ҳаммаси керак”. Чунки менинг ҳеч нарсам йўқ. Мутлақо! “Унда сизни уйингизга олиб бориб қўйишга рухсат беринг, қаерда яшайсиз?” Марина, яна тузатиб бўлмас иш қилдим: унга айтдим: “Шу ерда”. Покровканинг ўртасига чиқдим. Кутилмаганда бир-биримизни қучдик. Кеч кириб қолди. Энди ҳаммаси тугади. Мен уни қаерда яшашини билмайман, у эса мени…

* * *

Илк бор учрашганимиздан буён ўн тўққиз йил ўтибди. Бальмонтни ҳеч қачон, бир дақиқа ҳам кундалик ташвиш билан яшаганини кўрмаганман. Ўн тўққиз йиллик мулоқотдан сўнг ҳам мен Бальмонтга кўниколмадим. Ўн тўққиз йиллик эҳтиром тўлқинлари камаймади. Бальмонт ҳузурида ўзингни доим олиймақомда ҳис этасан. Унинг қаршисида мен ўзгача кайфият ва иштаҳа билан тановул қиламан. Бальмонт билан қуритилган нон – ҳақиқий нон, картошка – москваникими, кламарникими фарқи йўқ – тўкин зиёфат.
Ёхуд Бальмонт бор жойда олий даражадаги мавжудлик мужассамдир.
Бу илоҳий титроқни фақат князь Волконский ва Бальмонт қаршисида туяман. Буни ҳатто гўдак ўғлим ҳам ҳис этади.
Бунга адабиёт заҳматининг алоқаси йўқ. Муҳожирни адабиётчилардан ками борми?
Ниҳоят, менинг муносабатим ҳам ўғлим учун ҳеч қандай роль ўйнамайди. Замонавий бола, эҳтимол, барча даврлар боласи, соғлом бола учун ота-она намунаси… яхшиси, давом эттирмайман. Йўқ, на кексалик, на шон-шуҳрат, на итоаткорлик мустақил ва анчайин гап уқмас болани ўзини дадил тутишга, саволларга тез ва аниқ жавоб беришга мажбур қилолмайди. Аксинча, куч унинг номи, шахси, юксаклиги, улуғворлигидадир.
Бальмонтнинг шавкати ҳақидаги сўзлар тез-тез қулоғимга чалинади, яхшилар ҳам гапиришади. Миш-мишларни биринчи ва охирги марта тилга оламан. Биринчидан, шоир ҳеч кимнинг олдида савлат тўкиб ўтирмайди, қани – унинг мусаввири? Иккинчидан, бунга ҳожат йўқ: чунки у шунчалик кўзга яқинки, иложи борича одамларнинг кўзига ташланмай ўтиб кетишни истайди.
“Валерий Брюссов бўлишни истамасдим” ёки “Умрим бўйи ҳамма қатори яшаб ўтишни хоҳлардим” – Борис Пастернак. Агар шоир савлат тўкса, унинг акси ҳам мавжуд, яъни у сезилмайди.
Кўп ҳолларда савлат ўрнида шоир табиатини қабул қилишади, бу оддий одамлар учун ғалати туюлади. Масалан, “эн” ва “ин” товушларини Бальмонт димоғида айтарди. Ҳа, Бальмонт уларни бошқача талаффуз қиларди, бу товушлар унда бўғиқ йўлбарсникидай жарангларди. Яна унинг қадам ташлашлари ҳам бошқаларникига ўхшамасди, ўзгача. Агар у сўзларни ҳамма қатори талаффуз этганида ҳайратланган бўлардик. У эса энг оддий сўзни ҳам ўзгартирмай, тўлиқ ва ўзига хос айтади.
Бундан ташқари, жаноблар, бошқаларга қараганда шоирда қон кучлироқ тилга киради: аждодлар. Бу итларникидан қолишмайди. Литва булоқлари Бальмонт “савлати”даги ўзига хосликни ифодалайди.
Бошни баланд тутмоқ? Бироқ Яратганнинг ўзи уни кўтариб қўйган. Йигирма ёшида мана бу сатрларни ёзган одам бошини итоаткорлик билан эгиб юролмайди:

Кўраман, англайман, титрайман пинҳон,
Биламан, қайлардан келмоқда бўрон.
Гар ўзга кўзларга боқсам, ногаҳон
Юмиб олажакдир кўзин бегумон.

Шу ердан Бальмонтнинг мен ҳаётда кўрган энг довюрак қарашлари бошланади. Аниқроғи: қарашлар – шеърлар. Яна: форс шоири кунгабоқар тили билан шундай дейди: “Кимдаким қуёшга тез-тез тикилса, бошини ҳаммавақт баланд тутади”.
Яна бир нарса: савлат тўкмоқ – табиатга зид. Бальмонтнинг табиат ҳақидаги сўзлари ҳаётидаги энг муҳим ва даҳшатли дақиқаларида айтилган.
Икки йил бурун. Ўша – Кламар. Бальмонт кўриш қобилияти заифлашаётганидан азият чекарди: титрар, кўзлари милтиллар, жимирлар… У қўлимдан ҳарфлари йирик-йирик китобни олди.
– Андре Шенье. Мен бу учрашувни қачондан буён орзу қиламан! Бироқ ношир дўстим 1830 йилда кўзларимни ҳисобга олмади.
Қуёшли кун. Даричам ёнида турибмиз.
– Марина! Мени ақлдан озибди дема! Агар кўр бўлиб қолсам, буни қабул қиламан. Чунки бу – табиат. Мен ҳамиша унинг қонуниятлари билан яшадим.
Мен ўзимнинг қизғин миннатдорчилигимни доктор Александр Пет­рович Прокопенкога билдирмоқчиман. У Бальмонтни садоқат, ўзаро яқинлик, самимият билан даволади, ҳаётининг сўнгги даврини нур билан безади. Мен сизларни бир-бирингизга туҳфа қилганимдан бахтлиман.
Жаноблар, мен ҳали ҳеч нима айтолмадим. Бу кечада кўз юммасдан тирик Бальмонт, содиқлиги, ўн тўққиз йиллик мулоқот бахти, ҳеч ким тушунолмаган ва ҳеч қаерда муҳрланмаган шоир ҳақида гапиришим мумкин эди. Унга атаб эсдалик дафтар тутганман, барини ёзиб борганман, у миннатдорчилик туйғуларига лиммо-лим.
Сўзимни энг муҳим ва зарур фикрларим билан тугалламоқчиман.
Бальмонтга ёрдам зарур.
Бальмонт – Худо ёрлақаган шоир ва жуда катта заҳматкаш.
Бальмонт – 35 та китоб муаллифи, яъни 3750 саҳифалик босма китоблар. 20 та насрий китоблар яратди, улар 5000 босма саҳифаларда, яна қанчаси – сандиқларда.
Бальмонтнинг таржималари рақамларда 10 000 дан ошиқ саҳифаларни ташкил этади, булар – фақат чоп этилганлари. Бундан ташқари, Бальмонт сандиқлари – (эски, машҳур, изтиробли) қўлёзмалардан титраб туради, барча қўлёзмалар тайёр.
Мен унинг бу сўзларини қулоқларим билан эшитганман. Бальмонт ўн саккиз ёшидан, у тенгилар ўйнаб-кулиб, севиб-севилиб юрган бир пайтда луғатлар билан дўст тутинди. Ўн бешта луғатда ўн бешта халқ яшарди. Рус тилшунослигини ўзлаштирди, унинг хазиналарини бойитди, барчанинг умумбашарий миннатдорчилигига мушарраф бўлди.
Агар шундай улуғ рус шоири ўз Ватанидан ташқарида қолиб кетса, қайтолмаса, бунинг улкан уволи муҳожирликка ёзилади, мабодо у шоир учун қўлидан келганини, ундан ҳам ортиғини қилолмаса…
Бальмонтдан миннатдор бўлиш – бизнинг биринчи вазифамиз, кўмаклашиш эса – ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола…
Бальмонтга табиат, одамлар билан мулоқот, ўз хонаси бўлса бас! – бошқа нарса керак эмас…
У – бемор, бироқ Бальмонтлигича қолди.
У ҳар куни ёзув столига ўтиради.
Агар ҳозир у ҳақда ёзишсайди, энг ажойиб китоблардан бири яратилган бўларди.
У касал ҳолида ҳам ўтган йилги Пасха нонуштасини эслади. Биз етти йилдирки, елкама-елка нотаниш катта боғ ичидаги трубали уй черковида – ёш япроқлар, юлдузлар остида, қоғозли фонуслар билан кутиб оламиз. Бальмонт буларни қандай гапирганини ҳеч қачон унутмайман.
Сўзимни тугатаётиб, бир воқеани айтиб ўтмоқчиман. Ўтган 1935 йил баҳори. Бальмонтда касаллик бошланган. Кламар. Мен унинг соғлигини билгим келади, аммо ичкарига киришга ботинолмайман, бор-йўғи чорак соат вақтим бор, кириш мумкин – кейин чиқиб кетолмайсан. Бальмонт ҳечам қўйиб юбормайди. Бизникига биздан сал олисда яшайдиган таниш хоним турмуш ўртоғи билан келган эди. Ундан фақатгина кириб, аёлидан Бальмонт аҳволини сўраб чиқишни сўрадим. Хоним – бўлғуси шифокор кетгач, унинг турмуш ўртоғи ва ити билан шоир уйига бир қадам жойда – далада кутаяпман.
Турибмиз, кутаяпмиз. Ўн дақиқа ўтди, ўн беш, йигирма. Ярим соат ўтди ҳамки, – ундан дарак йўқ.
– Мен кириб кўрай-чи… Марина Ивановна, марҳамат қилиб, итимга қараб туринг. Мен ҳозир! Унинг исм-шарифи?
– Константин Дмитрович.
Бегона ит билан бирга турибман. Кутаяпмиз. Ўн дақиқа, ўн беш, йигирма (мен борадиган жойларимга кечикиб бўлдим) – қирқ дақиқа ўтди… худди эртакдагидай… биттаси кетди, ортидан иккинчиси, энди учинчиси… Мен итни қидирувга жўнатсаммикан, деб ўйлай бошладим. Яхши турибмиз, деб фақат тилда айта оламан. Ит жойида тинч туролмайди, сакрайди, отилиб тизгиндан чиқиб кетаман, дейди. Кутилмаганда у қўлимдан сирғалиб чиқди: эгасининг олдига чопди.
Унинг ортидан югураман:
– Нима бўлди, жаноблар? Худо ҳаққи! Нима бўлди?
– Ҳеч нима, Марина Ивановна, ҳаммаси жойида, у аъло кайфиятда.
– Узоқ қолиб кетдингиз? Ҳамма ишларимга кечикдим, қирқ дақиқа ўтди.
Иккаласи жўровоз:
– Қирқ дақиқа? Бўлиши мумкин эмас! Кечиринг, худо ҳаққи! Сезмай қолибмиз! У билан суҳбатлашиш шу қадар қизиқки, мен ҳали ҳаётимда бундай одамни учратмагандим. У мендан бирдан сўради: “Сиз собиқ офицермисиз?” – Мен: “Қачонлардир бўлганман”. – “Мен ҳар бир жангчини ҳурмат қиламан, лекин урушни ёмон кўраман”. Мендан урушдан кейин қаерда бўлганимни суриштирди. Булғорияда, дедим. У булғорлар ҳақида шундай сўз бошладики, ҳайратланасиз. Умуман, ёзма адабиётимиз, ҳатто насронийлик ҳам ўша томонлардан келган, ажойиб халқ! У айтганидек, ҳамма халқлар бирдек ажойиб. Ҳар бир халқ бетакрор ва беқиёс. У менга нима учун шундайлигини тушунтирди. Оддий халқ … у – ажойиб! Агар у шундай бўлмаганида, у халқ эмас, оломонга айланарди.
Менга Булғория ҳақидаги китобни совға қилди – у мени булғордай қабул қилди. Унинг китоб жавонларидаги саришталикни кўриб, ҳайрон қолдим, Марина Ивановна! Шундай борди-ю, худди тушмуғи билан илгандай олди-қўйди… шу ерда ўзимни тутиб туролмадим: “Тўғриси, Константин Дмитрович, ёзувчилар ҳаётида тартиб бўлмайди, деб ўйлагандим”. “Бу, олийҳиммат дўстим, ғийбатчиларнинг гапи, уларни маданиятсиз ва виждонсиз одамлар тарқатадилар. Мия тиниқ ишлаши учун стол тоза бўлиши керак. Миянгда тиниқлик бўлса, столинг озода туради”. Ижодининг илк кунларидан сўз бошлади: зулматдан таралган нур ва сув қаттиқлиги… Биринчи тартиб. Бир юнон файласуфини эслади: саноқлар ва юлдузлар… Мен фалсафани чуқур билмайман, лекин уни тушундим. Шоирлар фақат шеърдан гапиришни билади, деб юрарканман – қаёқда! Ҳамма нарсани билади, унда худди юзта профессор бордай – яна қанақа профессорлар! Ҳаммаси оддий ва зериктирмайди – ҳар бир сўзни кўзинг билан кўрасан (аёлига қараб)… Албатта, бу тиббиёт иши, менинг тишим ўтмайди. (Марина Ивановна, айиқдай соппа-соғман, ҳатто тишларим оғримаган!) – бироқ у соғлом фикрлайди, ҳеч қандай руҳий касаллик йўқ, худойим бизни ҳам кексайганимизда шундай тиниқ ақлдан айирмасин.
Аёли:
– Унинг боши чиройли экан! Даҳлиз қоронғу, у хонанинг бўсағасида тўхтади, юзи кўринмайди, боши атрофида ёруғлик. Бошида мен киришни истамадим, сиз айтгандай, секингина Елена Константиновнани чақирдим. Биз зинада турардик, шивирлашаяпмиз. Кутилмаганда овоз:
– Мен нотаниш овозни эшитаяпман, аёл шивири. Ким келди?
Киришга тўғри келди. Тушунтираман: Марина Ивановна мендан қандай аҳволда эканлигингизни билиб чиқишни сўради, сизга нимадир керакми – у келолмайди…
У илтифот кўрсатди:
– Ичкарига киринг, киринг, меҳмонлар келса, хурсанд бўламан. Айниқса, Маринадан.
Қаршимдаги эшикни очиб, мени ҳурмат билан хонага таклиф этди…
У нақадар ёш! Кўзлари ёш, шаффоф. Тик боқади! У оқ сариқдан келган, деб ўйладим, фақат сал кейинроқ соч-соқоли оқарганини пайқадим, борлиғида аллақандай ўзига хослик мавжуд, соддалик ва айни пайтда улуғвор. Юрагим тез уриб кетди, ҳозир ҳам шундай. Столи шу қадар батартибки! Китоблар, дафтарлар – ҳаммаси қат-қат терилган, қаламлар тарашланган, учланган. Сиёҳдон ярқирайди, бирон бир жойда кераксиз қоғоз кўрмайсиз. Сиз ҳақингизда: “Менинг синглим бўлмаган. У – менинг синглим.” Сизлар билан бирга Москвада яшаганликларингизни эслади. Сиз квартира калитини йўқотиб қўйгансиз, шунда у сизни безовта қилмаслик учун зинада тонг оттирган экан.
У шеърлар ўқиди – ҳайратомуз. Жодугар кампир, қўрқоқлар, Россия ҳақида… аввал ёддан, кейин китобдан. Мен китобни кўрмоқчи эдим, у берди. Ҳарфлар мунчоқдай терилган! Ҳозиргина босмадан чиққандай.
У менга дастхат ёзиб берди ва совға қилди. Мана ўша китоб.
Даладамиз: бўлғуси шифокор аёл, собиқ офицер, кулранг ит ва мен – шеърлар ўқидик. Ўзимизга келганда, яна қирқ дақиқа ўтган экан.
Жаноблар, йиллар ўтади. Бальмонт – адабиёт, адабиёт эса – тарих.
Рус муҳожирлигида ювиб бўлмас доғ қолмасин: лоқайдлик, худди шу нарса касалманд улуғ шоирни азият чекишига йўл қўймоқда.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси