Максим Горький. Тубанликда (драма)
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Максим Горький (тахаллуси; асл исми Алексей Максимович Пешков) (1868.16(28).3, Нижний Новгород — 1936.18.6, Москва) — рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. Собиқ Иттифоқ ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи раиси.Горький бир қатор роман («Фома Гордеев», 1899; «Учовлон», 1990—01 ва б.), ҳикоя («Коновалов», «Челкаш» ва б.) ва драматик асарлар («Мешчанлар», «Тубанликда», 1902; «Чорбоғчилар», 1904 ва б.) муаллифи. «Тубанликда» пьесасида Горький шафқатсиз ҳаёт тубанликка итқитган инсонларнинг азоб-уқубатларини маҳорат билан берган. «Она» (1907) романида биринчи бўлиб адабиётда инқилобий курашни хайрихоқлик билан тасвирлаган. «Болалик» (1913—14), «Одамлар орасида» (1915—16), «Менинг дорилфунунларим» (1923) қиссалари автобиографик асарлардир. Горький Шарқ халқлари тарихи билан қизиқиб, «Италия эртаклари» (1911 — 13) асарида Шарқ мифологиясидан ўз бадиий нияти асосида фойдаланди, рус адабиётида Амир Темур сиймосига илк бор мурожаат этиб, унинг тарихий ҳақиқатдан узоқлашган образини чизди. Горький меҳнаткаш омманинг Ленин раҳбарлигида 1917 йил октябрида мамлакатни остин-устун қилиш, кўплаб бегуноҳ кишиларнинг қонларини тўкиш ҳисобига тарихий жараённи ўзгартирмоқчи бўлганини ва Фавқулодда комиссия қатлиомини кескин қоралади, кўпгина ёзувчиларни большевикларнинг таъқибидан сақлаб қолди. У ўша вақтдаги вазиятда Россияда социалистик инқилоб бемаврид ва ҳалокатли, деб ҳисоблайди. Аввал халқнинг маданий савиясини кўтариш, сўнг инқилоб қилиш мумкин, деб ўйлаган («Бемаврид фикрлар» публицистик асарлар туркуми, 1917—18). Аммо кейинчалик Горький ўзи қарши бўлган социалистик инқилобий кураш томонига бутунлай ўтиб кетади. Горький бир қанча (Л. Н. Толстой, А. П. Чехов, В. Г. Короленко ва б. ҳақидаги) адабий портретлар муаллифи. «Артамоновлар иши» романи (1925)да янги тарихий авлоднинг ғалабаси қонуний эканлигини тасвирлаган. «Жаҳон адабиёти» нашриёти, «Шоир кутубхонаси», «Ажойиб кишилар ҳаёти» ва бошқа китоблар туркуми унинг фаол иштирокида ташкил қилинди. Киборлар ҳалокати ва инқилоб ғалабаси муқаррарлиги «Егор Буличев ва бошқалар», «Достигаев ва бошқалар» (1933), «Васса Железнова» (2-нашри, 1935) пьесаларининг бош мавзуидир. «Клим Самгиннинг ҳаёти» роман-эпопеясида (1927— 36; 4-қисм тугалланмаган) рус халқининг 20-аср бошларидаги ғоявий-ижтимоий кураши, ҳаёти акс этган. Горький чет элда (1921—31) ва Россияга кайтганидан кейин замонавий адабиёт ғоявий-эстетик тамойиллари (шу жумладан, социалистик реализм назарияси)нинг шаклланишига катта таъсир кўрсатади ва шу йўсинда компартияга адабиётни ўз монополиясидаги ғоявий қуролга айлантириб олишига кўмаклашади. Совет давлати раҳбарлари Горькийнинг катта халқаро обрўсидан ўз мақсадлари йўлида фойдаландилар. Улар макри билан алданган Горький 30-й.лар бошларидаги қатағон сиёсатини тарбиявий аҳамиятга молик тадбир, деб тушунди. Горький ижоди таъсирида бошқа миллий адабиётлар (француз, немис, инглиз, хитой каби)да ҳам социалистик реализм методига асосланган асарлар кўплаб яратилди. Горький асарлари 30-йилларнинг бошида дастлаб Чўлпон, кейинчалик А. Қаҳҳор, Ойбек, Ҳ. Олимжон, М. Исмоилий ва б. томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. Аксарият пьесалари Ўзбекистан театрларида саҳналаштирилган.Наим Каримов, Шуҳрат Ризаев.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.
Асарнинг тўлиқ вариантини сақлаб олинг.