Марчелло Вентури. Биз ҳеч қачон унутмайдиган ёз (ҳикоя)

– Бу сенинг болангми? – аскар кўрсаткич бармоғини нуқиб сўради.
– Ҳа, –  деди деҳқон.
– Бу эса – хотининг? – сўради немис.
– Ҳа, – деди деҳқон.
Ёз эди.
– Мен болани яхши кўради, – деди аскар. Қуёш далалардаги буғдойни ва ўрмонлардаги арчаларни жизғанак қилиб ёндирарди; у Пистойя тоғларида кўмилиб ётган деҳқон уйларини куйдирарди.
Қариялар: “Бунақа жазирама ёзни биз умримиз бино бўлиб кўрмаган эдик”, – дердилар.
– Меники уйда кўп болалар бор, – деди аскар. Унинг қўлларида юк аравасининг ғилдиракларидан ечилган чарм камера бор эди. У чармни жилвир қоғоз парчаси билан қиртишлаб тозаларди. Пешонасидан тер қуйиларди.  Жуда жазирама ёз эди, 1944 йилнинг ёзи.
– Хотин, бола бор, – деди аскар. Сўнг тишларини ғичирлатиб кулди.
“Ё, тангрим, – ўйлади деҳқон, – улар ростдан ҳам бошқа одамларга сира ўхшамайди, асло”. “Улар кулганда ҳам қанақадир бошқача кулади”, – ўйлади деҳқон.
– Менга болалар ёқади, – деди аскар чармғилдирагини ғижимларкан. У ертўла томонга келиб, арғувон дарахти тагига ўтирди. У бир челак сув сўради. Деҳқон унга сув келтирди, кейин уйининг остонасида ғоз турди. Унинг ортида – аравасининг чармғилдирагини жилвир қоғоз билан тозалаётган аскарга қараб турганча бола кўтарган аёл.
Ёз эди. Жазирама ёз – аввал ҳеч қачон бўлмаган жазирама ёз. 1944 йилнинг биз энди ҳеч қачон унутолмайдиган ёзи. Далаларда тупроқ ҳам ичидан нимадир куйдиргандек қуриган ва ёрилиб кетган, дарахтлардаги полопонлар гўё ақлдан озгандай. Чигирткалар ташналикдан кундузи ҳам чириллаб куярди. Чунки саратон жазирама эди, қонга чўмилгандай қизил эди.
– Мен тезда Олмонияда, – деди аскар. – Ҳаммаси капут, мен ҳам Олмонияда.
“Капут”, – ўйлади деҳқон. Кейин хотинига:
– Сен уйга кир, – деди.
Ўша кунларда Моденга олиб борувчи катта йўлдан юк машиналари қатор-қатор ўтарди. Ва кўпинча бу юк араваларидан бирортаси тўхтар, оқ тусли немислар келиб, тухум, сут ёки бошқа бирор-бир егулик сўрашарди.
– Ҳеч вақо йўқ, – дерди деҳқон. Сўнг хотинининг қўлидаги боласига ишора қиларди.
Немислар тунуканинг шақирлашидай темир овозларда гўлдираганча омбору саройларларни айланишарди. Улар пулемёт тасмалари билан ўранган бу ўқ шодаларини ҳайитга отланган келин марварид шодаларини таққандек фароғат билан тақиб юришарди.
– Америкаликлар Арнода, – деди немис. Пешонасидан терни сидирди: – Яқинда ҳаммаси тамом, капут, – қўшиб қўйди у.
Энди у чармғилдиракнинг яғир жойига елим сурқарди, деҳқон эса уйи остонасини тўсганча қотиб қараб турарди.
Қуёш ўз нурлари билан буғдойзор далаларни шафқатсиз куйдиришда довом этарди, 1944 йилнинг қизил ёзидаги буғдойлар ҳам сариқ эмас, қип-қизил эди. Ўрмонларда қарағайларга ўт кетар, тоғ этакларида сочилиб ётган қишлоқлар ҳам аланга ичида куярди. Пастга, кенгликка қараб тоғлардан елкасига бутун уйини ортмоқлаган эркаклар ва аёллар тушиб келишарди. Таёқнинг учида лўкиллаб осилиб келаётган қора тугунчага тугилган уй.
– Меники Олмонияга қайтиш, – деди арғувон дарахти соясида ўтирган немис. – Урушда ҳеч яхши йўқ.
Ўйланг: эркаклар ва аёллар елкаларида ўз уйлари, ўзлари ва ўз марҳумларининг мол-мулклари тугилган таёқни тутамлаганча тоғлардан иттифоқчиларнинг қўшинларига пешвоз тушишарди. Бунинг сабаби асло қуёш эмасди. Махсус немис тўдаларининг оловотар қуроллари эди. Ҳозир эшик кесакисига суяниб чармғилдирагини тузатаётган немисга қараб турган  деҳқон ҳам кун кетидан кун санаб, унинг даласига ҳам бу оташ тушишини, ҳосилини ямлаб, уйини вайрон қилишини кутарди.
“Чунки бу бир дўлга ўхшайди, – қариялар кўзларини ерга тикканча шундай дердилар. Кейин қўшиб қўярдилар: – Бу йилгидай ёз ҳеч қачон бўлган эмасди”.
Немис бошини кўтарди ва деҳқонга тикилганча совуқ жилмайди. Кейин гапирди:
– Чарм капут. Энди ҳеч нарса капут. Ҳаммаси жойида, – деди у. – Меники кетмоқ.
Деҳқон унга қўшилгандек бош ирғади.
– Лекин жуда иссиқ, – деди немис. – Мен кечқурун кетиш. Тушундинг? – сўради у. – Жуда егим келади, – жаранглатиб кулганча қўшиб қўйди.  У чармғилдирагини майсага, дарахт соясига ташлади. Қўлини сув солинган челакка тиқди. Кейин машинаси ўриндиғининг тагидан латта олиб, қулларини артди. Шошмасдан деҳқонга яқинлашди. Ундан тер шовуллаб қуйиларди. Тер кичкина оқ томчилар бўлиб пешонадан сирғалар, ёноқлардан оқар, бўйнига томчиларди. У қўли билан пешонасини сидирди.
– Иссиқ, – деди у. – Меники оқшомни, қуёш ухлашини кутмоқ.
Дўстлар, биз 1944 йилнинг оқаргунча ловуллаган ёзини унутолмаймиз. Ва елкаларимиздаги таёқларда осилган тугунчани унутолмаймиз. Ўша тугунчада уйимиз, тўшагимиз, қабристондаги гўримиз тугилган эди.
Ёнаётган қарағайлар – бизнинг қарағайларимиз эди. Ва буғдой – бизнинг буғдойларимиз эди. Дарахт шохларида бўйни чўзилиб осилиб ётганлар – бизнинг биродарларимиз эди. Ёдимизда тутайлик, дўстлар, қанчалармимизнинг оталаримизни ўлдирдилар. Бизларни, тирик қолганларни ҳам неча марталаб ўлдирдилар.
– Сенинг тухуминг бор, сутинг бор? – немис деҳқоннинг қаршисида тўхтаб, сўради. Деҳқон бошини қуйи солиб, яланг оёқларига, эски, серямоқ шимига боқди.
– Менда ҳеч вақо йўқ, – жавоб берди у.
– Ҳеч вақо? – сўради немис. Энди у кулмаётган эди; унинг юзи тундлашди ва тошдай қотди.
– Италияликлар доим ҳеч вақо, – деди у.
Деҳқон қўлларини ёзганча тушунтиришга тутинди:
– Сигир йўқ, сенинг ўртоқларинг келиб, олиб кетишди. Мен  ўртоқларингга айтдим, ёш боламиз бор, дедим. Ахир, сен уни кўрдинг-ку? Мен ўртоқларингга айтдим: сизлар сигиримни олиб кетсанглар, бу бегуноҳ гўдак очликдан тамом бўлади. Аммо улар: биз урушяпмиз, сенинг ерингни ҳимоя қиляпмиз, шунинг учун сен бизни боқишинг керак, дейишди. Мана, улар менга нима дедилар.
– Меники ҳеч нарса билмайди, – деди немис.
– Сен ҳеч нарсани билмайсан, – деди деҳқон. – Аммо мен нима демоқчилигимни яхши биламан. Мен айтмоқчиманки, менда ҳеч нарса йўқ. Мен айтмоқчиманки, менинг фақат кўзларим қолди – йиғлаш учун. Мана, бор-йўғи ана шу қолди. Сут эса йўқ.
– Сут йўқ? – сўради немис. Ундан аввалгидай тер қуйиларди. Унинг пешонаси, афти-ангори, бўйни – ҳаммаси терга ботган. 1944 йилнинг ёзида дарё бўлиб қуйилган терлар… Адо бўлаётган далаларга термулиб турган деҳқоннинг томоғи қуриди. У шундоқина қаршисида турган немиснинг кўк кўзларидаги совуқ нигоҳга тўқнашиб қолмаслик учун далага қараётган эди.
– Унда, демак, – деди немис, – сенда тухум бор?
Деҳқон қуёшнинг кўзни қамащтирадиган нурлари остида гезариб ётган кенг ва бўм-бўш омборхонаси томонга қўлларини ёзганча бош чайқади.
– Сенинг ўртоқларинг, – у яна тушунтиришга тутинди, – сигирни олиб кетган ўртоқларинг, товуқларни ҳам тортиб олишди. Еттита товуғимиз бор эди. Мен лейтенант билан сигир борасида гаплашиб турган пайтимда бошқалари оғилдаги ҳамма товуқларни олдилар. Мен буни сезиб қолган заҳоти лейтенантнинг ортидан чопдим ва унга: “Ё, худойим, энди мен нима қиламан? Боламни нима билан боқаман?” – дедим. Аммо лейтенант: “Меники ҳеч нарсани тушунишни истамайди”, – деди.
Қариялар оёқларининг тагига боққанча: “Майли, улар шу билан роҳатланаверсинлар”, – дердилар.
Елимланган чармғилдирак омборхонанинг нариги томонидаги арғувон дарахтининг тагида турарди. Энди юк машинаси кетавериши ҳам мумкин эди. Аммо немис деҳқоннинг олдида турарди. Унинг камзули расамадидагидай қалин қайиш билан боғланган эди. Қайишдан эса деҳқон авваллари ҳам кўп кўрган узун автоматли тўпонча-ю унинг теридан ишланган ғилофи осилиб турарди, Деҳқоннинг назари ана шу тўппончали ғилофда тўхтади.
– Нон, – деди деҳқон, – мен сенга фақат нон беришим мумкин. Чунки менда озгига ун қолган эди. – Кейин қўшиб қўйди: – Агар ўзимиз янчмаганимизда, бу йил ҳеч қанақа егулик бўлмасди, чунки машиналарни жўнатишмади. Сенга нон беришим мумкин.
– Нон, – деди немис.
– Ҳа, – деди деҳқон. – Нон. Яна винобоп мевалар ва шафтоли. Буларни бера олишим мумкин.
– Мен киришни хоҳлайман, – деди немис, – бу ер жуда иссиқ.
– Арғувон дарахтининг соясида, – деди деҳқон, – сенга уйдагидан салқинроқ бўлади.
– Йўқ, – деди немис, уни итариб юбораркан. – Мен киришни хоҳлайман.
Ўша 1944 йилнинг ёзида қанчалар немислар бизнинг уйларимизга ювуқсиз оёқлари билан бостириб кирдилар?
Деҳқон унинг изидан кирди, биз ҳаммамиз шундай уларнинг изидан кирганмиз ва уларнинг бизнинг хонадонимизда айланиб юришларига боқиб турганмиз.
– Сен юқорига чиқ, – деди деҳқон хотинига. Аёл қўлида гўдагини кўтариб турарди, боланинг бошчаси оша кулиб қўйди. Бу  1944 йил ёзининг кулгуси эди, шунчаки кулгу эмасди, ҳақиқий кулгу эмасди.
– Нега? – сўради аёл зинадан чиқишга чоғланаётганини кўрган  немис. – Қўрқяпсанми? – сўради у. Уни қолишга мажбур қилиш учун қўшиб қўйди: – Менда болалар бор, Олмонияда. Хотин ҳам. Сенда қўрқиш керак йўқ.
Аёл, нима қилишни билмасдан, эрининг нигоҳини излади ва турган жойида, зинанинг пиллапоясида, боласини бағрига босганча туриб қолди.
Хонада стол турарди. Бир неча курси ҳам. Немис ўтирди ва чўнтагидан рўмолчасини чиқарди. У ёноқларидан оқаётган терни артди.
– Мен нон хоҳлайман, – у аёлни тинчлантираётгандай деди. – Винобоп меваларни ҳам. – Кейин сўради: Неча ёш? – У болани кўрсатди.
– Уч, – деди аёл, зинадан тушмай. У юқорига кўтарилишни ҳам, хонада қолишни ҳам билмасди.
Деҳқон деҳқон деворга суяниб турар, қўли чўнтагида солинган, нигоҳи тўғрига қаратилганди.
– Кичкина, – деди немис. – Сен-чи?
Аёл яна эрига қаради.
– Сенинг ёшинг неча? – сўради немис.
– Йигирма беш, – жавоб берди аёл. Сўнг эрига ялинчоқ назар солди. У бошқа хонага боришни ҳам, немис буюрганидай шу ерда қолишни ҳам билмасди. Унинг кўзларида ёш қалқаётганди ва у юзларини боласининг бошчаси ортига яширишга уринарди.
– Сен гўзал синьора, – деди немис, – сенда қўрқиш керак йўқ. Мен шу ерда ўтираман, чунки машина билан иссиқ. Мен оқшомни кутмоқ, – деди у. – Ҳозир нафас олиш қийин.
Ўша 1944 йилнинг ёзида нафас олиш қийин эди. Биз жазирамадан ва оловотар қуроллар кўтарган немис аскарларидан бўғилиб ётардик. Дарахтлар машъалалардек ловулларди. Бизнинг қарағайларимиз. Аёллар ва эркаклар қўйлардай тентираб воҳага тушиб келардилар. Аммо улар қўйлар эмасдилар, улар одамлар эдилар, таёққа тугилган уйларини ормоқлаган одамлар.
Немис папирос тутатди.
– Менинг ҳам, – деди у, – хотин бор. Жуда гўзал меники синьора. Аммо сен гўзароқсан, – деди у.
Аёл кўз ёшларини яшириш учун юзини боласининг боши орқасига яширди. Юраги қўрқувдан қаттиқ тепа бошлади. Томоғига нимадир тиқилди.
– Нон қани? – деди немис, деҳқонга мурожаат қилиб.
Деҳқон, гўё ногоҳон саросимадан чиққандай, секин жавонга томон юрди, эшикчани очиб, битта бутун нон чиқарди. Пичоқни олди. Нон ва пичоқни немиснинг олдига қўйди.
Кейин аввалги жойига ва яна деворга суянди, қўллари чўнтакка кирди; бўм-бўш кўзларини яна тўғрига тикди. Унинг хотини ҳам аввалгидай зинопояда турар, кўз ёшларини боласининг бошчасига ишқалаб артишга уринарди.
Немис бизнинг нонимиздан бир парча кесиб олди.
– Сен айтдинг – винобоп мевалар, – деди у. – Мен винобоп мева хоҳлайди.
– У ёқда, – деди деҳқон эшик ортини кўрсатиб.
– Сен меваларингни келтир, – деди немис.
Аммо деҳқон деворга суянганча, қилт этмай турарди. Шунда аёл зинапоядан тушиб винобоп мевалардан узиш учун полиз томонга йўналди.
– Мен олиб келаман, – деди у.
Немис курсидан туриб, уни тўхтатди.
– У боради, – деди немис эрини кўрсатиб.
Деҳқон эшикка йўналди, очиқ эшикдан ҳовлидаги ловуллаган ёзга, арғувон дарахти тагида турган чармғилдиракка назар солди, кейин ўгирилди ва хотинига қаради. У уларнинг боласининг бошлари ортидан унга қараб турарди. Қуёш жизғанак қилаётган оқиш полизга бораётган эрини кўрди. Унинг юраги томоғига тиқиларди.
– Иссиқ, – деди немис аёлга. У оҳиста юриб  бориб, эшикни бекитди.
– Сеники қанақа исм? – сўради у аёлдан.
Аёл тушунмади. У фақат кимнингдир қўли унинг сийнаси ва боласи ўртасига суқилаётганини сезди.
– Оч! – деҳқон эшик орқасидан бақирди. – Оч, немис. Бу ердан тирик кетмайсан.
Аёл немис автомат тўпончасини чиқарганини, пешонасини артаётганини кўрди. Отишга тайёр тўпонча билан эшикка қарб борганини ҳам кўрди. Аёл кўзларини юмди.
1944 йилнинг ёзи эди. Бу воқеа ўша ёзда бўлган эди.  Ўша деҳқон мен эдим, у сен эдинг, қўлларимизда пичанхонадан, пичан тагига беркитиб қўйилган жойидан олинган милтиқларни маҳкам сиқиб турардик. Биз ҳеч қачон унутолмайдиган ёз ловуллаб турарди. Биз уни ҳеч қачон унутмаймиз. Ўшанда, ўша ёзда биз отишни ўрганган эдик.

Карим БАҲРИЕВ таржимаси