Льюис Кэрролл. Алиса кўзгу орти ўлкасида

Жаҳон адабиётига иккита классик асарни тақдим этган инглиз адиби Льюис Кэрролл чинакам болажон инсон бўлган. Болаларга айрича меҳр унда тўнғич фарзанд бўлиб, етти нафар синглиси ва уч нафар укасини улғайтиришда кўмаклашган чоғларида уйғонганмиди ёки тунд ва тартибли профессорга айлангач, жиянларини кўргани уйига борганида, ёхуд ҳамкасби, ректорнинг фарзандлари даврасида қувноқ, дилкаш эртакчига айланганида пайдо бўлганми – буниси номаълум. Муҳими, у болаларни чин дилдан севарди ва кундалигига ёзганидек: “… деярли бутун вақти улар билан ўтарди”. Шу боис у: “Менинг ҳаётим ҳар қандай ғам-андуҳ ва ташвишдан холи”, деган эди.
Адиб Льюис Кэрролл тахаллусида ижод қилган бўлса-да, ҳаётини математика ва мантиққа бағишлаган Чарльз Лютвидж Доджсон деб тан олишларини кўпроқ маъқул кўрган. У айни йўналишда талай тадқиқотлар қилиб, замондош олимлар орасида ҳам обрў-эътибори баланд бўлгани ҳамкасблари хотираларида қайд этилган. “У Оксфорд муҳитига шунчалик сингиб кетдики, охир-оқибат кўринмас одамга айланди. Бу ердаги ҳамма қоидаларни у қабул қилди: майдакаш, олийжаноб, кўнгли нозик ва илтифотли одамга айланди ”, деб ёзади унинг Оксфордда ўтказган йиллари ҳақида ёзувчи ва танқидчи Виржиния Вулф адиб ҳақидаги тадқиқотида. Маърузаларни ҳис-ҳаяжонсиз ўқишга интилган профессор қиёфасида Оксфорднинг салобати, тартибли турмуш тарзи, тундлик акс этарди. Аммо кичик дўстлари олдида бу ҳолат тумандай тарқар, унинг ўрнини эртакларидаги Чешир мушугининг кенг табассумли қиёфаси, Алисанинг ҳайрати, Рицарнинг соддалиги эгалларди. Оксфордга янги тайинланган ректорнинг қизи Алиса Лидделл билан танишуви эса болаларга муҳаббатининг асарларга кўчишига туртки берди. Алиса ва унинг опа-сингиллари билан сайрлари давомида тўқиган чўпчакларини профессордан айни шу қизча қоғозга кўчиришни сўрайди ва бу ҳақда адиб кундалигида 1862 йил 13 ноябрда: “Алиса учун эртак ёза бошладим. Мавлуд айёмигача тугатишга умид қиламан”, деб қайд қилади. Асар аввалига танқидчилар томонидан совуқ кутиб олинди, лекин тез орада пайдар-пай кўплаб чет тилларига ўгирилди. Орадан кўп ўтмай у 1869 йили иккинчи эртак – “Алиса кўзгу орти ўлкасида”ни ёза бошлайди. Бу гал асарни танқидчилар кўкларга кўтаришади. Бу асар ҳам биринчиси сингари таржима қилиниб, бутун дунёга ёйилади.
Адабиётшунослар Кэрролл ижодий лабораторияси ҳақида тўхталганида, одатда инглиз адабий мулки саналган “нонсенс” (“nonsense” инглиз тилида маънисизлик, сафсата деган маъноларни англатади) жанрига алоҳида урғу беришади. Зеро, бу жанр ҳақида тасаввурга эга бўлмай, адиб асарларини тушуниш мушкул. Чунки Кэрроллнинг эртаклари нонсенснинг асл намуналари саналади. “Нонсенс” жанрида ёзилган асарларда жамиятдаги қонун-қоидалардан холи, реал дунёга ўхшамаган ўзига хос олам яратилади. Бу оламдагилар ижтимоий фарқ нималигини билишмайди, пул ва фойда ҳақида ўйлашмайди, гуноҳдан холи бўлишга уринишмайди, черковга боришмайди, иккиюзламачилик қилишмайди, ўлимдан қўрқишмайди. Ўлим, касаллик ва жароҳатлар ҳақида реал ҳаётдагидан мутлақо фарқли тарзда фикр юритишади. Нонсенс одоб-ахлоққа чақирадиган жанр ҳам эмас, аксинча, бу жанрдаги кўп асарлар XIX асрдаги диний-ахлоқий адабиётга зид тарзда ижтимоий одатларнинг тескарисини кўрсатишга қаратилган. Ушбу жиҳатлари билан нонсенс жанридаги асарлар биз билган, эшитган эртакларга ўхшаб кетади. Кэрролл ҳам инглиз халқ оғзаки ижоди намуналаридан асарларида кенг фойдаланган. Масалан, Ади-Бади, Арслон, Труляля-Тряляля, Чешир Мушуги каби образлар инглиз халқ ижоди персонажлари саналади. Кэрролл ҳатто халқ қўшиқ ва шеърларидан ҳам унумли фойдаланган. Одатда эртакларда учрайдиган туш, кичрайиш, каттариш, эврилиш каби мотивлар ҳам унинг ҳар иккала асарида учрайди. Бироқ адиб уларни шунчаки ишлатмайди, яъни образлар ва эртаклар қолипини ўз асарларига шундай маҳорат билан сингдирадики, натижада бу эртаклар фақат болаларнинг эмас, катталарнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлади. Кэрролл эртакларидаги образларда, воқелар кетма-кетлигида мантиқни кўрмайсиз. Асар Алисанинг мурод-мақсадига етгани билан эмас, шунчаки уйғониб кетгани боис якунланади. Бироқ бир қарашда маънисиз туюлган воқеалар замирида маъно мужассамлиги ва адиб буни содда тилда, ажабтовур образлар воситасида тақдим этгани асарнинг қийматини белгилайди. “Эрта ҳеч қачон бугун бўлмайди. Ахир, саҳарда уйғониб: “Мана ҳозир ниҳоят эртанги кун келди, де­йиш мумкинми?”; “Қироличалар ҳеч қачон муроса қилишмайди, – дейди Қиролича”; “Улар яхшиси уруш қилишмаса бўларди, – дейди Алиса”; “Нима дейишни билмаётганингда таъзим қил! Бу вақтни тежайди”… Эртаклардаги бундай жумлалар китобхонни гоҳ кулдирса, гоҳ таскин беради ва у ҳатто адибнинг киноясида ижтимоий ҳаётдаги қусурларни кўради. Адабиётшунослар Кэрролл асарларида қандай ғояни илгари сургани, бир қарашдаги телба-тескари образлар билан нима демоқчи экани ҳақида турли тадқиқотлар олиб боришган ва ҳамон бундай изланишлар давом этмоқда. Улардан бирида адиб эртакларида Оксфорддаги XIX асрнинг 40–70-йилларида юзага келган диний мавзудаги баҳслар ва мантиқсиз тортишувларни акс эттирганини, бунда Алиса тортишувлар авж олган даврага тушиб қолган талабани, Оқ Қуён эса содда инглиз руҳонийсини, пишириқ эса қотиб қолган ақидани ифодалаши таъкидланган. Яна бир таҳлилда эса адиб Англиядаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳажв қилгани айтилади. Айниқса, Яккашох ва Арслоннинг жанги мисолида қўшни-қардош давлатларнинг мантиқсиз урушига ишора бор. Бу асарлар адиб биографиясига боғлаб таҳлил қилинган тадқиқотлар ҳам учрайди.
Менинг ёзувчи ижоди билан илк танишувим ойнаи жаҳон орқали бўлган. Кейинчалик адибнинг “Алиса мўъжизалар мамлакатида” асарини аслиятдан таржима қилдим ва у аввалига “Маърифат” газетасида, 2015 йили “Шарқ” наш­риёти томонидан китоб ҳолида чоп этилди. Ҳозирги пайтда адиб ижодий лабораториясини ўрганаётирман. Кэрроллнинг иккинчи – “Алиса кўзгу орти ўлкасида” эртагини ҳам ўзбекчалаштирдим. Зеро, ўзбек китобхони дунёдаги камёб классик асардан баҳраманд бўлиши ва мушоҳада юритишини ният қилдим. Адиб шахсияти-ю, унинг асарлари атрофидаги мулоҳазалар, баҳслар ҳамон давом этаётир, ҳали ҳам унинг иккала асари асосида фильмлар олинмоқда. В.Вулф айтганидек, адибнинг кўнглида болаликнинг сақланиб қолгани бу эртакларнинг умрбоқийлигига сабаб бўлса керак. Дунёга болаларча содда нигоҳ билан қарасак, Кэрроллнинг сеҳрли эртаклари бизга ғаройиб таассуротлар улашиб, ҳар биримизни мўъжизалар дунёсига олиб киришга қодир.

Таржимон

1. Кўзгу ортидаги уй

Дина болаларининг юзини шу йўсинда тозаларди: аввал бир панжаси билан қулоғидан кўтариб пастга қаратиб ушлар, бошқа панжаси билан бурнидан бошлаб бутун юзини ишқалаб чиқарди. Ҳозир у оқ рангли мушукчасини минг машаққат билан тозаларди. Қора мушукча эса туш пайти чўмилтирилганди, шунинг учун у ҳозир Алисанинг ёнида думалоқ ғалтакни копток қилиб ўйнарди. Қиз эса катта креслода ўтириб олиб, ўзи билан ўзи гаплашарди. Ғалтак ҳам чувалашиб кетди.­­
– Эҳ, сеними, жиннивой, – уришиб берди Алиса. У мушук боласини тутиб ўпиб қўйди. – Дина, сени чиндан ҳам тартибга чақирмаса бўлмайди чоғи! – деди у. Сўнг мушукни қўйиб, ғалтак билан машғул бўла бошлади. Бироқ у дам мушукчага, дам ўзига-ўзи гапириш билан овора бўлиб ишни имиллаб қиларди. Кити эса унинг тиззасида ўзини коптокни кузатаётганга соларди.
– Ғалтакни не кўйга солганингни кўриб, қанчалик жаҳлим чиққанини биласанми, Кити? – деди Алиса. – Деразадан сени улоқтиришимга бир баҳя қолди-я. Бу қилиғингга ўзинг нима деган бўлардинг? Энди гапимни бўлмай мени эшит, – деб у бош бармоғини кўтарди. – Сенинг айбларингни бирма-бир санаб бераман. Биринчиси, бугун эрталаб Дина сени чўмилтираётганида икки марта чийилладинг. Сени эшитдим! Нима дединг? (Гўё мушукча гапираётгандай унга тикилиб.) Унинг панжаси кўзимга кириб кетди, дейсанми? Кўзингни юмиб турмагансан-да, бу эса сенинг хато­йинг. Кечирим сўраб ўтирма, давом этамиз! Иккинчиси, Оппоқойга сендан олдин сув берсам думидан тишлаб тортиб уни суриб ташладинг. Нима? Чанқагандинг? У-чи? Унинг чанқамаганини сен қаердан биласан? Учинчиси, қарамай турганимда ғалтакни чувалаштирдинг.
Бу уч хатонг, Кити… Шахмат ўйнай оласанми? Азизам, кулма, жиддий сўраяпман. Чунки биз боя шахмат ўйнаётганимизда кузатиб турувдинг ва мен: “Шоҳ!” деганимда хуриллаб ҳам қўйдинг! Кити, тасаввур қилиб кўр…
“Тасаввур қилиб кўр”, Алисанинг севимли ибораси эди. Алиса бир пайтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ одамга айланиб қолишни ёқтирарди. Баъзан у энагасининг қулоғига: “Энага! Тасаввур қилинг, мен оч сиртлон, сиз суяксиз”, деб увиллаб қўрқитарди. Агар бу ҳақда батафсил гапирадиган бўлсак, Алиса ва мушукчанинг суҳбатидан қуруқ қоламиз.
– Кити, – деди Алиса. – Тасаввур қил, сен Қора Қироличасан. Аслида ҳам унга ўхшашингдан хабаринг борми? –­ Алиса шахмат доначалари орасидан Қора Қироличани олиб унинг олдига қўйди. Бироқ бароқвой қироличадай ўтира олмади, Алиса уни жазоламоқчи бўлиб кўзгуга ишора қилиб деди:
– Агар ўзингни рисоладагидек тутмасанг, сени кўзгу ортидаги уйга жўнатиб юбораман. Кўрамиз, у ер сенга хуш келармикан.
Энди гапларимни яхшилаб тингла. Сенга кўзгу ортидаги уй ҳақида ўйлаб қўйганларимни сўзлаб бераман. Аввало, бу уйни сен ҳам кўра олишинг мумкинлигини айтиб ўтай… У худди бизнинг меҳмонхонамизга ўхшайди, фақат у ерда ҳамма нарса тескари. Борди-ю, курсига чиқсам, каминнинг ортидан бўлак барини кўриш мумкин. Эҳ! Ўша ёқни кўра олмаслигим чатоқ-да. Қишда каминда олов ёқишармикан, шуниси қизиқ. У ердаги китоблар худди бизникидек, аммо сўзлари тескари. Бир марта ойнага китобни тутгандим, улар ҳам нариги томондан китоб тутишди. Буни шу тариқа билиб олганман.
Кити, кўзгу ортидаги уйда яшашни истармидинг? Қизиқ, у ерда сенга сут беришармикан? У ернинг сути мазали бўлмаслиги мумкин. Кити! Кўзгу ортидаги уйга тушиб қолсак ажойиб бўларди-да!
Кел, у ерга қандай қилиб ўтиб олиш мумкинлиги ҳақида бош қотириб кўрамиз. Фараз қил, кўзгу юмшоқ бўлиб қолса-ю, биз сирғалиб нариги томонга ўтсак. Негадир у ғира-шира тортаяпти! Бу ундан ўтиб олишимиз учун қулай…
Алиса камин токчасига чиқди, кўзгу эса чиндан ҳам эриб, кумушранг туманга айланиб борарди. Бироздан сўнг Алиса тумандан ўтиб, кўзгу ортидаги уйнинг полига сакраб тушди. У ҳаммасидан олдин каминда олов бор-йўқлигига қизиқди. Олов ёнаётганини кўриб кўнгли жойига тушди. “Аввалги хонадагидай бу ер ҳам иссиққина экан, – ўйлади Алиса. – Эҳ, улар бу ерга кўзгудан ўтиб келганимни кўришганда жуда кулги бўларди-да”.
Кейин у атрофга кўз югуртирди, аввалги хонадаги нарсалар бу ерда борлиги боис уларни томоша қилиш ҳечам қизиқ эмасди. Аммо баъзи нарсалар бошқачароқ эди. Масалан, деворга осиғлиқ суратнинг жони бордек туюлди. Камин токчасидаги соатнинг эса (кўзгу ортида сиз унинг фақат орқа томонини кўра олишингизни билсангиз керак) қарияларникидек бужмайган юзи бўлиб, у Алисага жилмайиб қараб турарди.
“Улар хонани саранжом сақлашмас экан”, деган хаёлга борди Алиса гиламдаги бир нечта шахмат доначасини кўриб. Зум ўтмай “Вой!” дея ажабланганча тиззалаб ўтириб қолган Алиса уларни кузатаркан, шахмат доначалари жуфт-жуфт бўлиб юриб боришаётганини кўрди.
– Булар Қора Қирол ва Қиролича, – деди уларни чўчитиб юбормаслик учун Алиса пичирлаб. – Мана булар Оқ Қирол ҳамда Қиролича… икки Руҳ ҳам қўл ушлашиб кетаяпти… улар мени эшитмас-ов. Мени кўришларига ҳам ишончим комил эмас.
Шу пайт Алисанинг ортида нимадир чийиллай бошлади, ўгирилиб қараса, оқ пиёдалардан бири йиқилиб тушибди.
– Бу болажонимнинг овози! Дилбандим Лили, – қичқирди Оқ Қиролича.
Алисанинг йиқилган пиёдага ёрдам бергиси келди. У Қироличани кўтариб келиб столда шовқин солаётган митти қизалоғининг ёнига қўйди. Ҳавода шиддат билан учганидан қўрққан Қиролича митти Лилини бағрига босганча бир муддат қотиб турди. Кейин эса Қиролга қарата: “Эҳтиёт бўл, вулқон!” деб бақирди.
– Қанақа вулқон? – деди Қирол гулханга қараб. Вулқон шу ердан чиқди, деб ўйлади у.
– У мени учириб олиб келди, – деди Қиролича ҳали ҳам ўпкасини босолмай. – Ҳар доим юрадиган йўлдан кел. Тағин сени ҳам учириб юбормасин!
Алиса Оқ Қиролнинг имиллаб одимлаётганини кузатиб турди. Ниҳоят у: “Бу кетишда столга чиққунингча анча вақт ўтади. Кел, сенга кўмаклашиб юбораман”, деди. Аммо Қирол унинг гапирганини сезмади ҳам. У Алисани на эшитарди, на кўрарди. Шунинг учун Алиса уни оҳиста ушлаб, секин юқорига кўтарди. Қирол бироз чангга ботгани боис уни столга қўйишдан олдин силкиб чангини қоқишга қарор қилди.
Кейинчалик у ҳавода муаллақ турган ва ўзи чангини қоқаётган Қиролнинг қиёфасини қайта сира кўрмаганини гапириб юрди. Қирол ваҳимага тушиб, чинқириб йиғларди. Кўзлари тобора думалоқлашар, оғзи эса каттарарди. Буни кўриб Алисанинг кулгиси қистар, кулганида қўллари титраб Қиролни тушириб юборишига бир баҳя қоларди.
­– О, азизим, илтимос, юзингни бундай буриштирмагин, – деб юборди Алиса Қирол уни эшита олмаслигини ҳам унутиб. ­– Бу қилиғинг билан мени кулдираяпсан, сени кўтариб ушлаб туришга қийналаяпман, ахир! Оғзингни ҳам бунақа катта очма! Чанг-кул оғзинга киради-ку. Менингча, энди тоза бўлдинг, – деб уни Қироличанинг ёнига қўйди.
Қирол столга орқаси билан тушиб, ётиб қолди. Алиса қилган ишидан андак хавотирланди. Қиролга сув сепмоқчи бўлиб хонани кезиб чиқди. У бор-йўғи бир шиша сиёҳ топа олди, холос. Уни олиб ортга қайтганида, Қиролнинг ўзига келиб Қиролича билан гаплашаётгани устидан чиқди. Улар пичирлашиб сўзлашишар, Алисага гаплари зўрға эшитиларди.
­– Соқолимнинг учигача музлаб кетдим, – дерди Қирол.
Қиролича эса унга жавобан:
– Сенда соқолнинг ўзи йўқ-ку, – дерди.
– Ўша лаҳзаларнинг даҳшатини, – давом этди Қирол, – мен ҳеч қачон унутмайман.
– Агар ёзиб қўймасанг унутишинг турган гап, – деди Қиролича.
Қирол шу пайт чўнтагидан катта дафтарини чиқариб, ёза бошлаши билан Алиса унга қизиқсиниб қараб турди. Айни дамда унинг миясига “ярқ” этиб бир фикр келди ва у Қиролнинг елкаси оша чиқиб турган қаламнинг учидан ушлаб ёза кетди. Боёқиш Қирол нима бўлаётганини тушунолмай бироз ҳайрон бўлиб турди-да, кейин деди:
– Азизам! Чиндан бошқа қалам олмасам бўлмайди. Буниси мен ёзмоқчи бўлмаган нарсаларни ёзаяпти…
Қиролича дафтардаги ёзувни ўқий бошлади:
­– Оқ Рицарь сирғалаётир косовдан. Мувозанат сақлаши жуда ёмон.
– Ахир, сен бу ҳақда ўйламаётгандинг-ку! – деди у.
Столда, Алисанинг ёнида китоб ётарди. Алиса ўтириб Қиролни кузатаётиб, ўқимоқчи бўлиб китобни варақлади.
– Бунинг бари аллақандай тушунарсиз тилда битилган экан, – деди у ўзига-ўзи.
Китобда шундай ёзилганди:

Ковреббаж

…лаҳам шут инйА
ралқисрўб нузу ғилгня касекатлак, уғишмилиШ
.нийамнит идрашалвак нинё раҳ гнинтаос муҚ
,ралақчўч нагзо надлўй, ушуқ йадасмалЎ
.разуб нирух-рух ралу ишувот гнинширискА

Шу еригача ўқиб аввалига Алисанинг боши қотди, бироқ тезда ечимни топди:
– Албатта, бу ахир, кўзгу ортидаги китоб-ку! Агар уни кўзгуга тутсам сўзлар аслидек тўғри кўринади.
Шу усулда Алиса шеър ўқий бошлади:

Жаббервок

Айни туш маҳал…
Шилимшиғу, калтакесак янглиғ узун бўрсиқлар
Қум соатнинг ҳар ёнин кавлашарди тинмайин.
Ўламсадай қушу, йўлдан озган чўчқалар,
Аксиришнинг товуши улар хур-хурин бузар.
Ўзинг асра Жаббервокдан, ўғлоним!
Чанг солувчи тирноғ-у, ғажир тишларидан.
Жуб-жуб қушларидан ҳам сақлан, болам,
Ёш Бандерснэчнинг ташвишини ҳам тортгин.
Қўлга олди у ўзининг ўткир қиличин,
Узоқ ахтарди у манфур душманин.
Тўхтади у рўпарасида Тум-Тум дарахтин,
Ўйлаб олмоқ учун, бош қотирмоқ-чун.
Шу хаёллар билан у банд бўлган дам,
Жаббервок келар эди ўрмон аро саросар.
Кўзларидан олов чақнар эди унинг, алҳазар,
Зумрад ўрмон гулдирарди унинг наърасидан ҳам.
Бир икки! Бир икки! Тиғ тортди-да,
Ана солди у ўткир қиличини бор куч-ла.
Енгди уни, олди бошин танидан,
Калласини олиб келди ғизиллаб.
Жаббервокни ўлдирдингми, жигарим?
Сени қучгум, менинг самовий ўғлим!
Ажойиб кун! Э-ҳе-ҳей!
У куйлаган шод-масрур.
Айни туш маҳал…
Шилимшиғу, калтакесак янглиғ узун бўрсиқлар,
Қум соатнинг ҳар ёнин кавлашарди тинмайин.
Ўламсадай қушу, йўлдан озган чўчқалар,
Аксиришнинг товуши улар хур-хурин бузар.

– Ажойиб шеър экан, – деди у ўқиб тугатгач. – Аммо тушуниш бироз мушкулроқ. Бу ҳақдаги фикрлар миямда чарх ураётир… лекин уларни аниқ англаёлмаяпман! Чамамда кимдир ниманидир ўлдиргани… О, уйнинг бошқа хоналарини ҳам кўздан кечиришим керак-ку! Аввалига боғни томоша қила қолай.
Шу ўйда Алиса сакраб турди-да, тез ташқарига чиқиб, зинапоялардан пастга қараб югурди… буни аслида югуриш деб ҳам бўлмасди, бу зинадан тушишнинг янгича, осон ва тез усули эди. У зина тутқичларини ушлаганча, оёқлари зиналарга тегмай гўё сузиб кетаётгандек эди. Ҳавода бундай енгил ҳаракатланишдан ўзини яхши ҳис этмади, шунинг учун одимлай бошлаганини билганида дили ёришди.

2. Жонли гуллар боғи

– Агар анави қирга чиқсам, боғни бошдан охир кўра оламан. Манави сўқмоқ тўғри ўша ёққа олиб боради… – деди Алиса ўзига-ўзи. У сўқмоқ бўйлаб кетаркан, талай муюлишларда қайрилди.
– Менингча, мана шуниси охирги муюлиш бўлса керак. Ғалати-ку, а, ҳадеб қайрилаверсанг. Буниси энди қирга олиб чиқишига аминман… йўқ, адашибман! Бу сўқмоқ қайта уйга олиб бораркан! Майли, бошқасидан юриб кўрай-чи!
Ва у шундай ҳам қилди. Юраверди, юраверди, муюлишлардан қайрилаверди, қайрилаверди, бироқ ҳар гал уйнинг рўпарасидан чиқаверди. Ниҳоят у ҳеч қаерда қайрилмай, тўппа-тўғри қирга қараб юришга қарор қилди. Бироз йўл юргач, “Бу сафар, албатта, уддалайман”, дегани ҳамоноқ қўққисдан сўқмоқ бир силкиниб қайрилиб олди. Зум ўтмай у яна ўзининг эшикка рўпара келиб қолганини англади.
– Оҳ, даҳшат! Умрим бино бўлиб бунақа уйни учратмаганман! Ҳеч қачон кўрмаганман бунақасини! – деб қичқириб юборди у.
Лекин боёқишнинг қўлидан нима ҳам келарди, яна ҳаммасини бошидан бошлади. Бу сафар у тол атрофини ўраган дасторгуллар билан тўла гулзорга яқинлашди.
– Эҳ, гулсапсар, қанийди сўзлаша олсанг! – деди Алиса.
– Биз сўзлашга арзигудек одам билан гаплаша оламиз, – деди Гулсапсар.
Алиса ҳайратдан бир муддат донг қотди.
– Ҳамма гуллар сўзлай оладими? – сўради у.
– Худди сенингдек, ҳатто баландроқ товушда ҳам, – жавоб берди Гулсапсар.
– Биз биринчи бўлиб гап бошлаш одобдан эмас, деб ҳисоблаймиз, – гапга аралашди Атиргул. – Рости, сен сўзлаганингда мен ажабландим. Ўзимга-ўзим унинг юзида ҳеч қандай маъно йўқ деяётгандим. Ранги эса тўғри келади.
– Мени эса унинг ранги ташвишга солмаяпти, – деди Гулсапсар. – Лекин гулбарглари жиндек жингалак бўлганидами, ҳаммаси жойига тушарди.
Алиса танқидни хушламасди, шунинг учун уларни саволга тута бошлади:
– Бу ерда бирор нарсадан қўрқмайсизларми? Ахир, сизни қўриқлайдиган зотнинг ўзи йўқ-ку…
– Ўртадаги дарахт-чи? – бидирлади Атиргул. – У яна нимага ҳам ярайди.
– Агар бирор хавф туғилса, у нима ҳам қила оларди?
– Вовуллай олади, – деди Атиргул.
– У: “Вов-вов!” дейди! – чинкиллай кетди Дасторгул. – Шунинг учун ҳам унинг шохлари “новда” деб номланган-да.
– Шуни ҳам билмасмидинг? – чинкиллади бошқа бир Дасторгул ва гуллар қий-чув қила бошлади.
– Ҳамманг жим бўл! – бақирди Гулсапсар.
– Ҳечқиси йўқ, – деди Алиса Гулсапсарга ва дасторгулларга ўгирилиб шивирлади: – Ҳозироқ тилингизни тиймасангиз, ҳаммангизни узиб, пайҳон қилиб ташлайман.
Жимлик чўкди, ҳатто дасторгуллардан бири оқариб ҳам кетди.
– Тўппа-тўғри, – маъқуллади Гулсапсар.
– Сизлар қандай қилиб бундай равон гапира оласизлар? – қизиқсинди Алиса. – Мен авваллари ҳам кўп боғларда бўлганман, бироқ у ерлардаги гулларнинг ҳеч бири сўзлай олмасди.
– Қўлингни ерга қўй ва уни ҳис қил. Шунда сабабини билиб оласан, – жавоб берди Гулсапсар.
Алиса унинг айтганини қилди.
– Бу мушкул чоғи. Ҳар қалай, бунга ернинг нима дахли бор экан? – деди у.
– Кўпчилик боғларда, – дея тушунтирди Гулсапсар, – тўшак, яъни экинзор жуда юмшоқ, шу боис гуллар уйқучи бўлади.
Алисанинг назарида бу ўринли сабабдек туюлди ва буни билиб олганидан мамнун ҳам бўлди.
– Шу ҳақда олдинлари сира ўйлаб кўрмаган эканман, – деди у.
– Менингча, сен умуман ўйламайсан, – сўз қотди Атиргул.
– Сендан-да аҳмоқроғини умримда кўрмаганман, – унинг гапига қўшилди Бинафша. Буни эшитиб Алиса сакраб ўрнидан турди.
– Тилингни тий! – ўшқирди Гулсапсар. – Худди ҳаётда кўп нарсани кўриб қўйгандек гапиришини-чи, бунинг! Сен бошингни баргларинг орасига буркаб олганингдан дунё бехабарсан!
– Бу ерда мендан бошқа яна кимдир борми? – сўради Алиса мавзуни ўзгартириш учун.
– Боғ бўйлаб яна бир гул сендек ҳаракатланади, – деди Атиргул.
– У менга ўхшайдими? – сўради Алиса боғда яна бир қиз бор деган ўйда.
– Хўш, унинг ҳам кўриниши сеникидек ғалатироқ, – бидирлади Атиргул. – Аммо у қизғишроқ… ва гулбарглари ҳам калтароқ, чамамда.
– У бу ёқларга чиқиб турадими? – сўради Алиса.
– Ўйлашимча, уни тез орада кўрасан, – деди Атиргул. – Унинг тиканлари бор.
– Қаерида ўша тиканлари? – қизиқиб сўради Алиса.
– Бутун бошини қоплаган, – жавоб берди Атиргул. – Сенда тиканлар йўқлигини кўрганимда ажаблангандим. О, у келаяпти! Унинг қадам товушини эшитаяпман!
Алиса атрофга кўз югуртириб, Қора Қиролича келаётганини кўрди. “Бўйи ўсиб қолибди”, унинг хаёлига келган илк фикр шундай эди. Ҳақиқатдан ҳам Алиса уни илк бор чангга беланган ҳолда кўрганида, Қора Қиролича атиги уч дюйм келарди… Ҳозир эса Алисадан нақ бир каллага баландроқ!
– Бу тоза ҳавонинг шарофати, – деди Атиргул. – Бу ернинг ҳавоси ажойиб.
– Мен бориб у билан таниша қолай, – деди Алиса. У ҳақиқий Қиролича билан ҳамсуҳбат бўлишни муҳимроқ ҳисоблади.
– Бу кетишда уни учратиб бўпсан, – деди Атиргул. – Маслаҳатим – орқага қараб юр.
Алисага бу маслаҳат бемаънидек туюлди-да, у тўппа-тўғри Қиролича томонга юрди. Аммо дарҳол Қироличани кўздан қочирганини, камига яна ўша эшикка рўпара келаётганини пайқаб ҳайрон қолди. Ажабланиб, орқага юрган эди, зумда Қироличанинг қаршисидан чиқди.
– Қаёқдан келиб қолдингу, қайга йўл олдинг? Бошингни кўтариб, хушмуомалалик билан жавоб бер ва ҳадеб бармоқларингни ўйнатишни бас қил, – деди Қора Қиролича.
Алиса унинг айтганларига амал қилиб, йўлини йўқотиб қўйганини тушунтира кетди.
– Йўлим деганингда нимани назарда тутганингни англамадим. Ахир, барча йўллар менга қарашли-ку… ҳар қалай нега бу ерга келдинг, ахир? –­ деди Қиролича ва яна меҳрибонлик билан: – Нимани гапиришни ўйлаётганингда таъзим қил, шунда вақтдан ютасан, – дея қўшиб қўйди.
“Уйга қайтганимда, тушликка кеч қолган пайтим шундай қилишга уринаман”, ўйлади Алиса ўзича.
– Ана энди жавоб бериш вақти келди. Сўзлаётганда оғзингни каттароқ очиб гапир ва доимо “Ҳазрати олиялари”, деб мурожаат қил.
– Мен боғни томоша қилмоқчи эдим, холос, Ҳазрати олиялари…
– Тўғри, боғ деганингда ҳақсан, – деди Қиролича соатига қараб қўйиб. – Лекин мен кўрган боғлар билан солиштирганда бу даштнинг ўзгинаси.
Алиса баҳслашишни истамади ва гапини давом эттирди:
– Шу сабаб ҳув анави қирга чиқишга уринаётувдим…
– Қир дейсанми? – яна гапини бўлди Қиролича. – Мен сенга шундай қирларни кўрсата оламанки, уларнинг олдида бу водий бўлиб қолади.
– Йўқ. Қир водий бўла олмайди, ахир. Бу бемаънилик, – деди Алиса.
Қора Қиролича бош чайқаб деди:
– Буни “бемаънилик” деб аташинг мумкин, бироқ мен шундай бемаъниликларни эшитганманки, улар билан таққослаганда бу луғатдай маънили.
Қироличанинг овозидан бироз ранжиганини пайқаган Алиса яна таъзим қилди. Шу зайлда улар тепаликка етиб боришгунча жим кетишди.
Алиса бутун мамлакат бўйлаб тарвақайлаган йўлларни кўриб бироз муддат сукут сақлаб турди. Дарҳақиқат, бу ўлка жуда ғаройиб эди. Унда бир ёқдан бошқа ёққа чўзилган ариқчалар оқиб ётар, ер эса митти, ўтли деворчалар билан тўртбурчак катакларга бўлинганди.
– Бу худди шахмат тахтасини эслатади-я, – деди Алиса ниҳоят. – Бу ерда шахмат доначалари ҳаракатланиши керак… ана улар! Бу энг катта шахмат ўйини олами… агар чинданам олам бўлса. Қандай зўр-а! Қанийди улардан бирортасига айланиб қолсам. Пиёда бўлишга ҳам розиман… лекин, ҳар қалай, ҳаммасидан кўпроқ Қиролича бўлишни хоҳлардим.
Алиса асл Қироличанинг ёнида айтган бу гапларидан уялиб кетди, аммо Қиролича жилмайиб шундай деди:
– Бу жуда осон. Истасанг, Оқ Қироличанинг Пиёдаси бўлишинг мумкин, чунки Лили ҳали ўйнашга ёшлик қилади. Сен иккинчи катакдан бошлайсан. Саккизинчига етиб олганингда эса Қиролича бўласан.
Шу ондаёқ улар югуришни бошлашди. Алиса кейинчалик ҳам қай тариқа чопиб кетишганини ўйлаб ўйига етолмади. Фақат қўл ушлаб югуришганини, қанча уринмасин Қироличага ета олмаганини эслай оларди, холос. Қиролича эса нуқул, “Тез! Тезроқ!” дея уни қистар, Алиса бўлса бундан ортиқ тез югура олмаслигини ҳис қиларди. Энг қизиғи, уларни ўраб турган борлиқ сира ўзгармасди. “Нима бўлаяпти? Ҳамма нарса биз билан бирга ҳаракатланаяптими?” дея боши қотарди Алисанинг. Қиролича эса, унинг нимани ўйлаётганини пайқагандек:
– Яна-да тезроқ! Гапиришга уринма! – деб бақирарди.
Алиса гапиришни хаёлига ҳам келтирмасди, чунки тинмай югураётганидан нафаси бўғилиб қолувди. Аммо Қиролича уни янада тезлашишга даъват этарди.
– Яқинлашиб қолдикми? – зўрға сўради Алиса.
– Деярли. Ундан ўтиб кетганимизга ўн дақиқа бўлди. Тезроқ! – жавоб берди Қиролича.
Улар энди гапирмай югуришар, ниҳоятда тез чопишаётганидан Алисанинг сочлари бошидан учиб кетаётгандай туюларди.
– Қани, қани тезроқ! – чинқирарди Қиролича. Улар шунчалик тез югураётганидан оёқлари ерга тегиб-тегмас, ҳавода учиб боришарди гўё. Кутилмаганда тўхташди ва Алиса ерга ўтириб қолганини сезди. Қиролича эса меҳрибонлик билан:
– Жиндек тин олақол, – деди.
Алиса атрофга аланглаб қаради.
– Биз боядан бери шу дарахтнинг тагидамидик? Атрофда ҳаммаси ўша-ўша-ку!
– Албатта-да, – деди Қиролича.
– Бизнинг мамлакатда, агар ҳали югурганимиздек тез чопсангиз, шубҳасиз, бошқа бир жойга етиб борасиз, – деди Алиса.
– Жуда имиллаган мамлакат экан! – деди Қиролича. – Бу ерда эса бирор жойда туриб қолишни истасанг шундай югуришинг керак. Агар бошқа жойга етиб олишни хоҳласанг, ундан икки ҳисса тезроқ чопишинг шарт!
– Бошқа жойга бормайлик, илтимос. Шу ерда туриб қолсам ҳам хурсандман. Фақат исиб кетганимдан шундай чанқадимки.
– Нима хоҳлаётганингни биламан, – деди Қиролича мулойимлик билан ва чўнтагидан кичик қутича чиқарди-да, – пишириқдан ол, – деди.
Алиса рад этиш одобсизлик бўлишини ўйлаб, ейишга уринди. Пишлоқ жуда қаттиқ, тошдай қотиб қолган эди!
– Чанқоғингни босгунингча мен ерларни ўлчаб тураман, – деб Қиролича чўнтагидан тасма чиқариб, ерни дам белгилай, дам ўлчай кетди.
– Иккинчи қатор охирида сенга йўналишингни кўрсатаман… яна ейсанми?
– Йўқ, миннатдорман. Етарли, – деди Алиса.
– Энди чанқамаётгандирсан-а? – сўради Қиролича.
Алиса нима дейишни билмай қолди, бахтига Қиролича жавобни кутмай гапини давом эттирди:
– Учинчи катакнинг охирида сенга йўналишингни такрорлайман. Кейин эса тўртинчи катак ниҳоясида сен билан хайрлашаман. Шундан сўнг бешинчида кетаман. Пиёда биринчи юришда икки катакка ҳаракатланишини биларсан. Шунда учинчи катакка тезлик билан юриб… менингча, поезд орқали тўртинчи катакка етасан. Бу Труляля ва Траляляга қарашли катак… бешинчиси эса асосан сувдан иборат… Олтинчиси Ади-Бадига тегишли… Еттинчи катак ўрмонзор, шунга қарамай Рицарлардан бирортаси сенга йўлни кўрсатиб юборади. Саккизинчи катакда эса бирга Қиролича бўламиз!
Алиса ўрнидан туриб таъзим қилиб, яна ўтирди.
Кейин Қиролича:
– Инглизчада бирор нарсани фикрлай олмасанг, французча гапир… оёқ учида юр… асло кимлигингни унутма! – деди-да, бу гал Алисанинг таъзимини ҳам кутмай кетиб қолди. Кетаётиб “хайр” дейиш учунгина ортига ўгирилди ва ҳовлиққанча йўлида давом этди. Бу қандай рўй берганини Алиса англай олмади. Қиролича эса зумда кўздан ғойиб бўлди. Алиса ўзининг пиёда эканини ва тез орада юриши кераклигини эслади.

3. Кўзгу орти ҳашаротлари

Албатта, биринчи галда саёҳат қилмоқчи бўлган мамлакатни ўрганиб чиқиши лозим. “Катта дарёлари… йўқ. Энг баланд тоғи… мен турганим шу тоғ бўлса керак ва, ўйлашимча, унинг номи ҳам йўқ. Йирик шаҳарлари… анави ерда ғимирлаётган нима, ари асал йиғаяптими? Улар асалари бўлиши мумкин эмас… Ахир, ҳеч ким ариларни бир миль узоқдан кўра олмайди-ку”. У гуллар атрофида учиб юрган бу мавжудотларни бироз кузатиб турди-да, “Асаларига ўхшайди”, деб ўйлади.
Аслида бу филлар эди… Буни Алиса ҳам тез орада фаҳмлади. “Унақада гуллар ҳам уйдек улкан бўлиши керак, – ўйлади у. – Пастга туша қоламан… йўқ, ҳозир эмас”, у пастлаётиб тўхтаб қолди. “Аввало, уларни ҳайдаш учун узун шох топишим керак… агар улар сенга сайр ёқдими, деб сўраса, зап кулгили иш бўларди-да. Мен уларга ҳа, ёқди-ю, фақат бу ер чанг, дим ва камига филлар ҳам атрофингда учиб юраркан, деб жавоб берардим”.
­– Яхшиси, бошқа йўлга туша қоламан, – деди бироз ўтиб у. – Филлар билан кейинроқ учрашарман. Ахир, учинчи катакка етиб олишим муҳимроқ-ку.
У югуриб тепаликдан тушди-да, олти ариқчанинг биринчисидан сак­раб ўтди…
– Марҳамат қилиб чипталарингизни кўрсатинг, – деди Нозир деразадан бошини киргизиб.
Ҳамма чиптасини қўлига олди.
– Қани, чиптангни кўрсат-чи, қизча, – деди Нозир унга ўқрайиб. Шу пайт атрофдаги сон-саноқсиз овозлар жўр бўлиб: – Уни куттирма, қизалоқ! Биласанми, унинг бир дақиқаси минг фунт туради-я, – дейишди.
– Менда чипта йўқ деб қўрқаман, – ҳайиқиб жавоб берди Алиса. – Мен келган жойда чиптахона йўқ эди.
Яна бояги овозлар:
– У келган ерда чиптахона йўқ экан. Бир дюйм ер минг фунт туради-я, – деб шивирлашарди.
– Баҳона қилма! Поезд ҳайдовчисидан сотиб олиш керак эди, – деди Нозир.
Ҳалигилар яна:
– У поезд ҳайдайдиган одам! Поезднинг бир марталик тутуни эса минг фунт туришини биласанми ўзи? – деб жўр бўлишди.
Алиса ўзича, “Гапирганинг билан фойдаси йўқ”, деган хаёлга борди. У оғиз очмагач, бояги овозлар ҳам ўчди-ю, лекин жам бўлишиб ўйлашаётганини билганида Алиса ҳайратга тушди. (Сен жўр бўлиб, бирга ўйлаш нималигини билишингга умид қиламан.)
– Яхшиси, жим бўл! Ахир, ҳар бир сўз нақ минг фунт туради-я, – фикр­лашарди улар.
“Бугун тунда минг фунт стерлингни туш кўришим аниқ!” хаёлидан ўтказди Алиса.
Бу пайт Нозир Алисага аввалига телескоп, кейин микроскоп, сўнгра дурбиндан қараб турарди. Ниҳоят у:
– Сен нотўғри йўлдан юраяпсан, – деди-да, деразани ёпиб нари кетди.
– Қизалоқ, исмингни билмасанг ҳам, қаерга йўл олганингни билишинг керак, – деб қолди қаршисида ўтирган, қоғоздан кийим кийиб олган жаноб.
Унинг ёнидаги Оқ Эчки эса кўзларини юмиб, баланд овозда:
– Алифбони билмасанг ҳам, касса қаердалигини билмоғинг шарт, – деди.
– Ортга қайтарилиб юборилган юкдек, уни ортга жўнатишга тўғри келади, – деб қолди Эчкининг ёнидаги Қўнғиз.
Шундан сўнг бошқа овозлар ҳам бирин-кетин:
– Уни почта орқали қайтариш керак… Телеграфдан телеграммадек жўнатиш керак… Поездни қолган йўлга судраб бориши керак, – дея бидирлади.
Аммо оқ кийимли ҳалиги жаноб Алисанинг қулоғига:
– Уларга қулоқ солма, азизам, шунчаки поезд ҳар тўхтаганида қайтиш чиптасини ол, – деб шивирлади.
– Аслида бу темирйўл саёҳати менга унчалик зарур ҳам эмас… Яна жон деб ўрмонда қолардим! Агар қўлимдан келганида!
– Бундан антиқа ҳазил чиқариш мумкин, – деб шипшиди қандайдир чийиллаган овоз. – Қўлингдан келса, оёғингдан ҳам келади, деганга ўхшаш. Биламан, сен менга дўстсан. Қадрдон, эски дўстимсан. Яна сен ҳашарот бўлсам ҳам, менга озор бермайсан, – давом этарди ўша чийилдоқ овоз.
– Қанақа ҳашаротсиз? – сўради Алиса. Аслида у чақасизми-йўқми деб сўрамоқчи эди-ю, дабдурустдан бундай савол бериш одобсизлик бўлади деб ўйлади.
– Мен… – деб гап бошлаши билан ингичка овознинг чинқиргани эшитилди. Ҳамма сакраб турди. Деразадан бошини чиқариб қараган От:
– Ҳечқиси йўқ, бу шунчаки ариқ, уни сакраб ўтишимизга тўғри келади, – деди.
Ҳамма тинчланди, Алиса поезднинг ариқдан ҳатлаб ўтаётганини эшитиб бироз ташвишланди.
– Ҳар қалай, бу тўртинчи катакка олиб боради-ку, – деб ўзини тинчлантирди. Шу дамда у поезднинг ҳавога кўтарилганини сезди…
Кўз очиб юмгунча Алиса ўзининг дарахт тагида ўтирганини, Пашша (бу у билан гаплашган ўша ҳашарот эди) уни қанотлари билан елпиётганини пайқади.
Турган гапки, Пашша жуда катта эди. “Нақд жўжадек келади-я”, ўйлади Алиса.
– Шундай қилиб, сенга ҳашаротлар ёқмайдими? – деб сўради Пашша.
– Улар гапирганида ёқади, − деди Алиса. – Мен келган жойда эса, бирорта ҳашарот гапира олмайди.
– Демак, сенга ҳашаротлар ёқмайди… – давом этди Пашша.
– Улардан бироз қўрқаман, рости, – тушунтира кетди Алиса. – Фақат йирикларидан. Уларнинг айримларини номма-ном санаб бера оламан ҳам.
– Уларнинг номини айтиб чақирса жавоб беришадими?
– Бундан хабарим йўқ.
– Агар жавоб беришмаса, унда уларни номлашдан не наф? – деди Пашша.
– Уларга-ку бунинг кераги йўқ, аммо бу номлаганлар, яъни одамлар учун зарур, менингча. Акс ҳолда нарсаларга ном беришнинг нима кераги бор?
– Бир нарса дея олмайман. Агар ўрмоннинг ичкарисига кирсанг, у ерда ҳеч қандай ном йўқлигига гувоҳ бўласан. Вақтни бекорга ўтказмайлик. Қани, ҳашаротларинг рўйхатини айт-чи, – деди Пашша.
– Хўш, масалан, Сўна, – бошлади Алиса.
– Яхши. Анави Тахта пашшани кўряпсанми? У тахтадан, – деди Пашша.
– У нима билан озиқланади? – қизиқди Алиса.
– Қипиқ, қиринди билан. Қани яна бирортасини айт-чи, – деди Пашша.
Алиса Тахта пашшага қизиқиб қараб турди-да, давом этди:
– Ниначи.
– Тепага қарасанг, Майизначини кўрасан. Унинг танаси пудингдан, қанотлари ингичка баргдан, калласи эса майиздан иборат, – деди Пашша.
– У нима ейди?
– Гўштли пирог. Улар Мавлуд байрамининг совға қутиларига уя қуради.
– Яна Капалак ҳам бор, – давом этди Алиса тепадаги боши ёниб турган ҳашаротга тикилиб. “Қизиқ, балки шунинг учун ҳам ҳашаротлар шамларга талпинишар… улар шу зайлда Майизначига айланиб қолишни исташар”, деган хаёлга борди у.
– Оёғингда Сарёғнонпалакни кўришинг мумкин. Унинг қанотлари сарёғли нон бўлакларидан, танаси қотган нон, боши эса бир чақмоқ қанддан иборат.
– У нима билан кун кўради?
– Сутли чой билан.
Бундай ажабтовур янгиликдан Алисанинг миясига, “Агар уни топа олмаса-чи?” деган савол келди.
– Ундай бўлса ўлади, албатта.
– Аммо бунақаси камдан-кам бўлса керак, – деди Алиса ўйга ботиб.
– Бунақаси ҳар доим бўлади, – деди Пашша.
Шундан сўнг Алиса бир-икки дақиқа чурқ этмади. Пашша унинг атрофида учаркан, ниҳоят:
– Ўйлашимча, исмингни йўқотиб қўйишни хоҳламасанг керак? – деди.
– Албатта, йўқ, – деди Алиса бироз ташвишланиб.
– Нега йўқ? – давом этди Пашша. – Сен исмингсиз уйга қайтишинг қандай бўлишини ўйлаб кўр! Муаллиминг вазифани сўрагани чақираётиб “бери кел” дейди-ю, тўхтаб қолади, чунки сенинг ҳеч қанақа исминг бўлмайди-да.
– Ишончим комил. У мени “Мисс” деб чақиради, – деди Алиса.
– У сени “miss” деб атаса, сен ростдан ҳам дарсни қолдиришинг мумкин. Бу ҳазил.
– Бу жуда аҳмоқона ҳазил бўлди, – деди Алиса.
Пашшанинг кўзидан йирик-йирик икки томчи ёш тўкилди.
– Ҳазилни эплолмасанг ҳазиллашмаганинг маъқул, – деди Алиса.
У Пашшага қарамоқчи бўлганида уни топа олмади. Дарахт тагида бир муддат уни кутди. Пашша кўринавермагач, Алиса туриб йўлида давом этди. Тез орада у бир томони ўрмонзор далага етиб олди. Ўрмон олдингисидан кўра қоронғироқ эди, Алиса киришга чўчиди. Шунга қарамай “Ҳар ҳолда ортга қайтмайман”, деб ўйлаб йўлида давом этишга қарор қилди, боз устига бу саккизинчи катакка олиб борадиган ягона йўл эди.
“Бу мавжудотларининг номи йўқ ўрмон бўлса керак. Ичкарига кирганимда исмим нима бўларкан? Номимни бутунлай йўқотишни истамайман, чунки у ҳолда улар менга бошқа ном беришларига тўғри келади. Шундай бўлса, менинг эски исмимни олган мавжудотни топардим!”
Ниҳоят у боққа етиб келди. Боғ зулмат оғушида, совуқ эди.
– Анавининг тагига етиб олсам яхши бўларди… ниманинг тагига? – дея сўзлаётиб у ўша сўзни тополмаётганига ҳайрон бўлди. – Мен соясига етиб олишни назарда тутаётгандим… бунинг соясига, – деб у қўлини дарахтга қўйди. – Номи нима эди-я?
У бироз жимиб қолди-да, қўққисдан яна гапира бошлади:
– Демак, бу ҳар қалай содир бўлди! Мен ким эдим? Эслолмаяпман! Исмим “Л” ҳарфидан бошланиши ёдимда!”.
Шу пайт қаёқдандир Буғу пайдо бўлиб, унга ғамгин кўзларини тикиб турди.
– Ҳой! – деб Алиса уни силаш учун қўлини узатганди, Буғу ортга тисарилди, аммо кетиб қолмай Алисага қараб тураверди.
– Ўзингни нима деб атайсан? – сўради ниҳоят Буғу. Унинг овози қўнғироқ сасидек тиниқ ва майин эди.
– Энди ҳеч нима! – жавоб қилди Алиса хафа бўлиб.
– Яна бир бор ўйлаб кўр-чи, – деди Буғу.
Алиса ҳарчанд уринмасин, барибир исмини эслай олмади.
– Илтимос, сен ўз исмингни айтақол. Зора, бу менга ҳам ёрдам берса.
– Айтаман, фақат бу ерда эмас. Билганингдай, бу ерда эслай олмайман, – деди Буғу.
Шундай қилиб, улар ўрмон бўйлаб кетишди. Алиса Буғунинг юмшоқ бўйнидан қучоқлаб олганди. Очиқ ҳавога чиқишганида эса Буғу бир сакраб Алисанинг қўлларидан озод бўлди.
– Мен Буғуман, азизам. Сен эса одам зотининг боласисан! – деб чинқирди-да, чопиб улоқиб кетди.
Алиса унинг ортидан йиғлагудек бўлиб қараб қолди. Ахир, у ҳеч кутилмаганда жажжи дўстидан ажралиб қолди-да.
– Жилла қурса энди исмимни биламан-ку. Бу қандай яхши… Алиса… Алиса. Энди уни унутиб қўймайман. Хўш, қайси йўлдан борсам экан?
Саволнинг жавобини топиш унчалик мушкул эмасди, зеро, бу ерда ўрмон бўйлаб ўтган ягона сўқмоққина бор эди.
– Шундан юра қоламан, – деди у ўзига-ўзи.
Алиса йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди. Йўл ёқасидаги иккита кўрсаткичнинг бирига, “Трулялянинг уйига”, кейингисига “Тралялянинг уйига”, деб ёзилганди.
– Фикримча, улар бир уйда яшашади. Уларникига бирровга кираман-да, ҳол-аҳвол сўраб, бирйўла ўрмондан чиқиш йўлини аниқлаб оламан. Ахир, саккизинчи катакка қоронғи тушмай етиб олиш ниятидаман, – дея ўзича гапириб кетаётиб, Алисанинг кўзи иккита митти семиз одамчага тушди. Дарҳол улар Труляля ва Траляля эканини фаҳмлади.

4. Траляля ва Труляля

Улар дарахт тагида бир-бирининг елкасига қўлларини ташлаб, қотиб туришарди. Алиса уларнинг ёқаларидаги “Тра” ва “Тру” сўзларини ўқиб, дарров ажратиб олди:
– Менингча, ёқаларининг орқасига “ляля” деб ёзилган, – деди у ўзига-ўзи.
Қотиб туришларидан Алиса уларнинг тириклигини ҳам унутди. Фик­ри тўғрилигини аниқлаш учун уларни айланиб ўтаётганида тўсатдан ёқасида “Тру” ёзуви борининг овозини эшитди.
– Агар бизни мумдан ясалган деб ўйласанг, томоша учун олдин пулини тўлаб қўй. Мумдан ясалганлар текин томоша учун яратилмаган.
– Ёки аксинча, – гапга қўшилди наригиси. – Бизни тирик деган хаёлга борсанг, гапир.
– Маъзур тутинглар мени, – Алиса шундай дея олди, холос. Аммо унинг миясида эски бир қўшиқ соат “чиқ-чиқ”идай айланаверди.

Траляля ва Труляля жанг қилишди беаёв,
Олишдилар ўзаро, ботирликлари тутиб.
Шақилдоқ эди сабаб, ака-ука бўлди ёв,
Ўйинчоқни бузганди асли ака ўхшатиб.
Шу он осмон бағрида пайдо бўлди кўланка,
Зумат қоплаб самони, учди ваҳшатли қарға.
Икковлон азаматлар қўрққанидан вой, қара,
Унутиб гиналарни қочдилар зумда ура.

– Нима ҳақида ўйлаётганингни билиб турибман, – деди Труляля. – Аммо бу зинҳор ундай эмас.
– Аксинча, – гапга суқилди Траляля. – Агар бу шундай бўлганида эди, соз бўларди. Агар соз бўлганида бу шундай бўларди. Аммо бу шундай эмас, шунинг учун ҳам маъқулмас. Мана, мантиқ қаерда!
– Мен ўрмондан чиқиш учун қайси йўл яхши экани ҳақда ўйлаётувдим. Ахир, қош қорайяпти. Марҳаматингизни дариғ тутмай, шуни айтиб беролмайсизми? – деди Алиса хушмуомалалик билан.
Бироқ жавоб ўрнига митти одамчалар бир-бирига қараб илжайиб қўйишди, холос. Улар бу туришларида саф тортган мактаб болаларини эслатишарди, шу боис Алиса бармоғи билан кўрсатиб, “Биринчи”, деб юборди.
– Мутлақо, – қичқирди Труляля.
– Иккинчи, – деб Траляляга юзланди Алиса.
У Тралялянинг “Мутлақо” дейишини тахмин қилганди, шундай ҳам бўлди.
– Хато қилдинг! – шанғиллади Труляля. – Келишинг ҳамоноқ сен ҳол-аҳвол сўраб қўл бериб кўришишинг керак эди.
Улар аввал ўзаро қўл беришди. Кейин бўш қўлларини Алисага ­узатишди.
Алиса уларнинг ҳар бири билан алоҳида сўрашгиси келмади. Ахир, бундан биттаси ранжиши мумкин эди-да. Шунинг учун у баравар икки қўлини узатиб иккаласи билан ҳам кўришиб қўя қолди. Шу ондаёқ улар айлана бўлиб рақсга тушиб кетишди. Унга бу мутлақо табиийдек туюлар, мусиқа шовқини ҳам ажаблантирмасди. Куй улар остида рақс тушишаётган дарахтдан чиқарди гўё. Раққослардан иккиси семизлигидан дарров ҳансираб тўхташди. Алисанинг қўлларини бўшатиб, унга бир муддат тикилиб қолишди.
– Чарчаб қолмадингиз деб умид қиламан? – деди Алиса жимликни бузиб.
– Асло. Ҳол сўраганинг учун раҳмат, – деди Труляля.
– Шеъриятни ёқтирасанми? – сўради Траляля.
– Ҳа… андак. Қайси йўл ўрмон ташқарисига олиб чиқишини айтолмайсизми? – деб сўради Алиса.
– Унга нимани айтиб берсак экан? – деди Траляля Алисанинг саволига парво ҳам қилмай.
– Энг узуни “Дурадгор ва Морж”ни-да, – деб Труляля акасини қучоқлаб олди.
Кейин Траляля бошлаб юборди: “Денгиз узра чарақлар қуёш…”.
Шу пайт Алиса унинг гапини бўлиб:
– Агар бу шеър узун бўлса, аввал йўлни кўрсатиб юбора қолинг, – деди имкон қадар ширинсуханлик билан.
Траляля унга мулойим жилмайди-да, яна бошидан бошлади:

Денгиз узра чарақлар қуёш,
Нур сочарди ўзин аямай.
Тўлқинларни безай деб чунон
Ялтирайди силлиқ, гўё мой.
Бу ҳол эди кўп ажиб, дўстим,
Айтай, ахир, эди тун ярим.
Таратарди ой ҳам ўз нурин,
Аразлаган кўйи қуёшдан.
Зорланарди хафа бўлиб ой:
“Бу қандай гап, қаерда тартиб?
Қуёш кун-у тун кўкда,
Бу, ахир, безбетлик-да!”
Сувга тўла денгиз чайқалар,
Қуруқ эди соҳилда қумлар.
Булут излаб кўкка қарасанг,
Тополмайин асабинг таранг.
Қуш ҳам учмас эди бош узра,
Қанот қоқар бир зоғ йўқ, қара.
Кетишарди ёнма-ён,
Морж ва Дурадгор шу он.
Кўзёш тўкиб боришар,
Тикилиб ерга дерлар:
“Бўлса эди бирор ким сидиргани қумларни,
Шундан очилиб қумлоқ кўринарди яхшироқ”.
“Етти оқсоч етти супурги билан
Супурса гар ярим йил бетин.
Тоза қилиб бўлармикан бу ерни,
Фақат сўзла менга ростини?”
Моржнинг саволига тўкиб аччиқ кўзёшин,
Дурадгор дер: “Шубҳадаман, айтсам сенга мен ростин”.
“О, чиғаноқжонларим, ўргилай сиздан”,
Ялтоқланди Морж: “Қилинг сайр биз билан,
Хушбахт ўтар вақтимиз сиз-ла,
Қилсак гурунг қирғоқ бўйида”.
Ёши улуғ жаноб чиғаноқ,
Бир қараб қўйди-ю, бироқ,
Лом-мим демай кўзини қисиб,
Оғир, доно бошини силкир.
Бу унинг йўқ дегани эди,
Чиғаноғин ташламас, кетди.
Аммо тўрт ўйинқароқ
Чиғаноқлар эди асли бебошроқ.
Юзлари ҳам ювилган, бошмоқлари ҳам тоза,
Уст-боши тартибли, ҳавас қилгудек роса.
Ғалати бу таклифдан ажабландилар аввал,
Оёғи йўқ чиғаноққа бу ғаройиб таваккал.
Тўртта бебош эргашди,
Кейин яна тўрттаси.
Кўпиклар узра сакраб,
Қирғоқ бўйини кўзлаб.
Озғин, семиз, чалажон,
Хўп йиғилди оломон.
Дурадгор ва Морж юриб,
Йўл юрса ҳам мўл юриб.
Толиқиб тўхтадилар,
Бир тошга ўтирдилар.
Чиғаноқлар эса навбатда,
Кутиб туришар сафда.
“Вақти келди”, деди Морж,
“Қилгани мулоҳаза.
Бошмоқ, кема, карам-у,
Қирол – барисин ҳақда.
Денгизда сув қайнаган,
Қолиб кетмасин тағин
Чўчқаларнинг қаноти”.
“Сабр қилинг, илтимос!”
Чинқирди бир чиғаноқ.
“Ростлайлик бироз нафас,
Олдимизда йўл узоқ”.
“Бемалол олингиз дам”,
Деди: Дурадгор шу дам,
Гап бошлади Морж, ана,
“Бизга керак нон яна.
Кўкат ҳам бор газакка,
Асосан лозим шу-да.
Олган бўлсангиз ҳордиқ,
Мана, тушлик ҳам тортиқ”
“Наҳотки биз сиз учун
Бўлсак шунчаки емак,
Бу ерга таклиф этиб,
Бизни қилибсиз эрмак”.
Сурбет Моржнинг жавоби:
“Тўлин ой жуда юксак!
Бу овлоқ жойга келиб
Мени хушнуд этибсиз.
Сирка қўшгандим қиттак,
Қиёмига етибсиз”.
“Ханталдан ҳам қўш жиндак!”
Деди: Дурадгор юзсиз.
“Дўстим, бу меҳмонларни
Шошириш яхши эмас!
Узоқ йўл юриб келган,
Дамини олсин бирпас”.
Дурадгор дер: “Лимонсиз,
Унчалик ширин эмас”.
“Раҳмим келди сизларга,
Ёш тўлди-ку кўзларга!“
Шундай дея айёр Морж
Тўкди икки дона ёш.
Дурадгор дер: “Жуда соз ўтди тунги сайр,
Чиғаноқлар ҳам уйга қайта қолсин, хайр!”
Аммо меҳмонлар жимжит, улар энди йўқ,
Аллақачон ҳазм бўлган, Моржнинг қорни тўқ.

– Менга кўпроқ Морж маъқул. У ҳар ҳолда боёқиш чиғаноқларга ачинди, – деди Алиса.
– Шунга қарамай, у Дурадгордан кўпроқ еган. Фақат еганларини яширгани учун Дурадгор унинг қанча чиғаноқни паққос туширганини билолмаган, – деди Траляля.
– Қандай даҳшат. Демак, Дурадгор яхшироқ экан-да? У Морждан кўп егмаган-ку, ҳар ҳолда, – деди Алиса.
– Бироқ у қанча ололса шунчасини туширган, – деди Траляля.
Бу жумбоқнинг ўзгинаси эди. Бироз туриб Алиса яна гапира бошлади:
– Унда уларнинг иккиси ҳам салбий қаҳрамон экан…
Шу пайт у паровоз товушига ўхшаш овозни эшитди.
– Атрофда шер ёки йўлбарслар борми? – сўради у.
– Шунчаки Қора Қирол хуррак отаяпти, – деди Траляля.
– Юр, уни томоша қиламиз! – деб бирга қичқиришди ака-ука ва Алисанинг қўлидан етаклаб Қирол ухлаётган жойга олиб боришди.
– Ёқимтой-а? – деди Труляля.
Алиса унинг қандайлигини рўйи-рост айта олмасди. Қирол дарахт остида ётар ва тинмай хуррак отарди.
– У ҳўл майса устида шамоллаб қолади, деб қўрқаман, – деди Алиса узоқни ўйлайдиган ақлли қизчалардек.
– У ҳозир туш кўраяпти. Сенингча, у тушида нимани кўраяпти? – сўради Траляля.
– Ҳеч ким буни тахмин қилолмаса керак, – деди Алиса.
– Нега энди! Сени туш кўряпти! – деб чинқириб, топган гапидан шодланиб қарсак чалиб юборди Траляля. – Борди-ю, у сени туш кўришдан тўхтаса, қаерда бўламан деб ўйлайсан?
– Ҳозир қаерда бўлсам шу ерда-да, албатта, – деди Алиса.
– Йўқ. Ҳеч қаерда бўлмайсан. Негаки сен унинг тушидасан, холос, – деди Траляля.
– Агар Қирол уйғонса борми, – давом этди Труляля. – Сен… “пуф” этиб ўчиб қоласан. Худди шамдек!
– Ҳечам-да. Мен унинг тушидагина бўлсам, унда сизлар-чи, сизлар қаерда бўласизлар, хўш, бунга қандай изоҳингиз бор?
– Биз ҳам, – деди Труляля.
– Биз ҳам тушда бўламиз! – чинқирди Траляля.
Улар шундай шовқин кўтаришдики, Алисанинг:
– Жим, жим бўлинг! Бунақада у уйғониб кетади-ку, ахир, – дегани ҳам кор қилмади.
– Унинг уйғониб кетиши ҳақида сен гапирмасанг ҳам бўлади. Сен бор-йўғи унинг тушидасан. Ҳақиқий эмаслигингни ўзинг ҳам биласан-ку, – деди Труляля.
– Мен ҳақиқийман, – деб Алиса йиғлаб юборди.
– Кўзёш тўкиб озгина бўлса ҳам ҳақиқийга айланолмайсан. Бунинг нимасига йиғлайсан? – деди Траляля.
– Агар ҳақиқий бўлмаганимда, йиғлай олмасдим, – деди Алиса ёшларини артиб кулги аралаш. Бунинг бари унга бемаъниликдай туюлди. Кейин: “Улар маънисиз нарсаларни валдирашаяпти, бу аҳмоқона гаплар учун кўзёш тўкишнинг ўзи жиннилик”, деб ўйлади. Шу боис йиғидан тўхтаб, жилмайди-да:
– Қоронғи тушаяпти, яхшиси ўрмондан чиқиб кета қолай. Нима деб ўйлайсиз, ёмғир ёғармикан? – деб сўради.
Труляля катта ёмғирпўшини акаси ва ўзининг боши узра ёйди-да, тепага, ёмғирпўшнинг ичига қараб:
– Йўқ, ёғмайди, ҳар қалай бунинг ичига ёғмаслиги аниқ. Мутлақо, – деди.
– Ташқарисига-чи, ёғармикан?
– Ёғиши мумкин, шуни хоҳласа, – деди Траляля.
“Бу худбинлик”, ўйлади Алиса ва “хайрли тун” дея кетмоқчи ҳам эдики, Труляля ундан: “Анавини кўраяпсанми?” деб сўраб қолди. Дарахт тагидаги кичик оқ нарсани кўрсатаётиб унинг кўзлари ғазабдан сарғайиб кетганди.
– Бу бор-йўғи шақилдоқ, – деди Алиса ўша оқ нарсага диққат билан қараб. – Шақилдоқ, илон эмас, – деб қўшиб қўйди дарров унинг қўрқиб кетганини кўриб, – бор-йўғи эскириб қолган, синган шақилдоқ.
– Ўзим ҳам билардим! Яроқсизлигини ҳам биламан! – шанғиллади Труляля. У ерга ўтириб олиб ёмғирпўш остига беркинаётган Траляляга қаради.
Алиса қўлини унинг қўлига қўйиб, меҳрибонлик билан:
– Бу эски шақилдоқ, ташвишланишга ҳожат йўқ, – деди.
– Аммо у эски эмас-да! – асабийлашиб аюҳаннос сола бошлади Труляля. – У яп-янги. Сенга айтсам, уни кечагина ўзим сотиб олганман… менинг шақилдоққинам! Анави эса уни синдирди, – у Траляляга ишора қилди. – Энди у билан жанг қилмасак бўлмайди.
Кейин улар ўрмон ичкарисига кириб кетишди. Бир дақиқа ўтар-ўтмас қўлларида диван болишлари, адёл, шолча, дастурхон, идишларнинг қопқоқлари-ю, кўмир солинадиган пақирчалар кўтариб қайтиб келишди.
– Буларни кийишимизга қарашиб юбор, – деди Труляля. – Ҳаммасини бир амаллаб кийиб олишимиз керак, мана бундай қилиб ёки бунақасига.
– Бу ашқол-дашқолларни кийишса, улар эски лаш-лушлар солинган тўрвага ўхшаб қолишади! – ўзига-ўзи шундай деб кулиб юборди Алиса, аммо уларнинг дилига озор беришдан чўчиб ўзини йўталганга солди.
– Жудаям оқариб кетганманми? – деди дубулғасини тўғрилатиш учун Алисага яқин келган Труляля. У дубулға деб атаётгани аслида товани эслатарди…
– Ҳа… бирозгина, – сиполик билан жавоб берди Алиса.
– Мен аслида довюракман, бироқ бугун негадир бошим оғрияпти, – деб пичирлади у Алисага.
– Менинг эса тишим оғрияпти. Менинг аҳволим сеникидан ёмонроқ, – деди Траляля.
Бу ҳол тинчлик ўрнатишга яхши имкон, деб ҳисоблаган Алиса: ­
– Бугунчалик жанг қилмасангиз бўлармиди, – деди.
– Уруш қилишимиз шарт, лекин унинг узоқ чўзилишини истамайман. Соат неча бўлди? – деб сўради Труляля.
Траляля соатига қараб:
– Тўрт ярим, – деди.
– Унда соат олтигача уришамиз-да, кейин тушлик қилиб оламиз, – деди Труляля.
– Яхши, – деди шериги ғамгин оҳангда. – У бизни кузатиб туриши мумкин… Фақат жуда яқин келмаганинг маъқул. Менинг кўзим тушган нарсани савалаб кетадиган одатим бор, – деб қўшиб қўйди.
– Мен эса кўрсам-кўрмасам, борлигини билсам бўлди, уриб кетавераман, – шанғиллади Труляля.
Алиса кулди.
– У ҳолда дарахтлар ҳам бенасиб қолмаслиги аниқ, – деди у.
Труляля атрофга бир назар солди-да:
– Менингча, жангдан сўнг бу ерда бирорта ҳам дарахт қолмас-ов, – деди.
– Шунинг бари шақилдоқни деб, а? – деди Алиса арзимаган шақилдоқни деб тўс-тўполон кўтармоқчи бўлаётган икки азаматни уялтириш учун.
– У янги шақилдоқ! – деди Труляля.
“Шеърдаги анави қарға тезроқ кела қолса майли эди!” ўйлади Алиса.
– Шошилиш керак, қоронғи тушяпти.
– Борган сари зулмат қуюқлашаяпти, – деди Траляля.
Атрофга қўққисдан шундай қоронғилик ёпирилдики, Алиса момақалдироқ яқинлашаяпти, деган хаёлга борди.
– Қандай қалин булут-а! Тез қоплашини-чи! Худди қаноти бордай! – деди у.
– Бу қарға! – ака-укалар дод солиб оёғини қўлига олиб қочиб қолишди.
Алиса ҳам чопганча ўрмон ичкарисига кириб кетди ва бироздан сўнг баҳайбат дарахт остида тўхтади. “Қарға мени бу ердан олиб кетолмайди, – деб ўйлади Алиса. – У бутун ўрмонда довул кўтарди-я… ана, кимнингдир рўмоли учиб келаяпти!”

5. Жун ва сув

Алиса шундай деб рўмолни тутиб олди ва эгасини излаб атрофга аланг­лади. Бу пайт Оқ Қиролича ўрмон оралаб саросар югуриб келарди.
– Сизни бу ерда учратганимдан бағоят хурсандман, – деди Алиса одоб билан ва Қироличага рўмолини елкасига ташлаб олишига кўмаклашиб юборди. Оқ Қиролича эса унга тикилиб, нуқул “Бутерброд, бутерброд”, деб ғўлдирарди. Алиса нима қиларини билмай:
– Мен Оқ Қироличага мурожаат қилаяпманми? – деди.
– Хўш, ҳа, агар сен шуни мурожаат деб билсанг. Аммо мен бундай деб ҳисобламайман, – деди Қиролича.
Алиса тортишишдан тийилиб, жилмайганча:
– Агар Ҳазрати олиялари менга қандай мурожаат қилишни айтсалар, астойдил ҳаракат қилардим, – деди.
– Мен бу билан шуғулланишни мутлақо истамайман! Ўзимнинг ҳозирлик кўришим учун, ахир, икки соат кетди, – деб жавоб берди боёқиш Қиролича.
Алиса Қироличанинг палапартиш кийинганини кўриб турарди.
– Сочингизга нима бўлди? – сўради у.
– Биласанми, кеча тароғимни йўқотиб қўйдим.
Алиса баҳоли қудрат Қироличанинг сочларини тартибга келтирди.
– Мана қаранг! Менимча, энди тузукроқ бўлди. Барибир оқсоч ёллашингиз керакка ўхшайди, – деди у.
– Сени жон деб ёллардим. Ҳафтасига икки пенс бераман, кунора мураббо билан ҳам сийлайман, – деди Қиролича.
Алиса ўзини кулгидан тия олмади ва:
– Мени ёллашингизни истамасдим… мураббога ҳам ҳушим йўқ, – деди.
– Мураббо жуда ширин, – деди Қиролича.
– Яхши, аммо бугун мураббо ейишни хоҳламаяпман-да…
– Шундоқ ҳам бугун мураббо бўлмайди. Қоидага кўра, мураббо кеча ёки эртага бўлади… зинҳор бугун эмас, – деди Қиролича.
– Аммо эрта қачондир бугун бўлади-ку, – деди Алиса.
– Бўлмайди. Мураббо кунора берилади. Билсанг, бугун орадаги кун, – деди Қиролича.
– Тушунмадим, – деди Алиса.
– Бу тескари яшаш дейилади, – мулойим жавоб қилди Қиролича.
– Тескари яшаш? Бунақасини олдин эшитмагандим, – ҳайрон бўлди Алиса.
– Бунинг яхши томони – ўтмишни ҳам, келажакни ҳам хотирлай олишингда.
– Менинг хотирам фақат ўтмишдагиларни эслайди. Келажакдагини содир бўлишидан олдин эслаёлмайман, – жавоб берди Алиса.
– Фақат ортда қолганларни ёдда сақлаш хотиранинг сустлигидан, – деди Қиролича.
– Сиз-чи, нималарни яхши эслай оласиз?
– О, мен икки ҳафтадан кейин бўладиган воқеаларни яхши хотирлайман, – деди Қиролича бармоғини боғич билан ўраркан, бепарво оҳангда. – Масалан, Қиролдан мактуб келишини. У ҳозир қамоқда. Суд эса кейинги чоршанбадагина иш бошлайди. Ҳар қалай, жиноят ҳаммасидан кейин содир бўлади.
– Эҳтимол, у умуман жиноят қилмас? – деди Алиса.
– Бу ундан-да яхши, шундай эмасми? – деди Қиролича.
Алиса бу гапнинг тўғрилигини ҳис қиларди.
– Албатта, шундайку-я, аммо ҳозир у қамоқда ҳали қўл уришга улгурмаган жинояти учун жазо олаяпти.
– Ноҳақсан, азизам. Сени ҳам ҳеч жазолашганми? – сўради Қиролича.
– Ҳа, фақат қилган хатоларим учун. Лекин бу бошқа масала, – деди Алиса.
– Уларни қилмаганингда яхши, яхшироқ ва яна-да яхшироқ бўларди! – деди Қиролича. У ҳар гал “яхши” деганида овози кўтариларди ва охирида чинқириб гапирди.
Алиса: “Бу хато”, деб гап бошлаганди ҳамки, Қиролича шундай дод-вой солдики, у гапини тугатолмади.
– Вой, в-о-о-о-о-й бармоғим! Бармоғим қонаяпти! – деб қўлини силкиб бақирарди Қиролича.
У шундай “оҳ-воҳ” чекдики, Алиса қулоқларини қўллари билан беркитиб олди.
– Нима бўлди? Бармоғингизга нимадир санчилдими?
– Ҳозирча киргани йўқ, аммо тез орада санчилади, в-о-о-о-о-й! – деди Қиролича.
– Бунинг қачон бўлишини кутгандингиз? – деди Алиса боши қотиб.
– Рўмолимни қайта қистириб қўяётганимда, тўғноғич бармоғимга санчилиб кетади, – деб йиғлаб юборди шўрлик Қиролича. Шу сўзларни айтиши биланоқ тўғноғичнинг учи очилиб кетди.
– Эҳтиёт бўлинг! – ҳайқирди Алиса, аммо кеч қолди. Тўғноғич аллақачон Қироличанинг бармоғига санчилганди.
– Ана энди бу ерда воқеалар қандай рўй беришини билиб олдинг, – деди Қиролича Алисага тиржайиб.
– Нега ҳозир бақирмаяпсиз? Ахир, бармоғингиз лат еди-ку? – сўради Алиса.
– Чунки мен аллақачон додлаб бўлдим-да, – деди Қиролича.
Шу пайт кун ёриша бошлади.
– Қарға учиб кетди чоғи. Бундан шундай хурсандманки!
– Афсус, мен хурсанд ҳам бўлолмайман. Сенга маза, ўрмонда яшайсан, истаган пайтинг хурсанд ҳам бўла оласан, – деди Қиролича.
– Фақат бу ерда жуда ёлғизман, – деди ҳазин оҳангда Алиса. У ёлғизлик ҳақида ўйлаши билан кўзёш қиларди.
– О, ўтинаман, фақат йиғлама! Катта қиз эканингни ўйла, бугун узоқ йўл босганингни ёки соат нечалигини ўйла. Нимани ўйласанг ўйла-ю, зинҳор кўзёш тўкма! – дерди Қиролича.
– Нима ҳақидадир фикрлай бошласангиз, йиғламайсизми? – сўради Алиса.
– Азизам, ҳеч зот икки ишни бирданига қилолмайди, – деди Қиролича виқор билан. – Кел, ёшингдан бошлайлик. Неча ёшдасан?
– Роппа-роса етти ярим ёшдаман, чин сўзим.
– Чин сўзим, демасанг ҳам сенга ишонаман. Энди менинг айтадиганларимга ишониб кўр-чи. Мен бир юз бир ёш, беш ою, бир кунликман.
– Ишонолмайман бунга! – деди Алиса.
– Ишонолмайсан? Ҳаракат қилиб кўр-чи: қани, чуқур нафас ол-да, кўзларингни юм.
Алиса кулиб юборди.
– Фойдаси йўқ. Имконсиз нарсаларга ишониш қийин-ку.
– Менимча, сенга тажриба етишмаяпти. Сенинг ёшингда буни кунига ярим соатлаб машқ қилардим. Нонуштагача ўзимни олтита мумкин бўлмаган нарсага ишонишга мажбур этардим. Рўмол тағин учиб кетаяпти! – деди Қиролича.
Тўғноғич яна очилиб, шамол рўмолни ариқнинг устидан учириб кетди. Қиролича ҳам унинг ортидан қўлларини кенг ёйиб ҳавога кўтарилди.
– Тутдим, – деди у ғолибона.
– Бармоғингиз анча яхши бўлиб қолгандир? – деди меҳрибонлик билан Алиса унинг кетидан ариқчадан сакраб ўтаётиб.
– О, анча яхши! – чинқирди Қиролича, у учиб ўтаркан, овози чийиллаб чиқарди. – А-а-а-а-нча яхши-и-и! Я-я-я-хш-и-и-и! Бэ-э-э-э!
Алиса Қироличага қараб ҳайратдан қотиб қолди. Кейин кўзларини ишқаб яхшироқ тикилди. У нима рўй берганини англолмасди. Ҳозир дўкондами? Қаршисида ўтирган… ростдан ҳам Қўйми? Ҳа, у нимқоронғи дўкончада эди, тўғрисида эса Қўй ниманидир тўқиб ўтирарди.
– Нима харид қилмоқчисан? – сўради Қўй ниҳоят ишидан бошини кўтариб.
– Ҳали билмадим. Аввалига атрофни кўздан кечирсам дегандим, – деди Алиса мулойим оҳангда.
– Сен истасанг икки томонингни ёки тўғрингни кўришинг мумкин. Аммо шу туришингда зинҳор атрофни бутунича кўра олмайсан. Борди-ю, бошингнинг орқа томонида кўзларинг бўлса, бу бошқа гап, марҳамат.
Алиса ўгирилиб токчаларга яқинлашди. Дўконда антиқа буюмлар кўп эди. Бироқ Алиса қайси токчага тикилиб қараса, бўм-бўш бўлиб қолар, ёнидагилари эса тўлалигича турарди.
– Бу ерда буюмлар кўчиб юраркан, – деди у ҳам қўғирчоққа, ҳам қутига ўхшаш, ўзидан нур таратувчи буюмни тутишга уринаётиб. Ўша нарса зумда Алиса қараётган токчанинг тепадагисига ўтиб қолаётганди.
Шу дамда унинг хаёлига ажойиб фикр келди: “Мен уни нигоҳим билан энг баланд токчагача олиб чиқаман. Ҳар ҳолда шифтга учиб чиқмас”.
Бахтга қарши шундай бўлди. Буюм шифтга осон ва зумда кўтарилиб олди.
– Нега ҳалидан бери у ёқдан-бу ёққа айланаверасан? – деб Қўй яна бир жуфт тўқийдиган игналарни қўлидагиларга қўшиб олди. Энди у ўн тўрт жуфт игна билан тўқиётганди. Буни кўриб Алисанинг оғзи ланг очилиб қолди.
“Шунча игна билан қандай тўқияпти? Қўлида худди жайрани ушлаб олгандек”, дерди ичида ҳайрон қолиб.
– Эшкак эша оласанми? – деб Қўй унга бир жуфт игнани узатди.
– Ҳа, бироз… аммо бу ерда, бу игналар билан эмас, албатта, – дегани ҳамоноқ Алисанинг қўлидаги игналар эшкакка айланиб қолди. Улар энди кичик қайиқда эдилар.
– Эшкакни эш! – маъради Қўй бошқа бир жуфт игнани қўлига оларкан.
Алиса ғинг демай эшкак эша бошлади. Сувда қандайдир ғалати бир нарса бор эди. Гап шундаки, Алиса сувга туширганида эшкак ўша нарсага кириб қолар ва тортиб чиқариш қийин бўларди.
– Эш, эш эшкакни! – деб шанғиллади Қўй. – Қисқичбақаларни тутяпсанми?
“Жажжи қисқичбақаларни тутишни истардим”, ўйлади Алиса.
– Эш деяпман, эшитмаяпсанми?! – яна игналарни қўлида кўпайти­раркан, жаҳл билан ўшқирди Қўй.
– Эшитганда қандоқ! Сиз тез-тез, шанғиллаб қайтараверасиз, эшитмай бўладими? Қани Қисқичбақалар? – деди Алиса.
– Сувда-да, албатта, – деди Қўй қўли игналарга тўлиб кетганидан улардан бир нечтасини сочига тиқиб қўяётиб. – Эш дедим!
– Нега нуқул “эш, эш” деяверасиз? Арқонманми эшилаверадиган? – деди Алиса.
– Йўқ, сен калтагина ипсан, холос, – деди Қўй.
Алисага бу гап оғир ботди ва у чурқ этмай кетаверди.
– О, нилуфарлар! Қандай чиройли, а? Илтимос қиламан…
– Бу борада мендан илтимос қилишинг шарт эмас. Уларни мен бу ерга ўтқазмаганман, узиб олмоқчи ҳам эмасман, – деди Қўй тўқишдан бош кўтармай.
– Аммо мен буни назарда тутмовдим. Уларни тергунимча бироз кутиб туролмайсизми? Қайиқни бир нафас тўхтатсак, қаршимасмисиз? – сўради Алиса.
– Нега мен уни тўхтатишим керак. Эшкак эшишни бас қилсанг, ўзи тўхтайди.
Шундай қилиб, қайиқ тўхтади. Қизча Қўйни унутиб, энг чиройли нилуфарларни узишга киришди.
– Қайиқ ағдарилиб кетмасин-да! О, қандай гўзал гуллар! Анавиларга етолмаяпман-да. Энг аълолари доим қўл етмас жойда бўлади, – деди-да, бир даста гул билан қайтиб жойига ўтирди ва эшкак эшишда давом этди.
Нилуфарлар тез орада чиройини йўқота бошлади. Биласиз, табиатан бу гуллар доим тезда ҳиди ва чиройини йўқотади. Улар қордек эриб кетишди гўё. Аммо Алиса бунга ортиқ эътибор бермай қўйганди, чунки атрофида бундан-да ажабтовур нарсалар кўп эди.
Қўққисдан эшкак яна ўралиб қолди, уни тортаман деб Алиса қайиқдаги боя узган нилуфарлар устига йиқилди.
Хайрият, шикастланмади, ўрнидан туриб қаддини ростлади. Қўй эса ҳеч нарса бўлмагандай тўқишда давом этарди.
– Тутганинг яхшигина Қисқичбақа экан! – деди у Алисага.
– Йўғ-э? Мен уни кўрмадим-ку? Митти Қисқичбақани кўрсайдим! – деб Алиса лойқа сувга тикилди. Аммо Қўй лом-мим демай кулиб қўйди-да, яна иши билан машғул бўлди.
– Бу ерда Қисқичбақалар кўпми? – уни саволга тутди Алиса.
– Қисқичбақалар ҳам, бошқа нарсалар ҳам тўлиб ётибди. Фақат қарор қилишинг керак. Нима сотиб олишни хоҳлайсан? – сўради Қўй.
– Сотиб олишни? – деди Алиса ва шу ондаёқ эшкаклар ҳам, қайиғ-у дарё ҳам ғойиб бўлди ва у яна ўша ғира-шира каталакдай дўконда пайдо бўлиб қолди.
– Мен тухум сотиб олмоқчи эдим. Қанча туради? – деди у.
– Биттаси беш пенс… иккитаси икки пенс, – жавоб берди Қўй.
– Иккитаси биттасидан арзон экан-да? – ҳайрон бўлиб сўради Алиса пул чиқараётиб.
– Фақат иккита олсанг икковини ҳам ейишинг шарт, – деди Қўй.
– Унда битта бера қолинг, илтимос, – деди Алиса пулни узатиб. У ўзича: “Ким билади, иккови ҳам айниган бўлса-чи?” деб ўйлади.
Қўй пулни олиб қутига солди ва:
– Мен ҳеч қачон одамларнинг қўлига нарса тутқазмайман. Ўзинг бориб олишинг керак, – деди. Шундай деб у тухумни олди-да, дўконнинг нариги томонидаги баланд токчалардан бирига қўйди.
“Қизиқ, қўлга берса нима бўларкан-а? – ўйларди Алиса нимқоронғи дўконда стол-стулларга суриниб. – Тухум яқинлашганим сари узоқлашяпти. Бу нима, стулми? Унда булар-чи? Шохми? Стулнинг шохлари бўлмайди-ку! Бу ерда дарахтнинг ўсиши жуда ғалати! Бу ариқча, чоғи! Бу мен кўрган дўконлар ичида энг антиқаси!”
Алиса ҳар қадамида ҳайратланиб йўлида давом этарди. У яқинлашган нарсалар дарахтга айланарди. Тухум ҳам шу кўйга тушишига унинг ишончи комил эди.

6. Ади-Бади

Хайрият, тухумга ҳеч нарса қилмабди, фақат катталашибди, холос. Бўй-басти одамларники билан тенг бўлиб қолибди. Алиса яқинроқ келгач, унинг кўзлари, бурни ва оғзи ҳам борлигини кўрди. Яна-да яқинлашган эди, бу Ади-Бади эканини пайқади.
– Ишонаманки, бошқа кимса бўлиши мумкин эмас! – деди Алиса ўзига ўзи.
Ади-Бади девор устида чордана қуриб ўтириб олувди. Девор шунчалик энсиз эдики, Алиса бу ҳолатда у қандай қилиб мувозанат сақлаётганига қизиқди. Ади-Бади эса қилт этмас, Алисага ҳам қиё боқмасди.
– Тухумнинг ўзгинаси-я! – деб юборган Алиса унинг ҳар дақиқада ағнаб тушиши мумкинлигини ўйлаб қўлларини кенг ёйиб ушлаб олишга тайёр турарди.
– Мени тухум деяверишлари қонимни қайнатади, – деди Ади-Бади узоқ сукутдан сўнг Алисага қарамай. – Баъзи одамларнинг гўдаклардан фарқи йўқ, – деб қўшиб қўйди у ҳамон шу тахлит ўтираркан.
Алиса нима дейишни билмади. Ахир, буни суҳбат деб бўлмасди-да, чунки у Алисага қараб гапирмаётганди. Шуни ўйлаб қизча майин товушда шеър айта бошлади:

Ади-Бади деворда ўтирарди,
Ади-Бади қулади бирдан.
Қиролликнинг барча отлиқ аскари,
Қиролликнинг жами қўшин, лашкари
Йиғиб ололмади Ади-Бадини ердан.

– Сўнгги сатр жуда узунлик қилади, – деди Алиса шеър айтиб бўлгач Ади-Бади уни эшитаётганини ҳам унутиб.
– Бу ерда ўзингга-ўзинг бунақа валдирайвермай, яхшиси исмингни айт, – деди Ади-Бади ниҳоят Алисага илк бор қараб.
– Менинг исмим Алиса, аммо…
– Қандай аҳмоқона исм! – деди Ади-Бади шартта унинг гапини бўлиб. – Хўш, бу қандай маънони англатади?
– Исм қандайдир маъно билдириши шартми? – сўради Алиса шубҳаланиб.
– Албатта, шарт, – деди Ади-Бадининг бироз чеҳраси очилиб. – Масалан, менинг исмимни олайлик. У менинг кўринишимни ифодалайди. Келишган ташқи кўринишимни. Сеники эса исталган кўринишни ифодалайверади…
– Нега у ерда бир ўзингиз ёлғиз ўтирибсиз? – сўради Алиса ортиқ баҳслашишдан тийилиб.
– Негаки, ёнимда ҳеч ким йўқ! Бунга жавоб беролмайди, деб ўйлагандинг-а? Қани, яна савол бер-чи?! – қичқирди Ади-Бади.
– Ер нисбатан хавфсизроқ деб ўйламайсизми? Девор жуда энсиз экан-ку? – давом этди Алиса.
– Қандай жўн савол-а? Албатта, ўйламайман! Негаки йиқилсам, Қирол ўз оғзи билан ваъда берганки…
– От ва лашкарларини жўнатади, – унинг гапини бўлди Алиса яна.
– Бу жуда ёмон одат! – бақира кетди Ади-Бади. – Сен эшик ортида, дарахт панасида, мўрида туриб олиб гап пойлагансан.
– Ҳечам-да! Бу китобда ёзилган, – деди Алиса хушмуомалалик билан.
– О, тушунарли. Улар бу ҳақда китобларда ёзишлари мумкин, – деди бироз тинчланиб Ади-Бади. – Китобнинг номини “Англия тарихи” деганмидинг? Қани, менга яхшилаб қараб ол! Мен ўша Қирол билан сўзлашган кимсаман, ахир! Эҳтимол, мендақасини қайтиб кўрмассан! Мен билан қўл сиқишингга ижозат бераман, мен кеккайганлардан эмасман!
Шундай деб унинг оғзи қулоғига етди.
– Ҳа, барча оту, лашкарларини юборади, – мамнун давом этди Ади-Бади. – Улар мени зумда яна юқорига чиқариб қўйишади, ҳа, ҳа, шундай қилишади! Ана энди мен сенга савол бераман. Хўш, неча ёшдасан? Фақат аниғини айт.
– Етти ёшу олти ойликман, – деди Алиса.
– Хато!
– Ҳозир неча ёшда эканимни назарда тутаяпсиз, деб ўйлабман, – тушунтирди Алиса.
– Агар шуни назарда тутганимда, шундай деб сўрардим, – деди Ади-Бади.
Алиса тортишмоқчи эмасди, шу боис индамай қўя қолди.
– Етти ёшу олти ой, – такрорлади Ади-Бади. – Жуда ноқулай ёш. Мендан маслаҳат сўраганингда, сенга етти ёшингда қолавер, деган бўлардим, аммо энда кеч.
– Ҳеч қачон улғайишим ҳақида биров билан маслаҳатлашмаганман, – деди Алиса.
– Ғуруринг йўл қўймайдими?
– Ахир, ўсмай туролмайман-ку.
– Бир ўзинг эплолмассан, икки киши уддалайди. Биргалашиб еттида тўхтаб турардинглар, – деди Ади-Бади.
– Тасмангиз бунча чиройли, – мавзуни ўзгартирмоқчи бўлди Алиса.
Ади-Бади бироз жим турди-да, кейин жаҳл билан:
– Эътиборинг учун айтиб қўяй, бу тасма эмас, галстук, қизча. Кўриб турганингдек, жуда чиройли галстук. Боз устига Оқ Қирол ва Қироличанинг туҳфаси, – деди.
– Ростданми? – деди Алиса ниҳоят суҳбат учун яхши мавзу топилганидан шодланиб.
– Улар буни менга туғилмаган кунимда совға қилишган, – ўйчан гапирди Ади-Бади.
– Туғилмаган кунимга совға? – деди Алиса тушунолмай.
– Бу туғилмаган кунингда бериладиган совға, албатта.
Алиса сал-пал тушунгандай бўлди.
– Менга кўпроқ туғилган кунимда бериладиган совға ёқади, – деди у.
– Нима деяётганингни ўзинг ҳам билмайсан! – шанғиллай кетди Ади-Бади. – Бир йилда неча кун бор?
– 365 кун, – деди Алиса.
– Туғилган кунинг неча марта бўлади?
– Бир марта.
– Агар 365дан бирни айирсак қанча қолади?
– 364, албатта.
Ади-Бади шубҳаланиб қаради.
– Шуни қоғозга ёзиб ҳисобласанг яхшироқ бўларди, – деди у.
Алиса жилмайиб, чўнтагидан ён дафтарини чиқарди-да, ёзди:
365
− __1_
364
Ади-Бади дафтарчани олиб диққат билан кўздан кечиргач:
– Тўғри бажарганга ўхшайсан, – деб ғўлдиради.
– Сиз дафтаримни оёғини осмондан қилиб ушлаб турибсиз, – деди Алиса.
– Ҳа, албатта, – деди Ади-Бади Алиса тўғрилаб ушлатиб қўйгач. – Ўзим ҳам бу ғалатироқ кўринаяпти дегандим-а. Хуллас, ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, сен 364 кун туғилмаган кунингга аталган совғани олишинг мумкин.
– Албатта, – деди Алиса.
– Туғилган кунингга аталган совғани атиги бир кун оласан. Мана, сенга шон-шуҳрат.
– Шон-шуҳрат деб нимага шама қилаётганингизни билолмадим, – деди Алиса.
Ади-Бади кулди.
– Тушунмаслигинг табиий. Мен шунчаки қотилликнинг далили, демоқчи эдим.
– Аммо шон-шуҳрат қотиллик далили деган маънони англатмайди-ку, – деди Алиса.
– Қачон мен бирор-бир сўзни ишлатсам, у фақат ўзим танлаган маънонигина англатади, – деди у.
– Бундан чиқди, сиз сўзларни ҳар хил маъно англатишга мажбур қила оларкансиз-да? – деди Алиса.
– Бу ерда аслида ким хўжайин, гап мана шунда, – деди Ади-Бади.
Алиса бир нима дейишга ожиз эди, сал ўтиб Ади-Бадининг ўзи яна гапирди:
– Сўзларнинг ҳар бири ўз феъл-атворига эга… айниқса феъллар. Улар гердайган. Равишлар эса… улар билан истаганингни қилишинг мумкин. Аммо асло феълларга бундай қила кўрма. Яхшиямки, мен уларни бошқара оламан. Бўйин эгмаслар! Бу ҳақда мен, мана, нима дейман!
– Кечирасиз, “бўйин эгмаслар”нинг маъноси қандай? – сўради Алиса.
– Ана энди ўзингни ақлли болалардек тутаяпсан, – деди Ади-Бади мамнун қиёфада. – Менимча, бу мавзуда етарлича гаплашдик. Сен, яхшиси, энди нима қилмоқчилигингни айт. Ахир, қолган умрингни бу ерда қаққайиб ўтказмассан?
– Иккита сўзга шунча маъно кўп-ку? – деди Алиса ҳамон бояги сўзлар ҳақида ўйлаб.
– Қачон сўзга кўп маъно юкласам, доим қўшимча пул тўлайман, – деди Ади-Бади.
– О! – яна боши қотди Алисанинг.
– Ҳа, сен уларни шанба куни пулни олиб кетгани келишганида кўрсанг бўлади, – давом этди Ади-Бади.
(Алиса ундан нима билан тўлашини сўрамади, шунинг учун буни сизга биз ҳам айтолмаймиз).
– Сиз сўзларнинг маъносини изоҳлашда анчагина билимдон экансиз, жаноб, – деди Алиса. – Яна бир меҳрибонлик қилиб менга “Жаббервок” шеърининг мағзини чақиб беролмайсизми?
– Қани, айт-чи! Мен сенга ҳали ижод қилинган ва қилинмаган шеър­ларни ҳам изоҳлаб бера оламан.
Шунда Алиса биринчи тўртликни ўқиб берди:

Айни туш маҳал…
Шилимшиғу, калтакесак янглиғ узун бўрсиқлар,
Қум соатнинг ҳар ёнин кавлашарди тинмайин.
Ўламсадай қушу, йўлдан озган чўчқалар,
Аксиришнинг товуши улар хур-хурин бузар.

– Бошланишига етарли, – деб Ади-Бади шеърни бўлди. – “Туш маҳал” бу кундузги соат тўрт пайти, тушликка овқат иситаётган вақтинг.
– Жуда яхши. “Шилимшиқ”чи? – сўради Алиса.
– Хўш, “шилимшиқ” “шилта” ва “лим” сўзларидан олинган. Яъни, ўзига турли маъноларни олаверадиган сўзлардан иборат. Икки сўзни қўшсанг, бошқа сўз келиб чиқади.
– Энди тушунгандай бўлаяпман. “Калтакесак янглиғ узун бўрсиқлар” нима дегани?
– Бу бўрсиққа ҳам, калтакесакка ҳам ўхшаб кетадиган жониворлар.
– Уларнинг кўриниши жуда-жуда антиқа бўлса керак.
– Ҳа, шунақароқ. Улар қум соатга ин қуриб, пишлоқ билан кун кечиришади.
– Кейинги мисранинг маъноси нима?
– Улар тиним билмай тешик қазишаётганини билдиради.
– Қум соатнинг атрофидами?
– Ҳа, ўтлоқдаги қум соатнинг орқа ва олд томонларини қазишади. Ўламса қушлар – полювгичга ўхшаш жониворлар.
– Йўлдан озган чўчқалар ҳақида нима дея оласиз?
– Бу яшил рангли чўчқалар, йўлдан озганига келсак, уйига элтадиган йўл назарда тутилаяпти, менимча.
– “Хур-хур” қандай товуш бўлди?
– Бу ҳуштак билан маърашнинг ўртасидаги товуш, аксиришдан ҳам бор унда озгина. Бу шеърни қаердан топдинг ўзи?
– Мен буни китобда ўқигандим, – деди Алиса.
– Кўрганингдек, шеърларни бошқалардан аъло ўқийман, – деди Ади-Бади.
– Шак-шубҳасиз, – деди Алиса унинг шеър ўқишидан қўрқиб.
– Сенга айтиб берадиган ҳозирги шеърим кайфиятни чоғ қилади, – деди Ади-Бади Алисанинг ниятини пайқамай.
– Миннатдорман, – деди Алиса маъюс тортиб ва ўтириб олди.

Қиш пайти далалар бурканса оққа,
Қувонишинг учун куйлайман ялла.

– Лекин мен куйламаяпман, – тушунтириш киритди Ади-Бади.
– Кўриб турибман, – деди Алиса.
– Буни кўраётган бўлсанг, кўзларинг ғоятда ўткир экан, – деб давом этди Ади-Бади.

Баҳорда дарахтзор яшил бўлганда,
Юрагимдагини айтаман сенга.

– Катта раҳмат, – деди Алиса

Ёзда, кунлар бўлганда узун,
Англаб етажаксан қўшиғим мағзин.
Куз келиб дарахтлар сарғайган пайти,
Қаламни олгин-да, ёзиб ол уни.

– Ёзиб қўяман, агар шунча узоқ муддатда унутиб юбормасам, – деди Алиса.
– Гап сотишни бас қил, – деди Ади-Бади. Кейин янги шеърини бошлади:

Мен хат ёздим балиққа,
Битдим истагим ҳақда.
Денгиздаги балиқлар
Менга жавоб ёздилар.
Шундай эди бу жавоб:
“Бажаролмаймиз, жаноб…”
Хат ёздим яна бир бор,
Дедим: “Бўйсунмоқ даркор”.
Майна қилди балиқлар:
“Қаҳр нени ҳал қилар?”
Ёздим тағин, икки бор,
Маслаҳат қилмади кор.
Тоқат бўлди асти тоқ,
Олдим човгум, қўлга боқ.
Юрак ўйнарди шу дам,
Човгумга тўлдирдим дам.
Ёнимга кимдир келиб,
Деди: “Уйқуда улар”.
Жавоб бердим унга мен:
“Уйғот, қани, бўл чаққон!”
Буни айтдим бақириб,
Қулоғини қиздириб.

Ади-Бади шу жойида овозини шундай баландлатдики, гўё қичқира бошлади.

Лекин совуқ бу кимса,
“Жар солишинг шартмас” дер.
Қаламтарошни олиб,
Уйғотишга бордим мен.
Эшик берклигин кўриб,
Тепдим дарғазаб бўлиб.
Қулфланган экан у,
Тутқичидан тортдиму…

Орага сукут чўкди.
– Тугадими? – деб сўради Алиса.
– Ҳа, ниҳоясига етди. Хайр! – деди Ади-Бади.
Алиса кутилмаган хайрлашувдан ҳайрон қолди. У ўрнидан туриб:
– Кўришгунча хайр! – деди.
– Борди-ю, яна учрашсак ҳам сени танимайман, – деди жавобан Ади-Бади ва бармоқларини хайрлашгани узатаётиб. – Сен бошқа одамлар билан бир хилсан, – деб қўшиб қўйди.
– Юзимга қарасангиз, таниб оласиз. Одамларни юз-кўзидан фарқ­лашади, – деди Алиса ўйга чўмиб.
– Муаммо ҳам шунда-да. Сенинг юзинг ҳам ҳамманикидек. Иккита кўз, ўртада бурун, тагида эса оғиз. Доимгидек бир хил. Агар кўзларинг бурнингни бир томонида ёки оғзинг юқорида бўлганида, бу ажратиб олишга ёрдам берарди.
– Унда рисоладагидек бўлмасди, – эътироз билдирди Алиса.
У бир муддат Ади-Бадининг гапиришини кутди, аммо у на юмиб олган кўзларини очди, на қизчага қаради. Алиса ноилож яна бир бор “Хайр!” деди-да, ҳамсуҳбатининг жавобини ҳам кутмай нари кетди. Юриб бораётиб у:
– Бунинг бари бетайин, – дейишдан ўзини тия олмади. – Учратганларим орасида энг бемаъниси…
У гапини тугатишга улгурмай даҳшатли наърани эшитди.

7. Арслон ва Яккашох

Зум ўтмай ўрмонга аскарлар бостириб келишди. Кўз очиб юмгунча улар бутун ўрмонни эгаллади. Алиса дарахт ортига яшириниб уларни кузатарди. У оёқда туришни ҳам эплолмайдиган бунақа аскарларни сира кўрмаганди. Бири йиқилиши билан бошқалари ҳам унинг устига ағанарди, шу тахлит ер аскарлар билан тўлиб кетди.
Кейин отлар келди. Уларнинг оёқлари тўртта бўлса ҳам аскарлар каби тик туришга нўноқ эди. Алиса кетиш учун қулай фурсат келди, деб ҳисоблаб жўнаб қолди. Ниҳоят, у ўрмондан ялангликка чиқди ва у ерда Оқ Қиролга дуч келди. Қирол ерга ўтириб олиб, ён дафтарига нималарнидир ёзиш билан овора эди.
– Мен уларнинг ҳаммасини жўнатдим. Ўрмондан келаётиб аскарларга кўзинг тушмадими, азизам? – деди уни кўриши билан Қирол қувониб.
– Кўрдим, мингтача эди, чамамда, – деди Алиса.
– Аниқроғи, тўрт минг икки юз еттита, – деди Қирол дафтарига қараб. − Отларнинг барини жўнатолмадим. Улардан иккитаси ўйин учун керак эди. Бир жуфт хабарчини шаҳарга кетгани боис юборолмадим. Йўлга қара-чи, агар бирортасини кўрсанг, дарров менга айт.
– Ҳеч ким кўринмаяпти, – деди Алиса.
– Шундай ўткир кўзим бўлганда эди, – деди Қирол. – Ҳеч кимни илғаганингни қара-я! Тағин шундай масофадан!
Алиса ҳануз йўлдан кўзини узмасди.
– Кимнингдир қораси кўриняпти! – деди у ниҳоят. – Аммо у жуда секин… ва ғоятда кулгили тарзда юриб келаяпти.
Хабарчи илонбалиқдек мункиб-мункиб келар, бурилганда эса қўлларини елпиғичдай ёйиб оларди.
– Келаётган англо-саксон хабарчиси ва у англо-саксонча юриб келаяпти. У хурсанд бўлса, шундай қилпанглаб юради. Исми эса Қуён.
– Севгилимнинг исми бошланар “Қ”дан, – Алиса ўзини тия олмай дугоналари билан ўйнайдиган сўз ўйинини айтиб юборди. – Чунки у ­доимо қувноқ. Ёмон кўрганимнинг оти ҳам бошланар “Қ”дан, боиси у жуда қилтириқ. Уни тўйдирдим бир кун қуймоққа. Ва у яшар…
– Ва у яшар баланд бир қирда, – деди Қирол Алиса “Қ”дан бошланадиган жой номини топгунича. − Яна бир хабарчининг исми Каллаварам. Билганингдек, менда улар иккита, бири боришга, бири келишга.
– Ўтинаман… – деди Алиса.
– Тиланиш яхши ишмас, – қизнинг гапини бўлди Қирол.
– Тушунтириб беришингизни ўтиниб сўрамоқчи эдим. Нега бири келишга, бошқаси боришга?
– Буни айтмаганмидим? Менда улар иккита бўлиши шарт. Олиб боргани ва олиб келгани.
Шу пайт хабарчи келиб қолди. У нафаси тиқилганидан ҳарчанд гапиришга уринса-да, ҳеч нима дея олмас, фақат қўлларни силкитиб аянчли аҳволда Қиролга қараб турарди.
– Сен мени қўрқитаяпсан. Ўзимни ёмон ҳис қилаяпман. Менга сэндвич узат, – деди Қирол.
Хабарчининг халтасини очиб сэндвични олганини кўрган Алиса ҳайрон бўлиб қараб қолди. Қирол уни очкўзларча апил-тапил еб қўйди.
– Яна! – деди Қирол.
– Пичандан бўлак ҳеч вақо қолмади, – деди хабарчи халтасини ковлаштириб.
– Унда пичанни узат, – шивирлади Қирол.
Унинг анча ўзига келиб қолганидан Алисанинг кўнгли ёришди.
– Ўзингни ёмон ҳис қилганингда, ҳеч нарса пичандек наф бермайди, – деди у Алисага.
– Йўлда кимни учратдинг? – деб сўради Қирол хабарчидан пичанни олаётиб.
– Ҳеч кимни, – деди хабарчи.
– Тўппа-тўғри. Мана бу ёш хоним ҳам уни кўрди. Ҳеч ким сендан тезроқ юришига ишончим комил!
– Қўлимдан келганича ҳаракат қилдим. Ҳеч ким мендан тезроқ юра олмаслигига ишонаман, – деди ранжиб хабарчи.
– У югура олади. Қани энди нафасингни ростлаган бўлсанг, бизга шаҳарчада нималар бўлганини айтиб бер-чи, – деди Қирол.
– Буни фақат қулоғингизга айтаман, – деб хабарчи Қиролга яқин келди. Алиса хафа бўлди, ахир, у ҳам шаҳарда нималар рўй берганига қизиқаётганди-да. Бахтига, хабарчи шивирлаш ўрнига бор овози билан бақирди:
– Улар яна ўз билганларидан қолмаяпти!
– Улар деганингиз ким? – сўради Алиса.
– Арслон ва Яккашох-да, албатта, – деди Қирол.
– Тож учун курашми?
– Ҳа. Энг кулгили томони, менинг тожим учун! Қани, уларни бориб кўрайлик-чи.
Қирол ва хабарчи ўша ёққа югуриб кетишди. Алиса ҳам чопаётиб қадимги қўшиқни минғирлаб такрорларди:

Тож учун жанг қилмоқда Яккашох билан Арслон,
Чор-атрофин қуршаган ғала-ғовур оломон.
Беришар оқ-қора нон, олхўри-пирог биров,
Дўмбира садолари кейин ҳайдар шаҳардан.

– Ким… ютса… тож… шуники… бўладими? – сўради Алиса югураётиб нафаси тиқилгани боис узуқ-юлуқ гапираркан.
– Йўқ, азизам! Бу бемаъни фикр хаёлингга қаердан келди? – деди Қирол.
– Марҳамат қилиб… балки бир дақиқага… тўхтармиз… нафас ростлагани…
– Мен марҳаматлиману, аммо буни тўхтатадиган даражада кучли эмасман. Биласан-ку, дақиқалар елдек учади!
Ниҳоят, улар жанг қилаётган Арслон ва Яккашохни қуршаб турган оломонга яқин келишди. Иккови шундай чанг-тўзон кўтарардики, аввалига Алиса улардан қайбири Арслон, қайбири Яккашохлигини билолмади. Аммо Яккашохнинг шохидан уни таниб олди.
Каллаварам, яъни иккинчи хабарчи ҳам шу ерда уларни томоша қилаётганди. Унинг бир қўлида финжонда чой, наригисида эса бутерброд бор эди.
– У ҳозиргина қамоқдан чиқди, – шивирлади Қуён Алисага. – У ерда фақат чиғаноқ билан боқишган. Шунинг учун у жуда очиққан, чанқаган. Қалайсан, болакай? – деди у Каллаварамнинг елкасига қўлини қўйиб.
Каллаварам ўгирилиб бош ирғади-да, кавшанишда давом этаверди.
– Қамоқда маза қилдингми, болакай? – деди Қуён.
Бу сафар Каллаварам кўзига ёш олиб бир қараб қўйди-да, лом-мим демади.
– Гапиролмай қолдингми?! – қичқирди Қуён, аммо Каллаварам ҳамон тинмай кавшанарди.
– Гапирсанг-чи! – бақирди Қирол. – Улар қандай жанг қилишаяпти?
– Яхши. Ҳар бири саксон етти марта оёғидан зарба еди, – деди Каллаварам.
– Менимча, тез орада уларга оқ ва қора нон тарқатилса керак, – деди Алиса.
– Шуни кутишаяпти. Еяётганим ҳам ноннинг бир бурдаси.
Шу пайт танаффус эълон қилинди. Қирол: “Ўн дақиқа дам олинг!” дегач, Каллаварам ва Қуён нонни тарқатишга киришиб кетишди. Алиса таъмини билиш учун бир бурда олди, аммо нон қотиб қолган, тошдай қаттиқ экан.
– Ўйлашимча, улар бугун ортиқ уришолмайди. Бор, ноғорачиларга айт, бошлайверишсин, – деди Қирол Каллаварамга.
Каллаварам чигирткадек сакраб-сакраб жўнаб кетди. Алиса унинг ортидан жим кузатиб турди. Қўққисдан у:
– Қаранг, қаранг, Оқ Қиролича мамлакат бўйлаб югуриб кетаяпти! У жуда чопағон-а? – деди.
– Ортидан душман тушгани аниқ. Ўрмон ёвларга тўла, – деди Қирол у ёққа қараб ҳам қўймай.
– Сиз-чи, унга ёрдам бермоқчимасмисиз? – ажабланди Алиса унинг бепарволигидан.
– Фойдаси йўқ! – деди Қирол. – У ҳаддан ташқари тез югуради. Бу худди Бандерснэчни тутишга урингандай гап. Истасанг, Қиролича ҳақида ён дафтаримга қайд қилиб қўяман… У беназир Қиролича. “Қиролича” сўзи икки “о” билан ёзилармиди? – минғирларди у ўзича дафтарини очаётиб.
Шу пайт қўлларини чўнтагига тиққанча Яккашох улар томон кела бошлади.
– Бу сафар мен олдиндаман-а? – деди у Қиролга тик қараб.
– Бироз… Бироз. Уни шохинг билан сузмаслигинг кераклигини билардинг-ку, – асабий жавоб берди Қирол.
– У жароҳатланмади, – деди Яккашох бепарво ва йўлида давом этаётиб, кўзи туйқус Алисага тушди. У ортга ўгирилиб, қизга нафрат билан ўқрайди.
– Бу… нима? – сўради у ниҳоят.
– Бу қизалоқ! – жавоб қилди Қуён Алиса қаршисида туриб англо-саксонча тавозе билан таништираркан. – Биз уни бугун топиб олдик. У ҳақиқий ва икки карра табиий.
– Мен уларни фақат махлуқчалар ҳақидаги чўпчакларда бўлишади, деб ўйлардим. Унинг жони борми? – деб сўради Яккашох.
– У ҳатто гапира олади, – деди Қуён.
– Қани, гапир-чи, қизалоқ! – деди Яккашох Алисага қараб.
Алиса табассумини яширолмади ва кулиб гап бошлади:
– Биласизми, мен ҳам Яккашохларни фақат эртакларда бўлади, деб ўйлардим. Авваллари ҳечам тирик Яккашохни кўрмовдим.
– Хўш, ана энди бир-биримизни ўз кўзимиз билан кўрдик. Агар менга ишонсанг, мен ҳам сенга ишонаман. Келишдикми?
– Ҳа, агар шуни истасангиз, келишдик, – деди Алиса.
– Олхўрили пирогингни тарқата қол, қария, – деди Яккашох Қиролга ўгирилиб. – Қора нонингни оғзимга ҳам олмадим.
– Албатта, албатта, – деди Қирол ва Қуёнга қараб: – Халтангни оч! Йўқ, бунисинимас, у пичан билан тўла-ку, – деб шивирлади.
Қуён халтадан пирогни чиқариб Алисага тутқазди, яна у патнис билан пичоқни ҳам олди. Алиса буларнинг ҳаммаси халтага қандай сиққанини тасаввур ҳам қилолмади. Буни у кўзбўямачиликка йўйди.
Бу воқеалар рўй бераётганида Арслон ҳам уларнинг даврасига қўшил­ганди. У буткул ҳолдан тойганидан кўзлари юмилай-юмилай дерди.
– Бу нима? – деди у Алисани кўриб дўриллаган овозда.
– Унинг нималигини сен ҳечам тополмайсан! Бунга қурбинг етмайди! – дағдаға қилди Яккашох.
Арслон Алисага разм солди-да:
– Сен ҳайвонмисан, сабзавотми ё минералмисан? – деб сўради.
– Бу эртаклардаги махлуқ! – бақириб тушунтирди Яккашох Алиса жавоб бергунча.
– Қани, олхўрили пирогни бўл-чи, Махлуқча, – деди Арслон ўтириб, иягини панжасига тираганча. – Икковинг ҳам ўтир (Қирол ва Яккашохга). Фақат пирог адолатли тақсимлансин.
Қирол бу икки баҳайбат мавжудотнинг ўртасида ўтириб қолганидан унчалик хурсанд эмас эди-ю, бироқ начора, бошқа жой ҳам йўқ. Алиса катта идишни тиззасига қўйиб ариқ бўйига чўкди ва пирогни тақсимлашга киришди.
– Жуда қулоқсиз пирог экан! Аллақачон кесган бўлагим яна қайтадан бирлашиб қоляпти! – деди у.
– Сен кўзгу орти пирогини қандай кесишни билмайсан. Аввал уни тақсимла, кейин кес, – эътироз билдирди Яккашох.
Бу гап Алисага бемаънидек эшитилган бўлса-да, шундай қилди. У идишни ҳамманинг олдига бир-бир кўтариб олиб борди, шунда пирог ўз-ўзидан учга бўлинди.
– Ана энди кес, – ўргатди Арслон Алиса жойига бўш идиш билан ўтираркан.
– Айтгандим-а! Бу ноҳақлик! – дея қичқирди Яккашох Алиса пичоқни ушлаб нима қиларини билмай турганда. – Махлуқнинг Арслонга берган бўлаги меникидан икки баравар катта-ку!
– У ўзига бир тишлам ҳам олиб қолмабди. Махлуқжон, сенга олхўрили пирог ёқмайдими? – сўради Арслон.
Алиса жавоб беришга улгурмай, ноғоралар чалишни бошлади. У ноғораларнинг овози қаердан келаётганини англолмасди. Бутун чор-атроф ноғора товушига тўлган, бошининг устидан ҳам келарди бу шовқин. У оёғи остидаги ариққа қаради-да, ундан ҳатлаб ўтди.
Сакраб ўтаётиб у Арслон ва Яккашохнинг ҳаловати бузилиб, ўрнидан туришганини кўрди. Алиса даҳшатли шовқиндан қулоқларини қўли билан маҳкам беркитиб олди.
– Агар уларни шу ноғоралар шаҳардан ҳайдаб чиқармаса, бошқаси бу ишни қилолмайди, – деди у ўзига-ўзи.

8. Бу менинг кашфиётим

Шовқин-сурон тингач, Алиса атрофга қаради. Ҳеч ким йўқлигини билиб, Арслон ва Яккашохни тушимда кўрибман-да, деган ўйга борди. Аммо сал ўтмай оёқлари остидаги идишга кўзи тушгач, “Ҳар қалай, тушим эмас экан”, деди ўзига-ўзи. “Фақат биз ҳаммамиз бир тушнинг бўлаги бўлмасак! Ва бу туш Қора Қиролники эмаслигига умид қиламан! Бошқаларнинг тушига тегишли бўлишни жиним суймайди!”
Унинг ўй-хаёлларини туйқусдан “Ҳей! Ҳей! Кишт!” деган овоз бўлди. Қора кийимли Рицарь у томон елдек учиб келарди. У етиб келиши билан отининг жиловини тортди-да:
– Сен менинг асирамсан! – деб жар солди.
Алиса асира бўлганидан эмас, Рицардан хавотирда эди. Рицарнинг оти тўхташи билан у ерга қулаб тушди. Қайта эгарга жойлашгач эса:
– Сен менинг… – дея оғиз очувди, яна бир бошқа овоз эшитилди.
– Ҳей! Ҳей! Кишт! – деб янги душман келиб қолди. Алиса унга ҳам ажабланиб қараб тураверди.
Бу сафар от қўйган Оқ Рицарь эди. У ҳам Қора Рицардек тўхташи ҳамоноқ ерга ағнади. Отига қайта мингач эса икки рицарь бир-бирига анча пайт ёвқараш қилиб турди. Алиса бир унисини, бир бунисини томоша қиларди.
– Билганингдек, у менинг асирам! – деди ниҳоят Қора Рицарь.
– Тўғри, аммо кейин мен уни озод қилдим! – деди унга жавобан наригиси.
– У ҳолда жанг қиламиз! – деб Қора Рицарь дубулғасини олиб кийди (унинг эгарга осилган дубулғаси от шаклида эди).
Улар шунчалик аёвсиз жанг қилардики, Алиса халақит бермаслик учун дарахт ортига беркинди.
– Қизиқ, жанг қоидалари қанақа экан-а? Агар улардан бири бошқасини урса, у отдан йиқилади, мабодо зарбани ўтказиб юборса, биринчиси отдан ағанайди… бунча шовқин солишмаса! Отлари эса пинагини ҳам бузишмайди-я! Гўё рицарлар стулга чиқиб жанг қилишаётгандай! – деди Алиса ўзига-ўзи уларни кузатаётиб.
Рицарлар нуқул боши билан йиқилишар, бу ҳам бир қоида бўлиб, Алиса буни ҳали пайқамаганди. Уруш иккала рицарнинг ағанаши билан ниҳоясига етди. Улар ўринларидан туриб қўл сиқишди ва Қора Рицар ғизиллаб жўнаб қолди.
– Бу ғалаба, шундай эмасми? – деди Оқ Рицар Алисага.
– Билмадим. Мен кимнингдир асираси бўлишни хоҳламайман. Қиролича бўлсам дейман, – деди Алиса иккиланиб.
– Кейинги ариқдан ўтсанг, мақсадингга етасан. Сени ўрмон чегарасигача қўриқлаб бораман. У ёғига ўтолмайман, биласан-ку. Фақат ўша ергача боришим мумкин.
– Миннатдорман! Дубулғангизни ечишга ёрдам берайми? – деди ­Алиса.
Рости, бу осон кечмади, аммо амаллаб дубулғани ечиб олди.
– Мана энди нафас олишим анча енгиллашди, – деди Рицарь сочларини орқага сермагач, Алисага мамнун бўлиб меҳрибон кўзларини тикканча.
Алиса бунақанги ғаройиб жангчини ҳеч кўрмаганини ўйларди. Рицарь ўлчами ўзига мутлақо тўғри келмайдиган зирҳни кийиб, елкасига почта қутисининг оғзини пастга қаратиб осиб олганди. Алиса қутини синчковлик билан томоша қилди.
– Сенга менинг митти қутим ёқиб қолди, чоғи, – деди Рицарь дўстона оҳангда. – Бу менинг шахсий кашфиётим. Унда кийим-кечакларимни, яна сэндвичларни сақлайман. Ичига ёмғир тушмаслиги учун, кўриб турганингдек, уни тескарисига осиб олдим.
– Аммо бунақада ичидагилари тушиб кетади-ку? Унинг очиқлигини биласизми? – деди Алиса хушмуомалалик билан.
– Бундан хабарим йўқ эди! Шунинг учун ҳам буюмларим унда турмаётган экан-да! Уларсиз қутидан нима фойда!
Шундай деб Рицарь уни шох-шаббалар томон ирғитмоқчи бўлди-ю, аммо хаёлига қутини шохга осиб қўйиш фикри келиб, эҳтиёткорлик билан уни дарахтга илиб қўя қолди.
– Нега бундай қилганимни биласанми? – деди у Алисага.
Қиз бош силкиди.
– Унга асаларилар ин қуради, деган умидда шундай қилдим. Кейин мен ундан асал олиб тураман.
– Аммо сизда арихона бор экан-ку. Ҳар қалай шунга ўхшаш… ана, эгарга боғланган, – деди Алиса.
– Ҳа, бу жуда яхши арихона, аммо ҳали бирорта ари келгани йўқ. Наригиси сичқон ини. Шу сичқонлар ариларни келишга қўйишмаяптими дейман… ёки аксинча, арилар сичқонларга йўл беришмаётгандир, билмадим, – деди Рицарь.
– Сичқон ини нимага керак? Менимча, сичқонлар отнинг орқасида яшамайди, – деди Алиса.
– Эҳтимол, яшар, – деди Рицарь ва бироз жим тургач, қўшиб қўйди. – Ҳар нарсага тайёр туриш керак. Шунинг учун ҳам отнинг тўпиқларида ҳалқалари бор.
– Нима учун? – қизиқди Алиса.

– Наҳангларнинг тишларига қарши-да! Бу ҳам каминанинг ихтироларидан, – жавоб берди Рицарь. – Қани, отга чиқиб олишимга кўмаклаш-чи, сени ўрмон чегарасигача олиб бораман… Анави идиш нимага керак?
– Олхўрили пирог учун.
– Уни ўзимиз билан ола қоламиз. Олхўрили пирог учраса, у асқотади. Халтага солишга кўмаклашиб юбор-чи.
Алиса билан Рицарь икковлашиб уни халтага жойлашга уринсалар-да, бунинг сира уддасидан чиқишолмади. Рицарь идишни солаётиб, бесўнақай ҳаракат қилганидан икки-уч марта ўзи халтага тушиб қолди.
– Кўрганингдек, бу осон иш эмас! Халтада бир талай шамдонлар бор-да, – деди ишни уддалашгач Рицар. У сабзи-ю, камин асбоблари ва яна ҳар хил тақир-туқурларга тўла халтани эгарга илиб қўйди.
– Сочларинг яхши ёпиштирилган деб умид қиламан, – деди Рицарь йўлга тушишлари билан.
– Ҳар доимгидек, – жилмайиб қўйди Алиса.
– Бу етарли эмас! Бу ерда шамол шунақанги кучли эсадики, нақ илдизи билан суғуриб олади-я! – деди Рицарь ташвишланиб.
– Бунга қарши бирор кашфиёт ўйлаб топмаганмисиз? – сўради Алиса.
– Ҳозирча йўқ, аммо соч тўкилишига қарши чора топганман, – деди Рицарь.
– Жон-жон деб эшитаман.
– Аввалига сочларингни эҳтиёткорлик билан мевали дарахт шохларидек тикка қиласан. Соч тўкилишининг асосий сабаби, мен сенга айтсам, уларни пастга қараб осилиб туришидир. Юқорига қараб ўсса, сира тўкилмайди. Бу ҳам ўзимнинг кашфиётим. Истасанг, ундан фойдаланишинг мумкин.
Алисага бу чора унчалик маъқул келмади. У шу ҳақда ўйлаб жим кетар, фақат вақти-вақти билан отда юришга нўноқ Рицарга кўмаклашгани тўхтарди. Ҳар гал от тўхташи билан (бу ҳол кўп такрорланарди) Рицарь олдинга йиқилар, жонивор юриши ҳамоноқ (бу ҳам тез-тез рўй берарди) у орқага ағнарди.
– От минишда тажрибангиз камроқ шекилли, – деди Алиса бешинчи марта йиқилган Рицарга қарашаётиб. Рицарь хафа бўлгандек, унга қаради-да:
– Нега бундай деяпсан? – деди эгарга жойлашаётиб.
– Чунки одамлар бу борада тажрибасиз бўлишсагина шундай тез-тез йиқилишади.
– Менинг тажрибам катта!
Алиса бу вазиятда энг яхшиси “Ростданми?” деб сўраган маъқул деган ўйда иложи борича самимий оҳангда шундай деди. Улар жим қолишди. Ҳар сафар навбатдаги йиқилишда Рицарь кўзларини юмиб олар, Алиса эса буни кутиб турарди.
– От минишда энг муҳими, – Рицарь қўлларини силкитиб гап бошлади, – мувозанат…
Шундай деб у яна ағнади. Гап қандай кутилмаганда бошланган бўлса, шундай қўққисдан узилиб қолди. Бу гал у Алиса юраётган йўлакка ағнади.
– Суюкларингиз синмадими? – сўради Алиса чўчиб.
– Бирортаси ҳам, – деди Рицарь. Аслида у икки, учта суяги синишига ҳам қарши эмасди. – От минишда, энг муҳими, боя айтганимдек… мувозанат сақлаш… худди ҳозиргидек, билдинг.
У қулочларини ёйиб нима демоқчилигини тушунтираётиб, бу сафар нақ отнинг туёқлари остига чалқанчасига учиб тушди.
– Бу жуда кулгили! Аслида сиз болаларнинг ўйинчоқ отини минсангиз бўларкан, – деди Алиса тоқати-тоқ бўлиб.
– Яхши, ўша отдан битта ола қоламан. Битта, иккита ёки бир нечта, – деди Рицарь ўйчан қиёфада.
Уларнинг сукут сақлашлари узоққа чўзилмади. Рицарь яна гап бошлади:
– Мен кашфиётлар қилишга жуда устаман. Охирги марта мени турғизаётганингда ўйчанлигимга эътибор қилдингми? Чунки ўша пайт дарвозадан ошишнинг янги йўлини ўйлаб топаётувдим. Қандайлигини эшитмоқчимисан?
– Бажонидил, – деди Алиса мулойим оҳангда.
– Буни қандай амалга оширишни айтиб бераман. Ўша пайт ўзимга-ўзим шундай деяётгандим: ягона муаммо – оёқлар, бош шундоқ ҳам тепада. Биринчи бўлиб бошни дарвоза пештоқига қўяман-да, унга чиқиб оламан. Қарабсанки, оёқлар ҳам керакли баландликда бўлади ва ошиб ўтавераман.
– Менимча, бунқада ағнашингиз ҳеч гапмас. Ҳар қалай, бу жуда мураккаб-ку?
– Буни ҳали синаб кўрганимча йўқ. Шунинг учун бирор тайинли гап айтолмайман. Бироқ ўзим ҳам қийинроқ бўлишидан ҳайиқиб турибман.
– Дубулғангиз антиқа экан, – деди Алиса мавзуни ўзгартириш кераклигини англаб. – Бу ҳам ўзингизнинг ихтироларингизданми?
Рицарь дубулғасига ғурурланиб қараб олди-да, тушунтирди:
– Ҳа. Бундан-да яхшироқ биттасини ихтиро қилувдим. Отдан учиб кетганимда дубулға мендан олдин ерга тушарди, натижада мен қисқароқ масофага йиқилардим. Аммо ёмон тарафи, унинг ичига тушиб қолишим мумкин эди. Бир марта шундай ҳам бўлди. Энг ёмони, Оқ Рицарь уни шартта кийиб олди. У дубулғани ўзиники, деган ўйга борган экан.
– Ишқилиб, унинг бошига шикаст етказмадингизми? – деди Алиса овози титраб.
– Уни тепишимга тўғри келди, албатта, – деди Рицарь жиддий оҳангда. – Шунда у дубулғани ечди. Ундан чиқишимга эса соатлаб вақт кетди. Менинг ёруғлик тезлигида ҳаракат қилишимни биласан-ку.
– Бироқ бу тезликнинг бошқача тури-ку? – деди Алиса.
Рицарь бошини сарак-сарак қилди.
– У ерда тезликнинг барча тури бор эди. Униси ҳам, буниси ҳам, – деб қўлларини кўтаргани ҳамоно яна учиб тушди.
Алиса югуриб унинг ёнига борди. Бу гал Рицарь ростдан ҳам шикастланишидан хавотирда эди. Алиса унинг оёқларидан бошқа ҳеч нимани кўрмади, дарвоқе, Рицарнинг овози ҳам эшитиларди.
– Тезликнинг барча тури, – қайтарди у. – Бироқ бировнинг, камига эгаси ичида бўлган дубулғасини кийиб у эҳтиётсизлик қилганди.
– Каллангиз ерга кириб қолган бўлсаям, хотиржам гапирасиз-а? – деди Алиса уни оёқларидан тортаркан.
Рицарь унинг саволидан ажабланди.
– Танамнинг қаерда бўлишининг нима аҳамияти бор. Миям доим бир хилда ишлайверади. Аслида оёғимни осмонга қанча кўп кўтариб турсам, шунча яхши ихтиролар қила оламан.
Рицарь бироз жим тургач, ер остидан паст овозда гапиришда давом этди:
– Қилган ихтироларимдан энг аълоси пудинг бўлган. Бундай пудинг қачондир пиширилганига ҳам, пиширилишига ҳам ишонмайман! У мен кашф этган энг ақлли пудинг.
– У нимадан тайёрланади? – саволга тутди Алиса унинг овози ҳазин бўлиб қолганини сезиб.
– Сиёҳшимгичдан, – жавоб берди Рицарь.
– Ундан рисоладагидек пирог чиқмас-ов…
– Битта ўзидан дуруст чиқмайди. Порох ёки сургучга ўхшаш бирор нарса қўшиш керак. Шу ерда сени қолдириб кетишим керак, – деди улар ўрмон четига келиб қолишганда.
Алисанинг хаёли пудинг билан банд эди.
– Хомуш тортиб қолдинг. Сенга қўшиқ айтиб берақолай, – деди Рицарь.
– Узун эмасми? – деб сўради кун бўйи неча бор қўшиқ тинглашига тўғри келгани учун Алиса.
– Узун. Аммо жуда-жуда чиройли. Уни ким эшитса, кўзига ёш келади ёки…
– Нима ёки? – сўради Рицарь Алиса жим бўлиб қолгач.
– Ёки келмайди. Қўшиқнинг сарлавҳаси – “Олабуғанинг кўзлари”.
– О, қўшиқ шундай номланса керак-да, а? – деди Алиса қизиқиб кетиб.
– Йўқ, тушунмадинг. Сарлавҳаси шундай номланади. Аслида қўшиқ “Қария” деб номланади.
– Унда мен қўшиқнинг номи қандай десам тўғри бўларкан-да?
– Йўқ. Қўшиқнинг номи бутунлай бошқа – “Йўллар ва маънолар”.
– Хўш, қўшиқ ўзи қандай экан? – деди Алиса чалкашиб кетиб.
– Энди шуни айтмоқчи эдим. Ростини айтсам, қўшиқ – “Дарвозада ўтириб”. Куйи ўзимга тегишли.
У отини тўхтатиб, ҳам раҳмдил, ҳам аҳмоқона юзига табассум ёйилиб, қўлларини тебратиб куйлай бошлади.
Бу Алиса кўзгу ортига қилган саёҳати давомида бутун умр эслаб юрадиган воқеа эди. Йиллар ўтса-да, Алиса кейин ҳам шу ҳолатни майда тафсилотларигача ёдда сақлаб қолди. У Рицарнинг мовий кўзларини, меҳрли табассумини, сочлари узра нур сочаётган қуёшни, отнинг оҳиста одимини, ўрмонда ортида қолган кўланкалару, дарахт ёнида уйқусираб қўшиқ тинглаганини – барча-барчасини хотирлай оларди.
Рицарь балладасининг сўнгги сартларини куйлаб бўлгач:
– Тепаликдан пастгача беш ярд қолди, ариқчадан ўтиб, Қиролича бўласан… Бироқ, олдинига менинг кетишимни кузатиб туролмайсанми? – деди.
Алиса у кўрсатган томонга энди бурилаётувди, у яна:
– Кўп кутишингга тўғри келмайди. Сўқмоқдан қайрилаётганимда қўлингни силкитиб қўйсанг бўлгани, – деди.
– Албатта. Кузатиб қўйганингиздан жуда миннатдорман. Қўшиқ учун ҳам раҳмат. У менга жуда ёқди, – деди Алиса.
– Шундай деб умид қиламан. Фақат кутганимдек кўзёш тўкмадинг.
Улар қўл сиқишди ва Рицарь ўрмон ичкарисига равона бўлди.
– Кузатишимга кўп вақт кетмас, – деди ўзига-ўзи Алиса унинг ортидан қараб қоларкан. – Яна йиқилди! Одатдагидек, боши билан. Шунга қарамай, тағин осонгина отга миниб олди.
Рицарь аввал бир томонга, кейин бошқа томонга ағанай-ағанай кетиб борарди. Тўртинчи ёки бешинчи марта йиқилганидан сўнг у ўгирилиб қаради, Алиса унга қўл силкиди ва у кўздан ғойиб бўлгунча шу тахлит тураверди.
– Қани энди сўнгги ариққа – Қиролича бўлгани олға! Жуда улуғвор жаранглаяпти-да ўзиям!
Бир-икки қадам босгач, у ариққа етиб келди.
– Ниҳоят сакказинчи катак! – ҳайқирди у ўтаётиб ва ўзини юмшоққина гулларга бурканган майсазорга отди. – О, бу ердалигимдан шундай бахтиёрманки! Бошимдаги нима? – ажабланди у бошидаги оғиргина нарсани пайпаслаб кўраркан. – Бу қандай қилиб сездирмай бошимда пайдо бўлиб қолди? – деб у ўша нарсани қўлига олди.
Бу олтин тож эди.

9. Қиролича Алиса

– Ажойиб! – деди Алиса ўзига-ўзи. – Бунчалик тез Қиролича бўламан деб ўйламовдим… Сизга, Ҳазрати олиялари, мана, нима демоқчиман: ўтлоқда бундай чўзилиб ётиш ярамайди! Кимлигингизни зинҳор унутманг!
Ҳаммаси бир зумда, ғаройиб тарзда рўй бергани боис, Алиса икки ёнида Қора ва Оқ Қироличаларни кўриб зиғирча ажабланмади. Улар бу ерга қандай келиб қолишганини сўрамоқчи бўлди-ю, лекин бу бетгачопарлик бўлишини ўйлаб фикридан қайтди.
– Марҳамат қилиб айтсангиз… – деди ниҳоят у Қора Қироличага юзланиб.
– Сенга қачон мурожаат қилишсагина гапиргин! – деб унинг гапини бўлди Қиролича.
– Аммо ҳамма шу қоидага амал қилса, яъни гапиришсагина оғиз очадиган бўлсангиз, бошқалар сизнинг мурожаатингизни кутса-чи? У ҳолда, кўриб турганингиздек ҳеч ким ҳеч нарса демайди, бундан эса… – бидирлади доим баҳслашишга тайёр Алиса.
– Аҳмоқона мулоҳаза! – қичқирди Қиролича. – Нега тушунмайсан, қизалоқ? – деди кейин ўйланиб. Сўнг мавзуни ўзгартирди-да:
– Ўзингни Қиролича деб аташга нима ҳаққинг бор? То имтиҳондан ўтмагунингча Қиролича бўлолмайсан. Имтиҳонни эса, яхшиси, тезроқ бошлай қоламиз.
Икки Қиролича бир-бирига қараб олишди ва Қораси Алисага:
– Доим ҳақиқатни сўзла. Гапиришдан олдин ўйла, кейин эса гапингни ёзиб қўй, – деди.
– Буни назарда тутмаганимга ишончим комил… – деб эътироз билдиргани ҳамоноқ Қиролича:
– Маънисиз гаплардан нима фойда, ўйлаб кўр. Ҳатто ҳазилларда ҳам қандайдир маъно бўлиши керак. Сен ҳатто икки қўллаб ҳаракат қилсанг ҳам буни инкор этолмайсан, – деди.
– Мен ҳечам икки қўллаб рад этмайман, – деди Алиса.
– Ҳеч ким сени шундай қилади, деяётгани йўқ. Мен агар уриниб кўрсанг ҳам қилолмайсан дедим, – тушунтирди Қора Қиролича.
– У ҳам шундай демоқчи эди, – гапга аралашди Оқ Қиролича. − У бирор нарсани инкор этишни истайди-ю, нималигини билмайди!
– Феълингга чидаб бўлмайди, – эътироз билдирди Қора Қиролича. Орага ноқулай жимлик чўкди.
Қора Қиролича сукутни бузиб Оқ Қироличага:
– Сизни тушликдаги Алисанинг базмига лутфан таклиф қиламан, – деди.
Оқ Қиролича ҳам жилмайиб:
– Мен эса сизни таклиф қиламан, – деди.
– Менинг базмдан сира хабарим йўқ. Агар меҳмонларни таклиф қилиш керак бўлса, буни фақат ўзим бажаришим керак-ку, ахир.
– Ҳозир сенда шундай имкон бору, аммо ўйлашимча, сен етарлича одоб-ахлоқ дарсларини олмагансан.
– Одоб-ахлоқ дарсда ўқитилмайди. Дарсларда ҳисоб-китоб ва шунга ўхшаш нарсалар ўргатилади, – деди Алиса.
– Сенга қўшишни ўргатишганми? Қани бирга бирни, унга яна бирни, яна бирни, яна бирни, унгаям бирни, кейин яна бирни, яна бирни ва яна бирни қўшсак неча бўлади? – сўради Оқ Қиролича.
– Билмадим. Ҳисобдан адашиб кетдим, – деди Алиса.
– У қўшишни билмас экан, – деди Қора Қиролича. – Айиришни-чи? Саккиздан тўққизни айирсак неча бўлади?
– Саккиздан тўққизни? Билолмадим, – деди Алиса.
– Айиришдан ҳам бехабар. Бўлишни-чи? Нонни пичоқда бўлсак… жавоби қандай бўлади?
– Менимча… – дейиши билан Қора Қиролича Алисанинг гапини бўлиб:
– Бутерброд бўлади-да, – деди. – Майли, яна айиришдан савол бера қоламиз. Итдан суюкни айирсак нима қолади?
Алиса ўйлади.
– Суюкнинг қолмаслиги аниқ. Уни айирсам, ит ҳам қолмайди. У мени тишлайди. Демак, мен ҳам қолмайман!
– Сенингча, ҳеч нима қолмайдими? – деди Қора Қиролича.
– Ўйлашимча, шундай.
– Ҳар доимгидай хато. Итнинг айниган феъли қолади, – деди Қора Қиролича.
– Қанақасига, ахир…
– Қанақасига бўларди, ўйла, ғазабдан ит қутурадими? – ўшқирди Қиролича.
– Эҳтимол, – жавоб берди Алиса.
– Кейин, ит кетгач, унинг айниган феъли қолади-да! – ғолибона шанғиллади Қиролича.
– Улар ҳар хил томонларга кетишса-чи? – деди Алиса тилини тия олмай. Кейин ўзича: “Қандай сафсаталарни гапираяпмиз-а!” деб ўйлади.
– У ҳисоб-китобдан мутлақо бехабар, – деди Қироличалар бараварига.
– Ўзингиз-чи, ҳисоблай оласизми? – деди қўққисдан Алиса Оқ Қиролича томон ўгирилиб.
Қиролича кўзларини чирт юмиб олиб:
– Мен, агар вақт берсанг, қўшишни бажара оламан, – деди.
– Сен-чи, алифбони биласанми? – сўради Қора Қиролича.
– Албатта, биламан, – деди Алиса.
– Мен ҳам, – шивирлади Оқ Қиролича. – Биз уни биргаликда тез-тез такрорлаб турамиз, азизам. Сенга бир сирни очай… мен сўзларни ҳарфлаб ўқий оламан. Зўр-а! Ғам чекма, сен ҳам вақти келиб буни ўрганиб оласан.
Шу пайт Қора Қиролича яна сўроқни бошлаб қолди:
– Энди фойдали саволларга ўтамиз. Хўш, нон қандай тайёрланади?
– Буни биламан! – хурсандлигидан қичқириб юборди Алиса. – Аввал қанчадир миқдорда ун соласиз…
– Гул қаердан тўпланади? Боғданми ё томорқадан?
– Хўш, у умуман олганда тўпланмайди, – тушунтирди Алиса. – У ерда…
– Ер неча акрдан иборат? – деди Оқ Қиролича. – Сен шунча нарсани ҳисобга олмаслигинг мумкин эмас.
– Уни елпинглар, – дея гапни бўлди Қора Қиролича. – У шунча нарсани ўйлагач, боши қизиб кетади, ахир.
Шунда улар Алисани барглар билан елпий бошлашди. Ниҳоят, қиз елпишни бас қилишларини сўради, шамолдан унинг сочлари тўзғиб кетганди.
– Энди ўзига келиб қолди. Тил биласанми? Французчада “сафсата” нима бўлади? – деб сўради Қора Қиролича.
– “Сафсата” инглизча сўз ҳам эмас, – тез жавоб қайтарди Алиса.
– Ким инглизча деб айтди? – деди Қора Қиролича.
Алиса бу гал бўш келмай жавоб топди:
– Агар сиз мендан “сафсата” қайси тилда деб сўраганингизда французча деган бўлардим!
– Баҳслашмай қўя қолайлик, – деди Оқ Қиролича. – Чақмоқ чақишининг сабаби нима?
– Чақмоқнинг боиси – момақалдироқ, – қатъий жавоб берди Алиса. Чунки жавоб тўғрилигига ишонарди, аммо бироздан кейин:
– Йўқ! Йўқ! – дея шошиб жавобини тўғрилади. – Мен бунинг аксини айтмоқчи эдим!
– Тузатишга кеч қолдинг! Гапирганингда доим оқибати ҳам бўйнингда бўлади, – деди Қора Қиролича. – Дарвоқе, ўтган сешанбада шунақанги момақалдироқ бўлдики. Мен ўтган ҳафтанинг сешанбаларидан бирини назарда тутаяпман.
Алисанинг боши қотди.
– Бизда сешанба ҳафтада бир марта бўлади, – деди у.
– Бунақада бирор иш қилишга имкон қолмайди-ку? Бу ерда эса айрим кун ва тунлар икки-уч марталаб такрорланади. Баъзан қишда беш тунни бирданига ўтказамиз, иссиқроқ бўлиши учун, албатта, – деди Қора Қиролича.
– Беш тун бир тундан иссиқроқ бўладими? – сўради Алиса.
– Беш баробар иссиқроқ, албатта.
– Ундай бўлса, беш маротаба совуқроқ ҳам бўлиши мумкин…
– Албатта! Беш марта иссиқроқ, беш марта совуқроқ ҳам бўлади, худди мен сендан беш маротаба бойроқ ва ақллироқ бўлганимдек.
“Жавоби йўқ топишмоқнинг ўзгинаси!” деган ўйга борди Алиса.
– Ўшанда Ади-Бади ҳам шу ерда эди. У ўша куни қўлида қаламтарош билан келганди, – гапни давом эттирди Оқ Қиролича.
– Нима хоҳлаганди у? – сўради Қора Қиролича.
– Ичкарига киришни, у бегемотни излаб юрганини айтувди. Ўша пайт уйда ундай жонивор йўқ эди, – деди Оқ Қиролича.
– Одатда бўлармиди? – сўради Алиса ҳайратланиб.
– Ҳа, фақат пайшанба кунлари, – деди Қиролича.
– Унинг аслида нега келганига ақлим етиб турибди. У балиқларни жазоламоқчи бўлган, чунки… – Алисанинг гапи чала қолди. Чунки Оқ Қиролича яна ҳалиги гапини давом эттирди.
– Қандай момақалдироқ бўлганини тассавур ҳам қилолмайсан! (“У ҳеч қачон тасаввур қилиб ҳам кўрмаган”, дея изоҳ киритди Қора Қиролича.) Томнинг бир бўлаги учиб кетганди, момақалдироқ ичкарига кирди. У хона бўйлаб айланиб юрар ва столларни, буюмларни тарақлатарди. Мен эса қўрққанимдан исмимни ҳам эслолмасдим.
Алиса ўзича: “Мен зинҳор фавқулодда вазиятда исмимни хотирлашга уринмасдим! Бундан нима наф?” деб ўйлади-ю, боёқиш Қироличанинг туйғуларини камситмай деб индамай қўя қолди.
– Ҳазрати олиялари, унинг гуноҳини афв этинг, – деди Қора Қиролича Алисага, Оқ Қироличанинг бир қўлидан ушлаб туриб. – У аҳмоқона валдирашдан ўзини тия олмаса ҳам, хайрли нарсаларни кўзлаб гапиради.
Оқ Қиролича Алисага мўлтираб тикилди. Қиз шундай пайтда мулозамат қилиши кераклигини сезиб турса-да, хаёлига бирор жўяли фикр кела қолмасди.
– У рисоладагидек тарбия кўрмаган. Лекин ҳайратланарлиси, шунга қарамай, у барибир меҳрибон, – гапида давом этди Қора Қиролича.
Шунда ҳе йўқ, бе йўқ Оқ Қиролича бошини Алисанинг елкасига қўйди ва:
– Шундай уйқум келаяптики! – деди.
– Бечорагина, роса чарчабди! Унга алла айтиб бера қол, – деди Қора Қиролича.
– Мен бирорта ҳам алла билмайман-да.
– Унақада ўзим айта қоламан, – шундай деб Қора Қиролича аллани бошлади:

Алисанинг тиззасида ором олгин, алла-ё,
Мизғиб олгин, базмгача бор ҳали вақт, алла-ё.
Ундан чиқиб борадурмиз рақсга ҳам, алла-ё,
Оқ ва Қора Қиролича, Алиса ва ҳамма-ё.

– Ана, сўзларини билиб олгандирсан? Энди менга куйлаб бер. Менинг ҳам уйқим келди, – деб у Алисанинг иккинчи елкасига бошини қўйди-да, зум ўтмай донг қотиб ухлаб қолди.
– Нима қилсам экан? Авваллари бунақаси бўлмаган, яъни бир-йўла икки Қироличага баравар ғамхўрлик қилинмаган! Бутун Англия тарихида бунақаси учрамаган… Учраши ҳам мумкин эмас-да, чунки бир вақтда ҳечам биттадан ортиқ Қиролича бўлмаган. Уйғонинг, жуда ҳам оғир экансиз! – деди Алиса тоқати-тоқ бўлиб, аммо Қироличалар бунга жавобан енгилгина хуррак отиб қўя қолишди. Кейин икковиям қаёқадир ғойиб бўлди.
Алиса ҳеч нимани тушунмай йўлида давом этаверди ва қўққисдан тепасига “Қиролича Алиса” деб ёзилган баҳайбат эшик қаршисидан чиқди. Эшикнинг ҳар икки томонига қўнғироқ илинган бўлиб, бирига “Меҳмонлар қўнғироғи”, иккинчисига “Хизматкорлар қўнғироғи” сўзлари битилганди.
Ичкаридан эса мусиқа товуши эшитиларди.
– Мусиқанинг ниҳоясини кута қоламан, – деди у ўзига-ўзи. – Кейин-чи? Қайбирини чаламан? – дея қўнғироқдаги ёзувларни кўриб боши қотди. – Ахир, мен на меҳмон, на хизматкорман. Бу ерга “Қиролича қўнғироғи” деб ҳам ёзиш керак эди…
Шунда эшик қия очилиб, тумшуғи узун бир мавжудот бош суқди-да:
– Меҳмонлар келаси ҳафтагача қабул қилинмайди, – деб эшикни ёпиб қўйди.
Алиса эшикни узоқ тақиллатди, қўнғироқни чалди, лекин ичкаридан садо чиқмади. Ниҳоят, нарироқдаги дарахт остида ўтирган Қурбақа туриб, у томонга келди. У сап-сариқ либосда, оёғига катта пойабзал кийиб олганди.
– Нима бўлди? – сўради у шивирлаб.
– Эшикка жавоб берадиган хизматкор қаерда ўзи? – деди Алиса тутақиб.
– Қайси эшикка? – деди Қурбақа.
– Мана бунга-да!
Қурбақа катта-катта кўзлари билан эшикка қараб турди-да:
– Эшикка жавоб берадиган? У ўзи нима сўраяпти? – деди.
– Гапингизни тушунмадим, – деди қиз.
– Инглизча гапирдим, шундайми? Ёки кармисан? У сендан нима сўраяпти?
– Ҳеч нарса! Мен уни тақиллатаяпман!
– Бундай қилма, зинҳор бундай қила кўрма, – деди Қурбақа ва эшик ёнига келиб, уни улкан оёқлари билан бир тепди-да:
– Унга тегма. Шунда у ҳам сенга тегмайди, – деди минғирлаб яна бояги жойига қайтаркан. Эшик очилиб ичкаридан куйлаётган овозлар эшитилди:

Қиролича Алиса чорламоқда базмга,
Кўзгу орти аҳли, қани кетдик, чаққонроқ.
Келиб шерик бўлинглар бу базму зиёфатга,
Оқ ва Қора Қиролича-ю, камина-ла илдамроқ.

Юзлаб овозлар қўшиққа жўр бўлди:

Қадаҳларни тўлдиринг, бўлинг дарҳол, шошилинг,
Аямай дастурхонга тугма, кепакдан сепинг.
Қаҳваларга мушуклар, чойларга қўшинг сичқон,
Уч карра ўттиз марта, айтинг қизга шараф-шон!

Алиса ўзича: “Ўттизни учга кўпайтирса, тўқсон бўлади. Қизиқ, кимдир буни ҳисоблаётганмикан?” деб ўйлади. Бир дақиқа жимиб қолгач, ўша овоз яна куйлади:

Кўзгу орти аҳли, – Алиса сўз олиб дер, –
Сизга шараф кўриш, тинглаш бизларни.
Еб-ичиш ҳам келтиражак чексиз ифтихор,
Оқ, Қора Қиролича ҳамда мен-ла бахтиёр.

Овозлар жўр бўлди:

Қиёму, сиёҳларга тўлсин бугун қадаҳлар!
Ичса кўнгил яйратувчи неки борки, қуйинглар.
Қумга олма шарбати, жунга вино қўшинглар,
Тўқсон тўққиз карра шараф Алисага, жўшинглар!

– Тўқсон тўққиз карра! – қайтарди Алиса. – Буни ҳисоблаш ҳам қийин! Яхшиси бирдан ичкарига кира қолай…
У ичкарига кириши билан ҳамма жимиб қолди.
Алиса ташвишланиб стол атрофида ўтирганларга қаради. У ерда турли жониворлардан иборат элликтача меҳмон бор эди. Уларнинг баъзилари ҳайвонлар, айримлари қушлар, ораларида ҳатто бир-иккита гул ҳам бор.
– Таклиф қилмасам ҳам келаверишгани соз бўлибди, – хаёлидан ўтказди Алиса.
Стол тўрида эса учта стул бўлиб, Оқ ва Қора Қироличалар аллақачон ўз жойларини эгаллашганди, ўртадаги стул бўш эди. Алиса ноқулай сукунатга эътибор бермай, ўша стулга ўтирди.
Ниҳоят, Қора Қиролича гап бошлади:
– Шўрва ва балиқни ўтказиб юбординг. Унга бироз гўштдан беринг, – деди.
Официантлар Қўй оёғидан олиб келишди. Алиса нимадан бошлашни билмай қараб қолди.
– Уялаяпсан чоғи. Кел, сени Қўй оёғи билан таништириб қўяман. Алиса, бу Қўй оёғи, Қўй оёғи, бу Алиса.
Оёқ идишда туриб Алисага таъзим қилди, Алиса ҳам таъзим билан жавоб қайтарди.
– Сизни бурдаласам майлими? – деди у қўлига пичоқ ва санчқини оларкан. Қироличалар бир-бирига қараб олишди.
– Йўқ, албатта, – деди қатъий оҳангда Қора Қиролича. – Сенга таништирилган нарсани бурдалаш одобдан эмас! Қўй оёғини олиб кетинг!
Официантлар уни олиб кетишди-да, ўрнига олхўрили пудинг келтиришди.
– Илтимос, Пудингни таништирмасангиз, – деди Алиса шошиб. – Акс ҳолда кечки таомсиз қоламан. Ундан бир бўлак кесиб олсам майлими?
Бироқ Қора Қиролича:
– Пудинг, бу Алиса, Алиса, бу Пудинг. Энди уни олиб кетинг, – деганди, Пудингни дарров олиб кетишди. Алиса ҳатто Пудингга таъзим қилишга ҳам улгурмади.
“Фақат Қора Қиролича буйруқ бераркан-да!” ўйлади у. Шу боис ҳам ўзини синаб кўрмоқчи бўлиб:
– Официант! Пудингни ортга қайтаринг, – деб буюрди. Шу он Пудинг столда пайдо бўлди. У чунонам катта эдики, Алиса қўл уришга бироз хижолат тортди. Лекин барибир уни тақсимлаб, Қора Қироличага узатди.
– Қандай сурбетлик! Сени ҳам бўлакларга бўлсам ёқармикан! – ўшқирди Пудинг.
Унинг овози йўғон эди. Алиса ҳайратланиб қараб қолди.
– Эътироз билдирсанг-чи! Нима, Пудинг билан гаплашиш қўлингдан келмайдими? Балиқдай чурқ этмайди-я!
– Биласизми, бугун шу қадар кўп шеър тингладимки, – дея қиз оғиз жуфтлаган эди, ҳамма унга қаради. – Ажабланарлиси, уларнинг деярли бари балиқ ё шунга ўхшаш мавжудотлар ҳақида эди. Нега бу ерликлар балиқларга бунчалар ишқибозлигини билмайсизми?
– Дарвоқе, балиқлар хусусида, – деди Қора Қиролича Алисанинг қулоғига энгашиб. – Оқ Ҳазрати олиялари балиқлар ҳақидаги топишмоғу, жамики шеърларни билади. Саволингга ундан жавоб оласан.
– Қора Ҳазрати олиялари буни эслатиб ғоятда саховат кўрсатди, – деди мулойим оҳангда Оқ Қиролича. Кейин Алисанинг қулоғига энгашиб шивирлади: – Бу жуда соз бўларди. Айтаверайми?
– Марҳамат, – хушмуомалалик билан рухсат берди Алиса.
Оқ Қиролича табассум қилиб, шеърини бошлади:

Аввал балиқ тутасан,
Кучинг бўлса бу осон.
Кейин сотиб оласан,
Ақчанг бўлса бор имкон.
Энди уни пиширгин,
Зумда бўлади тайёр.
Идишга қўйгин секин,
Дастурхон бўлсин бисёр.
Келтир уни емакка,
Стол унга мунтазир.
Қопқоғин ол эрмакка,
Идишда балиқ ҳозир.
Лекин қопқоқ елимдек,
Бамисли қийин жумбоқ.
Олинармикан қопқоқ,
Ё аксин лозим қилмоқ.

– Ўйлаб олиб, кейин жавоб бер, – деди Қора Қиролича. – Биз эса сенинг соғлиғинг учун ичамиз. Қиролича Алисанинг соғлиғи учун!
У бор овози билан шундай деб бақиргач, меҳмонлар шу заҳоти ичишни бошлашди. Улар ғалати тарзда ичишарди, баъзилари қадаҳларни бошларига кийиб олиб, юзларига оқиб тушаётган ичимликни тамшаниб ялар, бошқалари эса ичимликни столга тўкиб, эгилиб ҳўплашарди. Яна кимдир (кенгуруга ўхшаганлари) қовурилган гўштли идишнинг ичига тушиб олиб, қайласини сипқоришарди. “Булар чўчқанинг ўзгинаси-я!” ўйлади Алиса.
– Сен миннатдорчилик билдиришинг лозим, – деди Қора Қиролича Алисага юзланиб.
– Биз сенга кўмаклашамиз, – шивирлади Алисага ўрнидан тураётганида Оқ Қиролича.
– Ташаккур, ўзим уддалайман, – деди қиз пичирлаб.
– Бу хато бўлади, – деди Қора Қиролича дангал.
– Мен миннатдорчилик билдиргани тураяпман… – дея нутқини бошлади Алиса. У ростдан ҳам ўрнидан бир неча дюйм кўтарилганди, бироқ уни ушлаб жойига қайта ўтқазишди.
– Эҳтиёт бўл! – қичқирди Оқ Қиролича Алисанинг икки қўлидан ушлаб. – Нимадир бўлаяпти!
Қолгани (кейинчалик Алисанинг тасвирлаб беришича) кўз очиб юмгунча рўй берди. Шамлар шифтгача ўсиб кетди. Шиша идишлар бир жуфт ликопчаларни қанот, санчқиларни эса оёқ қилиб олишди. “Қушларга ўхшаб қолишди-я”, хаёлидан ўтказди Алиса.
Шу он ён томонидан кимнингдир кулгиси эшитилди. У Оқ Қироличага нима бўлди деб ўгирилса, Қироличанинг ўрнида Қўй оёғи ўтирарди.
– Мана мен! – деган чинқириқ келди шўрва солинган идишдан. Алиса ўша ёққа қараса, Қироличанинг илжайган башараси шу заҳоти даф бўлди. Пайсалга солишнинг вақти эмас. Меҳмонларнинг айримлари идишларга ётиб олишган, қошиқлар у томонга келишарди.
– Ортиқ тоқатим қолмади! – деб Алиса ўрнидан сапчиб турди-да, иккала қўли билан дастурхонни тортди. Бир тортишдаёқ ликопчалар, идиш-товоқлар, меҳмону шамлар аралаш-қуралаш ерга тўкилди.
– Сизни эса… – у Қора Қиролича томон юзланди. Бахтга қарши у жо­йида эмасди. Тўғрироғи, у кичрайиб қолганди ва рўмолига ўралашиб гир айланарди.
Бошқа пайт Алиса бундан ҳайратланарди, эҳтимол. Аммо бу гал у:
– Сизни эса… – деб Қора Қироличани қўлига олди-да, – мушукчадек силкитиб ташлайман, – деди.

10. Силкитиш

У гапираётиб Қироличани бор кучи билан дам олдинга, дам орқага силкитарди. Қора Қироличанинг юзи борган сари кичрайиб, кўзлари каттариб, яшил тусга кириб борарди. Силкитаётганида у яна… ўзгарар… юмшоқ, думалоқ бўлиб қоларди.

11. Уйғониш

… ва у ростдан ҳам мушук бўлиб чиқди.

12. Бу кимнинг туши эди?

– Ҳазрати олиялари, бунчалик баланд овозда хуриллаш ярамайди, – деди Алиса кўзларини ишқалаб. – Сен мени уйғотиб юбординг, ахир! Қандай ажойиб туш эди-я! Кити, сен кўзгу ортида доим мен билан бирга эдинг, биласанми?
Аммо мушукча бунга жавобан хур-хурлаб қўйди, бу “ҳа” деганими, “йўқ” деганими, билиб бўлмасди. Шунинг учун Алиса стол устидаги шахмат доначаларидан Қора Қироличани излаб саралай бошлади. Уни топгач, гиламга тиззалаб ўтириб, бир-бирини кўришлари учун мушук ва Қироличани юзма-юз қўйди.
– Ана энди, Кити, қара, сен мана нимага айланиб қолгандинг! – дея у хурсандлигидан чапак чаларди.
Бироқ мушук қарагиси келмаётгандек бошини нуқул четга буриб олаверарди. Жиндек бўлса ҳам, ўзидан уялгандек кўринарди.
– Ўтир, азизам! – деди Алиса кулиб. – Ўйлаётганингда… эй йўқ, хуриллаётганингда таъзим қил, бу вақтни тежайди, эслаб қол!
Шундай деб, у мушукчани ўпиб қўйди.
– Оппоққинам менинг, – деб гапида давом этди у Дина ялаб-юлқаб ювинтираётган оқ мушукчага елкаси оша қараб. – Дина Оқ Ҳазрати олияларини тозалашни қачон тугатаркан? Бунчалик кир бўлиб кетганингга сабаб тушимдаги палапартишлигинг бўлса керак… Дина! Унинг Оқ Қироличалигини билармидинг? Динанинг ўзи-чи, нимага айланиб қолганди? Ўзинг айт-чи, Дина, Ади-Бадигами? Менимча, сен… Ҳар қалай, тушимда сенга ёққани балиқлар ҳақидаги шеър экани аниқ. Эртага тонгда сени махсус таом билан сийлаб, “Дурадгор ва Морж”ни айтиб бераман.
Энди эса, Кити, аслида бу кимнинг туши эканини бир ўйлаб кўрайлик-чи. Азизам, бу жиддий масала, шунинг учун панжангни ялашни бас қил… Кити, ўзинг ҳам кўрдинг-ку… туш меникимиди ё Қора Қиролники? У, шубҳасиз, тушимнинг бир қисми бўлган, аммо мен ҳам у кўрган тушнинг бир бўлаги бўлганман-ку! Туш Қора Қиролникимиди? Қадрдоним, тушимда сен унинг рафиқаси эдинг, шунинг учун буни билишинг лозим. О, Кити, масалани ечгани кўмаклашсанг-чи! Ишончим комилки, панжаларинг унгача кутиб тура олади.
Бироқ Кити Алисани эшитмай муғомбирлик билан бошқа панжасини ялай бошлади.
Хўш, сизнингча, бу кимнинг туши эди?

Инглиз тилидан Моҳира Отабоева таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 6-сон