Илҳом Аҳрор. “Чор дарвеш” ва “Алкимёгар”

Дунё адабиёти равнақига ижобий таъсир ўтказа оладиган асарларнинг ўзи дунёвий аҳамиятга эга манба ҳисобланади. Шарқ адабиётининг афсона, ривоят, эртак, нақл, миф, саргузаштга асосланган унсурлари жаҳон адабиёти вакиллари ижодига икки йўналишда таъсир этган: шарқона асарларнинг бевосита ўзидан ва шарқ фалсафасини ўзлаштирган адиблар ҳикматидан руҳланиш. Ўзбек адабиёти тарихида фақат бир халқ адабиёти доирасида эмас, балки, бир неча халқлар адабиёти тарихида узоқ асрлардан буён муштарак мавзу бўлиб яшаб келаётган қатор асарлар бор. Бундай асарларнинг юзага келишига кўп халқлар ўзларининг бадиий тафаккур ҳиссаларини қўшадилар. Аммо ўша асарлар маълум бир муайян халқлар тарихидаги ўзига хос нозик хусусиятларни сақлаб қолади. Шундай, турли элатларга дахлдор турфа мавзуларни қамраб олган “Чор дарвеш” ҳақида ХIII асрдан буён ҳинд, форс-тожик, урду, ўзбек ва бошқа шарқ халқлари адабиётларида гоҳ назмда, гоҳ насрда турли ҳажмдаги асарлар ёзилиб, ишлаб келинмоқда. Мазкур мавзу фақат ёзма адабиёт билан чекланиб қолмай, халқ оғзаки ижодига ҳам ўтди. Натижада, форс-тожик ва ўзбек адабиётида қатор достонлар, аниқроғи, халқ қиссалари юзага келди.

Ўзбек ёзма адабиётида “Чор дарвеш”нинг бизга маълум ва кенг шуҳрат қозонган шеърий нусхасини ХIХ асрда Шаҳрисабзда яшаган Мулла Қурбон Хиромий ёзди. Айни вақтда ХVIII аср охири, ХIХ аср бошларига келиб, номаълум муаллифлар томонидан ёзилган қатор “Чор дарвеш”лар ҳам юзага келди. Буларнинг кўпчилигида наср ва назм аралаш ҳолда бўлиб, улар халқ қиссаларига яқин туради.

Модомики, мақолада кўзланган мавзу “Чор дарвеш”нинг дунё адабиётига таъсири хусусида экан, унинг яратилиш тарихига ҳам тўхталсак. Мир Аммон Деҳлавий “Боғу баҳор” (1215–1217 ҳижрий) муқаддимасида ёзади:

“Чор дарвеш”ни биринчи бўлиб ёзган киши Амир Хисрав Деҳлавийдир. Унинг ёзилиш сабаби шундай бўлган: кунлардан бир кун Амир Хисравнинг устодлари Низомиддин Авлиё ҳазратлари (ХIII асрда шимолий Ҳиндистонда яшаб ўтган машҳур дин пешвоси) бетоб бўлиб қоладилар. Беморнинг руҳини кўтариш мақсадида амир Хисрав шу қиссани ҳикоя қилади. Орадан бир оз муддат ўтгач, Низомиддин Авлиё ҳазратлари шифо топиб, қиссани эшитган ҳар бир киши дард кўрмасин, деб дуо қилганлар”.

“Чор дарвеш”нинг аввал ким томонидан яратилгани хусусидаги илмий мунозарага ХХ аср бошларига келиб, атоқли адиб ва олим Садриддин Айний ҳам қўшилди. У мавжуд маълумотларни атрофлича таҳлил этаркан, асосли бир фикрни ўртага ташлайди: “Асарни эътибор билан ўқисангиз, унинг Хисрав Деҳлавийга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки, унда Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Урфи Шерозий, теҳронлик Шопур, кашмирлик Муҳсин, Фоний ва Ҳайрат каби Хисрав Деҳлавийдан кейин яшаб ижод этган шоирлар ижодидан намуналар келтирилган…”. Адиб “Чор дарвеш”ни ким ёзган, деган саволга жавоб изларкан, бу асар ҳинд халқ эртаклари асосида яратилган, деган фикрга келади ва ўз мулоҳазасини шундай изоҳлайди: “Ҳинд халқ эртаклари биринчи бўлиб урду тилида ёзилган. Кейин улар тожик ва араб тилларига ўгирилган”. У бу фикр билан кифояланмайди. Асарда Хисрав Деҳлавийнинг номи қандай пайдо бўлганининг сабабини ҳам излайди. Низомиддин Авлиёга Хисрав Деҳлавийнинг “Чор дарвеш”ни ҳикоя қилиб бериши воқеаси аҳолининг барча табақалари орасига оммалашиб кетиши учун китобга атайин киритилган, деган хулосани ўртага ташлайди.

Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэлонинг “Алкимёгар” (О.Шарафиддинов, А.Отабоев, А.Саид таржималари) романи ҳам сюжет қурилиши, ҳам бадиий-мантиқий жиҳатдан “Чор дарвеш”га жуда яқин. Роман қаҳрамони Сантяго худди дарвешларнинг биридай таассурот уйғотади кишида: ота­дан қолган қўйларини кўпайтириб, чўпонликдан тузуккина кун кўраётган йигитнинг бир тушни икки бор кўриши – боланинг уни кўтариб Миср эҳромларига олиб бориши, бу тушни таъбирлаган лўли кампирнинг ­Сантягони эҳромлар остида катта хазина кутаётганлигини башорат этиши, башорати эвазига ўша хазинанинг ўндан бир қисмини талаб қилиши, Ҳизрваш обид Маликсиддиқ (“Чор дарвеш”да Малик Содиқ образи бор) нинг хазинага эришув омилларини англатиши – хазина ётган манзилга ғайбона ишоралар, аломатларни ҳис этиш орқали етажагини билдириши, Сантягонинг эҳромларига етгунича йўлда чеккан машаққатларидан чиқадиган хулоса моҳиятан бизга янгилик эмас. Шу ўринда атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” муқаддимасидаги эътирофини эслайлик: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш дос­тончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликда ҳам янгирашга, халқимизни шу замоннинг “Тоҳир-Зуҳролари”, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод-Ширин”, “Баҳромгўр”лари билан таништиришга ўзимизда мажбурият ҳис этамиз” .

Кўринадики, А.Қодирий адабий қаҳрамонлари сийратига халқ қиссалари қаҳрамонларида мавжуд хусусиятларни сингдиришни ўзига “мажбурият” ҳисоблаган. Бу алоҳида мавзу.

Пауло Коэло ҳам шарқ маънавияти хазинасида мавжуд саргузашт воситасида ўзидаги юксак бадиий имкониятлардан фойдаланган. ­Сантяго хазинага етгунча “хазина”га эришади: қўйларини сотиб, пулнинг кўп миқдорини Маликсиддиқ талаби бўйича унга қолдирган, йўл учун олиб қолганини бир муттаҳамга олдириб қўйган бўлса-да, умидсизликка тушмайди. Чунки Маликсиддиқнинг қўй пулини олганлиги хазинанинг мавжудлигига умид уйғотади унда. Буни ғайбнинг аломати деб англаб, бир савдогардан тижорат ҳадисини олади, унинг ҳамкорига айланиб, яхшигина пул тўплайди. Йўлда тил ўрганади. Диний эътиқодини мустаҳкамлайди. Аломатларни англаб, бир араб қабиласини душманнинг кутилмаган босқинидан асраб қолгани учун эллик туман тилло танга билан тақдирланади. Яна уларни қароқчиларга олдиради. Лекин бундан сира куюнмайди. Чунки, инсон ҳаракат қилса, ҳар қандай бойликка эга бўлиши мумкин эканлигини билади. Араб қизи Фотимани севиб қолганини, у билан фақирона яшашни излаётган хазинасидан ортиқ кўра бошлайди. Хазинадан кечиб ортига қайтмоқчи бўлади. Аммо илоҳий ишоралар, аломатларни тушуниши орқали хазинани ҳам топади. Лекин бу топган хазинаси йўлдан топган “хазина”си – муҳаббати олдида қадрсиз бўлиб қолади.

“Чор дарвеш”нинг учинчи дарвеш ҳикоятида ҳам шу ғоя илгари сурилган. Форс мулки шаҳзодаси болаликдан Ҳотамнинг саховатпешалигига ихлос қўяди. Ота мулкини эгаллагач, муҳташам сарой қурдириб, дарвеш, бева-бечоралар учун унинг қирқ эшигини очиқ қўяди. Ўзи ҳам ҳар куни бир эшикда туриб уларга садақа улашади. Бир қаландар қирқ кунда қирқ эшикдан келиб подшоҳдан садақа олади. Сўнгги марта ҳукмдордан, бундай таъмагир бўлиш ярамайди, деган маънода танбеҳ эшитади ва олган барча садақаларини қайтариб, аразлаб кетади. Подшоҳ ранжитганлигини билиб, уни қайтармоқчи бўлади. Лекин қаландар унамайди. Кетар чоғи, ҳотамтойликни Басра маликасидан ўрган, дея йўлида давом этади. Бу подшоҳни ўйлантиради: “Наҳотки шунча ҳаракатларим зое кетса? Басра маликаси Олбарониканинг бу борада қай жиҳати мендан ортиқ экан?”. Подшоҳ Басрага йўл олади. Мамлакат дарвозасидан Малика саройига етгунча меҳмонга кўрсатиладиган иззат-икромга лол қолади. Малика билан суҳбатда эса моддий инъом руҳий-маънавий мадад ўрнини босолмаслигига фаҳми етади. Форс подшосининг бошидан ўтганларини эшитган Олбароника қаландарнинг уни сабоқ учун жўнатганини билади. Ва мусофирга Нимрўз шаҳрига бориб, унинг эли нима сабабдан мотамсаро ҳолдалигини аниқлаш шартини қўяди. Подшоҳ Нимрўзга боради. Нимрўз шаҳзодасининг жин, дев, сеҳргарлар таъсирида савдойи бўлиб қолгани, севикли ёрининг улар зулмидан беҳуш бўлиб ётганлигини, улар керакли дуо орқалигина тузалишлари мумкинлигини аниқлайди. Басра маликасининг ўз элига кўрсатаётган меҳр-саховати баробарида бошқа мамлакатдаги икки ошиққа ёрдам бермоқчилигини фаҳмлаб, унинг чинакам саховатпешалигига тан беради. Хайр-саховат фақат қўл иши эмас, қалб ваколати эканлигини англаб, умрини Нимрўздаги икки ошиқни асл ҳолига қайтариш учун элдан дуо йиғишга сарфлайди. Алал-оқибат Басра маликасининг муҳаббатига сазовор бўлади ва ўз мулкини қаландар истагандай ҳотамтойлик билан бошқаради.

“Чор дарвеш” – аввало, меҳр-муҳаббат қиссаси. Ундаги адабий қаҳрамонлар оламига Жалолиддин Румийнинг қуйидаги ҳикмати билан ҳам кириш мумкин: “Инсон ўзига ўхшаган инсонга муҳаббат қўйиши билан ўз моҳияти, умуман, инсонлик моҳиятини англаб етади”. Бу ҳақда назмий дурдоналари ҳам бир дунё. Масалан:

Дилда дарвешлик ҳавоси бўлса гар,
Ул жаҳон баҳрида сузгай бехатар.

Пауло Коэло ҳам “Алкимёгар”ни ёзгунча “дарвешлик ҳавосидан” нафас олган: барча динлардан хабардор бўлиш илинжида кришна, буддавийлик, йога фалсафасини чуқур ўзлаштирган. Сеҳргарлик – алкимёгарлик билан шуғулланган. Бунинг учун ҳинд бадиий-илмий асарларини ҳам мутолаа қилгани табиий. Бинобарин, “Чор дарвеш”нинг ҳам бир асоси ҳинд ривоятларида эканлигини юқорида айтдик. Қолаверса, жин, дев, сеҳргар сингари мифологик образлар қиссанинг асосини ташкил этади. Иккинчи асос адибнинг “Лотин Америкасининг отаси” Борхесга ихлосига тақалади. У “Ёшлигимда Борхес мен учун авлиё эди, ҳозир ҳам шундай” деб ёзаркан, бу гапи билан Борхеснинг катта тажрибаси ўзининг ижодига пойдевор вазифасини ўтаганлигини айтиш баробарида адибни авлиё деб атаб, авлиёлар ҳақдаги адабий манбалардан хабардорлигини намоён қилади.

П.Коэлонинг ютуғи шундаки, саргузашт аталмиш адабий воситадан бадиий тафаккур йўлида фойдаланган. Мана, у “Алкимёгар” асарининг моҳиятини ўз олдига қўйган бир савол ва унга бўлган жавоби орқали қандай изоҳлайди: “Инсоннинг “тангри тайёрлаб қўйган Йўл”дан юришига тўрт ғов халақит беради. Биринчиси – одамзодга болалигидаёқ ҳаётдаги энг катта орзулари амалга ошмайдиган ниятлар, деб сингдирилади; иккинчиси – инсон қалбининг туб-тубига чўккан орзуларини қутқариб олишга журъати етиб уни рўёбга чиқармоқ учун курашдан воз кечмасликка аҳд қилса, уни бошқа синов кутиб туради, бу – муҳаббат; учинчиси – қачонки у муҳаббат тўсиқ эмаслигини, йўлдаги ёри кўмакчи эканлигини англаб етган чоғ яна бир ғов – омадсизлик ва мағлубият қўрқуви қарши олади; тўртинчиси – одам боласининг энг олий орзуси ушалиши олдидаги қўрқув… Инсон умр бўйи интилган орзуси амалга ошмаётганлигини англаган дақиқада қалби гуноҳкорлик туйғусига тўлади. Атрофга разм солиб, орзу-умидига эришолмаган кўплаб одамларни кўради ва мен ҳам бу бахтга муносиб эмасман, деб ўйлай бошлайди. Ана шу тўрт ғовдан энг доғулиси, номаълум бир муқаддаслик, илоҳийлик либосига буркангандек туюладиган музаффарлик нашидаси ва қувончидан воз кечиш туйғусидир! Агар қачонки инсон, ўзи жидду жаҳд билан курашган орзусига ўзини муносиб ҳисобласа… фоний дунёга ташрифининг асл моҳияти аён бўлади. “Алкимёгар” ана шулар ҳақда рамзий бир шаклда ҳикоя қилади”.

“Чор дарвеш”да турли тақдирлар кўзгусида кўрсатилган ҳаёт ҳақиқатлари “Алкимёгар”да “рамзий бир шаклда” ўз ифодасини топган экан, албатта, бу ҳамма даврда кузатилган ижобий жараёндир. Бунинг аҳамияти шундаки, бир эл вакилининг фақат ўз қобиғида биқиниб яшаши таназзул сари бораётганидан далолатдир. Зеро, “Чор дарвеш” асарининг ўзбек тилида ўқилишига ҳам маърифатли ота-боболаримиз сабаб бўлишган. Қўқонлик баззоз – мулла Солиҳ Ҳўқандий (ХVIII аср) савдо иши билан Ҳиндистонга боради. У ерда хос қиссахонлардан “Чор дарвеш” воқеасини эшитиб, ниҳоятда таъсирланади. Бу хайрли асардан халқини баҳраманд этиш учун, эски ёзувдаги форсий нусхани юртимизга олиб келади ва бир мутаржимга шарт-шароит яратиб бериб, уни ўзбек тилига таржима қилдиради. Буни қарангки, таржимон ишни ниҳоясига етказгач, “Чор дарвеш” насрий таржима нусхасининг сўнгида ўзини камина дейиши билан кифояланиб, савдогарнинг номини ёзиб қолдиради. Яна, кимки бу асарни ўқиса, Ҳўқандий ҳазратлари руҳига дуо ўқишини сўрайди. Қаранг, савдогар эл маърифати учун жон куйдирган, таржимон эса унинг бу фазилатини шарафлаб, ўз хизматини унутган ҳолда эзгу амал эгасининг номини тарихга муҳрлаган. Пауло Коэлонинг ҳам халқини мазкур мўътабар сюжетдан баҳраманд этгани урф-қадриятларимиз сингиб кетган асарларимизга муҳаббатидандир.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 2-сон