У тўзиб ётган торгина хонада рафиқасининг суратини беҳолгина томоша қилиб ўтирарди. Аёли узоқ муддат давом этган дардни енга олмай бу дунёни тарк этганига роппа-роса бир йил бўлганди. Эркак юрак-бағрини ўртаган соғинч ва тушкунликдан қутулиш мақсадида ўзича қарор қилди. “Сенсиз бу ҳаётда яшашнинг қизиғи йўқ. Азизам, мен ҳам ёнингга бораман”.
Ҳувиллаб қолган уйини тартибга келтира бошлади: “Азизам, нега мени ташлаб кетдинг?! Сенсиз… яшашга бардошим қолмади… ”
Рафиқасининг расмини томоша қилар экан кўзидан ёш томчилади. Шу пайт ухлаб ётган ўғли уйғониб кетди.
— Дада, нима қиляпсиз?— деб бола астагина унинг ёнига келиб ўтирди.
У эндигина олтига кирди. Отасининг тушкунлигини англашга ҳали ақли етмайди.
— Санг У, бундан буён доим бувингнинг гапларига қулоқ сол, мени кўришни қаттиқ ҳоҳласанг ҳам сабр қилишинг керак. Ахир, ўзинг ақлли боласан-ку?! Мен узоқ муддат сафарда бўламан…— деди у ўғлига.
Бола хўп, дегандек бошини ¬силкитди.
Ўғлини қайнонасига топшириб кетмоқчи бўлди.
Ҳеч нарсадан хабари йўқ буви уларга қувонч билан пешвоз чиқди, набирасини олиб қолишга бажонидил рози бўлди.
— Санг У, бувингга салом бермайсанми?
— Саломатмисиз, бувижон?
Шу пайт осмон ҳам унинг хаёлларидан ўтаётган фикрларни уққандек кўз ёш мисол ёмғирини шаррос қуйиб юборди.
Фарзандини топшириб келаётган ота тилка-пора бўлган юрагидан “Азизам, озгина кут, сен томон кетяпман”, деган сўзларни ўтказди. У бир талай дори ичмоқчи эди. Дорини олиш учун жавон қутисини очди. Беихтиёр қутидаги мактубга кўзи тушди.
Мактуб ўз вафотини олдиндан сезган аёл томонидан ёзилган эди:
“Азизим, мен сиз билан биргаман… Кундан кунга сизсизлик сари юзланиб бораётган бўлсамда, фоний дунё узра сизга бир неча ўтинчимни ёзиб қолдиряпман.
Азизим, Санг Унинг туғилган куни яқин. Туғилган кунида албатта уни суратга туширинг, фақат, илтимос, ўғлимиз кулиб туриб расмга тушсин… Жавондаги қутини очсангиз, сурат учун рамка бор. Бир пайтлар 20 дона сотиб олган эдим. Ҳозир 14 таси қолган. Санг У 20 ёшга тўлгунига қадар ҳар йили суратга тушириб рамкага солиб меҳмонхонага осиб қўйинг.
Азизим, ёзда кўчага чиқишдан аввал икковингиз ҳам қуёшдан сақловчи малҳамни суриб олишни унутманг.
Азизим, куз ва қишда ўзингизни эҳтиёт қилинг, иссиқ кийининг…
Ҳа яна бир гап, ҳар куни, албатта, камида бир марта Санг Уни бағрингизга босиб, уни яхши кўришингизни айтинг. Доим меҳрингизни ҳис қилиб турсин. — Шу ерга келганда эр кўз ёшларини тўхтата олмади… Сўнг аёлининг илтимосларини ўқишда давом этди, — Азизим, вақти келганда йилда икки бора тиш шифокори назоратидан ўтинглар.
Азизим, Санг У янги дўст орттирса, унинг қандай бола эканлигини, албатта, суриштириб кўринг. Зеро, дўст бу —иккинчи ”мен” дегани. — Унинг қалбини ларзага келтирган нарса мактубдаги сўнгги жумла эди… — Азизим, мен учун ҳаммасидан ҳам сизнинг бахтли яшашингиз муҳим!”
Эр рафиқаси ёзиб қолдирган мактубни бағрига босди ва кўз ёшларини артди. Бундан буён у ҳаётда қандай зарбага учрамасин, ҳеч қачон кўз ёш тўкмасликка қарор қилди. Фарзанд камоли, яқинларининг бахти ва қувончи нақадар муҳимлигини англаб етди. Зеро, рафиқасининг сўнгги мактуби унинг учун янги ҳаёт қуриш йўлида муқаддимага айланган эди.
Корейс тилидан Зилола Абдуғафурова таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 4-сонидан олинди.