Лев Толстой. Хўжайин ва хизматкор (ҳикоя)

I

Бу воқеа етмишинчи йилларда, қишки Никола байрамининг эртаси куни юз берди. Қавм байрам қилаётгани сабабли, қишлоқ саройбони, иккинчи гильдия савдогари Василий Андреич Брехунов ҳеч қаёққа кетмай, черковда бўлиши керак эди, чунки у черков оқсоқоли эди ва бундан ташқари, уйида қариндош-уруғлари ва ошна-оғайниларини меҳмон қилиши лозим эди. Ниҳоят, охирги меҳмонлар кетиб бўлгач, Василий Андреич дарҳол кўпдан бери савдо бўлиб келаётган ўрмонни сотиб олиш учун қўшни қишлоқдаги помешчикникига отлана бошлади. Василий Андреич бу фойдали ўлжани қўлдан чиқаргиси келмас, тағин шаҳар савдогарлари мендан олдин илиб кетишмасин, деган хаёлда тезроқ етиб боришга ошиқарди. У бу ўрмонга етти минг сўм бераман, дегани учун ёш помешчик ўн минг сўм сўраган эди. Ҳолбуки етти минг сўм ҳақиқий баҳосининг атиги учдан бир қисмини ташкил этарди. Василий Андреич, албатта, яна савдолашган бўларди, чунки ўрмон унинг округида, қолаверса, қишлоқдаги уезд савдогарлари билан унинг орасида кўпдан буён шундай қоида бор эдики, бу қоидага мувофиқ, бир помешчик атрофидаги иккинчи помешчикнинг қўйган баҳосини оширмасди, бироқ Василий Андреич губерниядаги ўрмон савдогарлари Горячкино қишлоғидаги ўрмонни сотиб олишга келишмоқчи эканликларини эшитиб, помешчик билан, савдони бир ёқли қилиш мақсадида дарҳол жўнашга аҳд қилди. Шу сабабдан ҳам у, байрам ўтиши биланоқ, сандиқда асраб юрган етти юз сўм пулини олди, унга қўлида бўлган икки минг уч юз сўм черковнинг пулини қўшиб, уч минг сўм қилди-да, қайта-қайта санаб, ҳамёнига жойлагач, йўлга чиқмоқчи бўлди.

Хизматкор Никита чопганича чанага от қўшгани кетди, чунки Василий Андреичнинг хизматкорлари ичида шу куни биргина ҳушёри Никита эди. Ўзи пияниста бўла туриб, ўша куни маст бўлмаганига сабаб шуки, у пасхадан олдин устидаги белбурма камзули билан оёғидаги чарм этигини сотиб ичиб, энди ичмасликка тавба қилган ва иккинчи ойдирки, ичмай юрган эди, ҳозир ҳам икки кун байрам ичида одамларнинг ҳар ерда вино ичишларини кўриб, ҳаваси келганига қарамай, ичмаган эди.

Никита қўшни қишлоқлик эллик ёшга кирган мужик эди; у, одамларнинг айтишича, рўзғорга бепарво, кўп умрини бировларнинг уйида хизмат қилиб ўтказган киши эди. Уни ҳамма жойда меҳнатсеварлиги, чаққонлиги ва ишни дўндириши, энг муҳими эса, хулқи яхшилиги, оқ-кўнгиллилиги учун қадрлашарди; аммо у ҳеч қаерда қўним тополмасди, чунки бир йилда икки марта, баъзан ундан ҳам кўпроқ қаттиқ ичар ва шунда бутун уст-бошини сотиб битиришдан ташқари, жанжални пулга сотиб оладиган одати ҳам бор эди. Василий Андреич ҳам уни бир неча бор ҳайдаб юборган, лекин кейин ҳалоллиги, ҳайвонларга жонкуярлиги ва энг муҳими, арзонгаров хизматкорлигини кўзи қиймай, яна чақириб олган эди. Василий Андреич Никитага қирқ сўм тўларди, ҳолбуки бошқа жойларда бундай хизматкорларнинг баҳоси саксон сўм турарди; бу қирқ сўмни ҳам яхлит бермай, бўлиб-бўлиб берар ва кўпинча пул ўрнига дўконидан қиммат баҳода моллар бериб, ора очди қиларди.

Никитанинг хотини, бир вақтлар чиройли ва ўктам аёл бўлган Марфа бир ўсмир ўғли, икки қизи билан уйда бекалик қиларди; у Никитани эр деб билмас, уни уйга чақирмасди; бунинг биринчи сабаби шуки, у йигирма йилдан бери бошқа қишлоқдан келиб уларникида туриб қолган бир бочкасоз мужик билан бирга яшарди, иккинчи сабаби шуки, у гарчи эри ҳушёрлик вақтида уни истаганча хўрласа-да, маст бўлган вақтида ундан зириллаб турарди. Бир кун Никита уйда ичиб маст бўлиб, чамаси ҳушёрлик вақтида кўрган бутун хўрликларининг ўчини олиш учун бўлса керак, хотинининг сандиғини синдириб, ичидан унинг энг яхши, қимматбаҳо кийимларини: сарафану кўйлакларини олиб қийматахта устига қўйиб, болта билан қийма-қийма қилиб ташлаган эди. Никитанинг ишлаб топган бутун пуллари хотинига бериларди. Никита бунга ғинг демас эди. Бу сафар ҳам, байрамга икки кун қолди деганда Марфа Василий Андреичнинг олдига келиб, ундан оқ ун, чой, қанд, чоракта вино, хуллас, ҳаммаси бўлиб уч сўмлик нарса ва яна беш сўм нақд пул олди-да, гўё у катта марҳамат қилгандай, унга кўпдан-кўп миннатдорчилик билдириб кетди, ҳолбуки энг арзон баҳода ҳисоблаганда Василий Андреичда Никитанинг яна йигирма сўм ҳақи қолган эди.

— Бе, сен билан биз шартлашиб ўтирамизми? — дерди Василий Андреич Никитага. — Қерак бўлса, олавер, кам бўлмайсан. Мен бошқалар сингари: сабр қил, ҳисоблашамиз, штрафга босаман, деб ўтирмайман. Мен ҳалол ишни яхши кўраман. Менга хизмат қилар экансан, мен ҳам сени қуруқ қўймайман.

Шу сўзларни дер экан, Василий Андреич чиндан ҳам Никитага яхшилик қиляпман, деб ишонарди. У ана шундай ишонарли қилиб гапирганда Никитадан тортиб, унинг қўлига қарам бўлган барча хизматкорлар, у алдаётгани йўқ, бизга яхшилик қиляпти, деб ўйлашар эди.

— Ҳа, биламан, Василий Андреич, мен ўз отамга хизмат қиляпман, отам учун тиришяпман, деб ўйлайман, буни жуда яхши биламан, — деб жавоб берарди Никита. Аммо ўзи Василий Андреичнинг алдаётганини ва айни вақтда ўз ҳисобларини унга тушунтиришга уринишнинг фойдасизлигини, бошқа жой бўлмагани учун ҳозирча шу ерда яшаб туравериши ҳамда нима берса шуни олавериши кераклигини жуда яхши билиб, сезиб турар эди.

Никита ҳозир хўжайинидан чанага от қўшиш тўғрисида буйруқ олгач, одатдагидай хурсанд бўлиб, ғоз юриш билан бардам ва шахдам қадам ташлаб саройга кетди, у ердан михга илиғлиқ турган оғир, попукли тасма юганни олиб, сўлиқларини шарақлатиб, эшиги берк отхонага борди; бу ерда, Василий Андреич чанага қўшишни буюрган от алоҳида сақланарди.

— Ҳа, зерикиб қолдингми, тентаквой? — деди Никита отнинг аста кишнаб, уни қарши олганига жавобан; от ўрта бўйли, сағрини бир оз паст, қора тўриқ айғир бўлиб, отхонада бир ўзи турарди. — Бас, бас! Шошма, аввал сени суғорай, — деди у отга қараб, худди сўзга тушунадиган махлуқ билан гаплашгандай; кейин этаги билан отнинг семиз, ўртаси тарнов сингари чуқурча бўлиб кетган елкасидаги чангни артиб, отнинг чиройли, ёш бошига юган кийгизди, қулоқларини ва пешона ёлини тўғрилаб қўйди-да, бошидан нўхтасини олиб, суғоргани олиб кетди.

Айғир қалин гўнг босган отхонадан аста чиқиб олгач, қудуқ томонга йўрғалаб бораётган Никитани орқа оёғи билан тепмоқчи бўлгандай ўйноқлаб, шаталоқ ота бошлади.

— Қутур-а, қутур, муғамбир! — деб гап қотди Никита Тўриқнинг тепмоқчи бўлмай, фақат ҳазиллашиб орқа оёғи билан унинг ёғли калта пўстинига сал тегиб қўймоқчи эканини билиб; отнинг бу қилиғи Никитага жуда ёқарди.

От муздек сувни ичиб қонгач, бир пишқирди-да, кейин қалин, ҳўл лабларини қимтий бошлаган эди, лаби ва мўйловларидан теганага тиниқ томчилар оқиб тушди, сўнг гўё ўйга толгандек бирпас жим қолди-да, бирдан қаттиқ пишқириб юборди.

— Ичмасанг ичма, мажбур қилмаймиз, кейин ичаман демасанг бўлгани, — деди Никита отга унинг қилиқларини жиддий ва муфассал тушунтириб; сўнг юганни тортиб, яна сарой томонга чопа кетди, ёш, шўх от эса орқасидан ўйноқлаб, бутун ҳовлини олатасир қилиб юборди.

Ҳовлида хизматкорлардан ҳеч ким йўқ, фақат байрамга келган бегона бир киши, ошпаз хотиннинг эри бор эди.

— Ҳой, биродари азиз, — деди унга Никита, — бориб сўра-чи, қайси чанани қўшишни буюраркин: каттасиними ёки кичигиними?

Ошпаз хотиннинг эри тунука томли, замини баланд уй томонга кетиб, тезда кичигини қўшишни буюрдилар, деган хабар олиб келди. Бу орада Никита отга бўйинча кийгизиб, четларига мих қоқилган эгарни уриб бўлган ва бир қўлида енгил, бўялган дўғани кўтариб, иккинчи қўли билан отни етаклаб, саройда турган иккита чананинг олдига келиб қолган эди.

— Кичигини бўлса кичигини-да, — деди у ва қулоқларини чимириб, ёлғондака тишламоқчи бўлаётган ақлли отни шоти орасига киргизди-да, ошпаз хотиннинг эри ёрдами билан уни чанага қўша бошлади.

Ҳамма иш тахт бўлиб, тизгин тасмаларини тўғрилашгина қолганда Никита, ошпаз хотиннинг эрини саройдан похол ва омбордан шолча олиб келишга юборди.

— Ана, ишлар жойида бўлди. Бас, бас, кўп ер тепинаверма! — деди Никита, ошпаз хотиннинг эри олиб келган янги қирқилган сули похолини чанага босиб жойларкан. — Хўш, кел энди, олачани мана бундай ёзиб, устидан шолчани ташлаймиз. Ана шундай, шундай, ўтиришга ҳам яхши бўлади, — деди у айтганини қилиб, яъни ўриндиқнинг теварак-атрофига похол устидан шолчани тиқа туриб.

— Ана, раҳмат, биродари азиз, — деди Никита, ошпаз хотиннинг эрига, — икки киши бўлса ҳамма иш тез битади. — Кейин у тизгиннинг ҳалқадан ўтиб туташган тасмаларини тўғрилаб, чанага ўтирди-да, юришга ошиқаётган гижинг отни ҳовлидаги музлаган гўнг устидан дарвоза томонга қараб ҳайдади.

— Микит амаки, амакижон! — деб қичқира бошлади унинг орқасидаи ингичка овоз билан, шошиб даҳлиздан ҳовлига чиққан етти яшар бола; у устига қора калта пўстин, оёғига янги валенка, бошига иссиқ қулоқчин кийиб олган эди. — Мени ўтқазиб ол, — деб ялинди у чопа туриб калта пўстинининг тугмаларини қадар экан.

— Хўп, хўп, кела қол, чироғим, — деди Никита ва отни тўхтатиб хўжайиннинг қувонганидан кўзлари чақнаб кетган рангсиз, ориқ ўғлини чанага ўтқазиб олди-да, кўчага чиқди.

Соат учлар чамаси. Кун совуқ — ўн даража атрофида, ҳаво булутли ва изғиринли. Осмоннинг ярмини пастак қора булутлар қоплаб олган. Ҳовлида шамол унча билинмас, аммо ташқарида анча кучли эди: қўшни саройнинг томидаги қорларни учириб, ҳаммомнинг муюлишидаги бурчакда чирпирак қилиб айлантирарди.

Никита дарвозадан чиқиб, отнинг бошини уйга кираверишдаги зинапоя томонга буриши биланоқ, устига қўй тери пўстин кийган ва белини белбоғ билан пастроқдан танғиб олган Василий Андреич папирос тишлаб даҳлиздан зинапояга чиқиб келди; у валенкасининг тагига чарм тиктириб олгани учун оёғи остидаги қор ғирчиллар эди. У папиросини охирги марта тортиб, уни ерга ташлади-да, оёғи билан эзғилади ва мўйлови орасидан тутун чиқариб отга кўз қирини ташлар экан, соқоллари яхшилаб қирилгану, лекин мўйловлари қолган қип-қизил юзларига тегиб турган пўстинининг ёқаларини тузата бошлади ва нафас олганда мўйнаси терламаслиги учун ёқасининг четини ичкарига қайириб қўйди.

— Оббо шоввоз-эй, ҳаммадан илгари сен ўтириб олибсан-ку! — деди у чанада ўтирган ўғлини кўриб. Меҳмонлар билан ичган виноси Василий Андреичнинг кайфини ғоятда чоғ қилиб юборган ва шу сабабли у қўл остидагиларнинг ҳаммасидан, қолаверса, ўзининг қилган ҳамма ишларидан одатдан ташқари мамнун эди. Доим хаёлида меросхўрим деб юрадиган ўғлининг чана-да ўтириши ҳозир унга катта завқ бағишлади: у кўзларини сузиб, узун тишларини иржайтириб, унга тикилиб қолди.

Василий Андреични бошини, елкаларини шол рўмол билан ўраб олган ва фақат кўзларигина кўриниб турган ҳомиладор, рангпар ва ориқ хотини уни даҳлизга кузатиб чиққан эди.

— Никитани ола кетсанг бўларди, — деди у қўрқа-писа остонадан ҳатлаб.

Василий Андреич индамади, унинг сўзлари ёқмади шекилли, жаҳл билан қовоғини солди-да, туфлади.

— Пул билан кетяпсан, — деб давом этди хотини боягидай ачинган овоз билан. — Устига-устак яна ҳаво айниб қолиши бор, худо кўрсатмасин.

— Нима, мен йўлни билмайманмики, ҳамиша ҳамроҳ билан юраман? — деди Василий Андреич ғайри табиий равишда лабларини таранглаб ва ҳар бир сўзни ҳижжалаб: одатда у ўз приказчиклари ва харидорлари билан шу тарзда гаплашар эди.

— Худо ҳақи, сендан ўтинаман. Никитани ола кет! — деб такрор гапирди хотини рўмолини тескарисига бурай туриб.

— Тоза елим бўлди-ку, бу… Ахир қаёққа олиб кетаман уни?

— Майли, Василий Андреич, боравераман, — деди Никита қувноқлик билан. — Фақат мен келгунча отларга ем-хашак бериб туришса бўлгани, — деб қўшиб қўйди у бекага қараб.

— Мен хабар олиб тураман, Никитушка, Семёнга айтаман, — деди бека.

— Хўш, нима қиламиз, борайми, Василий Андреич? — деди Никита жавоб кутиб.

— Ҳай, майли, кампирни ҳурмат қилмасак бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳамон борадиган бўлсанг, устингга бирон иссиқроқ кийим кийиб кел, — деди Василий Андреич яна илжайиб ва Никитанинг қўлтиғи, орқаси йиртилиб, этаклари далва-далва бўлиб кетган, ҳамма ёғи мой, калта пўстинига кўзи билан ишора қилиб.

— Ҳей, биродари азиз, бу ёққа чиқ, отни ушлаб тур! — деб қичқирди Никита ҳовли томонга қараб, ошпаз хотиннинг эрига.

— Ўзим ушлаб тураман, ўзим! — деди бола чийиллаб ва совуқдан қизариб кетган кичкина қўлларини чўнтагидан чиқариб, муздек юган тасмаларига ёпиша бошлади.

— Ўзингга жуда зеб бериб ўтирма тағин, тезроқ бўл, — деб қичқирди Василий Андреич Никитани майна қилиб.

— Бир зумда тайёр бўламан, отахон Василий Андреич, — деди Никита ва тагига кигиз тикилган эски валенкасининг учини ерга тез босиб, югурганича ҳовлидаги хизматкорхонага кетди.

— Қани, Аринушка, печканинг устидан чакмонимни олиб бер-чи, хўжайин билан кетяпман! — деди Никита уйга югуриб кириб михдан белбоғини олар экан.

Тушки овқатдан кейин ухлаб турган ва ҳозир эрига самовар қўяётган оқсоч хотин Никитани очиқ чеҳра билан қарши олди, кейин унинг шошаётганига ҳайрон қолиб, у ҳам шоша-пиша печка устида қуриётган эски, кўримсиз сукно чакмонни олди-да, уни тез қоқиб, юмшатиш учун мижғилай бошлади.

— Ана энди кенг жойда эринг билан бемалол ўйнаб-кулаверасан, — деди Никита ошпаз хотинга, ҳамма вақт биров билан юзма-юз қолганда одоб ва ҳурмат юзасидан бирон нарса дейиш одатига кўра.

Шундан кейин ингичка, чигал бўлиб кетган чилвир белбоғини белидан айлантирди-да, ўзи шундоғам ориқ қорнини ундан баттар ичига тортиб туриб, кучининг борича калта пўстини устидан маҳкам боғлади.

— Ана шундай, — деди у белбоғини боғлаб бўлгач, ошпаз хотинга эмас, балки белбоғига қараб, унинг учларини белига қистирар экан, — энди чиқиб кетмайсан, — кейин қўллари эркин ҳаракат қилсин учун елкаларини дам юқори кўтариб, дам паст тушириб устидан чакмонини кийган эди, орқаси таранг бўлиб қолди; яна қўлларини эркин қимирлатиш учун қўлтиқларининг тагига уриб-уриб қўйди-да, токчадан қўлқопларини олди. — Ана бўлди.

— Степанич, оёқларингга бошқа нарса кийиб олсанг бўларди, — деди ошпаз хотин, — валенкаларинг йиртиқ-ку.

Никита бирдан эсига тушгандек тўхтаб қолди.

— Бўларди-я… Э, шундай ҳам бўлаверади, узоқ эмас-ку!

Шундай деб у югуриб ташқарига чиқди.

— Никитушка, бу аҳволда совуқ ейсан-ку! — деди бека у чана олдига келганда.

— Бе, нега совуқ ер эканман, совуқ емайман, — деди Никита чананинг бошидаги похол билан оёғини беркитиш учун уни тузатар ва яхши от учун зарурати бўлмаган қамчини похол остига тиқиб қўяр экан.

Василий Андреич аллақачон чанага ўтириб олган эди; у устма-уст иккита пўстин кийиб олганидан деярли чананинг эгилган орқа қисмини бутунлай эгаллаб ўтирарди; Никита чанага чиқиши билан у тизгинни қўлига олиб, отни юргизиб юборди. Никита тезгина чананинг олднга, чап томонига жойлашиб олди-да, бир оёғини чанадан чиқариб қўйди.

 

II

Асл айғир чанани тортиб, қўшқоракларнинг енгил ғижирлаши остида қишлоқнинг из тушган изғиринли йўлидан шахдам юриб кетди.

— Сен қаёққа осиляпсан? Никита, қамчини бу ёққа бер! — деб қичқирди Василий Андреич, афтидан, чананинг орқасига осилиб олган ўғлидан хурсанд бўлиб. — Ҳозир адабингни бермасам! Югур, ойингнинг олдига, итвачча!

Бола чанадан сакраб тушди. Тўриқ қадамини жадаллаштирди ва лўкиллаб, кейин бир текисда йўртиб кетди.

Василий Андреич турадиган Крести қишлоғи олти хонадондан иборат эди. Улар қишлоқнинг чеккасидаги темирчининг уйидан ўтишлари биланоқ шамол ўйлаганларидан кўра анча кучлироқ эканини дарров сездилар. Йўл деярли билинмасди. Чананинг изини шу ондаёқ қор беркитиб кетарди, йўлни фақат бошқа жойлардан баландроқ бўлгани учунгина билиб олиш мумкин эди.

Даланинг ҳамма ёғида шамол қорларни чирпирак қилиб учирар, осмон билан ернинг туташган жойини сира кўриб бўлмасди. Ҳамма вақт кўзга яққол кўриниб турадиган Телятин ўрмони ҳозир қор тўзони орасидан аҳёнда ғира-шира бўлиб қорайиб кўринарди. Шамол чап томондан эсиб, отнинг гижинг бўйнидаги ёлларни ва оддийгина қилиб тугиб қўйилган майин думини ўнг томонга учирарди. Шамол келаётган томонга қараб ўтирган Никитанинг узун ёқаси унинг юзига ва бурнига ёпишиб борарди.

— Чопишда тенги йўқ-да, учади, — деди Василий Андреич, ўзининг яхши оти билан фахрланиб. — Бир кун шу от билан Пашутино қишлоғига ярим соатда етиб бордим.

— Лаббай? — деб сўради Никита ёқаси кўтарилганя учун яхши эшитмай.

— Шу от билан, дейман, Пашутино қишлоғига ярим соатда етиб бордим, — деди Василий Андреич қичқириб.

— Нимасини айтасиз, яхши от! — деб қўйди Никита. Кейин жим қолишди. Лекин Василий Андреичнинг жуда гапиргиси келарди.

— Хотинингга, бочкасозни кўп боқаверма, деб айтган эдим-ку, нима бўлди? —деб сўзлай бошлади Василий Андреич яна боягидай баланд овоз билан. У, мендек машҳур ва оқил одам билан гаплашиш Никитага хуш ёқса керак, деб қаттиқ ишонар ва ўз ҳазилидан ғоятда мамнун эди, шу сабабли бу гап Никитага қаттиқ ботиши мумкин-ку, деган фикр унинг хаёлига ҳам келмас эди.

Никита шамолнинг зўридан хўжайинининг сўзларини яна эшитолмай қолди.

Василий Андреич бочкасоз ҳақидаги ҳазилини қаттиқ овоз билан яна такрорлади.

— Ҳаволаси худога, Василий Андреич, мен бу ишларга аралашмайман. Фақат хотиним ўғлимни хафа қилмаса бўлгани, бошқаси билан ишим йўқ.

— Гапинг тўғри, — деди Василий Андреич. — Қалай, баҳорда от сотиб оласанми? — деди у гапни бошқа ёққа буриб.

— Ҳа, насиб қилса, — деб жавоб қилди Никита чакмонининг ёқасини қайтариб, хўжайини томонга ўгириларкан.

Энди Никитани қизиқтирадиган суҳбат бошланган эди, шунинг учун у ҳамма гапни эшитгиси келди.

— Ўғлим ҳам ўсиб қолди, энди ўзимиз ер ҳайдасак бўлади, илгари нуқул одам ёллардик, — деди у.

— Бўлмаса, бичилмаган отни ола қолинглар, қиммат сўрамайман, — деб қичқирди Василий Андреич ҳаяжонланиб ва бутун эс-ҳушини банд қилган машғулоти — жаллобликдан гап очиб.

— Агар ўн беш сўм берсангиз, от бозордан олсаммикан, деган эдим, — деди Никита; у Василий Андреич унга пулламоқчи бўлган отнинг баҳоси нари борса, етти сўм туришини, аммо Василий Андреич унга бу отни бериб, сўнгра йигирма бешга ўтқазишини, кейин ярим йилгача ундан сариқ чақа ҳам ололмаслигини биларди.

— Ёмон от эмас. Мен сенга ўзимникисан, деб беряпман. Виждонан айтяпман. Брехунов ҳеч кимни хафа қилмайди. Майли, кетса мендан кетсин, мен бошқалар сингари зиқна эмасман. Инсофим бор, — деб қичқирди у, доим ўз сотувчилари ва харидорларини аврайдиган овози билан. — От бўлганда ҳам асл от-да!

— Бўлса бордир, — деди Никита хўрсиниб; кейин эшитадиган гапи қолмаганига ақли етгач, ёқасини салгина кўтарган эди, шамолда у шу заҳоти юз-кўзини беркитиб қўйди.

Улар ярим соатча жим кетишди. Пўстиннинг йиртиқ жойидан Никитанинг биқини ва қўлига шамол урарди.

У жунжикиб, оғзини беркитиб қўйган чакмон ёқасига куҳлай бошлади, шунда баданига сал иссиқ югурди.

— Хўш, ннма деб ўйлайсан, Карамишево орқали юрамизми ёки тўғри кетамизми?

Карамишевога бирмунча серқатнов йўлдан борилар, йўлнннг икки бетига узун белги қозиқлар қоқиб қўйилган эди-ю, аммо у йўл олис эди. Тўғри йўл яқин бўлгани билан камқатнов ва бунинг устига, белги қозиқлар йўқ бўлса-да, қисқа, қор тагида қолиб кетган эди.

Никита бир оз ўйланиб қолди.

— Карамишевонинг йўли бир оз олис-ку, лекин серқатнов, — деди Никита.

— Тўғрига юриб, фақат пастликдан ўтишда адашмасак бўлди-да, кейин ўрмон ичидан яхши кетамиз, — деди Василий Андреич, тўғридан кетгиси келиб.

— Ихтиёрингиз, — деб жавоб қилди Никита ва яна ёқасини кўтариб олди.

Василий Андреич айтганини қилди, ярим чақиримча юриб, шохларида яккам-дуккам қуруқ барглари қолган ва шамолда чайқалиб турган баланд дуб дарахтининг олдига етгач, отни чапга бурди.

Чана бурилиши биланоқ, уларга шамол қаршидан ура бошлади. Устига-устак тепадан қор бўраларди. Василий Андреич отни ҳайдар, лунжларини шишириб, нуқул пастдан мўйловига пуфлар эди. Никита мудраб борарди.

Улар шу тариқа ўн минут жим кетишди. Василий Андреич бирдан алланима деб пўнғиллади.

— Лаббай? — деди Никита кўзини очиб.

Василий Андреич жавоб бермади, у энгашиб, ҳадеб орқасига ва отнинг олд томонига қарарди. От човлари ва бўйни терлаганидан юнглари жингалак бўлиб кетган, ўзи илдам қадам ташлаб борарди.

— Лаббай деяпман? — деб такрорлади Никита.

— Лаббай, лаббай! — деб масхара қилди уни Василий Андреич жаҳл билан. — Нишон қозиқлар кўринмаяпти! Йўлдан адашганга ўхшаймиз!

— Бўлмаса тўхтанг, мен йўлни кўриб келай, — деди Никита ва лип этиб чанадан тушди-да, похолнинг остидан қамчини олиб, чап томонга қараб кетди.

Бу йил қор қалин ёғмагани учун йўл очиб кетса бўларди, бироқ баъзи жойларда тиззадан келгани сабабли Никитанинг қўнжига қор кирди. Никита йўлни қидириб, оёқлари ва қамчи билан пайпаслаб кўрар, аммо ҳеч қаерда йўл кўринмас эди.

— Хўш, қалай? — деб сўради Василий Андреич, Никита қайтиб чананинг олдига келганида.

— Бу томонда йўл йўқ. Энди нариги томонни ҳам бир кўриш керак.

— Ҳув ана, олдинда бир нарса қорайиб турибди, ўша ёққа бориб кўр-чи, — деди Василий Андреич.

Никита ўша ёққа кетди. Қорайиб кўринган нарсанинг олдига бориб қараса: усти очилиб қолган кузги дон экинига қор устидан сепиб қўйилган тупроқ экан, ўша тупроқ қорни қорайтириб кўрсатаётган экан. Никита ўнг томонни ҳам текшириб, чананинг олдига келди, устидаги ва этигининг ичидаги қорларни қоқиб, чанага ўтирди.

— Ўнг томонга юриш керак, — деди у қатъий, — шамол чап биқинимга ураётган эди, ҳозир бўлса тўғри башарамга уряпти. Ўнг томонга ҳайданг! — деди у қатъий оҳангда.

Василий Андреич унинг гапига кириб, отни ўнг томонга бурди. Лекин барибир йўл йўқ эди. Улар анча вақтгача шу тариқа кетаверишди. Шамол пасаймас, ҳамон қор бўралар эди.

— Василий Андреич, биз бутунлай адашиб қолганга ўхшаймиз, — деди тўсатдан Никита гўё адашганидан завқланаётгандай. — Анови нима? — деди у қор остидан қорайиб чиқиб турган картошка палагини кўрсатиб.

Василий Андреич терга пишган ва ҳансираб чанани зўрға тортиб бораётган отни тўхтатди.

— Қаёқдан билдинг? — деб сўради у.

— Чунки Захаровнинг даласига келиб қолибмиз. Бутунлай бошқа ёққа кетибмиз!

— Бе, ёлғон! — деди Василий Андреич.

— Ёлғон гапираётганим йўқ, Василий Андреич, рост айтяпман, — деди Никита, — чананинг юришидан билса ҳам бўлади — картошка экилган даладан кетяпмиз; ҳув ана, палакларини тўплаб, уйиб қўйишибди. Бу заводчи Захаровнинг даласи.

— Буни қара-я, адашиб кетибмиз-ку! —деди Василий Андреич. — Энди нима қиламиз?

— Тўғрига кетавериш керак, вассалом, бир жойдан чиқармиз, — деди Никита. — Захаровка қишлоғига чиқмасак, бариннинг қўрғонига чиқармиз.

Василий Андреич Никитанинг маслаҳатига кўниб, отни у айтган томонга ҳайдай бошлади. Улар шу тахлитда анча юришди. Баъзан ўтлар кўм-кўк сабза бўлиб ётган очиқ жойга чиқиб қолишар ва чана музлаган кесакларга тегиб тақирларди. Баъзан анғизга, баъзан кузги дон экинлари, баъзан баҳори дон экинлари экилган ерлардан ўтишарди, бу ерларда қор остидан шамолда силкинаётган шувоқ на буғдой майсалари кўриниб турарди; баъзан ҳамма ёқни бир текис қоплаб ётган оппоқ қалин қор устига чиқиб қолишарди, унинг устида ҳеч нарса кўринмасди.

Тепадан қор уриб турар, баъзан ердан кўтариларди. От кўринишидан жуда ҳолдан тойган эди, терга пишганидан юнглари жингалак бўлиб, қиров боғлаб кетган, битта-битта қадам ташлаб борарди. Бирдан у мункиб кетиб, кўлмакками, ариққами чўккалаб қолди. Василий Андреич отни тўхтатмоқчи бўлган эди, бироқ Никита бақириб:

— Тўхтатманг! — деди. — Тиқилиб қолдикми — чиқиб кетишимиз керак. Чу, жонивор! Чу, чу, жонидан! —деб қичқирди у отга далда берувчи овоз билан; шу чоқ ўзи сакраб чанадан тушган эди, ариққа ботиб қолди.

От бир силтаниб, чанани музлаган ерга тортиб чиқди. Маълум бўлишича, у қазилган ариқ экан.

— Биз қаерга келиб қолдик? — деб сўради Василий Андреич.

— Юраверайлик-чи, кўрамиз! — деб жавоб берди Никита. — Бирон жойдан чиқармиз.

— Ҳов анови Горячкино ўрмоними дейман? — деди Василий Андреич олдиларида қор орасидан қорайиб кўринган бир нарсани кўрсатиб.

— Олдига борайлик-чи, кейин қанақа ўрмонлигини биламиз, — деди Никита.

Никита ўша шарпа қорайиб кўринаётган томондан толнинг қуриган, узунчоқ барглари учиб келаётганини кўргани учун у ўрмон эмас, бирон хонадон бўлса керак, деб ўйлади-ю, лекин буни айтмади. Чиндан ҳам улар ариқдан ўтиб ўн саржин юрар-юрмас олдиларида дарахтлар қорайиб кўрингандек бўлди ва қандайдир ғувиллаган ҳазин овоз эшитилди. Никитанинг тахмини тўғри чиқди: бу ўрмон эмас, балки шохларида яккам-дуккам барглари титраб турган бир нечта баланд тол дарахти эди. Дарахтлар, чамаси, хирмон атрофидаги ариқнинг четига ўтқазилган эди. Шамолда ғувиллаб ҳазин овоз чиқараётган толларнинг олдига келгач, бирдан от олдинги икки оёғини чанадан баланд кўтариб, кейинги оёқлари ёрдами билан тепаликка чиқиб олди-да, чап томонга бурилди ва шундан кейин тиззасидан қор кечиб юрмайдиган бўлди. Бу йўл эди.

— Мана етиб ҳам келдик, — деди Никита, — лекин қаерга келганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз.

От қор босган йўлдан тўғри кетди, улар чанада юз метр юрар-юрмас бир бостирманинг узун четан девори қорайиб кўринди. Урилган ғаллани, қуритадиган ва янчадиган бу бостирманинг қалин қор босган томидан тинмай қор тўкиларди. Бостирма орқада қолгач, йўл шамол ураётган томонга бурилди-ю, улар қортепага дуч келиб қолишди. Аммо олдинда икки уй орасидан кетган тор кўча кўринарди, чамаси, шамол қорни шу кўчага уйиб қўйган, энди ҳар қалай, шу қортепадан ошиб ўтиш керак эди. Чиндан ҳам қортепадан ошиб ўтишгач, улар кўчага чиқишди. Энг четдаги ҳовлида арқонга ёйиб қўйилган, совуқда қотиб қолган битта қизил, битта оқ кўйлак, пайтава ва юбка шамолда қаттиқ силкинарди. Айниқса оқ кўйлак енгларини учириб, жуда қаттиқ пирпирарди.

— Оббо дангаса хотин-ей, байрамда ҳам кирларини йиғиштириб олмабди-я, — деди Никита силкинаётган кўйлакларга қараб.

 

III

Кўчанинг бошида шамол кучли бўлганидан йўлни қор босган эди, лекин қишлоқнинг ўртасига келганда ҳаво тинч, илиқ ва ёқимли бўла бошлади. Бир ҳовлида ит ҳурди, иккинчи ҳовлида эса бошига эркакларнинг белбурма камзулини ёпинган бир аёл аллақаердан чопиб келди-да, йўловчиларга қараш учун остонада тўхтаб, кейин уйга кириб кетди. Қишлоқнинг ўртасидан қизларнинг ашуласи эшитилди.

Бу қишлоқда, чамаси, шамол ҳам, қор ҳам, совуқ ҳам кам эди.

— Ие, бу Гришкино қишлоғи-ку, — деди Василий Андреич.

— Худди ўзи, — деб жавоб қилди Никита. Чиндан ҳам бу Гришкино қишлоғи эди. Маълум бўлишича, улар адашиб, чап томонга кетиб қолишибди ва керакли йўл бир ёқда қолиб, бутунлай бошқа йўлдан саккиз чақирим юришибди; лекин ҳар ҳолда мўлжаллаган жойларига бирмунча яқинлашган эдилар. Гришкино. қишлоғидан Горячкино қишлоги беш чақирим келардн.

Улар йўлни давом эттиришар экан, кўчанинг ўртасидан юриб келаётгап бир новча одамга дуч келишди.

— Ким у келаётган? —деб қичқирди у одам отнинг жиловидан ушлаб, кейин шу заҳоти Василий Андреични таниб, шотидан ушлаганича чананинг олдига келди-да, ўрнндиққа ўтирди.

Бу Василпй Андреичга таниш бўлган, округда биринчи от ўғриси деб ном чиқарган Исай мужик эди.

— Ҳа, Василий Андреич! Йўлингиз бўлсин? — деди Исай ароқ ҳидини Никитага пуфлаб.

— Шундай, Горячкино қишлоғига бормоқчи эдик.

— Йўлни чап солибсизлар-ку! Малахово орқали борсанглар бўларди.

— Борсак бўларди-ю, боролмадик-да, — деди Василий Андреич отни тўхтатиб.

— Яхши от экан, — деб қўйди Исай отни бир кўздан кечириб ва ўрганган одатига кўра, отнинг қалин думи тугиб қўйилган чилвирини қаттиқроқ тортиб.

— Хўш, қалай, энди ётиб қоласизларми?

— Йўқ, биродар, албатта боришимиз керак.

— Зарур бўлгач, илож қанча. Бу ким? Э, Никита Степанич-ку!

— Бўлмаса ким бўларди? — деб жавоб берди Никита. — Энди, биродари азиз, тағин бу ерда адашиб-нетиб ўтирмасак эди.

— Қандай қилиб адашасан! Отни орқага бур, кўчадан тўғри кетавер, кўчанинг бошига чиққанингдан кейин, тўғрига ҳайда, чап томонга юрма, катта йўлга чиққач, кейин ўнгга кетасан.

— Катта йўлнинг қаеридан буриламиз? Ёзгисиданми ёки қишкисиданми? — деб сўради Никита.

— Қишкисидан. Ҳозир, кўчанинг бошига чиқсанг, буталарни кўрасан, унинг қаршисида катта, бир туп дуб дарахти бор, бурилиш худди ўша жойда.

Василий Андреич отни орқага бурди-да, қишлоқ кўчасидан чанани ҳайдаб кетди.

— Яхшиси, ётиб қола қолинглар! — деб бақирди уларнинг орқасидан Исай.

Бироқ Василий Андреич унга жавоб қайтармади ва отни қистай бошлади; беш чақиримдан икки чақирими ўрмон ичидан юриладиган тўғри йўл улар назарида осонгина босиб ўтиладигандек туюларди, яна бунинг устига гўё шамол пасайиб, қор тинаётганга ўхшарди.

Янгигина чана изи тушган ва кўчанинг у ер-бу ерида от гўнги қорайиб кўринган йўлдан орқаларига қайтиб боришар экан, яна кир ёйилган ҳовли олдидан ўтишди, шамол оқ кўйлакни жойидан суриб юборган, тўнғиб қолган бир енги билан арқонда осилиб турарди; улар яна ҳазин ғувиллаб турган тол олдидан ўтиб, очиқ далага чиқиб қолдилар. Чамаси, изғирин пасаймаган, балки баттар қутурган эди. Йўлни бутунлай қор кўмиб ташлаган, шунинг учун адашган-адашмаганликни фақат белгиларга қараб билиш мумкин эди. Бироқ олдиндаги белгиларни ҳам яхши кўриб бўлмасди, чунки шамол тўғри башарага уриб турарди.

Василий Андреич кўзларини қисар, бошини энгаштириб, белгиларга қарарди, аммо кўпинча отга ишониб, унинг бошини қўйиб юборарди. Ҳақиқатан ҳам от адашмай, оёғи остидаги эгри-бугри йўлни сезиб, гоҳ ўнг, гоҳ чапга бурилиб борарди, чунки қор қалинлашганига ва шамол кучайганига қарамай, белгилар гоҳ йўлнинг ўнг томонидан, гоҳ чап томонидан кўриниб қоларди.

Шу аҳволда улар ўн минутча йўл юришгандан кейин бирдан отнинг олдида, шамол зўридан қиялаб ёғаётган қалин қор тўри орасида илгарилаб бораётган қандайдир бир қора нарса кўринди. Бу йўловчилар эди. Тўриқ уларга етиб олиб, олдида кетаётган чананинг тахтасига оёғини дўқиллатиб ура бошлади.

— Ёнлаб ўтиб ке-е-ет! — деб қичқиришди чанадагилар.

Василий Андреич ёнлаб ўта бошлади. Чанада уч эркак ва бир аёл бор эди. Афтидан, улар байрамдан қайтаётган меҳмонлар эдилар. Бир мужик отнинг қор босган сағрисига ҳадеб хипчин билан саваламоқда эди. Чананинг олдида ўтирган иккитаси қўлларини силтаб, бир нималар деб қичқирарди. Ўраниб олган, ҳамма ёғини оппоқ қор босган аёл чананинг кетида қимирламай, ҳурпайиб ўтирарди.

— Қаерликсизлар? —деб бақирди Василий Андреич.

— А-а-а…лик! —деган товуш эшитилди, холос.

— Қаерликсизлар, деяпман?

— А-а…лик! — деб қичқирди кучининг борича мужиклардан бири, лекин нима деганини аниқ эшитиб бўлмади.

— Чу, бўш келма! — деб бақирди бошқаси ҳадеб хипчин билап отни савалаб.

— Байрамдан келяпсизлар шекилли?

— Ҳа, чу, чу! Бос, Сёмка! Ўзиб кет! Бўш келма! Чаналар бир-бирига урилиб кетди, оз бўлмаса чалкашиб қолай деди, ажралишгач, мужикларнинг чанаси орқада қола бошлади.

Усти қор, юнглари ҳурпайган қориндор от тинмай урилаётган хипчин зарбидан қутулмоққа жони борича ҳаракат қилгандай, қалин қорда оёқлари билан ҳар ёққа қор сачратиб, пастак дўға остида оғир нафас олиб, каловланиб борарди. Унинг кўринишидан ёш, балиқники сингари таранг, пастки лаби кенгайиб кетган, бурун катаклари ва қўрққанидан қулоқлари диккайиб турган башараси бир дақиқа Никитанинг елкасига тегай-тегай деб турди-да, кейин орқада қолиб кетди.

— Ана винонинг касофати, — деди Никита. — Отни ўлар ҳолатга етказишди. Ёввойилар!

Ҳолдан тойган отнинг пишқириши ва мужикларнинг маст қийқириқлари бирмунча вақт эшитилиб турди, кейин пишқириш овози пасайиб, қийқириқлар ҳам эшитилмай қолди. Атроф-теварак яна илгаригидай жим бўлиб қолди, бу жимликни фақат қулоқ остида ғувиллаган шамолу, аҳёнда чана дўнг жойдан ўтганда қўшқоракларнинг енгил ғижирлаши бузар эди.

Бу учрашув Василий Андреичнинг кайфини чоғ қилди ва юрагига далда берди, шунинг учун у белги қозиқларга қараб ўтирмай, қўрқмасдан отни ўз ихтиёрига қўйиб, ҳайдай бошлади.

Никита қиладиган иши бўлмаганидан пинакка кетган эди, у одатига кўра, ана шундай бекорчилик пайтларида, кўп чала қолган уйқуларининг ҳиссасини чиқариб олар эди. Бирдан от тўхтаб қолди-ю, Никита қалқиб, оз бўлмаса муккасидан йиқилаёзди.

— Биз яна нотўғри йўлдан кетяпмиз-ку, — деди Василий Андреич.

— Нега?

— Белгилар кўринмаяпти. Яна адашганга ўхшаймиз.

— Адашган бўлсак, қидириш керак, — деди гапни қисқа қилиб Никита ва ўрнидан турди-да, чалиш оёқларини енгил кўтариб босиб, қор кечиб кетди.

У дам кўздан ғойиб бўлиб, дам яна кўзга кўриниб, анча вақтгача юрди-да, ниҳоят қайтиб келди.

— Бу ерда йўл йўқ, балки олдинроқдадир, — деди у чанага ўтира туриб.

Анчагина қоронғи тушиб қолган эди. Изғирин на кучаймай, на сусаймай бир хил эсиб турарди.

— Лоақал анави мужикларнинг овози ҳам эшитилмайди, — деди Василий Андреич.

— Ҳа, қувиб етишолмади, жуда узоқ кетиб қолганга ўхшаймиз. Балки улар ҳам адашиб қолишгандир, — деди Никита.

— Энди қаёққа юрдик? — деб сўради Василий Андреич.

— Отни ўз ҳолига қўйиб юбориш керак, — деди Никита. — Ўзи олиб боради. Тизгинни беринг.

Василий Андреич тизгинни жон деб унинг қўлига тутқазди, чунки иссиқ қўлқоп кийган бўлишига қарамай, қўллари совқота бршлаган эди.

Никита тизгинни олди-да, уни қимирлатмасликка ҳаракат қилиб, яхши кўрган отининг ақллилигидан хурсанд бўлган ҳолда, фақат қўлида ушлаб борди. Ҳақиқатан ҳам ақлли, зийрак от дам у томонга, дам бу томонга гоҳ у, гоҳ бу қулоғини тутиб, бурила бошлади.

— Фақат гапирмайди, холос! — деди Никита. — Қаранг, биляпти! Юравер, билиб юравер! Шундай, балли.

Шамол орқага ура бошлади, бир оз исигандек бўлишди.

— Жуда ақлли-да, — деб давом этди Никита отдан мамнун бўлиб. — Қирғиз кучлик-ку, лекин аҳмоқ. Буни қаранг, қулоқлари билан нима қиляпганига бир қаранг. Ҳеч қанақа телеграфнинг кераги йўқ, бир чақирим олисдан сезади.

Чиндан ҳам ҳали ярим соат юрмаёқ олдинда: ўрмонми, қишлоқми, ишқилиб, бир нарса қорайгандек бўлди ва ўнг томонда яна белгилар кўринди. Улар, чамаси яна йўлга чиққан эдилар.

— Ия, яна Гришкинога келибмиз-ку, — деб юборди бирдан Никита.

Ҳақиқатан, энди ўша томондан қор бўралаб турган бостирма уларнинг чап қўл томонида қолган эди, кейин яна ўша арқонга ёйиб қўйилган ва шамолда қаттиқ силкиниб турган кўйлаклар, пайтавалар кўринди.

Яна улар бояги кўчага кирдилар, яна шамол пасайиб, ҳаво бир оз исигандай, тана яйрагандай бўлди, яна ўша от гўнги ётган йўл кўринди, яна ашула, ғовур-ғувур овозлар эшитилди, яна итлар ҳура бошлади. Анчагина қоронғи тушиб қолганидан, баъзи уйларнинг деразаларидан чироқ ёруғи кўриниб турарди.

Чана кўчанинг ўртасига келганда Василий Андреич отни деворлари икки қатор ғиштдан ишланган уй томонга бурди-да, уйга кираверишдаги зинапоя олдида тўхтатди.

Никита ойналарига қор ёпишган ва чироқ ёруғида қорлар ялтираб кўринган дераза олдига келди-да, уни қамчи дастаси билан тақиллатди.

— Ким у? — деган овоз эшитилди.

— Крести қишлоғидан, Брехуновлар, биродари азиз, — деб жавоб берди Никита. — Бирпасга бу ёққа қаранг!

Дераза олдидан нари кетишди, орадан икки минутча ўтгач, даҳлиз эшиги ғичирлаб очилди, кейин ташқари эшикнинг лўкидони шиқирлади, шундан кейин шамол очиб юбормаслиги учун бир қўли билан эшикни ушлаган ҳолда оҳорли оқ кўилак, устидан елкасига калта пўстин ташлаган новча, оппоқ соқолли чол эшикдан бошини чиқарди, унинг кетидан эса, қизил кўйлак ва чарм этик кийган бир йигит кўринди.

— Андреич, сенмисан? — деди чол.

— Ҳа, адашиб қолдик, биродар, — деди Василий Андреич, — Горячкино қишлоғига бормоқчи эдик, бу ерга келиб қолибмиз, яна ўша ёққа йўл олган эдик, яна адашиб бу ерга келиб қолдик.

— Тоза адашибсизлар-ку, — деди чол. — Петрушка, бор, дарвозани оч! — деди у қизил кўйлакли йигитга қараб.

— Хўп бўлади, — деб жавоб берди йигит қувноқлик билан ва даҳлизга қараб югуриб кетди.

— Э, биродар, овора бўлма, ётиб қолмаймиз, — деди Василий Андреич.

— Бемаҳалда қаёққа борасан, ётиб қол!

— Жон деб ётиб қолар эдим-ку, аммо бориш керак. Зарур иш бор, биродар, бўлмайди.

— Жилла қурса, чой ичиб, исиниб ол, — деди чол.

— Исиниб олиш бошқа гап, — деди Василий Андреич, — қоронғига қолмаймиз, ой чиқса, ёруғ бўлиб кетади. Нима қиламиз, Никита, кириб исиниб оламизми?

— Нима ҳам дердик, исинсак исинаверамиз-да, — деди Никита; у жуда совқотган, бирон иссиқ жойда яхшилаб исиниб олишни жуда хоҳлаб турган эди.

Василий Андреич чол билан бирга уйга кирди, Никита эса отни Петрушка очган дарвозадан етаклаб, унинг кўрсатишига мувофиқ, саройнинг бостирмаси остига олиб борди. Саройда гўнг уюлиб, музлаб қолган эди, шу сабабли баланд дўға товуқларнинг қўноғига тегиб кетди. Қўноқдаги товуқлар билан хўроз норозилик билдиргандай қуқуқлаша бошлади. Ҳуркиб кетган қўйлар музлаган гўнг устида туёқларини дукурлатиб, бир чеккага қочишди, бегона одам келганини сезган ит эса, ҳам қўрқиб, ҳам жони жаҳди билан унга қараб акиллай бошлади.

Никита уларнинг ҳаммаси билан гаплаша кетди: товуқлардан узр сўраб, энди бундан кейин сизларни безовта қилмайман, деб уларни тинчитди, қўйларни койиб, нега мунча қўрқасизлар, нимадан қўрққанингларни ўзинглар билмайсизлар, деб қўйди; отни боғлай туриб, итга кўп насиҳат қилди.

— Ана, ишлар бундай бўпти, — деди у устидан қорларни қоқар экан. — Акиллашингни қара-я! — деб қўшиб қўйди ва итга қараб. — Бас қил! Бас дейман сенга аҳмоқ. Ўзингга жабр қиласан, холос. Келганлар ўғри эмас, ошналар…

— Булар, китобда айтилишича, учта уй маслаҳатчилари, — деди йигит ташқарида қолган чанани кучли қўли билан бостирма остига тортиб қўяр экан.

— Маслаҳатчи деганинг нимаси? — деб сўради Никита.

— Пульсон шундай деб ёзган-да: уйга ўғри кирса ит ҳуради — демак, ғафлат босмасин, кўзингни оч, дегани бўлади. Хўроз қичқирдими — демак туриш керак. Мушук юзини ювса — азиз меҳмон келади, дегани бўлади, демак уни кутишга тайёргарлик кўриш керак, — деди йигит илжайиб.

Петруха хат-саводли йигит эди, у бисотида бўлган биттаю битта Паульсоннинг китобини деярли ёд билар ва бугунгидек бир оз ичиб олган пайтларида ундаги ибратли сўзларни ўрнида ишлатиб қолишни яхши кўрар эди.

— Жуда тўғри гап, — деди Никита.

— Амаки, роса совқотгандирсиз дейман-а? —деб қўшиб қўйди Петруха.

— Ҳа, оз-моз, — деди Никита, сўнг улар ҳовли, даҳлиздан ўтиб, уйга кирдилар.

 

IV

Василий Андреич кириб борган уй қишлоқдаги энг бадавлат хонадонлардан бири эди. Оиланинг беш чек ери бўлиб, бундан ташқари яна у четдан ижарага ер олиб экин экар эди. Қўрғонда олтита от, уч сигир, икки ғунажин, йигирмага яқин қўй бор эди. Бу хонадонда жами бўлиб йигирма икки жон: уйланган тўрт ўғил, олти набира (булардан уйлангани фақат Петруха эди), икки чевара, уч етимча ва тўрт келин бола-чақалари билан турар эди. Бу ҳали ажралмай яхлитлигича қолган камдан-кам оилалардан бири эди; лекин бу уйда ҳам ҳамиша хотин-халаж орасида бошланадиган киши билмас, ички жанжал бршланган эдики, бу жанжал яқин орада оилани албатта бўлинишга олиб келиши турган гап эди. Икки ўғил Москвада мешкоблик қиларди, бир ўғил аскарлик хизматида эди. Ҳозир уйда чол, кампир, рўзғор тебратадиган иккинчи ўғил, Москвадан байрамга келган тўнғич ўғил ва бутун хотин-халажу болалар, булардан ташқари, яна бир меҳмон— чолнинг қўшни ошнаси бор эди.

Уйда, столнинг тепасида шипга осиб қўйилган қалпоқли лампа стол устидаги чрй идишларини, ичида ароғи бор шишани, овқатларни, уйнинг ғишт деворлари билан бурчакдаги осиғлиқ турган иконаларни ва уларнинг икки томонидаги суратларни равшан ёритиб турарди. Стол ёнида, энг тўрда қора калта пўстинида қолиб, музлаган мўйловларини сўрган ҳолда, чақчайган, қирғийникидек ўткир кўзлари билан одамларни ва уйни кўздан кечириб Василий Андреич ўтирарди. Василий Андреичдан ташқари, стол атрофида хонаки оқ сурп кўйлак кийган, боши ялтироқ, оқ соқол чол — уй эгаси, унинг ёнида юпқа чит кўйлак кийган, елкадор, бақувват йигит — чолнинг Москвадан ҳайитга келган ўғли, уйда рўзғорга қарайдиган яна бир кенг яғринли ўғли ҳамда қотмадан келган сариқ мужик қўшниси ўтирар эди.

Мужиклар ароқ ичишиб, овқат еб бўлишгач, энди чой ичмоқчи бўлишганда, печка олдидаги самовар ҳам шиғиллаб қолган эди. Сўрида ва печь устида ёш болалар кўринарди. Тахта каравот устида бир аёл беланчак тебратиб ўтирарди. Юзларини, ҳатто лабларини ҳам қат-қат ажин босган кампир — уй бекаси, Василий Андреичга мулозамат қилмоқда эди.

Никита уйга кириб келган вақтда кампир қалин стаканчага ароқ қуйиб, уни меҳмонга тутаётган эди.

— Айбга қўшмайсан, Василий Андреич, ичмасанг бўлмайди, қутлаш керак, — деди кампир. — Ичиб юбор, азизим.

Ароқнинг ҳнди, айниқса ҳозир Никита совқотиб ва ҳолдан тойиб турган пайтда уни қаттиқ ҳаяжонга солди. У қовоғини солиб, қулоқчин ва чакмонининг қорини қоқди-да, икона қаршисида туриб, гўё ҳеч кимни кўрмагандек уч марта чўқинди ва иконаларга таъзим қилди, кейин уй эгаси — чолга қараб, аввал унга таъзим қилди, сўнгра стол атрофида ўтирганларга, кейин печь олдида турган хотинларга қараб бир-бир таъзим қилиб чиқди ва: «Байрамингиз муборак», деди-да, стол устига қарамай, чакмонини еча бошлади.

— Амаки, роса қиров боғлабсан-ку, — деди катта ака Никитанинг қорли юз-кўзи ва соқолига қараб.

Никита чакмонини ечиб, уни яна бир марта қоқди ва печь ёнига илиб, стол олдига келди. Унга ҳам ароқ тутишди. У бир дақиқа иккиланиб қолди: оз бўлмаса стаканни қўлига олиб, яхши ҳид келиб турган тиниқ ароқни қулт этиб ютиб юбормоқчи бўлди-ю, лекин Василий Андреичга қараб, ичган қасами, сотиб ичган этиги, бочкасоз, кўкламда от сотиб олиб бермоқчи бўлган ўғли эсига тушиб, бир хўрсинди-да, стаканни олишдан бош тортди.

— Ичмайман, кўпдан-кўп раҳмат, — деди у қовоғини солиб, кейин иккинчи дераза олдида турган курсига бориб ўтирди.

— Нега ичмайсан? — деди катта ака.

— Ичмайман дегандан кейин ичмайман-да, — деди Никита унга қарамай, сийрак мўйлови ва соқолидаги эриётган музларга кўз қирини ташлаб.

— Унга тўғри келмайди, — деди Василий Андреич стакандаги ароқни ичгач, орқасидан тешиккулча еятуриб.

— Бўлмаса, чой ичгин, — деди ширинсўз кампир, — тоза совқотган бўлсанг керак, онанг гиргиттон. Ҳой, хотинлар, самоваринглар мунча кечикиб кетди?

— Қайнади, — деб жавоб қилди кичкина келин ва суви тошиб кетаётган самоварнинг буғини елпиб, уни зўрға кўтариб келди-да, дўқ этиб стол устига қўйди.

Бу орада Василий Андреич қандай қилиб йўлдан адашганликларини, қандай қилиб шу қишлоққа икки марта келиб қолганликларини, мастларни учратганликларини сўзлаб берди. Уй эгалари ҳайрон бўлишди ва қаерда, нима учун адашганликларини, улар учратган мастларнинг ким эканликларини тушунтиришиб, у ёққа қандай бориш кераклигини ўргатишди.

— Бу ердан Молчановкани кичкина бола ҳам топиб бора олади, фақат катта йўлдан буриладиган жойни билса бас, ўша ерда буталар бор. Сизлар буталарга етмасдан бурилгансиз! — деди қўшни.

— Яхшиси, ётиб қола қолинглар. Сизларга жой солиб беришади, — деб меҳрибонлик қила бошлади кампир.

— Эрталаб туриб кетаверардинглар, кўнгилдагидек иш бўларди, — деди чол кампирининг гапини маъқуллаб.

— Йўқ, биродар, бўлмайди, зарур иш бор! — деди Василий Андреич. — Бир соат вақтни қўлдан бой берсанг, кейин бир йилда ҳам қўлга киритолмайсан, — деб қўшиб қўйди у ўрмонни ва унинг савдосини бузиши мумкин бўлган савдогарларни хаёлидан ўтказар экан. — Қандай бўлса ҳам етиб борамиз-а? — деди у Никитага қараб.

Никита ҳамон соқол-мўйловларидаги музнинг эришига маҳлиё бўлиб ўтиргандай анчагача индамади. Кейин:

— Яна адашиб қолмасак эди, — деди хафалик билан. Никита шунинг учун хафа эдики, унинг жуда ароқ ичгиси келган ва бу истакни фақат чой ичиш билан босиш мумкин эдн-ю, аммо ҳали ҳам унга чой беришмаган эди.

— Бурилишгача етиб олсак бўлди-да, кейин адашмаймиз; ўрмон ичидан юриб манзилга етиб оламиз, — деди Василий Андреич.

— Ихтиёр ўзингизда, Василий Андреич; кетсак кетаверамиз, — деди Никита узатилган стакандаги чойни ола туриб.

— Чойни ичиб бўлиб, жўнаймиз.

Никита индамай фақат бошини қимирлатиб қўйди ва чойни талинкага қуйиб, кўп ишлаганидан доим шишиб юрадиган бармоқларини буғда исита бошлади. Кейин қанддан бир тишлаб, уй хўжаларига таъзим қилди-да:

— Саломат бўлинглар, — деб чойни ҳўплаи бошлади.

— Бир одам бурилишгача кузатиб қўйса, жуда яхши бўларди-я, — деди Василий Андреич.

— Нега бўлмасин, бўлади, — деди катта ўғил. — Петруха чана қўшиб бурилишгача кузатиб қўяди.

— Бўлмаса бориб қўшавер, оғайни, яхшилигингни унутмайман.

— Қўй, ундай дема, сухсурим! — деди ширинсўз кампир. — Биз астойдил хурсандмиз.

— Петруха, бор, бияни чанага қўш, — деди катта ака.

— Хўп бўлади, — деди илжайиб Петруха ва шу заҳоти михдан шапкасини олиб, югурганча чана қўшгани кетди.

Отларни чанага қўшиб бўлгунча, улар Василий Андреич дераза олдига келган вақтда бўлиниб қолган суҳбатга ўтишди. Чол оқсоқол қўшнисига, ҳайитда унга ҳеч нарса юбормай, хотинига фаранг рўмол юборган учинчи ўғлидан шикоят қилаётган эди.

— Ёшлар катталарнинг гапини менсимайдиган бўлиб кетишяпти, — деди чол.

— Менсимаслик ҳам гапми, — деди қўшни ошнаси, — ҳеч йўлга солиб бўлмай қолди! Жуда ақлли бўлиб кетишганга ўхшайди. Анави, Демочкиннинг ўғли бор-ку, уриб отасининг қўлини синдирибди. Бу ҳам ақли кўпайиб кетгандан бўлса керак-да.

Никита уларнинг юзига тикилиб, гапга қулоқ солиб ўтирарди, афтидан, у ҳам суҳбатга қўшилмоқчи эди-ю, лекин маза қилиб чой ичаётгани учун фақат маъқуллаб, бошини қимирлатиб қўя қолди. У стаканни тез-тез бўшатиб турар экан, тобрра исиб, яйрай бошлади. Суҳбат анча чўзилди, улар фақат бир нарса ҳақида, яъни оиланинг бўлиниб кетишининг зарари ҳақида гаплашишди. Мазмуни, бу шунчаки умумий гап эмас, балки шу уйдаги бўлинишга, яъни шу ерда қовоғини солиб, индамай ўтирган иккинчи ўғилнинг ажралиб чиқмоқчи бўлаётганига тааллуқли гап эди. Бу чамаси, уйдагиларнинг ҳаммасининг фикрини банд қилган энг нозик масала эди-ю, бироқ улар одоб юзасидан бегоналар ҳузурида ўзларининг хусусий ишларини муҳокама қилишни тўхтатиб қўйган эдилар. Аммо охири чол чидаёлмай йиғламсираган овозда: «Ҳозирча тирик эканман, ажралишга рухсат бермайман, худога шукур, уй-жойим тўкис, ажратсам ҳамма нарса хонавайрон бўлади», — деди.

— Мана, мисол учун Матвеевларни олинг, — деди қўшниси, — мақташга арзийдиган ҳақиқий хонадон эди, ажралишгач, ҳеч ким ҳеч нарсага эга бўлмай қолди.

— Сен ҳам шундай бўлишни истаётгандирсан, — деди чол ўғлига қараб.

Ўғли ҳеч нима демади, орага ўнғайсиз жимлик чўкди. Бу жимликни аллақачон отни чанага қўшиб, бундан бир оз илгари уйта кириб келган ва гапларни эшитиб илжайиб турган Петруха бузди.

— Пульсоннинг китобида ҳам худди шунақа масал бор, — деди у. — Отаси ўғилларига бир боғ супурги бериб, синдиринглар, деган экан, синдиришолмабди, биттадан чўпини ажратишган экан, оппа-осон синибди. Бу ҳам худди шунга ўхшайди, — деди у илжайиб, Кейин: — Чаналар тайёр! — деб қўшиб қўйди.

— Тайёр бўлса, жўнаймиз, — деди Василий Андреич. — Бўлиниш масаласига келганда, отахон, сира бўш келма. Мол-мулкни сен топгансан, сен хўжайинсан. Судга бер. У қонун-қоидасини кўрсатади.

— Шундай ғайирлик қилади, шундай ғайирлик қиладики, асти қўяверасан, — деди чол йиғламсираган овозда ҳамон ўз дардини айтиб, — қани энди уни сира гапга кўндириб бўлса. Худди шайтонга айланиб қолганга ўхшайди!

Бу орада Никита беш стакан чой ичиб, яна бир стакан бўлса йўқ демас эдим, деган умидда стаканни тўнтариб қўймай, ётқизиб қўйди. Бироқ самоварнинг суви тамом бўлгани учун бека унга чой қуйиб бермади. Бундан ташқари, Василий Андреич ҳам кийимини кийиш учун ўрнидан туриб қолди. Никита ҳам чор-ночор ўрнидан турди, қўлидаги ҳар томони тишланган бир бўлак қандни яна қанддонга қўйиб, этагининг бари билан терлаб кетган юзини артди-да, чакмонини кийгани кетди.

Чакмонини кийиб бўлгач, у оғир тин олди, кейин уй эгаларига миннатдорлик билдириб, улар билан хайрлашди-да, иссиқ, ёруғ меҳмонхонадан қоп-қоронғи, изғирин шамол гувиллаб ураётган, эшигининг тирқишидан қор кираётган даҳлизга ва у ердан қоп-қоронғи ҳовлига чиқди.

Пўстин кийиб олган Петруха отини ушлаб ҳовлининг ўртасида турар ва илжайиб, Паульсоннинг китобидан ёд олган шеърларини ўқирди: «Бўрон, зулмат осмонни тутар, қор учқуни айланар қуюн; дам ҳайвондай бўкириб ўтар, дам гўдакдек йиғлоқи бир ун».

Никита унинг айтганларини маъқуллаб бошини ирғар ва тизгинларни тўғрилар эди.

Чол Василий Андреични кузатиб, унинг йўлини ёритиш учун даҳлизга фонус кўтариб чиққан эди, шамол шу заҳоти уни ўчириб қўйди. Қорнинг бўралаши кучайиб кстганпни ҳатто ҳовлида туриб ҳам билиш мумкин эди.

«Оббо, ҳавонинг авзойи бузилибди-ку, — деб ўйотади Василий Аидреич. — Етиб олиш ҳам амри маҳолга ўхшаб қолди, йўқ, бормасам бўлмайди, бу кечиктирадиган иш эмас! Бунинг устига, ўрнимдан туриб қўйдим, хўжайин ҳам от қўштириб қўйди. Худо хоҳласа, етиб борамиз!»

Уй эгаси — чол ҳам кетмай ётиб қола қолинглар деб, анча ёлворди-ю, лекии Василий Андреич унинг гапига унамади. Шундан сўнг чол ортиқча қистамади. «Эҳтимол, мен қариб қолганим учун шундай қўрқоқлик қилаётгандирман, етиб боришса ҳам ажаб эмас, — деб ўйлади у. — Қайта вақтида ётиб ухлаймиз. Ортиқча ташвишга ҳам қолмаймиз».

Петруха эса хавф-хатар тўғрисида ўйламасди ҳам чунки у йўлнинг бутун паст-баландликларини беш бармоғидай биларди ва бундан ташқари «Қор учқуни айланар қуюн» деган шеър худди ташқарида бўлаётган ҳолатни ифодалаётгандек уни руҳлантириб юборган эди. Никитанинг бўлса кетишга сира хоҳиши йўқ эди-ю, лекин у кўпдан бери ўз эркига эга бўлмай, ўзгалар хизматини қилишга одатланиб қолгани учун ҳеч нима деёлмади; шундай қилиб, жўнаб кетувчиларни ҳеч ким тўхтатиб қололмади.

 

V

Василий Андреич қоронғида чананинг қаерда турганини яхши кўрмай, пайпасланиб, аранг олдига келди-да, унга ўтириб, тизгинни қўлига олди ва:

— Қани, юрдик! — деб қичқирди.

Петруха ўриндиғи йўқ паст чанага чўккалаб туриб олиб, отининг бошини қўйиб юборди. Олдида бия турганини сезиб, ҳадеб кишнаётган Тўриқ бия юриб кетганини сезиб, унинг орқасидан интилди, улар кўчага чиқишди. Яна бояги йўл, бояги кўчадан кетишди, музлаган кирлар ёйиғлиқ ҳовли олдидан ўтишди, аммо ҳозир кирлар кўринмади; яна ўша бостирма кўринди, уни ҳозир деярли томигача қор босиб кетган эди, томидан шувиллаб қор тушиб турарди; яна ўша ҳазин овоз билан ғувиллаб, ҳуштак чалаётган ва шамолдан эгилаётган толлар ёнидан ўтиб, яна қуюндек айланаётган қор денгизига чиқдилар. Шамол шу қадар кучли эдики, у ёндан ургани учун чанадагилар унга орқаларини ўгириб олганларида, чанани ёнга суриб, отни четга гандираклатиб юборар эди. Петруха йўрға биясини лўкиллатиб, олдинда бардам қичқириб борарди. Тўриқ эса биянинг ортидан интиларди.

Шу тариқа ўн минутча йўл юргач, Петруха орқасига қараб бир нима деб қичқирди. Василий Андреич ҳам Никита ҳам шамолдан унинг нима деб қичқирганини эшитишмади, аммо лекин фараз қилиб, бурилишга келган бўлсак керак, деб ўйлашди. Ҳақиқатан ҳам Петруха отни ўнг томонга бурди, шунда ёндан ураётган шамол юзга ура бошлади, ўнг томонда, қор орасидан эса, бир нима қорайиб кўринди. Бу бурилишдаги буталар эди.

— Хайр энди, худо ёр бўлсин!

— Раҳмат, Петруха!

— Бўрон, зулмат осмонни тутар! — деб қичқирди Петруха ва кўздан ғойиб бўлди.

— Оббо, шоир-эй, — деди Василий Андреич ва отга тизгин тегизиб қўйди.

— Ҳа, яхши йигит, ҳақиқий мужик экан, — деди Никита.

Шундан кейин улар ўзлари кетаверишди.

Никита уйда чой ичиб ўтирганда ичига кирган иссиқни чиқариб юбормасликка ҳаракат қилиб, пўстинига бурканган ва бошини елкасига қисган ҳолда жим борарди; у елкасини қаттиқ қисиб олганидан унинг калта соқоли бўйнига ёпишиб турарди. У олдинда тўғри йўлга ўхшаб кўриниб, уни алдаётган чананинг икки шотисини, отнинг қимирлаётган орқаси билан шамол бир томонга учираётган тугуғлиқ думини ва яна, ундан ҳам олдинда, баланд дўғани, отнинг тебранаётган боши ва ҳилпираётган ёлини кўрарди. Ҳар замонда унинг кўзига йўлнинг икки четидаги нишон қозиқлар кўриниб қолар, шу туфайли у йўлдан кетаётганликларини биларди. Демак, ҳозирча унинг қиладиган иши йўқ эди.

Василий Андреич отни ўз ихтиёрига қўйиб борарди. Лекин Тўриқ қишлоқда дам олиб олганига қарамай, истар-истамас йўртар, гўё йўлдан чиқиб бораётганга ўхшарди, шу сабабдан Василий Андреич уни бир неча марта йўлга солиб қўйди.

«Мана, ўнг томонда битта қозиқ, мана иккинчиси, мана учинчиси, — деб санади Василий Андреич, — мана олдинда ўрмон ҳам кўриниб қолди», — деб ўйлади у, олдида қорайиб кўринган бир нимага тикилиб. Аммо ўрмонга ўхшаб кўринган нарса фақат буталар экан, холос. Бу буталар ҳам орқада қолди, кейин яна йигирма саржинча йўл юришди — тўртинчи қозиқ ҳам, ўрмон ҳам кўринмади.

«Ҳозир ўрмон келиши керак», — деб ўйлади Василий Андреич ва ароқ билан чойнинг кайфидан дадилланиб отни тўхтатмай, аксинча, тизгинни силтаб, унга далда берди; шундан сўнг итоатгўй жонивор от гарчи керакли томон қолиб, бутунлай бошқа томонга ҳайдаётганларини билиб турган бўлса-да, эгасига бўйсуниб, гоҳ лўкиллаб, гоҳ йўртиб, ҳайдаётган томонга қараб чопа бошлади. Ўн минутча шу тариқа йўл юришса ҳам, аммо ҳамон ўрмрн кўринмасди.

— Яна адашганга ўхшаймиз-ку! — деди Василий Андреич отни тўхтатиб.

Никита индамай чанадан тушди-да, шамолдан гоҳ танасига ёпишиб, гоҳ қаирилиб ва устидан тушиб кетаётган чакмонини ушлаб, йўл ахтариб кетди; у қор кечиб аввал бир томонга, кейин иккинчи томонга борди. Уч мартача бутунлай кўзга кўринмай кетди. Ниҳоят қайтиб келди-да, Василий Андреичнинг қўлидан тизгинни олди.

— Ўнгга юриш керак, — деди у қатъий равишда отни бурар экан.

— Ҳай, ўнгга бўлса, ўнгга-да, — деди Василий Андреич тизгинни бериб ва совқотган қўлларини қўлқопга тиқиб.

Никита индамади.

— Қани, ошнажон, бир кучингни кўрсат! — деб қичқирди у отга қараб; бироқ от тизгин силкитиб қўйилганига қарамай, битта-битта қадам ташлаб борарди.

Қор баъзи жойларда тиззадан келарди, шунинг учун от ҳар қадам ташлаганда чана сапчиб кетарди.

Никита чананинг олдида осилиб турган қамчини олиб, отга бир қамчи урди. Қамчи еб ўрганмаган тулпор бир снлтаниб йўртиб кетди, аммо сал юрмай яна лўкиллаб, қадамга ўтди. Шу тариқа беш минутча юришди. Атроф шу қадар қоронғи ва қор шу қадар гирдикапалак бўлиб айланар эдики, ҳатто баъзан дўғани ҳам кўриб бўлмасди. Баъзан чана қимирламай бир жовда турганга ўхшар, дала орқага кетаётгандек туюларди. Бирдан от олдинда бир нарсани сезгандай таққа тўхтаб қолди. Никита тизгинни қўйиб, яна чанадан дик этиб тушди-да, нега тўхтаб қолганини билиш учун отнинг олдига ўтди; у отнинг олдига ўтиб, энди бир қадам босмоқчи бўлган эди, тийғаниб, қандайдир жарликка думалаб кетди.

— Ҳай, ҳай, ҳай, — деди у ўзига-ўзи думалаб борар экан, ўзини тўхтатишга ҳаракат қилиб; аммо бўлмади, ниҳоят, жарликдаги қалин қорни оёғи билан ўйиб кириб тўхтади.

Жар ёқасида осилиб турган қор уюми Никита йиқилиши билан кўчиб, унинг устига ағдарилди, шунда ёқасидан бўйнига қор тушди…

— Ҳали шунақамисан! — деди Никита ўпкалаган оҳангда қор уюмига ва жарга қараб, бўйнига тушган қорларни қоқа туриб.

— Никита, ҳой Никит! —деб қичқирди Василий Андреич тепадан туриб.

Аммо Никита овоз бермади.

Унинг фурсати йўқ эди: у устидаги қорларни қоқиб бўлиб, жарга думалаган вақтида, қўлидан тушиб кетган қамчини ахтараётган эди. Қамчини топгач, у думалаб тушган жойидан яна қайтиб чиқмоқчи бўлган эди, аммо чиқишнинг иложи бўлмади: ҳадеб орқасига сирғаниб кетаверди; шунинг учун жар ичида юриб, тепага чиқадиган жой қидиришга мажбур бўлди. Думалаб тушган еридан етти-саккиз қадамча нари бориб, эмаклаб аранг тепаликка чиқиб олди-да, жар ёқаси билан от турган жойга томон юра бошлади. От билан чана кўринмасди; бироқ у шамолга қарши бораётгани учун от билан чанани кўришдан олдин, Василий Андреичнинг қичқириб, Тўриқнинг эса, кишнаб уни чақирган овозини эшитиб қолди.

— Келяпман, келяпман, мунча кишнайсан! — деди у. Чананинг худди олдигинасига етиб келган пайтдагина у отни ва отнинг ёнида турган Василий Андреични кўрди; Василий Андреич жуда баҳайбат кўринарди.

— Қайси жаҳаннамга йўқолиб кетдинг? Орқага юриш керак. Гришкинога қайтсак ҳам майли, — деди жаҳл билан хўжайин Никитага.

— Жон деб қайтар эдик-а, Василий Андреич, лекин қаёққа юрамиз? Бу ерда шундай чуқур жар бор эканки, тушсанг, сира ҳам чиқолмайсан. Мен ўшаққа думалаб кетиб, аранг чиқиб олдим.

— Хўш, нима қиламиз, шу ерда туравермаймиз-ку? Ахир бир ёққа кетишимиз керак-да, — деди Василий Андреич.

Никита ҳеч нима деб жавоб қайтармади. У шамолга орқасини ўгириб, чанага ўтирди-да, этикларини ечиб, ичига тушган қорларни қоқиб ташлади ва похол олиб, уни чап этигининг ичидан тешигига яхшилаб тиқиб қўйди.

Василий Андреич бутун ихтиёрини Никитага топширгандек жим ўтирарди. Никита этикларини кийиб бўлгач, оёқларини чанага олди, яна қўлқопини кийиб, тизгинни қўлига ушлади-да, отни жар ёқасидан буриб ҳайдай бошлади. Лекин яна юз қадам юрар-юрмас, от оёғини тираб туриб олди. У яна жарлик ёқасига келиб қолган эди.

Никита яна чанадан тушиб, яна қор кечиб кетди. У узоқ юрди. Ниҳоят кетган томонининг қаршисидан келиб қолди.

— Андреич, бормисиз? — деб қичқирди у.

— Борман! — дея овоз берди Василий Андреич. — Хўш, қалай?

— Ҳеч билиб бўлмаяпти. Қоронғи, қандайдир жарликлар бор. Яна шамолга қарши юриш керакка ўхшайди.

Яна юришди, Никита яна қор кечиб йўл ахтаргани кетди. Яна чанага ўтирди, яна тушиб, қор кечиб кетди ва ниҳоят, ҳаллослаб чана олдига келиб тўхтади.

— Хўш, қалай? — деб сўради Василий Андреич.

— Нима бўларди, жуда чарчадим! От ҳам юрмаяпти.

— Хўш, энди нима қилиш керак?

— Қани, яна бирпас тура туринг-чи. Никита яна кетди ва тезда қайтиб келди.

— Орқамдан юр, — деди у отга, олдидан келиб. Василий Андреич энди ҳеч нима деб буйруқ бермас, балки Никита нима деса, итоаткорлик билан шуни қилар эди.

— Юр, орқамдан! — деб қичқирди Никита, отнинг жиловидан ушлаб ва тезлик билан ўнг томонга силжиб; у отни қаёққадир пастликдаги қор уюмига етаклади.

От олдинига оёғини тираб туриб олди, аммо кейин қор уюмидан сакраб ўтмоқчи бўлиб бир интилган эди, кучи келмай бўйинчасига қадар қорга ботиб қолди.

— Чанадан тушинг! — деб қичқирди Никита ҳамон миқ этмай ўтирган Василий Андреичга; кейин отнинг ёнига келиб шотининг бир ёғидан ушлаб торта бошлади. — Қийин бўлди, оғайни, — деди у Тўриққа қараб, — аммо сира иложи йўқ, бир зўр бермасанг бўлмайди! Ҳа, ҳа, яна оз-моз! — деб қичқирди у.

От бир талпинди, икки талпинди, лекин барибир чиқолмади, гўё бирон чора ўйлаётгандек яна жим туриб қолди.

— Нима бўлди, оғайни, маза йўқ-ку, — деб сазо бера бошлади Никита Тўриққа. — Қани, яна бир зўр бер-чи!

Шундай деб Никита яна ўз томонидаги шотидан торта бошлади; Василий Андреич эса, иккинчи шотини тортишга киришди. От бошини бир силтаб, бирдан бор кучи билан талпина бошлади.

— Ҳа! Чу! Чиқиб кетдинг! — деб қичқирди Никита. От бир сакради, иккинчи, учинчи марта сакради ва, ниҳоят, қор ичидан чиқди-да, тўхтаб оғир нафас олиб силкинди. Никита отни етаклаб кетавермрқчи бўлган эди, лекин Василий Андреич иккита пўстинда жуда ҳаллослаб қолганидан юра олмай, ўзини чанага ташлади.

— Тўхта, бирпас нафасни ростлаб олай, — деди у, қишлоқда пўстинининг ёқасини боғлаб олган рўмолчасини бўшата туриб.

— Бу ёғи унча хавфли эмас, сиз ётаверинг, — деди Никита, — мен аста етаклаб кетавераман, — шундай деб у отни жиловидан ушлаб, ўн қадамча пастлаб борди, кейин сал юқориликка қараб юрди-да, тўхтади.

Никита отни тўхтатган жой шамол тепаликлардан қорни учириб келиб бирпасда уларни бутунлай қор билан кўмиб ташлайдиган пастқам ер эмасди, лекин ҳар ҳолда жарликнинг ёқаси у жойни қисман шамолдан тўсиб турарди. Бир неча дақиқа шамол пасайтандек бўлди, аммо бу узоққа чўзилмади ва гўё шу бир оз дам олиб олганининг ҳиссасини чиқармоқчи бўлгандек ўн баравар куч билан янада даҳшатлироқ бўрон эсиб, қорларни чирпирак қила бошлади. Шамолнинг бундай қутуриши Василий Андреич нафасини ростлаб бўлгач, чанадан тушиб, энди нима қиламиз, деб маслаҳатлашмоқ учун Никитанинг олдига келган пайтга тўғри келди. Иккови беихтиёр энгашиб қолди-ю, шамолнинг даҳшатли овози пасаймагунча гаплашмади. Тўриқ ҳам норози бўлгандек қулоқларини чимириб, бошини силкиб қўйди. Шамол бир оз пасайгач, Никита қўлқопларини ечиб, уларни белбоғига қистирди-да, қўлларига куҳлаб, дўғанинг қайишини еча бошлади.

— Нима қиляпсан? — деб сўради Василий Андреич.

— Отни чанадан чиқаряпман, бошқа нима қилардим? Мадорим қолмади, — деди Никита кечирим сўраётгандек.

— Ахир бирон ёққа юрмаймизми?

— Юрмаймиз, фақат отни қийнаймиз, холос. Ахир бу жонивор ўлардек чарчади-ку, — деди Никита, бўйнини эгиб ҳар нарсага тайёрлигини билдириб турган ва икки биқини терлаб, огир нафас олаётган отни кўрсатиб. — Тунаш керак, — деб қўшиб қўйди у гўё карвонсаройга келиб қолгандек, сўнг чилвирни еча бошлади.

Дўға бўшаб кетди.

— Совқотиб ўлмаймизми? — деди Василий Андреич, — Илож қанча? Ўлсак ўлаверамиз — қочиб қутулолмаймиз, — деди Никита.

 

VI

Василий Андреич иккита пўстинда бўлгани учун, айниқса, от қорга ботиб қолганда чананинг бир ёқ шотисидан тортишгандан кейин жуда исиб кетган эди; аммо ҳақиқатан шу ерда тунаб қолиш кераклигини тушунгач, унинг баданига муз югургандай бўлди. У ўзини тинчитиш учун чанага ўтириб ёнидан папирос билан гугурт ола бошлади.

Бу орада Никита отни чанадан чиқараверди. У отнинг қоринбоғини, айилини, тизгинини, бўйинча боғини ечди, дўғани чиқарди ва отга далда бериш учун унга гапира кетди:

— Қани, чиқ, бўл тез, — деди у отни шотидан чиқара туриб. — Мана сени шу ерга боғлаб қўямиз. Оғзингдан сўлиғингни олиб, олдингга похол ташлайман, — деди у айтган гапларини қилиб. — Овқатланиб олганингдан кейин анча яйраб қоласан.

Афтидан, Никитанинг сўзлари Тўриққа таъсир қил-мади шекилли, у тинчланмай, безовта бўлаверди: дам у оёғини босиб, дам бу оёғини босиб, шамолга орқасини ўгириб, чанага тиқилаверди ва Никитанинг енгига бошини ишқалайверди.

Тўриқ Никита похол билан сийлагани учун гўё фақат унинг раъйини қайтармасликка ҳаракат қилгандай, чананинг тўсқичига қўйилган похолдан бир тутам тортиб олди-да, кейин гўё шу пайтда томоқдан овқат ўтадими дегандек, уни яна ташлаган эди, шамол бир лаҳзада уни учириб кетиб, қорга кўмиб ташлади.

— Энди белги қилиб қўямиз, — деди Никита чананинг олдини шамолга қилиб; сўнгра иккала шотини айил билан боғлаб, уни лайлак қилиб кўтарди-да, чананинг олд томонига тортиб қўйди. — Мана, энди бизни қор кўмиб кетса, яхши одамлар шотини кўриб, бизни қор тагидан кавлаб олишади, — деди Никита қўлқопларини бир-бирига уриб, қўлига кияр экан. — Қариялар ана шундай деб ўргатишган.

Василий Андреич бу вақт орасида пўстинининг барига бурканиб олиб, тинмай гугурт чақишга ҳаракат қиларди-ю, аммо сира ёндиролмасди; унинг қўллари қалтирар ва гугурт ё чирт этиб ёнган заҳоти, ё бўлмаса уни энди папирос олдига олиб келган вақтда ўчиб қоларди. Ахири бир гугурт охиригача ёниб бир лаҳзагина пўстинининг мўйнасини, букилиб турган кўрсаткич бармоғига олтин узук тақилган қўлини ва шолча остидан чиқиб турган сули похолини ёритган эди, у папиросини тутатиб олди. Папиросни икки марта чўзиб-чўзиб тортиб, тутунини ичига ютиб, мўйловлари орасидан чиқарди, кейин яна тортмоқчи бўлган эди, шамол оловни тамаки-памакиси билан бирга похолни учириб кетган томонга учириб кетди. Ана шу бир-икки ютим тамаки тутуни ҳам Василий Андреичга яхшигина кайф берди.

— Тунасак тунаб қолаверамиз-да! —деди у қатъий равишда. — Тўхтаб тур, мен байроқча ҳам қиламан.

Шундай деб у, ёқасидан ечиб чанага ташлаган рўмолчасини олди, кейин қўлқопларини ечиб, чананинг олд томонига келди-да, бўйнини чўзиб, шоти олдидаги айилга рўмолчани чандиб боғлади. Шамол шу заҳоти рўмолчани гоҳ шотига ёпиштириб, гоҳ бирдан юлқиб, дардарак қилиб учира бошлади.

— Қара, иш деган бундай бўпти! — деди Василий Андреич ўз ишидан завқлалиб ва чанага ўтираётиб. — Икки киши ўтирса иссиқ бўларди-ю, бироқ иккаламиз сиғмаймиз-да, — деди у яна.

— Мен жой топаман, — деб жавоб берди Никита, — аммо отнинг устини ёпиб қўйиш керак, терлаб кетди, жонивор. Мана буни қўйворинг, — деб қўшиб қўвди у, чананинг олдига келиб ва Василий Андреичнинг остидан шолчани тортиб.

Шолчани олгач, икки буклади-да, аввал қуюшқонни, сўнгра эса эгарни олиб, уни отнинг устига ёпди.

— Ҳарна сенга иссиқ бўлади, тентак, — деди у яна шолча устида отга эгар ва қуюшқон ура туриб. — Сизга олача керак эмасдир-а? Менга похолдан ҳам беринг, — деди Никита у ишни қилиб бўлгач, яна чананинг олдига келиб.

Никита Василий Андреичнинг тагидан олача билан похолни олиб, чананинг орқасига ўтди, у ерда ўзига қордан чуқурча ясади, унинг ичига похол тўшади, қулоқчинини бостириб кийиб, чакмонига ўралиб олди-да, устидан олачани ёпиниб, похол устига ўтирди ва чананинг орқа тахтасига ёнбошлади; бу жой уни шамол ва қордан тўсиб турарди.

Василий Андреич Никитанинг қилган ишини айбситиб, бошини қимирлатиб қўйди; умуман у мужикларнинг ўқимаганликларини ва нодонликларини хуш кўрмасди; шундан сўнг ётишга тайёрлик кўра бошлади.

У чанада қолган похолни текислаб биқини остини қалинроқ қилди-да, қўлларини енгига тиқиб, чананинг олд бурчагига бошини қўйди; бу ер уни шамолдан тўсиб турар эди.

Унинг уйқуси келмасди. У ётиб ўйлай бошлади: ўйлаганда ҳам фақат бир нарса ҳақида, ҳаётининг бирдан-бир мақсади, маъноси, қувончи ва ғурури деб билган-нарсаси, қанча мол-дунё орттиргани ва яна қанча пул орттириши мумкинлиги, у танийдиган бошқа кишиларнинг қанча давлати-ю, пули борлиги, улар бу мол-дунёни қандай орттирганликлари ҳамда орттираётганликлари, у ҳам ўшалар сингари қандай қилиб яна кўп пул орттириши мумкинлиги ҳақида ўйлади. Горячкино ўрмонини сотиб олиш жуда катта фойдани қўлга киритиш деган сўз эди. У, бу ўрмонни сотиб олса, бирданига ўн минг сўм фойда қилишига имони комил эди. Шунинг учун ҳам у кузда бориб кўргани ва икки ботмон ердаги дарахтларни санаб чиққани — ўрмонни хаёлида хомчўт қилиб баҳолай бршлади.

«Эманлар чананинг қўшқоракларига кетади. Ходалари ўз-ўзидан маълумки, иморатга ишлатилади. Бундан ташқари, бир ботмон ердан бемалол ўттиз саржин ўтин чиқади, — деди у ўзига-ўзи. — Ҳар бир ботмондан кам деганда икки юз йигирма беш сўм фойда қолади. Эллик олти ботмон, эллик олти жойда юз сўмлик ва яна эллик олти жойда юз сўмлик, бунда қўшамиз эллик олти жойда ўн сўмлик ва яна эллик олти жойда ўн сўмликни, кейин эллик олти жойда беш сўмлик». У ҳисоблаб кўрган эди, ўн икки минг сўмдан ортиб кетди, лекин чўт бўлмагани учун аниқ қанча эканини билолмади. «Ҳарқалай, ўн минг сўм бермайман, дарахти йўқ, очиқ жойларни чиқариб ташлаб саккиз минг сўм бераман. Танобчининг томоғини ёғлайман, унга юз сўм ё бўлмаса юз эллик сўм бераман, у менга беш ботмон очиқ жойни ўлчаб беради. Шунда саккиз мингга ҳам кўниб қолади. Уч мингни шу заҳоти қўлига тутқизаман. Ўлдими, кўнгли юмшаб қолар, — деб ўйлади у тирсаги билан чўнтагидаги ҳамёнини пайпаслаб кўраркан. — Бурилишдан қандай қилиб адашганимизга ҳеч ақлим етмай қолди! Ўрмон билан қоровулхона шу орада бўлиши керак эди. Лоақал итлар ҳурса-чи. У лаънатилар ҳам керак вақтида ҳуришмайди». У пўстинининг ёқасини қайириб, атрофга қулоқ сола бошлади; ҳамон ўша шамолнинг ҳуштак чалиши-ю, шотидаги рўмолчанинг партиллаши ва чананинг олдидаги тўсқичига қорнинг урилиши эшитиларди, холос. У яна қулоқларини беркитиб олди.

«Билганимизда ётиб қолардик. Ҳай, майли, барибир, эртага етиб борамиз. Фақат бир кун бекор кетади. Бундай ҳавода улар ҳам боришмайди». Кейин у сотган ҳўкизлари учун тўққизинчида қассобдан пул олиши кераклигини эслаб қолди. «Уйга ўзи келмоқчи эди; мен уйда йўқ бўламан — хотиним пулни олиб қололмайди. Жуда уқувсиз хотин-да. Дурустроқ муомала қилишни ҳам билмайди», — деб ўйлашда давом этди у, кеча байрамда уникида меҳмон бўлган становойга яхшироқ мулозамат қилмаганини эслаб. «Нима қилса ҳам хотин-да! У нимани кўрибди? Ота-онам бор вақтида уйимиз қанақа эди? Шунчаки қишлоқнинг ўзига тўқ мужикларидан ҳисобланардик, холос: обжувоз билан карвонсаройдан бўлак ҳеч қанақа мол-мулкимиз йўқ эди. Хўш, ўн беш йил ичида мен нималар қилдим? Бир дўкон, икки қовоқхона, бир тегирмон, бир ғалла омбори, ижарага қўйилган иккита қўрғон, тунука томли, таги подвалли данғиллама уй қурдим, — деб эслади у мағрурланиб. — Отамнинг вақтидаги уйлар уймиди! Ҳозир округда донғи кетган ким? Брехунов.

Нима учун шундай? Шунинг учунки, ишнинг кўзини биламан, бошқаларга ўхшаб чўзилиб ётмайман, ножўя ишлар қилмайман, тиним билмайман. Кечалари ухламайман. Қор, ёмғир демай юравераман. Шундай қилиб иш битираман. Улар, шунчаки ўзидан-ўзи пул келаверади, деб ўйлашади. Йўқ, биродар, сен заҳмат чек, бошингни қотир, мана шунга ўхшаб очиқ далада тунаб қол-да, туни билан мижжа қоқмай чиқ, мақсадингга етмагунингча тннчима, — деб ўйлади мағрурланиб. — Бой бўлиш бахтга қарайди, деб ўйлашади. Ана Мироновлар ҳозир миллиончи бўлишди. Хўш, сабаб? Сабаби меҳнат қилсанг, худо беради. Фақат худо тани соғлик берса бас».

Миронов арзимаган дастмоя билан миллиончи бўлиб кетди, шу сабабли мен ҳам Мироновга ўхшаб миллиончи бўлиб кетишим мумкин, деган фикр Василий Андреични ғоятда ҳаяжонлантириб юборди-ю, шу пайт унинг бирон киши билан жуда гаплашгиси келиб кетди. Бироқ гаплашадиган киши йўқ эди… Горячкинога етиб борганда-ку, помешчик билан гаплашиб, роса уни лақиллатарди-я.

«Уҳ, шамолнинг шаштини қара-я! Бу аҳволда эрталабгача қорнинг тагида қолиб кетмасак дейман!» — деб ўйлади у, шамолнинг ғувиллашига қулоқ солиб; шамол чананинг олдидаги тўсқичига урилиб, уни сал майиштирар ва қорларни тахтага олиб келиб урарди. Василий Андреич сал қўзғалиб, ён-верига қаради, оқ қорлар жимирлаб учаётган қоронғиликда фақат Тўриқнинг боши, ҳилпираб учиб турган шолча ёпиғлиқ сағриси ва тугиғлиқ қалин думи қорайиб кўринарди; бошқа ҳамма ёқ бир хилда оқ қорлар жимирлаб турган қоронғиликдан иборат эди; бу жимирлаб турган қоронғилик баъзан сал-пал ёруғлашиб, баъзан эса, янада баттар қоронғилашиб кетаётганга ўхшарди.

«Мен бекор Никитанинг гапига кирдим, — деб ўйлади у. — Кетавериш керак эди, ахир бир ердан чиқар-эдик. Лоақал Гришкинога қайтсак ҳам майли эди, Тарасникида тунар эдик. Мана энди тонг отгунча ўтириб чиқиш керак. Шундаям бемаъни иш бўларми? Худо ҳаракат қилганга беради-да, дангаса, ишёқмас, аҳмоқларга нима ҳам берарди. Бир папирос чекмасам бўлмаи қолди!» У ўтириб, чўнтагидан папирос қутисини олди, шамол оловни ўчирмасин учун бошини пўстинининг барига буркаб, қорни билан ётди, лекин шамол йўл топиб, бирин-кетин гугуртни ўчираверди. Ниҳоят бир амаллаб гугуртни ёқди-да, папиросни тутатиб олди. У ўйлаган ишини қилганидан жуда хурсанд бўлди. Гарчи папиросни ундан кўра шамол кўпроқ тортиб кетган бўлса-да, ҳар ҳолда уч марта ичига тутун ютиб қолганидан яна димоғи чоғ бўла бошлади. У яна чанага ёнбошлаб, бурканиб олди, яна хаёлга чўмиб, ўйлай кетди-ю, бехосдан, сира кутилмаганда ҳушини йўқотиб, ухлаб қолди.

Тўсатдан уни худди бир нарса қаттиқ туртгандек бўлди-ю, уйғотиб юборди. Тўриқ унинг тагидан похол тортиб олдими ёки ўзининг ичидан бир нарса қаттиқ, туртиб юбордими — ишқилиб, у уиғониб кетди; юраги дукиллаб қаттиқ ва тез-тез ура бошлаганидан назарида остидаги чана ҳам қимирлаб кетаётгандек туюлди. У кўзларини очди. Атрофига қараган эди, бояги-бояги аҳволни кўрди, фақат ҳаво сал ёришгандек сезилди. «Тонг ёришаётганга ўхшайди, — деб ўйлади у, — ҳадемай тонг ҳам отиб қолса керак». Кейин шу заҳоти ақли ҳушини йиғиб олиб, ой чиққани учун ҳаво сал ёришганини билди. У ўрнидан қўзғалиб, отга қаради. От ҳамон шамолга орқасини ўгириб, қалтираб турарди. Усти қрр бўлиб ётган шолчанинг бир ёқ томонини шамол қайириб ташлаган, қуюшқон биқинига оғиб кетган эди; отнинг қор билан қопланган боши, ҳилпираб турган пешона ёли ва бўйин ёллари энди аниқроқ кўринарди. Василий Андреич энгашиб, чананинг орқа томонига қаради. Никита ҳамон ўша ўтирганича ҳолатини ўзгартирмай ўтирарди. Устига ёпиб олган олачасини ва оёқларини қалин қор босиб кетган эди. «Тағин совуқда қотиб қолмасин мужик, уст-боши юпун эди. Яна унинг учун жавобгар бўлиб ўтирмай. Кўп бемаъни халқ-да. Ғирт нодон», — деб ўйлади Василий Андреич ва отнинг устидан шолчани олиб, унинг устига ёпиб қўймоқчи бўлди-ю, аммо совуқда туришдан ва қимирлашдан эриниб, қолаверса отнинг қотиб қолишидан қўрқиб, индамай ётаверди. «Нега уни олиб келдим? Ҳаммаси хотинимнинг аҳмоқчилигидан бўлди!» — деб ўйлади Василий Андреич шумшук хотинини эслаб. Кейин яна аввалги жойига, чананинг олдига ёнбошлаб олди. «Бир кун амаким ҳам худди шунга ўхшаб туни билан қорда ўтириб чиққан экан, — деб эслади у, — ҳеч нима қилмабди. Ҳа, айтмоқчи, Севастьянни қор тагидан кавлаб олишди-ку, — шу онда унинг кўз олдига бошқа бир воқеа келиб тўхтади, — у ўлиб, худди музлаган гўштдек қотиб қолган эди.

«Гришкинода ётиб қолганимда-ку, ҳеч гап йўқ эди-я». Шу хаёллардан кейин у, ҳеч еримдан совуқ кирмасин, пўстин танамнинг ҳамма ёғини иситиб турсин, деб бўйнини, тиззаларини ва оёқларини яхшилаб ўраб олгач, яна ухламоқчи бўлиб кўзларини юмди. Аммо энди ухлашга қанча ҳаракат қилмасин, барибир сира уйқуси келмади, балки аксинча ўзини тетик ва бардам ҳис қилаверди. Яна у қиладиган фойдаларини, одамлардаги қарзларини ҳисоблай бошлади, тағин ўзига-ўзи мақтаниб, ўзидан ва ўзининг мавқеидан беҳад хурсанд бўла бошлади — бироқ энди бу хурсандчилиги нега Гришкинода ётиб қола қолмадим, деган яширин қўрқув ва аламли фикр билан доим бўлиниб турди. «Каравотда иссиққина ётганим минг марта яхши эмасмиди?» У бир неча марта у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилди, унча шамол урмайдиган дурустроқ, қулайроқ жойни ахтаришга уриниб, у ёқ-бу ёғига суриниб кўрди, аммо сира ўрнашолмади; у яна қўзғалиб, ҳолатини ўзгартирди, оёқларини ўраб, юз-кўзларини беркитди-да, жим ётди. Лекин қаттиқ валенка ичида оёқларининг панжалари букилиб оғрий бошлаганиданми ёки бирон жойидан шамол урганиданми, ҳар ҳолда у кўп ётолмай, аттанг, Гришкинода қолганимда, ҳозир иссиқ уйда тинчгина ётган бўлардим, деган хаёл билан яна ўзидан хафа бўлиб, ўрнидан турди, яна у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилди, ўраниб олиб, яна ётди.

Бир вақт Василий Андреичга узоқда хўрозларнинг қичқирган овози эшитилгандек бўлди. У қувониб кетди, ёқасини қайириб, диққат билан қулоқ сола бошлади; бироқ қанча қулоғини динг қилмасин, барибир шамолнинг шотига урилиб ҳуштак чалиши, рўмолчанинг дардарак бўлиб ҳилпираши ва қорнинг чана тўсқичига чиртиллаб урилишидан бўлак овоз эшитилмади.

Никита кечқурун қандай ўтириб олган бўлса, ҳали ҳам қимирламай худди шундай ўтирарди, ҳатто Василий Андреич уни икки марта чақирганда ҳам жавоб бермади. «Унинг парвойи фалак, ухлаб қолганга ўхшайди», — деб ўйлади Василий Андреич энсаси қотиб ва устига қалин қор ёққан Никитага чананинг орқасидан қараб.

Шундай қилиб, Василий Андреич йигирма марта ўрнидан туриб, йигирма марта ётди. Назарида бу туннинг охири бўлмайдигандек туюлди. «Энди тонг отишига оз қолган бўлса керак, — деб ўйлади у бир вақт ўрнидан туриб ва атрофига қараб. — Қани, соатга бир қарай-чи. Пўстинни очсам совқотаман-да. Майли, тонг отишга яқин қолганини билсам, анча кўнгил кўтарилади. Отни чанага қўша бошлаймиз». Василий Андреич: кўнглининг чуқур жойида ҳали-вери тонг отмаслигини билиб турса ҳам юрагига тобора кўпроқ ғулғула туша бошлаганидан, бу ҳисни енгмоқ учун у айни бир вақтда ҳам соатини кўрмоқчи, ҳам ўзини алдамоқчи бўлди. У калта пўстинининг илгагини аста чиқариб ва қўлини қўлтиғига тиқиб нимчасига етгунча анча тимирскиланди. Охири ёнидан гуллари эмалда қилинган кумуш соатини олиб, унга қарай бошлади. Қоронғида ҳеч нимани кўриб бўлмади. У яна папирос чекканда қилганидек мукка тушиб, тирсаклари ва тиззаларига таяниб ётди-да, гугурт олиб, ёқа бошлади. Бу сафар у ишни пухта қилди, бармоқлари билан боши катта бир гугуртни танлаб олди-да, бир чертишдаёқ уни ёндирди. Соатнинг циферблатини ёруққа тутиб кўрди-ю, ўз кўзларига ишонмай қолди… Энди ўн иккидан ўн минут ўтган эди. Ҳали бутун тун олдинда эди.

«Оҳ, бу кеча қандай узун!» — деб ўйлади Василий Андреич, танасига муз югурганини сезиб; кейин яна пўстинининг илгакларини солиб, бошини буркаб олди-да, сабр билан тонг оттирмоқчи бўлиб, чананинг бурчагига ёнбошлади. Бирдан унинг қулоғига бир хилда ғувиллаётан шамол аралаш қандайдир янги, даҳшатли овоз эшитилди. Бу овоз тобора авжига чиқиб, яна аста-секин пасая бошлади. Бу бўрининг овози эканлигига ҳеч қандай шубҳа қилмади. Бўри шу яқин орада увлаётганидан у шамолда, жағини қимирлатиб, овозини ўзгартираётгани аниқ сезилиб турарди. Василий Андреич ёқасини қайириб ташлаб, диққат билан қулоқ срла бошлади. От ҳам қулоқларини динг қилиб эшитиб турарди, бўрининг овози ўчгач, у оғирлигини бошқа ёғига солиб, аста пишқириб қўйди. Шундан кейин Василий Андреич ухлаш у ёқда турсин, бутунлай тинчини йўқотиб қўйди. У ўзининг мақсадлари, ишлари ва шуҳрати, мавқеи, бойлиги тўғрисида ўйлашга ҳаракат қилган сари унинг кўнглини тобора кўпроқ ваҳима босаверди, пировардида, нега Гришкинода тунаб қолмадим, деган фикр ҳамма фикрлардан устун келиб, ҳамма фикрларига аралашиб кетди.

«Ўрмони ҳам қурсин, усиз ҳам ишим жойида эди. Эҳ, аттанг, ётиб қолсам бўлар экан-а! — деди у ўзига-ўзи. — Мастлар совуқда қотиб қолади, дейишарди, — деб ўйлади у, — Ароқ ичган эдим-а». Шундан кейин у жим бўлиб, сезгиларига қулоқ солиб кўрган эди, қалтираётганини билди, аммо нимадан қалтираётганини — совуқданми ёки қўрқувданми — ўзи ҳам билмади. У бошини буркаб, аввалгидек ёнбошлаб ётмоқчи бўлган эди, бироқ энди сира ётолмади. Унинг бир жойда ётгиси келмай қолди, у ичидан қўзғалиб келаётган ва унга қарши туришга ожизлик қилаётган ваҳимани босиш учун ўрнидан туриб бирор чора топишни истарди. У яна чўнтагидан папирос билан гугурт олди, лекин фақат уч дона гугурт чўпи қолганди, холос, улар ҳам энг ишдан чиққанлари эди. Учалови ҳам пов этди-ю, ёнмай ўчиб қолди.

«Э, расво, жин урсин сен лаънатини!» — деб сўкинди у, кимни сўкканини ўзи ҳам билмай, кейин мижғиланган папиросни улоқтириб юборди. У гугурт қутисини ҳам улоқтирмоқчи эди-ю, лекин қўлини тўхтатиб, уни чўнтагига солиб қўйди. Унинг безовталиги ршиб, юраги шу қадар ҳовлиқа бошладики, сира бир жойда ўтиргиси келмай қолди. У чанадан тушди-да, шамолга орқасини ўгириб, қайтадан белини белбоғи билан яхшилаб боғлай бошлади.

«Нима қилиб ётибман, ўлишимни кутяпманми? Отга миниб жўнаб қолиш керак, — бирдан унинг миясига ана шу фикр келди. — Салт минганда от тўхтамайди, кетаверади. У бўлса, — деб ўйлади у Никитани, — барибир ўлади. Унинг ҳаёти ҳаёт бўлдими! У ўлиб кетса ҳам бўлаверади, мен эса, худога шукур, ҳар қанча яшасам арзийди…»

Ана шу ўй-хаёллардан кейин отни ечиб, юганини бўйнига ташлади-да, отга сакраб минмоқчи бўлган эди, аммо иккита пўстини билан оёғидаги валенкаси оғирлик қилиб отга минолмай сирғаниб тушди. Шундан сўнг у чанага чиқиб, чана устидан минмоқчи бўлди. Лекин оғирлигидан чана тебраниб кетиб, у яна минолмади. Ниҳоят учинчи сафар отни чананинг олдига олиб келди-да, чананинг четига аста оёқларини қўйиб туриб, отнинг устига қорни билан ётиб олди. Шу ётишида олдинга бир, икки интилди-да, ахири бир оёғини қуюшқоннинг узуна тасмасига тираб ва бир оёғини отнинг устидан ошириб, миниб олди. Отга минаётган вақтда чана қимирлаб Никитани уйғотиб юборди, шунда у бошини сал кўтариб қўйди, шу пайт Василий Андреичнинг назарида у бир нарса дегандек бўлди.

— Сен аҳмоқларнинг сўзига кириб ўтирибманми ҳали! Бундан чиқди, бекордан-бекорга ўлиб кетишим керак экан-да? — деб қичқирди Василий Андреич ва шамол учираётган пўстинининг барини тақимига босиб, отнинг бошини бурди-да, кўнглида ўрмон билан қоровулхона шу орада бўлиши керак, деб ўйлаган томонига қараб от солиб кетди.

 

VII

Никита чананинг орқасида қордан чуқурча ясаб, устига олача ёпиниб қимирламай ўтирарди. У, табиат билан бирга яшовчи ва муҳтожлик нима эканлигини яхши билувчи барча кишилар каби ниҳоятда сабрли эди; шу сабабли ҳам қийин онларни, ҳатто кунларни бетоқат бўлмай, аччиғланмай тинч, бепарво ўтказишга одатланиб қолган эди. У хўжайинининг чақирганини эшитди-ю, лекин жавоб бермади, чунки қимирлагиси ва жавоб бергиси келмади. Боя чой ичиб олганидан ва қор кечиб кўп юрганидан гарчи бадани ҳали иссиқ бўлса-да, бу иссиқ кўпга бормаслигини ва яна қор кечиб исиниб олишга қурби етмаслигини биларди, чунки у чарчаган отдек жуда ҳолдан тойган эди: от ҳадеб тўхтайверади, эгаси қамчи билан савалашига қарамай, ҳеч юрмайди, туриб олади, шунда эгаси уни яна юргизиш учун ем бериши кераклигини билади. Никита ҳам худди ана шундай аҳволда эди. Унинг йиртиқ этикдаги бир оёғи музлаб, бошмалдоғи кесак бўлиб қолган эди. Бундан ташқари, бутун бадани тобора совқотиб, увушиб бормоқда эди. Унинг хаёлига, балки шу кеча ўлиб қоларман, деган фикр келди, аммо бу фикр унча ёқимсиз, унча ваҳимали бўлиб туюлмади. Бу фикрнинг унча ёқимсиз бўлиб туюлмаганига сабаб шуки, унинг бутун ҳаёти роҳат-фароғатда эмас, аксинча, тйнимсиз уқубатли меҳнатда ўтган, бу меҳнат уни ниҳоятда эзиб ташлаган эди. Бу фикрнинг унча ваҳимали бўлиб туюлмаганига сабаб эса шуки, у ҳамиша ўзини бу дунёда хизматини қилиб юрган Василий Андреич сингари хўжайинларидан ташқари, уни бу дунёга юборган эгасининг ихтиёрида, деб ҳис қиларди; шунинг учун ҳам, ўлганидан сўнг ана ўша эгасининг ихтиёрида бўлишини, эгаси эса, уни хафа қилмаслигини биларди. «Кўникиб қолган эски ҳаётни ташлаб кетгинг келмайдими? Хўш, илож қанча, янги ҳаётга ҳам кўникиш керак-да».

«Гуноҳларим-чи? — деб ўйларди у ва ароқ ичганларини, ароққа сарф қилган пулларини, хотинини хўрлаганларини, сўкишларини, ибодат қилиш учун черковга бормаслигини, рўза тутмаслигини ва умуман, ибодат вақтида руҳоний қил деган ишларни қилмаганини эслади. — Албатта, гуноҳларим бор. Хўш, мен нима қилай, уларни атайин елкамга ортиб олибманми? Худонинг ўзи мени шундай гуноҳкор қилиб яратган бўлса керак-да. Ҳа, гуноҳ қилишга қилдим! Энди қаёққа қочиб қутулардим?»

Унинг бошига, балки шу кеча ўлиб қоларман, деган фикр келганда, аввал у ана шундай хаёлларга борди, кейин хаёлидан бу фикрни кўтариб, беихтиёр ўз-ўзидан бошига келган хотираларга берилиб кетди. Дам у Марфанинг келганини, хизматкорларнинг ичкиликбозлик қилишларини, ўзининг ичкилик ичмасликка қасам ичганини, дам ҳозирги сафарга чиққанларини, Тараснинг уйини, оиладан бўлиниб чиқиш ҳақидаги гапларни, дам ўзининг йигит бўлиб келаётган ўғлини, дам устига шолча ёпилган ва ҳозир бир оз иссиқ турган отни, дам ҳадеб у ёнбошидан-бу ёнбошига ағдарилиб, чанани ғижирлатаётган хўжайинини эсларди. «Йўлга чиққанига, ҳойнаҳой, ўзи ҳам пушаймон бўлаётгандир, — деб ўйлади у. — Шунақа бадавлат турмуш кечиргандан кейин албатта ўлгиси келмайди-да. Бизлардақа кун кечирса ўлишга минг марта рози бўларди-я». Шундан кейин бу хотираларнинг ҳаммаси бир-бирига чувалашиб, бошида айқаш-уйқаш бўлиб кетди-ю, охири ухлаб қолди.

Василий Андреич отга минаётиб чанани қимирлатиб юборган пайтида, Никита орқаси билан суяниб ўтирган чананинг кети силжиб, қўшқорак унинг орқасига теккан эди, шунда у уйғониб кетиб, чор-ночор ҳолатини ўзгартиришга мажбур бўлган эди. У аранг юёқларини тўғрилаб ва устидан қорларини қоқиб ўрнидан турганда, шу ондаёқ бутун аъзойи бадани совуқдан қақшаб кетди. Василий Андреич отга миниб кетиб бораётганини кўриб, у орқасидан шолчани ташлаб кетинг, ҳозир унинг отга кераги йўқ, мен устимга ёпиниб оламан, деб қичқириб қолди.

Аммо Василий Андреич тўхтамай, қор тўзони ичида кўздан ғойиб бўлди.

Никита ёлғиз ўзи қолгач, энди нима қилсам экан, деб бир дақиқа ўйга толди. Юриб бирон бошпана излашга ўзини мадорсиз сезди. Аввалги жойига ўтирай деса, бутунлай қор кўмиб ташлаган эди. Чанага ўтирса, исимаслигини биларди, чунки ёпинадиган нарса йўқ, чакмони билан пўстини эса ҳозир уни сира иситмас эди. Унинг бадан-баданидан совуқ ўтиб кетди, назарида кўйлакчан турганга ўхшарди. Уни ваҳима боса бошлади. «Ё, худойим, парвардигори олам!» — деди у; шу пайт кўнглида у ёлғиз эмасдек, кимдир унинг овозини эшитиб тургандек, уни ўз паноҳида асрайдигандек бўлиб туюлди-ю, кўнгли ором топди. У чуқур нафас олди, сўнгра, бошидан олачани ташламай, чанага чиқди-да, хўжайиннинг ўрнига ётиб олди.

Чанада ҳам у сира исий олмади. Аввал бутун танасини қалтироқ босди, кейин қалтироқ босилиб аста-секин ҳушини йўқота бошлади. У ўлаётганини ҳам, ухлаётганини ҳам билолмай қолди, лекин ўзини ҳар икковига ҳам бирдек тайёр эканини ҳис қилар эди.

 

VIII

Бу аснода Василий Андреич негадир кўнглида ўрмон ва қоровулхона шу ёқда бўлиши керак деб ўйлаган томонига қараб, отни ҳам оёқлари билан ниқтаб, ҳам тизгиннинг учи билан уриб, жадал ҳайдаб бормоқда эди. Қор унинг кўзларини очирмас, шамол эса гўё уни тўхтатмоқчи бўлгандек, кўкрагидан итарар, аммо у олдинга энгашиб, ҳадеб пўстинига бурканар, совуқ эгарда ўтириш ўнғайсиз бўлаётгани учун этагини тагига бостирган ҳолда зўр бериб отни ҳайдар эди. От гарчи чарчаган бўлса-да, эгасига бўйсуниб, у ҳайдаётган томонга йўртиб борарди.

У отнинг бошини-ю, оппоқ қор билан қопланган сайҳонликдан бошқа ҳеч нарсани кўрмай, отнинг қулоғи тагида ва пўстинининг ёқаси олдида шамолнинг ҳуштак чалишидан бўлак ҳеч нарсани кўрмай, ўзича тўғри кетаётибман, деб беш минутча йўл босди.

Бирдан унинг олдида бир нарса қорайиб кўринди. Севинганидан юраги гупиллаб ура бошлади, қора нарса кўзига қишлоқ уйларининг деворига ўхшаб кўриниб кетиб, ўша томонга йўл олди. Аммо бу қора нарса тек турмас, нуқул қимирларди, бориб қараса, у қишлоқ ҳам эмас, девор ҳам эмас, балки уватда ўсиб қор тагидан чиқиб турган ва гувиллаб эсаётган шамолнинг зўридан ҳадеб бир томонга қараб эгилаётган буран-супурги ўт экан. Шамол бераҳмлик билан қийнаётган ана шу бурганни кўриб Василий Андреич нима учундир титраб кетди ва шоша-пиша у ердан отни ҳайдаб қолди. Шунда қўрққанидан отни бутунлай бошқа ёққа буриб юборганини сезмай, ҳамон ўша қоровулҳона томонга кетяпман, деган хаёлда кетаверди. Назарида от нуқул ўнг томонга бурилаётгандек бўлди, шунинг учун у ҳадеб уни чап томонга бураверди.

Яна унинг олдида бир нарса қорайиб кўринди-ю, у энди бу албатта қишлоқ бўлиши керак, деб хурсанд бўлиб кетди, лекин бу яна ўшанақа бурган ўсган уват экан. Шамолда қаттиқ эгилиб турган қуруқ бурганни кўриб, Василий Андреич янада баттарроқ қўрқиб кетди. Бу боя кўрганидақа қуруқ бурганнинг ўзи бўлса ҳам майли эди-я, бунинг шундоқ ёнгинасида от туёқларининг изи ҳам бор эди. Василий Андреич отни тўхтатиб, эгилиб, қарай бошлади; бу отнинг изи устини салгина қор босган эди. Ўйлаб қараса, ўз отининг излари экан. Маълум бўлишича, у шу яқин оралиқда айланиб юрган экан. «Бу аҳволда ҳалок бўламан!» — деб ўйлади у ва юрагидаги ваҳимани қувиш учун отни янада жадалроқ ҳайдай бошлади. У оппоқ қор бўралаётган қоронғиликка кўз тикиб борар экан, унга гўё бир ялтираб, сўнгра ғойиб бўлувчи нуқталар кўрингандай бўларди. Бир вақт унинг қулоғига итларнинг ёки бўриларнинг увлаганига ўхшаш овоз эшитилгандек бўлди, аммо бу овоз жуда заиф ва ноаниқ бўлганидан, овозни эшитганини ҳам ёки унга шундай туюлганини ҳам аниқ билолмай, отни тўхтатди-да, диққат билан қулоқ сола бошлади.

Бирдан унинг қулоғи остида қандайдир ваҳимали, қулоқни батангга келтирувчи овоз эшитилди-ю, остидаги от қалтираб, титраб кетди. Василий Андреич жон ҳолатда отнинг бўйнига ёпишиб олди, лекин отнинг бўйни ҳам титрамоқда эди, шунда ҳалиги овоз янада ваҳималироқ эшитила бошлади. Василий Андреич бир дақиқа нима ҳодиса юз берганини билрлмай довдираб қолди. Бўлган ҳодиса шу эдики, Тўриқ ё ўзига далда бериш учун, ё бировни кўмакка чақириш учун овози борича кишнаганди, холос. «Туф-э, ҳаром ўлгур! Юрагимни ёрай деди-я! Лаънати!» — деди Василий Андреич ўзига ўзи. Аммо у бекорга қўрққанини билса ҳам уни ҳадеб ваҳима босаверди.

«Эс-ҳушни йиғиб олиш даркор, вазминроқ бўлиш керак», — деди ичида у, аммо ўзини овута олмади, ҳозир шамолга қарши юрмай, балки шамол эсаётган томонга кетаётганини ҳам сезмай, ҳадеб отни қистай бошлади. Унинг бадани, айниқса, эгарга тегиб турган жойлари, от қадамини секинлатган пайтда совқотар ва зирқираб оғрирди, қўл-оёқлари қалтирар, нафаси томоғига тиқиларди. У мана шу даҳшатли қор саҳррсида ҳалок бўлишини билиб турар, лекин ҳеч бир қутулиш чорасини тополмасди.

Қўққисдан от бир ерга гурсиллаб йиқилди ва қор уюмига ботиб типирчилади-да, ёнбошлаб ётиб қолди. Василий Андреич от устидан сирғалиб тушиб, қуюшқон қайиши билан эгарни бир ёққа қийшаитириб юборди. Чунки у узанги ўрнида оёғини қуюшқон қайишига қўйиб олган эди. Василий Андреич от устидан тушиши биланоқ, от ўнгланиб олди-да, олдинга қараб интила бошлади; бир марта сакради, кейин иккинчи марта сакраб ўрнидан турди, кейин яна кишнаб ва устидаги шолча ёпиқ билан қуюшқонни осилтириб, кўздан ғойиб бўлди. Василий Андреич қор ичида якка ўзи қолди. У отнинг орқасидан югурмоқчи бўлган эди, лекин қор жуда қалин, устидаги пўстинлари ниҳоятда оғир бўлганидан, тизза бўйи қордан оёғини зўрға кўтариб босиб йигирма қадамча юриши биланоқ ҳаллослаб тўхтаб қолди. «Ўрмоним, ҳўкизларим, ижара ҳақларим, дўконим, қовоқхоналарим, тунука томли данғиллама уйим, саройим, меросхўр ўғлим, — деб ўйлади у, — наҳотки ҳаммаси қолиб кетади? Бу қандай бемаъни гап? Йўқ, мумкин эмас!» — миясига бирдан ана шу хаёл келди. Кейин нима учундир шамолдан эгилиб турган бурган ва икки марта унинг ёнига бориб қолгани эсига тушди; шу пайт бутун вужудини ваҳима босди-ю, у бошидан кечираётган ҳодисаларнинг ростлигига ишонмай қолди. «Буларни тушимда кўраётганим йўқмикин? — деб ўйлаб у уйқусидан турмоқчи бўлди, лекин бу уйқудан турадиган туш эмас эди. Бу ҳақиқатан ўнгида кўраётган ҳодиса ва юз-кўзига бўралаб ураётган, устига ёғаётган, қўлқопсиз ўнг қў-лини музлатаётган қор эди ҳамда бу ҳақиқатан ўша бурган сингари ёлғиз ўзи қолиб, энди муқаррар, бевақт ва бемаъни ўлимини кутиб тургани саҳро эди.

«Ё Биби Марям, ё авлиё Миколай, ўзингиз қўллаб-қувватланг», — деб у кечаги ибодатни, зарбоф тўн кийган сиймони, қорамтир иконани ва шу икона учун сотган шамларини, бу шамларни салгина ёқилгандан сўнг ўша заҳоти қайтариб олиб келишганда яшикка солиб қўйганини хотирлади. Энди эса, у яна шу авлиё Миколайдан нажот сўрай бошлади, унга ўла-ўлгунча ибодат қилиб, шам атамоқчи бўлди. Аммо шу рндаёқ аниқ-рав-шан тушундики, бу сиймо, зарбоф тўн, шам, руҳоний, ибодат — буларнинг ҳаммаси ўз жойидай черковда зарур эди, аммо бу ерда унга булар ҳеч қандай нажот бермас, бу шам ва ибодатлар билан унинг ҳозирги мушкул аҳволи орасида ҳеч қандай боғланиш йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас эди.

«Умидсизланмаслик керак, — деб ўйлади у. — Отнинг изидан бориш лозим, бўлмаса уни ҳам қор кўмиб кетади, —деган фикр келди бошига. — Издан кетаверсам бир ёққа чиқаман ёки отнинг ўзини ушлаб оламан. Фақат ҳовлиқмаслик керак, бўлмаса, нафасим томоғимга тиқилиб ҳалокатга учрайман». Аммо секин юраман, деган ниятига қарамай, у ҳовлиқиб, олдинга қараб чопа бошлади ва ҳар қадамда йиқилиб тураверди. Қор унча қалин бўлмаган ерларда энди отнинг изини пайқаш жуда қийин бўлиб қолган эди. «Ҳалок бўлдим, — деб ўйлади Василий Андреич, — изни йўқотаман, отга етолмайман». Шу пайт бехосдан олдига қараган эди, бир қора нарса кўрингандек бўлди. Бу Тўриқ эди, фақат Тўриқнинг бир ўзигина эмас, балки чана ва шотига боғланган рўмолча ҳам кўринарди. Тўриқ ҳозир илгариги жойида эмас, балки шотига яқин жойда устидаги шолча билан қуюшқони ёнбошига осилган ҳолда бошини силкитиб турарди, жиловнинг тизгини оёғи остида қолгани учун бошини кўтаролмасди. Маълум бўлишича, от Василпй Андреични чана турган жойга олиб келаётганда, Никита тойилиб кетган пастликдаги қорга ботиб қолган экан, шу сабабли у чана турган жойдан эллик қадамча нарида от устидан сакраб тушган экан.

 

IX

Василий Андреич чананинг олдига аранг судралиб келгач, уни маҳкам ушлаганича, ўзини босиб олиш ва нафасини ростлашга ҳаракат қилиб, анча вақтгача қимирламай туриб қолди. Никита аввалги жойида йўқ, лекин чанада устини қор босган, бир нарса дўппайиб ётар эди, шундан Василий Андреич унинг Никита эканини пайқади. Энди Василий Андреичнинг кўнгли жойига тушгандек бўлди, унинг от устида тентираб юрган вақтидаги ва айниқса қорга тикилиб ёлғиз ўзи қолганидаги қўрқув ва ваҳималар барҳам топди. Энди нима бўлса ҳам яна ўшандай ваҳимага тушмаслик учун бирон нарса билан шуғулланиш керак эди. Шу сабабдан у биринчи галда орқасини шамолга ўгириб, пўстини устидан боғлаган белбоғини ечди. Кейин бир оз нафасини ростлаб олгач, валенкалари ичидан қорни, чап қўлқопи ичидаги қорни қоқиб ташлади, ўнг қўлқопи эса йўқолган ва у қаердадир икки қарич қор остида ётар эди; сўнгра яна белини маҳкам боғлаб, бирон иш қилишга тайёрлана бошлади, у одатда мужиклар аравада ғалла олиб келишганда уни сотиб олиш учун ўз дўконидан чиқаётиб белни ана шундай қаттиқ боғлаб ишга киришар эди. Даставвал у отнинг оёғини бўшатмоқчи бўлди. Отнинг оёғини кўтариб, тизгинни олди-да, яна Тўриқни эски жойига, чананинг олдидаги темир ҳалқага боғлади ва қуюшқон, эгар, шолчани тўғрилаб қўйиш учун отнинг. орқасига ўтди; шу пайт чанада бир нарса қимирлаганини кўрди, чана устига ёққан қор тагидан Никита бошини кўтарди. Чамаси, унинг танаси музлай бошлаган эди, у зўрға ўрнидан туриб ўтирди ва худди қўли билан бурни олдидаги пашшани қўригандек, ғалати ҳаракат қилди. У қўлини қимирлатиб, бир нималар деди, Василий Андреичнинг назарида уни чақираётгандек бўлди. Василий Андреич шолчани тузатишни қўйиб, чананинг олдига келди.

— Нима бўлди сенга? — деб сўради у. — Нима деяпсан?

— Ўлам-ман, гапим шу, — деди Никита аранг, гапини бўлиб-бўлиб. — Ишлаган ҳақимни ўғлимга ёки хотинимга бер, барибир.

— Нима бўлди, музлаб қоляпсанми? —деб сўради Василий Андреич.

— Сезяпман, ўламан… Исо ҳурмати, мени кечир… — деди Никита йиғламсираган оҳангда, ҳамон пашша қўриётгандек ҳаракат қилиб.

Василий Андреич бир нафас қимирламай жим туриб қолди, кейин фойдали савдо вақтида бор барака топ, деб қўлга ургани сингари абжирлик билан бирдан бир қадам орқага ташлади-да, енгларини шимариб икки қўли билан Никитанинг устидаги ва чанадаги қорларни сидириб ташлай бошлади. Қорларни сидириб бўлгач, Василий Андреич тезда белбоғларини ечди, пўстинининг барини ёзиб, қизиб кетган иссиқ танаси билан Никитанинг устига ётди. Василий Андреич Никитанинг ён-верини этаклари билан ўраб ва пўстинининг барини тиззалари билан босиб, бошини чананинг тўсқичига қўйган ҳолда мукка тушиб ётган, шу тариқа қаттиқ бурканиб олганидан отнинг ҳаракатини ҳам, бўроннинг ҳуштак чалишини ҳам эшитмай, фақат Никитанинг нафас олишига қулоқ солиб ётаверди. Никита бошда анчагача қимирламади, кейин қаттиқ иҳраб, қимирлай бошлади.

— Ана шундай, ҳа, баракалла, сен бўлсанг ўламан дейсан-а. Ётавер, исин, биз ана шундай… — деган бўлди Василий Андреич.

Бироқ кейин гапира олмай қолди, бунга ўзи ҳам ҳайрон бўлди, чунки кўзи жиққа ёшга тўлиб, пастки жағи қалт-қалт титрай бошлади. У гапирмай, фақат томоғига тиқилиб келаётган нарсани ютиш билан овора бўлди. «Қаттиқ қўрққанга ўхшайман, жуда бўшашиб кетяпман», — деб ўйлади у ўзича. Аммо бу бўшашиш уни сира ранжитмади, балки унга қандайдир ажойиб, шу дамгача бошидан кечирмаган алоҳида ҳузур бағишлагандек бўлди.

«Биз ана шундай» — деди у ўзига-ўзи, жуда роҳат қилаётганини сезиб. Кўз ёшларини пўстинига артиб ва ҳадеб шамол қайириб ташлаётган ўнг барини тиззаси остига босиб, шу тариқа анча вақтгача индамай ётди.

Аммо кўнглининг ниҳоятда хурсандлигини кимгадир жуда-жуда айтгиси келаверди.

— Никита! —деди у.

— Яхши, иссиқ, — деган овоз эшитилди унинг тагидан.

— Билсанг агар, биродар, оз бўлмаса ҳалок бўлардим. Сен ҳам совуқда қотиб қолардинг, мен ҳам.

Шу пайт яна унинг ияги қалтираб, кўзига ёш тўлди, кейин гапиролмай қолди.

«Ҳа, майли, ҳечқиси йўқ, — деб ўйлади у. — Ҳар ниманики билсам ўзим ичимда биламан-ку».

Шундан сўнг у жим бўлиб қолди. Анча вақтгача шу зайлда ётди.

Уни остидан Никита, устидан пўстини иситиб турарди; фақат Никитанинг икки ёнини беркитиб, пўстинининг барини ушлаб турган қўллари билан оёқлари совқотарди, чунки шамол тинмай оёқлари устидан пўстиннинг этакларини қайириб ташларди. Айниқса қўлқопи йўқ ўнг қўли қаттиқ совқотган эди. Аммо у қўлларини ҳам, оёқларини ҳам эсига келтирмас, фақат қандай қилиб тагида ётган мужикни иситишни ўйларди, холос.

У бир неча марта отга қараб қўйди, отнинг орқаси рчилиб қолган, шолча билан қуюшқон қор устида ётар эди; у туриб, отнинг устини ёпиб қўймоқчи бўлди-ю, лекин бир нафас ҳам Никитани ташлаб кетгиси ва ҳозирги ҳузурини бузгиси келмади. Энди унинг хаёлидан кўрқиш деган нарса бутунлай кўтарилиб кетди.

«Худо хоҳласа сени ўлдирмайман», — деди у ўзига-ўзи, мужикни иситаётгани учун мақтаниб: у ўзининг савдо-сотиқлари ҳақида гапирганда ана шундай мақтанчоқлик қилар эди.

Шу тариқа Василий Андреич бир соат, икки соат, уч соат ётди, вақтнинг қандай ўтганини сезмади. Аввал унинг хаёлида қор бўрони, шоти ва дўға остида бошини силкитиб бораётган от айланиб юрди, кейин хаёли остида ётган Никитада тўхтади; кейин байрам, хотини, становой, шам яшиги ҳақидаги хотиралар аралашиб, яна хаёли Никитада тўхтади; гўё Никита шу шам яшиги остида ётганмиш; сўнгра хаёлидан нарса сотаётган ва олаётган мужиклар, оқ деворлар, тунука томли уй ва унинг остида ётган Никита ўтди; кейин буларнинг ҳаммаси аралашиб, бири иккинчисига қўшилиб кетди, камалакнинг ҳар хил ранглари қўшилиб, бир оқ нур ҳосил қилгани каби хаёллари қоришиб кетди-ю, у ухлаб қолди. Анча вақтгача туш кўрмади, лекин эрталабга яқин яна туш кўрди. У шам яшиги олдида турганмиш, Тихоннинг хотини ундан ҳайитга беш тийинлик шам сўрармиш, у яшикдан унга шам олиб бермоқчи бўлса, қўли қимирламасмиш, чўнтагида қотиб қолганмиш. У яшикни айланиб ўтмоқчи бўлган экан, оёқлари қимирламасмиш, оёғидаги яп-янги калиши тошга ёпишиб қолганмиш, уни ердан узиб ҳам ололмасмиш, ичидан оёғини тортиб ҳам чиқаролмасмиш. Бирдан шам яшиги кўрпа-тўшак бўлиб қолганмиш, Василий Андреич шу яшик устида, яъни шу ўринда, уйида мук тушиб ётганмиш. У ўрнидан тураман деса сира туролмасмиш, аммо албатта туриши керак эмиш, чунки ҳозир унинг олдига становой Иван Матвеич келармиш-да, у Иван Матвеич билан ё ўрмон сотиб олишга, ёки Тўриқнинг қуюшқонини тўғрилашга борармиш. Шунда у хотинидан сўрармиш: «Хўш, Миколавна, у келмадими?» — «йўқ, — дермиш хотини, — келмади». Шу пайт қулоғнга кпмдир зинанинг олдига келаётгандек бўлиб эшитилибди. Ўша бўлса керак. Йўқ, бошқа экан. «Миколавна, ҳой Миколавна, қалай, ҳали ҳам дараги йўқми?» — «Йўқ». У ўрнида ётганмиш: ҳамон туролмасмиш, кўзи тўрт бўлиб кутармиш, бу кутиш ҳам ваҳимали, ҳам қувончли эмиш. Бирдан ўша кутган одами келибди-ю, хурсанд бўлиб кетибди, бу становой Иван Матвеич эмас, бошқа биров, лекин ўша кутганининг худди ўзгинаси эмиш. У келиб, уни чақирибди, шунда ўша, уни чақирган биров Никитанинг устига ётишни буюрибди. Василий Андреич биров уни олиб кетгани келганига жуда хурсанд бўлибди. «Кетяпман!» — деб қичқирибди у хурсанд бўлиб, шунда ўз овозидан уйғониб кетади. У уйғонади-ю, аммо ухлаган вақтидагидан бутунлай бошқача бўлиб уйғонади. У турмоқчи бўлади, аммо туролмайди, қўлини қимирлатмоқчи бўлади, — қимирлатолмайди, оёғини қимирлатмоқчи бўлади — уни ҳам қимирлатолмайди. Бошини кўтармоқчи бўлади — кўтаролмайди. Шундан сўнг ҳайрон бўлади, аммо бунга сира хафа бўлмайди. Бунинг ўлим эканини тушунади, аммо бунга ҳам сира хафа бўлмайди. Кейин тагида Никита ётгани, унинг исиниб олгани ва тирик экани эсига тушади-ю, хаёлида у — Никита, Никита эса у бўлиб қолади, шу сабабдан унинг жони ўзининг ичида эмас, балки Никитанинг ичида бўлиб сезилади. У диққат билан қулоқ солиб, Никитанинг нафас олаётганини ва ҳатто сал хуррак отаётганини эшитади. «Никита тирик экан, демак мен ҳам тирикман», — дейди у ичида хурсанд бўлиб.

Кейин хаёли пул, дўкон, савдо-сотиқ ва Мироновларнинг миллионларига чалғийди; нима учун бу Василий Брехунов деб юритиладиган одам бўлмағур ишлар билан шуғулланиб юрганига у сира тушунолмайди. «Нима қилсин, ахир у нима гап эканини билмасди-да, — деб ўйлайди у Василий Брехунов ҳақида. — Билмас эдим, мана энди биламан. Энди хато қилмайман. Энди биламан». Шу пайт у яна ўша уни чақирган кишининг овозини эшитади. «Кетяпман, кетяпман!»— дейди унинг бутун вужуди қувониб ва ийиб. Сўнгра у бутунлай енгил тортиб қолганини ва энди уни ҳеч нарса тутиб турмаганини ҳис қилади. Шундан кейин Василий Андреич бу дунёда ҳеч нимани кўрмади, эшитмади ва сезмай қолди.

Атрофда ҳамон боягидай қор бўралаб турарди. Ҳамон ўша қор уюрмаси чирпирак бўлиб айланар ва ўлиб қолган Василий Андреичнинг пўстинини, бутун танаси қалтираб турган Тўриқни, кўринмай кетишга сал қолган чанани ҳамда чана ичида, хўжайинининг ўлик танаси остида исиниб ётган Никитани кўмиб борарди.

 

X

Эрталабга яқин Никита уйғониб кетди. Уни яна орқасидан ураётган совуқ уйғотиб юборди. У туш кўраётган эди, тушида тегирмондан хўжайинининг унини аравада олиб келаётган эмиш, сойнинг кўпригидан ўтиб бораётган экан, бирдан арава тиқилиб қолибди. Кейин у араванинг тагига кириб, орқаси билан кўтарибди. Ё ажабо! Арава қимир этмай орқасига ёпишиб қолганмиш, у на аравани кўтаролармишу, на унинг тагидан чиқиб кетолармиш. Арава бутун белини эзиб ташлабди. Яна бунинг устига баданидан совуқ ўтиб кетибди! Қандай бўлмасин араванинг тагидан чиқиши керак эмиш. «Бўлди энди, — дермиш у ўша уни арава бўлиб босиб ётган кишига. — Қопларни тушир!» Аммо арава тобора совиб, уни баттарроқ босаверибди, шу пайт бирдан тақ-тақ қилган ғалати овоз эшитилади-ю, у уйғониб кетади. Уйғонгач, бутун воқеани эслайди. Совуқ арава бу унинг устида ўлиб музлаб ётган хўжайини экан. Тақиллатган — бу Тўриқ бўлиб, чанани туёғи билан икки марта уриб қўйган эди.

Никита бўлган ишни кўнглида сезиб, белини ростлайди-да:

— Андреич, Андреич! — деб чақиради аста хўжайинини.

Андреич жавоб бермайди, унинг қорни ва оёқлари қотиб қолган, совуқ ва тошдай оғир.

«Ўлганга ўхшайди. Худо раҳмат қилсин!» — деб ўйлайди Никита.

У бошини ўгиради, қўли билан олдидаги қорларни кавлаб, кўзини очади. Тонг отибди, шамол ҳали ҳам шотига урилиб ҳуштак чалар, қор ҳали ҳам бўралаб турар, фақат энди чананинг тўсқичига чиртиллаб урилмай, овоз чиқармай чанани ва отни тобора кўмиб борарди; отнинг қимирлаши ҳам, нафас олиши ҳам сезилмасди. «У ҳам музлаб қолганга ўхшайди», — деб ўйлайди Никита. Чиндан ҳам Тўриқ туёғи билан чанани икки марта уриб, Никитани уйғотиб юборганда, танаси тамом музлаб жон талвасасида шундай қилган эди.

«Э, яратган эгам, мени ҳам чақираётганга ўхшайсан, — дейди Никита ичида. — Ихтиёр ўзингда. Фақат негадир қўрқинчли. Ҳа, қўрқишнинг нима кераги бор, бир бошга бир ўлим-да, барибир қочиб қутулолмайсан. Фақат тезроқ бўлса эди…» Шундан кейин у яна қўлини беркитади, кўзларини юмади ва энди албатта ўламан, деган хаёл билан ҳушидан кетади.

Эртасига туш пайтида мужиклар Василий Андреич билан Никитани йўлдан ўттиз саржинча ва қишлоқдан ярим чақиримча нарида қор остидан белкураклар билан кавлаб олишди.

Қор чанани бутунлай кўмиб кетганди, аммо шоти билан унга боғлаб қўйилган рўмолча кўриниб турарди. Қорнигача қорга ботиб турган Тўриқнинг устидан шолча ва қуюшқони тушиб кетган, ўлик бошини кекирдагига қисган ҳолда оппоқ бўлиб қотиб қолганди; унинг бурун катакларидан сумалак осилиб турарди, киприкларини қиров босиб, кўзларида ёш қотиб қолганди. Бир кечада у шундай ориқлаб кетгандики, териси суягига ёпишиб қолган эди. Василий Андреич худди оёқларини кериб ётган ҳолича музлаган гўштдай қотиб қолганди, уни Никитанинг устидан ағдариб туширишди. Қирғийники сингари чақчайган кўзлари музлаб, қирилган мўйловлари остида очилиб қолган оғзига қор тўлиб қолганди. Никита тирик эди, аммо бутун танасини совуқ уриб кетган эди. Никитани уйғотишганда у ўзини ўлганман деб билиб, ҳозир бўлаётган ишлар бу дунёда эмас, у дунёда бўляпти, деб ўйлади. Аммо уни кавлаб олаётган ва устида музлаб қолган Василий Андреични ағдариб ташлаётган мужикларнинг қичқирган овозини эшитганда у аввалига у дунёда ҳам мужиклар худди шунақа қичқиришар экан-да, таналари шунақа бўлар экан-да, деб ҳайрон бўлди, кейин ҳали ўлмаганини, бу дунёда эканини тушуниб, хурсанд бўлиш ўрнига кўпроқ хафа бўлди, айниқса икки оёғининг бармоқларини совуқ урганини сезиб, жуда ҳафсаласи пир бўлиб кетди.

Никита икки ой касалхонада ётди. Унинг учта бармоғини кесиб ташлашди, қолганлари тузалиб кетди, демак, яна ишлаши мумкин эди, шундай қилиб, у яна йигирма йил яшади. Аввалига ҳар кимларнинг хизматини қилиб юрди. Кейин, қаригач эса, қоровуллик қилди. У бу йил ўз уйида, кўнглидаги тилагига етиб, азиз-авлиёлар сурати остида қўлига ёқилган шам тутган ҳолда оламдан ўтди. Ўлиши олдидан кампиридан кечирим, рози-ризолик сўради, унинг бочкасоз билан қилган гуноҳларини кечирди; шунингдек, ўғли ҳамда набиралари билан ҳам рози-ризолик тилашди, ўлганидан кейин ўғли билан келинини ортиқча нонхўрдан қутқаражагига ва жуда жонига теккан бу ҳаётдан энди йил сайин, соат сайин уни ўзига жазб этаётган, тобора кетишига ақли етиб бораётган бошқа ҳаётга ростакамига бораётганига чин кўнглидан хурсанд бўлиб, бир умрга кўзини юмди. У ёқда унинг аҳволи қалай, яхшими-ёмонми, ростакамига ўлганидан кейин у қаерда юрибди, уйғондими? У ёқда ҳам ҳафсаласи пир бўлдими ёки истаган, орзу қилган нарсасини топдими? — буни ҳаммамиз тез кунда билиб қоламиз.

1895

Русчадан К.Пўлатов таржимаси