1
Суд маҳкамасининг катта биносида Мельвинскийлар ишига алоқадорлар ва прокурор танаффус пайтида Иван Егорович Шебекнинг хонасига кирдилар ва суҳбат кўпчиликнинг тилида юрган машҳур Касов иши юзасидан кетди. Фёдор Васильевич суднинг ваколати йўқлигини исботлаб жиғибийрони чиқди, Иван Егорович ўз фикрида собит қолди, Пётр Иванович эса бошиданоқ можарога қўшилмай, баҳсда иштирок этмай, ҳозиргина олиб келинган “Ведомости”ни варақлашга тутинди.
– Жаноблар! – деди у, – Иван Ильич-чи, вафот этибди.
– Наҳотки?
– Мана, ўқинг, – деди у Фёдор Васильевичга газетанинг ҳали бўёқ ҳиди анқиб турган янги сонини узатиб.
Қора ҳошия ичида бундай гаплар ёзилган эди: “Прасковья Фёдоровна чуқур қайғу билан азиз умр йўлдоши, Суд палатаси аъзоси Иван Ильич Головиннинг яқинлари ва қариндошларига унинг 1882 йил 4 февраль куни вафот этганини маълум қилади. Дафн маросими жума куни соат 1 га тайинланди”.
Иван Ильич жам бўлиб турган жанобларнинг биродари эди ва ҳамма уни яхши кўрарди. У бир неча ҳафта аввал мазаси қочиб қолди; хабарлашганлар унинг дарди бедаво эканини билиб келдилар. Унинг ўрни бўш турарди, шундай тахмин қилиндики, мабодо вафот этса, бу жойга Алексеев тайинланиши мумкин, Алексеевнинг ўрнига эса ё Винников, ё Штабель. Шу туфайли Иван Ильичнинг ўлими ҳақида эшитганларидан кейин хонада тўпланган жаноблар ҳар бирининг миясида дастлаб бу қазо маҳкама аъзолари ёки уларнинг танишларининг мансаб пиллапоясига қандай таъсир этиши ҳақидаги тахминлар айлана бошлади.
“Энди, эҳтимол, Винников ёки Штабелнинг ўрни менга тегади, – ўйлади Фёдор Васильевич. – Буни менга аллақачон ваъда қилишган, бу ўсишим чўнтагимга девонхонадан ташқари саккиз юз сўм олиб келади”.
“Калугадаги қайноғамни чақиришим керак экан-да, – ўйлади Пётр Иванович. – Хотиним жуда хурсанд бўларди. Шунда қариндошларимга ҳеч нима қилмаганим борасидаги маломатлардан қутулар эдим”.
– Унинг қайтиб ўрнидан туролмаслигини сезгандим, – ҳаммага эшиттириб деди Пётр Иванович. – Афсус, увол кетибди…
– Айтмоқчи, унга нима жин теккан экан?
– Дўхтирлар аниқлай олишмабди. Яъники, аниқлашибди, бироқ хулосалар ҳар хил эмиш. Мен уни охирги марта кўрганимда, ўзига келиб қолгандек, оёққа туриб кетадигандек туюлганди.
– Мен эса уни ўша байрамдан кейин кўрмадим. Ҳамма йиғилган эди.
– Қизиқ, нима бўлган экан ўзи?
– Менимча, хотини билан ўртасидан қандайдир майда гаплар ўтган. Тушуниб бўлмайдиган.
– Бориш керак бўлади. Ит топмас жойда яшашади ўзиям.
– Сизга узоқ. Бизга ҳам тупканинг тубида.
– Мен эса бир дарё нарида яшайман, менга сира ҳавас қилиб бўлмайди, – деди Пётр Иванович Шебекка кулиб. Шаҳар манзилларининг узоқлиги ҳақида ҳангомалашиб мажлисга кириб кетишди.
Бу совуқ хабар, кутилганидек, мансаб курсисидаги ўзгаришлар ҳақидаги мубҳам хаёллардан ташқари мулоҳаза юритган ҳар бир кимсада, доим бўладигандек, ўлим барҳақ, хайрият, у ўлибди, мен эмас, деганга ўхшаш чучмал мамнунлик кайфиятини ҳам ҳосил қилди.
“Ўлса, ўлгандир; бироқ, мана, мен ҳаётман”, – шундай ўйлади ёки хаёл қилди ҳар ким. Яқин танишлари, Иван Ильичнинг дўстларини шундай аташ мумкин бўлса, шу билан бирга беихтиёр ўзларининг гарданига дафн этиш билан боғлиқ одамни эзиб юборадиган зил-замбил юмушларни адо этиш, ҳам жанозада қатнашиш, ҳам таъзия изҳор этиш учун марҳумнинг мотамхонасига бориш мажбурияти келиб тушгани ҳақида ўйлаб кетдилар. Марҳумга бошқалардан кўра Фёдор Васильевич ва Пётр Иванович яқин эдилар.
Пётр Иванович ҳуқуқшунослик билим юртида Иван Ильич билан бирга ўқиган эди ва доим ўзини Иван Ильич олдида қарздор ҳисобларди. Тушликдан олдин хотинини Иван Ильичнинг вафоти ҳақида хабардор қилиб ва қайноғасини ўз округига кўчириш имконияти туғилгани ҳусусидаги муждани шипшитиб, Пётр Иванович ҳордиқ чиқаришнинг ҳам баҳридан ўтди-да, фракини эгнига илиб, Иван Ильичнинг хонадонига йўл олди.
Иван Ильич яшаган хонадон йўлагида от қўшилган арава билан аравакаш турарди. Пастда, кийимхона деворига чўткача, заррин упа билан тозаланган, четларига зарҳал уқа ёпиштирилган тобут қопқоғи суяб қўйилган эди. Қора кийинган икки аёл келувчининг пўстинини қўлидан олди. Пётр Иванович Иван Ильичнинг опасини таниди, наригисини танимади. Кейин у юқоридан тушиб келаётган Шварцни кўрди. Шварц яқинлашиб тўхтади ва кўз қисиб қўйди, бу билан гўё: “Иван Ильич бемаҳал ҳунар кўрсатди”, дегандек туюлди.
Шварцнинг инглизча чакка соқолли юзи ва фрак ичидаги чўпдек гавдасидан дардчил мотамсаролик уфуриб турар, бу мотамсаролик унинг ўйноқи феълига мос тушмай, номувофиқ манзара ҳосил этганди. Ҳар ҳолда, Пётр Иванович шундай ўйлади.
Пётр Иванович аёлларни олдинга ўтказиб юборди ва уларнинг изидан секин зинапояга яқинлашди. Шварц чиқиб кетишга шошилмай, тепада кутиб турди. Пётр Иванович тушунди: у, албатта, видолашув расми қаерда ўтиши юзасидан гаплашмоқчи. Аёллар зинапоядан ўтиб, марҳумнинг беваси томон кетдилар, Шварц эса жиддий қимтилган, қалин лаблари ва ўйноқи нигоҳи ила мўйловини учириб, Пётр Ивановични мурда ётган ўнг томондаги хонага имлади.
Пётр Иванович ҳар доимгидек бундай жойда нима жоизлигини тўла англамай, ичкарига кирди. Фақат у билардики, айни паллада чўқиниш зарар қилмайди. Мақбул амални бажаришда тавозе жоиз-ножоизлиги борасида ҳам иккиланиб қолди ва шунинг учун ўрта ҳолатни танлади: хонага кирар экан, чўқинди ва бироз тавозе қилгандек бўлди. Қўл ва бош ҳаракатига монанд тарзда хонага разм солиб чиқди. Икки ёш йигит, афтидан, бири гимназист, ҳайтовур, жиянлари чоғи, чўқинганча хонадан чиқишди. Мотамзада бева қимирламай турарди. Қошлари асабий чимирилган аёл унга шивирлаганча ниманидир уқтирарди. Сюртукдаги дадил, шахдам дьячок ҳар қандай ғашликка ўрин қолдирмайдиган қатъий оҳангда баланд овоз билан қироат қиларди; ошхона хизматкори Герасим Пётр Ивановичнинг ёнидан енгил юриб ўтиб кетар экан, полга нимадир сепгандек бўлди. Буни кўриб, Пётр Иванович бирдан сулайиб ётган мурданинг енгил ҳидини ҳис қилди. У Иван Ильичникига охирги келишида бу хизматкорни кабинетда кўрганди; Пётр Иванович беморнинг ҳоли-руҳиясидан хабар олиб, хизматида бўлган ва Иван Ильич бу сипориши учун уни яхши кўриб кетганди. Пётр Иванович чўқинишни поёнига етказди, тобут, дьячок ва стол ортидаги бурчакка қўйилган иконанинг миёнасига енгил тавозе қилди. Кейин, ўзига чўқиниш амали жуда чўзилиб кетгандек туюлгач, тўхтади ва бошини марҳум тарафга бурди.
Марҳум барча ўликлар каби тобутнинг тўшамасига муз қотган вужуди билан ғарқ бўлиб ётарди, боши ёстиққа абадий тиркалган, жами охирги сафарга чиққанлар сингари ўзини намойиш этганча, мумдек сарғайган пешонаси чаккаси аралаш чуқур ажинларга кўмилган, юқори лаби қисиб қўйгандек бурни танқайиб, тош қотган кўйи оғир чўкиб ётарди. У Пётр Иванович кўрмагандан бери анча ўзгарган, баттар ориқлаган бўлса-да, барча марҳумларда бўлгани каби чеҳраси “очилган”, яъни тириклигидан кўра теранроқ маъно касб этганди. Юзида шундай бир қатъий ифода бор эдики, гўё зиммасига қандай вазифа юкланган бўлса, барчаси бажо этилган ва тўғри бажо этилган. Шу билан бирга бу ифодада тирикларга қаратилган таъна ва таъкид мужассам эди. Таъкид Пётр Ивановичга ўринсиздек, жилла қурса, ўзига тегишли эмасдек туюлди. Нимадандир кўнгли ғаш бўлди, шундан кейин Пётр Иванович апил-тапил яна бир марта чўқинди ва ўзича одамшавандалик шартларини бузгандек бўлса-да, жуда шошиб қайрилди ва эшик томон юрди. Шварц чатаноғини кериб, икки қўли билан цилиндрини ўйнаганча даҳлизда кутиб турарди. Шварцнинг ўйноқи, соф ва ёқимтой бир нигоҳи Пётр Ивановични ўзига келтирди. Пётр Иванович тушундики, у, Шварц бу ҳолатдан юқори туради ва ҳеч қанақа васвасага берилмайди. Унинг туриши таъкидларди: Иван Ильичнинг дафн маросими мажлис тартибининг бузилишини тан олишга ҳеч ҳам сабаб бўлолмайди, яъни бундан кейин ҳам ҳеч нарса оқшомлари қарта тахламини қарсиллатиб чийлаш ва шу пайтда хизматкорнинг яна тўртта ёниб битмаган шам келтиришидан тўхтатиб қола олмайди; умуман, бу издиҳом бизга бугунги оқшомни ҳам кўнгилли ўтказишга ҳеч монелик қилмайди. У ўтиб бораётган Пётр Ивановичга пичирлаб, Фёдор Васильевичникида бир қўлга шерик бўлишни таклиф қилди. Бироқ маълум эдики, Пётр Ивановичга тақдир бу оқшом ялло қилишни буюрмаганди. Бева Прасковья Фёдоровна паст бўйли, тўладан келган аёл эди, худди тобут қаршисида тургандек қошлари чимирилиб, бошини қуйи эгиб олган, қорага бурканган, тўр рўмолни елкага ташлаган. У даврадошлари қуршовида ўз хонасидан чиқди-да, ҳаммани марҳум ётган хонага бошлади ва деди:
– Ҳозир дафн маросими бошланади, ўтинглар.
Шварц беихтиёр букилганча тўхтаб қолди, у бу таклифни қабул ҳам, рад ҳам этмаганга ўхшарди. Прасковья Фёдоровна Пётр Ивановични таниб, чуқур нафас олди, тирғалиб яқин келди ва унинг қўлидан тутди.
– Биламан, сиз Иван Ильичнинг энг яқин дўсти бўлгансиз… – ва унга тикилиб, шу калимасига жавобан ҳаракат кутди.
Пётр Ивановичга маълум эдики, бундай пайтда чўқиниш, қўлни узатиш ва чуқур хўрсиниб, “Таъзиямни қабул қилинг!” дейиш лозим. У худди шундай қилди ҳам. Шундай қила туриб сездики, амал жойига тушди: у мутаассир эди, аёл ҳам мутаассир бўлди.
– Кетдик, у ерда маросим бошланмасдан олдин мен сиз билан гаплашиб олишим керак, – деди бева. – Менга қўлингизни беринг.
Пётр Иванович қўлини чўзди ва улар Шварцни ёнлаб ўтиб, ички хона томон кетдилар. Шварц ғамгин нигоҳлари билан кузатиб қолди. Унинг ўйноқи кўзлари гўё “Мана сизга қарта ўйини. Энди қутула олмайсиз. Бошқа ҳамроҳ топамиз. Бўшасангиз борарсиз, майли, бешовлон бўлармиз”, деяётгандек эди.
Пётр Иванович яна бир бора чуқур ва ҳасратли хўрсинди, Прасковья Фёдоровна унинг қўлини миннатдорона қисиб қўйди. Хира лампа ёритиб турган, деворига пуштиранг газлама тортилган меҳмонхонага кириб, стол атрофидан жой олишди: аёл диванга, эркак пружиналари чиқиб ётган, оёқлари қийшиқ пастак курсига чўкишди. Прасковья Фёдоровна бошқа стулга ўтиришни таклиф қилмоқчи бўлди-ю, ҳолат тақозоси билан сукут сақлади. Пётр Иванович курсида ўтирар экан, Иван Ильич меҳмонхонани қандай созлагани ва айни пуштиранг гулли газлама юзасидан у билан маслаҳатлашганини эслаб кетди. Диванга стол ёнидан ўтаётиб (меҳмонхона ичи тўла мебель ва буюм эди), аёлнинг қора ридоси попуги нимагадир илашиб қолди. Пётр Иванович ридони бўшатмоқчи бўлди-ю, бироқ тагидаги курси тийғониб кетиб, у қўзғалолмади. Бева кийимини ўзи ажратиб олди, Пётр Иванович “шаккок” курсини яна тагига босиб олиб ўтирди. Аёл бутунлай халос бўлмаган экан, Пётр Иванович яна қўзғалди, курси яна қийшайди, ҳатто ағнаб кетди. Буларнинг ҳаммаси жойига тушгач, аёл ёнидан тоза ипак қўлрўмолчасини чиқарди-да, йиғлай бошлади. Пётр Иванович бўлса, попук ва курси масаласини ҳал қилгач, тумшайиб жойига ўтириб олди. Ноқулай вазиятга Иван Ильичнинг буфетчиси Соколов барҳам берди. У Прасковья Фёдоровнага қабристонда белгиланган жой икки юз сўм туриши ҳақида маълум қилди. Аёл йиғлашдан тўхтади, маҳзун ҳолатда Пётр Ивановичга термилиб, французчалаб ўзига ниҳоятда оғир эканини изҳор этди. Пётр Иванович сукут сақлаб, ўз ҳолати шундай маъно англатишига қатъий ишонч билан, бу вазиятда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслигига ишора қилди.
– Чекинг, марҳамат, – деди аёл виқорли, айни пайтда эзғин овозда ва Соколов билан жойнинг нархи бўйича андармон бўлиб қолди. Пётр Иванович чека туриб кампир жуда синчковлик билан ерларнинг турли нархларини суриштирганини ва олмоқчи бўлган пулига аниқлик киритганини эшитди. Бундан ташқари, жой масаласини ҳал қилиб, гўяндалар юзасидан ҳам топшириқлар берди. Соколов кетди.
– Ҳаммасини ўзим эплайман, – деди у Пётр Ивановичга столда сочилиб ётган альбомларни бир четга сурар экан; кул столга тушаётганини пайқаб, шоша-пиша кулдонни Пётр Ивановичга яқин суриб қўйди ва давом этди: – Муғомбирлик билан бу ғамбода кунда дунёнинг ишлари билан шуғулланмайман, деб ўтирсам бўлаверарди. Аммо бу юмушлар мени юпатмаса ҳам… бироз овунтиради, ахир, шу ташвишларнинг бари унинг учун-ку. – Аёл яна рўмолчасини олиб йиғлашга тутинди-ю, ҳасратидан устун келгандек, бир силкиниб осойишта гапира бошлади: – Айтмоқчи, сизда менинг ишим бор.
Пётр Иванович тагида лиқиллаб турган курсининг пружиналари сочилиб кетмаслигини ҳисобга олиб қимирлади-да, оҳиста қуллуқ қилди.
– Охирги пайтларда у қаттиқ қийналди.
– Йўғ-э! – деди Пётр Иванович.
– Ҳа, даҳшатли азоб чекди! Охирги дақиқаларда эмас, соатларда у тўхтамай қичқирди. Сурункасига уч кеча-кундуз овозини ютмай қичқирди. Бунга чидаб бўлмасди. Тушунолмайман, мен бунга қандай чидадим; уч эшик ортидан ҳам эшитиларди овози. Оҳ, қандай чидаганимга ўзим ҳайронман!
– Ҳуши жойидамиди, ўзи, билармиди?.. – сўради Пётр Иванович.
– Ҳа, – шивирлади кампир, – охирги дақиқаларгача. Жон беришидан чорак соат олдин биз билан видолашди ҳатто Володяни олиб чиқиб кетишни сўради.
Дастлаб шўх бола, ўқувчи, кейин улғайган ўртоқ сифатида жуда яқиндан билган кишисининг азобланиши ҳақидаги фикрдан, ўзининг ва манов хотиннинг сохта жонҳалаклиги ёқмаётганига қарамай, Пётр Иванович бирдан даҳшатга тушди. У яна ўша пешонани, лабга тармашган бурунни кўргандек бўлди ва бу манзарадан ўзи ҳам қўрқиб кетди.
“Уч кеча-кундуз даҳшатли азоб ва ўлим. Таассуфки, бу ҳозир, исталган дақиқада мен билан ҳам рўй бериши мумкин”, ўйлади у ва бир дақиқада қўрқув дунёсига ғарқ бўлди. Аммо тўсатдан беихтиёр сергакланди, бу кўргилик Иван Ильичнинг чекига тушди, меникига эмас, мен билан бундай фожиа рўй бермайди, деган одатдаги фикр калласига келди; агар шу тарзда хаёл қилса, тушкун кайфиятга асир бўлишини, бундай қилиш мумкин эмаслигига Шварцнинг ҳаёт тарзи мисол эканини ўйлаб кетди. Шундай мулоҳазага бориб, Пётр Иванович тинчланди ва қизиқиш билан Иван Ильичнинг сўнгги дақиқалари қандай кечганлигини суриштира бошлади, гўё ўлим унга эмас, фақат Иван Ильичга хос саргузаштдек.
Иван Ильич бошдан кечирган ҳақиқатан даҳшатли жисмоний азоблар ҳақидаги ҳар хил тафсилотлардан сўнг (бу тафсилотларни Пётр Иванович Иван Ильич чеккан азоблар Прасковья Фёдоровнанинг асабларига қандай таъсир қилганидан ҳис этди) бева, афтидан, ишдан гапириш вақти етганини тушунди.
– Оҳ, Пётр Иванович, қандай оғир, қандай оғир азоб, қандай даҳшатли азоб, – у яна йиғлай бошлади.
Пётр Иванович тин олди ва аёл бурнини қоқиб бўлишини кутиб турди. Бурун қоқиш тугагач, деди:
– Таъзиямни қабул қилинг…
Бирдан аёл яна гапга тушиб кетди ва навбат мақсадга келганда, эрининг вафоти муносабати билан хазинадан қайси йўллар ила кўпроқ пул олиш юзасидан фикрини сўради. Бу билан Пётр Ивановичдан нафақа жамғармаси бўйича маслаҳат сўраётгандек бўлди, бироқ кўриниб турардики, аёл бу масаланинг ҳатто у билмайдиган энг майда тафсилотларигача ўрганиб чиққан; ҳаракатлар мотам муносабати билан хазинадан мўлроқ маблағ ундиришга қаратилганди; беванинг қизиқиши товон ундиришнинг яна ҳам мақбул йўлларини излаш борасида янги усулларни топишда эди. Пётр Иванович бундай маблағ манбалари ҳақида ўйлай бошлади, анча бош қотиргандек бўлди ва таомил бўйича ҳукуматни хасисликда лаънатлаб, дедики, белгиланган меъёрдан чиқиб бўлмайди. Буни эшитиб, аёл чуқур хўрсинди ва суҳбатдошидан тезроқ қутулишга баҳона қидира бошлади. Гап қайси томонга оққанини тушуниб етган суҳбатдош папиросини ўчириб ўрнидан турди ва қўл олишгач, олдинги қаторга йўналди.
Бир пайтлар Иван Ильич брикабракдан ўз қўли билан харид қилган соат қўйилган, ўшанда раҳматли жуда яйраган эди, ошхонага кирар экан, Пётр Иванович попга, таъзияга келган бир қанча танишларига дуч келди ва Иван Ильичнинг зурриёти, чиройли ойимқизни кўрди. Қиз бутунлай қорага ўраниб олганди. Унинг қомати нозик, жуда нозик, айниқса, мотам либосида яна ҳам нозик кўринарди. Чеҳраси ғамгин, қатъиятли, ҳатто ғазабнок эди. У худди Пётр Иванович нимададир айбдордек, унга таъзим қилиб қўйди. Қиздан кейин шундай аламзада ҳолатда ёш бойвачча йигит турар, унинг суд терговчиси, куёв эканини эшитган эди. У ҳам маъюс саломлашди ва зинапоя қуйисидан Иван Ильичга қуйиб қўйгандек ўхшайдиган ўғли, гимназиячининг қомати кўрингач, Пётр Иванович марҳум ётган хонага киришни истаб, ўша томон ўтди. Ўғил Пётр Ивановичнинг хотирасида сақланиб қолган билим юртидаги кичкина Иван Ильич эди. Боланинг кўзлари йиғидан қизарган ва, таассуфки, ўн уч-ўн тўрт ёшли болаларда учрайдигандек, шумроқ эди. У Пётр Ивановични кўргач, қовоғи солиниб, пешонаси уялганнамо тиришди. Пётр Иванович унга бошини ирғаб қўйди-да, марҳумнинг хонасига кирди. Мотам маросими бошланди – шамлар, йиғи овозлари, “ўлай”лаш, кўз ёшлари, энтикишлар. Пётр Иванович оёғининг учига кўзини тикканча бошини эгиб қовоқ солиб турди. У марҳум тарафга бир марта ҳам назар солмади, охиригача бўшашмай, ўзини маҳкам тутди ва биринчилардан бўлиб хонадан чиқди. Олдинда ҳеч ким йўқ эди. Ошхона хизматчиси Герасим хонадан отилиб чиқди-да, кийимхонадаги жами пўстинларни паншахадек қўли билан у ён-бу ён суриб, Пётр Ивановичнинг либосини топди ва унга узатди.
– Қалай, биродарим Герасим? – гап қотди Пётр Иванович йўлига, нимадир дейиш учун. – Афсусдамисан?
– Худонинг иродаси. Ҳаммамизнинг борар жойимиз ўша ёқ, – деди Герасим оппоқ, сўйлоқ тишларини тиржайтириб ва замзамали хизматга сафарбар этилган одамдек шахт билан эшикни очиб, извошчини чақирди, аравага Пётр Ивановични ўтқазди ва яна муҳим бир иши эсига тушгандек орқага бурилди-да, ўқдек учиб айвон томонга ўтиб кетди.
Пётр Ивановичга тоза ҳавода нафас олиш, айниқса, тутатқи, мурда ва карбол кислотанинг ҳидидан кейин, жуда ёқиб тушди.
– Қай томонга буюрадилар? – сўради ҳайдовчи.
– Ҳали кеч эмас. Майли, Фёдор Васильевичникига кираман.
Пётр Иванович йўлга тушди. Ҳақиқатан, ўйиннинг биринчи давраси тугагач, ўзининг бешинчи бўлиб қўшилишига қартабозларни мажбур қилди.
2
Иван Ильич яшаб ўтган ҳаётининг тарихи ҳам жуда оддий, ҳам одатдагидек, ҳам ўта даҳшатли эди.
Суд палатасининг аъзоси Иван Ильич қирқ беш ёшида вафот этди. У Петербургдаги турли вазирлик ва департаментларда шароитнинг ўзи одамларни бирқадар даражага етказадиган маълум амални қўлга киритган мансабдорнинг ўғли эдики, ҳаммаси кундай равшан бўлганидек, бундайлар қандайдир муҳим вазифани бажаришга ярамайдилар, аммо барибир ўз мансаб ўринлари, ўтаган хизматлари ва етишган даражаларига кўра уларни ишдан ҳайдаб бўлмайди, негаки, ўйлаб топилган хуфиёна бир жойга тошдек чўкиб туришади, олти мингдан ўн минггача маош тайин ҳамда шу зайлда то мункиллаганча ивирсиб юраверишади.
Ҳар хил кераксиз маҳкамаларнинг кераксиз аъзоси, махфий маслаҳатчи Илья Ефимович Головин шундай одам эди.
Унинг уч ўғли бор эди. Иван Ильич иккинчиси эди. Катта ўғли худди отаси сингари ҳаёт кечирди, фақат бошқа вазирликда хизмат вазифасини ўтади, эндиликда ўша оқим билан яшаб, нафақа ёшига яқинлашиб қолган. Учинчи ўғил омадсиз чиқди. У турли жойларда ўзини синаб кўрди, ҳозир темир йўлда ишлаяпти: отаси, акалари, айниқса, уларнинг хотинлари нафақат уни кўришни исташмайди, балки зарурат туғилганда ҳам унинг борлигини эслашни хоҳлашмайди. Опа отаси каби петербурглик амалдор, барон Грефга узатилганди. Иван Ильич, тан олганларидек, оиланинг фахри эди. У акаси сингари совуққон ва тартибли ҳам, укасидек тажанг ҳам эмасди. У оға-иниларнинг ўртасида ақлли, ҳаракатчан, ёқимтой ва батартиб одам эди. Укаси билан ҳуқуқшуносликда ўқиди. Укаси ўқишни тугатмади, бешинчи босқичда ҳайдалди, Иван Ильич эса мактабни яхши тугатди. Билим юртида у бутун ҳаёти давомида қандай талъат касб этган бўлса, шундай эди: қобилиятли, хушчақчақ, саховатли, киришимли, бироқ ғоят омилкор ижрочи эди ва буни ўз бурчи деб биларди; бу бурчни ўзидан юқори турувчи ҳар қандай одамнинг иродасига бўйсуниш деб тушунарди. У болаларга, кейинчалик катталарга хушомадгўйлик қилмасди, бироқ эсини танигандан бошлаб ёруғликка интилган чивиндек, юқори даражадаги одамларга талпинди, ўзича уларнинг турмуш тарзларини, ҳаётга қарашларини ўзлаштирди ва бундай одамлар билан яқин алоқа ўрнатди. Болалик ва ёшликнинг барча жозибалари унинг учун изсиз кетди; у ҳиссиёт ва шуҳратпарастликка берилди, юқори давраларда эса туйғулари тақозо этган даражада муросасозлик йўлини тутди, бироқ маълум чегарадан чиқмади.
Ҳуқуқшуносликда дастлаб ўзига қабиҳ туюлган ҳаракатларни содир этган пайтлари ҳам бўлди, уларни амалга оширган лаҳзаларда ўзидан нафратланиб ҳам юрди; кейинчалик бундай қилиқлар ўзи интилган кишилар феъл-атворига ҳам бегона эмаслигига ва улар шу ҳоллари билан ярамас ҳисобланмасликларига гувоҳ бўлди, уларни яхши деб ҳам билмади, бундайларни бутунлай унутмади ҳамда улар ҳақидаги хотиралар хафа қилмай ҳам қўйди.
Ҳуқуқшуносликда ўнинчи синфни тугатиб, отасидан хизмат либоси учун пул олгач, Иван Ильич Шармерда либосга буюртма берди, занжирга касб ёрлиғини илдириб, тарбиячи билан хайрлашди, ўртоқлари билан Дононда тушлик қилди ва янги урф бўлган жомадонга энг яхши дўконлардан харид қилинган чойшаб, кўйлаклар ва орасталикка асқотадиган ашёларни жойлаб, вилоятга, отаси топган губернаторнинг махсус топшириқлар бўйича ходими вазифасига йўл олди.
Вилоятда худди ҳуқуқшуносликда қандай бўлса, шундай енгил ва ўнғай шароитни яратиб олди. У хизматни ҳам, мансабни ҳам, ёқимли ва яйраб дам олишни ҳам жойига қўярди; гоҳида бошлиқларнинг топшириғи билан жойларга хизмат сафарига чиқар, бу пайтда катта-кичик билан учрашганда ўзини сипо тутар, ҳеч вақт мақтанмай, аниқлик ва ҳалоллик билан аксарият бузғунчиларни муросага келтириш борасидаги зиммасига юкланган вазифаларни адо этарди.
У ёшлигига, енгил-елпи шўхликларга мойиллигига қарамай хизмат курсисида фавқулодда босиқ, расмиятчи, ҳатто қатъий эди; жамоат ишларида гоҳида ўйинқароқ, ҳозиржавоб, ҳар доим хушмуомала, одамшаванда ва, албатта, унинг ўз одамларига айланиб улгурган хўжайинлари айтганидек, “эркатой гўдак” эди.
Вилоятда олифта ҳуқуқшуносга илакишиб қолган бир аёл билан; бир сатанг билан алоқалар бўлди; меҳмон флигель-адъютантлар билан ичкиликбозлик ва кечки овқатдан кейин шаҳар четидаги кўчага кириш ҳам бўлди; бошлиққа, ҳатто бошлиқнинг хотинига мулозамат қилиш ҳам бўлди; буларнинг ҳаммаси ўз шамойилида юксак назокатни сингдирган эдики, уларни асло ёмон сўз билан атаб бўлмасди: ҳаммаси французларнинг “ёшлик қутуриши керак” деган ҳикматига мос келарди. Ҳаммаси покиза қўл билан, тоза кўйлакларда, французча илтифотлар билан, энг муҳими – жамиятнинг юқори қатламида, яна уларнинг хайрихоҳлиги остида рўй берди.
Иван Ильич шу тарзда беш йил хизмат қилди ва хизмат жойини ўзгартириш фурсати келди. Янги суд маҳкамалари ташкил қилинди ва уларга янги одамлар керак эди.
У шундай янги одамлардан бири бўлиб чиқди.
Иван Ильичга суд терговчиси лавозими таклиф қилинди ва у гарчи бу вазифа бошқа губернияда бўлса-да, ўзига нисбатан шаклланган муносабатлардан воз кечиш ва янги муносабатлар ўрнатишга тўғри келса-да, уни қабул қилди. Иван Ильични дўстлари кузатиб қўйди, “гап” ташкил қилишди, эсдалик учун кумуш папирос қути тақдим этишди ва у янги жойга жўнаб кетди.
Суд терговчиси Иван Ильич олдингидек комильфо, одамшаванда, хизмат мажбуриятини шахсий ҳаётидан ажрата биладиган ва махсус топшириқлар бўйича ходим сифатида жамоатчилик ҳурматини уйғота оладиган одам бўлиб қолди. Терговчилик хизматининг ўзи Иван Ильич учун олдинги ишидан кўра қизиқроқ ва мафтункорроқ эди. Олдинги хизматида амалдорлар ва маъмурларнинг қабулига келган, қалтираб турган одамларнинг ҳасадини қўзғаб, уларнинг ёнидан тугмаси ялтироқ мундирда қадамларини салмоқлаб ташлаб ўтиб, бемалол бошлиқнинг хонасига кириш, бир пиёла чой устида папирос чекиб, валақлаб ўтириш унга жуда-жуда ёқар эди; бироқ унинг бундай бахтиёрлигига ҳасад қиладиганлар кам эмас эди. Бундай одамларни уни хизмат сафарига жўнатганларида жойлардаги полиция бошлиқлари, бузғунчилар орасида учратарди; ўзига тобе бундай одамлар билан назокатли, дўстона муомалада бўлар, бу билан уларни хоҳласа эзиб ташлаш қўлидан келиши-ю, азбаройи улуғлигидан марҳамат кўрсатаётганини писанда қилишни севарди. Бундайлар озчилик эди. Энди эса суд терговчиси Иван Ильич англаб етдики, ҳамма, жуда эътиборли, ўзига бино қўйган ҳамма одамлар унинг бир ишорасига маҳтал, хоҳласа, сарлавҳали машъум қоғозга ўша таниш сўзларни ёзади ва ўша эътиборли, димоғдор зотни айбдор ёки гувоҳ сифатида унинг қаршисига ўтирғизиб қўядилар ва у ҳаммасини ҳал қилади, хоҳласа, қаматади, хоҳламаса, тутқун қалтираб, унинг саволларига жавоб қайтаришга мажбур. Иван Ильич ҳеч қачон ўз ҳокимиятини суиистеъмол қилмаган, аксинча, вазиятни юмшатиш йўлидан борган; бироқ бу ҳокимиятни англаш ва уни юмшатиш имконияти янги хизмат вазифасининг завқ ва жозибасини ташкил этди. Хизматда, айнан терговчиликда Иван Ильич ҳар қандай мураккаб иш жорий қилинган тартиблар асосида ифодаланса, унинг фақат ташқи моҳияти билан қоғозда акс этиши, хусусий жиҳатлари рад этилишини англаб етди ва асосийси талаб этиладиган жами расмиятчиликлар сақланганда юзага келадиган хизмат доирасига кирмайдиган барча ҳолатларни инкор этиш усулларини жуда тез ўзлаштирди. Бу бутунлай янги ёндашув эди. Ва у 1864 йилда амалиётга жорий қилинган низомларга иловаларни ишлаб чиққан кишиларнинг дастлабкиларидан эди.
Бу шаҳарга суд терговчиси вазифасига ўтгач, Иван Ильич янги танишлар орттирди, борди-келдиларни йўлга қўйди, ўзини бошқачароқ тутди, ҳаммасига янгича тус беришга интилди. У губерния маъмуриятидан анча узоқлашди, танишларни эса шаҳарда яшаётган судьялар ва бой зодагонлар даврасидан орттирди, одамлардаги ҳукуматдан енгил норозилик кайфиятини юқтирди, муросасозлик ва ривожланган фуқаролик тартибларини ёқлади. Шу билан бирга, Иван Ильич ўз орасталигини бирқадар ўзгартириб, янги вазифада иягини қиртишлашни бас қилди ва соқолига қанча хоҳласа, шунча ўсиш имконини берди.
Иван Ильичнинг янги шаҳардаги ҳаёти жуда кўнгилли эди: губернатор билан ихтилофда бўлган жамоа тотув ва ҳамжиҳат эди; маблағ еб-ичишга етарди, яна қарта ўйини унинг ҳаётига ўзгача завқ бағишларди, у қарта ўйнаганда шод-хуррам бўлар, бу ўйиннинг нозик жиҳатларини ўзлаштириб олган, шунинг учун аксарият ҳолда ютиб чиқарди.
Бу жойдаги икки йиллик хизмати давомида Иван Ильич ўзининг бўлажак умр йўлдошини учратди. Прасковья Фёдоровна Михель Иван Ильич ўралашиб қолган даврадаги энг истараси иссиқ, ақлли, ҳаракатларидан ўт чақнаб турган қиз эди. Терговчи Иван Ильич меҳнатга дам берувчи эрмак ва фароғатлар қатори Прасковья Фёдоровна билан кўнгилочар, енгил муносабат ўрнатди.
Муҳим топшириқлар бўйича ходимлик даврида Иван Ильич рақсга тушишни қойиллатарди; суд терговчиси бўлгач, йўлига рақс тушарди. У шу маънода рақсга тушардики, бу янги муассасадами, бешинчи синфдами – фарқи йўқ, агар иш шунгача бориб етса, мен бу борада тенгсиз эканимни кўрсатиб қўяман. Шу йўсинда, базмларнинг охирида баъзан Прасковья Фёдоровна билан рақсга тушар ва бу рақслар жараёнида Прасковья Фёдоровнани мағлуб этарди. Шу тариқа қиз уни севиб қолди. Иван Ильичда уйланиш борасида аниқ, режалаштирилган мақсад йўқ эди, қиз уни севиб қолгач эса шундай саволни кўндаланг қўйди: “Аслида, уйланишимга нима монелик қилади?”
Қизалоқ Прасковья Фёдоровна яхшигина зодагонлар авлодидан эди, аҳмоқ эмасди; ўзига яраша бисоти бор эди. Иван Ильич тақдирини бундан ҳам мойлироқ қиморга тикиши мумкин эди, бироқ шуниси ўнғай. Иван Ильичнинг ўз тирикчилиги бор эди, у шунга умид қилардики, қизнинг топиш-тутиши ҳам бундан кам бўлмайди. Насли тоза; ёқимтойгина, ғоят басаришта ҳам. Гапнинг сирасини айтганда, Иван Ильич атрофидаги одамлар шуни маъқул кўрганлари туфайли уйланди, дейиш адолатдан бўлмайди, негаки у ўз қайлиғини севди, унда туйғуларини қадрлайдиган ҳамроҳни кўрди. Иван Ильич икки мулоҳазага кўра уйланди: шундай аёлни танлагани ўзига ёқди, боз устига юқори мансабда турган арконлар ҳам бу қарорни маъқуллашди.
Шундай қилиб, Иван Ильич уйланди.
Уйланиш жараёнининг ўзи – тўй, оилавий ҳаётнинг дастлабки палласи – келин-куёвларга хос ширингуфторликлар, янги мебеллар, янги идиш-товоқлар, то аёлининг ҳомиладор бўлгунича жуда яхши кечди, ҳатто Иван Ильич амин бўла бошладики, уйланиш ҳаётнинг бор буд-шуди деб қараган, жамият томонидан маъқулланган ва қабул қилинган енгил, ёқимли, шодон турмуш тарзини бузиб юбормай, аксинча, уни теранлаштирар экан. Аммо хотини ҳомиладорлигининг дастлабки ойларида бирданига ўзгача, кутилмаган, ёқимсиз, оғир ва андозаларга сиғмайдиган воқеалар содир бўлдики, уларни сира истамагани ҳолда қутулиб ҳам бўлмади.
Иван Ильичга туюлганидек, аёл ўринсиз инжиқликлар билан, бу унинг ўзининг ибораси эди, турмушнинг ёқимли ва сокин муҳитини буза бошлади: эрини сабабсиз рашк қилади, ундан ўзига айрича эътибор қаратишини талаб этади ҳамма нарсадан шубҳаланади, бу билан эркакни ёқимсиз ва ғазабнок ҳолатларга солади.
Бошида Иван Ильич бундай вазиятдан олдин ҳам ўзига кўп ёрдам берган усул – ҳаётга енгил-елпи, истиғносиз қараш билан чиқиб кетмоқчи бўлди, хотинининг руҳий мувозанатини тартибга солишга уринди, олдингидек очилиб, яйраб яшашда давом этди: уйига дўстларини чорлаб, қарта ўйнарди, ўзи ҳам клуб ёки танишлариникига қадам ранжида қилиб турди. Лекин бир сафар хотини шундай важоҳат билан ҳақорат қилди ва эри айтганларини бажо келтириб, таслим бўлмагунча, ўзи каби уйда ўтириб сиқилмагунча дийдиёларини бас қилмаслигини баён этиб, кейинчалик ҳам ўшандай ҳақоратларни давом эттирдики, бундан Иван Ильич даҳшатга тушди. У эр-хотинлик муносабати ҳаётнинг дилраболиги ва гўзаллиги билан чиқишмай, аксинча, уни бузар экан, демак, ўзингни шу ғоратгарликдан сақлашинг лозим, деган хулосага келди. Ва Иван Ильич бу йўлда восита излай бошлади. Етим битта эди – Прасковья Фёдоровнани тинчлантириш. Иван Ильич хизмат ва мажбуриятларидан келиб чиқиб, ўзининг мустақил дунёсини чегириб, хотинига қарши кураш бошлаб юборди.
Фарзанд туғилиши билан уни овқатлантириш, бу борадаги турли ғиди-бидилар, ҳақиқатан бўлган ёки ўйлаб топилган, Иван Ильичнинг аралашишини талаб қиладиган, бироқ унинг ўзи нима қилишини билмайдиган бола ва онанинг касалликлари – инжиқликлар уни оила даврасидан бездириб, ундан ташқари ҳаётни яна ҳам жозибали қилар эди.
Хотин жаҳлдор ва шафқатсиз бўлиб боргани сари Иван Ильич ҳаётининг оғирлик марказини яна ва яна хизмати елкасига юкларди. У касбини олдингидан ҳам қаттиқроқ севадиган, янада шуҳратпарастроқ бўлиб қолди.
Кўп ўтмай, уйланганларига бир йил тўлиши нари-берисида Иван Ильич тушуниб етдики, оилавий ҳаёт тирикчиликда асқотадиган кўп нарсаларга ўргатибди, амалда жуда қийин ва мураккаб иш ҳисобланган, жамият томонидан тан олинган турмуш тарзи асосидаги муносиб тирикчиликни юритиш учун ўз мажбуриятини бажаришда, худди хизмат соҳасида бўлганидек, аниқ муносабатни қарор топтириш лозим экан.
Иван Ильич ўзи учун оилавий ҳаётда ана шундай муносабатни яратиб олди. У оилавий ҳаётдан уйда тушлик, хизматкорлардан фойдаланиш, хотини илтифот қилиши мумкин бўлган тўшак сингари одатий машғулотлар, энг асосийси, кўпчилик фикри билан қарор топган зоҳирий расмиятчиликни талаб қилди. Қолган вақтларда кўнгилочар хушчақчақликни излади, агар топа олса, мамнун бўлди; агар қаршилик ёки майда гапга дуч келса, шу лаҳзада ўзининг хизматдаги хилват, чегараланган оламига равона бўлди ва ундан фароғат топди.
Иван Ильични яхши ходим сифатида қадрлашарди ва уч йилдан кейин прокурор ёрдамчиси этиб тайинлашди. Янги мажбуриятлар, уларнинг масъулияти, ҳар қандай кишини судга тортиш, авахтага тиқиб қўйиш имконияти, нутқининг равонлиги, ишдаги ютуқлари – буларнинг ҳаммаси Иван Ильични хизматга баттар руҳлантирди.
Болалар улғайди. Хотини яна ҳам майдагап ва забти тор бўлиб қолди, лекин Иван Ильичнинг оилавий ҳаётда ўзи ишлаб чиқиб ўрнатган тартиблари унинг учун бунақа майдакашликларнинг аҳамиятини деярли йўққа чиқарди.
Бир шаҳарда етти йиллик узлуксиз хизматдан кейин Иван Ильични бошқа губернияга прокурор вазифасига ўтқазишди. Улар кўчиб келишди, сармоя кўп эмас эди, хотинга янги жой ёқмади. Топиш-тутиш олдингидан кўп бўлса-да, тирикчилик қимматлашиб кетди; бундан ташқари икки фарзандлари вафот этди ва Иван Ильич учун оилавий ҳаёт бамисоли дўзахга айланди.
Прасковья Фёдоровна янги жойдаги барча омадсизликлар учун эридан ёзғирарди. Эр-хотин суҳбатларининг аксарият мавзуси, айниқса, болалар тарбияси масаласида олдингидек жанжалларга бориб тақалар, жанжаллар эса исталган дақиқада оловланишга шай турарди. Гоҳида севишиб юрганларининг ёқимли хотиралари қалқиб чиқарди, аммо бу ҳам узоққа бормасди. Бу лаҳзалар улар бир қўниб ўтган оролча эди, кейин яна бир-бирларидан ажратиб юборган, бегона қилиб қўйган хусуматлар уммонига ғарқ бўлишарди. Бегоналашув, агар Иван Ильич бундай бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблаганда, уни хафа қилиши мумкин эди, бироқ аллақачон бундай ҳолни нафақат табиий қабул қилди, балки оиладаги фаолиятининг мақсади деб билди. Мақсад эса бундай кўнгилхираликлардан иложи борича кўпроқ халос бўлиш йўлларини излаш ва бу ҳаракатига зарарсизлик ҳамда ёқимлилик хусусиятини бағишлаш эди; бу мақсадга эса оила даврасида иложи борича камроқ бўлиш, келишга мажбур бўлганда эса бошқа бировнинг ҳамроҳлигида ташриф буюриш билан эришди. Муҳими, Иван Ильичнинг иши бор эди. Унинг хизмат оламида бутун ҳаётий қизиқишлари мужассам бўлганди. Бу қизиқишлар эса уни гирдобига тортиб кетди. Ўз ҳукмронлигининг ҳавоси, кимни хоҳласа мажақлаб ташлаши мумкинлиги, судда унинг ташрифи ёки қўл остидагилар билан учрашишига интиқ бўлишлари ва, асосийси, ҳис қилиб турган ишини маҳорат билан амалга ошира олиши – буларнинг ҳаммаси уни мамнун этарди ва дўстлар билан суҳбатлар, бирга тушликка чиқиш ва қарта ўйини билан биргаликда унинг ҳаётини бекаму кўст қиларди. Умуман айтганда, Иван Ильичнинг ҳаёти шу тарзда, ўзи чамалаганидек, ёқимли ва кўнгилли давом этарди.
У шу зайлда етти йил яшади. Катта қизи аллақачон ўн олтига тўлган, яна бир гўдак вафот этган, ташвишларининг манбаи бўлмиш гимназиячи бола билан қолишганди. Иван Ильич уни ҳуқуқшуносликка бермоқчи бўлди, Прасковья Фёдоровна эса жўрттага гимназияга топширди. Қиз уйда таълим олди ва яхши ўсди, бола ҳам ёмон ўқимади.
3
Иван Ильичнинг уйланганидан кейинги ўн етти йиллик ҳаёти шундай кечди. У аллақачон ҳар хил силкилашларга бўй бермайдиган, яна ҳам ёғлироқ жойга кўз тикиб турган басавлат прокурор даражасига етганда кутилмаганда ёқимсиз бир воқеа рўй берди-ю, унинг тинч ҳаётини остин-устун қилиб юборди. Иван Ильич университет шаҳарчасига раислик лавозимидан умидвор эди, Гоппе илдамроқ чопди-да, бу жойни эгаллаб олди. Иван Ильич чидолмади, ўз норозилигини билдирди ва у билан ҳамда ўзига яқин бошлиқ билан жанжаллашиб қолди; шу билан ундан совидилар ва кейинги даврада ҳам уни четлаб ўтишди.
Булар 1880 йилда рўй берди. Бу Иван Ильичнинг ҳаётидаги энг оғир йил бўлганди. Шу йилларда, бир томондан қараганда, тирикчилик учун маош ҳам етмасди; бошқа тарафдан – уни бутунлай унутдилар ва унинг чекига тушган, ўзининг тасаввурича, оғир ва даҳшатли ноҳақликларни бошқалар одатдаги ҳол сингари баҳоладилар. Ҳатто отаси ҳам унга ёрдамлашишни хаёлига келтирмас, буни ўзининг мажбуриятидан ташқари ҳисобларди. Иван Ильич англадики, 3500 рубллик маош олиб, тирикчилик қилаётган прокурорни ҳамма тарк этди ва унинг ҳозирги аҳволини меъёрида деб, ҳатто бахтли ҳисоблашади. Фақат унинг ўзи шуни билардики, ўзига нисбатан қилинган ноҳақликлар, хотинининг охири йўқ ёзғиришлари, қарзлари – у шунга мажбур бўлиб, энди қарз кўтара бошлаганди – имкониятидан яхшироқ яшашга уринишлари сабаб аҳволи ҳавас қилгулик эмас.
Шу йилнинг ёзида моддий аҳволини мўътадиллаштириш мақсадида таътил олди ва хотини билан Прасковья Фёдоровнанинг қишлоқдаги акасиникига кетишди.
Қишлоқдаги бекорчиликдан Иван Ильич дастлаб фақат зерикиш эмас, балки қаттиқ соғинч ҳиссини ҳам туйдики, бундай яшаб бўлмаслигини ва қандайдир аниқ чоралар кўриш зарурлигини тушуниб етди.
Уйқусиз тунларнинг бирида у долонда айланиб юриб, Петербургга бориш, кимларнингдир эшигини тақиллатиб, шундай бебаҳо одамни унутиб юборган ўшаларни жазолатишга қарор қилди ва бошқа вазирликка ишга ўтишни мўлжаллади.
Кейинги кун хотини ва қайноғасининг ҳарчанд йўлдан қайтаришларига қарамай, Петербургга жўнади.
У бир нарса учун йўлга чиқди: беш минглик маоши бор жойни тилаб олиш. У аниқ бир вазирлик, йўналиш ёки машғулот турини мўлжаллагани йўқ. Унга ҳар қандай жой: маъмуриятдами, банкдами, темирйўлдами, император хоним Мариянинг муассасасидами, ҳатто божхонадами, беш минглик маош бўлса кифоя, бўладигани беш минг рубллик маош ва унинг қадрига етмаган вазирликдан халос бўлиш.
Қарангки, Иван Ильичнинг бу сафари кутилмаган ва ҳайрон қоларли муваффақият билан якунланди. Курскда биринчи даражали вагонга таниши Ф.С.Ильин чиқди ва уни губернатордан олган телеграммасидаги янгилик билан таништирди. Шу кунларда у ишлаган вазирликда тўнтариш рўй бераётган эмиш, Пётр Ивановичнинг ўрнига Иван Семёнович тайинланар экан.
Кўзда тутилаётган янги тайинланишлар Россия тарихидаги аҳамиятидан ташқари Иван Ильич учун ҳам беиз кетмасди, негаки, Пётр Иванович ва, шубҳасиз, унинг ўртоғи Захар Ивановичнинг янги мансабга кўтарилиши Иван Ильич учун айни муддао эди. Захар Иванович Иван Ильичнинг дўсти ва ҳамтовоғи эди.
Москвада хабарлар тасдиқланди. Петербургга ўтгач, Иван Ильич Захар Ивановични топди ва ўзининг олдинги Адлия вазирлигида ишончли ўринга тайинланишининг қатъий ваъдасини олди.
Бир ҳафтадан кейин хотинига телеграмма жўнатди:
“Захар Миллернинг ўрнида биринчи маърузада лавозим билан сийланаман”.
Иван Ильич ходимларнинг ўзгариши шарофатидан кутилмаганда ўзининг қадрдон вазирлигида шундай ўринга тайинландики, бу олдинги мансабидан икки поғона баланд эди: беш минг рубллик маош ва уч минг рубллик рағбатлантириш. Рақибларнинг барча тўсиқлари олиб ташланган ва вазирлик эгалланган, бундан Иван Ильич беҳад бахтиёр эди.
Иван Ильич қишлоққа шод, мамнун қайтди, кўпдан бери у бундай яйрамаганди. Прасковья Фёдоровна ҳам хурсанд бўлди ва олдинги гиналарни унутиб, ярашдилар. Иван Ильич Петербургда ўзига қандай иззат кўрсатганлари, бир вақтлар душман саналганларнинг писиб қолганлари-ю, унга қуллуқда бўлганлари, омадига ҳасад қилишлари, айниқса Петербургда уни қанчалик қаттиқ севишларини сўзлаб чарчамасди.
Прасковья Фёдоровна бу гапларни жонқулоғи билан тинглар, ўзини ҳаммасига ишонаётгандек қилиб кўрсатар, ҳеч нарсага эътироз билдирмас, фақат янгидан кўчиб борадиган шаҳарларида турмушни ўзгача йўлга қўйиш юзасидан режалар тузарди. Иван Ильич ҳам хурсандчилик билан бу режалар унинг мўлжаллари билан мос тушаётганини таъкидлар, ўзининг абгор бўлган ҳаёти хотинининг ҳақиқий, унутилган шодликлари қайтиши эвазига изга тушиб кетишига ишонарди.
Иван Ильич қисқа муддатга келганди. 10 сентябрда лавозимни қабул қилиши, шу билан бирга, янги жойга ўрнашиши, ашқол-дашқолларни вилоятдан келтириши, янги нарсалар сотиб олиши, кўп нарсаларга буюртма бериши лозим эди; бир сўз билан айтганда, ҳаммасини шундай ташкил қилиш керак эдики, унинг ақли нимани чамалаган бўлса, рўёбга чиқиши ва буларнинг ҳаммаси Прасковья Фёдоровнанинг орзулари билан мос тушиши лозим эди.
Энди, ҳаммаси муваффақиятли уддалангач ва хотини билан муродига етгач, бирга жуда кам яшаганлари, сезиб-сезмай айро тушганлари, эр-хотинликнинг дастлабки йилларидагидек тотли турмуш насиб этмагани кўз олдига келди. Иван Ильич оиласини ҳозироқ олиб кетишни ўйлади. Аммо бирданига уларга яқин ва ғамхўр бўлиб қолган опаси ва куёвининг қистови билан Иван Ильичнинг бир ўзи жўнаб кетди.
Иван Ильич жўнаб кетди, ишдаги муваффақиятлар ва хотини билан муросага келганидан туғилган, бир-бирини қувватлаган аъло кайфият уни тарк этмади. Бинойидек шинам уй топди, бу бир пайтлар эр-хотин орзу қилган бошпананинг айнан ўзи эди. Эски услубдаги кенг, баланд хоналар, катта кабинет, хотини ва қизи учун махсус хоналар, ўғлига дарсхона – худди улар учун атайлаб қурилгандек. Иван Ильич жиҳозлашни ўз зиммасига олди, гулқоғозларни ўзи танлади, қадимги боярлар услубидаги мебеллар сотиб олди, деворларга ҳам ўз дидидаги пардалардан торттирди, ҳаммаёқ очилиб кетди ва у хаёлида тасаввур қилган олиймақом манзара юзага келди. Жиҳозлаш ярмига етганда унинг ҳунари шу даражада намоён бўлдики, ҳосил бўлган нафосат кутганидан анча юқори эди. У ҳаммаси тайёр бўлгач, бошқалар қабул қиладиган салобатли, тўкис ва дилтортар манзарани тасаввур қилди. Ўзича катта хона қандай бўлишини хаёлига келтириб кўрди. Ҳали таъмири тугамаган меҳмонхонага назар ташлаб, у аллақачон камин, унинг олдидаги панжара ва жавонларни кўрди, бу сочилиб ётган курсичалар, деворларга терилган мис товоқ ва ликоплар жой-жойига қўйилганда юзага келадиган кўрк уни яйратиб юборди. Унга ўзидек дидга эга Паша ва Лизенькани бу совғаси билан қанчалик хурсанд қилиши мамнуният бағишлади. Улар бунақасини кутмаганди, бироқ ҳаммаси улар учун-да. Муҳими, кўнгилга олийжаноблик ва тўкислик кайфиятини улашадиган арзон нархдаги қадимги буюмларни топиш ва харид қилиш мумкин бўлди. Яқинларига йўллаган хатларида уларни бирваракайига ҳайратга солиш учун ҳаммасини яшириб ёзди. У бу юмушларга шунчалик берилиб кетдики, айни уни мамнун қилган ва севган янги иши ҳам кейинга сурилиб қолди. Мажлислар асносида хаёли паришон бўлиб кетарди: дераза пардасини осишга қандай пирамон олсам: сидирғасиданми ёки йиғилганидан? Қараб ўтиришга сабри чидамай, нарсаларни ўзи ташиди, ҳатто мебелларни ўрнаштирди, пардаларни осди. Бир сафар нарвончага чиқиб, гулқоғоз ёпиштираётган устага ўзи истаган бурама нақшни ўргатаман деб суриниб кетди ва йиқилиб тушди, чаққонлик билан ўзини ўнглаб олди-ю, аммо дераза ромига биқини билан қаттиқ урилди. Лат еган жойи оғриб юрди, бироқ ҳаммаси ўтиб кетди. Шу кунларда Иван Ильич ўзини ўта хушчақчақ ва бардам ҳис қиларди. “Ўзимни ўн беш йилга ёшаргандай сезаяпман”, деб такрор-такрор айтарди ўзича. Юмушларни сентябрда тугатишга астойдил интилди-ю, барибир иш октябрнинг ўрталаригача чўзилди. Майлига, лекин ҳаммаси гўзал бўлди, буни нафақат ўзи тан олди, балки кўрганлар ҳам эътироф этишди.
Одатда бир-бирига ўхшаган ўртаҳол одамлар бой бўлишни жуда хоҳлайдилар ва бойларга тақлид қиладилар: қалин мовут газлама, қора ёғоч, гуллар, гиламлар ва тўқ ёки ялтироқ мис лаганларни тахлайдилар ва ҳамма танийдиган машҳур одамларга ўхшагилари келади. Унда ҳам, гарчи диққатни қаратиш шарт бўлмаса-да, шунга ўхшаш нарсалар бор эди; назарида унинг буюмлари бутунлай ўзгача эди. Ниҳоят у оиласини темирйўл станциясида кутиб олиб, уларни тўғри ўзининг ярақлаб турган хонадонига бошлаб келди, оқ галстук тақиб олган хизматкор гулларга ғарқ олдинги хона эшигини очди, кейин меҳмонхонага, хос бўлмага киришди, шу ерда ҳайратдан донг қотишди, бундан у ўзини янада бахтиёр ҳис этар, уларни айлантириб, ҳамма жойни кўрсатар, мақтовларни мамнуният билан қабул қиларди ва мамнунлигидан кўнгли чароғон бўларди. Шу оқшом чой устида Прасковья Фёдоровна Иван Ильичдан қандай йиқилганини сўраганда, у ёйилиб кулди ва ҳаммага қандай учиб тушганини ва устани қўрқитганини кўрсатиб берди.
– Беҳудага гимнасткачи, бўлмаганман ахир. Бошқа одам бўлганда ўлиб қоларди, мен эса мана бу жойим билан андак туртиниб ўтдим, холос; қўл тегиб кетса, оғрийди, бироқ аллақачон тузалиб кетди; ўрни андак қорайиб турибди.
Улар янги хонадонда ҳар доимгидек, бир пайтлар яхши яшаганлари сингари, худди ҳамма нарса етарли-ю, фақат яна битта хона камдек, маблағ, бошқа воситалардан ҳам шикоят йўғу, фақат жиндай пул – беш юз сўм етишмайди сингари жонҳалак кайфиятда кўнгилли яшадилар. Айниқса, ҳали ҳаммаси бажарилмаган, лекин адо этилиши лозим бўлган дастлабки пайтлар ёқимли эди: ниманидир харид қилиш, бошқасига буюртма бериш, бирининг ўрнини алмаштириш ёки ўзгасини тузатиш даркор. Гарчи эр-хотин ўртасида бир қанча англашилмовчиликлар юзага келиб турса-да, иккаласи ҳам шундай мамнун эдиларки, юмушлар қанчалик кўп бўлмасин, ҳаммаси ортиқча гап-сўзларсиз адо этиларди. Ташвишлар ниҳоялаб қолганда бироз зерикарли бўлар, нимадир етишмаётгандек туюлса, таниш-билишчилик, расм-русумлар билан турмуш бисёр бўларди.
Эрталабдан судда бўлган Иван Ильич тушликда уйига қайтарди, дастлабки вақтларда, агар уйдаги баъзи қусурлар унинг жиғига тегишини ҳисобга олмаганда, кайфияти доим яхши бўларди. (Дастурхондаги, чойшаблардаги кичкина доғ, пардадан ситилиб кетган тизимча ҳам уни зор қақшатарди: у қанча меҳнат сарфлади буларга, қандай чидайди?) Умуман, Иван Ильичнинг ҳаёти худди ўзининг эътиқоди талаб қилгандек ўтаётганди: енгил, ёқимли ва жозибали. Соат тўққизда туриб, қаҳва ичади, газета ўқийди, кейин вицмундирини кийиб, суд маҳкамасига йўл олади. У жойда тегирмон тоши айланиб туради ва Иван Ильич худди дўлда қолгандек бўлади: ишга шўнғиб кетади. Қабулига келганлар, девонхонадан маълумотномалар, девонхонага қоғозлар, мажлис – доимий ва қатъий йўлга қўйилган тартибот. Ана шундай шиддаткор оқимдан ташқарида бўлган ва хизмат вазифасининг тўғри ташкил қилинишига халақит берадиган барча ғўр, ҳаётий даҳмазаларни инкор этишга тўғри келарди: одамлар билан ҳеч қандай муносабатга, айниқса, ишга доир муносабатларга йўл қўймаслик, муносабатлар фақат хизмат доирасида бўлиши, хизматнинг ўзи муносабат бўлиши лозим эди. Масалан, биров келади-да, ниманидир билмоқчи бўлади. Иван Ильич ундан қарздор эмас ва бундай одам билан бирор гап-сўз қилишга мажбурияти йўқ; мабодо, ўша одам ҳамкасб бўлиб, хизмат юзасидан нимадир муносабатга киришиш лозим топилса, буни Иван Ильич кифтини келтириб, барча хизмат низомларида таъкидланган талабларни жойига қўйиб, шу билан бирга дўстона назокат билан адо этарди. Хизмат муносабатлари тугадими, ҳаммаси тугарди. Шу уддабуронлиги туфайли ҳаётининг ҳақиқий манзараси билан хизмат йўриғини қориштириб юбормасди, Иван Ильич узоқ амалий тажрибаси ва иқтидори билан бу санъатни мукаммал эгаллади ва баъзан сеҳргар каби ўзича ҳазиллашиб, инсоний ва хизмат бурчини аралаштириб кўришни синамоқчи ҳам бўлди. Унга шунинг учун ҳам йўл қўйдики, ўзининг иқтидори кучини ҳис қиларди ва исталган пайтда зарурат юзасидан инсоний ва хизмат бурчини ажратиб юбора ва жой-жойига қўя олишига ишонарди. Иван Ильичнинг ишлари фақат енгил, ёқимли, жозибалигина эмас, сеҳргарона давом этарди. Ора-сира чекар, чой ичар, озроқ сиёсат ҳақида, яна бироз умумий ишлар юзасидан, мавриди билан қарта тўғрисида, ҳаммадан кўпроқ эса лавозимларга тайинлашлар борасида суҳбатлашарди. Ҳорғин, бироқ оркестрда биринчи скрипкада ўз партиясини муваффақиятли ижро этган моҳир созанда кайфияти билан уйига қайтарди. Уйда қизи ойиси билан қаергадир кетган чиқар ёки уларникига кимдир келган бўларди; ўғил гимназияда, дарсларни репетитор кўмагида тайёрлайди ва гимназияда қандай ўқитишса, шу даражада таҳсил олади. Ҳаммаси яхши эди. Тушликдан кейин, агар меҳмонлар бўлмаса, Иван Ильич баъзан одамлар тилдан қўймайдиган китоблардан ўқир, оқшомлари эса иши билан машғул бўлар, қоғозларни титкилар, қонунлар билан танишар, суд кўрсатмаларини қонун талаблари билан солиштирарди. Бу машғулотлар унга зерикарли ҳам, ёқимли ҳам туюлмасди. Қарта ўйналганда-ку бошқа гап, лекин ишлаш барибир бир ўзи ёки хотини билан ўтиргандан кўра яхши эди. Иван Ильичга хуш ёқадиган дамлар мавқеи баланд эркак ва аёлларни чорлаб уюштирган чортанг давралар – дилкаш тушликлар эди, шунчаки одми суҳбатдошлардан фарқ қилмайдиган, маълум даражага эришган одамлар билан вақт ўтказишлардан унинг меҳмонхонаси файзга тўлиб кетгандек туюларди.
Бир сафар уларникида ҳатто базм бўлди, рақсга тушдилар. Иван Ильич учун ҳаммаси ёқимли, ҳаммаси яхши эди, фақат хотини билан торт ва конфетлар борасида катта жанжал чиқди: Прасковья Фёдоровнанинг ўз мўлжаллари бор эди, Иван Ильич эса қаттиқ туриб қиммат сотадиган қандолатфурушдан харид қилишни талаб қилди; анчагина торт олдилар, ортиб қолди ва шундан жанжал чиқди, қандолатфурушнинг баҳоси эса қирқ беш рубл эди. Жанжал каттариб кетди ва ёқимсиз тус олди, Прасковья Фёдоровна унга: “Аҳмоқ, заҳар!” деди. Эр бошини чангаллаб қолди ва баногоҳ юраги унга ажрашиш ҳақида эслатгандек бўлди. Бироқ базм хушчақчақ ўтди. Яхши одамлар йиғилганди, Иван Ильич княгиня Труфонова ва “Сен қайғумни ол” жамиятини тузиб машҳур бўлиб кетган унинг синглиси билан рақс тушди.
Хизмат юзасидан мамнунлик худбинликни, ижтимоий ҳаётдан мамнунлик димоғдорликни пайдо қилади, Иван Ильич учун эса ҳақиқий хурсандчилик қарта ўйинидан эди. У тан олардики, ҳаммасидан кейин, қандайдир воқеалару ҳаётидаги нохушликнинг изидан хуш ёқадигани, барининг қаршисида шамдек ёниб турган мамнуният, бу – яхши ўйинчилар, ҳуда-беҳудага бақиравермайдиган ҳамтовоқлар билан қарта ўйнаш, албатта, мудом тўртовлон (беш киши бўлса, менга ёқади, деб турсанг ҳам ўйин қийин кечади) иштирокида ақлли ва жиддий ўйин (агар қўл келиб турса), сўнг кечки овқат билан бир стакан вино ичиш. Кичикроқ ютуқдан кейин (каттаси ёқмайди) Иван Ильич оромбахш кайфият билан уйқуга ётарди.
Улар шу тарзда умргузаронлик қилишарди. Теваракларида энг мақбул одамлар йиғилган, эътиборли шахслар, ёшлар ҳам келиб-кетиб туришарди.
Даврадаги танишларидан эр ҳам, хотин ҳам, қиз ҳам бутунлай рози, атрофларида хира пашшадек айланиша бошлаган, садоқатларини изҳор этиш учун ҳатто японча таомлар тайёрлаб келишга киришган ҳар хил танишлари-ю дўстларидан узоқлашишди. Тез орада хира пашшалар тарқаб кетди ва Головинлар атрофида энг яхши дўстлар давраси қолди. Ёш йигитлар Лизенька атрофида ўралаша бошлашди, айниқса, суд терговчиси Дмитрий Иванович Петришевнинг ёлғиз ўғли, меросхўри анча айланишиб қолдики, бу масалада Иван Ильич Прасковья Фёдоровна билан жиддий гаплашиб олди: уларни тройкада сайр қилишга юборишса ёки уйда хонаки спектакль ташкил этишса, қандай бўларкан? Улар шундай яшашарди. Ҳаммаси шундай давом этарди ва жуда ёқимли эди.
4
Ҳаммаси кўнгилдагидек давом этарди. Иван Ильич баъзан шикоят қилиб қоладиган оғзидаги ачқимтил, ёқимсиз таъм ва ошқозонининг чап тарафи санчиб туришини ҳам кўнгилсизликка йўйиб бўлмасди. Аммо бу нохушлик ортиб борди, оғриқ ҳам ўтиб кетмади ва шууридан биқинидаги доимий сирқираш сезими ҳамда кайфиятининг бадбинлигини чиқариб ташлай олмади. Кайфиятидаги бадбинлик борган сари кучайиб, Головинлар оиласида қарор топган файзли турмуш тарзини ҳам издан чиқара бошлади. Эр хотини билан тез-тез жанжаллашадиган бўлиб қолди ва бундай доимий машмашалар оилавий тароват ва жозибани барбод қилди, фақат одоб меъёрлари аранг жон сақлаб турарди. Яна жанжал мунтазам тус олди. Яна эр ва хотин алоҳида-алоҳида ўтиришгандагина эркин нафас оладиган бўлишди.
Энди Прасковья Фёдоровна ҳеч тортинмай, асоссиз равишда эрининг феъли оғирлигидан ёзғирадиган бўлди. Ўзига хос ҳамма нарсани бўрттириб гапириш одатидан келиб чиқиб, у эри бошиданоқ шунақа итфеъл бўлганлигини, фақат ўзининг бардоши билан йигирма йиллик бу азобни енгиб келганлигини такрорлай бошлади. Рост гап ҳам шу эдики, энди жанжаллар эр томонидан келиб чиқарди. Унинг инжиқликлари ҳар доим тушлик пайтида, кўпинча шўрвани тановул қилиши билан бошланарди. Ҳали идишларнинг синиғига кўзи тушиб қолар, ҳали овқатнинг таъми ёқмас, ҳали ўғлининг столга тирсагини тираб ўтиргани ғашига тегар ёки қизининг соч турмагидан жиғибийрони чиқарди. Буларнинг ҳаммасида Прасковья Фёдоровнани айбларди. Прасковья Фёдоровна бошида эътироз билдириб, бунақа бачканалик қилаверма, деб айтди, лекин эри барибир тушлик пайти бир-икки қилиқ кўрсатишини қўймади, бундан аёл унинг овқат пайтида жини қўзийдиган касали бор эканини тушуниб етди ва ўзига таскин берди; ортиқ эътибор бермай қўйди-да, фақат тезроқ овқатланиб, туриб кетадиган бўлди. Прасковья Фёдоровна бутун бардошини ишга солиб, муроса йўлини тутди. Эрининг қабиҳ феъл-атворга эгалигини тушуниб, ўзига раҳми келиб кетди. Ўзига раҳми келган сайин эрига нисбатан нафрати ортиб бораверди. Ҳатто унинг ўлимини тилашгача бориб етди, бироқ буни хоҳламади, негаки, унақада тирикчилик манбаидан ажралиб қоларди. Бу нарса унинг баттар жиғибийронини чиқарарди. Шунчалар чорасиз эдики, ҳатто эрининг ўлими ҳам уни бу кўргиликдан халос қила олмасди, ҳамма заҳрини ичига ютди, шу тарзда юраги зардобга тўлиб бораверди.
Навбатдаги жанжалдан сўнг, бу гал Иван Ильич бутунлай ноҳақ эди, буни ўзи ҳам тан олди ва ўзига келгач, ҳақиқатан ҳам хотинининг жиғига тегадиган бўлиб қолганини, бу касаллик эканини очиқ эътироф этди, хотини касаллиги рост бўлса, даволаниш лозимлигини айтди ва таниқли бир шифокорга бориб учрашишга қистай бошлади.
Эр шифокор ҳузурига борди ҳам. Ҳаммаси ўзи кутгандек бўлиб чиқди; ҳаммаси рисоладагидек бажарилди. Кутиш, ўзига суд амалиётидан таниш бўлган қоғоз тўлдиришлар, албатта, бу сафар дўхтир тўлдирди; томир кўриш, юракни эшитиш, олдиндан тайёрлаб қўйилган саволлар ва кераксиз жавоблар, кейин эса, модомики, сиз бизга мурожаат қилибсизми, биз хизматингизга тайёрмиз қабилидаги сохта илтифот. Ҳаммаси худди суддагидек эди. Судланувчилар унинг қаршисида қандай кўринишда намоён бўлса, таниқли дўхтир уни шундай алпозда кутиб олди.
Дўхтир айтди: у-булар ва анов-мановлар кўрсатаяптики, сизнинг ичингизда фалон нарса бўлган; агар бу текширувлар давомида тасдиқланмаса, маълум бўладики, аҳволингиз мановнақа. Агар бунақа чиқиб қолса, унда… ва ҳоказо. Иван Ильич учун битта савол ҳаммасидан муҳим эди: унинг аҳволи хавфлими ёки ташвишга ўрин йўқми? Дўхтир бундай кўндаланг қўйилган саволни айланиб ўтди. Дўхтирнинг нуқтаи назарича, бу савол жуда сийқа ва муҳокама қилишга арзимайди; фақат буйракнинг ўрнидан жилгани, шиллиқ пардасининг яллиғланиши ҳамда кўричакда ўзгариш тахмин қилинмоқда. Бу ўринда Иван Ильичнинг ҳаёти ҳақида гап кетаётгани йўқ, гап қимирлаб қолган буйрак ва кўричак устида айланмоқда. Бу борадаги мунозарага чек қўйиб, дўхтир Иван Ильичнинг кўз олдида ақлини чақмоқдек ишлатганча, асосий муаммони кўричакдан, деб ҳукм қилди ва хулоса ясаб дедики, кейинчалик пешобнинг таҳлилидаги янги аломатларни маълум қилиши мумкин ва шунда иш қайтадан кўрилади. Ҳаммаси худди Иван Ильич судланувчилар билан қандай муносабатга киришса, ёрқин бир тарзда айнан шундай такрорланаётганди. Дўхтир ҳам кўзойнагининг устидан тантанавор оҳангда судланувчидан юқорига қараб, ёрқин бир тарзда ўзининг якуний сўзини маълум қилди. Дўхтирнинг якуний сўзидан Иван Ильич шундай хулосага келдики, аҳвол ёмон, дўхтирга, қолаверса, ҳаммага барибир, фақат унга ёмон. Бу хулоса Иван Ильичда ўзига нисбатан ҳамдардлик туйғусини қўзғаб, жуда ёмон таъсир қилди, шу билан бирга юрагида шундай муҳим масалада пинагини бузмаган бепарво дўхтирга ғазаб жўш урди.
Бироқ у ҳеч нима демади, ўрнидан турди, стол устига пул ташлаб, чуқур хўрсинди-да:
– Биз, беморлар, сизларга тез-тез ўринсиз саволлар бериб турсак керак, – деди. – Умуман, бу касаллик хавфлими, йўқми?
Дўхтир кўзойнагининг устидан бир кўзи билан қаттиқ тикилди, бу билан у: ҳой, судланувчи, агар савол беришни тўхтатмасангиз, мен сизни залдан ҳайдаш юзасидан қарор чиқаришга мажбур бўламан, деяётгандек эди.
– Мен сизга муҳим ва керакли гапларнинг ҳаммасини айтдим, – деди дўхтир. – Қолганини кейинги таҳлиллар кўрсатади. – Дўхтир таъзим қилди.
Иван Ильич шошилмай кўчага чиқди, чанага ғамгин ўтирди ва уйига йўл олди. Йўл бўйи дўхтирнинг мавҳум ва тушунарсиз илмий тилда айтганларини хотирасида тиклаб, уларни оддий лафзга ўгиришга, мағзини чақиб, лоақал битта саволга жавоб топишга ҳаракат қилиб борди: менга ёмонми – жуда ёмонми ёки ҳали ҳеч нарса эмасми? Унга дўхтирнинг барча айтганлари аҳволининг жуда ёмонлигини тасдиқлаётгандек бўларди. Кўчадаги ҳамма нарса Иван Ильичга ёмон кўриниб кетди. Извошчилар ғамгин, уйлар ғамгин, йўловчилар, дўконлар ғамгин. Вужудидаги бир дақиқа ҳам тўхтамайдиган, симиллаган оғриқ дўхтирнинг тушунарсиз гапларидан кейин бошқача, жиддий тус олди. Иван Ильич энди янги, оғир бир сезги билан унга қулоқ тута бошлади.
У уйига етиб келди ва хотинига гап қотди. Хотини қулоқ тутди, бироқ гапнинг ўртасида шляпа кийиб олган қизи кириб қолди: у ойиси билан отланиб турган экан. Қиз мажбуран ўтириб, бу зерикарли ҳикояни тинглашга тутинди, бироқ унинг гапларини охиригача эшитишга она-боланинг сабри чидамади.
– Яхши, мен жуда хурсандман, – деди хотини, – энди сен ўзингга қара, дориларни вақтида ичиб тур. Рецептни менга бер, ҳозир Герасимни дорихонага жўнатаман. – Прасковья Фёдоровна шундай дея кийимларини алмаштиргани чиқиб кетди.
У хотини хонада эканида нафасини ичига ютиб турди, чиқиб кетгач эса чуқур нафас олди.
– Нима ҳам дердим, – деди ўзича ғудраниб. – Ҳақиқатан ҳам ҳали ҳеч нарса эмасдир…
У дориларни ича бошлади, пешоб таҳлилидан сўнг ўзгариши тахмин қилинган бўлса-да, тавсияларга амал қилиб борди. Шу ўринда таҳлилдами ёки ўзини парвариш қилишидами, қандайдир чатоқлик содир бўлди. Буни дўхтир билмаслиги керак – нима бўлганда ҳам у дўхтир айтган ниманидир бажармаган. Ё у эсдан чиқарган, ё ёлғон гапирган ёки ундан ниманидир яширганлар.
Барибир Иван Ильич тавсияларга қатъий амал қилиб борди ва дастлабки вақтларда бу яхши таъсир қилди.
Дўхтир ҳузурига ташриф буюргандан кейин Иван Ильичнинг асосий машғулоти шифокор тавсиясида қайд этилган талаблардан келиб чиқиб, гигиенага қатъий амал қилиш, дориларни вақтида олиш, бутун вужуди бўйлаб тарқалаётган оғриқни назорат қилишдан иборат эди. У бутун диққат-эътиборини одамга хос касалликлару одамга хос саломатликка қаратди. Унинг ҳузурида беморлар, вафот этганлар, соғайганлар тўғрисида, айниқса, уникига ўхшаган касалликдан гап очганларида ҳаяжонини яширишга интилиб эшитди, сўради ва дардига кўникишга интилди.
Оғриқ камаймади; аммо Иван Ильич ўртага шундай шартни қўйди: аҳволи яхшилиги ҳақида ўйлашга ўзини мажбур қилади. Ҳеч нарса ташвишга солмаган паллаларда у ўзини алдай оларди. Бироқ хотини билан даҳанаки жанг қилиб қолса, хизматда муваффақиятсизликка учраса, қартада омади юришмаса, оғриқ кучлироқ сезиладиган бўлиб қолди; авваллари бундай кўнгилсиз ҳолатларни, албатта, иллатларни енгаман, ютуқларга эришаман, зафар қучаман, деган сўзлар билан овунтириб, сездирмай ўтказиб ҳам юборарди. Энди эса ҳар қандай нохушлик унинг қўл-оёғини бўшаштириб юборар ва ғамга чўмдирарди. Ўзича энди соғая бошлаганимда, дориларнинг таъсири билинаётган бир пайтда мана шу лаънати кўнгилхиралик етмай турувди, деб ғижинарди. Яна бахтсизлигидан, уни хафа қилувчи ва нафратлантирувчи одамлардан дарғазаб бўлар ва бу ғазаб уни адойи тамом қиладигандек туюларди; аммо ғазабланмай туролмасди. Афтидан, унинг ғазабини қўзғайдиган вазият одамлар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келиши тайин эди, шунинг учун бундай ҳолатларга бепарво бўлиш лозим; бироқ Иван Ильич бутунлай тескари мулоҳаза юритарди: ўзига тинчлик керак, осойишталикка дахл қиладиган таъсирларни изга солиш лозим. Шундай дерди-ю, арзимаган нохушликдан ҳам фиғони чиқиб кетарди. Табобатга доир китобларни ўқиб, дўхтирлар билан маслаҳатлашавериб, аҳволи баттар ёмонлашди. Ёмонлашув шунчалик осойишта кечаётган эдики, у буни сезмасди ҳам: бугунги аҳволини кечаги кунидан фарқлолмасди. Дўхтирлар билан маслаҳатлашиб билдики, унинг аҳволи оғирлашиб кетаяпти, ҳатто бу жараён тезлашиб бормоқда. Шунга қарамай, у дўхтирлар билан маслаҳатлашишдан тийилмади.
Бу ойда у бошқа бир таниқли зот қабулида бўлди: таниқли хоним олдин нима дейилган бўлса, шуни такрорлади, фақат саволларни бошқачароқ қўйди. Бу зотнинг маслаҳатлари Иван Ильичнинг шубҳалари ва қўрқувини фақат кучайтирди, холос. Танишининг таниши – жуда яхши дўхтир – касалликни бутунлай бошқача шарҳлади, соғайиб кетишига зўр бериб ишонтиришига қарамай, ўзининг саволлари ва тавсиялари билан Иван Ильични чалкаштириб юборди ва гумонларини кучайтирди. Гомеопатия усули билан даволовчи шифокор касалликка мутлақо тескари ташхис қўйди ва дорилар берди, Иван Ильич бошқалардан яшириб, бир ҳафта дориларни ичди. Бир ҳафтадан кейин ҳеч қандай енгиллашиш сезмай, олдинги шифо ва ҳозирги давога ишончини йўқотиб, баттар тушкун ҳолга келди. Бир сафар таниш хоним иконаларнинг шифобахш хусусияти ҳақида сўз очиб қолди. Иван Ильич ўзини мажбур қилиб, диққат билан тинглади ва далилнинг тўғрилигига ўзини ишонтирди. Бу янгилик уни қўрқитиб юборди. “Наҳотки ақлим шунчалик заифлашиб қолган бўлса? – деди ўзига. – Бўлмағур гап! Ҳаммаси сафсата, буларга чалғимаслик, ҳушёрликни қўлдан бермаслик, бир дўхтирни танлаб, унинг айтганларини оғишмай адо этиш лозим. Шундай қиламан ҳам. Тамом-вассалом. Ҳеч нарсани ўйламайман ва ёзгача қаттиқ даволанаман. Шунда ҳаммаси аниқ бўлади. Энди иккиланишлар тугади!..” Буларни айтиш осон эди, бажариш эса анча мушкул. Биқинидаги оғриқ кучайиб борди, гўё бешбаттар бўлаётгандек эди, энди тўхтовсиз оғрирди, оғзининг таъми баттар айниди, унга оғзидан ёқимсиз, бадбўй ҳид чиқаётгандек туюлди, иштаҳаси ҳам, дармони ҳам йўқ. Энди ўзини алдаб бўлмасди: Иван Ильичнинг ҳаётида янги, муҳим, олдин ўз аҳамияти билан ҳеч кўрилмаган жиддий воқеа содир бўлаётганди. Буни фақат унинг ўзи биларди, атрофидагилар гап нимадалигини тушунишмасди ёки тушунишни хоҳлашмасди ва дунёда ҳаммаси олдингидек давом этаяпти, деб ўйлашарди. Булар ҳам Иван Ильични баттар қийнарди. Уйдагилари – асосан, борди-келдини авж олдириб юборган она ва қиз – кўрдики, ҳеч нимани тушунишмади, унинг хафалиги ва инжиқлиги учун ўзини айбдор санаб, баттар хўрлигини келтиришди. Гарчи улар бу кайфиятларини яширин тутсалар-да, Иван Ильич ўзининг уларга халақит бераётганини кўриб турарди. Хотини унинг касаллигига бошқача ёндашмоқда эди, яъни эри нима деса ҳам, нима қилса ҳам, ўзини ундан йироқ тутди. Аҳвол тахминан мана бундай:
– Биласизми, – дерди аёл танишларига, – Иван Ильич рисоладаги одамлардай даволаниш тартибларига амал қилмайди. Ҳозир ҳапдориларни ичади ва нима буюрилган бўлса, ейди, вақтида ётади; эртасига эса, агар мен назорат қилмасам, дори ичишни эсдан чиқаради, осётр балиғини ейди (унга тақиқланган), яримкечагача қарта ўйнайди.
– Э, қачон эди? – дейди Иван Ильич алам билан. – Бир мартагина Пётр Ивановичникида ўтирганмиз.
– Кеча-чи, Шебек билан?
– Барибир мен оғриқдан ухлай олмайман…
– Нима бўлгандаям, бунақада сен соғаймайсан, фақат бизларни қийнаганинг қолади.
Зоҳиран, бошқаларнинг етказишича ва ўзи кўриб-билганидек, Прасковья Фёдоровнанинг эрининг касаллигига муносабати шу тарзда эди ва бунинг учун унинг ўзини айблар, дардини ортиқча дахмаза деб биларди. Иван Ильич сездики, бу ҳолат хотинида ихтиёрсиз пайдо бўлди, бироқ бундан ўзига ҳам осон эмасди.
Судда Иван Ильич ўзига нисбатан ғалати муносабат қарор топаётганини сезди ёки сезаётганини ўйлади: гоҳ унга яқинда ўз ўрнини бўшатиб қўядиган одамдек қарашади; гоҳ атрофидагилар унинг қўрқинчли, даҳшатли, қулоқ эшитмаган восвослиги устидан бараварига кулишадилар ва ҳазил учун исталган жойга бошлаб борадиган ёки тортиб кетадиган баҳона топилгандек бўлади. Айниқса, ўзининг ўйноқилиги, сўзамоллиги Шварц ўн йил олдинги масрур кунларни эслатиб, Иван Ильичнинг баттар аламини келтирар, жаҳлини чиқарарди.
Бир қўл ташлаш муддаосида дўстлар тўпланди, қур олиб ўтирдилар. Янги қартани олиб аралаштирдилар, чийладилар, қарғани, улар еттита эди, қарғага тахладилар. Шериги айтди: козирсиз, – ва иккита қарғани сақлаб турди. Кейин нима бўлади? Кулгили, мароқли хотима – қалпоқ. Бирдан Иван Ильич ўша жон олувчи оғриқни, оғзидаги ўша таъмни сезди ва унга шу ҳолда қалпоқдан завқ олиб хурсанд бўлиш ажабтовур ёввойиликдек туюлиб кетди.
У қўлдоши Михаил Михайловичнинг шодон тарзда столга мушт туширганини ва қарта олишдан илтифот ила ўзини тийиб, уни Иван Ильич томонга суриб қўйганини, шу билан хурсанд қилиш мақсадида қўлини чўзмай турганини кузатди. “У нима деб хаёл қилаяпти, мен шунчалик ожизманки, ҳатто қарта олишга ҳам мажолим етмайди дебми?”, – ўйлади Иван Ильич, козирни унутиб қўйди, козир қартани юриб юборди ва қалпоқни қўлдан бой берди – ўйинда ютқазди, энг ачинарлиси мағлуб бўлган Михаил Михайлович қақшаб қолди, унинг учун эса ҳаммаси бир чақа. Ҳамма нарсанинг қадрсизлигини хаёлга келтириш эса азоб эди.
Ҳамма унга қийин бўлаётганини кўриб турарди ва бундай таклиф қилишди: ”Агар чарчаган бўлсангиз, ўйинни бас қиламиз. Дам олинг”. Дам олиш? У ҳеч қачон чарчамайди, тинмай қарта суриб, барчани чарчатади. Ҳамма сукут сақлаб, ғамга ботиб қолади. Иван Ильич бу қора булутни ўзи таратганини билади ва тарқатиб юбора олмайди. Улар кечки овқатни еб тарқалишади, Иван Ильич эса зилдек хаёллари гирдобида ёлғиз қолади. Унинг ҳаёти заҳарланган ва бошқаларнинг ҳаётини заҳарлаяпти, бу оғу камаймаяпти, аксинча, унинг бутун борлиғини қамраб олаяпти.
Ана шундай кайфият, боз устига қаттиқ жисмоний оғриқ билан тўшакка кириш лозим ва оғриқдан туннинг кўп қисми уйқусиз ўтади. Эрталаб эса яна ўриндан туриш, кийиниш, судга бориш, гапириш, ёзиш, агар бирон жойга борилмаса, уйга қайтиш керак – ҳар бир дақиқаси азоб бўлган йигирма тўрт соатлик кеча-кундузни шу тахлит ўтказаётганди. Ғорат бўлиш арафасида якка-ёлғиз, ўзини тушунадиган, қадрига етадиган бирон кишисиз яшаётганди.
5
Шу йўсинда икки ой ўтди. Янги йил арафасида шаҳарга қайноғаси келиб уларникига қўниб ўтди. Иван Ильич судда эди. Прасковья Фёдоровна харид учун чиқиб кетганди. Иван Ильич кабинетига кирар экан, бу жойда жомадони билан ўрнашиб олган шодон ва соғлом қайноғасига дуч келди. Меҳмон Иван Ильичнинг қадам олиши билан ҳушёр тортиб, бошини кўтарди-да, унга бирзум анграйиб тикилиб қолди. Шу назар Иван Ильич учун бор манзарани намоён қилди. Қайноға нимадир демоқчи бўлиб оғзини очди-ю, тўхтаб қолди. Бу ҳаракат ҳаммасини тасдиқлади.
– Ажабо, ўзгариб кетибсиз?
– Ҳа, ўзгаришлар бор.
Шундан кейин Иван Ильич ўзининг кўриниши юзасидан қанча оғиз очмасин, қайноға миқ этмади. Прасковья Фёдоровна келиб қолди, қайноға опасининг олдига чиқди. Иван Ильич эшикни ёпиб, қулфлади-да, ўзини ойнага солди, олдин тўғридан, кейин қиялаб қаради. Ўзининг хотини билан тушган катта суратини олди, уни ойнадаги акси билан таққослади. Ўзгариш жуда катта эди. Кейин қўлини тирсагигача шимарди, қаради, енгини туширди, юмшоқ ўриндиққа ўзини ташлади ва кўз олдида тун зулмати қуюқлашди.
“Керак эмас, керак эмас”, – дерди у ўзича; сўнг ирғиб туриб, столга яқинлашди ва жилдни очиб, ишни ўқишга тутинди, бироқ ўқий олмади. Эшикни очди ва танобий хонага чиқиб кетди. Меҳмонхонанинг эшиги ёпиқ эди, овоз чиқармай яқинлашди-да, ичкарига қулоқ тутди.
– Йўқ, сен ошириб юбораяпсан, – дерди Прасковья Фёдоровна.
– Нимасини ошираман? Кўрмаяпсанми – у ўлаётган одам-ку, кўзига қара. Нур йўқ. Унга нима бўлган ўзи?
– Ҳеч ким билмайди. Николаев (бу бошқа дўхтир эди) нимадир деди, лекин мен билмадим. Лешетицкий (бу машҳур дўхтир эди) тескари гапни айтди…
Иван Ильич нари кетди, хонасига кирди, ётди ва ўйлай бошлади: “Буйрак, тинчимаган буйрак”. У жами дўхтирларнинг буйрак қандай силжиши, қандай безовта қилиши ҳақида айтган гапларини эслаб кетди. У ҳиссиёт кучи билан бу нобакор буйракни тутиб олиш, жойига қўйиш ва маҳкамлашга интилди; ҳайтовур, бу қўлидан келмасди. “Йўқ, яна Пётр Ивановичга бораман”. (Ўша танишининг дўхтир таниши бор эди.) Қўнғироқни чалиб, отни тайёрлашни буюрди ва жўнашга ҳозирланди.
– Йўл бўлсин, Жан? – хотини ўта дардчил ва ғайриодатий меҳрибон овоз билан сўради.
Бу кутилмаган ҳамдардлик уни қайғуга чўмдирди. У ғамгин нигоҳини хотинига қадади.
– Менга Пётр Иванович керак.
Шу билан дўхтир таниши бор танишиникига йўл олди. У билан дўхтирникига боришди. Дўхтир уни ўтирғизиб қўйиб, узоқ суҳбат қилди. Барча анатомик, физиологик тафсилотлар билан танишган дўхтирнинг фикрича, нима рўй берганини у тушуниб етган.
Кўричак билан жиндай бир нарса, арзимаган нарса содир бўлган. Буни тўғрилаш қийин эмас. Бир узв фаолияти кучайтирилиб, бошқа узв фаолияти заифлаштирилади, шундай қилинганда сўриш юзага келади ва ҳаммаси изга тушиб кетади. У тушликка бироз кечикди. Тушлик қилди, яйраб суҳбатлашди, бироқ анчагача ишлагани кабинетига ўтгиси келмади. Ниҳоят кабинетига кирди ва шу зумда ишга ғарқ бўлди. У ишни ўқиди, ишлади, аммо хаёлининг тубида чўкиб ётган, қотиб қолган бир ишни ортга суриб қўяётганлиги ҳақидаги фикр тинчлик бермаётганди. Юмушларини тугатгач, бу қотиб қолган иш кўричак муаммоси эканини эслади. Бироқ бунга эътибор бермади-да, чой ичгани меҳмонхонага йўл олди. Меҳмонлар бор экан, суҳбатлашдилар, фортепиано чалдилар, қўшиқ куйладилар; қизининг ардоқли куёви, суд терговчиси ҳам бор экан. Прасковья Фёдоровнанинг фикрича, Иван Ильич оқшомни бошқалардан кўра қувноқроқ ўтказди, аммо у бир дақиқа ҳам кўричак муаммоси юзасидан қотиб қолган ишни унутолгани йўқ. Соат ўн бирда хайрлашди-да, ўз бўлмасига кириб кетди. У касалланганидан буён кабинетининг ёнидаги кичкина хонада бир ўзи ухларди. Ичкарига кириб ечинди, Золянинг романини қўлига олди, аммо китобни ўқимади, ўйга чўмди. Унинг хаёлидан қадрдон кўричакнинг тузалиб қолиши ҳақидаги фикр ўтди. Сўрилса, чиқариб ташланса, меъёридаги фаолияти тикланса. “Ҳа, ҳаммаси шундай бўлади, – деди ўзича. – Фақат табиатга кўмаклашиб юбориш лозим”. Дори эсига тушиб қолди, ўрнидан турди, уни ичди, унинг қандай шифо ато этаётганини, оғриқни йўқотаётганини ҳис этиб, елкаси билан ётди. “Фақат дорини меъёрида ичиш ва нохуш таъсирлардан қочиш керак; мен энда ўзимни яхши, ҳатто жуда яхши ҳис қилаяпман”. У биқинини пайпаслаб кўрди, оғриқни сезмади. “Ҳа, сезмадим, тўғри, жуда яхши”. У шамни ўчирди ва ёнбоши билан ётди… Кўричак сўраяпти, тузалаяпти. Бирданига у ўша таниш, симиллаган, зирқираган оғриқни сезиб қолди. Оғзида ҳам ўша лаънати таниш маза. Юраги ўйнаб кетди, боши ғувиллади. “Э, Худо, э, Худо! – ғудранди у. – Яна, яна, ҳеч қачон тўхтамайди”. Бирданига дунё остин-устун бўлиб кетди. “Кўричак. Буйрак, – деди ўзича. – Гап кўричакда ҳам, буйракда ҳам эмас, балки ҳаёт ва… ўлимда. Ҳа, ҳаёт бор, у ўтаяпти, ўтаяпти, мен уни тутиб қола олмаяпман. Ҳа. Ўзни алдаш нимага керак? Нима, ўзимдан бошқа ҳеч кимга маълум эмасми, мен ўламан, фақат масала ҳафталарда, кунларда, балки ҳозирдадир, бўлиши мумкин. Қачондир ёруғлик бор эди, энди зулмат. Қачондир мен шу ерда эдим, энди у ерга… Қаерга?”. У музлаб кетди, нафаси тўхтади. Фақат юрагининг уришини эшитиб турди.
“Мен бўлмайман, хўш, шу билан нима рўй беради? Ҳеч нарса бўлмайди. Агар мен йўқолиб қолсам, қаерга кетаман? Наҳотки ўлим? Йўқ, хоҳламайман”. Ўрнидан туриб кетди, шамни ёқмоқчи бўлди, қалтироқ қўллари билан пайпасланди ва шамдондаги шамни полга тушириб юборди, изига қайтиб, ўзини ёстиққа ташлади. “Нима учун? Барибир, – очиқ кўзлари билан қоронғиликка тикилиб гапирди ўзича. – Ўлим. Ҳа, ўлим. Улар ҳеч нимани билмайди, билишни хоҳламайди, шафқат ҳам қилмайди. Улар ўйин қилади. (Қулоғига эшик ортидан, узоқлардан таралаётган кулги овозлари ва қийқириқлар чалинди). Уларга барибир, аммо улар ҳам ўлади. Аҳмоқлар. Мен олдинроқ, улар эса кейин. Улар мамнун бўлишяпти. Ҳайвонлар!” Ғазаб уни бўғиб қўйди. Унга жуда қийин, кўтариб бўлмайдиган даражада оғир бўлиб кетди. Бироқ доимо бундай даҳшатли қўрқув гирдобида ҳам қолиб бўлмасди. У ўрнидан турди.
“Нимадир жойида эмас; ўпкани босиб олиш керак, ҳаммасини бошидан ўйлаб кўриш керак”. Ва у ўйлай бошлади. “Ҳа, касалликнинг бошланиши. Биқинимни уриб олганимда ҳеч ўзгариш йўқ эди, кеча қандоқ бўлсам, бугун ҳам, эртага ҳам шундоқ эдим, сўнг биқиним симиллаб қолди; жиндай безовта қилди, кейин кўпроқ, кейин дўхтир, кайфиятим бузилди, ранж-алам, яна дўхтир; мен эса жар ёқасига борган сари яқинроқ кела бошладим. Қувват оз. Яқинроқ, яқинроқ. Ва мен чўпдек қуриб қолдим, кўзимда нур йўқ. Бирданига ўлим васвасаси, мен эса ичак ҳақида ўйлайман. Ичакни суробга келтириш ҳақида ўйлайман, бу эса ўлим дегани. Наҳотки ўлим?” Яна қўрқув ғулув қилди, у ҳаллослаб, кажава бўлиб қолди, гугуртни излай бошлади, тирсаги билан қутига тиралиб қолди. Қути унга халақит берди ва оғритди, бундан ғазаби қўзғади, ўкинч билан уни итарган эди, қути унинг устига ағнаб тушди. У елкаси билан ерга қапишганча умидсиз бўғилиб ётар экан, ўлимни кутарди.
Бу пайтда меҳмонлар тарқалаётган эди. Прасковья Фёдоровна уларни кузатишга чиққан. Нимадир қулаб тушганини эшитиб, у хонага кирди.
– Сенга нима бўлди?
– Ҳеч нарса. Билмасдан туртиниб кетдим.
Аёл чиқиб кетди ва шам олиб келди. У кўзларини хотинига қаттиқ тикканча, бир чақирим масофадан югуриб келган одамдек оғир-оғир нафас олиб ётарди.
– Сенга нима бўлди, Жан?
– Ҳе…ч нар…са. Тур…тиниб кет…дим. – “Гапириб нима қилдим. У барибир тушунмайди”, ўйлади Иван Ильич.
Ростдан ҳам у тушунмади. Эрини кўтариб қўйди, шамни ёқди ва шошганча чиқиб кетди: меҳмонларни кузатиб қўйиши керак эди.
У қайтиб кирганида эри чалқанча тушган кўйи шифтга термилиб ётарди.
– Нима бўлди, мазанг қочдими?
– Ҳа.
Аёл бошини ирғаб қўйди, ўтирди.
– Биласанми, Жан, ўйлайманки, Лешетицкийни уйга чақириш керак.
Таниқли шифокорни уйга чақириш пулни аямаслик дегани эди. Бемор аччиқ кулимсираб “Йўқ” деди. Аёл эрининг ёнига ўтириб пешонасидан ўпди.
Иван Ильич хотини ўпаётганида қалбининг бутун нафрати билан уни ёмон кўриб кетди, уни итариб юборишдан ўзини аранг тийди.
– Хайр. Худо ёрлақасин. Ухларсан.
– Ҳа.
6
Иван Ильич ўлаётганини сезиб турар ва доим асабий ҳолатда бўларди.
Ич-ичидан шуни англаса-да, ўлимга кўникиш у ёқда турсин, ҳатто нега бундай бўлаётганини тушунолмасди, ҳеч қачон тушуниб етмасди.
У Кизеветтер мантиғида шундай силлогизмни ўқиганди: Кай – одам, одамлар ўлимга маҳкум, шундай экан, Кай ҳам ўлимга маҳкум. Лекин бу мантиқ Кайга нисбатан тўғри, зинҳор Иван Ильичга эмас. Кай – оддий бир одам десак, бу хулоса мутлақо адолатли, Иван Ильич эса шунчаки одам эмас, ҳар доим барча жонзотлардан жуда-жуда фарқ қилувчи алоҳида инсон эди; у болаликнинг, ўсмирликнинг, ёшликнинг жами шодликлари, изтироблари, ҳаяжонлари билан, ота-онаси билан, Митя ва Володя билан, ўйинчоқлари, извошчи, энага, кейин Катенька билан бирга бўлган Ваня эди. Ахир Кайга у жуда севган, чарм қопланган коптокчанинг ҳиди танишмиди? Ахир Кай онасининг қўлини шундай меҳр билан ўпганмиди? Онасининг кўйлак бурмалари Кай учун майин шивирлаганмиди? У ҳуқуқшуносликда ҳолва талашиб тўполон қилганмиди? Кай унингдек севилганмиди? Кай мажлисларни унингдек олиб бора олармиди?
Кай ўлимга маҳкум ва у ўлишга арзир ҳам, бироқ мен, Ваня, Иван Ильич, барча ички туғёнларим, ўйларим билан ўлишим – бу бошқа масала. Ва менинг ўлим чангалига тушишим мумкин эмас. Бу даҳшат ахир.
Унга шундай туюларди.
“Агар қисматимга Кай сингари ўлиш битилганда, буни олдиндан сезардим, ботиний овоз шуни айтарди, лекин менда бундай бўлмади-ку; мен ва дўстларим – ҳаммамиз бунинг Кай билан юз берганидек эмаслигини тушуниб турардик. Энди эса аҳвол бу! – дерди у ўзига-ўзи. – Бўлиши мумкин эмас. Мумкин эмас, бироқ… мумкин экан. Бу ёғи қандоқ бўлди? Буни қандай тушуниш керак?”
Чиндан ҳам у тушуна олмасди ва ёлғон, нотўғри, ёқимсиз бу фикрдан қутула олмасди, уни бошқа, тўғри, соғлом фикрлар билан ситиб чиқаришга интиларди. Лекин шу фикр фақат фикр эмас, ҳақиқатдек қайта пайдо бўлар ва қаршисида туриб оларди.
У нажот топиш илинжида бу фикрнинг ўрнига навбати билан бошқа ўйларни чорлай бошлади. Ўлим ҳақидаги хаёлларни қувган бурунги тафаккур тарзига қайтишга уринди. Бироқ – ғалати ҳолат – олдин нима ўлим туйғусини тўсган, ёпган, йўқотган бўлса, энди ҳеч бири ўшандай қила олмасди. Кейинги пайтларда Иван Ильич ўлим ваҳимасини яшириб турувчи илк фикрлаш тарзини тиклашга кўп уринди. Баъзан ўзига дерди: “Иш билан шуғулланаман, ахир унга ҳаётимни бағишладим-ку”. Ва у кўнглидаги барча шубҳаларни итқитиб, судга йўл олди; ўртоқлари билан суҳбатларда иштирок этди ва эски одати бўйича ёйилиб, одамлар тўдасига ўйчан нигоҳ ташлаб, озиб кетган қўллари билан дуб креслонинг суянчиғига таяниб, ўртоғига худди олдингидек энгашиб, қоғозни суриб қўйиб, қулоғига шивирлаб, кейин бирдан кўзини жаланглатиб ва тик қараб таниш сўзларни айтди ва ишни бошлади. Кутилмаганда биқинида оғриқ турди ва мажлиснинг авж палласига сира эътибор қаратмай, ўзининг қон қақшатувчи ишини бошлади. Иван Ильич берилиб тинглар, оғриқ ҳақидаги фикрдан ўзини чалғитарди, бироқ дард симиллашда давом этар, қаршисида туриб олиб, унга термиларди гўё. Иван Ильич қотиб қолди, кўзидаги чўғ ўчди ва яна ўзидан сўрай бошлади: “Наҳотки фақат у ҳақ?” Ўртоқлари ва қўл остидаги ходимлар ҳайрат ва надомат билан кўриб турардиларки, шундай моҳир, тажрибали қози адашиб кетаяпти, хатоларга йўл қўймоқда. У силкиниб ҳушига келишга интилди, мажлисни нари-бери тугатди-да, энди йиғилишларни олдингидек олиб бора олмаслиги, яшириб келган дарди ўзини ҳам бошқалар назаридан, оламидан бекитиб қўяётганини ҳис этиб, тушкун кайфиятда уйига қайтди; қозилик фаолияти билан ундан қутулишнинг иложи йўқлиги аниқ эди. Ҳаммасидан ёмони шу эдики, дард уни бирор нима қилишга ундамас, фақат диққатини тортиб, оғриқнинг кўзига тик қараганча айтиб бўлмас даражада азоб чекишга мажбур этарди.
Иван Ильич бундай ҳолатдан қутулиш учун ўзга таскин, ўзга ниқоб излади, бундай ниқоблар ҳам қисқа муддатга уни қутқаргандек бўлди, бироқ зум ўтмай оғриқ нур каби уларнинг ичидан сизиб ўтар, уни ҳеч нарса тўсиб қололмасди гўё.
Бир сафар, кейинги кунларнинг бирида, у меҳмонхонага, ўша ўзи тузаган, йиқилиб тушган, – буни ўйлаш заҳарханда кулги қўзғарди, – ўзи уни тахтлашда ҳаётини қурбон қилган, негаки касаллигининг бошланишига ўша йиқилиб тушишдаги лат ейиш сабаб бўлганди, – шу хонага кирди ва локланган столнинг бир чети нима биландир қирилганини кўрди. Бунинг сабабини излай бошлади ва четга суриб қўйилган альбомнинг бронзадан ясалган безаги қийшайиб қолганини пайқади. У ўзига қадрдон, ўзи меҳр билан тузган альбомни олди, қизи ва ўртоқларининг исқиртлигидан алами тошди, – варақлари йиртилган, суратлар букланганди. Альбомни ҳафсала билан тартибга келтириб, безакни тўғрилаб қўйди.
Кейин альбомлар солинган жавонни бошқа бурчакка, гуллар ёнига ўрнатиш фикри хаёлига келди. У хизматкорни чақирди: қизими, хотиними ёрдамга келишди; улар рози бўлишмади, тортишдилар, у баҳслашди, жаҳли чиқди; барибир ҳаммаси яхши эди, негаки анов ҳақида эсламади, у кўринмади.
У уриниб турганда бирданига хотини ишни расво қилди: “Тўхта, одамлар силжитади. Яна ўзингга бир балони орттирасан”, шунда бирданига у ниқоб ортидан эласланиб кўриниб кетди, уни аниқ кўрди. Иван Ильич умид қилдики, у ўтиб кетади, бироқ беихтиёр биқини зирқиради, – у жойида ўтирибди, шу жойни безовта қилаяпти, энди унута олмайди, у гуллар ортидан юзсизларча Иван Ильичга боқиб турибди. Муддаоси нима?
“Рости, худди шу ерда, манави парда ортида ҳужумда жон таслим қилгандек мен ҳаётимни бой бердим. Наҳотки? Қандай даҳшатли ва аҳмоқона қисмат! Бундай бўлиши мумкин эмас! Мумкин эмас, бироқ бўлаяпти”.
Иван Ильич кабинетга кириб ўринга чўзилди ва у билан ёлғиз қолди. Кўзи кўзига тушиб турибди, у билан қиладиган иш йўқ. Фақат унга термилиш ва қўрқувдан музлаш қолди.
7
Иван Ильичнинг дардга чалинганининг учинчи ойида шундай вазият юзага келдики, буни пайқамаслик мумкин эмасди, негаки қадам-бақадам шунга борилаётганди, хотини, қизи, ўғли, хизматкорлар, танишлар, дўхтирлар, энг муҳими унинг ўзи – билдиларки, Иван Ильичга нисбатан бошқаларнинг бор қизиқиши шундан иборат эди: ниҳоят у яқинда жойини бўшатади, ўзининг борлиги билан юзага келган қисинишдан тирикларни халос этади ва ўзи ҳам жами қийноқлардан халос бўлади.
У камуйқу бўлиб қолди; унга афюн бердилар ва морфин пуркай бошладилар. Бу муолажалар унга кор қилмади. Бошида ярим уйқу ҳолатида ҳис этган маънисиз қўмсаш кайфиятидан бироз ўзига келгандек бўлди, бироқ кейинроқ бу ҳам олдингидек, ҳатто ундан ҳам баттар эзадиган кучлироқ оғриққа алмашди.
Унга дўхтирларнинг тавсияси билан алоҳида овқат тайёрладилар; бироқ бу таомлар унинг учун бемазадан бемаза, ёқимсиздан ёқимсиз туюларди.
Ичини бўшатиши учун ҳам махсус мослама ясаб беришди, ҳар сафар бу ҳам азоб эди. Азоб ифлосликдан, ёқимсизликдан, бадбўй ҳиддан ва бу юмушда бошқа бировнинг иштирокидан эди.
Бироқ шу хижолатли ишда Иван Ильичга юпанч ҳам топилди. Ахлатни олиб чиқиш учун ошхона хизматчиси Герасим келарди.
Герасим покиза, соғлом, шаҳар маишатида семириб қолган ёш йигит эди. Ҳар доим қувноқ, очиқ кўнгил. Бошида русча кийинган, тартибли бу боланинг ўзига ярашмаган юмуши Иван Ильични ажаблантирди.
Бир сафар у тувакдан турди-ю, иштонини кўтаришга мадори етмай, юмшоқ креслога қулаб тушди ва ўзининг яланғоч, этлари тиришиб қолган сонига тикилиб қолди.
Атрофга катта этигидан таралаётган ёқимли қорамой ҳидини анқитиб, қишнинг тоза ҳавосини олиб, мовут пешбанд таққан ва чайир, ёш билакларига енги шимарилган янги чит кўйлак кийган Герасим енгил қадамлар билан кириб келди-да, одатдагидек, беморни хижолат қилмасликка уриниб, юзидан ҳаёт завқи ва латофати уфуриб турганча тувакка яқинлашди.
– Герасим, – аранг гапирди Иван Ильич.
Герасим қандайдир дағалликка йўл қўйгандек титраб кетди ва илдам ҳаракат билан ўзининг навқирон, ёқимтой, содда, тароватли, энди тук қоплай бошлаган рухсорини бемор томон ўгирди.
– Нима хоҳлайдилар?
– Сен учун, ўйлашимча, ноқулай. Мени маъзур тут. Менинг иложим йўқ.
– Хижолат бўлмасинлар. – Герасим кўзлари чақнаб оппоқ соғлом тишларини кўрсатди. – Бундан нега азият чекасиз? Сизнинг тобингиз йўқ-ку.
Ва у ўзининг чаққон, кучли қўллари билан одатдаги ишини бажарди-да, шипиллаб чиқиб кетди. Беш дақиқадан сўнг яна шундай шипиллаб қайтиб келди.
Иван Ильич ҳамон ўриндиқда ўтирарди.
– Герасим, – деди у йигит тозалаб ювилган тувакни жойлаштирар экан, – илтимос, менга ёрдамлаш, яқинроқ кел. – Герасим борди. – Мени кўтар. Бир ўзимга оғир, Дмитрийни жўнатиб юборгандим.
Герасим яқинлашди; бақувват қўлида, қандай енгил кириб келган бўлса, шундай енгил ва чаққон ҳаракат билан бақувват қўлида уни кўтарди, нариги қўли билан иштонини тўғрилаб, турғазиб қўймоқчи бўлди. Иван Ильич ўзини диванга ўтқазишни сўради. Герасим қийинчиликсиз, гўё эркалатгандек уни опичлаб, диван олдига олиб борди ва ўтқазиб қўйди.
– Раҳмат. Қандай яхши. Ҳаммасини… тез, чаққон бажарасан.
Герасим яна табассум қилди ва кетишга чоғланди. Иван Ильичга у билан бирга бўлиш ёқиб қолаётган эди, қўйиб юборишни хоҳламади.
– Илтимос, анов стулни мен томон сур. Йўқ, мана буни, оёғим тагига. Оёғим юқори бўлса менга ёқаяпти.
Герасим стулни келтириб тақиллатмай қулай ўрнаштирди ва Иван Ильичнинг оёғини кўтариб, устига қўйди; Герасим оёғини юқори кўтарган пайтда Иван Ильичга анча ёқимли туюлгандек бўлди.
– Менга оёғимнинг юқори туриши ёқаяпти, – деди Иван Ильич. – Анов ёстиқни ҳам шу ерга қўй.
Герасим шундай қилди. Яна оёқни кўтариб ёстиқни жойлаштирди. Яна Иван Ильичга Герасимнинг оёғини баланд тутиб туриши ёқди. Оёқни туширганда яна ёмон бўлди.
– Герасим, – деди у хизматкорга, – сен ҳозир бандмисан?
– Ҳеч қандай ишим йўқ, – жаноблар билан гаплашишнинг ҳавосини олган шаҳарликларга ўхшаб жавоб берди Герасим.
– Яна нимадир қилишинг керакми?
– Нима ҳам қилардим? Ҳаммасини бажардим, фақат эртанги кунга ўтин ёриш қолди.
– Оёғимни шундай юқори кўтариб тур, майлими?
– Бажонидил. – Герасим оёқни юқори кўтарди, шундай ҳолатда Иван Ильич оғриқни сезмаётгандек бўлди.
– Ўтин нима бўлади?
– У ёғидан безовта бўлманг. Ҳаммасига улгурамиз.
Иван Ильич Герасимга оёғини ушлаб ёнида ўтиришни буюрди ва хизматкор билан у ёқ-бу ёқдан сўзлаша бошлади. Қизиқ, Герасим оёқни ушлаб турганда оғриқ босилгандек туюлди.
Шундан кейин баъзан Герасимни чақирадиган, оёқни елкасида тутиб туришга қистайдиган бўлди, у билан гаплашиш Иван Ильичга ёқарди. Герасим Иван Ильични аяганидан буларнинг ҳаммасини юракдан чиқариб, тез, чаққон ва жўнгина адо этарди. Бошқа одамларнинг саломатлиги, ҳаётсеварлиги, хушчақчақлиги Иван Ильичнинг ғаразини қўзғарди; фақат Герасимнинг ҳаётсеварлиги ва хушчақчақлиги Иван Ильичнинг ғашини келтирмас, аксинча, тинчлантирарди.
Иван Ильични азоблайдиган, негадир ҳамма томонидан тан олинган ёлғон, бу – у фақат касал, аммо ўлмайди, хотиржам даволанса бўлгани, шунда ҳаммаси изига тушиб кетади деган сафсата эди. У эса яхши билардики, нима қилмасинлар, баттар жон олувчи оғриқ ва охирида ўлимдан бошқа ҳеч нима рўй бермайди. Бу ёлғон уни ёмон қийнарди, шундай қийнардики, бу машъум хулосани ўзлари ҳам билади, у ҳам билади, бироқ тан олишни хоҳлашмасди, боз устига унинг аянчли ҳолати юзасидан яна ёлғон гапириб, унинг ўзини ҳам бу алдовга кўнишга мажбур қилишарди. Паймонаси олдидан уни ўзи ҳақидаги сафсатага ишонтиришлар, меҳмондорчиликлар, пардалар, тушликдаги осётр… – ҳаммасининг давомига унинг ўлимини қўрқинчли тантанадек суқиб киритишга мўлжалланган ёлғон Иван Ильич учун шафқатсиз азоб эди. Ажабки, кўп марта унга ўз қилиқларини намойиш эта бошлаганларида уларга бақириб юборишдан аранг тийиларди: алдашни бас қилинглар, ўлишимни сиз ҳам биласиз, мен ҳам биламан, шундай экан, бас қилинглар, жилла қурса ёлғон гапирманглар. Бироқ ҳеч қачон у бундай гапиришга ботинолмасди. Иван Ильичнинг даҳшатли ва ваҳимали ўлими атрофдагиларга кутилмаган тасодифдек ёқимсиз, ўзи бир умр сазовор бўлган “ёқимтойлик”нинг ажри сифатида кўнгилсиз ёки бирқадар ножўя (худди бир одам меҳмонхонага кириб, ўзидан бадбўй ҳид таратгандек) туюларди; у кўриб турардики, унга ҳеч кимнинг раҳми келмайди, негаки ҳеч ким ҳатто ҳозир ҳам унинг ҳолатини тушунишни хоҳламасди. Фақат Герасим унинг аҳволини тушунди ва юраги ачишди. Негаки Иван Ильичга Герасим билан бирга бўлиш таскин берарди, ёқарди. Герасимнинг баъзан миқ этмай тун бўйи унинг оёғини елкасига қўйганча узлуксиз ўтириши, ҳатто ухлашни ҳам хоҳламай, “Сиз ҳеч ҳам хижолат бўлманг, Иван Ильич, ҳали ухлаб оламан” деб туриши; баъзан кутилмаганда сенсираб, “Сен бетоб бўлсанг, нега хизмат қилмайлик?” деб қўшиб қўйишлари ёқарди. Фақат Герасимгина ёлғон гапирмасди, афтидан, у гап нимадалигини тушуниб етган, кўриниб турибдики, яширишнинг ҳожати йўқ, чўпдек озиб кетган, заиф хўжайинига унинг раҳми келади. Ҳатто бир сафар Иван Ильич уни жўнатиб юбораётганида очиқчасига:
– Бир кун ҳаммамиз ўламиз. Нима учун хизмат қилмаслик керак? – деди у гўё ўлим тўшагидаги одамга хизмат қилаётганидан асло азият чекмаётганини ва вақти келганда ўзига ҳам кимдир шундай хизмат қилишидан умидворлигини таъкидлагандек.
Ёлғон ва унинг асоратларидан ташқари Иван Ильични яна бир нарса қийнарди: уни қадрлашмаётганди, у хоҳлагандек қадрлашмаётганди; муттасил оғриқлардан кейин, баъзи дақиқаларда узоқ ўйларди: уят бўлсаям кимдир уни худди касал боладек ардоқласа, у хоҳлардики, унга худди ёш болаларни эркалатгандек, овунтиргандек муносабатда бўлсалар, уни ҳам эркалатсалар, ўпсалар, бошида кўз ёш тўкиб ўтирсалар. У билардики, ўзи оиланинг эътиборли аъзоси, оқарган соқоли бунга изн бермайди; аммо барибир шундай бўлишини истарди. Герасим билан муносабатларида шунга яқин нимадир бор эди, шунинг учун ҳам Герасим билан муносабат унга таскин берарди. Иван Ильич йиғлашни, боши устида бошқаларнинг ҳам йиғлашини, эркалатишларини хоҳларди-ю, аммо мана, суд аъзоси, даврадоши Шебек келди, унинг йиғлашга, эркалашга сиёқи бор эди, Иван Ильич эса жиддий туриб, салобатли, чуқур ўйга толган қиёфада ва ўрганиб қолганидек дабдаба билан кассацион қарорнинг аҳамияти ҳақида сўз очди ва ўз фикрининг тўғрилигини уқтиришга киришиб кетди. Унинг атрофидаги ва ўзидаги бундай мунофиқлик кейинги пайтда Иван Ильичнинг ҳаётини ҳаммадан кўра кўпроқ заҳарлади.
8
Субҳидам эди. Субҳидам бўлганлиги Герасим кетган ва Пётр-малай келиб, шамларни ўчирган, пардаларни очган ва хонани аста йиғиштиришни бошлаганидан билинди холос. Тонгми, тунми, якшанбами, жумами – ҳеч бири фарқ қилмай қолди, фақат бир дақиқа ҳам тинмай сирқиратадиган, азобли оғриқ; тобора адоғига етиб бораётган, лекин ҳали тугамаган тириклик ҳисси; яқинлашаётган қўрқинчли, шафқатсиз ўлим ва ёлғонлар гирдобигина таъқиб қиларди. Бунақада кунлар, ҳафталар, соатларнинг ҳисоби бўладими?
– Чой буюрадиларми?
“Малайга тартибни сақлаш муҳим, эрталаб жаноблар чой ичсалар бас”, – ўйлади у ва қисқа қилиб:
– Йўқ, – деди.
– Диванга ўтишга қийналмайсизми?
“У хонани тартибга келтириши лозим, мен эса унга халақит бераяпман, мен ивирсиқлик, тартибсизлик келтираман”, – ўйлади Иван Ильич ва деди:
– Йўқ, мени тинч қўй.
Малай яна ғимирлай бошлади. Иван Ильич қўлини чўзгач, Пётр эшилиб яқин келди:
– Нима буюрадилар?
– Соат.
Пётр ёстиқ остида ётган соатни келтириб узатди.
– Тўққиз ярим. Улар туришмадими?
– Йўқ ҳали. Василий Иванович (бу ўғли эди) гимназияга кетдилар, Прасковья Фёдоровна эса агар сиз сўрасангиз, уйғотишимни тайинлагандилар. Буюрадиларми?
– Йўқ, керак эмас. – “Чойдан татиб кўрсам-чи?” – ўйлади у. – Ҳа, чой… келтир.
Пётр ташқарига йўналди. Иван Иьичга ёлғиз қолиш қўрқинчли туюлиб кетди. “Уни қандай тутиб қолиш мумкин? Ҳа, дори”.
– Пётр, менга дорини узат. – “Дори нимага ҳам кор қиларди?” У қошиқни олиб, дорини ичди. “Йўқ, фойдаси йўқ. Бари беҳуда, ёлғон, – оғзида таниш, чучмал, ёқимсиз таъмни туяр экан у шундай хулосага келди. – Йўқ, ишона олмайман. Оғриқ бир нафасга бўлса ҳам тинсайди.” У инграй бошлади. Пётр қайтиб кирди. – Йўқ, бор. Чой келтир.
Пётр кетди. Ёлғиз қолган Иван Ильич яна инграй бошлади, фақат азобли оғриқдан эмас, қайғудан, юрак сиқилишидан инграрди. “Бу адоғи йўқ куну тунлар, бари бир хил. Тезроқ келсайди. Нима тезроқ? Ўлим, зулмат. Йўқ-йўқ. Булар ўлимдан яхшироқ!”
Пётр патнисда чой олиб кирганда Иван Ильич унга бу ким, у нима, дегандек узоқ анграйиб қараб қолди. Пётр бу қарашдан хижолат тортди. У ўнғайсизланиб турар экан, Иван Ильич ҳушига келди.
– Ҳа, – деди у, – чой… яхши, қўй. Фақат ювинишимга ёрдамлашиб юбор ва тоза кўйлак келтир.
Иван Ильич ювинишга тутинди. У тўхтаб-тўхтаб қўли, юзини ювди, тишини тозалади ва сочини тарай бошлади-да, ойнага кўз ташлади. У қўрқиб кетди, айниқса, сочининг ялтираган пешонасига текис тармашиб туриши қўрқинчли туюлди.
Кўйлагини алмаштираётганларида, агар баданига кўзи тушса, яна ҳам қўрқиб кетишини тушунди-да, ўзига қарамади. Мана, ҳаммаси ниҳоясига етди. У халатни кийиб, қалин жун рўмолга ўранди ва чой ичиш учун стол ёнига ўтирди. Шу аснода бирзум ўзини енгил ҳис этди, аммо чой ичишни бошлар экан, яна ўша таъм, яна ўша оғриқ қайтди. У ўзини зўрлаб, чойни охиригача ичди, сўнг оёғини узатиб, чўзилди. Ётди-да, Пётрга рухсат берди.
Яна ўша гап. Баъзан умид учқуни порлаб қолади, баъзан пушаймонлар уммони жунбушга келади, яна ўша оғриқ, яна ўша азоб, ўша қўмсаш ва ҳаммаси бир хил, ўзгармас. У ёлғизликдан азобланиб, кимнидир чақиргиси келади, аммо биладики, ёнида биров ўтирса аҳволи бундан ҳам баттар бўлади. “Балки яна морфин ичиш керакдир, бари эсдан чиқади-ку. Мен унга, дўхтирга айтаман, бошқа бирор нарса ўйлаб топсин. Бундай яшаш мумкин эмас, мумкин эмас”.
Бир-икки соат шундай ўтади. Мана, ташқаридан қўнғироқ товуши эшитилди. Зора, дўхтир бўлса. Ҳа, бу дўхтир, сизни бирор нима чўчитдими, ҳозир ҳаммасини тўғрилаймиз қабилидаги ифодани ниқоб қилиб олган бардам, хушчақчақ, семизгина, қувноқ шифокор. Дўхтир бу ифода мазкур ҳолатга ёпишмаслигини билади, аммо у худди зиёфатга бораётган одам эрталаб зарчопонини елкасига илиб олгандек, бу ниқобни босиб кийиб олган ва уни асло ечмайди.
Дўхтир завқ билан, шошилмай қўлини артади.
– Совқотиб кетдим. Қаттиқ совуқ. Исиниб олсам майлими? – дейди худди у исиниб олиши учун жиндай кутиб туриш лозим, шундан кейин бари изга тушиб кетадигандек оҳангда.
– Хўш, қалайсиз?
Дўхтир Иван Ильичга “Ишлар қалай?” дегиси келади, бироқ у сезадики, бундай деб бўлмайди ва “Тунни қандай ўтказдингиз?” дейди.
Иван Ильич дўхтирга “Наҳотки сен ҳеч ёлғон гапиришдан уялмасанг?” дегандек қарайди. Бироқ дўхтир саволни тушунишни хоҳламайди.
Ва Иван Ильич нолийди:
– Барибир жуда қаттиқ азоб. Оғриқ ўтиб кетмаяпти, йўқолмаяпти. Нимадир бўлганда эди!
– Ҳа, сиз касаллар доим шунақасизлар. Хўш, қарангки, исиниб ҳам олдим, ҳатто инжиққина Прасковья Фёдоровна шу ерда бўлганида ҳам, менинг ҳароратимга эътироз билдиролмасди. Хўш, салом бердик. – Дўхтир қўл олишади.
Ва бирданига олдинги нағмаларини йиғиштириб, жиддий қиёфада беморни кўздан кечиришга тутинади, томир уриши, ҳароратини ўлчайди, изидан дукиллатиш, тинглаб кўришлар бошланади.
Иван Ильич ҳеч шубҳасиз биладики, буларнинг бари хўжакўрсинга, алдов, бироқ дўхтир тиззалаб, энгашганча қулоғини гоҳ юқорига, гоҳ пастга тутиб, маънодор қиёфада унинг устида турли тана машқларини ижро этар экан, Иван Ильич худди бир пайтлар адвокатларнинг нима учун ёлғон гапираётганини билса-да, мафтун бўлиб тинглагандек дўхтирнинг жонҳалак ҳаракатларига маҳлиё бўлиб қолади.
Дўхтир диванга чўккалаб, яна ниманидир дукиллатиб турганида Прасковья Фёдоровнанинг шоҳи кўйлаги шитирлади ва дўхтирнинг келганини билдирмагани учун Пётрга танбеҳ бергани эшитилди.
Аёл ичкарига кирди, эрини ўпди ва бирданига аллақачон уйқудан тургани, фақат англашилмовчилик туфайли дўхтирнинг келганини пайқамай қолганини исботлашга тушиб кетди.
Иван Ильич унга суқ билан қаради, бошдан-охир кўз югуртириб чиқар экан, унинг оппоқ, дўмбоқ, тоза қўлларига, бўйнига, овозидаги жарангга ва кўзида ҳаёт уфуриб турган шуълага ҳасади келиб кетди. У қалбининг бутун қуввати билан хотинидан нафратланар, хотини тегинганида унга нисбатан кўнглида тўлиб-тошган нафратдан эзиларди.
Аёлнинг эрига ва унинг дардига муносабати одатдагидек эди. Худди дўхтир беморларга нисбатан маълум муносабат тарзини жорий қилган ва шундан воз кеча олмаганидек, аёл ҳам бир қолипдаги гапларни билиб олганди – эри айтилган тавсияларга амал қилмайди, ҳаммасига ўзи айбдор ва бу ҳам етмагандай тинмай таъна қилади. Прасковья Фёдоровна эрига шундан бошқача муомалани лойиқ кўрмасди.
– Кўрмайсизми, ҳеч қулоқ солмайди! Дориларни вақтида ичмайди. Боз устига доим оёғини тепага кўтариб ётади, бу, эҳтимол, унга зарардир.
Аёл унинг Герасимни оёғини тутиб туришга қандай мажбур қилишини эринмай ҳикоя қилади.
Дўхтир ёйилиб, беозор кулади: “Нима ҳам қилардик, афсуски бу беморлар шунақа аҳмоқона нарсаларни ўйлаб топишади, чидашдан бошқа илож йўқ; уларни тушунса бўлади”.
Кўрик тугагач, дўхтир соатга қаради ва шу пайт Прасковья Фёдоровна Иван Ильичга маълум қилдики, эри рози бўлсаям, бўлмасаям у таниқли дўхтирни таклиф қилган ва улар Михаил Данилович (одатдаги дўхтирни шундай аташарди) билан биргаликда беморни кўрадилар, маслаҳатлашадилар.
– Сен эътироз билдирма, илтимос. Буни мен ўзим учун қилаяпман, – деди аёл ҳамма нарсани эри учун қилаётгани ва шу боис ҳам Иван Ильич унинг хоҳишига қарши бормаслигини истеҳзоли оҳангда таъкидлаб. Бемор сукут сақлади, пешонаси тиришди. Шу билан атрофини мунофиқлик бутунлай ўраб олганини, бундай муҳитда бирор нарсани тушунишда чалкашиб кетиш мумкинлигини ҳис этди.
Хотини унга нима раво кўраётган бўлса, барини ўзи учун қилар ва Иван Ильичга ўзи учун қилаётганини ақлга сиғмайдиган ҳолдек таъкидлаб, гапининг тескарисини тушунишга ундарди.
Ҳақиқатан, соат ўн икки яримда таниқли дўхтир келди. Яна шу жойда ва бошқа хонада эшитишлар, буйрак ҳамда кўричак ҳақида батафсил суҳбатлар бошланиб кетди ва ҳаёт-мамот масаласи бир ёқда қолиб, савол-жавобларда буйрак ва кўричак масаласи атрофлича муҳокама қилинди, бу аъзолар билан арзимаган ўзгариш бўлиб ўтган, мана энди Михаил Данилович ва таниқли зот ишга киришадилар ва ҳаммаси жойига тушади.
Таниқли дўхтир жиддий, лекин умид уйғотадиган қиёфада хайрлашди. Иван Ильичнинг кўзида қўрқув учқуни ва илинж шуъласи порлаб, тузалишга қанчалик кафолат борлиги ҳақида берган илмоқли саволига у кафолат йўғу, имконият бор, деб жавоб қайтарди. Дўхтирни кузатаётган Иван Ильичнинг нигоҳи шунчалар ғамгин эдики, буни кўриб, таниқли дўхтирнинг хизмат ҳақини бериш учун кабинетдан чиқиб кетаётган Прасковья Фёдоровна йиғлаб юборди.
Умидбахш сўзлари билан дўхтир бағишлаган кайфият узоқ чўзилмади. Яна ўша хона, ўша суратлар, пардалар, гулқоғозлар, шиша идишчалар ва ўзининг оғриётган, жафо чекаётган вужуди. Иван Ильич иҳрай бошлади; унинг томирига дори юбордилар ва у сарҳушликда барини эсидан чиқарди.
У кўзини очганда қоронғи туша бошлаган эди; беморга таом олиб келишди. У шўрвани зўриқиб ичди; яна ўша ҳол, яна тун кириб келди.
Овқатдан кейин соат еттиларда унинг хонасига базмга борадигандек кийинган, дўппайган, таранг тортилган кўкраклар, юзида атир-упа изи билан Прасковья Фёдоровна кирди. У эрталаб театрга боришаётганини эслатганди. Сара Бернар ташриф буюрган ва уларнинг ложага чипталари бор эдики, чипта олишни Иван Ильичнинг ўзи мажбурлаганди. Иван Ильич буни эсидан чиқарганди, хотинининг ҳашами унинг ғашини келтирди. Ғазаби қўзиганини яширди-ю, ўзи ложадан жой олиб, театрга боришни, бу болалар учун тарбиявий эстетик завқланиш бўлишини қаттиқ тайинлаганини эслади.
Прасковья Фёдоровна ўзидан кўнгли тўқ қиёфада, лекин айбдордек бироз қимтиниб ўтирди, гўё сўрашга мажбурдек, ҳеч янгилик бўлмаганини билса-да, эрининг соғлиғини суриштирди ва ўзига керак гапни айта бошлади: унинг боришга хоҳиши йўқроқ, бироқ ложа аллақачон олинган ва Элен, қиз ва Петришев (суд терговчиси, қизнинг қаллиғи) боради, уларни ёлғиз жўнатиш ноқулай. Аслида унга эрига қараб ўтириш ёқади. Фақат усиз дўхтирнинг тавсияларини бажарса бўлгани.
– Ҳа, Фёдор Петрович (куёв) кирмоқчи эди. Мумкинми? Лиза ҳам.
– Майли, киришсин.
Ясанган, яримяланғоч, ёш вужудини кўз-кўз қилиб қизи кирди. Отасига эса айнан вужуди азоб беради. Солланиб қадам босадиган, соғлом, табиийки, севгидан маст, бахтига соя ташловчи касаллик, оғриқ ёки ўлимдан ғазабланадиган нозикниҳол.
Фрак кийиб олган, йўғон, бақувват бўйни маҳкам қисилган оқ ёқада, кўкраги кенг, кучли сонлари узун қора шимда лорсиллаган, бир қўли таранг тортилган қўлқопда, тавозе-ла Фёдор Петрович ҳам кирди.
Уларнинг изидан янги мундирча кийган, қўлқопда, кўзининг ости кўкарган, бунинг маъносини Иван Ильич тушунарди, бечорагина гимназиячи ҳам сездирмайгина бош суқди.
Иван Ильичнинг ўғлига ҳамиша раҳми келарди. Унинг олазарак, оғриқли нигоҳи доим ваҳимали эди. Иван Ильичнинг билишича, Герасимдан ташқари фақат Вася уни тушунар ва қадрига етарди.
Ҳамма ўтирди, яна беморнинг саломатлигини суриштирдилар. Сукунат чўкди. Лиза онасидан дурбинни сўради. Она ва қиз ўртасида уни ким қаерга қўйгани юзасидан можаро чиқди. Жуда ёқимсиз ҳолат.
Фёдор Петрович Иван Ильичдан Сара Бернарни кўрган-кўрмаганини сўради. Иван Ильич бошида ўзидан нимани сўраганларини тушунмади, кейин эса деди:
– Йўқ; сиз аллақачон кўрдингизми?
– Ҳа, “Адриенна Лекуврёр”да .
Прасковья Фёдоровна актрисанинг бир фазилатини мақтади. Қизи эътироз билдирди. Унинг ўйинлари қанчалик нафосатли ва ҳаётий эканлиги ҳақидаги доим бир хилда такрорланадиган суҳбат бошланиб кетди.
Суҳбат асносида Фёдор Петрович Иван Ильичга назар солди-да, жим бўлиб қолди. Бошқалар ҳам қарадилар ва жимиб қолдилар. Иван Ильич ялтираган кўзлари билан қаршисига тикилар, шубҳасиз, улардан ғазабланарди. Бу ҳолатни изга солиш лозим эди, бироқ буни тузатиб бўлмасди. Ўртага чўккан оғир сукунатни бузиш лозим эди. Ҳеч ким бунга журъат этолмасди, бирданига ёлғон фош бўлиб қоладигандек, бари ошкор бўладигандек ҳамма ваҳимага тушди. Биринчи бўлиб Лиза журъат қилди. У сукунатни бузди. Қиз ҳамманинг кўнглидаги гапни яширмоқчи бўлди-ю, аммо сездириб қўйди.
– Айтганча, кетар вақт ҳам бўлди, – деди у бир вақтлар отаси совға қилган соатига қараб ва уларнинг иккисигагина маълум бўлган бир нарса ҳақида йигитга сездириброқ боқиб кулди-да, кўйлагини шитирлатганча ўрнидан турди.
Ҳамма ўрнидан қўзғалди ва хайрлашиб чиқиб кетишди.
Улар туриб кетгач, Иван Ильичга кайфияти яхшидек туюлди: мунофиқлик йўқолди, у ўшалар билан кетди, аммо оғриқ қолди. Яна ўша на оғир, на енгил оғриқ ва ўша қўрқув. Ҳаммаси бирдек ёқимсиз.
Яна дақиқа изидан дақиқа, соат кетидан соат ўта бошлади, ҳаммаси ўша-ўша, охири йўқ, бари муқаррар даҳшатли якун сари бораяпти.
– Ҳа, Герасимни юборинглар, – деб жавоб берди Иван Ильич Пётрнинг саволига.
9
Хотини тун ярмидан оққанда қайтди. У оёқ учида юриб кирди, бироқ буни Иван Ильич эшитди: кўзини очди ва яна шошиб юмиб олди. Аёл Герасимни жўнатиб юбориб, эри билан ўзи ўтирмоқчи бўлди. Эр кўзини очди ва:
– Йўқ, кет. – деди.
– Жуда қийналаяпсанми?
– Нима фарқи бор.
– Афюн ичсанг-чи?
У рози бўлди ва ичди. Аёл кетди.
Соат учларгача ярим беҳуш ҳолатда азоб тортди. Уни аллақандай тор қора халтага мажбурлаб тиқишаётгандек туюлар, лекин сира тиқа олишмасди. Бу ёқимсиз ҳаракат уни зор қақшатиб рўй бераётганди. Бундан ўзи гоҳ қўрқар, гоҳ ичкарига кирмоқчи, оғриқни тўхтатишга ёрдамлашмоқчи бўларди. Бирдан ағдарилиб, қулаб тушгандек бўлди ва кўзини очди. Ҳар доимгидек оёқ учида тинч ва осуда мудраб Герасим ўтирибди. У эса озиб кетган, пайпоқ кийдирилган оёғини унинг елкасига қўйиб ётибди; ўша қалпоқли шам, ўша тиним билмас оғриқ.
– Боравер, Герасим, – пичирлади у.
– Қўяверинг, ўтирибман-да.
– Йўқ, боравер.
У оёғини тушириб ёнбошлаб ётди-ю ўзига раҳми келиб кетди. Герасим қўшни хонага чиқишини сабр билан кутди ва ортиқ чидай олмай, ёш боладек ҳўнграб юборди. У ўзининг чорасизлиги, бедаво дардга чалингани ёлғизлиги, одамларнинг шафқатсизлиги, Худонинг раҳми келмаётгани, шафқат қилмаётганидан ўксиб йиғлади.
“Нечун мени бу кўйга солдинг? Нега мени бу жойга олиб келдинг? Нима учун, нима учун мени бунча қийнайсан?..”
У жавоб кутмай, жавоб йўқлиги, жавоб бўлиши мумкин эмаслиги учун йиғлашда давом этди. Оғриқ яна хуруж қилди, бироқ у қимирламади, ҳеч кимни чақирмади. Ўзича дерди: “Майли, яна уравер! Аммо нима учун? Мен сенга нима қилдим, нега?”
Кейин у жимиб қолди, йиғлашни ҳам, нафас олишни ҳам тўхтатди ва бутун диққат-эътиборини бир нуқтага жамлади: гўё шовқинли овозларга эмас, қалб овозига, ботинида қўзғалган фикрларга қулоқ тутмоқчи бўлди.
– Сенга нима керак? – дастлабки эшитган саволини сўзлар билан шундай ифодаласа бўларди. – Сенга нима керак? Сен нимани хоҳлайсан? – ўзича такрорларди у. – Нимани? – Қийналмасликни. Яшашни, – жавоб берди яна ўзи.
У бор вужуди билан диққатини қайта жамлади, ҳатто оғриқ сезилмай қолди.
– Яшашни? Қандай яшашни? – сўради ичкаридан қалб овози.
– Ҳа, яшашни, олдин қандай бўлса шундай: яхши, кўнгилли яшашни.
– Сен олдин яхши ва кўнгилли яшагансанми? – сўради овоз. У ҳаётининг энг гўзал лаҳзаларини эслашга тиришди. Аммо – ғалати манзара – кўнгилли ҳаётининг у гўзал лаҳзалари энди олдингидек оҳанраболи эмас эди. Болаликнинг илк таассуротларигина бундан мустасно. Ўша манзилда, болаликда ҳақиқатан агар қайта яшаш насиб этса, орзу қиладиган ёқимли нарсалар бор эди. Бироқ у кунларни кечирган одам энди йўқ: улар бошқа биров ҳақидаги хотиралардек бўлиб қолди.
Бугунги кунларга етаклаган ўтмиш воқеалари ҳақида ўйлаганда таассуротлари хиралашиб, унинг учун, Иван Ильич учун қувонч бўлиб туюлган туйғулар кўзида эриб, ажабтовур, аллақандай ярамас тусга кириб борди.
Болаликдан узоқлашиб, шу кунларига яқинлашган сари шодликлар арзимас ва шубҳали туюла бошлади. Бу ҳуқуқшуносликдаги таҳсилдан бошланди. Ҳар ҳолда у жойда чинакам ҳаёт бор эди: хурсандчилик, дўстлик, умид бор эди. Лекин юқори синфларга ўрлай бошлагач, бундай ёқимли лаҳзалар камайиб борди. Кейин губернатор ҳузуридаги дастлабки хизмат асносида ҳам ёқимли лаҳзалар бўлганди: бу хотинига бўлган муҳаббатининг хотиралари эди. Кейин ҳаммаси чалкашиб кетди, кўнгилли онлар камайиб, яхши дамлар борган сари озаяверди.
Кутилмаганда уйланиш… ва кўнгил қолишлар, хотинининг оғзидаги ҳид, ҳиссиётлар, ён беришлар! Бу жон олувчи хизмат, бу пул топиш йўлида куйиб-пишишлар, шу зайлда бир, икки, ўн, йигирма йиллар ўтди – бўлгани шу. Ҳаммаси жонсиз, ўлик. Ўзимни гўё ташвишлардан юқорида юргандек ҳис этиб, аслида ғам-ташвишнинг остида умримни ўтказган эканман. Шундай бўлган экан. Кўпчиликнинг наздида, мансаб-мартабада баланд бўлганман, лекин ҳаёт қуйидан, пастдан ўтиб кетган экан. Мана, оқибати, ўлимга тайёрланавер!
Хўш, бу нима ўзи? Нега? Бўлиши мумкин эмас. Ҳаёт шундай маънисиз, ярамас бўлиши мумкин эмас. Агар у шу тарзда ярамас ва маънисиз бўлса, нима учун ўлиш, қийналиб ўлиш лозим? Нимадир нотўғри.
“Балки мен рисоладагидек яшамагандирман?” – Иван Ильичнинг миясига кутилмаганда шу фикр келди. “Нега, ахир ҳаммасини талаб қилинганича, керагича бажардим-ку?” – у ўзича шундай деди ва шу зумда ҳаёт ва ўлим жумбоғининг ягона ечимини ҳам ўзидан узоқлаштирди.
“Энди нимани хоҳлайсан? Яшашними? Қандай яшашни? Яшаш, худди судда яшагандек, суд амалдори эълон қилади: “Суд келаяпти!..” Суд келаяпти, суд келаяпти, – такрорлади у ичида. – Мана у, суд. Ахир мен айбдор эмасман-ку! – ғазаб билан қичқирди у. – Нима учун?” У йиғлашдан тўхтади ва юзини девор томон ўгириб, фақат бир нарса ҳақида ўйлай бошлади: бунча қийноқларга сабаб нима?
Лекин қанча ўйламасин, саволига жавоб тополмади. Энди хаёлига тез-тез шу фикр келарди: нима рўй бераётган бўлса, ҳаммаси нотўғри яшаганидан; аммо Иван Ильич дарҳол ҳаётининг мутлақо тўғрилигини эсга олиб, ёқимсиз ўйни нари ҳайдарди.
10
Яна икки ҳафта ўтди. Иван Ильич энди дивандан қўзғалмасди. У тўшакда ётишни хоҳламай диванга ўрнашиб олди. Мудом юзини деворга ўгириб ётганча нуқул битта ечими йўқ азобдан қийналар, битта жавоби йўқ савол устида бор вужуди билан бош қотирарди. Ўлим нима? Наҳотки рост бўлса бу ўлим дегани? Ички овоз жавоб берарди: ҳа, рост. Бу қийноқларга сабаб нима? Ўша овоз жавоб берарди: шунчаки, сабаби йўқ. Шундан бошқа ҳеч нима рўй бермасди.
Дардга йўлиқиб, илк марта дўхтирга учраганидан бери Иван Ильич тез-тез ўрин алмашиб турувчи икки қарама-қарши кайфият таъсирида яшарди: бир томондан, тушунарсиз ва қўрқинчли ўлимнинг ваҳимаси ва кутилиши, бу ёқда ўз вужуди фаолиятини кузатишдан умидбахш қизиқиш. Кўз олдида баъзан ўз вазифасини бажармаётган биргина буйрак ва кўричак, баъзан эса ҳеч қачон қутулиб бўлмайдиган тушунарсиз ўлим шарпаси турарди.
Бу икки кайфият касалликнинг бошланишида бир-бири билан алмашиб турарди; дард узоқ давом этгач эса буйракнинг тузалиши ҳақидаги умид шубҳали ва хаёлий туюла бошлади ва кутилаётган ўлим таҳдиди кучайди.
Иван Ильич ўзича бундан уч ой олдинги ҳолатини эслашга ва уни ҳозирги вазият билан чоғиштиришга уриниб кўрди; барча умидлар чилпарчин бўлиши учун тоғнинг тагига энгандек ҳалокат сари бир текис кетган экан.
Кейинги пайтларда бу ёлғизликда, диван суянчиғига юзини босиб ётиб ўзи ҳис этган ёлғизликда, кўплаб танишлари, бор тумонат шаҳардаги ёлғизликда, на денгиз тубида, на ер юзида тенги йўқ мутлақ ёғизликда – кейинги пайтлардаги ана шундай танҳоликда Иван Ильич фақат ўтмиш хотираларини тиклаб яшай бошлади. Унинг кечмиши манзаралари навбати билан намоён бўлаверди. Яқин лаҳзаларнинг таассуротлари тобора узоқлашиб борар ва охири болаликда тўхтарди. Иван Ильич ўзига олхўри мураббосидан ейишни таклиф қилганлари ҳақида ўйласа, болаликдаги бурушган, хом француз олхўрисининг ўзига хос таъми, оғзи тўла сўлак билан уни данагигача кемираётганлари эсига тушиб кетар, шу хотиралар қаторида бошқалари ҳам уйғонарди: энага, ака, ўйинчоқлар… “Булар ҳақида ўйлаш шарт эмас, жуда оғриқли”, – дерди Иван Ильич ўзига ва бугунги кунларга қайтарди. Диван суянчиғидаги тугма ва сахтиён теридаги излар. “Тери қиммат, лекин сифатсиз; шундан ҳам жанжал чиққанди. Биз отамизнинг сумкасини йиртиб қўйганимизда бошқа тери эди, жанжал ҳам бошқача, кейин жазолашганди, онам эса бизларга бўғирсоқ берувди”. Яна хаёл болаликка кўчар ва яна Иван Ильичга ёқимсиз туюлиб, буларни нари ҳайдаб бошқа нарсалар ҳақида ўйлашга уринарди.
Яна ўша ҳол, бу хотираларни эслаш жараёнида бошқа хотиралар ҳам хаёлни эгалларди: касаллиги қандай зўрайди ва қандай оғирлашиб борди? Ўтмиш ҳақида ўйлар қанча узоққа кетса, ҳаёт таъми шунча кучаярди. Бурунги ҳаётда эзгулик кўп эди, ҳаётнинг ўзи ҳам, унинг қадри ҳам баланд эди. Кейин ҳамма ўйлари қоришиб кетарди. “Қийноқ қанча зўрайса, ҳаёт ҳам шунча ёмон ўтади”, – ўйларди у. Ортда, ҳаётнинг бошланишида фақат битта ёруғ нуқта, кейин эса ҳаммаси қоп-қора, ҳаммаси шувиллаб ўтади. “Ўлимгача бўлган оралиққа тескари мутаносибликда”, – ўйлади Иван Ильич. Тобора шитоб билан пастга қулаётган тош кўз олдига келди-ю, қалби ўртанди. Азоби ортиб бораётган ҳаёт интиҳога, даҳшатли қабоҳат сари елдек учиб борарди. “Мен учаяпман…” У титради, қимирлади, қаршилик қилмоқчи бўлди; бироқ қарши туриш мумкин эмаслигини англаб етди ва яна рўпарасида турган, қарамаса бўлмайдиган борлиққа тикилишлардан чарчаб, кўз қирини диваннинг суянчиғига қадади ва кута бошлади, ўша қўрқинчли қулаш, силкиниш ва вайрон бўлишни кута бошлади. “Қарши туриш мумкин эмас, – деди ўзича. – Ҳеч бўлмаса, нима учун мумкин эмаслигини тушуниш керак. Бу ҳам мумкин эмас. Агар мен рисоладагидай яшамаганимни тан олсам, тушунса бўлади-ку. Лекин буни энди тан олишнинг сира иложи йўқ”, – деди ўзича ҳаётининг бутун қонунийлиги, тўғрилиги, маъқуллигини хотирлаб. “Бунга йўл қўйиб бўлмайди, – деди у биров кўриб, алданиб қоладигандек лабларини қимтиб илжайганча. – Изоҳ йўқ! Қийноқ, ўлим… Нима учун?”
11
Шу алпозда яна икки ҳафта ўтди. Бу вақт ичида Иван Ильич ва хотини кўпдан кутган воқеа содир бўлди: Петришев урф-одат бўйича ниятини билдирди. Бу кечки пайт рўй берди. Эртаси куни Прасковья Фёдоровна Фёдор Петровичнинг таклифини эрига қандай маълум қилишни обдан ўйлаганча унинг ҳузурига кирди, бироқ шу кеча Иван Ильичнинг аҳволи руҳияти жуда ёмонлашди. Прасковья Фёдоровна уни ўша диванда, фақат бошқа ҳолатда учратди. У чалқанча ётар, инқиллар ва қотиб қолган нигоҳини тўғрига қадаб турарди.
Аёл дорилардан гап бошлаганда бемор нигоҳини унга қаратди. У гапини тугатишга улгурмади: бу нигоҳда туганмас ғазаб акс этиб турарди.
– Исо ҳаққи, тинчгина жон таслим қилишимга изн бер, – деди у.
Аёл чиқиб кетмоқчи эди, шу зум қизи кирди-да, ҳол-аҳвол сўрашга тутинди. Иван Ильич қизига ҳам хотинига боққан нигоҳ билан тикилди, соғлиғи ҳақидаги саволга қуруққина жавоб бериб, яқинда ҳаммаларининг ундан қутулишини билдирди. Иккаласи ҳам жимиб қолишди, бироз ўтирган бўлиб, сўнг зумда чиқиб кетишди.
– Бизнинг айбимиз нима? – деди Лиза онасига. – Худди биз уни касал қилгандек. Тўғри, унга раҳмим келади, лекин нега бизни қийнайди?
Одатдаги вақтда дўхтир келди. Иван Ильич қаҳрли нигоҳини ундан узмай, қисқа-қисқа “ҳа, йўқ” деб жавоб қайтарди ва охирида деди:
– Ҳеч қандай ёрдам беролмаслигингизни биласиз-ку, шундай экан мени тинч қўйинг.
– Оғриқни енгиллаштиришимиз мумкин.
– Буни ҳам эплолмайсиз; тинч қўйинг дедим-ку сизга.
Дўхтир меҳмонхонага чиқди ва Прасковья Фёдоровнага маълум қилдики, аҳвол жуда танг, фақат битта йўли бор – афюн, у қўзғалаётган мислсиз оғриқни босади.
Дўхтир унинг жисмидаги оғриқ кучли, деб тўғри айтди. Бироқ баданининг зирқирашидан ҳам кўра кўпроқ унга қалб туғёни азоб берарди. Иван Ильичнинг маънавий азобланиши шундан иборат эдики, кеча мудраб ўтирган Герасимнинг беғубор, лўмбиллаган юзига тикилиб туриб, миясига бир фикр келди: ростдан ҳам бутун ҳаётим, онгли ҳаётим “ҳалигидай” ўтган бўлса-я?
Унинг миясига авваллари мутлақо имконсиздек туюлган шубҳа оралади: у яшаб ўтган ҳаёт ўзи рисоладагидай деб ўйлаган даражадан бошқача кечган кўринади. Миясига шундай савол келди: ўзидан юқори турган одамлар томонидан маъқул ҳисобланган мавжуд ҳолатларга қарши кураш борасидаги бироз кўзга ташланган ниятлари, дарҳол хаёлидан ҳайдаган ўша ниятларгина чин, бошқа ҳаммаси рўё бўлган эса-чи? Унинг хизмати, ҳаёт тарзи, оиласи, жамоаси ва манфаатлари – бари сохта бўлиши мумкин эди. У ўзининг ўтмишини ҳимоя қилишга уринди-ю, бирданига ўзи муҳофаза қилаётган борлиқ қаршисида ожизлигини сезди. Ҳимоя қилинадиган ҳеч нарса йўқ эди.
“Агар шундай бўлса, – деди у ўзича, – мен ўзимга берилган барча нарсани вайрон қилдим ва улар энди қайта тикланмайди, деган тушунча билан дунёни тарк этаётган бўлсам, буёғи қандоқ кечади?” Иван Ильич чалқанча ётиб олди ва бутун ҳаётини янгидан тафтиш қила бошлади. У эрталаб малайни, кейин хотинини, сўнг қизини, охирида дўхтирни кўрганда, уларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи тунда аён бўлган машъум ҳақиқатни тасдиқлади. Уларнинг қиёфасида Иван Ильич ўзини, яшаш тарзини илғади ва буларнинг ҳаммаси ҳаёт ва ўлимни беркитиб турувчи даҳшатли, улкан ёлғон эканини аниқ кўрди. Бу туйғу кучайиб, унинг жисмоний қийноқларини ўн баравар оширди. У хириллаб, кийимларини йириб ирғита бошлади. Унга нафаси қисилиб бораётгандек, кийимлари бўғаётгандек туюлди.
Унга кўп миқдорда афюн бердилар, у гум-гурс ўчди; бироқ чошгоҳга бориб яна шу қайталанди. Иван Ильич ҳаммани атрофидан қувиб солди ва у жойдан бу жойга ирғий бошлади.
Хотини кириб ялинди:
– Жан, азизим, мен учун шунга рози бўл (мен учун?). Бу зарар қилмайди, фойдаси кўпроқ тегади. Нима қилибди, ҳеч нарса эмас. Соғлом одамлар ҳам тез-тез…
Иван Ильич кўзларини катта очди.
– Нима? Тавба-тазарру келтириш? Нима учун? Керак эмас. Ҳа, майли…
Аёл йиғлаб юборди.
– Ҳа, азиз дўстгинам. Мен ўзимизникини чақиртираман, у жуда беозор.
– Ажойиб, жуда соз, – ғудранди Иван Ильич.
Руҳоний келиб, унинг учун илоҳий каломлардан ўқигач, у юмшади, ўзининг шубҳаларидан қутулиб, енгил тортгандек бўлди ва бу тажангликдан сўнг унда оний умид уйғонди. У қайтадан кўричак ва уни даволаш ҳақида ўйлаб кетди ва кўзида ёш билан тазарру қилди.
Ибодатдан кейин уни ётқизиб қўйганларида, бир дақиқа енгил тортди ва яна дилида яшашга умид уйғонди. У таклиф қилинган жарроҳлик амалиёти юзасидан фикр юритди. “Яшашни, яшашни хоҳлайман”, – ўзича гапирди. Ҳол сўрагани хотини кирди; одатдаги гапларни айтди ва охирида қўшимча қилди:
– Аҳволинг анча тузук-а, шундай эмасми?
У хотинига қиё боқмай “ҳа” деб қўя қолди.
Аёлнинг кийими, туриши, юз ифодаси, овози – бари унга бир нарсани англатарди: “Ҳаммаси ёлғон. Сен яшаган ва яшаётган ҳаёт кўзбўямачилик, мунофиқлик, ўзингдан ҳаёт ва ўлимни пана қилишдан иборат”. У шуни ўйлар экан, хотинига нафрати қўзиди ва нафрат билан бирга жон олувчи жисмоний оғриқ ҳамда руҳиятида чорасизлик, яқинлашиб келаётган интиҳо хаёли гавдаланди. Янгидан нимадир рўй берди: бураб, чатнаб оғриш, нафас сиқиши…
У “ҳа” деганда юзи қўрқинчли буришиб кетди. “Ҳа” дея туриб, хотинининг афтига тик қаради-ю, ўз заифлигига ярашмаган чаққон ҳаракат билан юзтубан ағнаб бақириб юборди:
– Кетинглар, кетинглар, мени тинч қўйинглар!
12
Шу дақиқадан бошлаб уч кун давом этган, ваҳимали, икки эшик ортидан ҳам ваҳимаси тешиб юборадиган чинқириқ бошланди. Хотинига жавоб қайтарган ўша дақиқада у маҳв бўлганини тушунган эди, энди қайтиш йўқ, қазо яқин, ҳаммаси тугаган, ҳаммасининг ёлғонлиги ҳақидаги шубҳа эса шубҳалигича қолган.
– В-у-у-уй! – қичқирарди Иван Ильич турли оҳангларда. Кейин яна қичқира бошларди: “Истамайман! В-у-у-уй!” – ва шу тарзда увлаб қичқираверарди.
Унинг учун вақт ўлчови тугаган шу уч кунда жонини охиригача сўриб олган кўзга кўринмас қора халта ичида типирчилади. У худди жаллоднинг қўлидан юлқиниб чиқмоқчи бўлган маҳкумдек чиранарди; ҳар дақиқада жон-жаҳди билан курашмасин, уни даҳшатга солган ўша машъум палла яқинлашаётганини сезиб турарди. У бутун азоб қора халтага тобора сўрилиб боришда эканини ҳис қилар, аммо бундан қутулиш чораси йўқ эди. Қутулишга ҳаёти яхши ўтгани ҳақидаги иқрори халақит берарди. Ўз ҳаётини оқлаши уни занжир каби чирмаб олганди ва олға юришга қўймасди.
Бирданига қандайдир куч унинг кўкрагига, биқинига урилгандек бўлди, нафаси баттар қисилди, у аллақандай ўра тубига қулаб тушди ва ўша ёқдан аллақандай шуъла кўринди. У билан темирйўл вагонидаги бир ҳолат рўй бераётганди, олдинга кетаяпман, деб ўйлайсан-у, аслида орқага кетаётган бўласан ва бирданига асл йўналишни билиб қоласан.
– Ҳа, бари нотўғри бўлди, – деди ўзича, – ҳечқиси йўқ. Аслида “тўғри” қанақа бўларкан? – ўзидан сўради ва бирданига жимиб қолди.
Бу учинчи куннинг охирида, жони узилишидан бир соат олдинги ҳолат эди. Айнан шу паллада гимназиячи астагина отасининг ҳузурига писиб кирган ва унга яқин борганди. Жон берувчи тинмай бақирар ва қўлини силкирди. Қўл гимназиячининг бошига тегиб кетди. Гимназиячи қўлни ушлаб олди, лабларини унга босди ва йиғлаб юборди.
Айни шу пайтда Иван Ильич ўрага қулаб, шуълага кўзи тушган ва ҳаёти нотўғри кечганини, аммо уни ҳали ҳам тўғрилаш мумкинлигини ўйлаганди. У ўзидан: “Тўғри ҳаёт қанақа?” деб сўради ва букчайганча жимиб қолди. Шунда у қўлини кимдир ўпаётганини сезди. Кўзини очиб, ўғлига разм солди. Болага раҳми келди. Хотини унга яқинлашди. У аёлга тикилди. Аёл анграйиб, бурни ва бўйнига оққан кўз ёшларини артмай, аламзада назар билан унга қараб турарди. Унинг хотинига раҳми келди.
“Ҳа, мен уларни қийнаяпман, – ўйлади у. – Уларга оғир, бироқ мен ўлсам, уларга яхши бўлади”. У шу сўзларни айтмоқчи бўлди, аммо гапиришга кучи етмади. “Гапиришдан нима фойда, амалга ошириш керак”, – ўйлади у. Кейин нигоҳи билан хотинига ўғлини кўрсатди ва деди:
– Қара… афсус… сен ҳам… – У “кечир” демоқчи эди, “кеч” дея олди холос, хатони тўғрилашга мажоли етмади, кимга керак бўлса, ўзи тўғрилаб олади, дегандек қўл силтади.
Шу пайт Иван Ильични қийнаб, ичидан чиқмаётган азоб икки томондан, ўн томондан, ҳамма томондан отилиб чиқа бошлади. Уларга шафқат қилиш лозим, шундай қилиш керакки, улар азоб чекишмасин. Бу қийноқлардан ўзини ва уларни халос этиш лозим. “Қандай яхши ва қанчалик оддий, – ўйлади у. – Оғриқ-чи? – сўради ўзидан. – У қаерга кетди, қаердасан, ҳой, оғриқ?”
У қулоқ тута бошлади.
“Ҳа, мана у. Нима бўпти, майли, оғрийверсин”.
“Ўлим-чи? У қаерда?”
У ўзининг қадрдон бўлиб қолган ўлим қўрқувини излади ва уни топа олмади. У қаерда? Қанақа ўлим? Ҳеч қандай қўрқув йўқ эди, негаки ўлимнинг ўзи йўқ эди.
Ўлим ўрнида шуъла бор эди.
– Шунақа бўларкан-да! – кутилмаганда овоз чиқариб гапирди у. – Қандай яхши!
Унинг учун ҳаммаси бир дақиқада рўй берди ва бу дақиқанинг моҳияти ўзгармай қолди. Тепасида турганлар кўзи олдида эса унинг ўлим талвасаси яна икки соат давом этди. Иван Ильичнинг кўксида нимадир ғариллади; шарти кетиб, парти қолган гавдаси қалтиради. Кейин ғариллаш ва хирқираш камайиб борди.
– Тамом! – деди кимдир боши устида.
Бу сўзни у эшитди ва қалбида такрорлади: “Ўлим тамом бўлди, у энди йўқ”.
У ичига ҳаво ютди, ютганини нафасининг ярмида тўхтатди, узанди ва омонатини топширди.
Рус тилидан Ҳаким Сатторий таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон