Бернард Шоу. Пигмалион (5 саҳнадан иборат роман-пьеса)

Биринчи cаҳна

Ковент боғи, соат кечки 11-15. Ёзнинг шиддатли шаррос ёмғири. Ҳар тарафдан машиналарнинг овози эшитилиб турибди. Аллақачон одамлар билан тўла авлиё Паул черкови айвони тагига ва бозорга томон йўловчилар пана жой истаб югуришмоқда. Улар орасида тунги либосдаги бир аёл ва унинг қизи ҳам бор. Улар ёмғирга маъюс тикилиб турарди. Тескари ўгирилиб олиб, бутун фикру зикри кундалик ёзиш билан банд бўлган бир киши бундан мустасно.
Черков соати 11 нинг биринчи чорагига бонг уради.
Қиз (ўртада, устунлар орасидаги очиқ жойда, чап томонга яқин). Чидаб бўлмас даражада совқотиб кетяпман. Фредди шунча вақт нима қилиб юрган бўлиши мумкин? Унинг кетганига йигирма дақиқа бўлди.
Она (қизнинг ўнг томонида). Унчалик кўп эмас-ку. Аммо шу пайтгача биронта такси ушлаган бўлсин-да.
Нотаниш киши (аёлнинг ўнг томонида). Одамлар уйларига тарқаб кетмагунича, яъни соат ўн бир яримгача ўғлингиз бирон такси ушлай олмайди.
Она. Лекин бизга такси керак. Биз бу ерда ўн бир яримгача туролмаймиз. Жуда кеч бўлди.
Нотаниш киши. Ҳа, лекин бунга мен айбдор эмасман-ку, хоним.
Қиз. Агар Фреддида заррача ақл бўлганда эди, театр эшиги олдидан бўлса ҳам, бирортасини ушлаган бўлар эди.
Она. Бечора боланинг қўлидан нима ҳам келарди?
Қиз. Бошқалар такси ушлабди-ку, нега у эплолмайди?

Фредди ёмғирда Саутгемптон кўчасидан югуриб келади ва сув томчилаётган соябонни тутганча улар орасига суқилади. У йигирма ёшлардаги ёш йигит, кечки кийимда, ёноқлари жиққа ҳўл.

Қиз. Хўш, бирорта такси ушладингми?
Фредди. Худо ҳақи, ҳеч қаерда йўқ.
Она. Бўлиши керак эди. Сен яхшилаб қидирмагансан.
Қиз. Жудаям қийин! Сен ўзимиз бориб қидириб кўришимизга умид қиляпсанми?
Фредди. Мен сизларга ҳаммаси банд деяпман-ку. Ёмғир ҳеч ким кутмаган пайтда бошланди ва ҳамма такси ушлашга ҳаракат қила бошлади. Мен Черинг Кроссдан Ладгеит паркигача бордим, барчаси эгалланган.
Она. Трафалгар майдонига ўтдингми?
Фредди. Ҳа. Трафалгар майдонида ҳам биронта такси йўқ экан.
Қиз. Бордингми?
Фредди. Мен Черинг Кросс бекатигача бориб келдим. Мени Гаммерсмитга пиёда боради деб ўйлаганмидинг?
Қиз. Сен яхшилаб қидириб кўрмагансан.
Она. Сен чиндан ачинарли аҳволдасан, Фредди. Яна бор ва биронта такси топмагунингча қайтиб келма.
Фредди. О, жуда яхши: кетяпман, кетяпман! (У соябонини очади ва Страндга томон шиддат билан юради, аммо саватини қўлига олиб, пана жой топишга шошилаётган гулчи қизга тўқнашиб кетади. Чақмоқ чақнаб, момақалдироқнинг гумбурлаши бу манзарага ўзгача тус беради).
Гулчи қиз. Э, Фредди, кўзингга қарасанг бўлмайдими?
Фредди. Узр. (У югуриб кетади).
Гулчи қиз (сочилиб ётган гулларини йиғиб, саватга солаётиб). Барчаси расво бўлди, бинафшалар лой бўлиб кетди-я. (У гулларини саралаб, устуннинг пастки қисмига, аёлнинг ўнг томонига ўтиради. У айтарли жозибали эмас, ёши ўн саккиз ёки йигирмалар атрофида, балки ундан ҳам каттароқдир. У бутун Лондоннинг чанги ва дудини ўзига олиб унниқиб қолган, қора похолдан қилинган кичкина денгизчилар шляпасини кийиб олган. Кўринишидан шляпанинг бирор марта тозаланганига шубҳа қилиш мумкин. Сочлари ювилмагани боис табиий жилосини йўқотган. Тиззасига тушадиган оч қора рангли пальтоси белини маҳкам қисиб турибди. Пальто ичидан жигарранг юбка кийиб, дағал фартук таққан, этиклари эса кийишга яроқсиз ҳолга келган эди. Унинг имкон даражасида озода эканига шубҳа йўқ, аммо атрофдаги аёллар билан таққослаганда, жуда жулдурвоқилиги билиниб турибди. Кўриниши уларга нисбатан ёмон эмас, лекин тиш шифокорига бориши керак).
Она. Ўғлимнинг исми Фредди эканини қаердан биласан, қизим?
Гулчи қиз. О, у сизнинг ўғлингиз, шундайми? Мен у ҳақида ҳеч нарса билмайман. Аммо, фикримча, уни жуда яхши тарбиялабсиз, қани, энди марҳамат қилиб гулларнинг ҳақини тўлаб қўясизми?
Қиз. Бундай қилманг, ойи.
Она. Илтимос, мени ўз ҳолимга қўй, Клара. Сенда озроқ майда борми?
Қиз. Менда олти пенсдан ортиқ майда пул йўқ.
Гулчи қиз (умид билан). Мен сизга қайтим қайтараман, яхши қиз.
Она (Кларага). Менга бер. (Клара хоҳламайгина пулни чиқаради). Мана (қизга) бу гулларингиз учун.
Гулчи қиз. Раҳмат, катта раҳмат, хоним.
Қиз. Ундан қайтимини олинг. Бундай гулларнинг бир боғи бир пенни туради, холос.
Она. Тилингни тий, Клара. (Гулчи қизга) Қайтимини олиб қолавер.
Гулчи қиз. О, раҳмат, хоним.
Она. Энди менга у ёш йигитнинг исмини қаердан билишингни айт-чи?
Гулчи қиз. Мен унинг исмини билмасдим.
Она. Уни шундай чақирганингни ўзим эшитдим-ку. Мени алдайман деб овора бўлма.
Гулчи қиз (норози оҳангда). Ким сизни алдамоқчи? Мен уни Чарли ёки Фредди деб чақирдим. Сиз ҳам нотаниш одам билан суҳбатлашаётганда, ноқулай вазиятга тушмаслик учун шундай йўл тутишингиз мумкин, албатта. (У савати ёнига ўтиради).
Қиз. Олти пенс бекорга учди-кетди. Ҳақиқатан, ойи, сиз шу йўсинда фаҳмлаб олсангиз ҳам бўларди. (У жаҳли чиққанча устуннинг орқасига ўтиб кетади).

Катта ёшли, истараси иссиқ бир ҳарбий пана жой учун югуриб келади ва сув томчилаётган соябонини ёпади. У ҳам Фреддига ўхшаб мушкул аҳволда бўлиб, тўпиғигача шилта ҳўл. Кечки оч ранг пальтода. У сал аввал ўша қиз турган жойга келиб тўхтайди.

Жентльмен. Апчу!
Она (Жентльменга). О, жаноб, ёмғир тўхташидан бирон дарак борми?
Жентльмен. Афсуски, йўқ. Йигирма дақиқа олдин бунчалик кучли эмасди. (У гулчи қизнинг ёнидаги пойдеворга боради, оёғини унинг устига қўйиб, шимининг почасини тушириш учун эгилади).
Она. Оҳ, азизим, шундай денг. (У хафа бўлгандек қизнинг олдига боради).
Гулчи қиз (ҳарбий Жентльменнинг яқин турганидан фойдаланиб, у билан дўстона муносабатга киришишга интилади). Қанча ёмғир кучайса, ишонаверинг, тезроқ тўхтайди. Бечора қиздан гул сотиб олиб, кўнглингизни кўтаринг, капитан.
Жентльмен. Узр, менда майда пул йўқ.
Гулчи қиз. Мен сизга майдалаб бераман, капитан.
Жентльмен. Соверенни ҳамми? Менда бошқа йўқ.
Гулчи қиз. Уфф! Сотиб олақолинг энди, капитан. Мен сизга икки кронани ҳам майдалаб бераман. Мана буларни икки пенсга олинг.
Жентльмен. Кўп ташвишланма, назаримда, яхши қизга ўхшайсан. (Чўнтагини титиб) Менда чиндан ҳам майда пул йўқ. Шошма-чи, бу ерда уч ярим пенс бор экан, агар буни бирон фойдаси бўлса, олгин. (У бошқа устунга қараб кетади).
Гулчи қиз (бироз руҳи тушиб, аммо ҳеч вақосиз қолгандан кўра уч ярим пенс яхшироқ эканини ўйлаб). Раҳмат, жаноб.

Иккинчи саҳна

Кейинги кун кундузги соат 11. Уимпол кўчасидаги Ҳиггинснинг лабараторияси. Хона иккинчи қаватда, кўчага қараган, қабулхона вазифасини бажаради. Орқа залнинг ўртасида икки табақали эшик, кирган одам хонанинг ўнг бурчагида жойлашган иккита баланд ҳужжат жавонларига кўзи тушади. Бир бурчакда текис ёзув столи, устида фонограф, ларингоскоп, бир қатор майда босқонлар билан трубкалар, деворда қувур орқали ўрнатилган газ трубкасининг ёпқичлари билан олов ёндириш учун дудбурон жойи тахминан одам боши ярмича келадиган Камертон вокал орган қисмлари ва фонографга мўлжалланган мумли цилиндрлар билан тўла қути ўрин олган.
Хонанинг ўша томонида қуйироқда камин, унинг эшикка яқин пол қисмида қулайгина енгил стулча билан кўмир соладиган пақирча турибди. Камин токчасида соат чиқиллайди. Камин ва фонограф столи ўртасида газеталар учун пештахта мавжуд. Марказий эшикнинг бошқа томонида, кириб келган кишига чап томондан ингичка тортмалардан иборат шкафча кўринади. Унинг устида телефон ва телефон рақамлари каталоги ётибди. Нариги тарафдаги бурчак ва деворнинг кўп қисмини эшикдан узоқроқда жойлашган клавиатураси билан катта пианино эгаллаган ва клавиатуранинг узунлиги билан тенг скамейка бор. Пианино устида балиқдан таом, мевалар, ширинликлар ва шоколадлар уюми турибди.
Хонанинг ўртасида ҳеч нарса йўқ. Енгил стулча, пианино скамейкаси ва фонограф столи ёнидаги иккита стулчадан ташқари битта алоҳида стулча ҳам бор. У камин яқинида турибди. Деворлар нақшланган, Пиранези ва меззонит услубида ишланган. Ҳеч қандай сурат солинмаган.
Ҳиггинс (охирги тортмани ёпгач). Ҳа, ўйлашимча, ҳаммаси шу, холос.
Пикеринг. Дарҳақиқат, қизиқ. Биласизми, бунинг ярмини ҳам қабул қилолмасдим.
Ҳиггинс. Яна бирортасини такрорлаб кўрарсиз?
Пикеринг (каминга яқинлашиб, оловга орқа томони билан туради). Йўқ, раҳмат. Мен бугунга етарли деб ҳисоблайман.
Ҳиггинс (унинг орқасидан бориб, чап томони билан ёнида туриб). Товушларни эшитишдан чарчадингизми?
Пикеринг. Ҳа. Бу кўп куч талаб қиладиган вазифа. Мен йигирма тўртта унли товушни аниқ талаффуз қилоламан деб ўйлардим, лекин сизнинг бир юз ўттиз унлингиз ортиқчалик қилади. Мен уларнинг кўпчилиги орасида бироз бўлса-да, фарқ кўрмаяпман.
Ҳиггинс (табассум қилади ва ширинлик ейиш учун пианино томонга юради). Оҳ, бу машқ натижасида юзага келади. Дастлаб сиз фарқлолмайсиз; лекин тинглашда давом этинг ва тезда улар орасида “А” билан “Б” каби фарқ борлигини топасиз. (Ҳиггинснинг уй хизматкори Миссис Пирс киради.) Нима бўлди?
Миссис Пирс (иккиланиб, гангиган ҳолатда). Жаноб, бир ёш хоним сизни кўрмоқчи.
Ҳиггинс. Ёш хоним? Унга нима керак экан?
Миссис Пирс. Жаноб, унинг айтишича, сиз нима масалада келганини эшитгач, хурсанд бўлар экансиз. У жудаям оддий қиз. Чиндан ҳам жуда оддий. Мен уни ҳайдаб юборишим керак эди. Лекин балки сиз ўз тажрибаларингиз учун у билан гаплашиб кўришингиз керакдир, деб ўйладим. Нотўғри иш қилмадим деб умид қиламан, лекин, ҳақиқатанам, сиз шунақа ғалатироқ одамларни қабул қиласиз-ку…
Ҳиггинс. Ҳаммаси жойида, миссис Пирс. Унинг талаффузи ғалатими?
Миссис Пирс. Ҳа, жаноб, ростдан ҳам қандайдир қўпол эшитилади. Билмайман, қандай қилиб бунга қизиқиб қолгансиз?
Ҳиггинс (Пикерингга). Уни бир кўринг. Қизни чорланг, миссис Пирс. (У иш столига боради ва битта цилиндрни фонографга фойдаланиш учун танлаб олади).
Миссис Пирс (ярим юмшоқлик билан). Яхши, жаноб. Айтганингиздек қиламан.
Ҳиггинс. Буям бир омад. Мен сизга қандай қилиб тасмага ёзиб олишни кўрсатаман. Биз унинг суҳбатини ёзиб оламиз, дастлаб Белл аниқ нутқидан фойдаланамиз, кейин фонографда гапиртирамиз. Сиз бунда ёзма транскрипцияни ҳам ифодалашингиз мумкин.
Миссис Пирс (қайтиб келиб). Бу ўша ёш хоним, жаноб.

Шу пайт гулчи қиз киради. У тўқ сариқ, оч кўк ва қизил рангли туяқуш патлари билан безатилган шляпа кийган. У озода фартук таққан, эски пальтоси эса бироз тозаланган. Қизнинг қоматини кеккайганча ва менсимаслик билан тутиши миссис Пирс олдида ўзини саранжом қилиб олган Пикерингга таъсир қилди. Лекин Ҳиггинс аёллар ва эркаклар ўртасидаги вазиятда на бир қўрқувга тушади ва на худога ёлворади, у аёлларга худди болаларни алдаб бирор нимани билиб олмоқчи бўлгандек муомала қилади.

Ҳиггинс (қўполлик билан, ёқтирмаганини яширмай, болаларча жиғибийрони чиқиб). Ахир, бу мен ўтган куни кечқурун гаплашган қиз-ку? Менга унинг кераги йўқ. Мен Лиссон Гров нутқидан хоҳлаганимча кассеталарга ёзиб бўлганман ва бу ишга ортиқча цилиндр сарфлаш ниятим йўқ. (Қизга) Кетинг! Менга керак эмассиз.
Гулчи қиз. Бунчалик қизишманг. Сиз ҳали нима учун келганимни эшитганингиз йўқ. (Сўнгги буйруқни эшик олдида кутаётган миссис Пирсга) Унга таксида келганимни айтдингизми?
Миссис Пирс. Бемаънилик бу, яхши қиз. Мистер Ҳиггинсдай одам сиз нимада келганингизга қизиқади деб ўйлайсизми?
Гулчи қиз. Биз мағрур одамлармиз. У дарс бергиси йўқ. Мен унинг шундай деганини эшитдим. Хуллас, мен бу ерга мақтов эшитиш учун келганим йўқ ва агар пулим етарли бўлмаса, мен бошқа жойга кетишим мумкин.
Ҳиггинс. Нимага етарли?
Гулчи қиз. Сиз учун етарли бўлмаса. Тушундингиз деган умиддаман. Мен дарс олгани келдим, пулини бекаму кўст тўлайман.
Ҳиггинс (чуқур уҳ тортиб). Яхши! Мен нимадир дейишимни хоҳлайсанми?
Гулчи қиз. Агар чинакам жентльмен бўлганингизда, аввало, ўтиришни таклиф қилардингиз. Сизга ташвиш келтирмаяпманми?
Пикеринг (ўта хушмуомалалик билан). Ўтирмайсизми?
Гулчи қиз (тортиниб). Ўтирсам қаршимасмисиз? (У ўтиради, Пикеринг яна камин ёнига қайтади).
Ҳиггинс. Исмингиз нима?
Гулчи қиз. Лиза Дулитл.
Ҳиггинс (жиддий оҳангда ифодали ўқиб). Лиза, Лизабет, Бетси ва Бес. Улар қуш инини ясашга ҳам етади.
Пикеринг. Бу инда эса улар тўртта тухум қўйишади.
Ҳиггинс. Улардан фақат бирини олиб қолиб, қолганини ташлаб юборади. (Улар ўзларининг сўзамоллигидан завқланиб кулишади).
Лиза. Аҳмоқ бўлманг!
Миссис Пирс. Сиз жанобга бундай оҳангда гапиришингиз мумкин эмас.
Лиза. Хўп, унда нега мен билан самимий гаплашмайди?
Ҳиггинс. Ишга қайтамиз. Дарс учун менга қанча тўламоқчисиз?
Лиза. Қанча беришни мен яхши биламан. Бир дўстим ҳақиқий француздан соатига саккиз пенс тўлаб, француз тилини ўрганяпти. Сиз мендан она тилимни ўрганишим учун баланд нарх сўрамасангиз керак. Очиғини айтай, бир шиллингдан кўп пул беролмайман. Буни қабул қилинг ёки ташлаб юборинг.
Ҳиггинс (хонада у ёқдан-бу ёққа юриб, чўнтагидаги калитлар ва пулни жиринглатиб). Биласизми, Пикеринг, бир шиллингни оладиган бўлсангиз, бу оддий шиллинг эмас, худди миллионерларнинг олтмиш ёки етмиш гинеясидек қизнинг фойдасига хизмат қилади.
Пикеринг. Қандай қилиб?
Ҳиггинс. Ўзингиз ўйланг, битта миллионер бир кунда 150 фунт топади. Бу билан фақат ярим кронани қўлга киритса керак.
Лиза (кеккайиб). Ким айтди мени фақат…
Ҳиггинс (давом этиб). У менга бир дарс учун бир кунлик даромадининг бешдан икки қисмини таклиф қиляпти. Бешдан икки қисми, миллионернинг бир кунлик фойдаси билан ўлчасак, олтмиш фунтга тенг бўлади. Бу катта пул. Бу жудаям зўр! Бу ҳаётимдаги энг катта таклиф.
Лиза (ўрнидан туриб, даҳшат билан). Олтмиш фунт! Нималар деяпсиз? Мен сизга ҳечам олтмиш фунт таклиф қилганим йўқ. Қаердан оламан…
Ҳиггинс. Бас қилинг.
Лиза (йиғлаб). Лекин менда олтмиш фунт йўқ. Оҳ…
Миссис Пирс. Йиғлама, аҳмоқ қиз. Ўтир. Ҳеч ким пулингга кўз олайтираётгани йўқ.
Ҳиггинс. Агар кўз ёшни бас қилмасанг, хивчин билан савалашни буюраман. Ўтир.
Лиза (секингина, итоаткорона оҳангда). Вой-дод! Худди дадамга ўхшаб кетдингиз.
Ҳиггинс. Агар сизни ўқитишга қарор қилсам, иккита дададан ҳам қаттиққўл бўламан. Олинг. (Қизга ипакдан тикилган рўмолчасини узатади).
Лиза. Бу нима учун?
Ҳиггинс. Кўз ёшингизни артасиз. Унутманг: бу рўмолчангиз, униси эса енгингиз. Агар магазинда хоним бўлиб ишламоқчи бўлсангиз, буларни адаштириб юборманг. (Лиза бутунлай гангиб қолган, унга кўмак истагандай қарайди). Дарвоқе, сиз таксида келдим дегандингиз.
Лиза. Келган бўлсам нима қилибди? Менинг ҳам бошқалар каби такси ушлашга ҳақим бор.
Ҳиггинс. Тўғри, Лиза, келгусида ўзингиз хоҳлаганча таксида юришингиз мумкин. Сиз ҳар куни таксида бутун шаҳарчани бошидан-охиригача айланиб чиқасиз. Буни ўйлаб кўринг, Лиза.
Миссис Пирс. Жаноб Ҳиггинс, сиз уни ишонтиришга уриняпсиз. Бу тўғри эмас. Келажакни ўйланг.
Ҳиггинс. Унинг ёшида бунга ҳожат йўқ! Келажакни ўйлашга вақт етарли. Йўқ, Элиза, сиз бу аёл айтгандек қилинг, бошқа одамларнинг истиқболини ўйланг, лекин ўзингизники ҳақида бош қотирманг. Сиз шоколадлар, таксилар, олтин ва олмослар ҳақида ўйлашингиз керак.
Лиза. Йўқ, менга ҳеч қандай олтин ва олмос керак эмас. Мен яхши қизман. (У яна виқор билан ўтиради).
Ҳиггинс. Сиз бугундан бошлаб миссис Пирс ғамхўрлиги остида бўласиз, Лиза. Сўнг Гуардсдаги маркизнинг ўғли, чиройли мўйлов қўйган офицерга турмушга чиқасиз. Маркиз сизга уйланмоқчи бўлгани учун ўғлини меросдан маҳрум қилади, лекин ҳуснингиз ва яхши қиз эканингизни кўриб кўнгли юмшайди.
Пикеринг. Кечирасиз, Ҳиггинс, лекин мен чиндан қаршиман. Миссис Пирс бутунлай ҳақ. Агар бу қиз олти ой давомида қўлингизда таҳсил олса, нима қилаётганини тўлиқ билиши лозим.
Ҳиггинс. Қандай билади? Бирон нарсани тушуниш учун унда уқув, салоҳият етишмайди. Қолаверса, бизда ҳам бу борада тасаввур йўқ-ку? Агар ниманидир тушунганимизда, ҳеч қандай ишга қўл урмасдик.
Пикеринг. Жуда оқилона фикр, жаноб Ҳиггинс, лекин бу гапни юракдан айтмадингиз деб ўйлайман. (Элизага) Мисс Дулиттл…
Лиза (енгилиб). У-ааа-у!
Ҳиггинс. Мана. Лизадан олган жавобинг шу: “У-ааа-у”. Ҳеч қандай мулоҳазага ўрин йўқ. Ҳарбий киши сифатида буни яхши билишингиз керак. Унга нима қилиш лозимлигини тушунтиринг. Лиза, агар гул сотадиган дўконда хоним бўлиб ишламоқчи бўлсанг, чиройли гапиришни ўрганишинг зарур, бунинг учун шу ерда олти ой яшаш талаб этилади. Агар ўзингни чиройли тутиб, айтилган вазифаларни вақтида бажарсанг, ётоқхонада ухлайсан ва турли егуликлар, шоколад сотиб оласан, ҳатто таксида юриш учун пулинг бўлади. Борди-ю, инжиқлик ва ялқовлик қилсанг, орқа томондаги ошхонага ҳайдаб юбораман, у ерда қора қўнғизлар орасида ухлайсан, миссис Пирс супурги сопи билан калтаклайди. Олти ой ўтгач, чиройли кийиниб файтонда Букингем саройига борасан. Агар қирол сени хоним деб ҳисобламаса, полициячилар Лондон минорасига олиб кетишади, бошқа гулчи қизларга сабоқ бўлиши учун бошингни танасидан жудо қилишади. Борди-ю, сени танишмаса, дўконда хоним бўлиб ишлаш учун олти-етти пенс совғага эга бўласан. Агар таклифни рад этсанг, энг ношукур ва ахлоқсиз қизга айланасан, унда ҳолингга маймунлар йиғлаши мумкин. (Пикерингга) Энди кўнглингиз жойига тушдими, Пикеринг? (Миссис Пирсга) Назаримда янада аниқ ва соддароқ тушунтиришим керак эди, шекилли, миссис Пирс?
Миссис Пирс (сабру тоқат билан). Ўйлашимча, менга бу қизга эгалик қилиш учун рухсат беришингиз керак. Мен унга тегинишниям, уни тартибга келтиришга рози бўлишни ҳам билмайман. Албатта, сиз унга зиён етказишни назарда тутмаяпсиз; лекин шундай бўлса, сиз қандай қилиб одамларнинг талаффузига қизиқиш уйғотасиз, сиз ҳеч қачон уларга ёки ўзингизга бирон нима бўлишидан хавотирга тушмайсиз. Юр мен билан, Лиза.
Ҳиггинс. Ҳаммаси жойида. Раҳмат, миссис Пирс. Уни ҳаммомга киритиб юборинг.
Лиза (хоҳламайгина ўрнидан туради ва шубҳали оҳангда сўзлайди). Сиз ўта кетган аблаҳсиз. Агар истасам бу ерда бир лаҳза ҳам қолмайман. Мен ҳечам сиздан Букингем саройига боришни сўраганим йўқ. Мен шу вақтгача, жилла қурса, бирон марта бирор муаммо билан полицияга тушмаганман, йўқ! Мен яхши қизман…
Миссис Пирс. Гап қайтарма, қизим. Сен у кишини тушунмайсан. Юр мен билан. (У эшик томон йўналади).
Лиза (ташқарига чиқиб). Ҳа, айтганларим тўғри. Агар бошим кетган тақдирда ҳам қирол ёнига бормайман. Агар мени нимага бошлаётганини пайқаганимда, бу ерга зинҳор келмасдим. Мен ҳар доим яхши қиз бўлиб келганман. Мен унинг чиройли сўзлари учун пул тўлаганим йўқ, демакки, ҳеч кимнинг олдида қарздор эмасман. Ахир, каминада ҳам ҳамма қатори ҳис-туйғулар бор.

Бешинчи парда

Ҳиггинс хонимнинг меҳмонхонаси. Ҳар доимгидек у ёзув столида ўтирибди. Оқсоч кириб келади.

Оқсоч (эшик ёнида). Жаноб Ҳенри ва полковник Пикеринг пастда туришибди, хоним.
Миссис Ҳиггинс. Яхши, уларни бу ерга бошлаб кел.
Оқсоч. Хоним, улар кимгадир телефон қилишаётганди. Адашмасам, полицияга бўлса керак.
Миссис Ҳиггинс. Нима?
Оқсоч (унга яқинроқ келиб ва овозини бироз пасайтириб). Жаноб Ҳенри нимадандир ташвишда кўринади. Буни сизга айтишни лозим топдим.
Миссис Ҳиггинс. Агар уни асло ташвиш чекмаяпти десанг ажабланган бўлардим. Полиция билан гаплашиб бўлгач, дарҳол бу ёққа чақир. Назаримда яна нимасинидир йўқотганга ўхшайди.
Оқсоч. Хўп, хоним.

Ҳиггинс дабдурустдан кириб келади. Оқсоч айтгандай, юз-кўзида ташвиш аломатлари сезилиб турибди.

Ҳиггинс. Эшитинг, онажон, ғаройиб бир ҳодиса содир бўлди!
Миссис Ҳиггинс. Хўп, азизим. Хайрли кун. (Ҳиггинс ўзини қўлга олади ва онасини ўпиб қўяди, оқсоч эса чиқиб кетади). Нима экан у?
Ҳиггинс. Лиза ғойиб бўлди.
Миссис Ҳиггинс (бамайлихотир ёзишда давом этиб). Уни қўрқитиб юборган бўлсанг керак.
Ҳиггинс. Уни қўрқитганман? Йўқ, асло. У одатдагидек ўтган тун чироқларни ўчириш ва бошқа юмушлар учун қолганди. Уйқуга ётиш ўрнига кийимларини алмаштириб, жўнаб қолибди. Каравотида ухламагани аниқ. У бугун эрталаб нарсаларини олиб кетиш учун таксида келибди, аҳмоқ Пирс хоним эса бизга ҳеч нарса демай жуфтакни ростлашига йўл қўйиб берибди. Энди нима қилишниям билмайман.
Миссис Ҳиггинс. Усиз яшашга кўникишинг керак, Ҳенри. Агар кетишни хоҳлаган экан, бунга бутунлай ҳақи бор.

Шу пайт жозибали кийинган, оғир-вазмин кайфият билан Лиза кириб келади. У ўз уйида бемалол юргандек қўлида тикиш-бичиш саватчасини кўтариб олган. Пикеринг ҳатто ўрнидан туролмай, ҳайратдан қотиб қолади.

Лиза. Яхшимисиз, профессор Ҳиггинс? Ҳаммаси жойидами?
Ҳиггинс (чайналиб). Менми… (Бошқа ҳеч нарса айтолмайди).
Лиза. Албатта, сиз яхшисиз. Сиз ҳечам касал бўлмайсиз. Сизни яна кўрганимдан бағоят хурсандман, полковник Пикеринг. (Пикеринг шошиб ўрнидан туради ва улар қўл бериб кўришади). Бугун эрталаб ҳаво жуда совуқ бўлганди, шундай эмасми? (Пикерингнинг чап томонига келиб ўтиради).
Ҳиггинс. Мен билан бундай ҳазиллашишга қандай журъат қиляпсан? Ахир, бу найрангни сенга мен ўргатганман, энди шу йўл билан ўзимни чув туширмоқчисан? Аҳмоқликни бас қил, тур ўрнингдан, уйга кетамиз.

Лиза саватдан тўқувчилик анжомларини олиб, дўқ-пўписага заррача аҳамият бермай, тўқишга киришиб кетади.

Лиза (кутилмаганда самимий оҳангда гапиради). Менга қандай муомала қилишингиз мутлақо аҳамиятсиз. Ҳатто сўкиниб гапирсангиз ҳам қарши эмасман. Лекин… (ўрнидан туриб ва унга қараб) устимдан босиб ўтишингизга тоқат қилолмайман.
Ҳиггинс. У ҳолда йўлимдан қоч. Жаҳлим чиқса, мени ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди. Ахир, ўзинг айтганингдек, камина автобусга ўхшайман.
Лиза. Автобус бўлсангиз, юриш ёки юрмаслигингиз зиғирча ҳам қизиқ эмас. Лекин мен сизсиз яшай оламан, бунга ишонмайсизми?
Ҳиггинс. Ишонаман. Буни сенга мен айтгандим.
Лиза (ранжиб, курсининг бошқа томонига қараб юриб ва каминга юзма-юз туриб). Биламан, шундай дегансиз, сиз бераҳмсиз. Сиз мендан қутулишни ўйлагансиз.
Ҳиггинс. Ёлғон!
Лиза (умидсиз). Сиз ҳақиқатан жоҳилсиз. Сизга гапириш бефойда, ҳамма нарсани менга қарши қўясиз. Лекин якунда доимо ҳақ бўлиб чиқаман. Айтганингиздек, иркит кўчага қайтиб бормайман ва сиз билан Пикерингдек дўстларни бошқа учратмайман. Икковингиздан сўнг бошқа тубан даражада фикрловчи бирор инсон билан яшолмайман, борди-ю, кўндиришга ҳаракат қилсангиз, бу ишингиз жаҳолат ва ёвузликдан бўлак нарса бўлмайди. Мен Уимпол-стритга қайтишим керак, чунки дадамнинг уйидан бошқа борадиган маконим йўқ. Бироқ энди мени таҳқирлайман, оёқости қиламан деб ўйласангиз, чучварани хом санаган бўласиз. Мен Фредди имкон топиши билан унга турмушга чиқаман.
Ҳиггинс (унинг ёнига ўтириб). Бемаънилик! Сен элчига, Ҳиндистон генерал-губернатори ёки Ирланд катта лейтенанти, ҳеч бўлмаса, бирон депутатга турмушга чиқишинг керак. Мен асраб-авайлаб келаётган марваридимни аллақандай Фреддига бериб қўймоқчи эмасман.
Лиза. Шундай бўлса, яхши бўлар эди. Аммо сиз бир лаҳза аввал айтган гапларингизни унутганим йўқ. Худди гўдак каби ёки кучукчадек алданишга кўниколмайман. Менга меҳр-мурувват кўрсатилмас экан, демак, мустақил бўлишга ҳаракат қилмоғим зарур.
Ҳиггинс. Мустақил бўлиш? Бу ўрта табақа учун худога шак келтириш ҳисобланади. Зотан, ҳар биримиз қалбан бу дунёда кимгадир тобемиз.
Лиза (бунга жавобан ўрнидан туриб). Тақдирим қанчалик сизга боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини, албатта, исботлайман. Сиз менга дарс бергансиз, энди мен ҳам кимгадир сабоқ беришга қодирман. Бу ердан кетгач, ўқитувчи бўламан.
Ҳиггинс. Ё тавба, нимани ўргатмоқчисан?
Лиза. Сиз нимани ўргатган бўлсангиз, ўшани. Яъни фонетикадан дарс бермоқчиман.
Ҳиггинс. Ҳа-ҳа-ҳа!
Лиза. Профессор Непингнинг ёнида ёрдамчи бўлиб ишлайман.
Ҳиггинс (ғазаб билан ўрнидан туриб). Нима?! Бу режанг қаллоблик, найранг ва жоҳилликдан бўлак нарса эмас! Менинг услубим ва кашфиётларим бўйича ўқитармиш! Агар шу фаолиятни бажариш учун бир қадам ташлаганингни эшитсам, сени бўғиб ташлайман. (Қизнинг елкасига қўлларини қўйиб). Эшитдингми?
Лиза (бўйсунмаган оҳангда). Бўғиб ташлайман? Бир кунмас-бир кун мана шундай ҳужум қилишингизни билардим. (Ҳиггинс уни қўйиб юборади, ўзини бироз йўқотганидан камин панжарасини тепади ва орқасидаги курсига урилиб кетади). А-ҳа! Сиз билан қандай муомала қилишни энди биламан. Нега бу аввалроқ хаёлимга келмади экан-а? Ахир, берган билимингизни қайтариб ололмайсиз-ку! Ўзингиз иқрор бўлгансиз, сизга нисбатан салоҳиятим кучли. Боз устига одамларга сиздан кўра гўзал, мулойим ва меҳрибон кўринишим мумкин. Ҳа! Мана нима қилгансиз, Ҳенри Ҳиггинс. Энди (бармоқларини қирсиллатиб) бемаза ўйинлару эзмалигингизга ортиқ тоқат қилмайман. Мен варақаларга аслида бу герцогиня оддий қиз экани ва ўзи ҳам минг гинея тўлаган қизларни олти ой ичида герцогиняликка тайёрлай олишини ёзиб, эълон тарқатаман. Сиз мени оёқости қилиб, хўрлаб, ҳақоратлаб чақирган ўша пайтларни эсласам, ўзимни бўғмоқчи бўлиб, бармоқларимни чангаллаганим ёдимга тушади.
Ҳиггинс (ажабланиб). Сен қандай сурбет, бемаъни қизсан? Аммо сен бунинг барчаси кўз ёш тўкиш, шиппакларимни олиб юриш ва томошалар кўрсатишдан яхши деб ўйлайсан, шундайми? (Ўрнидан туриб) Худо ҳақи, Лиза, сени хонимга айлантирмоқчи эдим ва сўзимнинг устидан чиқдим.
Лиза. Ҳа, энди айёрликка ўтиб, мен билан ярашмоқчи бўляпсиз, бироқ сиздан хавфсираётганим йўқ ва бундан кейин сизсиз ҳам яшай оламан.
Ҳиггинс. Сен аниқ ақлдан озгансан. Беш дақиқа олдин бўйнимга тегирмон тошидек осилиб олаётгандинг, энди эса ўзингни ҳимоя қилишга қодирсан. Сен, мен ва Пикеринг, барчамиз бир кун қариймиз. Ҳеч биримиз шундай қолмаймиз.

Миссис Ҳиггинс тўй кўйлагини кийиб, қайтиб келади. Лиза дарҳол босиқ ва назокатли бўлиб олади.

Миссис Ҳиггинс. Файтон бизни кутяпти, Лиза. Тайёрмисан?
Лиза. Ҳа. Профессор Ҳиггинс ҳам борадими?
Миссис Ҳиггинс. Албатта, йўқ. У черковда ўзини яхши тутолмайди, руҳонийнинг талаффузидан камчилик топиб, баланд овозда айтиб юборадиган одати бор.
Лиза. Унақада сизни бошқа кўрмас эканман, профессор. Хайр, яхши қолинг. (Эшик томонга юради).
Миссис Ҳиггинс (Ҳиггинсга яқинлашиб). Хайр, азизим.
Ҳиггинс. Яхши боринг, онажон. (Ўпиб қўймоқчи бўлганида, нимадир эсига тушади). Ҳа, айтганча, Лиза, менга дудланган чўчқа гўшти ва Стилтон пишлоғидан буюртма бериб юбор, хўпми? Кейин саккизинчи ўлчамда бир жуфт замишли қўлқоп ва янги костюмимга мос тушадиган бўйинбоғ сотиб ол. Таъбингга мос тушадиган рангни танлашинг мумкин. (Унинг қувноқ, бепарво ва дадил сўзлашидан ҳеч нарсадан таъсирланмаслиги кўриниб туради).
Лиза (нафратомуз оҳангда). Уларни ўзингиз ҳам сотиб ололасиз. (Чиқиб кетади).
Миссис Пирс. Шундай қизни бутунлай қўлдан чиқарганингдан афсусдаман, Ҳенри. Лекин буни ўйлаб сиқилма, азизим. Бўйинбоғ билан қўлқопларни ўзим олиб келаман.
Ҳиггинс (юзидан нур ёғилиб). Йўқ, ташвиш тортманг, онажон. Унинг ўзи олиб келади, мана кўрасиз. Хайр.

У онасини ўпиб қўяди. Ҳиггинс хоним чиқиб кетади. Ҳиггинс ёлғиз қолиб чўнтагидаги танга пулларни шиқиллатганча жилмаяди ва ўз ишидан хурсанд бўлади.

Парда тушади.

Инглиз тилидан Барно Жумаева ва Муҳаммаджон Холбеков таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон