I
1830 йил баҳорда пан Ячевскийнинг отамерос мулки — Рожанка қишлоғига унинг марҳум дўсти Мигурскийнинг ёлғиз ўғли Иосиф Мигурский меҳмон бўлиб келди. Олтмиш бешга кирган, кенг пешонали, чорпаҳилдан келган, узун мўйловлари оқарган, қизилмағиз чол Ячевский Польшани иккинчи марта тақсимлаш вақтида ватанпарварлик кўрсатган эди. Йигитлик вақтида Иосиф Мигурскийнинг отаси билан Костюшко[1] байроғи остида хизмат қилган бу одам, ўз таъбирича, осий ва бузуқи Екатерина IIни ҳамда унинг ўйнаши — хоин Понятовскийни ўлгудек ёмон кўрар, эрталаб тонг отиб яна қуёш чиқишига ишонган кишидек, Речь Посполитанинг[2] тикланишига қаттиқ ишонар эди. 12-йилда Ячевский ўзининг севикли подшоси Наполеон қўшинида полк командири бўлиб хизмат этди. Наполеоннинг ҳалокати уни қаттиқ хафа қилган эди, лекин ярим-ёрти бўлса ҳам, ҳар қалай, Польша подшолигининг қайтадан тикланишидан умидини узмасди. Александр I томонидан Варшавада сеймнинг[3] чақирилиши уни умидвор қилиб қўйди, аммо Муқаддас Иттифоқ[4], Европада реакциянинг бошланиши, Константиннинг ўзбошимчалиги узоқ йиллардан бери ардоқлаб келган тилакларини чиппакка чиқарди. 25-йилда Ячейвский ўз қишлоғига кўчиб келди ва Рожанкадан ҳеч қаёққа чиқмай, рўзғор ишлари билан шуғулланди, ов қилди, газета ва мактублар ўқиш билан вақтини ўтказди. Газета ва мактублардан у ўз ватанида бўлаётган сиёсий воқеаларни билиб турди. Ячевский иккинчи марта уйланди, у камбағал бир поляк дворянининг чиройли қизини олди, бироқ бу хотинга кўнгилсиз бўлди. У иккинчи хотинини менсимас, ҳурмат қилмас, ўлганининг кунидан у билан бирга турар, иккинчи марта уйланиб хато қилганининг аламини ундан олмоқчи бўлгандек, жуда қўпол муомала қиларди. Иккинчи хотинидан у бола кўрмади. Биринчи хотинидан икки қиз қолган: тўнғичи Ванда ўзининг ҳуснига мағрур бўлган жуда чиройли қиз бўлиб қишлоқда туришдан зериккан эди, кенжа қизи — отасининг эркатойи Альбина эса шўх, ориққина, қўнғироқ малла сочли, чақнаб турган катта-катта мовий кўзларининг ораси отасиникига ўхшаш очиқ эди.
Иосиф Мигурский келган вақтда Альбина ўн бешдайди. Мигурский илгари ҳам студентлик чоғида, қишни Вильна шаҳрида ўтказадиган Ячевскийларникига келиб турар, Вандага хушомад қилар эди. Мана энди у, эс-ҳушли, кап-катта йигит бўлганидан кейин, биринчи марта уларнинг қишлоғига меҳмон бўлиб келиши эди. Ёш Мигурскийнинг келишидан Рожанкадагиларнинг ҳаммаси мамнун бўлди. Чол Иозё Мигурскийни кўриб, марҳум дўстини кўргандек бўлди, ёшлик чоқлари эсига тушиб кетди, шунинг учун ҳам унинг келганига хурсанд эди. Бунинг устига фақат Польшадагина эмас, балки чет элларда ҳам (ўзи чет элдан яқингинада қайтиб келган эди) революцион хуружлар кучайиб бораётганини ёрқин бўёқларда тасвирлаб, шавқ-завқ билан гапирганидан унга янада меҳри ошди. Пани Ячевскаяга Мигурский шунинг учун ёқар эдики, чол Ячевский меҳмон олдида ўзини тийиб турар, ҳар кундагидек унар-унмасга уни сўкавермас эди. Ванда эса, Мигурский мени деб келган, бирга турмуш қурамиз, деб таклиф этиш учун келган деб суюнар; унинг таклифига розилик бермоқчи бўлар, аммо ўзига-ўзи: kui tenir la dragee haute[5], дер эди. Альбина бўлса, ҳамма суюнгани учун суюнарди. Ёлғиз Ванданинг ўзигина Мигурский шундай таклиф этиш учун келган, деб ўйламас эди. Уйдагиларнинг ҳаммаси, гарчи бу ҳақда ҳеч ким оғиз очмаган бўлса-да — Ячевскийдан тортиб энага Лудвикагача — ҳамма шу фикрда эди.
Ростдан ҳам шундай эди. Мигурский шу ният билан келганди, аммо бир ҳафта тургач, негадир хижолат чекиб, кўнгли бузилиб, Вандага уйланишни таклиф этмай жўнаб кетди. Унинг тўсатдан кетиб қолишидан ҳамма таажжубланди, лекин Альбинадан бошқа ҳеч ким бунинг сабабини тушунмасди. Бу таажжуб ҳодисанинг сабаби ўзи эканини Альбина биларди. Мигурский Рожанкадалигида ҳар вақт унинг ҳузурида ҳаяжонланганини, вақти чоғ бўлганини Альбина сезган эди. У Альбинага боладек муомала қилар, у билан ҳазиллашар, жиғига тегар, аммо Альбина аёлларга хос бир туйғу билан унинг муомаласи — катталарнинг болаларга қиладиган муомаласига ўхшамаганини, балки эр кишининг аёл кишига бўлган муносабатини эслатганини сезган эди. Альбина уйга кирганда Мигурскийнинг юзи ёришиб кетар, уни ёқимли табассум билан кутиб олар ёки уйдан чиқиб кетаётганида шу тарзда кузатиб қоларди, қиз бунинг тагида бир гап борлигини пайқаган эди. Лекин бунинг нималигини тушуниб олишга уринмас, Мигурскийнинг муомаласи уни суюнтирар, ўзи ҳам беихтиёр, Мигурскийнинг кўнглига ёққан ишни қиларди. Йигит эса унинг ҳар бир қилиғини ёқтирарди. Шунинг учун унинг ҳузурида Альбина кунда қиладиган ишини ҳам иштиёқ билан бажарарди. Мигурскийга Альбинанинг този ит билан қувлашиб чопиши ҳам ёқарди. Ит бўлса, сакраб қизнинг бўртиб кетган ойдек юзини яларди. Альбинанинг арзимаган нарсага хандон ташлаб кулиши ҳам ксендзнинг[6] зериктирувчи ваъзини эшитаётган маҳалда кўзлари кулиб турса-да, ўзини жиддий тутиб туриши ҳам унинг кўзига яхши кўринарди, гоҳ қари энага, гоҳ маст қўшниларига, гоҳ Мигурскийнинг ўзига кулгили тарзда жуда усталик билан тақлид қилиши, бировни масхара қилиб туриб, дарҳол бошқасига ўтиши ҳам унга ёқарди. Айниқса, Альбинанинг ҳаддан ташқари қувноқлиги унга хуш келарди, қиз гўё ҳаётнинг бутун гўзаллигини энди пайқагану ундан фойдаланиб қолишга шошилаётгандек эди. Мигурскийга бу қизнинг ҳаддан ташқари хушчақчақлиги ёқарди, ўзининг қувноқлиги Мигурскийнинг завқини келтирганини билгани учун у ҳаяжонга келиб, терисига сиғмай кетарди.
Шу сабабдан, Вандага уйланишни таклиф этиш учун келган Мигурскийнинг нима учун бу тўғрида оғиз очмай кетиб қолганини Альбина яхши биларди. Гарчи, буни гапиришга унинг бети чидамаса-да, ўз тили билан бунга иқрор бўлмаса-да, ичида Вандани мўлжаллаб келган Мигурский, уни, яъни Альбинани севиб қолганини тушунарди.
Ақлли, ўқимишли, гўзал Ванда олдида, ўзини нотавон деб билган Альбина бунга ажабланарди, лекин Мигурскийнинг ўзига ошиқ бўлгани унга ойнадек равшан эди. Альбинанинг бунга суюнмаслиги мумкин эмасди, чунки ўзи Мигурскийни жон-танидан яхши кўриб қолган эди; биринчи марта ва ўз умрида ёлғиз бир марта севадиган кишиларгина шундай севадилар.
II
Ёз ойларининг охирида газеталар Парижда революция бўлганидан хабар берди. Бунинг кетидан Варшавада исён кўтаришмоқчи деган мишмишлар тарқалди. Ячевский, ҳар сафар почта келганда Константиннинг ўлдирилиши ва революциянинг бошланиши тўғрисидаги хабарни қўрқув аралаш умид билан кутар эди. Ниҳоят, Рожанкадагилар ноябрь ойида, бельведерга[7] ҳужум қилишибди, Константин Павлович қочибди, деб эшитишди, кейин сейм Романовлар хонадонини Польшага ҳукмронлик қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилибди. Хлопицкий диктатор деб эълон қилинибди, Польша халқи озод бўлибди, деган овозалар келди. Қўзғолон ҳали Рожанкага келиб етмаган, аммо бу ердагилар қўзғолоннинг боришидан хабардор, ўзлари ҳам қўзғолон бўлишини кутиб шайланиб турардилар. Кекса Ячевский қўзғолон раҳбарларидан бири бўлган эски таниши билан ёзишиб турар, махфий келган яҳудий даллолларни, олди-сотди ишлари билан эмас, революцияга доир иш билан қабул қилар, пайти келганда қўзғолонга қўшилишга ҳозирланарди. Пани Ячевская эса эрининг моддий эҳтиёжлари тўғрисида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ғамхўрлик қилар ва бу билан у ҳар вақтдагидек эрининг баттар жаҳлини чнқарар эди. Ванда ўз бриллиантларини Варшавадаги бир дугонасига юбориб, сотиб, пулини революцион комитетга беришни тайинлади. Альбинани эса фақат Мигурскийнинг нима қилаётганигина қизиқтирарди. Отасидан у Мигурскийнинг Дверницкий отрядида хизмат қилаётганини билиб, шу отрядга доир хабарлардан кўз-қулоқ бўлиб турарди. Мигурский икки марта хат ёзди: бир хатида у қўшинга хизматга кирганини, иккинчи хатида, февраль охирида, Сточек яқинида полякларнинг ғалаба қозонганини, бунда русларнинг олтита тўпини қўлга тушириб, асирлар олинганини билдирди. Ўз хатини у « Zwyciestwo Polakow ikleska Mockalil Wiwaf!»[8] —деб тамомлаган эди. Бу гаплардан Альбина хурсанд бўлиб, терисига сиғмай кетди. У харитани кўздан кечирар, москалларнинг қаерда ва қачон батамом тор-мор бўлишини чамалаб кўрар, почтадан келтирилган пакетларни отаси имиллаб очаётганда ранги докадек оқариб, қалтираб кетарди. Бир куни ўгай онаси Альбинанинг уйига кириб, унинг ойна олдида шим ва камзул кийган ҳолда турганини кўриб қолди. Альбина поляклар қўшини сафига кириш учун эркакча кийим кийиб, уйдан қочмоқчи эди. Отаси уни ўз олдига чақирди, қизига қойил қолгани, хурсанд бўлганини яшириб, унга қаттиқ танбеҳ берди, урушда қатнашиш тўғрисидаги аҳмоқона фикрни миянгдан чиқариб ташла, деди. «Хотинларнинг вазифаси, бошқа, у ҳам бўлса, ватан фидокорларини севиш ва уларга тасалли беришдан иборат, ҳозир менинг қувончим, овунчоғимсан, менга кераксан, вақти келиб ўз эрингга ҳам шундай керак бўласан», деди у. Чол қизига таъсир қиладиган гапни топиб гапирди, ўзининг ёлғиз ва бахтсиз эканини айтиб, ўпиб қўйди. Қиз отасининг бағрига юзини босиб кўз ёшларини яширди, аммо йиғлайвериб унинг енгини ҳўл қилиб юборган эди. Отасига, розилик олмай ҳеч бир иш қилмасликка ваъда берди.
III
Польша тақсимланиб, унинг бир қисми жирканч немисларга, қолган қисми, улардан ҳам манфур москалларга тобе бўлгандан кейин, поляклар бошига тушган мусибатларни ҳис этган кишигина, аввал озод бўлиш учун бир неча марта уриниб фалокатга йўлиққан, 30—31-йилларда эса энди озод бўламиз, деб умид қилган полякларнинг шод-хуррамлигини англай олади. Бироқ уларнинг бу умиди чиппакка чиқди. Ҳар иккала томоннинг кучи тенг эмасди, шунинг учун революция бостирилди. Сўзсиз итоат қилувчи ўн минглаб рус одамлари гоҳ Дибич бошчилигида, гоҳ Паскевич ва олий ҳукмдор Николай I, бошчилигида нима қилаётганларини билмай, ўзларининг ва ўз биродарлари полякларнинг қонини тўкиб, уларнинг қўзғолонини бостирдилар, на полякларнинг озод бўлишини ва на тор-мор бўлишини истаган, фақат биргина нарсани: ўзларининг моддий манфаатларини кўзлаган, шуҳратпараст, пасткаш, разил одамлар қўлига Польшани топширдилар.
Варшава ишғол қилинди, айрим отрядлар тор-мор этилди. Юзлаб, минглаб одамлар отилди, таёқ билан уриб ўлдирилди, сургун қилинди. Сургун қилинганлар орасида ёш Мигурский ҳам бор эди. Унинг ер-мулки мусодара қилинди, ўзи Уральск линия батальонига солдатликка юборилди.
Ячевскийлар 31-йилдан кейин юрак ўйноғи касалига мубтало бўлган чолнинг соғлигини назарда тутиб, 1832 йилнинг қишини Вильнода ўтказдилар. Бу ерга қалъада бўлган Мигурскийдан хат келди. У ўз хатида, бошимдан кечирганларим ва бундан буёнги қисматим нақадар оғир бўлмасин, ватан учун жафо чекканимдан хурсандман, умримнинг бир қисмини фидо қилган муқаддас ишдан умидимни узганим йўқ, умримнинг қолган қисмини ҳам фидо қилишга тайёрман, агар имкон топсам эртага ҳам шундай қиламан, деб ёзган эди. Овозини чиқариб ўқиётган чол хатнинг шу ерига келганда ҳўнграб йиғлаб юборди ва анчагача ўқиёлмай турди. Хатнинг қолган қисмини Ванда ўқиб эшиттирди. Мигурский, сўнгги марта уларникига қандай ният ва орзу билан келганини ҳозир айта олмаслигини, айтишни истамаганини, ўша келиши унинг ҳаётидаги энг ёрқин саҳифа эканини ёзган эди.
Ванда ва Альбина бу сўзларнинг маъносини ўзларича тушунишди, лекин қандай тушунганларини оғиз очиб ҳеч кимга гапиришмади. Хатнинг охирида Мигурский ҳаммага салом айтган, гап орасида, сўнгги сафари вақтидагидек, Альбинага ҳазиллашиб, ҳозир ҳам аввалгидек югурукмисиз, този ит билан қувлашиб ўзиб кетасизми, ҳали ҳам ҳаммага тақлид қилиб, ҳаммани масхара этасизми, деб сўраган эди. У чолга соғ-саломатлик, оналарининг рўзғор ишига кушойиш тилаб, Вандага муносиб куёв, Альбинанинг эса аввалгидек хушчақчақ бўлишини тилаган эди.
IV
Кекса Ячевскийнинг соғлиги кундан-кунга ёмонлашди. Шу сабабдан, 1833 йили бутун уй ичи билан чет элга кўчиб кетишди. Баден шаҳрида Ванда бадавлат поляк эмигранти билан танишиб, унга куёвга чиқди. Чолнинг касали зўрайиб, 1833 йили ёт элларда, қизи Альбинанинг қўлида жон берди. Хотинини яқинига йўлатмади, шунга уйланиб хато қилдим деб, умрининг охиригача унинг кўзини очирмади. Пани Ячевская Альбина билан биргаликда қишлоққа қайтиб келди. Альбинанинг ҳаётда қизиқтирган нарсаси фақат Мигурский эди. Назарида у улуғ қаҳрамон, фидокор одам эди. Альбина ўз ҳаётини унинг хизматига бағишлашга аҳд қилди. Чет элларга кетмасдан буруноқ, у аввал отасининг топшириғи билан, кейинчалик ўзича, Мигурскийга хат ёзиб турди. Отаси ўлгач, Россияга қайтгандан кейин ҳам у Мигурский билан ёзишиб турди, ёши ўн саккизга тўлганда ўгай онасига ўзининг Уральскка жўнаб кетишга аҳд қиганини, Мигурскийга куёвга чиқиш ниятида эканини билдирди. Ўгай она эса, Мигурский ўз оғир аҳволини енгиллаштириш учун бадавлат бир қизни ўзига ром қилиб олиб уни ҳам ўзидек бахтсиз қилмоқчи эканини айтиб, йигитга таъна қила бошлади. Альбинанинг жаҳли чиқди, фақат сизгина ўз халқи учун бор-йўғини фидо қилган кишини шундай ёмон ниятда деб ўйлайсиз, аксинча, у мен ёрдам бераман деганимда кўнмаган эди, энди унинг олдига бораман, агар Мигурский рози бўлиб, менинг бахтли бўлишимни, менга уйланишни истаса, унга куёвга чиқаман, деди. Альбина балоғатга етган, пули ҳам бор, — унинг марҳум амакиси жиянларимга деб уч юз минг злотий[9] мерос қолдирган эди. Шундай қилиб, ҳеч қандай ғов Альбинанинг йўлини тўсолмади.
1833 йилнинг ноябрида Альбина уйдагилар билан видолашди. Уйдагилар худди ўликка аза тутгандек йиғлаб, узоқ ва етти ёт бегона, маданиятсиз Московияга уни кузатиб қўйдилар. Альбина ўзига садоқатли бўлган Лудвика билан бирга отасининг олис ерларга бориш учун қайтадан тузатилган соябон аравасига ўтириб, узоқ сафарга чиқди.
V
Мигурский казармада эмас, алоҳида квартирада турар эди. Николай Павлович даражалари пасайтирилган полякларни оғир ва қаттиқ солдатлик ҳаётига мубтало қилиш билан қаноатланмай, ўша вақтда оддий солдатлар бошига тушган хўрликни ҳам тотиб кўришларини талаб этар эди; аммо Николайнинг бу буйруғини ижро этадиган оддий кишиларнинг кўпи даражаси пасайтирилган полякларнинг қандай оғир аҳволдалигини тушунар ва унинг иродасига қарши боришнинг хавфли бўлишига қарамай, имкон топганларида бу буйруқни ижро этмас эдилар. Мигурский солдатликка тайинланган батальоннинг командири илгари чаласавод солдат эди, кейин хизмат кўрсатиб командирликка кўтарилган эди; у бор-йўғидан ажралган, илгари бой бўлган ўқимишли йигитнинг аҳволини билар, уни аяр, нима қилиб бўлса ҳам унга енгиллик берарди. Мигурский пўрдоқ юзли, соқоли оқарган подполковникнинг раҳмдиллигини қадрлаб, ўз миннатдорлигини билдириш учун унинг кадетлар корпусига киришга тайёрланаётган ўғилларига математика ва француз тилидан дарс беришга рози бўлди.
Етти ойдан бери Уральскда турган Мигурскийнинг машаққатли ҳаёти бир тусда ўтар, юракни сиқар, зериктнрарди. Унинг батальон командиридан ташқари (Мигурский ундан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қиларди), сургун бўлиб келган битта поляк таниши бор эди. Чаласавод, суллоҳ ва ёқимсиз бўлган бу одам шу ерда балиқфурушлик қиларди. Мигурскийга ҳаётда энг оғир туюлган нарса шу эдики, у муҳтожликка сира ўрганолмасди. Ер-мулки мусодара қилингандан кейин унинг қўлида маблағ қолмаган, қолган-қутган тилла буюмларини сотиб кун кўрарди.
Сургун қилингандан кейин унинг ҳаётидаги ягона қувончи Альбинадан хат олиб, унга хат юбориб туриши бўлди. Рожанкага боргандан бери унинг қалбида Альбинанинг шоирона латиф тасаввури сақланиб қолган, бегона юртда бу тасаввур борган сари латофат касб этар эди. Альбина дастлабки бир хатида унинг илгари ёзган мактубидаги: «қандай ният ва орзу билан келганим» деган сўзларининг тагида нима маъно борлигини сўраган эди. Мигурский эса, мен сизга уйланиш орзусига тушган эдим, энди буни эътироф эта оламан, деб жавоб қайтарди. Альбина, мен ҳам сизни севаман, деб ёзди. Мигурский, сиз бу гапни ёзмаганингиз яхши эди, негаки, нима бўлишини ўйлаганимда юрагим орқамга тортиб кетади, энди бундай бўлиши мумкин эмас, деб жавоб қайтарди. Альбина эса, бу мумкин бўладигина эмас, албатта шундай бўлади, деб ёзди. Мигурский ўз хатида унинг фидокорлигини қабул эта олмаслигини, ҳозирги аҳволида бунинг мумкин бўлмаган нарса эканлигини билдирди. Шу хатдан кейин кўп ўтмай унга, икки минг злотий олинг, деб хабарнома келди. Конвертга босилган муҳрга ва ёзувга қараб, бу пулни Альбина юборганини билди. Дастлабки хатларидан бирида у дарс бериб, ўзига керакли нарсаларни — чой, тамаки ва ҳатто китоб сотиб олиш учун пул топиб маза қилаётганини ҳазиломуз ёзган эди. Мигурский пулни бошқа конвертга солиб, ўз орамиздаги соф муносабатни пул билан бузманг, деб хат ёзиб юборди. Ўзининг ҳеч қандай кам-кўсти йўқлигини, Альбинадек бир дўсти бўлгани учун ўзини бахтиёр ҳис этганини билдирди. Шу билан улар бир-бирларига ёзишмай қўйдилар.
Ноябрь ойида Мигурский подполковникнинг уйида болаларга дарс бериб ўтирганида почта чанасининг қўнғироғи қулоғига чалинди. Қўнғироқ товуши борган сари яқинлашарди, ниҳоят, чананинг қўшқароғи қуруқ қорни ғирчиллатиб эшик олдида тўхтади. Болалар ким келганини билиш учун сапчиб ўринларидан турдилар. Мигурский хона ичида қолди, болаларнинг қайтиб келишини кутиб, кўзи тўрт бўлиб эшикка қараб турди, аммо эшикдан подполковникнинг хотини кириб келди.
— Пан, аллақандай хотинлар келишиб, сизни сўраяпти, — деди у. — Афтидан, сиз томондан келган чиқар, поляк аёлларига ўхшайди.
Агар Мигурскийдан: сенинг олдингга Альбинанинг келишига кўзинг етадими, деб сўрашса, бўлмағур гап, деб айтган бўлар эди, аммо кўнглида унинг келишини кутарди. Мигурскийнинг юраги орзиқиб, нафаси тиқилиб даҳлизга югуриб чиқди. Даҳлизда семизгина, чўтир хотин бошидан рўмолини ечаётган эди. Бошқа бир аёл полковникнинг квартири эшигига кириб кетаётган эди, орқасидан келаётган одамнинг қадам товушини эшитиб у қайрилиб қаради. Қалин рўмол остидан Альбинанинг чақнаб турган, ораси очиқ мовий кўзлари, қиров босган киприклари кўринди. Мигурский турган жойида тарашадек қотиб, нима дейишини, қандай сўрашишини билмай қолди. Альбина эса «Юзё!» — деб қичқириб, унинг бўйнидан қучоқлаб, юзига ўзининг совуқдан қизариб кетган юзини босди, кулиб туриб йиғлаб юборди. Отаси ва Альбинанинг ўзи Мигурскийни «Юзё» деб юритар эдилар.
Подполковникнинг раҳмдил хотини Альбинанинг кимлигини ва нима учун келганини билиб, тўйгача уни ўз уйида сақлаб турди.
VI
Оқкўнгил подполковник ҳаракат қилиб, бошлиқларнинг ижозатини олгандан кейин, Оренбургдан ксендзни чақиртирди, у Мигурскийларни никоҳлаб қўйди. Батальон командирининг хотини қизга янга бўлди, ўқувчилардан бири икона кўтариб турди, сургун бўлиб келиб қолган поляк Бржозовский куёв жўраси бўлди.
Альбина, шуниси қизиқки, ўз эрини илгари яхши билмаса ҳам уни жон-тани билан яхши кўрар эди. У билан энди яқиндан танишди. Ўз-ўзидан маълумки, Альбина қон-тани бўлган жонли одамнинг бир талай оддий ва шоирона бўлмаган хусусиятларга эга эканини кўрди, аммо қизнинг ўз хаёлхонасида асраб юрган, ардоқлаган спймода бу хусусиятлар йўқ эди; лекин Мигурский худди қон-жони бор одам бўлгани учун унинг мавҳум одамда бўлмаган бир талай оддий ва яхши хусусиятларга эга эканини билди. У ўз таниш-билишлари ва дўстларидан Мигурскийнинг жангда кўрсатган қаҳрамонлиги, ер-мулки ва озодлигидан маҳрум бўлган чоғида иродаси букилмаганини эшитган эди; у ҳаётда доим юксак қаҳрамонлик кўрсатади, деб хаёл қиларди; ҳақиқатда эса, ҳаддан ташқари жисмоний кучга эга бўлган бу жасур одам қўйдек ювош, ётиғи билан ҳазил қиладиган оддий киши бўлиб чиқди, унинг ёқимли лаблари болаларникидай кулиб турар, оғзининг атрофини бир вақтлар Рожанкада Альбинани шайдо қилган оқ-сариқ мўйлов ва соқол қоплаб олган эди; доим тутаб турган трубкаси оғзидан тушмас, айниқса Альбина оғироёқ бўлиб қолганида тутунидан безор бўлган эди,
Мигурский ҳам Альбинанинг қанақалигини энди билиб олди, хотин сифатида энди таниди. Уйланмасдан бурун таниган аёллардан хотин кишининг қанақалигини била олмаган эди. Альбинада, умуман, хотинларда бўладиган хусусиятлар борлигини билиб у ҳайрон қолди, агар Альбина — Альбина бўлмаганда, уни севмаганда, ундан миннатдор бўлмаганда Альбинанинг умуман хотинлик сифатларини кўриб, ҳайрон бўлган, кўнгли совиган бўларди.
Альбина хотин киши бўлгани учун, риоя қилиб, унга ннсбатан истеҳзо аралаш мулойим муомалада бўларди. Альбина — Альбина бўлгани учун уни жонидек севарди. Фидокорлик кўрсатиб, ўзига лойиқ бўлмаган бир бахтни бағишлаган Альбинага қойил қолиб, ўзининг қарздор эканини сезган Мигурский миннатдорлик ҳисси билан тўлиб-тошган эди.
Бир-бирларини севган Мигурскийлар бегона одамлар орасида ўзларини қишда адашиб қолиб совқотган, бир-бирларини иситган икки кишидек ҳис этганлари учун ҳам бахтли эдилар. Ўз бекасига фидокорона содиқ бўлган мулойим, сергап, ҳамма эркакларга ошиқ бўлган қизиқ энага Лудвиканинг Мигурскийлар билан бирга туриши ҳам уларни қувноқ ҳаёт кечиришига кўмаклашарди. Мигурскийларнинг боладан ҳам толелари бор экан. Бир йилдан кейин ўғил кўрдилар, бир ярим йилдан кейии — қиз. Ўғил худди онанинг ўзгинаси эди: кўзлари ҳам, шўхлиги ҳам, қилиқлари ҳам онасиникига ўхшарди. Қизлари эса айиқ боласидек соғлом, чиройли эди.
Бироқ Мигурскийлар ватанларидан узоқда бўлганлари, камситилганлари учунгина ўзларини бахтсиз ҳис этар эдилар. Хусусан, Альбина бу хўрликка ҳеч чидай олмасди. Унинг қаҳрамон, чин инсон бўлган эри — Юзё ҳар қанақа офицер олдида ғоз туриб қотиб қолишга, милтиқ кўтариб машқ қилишга, қоровул туришга, сўзсиз итоат этишга мажбур эди.
Бундан ташқари, Польшадан биридан бири хунук хабарлар келмоқда эди. Уларнинг яқин қариндошлари, дўстларининг кўпи ё сургун қилинган, ёки бор-йўқларидан маҳрум бўлиб чет элга қочган эдилар. Мигурскийларнинг аҳволи шундоғлигича қолиб кетадиганга ўхшаб кўринарди. Ёзган бутун илтимослари, жилла қурмаса, ҳаётларини яхшилаш, офицерлик даражасига кўтариш тўғрисида аризалари оқибатсиз қолди. Николай Павлович аскарларни кўрикдан ўтказиш, парадлар, маскарадларга бориш билан банд, у маска кийган хонимлар билан ўйнашар, одамларни қўрқитиб, отларни чарчатиб, бекордан-бекорга Россия бўйлаб Чугуевдан Новороссийскка, Петербург, Москвагача югуриб юрар, бирор жасур одам юрак бетлаб сургундаги декабристларнинг ёки ватанпарварлик туфайли азоб чекаётган полякларнинг (Николайнинг ўзи ватанпарварликни мақтарди) тақдирини енгиллатиш тўғрисида илтимос қилганда кўкрагини кериб, қўрғошин соққага ўхшаган кўзларини бир жойга тикиб, «Қўяверинг, хизмат қилаверсинлар, ҳали эрта», дер эди. Қачон эрта эмас, қачон вақти соати келиши гўё унинг ўзига аён эди. Подшонинг яқиилари: генераллар, камергерлар ва уларнинг хотинлари — унинг ювиндихўрлари бу улуғ одамнинг ҳаддан ташқари фаҳмли эканига, донолигига қойил қолар эдилар.
Умуман, Мигурскийлар бахтсиз бўлсалар ҳам вақтларини хурсандчилик билан ўтказар эдилар.
Шу зайлда улар беш йил умр кечирдилар. Бироқ уларнинг бошига кутилмаган бахтсизлик тушди. Олдин қиз, икки кун кейин ўғил касал бўлиб қолди. Тиббий ёрдам бўлмаганидан (врач топишнинг иложи йўқ эди) тўртинчи куни бола жон берди. Икки кундан кейин қиз ҳам қазо қилди.
— Альбина ўзини ўлдирса эрининг қандай аҳволга тушишини тасаввур қилиб қўрқиб кетгани учунгина, ўзини Урал дарёсига ташламади. Аммо у ҳаётдан безган эди. Илгари ишчан, куйди-пишди бўлган Альбина энди ҳамма ишни Лудвикага ташлаб қўйди, ўзи соатларча, дуч келган нарсага кўзини тикиб, миқ этмай ўтирар, баъзан ирғиб ўрнидан туриб чопганича ўз ҳужрасига кириб кетар, у ерда эрининг ва Лудвиканинг таскин беришига парво қилмай, юм-юм йиғлар, фақат бошини сарак-сарак қилиб уларнинг чиқиб кетишини, ўзини ёлғиз қўйишларини сўрарди. Ёзда эса у болаларнинг мозорига бориб у ерда ўтирар, ўтган нарсаларни эслаб армон қилар, юрак-бағрини қон этарди. Агар шаҳарда турсак, тиббий ёрдам кўрсатиб болаларни олиб қолардик, деган фикр уни азобга соларди. Гуноҳимиз нима? Нима сабабдан бундай? — деб ўйларди у. — Юзё ҳам, мен ҳам ҳеч кимдан ҳеч нима тама қилмаймиз. Юзё ҳам дунёга келиб, ўзининг ота-боболари сиигари умр кечиришни, мен эса у билан бирга туриб, уни ардоқлаб, жажжи болаларимни бағримга босиб тарбиялашдан бошқа нарсани истамас эдик. Тўсатдан уни азоблаб сургунга юбордилар. Мени нурийдидаларимдан жудо этдилар. Нима сабабдан? Гуноҳимиз нима? — деб у одамларга ва худога савол берарди. Бунга бирор жавоб топишнинг мумкинлигига ақли етмасди.
Саволига жавоб тополмаган Альбина дунёдан безган, ёруғ дунё кўзига қоронғи бўлган эди. Илгари сургунда бечоралик билан ўтган ҳаётини ўзининг хотинларга хос диди билан безар эди, энди бўлса — ҳаёт ёлғиз унга эмас, балки ўз хотини учун азоб чеккан, унга қандай қилиб ёрдам беришни билмай қолган Мигурский учун ҳам тоқат қилиб бўлмайдиган даражада оғир эди.
VII
Мигурскийлар бошига шу мусибат тушган пайтда Уральскка Росоловский деган бир поляк келиб қолди. У ўша пайтда сургундаги ксендз Сироцинский томонидан ташкил этилган жуда катта исён ва қочиш режасига аралашишда айбланган эди.
Худди Мигурский ва минглаб кишилар сингари, поляклигича қолишни истагани учун жазоланиб Сибирга сургун қилинган Росоловский шу ишга аралашиб таёқ билан жазоланган ва Мигурский хизмат қилган батальонга тайинланган эди. Собиқ математика ўқитувчиси Росоловский новчадан келган, бир оз букчайган, юзи қотма, пешонаси тиришган, ориққина одам эди.
Росоловский биринчи келган куниёқ, кечаси Мигурскийларникида чойхўрлик қилар экан, шошмасдан, эран-қаран ўзининг нима учун жафо чекканини дўриллаб ҳикоя қилиб берди. Воқеа бундай бўлган экан: Сироцинский бутун Сибирь бўйлаб махфий бир жамият ташкил этибди, бу жамиятнинг мақсади — казак полкларига, линия полкларига тайинланган поляклар ёрдами билан солдатлар ва каторгага ҳукм қилинганларнинг исёнини кўтариш. Омскдаги артиллерияни қўлга олиб, ҳаммани озод этишдан иборат бўлган.
— Ажабо, шундай қилиш мумкинмиди? — деб сўради Мигурский.
— Жуда мумкип эди, ҳамма нарса тахт эди, — деди Росоловский қовоғини солиб. У ҳаммани озод этиш ва ишнинг муваффақияти учун барча чоралар кўрилганини, агар ишкал чиқса, исёнчиларни қутқариш ҳам назарда тутилганини гапириб берди. Агар икки нокас хиёнат қилмаганда, муваффақият таъминланган экан. Сироцинский, Росоловскийнинг гапига қараганда, иродали ва гениал одам экан. У қаҳрамонларча шаҳид бўлибди. Росоловский унинг жазолаб ўлдирилишини тафсилоти билан бафуржа дўриллаб гапириб берди. Бошлиқларнинг буйруғига кўра у шу иш юзасидан судланувчиларнинг ҳаммаси жазолаш маросимида ҳозир бўлишлари керак экан.
— Икки батальон солдат кўчанинг икки четига тизилиб, икки қатор бўлиб турди. Ҳар бир солдатнипг қўлида ихчам таёқ бор. Учтаси милтиқнинг қувурига сиғадиган бу таёқларнинг қай даражада йўғон бўлиши зоти олий томонидан тасдиқланган. Бошлаб доктор Шакальскийни етаклашди. Икки солдат уни етаклаб юрар, уларнинг олдига келганида таёқ ушлаган солдатлар докторнинг яланғоч орқасига урар эдилар. Доктор мен турган жойга яқинлашгандагина унга кўзим тушди. Дастлаб барабанларнинг дириллагани қулоғимга чалинди, кейинроқ, таёқларнинг визиллаб яланғоч бадан устига тушаётгани эшитила бошлади, унинг яқинлашиб қолганини пайқадим. Милтиқни чангаллаб олган икки солдат уни сургаб бораётганларини кўрдим. Доктор сапчиб-сапчиб тушиб, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга бошини ўгириб қарар эди. Бир сафар, уни бпзнинг олдимиздан олиб ўтаётганларида, рус врачинииг солдатларга: «Қаттиқ урманг, раҳм қилинг», деганини эшитиб қолдим. Аммо солдатлар урабердилар, менинг олдимдан иккинчи марта олиб ўтганларида у энди ўзи юролмас, уни судраб олиб юрардилар. Докторнипг орқасига қараб юрагим эзилиб кетди. Мен кўзларимни юмдим. У йиқилиб тушгач, аллақаёққа олиб кетдилар. Ундан кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини, тўртинчисини олиб ўта бошладилар. Ҳаммалари йиқилишарди, баъзиларини ўлик ҳолда, бошқалариии чалаўлик ҳолда судраб чиқишар, биз эсак сафда ғоз қотганимизча бу даҳшатни томоша қплишга мажбур эдик. Бу олти соатга қадар — каллаи саҳардан тушлик соати иккигача давом этарди… Энг сўнг Спроцинскийнинг ўзини олиб келдилар. Мен уни кўпдан буён кўрмаган эдим, қариб қолибди, зўрға танидим: соқоли қирилган, ажин босиб кетган юзи бўзарган эди. Яланғоч бадани қоқ суяк, сап-сариқ қовурғалари саналиб турар, қорни ичига кириб кетган эди. У ҳам ҳамма сингари, ҳар таёқ текканда сапчиб тушар, бошини опқочар, аммо инграмас, баланд овоз билан дуо ўқпрди: Miserere mei Deus secundam magnam miscricordiam tuam[10].
— Ўз қулоғим билан эшитдим, — деди тез-тез гапириб, хириллаб Росоловский, кейин оғзини юмиб, бурнини тортиб қўйди.
Дераза тагида ўтирган Лудвика юзини дастрўмоли билан беркитиб, ҳўнграб йиғларди.
— Бунча тафсилоти билан гапиришнинг нима ҳожати бор! Ваҳшийлар ваҳшийлигини қилади-да, — деб қичқириб юборди Мигурский. У трубкасини ташлаб, стулдан ирғиб, турди-да, тез-тез юриб қоп-қоронғи ётоқ бўлмасига кириб кетди. Альбина эса қоронғи бурчакка кўзини тикиб, тошдек қотиб қолган эди.
VIII
Эртаси куни Мигурский машқдан кейин уйига қайтиб келгач, хотинининг авзойини кўриб ҳайрон қолди.
Альбина худди қадимгисидек, енгил қадам ташлаб, уни очиқ чеҳра билан қарши олди ва ётоқ бўлмасига судради.
— Юзё, қулоқ сол.
— Икки қулоғим сенда. Нима дейсан?
— Кечаси Росоловский сўзлаб берган нарсалар устида мижжа қоқмай ўйлаб бир қарорга келиб қўйдим: мен шундай яшай олмайман, бу ерда туролмайман. Ўлсам ҳам бу ерда қолмайман.
— Нима қилиш керак?
— Қочиш керак.
— Қочиш? Қандай қилиб?
— Мен ипидан-игнасигача ўйлаб қўйдим. Қулоқ сол.
Альбина кечаси билан тузиб чиққан режасини гапириб берди. Бу шундан иборат эди: Мигурский кечқурун уйдан чиқиб Урал дарёсининг бўйига шинелини ташлаб кетади, шинелнинг устида, ўзимни ўлдирдим, деб хат қолдиради. У ўзини дарёга ташлабди, чўкиб ўлибди деб ўйлайдилар. Ўлигини қидирадилар, ҳар ёққа қоғоз юборадилар. Мигурский бўлса беркиниб олади. Альбина уни шундай жойга беркитадики, ҳеч ким тополмайди. Шу зайлда бир ой яшаш мумкин. Гап босди-босди бўлиб кетгандан кейин, улар қочадилар.
Бу режа биринчи дақиқада Мигурскийга амалга ошириб бўлмайдиган нарсага ўхшаб кўринди, аммо хотини қизишиб, шундай ишонч билан гапини маъқулладики, кечга бориб у хотинининг гапига кўнди. Бундан ташқари, у шунинг учун ҳам рози бўлган эдики, қочиш муваффақиятсиз чиққудек бўлса, Росоловский тасвирлаб берган жазони у, яъни Мигурский тортади, муваффақиятли чиқса, Альбина озод бўлади. Болалар ўлгандан кейин хотинининг бу ерда туриши жуда оғир эканини у ўз кўзи билан кўриб турган эди.
Росоловский билан Лудвика ҳам бу режа билан танишган эдилар, узоқ кенгаш қилиб, баъзи ўзгартишлар киргизилгандан кейин режа тайёр бўлди. Дастлаб, Мигурскийнинг чўкиб ўлганига бошлиқлар ишонганларидан кейин, у битта ўзи пиёда қочиши керак, деган фикрда эдилар.
Альбина эса соябон аравада жўнайди ва белгиланган жойда у билан учрашади. Биринчи тузилган режа шу эди. Аммо Росоловский сўнгги беш йил ичида Сибирдан қочишга уринганларнинг ҳаммаси муваффақиятсизликка учраганини гапириб бергач, (шу вақт ичида биттагина кишининг омади келиб қочиб қутулибди), Альбина бошқача режа таклиф қилди: арава ичига беркиниб олган Юзё Альбина ва Лудвика билан бирга Саратовгача боради, сўнгра бошқа кийим олиб, Волга қирғоғи бўйлаб қуйи томонга пиёда кетаверади, ваъдалашиб қўйилган жойда қайиққа ўтиради. Саратовда ёлланган қайиқда Альбина ва Лудвика билан бирга Волга бўйлаб жануб томонга қараб Астрахангача, у ердан Каспий денгизи орқали Эронга етиб олишади. Бу режа ҳаммага ва бу ишга бош қўшган Росоловскийга маъқул тушди. Аммо аравада бошлиқларнинг эътиборини жалб қилмайдиган, ичига одам сиғадиган бир жой ясаш жуда мушкул эди. Бир куни Альбина болаларининг мозорига бориб келгандан кейин Росоловскийга, болаларимнинг жасадини ёт элларда қолдириб кетишга кўнглим бўлмаяпти, деганида у ўйлаб туриб шундай деди:
— Бошлиқлардан болаларингизнинг жасади солинган тобутларни олиб кетишга рухсат сўранг, ижозат беришади.
— Йўқ, бундай қилишга ҳеч юрагим йўқ, — деди Альбина.
— Гап битта, сўрайсиз. Ҳамма гап шунда. Биз тобутларни олиб кетмаймиз, балки болаларнинг жасадини солиш учун катта бир яшик ясаймиз, аммо яшик ичига Юзефни яширамиз.
Бошда Альбина бу таклифни рад қилди, чунки алдамчиликни болаларнинг хотираси билан боғлаш унга ёқмади, аммо Мигурский кулиб бу режани маъқуллаганда, у кўнди.
Энг охири шундай режа тузишди: Мигурский усталик билан иш кўрсатиб, ўзининг чўкиб ўлганига бошлиқларни ишонтиради. Унинг ўлганига ҳамма ишонгандан кейин Альбина, эрим ўлди, эндиликда ўз ватанимга қайтишга ва болаларимнинг жасадини олиб кетишга рухсат беринг, деб илтимоснома ёзади. Унга ижозат берилгандан кейин, гўё гўрни қазиб, тобутларни чиқарган бўладилар, аммо уларни ўз жойида қолдирадилар, болаларнинг тобути ўрнига махсус тайёрланган яшикка Мигурский кириб беркиниб олади. Бу яшикни тарантасга жойлайдилар, шу зайлда Саратовгача борадидилар. Саратовда қайиққа ўтирадилар. Юзё яшик ичидан чиқади. У ёғи Эрон ёки Туркия — озодлик.
IX
Даставвал Мигурский Лудвикани ўз ватанига юбориш баҳонаси билан тарантас сотиб олдилар. Сўнгра ичида икки букилиб бўлса ҳам нафас олиб ётиш, билинтирмай ичидан чиқиш ва яна кириш мумкин бўлган яшик ясай бошладилар. Яшикни Альбина, Росоловский ва Мигурскийнинг ўзи, уч кишилашиб бамаслаҳат ясашди. Яхши дурадгор бўлган Росоловскийнинг катта ёрдами тегди. Араванинг орқасига жипс қилиб маҳкам жойлаштириладиган яшик шундай ясалган эдики, унинг арава томондаги қопқоғи очилиб, ичидаги одам қисман яшикда, қисман араванинг тагидаги тахтасида ётиб кетаверарди. Бундан ташқари, ҳаво кириб туриши учун яшикнинг бир неча жойидан тешик қилинган эди. Уни чиптага ўраб, арқон билан чандиб ташлашмоқчи эди. Яшикка арава ичидан кириш-чиқиш мумкин эди, арава ичига ўтирғич ҳам ясашди.
Арава ва яшик тайёр бўлгач, Мигурский ғойиб бўлишдан олдин, бошқаларни чалғитиш учун Альбина полковникнинг ҳузурига бориб, эрим савдойинамо бўлиб қолди, ўзини ўлдирмоқчи ҳам бўлди, ундан хавотирдаман, уни вақтинча бўшатиб қўйинг, деб арз қилди. Альбинанинг драматик санъатга бўлган қобилияти иш бериб қолди. Эридан ташвишланиб қўрққанини у шу қадар табиий ифода этдики, полковникнинг раҳми келиб, нимаики қилиш мумкин бўлса ҳаммасини қилишга ваъда берди. Шундан сўнг Мигурский бир хат ёзди, уни Урал бўйига ташлаган шинелининг енг қайтармасидан топиб олишлари лозим эди. Аҳдлашиб қўйилган куни кечқурун у Урал бўйига борди, қоронғилик тушгандан кейин қирғоққа кийим-бошлари, хат солинган шинелини қўйиб, ўзи киши билмас уйга қайтиб келди. Эшиги қулфлоғлиқ турадиган чордоқда унинг учун жой ҳозирлаб қўйилган эди. Альбина эрининг йигирма соат аввал уйдан чиқиб кетиб ҳалигача қайтиб келмаганини билдириш учун кечаси Лудвикани полковник олдига юборди. Эрта билан унга эрининг мактубини келтириб топширдилар. Альбина ҳасрат-надомат чеккан кишидек, кўз ёшини оқизиб бу хатни полковникка обориб берди.
Бир ҳафтадан кейин Альбина ўз юртига қайтиб кетишни илтимос қилиб ариза берди. Альбинанинг қайғуришини кўрган кишилар ҳайратда қолдилар. Ҳамма бу муштипар она ва бахтсиз хотинга ачинар эди. Кетишга рухсат олгандан кейин у яна ариза бериб, болаларининг жасадини гўрдан чиқариб олиб кетишга рухсат сўради. Бошлиқлар унинг қалби нозиклигига ҳайрон қолиб, бу илтимосини ҳам ерда қолдирмадилар.
Эртаси куни, бунга ҳам рухсат олгандан кейин, Росоловский, Альбина ва Лудвика билан бирга, кира қилинган аравага болаларнинг тобутлари солинадиган яшикни ортиб, қабристонга, болаларнинг мозорига келишди. Альбина болаларининг гўри олдида тиз чўкиб дуо ўқиди-да, қовоғи осилиб Росоловскийга:
— Қани, ишни бошланг, менинг қўлим бормайди, — деб бир чеккага ўтиб турди.
Росоловский билан Лудвика қабр устидаги тошни суриб белкурак билан гўрпинг устки қаватидаги тупроғини олиб ташладилар, шунда гўр очилгандек бўлиб қолди. Иш бажарилгандап кейин улар Альбинани чақиришди-да, ичига тупроқ тўлдирилган яшик билан уйга қайтишди.
Жўнаб кетадиган кун ҳам етпб келди. Росоловский ишнинг муваффақиятли чиққанидан хурсанд эди. Лудвика эса йўлга ширин нон ва сомса пишириб, ўзининг севган «Jak mame kocham» (онамдан яхши кўраман) деган мақолинн такрорлар, юрагим қўрқувдан ва хурсандчиликдан тарс ёрилиб кетай деяпти, дер эди. Бир ой ўтириб зериккан Мигурский чордоқдан қутулганига, ҳаммадан ҳам Альбинанинг терисига сиғмай қувонганига хурсанд эди. Альбина гўё илгариги қайғуларини, хавф-хатарни унутганга ўхшар, чордоққа югуриб чиқиб, худди қизлик вақтидагидек шодлигини ичига сиғдиролмай жилмаярди. Кузатувчи казак кечаси соат учда аравакаш билан уч отни бошлаб келди. Альбина Лудвика билан устига шолча солинган ёстиқ устига ўтиришди. Улар кучукни ҳам оливолишган эди. Казак билан аравакаш ўриндиққа жойлашиб олишди. Мужикчасига кийинган Мигурский арава тагидаги тахта устида ётарди.
Уч от қўшилган тарантас кумушдек товланган бултурги чалов ўтлар ўсган, бир умр ҳайдалмаган бепоён чўл ўртасидаги теп-текис йўлдан қушдек учиб борарди.
X
Альбинанинг умид ва шавқ-завқ билан тўлиб-тошган юраги орзиқарди. У ўз ҳислари билан ўртоқлашмоқ учун гоҳ жилмайиб Лудвикага ўриндиқда ўтирган казакни, гоҳ арава тагини имлаб кўрсатарди. Лудвика эса қиёфасига маънодор тус бериб, тўғрига қараб қимир этмай ўтирар, лабларини сал-пал қимтиб қўярди. Ҳаво очиқ, ҳар тарафни тонг қуёшининг қпя тушган нурлари остида товланиб турган чалов ўсган поёнсиз чўл энлаб ётибди. Асфальтдек қотиб кетган йўл устида чопиб кетаётган тақасиз бошқирд отларининг дупури эшитиларди, йўлнинг икки четида юмронқозиқлар чиқариб ташлаган тупроқлар уюлиб ётади; чўққайиб ўтириб қоровуллик қилаётган бир юмронқозиқ хатардан дарак бериб қаттиқ чийиллаб, инига уриб кетади. Йўловчилар жуда оз эди: йўлда араваларига буғдой ортилган казаклар карвони ёки отлиқ бошқирдлар учрар, казак улар билан татарчалаб балодек гаплашарди. Ҳамма бекатларда дам олволган, қорни тўқ отлар турар. Альбина ароқ пули деб ярим сўлкавой сўна қилгани учун аравакашлар отларни, уларнинг таъбирича, фельдъегерчасига, яъни чоптириб ҳайдар эдилар.
Биринчи бекатда, аввалги аравакаш отларни аллақаёққа олиб кетди, янгиларини ҳали келтирмаган эдилар, казак бекат қўрасига кириб кетганида Альбина энгашиб, эридан, аҳволинг қалай, бирор нарса керакми, деб сўради.
— Жуда яхши, тинч кетяпман. Ҳеч нарса керак эмас. Икки сутка бўлса ҳам бемалол ёта бераман.
Кечга томон Дсргачи деган катта қишлоққа етиб келдилар. Эрим қўл-оёғини ёзиб дам олволсин, деган ниятда Альбина почтахонага эмас, карвонсаройга тушди, казакка пул бериб, тухум ва сут сотволиш учун қишлоққа жўнатди. Тарантас бостирма тагида турар, ҳовли зим-зиё эди. Альбина казакни пойлаб туриш учун Лудвикани қоровул қўйди-да, эрини яшикдан чиқариб қорнини тўйғизди, казак қайтиб келмасдан бурун Мигурский яна ўз жойига кириб ётиб олди. Яна одам юбориб от келтирдилар ва йўлга тушдилар. Альбинанинг борган сари кўнгли кўтарилиб ўз хурсандлигини ичига сиғдиролмай қолди. Лудвика, казак ва Трезоркадан бошқа гаплашадиган кимса йўқ эди. Альбина улар билан гаплашиб вақтини чоғ қилиб борарди.
Ўзи ўлгудек хунук бўлишига қарамай, Лудвика дуч келгап ҳар бир эркак менга ошиқ-шайдо бўлиб қолади, деб гумон қиларди; ҳозир ҳам уларни кузатиб бораётган мовий кўз, барваста, кўнгилчан урал казагига нисбатан ҳам шу фикрга келган эди. Содда ва мулойим казак иккала аёлга ҳам ёқиб қолганди. Бироқ Трезорка араванипг тагини искамоқчи бўлганда Альбина бунга йўл қўймас, унга дўқ қиларди. Альбинанинг Трезоркадан ташқари яна бир эрмаги — Лудвика эди. Лудвика ҳеч нарсадан хабари бўлмаган, нима десалар мулойимгина жилмайиб турадиган казакка кулгили тарзда ноз-истиғно қиларди. Хавф-хатардан ва ишининг ўнгидан келаётганидан, ажойиб чўл ҳавосидан маст бўлган Альбина болалардек қувонарди, у кўпдан буён бу қадар шод-хуррам бўлмаган эди. Мигурский ётган жойида уиинг ҳушчақчақ гапларини эшитар, оғир аҳволдалигига қарамай (у исиб кетган, ташналикдан қийналган эди), ўзини унутиб Альбинанинг хурсандлигидан кайфи чоғ бўларди.
Иккинчи кун кечга яқин туман орасидан бир нарса кўзга чалина бошлади. Бу Саратов ва Волга эди. Казак ўзипинг ўткир кўзлари билан Волгани ҳам, кема минораларини ҳам кўриб турар, уларни Лудвикага кўрсатар, Лудвика, ҳа, мен ҳам кўряпман, дер эди, бироқ Альбинанинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди. Эрига эшиттириб қаттиқ овоз билан:
— Саратов, Волга, — дер эди. Трезор билан гаплашган киши бўлиб, кўрган нарсаларининг ҳаммасини эрига эшиттириб, гапириб берарди.
XI
Альбина Саратовга кирмасдан Волганинг сўл қирғоғида, шаҳар рўпарасидаги Покровский слободасида тўхтади. Бу ерда у кечаси эри билан гаплашиб, яшикдан чиқариб юбориш ниятида эди. Аммо казак қисқа баҳор кечаси тарантасдан бир қадам ҳам нари силжимай унинг ёнида, бостирма тагидаги бўш шалдироқ аравада ўтириб чиқди. Лудвика Альбинанинг буйруғи билан арава ичида ўтирар, казак мени деб аравадан нари кетмаяпти, деб ўйлаб, унга кўз сузиб қўяр, ҳиринглар, рўмоли билан чўтир юзини беркитар эди. Бироқ Альбинага бу нарса кулгили бўлиб туюлмас, нега казак арава ёнидан бир қадам ҳам жилмайди, деб ташвишланар, борган сари безовталанарди.
Кўз юмиб очгунча тонг отадиган қисқагина май кечасида Альбина карвонсаройнинг ҳужрасидан тушиб бадбўй йўлак билан орқа эшикка чиқиб қарар эди. Казак ҳамон мижжа қоқмай, тарантас ёнидаги бўш арава устида оёғини солинтириб ўтирарди. Фақат тонг олдидагина, хўрозлар уйғониб, ҳовлима-ҳовли чақириша бошлаганларида, Альбина пастга тушиб эри билан гаплашиб олишга фурсат топди. Қазак арава устида чалқанчасига тушиб хуррак отиб ётарди. Альбина тарантас ёнига келиб яшикни бир туртди-да:
— Юзё! — деб чақирди. Жавоб олмагандан кейин қўрқиб қаттиқроқ: — Юзё! Юзё! — деб юборди.
— Нима дейсан, жонгинам? — деди Мигурский яшик ичидан туриб уйқусираган овоз билан.
— Чақирганимда нега овоз бермадинг?
— Ухлаб ётувдим, — Альбина унинг овозидан илжайганини пайқади. — Нима, чиқаверсам бўладими? — деб сўради у.
— Йўқ, бўлмайди. Казак шу ерда, —деб Альбина аравада ухлаб ётган казакка кўз ташлади.
Шуниси қизиқки, казак хуррак отиб ётар, аммо унинг мулойим кўзлари очиқ эди, У Альбинага қараб турарди, фақат кўзига кўзи тушгандагина юмиб олди.
«Менга шундай туюлдими ёки у ухламай ётдимикан? — деб ўзига ўзи савол берди Альбина. — Йўғ-э, кўзимга шундай кўрингандир».
— Яна бир оз сабр қилиб тур, — деди Альбина. — Овқат егинг келяптими?
— Йўқ. Чекким келяпти.
Альбина яна казакка қараб қўйди. У ухлаб ётарди. «Кўзимга кўринган экан», деб ўйлади у.
— Мен энди губернаторнинг олдига бораман.
— Майли, оқ йўл…
Альбина чамадондан кўйлагини олди-да кийингани ҳужрасига кириб кетди. У энг яхши одми кўйлагини кийиб Волгапинг нари томонига ўтиб олди, дарё бўйидаги кўчада бир извошга ўтириб губернаторникига жўнади. Губернатор уни қабул қилди. Кулиб турган, француз тилида яхши гаплашадиган чиройликкина тул поляк аёли ўзини ёш қилиб кўрсатишга уринган чол губернаторга жуда ёқди. У Альбинанинг ҳамма илтимосларини қабул қилди ва Царицин шаҳар бошлиғига ундан фармон олиш учун эртага яна бир келиб кетишини сўради. Ўз илтимосларининг қабул қилинганлиги ва губернаторпипг авзойидан ўзининг чиройи унга қандай таъсир этганини билиб, Альбина хурсанд ва умидвор бўлди, шу кайфиятда, извошда ўтириб тош ётқизилган қия кўчадан пристанга тушмоқда эди. Офтоб ўрмон устига кўтарилган, унинг қия тушган нурлари жимирлаб турган тошқин сув устида жимжима қиларди. Йўлнинг ўнг ва чап томонидаги тепаликларда хушбўй олма дарахтлари оппоқ чамандек бўлиб очилиб ётар эди. Қирғоқда кемаларнинг миноралари қалашиб турар, елканлар шамолдай чайқалар, офтобдан жимирлаган тошқин сув устида оқариб кўринарди. Пристанда Альбина извошчи билан гаплашиб туриб, Астрахангача қайиқ ёлласа бўладими, деб сўраб қолди. Шунда ўнлаб хушчақчақ қайиқчилар шовқинлашиб ўз хизматлари ва қайиқларини тақдим этдилар. Альбина бошқалардан кўра ўзига кўпроқ ёққан бир қайиқчи билан гаплашиб, унинг елканли қайиғини бориб кўрди, унинг қайиғи пристанда тиқилишиб ётган бошқа қайиқлар орасида эди. Қайиқда елканли пастак мачта ўрнатилган бўлиб, шамол турганда ўзи юрар эди. Шамол тўхтаб қолгудек бўлса, эшкаклар ва офтобрўядаги қайиқда ўтирган иккита барзанги, хушчақчақ эшкакчи бор. Хушчақчақ, кўнгилчан лоцман тарантасни ташлаб кетмасдан, унинг ғилдиракларини чиқариб олиб қайиққа ўрнатишни таклиф этди. «Жуда яхши жойлашади, сиз ҳам бемалол ўтириб кетасиз. Агар худо бериб ҳаво очиқ туриб берса, беш кун деганда Астраханга етамиз».
Альбина қайиқчи билан келишиб, тарантасни кўриш ва закалат олиш учун Покровский слободасидаги Логинов карвонсаройига келишни унга таклиф этди. Ҳамма иш кутганидан ҳам яхши бўлаётган эди. Альбина ўзида йўқ шод-хуррам бўлиб Волганинг бу ёғига ўтди ва ўзини ўтказиб қўйган эшкакчини рози қилиб, карвонсаройга йўл олди,
XII
Сирт соқчилардан бўлган казак Данило Лифанов ўттиз тўрт ёшда бўлиб, ҳарбий хизматни битиришига бир ой қолган эди. Унинг оиласида, ҳали ҳам Пугачёвни эсида сақлаган тўқсон яшар қари бобоси, икки укаси, эски мазҳабда бўлгани учун Сибирга каторгага юборилган акасининг хотини, ўзининг хотини, икки қизи, икки ўғли бор эди. Отаси французлар билан бўлган урушда ҳалок бўлган. Дапило оила бошлиғи эди. Уларнинг қўрасида ўн олтита от, икки қўшҳўкизи бўлиб, ўн беш ботмонча бўз ерга буғдой экишган эди. Данило Оренбургда, Қозонда хизмат қилди, энди ўз муддатини тугалламоқда эди. Эски мазҳабга эътиқоди зўр бўлган бу одам чекмас, ичмас, бошқа мазҳабдагилар билан бир товоқдаи овқат емас, ичган қасамига риоя қиларди. Ҳамма ишини шошмасдан, пухта қилар, бошлиқлар топширган вазифанн ўринлатиб бажармагунча, кўнгли жойига тушмасди. Энди бўлса, тобут олиб кетаётган икки поляк аёлини Саратовгача кузатиб қўйишни унга топшириб, йўлда ҳеч ким уларга озор бермасин, уларнинг ўзлари шўхлик қилмай, тинчгина борсинлар, Саратовда уларни бошлиқларга қўлма-қўл топшириш керак, деб буюрган эдилар. Қазак уларни кучуклари ва тобутлари билан Саратовгача элтиб қўйди. Хотинлар, гарчи поляк бўлсалар ҳамки, ювош, мулойим бўлиб, улардан бирор ёмонлик чиқмади. Аммо шу ерга — Покровский слободасига етиб келганда, кечга яқии тарантас ёнидан ўтиб кета туриб кучукнинг тарантасга сакраб чиққанини кўриб қолди, кучук у ерда ингиллаб, думини ликиллата бошлади, тарантас тахтасининг остидан аллаким товуш чиқаргандан бўлди. Поляк аёллардан биттаси, қарироғи, кучукнинг тарантасга чиққанини кўриб, негадир қўрқиб кетдн, дарҳол кучукни ушлаб олиб жўнаб қолди.
«Бунда бир гап бор», деб ўйлади казак ва кўз-қулоқ бўла бошлади. Ёш аёл тарантас олдига келганда у ўзиии ухлаганга солди, шунда яшик ичидан эркак кишининг овозини аниқ-таниқ эшитди. Тонг отар-отмас у полицияга бориб, унга топширилган поляк аёлларнинг нияти бузуқлигини, яшикда ўлик ўрнига тирик одамни олиб кетаётганларини билдирди.
Узида йўқ қувонган, энди ҳамма ишнинг бир ёқли бўлганига, бир неча кундан кейин озод бўлишларига ишончи комил бўлган Альбина карвонсаройга яқинлашганида дарвоза олдида турган иккита тулпор қўшиғлиқ извошга ва икки казакка кўзи тушиб қолди. Дарвоза олдида тўпланган оломон ичкарига қараб турарди.
Альбинанинг кўнгли шу қадар тўқ, ўзи шу қадар ғайратга кирган эдики, бу қўшот ва йиғилган халойиқнинг унга дахли борлиги тўғрисидаги фикрни ақлига ҳам келтирмас эди. У қўрага кирган заҳоти ўзининг тарантаси турган бостирма тагига қаради-ю, халойиқнинг худди тарантас ёнида тўпланиб турганини кўрди, худди шу пайтда Трезорканинг жон-жаҳди билан вовиллаганини эшитди. Мудҳиш бир воқеа рўй берган эди. Тарантас ёнида погони, тугмалари офтобда ялтираган тоза мундир ва амиркон этик кийган серсоқол киши кўкрагини кериб хирқироқ, амирона овоз билан бир нарса деб бақирар эди. Унинг олдида, икки солдат ўртасида чигал сочларига пичан ёпишган, деҳқон кийимидаги Юзё қаққайиб турар, атрофида нима ҳодиса бўлаётганини тушунмаган кишидек, кенг елкаларини учириб қўярди. Бутун фалокатнинг сабаби ўзи эканини билмаган Трезорка юнгини ҳурпайтириб, жон-жаҳди билан полицмейстрга қараб беҳудага акиллар эди. Мигурскнй Альбинанинг кўриши билан сесканиб тушди, унинг ёнига келмоқчи бўлди, бироқ солдатлар йўлини тўсишди.
— Ҳечқиси йўқ, Альбииа, ҳечқиси йўқ, — деди Ми-гурский мулойимгина жилмайиб.
— Ана, хонимнинг ўзлари ҳам келдилар! — деди полицмейстр. — Қани, бу ёққа келсинлар. Болаларингизнинг тобути шуми? А? — деб Мигурскийни имлаб кўрсатди.
Альбина жавоб қилмади, фақат кўкрагини чангаллаб, оғзини очиб, ваҳима ичида эрига қараб турарди.
Жон бераётган маҳалда ва умуман, турмушда муҳим бир ҳодиса рўй берган вақтдагидек, бир лаҳзада Альбинанинг хаёлидан ҳар хил фикр ўтди, шу билан бирга у ўз бошига қандай фалокат тушганини англамас ва бунга кўнгли ишонмас эди. Қаҳрамон эрининг қўпол, ваҳший одамлар қўлига тушиб хор бўлганини кўриши билан у, дастлаб ғурурининг таҳқирланганини ҳис этди. Бу ҳис унга аввалдан таниш эди. «Одамларнинг сараси бўлган кишини ўз ҳукмлари остида ушлаб туришга уларнинг нима ҳақлари бор?» Айни замонда унинг бутун вужудини қамраб олган иккинчи ҳис, рўй берган фалокат таъсирида вужудга келган эди. Бу фалокат унинг ҳаётида юз берган катта бахтсизликни, болаларнинг ўлимини эслатди. Шу заҳоти: «Қайси гуноҳимга болаларимдан жудо бўлдим? Нега?» — деган савол туғилди. Бу савол «Одамларнинг сараси бўлган энг яқин одамим, эрим нима сабабдан ҳалок бўляпти, азоб чекяпти?» — деган саволни туғдирди. Шу пайт у эрини қандай ёмон жазо кутиб турганини, бунга Альбинанинг ўзи сабабчи бўлганини эслади.
— Бу одам кимингиз бўлади? Эрингизми? — деб қайтадан сўради полицмейстр.
— Гуноҳимиз нима? — деб чинқириб юборди Альбина. У асабийлашганидан ўзини йўқотиб, қаҳ-қаҳ уриб, араванинг шотисидан кўчириб олинган ва тарантас ёнида турган яшик устига йиқилиб тушди. Кўз ёшлари юзини юваётган, титраб-қақшаб йиғлаётган Лудвика Альбинанинг ёнига келди.
— Бекам, жоним бекам! Худо ҳаққи, ҳеч нарса бўлмайди, ҳеч нарса, — деб ҳушини йўқотиб унинг орқасисини силар эди.
Мигурскийнинг қўлига кишан солиб қўрадан олиб чиқа бошладилар. Альбина буни кўриб эрининг орқасидан чопди.
— Мени кечир, афв эт, — деди у. — Ҳаммасига мен айбдор, мен, мен!
— Кимнинг айбдорлигини ўша жойда суриштиришади. Сизга ҳам навбат келади, — деди полицмейстр қўли билан уни четлатиб.
Мигурскийни дарёдан кечиб ўтиладиган жойга бошлаб кетдилар. Ўзининг нима қилаётганидан бехабар бўлган Альбина унинг кетидан эргашиб борар, юпатмоқчи бўлган Лудвикага қулоқ солмас эди.
Казак Данило Лифанов шу воқеалар бўлаётган маҳалда тарантас ғилдираги ёнида турар, қовоғини солиб, гоҳ полицмейстрга, гоҳ Альбинага, гоҳ ўзининг оёқ панжаларига қарар эди.
Мигурскийни олиб кетганларидан кейин, ёлғиз қолган Трезорка думини ликиллатиб казакка эркалана бошлади. Қучук йўлда унга ўрганиб қолган эди. Казак сапчиб тарантас ёнидан силжиди: бошидан шапкасини юлқиб олиб, бор кучи билан ерга урди, Трезоркани оёғи билан итқитиб ташлаб, майхонага кетди. Майхонада у ароқ чақириб, бир кечаю бир кундуз ичди, ёнидаги пулини ичиб соб қилди, устидаги кийим-бошини ҳам сотиб ичди. Ароқ ичида ётиб қолган казак эртаси куни кечқурун уйғонди. Энди у ўзига азоб бераётган савол устида: «Поляк хотиннинг яшикка беркитган эри тўғрисида бошлиқларга хабар етказганим яхши бўлдими?..» — деган савол устида бош қотирмас эди.
Мигурскийни суд қилишди, уни аскарлар сафи орасидан юргизиб минг таёқ уриш тўғрисида ҳукм чиқарилди. Бироқ Мигурскийнинг қариндош-уруғлари ҳамда Петсрбургда таниш-билишлари кўп бўлган Ванда воситачилик қилиб, унга юмшоқроқ жазо беришни илтимос қилди. Мигурскийии Сибирга абадий сургуи қилишди. Альбина у билан бирга жўнаб кетди.
Николай Павлович эса ёлғиз Польшада эмас, бутун Европада революпия аждарининг бошини янчгани учун хурсанд, рус подшоларининг панд-насиҳатларини бажо келтирганига ва рус халқининг бахти учун Польшани Россия қўлида сақлаб қолганига хурсанд эди. Юлдуз таққан, зар ёқа мундир кийган одамлар уни шундай мақтар эдиларки, Николай Павлович ўзининг улуғ одамлигига, унинг ҳаёти бутун башариятнинг, хусусан, рус халқининг бахт-саодати эканлигига ростдан ҳам ишонар эди, ҳолбуки унинг бутун фаолияти беихтиёр, шу халқни ёмон йўлга бошлаш, лақиллатишдангина иборат эди.
Русчадан Миркарим Осим таржимаси
[1] Костюшко — Польша халқининг 1794 йилдаги қўзғолонига раҳбарлик қилган киши.
[2] Речь Посполита — XVI — XVIII асрлардаги феодал-крепостной Польша давлати.
[3] Сейм — Польша парламенти.
[4] Муқаддас Иттифоқ—1815 йилда Россия, Австрия ва Пруссия ўртасида тузилган реакцион сиёсий иттифоқ.
[5] Қадримга етиши учун уни бир оз қийнаш керак. (Французча.)
[6] Ксендз — поляк руҳонийси.
[7] Бельведер — Польша ҳокимларининг қасри.
[8] Яшасин поляклар, битсин москаллар! Ура! (Поляк тилида.)
[9] Злотий — 37,5 тийин.
[10] Худоё ўзинг карам қил, ўз раҳматингга ол. (Лотинча.)