Жан де Лафонтен. Масаллар

БЎРИ БИЛАН УЛОҚЧА

Томга чиқиб олган Улоқча, пастдаги йўлдан ўтиб кетаётган Бўрига пўписа қилди:
— Қотил… Ўғри… Нега сен яхши одамларнинг уйлари атрофида ўралашасан? Сенинг ёмон ниятда эканлигинг маълум. Хўш, бу ерларда нима қиляпсан? Уларга ўзингни кўрсатишга қандай ҳаддинг сиғади?
Бўри тишларини ғижирлатиб жавоб берди:
— Ҳап сеними кичкинтой… Барибир бир кун сен ҳам, албатта пастга тушасан. Ўшанда кўрасан.
Хулоса шундан иборатки, Узоқда туриб жасоратли бўлиш осон.

МУШУК ХОНИМ

Қадим замонда Юпитер ва Вена, махлуқотларнинг ўзгариш-ўзгармаслиги ҳақида баҳс қилишибди.
Юпитер:
— Ўзгаради, — дебди.
Вена эса:
— Ўзгармайди, — деб туриб олибди.
Шунда Юпитер қарори тўғрилигини исботлар учун бир мушукни олиб сулув қизга айлантириб қўйибди. Кейин уни хушбичим, келишган йигитга никоҳламоқчи бўлибди.
Катта никоҳ маросимидан сўнг улар зиёфат дастурхонига келишибди. Буларни кузатиб турган Юпитер:
— Унга қара, — дебди. — Қандай одоб билан тановул қилмоқда, тўғрими? Ким шундай гўзал, ёш қизни мушук деб ўйлайди?! Қара, яратилиш ўзгарар экан.
Вена:
— Шошма, дўстим. Ҳозир ишнинг аслини биламиз.
Шу заҳоти Вена бир сичқонни олиб келиб, эшикдан ичкарига қўйиб юборибди. Сўнг иккови нима бўлишини қизиқиб кутишибди.
Ҳалиги қиз сичқонни кўрар-кўрмас, меҳмонларга ҳам қарамай, дастурхон оша сичқонни қувлай кетибди.
Шунда Вена:
— Дўстим, яратилиш аслияти ҳеч қачон ўзгармайди, — дебди.

«Лафонтен масаллари» китобидан олинди

ҚУРБАҚАЛАР БИЛАН ҚЎРҚОҚ ТОВУШҚОН

Ўрмоннинг энг қўрқоқ ҳайвони товушқонмиш. Япроқ қимирласа бас, бекинишга жой излаб қолармиш. Унга бунчалик қўрқоқ бўлмаслик ҳақида қанча гапиришмасин фойдаси йўқ экан. Ўзидан ҳам кичик ҳайвонларнинг ўрмонда бемалол юришларини кўриб товушқон қўрқоқлигидан уялармиш.
Бир кун у ўрмонни кеза бошлабди. Унинг аҳволини кўрсангиз эди. Қўрқа-қўрқа, сақлана-сақлана, юраги оғзига тиқилиб бораркан, кўлга дуч келибди. Кўлда вақ-вақу қур-қур қилиб турган қурбақалар товушқонни кўришлари билан ўзларини сувга отишибди. Товушқон буни кўриб шошиб қолибди. Чунки қурбақалар ундан қўрқиб сувга бекинганларини англаган экан-да. Товушқон ўша лаҳза ўрмонда ундан ҳам баттар қўрқоқ ҳайвонлар борлигини билибди.
Ўша кундан бошлаб у қурқувини оз-оз енгишга киришибди.

М. Холмуродова таржимаси