Бу воқеа Москва шаҳри яқинида, чекинаётган қишнинг сўнгги кунларидан бирида содир бўлган эди. Тонг роса чўзилган тун туфайли уйқудан уйғонолмай карахт эди. Унда-бунда далаҳовлиларнинг чироғи ёниб турар, ора-сира қор учқунларди.
Ёзувчи Муравёв вагоннинг олд тарафига ўтиб, ташқи эшикни очиб юборди ва кўз ўнгидан ўтаётган қиш суратига анча вақт тикилиб қолди. Эҳтимол, буни қиш ҳам деб бўлмас: рутубатли кун, илиқ нам шамол шиддат билан бостириб келганида эриш бошланиб дарахт шохларидан ерга илк томчилар томчилайди. Бундай пайт ўрмондаги чуқурчалар устидаги муз қисирлаб, тагидаги булоқчалар оҳиста жилдирайди. Улар ўзи билан кўплаб пуфакчаларни оқизиб келади. Кумуш пуфакчалар турнақатор чопқиллайди, баъзан сув тагидаги қувраган хашакларга илашиб қолади. Қандайдир кўкрагида пушти-ранг доғлари бор кулранг қушча жилға тепасидаги дарахт шохига маҳкам ўрнашиб олиб, бир кўзи билан ўйноқлаётган пуфакчаларни кузатади, чийиллаб, устидаги қорни силкитади. Демак, баҳор яқин!
Шундай кунлар бўладики, бизнинг назаримизда ҳаёт порлоқ ва уйғун бўлиб туйилади. Ҳозир Муравёв билан ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлаётганди.
Илгарилари адабиётчилар китобхонларга турли саволлар билан мурожаат қилишни ёқтиришарди. Нега замонавий ёзувчилар баъзида бундай мулойим услубдан фойдаланмасликлари керак – ўйлади Муравёв.
Нега, масалан, ҳикояни шундай бошласа бўлмас экан:
“Муҳтарам ўқувчим, кишини тўсатдан ва ҳеч бир сабабсиз чулғаб оладиган муқаррар бахт туйғуси сизга танишдир? Сиз кўча бўйлаб кетяпсиз ва шунда юрагингиз ер юзида ажойиб бир воқеа юз берганига ишонганингиз туфайли гупиллаб ура бошлайди, сиз билан шундай воқеа бўлганми? Албатта бўлган. Бунақанги кайфиятнинг сабабини излаганмисиз? Даргумон.
Агар бахтни олдиндан сезиш туйғуси сизни алдаган бўлса ҳам, унда шунчалар кўп куч борки, у куч кейинчалик яшашингизга ёрдам берган бўлиб чиқади”.
– Инсон кайфиятининг самарали, бироқ очилмаган қирраларини излаш ва топиш ёзувчиларнинг иши, – деб ўйлади Муравёв. – Бу ҳам ижоднинг бир соҳаси.
Меҳнат! Бутун теварак-атроф у билан тўлиб тошган, минглаб тонналик юк поездлари шарақлаб ўтяпти. Бу меҳнат. Самолёт қорли текисликлар устидан гувуллаб учмоқда. Бу ҳам меҳнат. Электр узаткичлар улкан қувватга эга ток кучини қоронғулик қўйнидан олиб ўтмоқда ва бу ҳам меҳнат.
– Қор билан қопланган кўп миллионли мамлакат нима учун меҳнат қиляпти? – деди ўзига-ўзи Муравёв. – Ва ниҳоят мен ўзим нима боисдан меҳнат қиляпман?
– Яшаш учунми? Юксак маънавий бойликлар учунми? Инсоннинг гўзал, оддий ва оқил бўлиши учунми? Ва ниҳоят, муҳаббат ҳаётимизни соф нафаси билан тўлдириши учунми? Ҳа, шунинг учун! Пушкин куйловчи шеърларида сўраганидай:
Ким ўстирди бу қорда дилбар атиргулларни,
Айт: ким темир давридан олтин даврни топди?
– Албатта, биз, – ўзи ўзига жавоб берди Муравёв. Қор вагонга ёпирилиб, юзига қўниб эриб кетарди. – Биз бўлмасак, бошқа ким?”
Муравёв Москвада нашр этиладиган журналлардан бирига меҳнат мавзусида ҳикоя ёзишга топшириқ олган эди. У бу ҳикоя устида кўп ишлади, бироқ ҳеч бир натижа чиқаролмади. Чунки меҳнатни батафсил тасвирлаш инсонни чеккага суриб қўяди-да. Инсон бўлмаганидан кейин ҳикоя анчайин зерикарли бўлиб қолади. Муравёвга ҳикоянинг қовушмаётганига сабаб Москвадаги ғала-ғовур муҳит – телефон қўнғироқлари, турли ташвишлар, меҳмондорчилик ва мажлислар бўлиб туйилди.
Хулласи калом, Муравёвнинг жаҳли чиқди ва шаҳардан жўнаб кетди. Москва яқинидаги шохобчалардан бирида дўстининг ўз далаҳовлиси бор эди. Муравёв далаҳовлига кўчиб бориб ҳикояни тугатмагунча у ерда қолишга қарор қилди. Далаҳовлида дўстининг узоқ қариндошлари туришар, лекин Муравёв уларни ҳеч қачон кўрмаган эди.
Шимолий вокзалда, Муравёв шаҳар ташқарисига жўнайдиган поездга чиқиш учун перрон бўйлаб кетаётганида юраги ҳапқириб кетди ва у энди омадим чопади, деб ўйлади. У бу омад қандай келишини тасаввур ҳам қилди. У буни бутун вужудидаги тетиклик, ички ҳаяжонни жиловлаш, атрофдагиларни эслаб қолишдаги зийраклик, бу нотаниш далаҳовлига тезроқ етиб олиш истаги каби аниқ аломатлар туфайли биларди. У тезроқ осойишта ишга киришиб, оппоқ қоғозни қўлга олишини билар, мудом хаёлида севимли шеърий сатрлар чарх уриб айланарди.
“Ҳаяжондан юрак ийманар,
Дук-дук уриб садо беради.
Қуроқ тушдай чопар, изланар
Ва озодлик гулин теради”.
Муравёв шундай ҳаяжон билан қарағайзор ўрмоннинг дала ҳовлиларга туташ темирйўл станциясида поезддан тушди. Станцияда ҳеч ким кўринмасди. Фақатгина совуқдан патлари ҳурпайган бир тўда чумчуқ ёғоч панжаралар устига қўниб олиб, поездга норози қиёфада қараб туришарди. Муравёв уларнинг ёнидан ўтаётганида чўчимадилар ҳам, ҳатто пати билан туртиб юборишга сал қолди. Фақат бир чумчуқ Муравёвнинг тепасида туриб нимадандир норози чийиллади. “Беадаб, мени сўкаяпти шекилли, ўйлади Муравёв ва бурилиб чумчуққа деди: – Ўзингни ким деб ўйлаяпсан?” чумчуқ бит кўзларини қадаб, унинг ортидан норози қараб қолди.
Далаҳовли станциядан уч километрча олисда эди. Муравёв овлоқ йўлдан кетиб борарди. Онда-сонда сийрак дарахтлар орасида сайҳонликлар кўзга ташланар, уларнинг тепасидаги осмон қизариб турарди. – Наҳотки кун ботган бўлса? – қаттиқ овозда гапирди Муравёв ва бу жойда, шаҳар ташқарисида ўзи билан ўзи гаплашаётганини пайқаб қолди. Кун тез тугаб борар, ёруғлик шуъласи деярли кўринмасди. Ғира-ширада бирорта ҳам қуёш нури қиров босган дарахт шохларига тушмас, уларни оппоқ нурлари билан эркаламас, қорга хира соялар ташламасди.
Йўл жарлик устидаги ёғоч кўприк тарафга энди. Унинг тагидан жилғанинг шилдираши эшитиларди.
– Аҳа! – ўзида йўқ суюнди Муравёв ва тўхтади.
Муз остидаги сув ўйиб кетган чуқурчада чопқилаётган лойқа сув, унинг тагида тошчалар кўриниб турарди.
– Қишда бунча сувни қаердан оласан ошна? – сўради Муравёв.
Жилға жавоб бермади, албатта. У овозини гоҳ пасайтириб, гоҳ жаранглатиб оқишда давом этарди. Сув ялтироқ муз парчаларини бўлакчаларга бўлар, бир-бирига тўқнаштирарди.
Муравёв пастга тушиб, таёқча билан муз парчаларини синдира бошлади. Жилға муз бўлакларини думалатганда кўпик ҳосил бўларди.
“Баҳорга озгина ёрдам ҳам бериш керак-ку” – ўйлади Муравёв ва тиржайиб атрофга аланглади. Устига кўк чанғичилар костюмини кийган бир қиз чанғи таёғини қорга қадаб, кўприк устидан унга диққат билан қараб турарди.
Муравёв уялиб кетди. Бу қиз уни ким деб ўйлаётган бўлса? “Қари туллак қилиғига ўлайми?” У бундан бошқа нарсани ўйламайди ҳам, албатта. Бироқ қиз эгилди, шошилинч чанғисини ечди ва Муравёвга қараб қичқирди:
– Шошманг! Яхшиси, музни чанғи таёқчаси билан бўлаклаган маъқул. Уларда темир учлар бор. У пастга чопиб тушиб, Муравёвга таёқчасини узатди.
Маълум бўлишича, бу таёқча билан музни синдириш анча осон кўчаркан. Улар иккаласи жим ва диққатни жамлаб музни синдира бошлашди. Муравёв исиб кетиб, қўлқопини ечди. Қизнинг тўқима папоғи остидан кокиллари кўриниб қолди. Сўнгра қаердандир қулоқчинлари диккайиб турган бола пайдо бўлди. У бурнини тортиб, туртиниб– суртиниб оёқ остига ўралашаётганида Муравёв уни сезиб қолди.
– Етар! – деди, ниҳоят, Муравёв ва қаддини кўтарди. Қоронғулик қуюқлашди. “Вақтнинг тез ўтишини қаранг” – ўйлади Муравёв ва қизга қараб кулиб юборди. Қизча қўлқопидаги қорни қоқаётган эди. Бунга жавобан қиз бошини кўтармасдан жилмайди.
Жарликдан ўрмон йўлига чиқишгач, Муравёв қиз билан гаплашиб кетди. Сал орқада болакай ўралашар, пишиллаб бурнини тортарди.
Айтишича, бу қиз Муравёв бораётган дала-ҳовлида отаси билан тураркан.
– Демак, сиз экансиз-да дўстимнинг узоқ қариндоши, – хурсанд бўлиб кетди Муравёв ва ўзини таништирди. Қиз кулранг қўлқопини ечиб, Муравёвга қўлини узатди.
– Менинг исмим Женя, – деди у. – Отам иккаламиз икки кундан бери сизни кутамиз. Мен сизга халақит бермайман. Чин сўзим, сиз ўйламанг…. Эртага таътилимнинг сўнгги куни. Мен Москвага – институтимга жўнаб кетаман. Фақат отам…..
– Отангизга нима бўлди? – хавотирланиб сўради Муравёв.
– Уми, ботаник, ва роса маҳмадона – жавоб берди Женя. – Бироқ кеча у бўлар-бўлмас гаплар билан бошингизни қотирмасликка чин сўз берди. Билмадим, сўзида тура оладими? Тўғриси, тура олиш қийинроқ-да…
– Нега бундай деяпсиз? – сўради Муравёв.
Женя Муравёв билан ёнма-ён борарди. У чанғисини елкага ташлаб олган ва тўғри олдинга қараб турарди. Унинг кўзлари ва чанғисининг силлиқ кенг букилган учларида хира нур ялтирарди. Муравёв ҳайрон бўлди, – бу нур қаёқдан чиқди? Теварак-атрофдаги далалар бўйлаб тун ўз сепини ёйган бўлса. Кейинчалик Муравёв бу аввал ўйлагани қорнинг акси эмас, балки катта икки қаватли далаҳовлининг кенг, ёруғ деразалари акси эканлигини сезиб қолди. Улар ҳовлига яқинлашиб қолган эдилар.
– Ҳа, нега гапирмасдан туролмас экан? – яна сўради Муравёв.
– Нима десам экан… бўшашиб жавоб берди Женя. – Мен, масалан, денгиз кемасини қандай қилиб қуришини яхши тушунаман. Ёки тикувчининг бармоқлари орасидан нафис матонинг чиқишини. Китоблар қандай қилиб ёзилишини эса мен асло тушунмайман. Отам ҳам буни тушунмайди.
– Ҳа-а, – гапни чўзди Муравёв, – бу тўғрида йўлма-йўл гаплашиб бўлмайди.
– Сиз-чи, бу ҳақда ёзолмайсизми? –ийманибгина сўради Женя. Муравёв тушундики, у тортинчоқ бўлмаганида бу ҳақда ёзишни сўраган бўларди. Ахир, бошқалар ўзларининг ишлари ҳақида ёзишадику. Муравёв таққа тўхтади, кўзларини қисиб диққат билан Женяга тикилди ва тўсатдан кулиб юборди.
– Сиз ажойибсиз! Менинг бу ҳақда ёзаётганлигим, тўғрироғи, айнан ёзувчининг меҳнати ҳақида ёзмоқчи эканлигимни қандай қилиб топдингиз?
– Ҳа, мен топмадим, – хавотирланиб жавоб қайтарди Женя. Мен шунчаки айтган эдим-да. Катюша Маслова ёки “Сарсон саргардонликда”ги Телегин каби шахслар қандай бирдан дунёга келади, асрлар мобайнида яшашади, чиндан билгим келади. Мен шу ҳақда сўраган эдим.
Аммо Муравёв энди унинг сўзларини эшитмасди. Ўзининг меҳнати ҳақида ёзиш фикри хаёлига бирдан келди. У аввал бу ҳақда нега ўйламаган экан. Ўзи билмаган, ўзи бошидан кечирмаган воқеалар ҳақида қандай қилиб ланж ва бепарво ёзиш мумкин. Ёзиш ва ҳис қилиш, қандай қилиб тил қотиб қолади, сўзлар жозибасини йўқотади, ғазаб, йиғи, ўй-фикр ва кулги қўзғаш эса буш тунука қутидай динғиллайди.
Ўша оқшом Муравёв сўнгги кунларда Москвада ёзганларининг барини ҳеч афсусланмай қуруқ қайин ёғочлари гуруллаб ёнаётган печкага ташлаб юборди. Бир даста оқ қоғоз стол устида ётарди. Муравёв жойлашиб олиб биринчи бетга ёза бошлади:
Кекса, озғин ва ҳаракатчан ботаник бугун оқшом менга ўсимликлар қор остида ўзларини қандай тутишларини, кук туятовон новдалари қандай секинлик билан юпқа музни ёриб чиқишини, қор устидаги бойчечак гуллари қандай очилишини ҳикоя қилиб берди. Эртага у мени ўрмонга олиб боришни, тўғри келган ялангликдаги қорнинг тепа қатламини очиб, ҳозирча нимжон бу қиш гулларини ўз кўзим билан кўришимга ваъда берди.
Мен бу ҳикоями ёки очеркни ёзарканман, ижод деб аталувчи хийла дабдабали ҳали ҳеч ким томонидан ўрганилмаган ҳодисани нима деб аташни ҳам билмайман. Мен наср тўғрисида ёзмоқчиман.
Агар биз насрнинг энг асл намуналарига нигоҳимизни қаратсак, улар чинакам шеърият билан тўла эканлигига гувоҳ бўламиз. Тасвирий санъат билан ҳам.
Содда одамлар, кўзлари нурсиз, бемаза хаёлларга тўла айрим шоирлар ҳалигача шундай ўйлашадики, оламда сир-синоатлар қанча камайса, бизнинг тирикчилигимиз шунча зерикарли бўлади. Бунинг бари сафсата! Менинг ишончим комилки, шеърият – дунёни ғоят теран англашдан пайдо бўлади. Шеъриятнинг кўлами билимларимиз кўламига ҳамоҳанг тарзда ўсади. Коинот сирлари қанча камайса, инсон ақл-заковати қанча ошса, у шунча катта куч билан бошқаларга она еримиздаги гўзалликларни бера олади. Кекса ботаникнинг ўсимликларнинг қиш фаслидаги ҳаёти тўғрисидаги ҳикояси бунга мисол бўла олади. Бу ҳақда ажойиб достон ёзса бўлади. У достон қор тагида унган бойчечакдай совуқ оқ шеър бўлиши керак. Мен аввалбошдан наср ва назмнинг манбаалари икки нарса – дунёни англаш ва қудратли инсоний тасаввурда мужассам деган фикрни илгари сурмоқчиман.
Дунёни англаш – бу тугунак. Ундан тасаввурнинг мисли кўрилмаган мангу гуллари униб чиқади.
Бу чиройли ўхшатиш учун мени кечиришингизни сўрайман. Менимча, гўзаллик ва бошқа нарсаларни қораловчи “юксак маданиятлилик” бидъатини унутмоқ вақти келди. Гап шундаки, уларни меъёрида ва жойига қараб қўллаш зарур.
Муравёв тўхтамасдан ёзарди. У фикр ва сўзлар пойгаси тўхтаб қолмаслиги учун қаламини бир лаҳзага ҳам қўлдан қўйишликдан қўрқарди.
У ижод жараёни, тилининг ҳашамати ва кучи, буюк сўз усталари ҳақида ёзарди. Бутун олам ўзининг ҳайратланарли ранг-баранг гўзаллиги билан китоб саҳифаларида тўлиқ ва аниқ такрорланиши кераклиги, бироқ улар ёзувчи тафаккури ва тасаввурининг кристалларидан шовқин-суронли воқеликка қараганда тиниқроқ ва тушунарлироқ эланиб ўтиши ҳақида ёзарди.
У ўз ишига бутун вужуди билан шўнғиган. У шошиларди. Дераза ортидаги ёруғлик бўйлаб қарағайлар орасида сийрак қор гуллари қия учқунларди. Улар зулматда туғилиб, зулматда улардилар.
“Шу тобда ҳовлида қор учқунлаяпти, ёзди Муравёв. Сув кристаллари ўчиб ўтаяпти. Уларнинг мураккаб ва ажойиб тасвирини ҳаммамиз яхши биламиз. Бундай кристаллар шаклини кашф этган инсон улкан шарафга муяссар бўлармиди? Бироқ бу кристаллардан ҳам кўра лаҳзалик ва чидамсиз нарсанинг ўзи йўқ. Уларни йўқ қилишга гўдакнинг нафаси кифоя. Табиат ўта саховатли. У ҳеч қачон кучини аяб ўтирмайди. Биз, инсонлар, айниқса, ёзувчилар табиатдан кўп нарсаларни ўргансак арзийди. Аввало, сахийликни.
Ёзувчи ҳар бир асарига, майли у кичкина ҳикоя бўлсин, бор кучи, энг яхши қалб туйғуларини, ўзини бутунлай бағишламоғи лозим. Бу жойда ўзни аяш, манфаатга мутлақ ўрин йўқ.
Муҳандислар тили билан айтсак, барча дарвозаларни очмоқ керак. Асарга нуқта қўйилгач, юз бериши муқаррар бўлган руҳий тушкунликдан асло қўрқмаслик зарур. Сиз энди бир сатр ҳам ёзолмайдигандек, сиз гўё бор шарбати сиқилган анор бўлиб туюласиз. Бу алдамчи кайфият. Ҳафта ўтар-ўтмас сиз яна қоғозга талпинасиз. Сизнинг онг-у шуурингиз олдида дунё янгидан жилваланади. Денгиз тўлқини чиғаноқ ва баргхазонларни қирғоққа улоқтириб яна изига қайтгани монанд, сизнинг онгингиз ҳам уларни чиқариб, янги ижодингиздан илк сатрларни оқ қоғозга туширади.
Муравёв тонггача ёзди. У сўнгги сатрларни қоғозга тушираётганида атроф ёришиб қолган эди. Туманли далалар тепасида қуюқ совуқ тутун ўрмалар, тонг ёришиб келарди.
Пастда ҳозиргина печда ёқилган олов овози гуриллаб эшитилар, тортиш кучидан зўриққан печнинг чўян эшиги ора-сира тиқилларди.
Муравёв сўнгги сатрларни ёза бошлади: “Горкий” беҳафсала ёзиш мумкин эмас деганди. Ижод қилаётганингда энг севимли инсонингни кўз олдингга келтиришинг, унга қалбингда йиғилиб қолган энг яхши нарсаларни ҳикоя қилаётгандай бўлишинг керак. Шундагина соф ва соғлом сўзлар кела бошлайди”.
Бу оддий ва буюк насиҳат учун Горкийдан миннатдор бўлишимиз керак.
Эрталаб Муравёв пақирга совуқ сув солиб узоқ ювинди. Сувда ялтироқ муз парчалари сузиб юрарди. Кичкина ювиниш хонасининг деразаси ортида қордан эгилган арча шохи осилиб турарди. Янги пахмоқ сочиқдан қор ҳиди анқирди.
Юраги енгил ва бўм-бўш, ҳатто вужудида нимадир вақти-вақти билан қўнғироқ чалаётгандай эди.
Кундузи Муравёв Женяни станциягача кузатиб қўйиш учун отланди. У Москвага, институтига жўнаётган эди.
– Очиғини айтсам, – деди Муравёв –улар ўрмондаги платформанинг тахта деворига яқинлашаётганларида. – Мен ҳам Москвага қайтсам бўлаверади. Бироқ бир-икки кунга қолмоқчиман. Дам оламан.
– Бизникида ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми? – хавотирланиб сўради Женя.
– Йўқ. Бу жойлар ажойиб. Шунчаки… Мен кеча ҳикоямни деярли тугатдим.
Муравёв беихтиёр “деярли тугатдим” деб юборди. У ҳикояни бир кечадаёқ ёзиб ташлаганига иқрор бўлишдан негадир уяларди.
У Женя Москвага жўнаб кетгунча, унга бу ҳикояни ўқиб бериш учун шошганини, аммо ўқишга журъати етмаганини айтмоқчи бўлди. У яна ҳикояни ёзаётганда фақат уни ўйлаганини, Горкий, албатта, ҳақ эканлигини, у ундан миннатдор эканлигини, чунки у дунёда яшаётгани ва бутунлай бегона одамга кўнглида йиғилиб қолган энг яхши туйғуларни айтиб бериш заруратини сезганини айтмоқчи эди.
Лекин Женяга у ҳеч нарса демади. Фақатгина хайрлашаётиб қизнинг қўлини маҳкам қисиб қўйди, уятчан кўзларига термилди ва ёрдам учун раҳмат айтди.
– Қанақа ёрдам? – ҳайрон бўлди Женя.
Поезд келишидан олдин қалин қор ёға бошлади. Олисдаги севетафор ортидан паровознинг чўзиқ ва шодон қичқириғи эшитилди. Гўё сеҳрли оқ мамлакатдан чиққандай қор орасидан поезд отилиб чиқди ва тормозларини шиқиллатиб тўхтади.
Женя охирги бўлиб поездга чиқди. У вагонга кирмади, қизарган ва жилмайган ҳолда эшик олдида туриб қолди ва хайрлашаётиб яшил қўлқоп кийган қўлчаларини Муравёвга қараб силкитди.
Поезд ўрмонга тутун пуркаб, қор қўйнига ўзини урди. Перронда тик турган ҳолда Муравёв унинг изидан қараб қолди. Москванинг шимолий вокзалида бўлганидек юрагининг бўғиқ уришини ҳис қилди. Мана ҳозир яқин-яқинда, учқунлаб турган қор остидаги ерда жуда ажойиб ҳодиса руй бергани ва Муравёв унинг иштирокчисига айланганини кутилмаганда янаям сезди.
– Яхши! – деди Муравёв. – Ёшликдан айро яшаб бўлмайди!
Муравёв станциянинг музлаган зиналаридан пастга тушди ва муз майдалаш учун жилға тараф отланди. Ўзи билан чанғи таёқчасини ҳам олишни унутмаган эди.
1954 йил.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 3-4-сон
Абдимурод Қодиров таржимаси.