Комрон Назирли. Уч миллион долларлик юрак (ҳикоя)

“Боинг” ердан узилди ва тахминан бир неча сониядан кейин унинг остига, яъни йўловчилар ўтирган салоннинг тубига таг тарафдан каттакон тош отилиб кетгандек бўлди: самолёт енгилгина силтанди. Йўловчиларнинг аксарияти силтаниш сабабини билганлари учун ҳеч ким самолёт ҳавога кўтарилганидан кейин ғилдиракларнинг букилиши асносида эшитиладиган бундай шовқинга эътибор ҳам беришмади.
“VIP” аталмиш салонда нари борса, саккиз-тўққиз киши кетаётганди. Салонни қоқ ўртасидан бўлиб турган нозик, сариқ ипак парда орасидан салоннинг нариги томони одамлар билан лиқ тўла эканини кўриш мумкин эди. Нариги тараф бир оз арзонроқ чипта олган йўловчилар учун эди. Вип-салоннинг сўл тарафидаги иллюминаторнинг зиҳига тирсагини қўйиб кетаётган малласоч гўзал аёл салгина аввал яхши ният билан хайрлашган Ерга — Нью-Йоркдек муҳташам ва азим шаҳарни бағрига олган муаззам Ерга тикиларди.
Унинг рўпарасида қулай ва кенгиш ўриндиқда хавфсизлик камарини маҳкам боғлаб олган, бўйни узун кўйлак кийган кўзойнакли киши ерга кўз учида бўлса-да, қарашга қўрқарди: худди ўрин­диққа михлаб қўйилгандек, жойидан қимирлол­масди. Бояги ғилдираклар овози унинг ичини ҳам қаттиқ силкиб ўтгандек эди, ёнидан ўтган куза­тувчи қизга:
– Мисс, э глэс оф ватэ плиз, – дея ғализ та­лаф­фузда инглизчалаб мурожаат қилди.
– Олдингиздаги тортманинг тугмасини босинг, жаноб! У ерда ҳамма нарса бор, – кузатувчи қиз туркча жавоб қайтариб, нариги салонга ўтиб кет­ди.
Кўзойнакли киши кичкина, думалоқ кўзла­рини ҳозир уйғонган одамдек бир-икки марта пир­пиратиб, қаршисидаги тортмани биринчи марта кўрди. Кейин эсига тушди: ахир бу Американинг самолёти-ку! Ўн йилдан бери шу тугмадан фой­даланиб келади, нега ёдидан кўтарилди экан.
Тугмани босиб, тортмани очди: унда қуш су­тидан тортиб турфа хил ичимликларгача, қора, қизил икрадан қирғовул гўштигача, ғоз жигаридан қилинган паштету хилма хил бутербродларгача бор эди. Устига “Жон дармони” деб ёзилган маъ­данли сув идишининг оғзини очди. Бу сувни жуда ҳам соғиниб кетган эди.
Унинг қаршисидаги гўзал жувоннинг хаёли самолёт каби ҳалиям кўк юзига сочилиб кетган оппоқ, тўда-тўда булутлар бағрини ёриб, юксак­ларга парвоз этарди. Шу боис эрининг қўрққанини, чўнтагидан рўмолча чиқариб, пешонасидаги совуқ терни артиб ташлаганини кўрмади. Стюардесса қизнинг қачон ёнидан ўтганини, эри билан қисқача гаплашганини ҳам сезмай қолди.
Кўзойнакли киши сувдан бир қултум ичиб, ўзига келгандек бўлди ва бу ваҳимали овоз ҳар доим эшитавериб, қулоғи ўрганиб кетган ғилдирак товуши эканини англади. У сўнгги ўн йилда неча маротаба ва қай юртларга учганини билмайди. Лекин, бундай ҳолатга биринчи марта тушиши.
Кўзойнакли кишининг қулоқлари бошқа нар­сани эшитганди. Унинг кичкина, қисиқ кўзлари ҳам бошқа нарсаларни кўрган эди. Бирданига кўз-ойнакли кишининг кўксига совуқ оралагандек бўлди. Беихтиёр қўлини кўкрагига олиб борди. Шу топда унинг чап сийнаси узра салқин шабада елиб ўтди, гўё. Бу салқинлик бир зумда унинг вужудини эгаллаб, жунжика бошлади.
У олтмиш олти йиллик умри давомида бунақа нарсани ҳис этмаганди. Унинг аввалги, икки ой олдинги юраги ҳам бунақа тушуниксиз совуққа учрамаганди.
Эридан йигирма беш-ўттиз ёшлар чамаси кичикроқ бўлган гўзал малласоч хоним катта, хур­рам ва шаҳло кўзларини Ердан узди ва эҳ­тимолки, дунёдаги энг гўзал бу кўзларни ўша оппоқ, тўда-тўда булутлар чарчатиб қўйганди. Кейин дафъатан эрига ўгирилди.
– Сенга нима бўлди, Миша, – сўради хавотирли оҳангда. (У эрини турмуш қурганидан бери Миша деб чақирарди). Аслида эрининг исми Мамад бўлса-да, турк паспортида Меҳмет, рус паспортида Михаил, Америка паспортида Майкл, француз паспортида эса Мишель деб ёзилган эди.
– Ҳеч… Шунчаки юрагим увушиб кетди, – дея ҳалиги киши рўмолчаси билан пешанасининг терини артди.
Хотини бошқа ҳеч нарсани сўрамади ва булутлар тўпини шиддат билан ёриб бораётган самолёт қанотларига юзланди. Аёл қанотларнинг силлиқ парвозидан, қалин булутлар орасини омонсиз ёриб бораётганидан қалбида чексиз завқ уйғонганини ҳис қилди. Бу завқ унга кечаги оқшомни эслатди.
Кеча кечқурун Лас-Вегасдаги энг машҳур юрак дўхтирларидан бири Пол Жексон ташкил этган кузатув маросимида врачнинг ўзи аёлни рақсга таклиф этгани ва эри Мамаднинг бунга назокат ила рухсат бергани, кейин ўша қари, аммо жўш­қин ва эҳтиросли дўхтир аёлнинг белидан қучиб, уни меҳрли ва сирли нигоҳлари ила кўмиб таш­лагани ёдига тушди. Эҳтимолки, айни лаҳзада аёл­нинг оқ ва маъносиз чеҳрасига дунёнинг энг гўзал табассуми қўнди.
Ўшанда аёл умрида қора меҳнатга урилмаган, идиш-товоқ, кийим-кечак ювмаган нозик қўлла­рини врачнинг елкаларига қўйди. Табиийки, про­фессор Жексон бундан бағоят мамнун бўлди.
– Мен сизнинг афсонавий гўзаллигингизга ва иродангизга қойилман, – дея кекса профессор мамнуниятини шу тарзда ифода этишдан чекин­мади ва дарҳол қўшиб қўйди: – Озарбойжоннинг барча хотинлари сиздек гўзалми?
Аёл хаёл билан бўлиб, унинг охирги гапларини англаёлмай қолди ва ноқулай вазиятга тушмаслик учун:
– О йэс, сэр, – дея инглизчалаб жавоб қайтарди.
Аёл эрининг юрагини ўттиз-ўттиз беш ёшли америкалик йигитники билан ўта моҳирона ал­маштирган бу машҳури жаҳон шифокорга сўнгсиз миннатдорлик ҳиссини ифода этишдан ожиз эди.
– Сизнинг эрингиз сабр-тоқатли ва жасоратли одам экан. Шунча амалиётга матонат ила бардош берди.
– Ўзингиз ҳам жуда довюрак одам экансиз, доктор. Афтидан, бу жасоратингиздан аёллар билан рақс тушаётганда моҳирона фойдаланар экансиз.
– Фақатгина гўзал ва бардошли аёллар билан рақс тушаётганда жасоратли бўлиб кетаман, – кулди профессор.
– Биз сизни Бокуда кутамиз, – суҳбат мавзусини ўзгартиришга тиришди аёл. – Албатта, борасиз-а?
– Бораман, албатта, бораман, Озарбойжонни кўрмаганман. Келгуси йил бошқа бирор ишим чиқиб қолмаса, меҳмонга боришим аниқ.
– Профессор, сизга яна бир бор ташаккур билдирмоқчиман. Ҳаммаси учун. Сиз эримга қай­тадан ҳаёт бағишладингиз. Худди ўзим ҳам қайта туғилгандекман. Сиз унинг бундан кейин камида яна ўн йил яшашига кафолат бердингиз. Лекин яна бир нарсани сўрасам майлими?
Аёл бир лаҳза сўзсиз қолди.
– Буюринг, истаган нарсани сўрайверинг. Сиз­ни безовта қиладиган ҳар қандай масала бўйича савол бераверинг.
Аёл мамнуният билан кулимсиради ва бир қа­дар дадилланди. Бошини ўзидан анча ёши катта врачнинг елкаси узра эгиб, секин сўради:
– Эрим мен билан…
Профессор қаттиқ кулиб юборди. Унинг кулгисини сал нарироқда профессорнинг дўстлари даврасида киви виносини ичиб ўтирган аёлнинг эри ҳам эшитди. Юз биринчи қаватни ўз измига олган классик мусиқа садолари бу кулгини эритиб юборолмади ва профессор айтдики:
– Албатта, азизим, албатта. Фақат сиздек гўзал аёл билан ҳозирча ойда бир марта…
Бу сафар ҳар иккови кулиб юборди ва рақс шу билан тугади. Бугун Нью-Йоркдаги ҳовлиларидан аэропортга қадар “Лимузин”да худди шу ҳақда кула-кула гаплашиб келишди. Мамад сак­вояжларни аэропорт ходимига топшираётган занжи ҳайдовчига ҳозиргина пул қирқадиган машинанинг оғзидан чиққандек қарсиллаб турган ўнта юз долларлик купюрани узатиб, назокат ила деди:
– Марҳамат, бу пулга бола-чақангизга ул-бул олиб борарсиз.
Шунда ҳалиги занжи ҳам Мамаднинг хотини қўлидан ўпиб, рози ҳолда кетди. Аёл чет элларда эрининг ҳиммати ошиб-жўшиб кети­шини кўп кўрган бўлса-да, ҳар доим буни ҳайрат ила қабул қиларди. Самолётга мингунча эр-хотин шу тариқа анчагина пулни совуриб бўлишди.
…Мамад ҳануз юрагини чангаллаб борар, у айни дамда хотини ҳақида ўйламасди. Ниҳоят, у ҳам ўзи тарафдаги иллюминатордан ташқарига боқа бошлади. Ҳали булутларнинг орасидан Ер тамомила йўқолиб кетмаган эди. Ён узра тикилган осмонўпар бинолар, уларнинг пойида ўрмалаётган машиналар игнанинг тешигидан ўтадиган даражада кичрайиб борарди. Бора-бора улар кўз илғамас даражада майдалашиб, кўздан ғойиб бўлди.
У энди Боку ҳақида ўйларди. Ўйлардики, ҳали олдинда узун йўл турибди. Бу йўл осмон йўлидир. Самода на бекат бор, на светофор. Ер эса алла­қачон кўринмай кетган. Ана шуниси хавфли, қўрқинчли. Ҳа, агар баландликка чиққан бўлсанг ва юксакликдан ҳеч нарсани кўролмасанг, бу жуда қўрқинчли. Шу қўрқув унинг бутун жонини ва сийнасида уриб турган американча юракни ҳам титратиб турарди. Балки шунинг учундир, энди унинг кўкларга учишга ҳаваси қолмаганди. Бу парвозлар уни ҳолдан тойдирганди.
Ўтган йили ҳам хизмат сафаридан қайтаётганди. Бехосдан юраги хуруж қилиб қолди. Самолёт Па­рижга қўндирилди. Шифохонага олиб боришди. Врачлар юрагингиз яроқсиз ҳолга келибди, алмаш­тириш керак, дейишди.
Шундан кейин эр-хотин янги юрак қидиришга тушишди. Лас-Вегасдан топишди. Яхшиямки, Полнинг клиникасида лас-вегаслик бир йигитнинг юраги ҳали сотилмай турган экан. Ҳаммаси осон кўчди. Аммо, айни дақиқаларда Мамад озарбой­жонлик эркак сингари фикр юритар, америкалик каби ҳис этарди. Хотини сўраб қолди:
– Миша, юрагинг қалай?
– Отдай.
Бирданига Мамаднинг кайфияти кўтарилиб кетди ва унинг дилини ғаш қилиб турган чуч­маллик ҳам йўқолди-қолди. Агар нариги тарафда ўтирган галстукли ишбилармон киши ёки хотини­нинг орқасида ўтирганча “Вашингтон Пост”ни варақлаётган ёшгина йигит ёхуд бурчак­даги крес­ло­ларда нима ҳақдадир гап сотаётган ита­лия­лик чол-кампирлар бўлмаганида, хотинини рақс­га торт­­­ган бўларди: худди Полнинг уйидаги­дек.
– Уч милёнлик юрак бўлади-ю, отдай бўлма­синми? Ўзинг ҳам худди йигитлардек кўриняпсан кўзимга. Бокуга боргунча ўзингни сақла. – Хотини эрининг кўнглидаги гапларни уққандек айёрона кўз қисиб қўйди.
– Соғиниб кетдим… – деди эр эҳтиросли паст овозда.
– Меними?
– …
– Нега илжаясан? Ёш юракни орзу қилардинг. Ниятингга етдинг. Энди… нима қилмоқчисан?
– Сара, Бокуга қўнишимиз билан тўғри Мар­да­конга кетамиз.
– Тинчликми?
– Борсак, биласан.
– Қундуз-чи?
– Қундуз ойнинг ўн тўртинчисида келади.
– Йўқ, кеча Лондон билан гаплашдим. Уйда йўқ экан. Мира айтдики, дарсдан ҳали қайтмабди. Би­летни ўн иккинчи кунга олган.
Қундузни ўтган йили ўқишга юборишган. Аёл Лондондан ўғлига уй олиб берганидан кейин бир ҳафталик дам олиш учун Руминиянинг Канстанция шаҳрига учди. У бу шаҳарни жуда ёқтирарди.
Чарчаганди. Қора денгиз соҳилида бир оз кўнгил ёзмоқчи бўлди. Истироҳатнинг иккинчи куни “ёввойи пляж”да Мира исмли румин қизи билан танишди. Қиз иссиқ қум узра онадан энди туғилгандек ястаниб ётарди. Унинг тавсифлашга тил ожиз бўлган бадани, сийналари, оёқлари аёлни мафтун этди. Шу кунга қадар у ўзини дунёдаги энг гўзал аёл деб биларди. Румин гўзали қаршисида бу фикри ботил эканини тан олди.
Маълум бўлишича, Мира ўзига иш қидириб юрган экан. Яна қаердан — Англиядан. Аёл дарҳол унга Лондондаги уйида хизматчилик қилишни таклиф этди. Қиз ойлик иш ҳақи учун беш минг фунт-стерлингга рози бўлди. Эртаси куни шу вақтда Мира Лондонда, Қундузнинг қўйнида ноз­ланиб ётганди. Аёл ўғлига шундай гўзал хизматкор топиб берганидан бағоят шод эди.
– Майли, унда Нўвхонидаги уйимизга бора­миз. – Мамаднинг кўзлари порлаб кетди.
– Нега энди?
– Борсанг биласан-да!
Аёл кулимсиради. Эрига бошдан-оёқ назар солди. Кейин пичирлади:
– Яхшиси, аэропортдан бира-тўла Нефттошга учамиз. Бир кеча ўша ердаги уйимизда қоламиз. Денгизнинг ўртаси… Сокин тўлқинлар…
– Йўқ, азизим. Буни орқароққа сурамиз. Чуқур­юртдаги уйимизга борамиз. Эршодга айтамиз, Қундузга келганимизни билдирмай туради. Эртаси куни Бокуга қайтаверамиз-да!
– Бўпти, жаноб уч милён долларлик юрак эгаси.
Эркак мамнун бўлиб бош ирғади ва Бокуга қа­дар Чуқурюрт ҳақида ўйлаб кетди.
…“Боинг” қўнишга ҳозирланарди. Мамад энди оқ кўйлак ва галстукда эди ва деразадан пастга боқарди. Самолёт Ерга яқинлашаркан, унинг юра­ги яна безовта ура бошлади. Самолётнинг тезроқ ерга қўнишини истарди. Қўниш йўлаги ва самолёт орасидаги масофа қисқаргани сари ердаги би­нолар, йўл четидаги дарахтлар, кўчалардаги ма­шиналар катталаша бошлади. Унинг кўз ўнгида ҳамма нарса секин-аста улғая борди. Ва умрида биринчи дафъа юқорига кўтарилган сайин ердаги нарсалар кичик, бачкана ва маъносиз бўлиб қо­лишини англаб етди. Лекин Ерга яқинлашган сари ҳар бир нарса катталашади, мазмун-моҳият касб эта боради. Тавба! Кўкдаги маъносиз бўшлиқ наҳот зериктириб қўймаса? “Жуда бездим, тезроқ қўна қолмайдими?”
Қўнишди. Уларни аэропортда кутиб турганлар орасида мухбирлар ҳам бор эди. Мухбирлар ҳид билган каби унга савол кетидан савол ёғдира кетишди:
– Жаноб вазир, операция қандай ўтди?
– Юрагингизни алмаштиришгандан кейин ўзин­­гизни қандай ҳис этяпсиз?
– Шифокорлар сизнинг яшаб кетишингизга кафолат бердиларми?
– Юрак алмаштириш қанчага тушди?
– Уч миллион доллар пулни қаердан олдингиз?
Бу саволларнинг баъзиларига хотини жавоб берарди. Мамад ёрдамчилари ва мухбирлар иҳо­тасида шошила-шошила уни кутиб турган шахсий вертолёти томон борар, ора-сира Саранинг қўлидан тутиб, ўзи томонга тортарди. Кейин ёрдамчиларидан бирига юзланди:
– Қундуз келиши билан уни кутиб ол ва уйга бошлаб кет, эрталаб биз шаҳарга қайтиб келамиз.
Вертолёт ердан узилди ва яна кўкка парвоз қилдилар. Фақат фарқ шунда эдики, вертолётнинг ойнасидан ҳамма нарса аниқ-тиниқ кўринарди: одамлар, қўй сурувлари, дарахтлар, уйлар, бино­лар, катта-кичик чодирлар тикилган қочоқ манзил­гоҳлари ва ҳоказо.
Бокуда ва Чуқурюртга қадар йўл бўйи кўрган­лари кўз ўнгидан яшин тезлигида ўтар ва ҳар замонда Сарага дер эдики: “Валлоҳи, Эршод тўғри айтаркан, кезмоққа қурба, ўлмоққа Ватан яхши, деб…”
Пилот боши билан тасдиқласа ҳам, у аслида бошқа нарсани ўйларди. Тахминан мана бунақа: “Буни Эршод эмас, ундан минг йиллар бурун ота-боболаримиз айтган” ёхуд “Пулинг бўлса, ҳамма жой сенинг Ватанинг, пул билан ҳамма нарсани, ҳатто сенга ўхшаб юракни ҳам алмаштириш мум­кин”.
Вертолёт тўппа-тўғри ҳовлининг ўртасига қўнди. Эр-хотин тушиши билан яна ҳавога кўта­рилди. Чуқурюртда уч қаватли ҳашамдор дала-ҳовлининг хизматкори, қорамағиз, истараси ис­сиқ қиз уларни тавозе ила қаршилади. Маммад жиддий қиёфада бош ирғаб унинг саломига алик оларкан, чўнтагидан ўн доллар чиқариб, қизга узатди:
– Сона хоним, сен бундоқ қил. Бугун меҳмон­хонага бориб ёт, эрталаб ўн бирларда келарсан. Бу кеча бизга халал беришинг мумкин.
Сона хоним пулни олмади. Ич-ичидан хожа­сини қарғади: “Юзингни ел олсин, илойим. Эр­талабгача ўлигинг чиқсин. Икки ойдан бери йў­лингни пойлайман, уйингни қўриқлайман. Итдек садоқатим учун сендан эшитганим шу бўл­ди­ми? Юрган йўлингни йитиргин, илоё”.
Кейин лабларини қимтиганча, хайр-хўшсиз кў­чага чиқиб кетди. Мамад Сарага ўгирилди.
– Қорни тўйиб қопти, чоғи. Чет элликларнинг маданиятига қара-ю, ўзимизнинг одамларга боқ. Тавба қилдим-эй! Одамга ўхшаб яшагилари ҳам келмайди. Эртагаёқ лаш-лушини қўлтиғига қис­тириб юбор. Қорасини ўчирсин!
Сона хоним эртаси куни келмади. Тўғрироғи, саҳарлаб бутун мамлакатга жуда нохуш бир хабар ёйилди. Газеталарнинг биринчи саҳифаларида тахминан қуйидаги сарлавҳалар пайдо бўлди:
“Озарбойжон вазири юрак хуружидан вафот этди”. “Вазирнинг американча юраги уришдан тўх­тади”. “Ҳаво нозирига ҳаво етишмади”. “Сара хо­ним америкалик шифокорни судга бермоқчи…”

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси