Қон ҳиди дайди итларни ўзига тез жалб этарди. Улар оч ва ташна кўзларини қон тўла ўрага тикканча қимир этмай туришар, дам-бадам сўлакларини оқизиб, тилларини осилтиришарди.
Чамаси, бу хароба, бадбўй қушхонада ҳаммасига Шами балогардон эди. Болалигидан ота-онасининг югур-югурлари, илму амалларига қарамай, шўрлик Шамининг ақли ноқислигича қолди. Аслида Шами бўлмагани билан бу ерда жониворларни сўйиш ишлари тўхтаб қолмасди.
Шами анчадан бери бу қушхонанинг эгаси Ҳомиддинга кўмаклашиб келади. Яратган уни ақлдан қисган бўлса-да, куч-қувватдан сийлаган. Бир ўзи уч киши амаллаб йиқитиши мумкин бўлган буқаларни бир мушт билан ағдара оларди. Шу боис, у қишлоқда “Шами ҳўкиз” деган лақаб ҳам орттирган.
Қушхонага янги олиб келинган семизгина буқача Ҳомиддиннинг қонталаш кўзларига бефарқ қараганча кавш қайтарар, бу пайтда Ҳомиддин эговни тополмай хуноби чиқаёзганди.
Ниҳоят ғудрана-ғудрана эговни ҳам, ўткир пичоғини ҳам, гўшт майдалайдиган болтасини ҳам топди. Қассоб пичоқни чаққонлик билан чархларкан, чироқнинг хира ёруғида ҳам унинг ўткир тиғи ярақлаб кўзни олар, эговга ишқаланаётган пичоқ одамнинг ғашини келтирувчи ғалати овоз чиқарарди. Ишга киришишдан олдин Ҳомиддин осмонга қараб, нималарнидир пичирлади, чамаси мол сўйишда ўқиладиган дуо бўлса керак.
Буқача эса ҳамон бепарволик билан кавшар, елпиғичсимон думи билан сағрисига қўнаётган пашшаларни ҳайдар, қаршисидаги бу бешафқат кимса унинг қонига ташна эканидан бехабар эди. Буқачанинг шохлари ўткир, пешонасидаги учбурчак қашқасини айтмаса, таранг қилиб боқилгани учунми, танасидаги билқиллама эт ва ёғ мумдек қоп-қора ялтироқ терисини ёриб юбораман дерди.
Унинг шу кўриниши ҳамон пичоқ чархлаш билан машғул қассоб Ҳомиддиннинг ҳам завқини келтирди шекилли. Эговни ташлаб, сағрисига шапатилаб қўйди:
– Ваҳ-ваҳ, манавини буқа деса бўлади! Гўштиям ипакнинг ўзи бўлса керак, еган одамнинг бадани яйрайди-да!
Шами қушхонанинг дим ҳавосида терлаган пешонасини кир енги билан артаркан, буқачадан кўз узмай ғўлдиради:
– Ҳомиддин, қара, жуда чиройли буқача эканми?
– Нақ сувратнинг ўзгинаси дейсан, – ўзи билмаган ҳолда унинг гапини маъқуллади Ҳомиддин.
Шами қушхона эшиги олдида ўсган ўтлардан бир тутам юлиб, жониворнинг тумшуғига тутди. Буқача Шамининг кафтидаги майсаларни тили билан чаққон илиб оларкан, унга миннатдор термилганча яна кавшанишга тушди.
– Юрагинг тош сенинг, Шами, тош, – тўнғиллади қассоб. – Бечорани нимага алдайсан? Унга берган емишинг ошқозонига тушмай туриб, мен унинг ишини битираман.
– Ҳомиддин, наҳот шунақа чиройли буқачани ўлдиришга кўзинг қийса? Унга раҳминг келсин, ўлдирмай қўя қол! – ялинди Шами.
– Ҳазиллашяпсанми, – эрмаклади қассоб. – Одамлар оч, уларга гўшт керак. Сен бўлсанг, қаердаги бир молга раҳминг келса? Гапни кўпайтирмай ишга кириш.
Қассоб қон ва нажас юқли пешбандини боғлаб, молга қисилиб келди. Яқинлашаётганини кўрган жонивор бир нохушлик ҳидини сездими, бетоқатланиб, арқонни узишга чоғланди. Аммо, бу ҳаракати зое кетгач, норозилик билан мўлаб қўйди.
– Ўчир овозингни, – ўшқирди қассоб, негадир сунъий дағаллик билан. – Гапини қара-я! Биласанми, Шами, у нималар деяпти?
– Сен буларнинг тилини тушунасанми? – соддалик билан сўради Шами. – Нима деяпти?
– Тушунганда қандоқ? Айтишга тил бормайди. Ярамас, ҳайвон! Мен-ку, майли, ёшимни яшаб бўлдим. Аммо, манави шўринг қурғур нотавон болани нимага қарғайсан? Уни шундоқ ҳам Худо қарғаган бўлса? Бутун авлоду аждоди билан қўшиб қарғайсанми?
Ҳомиддиннинг ҳийласи иш берганди. Шамининг ранги оқариб, кейин кўзлари ғазабдан қисилиб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди.
– Вой, ярамас, вой ҳўкиздан тарқаган. Ҳали мени ота-онамниям қўшиб қарғадингми? Улар сенга нима ёмонлик қилувди? Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман.
У бор кучини тўплаб, ҳўкизнинг гарданига мушт туширди. Буқача шаталоқ отса-да, йиқилиб тушмади. Бундан баттар ғазаби қўзиган Шами жониворнинг манглайига, яғринига аямай мушт ёғдира кетди. Буқача оғриқдан нолигандек чўзиб мўлади.
– Вой ҳайвон, Шамини жинни деяпсанми? – баттар қитмирлиги тутди Ҳомиддиннинг. – Э, чидаб турибсанми? Дарров моягидан бураб торт, йиқилади.
Қассобнинг ўзи ҳам четда туришни истамади, жониворнинг бурун катакларига қўлини тиқиб, омбурдек қиса бошлади. Икки нозик еридаги аёвсиз оғриққа дош беролмаган жонивор ниҳоят гурсиллаб ерга қулади. Шўрлик буқа бўғзига тиғ қадалган чоғда жонини халос қилмоққа уриниб, овози борича бўкирди.
Жониворнинг бўғзидан отилаётган қон фаввораси пасайиб, жон талвасасидаги ҳаракатлари заифлашгани сари Шамининг ҳам қаҳри сўна бошлади. Ниҳоят, ўспирин унинг оқариб қолган жонсиз кўзларига тикиларкан, баданига титроқ югурди. Худди буқача “мени сен бўғизладинг” дегандай унга таънали боқиб турарди.
Қон ўрани тўлдириб, торгина ирмоқча орқали қушхона эшиги олдидан оқиб ўтувчи ариққа қўшила бошлади. Дайди итларнинг бири ариқнинг қондан қизара бошлаган жилдироқ сувини ютоқиб чалпиллатишга тушди. Аммо, бундан унча қониқмадими, яна жунлари тўкилган ярғоқ думини ликиллатганча орқага чекинди. Унинг шериклари эса ўз улушларини кутиб, қушхона эшигига таънали боқиб туришарди.
– Эй, худобехабар-а, қара, ҳўкизнинг калласи қибладан оғибди. Ўгириб қўй, гуноҳига қолма тағин!
Ҳомиддин учун молни қай тариқа сўйиш бари бир бўлса-да, виждонини сал бўлса ҳам поклаб олиш учун шундай деганди. Шами итоатгўйлик билан буқанинг думидан судраганча бошини айтилган тарафга ўнглади.
Қассобнинг қўллари жониворнинг янги, иссиқ қонига обдан беланганди.
– Ваҳ, бунинг қонини қара-я! Қўлни куйдираман дейди-я! Бу қонни худди қимиздек ичса ҳам бўлади. Минг дардга даво.
– Мен ҳам ичсам, тузаламанми? – маъсум, умидвор кўзларини хожасига тикди Шами.
Ҳомиддин бунақа саволни кутмагани учун шошиб қолди. Назарида чиндан ҳам ана шу қонни ичса, Шами тузалиб кетадигандек эди. Борди-ю, у тузалгудек бўлса, икки дунёда ҳам бу сассиқ қушхонага, Ҳомиддиннинг ёнига қайтиб келмаслиги аниқ. Шунинг учун тезроқ бу қонни итларга бериб тугатиш керак.
– Э, Шами, гап-да буям, – тишларини ғижирлатганча гапиришга тушди Ҳомиддин. – Ҳозир шундоғам ақллилар кўпайиб кетган, кесак отсанг, дононинг бошига тушади. Аслида жиннилар дунёдаги энг бахтиёр одамлардир, агар билсанг. Жиннилар билан ҳатто давлатнинг ҳам иши йўқ. Қандай жоҳиллик қилсанг ҳам, биров сени обориб қамамайди. Баъзан сенинг ўрнингда бўлиб қолгим келади, Шами!
Шами эса, унинг гапини эшитмаётгандек эди:
– Қандай чиройли ҳўкизча эди, пешонасида қашқасиям борийди, – беозор минғирлади. Ҳомиддинга қараб қўйди-да, яна ўз иши билан машғул бўлди.
“У нега бунчалар мулойимлашиб қолди? Энди бу ерга бошқа келмай қўйса-я! Унда мен текин, беминнат ёрдамчини қаердан топаман? Уни бу йўлдан қайтариш керак”.
Шамининг бу ерда қиладиган бошқа иши қолмаганди. У индамай ортига бурилиб кетаётганида, Ҳомиддин тўхтатди.
– Шами, буқанинг калласи сеники. Олиб бор. Онанг ҳам суюниб қолади. – Ҳомиддиннинг бўғиқ, журъатсиз овози унинг бу ҳиммати ўзига қимматга тушганини англатиб турарди.
Шами илтифотсизлик билан хўрсинди-да, буқанинг бошини шохидан тутиб, елкасига ортмоқлаганча қушхонани тарк этди. Унинг ортидан худди мунчоқдек қонли излар қолар, бу қон томчилар буқанинг бошидан эмас, баайни унинг юрагидан томаётганди.
Шамининг бутун кийимлари, аъзои бадани қонга беланган, кўз ёшлари эса юзларини ивитиб борарди:
– Шундай чиройли буқачани сўйган қўлларинг акашак бўлсин, илойим, Ҳомиддин, – дея минғирларди ўзига ўзи. – Сенга ўлдирма, дегандим, бари бир сўйдинг-а? Энди қушхонангга қайтиб келмайман. Энди ҳеч қачон сен сўядиган молларни йиқитмайман. Сенинг ёрдамчинг бўлмайман энди.
Унинг қадам товушлари итларни сергак торттирди. Бутун аъзои баданидан қон ҳиди анқиб кетаётган йигитнинг орқасидан бир гала ит эргашди. Кўп ўтмай бутун дара эт ва қон талашаётган итларнинг ваҳшиёна шовқинига тўлди.
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси