Мамзеле Аурелия басавлатдан келган, ёноқлари қип-қизил, сочлари энди-энди оқара бошлаган, кўзлари атрофга ҳаммавақт синчковлик билан боқадиган ўрта ёшлардаги эркакшода бир аёл эди. У одатда, бошига ферма эркаклари киядиган шляпа кийиб юрар, совуқ кунлари эгнига униқиб кетган мовий ёмғирпўш билан оёқларига зил-замбил кирза этикларини илиб оларди.
Мамзеле Аурелия умри бино бўлиб, турмушга чиқиш борасида сира бош қотириб кўрмаган эди. Бу аёл бутун ҳаёти мобайнида ҳатто севиб ҳам қолмаганди. Бир пайтлар, йигирма ёшлик авжи дуркун чоғларида унинг ҳам қўлини сўраб келишган, аммолекин Аурелия ўша заҳотиёқ бу таклифни кескин рад этганди, шундай бўлса-да, мана ҳозир ёши элликка яқинлашиб қолган бўлса-да, Мамзеле Аурелия бир ўзи ёлғиз яшаб келаётганидан зиғирча ҳам афсусланмас эди.
Пешонани қарангки, бу ғаройиб аёл шундай кенг-катта оламда ёппа-ёлғиз яшаб келаётганди, албатта, Мамзеле Аурелиянинг содиқ ити Понто ва экинзорларида меҳнат қиладиган негрлару бир-икки дона сигир, бир жуфт хачир, турли-туман даррандаю паррандалар ҳамда аёлнинг қўшотар милтиғини (бу қуролни у жўжаларига хавф солувчи қирғийлар учун ишлатар эди) ҳисобга олмаганда, Аурелия бутунлай сўққабош эди, балким шу ёлғизлиги сабабданми аёл Худога қаттиқ боғланиб қолганди, туну кун ибодатини ҳеч канда қилмасди.
Бир куни эрталаб осмонда тўсатдан пайдо бўлиб қолган қора булутлар каби бир тўп болаларнинг уйи томон ёпирилиб келаётганига Мамзеле Аурелиянинг кўзи тушиб қолди. Чақирилмаган бу меҳмонларидан аёлнинг кўнгли бироз хижил тортди. Болалар Аурелиянинг ён қўшниси Оделияга тегишли эди, лекин, очиғини айтганда, бу сўққабош аёл шу пайтгача қўшниларининг ҳатто биронтаси билан ҳам у қадар апоқ-чапоқ бўлиб кетмаган эди.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, болалари ортидан ёш жувон Оделиянинг ўзи ҳам кўринди. У бир қўлида жажжи қизалоғи Элодияни кўтариб олган, бир қўли билан эса эндигина этак-чечак қила бошлаган ТиНоммини базўр етаклаб олганча қоқилиб-суқилиб келар, унинг орқасидан катта қизлари Марселина билан Марселетта ҳам шошилганча эргашиб келишарди.
Оделиянинг юзлари хадеб йиғлайверганидан қизариб, шишиб кетганди. Гап шундаки, жувоннинг олис шаҳарда яшовчи онаси оғир хасталаниб қолиб, қизини ҳузурига чақиртирганди, бахтга қарши жувоннинг эри ҳам ёнида эмас – Техасга кетиб қолганди, Техас эса Оделияга дунёнинг бир тупкасидай жуда узоқ жой бўлиб кўринарди, устига-устак айни чоғда ёлланган ҳайдовчи Валсин ҳам станцияда аёлнинг йўлига кўз тутиб ўтирар эди.
“Биламан, Мамзеле Аурелия, ишингиз бир дунё, бошингиздан ошиб ётибди, бироқ бу зумрашаларни сиздан бошқа кимга ҳам ишониб топшира олардим, ўтинаман, йўқ деманг, то мен қайтиб келгунимча болаларимга кўз-қулоқ бўлиб турсангиз. Йўқ-йўқ, ўтирмайман, овора бўлманг, мени станцияда кутишяпти, Мамзеле Аурелия, тушунинг, бошқа чорам йўқ! Мен учун бир савоб иш қилинг, илтимос, келиб сизни албатта, рози қиламан. Бир ўзим шунча болаларни йўлда эплаб олиб кетолмайман, ахир узоқ йўлда бу болалар одамни ақлдан оздириши турган гап, аксига олиб эримнинг ҳам уйда эмаслигини кўрмайсизми, Худо кўрсатмасин, ишқилиб, мен уймаланиб етиб боргунимча онаизорим узилиб қолмасинлар-да, илойим!” – чинданам фавқулодда мушкул вазият Оделиянинг ақлини шошириб қўйган, жувоннинг тоза боши қотиб қолганди, у ҳатто нима деб, нима қилаётганини ҳам тузукроқ идрок этолмас эди.
Жувон ялина-ялина барибир болаларини Мамзеле Аурелиянинг уйи остонасида қолдирганча шошиб жўнаб кетди; болалар эса қуёш куйдираётган, жажжи жўжалар оёқлари билан ўт-майсаларни бемалол титкилаб юришган ҳовли ўртасида эгасиз бир ўзлари шумшайиб қолишди, лекин хаял ўтмай бири тортина-тортина, бири бўлса беҳадик, зипиллаганча зина бўйлаб орқама-кетин кўтарила бошлашди. Шу дамда ҳавода мойчечакларнинг ажиб ифори бўй таратар, узоқ-узоқлардаги пахта далалари оша ишчи негрларнинг қувноқ кулгулари садоси ўткир жаранглаб келмоқда эди.
Мамзеле Аурелия болакайларга ўзининг норози ва синчков кўзларини қадаганча серрайиб туриб қолди. У бўмбалоқ Элодиянининг оғирлигидан энкайиб олганча гандираклаб қадам босаётган Марселинага хушламайгина кўз қирини ташлаб қўйди. Шу оннинг ўзида онасини сўрайвериб хархаша қилаётган ТиНоммини тинчлантиришга уринаётган Марселитани ҳам бу совуқ нигоҳидан бебаҳра қўймади. Икки-уч лаҳзалик шундай дўқ-пўписаларидан кейин Мамзеле Аурелия бироз кўнглини бўшатиб олди-да, ноилож ўзини қўлга олиб, энди қилиши мажбурий бўлган ишлари режасини ўзича тузиб чиқди. Аёл дастлабки ишини тўполончиларнинг қорнини тўйғазишдан бошлади.
Башарти бу болалар Мамзеле Аурелиянинг қўл остида ишҳақи олиб, меҳнат қилаётган негрлар қабилида бўлишганда бормиди, аёл ўша вақтнинг ўзидаёқ бу шумтакаларни бир зумда ҳайдаб юборган бўлар эди, аммо шўрлик Оделиянинг оҳу зорлари унинг бу қарорини қатъий чеклаб турарди. Бироқ барибир, бола боқиш ҳазил иш эмас-да, ахир болалар кичкина чўчқа болалари эмас-ку, улар ҳаммавақт эътибор талаб қилиб, одамдан астойдил меҳр кутишади; бу мураккаб вазифа эса бу каби юмушларга буткул ношуд бўлган Мамзеле Аурелиянинг асло қўлидан келмас эди, умрида шундай қалтис вазиятга тушиб қолишини эса аёл ҳатто тушида ҳам кўрмаганди.
Шунинг учун биринчи кунлари Оделиянинг полапонларига ғамхўрлик кўрсатишда, рости, Мамзеле Аурелия анчагина адабини еди. Ахир у жонсарак Марселеттани баланд ва буйруқомуз оҳангда гап эшитиши билан дарров йиғлаб юборишини қаердан ҳам билсин? Ёш Марселеттанинг табиати шунақа экан-да! Мамзеле Аурелия кичкинтой ТиНоммининг ҳам гулларга ишқи баланд эканлигин аниқлаб олди, кичкина безори то гулларни бандидан узиб, боғдаги жами сара чечакларни пайҳон қилмагунича кўнгли ҳеч жойига тушмас экан.
“Унга ҳеч қайси танбеҳингиз кор қилмайди, Мамзеле Аурелия”, – дея аёлга йўл кўрсатди Марселина, – яхшиси, сиз уни стулга боғлаб қўйинг. Ойим ҳамиша ТиНоммининг ақлини шу тарзда киритиб қўярдилар”. Мамзеле Аурелия безори ТиНоммини боғлаб қўйган стул кенггина ва қулайгина экан чоғи кичкинтой унда бир зумда пинакка кетиб қолди, ниҳоят Мамзеле Аурелия тўполончилардан бирини шу йўсинда тинчитди.
Оқшом чўкиши билан аёл худди жўжаларни инига ҳайдаб кираётган каби болакайларнинг барини бирма-бир жой-жойларига ётишларини буюрди, бироқ кичкинтойлар Мамзеле Аурелиянинг қаршисида каловланганча туриб қолишди. Ахир уларнинг момиққина ёстиқлари устига ҳар кеч тахт қилиб қўйиладиган тунги кўйлаклари қаерда қолди, бунинг ўрнига улар нима учун худди хўкиз қамчисидай оғир қўл билан кетларига ниқталганларича ётоқларига ҳайдалишлари керак? Ҳар кеч полнинг ўртасига уларнинг толиққан, қуёшда тобланиб чанг-чунг бўлиб кетган оёқларини ювиб олишлари учун келтириб қўйиладиган сув тўла тос-чи, у қаерда қолди? Шу тобда қизалоқлар Марселина билан Марселеттанинг кулгусини қистатган нарса, Мамзеле Аурелиянинг шумтака ТиНоммини ухлата олмай тоза хуноб бўлиб қийналгани бўлди, ахир аёл бу ёш қароқчига Крок-митан ёки бўлмасам Луп-гару тўғрисидаги эртаклар айтилмагунича ухлай ололмаслигини қаёқдан ҳам билсин, яна кенжатой Элодия ҳам алла эшитиб, тебранишсиз кўз юмиши ўлгудай қийин эканлигини аёл бечора ниҳоят аранг тушуниб етди.
“Яхшигина тавбамга таяниб қолдим, Руби хола”, – дея иқрор бўлди Мамзеле Аурелия ўз ошпазига ёрилиб, “мен учун бу болаларга қарашдан кўра ўнлаб плантацияларни бошқариш осонроқ экан. Ахир бу даҳшат-ку! Жоним ҳиқилдоғимга келди! Энди менга ҳеч қачон бола тўғрисида оғиз оча кўрманг!”
“Оҳ, Мамзеле Аурелия-ей, бу оламда болалардан-да беғуборроқ зот топа олсангиз кошки эди. Ахир болалар билан бирга маза қилиб ўйнаш катталар билан муомала қилишдан кўра ёқимлироқ эмасми? Менимча, сизга уларнинг тилини топиб олиш мушкуллик қиляпти. Бора-бора болалар билан қандай чиқишиб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз”.
Шубҳасиз, Мамзеле Аурелия Руби холанинг гапларига ўша заҳотиёқ қўшила қолмади, буни қаранг-а, тўртта-бешта тўполончи билан икки кунда тил топишиб бўлармиди – бу ахир Мамзеле Аурелиядай аёл учун бениҳоят мураккаб вазифа-ку! Атига зарурат туфайлигина оналарнинг икки-уч найрангини ўзлаштириб олганига ҳам Мамзеле Аурелия Худога беҳисоб шукроналар келтирарди.
Лекин барибир Руби хола ҳақ бўлиб чиқди: Мамзеле Аурелия аста-секин барига кўникиб қолди; у кичкина безори ТиНоммининг ҳаммавақт шира юрадиган қўллари учун умрида ҳеч тутмайдиган оппоқ пешбандини тутиб оладиган бўлди, ҳаттоки тўполончининг меҳр ва ташаккур ифодаси сифатида чопқиллаб келиб чўлп-чўлп қилиб ўпишларига-да ўрганиб қолди. Не-не замонлардан бери шкаф тепасида қўл тегмай, чанг босиб ётган игна-ип солинган саватча ҳам жойидан қўзғалди, энди Мамзеле Аурелия йиртилган кийимлару тугмасиз камзулларни бутлаб қўйиш учун қўлига ҳаттоки игна олишгача мажбур бўлди. Аммо аёлнинг энг қийналган жойи бутун кун мобайнида бир нафас ҳам тинмайдиган қаттиқ бақириғу чинқириқлар, уйнинг у бурчагидан-бу бурчагигача акс-садо бериб, то қора кечгача тугамайдиган шовқин-суронлар бўлди. Лекин кечалари ҳам Мамзеле Аурелия баҳузур ухлай ололмас эди, негаки кичкина Элодиянинг иссиққина бўмбалоқ танаси аёлга маҳкам ёпишиб ётар, кенжатойнинг ўтдай нафаси Мамзеле Аурелиянинг ёноқларига гўё жажжи қушнинг қанотларидай майин уриб турарди.
Орадан икки ҳафта ўтар-ўтмай Мамзеле Аурелия ахийри бу ғалваларнинг барига кўникиб қолди, энди у ортиқ нолимай ҳам қўйди.
Бир оқшом айвонга қандайдир юмуш билан чиққан Мамзеле Аурелия кўча муюлишида уйи томонга қайрилаётган Валсиннинг таниш кўк машинасини кўриб қолди. Ҳайдовчининг ёнида кўзлари соғинчдан порлаган Оделиянинг интизор чеҳраси акс этди. Улар уйга тобора яқинлашганлари сари Мамзеле Аурелия ёш жувоннинг қувончдан ёришиб кетган юзларидан унинг уйга қайтиб келганидан беҳад хушбахт эканлигини юрак-юрагидан ҳис этди.
Шундайку-я, бироқ бу айтилмаган ва кутилмаган ташриф Мамзеле Аурелиянинг қалбига улкан қайғу тошини-да бир оннинг ўзида бостириб қўйди. У дарҳол болаларни тўплаб бериши лозим эди. Ах, бу зумраша ТиНомми қаёқда қолдийкин-а? Э-ҳа, бу шумтака бўлса-бўлмаса, оғилхонада пичоқ ўйнаб ўтирган бўлиши керак. Хўш, қизалоқлар Марселина билан Марселлета-чи, улар қаерда қолишди? Уйнинг бирор бурчагида қўғирчоқларига кўйлак бичиб, уларни ясантириш билан машғул бўлсалар керак-да. Биргина кенжатой Элодиядангина ташвиш қилмаса бўларди, негаки гўдак Мамзеле Аурелиянинг қўлларида ҳеч нарса билан иши йўқ, ўзи билан ўзи ўйнаб ётарди, аммо у онасини олиб кетган ҳайдовчи Валсиннинг қадрдон машинаси чироқларини кўриб қолиши билан севинганидан бирдан қаттиқ қичқириб юборди.
Ниҳоят, ҳамма тўс-тўполон тинчийдиган бўлди, ана энди болакайлар ўз уйларига бутунлай қайтиб кетишади. Э-воҳ, улар бунча тез кетиб қолишмаса! Ахир келганларига унча кўп бўлгани йўқ-ку! Мамзеле Аурелия пешайвон ўртасида турганча негадир ич-ичидан ёпирилиб келаётган ўкинч тўла нидога аранг дош берганча жимгина туриб қолди. У ҳатто машинанинг қандай келиб, болаларни қандай олиб кетганини ҳам сезмай қолди. Бутун атроф-жавонибдаги далалар узра қип-қизил шафақ шуълалари ила ғира-шира шом кўланкаси чўкиб борар, гўё мана шу теварак олам ҳам бу қоронғулик ичига тамомила қоришиб кетаётгандай бўларди. Жами борлиқ узра ёйилиб бораётган қирмизи туман ичида аёлнинг нигоҳи ортиқ ҳеч нарсани илғамай қолди. Унинг қулоқлари ҳаттоки машина ғилдиракларининг қулоқни қоматга келтиргудай ўткир чирқирашини-да эшитмади. Унинг қулоқларига кичкинтой безориларнинг шодон, янгроқ овозлари қаттиқ ўрнашиб қолганди.
Мамзеле Аурелия оҳиста хўрсинганча уйга кириб кетди. Ичкарида уни бир дунё юмуш кутиб турарди, болакайлар бутун уйни остин-устин қилиб юборишган, ҳаммаёқ пароканда бўлиб тўзғиб ётарди, аммо хоналарни тартибга солишга аёлнинг қўли дарров бормади. У стол олдига хомуш чўкди. Яна бир ўзи ёлғиз қолган жуссасини қуршаганча ташқаридан ўрмалаб кириб келаётган тун рутубати чулғаган совуқ хонаси ичига маъюс бир нигоҳ ташлади. Сўққабош аёл бошини қўллари устига қўйди-да, ич-ичидан отилиб келаётган сўзсиз фарёдларга ортиқ бардош беролмай охири йиғлаб юборди. Ҳа, Мамзеле Аурелия йиғлаётган эди! Лекин унинг йиғиси ҳамма аёлларникидай юмшоқ, майин йиғига ўхшамасди. Мамзеле Аурелия худди эркак кишидай, бутун юрагини пора-пора қилиб юборгудай нола билан ўкириб-ўкириб йиғларди. У ҳатто ити Понто келиб, қўлларини ялаётганини ҳам сезмас эди.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси