Акапулькода, яқиндагина — муқаддас пасха арафасида Филиберто чўкиб кетди. Ишдан бўшатиб юборишибди ҳамки, у худди ҳеч нарса бўлмагандек йиллар давомида қон-қонига сингиб кетган одатига кўра немис пансионида мазза қилиб shousrout[1] еб, арафа куни Ла-Кебрадада бир оз рақс тушиш ҳамда Орнос пляжида бундоқ одамга ўхшаб тунни ўтказиш учун денгиз бўйига жўнабди. Тўғри, ёшлигида у тенги йўқ сузувчи бўлган эди, буни ҳаммамиз билардик, аммо ёши қирқдан ўтиб, бунинг устига соғлиғининг мазаси кетганида, яна ярим кечаси Калета билан Ис-ла-де-ла Рокета оралиғичалик узоқ масофани сузиб ўтмоқчи бўлганини нима билан изоҳлаш мумкин!
Мусофирхонанинг эски мижозларидан бўлса ҳам Мюллер хоним марҳумнинг жасадини пансионга олиб киришларига йўл қўймади. Бу ҳам майли хоним ўша оқшом тор ва диққинафас айвонда базм уюштирди, бечора Филиберто эса бекатда саватлар, қоп-қанор ва турли қақир-қуқурлар орасидаги яшикда эрталабки автобусни кутиб ранги пахтадек оқариб ётаверди. Эртасига тобутни қандай олиб кетишларини текширгани каллайи саҳарлаб етиб келганимда Филибертони норжил ёнғоқлари уюми кўмиб юборган эди. Шофёр, йўловчилар кўриб қолса ваҳима кўтаради, тобутни дарҳол автобусга жойлаб устига чипта ташлаб қўйинглар, акс ҳолда кўриб қолишса бора-боргунча бошимда ёнғоқ чақадилар, дея тўнғиллади.
Йўлга чиққанимизда тонг шабадаси эсмоқда эди. Бироқ Тьерра Колорадага етиб келганимизда қуёш найза бўйи кўтарилиб қиздира бошлади. Тухуму колбаса билан нари-бери тамадди қилаётганимда кеча Мюллерлар пансионидан олиб чиққан портфелни очдим. Унинг ичида икки юз песо пул, Мехикода нашр этилган эски газета, качо ўйинига мўлжалланган карта ва фақат бориш учун олинган (дарвоқе нега фақат бориш учун?) билет сингари лаш-лушлар билан бирга кулранг муқовали катак дафтар ҳам бор эди.
Тинмай силкиниш, қўланса ҳид ва марҳум дўстимнинг шахсиятига бўлган ҳурматимга ҳам қарамасдан унинг дафтарини ўқишга тутиндим. Балки ўқиётганимда (ростдан ҳам дафтар шундан бошланган эди) ҳар куни ишга бирга қатнаганларимиз ёдимга тушар, жилла қуриса нима сабабдан унинг ишдан кўнгли совиб кетгани, ўз хизмат вазифасини унутиб, сафсата сотадиган ва ҳа деса кераксиз қоғозларни рўкач қиладиган бўлиб қолгани ойдинлашар, деб ўйладим. Ундан ташқари нима сабабдан ўз мавқеини тиклаш ва нафақа ундиришдан умидини узиб, Акапулькога жуфтакни ростлаганлари ойдинлашар?!
«Бугун пенсия хусусидаги ташвишлар билан елиб-югурдим. Адвокат асл одам экан. Унинг олдидан кайфиятим шунчалик кўтарилиб чиққанидан қаҳвахонага кириб бир маза қилгим келди. Мен ўша, ёшликда тез-тез кўнглимиз тусаб борадиган, ҳозир эса кирмай қўйган қаҳвахонага йўл олдим; афсуски борганимга пушаймон едим, чунки бу ер қирқдан кўра йигирма ёшида одам кўпроқ нарсани ўзига лозим билса яхши бўлишини ёдимга солди. Ўша пайтларда ҳаммамизнинг мавжимиз тенг, кимда ким дўстларимиздан бири ҳақида бўлар-бўлмас гап очса ўша заҳоти унга ёпишиб кетар, гап қуйи табақаданлиги ёки сўхтаси совуқлиги томонга бурилдими тамом, кўксимизни қалқон қилардик. Кўпчилигимизнинг (лаванг дўстларимизнинг ҳам) истиқболимиз ёруғ эканини ўша пайтдаёқ кўнглим сезарди. Ҳали мактабда ўқиб юрганимиздаёқ келажакда, суронларга тўла қайноқ ҳаётимизда шубҳасиз қўл келади, деган ниятда қиёматли дўст тутинган эдик. Афсуски йиллар ўтиши билан орамиздан оқибат кўтарилди. Яхши бўлмади. Ўша дўстларим орасида бўшанг, оғзидаги гапини зплаб гапиролмайдиганларининг кўплари кутганимиздек ўзини ўққа-чўққа урса ҳам аро йўлда қолиб кетди-ю, бироқ шулардан айримлари жўшқин зиёфатлар чоғида башорат қилганимиздан кўра кўпроқ натижаларга эришди. Бизлар эса дўстларимизда жуда катта ишонч уйғотганимизга қарамай тақдирнинг номаълум, кутилмаган зарбаларига дош беролмай аро йўлда шохимиз синди; оқибат бахти кулиб боққанлар тугул ўта омадсизлардан ҳам ажралиб қолдик. Бугун эса яна ўша чоқдаги оромкурсиларнинг бирида (тўғри, булар айнан ўша пайтдаги эмасди, чунки бу ерда ҳамма буюмлар: курсилар ҳам, буфет пештахтаси ҳам янгиланган — замонавий эди) ўз «Шахсий дело»мни варақлаб ўтирибман.
Мен ўзгариб, ҳеч кимни менсимай қўйган калондимоғ, иззатпараст бўлиб кетган ўртоқларимни кўрдим. Улар бу қаҳвахона билан мана шу шаҳар сингари тамомила ўзгарган эди. Улар мени аллақачон унутиб юборишган ёки таниб-танимасликка олардилар. Мабодо таниган тақдирда ҳам, аминманки, ўлганининг кунидан елкамга қоқиб: «Ишлар яхшими ошна! Бўпти ҳозирча» деб қўйишдан нарига ўтмасликлари аниқ. Шаҳар чеккасидаги бу муҳташам қаҳвахона мен билан уларни ўтиб бўлмас ғов сингари ажратиб турарди. Мен дафтарни бирин-сирин варақлардим. Оламшумул орзулар, турфа хил умидлар тўла ва шунинг баробарида яхши ниятларимизни пучга чиқарган, нест-нобуд қилган йиллар — маънисиз ва пуч даврлар кетма-кет кўз ўнгимдан ўтарди. Эҳ, қанийди, шундай қўл узатсаму болаликда яхши кўриб ўйнаган жумбоқсим кафтимда пайдо бўлса, дея ўйлардим алам билан: аммо ўйинчоқлар солинган қутидан аллақачонлар ному нишон қолмаган эди, умуман қалайи солдатлар, ганч тойчоқлару ёғоч шамширлар қайга кетди?! Рост, бизлар кўйлагимизни дамба-дам ўзгартириб ясаниб-тусаниб юришни яхши кўрардик, аммо бу шунчаки ўйинқароқлик эди. Садоқатни кўйлак сингари тез-тез алмаштирмасдик, нима қилиш керак, нима қилмаслик лозимлигини ҳамда бурч ҳиссини ҳеч қачон унутмасдик. Бизнинг бировдан кам жойимиз бормиди? Балки, аксинча, кимдан ортиқ жойимиз бор эди? Баъзан беихтиёр хаёлимга Рильке келади. Ёшлик бебошликлари шубҳасиз қимматга тушади, шунинг учун барча ҳою ҳавасларга болаликдаёқ хотима бериш керак экан. Дарҳақиқат инсон орқага қайтмаслиги керак, акс ҳолда унинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Арзимаган беш песогами? Яна бунинг икки песоси чой чақа учун».
«Пепе савдо сотиқ ҳуқуқлари билан шуғулланиб қолмай ҳар хил назариялар тўқиб юришни яхши кўради. Бугун ибодатхонадан чиқиб келаётсам мени кўриб қолиб чақирди. Бирга сайр қилгани президент саройи томон йўл олдик. Дунёда унинг ихлоси қайтмаган нарса йўқ бўлишига қарамай сира тинч юролмайди. Ҳаш-паш дегунча янги назария тўқиб бошимни қотира бошлади… Нима эмиш, агар у мексикалик бўлмаганида Исога имон келтирмаган бўлар эмиш. Бу кундай равшан нарса эмиш. Мана қара, дерди у, тупроғимизга испанлар келиб қовурғалари илма-тешик, қонига беланиб бутга парчинланган жони йўқ худога сиғинишни таклиф этди дейлик. Қани, айт-чи, сенинг дунёқарашинг ва урф-
одатларингга бундан кўра яқинроқ яна нима бор?.. Ана энди Мексикани буддоийлар ёки айтайлик, мусулмонлар босиб олганини тасаввур қилиб кўр. Масалан бизнинг ҳиндуларнинг бўкиб ўлган зотга сиғиниши тасаввурингга сиғадими? Унинг йўлида жонларини фидо қилганлари етмай кўксидаги уриб турган юрагини юлиб олишларини талаб қилган тангрига бўлса бошқа гап! Шу нуқтаи назардан қараганда Уицилоп очтли нима дегани бўлди?! Ўзининг ўринсиз садақа-фурушлиги ва расм-русумлари, фидокорлиги ва қонпарастлигига кўра христианлик ҳиндулар эътиқодининг табиий давоми ва янгиланган кўринишидан бошқа нарса эмас. Лекин раҳмдиллик ва ўз яқинларини севиш, «Ўнг юзингга урсалар чап юзингни тутиб бер» деган томонларига халқимиз одатланмаган. Бутун Мексика: «Магарким одамзотга ишонмоқ истасанг уни ўлдирмоқ вожиб» деган тушунча билан яшаяпти».
«Пепе менинг ёшлигимдан мексикалик ҳиндуларнинг санъатига ишқибозлигимни билади. Мен санамлар, ҳайкалчалар, турли-туман сопол буюмларини йиғаман. Дам олиш кунларим одатда ё Тласкальда, ё Теотиуаканда ўтади. Афтидан Пепе шунинг учун бу мавзудаги назарияларини тиқиштиришни яхши кўради. Мен кўпдан буён Чак Моол[2] ҳайкалчасининг арзонроғини излаб юрардим. Пепе бугун Лагунильядаги бир дўконда мана шу санамнинг менбоп ҳайкалига кўзи тушганини айтиб қолди. Якшанба куниёқ бораман».
«Идорада бир ҳазилкаш графиндаги сувга қизил бўёқ қўшиб юборган эди, ҳамма иш тўхтаб қолди. Мен буни бошқарувчига айтишга мажбур бўлдим, у эса қорнини ушлаб роса кулди. Айбдор эса шундан фойдаланиб кун бўйи пичинг қилиб юрди. Ҳаммаси ўша дардисар графин туфайли деб. Менинг Чак Моолим қандай экан!..»
«Бутун дам олиш куним Логунильяга бориш билан ўтди. Чак Моолни ўша, Пепе тушунтирган дўкончадан топдим. Катталиги асл нусхасидай келадиган антиқа матоҳ экан. Асл нусхаси шу деб ишонтирмоқчи бўлса ҳам дўкончининг гапига ишонмадим. Оддий тош, аммо шунга қарамай ниҳоятда маҳобатли ва нафис ишланган экан, Муттаҳам сотувчи сайёҳларни ҳақиқатан асл нусха ҳайкал эканига ишонтириш учун унинг қорнига памидор қиёми суртиб қўйибди».
«Эшагидан тушови қиммат, деганларидек Чак Моолни олиб келиш ўз нархидан ҳам ошиб тушди, майли кетса мендан кета қолсин. Болта тушгунча кунда дам олади — ҳайкал ҳозирча ертўлада турибди: эрта-индин жой бўшатиш учун хонадаги буюмлар ўрнини алмаштираман. Бундай ҳайкалларга қуёш нури тик тушиб турмаса бўлмайди — уларнинг табиати шуни тақозо этади. Чак Моол қоронғи ертўлада анча-мунча уриниб беўхшов шағал уюмига ўхшаб қоляпти. Тиришган — буришган юзи: «Нега мени қуёш нуридан маҳрум қилиб қўйдинг» дегандек. Дўкондаги сотувчи анойи эмас экан, танасидаги ғудда-ғудда шишларни яширади ва Чак Моолни сал одамбашара қилиб кўрсатади, деб унинг тепасига чироқ ёқиб қўйгани-чи. Мен ҳам шундай қилишим керакка ўхшайди».
«Эрталаб қарасам канализация тиқилиб қопти. Кеча ошхонада водопровод жўмрагини яхшилаб беркитмаган эканман, сув ошхона чаноғидан тошиб полга, ундан ертўлага ўтибди. Бу рутубат Чак Моолга чўт эмас-ку, лекин чемоданларимнинг расвоси чиқибди-да. Аксига ўша куни ишга ҳам кеч қолдим».
«Ниҳоят канализацияни тозалагани келишди. Чемоданлар тоб ташлаб, қийшайиб қолган эди. Чак Моолнинг таг курсисини бир энлик лой қоплабди».
«Кечаси соат бирда даҳшатли дод-войдан уйғониб кетдим. Дафъатан яна ўғри-пўғри бўлмасин дея ўйладим. Йўқ, алаҳсирабман шекилли».
«Кечалари оҳ-вой тинмаяпти. Ким бўлди экан — сира ақлим етмайди; асабларим ишдан чиқяпти. Ўчакишгандай яна канализация ишдан чиқди: чакка ўтиб ертўлани сув босибди».
«Водопроводчи дегани тез келақолса-да! Ғазабим қайнаяпти. Район маиший хизмат бошқармасидагиларнинг парвойи фалак — хоҳласа келади, хоҳламаса йўқ. Шу чоққача қувурларнинг бирон марта тиқилиб қолганини кўрмагандим. Чакка ўтиб ертўлани сув босгани эса кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеа. Ҳечқиси йўқ ингранишлар тўхтади, шунисига ҳам шукр».
«Ертўланинг сувини тозалашди, Чак Моолни бошданоёқ шилимшиқ модда қоплаган эди. Унинг турқи хунук: кўзларидан бошқа бутун баданига иргамчик яшил нарса тошиб кетган. Якшанба куни тозалайман энди, бошқа куни вақтим йўқ. Пепе ҳадеб сув ташиш можаросидан қутулмоқчи бўлсанг юқори қаватдан хона топиб, бошқа уйга кўчасан деб маслаҳат берди, Лекин мен бу данғиллама уйни ташлаб кетолмайман, Тўғри, аллазамонларда қурилган бу баҳайбат уй ёлғиз бошимга ҳаддан зиёд катталик қилади, бунинг устига ҳувиллаб ҳам ётибди. Аммо нима қилай, ота-онамдан бор-йўғи мерос бўлиб шу жой қолган. Қолаверса, улардан бир ёдгорлик сифатида ҳам табаррук. Ертўласида эртаю кеч автомат музика ҳангиллаб турадиган, иккинчи қаватида эса гулқоғозлар савдо бошқармаси жойлашган уй менга тўғри келмайди».
«Чак Моолнинг танасидаги пўканакни андава билан қириб ташлашга тўғри келди. Ўзиям роса бир соат овора бўлдим. Моғор тошга сингиб кетган эканми, кеч соат 6 ларда аранг тугатдим. Қоронғи тушиб, кўриш қийинлашгани учун мен чаласи қолмадимикин деган ўйда пайпаслаб текшира бошладим. Ё қудратингдан, ҳар гал қўлим билан ҳайкални силаётганимда у тобора юмшаб бораётгандек бўларди. Бунга ақлим бовар қилмасди-ю, лекин кўп ўтмай тош оз бўлмаса хамирдек юмшаб қолди. Лагунильялик дўкончи қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирганга ўхшайди. Кифтини келтириб мақтаган ҳайкали бор-йўғи ганчдан ясалган экан — зах ҳавода расвоси чиққан кўринади. Вақтинча бўлса ҳам эски қанор билан ўраб қўйдим; эртагаёқ ҳайкални уйга олиб чиқаман, акс ҳолда яроқсиз бўлиб қолади».
«Қанор ерда ётарди. Ҳеч ақлимга сиғмайди. Чак Моолни яна пайпаслаб кўрдим. У хийла қотгани билан, лекин барибир аввалгидек эмас. Унинг танаси — бунақасини кўрмаганман, — аллақандай гўштсимон юмшоқ нарсага ўхшайди: ушлаб кўрсанг худди резинканинг ўзи. Бу ҳам етмагандек ертўла деворига суялиб турган ҳайкалнинг ичида гўё бир нима айланиб юрарди… Ярим кечаси яна ертўлага тушдим, Шубҳага ўрин йўқ: Чак Моолнинг қўлларини тукчалар қоплаган эди».
«Умрим бино бўлиб бундай аҳволга тушмаган эдим. Идорада нима ишга қўл урсам чалкаштириб юборяпман. Тўлов ордерини имзосиз жўнатаётганимни пайқаб қолган бошқарувчи роса пўстагимни қоқди. Хизматдошларимга ҳам қўрслик қилиб қўйяпман, шекилли. Менга нима бўлди ўзи — васвасага учраяпманми? Довдир бўлиб қолдимми?! Ёки бу бошқа бир кўнгилсиз нарсами. Тезроқ врачга бориб аниқлаштирмасам бўлмайди. Лаънати Чак Моолдан тезроқ қутулиш керак!»
То шу ўрингача Филибертонинг дафтари менга яхши таниш бўлган юмалоқ, ораси очиқ хат билан ёзилган эди. Бироқ 25 августдан бошлаб худди бошқа одам ёзганга ўхшайди. Айрим ерларини ёш бола ёзганми деб ўйлаш ҳам мумкин: бир қисми эса асабий равишда чизилган ажи-бужи белгилардан фарқи йўқ. Орада уч кун бўш қолиб унинг кундалиги яна давом этарди:
«…ҳаммаси жуда оддий: мана шундан кейин реал нарсаларга ишониб кўр-чи… Ахир бу мавжуд нарса-ку, мен ишонадиган нарсалардан кўра реалроқ эмасми… Графиннинг мавжудлигига биронта ҳазилкаш унинг ичидаги сувини қизилга бўяб қўйганидагина ишонч ҳосил қиламиз… Сигарани хаёл қилиб унинг тутунини ҳақиқатда ичингга тортсанг, циркдаги ойна ортидаги махлуқни ҳаётда ўз кўзинг билан кўрсанг… наҳотки барча марҳумлар — шу йил ўлган ёки аллақачон суяклари чириб кетганлар шу каби реал бўлмаса?! Борди-ю бирон одам жаннатни тушида кўрсаю ўша ерга кирганининг нишони сифатида унга гул беришса, эрталаб уйғонгач, қўлида ўша гулни кўрса… бу нима?!.. Реалми? Борлиқ — бир вақтлар уни минг бўлакка ажратиб боши-кетини тополмайдиган аҳволга солганлари учун бугун парчаланган қисми, митти бир бўлакчаси орқали унинг нақадар улкан эканини, яхлит эканини тасаввур этамиз холос. Шунга ўхшаб поёнсиз ва афсонавий уммон ҳам қачонки унинг сурони чиғаноқ орқали эшитилгандагина реаллик касб этади. Уч кун илгари мен учун реаллик касб этган нарсалар бугун йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолган эди — у бор-йўғи ҳаракат акси, одат, хотира ва дафтардаги ёзувлардан иборат. Сўнгра, кунлардан бир кун ўзининг қудратли эканидан башариятни огоҳ қилиб қўйиш учун бирдан силкинган ер каби ёки ҳаётлигимизда эслашга улгурмаганимиз учун жазо тариқасида бирданига келиб қолган ажал каби шафқатсиз ўзга бир борлиқ илтифот кўрсатади, у — бундан биз огоҳ эдик — тубсизликларда яширин, у уйғотиб юбориш ва ўзимизни таниб олишимиз учун бизларни ларзага солади. Нима бало, кўзимга яна ҳар хил нарсалар кўриняптими? Бадани юмшоқ, ювошгина Чак Моол бир кечада ўзгариб сариқ, деярли тилларанг тусга кирибди, у менга ўзининг санамлигига ишора қиларди гўё; ҳозир у шалвираган, тиззалари дир-дир титраяпти, илтифот қилган каби кулимсираб турибди. Ниҳоят кеча кечаси кимдир пишиллаб нафас олаётгани ва хонада мендан бўлак яна кимнингдир юраги дукиллаб ураётганини пайқаб жонҳолатда сапчиб ўрнимдан турдим. Рост, зинапояда кимдир юргандек оёқ товушлари эшитиларди. Даҳшат! Яна ўрнимга ётдим… Анчагача кўзимга уйқу келмади, бир вақт кўзим илинибди. Қанча ухладим билмайман, аммо кўзимни очганимда тонг қоронғиси эди. Хонани даҳшат тутиб кетган, мушк ва қон ҳиди анқирди. Мен саросима ичида ётоқни кўздан кечирар эканман, тўсатдан липиллаб мудҳиш шуъла сочаётган бир жуфт сап-сариқ нуқтага кўзим тушди. Ўтакам ёрилиб жонҳолатда чироқни ёқиб юбордим. Бу — Чак Моол эди.
Сариқ рангли Чак Моол қип-қизил қорнини дўппайтирганича рўпарамда тиржайиб турарди. Учбурчак бурнининг тепасидаги худди елимлаб ёпиштирилгандек кичкина ғилай кўзларини кўриб эсим оғиб қолди. Остки жағи туртиб чиққан, юқори лабини тишлаб турар, фақат беўхшов, каттакон бошидаги тўртбурчак дубулғанинг совуқ ялтираши унинг тириклигидан огоҳ қиларди. Чак Моол мен томонга бир қадам қўйган чоғда ёмғир шаррос қуйиб юборди».
Дафтардаги ёзувларнинг шу ерига етганда августнинг охирларида Филибертони ишдан ҳайдаб юборгач, бошқарувчи аллақандай айбларни унга ағдарганлиги эсимга тушди. Биров ўшанда Филиберто боёқишни эси айниганга чиқарган, бошқалар эса қўли эгри бўлиб қолди дея гап тарқатишган эди. Унинг дам раҳбарларни сувдан ҳид келиши мумкинми деб саволга тутгани, дам саҳрони ёмғир билан суғора оламан дея сув ҳавзалари бошқармасининг котибини қатъий ишонтирмоқчи бўлиб ёзган алмойи-алжойи қоғозларини ўз кўзларим билан кўрган бўлсам-да, бу миш-мишларга ишонмаган эдим. Бироқ, айни чоқда мен буларни нима деб изоҳлашни билмай, алоҳа, фавқулодда серёмғир келган ёз, намгарчилик дўстимнинг силласини қуритиб қўйгандир балки дея ўйлаган эдим. Ким билсин, хоналарининг ярми қулфлоғлик, қуюқ чанг қоплаган ҳайҳотдек уйдаги номаҳрам, бола-чақасиз турмуш одамни восвос қилиб қўйиши мумкиндир балки.
Сентябрнинг охирларида Филиберто қуйидагиларни ёзган эди.
«Чак Моол кўнгли тусаб қолса эркалаб ҳам қўяди… У муссонлар, жазирама минтақадаги ёғинлар ва саҳро довуллари ҳақида ҳар хил ғайритабиий афсоналарни биларкан; ана шу афсоналарнинг барчасида у ҳар қандай гиёҳнинг яратувчиси бўлиб чиқади: бир қарасанг мажнунтол унинг шармисор қизи, бир қарасанг нилуфар —арзанда ўғли, бошқа сафар кактус унинг қайнонаси. Мен эса ҳаммадан кўра унинг бадан деса баданга ўхшамайдиган танасидан ва аллазамонлардан буён кийила-кийила таг чарми ейилиб кетган чувагидан анқиб турувчи уфунотга чидаёлмасдим. Чак Моол ўзини дастлаб Ле-Плонжон томонидан қандай кашф этилгани ва шу баҳонада ўзга олам одамларига юзма-юз келиб қолганини ҳиринглаганча ҳикоя қилиб берарди. Унинг руҳи кўзаларда яшаган, турган гапки, ўша ерда ёғингарчиликлар кўп бўлган; унинг тош жисмидан увоқдек ерини синдириб олиш шаккоклик ва қип-қизил жиноят. Шуни мен унутмаслигим керак, Чак Моол бунақасини ҳеч қачон кечирмайди. Кимга санъат асарлари бедахл эканини у яхши билади.
Фирибгар дўкончи бу ацтекларнинг ҳайкали дея алдаш учун суртиб қўйган бўёқни қорнидан ювиб ташлаш учун Чак Моолга чипта бердим. Тлалокка қариндошлиги бор-йўқлиги ҳақида сўрагандим, саволим ёқмади чоғи башараси шундай буришиб кетдики, асти қўяверинг. Жаҳли чиққанда унинг важоҳати жуда хунук бўлади: қинғир-қийшиқ тишлари такиллаб ялт-ялт қила бошлайди. Дастлабки вақтларда тунагани ертўлага тушиб кетарди. Кечадан бошлаб эса менинг каравотимда ётибди».
«Қурғоқчилик бошланди. Кечаси меҳмонхонадан яна ўша дастлабки пайтлардагидек хириллаган оҳ-воҳлар эшитилди, кетидан эса қандайдир шовқин-сурон кўтарилди. Юқорига чиқиб, ётоқхона эшигини қия очиб қарасам, Чак Мол қонталаш қўллари билан фонуслару жавонларни уриб чилпарчин қиляпти; мени кўриб остонага қараб югурган эди, эшикни аранг беркитиб ғусулхонага қочиб киришга улгурдим. Бир оздан сўнг у пастга тушиб ҳарсиллаганча сув сўради; кун бўйи водопровод жўмракларини очиб қўйганидан уйда аллақачон тангадек қуруқ ер қолмаган эди. Кечалари кўрпага бурканиб оляпман — захда ухлагим келмайди. Чак Моолдан меҳмонхонани бошқа шилтасини чиқарма деб илтимос қилдим»[3].
«Чак бугун меҳмонхонани сувга бостирди. Ғазабдан ўзимни босолмай сени қайтадан ўша дўконга элтиб ташлайман дея пўписа қилдим. Ё тавба, бу пўписамга жавобан билакузук тақилган залворли қўли билан қулоқ-чаккамга бехосдан тарс этиб тушириб қолса бўладими, тарсакисида қанчалик ғазаб бўлса ер юзидаги биронта мавжудот, на одам боласининг, на ҳайвоннинг овозига ўхшамаган қаҳ-қаҳасида бундан ҳам кўпроқ ғазаб бор эди. Яширишдан нима фойда: у мени ўзига қул қилиб олганди. Ҳолбуки, мен уни ўзимга овунчоқ сифатида олиб келгандим: истасам ўйнайман, истамасам туради деб ўйлаган эдим. Балки болалик қилгандирман, лекин болалик кимдир айтганидек «одамзот умр бўйи армон билан эслагувчи бебаҳо давр» эмасми? Бу ҳақда шу чоққача ўйлаб кўрмабман ҳам… У кийим-кечагимни тортиб олди, баданини яшил пўпанак қоплай бошлаганда эса халатимни елкасига ташлаб олади. Чак Моол ўзига ҳамманинг бўйсунишига қатъиян кўниккан, бинобарин, энди умрбод шундай бўлишини истайди; мен эса шу чоққача ўзгаларга буйруқ беришга одатланмаганман, бундан чиқди фақат бош эгиш тақдир экан шекилли. То ҳаммаёқни сувга бостирмагунча (унинг мўъжизакор қудрати қаерга кетди?) ғижиниб ғазабланаверади».
«Бугун Чак Моолнинг кечалари уйдан чиқиб изғиб юришларини билиб қолдим. У ҳар куни қош қорайди дегунча мунгли, қўшиқ тушунчасидан ҳам қадимийроқ бир ашулани хиргойи қилаверади. Кейин қандай бошлаган бўлса шундай, тўсатдан жимиб қолади. Бир куни бориб унинг эшигини қоқдим, охири сабрим чидамай бу рўдапо менга ташланган кундан бери қадам босишга юрагим бетламай юрган ётоқхонага киришга журъат қилдим. Хонада жавон синиқлари сочилиб ётарди; маълум бўлишича бутун уйга уриб қолган мушк ва қон ҳиди мана шу хонадан анқиётган экан. Эшик ортида суяклар ётарди. Қорин ғамида Чак Моол тунлари тутиб еган итлар, мушуклар ва каламушларнинг суяклари эди улар. Саҳарлаб ваҳшиёна увиллаш қаёқдан келади десам гап бу ёқда экан».
«Февраль, ҳамон қурғоқчилик. Чак Моол ҳар бир қадамимни кузатяпти. Телефон орқали тамаддихонага буюртма берасан деб мажбур қилди: энди унга ҳар куни димланган жўжа гўшти билан гуруч юборишади. Анчадан бери маош олмаяпман, жамғарган пулларим тез орада тугаши аниқ. Охири юз бериши муқаррар воқеа содир бўлди: ўз вақтида тўланмаганлиги учун ойнинг бошида сув билан чироқни муҳрлаб кетишди. Шундай бўлса ҳам Чак Моол уйимиздан икки квартал нарида жойлашган умумий фойдаланиш колонкасини топиб келди. Энди ҳар куни кечаси 10—12 марта сувга қатнайман, у эса пешайвондан мени кузатиб туради. Агар кўзимни шамғалат қилиб қочмоқчи бўлсанг, кулингни кўкка совуриб юбораман, дейди. Бунга унинг қурби етади; ахир у чақмоқ ва момақалдироқ маъбудаси ҳам эди-да! У фақат бир нарсани — ўзининг тунги дайдишларидан хабардор эканимни билмасди… Чироқ йўқлигидан эртароқ, соат 8 ларда ётишга тўғри келяпти. Бошга тушганни кўз кўради деб мен аллақачон Чак Моолга кўникишим керак эди, аммо сира иложи бўлмаяпти: яқинда кечаси зинапояда бехос урилиб кетиб, муздек қўллари билан баданидан янги чиқаётган парча-парча, иргамчиқ, суви ачиб ётган терисини ҳис қилиб жирканганимдан бўкириб юбораёздим».
«Борди-ю шу кунларда ёмғир ёғмаса, Чак Моол яна тошга айланиб қолади. Мен унинг тобора қимирлашга ҳоли келмаётганини сезяпман; гоҳо у қимир этмай деворга суянган кўйи соатлаб қотиб туради; шунда рўпарамда қудратли момақалдироқ ва чақмоқ маъбудаси эмас, балки яна ночоргина ожиз санам пайдо бўларди. Лекин бундай нафас ростлашлар унга янги куч бахш этарди. У гўё қандай бўлмасин бир оз суюқлик чиқиб қолар деган ишончда сурбетларча баданимни тирнаб азоб бера бошларди. Энди қадимий афсоналарни ҳикоя қилиб берадиган суҳбатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди; афтидан менга нисбатан қаҳру ғазаби тобора кучайиб борарди. Бундан ташқари баъзи нарсалар: ертўладаги винолар тугаб қолгани, Чак Моолнинг эгнидаги ипак халатини ҳузур қилиб тез-тез силаб қўйишлари, жория ёллагин деб дамба-дам ўдағайлашлари, ҳадеб совун ва атирлар сўрайвериши мени ташвишга соляпти. Наҳотки, одамларни йўлдан оздирадиган нарсаларнинг мазасини тотиб кўрган бўлса?! Дарвоқе, шу боис абадий ўзгармасдек туюлган юз бичимида қариш аломати пайдо бўлаётгандир?! Ким билсин, мени балки шу нарса қутқазар: агар Чак Моол ўйламай-нетмай одамга айланар экан, ўша куниёқ у ўлади. Чунки у яшаган асрлар йиғилиб келиб бир лаҳзада уни адо қилади. Аммо худди мана шу нарса менинг ҳам бошимга етиши мумкин, негаки кўзим етяпти: Чак Моол жони чиқаётганида тепасида менинг туришимни мутлақо истамайди, шунинг учун ажалимдан беш қун бурун тинчитиб қўйса керак».
«Шу бугуноқ Чакнинг тунги сайрга чиқишидан фойдаланиб, қочаман. Тўғри Акапулькога жўнайман; балки бирон бошпана топиб ўша ерда Чак Моолнинг ўлишини кутарман: унинг шарти кетиб парти қолди, сочлари оппоқ, юзи эса шишинқираган; мен эса дам олишим шарт — океанда чўмиламан, офтобда тобланаман. Ёнимда ҳали 400 песо пулим бор. Мюллерхоним пансионида яшайман, чунки у ер арзон ва қулай. Майли бор-будим Чак Моолга буюра қолсин; кўрамиз мен келтирадиган челак-челак сувларсиз қанчага чидаркан».
Филибертонинг кундалиги шу ерга етганда узилиб қолди. Унинг ёзганлари ҳақида ортиқча бош қотиргим келмай то Куэрнавакига қадар мизғиб бордим. У ердан Мехикогача йўл-йўлакай бу чигал воқеаларни учини топишга, бу ёзувларни — Филибертонинг идорадаги дилтанглиги ёки бирон бир руҳий характердаги ҳолатлар билан боғлашга уриндим. Кеч соат тўққизларда сўнгги бекатга етиб келганимизда мен ҳали ҳам марҳум дўстимнинг ақлдан озиши сабабларининг тагига етолмагандим. Дафн маросими билан кейинроқ шуғулланарман, ҳозир эса энг аввал тобутни Филибертонинг уйига элтиш керак деган мақсадда юк машинаси кира қилдим.
Филибертонинг уйига бориб калитни қулф бурнига энди солганимни биламан, эшик бехосдан очилди-ю, қаршимда бўйнига рўмол ташлаб халат кийган сариқ юзли ҳинду пайдо бўлди. Бундан бадбурушроқ кимсани тасаввур қилиш қийин; ундан арзон-гаров совун ҳиди келар, юзига қопланган упа ҳам ажинларини яширолмаган, лабига қалин қилиб нари-бери бўёқ суртилган, сочлари эса бўялганга ўхшарди…
— Кечирасиз… мен билмабман, Филибертонинг…
— Ҳечқиси йўқ, ҳаммасидан хабарим бор. Одамларингизга айтинг, мурдани ертўлага элтиб қўйишсин.
Рус тилидан Олим Отахонов таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 1987 йил, 4-сон.
___________________
[1] Мусалласга солиб ивитилган карам билан сосиска ва гўштли таом.
[2] Чак Моол — сув ва ёмғир маъбуди, қадимги майя қабиласидаги асосий маъбудлардан бири.
[3] Филиберто Чак Моол билан қайси тилда муомала қилганини тушунтирмасди.