Бугун сўнгги кун эди. Сўнгги кун.
Ўттиз беш йилу икки ой кеча кундуз ишлаган бу кулбани ташлаб кетиши керак эди. Нафақага чиқаётганди. Расмийлаштириш ишлари ҳам якунига етган, ҳатто ўрнига янги ишчи тайинланган. Унинг ўрнига кўтаргич (шлагбаум)ни бошқарувчи навбатчи келаётганди.
Нафақага чиқишни ўйламаганди эмас, биларди. Нафақага чиқиш насиб қилса, ҳар бир иш одамининг узун меҳнат йўлидан кейин оқибат тақдири, тинч, осуда жойда, юмшоқ ўринда тинчланиб, ҳордиқ чиқарадиган муддати эди унинг наздида.
Бир неча йилдан бери қишда ишлаш машаққат туғдираётганди унга. Хотираси панд бериб, поездларнинг қатнаш соатларининг тартибини унутиб қўярди. Ётоғидан истар-истамай, малол билан уйғонган кезлари:
– Кўпи кетиб, ози қолди,– дея ғудранарди ўз-ўзига.
Ускудорда, Нуҳкуюсуга яқин жойда яшарди. Навбат алмашиб, ҳафталик таътилга чиққан кезлари уйига кетганида, ортига қайтишни интиқиб кутар, шанба тонгида янгича куч-қувват, ўзи англамаган истак билан ишига қайтарди.
* * *
Иссиқ пешин қуёшига қоришиб кетган темир йўл излари порлаб турган кезда кулбасидан чиқди. Атрофни кузатди. Худди бу ерларни ўттиз беш йил кўрмаган, кузатмаган каби борлиқни диққат билан томоша қиларди. Ҳов анави кўмир уюми ҳар доим шу ердамиди? Олдинроқдаги сув депосининг резина жўмраги эскириб қолибди. Ўнг йўлдаги вагонларга қаради. Эҳ-ҳе, қанча вақт оқиб кетмади! Бу вагонлар яп-янги ҳолатда келган пайтларни эслади. Темирдан ясалган вагонлар шу қадар чўкиб, хароб ҳолга келган бўлса, унинг ўзи қай аҳволда экан ҳозир? Бир муддат кулбасидаги кўзгуга қарамоқчи бўлди. Хаёлидан дарҳол воз кечди. Сигнал фонарига кўзи тушди. Энди уни ишлатмайди. Фонари билан боғлиқ ғалати ҳолатларни хотирлади. Бир кеча фонарининг қизил шишаси синиб, нима қилишни билмай қолганди. Яна бир бошқа кеча уйқусираб адашиб сигнал бериб юборганди. Ўз ишининг устаси, илғор навбатчига айлангунича нималарни бошдан кечирмади. Булар эски хотиралар эди. Ёшлик даврларининг энг гўзал кунлари. Кейинчалик фонарини ҳам синдирмади, навбатчиликда уйқусираб ҳам қолмади. Паровозлар, локомотивлар, бошқа йўлдаги навбатчи кўтаргич бошқарувчиларни овозидан танийдиган бўлганди. Ҳатто ҳиди, ҳавосидан фарқлай оларди поездларни. Шамолига қараб радар тутар, поездларнинг темир изи товушини телефон чақириғидек биларди.
Ялтироқ темир йўл излари кўзларини қамаштириб кулбага кирди. Нарсаларини йиғиштириб, тайёрлаб қўйибди. Эски сандиғи йиллар давомида қўнган кўмир ғуборларидан кирланганди. Станцияда бу ранг ёпишмаган бирор нарса йўқ эди ҳам. Темир қопқоқли, осма калитли кичик сандиқ ҳам станциядан бир парча ёдгорлик. Уни олиб кетишнинг қийинлигини ўйламайди. Аксинча, шу сандиқ станцияда кечган йилларини эслатиб туришидан мамнун.
Қирмизи ёпинчиқ ёпилган йиғма каравотида машина кутяпти. Эрталабданоқ ҳамкасб дўстлари билан хайрлашгани яхши бўлди. Бироз бошини ёстиққа қўйиб дам олади. Ҳозирданоқ нафақада дам олишни бошлайди.
* * *
Янги навбатчи-бошқарувчи ёшроқ эркак эди. Шу атрофдаги станциялардан бирида икки йилдан бери кўтаргич бошқарарди.
– Омон бўлинг, Ражаб ота!– дея қўлини ўпди.
Ражаб сўнгги насиҳатлари, тавсияларини такрорлади. Ўз асарини иқтидорига ишонмаган бегона кишига топшираётган санъаткордек қўрқувда эди. Машинада ётоғи ва кичик сандиғининг орасига ўтириб олди. Ғилдираклар юришга шайланаркан, пастга қараб овози берди:
– Ўғлим, учинчи йўлнинг кўтаргичи унча яхши ишламайди. Кўтарилаётганда овоз чиқарди. Бор кучинг билан босмагин.
Баландликдан чиқаётиб, станцияга, кўтаргичларга ўнг-сўл тарафига яна бир бор қаради-да, шивирлаб қўйди:
– Раббим, бу кеча бирор ҳалокат юз бермасин-да…
* * *
Кўтаргич-бошқарувчи Ражаб ота Ражаб бой бўлди. Уйидаги шу пайтга қадар ҳеч қарамаган боғига гуллар экди. Ўртасига мармар ҳовуз қуриб, ҳовуз атрофини рангли гумбаз билан ёпди.
Ичкарига товуқ катаги қурди. Атрофидаги қишлоқлардан товуқлар келтирди. Гул парваришлаб, товуқ боқишга шўнғиб кетди.
Ҳар куни товуқлари ва гуллари билан машғулликда кунни кеч қилади. Аёли бир кунга келган меҳмон каби хизматига шай туради. Хожасининг нафақада экани, энди ҳамиша ёнида бўлишини ўйласа аёл мамнунлик туярди. Ўғиллари Рустам эса Кадикўюда ҳайдовчилик қилади. Ўша ерда уйли-жойли бўлган, хотини, бола-чақаси билан ўша ерда яшарди. Фақат ойнинг илк кунлари отасига нафақа пулини келтириб берарди.
Ражаб бой тонгдан шомгача эгнига енгил кийим кийволиб, боғида куймаланади. Тушликни боғда ейдилар. Куннинг иккинчи ярми яна боғида ишлайди, қўшниларига нафақага чиққан кўтаргич-бошқарувчининг қай даражада қўли гул боғбон эканлигини кўрсатиб, меҳнат қиларди.
Хуфтон намозидан кейин Ражаб бой кўчалик кийимини кийиб, маҳалладаги қаҳвахонага чиқади. Маҳалладош эркаклар билан саломлашиш баҳонасида товуқчилик ва гулчилик ҳақида суҳбатлашадилар. Орада суҳбат дунёда рўй бераётган ҳодисаларга тақалар, аммо нафақадагилар бу суҳбатга унча қулоқ осмасдилар. Ҳаётдан яхшигина таълим олиб, тажриба тўплаган кексалар ўлим вақти яқинлашаётганини, қазо вақтини кутаётганларини эслаб, тарк этишлари муҳаққақ ҳаётнинг завқли онларидан гаплашиб таскин топардилар.
Оқшомда бошланган баҳс-мунозарали суҳбат ярим тунгача гулдан хўрозга, хўзроздан тупроқ ўғитлари масаласига, ундан эски кўпкари ва ов ҳикояларига тақаларди.
* * *
Нафақадалигининг тўртинчи ойи эди. Эрталабдан денгиз шамоли лодос эсарди. Ражаб бой пастки қаватдаги кичик сандиқ турган хонасига кирди. Товуқ катагининг темир эшигини кесиш учун кескичини излаётганди. Тўсатдан кўзи темир қопқоқли, қора рангли сандиғига тушди. Сандиғига яқинлашди. Сандиғи билан тўқнашиш шу қадар тез рўй бердики, Ражаб бой бир муддат ўзига келолмади. Оқ енгил кўйлак-лозимли Ражаб бой бир зумда кўтаргич-бошқарувчи навбатчи Ражаб отага айланди. Ўттиз беш йиллик ҳаёти бир-бир кўз олдидан кечди. Ёз қуёшида порлаган темир йўл излари, қор зарраларини тўзғитганча яқинлашаётган локомотив тормозларини кўраётганди гўё.
Шу онда узоқ-узоқлардан кўнгилга айрилиқ қўшиғидек оғриқ берган увиллаган товуш эшитилди. Локомотив овози эди у. Дераза очиқ эди.
Ғайри ихтиёрий равишда:
– Ғаффор тентакнинг увиллаши бу! – дея пичирлади.
Ғаффор тентак тез-тез юргани учун бу лақабни унга ўзи топганди. Ғаффорнинг қоп-қора кўмир орасида порлаган кўзларини, кўтаргичдан ўтаётганида қўл силташларини эслади.
Шу онда кесгични, товуқ катагини, боғини, ҳамма нарсани унутди. Жимгина юқори қаватга чиқди. Кийимларини алмаштирди. Ўзини индамайгина кузатаётган аёлига:
– Бироздан кейин қайтаман!– дея кўчага чиқди. Станциягача ҳаяжон билан юрди. Фақат темир йўл изларини кўрганида, энди у ерда қиладиган ҳеч бир иши қолмаганини англади.
Дарахтга суяниб, бир неча соат локомотивларни, ўтган-кетган поездларни кузатди. Юрагини вайрон этаётган ғарибликни, уни бу жўшқин ҳаётдан шафқатсизларча юлиб отган кексаликни ёзғириб, ҳеч нарсани сезмай, бор дунёни унутиб станцияни кузатди. Ўзи каби шохлари кесилган, сояси йиртиқ дарахт тагида ўтириб юм-юм йиғлаётган кўнглини овутолмай темир йўл кўтаргичига маҳзун термулиб қолди.
Ҳозир лодос поезд овозини Нуҳкуюсидаги уйигача келтирган кунларда станцияга узоқдан термилиб қоладиган бир кекса бор. Бу одам йиллар шафқатсизлик билан юлган умрининг қолганини ҳам касбига бағишлашни истаган, яна темир йўл изларининг овози билан яшашни истаган, бунга ҳамиша муҳтож бўлган кўтаргич-бошқарувчи навбатчи Ражаб отадир…
Турк тилидан Умида Адизова таржима қилди
“Ижод олами” журнали, 2017 йил, 6-сон