Анвар Обиджон. Мўттивоймисан, Миттивоймисан? (қисса)

Болалар ва ўсмирларнинг аксарияти табиатан шўх, ўжар, шу билан бирга, ўта қизиқувчан, беҳад таъсирчандир. Улардаги бу хусусиятларнинг яхши томонга шаклланишида тарбиядан ташқари, муҳитнинг аҳамияти ҳам беқиёс. Бола эл-юртнинг қувончу ташвишлари асосан нималарда намоён бўлишини, оддий кишилар турмушининг лаззатли кечишида одмилик, меҳнатсеварлик, оилапарварликдан ташқари, тўғрисўзлик, аҳиллик, ҳалоллик, айниқса, адолатнинг ўрни нечоғлик улкан эканлигини қанчалар эрта англаб етаверса, жамият учун шунчалар қайишувчан бўлиб улғаяверади. Бунда боланинг кўпроқ катталар орасида бўлмоғи, уларнинг тирикчилик тарзи билан яқинроқдан таниша бормоғи ўзига хос бир мактаб вазифасини ўташи шубҳасиздир.
Қувноқлик ва жиддийлик қоришмасидан иборат бўлган ушбу қиссада ажабтовур бир тасодиф туфайли чигал аҳволга тушиб қолган ва атрофидаги самимий, инсофли, покизақўл инсонлар таъсири боис ўсмирликданоқ ўзи учун ёруғ йўл топиб олишга тириша бошлаган ёш замондошимиз кечинмалари ҳақида ҳикоя қилинади.
Бу асар ёш ўқувчиларга озми-кўп шавқ улашибгина қолмай, кўнгилларида элсеварлик, юртпарварлик туйғуларини янада жонлантиришга қиттаккина улуш қўша олса, ўзимни жуда-жуда бахтиёр ҳис этган бўлардим.
Муаллиф

Ясама йўлбарс ҳангомаси

Э, ошнажонлар-а, жа ғалати иш бўлди-да. Икки оёқда унчалик лапангламасдан юра олишимга қаралса, ҳарқалай, одам деса дегулик бўз бола эдим, кўзни бир очиб юмгунча тўрт оёқли кучукчага айланиб ўтирибман-ку. Бу кўргиликнинг юз бериши олтинчи синфга ҳавва-ҳувва кўчволган пайтимга, қийқириқлар билан бошланган ёзги таътилнинг қоқ бешинчи кунига тўғри келди.
Бунгачаям бошимдан ғалва аримай турувди, ўзи. Уч ойлик ҳордиқ эълон қилинган заҳоти “Каллани ишлатишдан қутулдик!” деб ҳаювлаганимча хонадан шунқорланиб чиқаётиб, узунйўлак шиптидаги қандилнинг куйик нокчироғини алмаштираётган электрчига урилиб кетганимни; у десангиз, тўғрима-тўғри йиқилавермай, оёғи остидаги стулдан чечан футболчига ўхшаб, қайчи усулида тескарисига умбалоқ ошганини; қўлидан учган нокчироқ деворга пақиллаб тегиб, шиша синиқларидан бири пол юваётган фаррошнинг бурнига санчилиб қолганини айтмасам, таътилнинг биринчи куни мен учун ортиқча машмашасиз ўтгандек эди. Иккинчи кунги қилиғим андак чаккироқ бўлди, менимча.
Ўшанда беҳининг қайишқоқ шохидан камон ясаётиб, бу ишнинг чакки томони бўлиши мумкинлиги сира-сира хаёлимга келмаганди. Олти яшарлигимдан бери камон отаман. Уни қандай ясашни, бир гал опоғотамникига борганимда, кичик тоғам ўргатгани эсимда. Бу орада, токдаги узумларимизни, айниқса, эртаки қувончқораларни ёпирилиб чўқиловчи қанча-қанча қушнинг патини тўзғитдим, қанча-қанча ит-мушукка жароҳат етказдим. Музлоқда сирпаниб ўйнаётганимда бошимдан учиб тушган қуёнтери телпагимни чайнаб қўйган, қишлоғимиздаги энг саёқ, энг сурбет кўппак саналмиш Оқчопоннинг ўнг кўзиниям мен кўр қилганман.
Камон битгач, қуриган қамишнинг силлиқ ғарови ичига учи бигиздек ўткирланган чўпни суқиб, чийланган ипда маҳкамлаб боғладим. Ўқ-ёй ҳам тайёр бўлди. Бир замонлар ҳатто Алпомишдек паҳлавонларимизга асқатган қақшатқич қуролнинг забтини синаш истагида тўрт томонга алангладим. Кечпишар тошнокнинг устида чақчайиб турган ҳакка Алпомишга кўп ёмонликлар қилган Сурхайл кампирга ўхшаб кўринди-ю, унга тиш қайраганимча, камондан ўқ учирдим…
Қарабсизки, яна хархаша чиқиб турибди-да!
Хўш, жодугарни эслатувчи лўликўз қушга ўқ отишнинг қанақа хархашаси бор экан, дерсиз. Агар, ўқ ҳаккага тегмасдан ўтиб, девор ортидан: “Қааақ! Қақааақ!!!” деган нола эшитилмаганида, ҳамма иш сиппа-силлиқ кечган бўларди, албатта. Жон ҳолатдаги қақағлашларга қўшнимиз Маҳай хўрозбознинг “Э, воҳ! “Самурай”имни ўлдириб қўйиш­ди-ку!” деган вағиллоғи қўшилди. Сал ўтмай, ҳовлимизда ўзи ҳам пайдо бўлиб, бу енгилмас хўрозни қўтосдек келадиган қўчқоримга алиштирганидим, энди Хўппакаллангни оғилимга боғлаб қўясан, деб сўлак сачратган кўйи мени тизғитишга тушди. Пирпиракланиб, кўчага қочдим.
Ҳайтовур, Хўппакалла деган уришқоқ қўчқоримиз ўзимизда қолди, “Самурай”нинг қаноти бор-йўғи андаккина лат еган экан. Худо бир сақлади-ёв!
Учинчи кун, аслида, худди сўқмоққа сув сепгандек бўлиб, ҳеч бир чанг-тўзонсиз ўтиши керак эди. Чунки кўчага чиқаётиб, етар, бугун кўнгилнинг гапига кириш йўқ, бувим шўрлик мени тергайвериб ҳолдан тойди, давримда бир яйраб дам олсин, деб ичимдан тугиниб қўювдим. Бекор турмаслик, омадим юришса, бирорта қариядан дуо-пуо эшитиб қолиш ниятида “улоқчи” болачоқлардан бирининг чўбак отини тортиб олдим-да, ариқдаги каттароқ тошларга қадалиб қолган қоғозу хашакларни “саман таёқ”да қирғоққа суриб, сув йўлини тозалашга тутиндим. Шу паллада узоқдан маҳалла сартароши Барака мараканинг “Эшвойникига маъракагааа!” деган чинқириғи таралди. Тўсатдан миям туманлашди.
Қишлоқни айланиб, эринмай суриштириб кўринг, Барака маракани ёқтирадиган бирор­-бир болани топиб бўпсиз. Тўйда кичкинтойларга кун бермайди, бир дастурхондан нарига ҳайдаса, бир шовқинимиз юрагига сиғмай қолади. Айниқса, Тўлан тўлпоқ қизини узатган тўйда қозонга яқинроқ борганимни биламан, елкамдан ваҳшийларча тутамлаб, аямай силтаб ташлагани пўканимга зилдек ботганиди.
Велосипед миниб олган уста, одамларни текин ошга чорлаган асно, тобора яқинлашиб келаверди. Яқинлашаётиб, менга хираланиб қараш ўрнига, балли, Мўттивой, ариқ тозалашнинг савоби катта, деб ўтса, бурни бужмайиб қолмасди. Йўқ, ўша турқ, ўша башара.
Э, қайсарлигим қурсин – қўлимдаги таёқни велосипедининг олд ғилдирагига қандай тиққанимни билмай қолибман. Одам учмайди, деган гап ёлғон экан. Олдиндаги ғилдирак таққа тўхтаб, велосипеднинг орқа томони тепага кўтарилиши биланоқ уста Барака марака “Эшвойникига мааа…” деган асно ҳавода шунақанги текис учишни бошладики, буни қайсидир лочин панадан кўриб турган бўлса, ҳасаддан куйиб ўлиши аниқ эди. Текис учишдан ташқари, анча узоққа учди. Аммо ҳай, дариғ, деб қўйиш керак, қўниши жичча пала-партиш тус олди. Ўзидан кўрсин, уни бинойидек учирдим, қўнишни эплолмаса, мен нима қилай?
Тўртинчи кунга ўтар кечаси одамнинг завқини чучварақайнар қилворадиган қойилмақом туш кўрдим. Шу десангиз, хачирдан сал чоғроқ бир йўлбарсга дангал ташланиб, таппа босиб йиқитибман. Кейин, унинг бўйнидан боғлаволиб, қишлоқда кўчама-кўча кезавердим. Менга кўзи тушган одам борки, қулоқ-бурунли устунга айланиб, жойида донг қотиб қолаверди.
Уйғониб, нонушта қиляпман-у, ўнгимдаям халойиқни қандақасига анграйтириб қўйсам экан, деб ўйланаман, холос. Охири, каллажонимда ажойиб бир фикр чарақлади…
Бувим, тирикчиликнинг кетидан қувиб, қўй боқиб туради. Иккита совлиқдан ташқари, киннанг ичингда кетгур Маҳай хўрозбознинг айтишича, қуйруғидаги юкнинг ўзи иккита полвоннинг белини синдирадиган ўша Хўппакалла қўчқоримиз ҳам бор. Бўрдоқилигидан бесўнақай кўринишига қарамай, қўйларни яйловчага ҳайдаб борсам, шериклари сингари индамасдан ўтлайвермай, учраган ҳайвонга калла солиб, бўридек тезгир қувалашга тушади.
Ўйлаб қўйган мақсадимни юзага чиқаришдан олдин қўйларни яйловчада ўтлатиб, уйга пешинда қайтдим. Тушликдан сал ўтибоқ, бувим бўғчага кўрмана тугиб, холамнинг неварасига қилинаётган бешик тўйига жўнади. Холи қолгач, димоғимда хиргойиланиб, бемалол юмушга берилдим:

У қизгаю бу қизга
Чалиб берайин сибизға.
Ўйинчи қизлар ичида
Нима бор Сувон семизга?
Майдалаб босиб ўйнасин,
Патини ёзиб ўйнасин…

Ишни юнги кечагина қирқилган Хўппакаллани қозиққа калталатиб боғлашдан бошладим-у, танасига ўрикнинг елими аралаштирилган тезакни суртиб, қўнғир рангга бўяб чиқдим, қозонкуяда йўл-йўл чизиқлар тортдим. Кейин, бошига каноп халта кийдирдим, қайчида иккита кўз очдим, жағи билан бўйнининг атрофига увада тиқиб, йўлбарснинг калласидек қилиб шиширдим, униям ола-булага бўядим. Тумшуғига тишлари иршайиб турган каттакон оғиз чиздим. Чипор арқондан дум ясаб, орқасига осилтирдим.
Ваҳ! Йўлбарсмисан йўлбарс бўлди!
Синфдошим Парпивойникига кириб, жаҳонда ҳали ҳеч ким кўрмаган чингилин томоша бошламоқчи бўптурганимни айтдим-да, озгина кўмак сўрадим. Хайрият, бўйин товламади – “видео”сидаги мултфилмдан йўлбарснинг турлича нағмадаги ириллашу бўкириқларини қўл телефонига ёзиб, вақтинчаликка менга берди.
Ишни битиргунимча қош қорайди. Яна бироз кутдим. Тузукроқ қоронғи тушиб, гузару симёғочлардаги чироқлар ёқилган маҳалда Хўппакалланинг бошига кийдирилган каноп халтага телефонни тиқиб, арқонни қозиқдан ечдим; лозимандадан эндигина қайтган бувимнинг кўзини шамғалат қилиб, кўчага секингина етаклаб чиқдим.
Кўча бўм-бўш эди. Гузардаги чойхона томонга бораётиб, Парпивойнинг телефонини шовқинлатиб ишга солдим. Йўлбарснинг ириллаган товуши янграши биланоқ, қўчқор жон ҳалпида потранишни бошлаб, мени туртиб йиқитганича, кўчада сакраниб-сакраниб чопа кетди. Ариқдан сув олаётган Жамила опанинг пақири қўлидан тушиб, дод-вой билан уйига пойга қўйди.
Қишлоғимиз стадионига кўчма ажойибхона келиб, анчадан бери томоша кўрсатаётганди. Чойхона айвонидаги сўриларни тўлдириб ўтирганлардан бири “Ийе, ажойибхонадаги йўлбарс қафасдан қочибди-ку!” деб бақирганини билади, ҳамма тўрт ёққа тум тарақай бўлди.
Шилинган тиззамни ишқалай-ишқалай, йиқилган жойимдан аста қўзғалаётганимда, мистовоқ кўтарган чойхоначи учқурлаб келиб, тепамдан мушукдек ирғиб ўтди. Мистовоқдан тўкилган новвот бўлагини увол қилмай, тезда тилимнинг устига ташладим. Ҳали туриб улгурмасимдан, энди Маҳай хўрозбоз чап қўлида чойнак, ўнг қўлида пиёла билан менга қора булут уюридек яқинлаша бошлади. Ўзи нима аҳволда-ю, ора-сира чойни ҳўплаб-ҳўплаб қўяди денг. Бу гал устимга қайноқ чой тўкилишидан чўчиб, йўлни бўшатиш учун четга юмаландим.
Бошимга қоп-қоп кулфат орттирганимни пайқаб, ўрнимдан турдим-да, қўчқорнинг изига тушдим. Бўйнидаги телефондан тинимсиз равишда ўкириғу ириллашлар таралаётган Хўппакалла чойхонадагиларни тўзғитиб бўлгач, ўзини кўчанинг у юзидаги дарвозага уриб, Тошпўлат мерганнинг уйига кириб кетди. Изма-из дарвозадан ўтганимни биламан, айвонда телевизор кўриб ўтирганлар ириллоқ махлуққа тикилганча айюҳаннос сола кетишди, кейин бири эшикдан, бири деразадан уйнинг ичига отилди.
Қўчқорни ана ушладим деганимда томорқага қараб қочди. Ғўзапоядан қилинган човрани бузиб ўтаётган вақтда, Тошпўлат мерган ўзини ўнглаб улгурган бўлса керак, милтиғини варанг­латиб осмонга ўқ узди.
Хўппакалла човрадан ўтиб, энди Тўлан тўлпоқнинг ҳовлисида ғирро-ғир айланишга тушди. Яқиндагина тўй қилган Тўлан тўлпоқ олти пақир сув сиғадиган, кексалар “чойқозон” дейдиган алюмин самоварни маҳалла омборига топшириб улгурмаган экан, қўчқор бир калла қўйишда шуни паққос қийшайтириб ташлади.
Самоварнинг бежо даранглаши сергак торттирдими, Тўлан тўлпоққа қўшилиб, хотини ва болалари ҳам уйдан кетма-кет чиқиб келишди. Чиқибоқ, бари тенгдан сўррайиб қолди. Тўй куни ташқидаги хурмо шохига осилган икки юз шамли чироқ қуёшдек чарақлаб товланаётгани учун тўнкариб қўйилган дошқозон атрофида бетўхтов чопаётган ясама йўлбарс кафтдагидек аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
– Болаларни уйга ҳайда! – дея хотинига қичқирди Тўлан тўлпоқ. – Йўлбарсга ем бўлмай десанг, эшикни ичкаридан тамбала!
Тап тортмасдан “йиртқич”ни қувиб юрганим унга далда берди, шекилли, Тўлан тўлпоқ ерда ётган кетмонни қўлга олиб, ўзини ҳимоялашга шайланаркан, “Жонингдан тўйдингми, Мўттивой? Бу ёққа югур!” деб қичқирди менга.
Чойхонадан қочганларнинг баъзилари кўча девордан ҳовлига мўралаб турган экан, улар ҳам бирин-сирин бақира кетди:
– Қоч, Мўттивой! Ўзингни уйга ур!
– Ёш жонингга жабр қилма!
– Очга ўхшайди бу йўлбарс, тилкалаб қўяди-я!
Шу пайт, бузилган човра томондан Тошпўлат мерганнинг қалдироқли овози янгради:
– Ўзингни четга ол, Мўтти! Бу одамхўрни отиб қўяқолай энди!
Шундай дея, қўшотар милтиғини нишонга тўғрилаганида, Тўлан тўлпоқ “Отма, хумкалла! Давлатнинг йўлбарси қиммат туради, машинанг­ни сотиб ҳам узолмайсан!” деб бўкирди. Бу огоҳлантирувдан сўнг Тошпўлат мерган шиппа шаштидан тушган бўлса-да, эркакча гапим елга соврилмасин деб ўйладими, ойни уриб туширмагунча кўнгли тўлмайдигандек, осмонга қайтадан ўқ отди.
Хўппакалла милтиқнинг гумбирлашидан чўчиб йиқилгани ўнғайлик туғдирди-ю, тураётганида устига ташланиб, қўлларимни бўйнига чирмадим. Қўчқор мени судраган кўйи дошқозоннинг теграсида чамбарагулчин айланаверди; телефондан чиқаётган йўлбарсона наъралар унинг ора-сира хирқироқланиб бабалашини кўмиб юбораётганди.
Четдан хилма-хил нидолар таралди:
– Ваҳҳ!!!
– Ҳайҳай-ов!!!
– Ё, қудратингдан!!!
– Бу бола одамми, шайтонми?!
Тушим ўнгидан келиб, орзум ушалди. Аканг қарағайнинг тўс-тўзонли олишувини кузатиб турган қўшкўз банда борки, ёппасига анқайтириб ташладим.
Терга ботиб кетган Хўппакалладан қўланса буғ кўтарилди. У мени четга итқитиш умидида хўтикдек шаталоқлашга тушди; охири дорда ёйиғлиқ турган шолчага урилиб, ёнбошга ағанади. Шолчани эпчиллик билан унинг устига ёпиб, типирчилатганимча босиб туравердим. Тўлан тўлпоқ кетмонини, Тошпўлат мерган милтиғини ташлаб, кўмакка шошилишди. Девордан мўралаб турганлар ҳам менга тасанно ёғдира-ёғдира, ҳовлига ёпирилиб кира бошладилар:
– Юрагингга қойил, Мўттивой!
– Э, отангга балли, шербола!
– Сен аламазондан бир иш чиқишини билардим!
– Ўғил бола дегани мана шунақа ўтбосар бўлиши керак-да, оғайнилар!
Бошимдан жала бўлиб қуйилаётган олқишу мақтовлар менга асал чойдек ёқаётган эди. Биламан, салдан кейин буларнинг бари сўкинишу қарғанишларга айланади. Тарсакилар ёғилишиям ҳеч гапмас. Ишқилиб, қаттиқроқ тепки емасам бўлгани.

Юракдан чиққан қарғиш

Нимасини айтай, бу галги қилиғим ҳаммасидан ошиб тушди. Қадимги замон бўлса, маҳалладагилар мени эшакка тескари миндириб сазойи қилишлари аниқ эди; уларга минг раҳмат дейиш керак, ортимдан кесак отганча бир ярим соатгина қувиб юришди, холос. Қоронғидан фойдаланиб, охири чап бериб кетдим.
Тун мен учун оғирдан оғир кечди. Туғилганимдан бери биринчи марта молхонамизнинг чордоғида ухлаб кўрдим. Шуям уйқуми – бир кўзинг илинади, бир сапчилаб уйғонасан. Сичқон ниманидир қитирлатаётгани, қўнғизнинг ғўнғиллаб ўтиши, итларнинг улиши, мушукларнинг вағиллоғи, ҳатто япроқларнинг шитирлаши ҳам кечаси қўрқинчли эшитиларкан.
Тонг отиб-отмасиданоқ жунжикиб уйғондим. Уйқусираб туртинганча чордоқдан тушарканман, таътилнинг энди-энди бошланаётган бешинчи куни турмуш тарзимни буткул ағдар-тўнтар қилворишини ҳали билмасдим.
Ташқидаги кўрада юзимни ювиб, қўлимни қўлтиғимга, бетимни этагимга артдим. Бориб, уй эшигини озгина қиялатдим-у, хонага бойўғ­лидек мўраладим. Бувим намоз ўқиётган экан, ичкарига ташлаган қадамимнинг шарпасини сезган заҳоти пичирлашлари ҳам, букилиб-тикланишлари ҳам бирданига тезлашди, сал ўтмай, шоша-пиша дуога қўл очди. Одоб юзасидан тўшакка тиззалаб, мен ҳам иккала шапалоғимни ёйдим, бувимга қўшилиб, сузилганимча юзимга фотиҳа тортдим.
Бувим жойнамозни йиғиштириб бўлибоқ, яхши ётиб-турдингизми, меҳрибоним, деган гапимни заррача менсимай, индамасдан бориб, уй эшигини ичкаридан маҳкамлаб ёпди. Сўнг аниқ мақсадда илгаритдан тайёрлаб қўйилган хивични шолчанинг тагидан олди-ю, кела солиб, болдиримга беаёв чарсиллатишга тушди:
– Мана сенга йўлбарс! Мана сенга одамларни мазахлаш! Мана сенга маҳаллани алғов-далғов қилиш! Сени деб чойхонада қанча-қанча чойнак-пиёла синибди… Мана! Сени деб кўпчиликнинг чойқозони мажақланибди… Мана! Сени деб Тошпўлат мерганнинг иккита ўқи исроф бўлибди… Мана! Энг ёмони – Жамилахон шўрлик қаттиқ қўрқиб кетиб, ой-куни етмасидан туғиб қўйибди… Мана! Мана! Қачон эсинг киради, ошинг совимагур? Қачон қулоғимни тинч қўясан? Мана сенга! Мана бўлмаса!..
Болдиримга калтак ёғилаверди, мен “Войей! Войей!” дейиш билан чекланиб, ортиқча вавағламасдан ирғишлайвердим. Ўйлашимча, одамнинг тириклиги ҳар хил қийноқларга йўлиқиб туришидан билинади. Бунақада тишни тишга босиб чидаш керак. Уввос солиб йиғлаш ўғил боланинг қимматини бир пул қилади-қўяди.
Бахтимга, худо бувимни вақтида қаритиб, кучини улгуржисига камайтириб ташлаган экан, тезда силласи қуриб, таппа ўтириб қолди. Ҳансироқланиб калтак ўйнатганича тағин нималардир демоқчи бўлди-ю, кўксига тўсатдан қўл босиб, силкина-силкина йўтала кетди. Хонтахтадаги термосдан қуйиб узатган чойимни кетма-кет ҳўплаб, аранг ўзига келди. Кечки овқатдан қуруқ қолганим туфайли очқагандан очқаб кетувдим, гапни бурамалаб ўтирмай, кўзимда илкиллаб турган ёшни енгим билан артатуриб, ҳингиллоқ товушда тўғридан-тўғри муддаога кўчдим:
– Чойни битта ўзи ичавериш экан-да? Бизгаям навбат тегармикин?
– Бетинг чармдан баттар қатиб кетибди, – деб хирқироқланди бувим. – Калтакнинг жизиллоғи босилмасидан, томоқни ўйлаётганингни қара. Ээ…
– Калтакдан ўлмаганимга суюниб ўтираверсам, очдан ўламан-ку, буви!
Бувим устма-уст томоқ қириб олиб, энди хирқирамасдан, ҳафсаласиз кайфиятда деди:
– Ана чой, ана нон. Тосрайиб жиғилдонингга тиқавер.
– Қанд-чи, қанд?
– Бор, қара, идишда қанд тугул, қанднинг кукуниям қолмабди. Бир кило нарсани ўн кундаёқ ямлаб қўйибсан. Ҳе, еганинг танангга ботгур-а!
Қоқмоч қатламапатирни ўзимизнинг оқ кишмишдан қуритилган майизга қўшиб, танамга ботгунча еявердим. Чойнинг саломатликка қандай фойдаси борлигини билмадим-у, лекин иккала лунжингга тўлиб кетган емишни томоққа тиқилтирмай ўтказворишда роса асқатади. Буни тетапоялаб юра бошлаганимдан бери биламан.
Нафсимни ўлда-жўлда қондириб бўлиб, қиттак мудраб қолибман. Текин таом илинжида изғиб юрган бир пашша қулоғимга “тирк” этиб урилди-ю, киприкларим “чирк” этиб очилди. Деразадан ўт пуркаётган қуёшнинг ёруғи кўзимни қамаштириб, қовоқларимни қўшқўллаб ишқалашга тутиндим. Миям варақа-вуруқ қайнаётганга ўхшарди.
Ташқарига чиққач, кўрадаги сувни мангла­йимга боса-боса, эсимни жиппа жамлаб олдим. Бошим текис ишлашга тушиб, умримни қандай давом эттириш тўғрисида ёйилиброқ ўйлашга шароит туғилди.
Хўш, бугунги кунимга қанақа қилиқлар ярашаркин? Жамила опаникига кириб, туққан боласи ўғилми-қизми, бир суриштириб кўрсаммикан? Ё чойхонадагиларга йўлиқиб, узр-маъзур айтиб қўйганим тузукми? Менимча, сал узоқроқда туриб кечирим сўраган яхши. Қаёқдан билай, балки, кимнингдир ғазаби ҳали тийилмагандир…
Қани, олдин уйдан нари чиқаверай-чи. Таъбимга шундоққина мос тушувчи бирор-бир юмушни ҳар сафаргидек кўчанинг ўзи топиб бераверади.
Жойимдан силжиганимни биламан, бувим ошхонанинг очиқ дарчасидан ўқрайиб, ҳа, йўл бўлсин, деб сўради. Тўхтаб, талмовланиб туравердим.
– Бас! Кўчага чиқиш йўқ энди! – деб бобиллай кетди бувим. – Ана, ҳайҳотдек ҳовлимиз бор, хоҳласанг – у чеккасида сандирағла, хоҳласанг – бу чеккасида. Бирор кун бўлсаям, одамлар сендан қутулсин.
– Мен… мен… опоғотамникига кетяпман, – дедим, калламга келган биринчи ўйни тилимга кўчириб. – Бу маҳаллада кун кўришим қийинга ўхшайди. Ўша бўжикўз одамларингиз жонимни ҳиқилдоғимга келтирди. Бирор ҳафта шулардан узоқда юрсам, этимга эт қўшиларди.
– Менга деса, бир ҳафтамас, бир ой гумдон бўпкет!
Сезиб турибман, бувим бу гапни аччиқ устида айтворди. Қанчалик жиғига тегмайин, мени икки кун кўрмаса, ёлғизликдан сабри титилиб, соғинишга тушади. Қишки таътил чоғи опоғотамникига кетганимда, учинчи куниёқ талпанглаб бориб, изимга қайтариб келганида билганман буни.
Хулқ-атворим сал мужмал эканини ўзим ҳам тан оламан. Аммо тузи пастроқ қилиқлар қилиб қўйишимга кўпинча бошқалар сабабчи бўлади-ю, доим битта ўзим балога қоламан. Агар кўчага чиққач, телефонини бериб қўйишга кириб, ташқида кумушранг учоғини осмонга учириб ўйнаётган пашмаксоч Парпивойни кўрмасам, у иршайиб боқиб, қисм-қисмга ажратиб сотиладиган бу “қирувчи самолёт”ни дадам шаҳардан опкелди, қоғоздаги кўрсатмага қараб уни ўзим тикладим, манави тугмани боссанг, ичидаги кучалатош парракни вариллатиб айлантиришга тушади, деб мақтанмаса, опоғотамнинг уйигача тўхтамай кетаверган бўлардим.
– Телевизордаги бир кинода кўрувдим – мана шунга ўхшаган учоқни зенит замбарагида отишса, орқасидан тутун чиқариб, ерга шунақанги чиройли қулардики!
Бу гапимни эшитиб, аввалига Парпивойнинг қизиқувдан кўзи чақнади, сўнг туйқус ҳушёр тортиб, телефонимнинг ойнасини ёргандек, самолётимниям расво қилмоқчимисан, деб тайсалланди.
– Қўрқма, бунингга зиён етмайди, орқасига боғланган латтани тутатиб учирамиз, холос, – деб ақл ўргатдим.
Парпивойнинг кўнгли тинчиди. Маслаҳатимга кўра, омборчага кириб, йиртиқ пайпоғини керосинга ботириб чиқди. Хайрият, гугурт олволишниям унутмабди.
Биргалашиб кўчага йўналдик; чойхонанинг берироғидаги кенгроқ жойга бориб, пайпоқни учоқнинг думига боғладик. Мен гугурт чақиб ёқишим биланоқ, Парпивой парраги вариллаб турган учоқни бир силтаб, осмонга учирди. Дум томони оғирлашгани халақит бердими, “қирувчи” лапанг­лаб-лапанглаб учиб, бирдан пастга шўнғиди.
Гузардаги ялангликнинг тўри чойхона бўлса, кўндаланг томонида сартарошхона билан қассобхона бор. Қассобхонанинг биқинига кенг қизил соябон ўрнатилган. Соябон тагида ўзи уйида пашмак, ҳолва, новвот, хўрозқанд, чайнамайшиминг тайёрлаб сотадиган, менга бағри очиқдан очиқ Момогул қандолатчи ўтиради. Бағри очиқлиги шундаки, тоғдаги конда ишлаб, қишлоққа уч-тўрт ҳафтада бир келиб-кетувчи дадамдан биратўла ундириб олишини айтиб, менга ширинликларни насияга бераверади.
Қандолатчининг қизил соябонидан сал берида тандир юкланган эшакарава турувди, учоғимиз ловуллаганича тушиб, эшакнинг белгинасига урилса бўладими!
Қишлоқ болалари орасида “Ҳангирштейн” лақаби билан машҳур бўлган қорапўстин эшакнинг туклари жазиллаб ловуллай бошлади-ю, бор товушда ҳанграганича, житранглай кетди. Қизил соябонни йиқитиб ўтиб, қассобхонага урилган чоғда тандир аравадан учиб тушиб, қирқ бўлак бўлди. Қирон қассоб узун пичоғини қиличдек виз-визлатиб, жабрдийда Ҳангирштейнни нарига қуваётганида, минг шукрки, Барака марака сартарошхона деразасидан бир пақир сув сепиб, ўтни ўчирди. Чойхонадан қуюнланиб чиққан Сангин тандирчи ерда парчаланиб ётган тандирни кўриб, айвон устунига суянган алпозда шалвироқланиб қолди.
Қилар ишни қилгин, қочишниям билгин, деганлар. Бу жанжалистондан вақтида ғойиб бўлиш учун оёқларимни варваракка айлантирганимда ортимдан Сангин тандирчининг бақириғи эшитилди:
– Тўхта дейман, итвачча! Мендан қочганинг билан, худодан қочолмайсан! Мени хонавайрон қилганакансан, сени худойим ўзи жазоласин – ярим одам, ярим ит бўлиб ўтиб кет!
Сўрғич сўришдан аллақачон халос бўлган, қаддини кетмон сопидек тик тута олиш ёшига етган одам боласи ўлароқ икки оёқда туппа-тузук югуриб кетаётганидим, йўлнинг муюлишидан ўтганимда этим ғалати жимирлаб, негадир энди тўрт оёқлаб чопа бошлаганимни пайқадим. Синчиклаброқ қарасам, тўсатдан қўнғир тукли олд оёқчаларга айланиб қолган қўлларим ерни потира-путур чангитганича ҳаракатланиб, бурним ерга тегай-тегай деб боряпман.
Қўрқувдан юрагим узилиб тушгудек бўлди. Таққа тўхтаб, бир ўнг биқинимга, бир чап биқинимга кўз югуртирдим. Бу ёғимдаям, у ёғимдаям ўша қўнғир юнглар пахмайиб турарди. Орқа томонимда десангиз, бувимнинг ҳивичини эслатувчи бир дум тинмасдан ликиллаяпти. “Дод!” деб қичқирмоқчи бўлувдим, оғзимдан “вав, вав” деган ингичка сас таралди.
Бир нарсага ҳайрон эдим – юнгим нега айнан қўнғир? Тўғри, сочим кичкиналигимда сарғишроқ эди, аммо етти-саккиз ёшимдаёқ ўз-ўзидан қорайиб кетган. Кучук бўлганга яраша ё оппоқ, ё ола-була бўлсанг-да!
Алдар Холдорнинг эшиги ёнидаги кажавали кўк мотоциклга яқин бориб, бир сакрашда эгарига чиқдим-да, рулдаги кўзгуга бўйландим. Қарасам, тумшуғи бодрингсимон, қулоқлари қамишдек динкайган қўнғирбашара кучукча кўзларини қитмирона йилтиратиб, мени эрмак­лаш билан овора. Итчасига “Уввв!” деб юборганимни билмай қолдим.
Шунда бир гап лоп этиб эсимга келди. “Бу дунёда кулфат кўрмайин десанг, қарғишмас, дуо эшитишга уриниб яшагин. Авлиёларнинг айтишича, Тангри ҳар қандай одамга карам кўрсатиб, юракдан чиқариб қилган илтижосини, у дуоми, қарғишми, ҳеч бўлмаса, ҳаётда бир марта юзага чиқараркан”, деганди бувим. Сангин тандирчи умрида, балки, миллиард марта тутоқиб, миллиард марта сўкингандир. Қарангки, энг юракдан чиқариб айтган қарғовига мен кўндаланг кептурибман-ку. Бу тандирфуруш, болалигида қайсидир нафаси ўткирроқ одамнинг ғазабини қўзитиб, ҳу, соқов бўлгур, деган тавқи лаънатга йўлиқмаганидан беҳад афсусланиб кетдим шу топда.
Бошимда аттанглар тўзғиланиб, ингиллай-ҳингиллай йўл босяпман-у, жуфтакни ростлаш ўрнига Сангин тандирчидан астойдил кечирим сўрасам, оғзим қийшайиб қолардими, деб ўйланаман нуқул. Жа нари борса, икки-уч шапалоқ еб қутулиб кетардим. Ҳатто яланғоч ётқизиб қўйиб, ҳўлланган сўйилда саваласаям майли эди. Ҳарқалай, итга айланиб, эгасиз итнинг кунига тушмасдим.
Кўча четидаги қум ғарами устида қўрғонча ясаб ўтирган болаларни кўриб, баданимга безиллоқ оралади. Масалан, уларнинг ўрнида бўлсам, санғи итга тош-пош отмай тураверишга чидай олардимми? Ҳечам-да!
Тошбўрон қилмасларидан бурун ириллаганча бориб, бирортасининг иштонидан хаппа тишласаммикин? Бу дунёнинг ишларини яхши биламан – қопоғондан ҳамма ўзини четга олади, қўрқоқни ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Кунларим иззатда ўтсин дегучилар, жангарилик билан ювошликнинг ўртасини топиб яшашни уддалаши керак, шекилли.

Танишинг – Алдар Холдор!

Бойтўра тепакал билан Масир ярғоқбошнинг авлодлари ёппасига ота-буваларига тортганини ҳисобга олмаганда, асосан, тўлиқсоч кишилардан иборат бўлган, шунга қарамай, нимагадир Калтўпи деб аталувчи қишлоғимизда бир ярим мингта хонадон бор. Биз мана шу каттакон қишлоқнинг бериги четида яшасак, опоғотам нариги чеккасида туради. У ёққа етиб боргунимча томоғим чўллаб, тилим сангиллаб қолди.
Итликни бўйнимга олиб, опоғотамнинг ҳовлисига буваклардек эмаклаб кирдим. Кириб-ла, қаторлатиб экилган сапсаргуллар остидаги ариқчага апил-тапил оёқ тиқдим-у, тилимни чилипа-чилиплатиб сув ича кетдим. Чанқоғимни бостиргач, айвоннинг тахта полидаги шолчада қўларрани эговлаб ўтирган, ора-сира менга қизиқсираниб қараб қўяётган опоғотам томонга юрдим. Думимни елпуғичлатиб бориб, товонига бош ишқадим, маҳсиларини галма-гал искалаб, илпанг-жилпанг эркаланавердим.
Опоғотам мийиғида кулимсираб, жонинг узилгудек очқагандирсанки, бегоналигимдан ҳайиқмай, пойчамга суйканаётгандирсан, деб ўрнидан қўзғалди. Айвон четидаги пастак сўрида ўроғлик турган дастурхондан бир тўғрам нон олиб, ялангга чиқиб борди-да, ма, жонивор, ма, дея уни авайлаб ерга қўйди. Аста келиб, тупроқда ётган нонни кўнглим тортмайроқ ҳидладим. Кейин бирданига нафсим ҳакалак отиб, шаппа-шуппа ейишга тушдим. Ўл дейдиган одам йўқ.
Қорнимни шилдирамагудек тўйдирдим-у, ҳануз арра эговлаётган опоғотамга бошқатдан яқинлашиб, оёғига биқинимни босдим:
– Бу – менман, опоғотажон! Мўттивойингизни нимага танимаяпсиз? Қуруқ нондан бошқа нарсаям бордир бу уйда!
Гапим ичимда қолиб, ташимда ғингшиб-ғингшиб қўйганим боис, опоғотам сўзимга тушунмади. Фақат, қўлини эҳтиётлик билан чўзиб, бошимни бир-икки сийпалаган бўлди.
Ваҳ-ваҳ, қандай ёқимли!
– Бўлди, кўп ёпишаверма, – деб, узатиғлиқ оёғининг тиззаси елкамга беозоргина турткилади опоғотам. – Менга бургангни юқтириб юрмагин тағин.
Шу чол жуда қизиқ одам-да. Аниқроқ айтсам, ҳаддан ташқари содда. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бундан бор-йўғи ўн бир кун олдин ҳаммомга тушган болада бурга нима қилади?
Ийе, “бола” девордимми? Тилимни аҳволимга мослаштириш анча қийинга ўхшаяпти-ку.
Арранинг тишларини ўткирлаб бўлгач, опоғотам ариқчада қўлини ювиб, эшиги ланг очиқ турган ошхонага кирди; газга гугурт чақиб, плитадаги қозонча остига ўт ёқди. Боғчада ишловчи келини ё нонуштадан, ё кечагидан ортган овқатни қозоннинг тагида қолдириб кетган бўлса керак, деган тахминда тўхтадим. Ишқилиб, бизгаям эҳсон-пеҳсон қилинармикин? Уч-тўрт ютум бўлсаям майли-да.
Э, яшасин-э! Худди кўнглимдагини сезиб тургандек, опоғотам идишжавонни тимирскилаб, четлари учган эскироқ бир коса топди; иситилган маставанинг қуюқ-қуюқ жойини ўзига қу­йиб, қолганини менга аталган идишга ағдарди.
Салгина ўтиб қарабсизки, опоғотам айвондаги сўрида, мен сапсаргуллар салқинида таомни юмалоқ-ёстиқ қиляпмиз.
Опоғотам ичидагини ўзи билади; мендан аҳвол сўрасангиз, қувончим қулоғимдан тошгудек кайфиятдаман. Кўзим овқатда-ю, кўнглим чаманда. Энди тайинли ҳовлим бор, бу уйдагилар ўзимга эскитдан қадрдон кишилар. Энг муҳими, мана, доимий итялоққа ҳам эга чиқдим. Битта итга бундан ортиқ нима керак?!
Овқатни тинчитиб бўлиб-ла, косанинг четидан тишлаб, ариқчадаги сувда яхшилаб чайқадим. Итялоқни қайтиб жойига қўяётганимда, “Воҳҳ!” деган товуш янгради. Ярқ этиб ўша ёққа боқсам, опоғотам, оғзи каррак, кўзи дурбин бўлганича, менга лол тикилиб турибди.
Бунинг нимаси ҳайрон қоларли, билмадим. Мен учун кундалик одатга айланиб кетган бу иш – мактабга боришни бошлаганимдан бери овқатимнинг идишини ўзим юваман. Шундай қилмасам, бувим тинч қўярканми? Идиш-ку – идиш, онда-сонда тоби қочиброқ турса, кийимимниям ўзимга ювдиради.
Тушликдан ке­йин опоғотам дўппию яктагини алмаштириб, кўча томонга одимлади. Дарвоза олдида менга юзланиб, борадиган бўлсанг, юр, деди. Таранг қилмай, шиппа ортидан эргашдим. Кимсасиз ҳовлида ёлғиз қолиш қўрқинч­ли. Бирорта катта ит ивирсиб кириб қолса, у ёғи нима бўлишини фолчи ҳам айтолмайди. Айниқса, бутун бошли қишлоқни кезиб чарчамайдиган ўша Оқчопон деган кўппакнинг йўли шу тарафга тушса борми, итялоғимнинг бўм-бўшлигини кўрибоқ, алам устида мени тизғитишга тушади. Опоғотам новвойхонадан тўртта кулча, дўкондан оққанд, қуруқ чой олиб, салафан халтани кўтарганича, тўғри кунчиқарга қараб йўл олди. Қишлоғимизнинг у ёғи – далалар.
Тупроқ йўлдан, бирида ғўза гул ташлай бошлаган, бирида буғдой бошоқлаб қолган пайкаллар, мева тугиб улгурган боғлар оралаб юриб, деразасининг ойналари чангдан хира тортган, шиферли томини хас-хашак қоплаган, оқ деворининг сувоқлари у ер-бу еридан чизилиб ёрилган, бир чети айвонли шийпонга етиб бордик. Шийпоннинг чап биқинида каттагина ҳовуз; ҳовузнинг теварагида баланд-баланд қоратоллар; толлар остида, оёқлари ерга қозиқдек қоқилиб, устига тахта қопланган иккита узун-узун стол. Столлардан берироқдаги оқ “Нексия” машинасининг ёнида кажавали кўк мотоцикл рулини ўсма қўйилган қошдек кериб турибди.
– Бу – анави касофатининг матасекили-ку! – деб қовоғини уйди опоғотам.
Шийпоннинг ўнг ёғидаги хирмон четидан бошланган кенгдан кенг пайкалда экинларни бир пайтнинг ўзида ҳам тагини юмшатиб, ҳам ўғитлаб кетувчи трактор тариллаганича тўхтаб турар, бири новча, бири пакана киши тракторчи билан нималарнидир муҳокама қилаётганди. Новчаси – донғи кетган Раҳимбой фермер, паканаси – тескари довруғ қозонган Алдар Холдор эканини таниб олиш қийин эмасди.
Опоғотам шийпон яқинида тўхталиб, теваракка аланглади:
– Отақууул! Шу ердамисан?
Шийпон ичидан олдин “ҳов” деган товуш, сўнг полнинг ғижирлаши эшитилиб, Отақул тоғам уйқусираган кепатада чиқиб келди.
– Ассаломалайкум, дада. Сувчиларимиз тун бўйи ғўза суғоришди, шуларга чой-пой дамлаб юриб, уйқум чала бўлувди. Сал кўзим илинибди.
Айвонга тўшалган эскироқ тўшаклардан бирига опоғотам, иккинчисига тоғам ўтирди. Ўртадаги дастурхонда катта чўян чойнак, уч-тўртта пиёла турарди. Итлигим хаёлдан кўтарилиб, мен ҳам тўшакнинг бир четига чўнқайганимни биламан, тоғам юзига фотиҳа тортиб бўлибоқ, кафтини селпиди:
– Чип! Ўзини юмшоқ жойга уришини қаранг! Буни қайси гўрдан топдингиз, дада?
– Бугун ўзича алангланиб кепқолди. Итларнинг пешанасига ёзилгани шу – сутдан чиқдими, онасининг қувғинига учрайди, ўз жонига ўзи қайғуришни ўрганади.
Тоғам менга зимдан разм солиб, опоғотамга юзланди:
– Шунингизни олиб қолсаммикин? Кечқурун бирор шарпа сезса, акиллаб-нетиб турармиди. Пишган-пишган ҳандалакларимни қанақадир махлуқ кемириб кетяпти денг.
– Ўзингга ўргатолсанг, ана, олақол, – деди опоғотам. – Жуда эсли ит бўлади, шекилли. Боя овқат қуйиб берсам, еб бўлиб, косасини ариқчада ювиб қўйди.
– Йўғ-е!!!
– Ким билади, балки ялоғини ариқчага йиқитвориб, кейин секингина тортиб олгандир. Ҳарқалай, кўзимга атайлаб ювганга ўхшаб кўринди-да.
– Айтгандай, бу миттивойга от қўйдингизми?
– Ана, отни ўзинг топдинг. Энди Миттивой деб чақиравер буни.
Минг тасанно! Ўзимга жиппа ёпишадиган от қўйишди. Мўттивой нима-ю, Миттивой нима?
Тоғам пиёлага чой қуйиб, совиган бўлсаям, чанқоқни босишга ярар, деб опоғотамга узатди. Опоғотам пиёлани олдига қўйиб, халтадаги нарсаларни дастурхонга тўкди.
Ота-бола яйрабгина гурунглашиб ўтирганида Раҳимбой фермер билан Алдар Холдор пайкалдан чиқиб келиб, суҳбатнинг белига тепишди. Опоғотам ўрнидан туриб, фермер билан қуюқ кўришди, бақалоқ Алдар Холдорга эса совуққина қўл чўзиб қўя қолди.
– Ғимм… Менга доим шунақа ола қарайсиз, – деб тутолланди Алдар Холдор. – Тушунсангиз-чи, кулфат фақат ўғлингизнинг бошига тушгани йўқ. Иккаламиз касодга учрадик, иккаламиз қийноғини тортяпмиз. Одамлар ташимга қараб баҳо беради, ичимдан нима ўтганини билгучи зот йўқ. Камхаржлик қурсин, пайти келса, рўзғоримдаги қозон икки-уч кунлаб жаз кўрмайди. Эр-хотин шакарчойга нон булаб, бир-биримизга ачинқираб ўтирамиз.
Опоғотам унга тумтайиб қаради:
– Сенга бирор нима дедимми, ўзи?
– Демасликка демадингиз-у, барибир, кўзи­нгиз мени ейман деб турибди. Одамни бунақа қон қилворманг-да, Йўлдош ака! Илгариям айтганман, яна айтаман – агар ўғлингизни алдаган бўлсам, онамнинг… ғимм… онажонгинамнинг арвоҳи урсин мени!
– Ҳўў, Холдор, онангни гўрида тинч қўй! – деб жеркинди опоғотам. – Биламан, қасам ичиш арақ ичишдек бир гап сенга. Фермерлар уюшмасида сендай мўлтонига ким амал берди, билмадим. Бу идорадаям бир ишкал чиқарасан ҳали.
Отақул тоғам опоғотамнинг елкасига қўлини енгилгина босиб, дада, бўлди энди, қўйинг, деб, уни товранишдан қайтарди.
Алдар Холдорнинг пайтавасига қурт тушиб, бўпти, Раҳимбой, нариги фермердаям бир ишим бориди, дея тез-тез одимлаб узоқлаша бошлади. Бориб, мотоциклни ўт олдиргач, “пат-пат”латиб олдинга ҳайдади.
Опоғотам унинг ортидан тикилиб, худо шу қилвиргаям, ҳеч бўлмаса, биттагина фарзанд берсайди, боладан поклик юқиб, ҳаромдан хафсаласи совирмиди, деб қўйди.
– Бу занғарнинг нимасидан ўпкалайсиз, Йўлдош ака, – дея мўйловининг бир томонини диккайтириб, лабини бурди Раҳимбой фермер. – Ўз оти ўзи билан Алдар Холдор-ку бу. Қанча-қанча одамни чув туширган. Отақулингиз нима жин уриб шунга шерик бўлди, ўйлаб, ҳеч ақлим етмайди.
Отақул тоғам бирдан шалвираб, нима қилай, аврашига учибман-да, деб паст овозда қисинқиланди.
– Ҳа, аврашда бунга тенг келадигани йўқ, – юзини тепчитиб жийинди Раҳимбой фермер. – Мана, ҳозиргина биқинимга суйканиб, шийпонимнинг томидаги шиферлардан йигирматасини бўрон учириб кетди, деб ариза ёзишга мени ийлаб турувди. Суғурта идорасида танишим бор, пул ундириб, арра қиламиз, дейди-я. Бунақа пулга олинган нарсани боламга едиришдан қўрқаман, дедим.
– Оҳ, оҳ, оҳ! – деб тебранди опоғотам. – Зап ўринлатиб айтибсан! Баракалла, Раҳимбой! Манави Отақул ошнанггаям шунақа ҳикматлардан кўпроқ гапириб тур.
Буни эшитиб, Отақул тоғам дув қизариб кетди.
Томорқачилардан мева-сабзавотни кўтарамасига олиб, “фура” деб аталувчи вагонсимон машиналарда қўшни юртларга элтиб сотиш орқали анча бойлик орттирган Отақул тоғам бирдан касодга учраб, бор-будидан айрилгани қишлоқда роса шов-шув бўлганиди. Бунинг икир-чикирини, бизникига хамиртуруш сўраб кирган қўшни кампир, мевафуруш қондошингиз катта зарар кўрганмишми, деб гап ковлагач, бувим уни сўрига ўтқазиб, ижикиланишга тушганида билволган эдим.
Алдар Холдор бир куни Отақул тоғамга йўлиқиб, Армияда бирга хизмат қилган жонажон ўртоғи қўшни юртдаги йириккина бозорни ўзиники қилиб олгани, яқинда меҳмонга келиб кетгани, давримда сандиғингни пулга тўлдириб ташласанг-чи, дея тантиланганини айтиб, пишиқ мевафурушлигингни билганим учун сени танладим, хоҳласанг, шерикчиликда иш қилайлик, дебди. Бир ўрис киши чиндан ҳам уникида уч-тўрт кун меҳмон бўлиб юрганини ўз кўзи билан кўргани туфайли (аслида, у киши бошқа вилоятда яшовчи таниши экан), тоғам тезда тузоққа илина қолибди. Тоғам бу ёқдан юк жўнатишни, Алдар Холдор у ёқдаги “ўртоғининг бозори”да пуллаб юришни бош­лабди. Алдар Холдор аввалига бир-икки марта мўмай-мўмай пул юбориб тургач, кейин бошқача йўлга ўтиб, сен юкларни насияга олиб бўлсаям жўнатавер, фойдадаги маблағимизни улгуржи латтафурушларнинг қўлида айлантириб кўпайтираман, борганимда барини бутунича бўлишиб олақоламиз, деб телефон қилибди. Илгарилари тоғамдан бирор марта панд емагани учун қишлоқдагилар мева-сабзавотини насияга бераверибди, машина бозорга етиб борганида йўлкирани ўша ёқдаги Холдордан олиш шарти билан юклар “фура”ларга босиб жўнатилаверибди.
Уч ойдан сўнг Алдар Холдор кир-чир ки­йимда қайтиб келиб, кейинги молларнинг бир қисми ириб-чириб етиб борди, баъзан бошқа юртлардан шунга ўхшаш мевалар вагонлаб ёғилиб, бозорда нарх пастлаб кетди, арзонга сотиб, таниниям чиқаролмадим, талай зарар кўрдим, деб йиғламсирашга тушибди. Тоғам, нимага шуни олдинроқ айтмадингиз, ишни вақтида тўхтатардик, деса, бунисидан зиён кўрсак, ке­йингисидан фойда топармиз, деган ўйда ўзимни ўтдан чўққа ураверибман мен нодон, деб туйқус ҳўнграб юборибди.
– Бўлар иш бўлди, Отақул, – дебди сўнг Алдар Холдор. – Энди, насияга мол берган одамларнинг ярмини мен рози қилай, ярмини сен тўлагин.
Тоғамнинг капалаги учиб, то насияга ўтгунимча бор пулимни ишлатиб бўлганман, қолган қарзларни қандай узаман, деб сўраса, Алдар Холдор бўйнини бечораҳол эгиб, унисини билмадим, ука, шу пайтгача йиғиб-тугиб юрганим тарқат-тарқатга етармикин деб ўзимниям бошим қотиб турибди, деб мунгланибди.
Қўшни қишлоқлик айрим мевафурушлар ҳам ўша юртдаги бозорда тирикчилик ўтказаркан, улар бу воқеани эшитиб, Холдор касодга учраган бўлиши мумкинмас, юклар доим яхши етиб борганини ўзимиз кўрганмиз, бозорда нарх тушиб кетганиям ёлғон, дейишибди. Маҳалла оқсоқоллари бу гапларни Алдар Холдорга пеш қилишса, дуч келган маймунга ишонаверасизларми, уларнинг бари менга эскитдан ғаним, атайлаб номимни булғамоқчи бўлишяпти, деб шовқин кўтарибди.
Отақул тоғам, охири, кунгурадор дарвозали, данғиллама уйли, ғиштин деворлар билан ўралган ҳовлисини, бир гектарлик ўрикзорини, “Кобалт” машинасини сотиб; у томондан қайнотасининг, бу томондан опоғотамнинг йиғиб-тежаб юрганини ҳам қўшиб, қарзлардан зўрға учма-уч қутулибди. Қаллоблик билан талай бойлик орттириб олган Алдар Холдор эса насияга мол берганларнинг ярмини рози қилишга яширин фойданинг ўндан бирини сарфлаганми-йўқми, у ёғи оддий бандаларга ҳалиям қоронғилигича турганмиш.
Опоғотам кичик меҳмонхонага кўчиб ўтиб, институтни битирганидан кейин туманда архитектор бўлиб ишлаётган кенжа ўғли Санақул тоғамни даҳлизли уйга уйлаб қўйгани боис, ҳовлисини сотган Отақул тоғам хотини билан иккита қизини ортиқча иморати бор қайнотасиникига жойлашга мажбур бўлганди. Бир куни Раҳимбой ошнаси келиб, янги келинчакнинг ёнида деванглаб юрма, отанг ҳам сен билан тиқилишмай бемалол яшасин, дея даласига етаклаб кетганини эшитувдим. Энди билдимки, тоғам шийпонга қоровуллик қилаётган экан…
Отақул тоғам маъюс қиёфада чуқур тин олиб қўйгач, пича ўтириб туринглар, битта ҳандалак сўйиб берай, деб зовур ёқасидаги полиз сари кета бошлаганида, ортидан юрагим эзилиб-­эзилиб термилдим. Яқин-яқиндаям, ҳали товони ейилиб улгурмаган хиром туфлини эскирганга чиқариб, бошқасига алмаштириб юрган; мени кўриб қолса, ма, музқаймоқ олиб е, деб, бели синмаган пулни чўнтагимга шилдиратиб тиқиб қўядиган тамтамфеъл одам ҳозирги аҳволга қандай чидаяпти экан, деб ўйлаётгандим.

Каламуш билан олишув

Тоғам кетгач, опоғотам шопмўйлов фермернинг кўзига зеҳн солиб туриб, тўғрисини айт, Раҳимбой, бу далакўрмаган ошнанг сенга оғирини ташлаб олмаяптими, ишқилиб, деб сўради.
– Нималар деяпсиз, Йўлдош ака! – дея эътирозланди Раҳимбой фермер. – Мана, шийпоннинг ич-ташини бинойидек тоза тутиб келяпти. Дам ошпазга кўмак берса, дам пақирни кўтарволиб, пайкалдаги ишчиларга яхначой ичдириб юради. Ўғит омборининг калитиям унинг чўнтагида. Экиб берган ҳандалагингизни эплаб-сеплаб пишириб олганини айтмайсизми!
– Аввало, ер ажратиб берганингга минг раҳмат, – дуо оҳангида сўз қотди опоғотам. – Тайёр экиб берилган ҳандалакни пиширволиш қийинаканми?
– Тўғри-ю, лекин, кўрганмиз, одам туғма эпақасиз бўлса, шуниям уддалолмайди. Отақул ҳақиқий кетмончи бўпкетди, қандай чопиқ қилишни бир-икки кўрсатишим биланоқ, қолганини ўзи дўндириб ташлади. Айтдим, ҳандалак тугаса, ўрнига ерёнғоқ экволади.
– Биламан, ўғлимнинг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб гапиряпсан. Чинакам дўст шунақа бўлади. Отангга балли, Раҳимбой!
Раҳимбой фермер бир чақмоқ оққандни совуқ чойга ботириб, шимиб-шимиб юмшатди; четидан тишлаётиб, менга кўзи тушди-ю, опоғ­отамдан отимни суриштириб олгач, тишланган қанднинг ярмини тумшуғимнинг тагига итқитди:
– Ол, Миттивой!
Яхши одамдан ортгани – табаррук, дейишади. Сира жирканмасдан, каппа отиб қўяқолдим.
Суҳбат пайновланиб, гап Отақул тоғамнинг бола-чақаси сал қисинди аҳволда қолганига бориб тақалди. Раҳимбой фермер бу тўғридаям ўйлаб юрган экан.
– Қирнинг этакроғига давлат “Намунавий қишлоқ” қуришни бошлаб, ҳашамдор уйларни ўн беш йил муддатли қарзга сотмоқчи бўлаётганини биласиз, Йўлдош ака, – деди у. – Шу ҳовлилардан биттасини Отақулга тўғрилаймиз, маблағи етмаса, қўллаворамиз.
Опоғотам қувончдан терисига сиғмай кетди:
– Умрингдан барака топ, Раҳимбой, кўкрагинг бундан кейинам орденга тўлаверсин! Эҳтиёжмандларга мана шунақа қайишиб юришинг худога хуш келгандирки, вилоятдаги тўртта энг олди фермернинг биттаси бўптургандирсан.
Тоғам иккита ҳандалак кўтариб келиб, дас­турхонга қўйди; елкасини тер тузи оқартирган кулранг костюмининг чўнтагидан жанақуш пичоқча олиб, биттасини сўйишга тутинди. Ёқимли ҳид таралиб, оғзимда сўлак кўлмаклана бошлади. Бировларнинг чапир-чупирлатиб нарса ейишига суқланиб ўтиришдан ортиқ азоб бораканми? Қани, ўша ҳандалакларни бир кўрсам кўрай-чи, деб полиз тарафга йўл солдим.
Полизга етгач, ўзимни атир-упа дўконига кириб қолгандек ҳис этиб, димоғим яшнади. Аммо, миллион марта афсуски, ширин ҳид қорин тўйдирмайди.
Шунда ҳандалакларни нимадир кемириб қўяётгани ҳақида тоғам айтган гап эсимга тушди-ю, ўшандақанинг биттасини топиб, четидан зиғирдайгина тишлаб кўргим кепқолди. Жўяк ичида жовдироқланиб борарканман, қачондир ўртасидан ажраб кетган, бир қисми ерда моғорлаб ётган пўлат қайчи диққатимни тортди; уни оёқда четга сураётганимда, барглар қаттиқ шитирлаб, каттакон бир каламуш қаршимга отилиб чиқди. Шартта йўлини тўсган эдим, ўткир тишларини иршайтириб, узун тирноқларини дўлайди:
– Ҳей, итча, бурнингни ғарч-ғурч тишлаволмасимдан олдин кўчингни йиғиштир! Менга яқин йўлашга барзанги кўппакларниям юраги бетламайди, ҳов!
Опоғотам билан бу ёққа келаётганимда, йўл бўйидаги тутга қўниб турган ғуррак ёнидаги шеригига қараб, эҳтиёт бўл, далада бир овчи юрибди, сени отиб қўйса, болаларинг очдан ўлади, деб гапиргандек; уватда ўтлаётган қўй эса тирмашқоқ қўзичоғини турткилаб, ҳой, ҳадеб эмавермагин, ўзи бугун мазам йўқроқ, деб ҳас­ратлангандек бўлиб туюлувди. Ярим қадамгина наридаги каламушнинг дўқини эшитганимдан кейин, итга айланганимдан бери паррандаю ҳайвонларнинг тилини тушуна бошлаганимга тўла ишонч ҳосил қилдим.
– Сал савлатлироқ ҳайвон қуриб кетмагандир! – деб пичинг отдим мен. – Келиб-келиб, сен сўлтаматдан қўрқаманми?
Каламушнинг баттардан жазаваси тутди:
– Йўқол деб турибман-а!
– Ўзинг капалак бўл!
– Ҳе, аттааанг, яхши гапни тушунмадинг-ку! Энди ўзингдан ўпкала!
Чангактиш кемирувчи бурнимга сапчишга шайланганида, одамчасига ҳаракат қила олишим яна асқатиб, ерда ётган қайчи бўлагини олдинги оёқларимда маҳкам тутамладим-да, бор кучим билан селпидим. Бунақасини кутмаган каламуш ғафлатда қолди-ю, қайчи бўйнини елка аралаш тилиб ўтганида, “Вой, энайууу!” деб чийиллаганича осмонга сакради. То ўзига келиб улгурмасидан, қайчида энди қоқ калласига урган эдим, тап этиб йиқилди, шу зайл қимирламай қолди. Бокс мусобақасидаги ҳакамдек санашга тушдим:
– Бииир, иккии, уууч, тўўрт, бееш, олтии, еттии, саккииз, тўққииз, ўўн… Нокаут!
Нарироқда бошқа каламуш ҳам писиб турган экан, шеригини қандай сулайтириб қўйганимни кўриб, шунақанги зувиллаб қочдики, аккашдан чинакамига қўрқиб, иззатимни жойига қўйгани учун уни қувалаб ўтирмадим. Фақат, ортидан дағдағалаб, ҳў, текинтомоқ, бошқа каламушларгаям айтиб қўй, мен бораканман, бу ерга келганлар тирик қайтмайди, деб қичқирдим.
– Раҳмат, Кучуквой ака!
– Қонхўр каламушни боплаганингиз ажаб бўлди!
– Бу мараз кеча онамизни еб қўювди. Энди ўзимиз зўрғалатдан қорин тўйдириб юрибмиз…
Пастга қарасам, бир тўп қўнғизча менга гулдирос қарсак чалиб турибди.
Ё каламушнинг бор оламни титратгучи чи­йиллоқ овозидан, ё менинг қаттиқ ҳуриганимдан сергак тортганми, Отақул тоғам полизга ҳалпиллаб етиб келиб, олдимга яқинлашди. Оёғимнинг тагида шалпайиб ётган зараркунандага кўзи тушди-ю, юзига қувонч ёйилиб, э, қойилман, Миттивой, арслон бўпкет-е, деганича исмимни олқишга кўмизаверди. Думим унчалар ликонламаганидан билдимки, бу мақтовлардан ортиқча талтайишни ўзимга эп кўрмадим.
Тоғам каламушнинг узун қуйруғидан ушлаб, шийпон сари чаққон одимлай кетди. Бораётиб, айвонда ўтирганларга мурдани кўз-кўзлаган асно, манавинга қаранглар, бу ҳандалакхўрни Миттивой ўлдирибди, бўйнини кирт чайнаб қў­йибди, деб жар солди.
Гапни кўринг, бўйнини чайнаганмишман! Каламуш-ку – каламуш, агар каламушга ўхшатиб пиширилган тортни олдимга қўйишсаям, бўйнидан тишлашга ҳазар қилган бўлардим. Тфу!
Полиздан чиқаётганимда, ичимда яна ғалати жимирлаш сезилиб, бошим ўз-ўзидан тепага кўтарилиб бораётгандек бўлди. Тўхтаб, паст-баландимга назар солсам, оёғимда ўзимнинг пушти кросовкам, эгнимда кўкиш жинсидан тикилган ўша шим, ўша нимча. Мана, у қўлимдаям, бу қўлимдаям бештадан бармоқ узун-калта аскарлардек тизилиб турибди.
Севинчим ичимга сиғмай, ирғишлаб юбордим:
– Урееей, итликдан қутулдииим!
Айвондагилар, каламуш қолиб, энди тенгдан мен томонга юзланишди. Уларнинг ёнига етиб боришим биланоқ, биринчи бўлиб опоғотам саволга тутди:
– Ҳей, қаердан кепқолдинг, ўзи? Бу ёқдалигимни кимдан эшитдинг?
Нима дейишни билмай, турганларнинг гоҳ унисига, гоҳ бунисига кўз гилдиратдим. Борини борича айтай десам, кучук бўлганимга бирортаси ишониб бўпти, мени қий-қиёвлаб мазах қилишади, холос.
– Бу ердалигингизни билмовдим, опоғота, – ўнгланиб олибоқ, гап тўқишга ўтдим. – Отақул тоғамни соғиниб қолганидим, сўраб-суриштириб, топиб келдим-да… Ҳандалак ейишдан бурун бир ачомлашволайлик…
Аввал опоғотам, кейин тоғам билан қучоқлашдим. Раҳимбой фермер билан қўл бериб кўришдим. Кўришиб бўлдим-у, ўтир, дастурхонга қара, дейишларини кутишга вақт сарфламай, атиги икки тиликкинаси ҳозирча бут турган ҳандалакка шартта човут солдим.
Шу маҳал тоғам бирдан кучукни эслаб қолиб, атрофга аланглади:
– Миттивооой! Миттивооой! Ҳушт, ҳушт! Ий, кучугимиз қаёққа йўқолди?
– Тирмизак қаҳрамонинг яна каламуш овлаётгандир-да, – деб кулимсиради Раҳимбой фермер. – Бор, қўлингни ювиб кел. Меҳмончага ҳандалакнинг унисиниям сўйиб бер энди.
Тоғам ердаги каламушни олиб зовур тарафга улоқтирди-ю, нарироқдаги кўмма устунга ўрнатилган, баъзилар “умивалник” деб атайдиган осмакўванинг тилини тепага кўтариб-кўтариб, қўлини юва бошлади. Эээ, каламушни ушлаган қўлни совунлаб ювмайдими, деб хитландим ичимда.
Хайрият, тоғамнинг келишини пойлаб ўтирмай, опоғотам дастурхондаги жанақушни олиб, иккинчи ҳандалакни ўзи сўйди.
Отақул тоғам устундаги михга осилган сочиққа қўлини артиб, ортга қайтди. Келиб, тўшакка ўтираркан, тўсатдан менга синчикланиб кўз қадади:
– Тўхта-тўхта, бу ёққа келаётиб, итдан қутулдииим, деб бақиргандай бўлдингми? Сен бола, Миттивойимизни кесакбўрон қилиб ҳайдаган бўлмагин тағин?
Янги сўйилган ҳандалакнинг навбатдаги луқумини шошиб ютиб, тоғамга жизғаноқландим:
– Ҳеч қанақа Миттивойни кўрмадим! Қандайдир қўнғир кучукка кесак отишдан бошқа ишим йўқми?!
– Ҳей, бола, кучукни кўрмаган бўлсанг, қўнғирлигини қаёқдан билдинг? Гапир!
Туйқус довдираб қолдим:
– Гапираман! Нима, гапиришдан қўрқади деб ўйлаяпсизми? Анави-и… Мен сизга айтсам…
– Хўш?!
– Тўппа-тўғрисини айтадиган бўлсам… Маҳалламиздаги бир ўртоғимнинг қўнғир ити яқинда тўққизта бола туққанини эшитувдим. Билсам-билмасам, кучугингиз ўша итнинг боласи. Онаси қўнғир бўлганидан кейин, боласиям қўнғир бўлмай қаёққа борарди? Энди тушунди­нгизми?
Раҳимбой фермер, бир ҳиринглаб қўйиб, ўртага гап суққани жонимга ора кирди:
– Сени соғиниб келган жиянга оқибат шуми, Отақул? Далада юрганим сайин, турмушнинг ҳақиқий ширинликларини англаб-англаб яйраяпман, дейсан-у, асабинг ҳалиям роса жойига тушмаганга ўхшайди.
– Ўша кучукка намунча куюнмасанг! – деб қўшимча қилди опоғотам. – Балки, санғигиси келиб, товуқхона томонга кетгандир.
Полиздан нарироқда пастаккина узун бино борлигини кўрувдим, демак, товуқхона экан-да.
Шу маҳал ранги униққан дўппини пешанага қинғир қўндирган чуваккина йигит кирза этикда тупроқни тўзғитганича, биз тарафга бостириб келаётгани кўринди. Раҳимбой фермер димоғини дўриллатиб, ана, ўша товуқхона хўжайинининг ўзиям келяпти, деди-да, унинг яқинлашишини кутмай, ўв, Мўсақўзи, йўлда қўнғир кучукка кўзинг тушмадими, деб сўроқлади. Мўсақўзи товуқбоқар айвондан тўрт-беш қадам нарида тўхтаб, йўқ, кўрмадим-а, дея бошини тебратди.
– Ке, болам, ўтир, – деб, товуқбоқарни дастурхонга чорлади опоғотам. – Ҳандалакка ризқинг қўшилганакан.
Ўргилиб қўйдим бунақа ризқдан. Ўзи чойнакдеккина ҳандалак бўлса, шунгаям шерик топилмаса нимайди!
– Бу Мўсақўзининг ишлари беш, – ҳандалакни аллақачон вошиллата бошлаган ишчисини опоғотамга мақтай кетди Раҳимбой фермер. – Товуқхонанинг ёнига уй қуриб берганимиздан кейин бола-чақаси билан кўчиб келгани яхши бўлди. Товуқлари шу кунларда мингтадан ошдими-ей…
– Яқин-орада бир минг икки юзтага бориб қолади. Хотиним бир қисм товуқларга анча жўжа очтирволди. Худо хоҳласа, яна очтирамиз.
– Яша, Мўсақўзи! Ишчиларимизам сени дуо қилгани қилган. Тушликка кунда-кунора товуқ сўйиб беряпсан. Лекин… тухумга қолганда, сал қизғанармишсан?
– Биласиз-ку, Раҳимбой ака, ҳафтасига фалон донадан тухум етказиб бераман деб макарончилар билан шартнома тузиб қўйганман, уч ғилдиракли мотоциклда келиб, ўзлари ташиб кетишади. Ишчиларингиз шундан ортса ейди-да.
Бошинг тўйдан чиқмагур Раҳимбой фермер савобга кўмилди – товуқбоқарни қанча кўп гапга солса, мен шунча мўлроқ ҳандалак еявердим.
Вақиллаб ўтиришга берилиб, ҳандалакдан паққос қуруқ қолганини кечроқ пайқаган товуқбоқар менга бир тиғланиб олиб, рўмолчада ноилож оғиз артаркан, ниҳоят, мақсадга ўтди:
– Қаранг, рўзғорда туз узилибди. Агар ортиқчаси бўлса, бир сиқимгина бериб туринг, Отақул ака.
– Ана, ичкарига кирсанг, уч қути туз турибди, биттасини олавер, укам, – деди тоғам. – Аммо хафа бўлмагин-у, онам раҳматли бизга уқтирган бир гапни сенгаям айтиб қўяй, қўшнидан учта нарсани сўраш уят бўларкан: биринчиси – туз, иккинчиси – гугурт, учинчиси – игна. Шуларни доим керагидан ортиқ ғамлаб қўйишни ўргангин.
Қуёш ёнбошлаётганида, опоғотам уйга қайтишга чоғланди. Менга қараб, сенам кетасанми, деб сўраган эди, ҳандалакка бир йўлиққанимда тузукроқ тўйиб олишдан умидимни узмай, қизиқсиз-а, опоғота, бирор кун ёнида қолмасам, Отақул тоғам қаттиқ хафа бўлади-ку, дедим.
Тўғрисиям шу-да!

Чапчап луқум

Тонгда уйғониб қарасам, Отақул тоғамнинг кўрпаси йиғиб қўйилибди. Туриб, хонадан шийпоннинг айвонига чиқдим. Бир-икки керишиб олиб, эринибгина бордим-да, осмакўвада юз-қўлимни ювиб, бужур сочиқда артиндим.
Ғўнғир-ғўнғир товушларни эшитиб, шийпоннинг орқасига ўтсам, тоғам бир чўтирюз киши билан узун тахта столлардан берироқдаги ўчоқ ёнида нонушта қилиб ўтирибди. Тўшак олдига ёзилган дастурхонда нон, майиз, туршак, оққанд кабилар сочилиб ётарди. Тоғам мени кўриб, ке, чой-пой ичвол, дейиши биланоқ ёнига тизза уриб, ишни бўш пиёлага беш чақмоқ оққанд солишдан бошладим.
– Бу – жияним Мўттивой, – пиёламга чой қуя­ётиб, мени шеригига таништирди тоғам. – Кеча меҳмонга келувди.
Чўтир киши фермер хўжалигининг ошпази экан, нонушта тугаганидан кейин, тушликка тараддуд кўришни бошлаб, ўчоқ бошидаги хонтахтада турган мис тоғорани кўтариб келди, ичидаги сабзавотни ўртага тўкиб, дастурхондаги иккита пичоқдан бирини қўлига олди. Тоғам иккинчи пичоқни ишга солишдан илгари чўнтагидан жанақушини чиқариб, бекор ўтирма, жиян, дея менга узатди. Пиёзга азалдан тобим йўқ, кўзни ачиштиради; сабзининг пўстини қалинроқ арчиб қўйсанг, катталардан гап эшитасан; картошканинг буқоқ-бутоғи, кўз-кемтиги кўп; бизга шуниси ўнғайроқ деб, шолғомни танладим.
Учинчи шолғомни арчиб тугатаётганимда, “пат-пат”лаган товуш эшитилди. Алдар Холдор пайдо бўлиб, мотоциклини толнинг тагига тўхтатиб ўчирди; ерга тушиб, турган жойида кеккайган кўйи, ҳорманглар, деб дўриллади. Бу нусхани иқи суймайдиган тоғам ўгирилиб ҳам қўймади, ошпаз шунчаки бош қимирлатган бўлди.
– Ғулом чўмич! – деб ошпазга мурожаат қилди Алдар Холдор. – Раҳимбой қани?
Хўжайин узумзордаги хомтокчиларнинг ёнига кетувди, деган жавобни эшитиб, энди бирданига менга ёпишди:
– Ҳей, бола! Ғимм… Бор, Раҳимбой тоғангни чақириб кел.
Тўнгланганидан ғашим қўзиб, илтимосми бу, деб чимирилган эдим, у довдирашдан тили гулала бўлиб, ғимм… сени қара-ю… институтни тамомлаб, тасодифан устимга бошлиқ бўлволсанг, ана ўшанда илтимос қилиб гапираман, деб кариллади.
Тоғамдан узумзорнинг қаёқдалигини суриштирдим. У бўлса, сенга тушунтириб ўтиргунча ўзим бориб келақоламан, дея жойидан туриб, йўлга тушди. Билдимки, Алдар Холдорнинг соясиниям кўргиси йўқ.
Отақул тоғам кетгач, Алдар Холдор битта-битта одимлаб келиб, Ғулом ошпазга қўрсайиб қўл узатди, мен билан ҳам бармоқ учида кўришган бўлди; тўшакка чўкиб, чойнакдан ўзига чой қуйди; майизга очофатларча чангал солиб, думидаги чўпларни юлиб ўтирмай, бирваракайига нос отиш қилди.
Тоғамнинг душмани тўғримда тарвайиб ўтирганидан тихирланиб, жанақушни дастурхонга ирғитдим-да, туриб, ҳовуз томонга кета бошладим. Мотоциклнинг ёнидан ўтаётиб, кажавага ташлаб қўйилган картон қутига кўз қиримда қарасам, устига ёпиштирилган ёрлиққа “Чапчап луқум” деб ёзиб қўйилибди. Биламан, бу Қўқонда чиқариладиган, дўконлардан топиш мушкул бўлган энг машҳур шоколаднинг номи. Дадам туғилган кунимда мени худди шунақа ширинлик билан сийлаган эди. Расмдафтарни эслатувчи гулдор қутичани очсангиз, ичидаги чуқурчаларда роппа-роса ўн бешта юм-юмалоқ шоколад терилиб турган бўлади. Биттасини ҳовриниб-ҳовриниб тишлаб кўрасиз. Қаҳваранг шоколаднинг қатидаги оппоқ қиём тилингизда шунақанги вижвижланиб эрий бошлайдики!
Оғзим сувлашиб, ҳушим алғовланди-ю, ошпаз билан Алдар Холдор бу тарафга тескари ўтирганидан фойдаланиб, картон қутига боғланган ипнинг боғичини қандай тортганимни билмай қолибман. Очиб кўрсам, гулдор қоғоз қутичалар устма-уст тахланиб ётибди-да.
Мени қинғирқўлликда айблашдан бурун ўрнимга ўзингизни қўйиб кўринг. Шунда картон қутини таг-туги билан кўтарган асно зовур ёқасидаги дўнгнинг ортига ўтиб боришга қай йўсинда ботинганимдан таажжубланиб ўтирмасангиз керак. Қолаверса, бировларни шилиб кун кечирувчи эгри кимсани қоқлаш, балки, тўғриликнинг ўчи ҳисобланар.
Каллам тегирмондек гулдираб ишлади. Шоколадли қутичаларни бўйчанланиб ўсган сассиқкўмпалар орасига тўкиб, иси сезилмайдиган шувоқларни томир-помири билан юла-юла, картон қутига зичлаб босдим. Тоғам кеча ирғитиб юборган каламушнинг ўлиги шу ерга келиб тушган экан, униям шувоқларнинг тепасига ташладим. Кейин, картон қутининг ипини аслидагидек қилиб боғладим-у, паналаб борганимча, мотоциклнинг кажавасига қўйиб қўйдим.
Қаёққа ғойиб бўлганимни суриштириб ўтиришмасин деб, шийпоннинг биқинида тахланиб ётган ўтинлардан бир қучоғини кўтариб олдим-да, ўчоқнинг ёнига элтиб тўкдим.
– Э, балли! – деб алқади Ғулом ошпаз. – Энди чеговни олиб, қозонга сув қуй. Оғзига томизсанг, ўликниям тирилтирадиган зўр қайнатма шўрва қилайлик бугун.
Қирқ литрли алюмин бидоннинг қопқоғини очиб, ичидаги сувни каттакон чўмичда қозонга қуйишга тутинганимда, тоғам Раҳимбой фермер билан қўшоқланиб кепқолди. Алдар Холдор пишиллаб ўрнидан туриб, фермерга қўл узатаркан, на салом-алик, на ҳол-аҳвол сўраш бор, бирданига танбеҳлашга ўтди:
– Бээ, тўйга борадиган одам тузукроқ кийиниб олмайдими!
Раҳимбой фермер мўйлов силаётиб, қанақа тўйни гапиряпсиз, деб сўраса, Алдар Холдор кўксини шопиринтириб, ие, уюшма раиси неварасини “кестираётгани” эсингдан чиқдими, деб дўнғиллади.
– Мени тўйга айтибдими? – деди фермер.
– Уюшмадаги йиғилишда микрофонни жаранглатиб, ҳамма фермер ёппасига тўйга, деди-ку! Ғимм…
– Ёппасига тўйга дейишни маҳалланинг сартарошига чиқарган. Мен бу қишлоқда яшайман, раисингиз у қишлоқда туради.
– Бормайман демоқчимисан?
– Тайинлаб айтилмаган жойга қандай бораман?
– Ғимм… Жуда иззатталаб бўпкетибсан. Майли, унда, атаганингни узат, раисга ўзим бирор баҳона тўқиб қўярман.
Раҳимбой фермер истеҳзоли жилмайиб, раисимиз яна тўй қилиб қолар, мени алоҳида айтадиган бўлса, атаганимни ўшанда берарман, деган эди, Алдар Холдорнинг энсаси қотиб, ўзинг биласан, деб, аразланган турхатда ортга бурилди.
Ичи шувоққа тўлдирилиб, каламушнинг ўлиги ҳам тиқиб қўйилган картон қути Алдар Холдор билан бирга мотоциклнинг кажавасида кетди.
Раҳимбой фермер банкда зарур иши борлигини айтиб, оқ “Нексия”сида туман марказига йўл олди. “Нексия” у томонда кўздан йўқолди-ю, бу томонда узун таёқ ушлаволиб, ҳу, ҳаромзода, мана кўрасан, ўзингниям ҳайдаб соламан, болаларингниям, деб жизғинланган кўйи қора мушукни ғиззо-ғиз қувиб келаётган Мўсақўзи товуқбоқар кўринди. Қўлимдаги чўмични ташлаб, йўл тарафга югурдим. Мушукнинг олдини тўсишга улгуролмаган бўлсам-да, “Афросиёб” поезди мисол шувиллаб келиб, ёнимдан пупуп­лагандек сўкиниб ўтиб кетган товуқбоқарнинг вагонига айланганимча, ортидан такира-тукурлаб боравердим.
Товуқбоқар охири чарчаб тўхтади, таёғини четга отиб, ҳансираган алпозда изига қайтди. Унга эргашмоқчи бўлганимда, танам бир жимирлаб олиб, қаддим ўз-ўзидан пастлайверди. Бошим ерга тегай-тегай деганида, мундоқ қарасам, яна ўша қўнғир тукли қўлларга таяниб турибман-да.
Бу қанақаси? Ёмон эрмак бўлдим-ку! Ё кечадан бери туш кўряпманми?
Шунда Сангин тандирчининг қарғиши қайтадан ёдимга тушди: “Сени худойим ўзи жазоласин – ярим одам, ярим ит бўлиб ўтиб кет!”.
Бари тушунарли! Бундан бу ёғига бир итга, бир одамга дўниб, аросатда юравераман, чамаси.
Мунгли ингиллаб қўйиб, Мўсақўзи товуқбоқарнинг кетидан эмакладим.
Тоғам, дили хижилланиб қайтаётган товуқбоқарга қараб, “бояги мушук…” дея эндигина гап бошлаган эди, менга кўзи тушиб, қувониб кетди:
– Ийе, шу ерда экансан-ку, Миттивой! Қорин қалай, қорин? Ма, кучи-кучи, ҳозирча шуни еб тур-чи. Шўрва пишса, товуқларнинг бор суяги ўзингга қолади.
Шу топда хаёлим ҳам, кўнглим ҳам шоколадда бўлгани учун, олдимга ташланган нон бурдасини истамайгина кавшадим.
Бу орада Ғулом ошпаз товуқбоқарни сўроққа тута бошлади:
– Тинчликми, Мўсақўзи? Мушугинг қалтис­роқ иш кўрсатдими дейман?
– Товуқхонага ўғриликка тушиб, битта хўрозни пок-покиза уриб қўйибди-я, – деб ғижинди товуқбоқар. – Хўрознинг кўзтиконлар орасида тўзғиб ётган патларию чирт узилган калласини кўрмасам, бехабар юраверар эканман. Сў­йилган товуқларнинг ичак-чавоғини доим шу лаънатига илинаман, еттита боласини атрофига тўплаволиб, бурнидан чиққунча ейди. Шунгаям қаноат қилмаганини қаранг.
– Мушук жўжани ейиши мумкин, – деди ошпаз. – Аммо-лекин хўроз тугул, товуққаям дап қилолмайди. Хўрозингни нима еб кетганини аниқ билмай туриб, мушукка чакки жабр қипсан-да.
Тўсатдан тоғамнинг эсига тушдим, шекилли, битта ўзинг қайтдинг, нима бало, жияним ҳалиям мушукни қувиб юрибдими, деб сўради товуқбоқардан.
– Билмадим, – деб елка қисди товуқбоқар. – Ўзи, сизга қанақа жиян бу бола?
– Опам раҳматлининг ўғли, – туйқус ҳазин тортди тоғам. – Опам ёмонроқ дардга чалиниб бандалик қилганида, Мўттивой икки ёшгаям тўлмаганиди. Ўшандан бери бувиси билан туради. Поччам тоғдаги конда ишлайди, онда-сонда келиб, онасига пул-мул ташлаб кетади. Кон томондан бирорта аёлни топиб-нетволган бўлса билмадим-у, уйланибди деган гапни эшитганимиз йўқ.
Товуқбоқар мавзуни бошқа ёққа буриб, айтгандай, ўзингизда болалардан нечта эди, деб сўраганди, тоғам бир хўрсинволиб, иккита қизим бор, каттаси тўртинчини битирди, деди.
Ошпаз ҳам гапга аралашди:
– Уларни кўриб-нетиб турибсанми, ишқилиб?
– Бола бўлади-ю, кўрмасдан бўларканми? – деб кўксини сийпалади тоғам. – Ўтган куни ҳандалакни сотиб, уларга харажат ташлаб келдим. Хотинимга анча-мунча пул ҳам бериб қўйдим. Қайнотам жа бошқача одам-да, бу томондагилардан ташвиш тортманг, куёв, ўзингиз қийналиб қолмасангиз бўлгани, дейди.
– Ташвиш тортма деб тўғри айтибди барака топкур, – дея тоғамнинг кўнглини кўтарди ошпаз. – Қайнотанг ўзига тинч киши. Қайноғанг ҳам топармон-тутармон йигитлардан. Болаларингни ҳеч нарсага зориқтириб қўйишмайди. Мана, қора меҳнатдан қочмай, ёлчитиб ишлаётган экансан, мени айтди дерсан, ҳадемай ўзинг­ниям ишларинг юришиб кетади, иншаолло.
Бир куни маҳмаданалигим тутиб, алоҳида уй бўлганидан кейин, тоғам ҳам болаларининг олдига бориб яшайвермайдими, деб кексақорилансам, эркак киши учун, айниқса, қўли юпқа эркак учун қайнотага ичкуёв бўлиб юришдан оғири йўқ, деб жавоб қилганиди бувим.
Қозонга ўт ёқилаётган чоғда Отақул тоғам мени яна эсга олди, йўлга чиқиб бориб, теваракка аланглади:
– Мўттивой! Ҳў, Мўттивой!
Ортга қайтиб келганидан сўнг, бу бола тайёр овқатни ташлаб, уйга кетворганга ўхшайди, дея афсусланиб бош тебратди.
Қаёққа кетардим? Оёғининг тагида турганимни билмаса, нима қилай?
Тоғам “тайёр овқат” деган сўзни ишлатгандаёқ, шоколадлар лоп этиб кўз олдимга келувди, писмайганча ўрмалаб бориб, зовур ёқасидаги дўнгнинг орқасига ўтдим. Керакли жойда тўхтаб, тўрт томонга зийракланиб разм солдим-у, шоколадли қутичалардан бирини тирноқлаб йиртдим…
Қолганини мен айтмай, сиз эшитиб, қуруқ ютинишдан қийналманг.
Чапчап луқумнинг учинчисини ғилқиллатаётганимда, нимадир шитирлагандек бўлди. Қулоғим ўз-ўзидан динкайиб кетди. Сассиқкўмпалардан бири хиёл тебранганидан янаям сергакланиб, секингина бориб қарасам, ҳалиги қора мушук билакчаларига ияк тираб, маъюс чўзилиб ётибди. Кўзларида жиққа ёш.
Мени кўриб-ла, қочишга шайланганида, қўрқма, мушукларда ҳеч қанақа қасдим йўқ, деб, шаҳдидан қайтардим.
– Шунақа дейсан-у, қайси итга йўлиқма, қасди бор-йўқлигини ўйлаб ўтирмай, акиллаб қувишга тушади.
– Мени қаёқдаги шилдирвоқи итларга тенг­лаштирма, – деб зардаланган бўлдим. – Ундан кўра, эгангга қанақа ёмонлик қилганингдан гапирсанг-чи.
Мушук йиғламсираб минғирлашни бошлади:
– Алдаётган бўлсам, тил тортмай ўлай. Эгамга ҳеч қанақа ёмонлик қилганим йўқ. Мени нимага калтакламоқчи бўлди, сира тагига етолмаяпман.
– Товуқхонага ўғриликка тушибсан-ку! Ғажиб ташланган хўрознинг патларини эганг тиконзордан топволибди.
– Вой! Бунақа иғвони ким тарқатибди? – анг­райиб сўради қора мушук.
Одамликдан итга эврилиб қолганим, итлигимда жониворларникидан ташқари инсонларнинг тилини ҳам тушунаверишим тўғрисида мушукка эзмаланиб ўтирмай, эшитганимни гапиряпман-да, деб қўявердим.
Мушук бирпас ўйланиб туриб, топдим, ким ўғирлаганини топдим, дея тўлқинланиб типирчиланди.
Унинг айтишича, Пихпих Чандр деган ўғри мушук бор экан. У баттол, эганг берган овқатнинг тенг ярмини менга асраб қўймасанг, ўзингниям, болаларингниям бўғиб ташлайман, деб қора мушукка солиқ солган экан; қорни очганида келиб, тегишли улушини еб кетаркан.
– Бундай йиртқичлик битта ўшанинг қўлидан келади, – деди қора мушук. – Сен нима бўпсан, ҳатто бир касалманд тулкиниям бўғизлаб тинчитганман, деб мақтанганиди.
Таскин бергим келиб, кўп эзилаверма, эганг жаҳлидан тушиб қолар, десам, ўзим-ку бир кунимни кўриб кетарман, болаларимниям ҳайдаб юборса, қаёққа бош уради боёқишлар, деб титранди қора мушук.
– Нима, болаларинг эмизиклими?
– Сутдан чиқишган. Лекин уларни сира кўзим қиймайди, энди ўзларингни эплайверинг­лар, дейишга тилим бормаяпти.
Бу бечорани ўзим қўллаб юбормасам бўлмайди-ёв, деб тугиндим ичимда. Аммо қандай қилиб?
Турмушда неччи марта кўрганман – мия яхшилаб ишлатилса, ўлимдан бўлак ҳамма нарсанинг иложи топилади. Мияни яхши ишлатиш учун нима қилиш керак – ҳеч бўлмаса, шоколад ейиш керак!
Бу ёққа юр, деб қора мушукни шоколаднинг олдига бошлаб бордим. Чапчап луқумдан биттасини қоғоз қутичанинг чуқурчасидан тирноқда суриб чиқариб, аввал тумшуққа илинтирдим, кейин бошимни баландга кўтариб, оғзимга юмалатдим. Дунёдаги бор ҳузур-ҳаловат ичимда тўпланаётгандек бўлди. Мушукка тантиланиб қараб, ол, тортинма, Миттивойнинг даврида бир чапчап луқум есанг ебсан-да, дедим.
Қора мушук шоколадлардан бирини ийманибгина олди, сал ялаб кўриб, роҳатдан кўзлари сузилди.
– Маззами? – деб тиржайдим. – Ўртоғим кучук – еганим чучук, деганакан… бир пучуқ.
Қизиқчилигимдан қора мушукнинг кулгиси қистаб, майингина пихиллаб қўйди-да, ерга узала тушиб, шоколадни панжалари орасига қисганича, шошмасдан ялашга киришди. Орада тўхталиб, бир устки, бир остки лабини тилида тозалаб-тозалаб ҳам қўяди.
Э, доғман! Шунақа имиллоқлик билан тирикчилик қилиб бўларканми? Топилдими, шаппа-шуппа ургин-қўйгин. Йўқса, Пихпих Чандрга ўхшаган қудуққоринлар олдингдагини шип-шипанг супуриб кетади.
Одамлигимда турли жонзотларни қийратиб яйрар эдим; итга айланганимдан буён уларнинг қийналиб-қийналиб турмуш кечиришини кўриб, буни қисман ўз бошимдан ҳам ўтказиб, шўрликларга тобора раҳмим келишни бошлади. Раҳмимни қўзитгани сайин, кўнглимга қариндош­лардек яқин бўлиб бораётганди улар.

Пихпих Чандр жаноблари

Қани, у ёқдаги аҳволниям билайлик-чи, деб товуқхона томонга юрдим. Қора мушук тиззасини қалтиратиб, ортимдан қўзғалди.
Борсак, еттов мушукча очиқ айвонли уй ёнидаги тандир остида, бир-бирининг пинжига кирганича, мўлтироқланиб ётибди. Оналарини кўриб, ирғишлай-ирғишлай, қучоғига отилишди.
Мўсақўзи товуқбоқарнинг хотини тандирдан нарироқда кир ювиб ўтирар, учга тўлиб-тўлмаган қизчаси унинг ёнига чўнқайволиб, кичкина мислаганда рўмолча чайиш билан банд эди. Улар юмушдан тўхтаб, она-бола мушукларнинг ачом-ачомини завқланиб кузата бошлашди.
– Қорабека, Қорабека! – деб илжайди қизалоқ.
Шу паллада Мўсақўзи товуқбоқар шийпондан қайтиб келиб қолди. Қорабекани кўриб, ҳе, ўша сендақанги болапарвардан ўргилдим, деб ердан кесак олаётганида, хотини тутоқиб кетиб, ҳой, сўлоқмондай одам дўппидек мушукка намунча ўчакишмасангиз, деб саннаб берди.
– Бу ўғрининг ёнини олма!
– Қанақасига ўғри бўларкан? Мундоқ ўйлаб гапиринг-да, дадаси. Мана шу қилтириқнинг хўрозга кучи етарканми?
Қизалоқ: “Мушугим ўғримас!” деб гапга аралашган эди, Мўсақўзи товуқбоқар унга эътибор бермай, хотинига ўшқирди:
– Хўрозни шу мушугинг емаган бўлса, ким еди? Сенми?
– Ҳа, мен едим заҳримга! Қутулдимми? Боринг, уйга кириб, чойингизни ичинг.
– Чойни шийпонда ичаман, – деди товуқбоқар. – Қозонга ўт қаланди, тузланган товуқларни вақтида элтиб берай.
Ҳозирга келиб, бу кичик оила ҳар хил ғиди-бидиларга тўлиб ётгандек кўринаётган бўлса-да, Ғулом ошпазнинг айтишича, Мўсақўзи товуқбоқар синфдош хотинига мажнунланиб юриб уйланган экан. Севгилисига ҳатто дарс пайтидаям тинчлик бермай, ишқий сўзлар битилган қоғозларни қаторлатиб итқитавергач, уни охири “А” синфдан “Б” синфга сургун қилишибди. Мислсиз ўртанишлар йигитчани тўсатдан шоирга айлантирибди-ю, умрида биринчи ва сўнгги марта шеър тўқиб, уни мактаб кутубхонасининг столига ўйиб ёзишга мажбур бўлибди:

Сени ишқинг мени тўпдек учиртирди,
“А” синфдан “Б” синфга кўчиртирди!

Мўсақўзи товуқбоқар уйдан усти бўз матода ёпилган тунука тоғорани кўтариб чиқиб, яна шийпон сари йўналди.
Қорабека енгил тин олди. Юринглар, очқаб қолгандирсизлар, дея мушукчаларни ўзига эргаштираркан, ўгирилиб боқиб, мени ҳам ўша ёққа имлади.
Қувноқ мушукчалар онасининг ортидан тизилиб, аскарлардек бир хил одимлаганча, жўрликда куйлаб борарди:

Овқат еймиз,
Катта бўламиз.
Овқат емасак,
Латта бўламиз…

Уйнинг орқасига ўтиб қарасам, чойхонадаги паловхўрлар ишлатадиган, чети сал синиб, сирлари кўчиб кетган катта сопол оштовоқда товуқ қолдиқлари айниган мошхўрдага аралашиб ётибди. Кўнглим озаётганини билдирмасликка тиришиб, ўзларинг еяверинглар, мен тўқман, деб бўйнимни қашлашга тутиндим.
Она-бола мушуклар эндигина тамаддиланишга киришганида, “Ош бўлсин, пих!” деган товуш эшитилди; басти менга бир яримта келадиган семиз малла бароқ шохи тарвақайлаган бангидевоналар орасидан олифтанамо қийпанг­лаб чиқиб, ола кўзини косачада айланаётган соққадек ғилдиратди. Илгари кўрмаган бўлсам ҳам, унинг кимлигини тезда фаҳмлаб олдим – Пихпих Чандр! Зоти олифталари!
Она-бола мушуклар овқат чайнашдан тўхтаб, тошқотма шаклида туриб қолишди.
– Хуш кўрдик, Пихпих Чандр жаноблари! – деб илтифотланди, ниҳоят ўзига келган Қорабека. – Ҳақингизга текканимиз йўқ, бир четидан озгина татиб турувдик.
Ўғри мушук менга чақчайиб қараб қўйиб, бу иллати ким бўлди, деб сўраган эди, Қорабеканинг тили тутилиб, бу… бу… Миттивой… шунчаки та… та… танишим, дея дудуқланишга тушди.
Пихпих Чандр кўзларини ғазабли чақнатди:
– Бошқа кўримлироқ ҳайвон йитиб кетганмиди? Келиб-келиб, ит билан танишасанми, каллаварам?
– Бу – кучук-ку ҳали, Пихпих Чандр жаноблари.
– Пих! Эрта-индин барибир ит бўлади!
Пихпих Чандр сопол товоққа яқинлашиб, таомнинг у ер-бу ерини ҳидлаб кўрди. Сўнг менга ҳадикли тикилиб, пих, ўзинг кетаверасанми, ё ачангнинг уйигача кузатиб қўяйми, деб ўқрайди.
Хиёл сескангандек бўлсам-да, саккизинчида ўқийдиганларгаям гапини бермай юрган мендек гажирни ҳуркитиш осон бўптими, деб ўйладим-у, Пихпих Чандрнинг кўзига тик боқдим; товуқхонадан хўроз ўғирлаб, Қорабеканиям балога қолдирганинг учун ўзингни арчиб қўймасимдан шиппагингни судра, дедим ириллаб.
– Ўзинг ўғрисан! – деб бурун учирди Пихпих Чандр. – Юмдалашишга баҳона ахтараётган бўлсанг, юр, чеккароққа ўтайлик.
Сўлқиллаб одимлаётган Пихпих Чандрнинг ортидан чимлоққа чиқиб бораётганимда, жийдага қўниб турган жаққи чумчуқ “Чиқ-чиқ-чиқ! Ҳооой, бу ёққа келинглар, зўр мушт-мушт бошланади ҳозир!” деб чириқлай кетди. Ён-­атрофдаги пахта пайкали, буғдойпоя, полиззор у ёқда турсин, узоқдаги боғу узумзорларда юрган чумчуғу тўрғайлар, майнаю ғуррак­лар, мусичаю қалдирғочлар, қизилиштону попишак­лар ҳам пирро-пир ёпирилиб келиб, жийданинг устини булутдек қоплади; теварак чигирткаю қўнғиз, қирқоёғу ўргимчак, бузоқбошию калтакесакка тўлди; арию капалак­лар, пашшаю чивинлар галаси бошимиз узра тинимсиз айланишга тушди; ҳатто ўта интизомли чумолилар ишини буткул йиғиштириб, бўлажак олишувдан кўнгил узолмай, қизилмиялар шохида ғужланди. Бўртиқкўз қурбақа чирмовуқланиб ўсган оқпечакнинг салқинида талпайди. Чувалчанглар ер кавагидан бош тиккайтирди.
– Янаям берироқ кел, акаси бўйидан, – деб мени мазахлади Пихпих Чандр. – Энди тумшуғингни буёққа тўғрилаб тур.
Шундай деди-ю, кутилмаганда тумшуғимга калла солди. Орқага юмалаб йиқилиб, бирпас масовсираб қолдим. Эндигина тураётганимда, ҳавода кўндаланг учиб келиб, иккала оёғида кўкрагимга тепди. Яна чалпа­йиб­ йиқилдим.
– Ваҳ! Ўзимизнинг тепишдан қилди-ку! – деб чириллади бир чигиртка.
– Сакраши барибир меникидан суст, – деб писандсизланди қурбақа.
Учинчи ҳужум оч биқинимга тепки ейи­шим билан тугади, нафасим қисилиб, кўзимнинг олди қоронғилашди. Ингиллаб, ерга чўзилдим.
Атрофда турганларнинг бири менга жон тортиб, “ух-ух”лаб қўйса, бошқаси танг аҳволимга боқиб, кинояли ҳиринглади. Яқин орада бунақа ўсал бўлмаганидим.
Пихпих Чандр устимга келиб, ғолибона тиржайди:
– Пих! Шу ёғиям етар дейман, қилтаноқ полвон?
Қорабека сингари мушукчалар ҳам суробимга ачинқираб термилаётганини кўриб, ичимни булдуруқ босди.
Шу маҳал боксчилигим бирдан эсимга тушиб қолди. Ҳо ишонинг, ҳо ишонманг, кузнинг ўрталарида мактабдаги бокс тўгарагига бир кунмас, икки кунмас, роппа-роса уч кун қатнаганман. Агар беаёв дўппослаётган тажрибали рақибимнинг қулоғидан тишлаб олганим учун мураббий мени олдига солиб ҳайдамаганида, эринмай ўн-ўн беш кун қатнашгаям тоқатим етган бўларди.
Ўшанда мураббий мени ўринсиз хафа қилди. Ўзингиз айтинг-чи, рақибининг қулоғидан тиш­лаш америкалик Тайсонга мумкин-у, ўзбекис­тонлик Мўттивойга нега мумкин бўлмас экан? Америкаликнинг ўзбекдан нимаси ортиқ, тўртта кўзи борми?
Боксга уч кунгина борган бўлсам ҳам, энг кераклисини – мураббийимиз мақтаниб, буни ўзим ўйлаб топганман, деб айтган “учзарба” билан “бешзарба”ни ўрганиб улгурган эдим. Икковиям ниҳоятда олатасир усул!
Учзарбада рақибни олдин ўнг, кейин чап қўлда енгил-енгил нуқилаб, охирида ўнг қўл билан қаттиқ мушт тортилади – гуп-гуп, гупанг! Бешзарбада чапдан, ўнгдан, тағин чапдан хомаки урилиб, кетидан ўнг қўлда бошга, чап қўлда биқинга қаратиб аямасдан солинади – гуп-гуп-гуп, гупанг-гупанг!
Гавдам кичик бўлсаям, умрида бокс тўгарагини кўрмаган ўғри мушукдан ўлсам ўлигим ортиқ, деб ҳаволандим-у, баланд руҳда жойимдан кўтарилиб, иккала оёғимда тик турганча, қўшалоқ муштумимни жағимнинг остига тирадим. Ҳайвонлар ўртасидаги беллашувнинг бундай янгича усулини биринчи бор кўраётган томошабинлар даврасида ғала-ғовур бошланди.
Пихпих Чандр ҳам аввалига ғайриҳайвоний туришимдан сал ҳайратлангандек бўлди, сўнг ваҳимали пихиллаб олиб, бор басти билан менга ташланди. Олдин учзарбани қўллаб кўрдим – гуп-гуп, гупанг! Гуп-гуп, гупанг!
Пихпих Чандр бир қалқиб кетди. Кўзлари ғилайланиб, бошини қаттиқ-қаттиқ силкитди.
– Бииир, иккии, ууч, тўўрт, бееш…
Рақибим ҳушини йиғиб, қайтадан менга яқинлашди. Йўқ, бу нокаут эмас, шунчаки нокдаун, деб қўйдим ичимда.
Пихпих Чандр кўзи қонсираган важоҳатда устимга отилди. Бу гал қўрқишни хаёлимгаям келтирмай, энди бешзарбани кетма-кетлатиб ишга солдим – гуп-гуп-гуп, гупанг-гупанг! Гуп-гуп-гуп, гупанг-гупанг! Гуп-гуп-гуп, гупанг-гупанг! Гупанг!!!
Бир зумда масала ҳал бўлди-қолди – Пихпих Чандр гандираклаган асно орқага иланг-биланг тисарилиб бориб, шилқ этиб йиқилди. Бош кўтаришга уриниши зое кетди. Теваракдан “Ваҳов! Бай-бай-бай!” деган товушлар таралди. Чирмашқоқ оқпечакнинг остида оғзи ланг очилиб турган қурбақага қараб: “Ағдар, кабобинг куймасин!” деб писандаладим.
Маҳалламизда шунақа ҳазил бор – кимдир анграйиб туриб қолса, бунақа узоқ анқайма, агар ҳозир кабоб пишираётган бўлсанг, куйдириб юборардинг, деган маънода шу қочиримни қўллашади. Қизиқ! Буни биринчи бўлиб ким топиб айтганикин?!
Ўзини сал ўнглаб олган Пихпих Чандр жағини ўнг-чапга қимирлатиб кўриб, аранг ўрнидан тургач, менга ўчли кўз қадаб, кўп гердайма, сен билан бўлак жойда гаплашамиз ҳали, деб тиш ғижирлатди; теваракдагиларга ҳам ола-кула аланглаб қўйиб, сассиқкўмпалар орасида ғойиб бўлди.
Томошабинлар, буниси ирғишлаб, униси гижинглаб, қий-чув кўтаришди; биридан бири ошириб-тошириб, мени мақтай кетишди.
Жониворлар бозор-дўконда изғиб, емиш танлаб юрмайди, қўлига нима илинса, ўшани кавшайди. Шу боис улар пул деган нарсанинг нималигиниям билмайди. Йўқса, бошимдан жарақ-жарақ пул сочишмасмиди шу топда!

Товламачининг хазинаси

Ишчиларнинг тушлигидан ортган товуқ суяк­ларидан бир-иккитасини ғажиб кўрдим, меъдамга ботмади. Акиллаб Қорабекани чақирдим, мушукчалари билан етиб келди, иккита қутичадаги чапчап луқумни хаш-паш дегунча хомютди қилдик. Шундан кейин у томондагилардан ҳам хабар олиб қўяй деб кун тиккадан ўтганида қишлоққа қараб йўл солдим.
Опоғотамникига кирсам, чўққисоқол қўшниси билан у ёқ-бу ёқдан гаплашиб, томорқадаги анорларнинг меваси етилиб оғирлашишидан олдин, нозикроқ шохлар остига айри тираб юришибди. Опоғотам мени кўриб-ла, уйингни топиб келдингми, Миттивой, дея, уватга ёйиб қўйилган, устида чойнак-пиёла, нон, ширинликлар турган чорсидан битта печакқанд олиб, олдимга ташлади. Чапчап луқумга тенг келмасаям, буям бир ризқ-да, деб таъми қотган нишолдани эслатувчи оппоқ печакқандга тумшуқ югуртирдим.
– Хуллас, хотиним бориб, ўша тул кампир билан гаплашиб кўрибди, – дея сўзини бўлинган жойидан давом эттирди чўққисоқол киши. – Йўлдош акани биламан, ҳалол-босиқ одам, лекин эрга тегаман дейишга бетим чидайдими, болаларим эрмак қилишмайдими, деб кўнмабди кампир.
Опоғотам қадрдонига ройишли юзланиб деди:
– Майли, ёзиқда борини кўрармиз, ўртоқ. Кампиринг ҳам менга хотин ахтаравериб, чарчаб кетди. Айтиб қўй, энди уринишини бас қилсин.
Анавини қаранг, опоғотам тушмагур янгитдан куёвтўра бўлиб, шойи чимилдиққа кирмоқчи, шекилли? Олтмишдан ошган одамга никоҳ ўқиб, панд-насиҳат айтиб қўйиш учун, камида юзга борган муллани топиш керак бўлади-я.
Кўриб турибман, кампир масаласини ҳисобга олмаганда, опоғотамнинг ишлари жойида. Бориб, бувимниям бир йўқлайин энди.
Кетаётиб, Алдар Холдорнинг дарвозаси олдида кўк мотоциклдан ташқари, мошранг “Спарк” автомобили ҳам турганига кўзим тушди-ю, негадир ичкарига назар ташлаб қўйгим келди. Темир дарвозанинг ўнг қанотидаги қия очиқ эшикчадан ўтсам, атиргуллар ортидаги столда Алдар Холдор кигиздўппили қовунбош киши билан аймоқлашиб ўтирибди. Дастурхонда ҳеч вақо йўқ.
Сопол терилган йўлакдан юрмай, тўртбурчак майдончадаги гулларни паналаб, столга яқинроқ бордим. Стол ёнидаги каштан дарахтига суйканиб биқин қашлаётган жиккаккина ола мушук, қорамни илғабоқ, ўзини четга тортди.
Алдар Холдор теваракка сергак аланглаб, қани, нарсангизни бир кўрайлик-чи, деган эди, қовунбош киши, ташвишланманг, ҳаммаси асл мол, деб беастар чопонининг қўйнидан бахмал ёнчиғини олди, ичидаги сариқ тангаларни, узук, балдоқ, ойқошлиқ, билакузук сингари ярқироқ безакларни авайлаб столга тўкди. Алдар Холдор сариқ тангалардан бирини оғзининг четига тиқиб тишлаб кўргач, қайта жойига қўйиб, энди ёруғда камалакдек товланаётган шишасимон тошчани томоша қилишга тутинди.
– Олтинлар-ку ҳақиқийлиги билиниб турибди. Ғимм… Манави олмосларга кафалот борми?
– Ие, мендан бирор марта панд егандек гапирасиз-а, – деб қошини биланглатди қовунбош киши.
– Хўп, барига қанча сўрайсиз?
Тортишиб-тортишиб, савдони пиширишди. Алдар Холдор уйга кириб кетиб, пича ҳаяллаб қолди. Қайтиб чиқиб, ўзимизникига ўхшамаган пулларни битта-битта санай-санай, қовунбошнинг қўлига тутқазди.
– Тутумингизга доим беш кетаман, Холдор оға, у ёқдан пул топиб-ла, бу ёқдан дарров мени чақирасиз, – пулни чўнтакка солиб, ихчам соқолини бармоқда пардозлаган бўлди қовунбош киши. – Сиздақанги донолар аз-азал жуда танқис.
– Бу алғов-далғов дунёда қоғозга ишониб бўларканми, иним?
– Локигин, ортиқча камтарлик қилворасиз-да. Ҳеч бўлмаса, анави матасекилни йўқотиб, ўртачароқ бир машина олволинг.
– Ғимм… Чеккалаб топ, чеккага кўм, деган гап бежиз тўқилмаган. Ўзингни кўрсатишга берилдингми, теварагингда зориққанлар кўпаяди, қариндошлар пат-парингни юлишга уринади, катталарнинг тамагирлиги ошади. Қолаверса, мени фалон жойда чалиб кетгансан деб юрган туҳматчилар йўқ ҳақини сўраб, тугалай ёпишволади.
Меҳмон шу жойнинг ўзида хайрлашиб, дарвозадан чиқиб кетганидан кейин Алдар Холдор столдаги безакларни дастурхон-пастурхони билан йиғиштириб, уйга йўналди.
Писиб бориб, ўймачилар нақшлаб ясаган баланд-баланд устунли айвоннинг супасига сакраб чиқдим, секингина деразадан мўраладим. Алдар Холдор полдаги тукдор гилам устида турган пастак темир жавон қаршисида тиззалаб, эшигига ўрнатилган тилсимли ғилдиракчаларни айлантира бошлади. Шунга ўхшашини дадамнинг дипломатида кўрувдим – ғилдиракчалар айлантирилиб, тўртта катакдаги рақамлардан кераклилари териб чиқилса, қулф очилади.
Ана, қулф шиқ этиб, жавоннинг эшиги чертилди. Алдар Холдор бешикболишдан сал каттароқ чарм халтани ташқарига суғуриб, бўғзини очди-да, дастурхондаги ялтир-юлтирларнинг ҳаммасини унга тўкди.
Вой, алдоқчи-ей! Бу ёқда кўкча қовундек келадиган хазинани йиғиб қўйибди-ю, у ёқда ўзини камбағалликка солиб, хотиним билан қуруқ нон кавшаб ўтирибмиз, деб йиғламсирашига ўласанми!
Ола мушук мен томонга миёвлаб қарай-қарай, чарм халтани темир сандиқчага жойлаётган Алдар Холдорнинг оёғини нуқилай бошлади. Алдар Холдор, жим, Оламош, деб қўйиб, атрофга аланг-жаланг кўз югуртираётганида, иш пачава бўлишидан чўчиб, айвондан тушибоқ, кўча тарафга ўрмаладим. Столнинг тагидан ўтаётганимда, дастурхонга ўроғлиқ катта тоғора кўтарган лавоқюз хотин дарвозадан кириб келаётгани кўринди, ўзимни яна гулларнинг панасига олишдан бўлак иложим қолмади.
Лавоқюз хотин шундоққина ёнимга келиб тўхтади, қўлидаги тоғорани столга қўйди, стуллардан бирига ўтириб, рўмолчада елпинишга тушди. Уйдан Оламошни эргаштириб чиқиб келган Алдар Холдор, ҳа, тўй тугадими, деб сўраб, нариги стулга ялпайди.
– Э, тўйга бормай мен ўлай! – деб жавранди хотин. – Шарманда бўлдим, шарманда!
– Нима гап?
– Анави раисингизнинг хотини билан битта дастурхонда ўтириб қолувдик. Бир ҳангомани айтиб бериб, ҳамманинг ичагини уздирди. Мен десангиз, ер ёрилмади-ю, ерга кирмадим…
Уюшма раисининг тўйида хонадон бекаси казо-казоларга қарашли аёлларни алоҳида уйда меҳмон қилаётиб, Алдар Холдор боя унинг қўлига чиройли картон қутини тантанавор тарзда тутқазгани, бу чапчап луқумни энг азиз меҳмонларга қўярсиз, деб тайинлагани ёдига тушибди-ю, келинини чақириб, ўша тансиқ нарсани олиб келишни буюрибди. Картон қутини келтириб, дераза токчасида оча бошлаган келин бирданига “Каламуууш!” деб бақириб юборибди. Қути деразадан ағнаб, гиламга энг олдин каламуш шалоплаб тушибди, кейин – шувоқлар.
Буни эшитиб, Алдар Холдор талвасаланганича ўрнидан сапчилади:
– Биламааан, биламааан, бу ишни душманларим уюштирган! Изимдан пойлаб, пайимни қирқишга уринадиганлар кўпайиб кетяпти! Шунчалик кўпки, ғимм… ҳозир бирортаси анави гулларнинг орасидан мўралаб турган бўлса, сира ҳайрон бўлмайман!
Юрагим така-пука уриб, баттардан биқиниб олдим.
– Айб ўзингизда! – деб дакки берди хотин. – Пул топиш экан деб, қанча-қанча одамни ип бойламай ўйнатганингиздан кейин, ғаним кўпаяди-да. Яхшиямки, укам амалдор. У қўллаб турмаса, сизни аллақачон еб ташлашарди. Идорада тарвайиб ўтириш тугул, одамларгаям қўшилолмай қолардингиз.
Алдар Холдор ҳам бўш келмади:
– Уканггаям, сенгаям жа осилволган жойим­ йўқ. Оиланинг аравасини эшакдек жииим тортиб келяпман. Ўрнимда бўлак одам бўлса, рўзғор ташвишларидан толиққанини пеш қилиб, ке, хотин, узугинг ўзингда турсаям, тилло балдоғингни сотиб тирикчиликка ишлатайлик, демасмиди?
– Ёпишмаганингиз балдоғим қолувди, ўзи!
Хотинининг қаҳри ловуллаб, тоғорани кўтарганича уй томонга йўналгач, Алдар Холдор ҳам ўзича ғудранган кўйи томорқага ўтиб кетди.
Оламош мен томонга хавотирли қиялаган эди, унга ёмонлик истамаслигимни англатиш учун самимий қиёфада қилпиллай бошладим. Мушук нима қилишини билмай, иккиланган алпозда туриб қолди.
– Қўрқма, Оламош, шу пайтгача бировни бекорга хафа қилмаганман, – дедим паст товушда. – Росаям чиройли мушук экансан, ке, ўртоқ бўламиз.
– Ўртоқ бўлволиб, кейин нима қиламиз? – деб сўради мушук.
– Биргалашиб қувлашмачоқ ўйнаймиз. Соғинганда бир-биримиздан хабар олиб турамиз.
Оламош анчадан бери ёлғизликдан зерикиб юрганми, бу уйдагилар мени ҳеч қаёққа чиқармайди, деб хўрсинган эди, ўша қилпанглашда ёнига бориб, унда ўзим кептурарман, дея биқинига биқинимни қададим. Ишқаланишим унга ёқинқираб, унақа бўлса, майли, деб ҳалимдай юмшади.
Мана, дўстларим яна биттага ошди. Бадфеъл­лиги жаддидан нуқул душман орттириб яшашни Алдар Холдорга ўхшаш нусхаларга қўйиб бераверинг.
Дарвозадан чиқиб, айрим жойлари ўйдим-чуқур бўлиб кетган, Калтўпининг қоқ ўртасидан кесиб ўтувчи кўҳна ўқкўчанинг четида тўрт оёқлаб боравердим. Йўлнинг чапидаги ариқ ёқасида қаторлашиб ўсган тикқомат тераклар шабадада бир хил тебраниб кўркам рақс тушаётганини ўнг ёқдаги қарағайтан симёғочлар ҳаваси тошиб-тошиб кузатаётгандек, яшноқ дарахтлик чоғларини эзгинланиб эслаётгандек эди. Ҳашарот овлашдан чарчаган қалдирғочлар электр симларига тизилиб, ким қаерларга боргани, нималарни кўргани тўғрисида бир-бирига гап бермай, бетўхтов ғужирлашиб турарди. Қанийди, ариқда чилдираб-чилдираб оқаётган сувларнинг тилини ҳам тушуна олсам.
Икки ёқдаги паст-баланд уйларнинг мўрисидан кўтарилаётган тутуну буғлар димоғимга турли таомлар исини келтириб урар, шавлами лағмон, шўрвами қўғирмоч, чучварами мошкичир, аталами палов бўлмасин, қай бири қайси хонадонда пиширилаётганини адашмай ажратиб бораётгандим. Шундан билингки, итликнинг ўзига хос томонлари кўп.
Ҳакиллаб-ҳакиллаб, охири гузарга етиб келдим. Қарасам, Парпивой ошнам Момогул қандолатчидан сўрғилдириқ олиб турибди. Хўрозқанднинг шафтоли шарбати шимитилган янгича бу турини Момогул қандолатчи ўзи ўйлаб топган; уни буюртма билан ясалиб, устига “Сўрғилдириқ” деб ёзилган гулдор халтачага солиб сотади.
Ошнамга яқинлашиб, қалайсан, Парпивой, деган эдим, бўғзимдан одатдаги вак-ваклар таралди.
– Вой! Бу тўлпоққина кучук кимники? – деб, менга чарақлаб боқди Момогул қандолатчи.
– Билмадим, – деди Парпивой.
Сўнг мўлтиллаб қараётганимдан эриб кетдими, сўрғилдириқнинг бир четини тишида синдириб, менга туфлади. Жонажон ўртоғимнинг сўлагиям дори, деб ширинликни ўрнида шапиллатиб қўяқолдим.
Кундузи кўпчилик у-бу юмуш билан банд бўлгани учун чойхона айвонидаги сўрида уч-тўрттагина одам пиёла ўгириб ўтирарди. Тўрига ёнбошлаб олган Тўлан тўлпоқ, ҳа, Маҳай, чойхонага бурилмай, ғирмайиб ўтиб кетяпсан, яна омадинг чопмадими дейман, деб мазах­омуз гап отган эди, “Самурай”ини қўлтиқлаб олган Маҳай хўрозбоз азадордек тундланиб, қаторасига иккинчи марта ютқазди бу хумпар, уни бугуноқ димламага босаман, деганича йўлида давом этди. Тил тушунмас “Самурай” умри бугун поёнига етишини хаёлигаям келтирмай, эгасининг қўлтиғида парвосиз бораётганини кўриб, жигарим тўкилгудек бўлди.
Ортга қайта бошлаган Парпивойнинг шимидан тортиб тегишқоқлик қилишга шайланаётганимда, ёнгинамга бир бужмоқ маҳси келиб тўхтади. Тепага қарасам, шалвироқ шим, қўшчўнтакли кител кийиб, бошига чўччайма дўппи қўндирган, эллик ёшлар чамасидаги ялпоқбурун кимса устимда суюқланиб турибди.
– Келинг, – деди Момогул қандолатчи. – Пашмаклар бор, ҳолвалар бор.
– Шартта-шурттасини айтсам, менга ўзингиз керак бўптурибсиз, Момогул биби, – деб чинғиллади ялпоқбурун. – Ўн йилчадан бери сўққабошман, саккиз танобли алоҳида ҳовлим бор, топар-тутарим ёмонмас. Олдингиздан бир ўтиб қўяй дедим. Зора, юлдузимиз бир-бирига тўғри келиб, қўшалоқланиб кетсак.
Чойхона сўрисида гурунглашаётганлар туйқус жимиб қолишди; Тўлан тўлпоқ қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйди; Қирон қассоб қайроққа пичоқ ишқаганича дўконидан зоғланиб чиқиб келди; сартарош Барака маракага қўшилиб, сочининг ярми қирилган Тошпўлат мерган ҳам деразадан ташқарига мўралади. Барчанинг кўзи Момогул қандолатчининг оғзига қадалди.
Ўттиз беш ёшларга бораётган Момогул қандолатчи – маҳалламиздаги биттаю битта қариқиз. Эр танлайвериб безор қилгани учун ота-онаси унинг ишига аралашишни йиғиштириб, қизимизга уйланаман деганлар ўзи билан гаплашаверсин, дея эшикни тамбалаб олишганига анча бўлди. Шундан бери совчилар кўчадан келиб, кўчадан кетади. Бу одам совчиларнинг минг биринчиси бўлса, ажабмас.
Тошпўлат мерганнинг деразадан чиқиб турган совунли калласидаги оғиз қиттак тиржайиб, ялпоқбурунга сўзлана бошлади:
– Сизни танигандек бўляпман, меҳмон. Янглишмасам, шийдонтепалик Ғилмир зиқна деганлари ўзлари бўлсалар керак. Топдимми?
– Зиқна деганлари – туҳмат! – деб ҳурпайди совчи. – Худоёрхонларам молини сочса, менчалик сочгандир! Раҳматли хотиним тирик бўлганида айтарди: макарон иссиққа саккизтагача вермишелни санаб бериб, мастовага эллик олтита гуруч солдирардим. Агар ош қилса, гуручни аяб ўтирмай, шартта-шуртта уч юзтасини берворган пайтларим бўлган! Ҳа, бўйнимга оламан, бирда-бир исрофгарчилик ҳам қиптурганмиз.
– Дунё дунё бўлиб, бунақа совурмачиликни ё кўрган, ё кўрмаган! – дея қиқирлади Барака марака.
Ғилмир зиқна қиқирлоқ сартарошга орқа ўгириб, Момогул қандолатчига хушомадли қараш қилди:
– Хўп десангиз, шартта-шуртта тўй қилиб, май-чай яшашни бошлардик.
Қирон қассоб пичоқ қайрашдан тўхтаб, “май-чай” деганингизни “бўккунча еймиз” деб фаҳмласак бўлаверадими, акахон, деб пичинг ташлаган эди, Ғилмир зиқна қўлидаги чит халтага ишоралаб, худога минг шукрки, ейиш-­ичишим жойида, мана, ҳозир ҳам бозордан ооолам-жаҳон харажат кўтариб келяпман, деб қўрсайди.
Момогул қандолатчи таъби суймаган совчини калака қилиб, ҳолвайтар ялагандек роҳатланишини ҳамма яхши билади. Бу гал ҳам шундай бўлди:
– Ооолам-жаҳонмиш! Халта жонивор бўм-бўшга ўхшаб турибди-ку, тоғагинам.
– Нимага бўм-бўш бўларкан? – деб халтани титкилашни, ичидаги баъзи нарсаларни кўз-кўзлаб кўрсатишни бошлади Ғилмир зиқна. – Мана, ҳафталик егуликнинг ҳаммаси дусамбаланиб ётибди.
Тўлан тўлпоқнинг лунжи ёйилди:
– Ҳеҳ-ҳеҳ-ҳе… Қани, қани!
– Манавиниси – битта кааатта пиёз! – мақтанишга тушди Ғилмир зиқна.
– Ўўў!!! – деб тасанноланди Момогул қандолатчи.
– Нақ тўрт дона редиска…
Бу сафар Момогул қандолатчига қўшилиб бошқалар ҳам тенгдан наъраланди:
– Ўўў!!!
– Учтача картишка…
– Ўўў!!!
– Яримта импўрний карам…
– Ўўў!!!
– Иккитадан ортиқ сабзи…
– Ўўў!!!
– Салкам юз эллик грамм гўшт…
– Ўўў!!!
– Йигирма беш грамм думба ёғи…
– Ўўў!!!
– Қолаверса, уйга саримсоқ-паримсоқ, кўкат-пўкатлар экиб қўйганман.
– Ўўў!!!
– Нима “ўўў”?! Битта жонга бундан ортиғи қоринни ёрвормайдими? Уйлансам, бошқа гап, харажатни шартта-шуртта икки баравар оширворишга қодир одамман!
– Ўўў!!! – наъра тортишда давом этди атроф­дагилар.
Момогул қандолатчи майнавозликни авж пардага кўтарди:
– Тежамкорликни билмайдиган одамга ўхшаяпсиз-ку, тоғагинам. Бир кишига етган нарса икки кишигаям бемалол етади.
Ғилмир зиқнанинг кўзлари ҳаяжонли чақнади:
– Ва-ваҳ! Иқтисод бўйича прапессир бўпкетинг-е!
– Иложи бўлса, кўпайтириш ўрнига, ҳозиргисиниям сал қисқартирган яхши.
– Ва-ваҳ! Нақ академик экансиз-ку! Шартта-шуртта тушундимки, сизни қўлдан чиқармаслигим керак, Момогул биби!
– Ўлдинг энди, Момогул! – деб қийқироқланди чойхоначи.
Момогул қандолатчи эса шаддодланишини қўймади:
– Зўрғалатдан ўзимбопини топганимда, унақа демай туринглар…
Момогул қандолатчининг бу янглиғ сичқон-мушук ўйини ранго-ранг ҳангомалар билан тугашига олдинлари неччи марта гувоҳ бўлганман. Томошанинг қаҳқаҳали якунини кутиб ўтирмай, уйимизга қараб юрдим.

“Самурай”нинг қутқарилиши

Дарвозамиз ёпиқ экан, кучанганча итариб, зўрға очдим. Кўзойнагини йилтиратиб, ишком остига ёйилган шолчада тўшак қавиб ўтирган бувимга пича мўралаб тургач, унинг “чип-чип”лаб ҳайдашидан чўчидим-у, орқасидан секингина ўтиб бориб, томорқага кирдим. Биринчи ўринда оғилхонадан хабар олдим. Қўйларимиз дадам ғамлаб бериб кетган ем-хашакларни армонсиз кавшаётганини кўриб, кўнглим тинчиди.
Қарасам, қўшни ҳовлидаги ўрикнинг шохида “Самурай” ўйга чўмиб ўтирибди. Ҳей, бу ёққа ўт, гап бор, деган эдим, мен хўроз бўлсам, сен ит бўлсанг, ўртамизда қанақа гурунг бўлиши мумкин, деб ғўданглади. Жони қил устида тургани, шу топда гапимни эшитмаса, кейин аттанг қилишгаям улгуролмай қолишини айтганимдан сўнг сал ҳушёр тортиб, девордан учиб ўтди. Патларининг баъзи жойлари титилиб, бўйни қон юқига беланганидан пайқадимки, енгилишдан олдин ўзини аямай жанг қилган.
– Ҳозироқ уйдан қочишинг керак! – дедим гапни чўзиб ўтирмай. – Эганг бугун сени димламага босмоқчи.
– Нима-нима? Қанақа димлама? – деб хўшшайди “Самурай”.
– Қозонда пишириладиган димлама.
– Ийе! Ўйлаб гапирсанг-чи! Қайноқ қозонга солинсам, ўлиб қоламан-ку!
– Қанақа қовоқбош махлуқсан? Қозонга тушмасингдан илгариёқ, аллақачон ўлган бўласан, тентак!
– Унчалик илғолмадим. Ҳали қозонга тушмай туриб, қанақасига ўлишим мумкин? Оғзим боракан деб гапиравераркансан-да.
Одамлар “товуқбош” деган сўзни бекорга ишлатмас экан, уни қандай фожиа кутаётганини уқтиргунимча, маҳаллани бир кезиб чиққулик вақтим кетди. Димлама нима эканлигини зўрға англаб етган бу пандавақига ҳадемай одамга айланиб қолишим эҳтимоли борлигини, бунинг барча сабабларини тушунтириш осон эмаслигини билиб, бошқача йўсинда сўз қотдим:
– Қисқаси, мундоқ қиламиз, анави молхонанинг чордоғига чиқиб, миқ этмасдан ёт. Эртага ё ўзим келаман, ё Мўттивой келади. Сени бошқа жойга олиб кетмасак, бўлмайди.
“Самурай”нинг бирдан кўзи олайди:
– Тунов куни мени камалакда отган Мўттини айтяпсанми? Димламадан ҳам хавфли бола у!
– Безовталанма, тайинлаб қўяман, сенга бошқа тегинмайди.
– Одамчасига гапиролмайсан-ку, қанақасига тайинлаб қўяркансан?
– У ёғи билан ишинг бўлмасин. Ғўрга қўшилган – ғўр, зўрга қўшилган – зўр, деган гап бор. Менга ўхшаган эси бутунларнинг айтганини индамай қилаверсанг, кам бўлмайсан…
Уйнинг ташқисидан йўғон-ингичка товушлар эшитилди. Ишора қилишим билан, “Самурай” ердан париллаб кўтарилиб, ўзини молхонанинг чордоғига урди. Томорқага бувимнинг ёнида кирган Қирон қассобнинг менга кўзи тушиб, ийе, боя гузарда ивирсиб юрган анави кучук сизникимиди, деб сўради. Бувим ҳайрон бўлиб, буни энди кўряпман, деди.
Қирон қассоб лўканглаб бориб, молхонанинг очиқ эшигидан қўйларга ютоқиб назар солгач, бувимнинг олдига қайтаётиб, тунов куни қўчқорингизни беш юмалоққа бермаган эдингиз, бешу чорактага кўнарсиз, деб дўранглади.
– Болаласа, совлиқлардан бирортасини сотсам сотарман, – деди бувим, бошидан сийлиқаётган рўмолини тўғрилаётиб. – Қўчқорни сотмаймиз деб айтувдим-ку, Қиронбой.
– Билиб турибман, нархини оширяпсиз, – сохта тиржайди Қирон қассоб. – Беш ярим юмалоққа розимисиз?
Оббо-о, тағин ўша гапми? Қирон қассоб бир ойчадан бери бувимни ҳол-жонига қўймай, шу қўчқорнинг куйиткисида юрибди. Шунақаям безбет бўладими одам? Сотилмайди дейилганидан кейин сотилмайди-да! Ҳадеб қистайверадими!
– Қўчқорни сотмайман, донинг кўпайгур.
– Э, кетса мендан кетибди! Майли, чоракам олти юмалоқ берақолай.
Тўсатдан бувимнинг ўжарлиги тутди:
– Олтитагаям, еттитагаям сотилмайди! Бошқа гапим йўқ!
Азали полвоноғиз бўлган Қирон қассоб дабдурустдан қўполланди:
– Э, қанақа ношукур бандасиз? Кампир шўрлик ўзини сал ўнглаволсин деб, ғамингизни еб юрибман-а. Қўлингиз пул кўрса, манавинақа тивити тўкилган камзир, гули ўнгиб кетган рўмолда юришдан қутуласиз, андак одамбашара бўласиз. Яхшиликни билмайдиган ғирт овсар экансиз-ку!
Ий, ий! Бувимни “овсар” девордими?! Ҳозироқ кўрсатиб қўймасамми унга!
Аччиқ устида итлигимни унутиб, ерда ётган ёнғоқдек тошга чанг солдим-у, уни тирноқларимда маҳкам чангаллаб, қассобга қаратиб отдим. Тош қоқ каллага бориб тегди. Қирон қассоб жо­­йида бир ирғишлаб олгач, аввалига бош чангаллаган асно гандираклаб тебранди, кейин олайиб ортга ўгирилди. Мендан шубҳаланишни хаёлигаям келтирмай, у ён-бу ёнга аланглади, ҳалпиллаб бориб, девордан қўшниникига бўйланди; қанисан ўзинг, мард бўлсанг, бекинмасдан бу ёққа чиқ, терингни шилволаман, деб ўшқира кетди.
Кўриб, тушуниб турибман – нимадандир фиғонинг ошганида, бировга бақирганинг сайин, кўнглинг ёзилиб бораверади. Айниқса, йўқ одамга дўқ уриш янаям ўнғай.
Қирон қассоб орқадан чил берувчи номардлар кўпайиб кетаётганини жаҳонга овозалай-­овозалай нарилаб бораркан, бувим кўзимга диққатини жамлаб тикилди. Наҳотки, тошни мен отганимни пайқаган бўлса? Йўғ-е, кўзойнаксиз ҳеч нимани тиниқ илғай олмаслигини биламан-ку.
Аҳволимнинг пачавалигидан хабардорсиз – қачон ит, қачон одам бўлиб қолишим, афсус­ки, ўзимга ҳам буткул қоронғи. Хайрият, этим бувим томорқадан чиқиб кетганидан кейин жимирлашни бошлади.
Хўроз билан зап вақтида гаплашволган эканман. Агар одам қиёфасига қайтишим унинг кўзи ўнгида содир бўлганида, қозонда қайнашдан асрандим деб суюнаётган “Самурай”, барибир, юраги ёрилиб ўлган бўларди.
Оёқ учида юриб бориб, ташқига қияласам, бувим қавиб бўлинган тўшакни кўтариб, уйга қараб киряпти. Девор бўйлаб нарироққа югуриб ўтдим-да, худди кўчадан келаётгандек бўлиб ортимга қайтдим.
– Ассаломалайкўўўм, буви! – деб қуюқ салом бердим деразадан.
– Келдингми? – деди бувим. – Опоғотанг яхши юрибдими?
Учрашув маросими дўқ-сўроқларсиз ўтганидан бирам қувондимки!
Унча очқаганим йўқ, дейишимга қарамай, бувим угра иситиб келиб, қистай-қистай охиригача ичдирди. Орада у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдик. Овқатланиб бўлиб, коса билан қошиқни ҳовузча ёқасига тўкилган кулда ишқалаб ювдим, сўнг кўчага отландим.
– Ҳа, эшикдан кириб, тешикдан чиқиб кетяпсан? – деди бувим.
– Парпивойда бир ишим бориди. Зувиллаб кириб, зувиллаб чиқаман.
Кирсам, Парпивой компютерга қадалволиб, математикага оид қандайдир масалаларни ечиб ўтирибди. Алгебра, физика, геометрияга ўхшаган асабтирнар нарсаларнинг нима қизиғи бор, билмадим. Ундан кўра телевизорнинг жамолига тикилиб, кино-пино кўргин эди. Ҳеч бўлмаса, китоб варақлаб, Гўрўғлиними, Кунтуғмишними, пичира-пичирлаб ўқиб ётмайсанми, нодон?!
Зувиллаб кириб, зувиллаб чиқишим узоққа чўзилди. Парпивойнинг компютерида “уруш-­уруш” ўйнашга берилиб кетиб, уйга қош қорайганда қайтдим.
Яна овқатланишимга тўғри келди. Бувимга шерик бўлиб, телевизорда сериал ҳам кўрдим. Ўтган кузда бошланган бу кинонинг бир-иккита қисмига кўзим тушгандек бўлувди, қарасам, ўшанда бир жувонни севдимлаб қолган су­зилмақош киши ҳалиям севганича шумшайиб юрибди. Ёқтириб қолдингми, орқасидан хунобланиб югуравермай, чойхоначимизнинг жиянига ўхшаб, бир ҳафта ўтмасданоқ шартта совчи юбор, яна икки ҳафтадан кейин уйлангин-қўйгин. Ўзинг­ниям қийнамайсан, бошқаларниям.
Бувим жой солиб берди. Кўрпага кириб-ла, ухлаб қолибман.
Xуфтонда тўраланиб уйқуга кетган бўлсам, бомдоднинг ёришиб-ёришмаган тонгида қуймичимга тушган тепкидан хўрланиб уйғондим.
– Чип! – деб ғадаблади бувим. – Ҳу, жунинг тўкилмагур! Итга кўрпада ўраниб ётишни ким қўйибди? Э, тур-э!!!
Уйқусирашда, ҳозир қай турхатдалигимниям англолмай, ийе, э йўқ, бе йўқ, одамни гупира-гупанг тепаверадими, деб жайбиллоланишим акиллашларга айланди-ю, бувим ҳайиқиш билан орқага тисарилиб, дераза томонга овоз қилди:
– Ҳой, Мўттивой, сўфи азон чақирмасидан, қаёққа ғойиб бўлдинг? Кеча бир кучук томорқада тимирскиланиб юрувди. Энди, ана, кўрпангда тосрайиб ётибди. Келиб ҳайдамайсанми буни!
Шолча тагидаги калтак қўлга олинаётганида, зиппа эсимни йиғиб, ташқарига қочдим. Бувим ортимдан томорқагача қувиб кириб, тандирнинг олдида тўхтади; теваракка аланглай-аланглай, кетма-кет Мўттивойлашни бошлади. Жавоб эшитилмагач, бу дайди бола нонуштаям қилмасдан, яна опоғотасиникига кетворган бўлса-я, деб ғудранди. Бунақада на кулишингни биласан, на йиғлашингни.
Тепки еган бўлсам ҳам, уйқудан эрта турганим, қайтага, қўл келди. Кўпчилик ҳали уйғонмаган. Қулай фурсатдан фойдаланиб, хўрозни тезроқ қутқариш керак.
Бироздан кейин қарабсизки, “Самурай” бигизтирноқ оёқларини попиллатиб, кўчада изимдан югуриб кетяпти-да. Мачит олдида турган кишилардан бири қўлларини ёйиб, олдимизни тўсмоқчи бўлганида, мен чотнинг орасидан шувиллаб, хўроз бошнинг устидан пириллаб ўтиб, йўлимизда давом этдик.
Дала шийпонига кун тоғнинг чўққисига сакраганда етиб бордик. “Самурай”ни тўғри товуқхонага бошладим. Уч ёғи баланд симтўр билан ўралган, тўртинчи тарафи бинонинг иккита дарвозасимон эшигидан бирига бориб тақалувчи йўнғичқазор майдончада товуқларни эрталабдан тушгача сайр қилдириб боқиш бу ерда азалдан кундалик одат тусига кирган экан. Тоза ҳавода юрмаган товуқ касалликка тез чалинаркан, тухум туғишиям камайиб кетаркан.
Бориб, тўсиқ атрофини кўздан кечирсам, симтўр остидаги чимли ерларнинг ярим қулочча қисмида негадир майса ўсмабди. Бу жойдаги тупроқ қазиб бўшатилгандек туюлди. Тирнаб кўрсам, чинданам юмшоққина экан, болаларини етаклаб кўмакка келган Қорабека билан биргалашиб, осонгина туйнук очдик. Вақт зиқ бўлгани учун “Самурай”га мушукларни қисқача таништирдим-у, туйнукдан ўтиб, дарровда товуқларга аралашиб олишни буюрдим.
Сайрдаги хўрозлардан уч-тўрттаси симтўрга яқин келиб, янги бабоққа тажовузкор тикилганча, қақ-қақағлаб ерни тимталади:
– Қонюқи башара билан қаёқдан қочиб келяпсан, чувринди?
– Қорангни ўчир, ҳов!
– Ё биратўла ўлмоқчимисан?
“Самурай” заррачаям пинак бузмай, катта жанг кўрмаган бунақа чурвақалар менга чўт бўптими, дея туйнукдан ўтди-да: “Йууу! Иййааа! Иййааа!” деб қичқирганича, рақибларини икки тепиб-бир чўқиб, кетма-кет ағдариб ташлади. Кимнинг кимлиги бир зумда ойдинлашди. Калтак еганлар жимгина тарқалаётганида, чандиқюз “Самурай”дан кўз узолмай қолган товуқлар орасида висир-висирлар бошланди.
– Ана Самурай-у, мана Самурай! – деб ҳайратланди Қорабека.
Тупроқларни оёғимда сура-сура, симтўр тагидаги туйнукни кўмиб кўнглим тўқлангач, текин нонушта илинжида шийпон сари жадал йўл олдим.

Тошотарлар ўрдаси

Шийпонга етиб боролмадим. Ҳандалак полизи ёқалаб кетаётганимда, йўл четидаги юлғунлар панасидан Пихпих Чандр чиқиб келиб, кўзини кўзимга найзалатиб тўхтади. Унинг кетидан, гавдасини паҳлавончасига ларзанглатиб, Оқчопон пайдо бўлди; гўё мени кўрмаётгандек, бошқа тарафга аланглаб туриб, тумшуғини осмонлатган асно сокин товушда ҳингиллади:
– Янги полвон чиқибди деб эшитдик. Ким бўлсайкин ўзи? Ҳайт! Кучига жааа ишонворгандирки, бизга қарашли укахонни тап тортмай савалагандир. Қизиқ! Қилар ишни қипқўйиб, қайси итузумнинг панасида ётибдийкин? Бу ёққа чиқса, турхатини бир кўриб қўярмидик…
Чақимчи Пихпих Чандр бир менга, бир ҳимоячи акахонига қараб олиб, ана, турибди-ку ўша муштумзўр, деган эди, Оқчопон ўзини ўғри мушукнинг гапини эшитмаганга, мени ҳануз кўрмаганга солиб, бирдан жаҳлдор қиёфага кирди-ю, тутқаноғи тутган алпозда овозини варанглатди:
– Ҳайт! Ахлоқ қани?! Андиша қани?! Мендек зотни юз-хотир қилмай, яқинларимни пайпаслашга бир жайдариваччанинг қандай бети чидадийкин, ирррр! Оқчопон ҳазратлари оқсуяклар авлодидандирки, жунлариям оппоқдир деб ўйламадимикан ўша шўртумшуқ! Бу қандай тўпорилик бўлдики, ота томоним Хоразм бўрибосарига, она томоним Андалузия тозисига бориб тақалишини билмаса? Ҳайт-ҳайт!
– Ўзимни айтсангиз-чи, ўзимни! – гапни илиб кетди Пихпих Чандр. – Мениям палагим Ҳиндистондан чўзилиб келган, пих! Чўнг боболаримдан бири ҳинд-инглиз урушида қатнашиб, босқинчи генералнинг оврўпалик мушугини ғажиб қўйганакан!
Оқчопоннинг лунжи асабий титраб, яна оғзининг чоки сўкилди:
– Ҳайт! Олдимда мақтанма! Катта энанг Ҳиндистон тугул, Фарангистондан келганидаям, барибир мендан анча паст турасан! Мен кимман-у, сен кимсан! Ирррр!
– Кечирадилар-у, ўзингизга ортиқча бино қўйворяпсиз! – мен бу ёқда қолиб, ит билан мушук энди ўзаро насл-насаб талашишга ўтди. – Мениям ўзимга яраша обрўйим бор! Қирқта мушукка солиқ солиб, қирқ жойдан улуш олиб туришимни биласиз, бу овқатларга кўпинча шерик бўлгансиз! Калтўпидаги бирорта тўй менсиз ўтмайди, сиз тушингиздаям кўрмаган таомларни мен ўнгимда еганман! Мана, яқинда бўлган бир тўйни олайлик…
Пихпих Чандр шундай деди-ю, бир довруқли бойнинг тўйида бўлганини; қатор-қатор ҳайбатли уйлар қолиб, у томонидан бу томонига отда бориб келинадиган кенг ҳовли ҳам одамга лиқ тўлиб кетганини; бошдан-оёқ мармар билан қопланган ташқидаги сон-саноқсиз столлар устида, одатий нону чой, майизу туршак, шўрваю аччиқ-чучук­лардан ташқари, қазию қарта, пишлоғу яхна гўшт, шоколаду асал, ананасу банан, мандарину киви, пистаю бодом, балиғу увилдириқ, шишалари хилма-хил шарбату ношарбат ичимликлар тиқилиб ётганини; мантининг кетидан жигар-буйракли қовурма, дудланган товуқ, жиз кабоб, тандир барра тортилиб, охирида ош тарқатилганини ютина-ютина таърифлай кетди. Охирида бағбақасини ишириб, якуний қисмга кўчди:
– Ризқим қўшилганакан, пих, манаман деган пулдорлар, катта-катта амалдорлар, таниқли-таниқли ашулачилар, кетворган-кетворган ўйинчилар билан тўйни бирга ўтказиб…
– Ҳайт-ҳайт! – шеригининг сўзини бўлди Оқчопон. – Бировлар чала тупуриб ташлаган нарсаларни еб келиб, худди меҳмонларнинг ичида ўтиргандек гупирасан-а! Яна ўзингни аслзодага солганингга ўлайми? Ирррр! Ҳақиқий оқсуяк бўлсанг, бир ўлаксахўр лайчадан калтак еб, менга арз қилармидинг?
Шаънимга нисбатан айтилган шилта ҳақоратни эшитиб, ўзимни босиб туролмадим.
– Ким ўлаксахўр?! – деб Оқчопоннинг қаршисига отилдим. – Оғзингизга қараб гапиринг!
Оқчопон бошини ўнгроққа буриб, чапдаги соғ кўзи билан менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди:
– Сенмидинг ўша лайча? Ҳайт!
– Ҳа, менман ўша! Нима дейсиз?!
Оқчопон бир зум жимланиб, афтимга тийрак термилиб қолди:
– Негадир кўзларинг таниииш… Кўзларинг таниииш…
Илгари айтганимдек, унинг ўнг кўзини мен кўр қилганман. Кимлигимни билиб қолмасайди, деб юрагим пўкиллади. Қўққис юзага келган бу қўрқувдан ҳовурим кескин босилди-ю, мени биров билан адаштираётганга ўхшайсиз, сизни биринчи кўришим, дедим қуёндек қунишиб.
Олдига отилиб чиққанимдаёқ, осонгина ён бериб қўядиганлардан эмаслигимни пайқаган, ҳозирги аҳволимга қараб, яхшиликча келишувдан ҳам умидворлигимни англаб етган Оқчопон, хайриятки, пастроқ пардада суҳбатлашув йўлини танлади.
– Укахонимга билмасдан тегиниб қўювдингми? – деди у, кичкинтойни кичкинтойланиб авраётган кимсага дўниб. – Энди кечирим сўрамоқчи бўптурибсанми? Дангал гапиравер, кучуквой, дангал гапир.
Босиқ муомалага яраша, мен ҳам мулойимландим:
– Ўзи товуқхонага ўғриликка кирмаса, у билан нима ишим бориди, Оқчопон ҳазратлари? Буни деб айбсиз бир мушук туҳматга қолди. Балки, менданам шубҳаланишгандир.
– Ўғирлиққа кирганимни ўз кўзинг билан кўрувдингми? – деб виғиллади Пихпих Чандр. – Айтдим-ку, қирқ жойга солиқ солганман, деб. Еганим – олдимда, емаганим – кетимда бўлса-ю, пих, жонимни гаровга тикиб товуқ ўғирлайманми? Каллангни ичида бирор нима борми, ўзи?
Бу гапдан кейин сергак тортдим – Пихпих Чандр чинданам айбдор бўлмаса-чи?
Шу маҳал қулоғимга Қорабеканинг товуши чалинди:
– Узоқдан қарасам, жанжаллашаётганга ўхшаб кўриндинглар. Тинчликми, Миттивой?
Пихпих Чандр баттардан тумтайди; болаларини эргаштирганича яқинлашаётган Қорабека томонга олайиб, ана, мени ўғрига чиқарганлардан яна биттаси жилпиллаб келяпти, деб заққумланди.
– Сизни ҳеч ким ўғрига чиқаргани йўқ, Пихпих Чандр жаноблари, – деди Қорабека, яқинроқда тўхталиб. – Ўша хўрозни сиз едингизмикан деб шунчаки шубҳаланувдик, холос.
– Шунчаки шубҳаланувдик? – деб жириллади Пихпих Чандр. – Шунчаки шубҳадагиларни пахтасавар қилиш қачондан бери русумга кирди?
– Ҳайт! – ўғри мушукка кўзини ўйнатди Оқчопон. – Нуқул гап талашасан! Ундан кўра, бу қорамағиз хонимга насл-насабимни айтиб таништирмайсанми, оқсуяклигимни билганидан кейин, менга букилиб-букилиб таъзимланмайдими!
Пихпих Чандр жаҳлини зўрға ичига ютиб, тузукроқ тарбия кўрмагандирки, сиздек Оқчопон ҳазратларига салом бермагандир, деб пинғиллади. Қорабека андак одобсизликка йўл қўйганидан уялгандек, сал ўнғайсизланиб, сиполик билан бош эгди:
– Ассаломалайкум, Оқчопон ҳазратлари!
– Ваалайкум ассалом! – деб сузилди Оқчопон. – Балли, бўтам! Ҳайт!
Саёқликда кечаётган турмуш тарзининг тақозоси билан Оқчопон ўзини ҳануз ботир, ўта тишлоғич кўрсатишга уриниб келаётган эса-да, қартайгани сайин ҳар хил можароларга тоқати камайиб, кўнгли юмшаб бораётгани кейинги гап-сўзларидан яққол сезилиб турарди. Шундан келиб чиқиб, ишни муроса кўчасига буришга тиришдим:
– Биз томонларга бир кепқолган эканлар, қолганини зиёфат устида гаплашсак қалай бўларкин, Оқчопон ҳазратлари?
Пихпих Чандр ўжарланиб, кунимиз сенга ўхшаган гўнгяларга қоптими, дея ўшқиришни бошлаган эди, Оқчопон унга “Ҳайт!” деб қўйиб, менга дўстона кўз қадаганича, олдинги оёғини қулоғига тутди:
– А? Зиёфат деган сўзни ишлатгандек бўлдингми?
– Ҳа, зиёфат тап-тайёр турибди. Қани, бу ёққа юрсинлар.
Турганларни шоколадлар яшириб қўйилган жойга етаклаб бордим. Ўзимниям қўшиб санаганда, ўн бир жоннинг оғзи тўхтовсиз ишлай бошлагани учун гулдор қоғоз қутичаларни олдинма-кетин йиртавердим, ноёб ширинлик­лар бирма-бир ғойиб бўлаверди. Бундан пича олдин менга ўхшаган “гўнгялар”нинг таомидан кўнгли айниб турган Пихпих Чандрнинг ҳам иштаҳаси тарновланиб, шунақанги ошалашга тушдики!
Э, суварак-сулла бўлмай кетгур-а!
Мушукчалардан бири гулдор қутичага ёниқиб интилаётганида, Оқчопон унинг тумшуғини аста нари туртиб, охирги чапчап луқумга баҳодирларча панжа урди. Уни ошқозонга жўнатиб бўлиб, яшноқ кайфиятда қорин силади:
– Ҳайт! Оламда шунақа лиқила-лиқил емиш­лар боракан-у, билмай юрганимизни қаранг!
Мана, чапчап луқумларниям урвоғини қолдирмай хапирагум қилдик. Тусмоллашимча, энди ҳамманинг калласи текис ишлаяпти. Ўз қорнингни тўйдириш ташвишлари мияни қайтадан айнитмай туриб, тўқликда умумий ишлар ҳақидаям бир кенгашволишга улгурган яхши.
Боя симтўрнинг остидаги билқиллоқ жойни кавлаётиб, биздан илгари бу ерни бўлак ҳайвон ҳам қазиб юмшатганга ўхшайди, деган ўй кечганди бошимдан. Ҳозир эса Қорабеканинг тунов кунги гапи эсимга тушиб, Пихпих Чандрга юзландим:
– Бир куни Қорабекага касалманд тулкини бўғизлаганингни айтган экансан, шу гап ростми?
Пихпих Чандр гўё бўйнига жиноий айблов қўйилаётгандек сесканиб кетди.
– Тўғриси, ўшанда касал тулки ана ўлдим, мана ўлдимлаб ётган экан… пих, – юзи бўзарганича тушунтирув бера бошлади у. – Бўғизласамми, бўғизламасамми, деб турганимда, анавини кўрингки, ўз-ўзидан тинчиди-қолди.
Ўғри мушукнинг сўзини эшитиб, бундан чиқди, шу атрофда тулкининг уйи бор; эри ўлган бўлса хотини, хотини ўлган бўлса эри тирик, деган тўхтамга келдик. Бошқа ёқдан қарагандаям, ўзи кандик қазиган жойни яна аввалгидек қилиб кўмиб қўйишга муғамбир тулкидан ўзга қайси жонзотнинг ақли етарди?
– Гап шу – тулки билан солишмасак бўлмайди! – дедим ўзимдан каттароқлардан фикр сўрашни унутиб. – Индамасак, яна ўғрилик қилаверади. Кейин Қорабека тугул, мениям, Пихпих Чандрдек зотниям боши туҳматдан чиқмай қолади.
Буни эшитган Оқчопон қиттак саросималангандек бўлиб, менга ўхшаган оқсуякларнинг қандайдир уруғи пачақ тулки билан юмдалашиб юриши рисолага тўғри келадими-йўқми, буни бир суриштириб кўрган маъқул, деб дудмалланган эди, Пихпих Чандр зимдан қиялаб, бировдан оқ фотиҳа олишни ўйлаётган эканлар, демак, ўзларидан олийроқ зотлар ҳам бор экан-да, деди, қитмирланиб.
– Мабодо, шунақалар топилса, демоқчи эдим, – иззатни бой бермасликка уринди Оқчопон. – Нима, мени сўқишмадан ҳайиқяпти деб ўйлаяпсанми? Ирррр!
Оқчопон бежиз иккиланмаётган эди – агар, тулки билан олишишга тўғри келса, асосий оғирлик унинг елкасига тушиши аниқ-ку.
Жангда қўмондон бўлишга интилувим Оқчопоннинг ҳамиятига тегиши мумкинлигини билиб, унга эҳтиром билан сўз қотдим:
– Майли десангиз, аскарларингизни ўзим озгина машқ қилдирсам.
Розиликни олиб-ла, дарҳол ишга киришдим. Энг аввало, Қирон қассобга ишлатган усулимни қўллаб, катта-кичик мушукнинг барини тош отишга ўргатишим керак эди. Далада тош кам бўлгани учун уларни Мўсақўзи товуқбоқар уйига пойдевор ётқизганида ортиб қолган шағалнинг ёнига бошлаб бордим. Тошни тирноқлар орасида сиқиб ушлашни, қандай отишни уч-тўрт марта кўрсатиб берганимдан кейин бу машғулот ўйинқароқ мушукларга ёқиб қолиб, зувира-зувирни шунақанги кучайтириб юборишдики, вақтинчалик нишонга айлантирилган тўнканинг пўстлоқлари паққос арчилиб кетди. Аслзодалигини намойиш қилаётгандек четда ғўдайиб турган Оқчопоннинг ҳам бирдан ҳаваси қўзиб, тош отишда қўмондонча ўрнак кўрсатиб қўйишга тутинди.
Тошотарлар ўрдасининг машғулоти кун тиккалаб қолганида тўхтади. Тўрт оёқли аскарлар уй ортидаги оштовоқни қуршаб, ола мушукнинг ҳисобидан тушлик қилишга киришаётганида, ўзимни қорни оғриётганга солиб, ёлғондан ингиллай-ингиллай, ерга чўзилдим. Оштовоқ ишқорлаб ювилгандек топ-тоза тус олганида, машқларни кун қиялагунича давом эттиришни, ундан кейин юмалоқ-юмалоқ тошчаларни симтўрга яқин жойга кўпроқ ғамлаб қўйишни тайинлаб, аста жойимдан турдим.
– Ийе, ишни бошлашга бошлаб, энди қаёққа жўнаяпсан? – деб тўрсайди Пихпих Чандр.
– Қорнимдаги оғриқ зўрайиб боряпти, – тағин ёлғондан афтимни буриштирдим. – Шийпонга борай-чи, эгам туришимни кўриб, балки, бирорта малҳам-палҳам берар. Агар касалим кучайиб келолмай қолсам, четда индамай биқиниб ётинглар. Ҳеч бўлмаганда, тулки чиндан ҳам борми- йўқми, шуни билволишимиз керак. Бор бўлса, келади. Ана унда, хоҳласаларинг муштлашинглар, хоҳламасаларинг – йўқ.
– Бизга эс ўргатма, ҳайт! – деб кеккайди Оқчопон.
Пихпих Чандр эса ўзича меҳрибонланган бўлди:
– Қорнинг тузалмагунча, ялоққа яқинлашмай тура тур. То бизга ўхшаган жонкуярларинг боракан, ортган овқатингни ачитиб қўймаймиз.
Шу маҳал калламда янги бир фикр айланиб, жанг қиладиган бўлсаларинг, шовқин кўтариб туринглар, товуқбоқар эшитса, ёрдамга чиқади; шийпон тарафдагилардан ҳам бирортаси кепқолса, ажабмас, деб уқтирдим шерикларимга.
Жангдан қочиб ўлибманми? Туйқус яна одамга ўгирилиб қолишдан чўчиётгандим.

Бир ўлимдан қолган ошпаз

Оддий кучукликдан одамлик мансабига кўтарилишим шийпонга етмасимдан озгина олдинроқ юз берди.
Қозонхона томонга бориб қарасам, Ғулом ошпаз тушлик шўрвани чўмичда шопириш, Отақул тоғам ўчоққа тараша ташлаш билан банд экан. Ҳол-аҳвол сўрашиб улгурмасимдан, ўтин опкелишимни буюришди. Шийпоннинг нариги биқинига ўтиб, тахлаб қўйилган ўтинлардан бир қучоғини кўтариб қайтдим.
Гап дараклаган бўлиб, ҳў кўприк томонда мотоцикл кўринди, Холдорвойларинг келяпти, шекилли, деганимни биламан, Ғулом ошпаз чўмични қозоннинг қирига қўйиб-ла, тоғамга эланишга тушди:
– Жон оғайни, шўрвани ўзинг пишириб турасан энди. Алдар Холдор мени суриштириб қолса, бугун ишга келолмади деб, бирор важ тўқирсан.
– Тинчликми, Ғулом ака?
– Кеча кечқурун гузарда йўлиқиб, шийдонтепалик бир акахонимнинг юбилейи бор, даладагиларга тушликни пишириб берганингдан кейин ўша ёққа опкетаман, ошпазликликни ўзинг қо­­йиллатиб берасан, деганиди. Вақтим йўқ десам, мендек одамнинг бир иши тушибди-ю, таранг қилишингни қара, деб бабалашни бошлади. Бу туллакнинг ниятини билмасамакан, текин ошпазни етаклаб борса, тўянанинг ўрнига ўтади. Ҳеҳ, топган малайини қара… Хуллас, мен йўқман!
Ғулом ошпаз қозонни тоғамга топшириб, лўкиллаб борганича, ҳовуздан наридаги қийтиқ ерга экилган маккалар орасида ғойиб бўлди.
Алдар Холдор кажавали мотоциклини пат-патлатиб келиб, толнинг остида орқага буриб тўхтатди. Бизга яқинлашаётиб, ҳорма, Отақул, деган эди, тоғам унга елка ўгирган асно шўрвани шопиришда давом этди. Отақул тоғамнинг у билан гаплашишга тоқати йўқлигини сезган Алдар Холдор менга қош кериб, Ғулом чўмич кўринмайди, деб савол юмалатди.
– Ғулом тоға бугун ишга келолмади, – деб гапни қисқалатдим мен.
Алдар Холдор бир “ғимм” деб олиб, унда уйига борақолай, дея ортга қайрилаётганида; ошпазнинг хотини эри даладалигини айтса, иш чалкашиб кетишини ўйлаб, бориб овора бўлманг, Ғулом тоға касалхонага тушибди, дедим.
Шундан кейин Алдар Холдорнинг сўроқлари ёмғирланаверди, жавоблар эса оғзимдан қўзиқоринлардек потира-путур униб чиқаверди.
– Ғулом-чўмич кечагинаям гузарда гижинг­лаб турувди, қанақасига касалхонага тушаркан?
– Палакат оёқ остида, дейишади-ку. Палакатга йўлиққан одам касалхонада ётмай, сайлда юрсинми?
– Ғимм… Қанақа фалокат?
– Ғулом тоға эрталаб қараса, сандиқнинг тагидаги тахтамушукка сичқон илиниб турганмиш. Шуни олмоқчи бўлганида, сандиқнинг чириган оёқчаси синиб, каптини эзиб қўйибди.
– Шунгаям касалхонами?
– У ёғиниям гапирсам, Ғулом тоға сичқоннинг ўлигини кўммоқчи бўлиб томорқага кирибди. Кирган заҳоти тўхлидан сал кичикроқ африканча мушуги бало-қазодай зувиллаб келиб, кўкрагига гупаранг калла солганича сичқонни опқочибди. Шунда қовурғаси лат ебди, шекилли.
– Вой, боши пишмаган-ей, феъл-атворини яхши билмай туриб, импўртний ҳайвонни боқиб бўларканми? Айниқса, ҳали у чеккасида, ҳали бу чеккасида ур-йиқит бўптурадиган Африканикини! Ғимм… Лекин бўлак томондан қаралса, қовурғаси қиттак захалансаям касалхонага ётволиш эркакка ярашмайди.
– Агар мушук калла қўйганидан кейин, Ғулом тоға нарироқдаги эшакка урилиб, қаттиқ тепки емаганида, балки касалхонага ётмасмиди…
– Бээ, шунга шунчами? Ўспиринлигимизда эшакдан кунора тепки еб юрибам, бирор марта дўхтирга арз қилмаганмиз.
– Тўғри айтяпсиз, эшакнинг тепкисигаям чидаса бўларди. Буни қарангки, эшак тепиб учирганида, ем кавшаб турган буқанинг тоғорасига бориб йиқилибди. Масалан, паловни мўндалатиб ошалаётганимизда биров товоғимизнинг устига ётволса, аччиғимиз чиқармиди, чиқарди. Буқаям ўзини тутолмай қолиб, Ғулом тоғани шартта шохига илибди-ю, мууу деганича дуволдан ошириб ирғитворибди.
– Э, биламан, пастаккина девори бор. Шугина жойдан ошиб тушиб, дарров кўрпа-тўшакка ёпишибдими?
– Шошманг-да энди, гапнинг охирига қараб келяпмиз-ку.
– Хўш?
– Айтишларича, шу маҳалда кўчадан бир трактор возиллаб ўтиб бораётганакан, дуволдан чирпиракланиб тушаётган Ғулом тоғани “Қаарс!” эткизиб уриб, йўлга ҳасибдек чўзилтириб қў­­йибди! Бунисига нима дейсиз?
Алдар Холдор бунисига нима дейишни билмай, бир муддат каловланиб тургач, ғимм… мана шуниси сал чатоқ бўпти, деб эзмалик қилишдан тийилди.
Бу латтачайнардан қандай қутулишни билмаётганимда, Раҳимбой фермер келиб қолди; Алдар Холдор билан кўришиб бўлиб-ла, жўнатган селитраларингиз қоғоздагидан анча кам-ку, деб қовоқ уйган чоғда ошпаз мавзуси бутунлай четга сурилганидан қувониб, кўнглим тинчланди.
– Биласан-ку, Раҳимбой, – деди Алдар Холдор. – Бу нарса битта менга боғлиқмас.
– Нега боғлиқ бўлмас экан? – деб унга ўткир нигоҳ қадади Раҳимбой фермер. – Ижарага ер олган экинчиларга ўғитларни енг учида сотаётганингизни ҳамма билади. Ўша пуллар қаёққа кетяпти, ўзи?
Алдар Холдор биз тарафга олазарак қараб қўйиб, Раҳимбой фермернинг елкасидан тортганича четга етаклади:
– Раисимизнинг назаридан қолмай десанг, бу гапни қайтиб гапирма. Ғимм…
– Буниси билан ишим йўқ. Ўғитнинг қолганиниям тезда жойига қўйинг. Экин тўймагунча, деҳқон тўймайди. Деҳқоннинг ризқини қийган одам охири бир балога йўлиқмай қолмаслигини кўп кўрганмиз…
– Тилимни қичитма, Раҳимбой, ўзинг ҳам жа оппоқ эмассан. Колхозлар тугатилаётганида, бош буғолтирлигингдан фойдаланиб, бўлиқ-бўлиқ ерларни эгаллаб олгансан.
– Энди мени қўрқитишга ўтдингизми? Бу ишлар умумйиғилишда ҳал қилинган, нимани беришса, шуни олганман…
Иккови биздан тобора узоқлашаётгани боис ади-бадиларнинг у ёғини эшитолмадим.
Алдар Холдор жўнаб кетгач, Ғулом ошпаз маккалар орасидан чиқиб келиб, ҳей, бола, мени ўлдига чиқариб қўяй дединг-ку, дея тиззасига шапатилаб-шапатилаб, хохолай кетди.
– Ҳа, Ғулом ака, бир ўлимдан қолдингиз! – деб қаҳқаҳ урди тоғам ҳам.
Тушлик тугаши биланоқ, дастурхондаги пичоқни олиб, толнинг ёнига бордим-да, ҳовузга осилиб турган шохларидан бирини кесдим, унга пиёзли қопнинг оғзидан ечилган капрон ипни тортиб, камон ясашга тутиндим. Далада нима кўп – ўрилиб, зовур ёқасига ёйиб қўйилган қамиш кўп. Улардан ўн бештача ўқ тайёрладим.
Ишимни кузатиб турган Ғулом ошпаз карис­ларнинг қадимдаги урушлар тўғрисидаги киноларини кўравериб, болалар камон отишга ишқивоз бўпкетяпти, деган эди, бу сериалларни томоша қилган одам дунёда карисга тенг келадиган камончи йўқ деб ўйласа керак, дея мийиғида жилмайди тоғам.
– Мундоқ сарасап солиб қарасанг, ҳар қайси миллатнинг чинданам битта зўр томони бўларкан-да, – ўзича доноланди Ғулом ошпаз.
– Масалан? – деб унинг оғзига тикилди тоғам.
Ғулом ошпаз бирдан қўбизсиз бахшига айланди:
– Мисол учун олсак, ҳинднинг табиби зўр, немиснинг муаллими зўр, арабнинг қориси зўр, голланднинг гулчиси зўр, хитойнинг сополчиси зўр, инглизнинг биржачиси зўр, бразилияликнинг футболчиси зўр, ўриснинг қуролсози зўр, туркманнинг гиламчиси зўр, японнинг ихтирочиси зўр, бошқирднинг асалчиси зўр, мазангнинг ўйинчиси зўр, озарнинг машшоғи зўр, фаранг­нинг бичиқчиси зўр, ҳабашнинг овчиси зўр, лазгиннинг зангбози зўр, юноннинг ровийси зўр, форснинг зардўзи зўр, америкаликнинг банкири зўр, уйғурнинг ошпази зўр, испаннинг ҳўкизўйнатари зўр, туркнинг заргари зўр, яҳудийнинг савдогари зўр, қозоқнинг чорвачиси зўр…
Отақул тоғам унинг сўзини кесиб, ўзбекники-чи, ўзбекники, деб сўраган эди, Ғулом ошпаз, буни олам билади-ку, ўзбекнинг деҳқони зўр-да, дея дабдабали боқиш қилди. Кейин, тоғам ҳануз индамай қараб турганини кўриб, қўшиб қўйди:
– Ўзбекнинг энг зўр томони битта шуми, деб ҳайрон бўлма, Отақул. Тўғри, ўзбек қирқ ҳунарнинг қирида юради. Аммо-лекин, ерчиликда бизникиларга ақл ўргатадиганни менга кўрсат-чи. Айтайлик, ирландгами, шведгами, далага ҳандалак экиб бериб, қолганини ўзинг пиширвол, деса, у ёғини эплай оларканми? Мана, ерчилик қонингда шовуллаб турганакан, сен буни бир уринишдаёқ қиёмига етказяпсан. Аввало-ку, одамларга шу аҳволда кўринишдан кўра очдан ўлганим яхши деб сатангланмай, посон кийимларингни чит чопонга алмаштиришдан ирганмаганингга балли. Худо сендай ётиқфеълларни мукофотламасдан қўймайди.
Бу сўзлардан тоғамнинг баҳри гуррос очилиб кетганини кўзларида ўзгача бир порпироқлик акс эта бошлаганидан илғаб олиш қийин эмасди.
Бекор ўтириш жуда зерикарли, ҳатто капор зарарли. Иш топилмаса, ҳеч бўлмаганда, арининг уясига чўп суқиб, уларнинг қувғинига учраганча, ҳак-ҳаклаб югураверган яхши. Отақул тоғам шийпон хоналари ичини тозалаб-нетишга киришганида, мен ташқарини супиришга тутиндим. Кейин биргалашиб, дераза ойналарини ювдик.
Ҳамма ёқ саранжом-саришта бўлгач, ўтин тугаб бораётганини кўрган тоғам ойболтада ғўла ёришга тушди. Бунақа юмуш ҳозирча менга тўғри келмаслигини билиб, ўртачароқ бир ғўлани нишонга айлантирдим-у, камон отишга берилдим. Қанча отган бўлсам, бирор мартаям мўлжалдан янглишмадим.
Ишонмаганлар ишиб ўлишдан қўрқсин.

Тулкининг асир олиниши

Йиртқичлар ярим кечадан олдин овга уннамаслигини эшитиб юрганим учун Отақул тоғамнинг қотиб ухлашини ошиқмасдан пойлаб ётдим. Хурраклар баланд пардага кўтарилганида, секин ўрнимдан туриб ташқарига чиқдим-у, ўқларни шимимнинг камарига қистириб, елкага камон осган асно товуқхона томонга йўналдим.
Ўткирқулоқ мушукларга, айниқса, ўқсанчар болани кўрган заҳоти шайтонлаб қолиши мумкин бўлган Оқчопонга ўзимни сездирмасликка тиришиб, зовур дўнги ортидан шарпасиз одимлаб бордим-да, товуқбоқарнинг уйидан берироқда ғужғонланиб ўсган юлғинлар орасига чўзилдим. Ҳаво очиқ, ой тўлин бўлгани учун товуқхона олдидаги яланглик ҳам, ялангликнинг теварагига тортилган симтўрлар ҳам кундуздагидек яққол кўриниб турарди. Ўша ёқдан кўз узмай, ёнбошлаб ётавердим.
Ҳадеб бир жойга тикилаверишдан кўзим толиққанида, чалқанчасига узалиб, қовоқларимни юмдим. Уйқу тортишига сал қолибди, вовуллоқ товушдан чўчиб тушиб, мундоқ қарасам, симтўрнинг бу ёғида Оқчопон ер таталаб тинимсиз ҳурияпти, у ёқда бир тулки товуқхона деворидаги ёстиқдек келадиган дарчанинг ярми синиқ панжарисига осилган тарзда жонҳалак жаланглаб турибди. Чиранчоқлик билан жойимдан қўзғалдим.
Етиб бормасимданоқ, жанг бошланиб кетди. Ногаҳонда итнинг таъқибига йўлиққанидан васвасага тушган тулки пастга сакраб, симтўрнинг ҳозиргина ўзи ўтиб келган жойига қараб югурди. Келиб, кандикка тумшуқ суққан заҳоти, умрида ҳеч учратмаган ажабтовур қаршиликка дучор бўлди-ю, шу асно жанггоҳда бир хил манзара устма-уст такрорлана бошлади – тулки симтўр тагидаги кандикдан ташқарига чиқиб олишга кетма-кет уринаверди, бироқ тўққизта мушугу битта ит дўлдек ёғдираётган тошлар зарбига дош беролмай, чийиллоқлана-чийиллоқлана, қашқаланган бошини қайта-қайта ортга олиб қочаверди.
Югуроқланиб борибоқ, камонимни ишга солдим. Шундоқ ҳам ҳоли танг бўлиб турган тулки визиллаб учаётган ўқлар баданининг беш-олти жойини жизиллатгач, узоқроққа чекиниб, ўзини симтўрнинг бошқа жойларига уриб-уриб кўрди. Бунинг фойдаси йўқлигини билганидан кейин андаккина қувват тўплаб олиш ниятида, ҳансирай-ҳансирай бир муддат тек туриб қолди.
Шу пайт сира кутилмаган ҳодиса юз берди – профессионал яккакурашчи ҳисобланмиш юлишқоқ “Самурай”, кўзини ойдинга озми-кўп мослаб ололган бўлса керак, панжараси синиқ дарчадан бургутдек учиб чиқиб, ҳали нафасини ростлаб улгурмаган тулкининг устига ташланди; унинг мажолсиз ҳамлаларига эпчиллик билан чап берган кўйи, чўқила-тепкилани тобора кучайтираверди.
Баттардан талвасага тушган тулки қўрқув қоплаган кўзларида ойнинг аксини йилтиратганича зувиллаб келиб, ўзини яна кандикка урди. Бошу танасига янгитдан ёғила бошлаган ўқу тошлардан не чоғли азият чекаётган бўлмасин, бор чидамини ишга солиб, жон-жаҳди билан ташқарига отилди. Оқчопон бир сапчиб, тулкининг бўйнидан, тулки унинг оёғидан тишлади-ю, иккови томоғи йиртилгудек ириллай-ириллай, юмалаб-юмалаб олиша кетди.
Барчамиз қуролсизлангандек аҳволда довдираб қолдик. Тулкига отилган тош ёки ўқ бу умбалоқ-думбалоқда Оқчопонга бориб тегиши ҳеч гап эмасди. Тош ушлаб олган мушуклар ҳаёт-мамот жангига киришган ит билан тулкининг атрофида миёвлаб-пихиллаб айланар, ҳозир кучук қиёфасида бўлмаганим сабабли бу гал уларнинг нималар деб жувирлашаётганини тушунолмай тургандим. Кандикдан чиқиб келган “Самурай”гина, тулкини тепиб-чўқилаб, итга анча-мунча кўмак бераётганди.
Ён-веримга аланглаб, таёқ қидира бошлаганимда, шовқиндан уйғониб кетган Мўсақўзи товуқбоқар бирдан қаторимизда пайдо бўлди. Вазиятни кўрганидаёқ, калласи тез ишлаб, балиқ тутишда фойдаланадиган тўрини ҳам олволган экан; тулки Оқчопоннинг чангалидан чиқиб, эндигина қочишга шайланганида, уни ҳавода ёйилтириб ирғитди. Тўрга ўралиб қолган тулки бир ваҳимали увлаб, бир чўзиқ ангиллаб, тўхтовсиз типирчилашга тушди.
Тонг ёриша бошлади. Бу орада Мўсақўзи товуқбоқар Оқчопоннинг тулки ғажиган оёғига қозонкуя босиб, латтада авайлаб боғлади; хотини эса кеча ортиб қолган туппага нон тўғраб, жангчи ҳайвонларга зиёфат тортди. Кейин “Самурай”га макка сочаётиб, бизда даканг хўроз йўқ эди, шекилли, бу қаёқдан кепқолди, деб эрига юзланди.
– Шуни ўзимам билолмай турибман, – деди Мўсақўзи товуқбоқар, “Самурай”га диққат билан тикилиб. – Лекин росаям уришқоқ экан.
Бека энди эрига дашном беришга ўтди:
– Ишнинг тагига етмасдан бурун, Қорабекага қанча зулм қилдингиз. Одам деганиям шунчалик ҳовлиқмачи бўладими?
– Вайсинавермагин! Ҳовлиқмачиям бўлдимми ҳали?
– Ҳовлиқмачи бўлмасангиз, мушуклар тулкини тошбўрон қилди, деб мени ишонтиришга уринармидингиз?
– Ишонмасанг, ана, бориб қара, кандикнинг тевараги тошга тўлиб ётибди! Кўрганни эшитган енгибди, деганлари шу-да! Сенам бир нима десанг-чи, Мўттивой!
Бека мендан гап сўраб ўтирмади, калишини шалпиллатиб бориб, манави ер ютгур ҳам ўлмай турсин-чи, дея, оёқлари арқонда чигиб боғланганича тандирнинг ёнида пўкиллаб ётган тулкининг олдига бир коса сув, икки бўлак қотган нон қўйиб қўйди.
Ҳайвонлар сийлаб бўлингач, уйга кириб, ўзимиз ҳам чой ичишга тўгаракландик.
– Сен лик этиб қаёқдан етиб келақолдинг? – ҳамон пишиллаб ухлаётган қизчасининг устидаги адиёлни тўғрилаётиб, менга савол ташлади Мўсақўзи товуқбоқар.
– Уйқум қочиб, хирмонда айланиб юрувдим, – деб дарров гап топдим. – Итнинг вапира-вапини эшитиб, камонни олдим-у, шу ёққа югурдим.
– Ўзинг ҳам жуда урағон экансан-да, вей бола! Офарин дейиш керак!
Нонуштани тугатиб, ташқарига чиққанимизда, Оқчопоннинг ўнг кўзи кўрлиги етмаганидек, чап оёғи ҳам чўлоқ бўлиб қолганидан ичим тирналди. Унга яқинлашаётиб, ўзимни меҳрибондек тутишга нечоғлик интилмайин, мендан нуқул жафо кўриб келган жабрдийданинг бадани безиллоқдан титраб, саросимали ириллади. Қопиб олишидан ҳадиксираётган бўлсам-да, барибир яхши ниятдан қайтмадим – Оқчопонжон, Оқчопонжон, дея эҳтиёткорона қўл чўзиб, елкасини енгил-енгил силай бошладим. Ит аввалига кўзимга синовчан тикилиб турди, кейин хавфсирашдан тийилиб, думини ликиллатди. Ана, осонгина ярашиб олдик. Бундан кайфиятим очилиб, энди мушукчаларни қитиқлаб-пийпалаб эркалата кетдим.
Шийпонга борсам, Отақул тоғам Ғулом ошпаз билан нонушта қилиб ўтирган экан, товуқ ўғирлашга келган тулки қўлга тушганини суюнчилашим биланоқ, дастурхоннинг четини нон-чойнинг устига тортиб, бепул томошага ошиқишди. Оқ “Нексия”ни тол остига тўхтатиб, селкиллаганича машинадан тушган Раҳимбой фермер ҳам янгиликни эшитиб-ла, уларга эргашди.
У ер-бу ери ситила бошлаган дастурхоннинг чеккасини очиб, ярим ҳовуч майизни оғзимга тиққач, томошаталабларнинг ортидан судралибгина йўлга тушдим. Бораётиб, этим ғалати жимирлаётганини сездим.
Оббо-о, яна бошланди-ку!
Бундан бирпас олдин шийпонга одам шамо­йилида кетган бўлсам, энди товуқхонага кучук шаклида қайтдим.
Келганлар асир олинган тулкини ғала-ғовурлаб томоша қилишга тутинди.
Раҳимбой фермер, бу тулкининг калласи намунча мўматалоқ бўпкетибди, деганини билади, Мўсақул товуқбоқарнинг шавқи тошиб, мушуклар уни қандай тошбўрон қилгани тўғрисида жўшқинлана-жўшқинлана сўзлашга киришди.
– Э, одамларга кулки бўлмасангиз-чи! – деб эрининг тилини тийишга уринди хотин.
– Нимага кулки бўларканман? – чўччанглади товуқбоқар. – Ким ишонмаса, ана, Мўттивойдан сўраб кўрсин! Ҳей, қаёқда қолди ўзи бу бола?
Мен бу пайтда ундан уч қадамгина наридаги ҳайвонларнинг орасида турган эдим.
– Қорин оғриғинг сал босилдими? – деб сўради Қорабека.
– Анча тузукман, – дедим кулгим қистаб.
– Қийё-қиёмат жангдан қуруқ қолдинг-да, – деб ҳавасимни қўзишга уринди Пихпих Чандр. – Тулкини тошларда шунақаям саваладикки, оғзи “вой бувижон”лашдан бўшамай қолди. Кейин ҳалиги Мўттивой ҳам камони билан келиб, ёнимизда туриб берди, пих. Айниқса, Оқчопон ҳазратларининг полвонларча олишувини кўрганингдайди!
Оқчопон ўзига хос тарзда камтаринланган бўлди:
– Очиғини гапирсам, ўша Мўттивойларинг боя менга етти букилиб елкамни силаганида, тулкининг жиғини эзиб қўйганимданам кўпроқ маза қилдим. Нодонроқ пайтида ўнгдаги кўзимни шу бола ишдан чиқарганиди. Эси қуюлгандирки, оқсуяклигимни сезиб қолиб, охири менга мурид бўлгандир. Ҳайт!
Ийе, “мурид” дегани нимаси яна? “Ўртоқ” деганимикин? Балки, “малай” деганидир?
То аниғини билиб олмагунимча муридликдан нарироқда турай деб, тулки томонга қараб юрдим. У десангиз, тундаги камончини танимай, мени аврашга тушди:
– Кечаси анавиларга қўшилмаганингдан кўриниб турибди, ўта олийжаноб зотсан. Жооон, укажоним, ке, оёғимдаги арқонни ғажиб, мени бўшатворгин. Аҳволимни сўрасанг, уйини сув босган, хотинсизликдан ўксиниб яшаётган бир ғариб тулкиман, ҳозир кўмаклашмасанг, кейин виждонинг қийналади, уйқунгда додлайдиган бўпқоласан…
Қанчалар бетаъсир бўлмасин, бу аҳволда азоб­ланиб ўлмасайди, деб тулкига барибир ачиниб турувдим; хайриятки, стадионимизда томоша кўрсатаётган кўчма ажойибхонадагиларга Раҳимбой фермер телефон қилиб қўйган экан, кўп ўтмай, қафасли юк машинаси возиллаб етиб келди.
Бу дунёнинг ишлари чалкаш, ҳозиргача нима бўлганини-ку биламиз, аммо, кейин нима бўлишини аниқ айтолмаймиз. Мана, товуқхўр йиртқичнинг эндиги тақдирини ҳар ким ўзича башоратлаб турганида, вазият қўққисдан ўзгариб, қисмат оқими кўпчиликнинг хаёлигаям келмаган ўзанга бурилди-ю, ажал панжасида жони сўлиб бораётган махлуққа ҳаётгина эмас, янги бошпана ҳам ҳадя этди.
Ўйлаб қаралса, шугина воқеанинг тагидаям бир олам тасодиф, бир олам сир яшириниб ётибди – агар Калтўпи қишлоғи яралганидан бери бу ерга биринчи марта кўчма ажойибхона келмаган; келганидаям, айнан шу кунларда томоша кўрсатиб турмаган; томоша кўрсатиб турганидаям, Раҳимбой фермер у ерга болаларини етаклаб бормаган; етаклаб борганидаям, ҳайвонбоқарлар бошлиғи билан танишиб қолмаган; танишиб қолганидаям, эҳтиёт шартдан бир-бирининг телефон рақамини ёзиб олмаган; ёзиб олганидаям, ўша одам тўсатдан фермернинг эсига тушмаган бўлса, тулкининг боши охири қаерга урилиб тўхтардийкин, буни ҳеч ким билмайди.
Тўғри, масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бироқ буниси сиз билан менга асло боғлиқ эмас. Тулки учун, тирикчилик ташвишига кўмилиб бўлса-да, эркинликда яшаш яхшими ё тутқунликда тайёрини еб ётишми, буни солиштириб кўришни тулкининг ўзига қўйиб бераверайлик, ошналар.

Мени пулламоқчи бўлишгани

Машинада келган жингаласоч киши ҳайдовчи йигит билан биргаликда тулкини қафасга жойлаб қайтгач, шийпон олдида кутиб турган Раҳимбой фермер уларни дастурхонга таклиф қилди:
– Энди бир пиёла чой ичиб кетинглар, Қулқул Даведивич. Шўрваям пишиб қолди. Меҳмонлар осмакўвада қўл ювиб, шийпон айвонидаги тўшакка бориб ўтиришди. Дастурхон ёзилди. Чой, у-бу егулик келтирилди. Тушликка ҳали пича эрталигига қарамай, Раҳимбой фермер тоғамга юзланиб, бориб қара-чи, Отақул, шўрванинг ёғи ёйилган бўлса, қуйиб келавер, деди.
Тоғамга эргашиб шийпоннинг ортига ўтсам, Ғулом ошпаз овқатнинг олдини аллақачон ўзи татимлаб ўтирган экан. Тоғам уч коса шўрва буюрган заҳоти, чайналганича ўрнидан туриб, қозон тарафга юрди.
Қорним жуда оч эди. Ўчоқ бошидагилар ўз юмуши билан оворалигидан фойдаланиб, дастурхонга ҳужум уюштиришдан ўзимни тийиб туролмадим. Тоғам икки коса шўрвани, Ғулом ошпаз бир қўлида овқат, бир қўлида қошиқларни кўтариб айвон томонга ўтиб кетиши биланоқ, олдинига ошпаздан қолган тишлоқ нонни икки чайнаб бир ютдим, сўнг шоша-пиша таомга ёпишдим.
Шу паллада: “Ҳей!” деган қичқириқ янгради. Чўчиб қарасам, Ғулом ошпаз мумдек қотиб, менга ҳангу манг тикилиб турибди. Унинг не боисдан ҳайкалланиб қолганини сал кечроқ англаб етдим – шошилишда итлигим эсимдан чиқиб, шўрвани қошиқда ичмоқчи бўлиб турган эканман.
– Кет!!! Э, чип-э!!!
Ҳайкал ҳаракатга келиб, ердаги кўсовни қўлга олаётганида, чангалимдаги қошиқни ташлаб, ура қочдим.
Ғулом ошпаз ҳаддан ташқари эринмаган банда экан, шийпоннинг нариги биқинидан гир айлантириб ўтиб, мени хирмонгача қувиб чиқди. Шўрва ичаётган Раҳимбой фермер меҳмонларга хижолатомуз қараб қўйиб, ҳа, Ғулом ака, бу кучук ҳалиям қарзини тўламай юрибдими, деб аскияга олган эди, ошпаз югуришдан тўхтаб, яп-янги идишни макруҳ қилди бу чангтумшуқ, деди, фиғони кўкка ўрлаб. Кейин кўсовни ташлаб, ўтирганларга яқинлашаркан, ҳоббониланиб сўзлана кетди:
– Айтсам, ишонмайсизлар! Мундоқ қарасам, мендан қолган шўрвани қошиқда ичиб ўтирибди! Қошиқда-я!
– Мабодо туш кўрмадингизми? – деб кулди Қулқул Даведивич.
– Ўлай агар… Сизларни алдаб нима қиламан?! – қасам ичаётган кепатада таъкидлади Ғулом ошпаз.
Тоғам менга зоғланиб кўз қадади:
– Бу Миттивойни далага бошлаб келганида, дадам ҳам ғалатироқ бир гап айтганиди…
– Қанақа гап? – деб қизиқсиранди Раҳимбой фермер.
– Овқатни еволиб, ялоғини ариқчада ўзи ювиб қўйди, дегандай бўлувди.
– Ёпирай! – деб ёқа ушлади ҳайдовчи йигит.
Қулқул Даведивич қўлидаги косани дастурхонга қўйиб, менга астойдил разм солди:
– Агарда гапларинг чин бўлса, табиий инстинктидан ташқари, ақлиям ўткир ривож­ланган ноёб кучуклардан бу! Хўп десаларинг, шаҳар циркида бир итўйнатар дўстим бор, буни ўшанга элтиб берай, синчиклаб синаб кўрсин.
Бу сўзни эшитиб, юрагим жиқжиқлай бошлаганда, тоғамнинг кескин қўл силтаб, э, бунақа гапни қўйсангиз-чи, Қулқул Даведивич, деганидан ичимдаги куртаклар қийғос гуллаб кетди.
– Қўйсангиз-чи, деманг, – деб, тоғамга қошини камалаклатди Қулқул Даведивич, – Кучугингиз имтиҳондан яхши ўтса, тузуккина пул ишлаб оласиз, биродар.
Отақул тоғам қўлини қайтадан силтади:
– Пулиям керакмас! Бу кучук отамники! Пул тугул, тиллогаям сотилмайди – гап тамом!
Тоғам савдонинг кавагига узил-кесил лой чаплаганидан шашти пасайган Қулқул Даведивич шўрва хўриллатишда давом этаркан, менга ора-сира тийрак назар ташлаб турди. Қизиқувини босолмадими, овқатни ярим-ёрти ичгач, дастурхондаги попукқандлардан бирини олиб қаддини тиклади.
– Ма, Миттивой, ма! – попукқандни баландлатиб шилдиратганича тепамга келди у. – Қани, конфетга икки оёқлаб сакра-чи! Сакрайқол!
Қулқул Даведивичга бир қараб қўйиб, ўзимни анқовликка солган турхатда гўлайиб ётавердим. Шундан кейин унинг ҳафсаласи тугалай совиди, попукқандни олдимга итқитиб, яна жойига бориб ўтирди.
Боя айтганимдек, қорним жуда оч эди. Бир чидадим, икки чидадим, охири нафсим жикира-жикирлаб, попукқандни секингина олдимга сурдим.
Ширинликни яйраб сўраётиб, мундоқ қарасам, чой ҳўплаётган Қулқул Даведивич менга зимдан қиялаганича, муғамбирона илжайиб турибди. Шунда кетма-кет иккинчи бор хато қилганимни фаҳмладим. Қарангки, бу гал ҳам итлигимни унутибман-у, олдин попукқанднинг қоғозини арчиб ташлаб, кейин ейишни бошлаб­ман.
Қулқул Даведивич ҳаммага бир-бир қўл чўзиб хайрлашаркан, тоғамнинг кафтидан тутиб туриб, бу Миттивойингизда барибир нимадир бор, бояги таклифим тўғрисида дадангиз билан маслаҳатлашиб кўринг, тирикчиликнинг уят жойи йўқ, Отақулжон, деб алоҳида тайинлади. Тоғам индамади.
Меҳмонлар кетганидан кейин Ғулом ошпаз тумшуғим теккан косани шўрваси билан кўтариб келиб, осмакўва устунининг ёнига қўйди:
– Ол энди, ўзинг ҳаром қилган нарсани ўзинг е!
Отақул тоғам меҳмонларнинг косаси тагида қолган шўваниям ялоғимга келтириб қуйгач, йиғма таомни ўртанган сиёқда тановул қилишга киришдим. Бундан пай-пайларимга қувват ёйилаётганини ҳис этганим сайин, ҳатто сербардош ажриқ ҳам баъзан қовжираб қурий бошлашининг асосий сабаби озиққа ташналик эканлигини туб-тубигача тушуниб етавердим.
Тўйиб олганимдан кейин қорнимни чирмандалаб ётарканман, оқсоқ Оқчопон билан Пихпих Чандр йўлдан ўтиб бораётганига кўзим тушиб, ўрнимдан турдим. Уларга кўприкдан берироқда етволиб, қаёққа кетишаётганини суриштирдим.
– Бунақа гадойтопмас ерларда ивирсиб юриш ҳайбатимга путур етказади, – деб тумшуғини баландлатди Оқчопон. – Ўзимга муносиб жойга борганим маъқул. Ҳайт!
Пихпих Чандр ҳам ўзини салобатли кўрсатишга тиришиб, димоғида сўзланди:
– Пих! Бизда яна бирорта ишинг бормиди, акаси бўйидан?
– Табақаси юқори зотларга ишдан гапириб ўлибманми? – деб тилёғламачиликка ўтдим мен. – Мабодо ҳаддим сиғса, сизларга бир илтимосим бориди.
– Бу илтимоснинг панасида бизгаям тегишли бирор наф ётгандирки, бетинг чидаб гапирмоқчи бўптургандирсан, пих?
– Агар иш битса, қуюқ бир ўтиришни ташкиллаш бемалол қўлимдан келади.
– Ҳайт-ҳайт! Насабимга ҳаддан зиёд ярашадиган гап айтдинг, бўтам. Қани-қани, сўровинг­­ни эшитайлик-чи.
Тасодифан Алдар Холдорнинг ҳовлисида бўлиб, яширин хазинаси борлигидан хабар топганимдан буён, қанчадан-қанча одамнинг оғзидагини юлволиш эвазига катта бойлик орттириб келаётган, айниқса, Отақул тоғамни жулдурчопонга айлантираёзган бу бутунютарга ўзимча жазо тайинлаб, миямда бир режани пишитиб юрувдим. Ҳозир шуни амалга оширишнинг айни фурсати келгандек туюлди.
Шерикларимни Алдар Холдорнинг уйи сари етаклаб борарканман, қилишимиз лозим бўлган ишни, умумий тарзда бўлса ҳам, йўл-йўлакай баёнлаб ўтдим. Ишнинг асосий томони Оламош ўз вазифасини уддалай олганми-йўқми, шунга боғлиқ бўлиб турганди.
Гап шундаки, ўша куни Оламош билан хушлашишдан олдин миямда тўсатдан бир фикр балқиди. Мушукларнинг хотираси кучлилиги барчага аён, уни адаштириш учун юз чақирим жойга элтиб ташласангиз ҳам, уйини бехато топиб келаверади. Шуни ҳисобга олиб, ҳовли деворининг қора бўёқ тортилган остки қисмига тирноғимда ўнта катакча чиздим-у, ҳар бирига нолдан тўққизгача бўлган рақамларни алоҳида-алоҳида ёзиб чиқдим.
– Жон Оламош, олдин девордаги манави рақамлар… ҳмм… расмларни яхшилаб ёдлаб олишга урин, – деб ялиндим мушукка ўша куни. – Кейин, эганг темир жавондаги шунақа расмларни тераётганда, ёнига бориб, қунт билан қараб тур, олдин қай бирини терди, кейин қайсиларини, ҳаммасини эсингда сақлаб қол. Менга чин юракдан ўртоқ бўлмоқчимисан ёки шунчакими, мана шу ўтинчимни қандай ўринлатишингдан билинади. Уқдингми?
– Уқдим. Бунинг нимаси қийинакан?
Ҳозир шулар ҳақида ўйлаб келиб, Алдар Холдорнинг дарвозасидан берироқда тўхтадим-да, шерикларимга шу ерда туриб туришни тайинлаб, яна олдинга юрдим. Бориб, темир дарвозанинг ўнг қанотидаги эшикчани секингина қиялатдим. Қарасам, ҳовлида ҳеч ким йўқ, бека томорқадаги тандирга нон ёпиб турибди. Паст товушда сал ангиллаганим заҳоти, сопол йўлакда ўзини қуёшга солиб ётган Оламош шошиб бошини кўтарди, мени кўриб, пизиллаб олдимга келди.
– Қанақа расмлар борлигини билволдингми? – деб сўрадим, салом-аликниям унутиб.
– Билволдим.
– Ҳаммаси эсингдами?
– Эсимда бўлганда қандоқ? Эгам неччи марта уйга келса, хотинига билдирмай, жавонни бир очиб кўради. Халтачани олиб, кўкрагига босади. Роҳатдан тебраниб, кўзлари юмилади. Ўша расмларингни ҳар сафар кўравериб, тушимдаям айтиб берадиган бўпкетдим.
Пихпих Чандрни ёнимга имладим, учаламиз ҳовлига кириб, деворнинг рақамли катакчалар чизилган жойига бордик. Оламош заррача қийналмасдан, биринчиси манави, иккинчиси манави, учинчиси манави, тўртинчиси манави, деб керакли сонларни олдинма-кетин кўрсатишга тушди. Демак, тилсимланган рақамлар – бир, тўққиз, тўрт, етти.
Бу – ишнинг ярми битди дегани эди. Қолган ярмининг қийин томонлари кўпроқ, чуқур ўйлаб, ҳар бир ҳаракатнинг бор икир-чикирини биттама-битта белгилаб чиқиш керак бўлади.
Маслаҳатлашиб-маслаҳатлашиб, охири бир тўхтамга келдик: барча ишлар ярим кечадан кейин бошланади; ичкаридаги Оламош зарур рақамларни териб, темир жавончани очади; Пихпих Чандр деразанинг доим қия турадиган елтуйнугидан ўтиб, духоба пардага осилган тарзда пастга тушгач, жавондан олинган халтани тишлаганича, худди ўша йўл билан ортга қайтади. Кейин халтани девор остидаги сув туйнугидан кўчагача судраб чиқса бўлгани, уни ташқарида кутиб ётган Оқчопон ўлжани елкага ўнгариб, келишилган манзилга жўнайди.
– Пих! Ўша халтанинг сенга нима кераги бор, ўзи? – деб сўраб қолди Пихпих Чандр. – Ё ичи тўла чапчап луқумми?
Калламда бирдан жўяли жавоб чақнаб, ўзимга ўзим таҳсин ёғдиргим келди:
– Халтада жудаям ноёб дори бор, палакларнинг тагига ооозгина сепилса бас, ҳандалакнинг сапчаси кўпаяди. Бу ярамас одам эгамнинг ўшандақа дорисини ўмариб кетиб, бировларга сотиш учун жавонига яшириб юрибди. Ўғирлатган нарсасини ўзига қайтариб, эгамга яхшилик қилмоқчиман.
– Бировга тегишли дорини эплаштирган бўлса, таги паст одам экан, – деди Оқчопон. – Бунақаларнинг адабини бериш оқсуяклар удумига ғоятда мос тушади, бўтам. Ҳайт!
Хазинани қаерга беркитишниям олдиндан ўйлаб турувдим. Уни шийпон яқинидаги полизга элтиб, тоғам осонгина топиб олиши учун ҳандалак палаклари остига тиқиб қўйишдан қулайроғи бораканми?
– Халтани полизга яшириб бўлиб, мени товуқхона томонда кутиб ётинглар, – дедим шерикларимга. – Зиёфатни ўша ерга олиб бораман.
Ваъда қилинаётган зиёфатнинг қандай ноз-неъматлардан иборат бўлишини ҳозирча ўзим ҳам билмасдим. Бувимгами, опоғотамгами, мунғайганча суйканиб, синфимиздаги бир қалин ошнам туғилган кунига айтувди, яхшироқ совға олиб бормасам уятга қоламан, деб чўнтакка юқадиганроқ пул ундирволсам – марра меники, базмнинг кўлами маблағнинг салмоғига қараб ё ундоғроқ бўлади, ё мундоғроқ.
Аслида-ку, ёмон нарса мундоғроқ, яхши нарса ундоғроқ бўлганига нима етсин?!

Товуқ ҳақида қўшиқ

Тўсатдан одамга айлангунимга қадар назардан четроқда юргим келиб уйимизга бордим-у, таг-зоти тайинсиз кучукнинг эшикдан яна қийпанглаб киришига жа кўзи учиб турмагандир-ов, деб бувимга ҳам кўриниш бермадим. Кеча уйқум чала бўлгани учун молхона бурчагидаги парқувсимон хашак ғарамига ётибоқ, мизғиб қолибман. Гўнгнинг сассиғидан димоғим ёрилгудек алпозда уйғониб қарасам, бош томоним хашакка чўкиб, пушти кросовкали оёқларим тепамда айриланиб турибди.
Қизиқ! Аллақачон одамлик тусини олганимга қарамай, осмонга тикилиб, чўзиқ-чўзиқ вовуллагим келаётганди.
Тағин ўша кўз очиб кўрган ишларимга уннадим – ишком остидаги кўрада юз-қўлимни ювдим, артиндим; бармоқларимни оғзимга бир теккизиб, ошхонада уймаланаётган бувимга учирма ўпич йўлладим; уйга кирдим, исланиб кетган ички кийимларимни алмаштирдим; дадам билан аямнинг девордаги суратига ичикиб-ичикиб тикилдим; хонтахта қаршисига чўккаладим, товоқчадаги гилосни олдимга суриб, бир зумда данакка айлантирдим; қайтадан ташқарида пайдо бўлдим; сопи чиқиб ётган тешани тузатиб, айвоннинг токчасига қўйдим; тунда бурун қитиқлаб юришини яширмоқчидек, ҳозир токча четида киборларча тавозеланиб турган лўттибоз пашшани дўппимда бир уриб ялпайтирдим; томорқага ўтдим, кетмонни олдим, саримсоқпиёзларга сув очдим; қийшиқ мистоғорани топдим, ичига сомон солиб, устига кунжара уқаладим, уларни намлаб аралаштириб, қўйларга ем қоришни бошладим…
Қуёш ботди. Кечки овқатни бувим билан бирга қилдим. Кейин Парпивой ошнамникига югурдим.
Ҳатто денгизни қуритворса бўларкан-у, инсонни ўзгартириб бўлмас экан. Кирсам, ҳануз ўша аҳвол – Парпивой худди ўн марза сабзи қазиган одамдек терлаб-пишганича, компютердаги математик жумбоқларнинг тугунини ечиб ўтирибди. Шартта елкасидан ғижимлаб, ҳей, пашмаксоч, бошинг ёрилиб кетмасин тағин, деб кўчага судрадим.
Гузар томонга бораётиб, мундоқ қарасам, Оқчопон билан Пихпих Чандр ушбу тундаги қалтис юмушни бажаришга куч тўплаб, ёлламачини кутаётган мардикорлардек ариқ ёқасида ёнбошлаб ётишибди.
– Уйга кириб, бирор егулик опчиқсанг-чи, – дедим Парпивойга. – Манави бечоралар жуда очга ўхшайди.
Парпивой илжайиб кесатди:
– Бу итни ўзинг кўр қилувдинг, шекилли? Энди унга жа акажонлаб қолибсан?
– Янги гуноҳ қилишдан олдин эскиларини ювиб туриш керак, – деб чала фаришталандим. – Бор, тузукроқ нарсалардан опчиқ.
Парпивой уйга кириб, уч-тўрт бўлак қотган-қутган нон, беш-олтита пўпаланглаган вафли, намиқиб сарғишланган оққандларни қоғозга солиб чиқди. Ўрамни унинг қўлидан олиб, ичидагиларни итлигимдаги қадрдонларимнинг олдига тўкдим:
– Олинглар, азаматларим, бу – хамир учидан патир.
Даладаги силаб-сийпалашларимдан сўнг мендан ҳуркимай қолган Оқчопон емишга биринчи бўлиб тумшуқ урди. Кейин насаби ундан пастроқ бўлган Пихпих Чандрнинг гали келди.
Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, Парпивой иккаламиз мачитнинг ҳовузида роса акула-­акула бўлиб сузғиландик. Кечқурунги чўмилишнинг иккита яхши томони бор: биринчиси – кун бўйи юққан чанг-чунглардан терингни тозалайсан, иккинчиси – сув этингни шалпайтириб, қор тагидаги айиқдек миқ этмай ухлайсан.
Тунда кўрпага ётаётиб, эрталаб яна тепки ейишим эҳтимоли борлигидан чўчиган асно бувимга безиллаб-безиллаб қараб қўйгандим. Хайрият, тонгда одамлигимча уйғониб, ҳозиргина қозондан чиққан кўкатли чалпакни қаймоққа ботира-ботира, одамдек нонушта қилдим.
Қорним тўйгач, бабалаётган қўйларга хашак ташлаб қўйиб, гузарга чиқдим. Тўрт оёқли дўстларимни сийлаш мақсадида бувимни ийдириб ундирган пулимдан озгинасини сарфлаб, сўрғилдириқ олиб сўришга тутинарканман, агар шерикларим ишни уддалаган бўлса, янги шов-шув маҳалламизга ҳам етиб келишидан умид­ворланиб, шу ерда ивирсиб туравердим.
– Кўринмайроқ қолганингдан ҳайрон бўлиб, кеча бувингдан сўрасам, тоғаси билан далада юришни ўрганволди, деди. Ўзи, даланинг нимаси ёқиб қолди сенга?
Момогул қандолатчи бекорчиликдан зерикиб, мени гапга сола бошлагани қўл келди, ёнига ўтиб, узун тахтакурсининг бир четига ўтирдим.
– Даланинг текин ҳандалаги ёқиб қолди.
– Ҳа-а, гап бу ёқда экан-да? Ҳей бола, унда-бунда бизгаям илиниб тургин.
– Илинардим-у, ҳандалакни мен экмаганман-да.
– Э-э, ўзимниям бўйним қисиқ дегин?
Кутган ишим бўлди – Барака-маърака қўшни маҳалладан соқол олдиришга келган буқоқ киши билан бирга сартарошхонадан чиқиб, чойхона сўрисида ўтирганларга қарата гажакдор сўз қотди:
– Янгиликка тобларинг қалай?
– Янги гап биринчи бўлиб ё сартарошга, ё чойхоначига етиб келади-да, – деб мутойиба қилди Тошпўлат мерган. – Гапираверсинлар.
– Алдар Холдор эсидан оғганмиш!
– Йўғ-е! – шошганича дўконидан чиқиб келди Қирон қассоб. – Буни кимдан эшитдинг?
– Мана, ўз кўзи билан кўрган одам ёнимда турибди, – деб буқоқни кўрсатди сартарош.
Ҳамма тенгдан буқоққа юзланди.
– Бу ёққа келаётиб қарасам, Алдар Холдор кўчадаги қайрағочнинг устига чиқволиб, ҳамманг ўғрисан, ҳаммангни йўқотаман, деганича қушларнинг инини бузяпти, – пинғиллоқ товушда сўз бошлади буқоқ. – Ана энди кўрсангиз – қайрағочнинг тагида қўни-қўшни тўпланган, Алдар Холдорнинг хотини ўзини ҳар томонга уриб, сизга нима бўлди, дадаси, йиқилиб ўласиз, тушинг, деб уввос солган…
Қўшнилардан бири уйидан шоти олиб чиққач, уч-тўртта эркак бир бўлиб, Алдар Холдорни қайрағочдан зўрға юлқилаб туширишибди. У оёғи ерга тегиши биланоқ, биламан, баринг туғма томтешарсан, шунийчун ўғри қушларнинг ёнини оляпсан, деб, энди атрофдагиларга мушт ўйната кетибди. Сўнг туйқус жимланиб, теваракка илжайиб аланглабди; ердан чўп олиб, ҳиҳ-ҳиҳ-ҳи, булар – уюшган талончилар, дея чумолиларнинг уйини буза бошлабди.
– Худойим шунақа кўргиликлардан асрасин, – деб хўрсиниб қўйди Момогул қандолатчи.
Тўлан тўлпоқ гапнинг таг-тагигача етишга ошиқиб, буқоқни сўрига ўтқазди; қўлига бир пиёла чой тутқазиб, хўш, кейин нима бўлди, деб сўради.
– Кейин қандайдир товуққа бағишлаб, тўсатдан ашула айтворди, ўзининг ашуласига ўзи ўйин тушганича уйга қараб йўрғалади, – деб чойдан ҳўплади буқоқ. – Хотинидан гап сўрасак, ўзимам ҳеч нимани англолмай турибман, деди.
Хотини нонушта тайёрлашга уринаётганида, Алдар Холдор ўз хонасига кириб кетиб, анча вақтгача қайтиб чиқмабди. Дастурхонни тузаб бўлган бека уни чақирмоқчи бўлиб, хонага бош суқса, эри гиламга чўккалаган тарзда бир нуқтага тикилганича, қозиқдек қоқилиб ўтирганмиш. Юринг, нонушта қилволинг, деб дастурхонга чақирсаям, қилт этиб қўймабди. Беканинг юраги шувиллаб, ичкарироққа ўтиб борибди-да, ҳой, бу нима туриш бўлди, дадаси, деб унинг елкасига туртибди. Алдар Холдор бир сесканиб олиб, музга айланган кўзлари билан бу сафар хотинига узоқ тикилиб қолибди; унга бармоғини бигизлаб, э, кунинг қашқарбалдоққа қолмай ўл-а, дебди-ю, бирдан қаҳқаҳлаб юборибди.
– Менимча, бу ҳаромчайнар охири тангрининг қаҳрига учради, – деб янада баландроқ пинғиллади буқоқ. – Кўп одамни куйдирган-да!
Муюлишдан тандир юкланган арава чиқиб келди. Чойхонага яқинлашганда, эшак таққа тўхтаб, эгасининг қамчилашига заррача парво қилмасдан, безланиб тураверди.
– Ийе, яна ҳўппайиб олдимдан чиқдингми? – деб мен тарафга оғзидан дағдаға уфуртирди Сангин тандирчи. – Мана, Ҳангирштейн сени кўрибоқ тахта бўпқолди! Яхшиликча туёғингни шиқиллат-э!
Момогул қандолатчи менга жон тортишган бўлди:
– Болага бақирманг! Эшагингиз азалдан хира, ўзи!
– Феъли хира бўлсаям, эси тиниқ! Душманини юз йилдан кейинам танийди!
Керакли гапни билволганимдан кейин ўзим ҳам бу ердан жилмоқчи бўптурувдим, индамай ўрнимдан қўзғалиб, дала томонга йўл олдим. Кушандасини бадарға қилишга эришган Ҳангирштейн тантанавор ҳанграганича олға одимлаб, чойхона қаршисига келиб тўхтади.
Учкўчага етиб, “Пайнет” дўкончаси ёнидан ўнгга бурилдим. Теракзор йўлдан борарканман, Алдар Холдорнинг уйи олдида пешанасига ярим ой тамғаси туширилган “Тез ёрдам” машинаси турганини кўриб, қадамимни секинлатдим. Алдар Холдор оқ халатли иккита барзанги санитарнинг етагида, ашула айтганича, кўчага алпанг-талпангланиб чиқиб келди:

Салимжоннинг товуғи бор,
Олачипор қаноти.
Салимжоннинг шу товуқ деб,
Мақтаниши ғалатиии.
Қақа қақ-қақ, қақа қақ-қақ,
Қуқу қуқ-қу, қуқу қууууу…

Очиғини айтсам, Алдар Холдорнинг таъзирини бериб қўйишга шайланаётиб, иш бу даражада фожиали тус олишини хаёлимгаям келтирмагандим.
Ўзимни гуноҳкордек ҳис этганим учун этим жимирлаб кетдимикан, деб турувдим; йўқ, шунчаки одатий ҳол юз бериб, яна кучукка дўнган эканман.
– Кўрдиларингми, кўрдиларингми? – оғзи йирилгудек бўлиб қаҳқаҳ отганча ирғишлади Алдар Холдор. – Одам итга ўгирилиб қолди! Веҳ-ҳаҳ-ҳа, веҳ-ҳаҳ-ҳа…
Қисиқкўз санитар бу гапни телбанинг галдаги алжирашига йўйиб, кўрдик, биламиз, одамлар қут-қут итга айланиб туради, деб ми­­йиғини жимирди.
Уни машинага чиқаришаётганда, Алдар Холдор бир силтаниб тўхтади-да, кескин жиддийлашиб, мабодо суриштириб кўрмадингми, бир карат олмос жаҳон бозорида қанчага чиқдийкин, деб сўради қисиқкўз санитардан.
– Бундан бехабар эканман, – деди санитар мазахнамо оҳангда.
Алдар Холдор энди иккинчи санитарга қўрсайиб юзланди:
– Бир унция олтин-чи?
– Билмадим-а…
Алдар Холдор иягига бармоқ тираб, осмонга ўйчан тикилди:
– Олтин… олтинлар… Ғимм… Қаердадир кўрганман-да… Ҳа! Раҳматли отамнинг қўлида кўрувдим!
– Тўппа-тўғри!
Санитарлар бир-бирига илжайиб қўйиб, Алдар Холдорни орқа эшикдан машинага тиққач, ўзлари ҳам унинг ёнига тиралишди. Кейинроқда чиққан врач аёл кабинага ўтирди.
Йўл-йўлакай опоғотамни бир йўқлаб қўйиш ниятим бор эди, шу туришда кириб боришга кўнглим чопмади. Умуман, бу ерга келганга яраша анор пишиғида келсанг-да. Ўшандаям, итлигингда эмас.
Стадионни ёқалаб ўтаётганимда, ичкаридаги болакайларнинг жарангдор бақириқ-чақириқларини эшитиб, энтикиб кетдим. То одамга айланиб, дўкондан зиёфатбоп нарсалар олволгунимча шу ёққа кириб вақт ўтказай, баҳонада ҳибсдаги тулкимизниям бир кўриб қўярман, деб ўйладим-у, оёғим ўз-ўзидан ажойибхона бўсағасига қараб ўрмалади. Эшик олдида чипта йирттириб турган кишиларнинг пойабзали орасида ўралашганимча ички йўлакка ўтиб олдим.
Синфимиздаги болалар билан ўқитувчимиз бошчилигида келиб, бу кўчма ажойибхонани илгариям ров кўриб кетувдим. Энди ҳар қайси қафас олдида хоҳлагимча тўхталиб, турли жониворларни шошилмай кўздан кечиришимга имкон туғилганди.
Тулкимизни тополмадим, яралари битгунича четроқда даволаниб ётибди, шекилли. Хилма-хил қушу ҳайвонларни бир-бир томоша қила бориб, маймунларнинг қаршисида узоқ туриб қолдим: ҳаммасидан каттаси – горилла, шимпанзе ундан кичикроқ, нариги қафасда жажжигина “мартишка”лар онасига битини тердириб ўтирибди.
Қафаслардан берироқдаги ёғоч тўсиқнинг тирқишидан ўтиб, болалар ирғитган ҳар хил меваю ширинликларни талашиб-тортишиб еб турган маймунларга яқинлашдим. Улардан бири олма чайнашдан тўхтаб, кўзимга майнавозланиб тикилди. Янаям яқин борганимни биламан, оғзидаги олма қолдиғини юзимга туфлаб, қийқира-қийқира, устимдан кула кетди. Қоним қайнагандан қайнаб, бир сакрадим-у, панжарадан осилиб турган думини аямасдан тишладим.
Ҳа чинқирмайсан-а! Тегмаганга тегишнинг оқибати мана шунақа бўлади!
Бир зумда тўполон кўтарилди. Бошқа маймунлар ҳам қий-чувлашга тушиб, олдидаги нарсаларни одамларга ота бошлади. Борлиқ ҳайвонбоқар шу жойга тўпланди. Улар маймунларни тартибга солишга тиришаётганида, Қулқул Даведивич гердайганча бўй кўрсатиб, ғала-ғовурнинг сабабини суриштирди.
– Манави кучук анави маймуннинг думини тишлаволди, – деди томошабинлардан бири.
– Шундан кейин жамики маймун қўзғолон кўтарди, – деб қўшимча қилди бошқаси.
Мени кўриб-ла, Қулқул Даведивичнинг башарасидан тажанглик аломати сўниб, ийе, Миттивоймисан, деб ҳиринглади. Атрофимда одамлар тирбандлиги учун қочишга уринишим ҳабада кетди, бошлиқнинг “Уушланглар уни”, деган буйруғини эшитибоқ, ҳайвонбоқарлардан бири менга шартта чангал солди.
Бирпас ўтиб қарабсизки, Қулқул Даведивичнинг хонасидаги чуқур яшиқда аристонланиб ўтирибман-да. Олдимдаги лаганчада – сув, товоқчада – гуруч-қийма аралаш овқат. Менга вақтинчалик бошпана ҳозирлаб берган ҳайвонбоқар бошлиққа қараб, энди бу кучукни нима қиламиз, Қулқул Даведивич, ё арслонга берайликми, деб сўраганида, ўтакам ёрилишига оз қолди.
– Шу жинқарчанг арслоннинг чап ичагига юқ бўларканми! – деди Қулқул Даведивич. – Мен сенга айтсам, жуда уқувчан кучук бу. Уни кеча далада кўрувдим, ўзини муғомбирликка солиб, мени лақиллатмоқчи бўлди-я. Циркдаги оғайнимга элтиб берсам, роса хурсанд бўлади.
Бу гапни эшитиб, хийла ўзимга келдим.
Қани, ўша циркидаям бир ялансак яланибмиз-да. Агар янглиш фикрлаётган бўлмасам, итлигимда ҳалқадан сакраб, одамлигимда масхарабозлик қилиб нон топиш арслонга ем бўлишдан кўра бирмунча файзлироқ.
Камина учун бюджетдан ажратилган таомни тушликда едим. Қорин тўйиб, энди чалароқ ухлаб олсаммикин деб турганимда, Қулқул Даведивич мени чўгирмадек кўтариб чиқиб, ойналари зич ёпилган “Матиз”нинг орқа ўриндиғига ирғитди. Бу – ит бўлганимдан бери илк бора машинага ўтиришим эди.

Ҳамённи очинг, Қулқул Даведивич!

Машина шаҳар сари ғилдироқлана бошлаганида, орқа ўриндиқда кулчаланиб ётишдан зерикиб, олдиндаги суянчиқларнинг икки четига қўшоёқлаб осилдим-да, теваракка аланг­лаб-жаланглаб боравердим.
Аросатда яшашга ўтганимдан буён мени энг қўрқувга солиб юрган нарса – итлигимда ҳайвонларнинг кўзи олдида одамга, одамлигимда кишиларнинг орасида итга айланиб қолиш эди. Қарангки, ўша ходиса айни шу паллада юз бериб турибди-ку!
Эсанкирашдан қутим ўчиб, гавдамни ёнроққа яширишга уринганимда, Қулқул Даведивич олд ойнак тепасига ўрнатилган чўзиқ кўзгучага қиялади-ю, орқада кимдир бақрайиб ўтирганини кўриб, томи кетишига оз қолди. “Ва-ваҳ!!!” деб сапчилаганида, рул қўлидан чиқиб, машина бирдан четга бурилди; йўл ёқасидаги ёйилмада ўсган қамишларни шатирлатиб ўтиб, ариққа санчилди.
Қулқул Даведивич ваҳимадан ҳала-ҳаловланиб, пешанасини рулга қадаган асно нафасини пишпишлатиб тураркан, мен олд ўриндиққа урилишдан ачишаётган кўкрагимни силай-силай, секингина машинадан тушдим. Ўзимни ўнглаб олгач, машинанинг нариги ёғига ўтиб, кучук ўғрисига ойнакдан безрайиб мўраладим:
– Пўкиллаб ўтиравермай, бу ёққа чиқмайсизми энди!
Машинанинг орт қисми ёйилманинг саёз жойида, олд томони ариқнинг чуқурида бўлгани боис, эшик очилиши биланоқ, ичкарини сув босди; Қулқул Даведивич тиззагача шалаббо бўлган алпозда йўл четига чиқиб келди.
– Ҳей, шатмоқвачча! Биров сен болага хўрозқанд тутқазиб, Қулқул Даведивични ўлдириб берасан, демаганмиди? – деб, темирчининг кўмиридек бозиллади у. – Ўзи, машинада қаёқдан пайдо бўпқолдинг? Суянчиқнинг орқасида биқиниб ётувдингми?
Тайёр баҳонани ўзи топиб берганидан суюниб, узр энди, шаҳарни бир кўриб келай девдим-да, дея ўзимни изза бўлганга солдим.
– Ҳе, сендақанги кезаргондан ўргилиб қўйдим! – қиттак тилинган бурнига рўмолча босаётиб, кўзини чақчайтирди Қулқул Даведивич. – Қайтишда йўлимни топаманми-йўқми, деб ўйламадингми, қозонкалла?!
У яна нимадир дейишга оғиз жуфтлаётганида, асосий нарса туйқус эсига келиб, сув кечиб борганича, машинанинг орқа эшигини очди; ичкарига бош суқиб, пасту баландни қитир-шитир тимирскилай кетди. Сўнг жуссасини ташқарига олиб, кучук қани, деб сўради мендан.
– Машинадан тушаётиб қарасам, кучук ўлиб ётибди, – деб парвосизгина жавоб қилдим. – Шартта олиб, ариққа ирғитвордим. Ўлиги далага оқиб борса, балки, Отақул тоға уни топиб, ўзи яхшилаб кўмиб қўяр.
Бу сўзимни эшитиб, Қулқул Даведивичнинг елкаси учинди:
– Ийе, кучукни танирмидинг?
– Бўлмасам-чи! Далага борганимда неччи марта кўрганман. Агар ўғирламасангиз, ҳозирам ўша ёқда тирик юрган бўларди.
– Ким ўғирлабди? – деб гезарди Қулқул Даведивич. – Бунақа гапни бошқа гапирма!
– Унда, бегона кучук машинангизга ўзи ўтирволибди-да, Қулқул Даведивич?
Шу пайт бир трактор тар-тарлаб келиб қолди. Уни тўхтатиб, машинани йўлга торттириб чиқардик. “Матиз”нинг ўнг чироғи синиб, Оқчопоннинг кўзига ўхшаб кўринаётганини ҳисобга олмаганда, бошқа жойига ортиқча шикаст етмаган экан, эгаси калитни бураганида, бир-икки бор чучкурган бўлди-ю, кейин мотори гувиллаб ишлай бошлади.
Трактор кетгач, Қулқул Даведивич менга мўлтайиб, жон укажон, ўтган иш ўтди, кучук тўғрисида эгасига индаб юрмагин, а, деб эланган эди, тўрт оёқли ўртоқларимга катта кетворганим ёдимга тушиб, мўндароқ зиёфатга эрисангиз, соқовга айланаман-қоламан, дедим.
Отақул тоғамнинг ғазабига учрашдан кўра кучук ўғриси деган лақаб орттириб олишдан кўпроқ қўрқаётган Қулқул Даведивич ора-сира инжиқлана-инжиқлана, айтганларимнинг ҳаммасини муҳайё қилди – биркўз “Матиз”ни ҳайдаб бориб, пахта заводининг ошхонаси ёнида тўхтатди; ичкарига кириб кетиб, ўн бир қўшоқ пармўда сомса, ўн битта гамбургер, ўн битта қиймакабоб, ўн битта сосиска, бир коса нўхатшўракни салафан сумкага тиққанича қайтиб чиқди. Ишим юришиб, эрталаб бувимдан олган пулим ёнимга қолиб турибди-ку!
– Майли, қоқланган ҳамённи бошдан ўгирган бўлайин, – деди Қулқул Даведивич, машинага ўтираётиб. – Омалейкин, бир нарсани олдиндан айтиб қўяй, буларнинг ярмини ямлаб улгурмасингданоқ, қорнинг ваванглаб портлаши мумкин!
– Қўрқманг, бундан кўпиниям еб юрганмиз, – деб керикландим унга. – Энди мени далага ташлаб қўйинг.
Далага етиб боргач, зовур ёқасида машинадан тушдим.
– Ўша гап – гап-а? – деб кўзимга синчиланди Қулқул Даведивич. – Бировга индаш йўқми, ахир?
– Нима, қиз болага ўхшаяпманми? Ўғил боланинг гапи битта бўлади – тамом!
Қулқул Даведивич билан ҳани-ҳуни хайрлашдим. Ён-веримга қарасам, яқин атрофда ҳеч зоғ йўқ. Салафан сумкани зовур кўпригининг остига яшириб, шийпон сари юрдим. Зиёфатбоп ўлжани осонгина қўлга киритганимдан кўнглим чароғонлашгани сайин, қадам босишларим ҳам енгиллашиб бораётгандек эди.
Келиб, деразадан шийпоннинг ичига мўраладим, Отақул тоғам кўринмади. Уни қидириб орқа тарафга ўтсам, Ғулом ошпаз тушликда ишлатилган идишларни ариқчада ювиб турган экан. Саломлашиб бўлиб, тоғамни сўроқлаган эдим, Отақулнинг пати бирдан ярқираб товланди-ю, пириллаганича учди-кетди, деб хохолади.
Унинг айтишича, тоғам Раҳимбой фермер икковига ҳандалак сўйиб бериш ниятида полиз томонга кетиб, бирпасдан кейин ҳандалак ўрнига қандайдир чарм халтани кўтариб келибди-да, буни кўринглар, палакларнинг орасидан топволдим, дея оғзи очиқ топилдиқни дастурхонга қўйибди. Қарашса, халтанинг ичида олтин тақинчоқлар бижиб ётганмиш. Ошпазнинг ичи долғаланиб, энди буни нима қиламиз, деб сўраса, тоғам ҳеч иккиланмасдан, нима қилардик, молини ўғирлатган кишини топиб, ўзига қайтарамиз-да, дебди.
– Эгаси чиқмаса-чи? – деб яна терговчиланибди Ғулом ошпаз.
Шунда Раҳимбой фермер ўртага бир маслаҳат ташлабди:
– Яхшиси, буни милисахонага топширайлик. Эгасини ўзлари суриштириб топади. Эгаси топилмаса, давлатга қолади.
Буни эшитиб, ўша ялтир-юлтир нарсаларни писиниб-биқиниб тўплаб келган кимса учун энди Салимжоннинг товуғидан бошқаси сариқ чақа, деб қўйдим ичимда.
Хуллас, Раҳимбой фермернинг таклифи маъқул келиб, тоғам иккови оқ “Нексия”да туман марказига қараб жўнашибди.
Ғулом ошпаз идиш-товоқларни аллақачон ювиб-жойлаб қўйганига қарамай, у ёқда нима гап бўлганини билишга қизиқиб, уйига кетмасдан ўтираверди. Кетганлар шомга яқин қайтишди. Милисахона ходимлари халтадаги нарсаларни бирма-бир қоғозга ёзиб чиқиб, Раҳимбой фермер билан тоғамга гувоҳ сифатида қўл қўйдириб олишибди.
Отақул тоғам кечки овқат маҳали буғдой ёрмаси устига уч-тўртта тухум чақиб, ҳузурижон бўтқа пишириб берди. Иштаҳам карвонсаройнинг дарвозасидек очилиб турганида бу бўтқа кўприкнинг тагига яширилган таомлардан ҳам тансиқроқдек туюлди. Шу орада товуқхона тарафдан Оқчопоннинг қисқагина вовуллаб қўйгани қулоғимга чалиниб, мени кута-кута, ўлгудек очқаганга ўхшайди булар, деган ўй кечди бошимдан.
Тун қуюқлашди. Тоғам қаттиқроқ чарчаган, шекилли, ухлашга одатдагидан анча барвақт ётгани зап кўнглимдагидек иш бўлди. Кўприкнинг тагидаги салафан сумкани олиб, зовур дўнгини паналаганимча, товуқхонага қараб юрдим. Мўсақўзи товуқбоқарнинг уйидан ўн-ўн беш қадам берида тўхтаб, юлғунлар орасига ястандим.
Итга айланишни бунчалик орзиқиб кутганимни сира эслолмайман, тун яримга қараб оғяптики, ҳалиям одамлигимча сўлжайиб ётибман.
Хайрият, бақаларнинг қуриллаши авжга мина бошлаган чоғда, ниҳоят, этим жимирлади. Шуни интиқиб кутаётганим учунми, ҳар қачонгидан ёқимлироқ жимирлаганга ўхшаб кетди.
Кучукка дўнганим заҳоти тагдор ингиллаб, шерикларимга чорлов ишорасини қилдим. Зиёфатдан умидвор бўлиб ётганлар ёппасига оёққа қалқигани потира-путур товушлардан яққол сезилиб турарди.
Базмга қанчалар ошиқаётган бўлмасин, Пихпих Чандрдан тортиб Қорабеканинг болаларигача ўзини босиб олишга куч топиб, оқсуякларга хос вазмин одимлаётган Оқчопондан орқароқда келишди; салафан сумкани таталаб йиртганимдан кейин ҳам, таомга ундан кейин тумшуқ чўзишди.
Қаранг-а! Афтингни кибор кўрсатиб, насабинг баландлигини тинмай пеш қилаверсанг, охири ҳамма бунга кўникиб қолар экан.
Еди-ичди қизғин паллага кираётганида, буниси “Самурай”га, дея юпқа пластмасса косадаги нўхатшўракни олдинги оёғимда четга суриб қўйдим.
Ҳа, даврада яна битта дўст етишмай турганди. Товуқхонага яқин бориб, жанговар хўрозга овоз қилдим:
– Вангууу ванг!
“Самурай” дарчанинг синиқ панжарасидан бош чиқариб, атрофга эловлади. Кўпчилик паррандалар қоронғида узоқни яхши кўра олмаслигини билганим боис, симтўр остидаги туйнукдан ўтиб, унга янада яқинлашдим:
– Мен Миттивой ошнангман. Бу ёққа сакра.
“Самурай” олдимга учиб тушиши билан, юр, зиёфатга айтгани келувдим, деб ортимдан эргаштирдим.
Қиёмат ўтириш бўлди. Бари ўзимбоп емиш­лар эди, шу туфайли биринчи бор шерикларимга қўшилиб, бурунма-бурун овқатландим.
Салафан дастурхонни жанубдан шимолга қарата яланглатиб келган Оқчопон бир тўхталиб олиб, кекириғини карнайлатди. Кейин қорин силаганича ўз-ўзидан куйлашга тушди:

Ювиндининг ёғи қани,
Шўрванинг қаймоғи қани,
Воқи бобооо,
Вовва вовооо!
Сон суяги қаттиқ экан,
Сут ачиган – аччиқ экан,
Воқи бобооо,
Вовва вовооо!

Ош пишириб, бақириб келинг,
Ошга мени чақириб келинг,
Воқи бобооо,
Вовва вовооо!..

Айвон томондан Мўсақўзи товуқбоқарнинг бор товушда шанғиллагани эшитилиб, қўшиқ эндигина қиёмлашаётганида, тўсатдан бўлиниб қолди:
– Чип!!! Ҳе, томоғинг титилгур!!!
Пўписа тиниб-тинмасидан, йиртиқ бир шиппак ҳавода чирпироқланиб келиб, уйга орқамача ўтирган бегуноҳ Пихпих Чандрнинг курагига тегди.
– Ҳааа, дид ёмооон бузилди! – дея бурнини салобатли тебратди Оқчопон. – Қадимий қўшиқларимизни менсимайдиган пайтавақулоқлар кўпайиб боряпти.
Ўтиришимиз қўшиқсиз ҳам, бинойидек давом этаверди.
Яйрагандан яйраб кетиб, шунчалар узоқ чақчақлашибмизки, тонг ёришаётганини “Самурай” ўз-ўзидан қичқира бошлаганида пайқаб қолдик.
Бу – танишганимиздан буён ўтган қисқа давр ичида менга қирқ йиллик қариндошлардек азиз бўлиб улгурган жонажон ошналарим билан охирги марта уларнинг тилида гурунг­лашиб ўтиришим эканлигини ўшанда қаёқдан билибман дейсиз? Билсам, ҳар бирини алоҳида қуча-қуча, қалбимдаги меҳру муҳаббатнинг борлиқ ўт-оташини, сўзларимнинг энг жўқин, энг тотлиларини бошларидан гулбарглардек тўкиб-сочмасмидим?!
Қаёққа қарама – аттанглар, аттанглар, аттанг­лар. Чамаси, бунинг олдини олиш жуда мушкул – одам шаклида дунёга келибмизки, соатнинг ҳар бир чиқирлашида ниманидир бой бераётган бўламиз…

Оддийдан оддий жасорат

Ғира-шира тонгдаёқ тириллаб етиб келган уч ғилдиракли мотоциклга тухум юклаб жўнатган Мўсақўзи товуқбоқар симтўр билан девор орасидаги эшикчанинг қулфини ечиб кириб, товуқхонанинг дарвозасини очди. Товуқлар тўғонни қўпорган сувдек ташқарига гувраниб ёпирилди. Ана энди, йўнғичқа чўқилаш бўйича товуқхона биринчилигини томоша қилиб ётаверинг!
“Самурай” симтўр остидаги кандикдан писмайиб ўтиб, эрталабки сайлга чиқарилган товуқлар орасига эсон-омон қўшилиб олган пайт­­да Оқчопон билан Пихпих Чандр ҳам кетишга ҳозирланди.
– Ҳайт-ҳайт! – дея шавқланиб силкинди Оқчопон. – Умримда бунақа ваҳваҳали чайновга дуч келмаганидим. Қорним ноғора бўпкетди-я!
Мақтовни Пихпих Чандр давом эттирди:
– Қойилман, Миттивой! Менга ўхшаб лабзида турадиганлардан экансан! Очиғи, бунчалик сершира ўтириш қилиб беришингни кутмовдим, пих!
Кўтаринки кайфиятда хайрлашдик. Оқчопон нарироққа борганида ўйчан тўхталиб, ҳа, айтгандай, бир нарсани сўраш эсимдан чиқибди, деб ёнимга қайтиб келди:
– Ҳайт! Ҳалиги… бўличкали овқатнинг оти нимайди?
Зиёфат чоғида бу саволга бир-икки бор жавоб берган бўлишимга қарамай, сокин товушда яна қайтариқладим:
– Гамбургер.
– Гамбургер… гамбургер, – янги сўзни хотирасида қотиришга тиришди Оқчопон. – Анави… қизил ичакнинг оти-чи?
– Сосиска.
– Сосиска… сосиска… гамбургер… сосиска, – яна ўзича бидирлади Оқчопон. – Менимча, бу камёб таомлар атайлаб оқсуяклар учун пиширилса керак. Нима дединг, ҳайт?!
– Ўйлаб қаралса, гапингизда жон бор, Оқчопон ҳазратлари.
Фикрига қўшилганим Оқчопонга ёқиб тушдими, олдинги оёқда елкамга қоқиб қўйиб, ғўққайганича ортга бурилди.
Қорним тўқ бўлгани, бировнинг у-бу егулик итқитишига зор эмаслигим туфайли шийпон тарафга бормадим; яна одамнусха бўлишимни кутиб, биққи чимлоққа ястандим. Туни билан ухламай чиққаним учун сал пинакка кетибман. Қўнғироқнамо кулгу товушидан сесканиб кўз очсам, Мўсақўзи товуқбоқарнинг жиккак қизи мушукчаларни қувалаганича ўйнаб юрибди. Қувлашмачоқни жўшқинланиб кузатарканман, мушукчаларнинг ўрнида эмаслигимдан хитландимми, уларга ғайирланиб боқдим.
Қизалоқ бир у мушукчани, бир бу мушукчани тутмоқчи бўлар, эпчилликда тенги йўқ пахмоқвойлар эса ҳар сафар чаққонлик билан чап бериб, уни доғда қолдирарди. Қувлаша-қувлаша зовур ёқасига бориб қолишганда, қизалоқ мушукчалардан бирининг устига ташланди-ю, оёғи тойиб кетиб, пастликка қараб юмаланди.
Сапчиб туриб, зовур томонга учқурладим. Бориб қарасам, қизалоқ чинқира-чинқира сувда оқиб кетяпти. Оқини унча тез бўлмаган зовур ёқалаб чопишга тутиндим. Мўлжалга етганимда, ўзимни сувга отиб, қизалоқнинг ёнгинасига шалоплаб тушдим; кўйлагининг ёқасидан тишлаб олгач, у билан биргаликда гоҳ тубга чўкиб, гоҳ юзага қалқиб оққанимча, жон ҳалпида потраниб, қирғоқ сари интилавердим. Шу топда ўз жоним кўзимга кўринмай, қизнинг ёқаси йиртилиб тишимдан чиқиб кетмаса бас, деб хавотирланаётган эдим.
Қуённинг куни битмаса, бўрининг югуроқлиги нима бўпти, деганларидек, бизнинг ҳам умримиздан бор экан, зовурнинг ярмида саёзлик ҳосил қилган дўнгалак жойга учраб, тажовузкор сувнинг човутидан юлқиниб қутулдик. Чўзиқ-чўзиқ чинқириқлардан ваҳимага тушган Мўсақўзи товуқбоқар соҳилга ҳаллослаб етиб келганида, мен қизалоқни аллақачон сувнинг четига тортқилаб чиқаётган эдим.
Пастаккина уй бир зумда қувонч қасрига айланди. Кўзи ёшўраган хотин худога шукрона айта-айта, қизининг кийимларини алмаштираркан, Мўсақўзи товуқбоқар сувкаламушдек ивиб турганимга қарамай, мени бағрига маҳкам босиб олиб, қалтироқ товушда дуо-алқовларни шоввалатди:
– Ҳа Миттивой-а! Ҳа кам бўлмагур-а! Бизга қандай катта яхшилик қипқўйганингни англолмай туришингни қара! Итлигингдан афсусланиб кетяпман ҳозир! Э, йўқ, сендақаларни ит дейишга тил бормайди, бунақа гап сенга сираям муносибмас, Миттивой! Қанийди, худо саховат кўрсатиб, сени умрбод одамга айлантириб қўйса-ю, оға-ини тутиниб, боримни ўртага тўкиб ташласам!..
Бу сўзни эшитибоқ, ҳадемай чинданам одамга айланишим мумкинлиги бирдан эсимга келиб, кўнглим далғовланди. Қизчанинг ки­­йимларини алмаштириб улгурган хотин жавон тортқисидан иккита попукқанд олиб, ма, Миттивойжоним, вуй, сенгинадан ўзим айнаниб кета­йин-а, деб уларни палосга қўйганида, ниҳоят, Мўсақўзи товуқбоқарнинг оғушидан халос бўлиб, пастга қўндим. Попукқандлардан бирини шу жойнинг ўзида хапиллатгач, иккинчисини тишларимга қистириб, ташқарига юрдим.
Ташқарига чиқдим-у, оғзида попукқанд саланглаб турган одамга эврилдим. Ўта татинқираб туюлган биринчи попукқанднинг таъми танглайимдан кетиб улгурмаганди, иккинчисининг ҳам қоғозини очаётганимда, “Иййеее!” деган овоздан бир чўчиб тушиб, мундоқ қарасам, остонадан ҳатлаётган Мўсақўзи товуқбоқар менга давараланиб келяпти:
– Ҳей, қанақа очофат боласан? Қандни итнинг оғзидан юлволишга уялмадингми?
Товуқбоқар теваракка жовдираб, ардоқли кучугини, яъни мени кўзида қидира бошлади. Сўнг Мўттивойнинг қиёфасига кирган Миттивойни танимай, қайтадан заҳрини сочди:
– Миттивой қани? Ё уни тепиб ҳайдавордингми, оёғинг қийшайгур?! Ўзи, турумимнинг тагида нимага талмовсираб турибсан?
Жўяли жавоб зип этиб тилимга қўнақолди:
– Шу ёқда биров ҳадеб чинқираётгандек бўлди. Нима гаплигини билгани келувдим.
– Ҳеч гап йўқ! Бор, келган жойингга жўна!
Индамай бурилиб, шийпон тарафга йўл солдим. Мўсақўзи товуқбоқар зовур сари юриб, ма, Миттивой, ҳушт-ҳушт, дея бўйчан шувоқларни пайпаслай-пайпаслай, йўқ кучукни ахтаришга тутинди.
Шийпонга борсам, Отақул тоғам гуруч тозалаб, Ғулом ошпаз сабзи арчиб ўтирибди.
– Нонушта қилмай қаёқларда юрибсан, Мўттивой? – мени кўриб-ла, енгил дашном берди тоғам. – Ке, чаққон-чаққон овқатланвол. Кейин ҳандалак узамиз. Кўтарамачи харидорлар қўлимга қўнғироқ қилиб, тушга яқин борамиз, дейишди.
Қорнимнинг тўқлигини айтиб ўтирмай, тўшакка чордана қуриб, енгил-елпи тамаддиланишга тушдим. Ортиқчаси тешиб чиқарканми!
Ҳали қандчойимни ичиб тугатмасимдан, Мўсақўзи товуқбоқар бурнини бир ўнгга, бир чапга бурганича келиб, менга ола қараб қўйгач, тоғамни сўроққа тутди:
– Кучугингиз кўринмайди, Отақул ака?
– Юргандир-да, – деди тоғам ҳайрон бўлиб. – Саломлашмасдан туриб, кучугимни суриштириб қолдинг, тинчликми, Мўсақўзи?
Мўсақўзи товуқбоқарнинг бирдан чеҳраси қуёшланди:
– Э, Отақул ака-я яхшиям ўша кучукни боқволган экансиз! Минг раҳмат сизга! Битта ош қарздор бўлдим! Ош нима, ошдан кейин тўн кийдираман!
Шундай деди-ю, юз берган фалокат, телпакдеккина кучукнинг қоплонларга хос жасорати тўғрисида тўлиқиб-тошиқиб сўзлана кетди. Ўтирганлар ҳайратдан донг қотишди.
Жасоратмиш! Бировнинг чўкаётганини кўрса, ким четда томошабинланиб тура оларкан? Қутқаришга уриниш – оддийдан оддий бир иш-ку!
Тол остига оқ “Нексия” келиб тўхади. Раҳимбой фермер машинадан тушиб, бизга яқинлашаркан, янги гапни эшитдиларингми, Алдар Холдор асаб касалига чалинибди, хабар олгани борсам, ҳозирча мумкинмас, деб ичкарига қў­­йишмади, дея рўмолчада пешонасини артди.
– Буни Ғулом акадан билиб турувдим, – деди тоғам. – Бунақа вақтда баттар бўлсин дейишгаям тилинг бормай қоларкан, барибир ичим оғриди.
Раҳимбой фермер ўзича мулоҳазаланди:
– Менимча, бунинг асосий сабаби – фарзандсизлик. Боласиз уй – зиндоннинг ўзгинаси, беш-ўн йилда ҳар қандай одамни жинни қипқўйиши ҳеч гапмас.
– Синглиси болаларидан биттасини бермоқчи бўлганида кўнмовди, – деди Ғулом ошпаз, арчиб бўлинган сабзи-пиёзни сувли тоғорада чайқаётиб. – Ҳеч йўқ, ўша болани асраб олса, уйига фаришта қўнармиди дейман-да…
Мўсақўзи товуқбоқарнинг шийпонга ўз оёғи билан келиши айни муддао бўлди – ҳашарга қўшилгач, ҳандалак узишда ҳам, уларни уватга ташиб чиқишда ҳам, харидорларнинг машинасига юклаб жўнатишда ҳам қўлдошимизга айлангани, уйқусизликдан гарангсиб турганимда, жонимга ора кирди. Акахонгинам ушбу иши билан, ўзи буни мутлақо билмаган ҳолда, агар одамга дўниб қолсам, менга оға тутиниши ҳақидаги қасамнамо сўзининг устидан чиқди.
Пайшанба куни бўлгани учун, ўзбекнинг ҳамма хонадонидаги сингари, далада ҳам палов дамланганди, қуюқ тушликдан кейин орзуйим ушалиб, ошхамирдек кўпчиб ухладим. Жимжимали туш кўрибман – аламзада эшак билан ярашиб олиб, каттакон столнинг у ёғида Ҳангирштейн, бу ёғида мен, бир музқаймоқдан ялаб, бир шарбатдан ҳўплаганча, оламнинг гўзаллигини ҳайбаракаллалаб ўтирган эмишмиз…
Аср маҳали сўлагим томчилаб уйғондим. Жасоратдан кейин ҳам барибир қоринга қайғуриб яшаш керак бўлади – совуқ чойга қўшиб бир ўрам печений еб олгач, тоғам қопчиққа солиб берган олтита ҳандалакни елкалаган кўйи уйга жўнадим. Улардан иккитасини йўл-йўлакай опоғотамга, биттасини Момогул қандолатчига, биттасини Парпивой ошнамга тарқата бориб, қолганини бус-бутунича бувимга топширдим.
Ҳаётнинг тугалай ўзгача бир тарзига эндигина кўника бошлаганингда, бирдан тағин эскича ҳолатга тушиб қолсанг, саросимали вазият юзага келаркан. Бир кун ўтди – одамлигимча турибман, икки кун ўтди – ўзгариш йўқ…
Учинчи куни ҳам икки оёқлаб изғийверганимдан сўнг дўппини қошга суриб, бунинг сабабини қидиришга тушдим. Миямнинг қатиғи қайнашига сал қолганида, охири бир ўйда тўхталдим – наҳотки, Мўсақўзи товуқбоқарнинг дуоли илтижолари худога етиб борган бўлса?!
Ҳадиксираб юришим ўн кунларга чўзилди. Билиб-билмай, яна чатоқроқ бир бетамизлик қипқўйиб, буткул итга айланиб қолишим ҳам мумкинлигидан безиллабми, шу ўн кун ичида феъл-хўйим ўз-ўзидан ўзгараверди – теварагимдаги кишилар билан дунёнинг сирли-сирли ишлари, турмушнинг тушунарсиз қирралари, одамнинг одамлиги асосан нималарда намоён бўлиши кабилар тўғрисида ёниқа-ёниқа суҳбатлашиб тўймаётгандек эдим. Бунинг сайин, борлиқни севиб-ардоқлашга, ундаги барча мавжудотни бирдек қадрлашга, қисқа умр ичида ўзгаларга имкон қадар кўпроқ яхшилик қилиб қолишга кўнглимда иштиёқ тўфонлана бориб, нақ ўн ёшга улғайгандек бўлдим.
Ён-веримдагилардан билиб олмоқчи бўлган нарсаларимнинг чеки йўқдек эди:
– Буви, дунёдаги энг катта яхшилик нима?
– Бировнинг кўнглини оғритмаслик…
– Бир нарсага ақлим етмай турибди, опоғота. Тирик жон борки, нимайчун ҳаммаси боласини яхши кўради?
– Зурриётга меҳр – худойимнинг минг-минг­лаб мўъжизалари ичида ноёбдан ноёби бўлса, ажабмас. Шу нарса бўлмаганида, ҳатто ўт-ўлан ҳам кўпаймасди, ер юзи яп-яйдоқ даштлигича тураверарди…
– Ҳей, Момогул опа, намунча эр танламасангиз?
– Эмчиларнинг айтишича, ё у, ё бу касалликка қирқ минг хил кўкатдан биттагинаси ёқимчил бўларкан. Опагинанг ҳам турмушига ёқимчилини излаётгандир-да, Мўттивой…
– Алдар Холдор борингизни шилволсаям, нимага таъзирини бериб қўймадингиз, Отақул тоға?
– Тишлаган итни калтаклашга вақт кетказмасдан, ярага тезроқ малҳам топишга уринган маъқул, жиян.
– Ҳалол одам бугун йўқотганини эртага ортиғи билан топаверади, – деб, тоғамнинг сўзига қўшимчалайди Ғулом ошпаз. – Кимки ҳаромдан қўрқмабди – ўзини ўзи жазога йўлиқтирибди. Ундайларнинг кир ёқасидан олиб, қўлни булғаганинг қолади.
– Тўғри! Бировнинг ҳақини бийдалашга ёшликданоқ ўрганмаган яхши, – ўнгғови келганидан фойдаланиб, илмоқли гап ташлайди Мўсақўзи товуқбоқар. – Бунақалар бора-бора итнинг оғзидагини тортволишданам тоймайдиган бўлади.
Гап айланиб, туйқусдан йўқолиб қолган ўша кучукка бориб тақалаётганида, товуқбоқарнинг кўнглига таскин уруғини сепишга талпинаман:
– Бир синфдошимдан эшитишимча, башанг кийинган бойвучча хоним йўл четида ўйноқлаб юрган Миттивойимизни “Жип”ига солиб кетганмиш. Балки, ўзига тўқ хонадонга борволиб, боши маишатдан чиқмай ётгандир.
– Унақа бўлса-ку яхши-я! – деб кўзини чарақлатади Мўсақўзи товуқбоқар. – Ҳе, аттанг! Ўша куни кучукни ачомлаб турганимда, хотинимга айтмабман-а, телефонида суратга опқўйса, эсдалик бўпқоларди.
Бирдан юрагим жиғиллаганини сезаман. Бундай суратни ўзим ҳам бир қулочга катталаштириб, меҳробимизнинг ёнига илиб қўймасмидим!
Одамлигимдаги қарғиш туфайли итга эврилган бўлсам, итлигимда қилинган дуо мени одамликка қайтарди. Боласи ўзидан кўра яхшироқ яшашини орзулаб, иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай, қўлини қирққадоқ қилиб кун кечираётган товуқбоқарнинг илтижосини ҳам назардан қочирмагани юрагимга бир дарё туғён бўлиб қуйилди-ю, бувим “Оллоҳжоним” деб эъзозловчи Яратгучимизни ниҳоятда яхши кўриб қолдим. Бандаларини борлиққа, аввало, бир-бирига меҳр-оқибатли, раҳм-шафқатли, иззат-эътиборли бўлишга чорлаш билангина кифояланмай, Ўзи бу борада куну тун улгу кўрсатиб туришини теран англаб ета бошлаганингдан кейин ҳам ихлосинг гувланмасинми?
Шуларни ўйлаганда, бировга яхшилик қилолмаганга яраша, лоақал, ёмонлик қилмагин, деган гапни унчалар ҳикматга йўйгинг келмай қоларкан. Менимча, хоҳи одам, хоҳи жонивор, хоҳи ўсимлик бўлсин – уларнинг ҳеч бирига зараринг тегмаслигининг ўзи етарли эмас. Кимки бунга қўшилмабди, малол оладими-йўқми, унга ошналарча очиқ айтақолай – агар, атрофингдагиларга бирор яхшиликни соғиниш қўлингдан келмаса, кўчани нимага банд қилиб юрибсан?!

Қисқагина қўшимча

Бу ишларнинг бўлиб ўтганига икки йилдан ошди. Эсим анча қуюлди, энди тугалай бошқа одамман. Бошқачаман-у, яширмай айтсам, бирда-бирда олдинги Мўттивойни соғингандан соғиниб кетаман.
Кечган давр ичида қанча-қанча нарса ўзгарди. Энг қувонарлиси – дадам бутунлай уйга қайтиб, туманимиздаги ичимлик сув қазувчилар идорасига жойлашиб олди. Кўп ўтмай, Ғилмир зиқнага ўхшаганларни доғда қолдириб, Момогул қандолатчи билан турмуш қурди. Эр-хотиннинг пули битта сандиқда йиғилди-ю, гузардаги қизил соябон ўрнида тепасига “Сўрғилдириқ” деб ёзилган ойнаванд дўконча қад кўтарди. Кейин қарабсизки, сингиллик ҳам бўлволдим. Ёнидагиларга зийрак қиялаб, мийиғида кулиб туриши билан очиқюз бувигинамга тортган бу қизалоқ шунақаям чиройлики, шунақаям ширинки!
Отақул тоғам хазина топиб олганидан хабардорсиз. Қонунга кўра, давлатга топширилган хазинага баҳо қўйилиб, уни топган одамга шу қимматнинг бир қисми тўланар экан. Тоғам бойиб кетиб, қир этагида янгитдан яралган Намунавий қишлоқдаги қўшқават уйлардан бирини сотиб олди. Хотини, болалари яна бағрини тўлдирди. Гоҳо уларни “Ласетти” машинасига ўтқазволиб, бизникига кептуради.
Бу орада опоғотамниям ҳужраси ёришди. Унга анчадан бери ёстиқдош тополмай юришувди. Отақул тоғамнинг ўн бир яшарлик кенжа қизи интернетдаги “Болалар сайти”га кириб, олтмиш беш ёшли бувасининг феъл-атвори, яшаш шароити, илгари агроном бўлгани, ҳозирда томорқасини анорзорга айлантириб олганини таърифлаб ўтгач, унга мос аёл ахтаришаётганини айтиб, тенгқурлари билан мулоқот қила бошлабди.
Охири, бешинчида ўқийдиган шаҳарлик боланинг қирқ олтига борган боши очиқ онаси маъқул тушиб, “келин-куёв”ни учраштиришибди. Шу зайл, опоғотамнинг хонадонига шаҳарлик она-бола келиб қўшилди. Аёл қўли гул соч турмакловчилардан экан, қишлоқда хотин-қизлар пардозхонасини очди.
Учинчи синфдалигидаёқ “Мулла Алгоритм” лақабини олган Парпивой ошнам туман, вилоят, республика босқичларини енгил-елпи пийпалаб, ёш математикларнинг чет элда ташкилланган халқаро олимпиадасида ҳам ғолиб бўлди.
Одамнинг ачинишини қўзитиб, кўчада баъзан Алдар Холдор йўлиқиб қолади. Репертуарида ҳалиям ўша биттаю битта қўшиқ:

Салимжоннинг товуғи бор,
Олачипор қаноти.
Салимжоннинг шу товуқ деб,
Мақтаниши ғалатиии.
Қақа қақ-қақ, қақа қақ-қақ,
Қуқу қуқ-қу, қуқу қууууу…

Яна айтсам, Раҳимбой фермер қаҳрамонлик унвонини олди; хотини бир сават тухум кўтариб, қизчаси елкага жўжа қўндириб, ўзи товуқларга дон сепиб туриб тушган сурати рангли журналда босилган Мўсақўзи товуқбоқарнинг паррандалари уч мингтадан ошди; Ғулом ошпазнинг аёли олтита қиздан кейин эгизак ўғил туғди; шарттаки Маҳай хўрозбоз невара кўргач, бирдан сиполаниб, намоз ўқишга ўтди; Тўлан тўлпоқнинг ўғли ҳарбий билим юртининг курсантига айланди; сартарошимиз Барака маъраканинг ўртанчаси Сангин тардирчининг қизига уйланганидан сўнг, эгасига ўхшаб Ҳангирштейн ҳам маҳалламизда бегонасирамай юрадиган бўлди; Тошпўлат мерган чўпонларнинг бошига қишин-ёзин ташвиш солаётган чиябўриларни қийратишдаги хизматлари эвазига овчилар жамияти томонидан дурбинли милтиқ билан тақдирланди; қўчқоримизга суқланишдан тийилиб қолган Қирон қассоб суякни тезу тоза ғажишда қаторасига ўн учинчи бор чойхона чемпионлигини қўлга киритди; қаттиқ ҳайиқув боис мўлжалдагидан олдинроқ туғиб қўйган Жамила опанинг ўғилчаси жавондан секингина попукқанд ўмарадиган ёшга борди; товуқхўр тулкининг халоскориман, деб мақтанса-да, кучук ўғирлаб уятли иш қилганини айтишга мардлиги етмаётган Қулқул Даведивич айби фош этилишидан ҳали-ҳануз қўрқиб яшаётгани аниқ…
Жониворлар оламидаги қадрдонларимдан саналмиш Оқчопон ҳозирда хусусий итялоққа хўжайинланиб, кексайган чоғи, ниҳоят, бизникида қўним топди; сузағон Хўппакалла бошчилигидаги қўйларимизни яйловчага ўзи ҳайдаб чиқиб, ўзи қайтариб келади; бувим уни алқагани алқаган. Қароқчиликни ташлаб, тандир остидаги кулхонада Қорабека билан апоқ-чапоқланиб яшаётган Пихпих Чандр аллақачон невара-чеварали бўлди. “Самурай” туфайли товуқхонада жўжахўрозларнинг ўта уришқоқ тури урчиб бораётганмиш. Танноз Оламош болаларсиз ҳувиллаб ётган бефайз хонадонни бутунлай тарк этиб, менинг кўмагимда Санақул тоғамнинг уйига ўрнашиб олганича, унинг эмак­лағич ўғлига тирик ўйинчоқ бўлиб, кунлари мароқлидан мароқли кечяпти…
Ўзимга келсак, доимий одамлик мақомига эришганимдан кейиноқ, вилоятдаги спорт мактаби талабаларининг қаторига бориб қўшилган эдим. Спортчи шерикларим билан шу ерда ўқиб, шу ерда яшаб, шу ерда машқ қилиб, кун сайин пайимиз пишяпти. Жа қўмсаниб кетсак, уйга боришимизга дам олиш кунидагина ижозат беришади.
Болаларнинг кўпчилиги тез оммалашаётган футбол, бокс, кураш бўлимларига ёпишволган бўлса, мен камончиликни танладим. Ахир, бу афсонавий қуролни олти ёшимдан бери қўлдан қўймай келаман-а! Қани, биров менга тенглашиб кўрсин-чи!
Яна гупиришни бошладингми, деманг. Чиппа-чин гапираётганимга асосларим етарли – иккита бронза, битта кумуш, тўртта олтин медалим бор. Тўртинчи олтинни ўсмирлар ўртасида бундан икки ойча илгари хорижда ўтказилган Осиё биринчилигида олдим.
Кетма-кет ютуқларга эришувимда мураб­бийларимга ўжарлана-ўжарлана, ўзимга азалдан қулай бўлган ўзбекона камоннинг сал замонавийлашган хилини маҳаллий усталар кўмагида ясаб олганим ниҳоятда қўл келди; қаерга бормай, тамоман бошқача кўринишдаги бу қуролни рақиб­ларим қизиқиб-қизиқиб томоша қилади. Шундан билингки, тушунарсиз янгига эргашгандан кўра тушунарли эскини пишитган яхши.
Биламан, ётларга қандай қавмданлигимни кўрсатиб юравериш, биринчи ўринда, ўзимнинг уринчоқлигимга боғлиқ. Бувим манглайимга бармоғини ниқтаб тайинлаганидек, бундан бу ёғигаям асти бўш келмаслигим керак. Оламда тенги йўқ Алпомишимиз қалмиқ элидан нариламаган бўлса, энди мен елкамга уникига ўхшаш камонни илволиб, бутун Ер кезғичини айланиб чиқаман, чамаси…
Кучукликдан қутулганимдан буён икки йил ўтибдики, айрим мазахсеварларга кулки бўлишдан, мени ашаддий лофчига, ҳатто овсарга чиқариб қўйишларидан чўчиб, ушбу ғаройиб кечинмаларимни ҳеч кимга гулламай юрувдим. Охири, ўйлаб-ўйлаб, айтмасам бўлмайди, деган тўхтамга келдим-у, мана, барини оқизмай-томизмай сўйлаб бердим. Чунки, шу баҳонада, у тенгдошимми, мендан каттароқ ёки кичик­роқми, танишми, нотанишми – ҳамма-ҳамма болани қўрқинчли бир хатардан вақтида огоҳ қилиб қўймасам, ўз элатдошларимга ёмонлик тилаётганга ўхшаб кўриняпман.
Қисқаси, болаларга чикитмагунча кўнглим тинчимайдиган учтагина ўгитим бор: қарғиш эшитишдан жуда эҳтиёт бўлинг, қарғиш эшитишдан жудаям эҳтиёт бўлинг, қарғиш эшитишдан жуууда-жуда эҳтиёт бўлинг…
Энди бас қилай. Ўтган ишларни эслаб-эслаб, гапириб-гапириб, тилим тугул, бошим ҳам чарчагандан чарчаб кетди. Тўйиб-тўйиб ухламасам бўлмайди, шекилли. Балки, бу гал роса узоқ ухларман…

Тошкент, 2015 йил.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 1-2-сонлар