Бўлмасам-чи, бу воқеалар юз бермасидан илгарироқ ҳам уни эшитгандим. Болалигингда эслаб юришга арзимайдиган ҳар хил майда-чуйда ҳодисалар кўп содир бўлар экан, то жиддий бир зарурат туғилмагунча улар ҳақида ортиқча ўйлаб ўтиришни лозим кўрмайсан ҳам. Аслини олганда бизнинг болалигимиз – ҳаётнинг бебаҳо муқаддимаси – мана шунақа кичкина ҳақиқатларни кашф этишдан иборат. Бирига эзиласан, бирига қувонасан. Ҳаммаси ўша нарсадан нима кутганингга, ҳаётни қандай тасаввур қилишингга боғлиқ. Мен илк бор инкишоф этган иккита ҳақиқат ҳануз эсимда: бири Санта Клауснинг ростакам эмаслигини билиб қолганим, иккинчиси, тунда ташриф буюрадиган одам – Тунги Одамнинг чин эканлиги. Биринчисидан кейин дилим қаттиқ оғриган бўлса, иккинчиси бунинг аламини унутишга ёрдам берган ва юрагимда тўғрилик ҳамда эзгулик инсон ҳаётида барибир тантана қилишига бўлган ишонч-эътиқодни уйғотган эди. Бу туйғу ҳамон жозибасини йўқотмаган.
Ўша кезлари мен ёш бола эдим, ҳатто неча ёшдалигимни эслолмайман. Янглишмасам, онамнинг назорати остида катта хонада бир неча ҳафта ётиб соғайгач, мени яна шинамгина болалар хонасига энди кўчириб ўтказишган эди. Бу ерда бир дераза бўлиб, мен ўша орқали чинакам австралияликлар хонадонига муносиб қурилган ҳайҳотдек айвонни томоша қилиб ётардим: юрганда аллазамонлар қоқилган поли ғашингни келтиргудек ғирчиллар, пол тахталари чириб кетган, устунларнинг бўёғи эса кўчиб, ола-пес ҳолга келганди. Равонни олд тарафдан гуркираб ўсган печакгул тўсиб турар, бироқ равон қуёшга қараб қурилгани туфайли эрталабданоқ кун тикка тушиб қиздира бошларди. Қачон қараманг ясмин, карнайгул, атиргул ҳамда печакгулнинг гулбарглари тўкилган бўлар – ҳали битта барг тушиб улгурмай, орқасидан бошқаси тўкила бошларди. Мен ётган каравот шундоққина деразанинг ёнгинасида. Қачон қараманг қуёшнинг ола-чалпоқ шуълаларида девор рангидаги калтакесаклар судралиб юришларини томоша қилиб ётардим. Уларнинг типир-типир югуришларидан айвон зинасига тегай деб осилиб ётган шохлардаги ғарқ пишган маржондек меваларни чўқилаётган чуғурчуқ ва читтаклар ҳуркиб учиб кетарди.
Бизникида қора ирланд сеттери бўлиб, мен билан жуда иноқ, яқин жўрамдек яшарди. Эрталаб отам ечиб юборди дегунча ғизиллаб келар, гўё ўз ўрнимда ётганимни кўриб ишонч ҳосил қилиш учун терлаган катта тумшуғини деразанинг рафига суқиб турарди. Сўнг кун ботгунга қадар дераза остида ётар ва мен ётган каравотнинг зиғирча ғичирлашига қулоғи динг бўлиб, думини ликиллатганча сергак тортиб турарди.
Нақадар ажойиб кунлар эди! Айниқса, Тунги Одамнинг ташрифи бу ҳаётга алоҳида мазмун бахш этарди. Мен кун бўйи ухлаб, дам олиб ётганим учунми, тиқ этса, уйғониб кетардим. Очиғи, бир лаҳзага кўзларини мошдек очиб, уйқу аралаш бир нималар, дея минғирлай-минғирлай, яна пинакка кетган чақалоққа ўхшаб уйғонардим. Бир-икки кундан кейин, уйғониб кетсам бўлди, нуқул битта нарса – кечаси шиқир-шиқир қилаётган товушлар ҳақида ўйлаётганимни сезиб қолдим. Чиндан ҳам нимайкин у? Кундузи ҳам хаёлимдан ўтади бу, кечаси ётиш олдидан ҳам. Мен буни ҳеч кимга айтмадим, нима қиламан – қўрқишга қўрқмасам, фақат билишга қизиқсам. Лекин ухлашга ётдим дегунча бу ҳақда ўйга толишимнинг ўзи ўзим англамаган ҳолда тунги товушларни кутаётганимдан дарак берарди.
Ўшанда мен бутунлай соғайиб кетгандим, соғлом болани эса оний шовқин бир лаҳзага уйғотиб юбориши мумкин, холос. Бироқ эртасига эрталаб гап нимада эканлигининг тагига етдим. Тонгга яқин ойнадан қараб айвон зинасининг юқори поғонасида сирланган кўк сут идишини кўрдиму, ҳаммасини тушундим-қўйдим. Ўша лаҳзалардан эътиборан тунги товушлар сирли жозибасини йўқотди ва унинг ўрнини шууримда Тунда ташриф буюраётган одам эгаллади. Шу тариқа унинг махфийлигидан асар қолмади, балки энди мен учун у қизиқарли саргузаштга айланди.
Мен бу хусусда ҳеч кимга оғиз очмадим. Зеро, ўша кезлари кўп нарсалардан кўнглим қолиб кетган ва тасаввуримнинг нодир бойлиги бўлган ширин хаёллардан жудо бўлгандим. Энг ёмони катталар доим рост гапиришади, деган ақидага ишончим қолмади. Санта Клаус ҳақидаги гапларнинг миси чиқди. Бу оламшумул инқироз юз бераётган даврда, Санта Клауслар олти пенсга ёлланиб, баққоллар дўкончасида турадиган бўлгандан кейин бошланди. Ўша йиллари кўпчилик болалар сувтекин ўйинчоқлар сотиб олишга ҳам қийналиб юришганда, Исо таваллуди айёмида мана шунақа ўйинчоқларни тарқатувчи сеҳргарлар кўпайиб кетганди. Ҳаттоки, ёш бола бўлатуриб мен ҳам иягига оппоқ ва момиқ пахта соқоллар ёпиштириб олганларнинг қонсиз, эти қочган юзлари билан қизил духоба иштонларининг почалари ғайритабиий кўринишини сезардим.
Тунги Меҳмон ким эканлигини ўзим топишга аҳд қилдим. Мен, табиийки, сут осмондан челаклаб қуйилмаслигини билардим, демак, у қай жиҳати биландир “сут сотувчига” алоқадор. Бироқ сут сотувчи менга оддийгина сўзни англатади; ҳали уни одам қиёфасида тасаввур қилиб кўриш тугул, ўзи қанақалиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлсам. Лекин бунақа товушлар бекордан-бекорга чиқмайди, сут ўзидан-ўзи сут идишга повуллаб қуйилмайди-ю, провардида, ярим кечаси айнан нима учун уйғониб кетаётганимнинг сабабини англаб етдим ва шу тариқа “Сут сотувчи” ким эканлигини топишга қатъий қарор қилдим.
Дастлаб, кечаси ухламасдан кутмоқчи бўлдим, лекин унинг уддасидан чиқолмаслигимга кўзим етди. Шунда “ўша одам” келган заҳоти уйғонишга ҳаракат қилмоқчи бўлдим. Шу йўл маъқулроқ кўринди-ю, тайёргарлик кўриб ётдим. Сут идишининг оҳиста сурилган товуши эшитилган заҳоти сапчиб туриб, каравотда оёғимни узатиб ўтирганимда ҳали тонг отишига анча бор эди. Дераза очиқ эди, лекин шунга қарамай деразанинг бир тавақаси айвоннинг деярли ярмини тўсиб қўйгани учун менга ҳеч нарса кўринмади. Лекин ҳар хил товушлар туфайли унинг ҳар битта ҳаракатини илғардим. Мана “у” сут идиш қопқоғини очди, уни яқинроқ деб айвонга қўйди, катта сирли челакдан етти марта чўмичда олиб, шунча марта сут идишга қуйди, унинг қопқоғини ёпди, чўмични илиб қўйди, челакнинг қопқоғини зичлаб чиқиб кетди. Унинг боғ йўлкасидан шипиллаб кетаётгани, эшикнинг секингина ёпилгани эшитилди, сўнг от жойидан қўзғалиб, арава йўлга тушди.
Биринчи кеча бўлгани учун айрим нарсаларни илғаб олишнинг иложи бўлмади. Лекин уч кечадан кейин унинг яна нималар қилаётганини ўрганиб чиқдим. Бу ҳам энди сеҳргар эмас, оддий одам боласи эканлиги маълум бўлди. От-аравали одам. Баъзан оти билан “гаплашиб қўяди”. Отининг номи бор – Қашқа. Ҳам кулгули, ҳам беозоргина, яхши топган, худди итимизнинг номига ўхшайди – Бадқовоқ. У кетгандан кейин мен Тунги Одам билан Қашқанинг кўринишини кўз олдимга келтиришга ҳаракат қилиб ётардим. Менга сут идишга қуйилаётгандаги сутнинг шалоплаши жудаям ёқарди. Мен унинг кўча эшик олдига боргунча нечта қадам ташлашини санаб чиққандим, кўчамизда яна кимнинг дарвозаси олдида тўхташини топишга ҳаракат қилардим. У доим, ҳали тонг отмасиданоқ келарди; кўпинча мен яна иккинчи қайта ухлаб қолганимда кун энди-энди ёриша бошларди. Кунларнинг бирида одатдагидан кечроқ келганида қувончдан чапак чалиб юбораёздим: ҳар ҳолда ўзини бўлмаса ҳам қорасини кўриш насиб этди. Бахтга қарши сут солинган идишни доим соябон устуннинг остига қўйишгани туфайли у зинадан чиқмасаям бўларди: зинанинг қуйи поғонасидан ҳам бўйи бемалол етарди. Эндигина тонг ёриша бошлади, лекин унинг бидонни кўтариб жойига қўяётгани ва қопқоғини ёпаётганидаги қўлларига кўзим тушди. Унинг қўллари катта ёки кичик, оқиш ёки сарғиш эди, деб айтолмайман, лекин у қўлмисан қўл эди. Бу қўллар унинг борлигидан огоҳ қиларди. Муҳими шунда! Мен ҳатто лоақал бир марта бўлсин, кечроқ тонг отса-ю, яна бир нималарни кўриб қолсам эди, дея илтижо қилишга тайёр эдим.
Тунги Одам ҳар доим бир хил пайтда келмаслиги хаёлимдан бутунлай кўтарилиб кетибди. У қачон келиши лозимлигини яхши билар ва бу интизомга қатъий риоя қиларди. Нима жин уриб унинг аниқ бир вақтда келишига гумонсираб юрибман?! У ташриф буюрган чоғда қулоғимга чалинадиган товушлар ҳамиша бир хил бўлар ва навбати ҳам бузилмасди. Сутнинг шалоплаб қуйилиши-ю, кўча эшигига довур босилган қадамнинг сонигача ўзгармасди. Ҳатто жала қуяётганда ҳам.
Дарвоқе, ўша кечаси менинг тинчим йўқолди. Чунки шаррос қуяётган ёмғир одатдаги тартиб-интизомга риоя қилишга халал бериши мумкин. Бироқ Тунги Одам ўз вақтида келди-ю, мен унга қойил қолганимдан ва унинг одамлар ишончини оқлаётганидан қичқириб юбораёздим. У мен учун қаҳрамонга айланди. Одамлар доим мисол қилиб келтиришадиган, чарчамайдиган Санта Клаус ва бошқа ҳар қандай сеҳргарлардан у афзалроқ эди. У ҳеч қачон ҳафсалангни пир қилмайди. Ундан бошқа ҳамма нарса тугаши, ғойиб бўлиши ва ўзгариши мумкин, бироқ Тунги Одам умрбод ўзгармайди.
У болалик ҳаётимнинг шамчироғи эди. Кун бўйи у ҳақда хаёл қилсам, кечаси унга ўхшашни орзу қилиб уйқуга кетардим. У билан Қашқа доимий қадрдонларим эди. У кўз олдимда ҳамиша ғаройиб, безатилган аравада савлат тўкиб ўтирган истараси иссиқ улкан одам сифатида гавдаланарди. У илгари айвон зинасининг биринчи пиллапоясига қадам қўйганида қандоқ уйғонсам, кейинчалик эшикни очиб, йўлкадан юриб кетишидан аввалроқ уйғонишга ўргандим. Охир-оқибат, ҳар куни Қашқа катта кўчада тарақа-туруқ қилиб келишини кутиб, интизор бўлиб ўтирадиган одат чиқардим.
Ниҳоят, мен Худодан илтижо қилиб сўраган кун келди-ю, фалакда катта ўзгариш юз берди. Қуёш ҳам одатдагидек барвақт чиқмади, ой билан юлдузлар ҳам ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишга ошиқмади. Натижада, Тунги Одам чошгоҳдан кейин келди. Ҳозир унга нима бўлганини аниқлашим мумкин, эҳтимол, тоби бўлмагандир ёки кўнгилсиз воқеа юз бердими, балки фарзанд кўргандир, бироқ ўша пайтда бунақа сабаблар мени қониқтиролмасди. Гап нима бўлганлиги ҳақида ҳам эмас. У кундузи келди – тамом-вассалом, менга бошқасининг аҳамияти йўқ.
Мен уни жуда узоқ кутдим, кутавериб кўзларим тўрт бўлди. Қашқанинг туёқлари садосини эшитиб, ўрнимдан сакраб турганимда, юрагим қинидан чиққудек патирларди. Бунақа тонг ҳар куни отавермайди! Тезроқ ўриндан туриш керак! Менинг биринчи уйғонишим эмасди ўша куни. Бир гал кўзимни очиб ташқаридан хабар олдим – сут идиш бўм-бўш эди, ўша лаҳзалардан кейин юрагимда ғужғон ўйнаган қарама-қарши туйғулар: умуман келмайди, деган қўрқув, иккинчи томондан келса-ю, кўролмай қолсам, деган хавотир юрак-бағримни эзиб юборди.
Бахтимга ҳаммаси кўнгилдагидек бўлди. Менинг хонамдан ошхонага олиб борадиган йўлакка чиқса бўларди. Ўша йўлак орқали бутун уйни босиб ўтишимга тўғри келди, орқа томондаги айвон бўйлаб уйни айланиб ўтдим-да, ҳовлига тушдим. Оёқяланг, сарпойчан ўша ёққа – Тунги Одам келган томон ошиқардим, серқуёш кун бўлгани учун салқинни сезмадим, йўлка ҳам қуруқ, намгарчилик йўқ. Шамолдай елиб ёнидан ўтиб кетган маҳалим итнинг инини ағдариб юборай деди, бироқ мен унга қайрилиб қарамадим. Бунақа югуришимнинг сабаби бор эди, агар шу тахлитда югурсам, олд томондаги пешайвон ёнида Тунги Одамга дуч келаман, бироқ унда боғдаги дарахтлар ортида турган отга етолмай қоламан. Мен отни кўриш иштёқида эдим, бунақа Қашқа йўрғани ҳали кўрмаган эдим-да.
Ишини тезгина бажарадиган йигит негадир бу сафар бироз пайсалланди. Мен уй атрофини айланиб чиққанимда у бидонни тўлдиришга улгурган эди. Лекин мен ундан олдинроқ кўча эшикка етиб бордим. Ана ўша ерда Тунги Одам билан юзма-юз келдим.
Уни кўрдиму, ич-ичимдан хурсанд бўлиб қўйдим; негаки ихлосим қайтмади, аксинча, у истарали, бунинг устига норғул, навқирон эди, бош кийими йўқлиги учун узун сарғиш сочлари буғдой бошоқларидек шамолда мавжланарди. У жилмайиб менга қаради. Ҳаммаси мен тасаввур қилгандек. Мен унга бир нималар демоқчи бўлар эдиму, бироқ энтикканимдан гапиролмасдим, худди ўпкам шишиб кетаётганга ўхшарди. Аммо унинг ўзи бирдан гап бошлади. У ҳатто гапиратуриб билагимдан ушлаб қўйди. Мен унинг ўтиб кетишига халал бермаслик учун йўлка ёқалаб экилган чимда турардим. Лекин у тўхтади-да, қадоқли, офтобда қорайган қўлини узатди ва сочларимни тўзитиб, кулимсиради. Эшиккача илк бор йигирматадан кўпроқ қадам босишига тўғри келганди.
– Оббо шунқор-ей, қалайсан! – деди у менга.
“Шунқор!” У ҳатто менга исм ҳам топиб қўйганини-чи! Табассуми одамни эритиб юборади-я! Меҳрибонлик билан сочларимни силаб қўйганини айтинг. “Шунқор, чакки эмас!”
Ҳаммаси худди кутганимдек эди. Ҳатто ажи-бужи бўялган арава билан ҳеч ким ниқтамаган бўлса-да секин жойидан қўзғалган от ҳам бинойидек. Фақат, у Қашқа эмас, туклари тўкилиб кетмаган. Бу ҳам ўзига яраша бир каромат, агар от Қашқа бўлганида эди, очиғини айтганда, менга унчалик ёқмаган бўларди.
Ўша куни мен тирик одам билан чинакам ҳаёт афсона ва эртаклардаги сеҳргар қаҳрамонлардан кўра гўзалроқ бўлажагини бир умрга англаб етдим.
Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 6-сон