Чаналарнинг ғижирлаши тинмас, олдинги сафда бораётган итларга тақилган қўнғироқчалар жирингларди; лекин итлар ҳам, одамлар ҳам жуда чарчаганлар, шу сабабдан индамай борардилар. Улар узоқдан келишарди, яқинда ёққан қордан кейин эса ҳали йўл очилмаганди, музлаган бyғy гўшти ортилган чаналар юмшоқ қордан зўрға судралиб борар ва тинимсиз орқага тортарди. Қоронғу тушиб келаверди, лекин йўловчилар бу кеча тунашга тўхтамоқчи эмаслар. Сокин ҳавода қop уриб турарди, аммо у йирик эмас, майдалаб ёғиб турарди, кун деярли илиқ, бор-йўғи ўн даражагина совуқ эди. Майрес билан Беттлз қулоқчинларини кўтариб олдилар, Мэйлмют Кид эса ҳатто қўлқопини ҳaм ечиб қўйди.
Итлар туш пайтидаёқ чарчаб қолишган эди, лекин ҳозир, нечукдир, янгидан кучга кириб кетишди. Итларнинг энг сезгирлари аллақандай чидамсизлик кўрсата бошладилар: улар тоқатсизлик билан чана қайишларини силтаб тортар, ҳавони ҳидлар, қулоқларини динг қилар эдилар. Улар ўзларининг бепарво биродарларидан хуноб бўлар ва уларнинг opқa оёқларидан тишлаб, тезроқ юришга ундар эдилар. Булари ҳам ўз навбатида безовта бўлиб қолишар ва худди шу тарзда олдиндагиларини қистар эди. Ниҳоят олдинги чанага қўшилган етакчи ит шодлик билан вангиллаб юборди-да, илдамроқ ҳаракат қилиб, олдинга интилди. Қолганлари унинг орқасидан эргашдилар. Қайишлар таранг тортилди, чаналар тезроқ юриб кетди. Одамлар эса чана ёғочларига ёпишиб, орқадан тез келаётган чаналар остида қолмаслик учун қадамларини тезлатдилар. Кундузги чарчоқдан асар ҳам қолмади. Одамлар ҳай-ҳайлашиб итларга далда берардилар, итлар эса бунга қувончли вовиллаш билан жавоб қайтариб, қуюқлашиб бораётган қоронғуликда жон куйдириб югурардилар. Чаналар издан чиқиб, худди шамол кучи билан бир томонга оғиб кетаётган кема сингари қийшайиб, ағдарилай деганда одамлар:
– Ҳай-ҳай! – деб бараварига ҳай-ҳайлашардилар.
Мана, ёғли қоғоз ёпиштирилган деразасидан ёруғ тушиб турган иссиқ уй, ўт ёниб турган ўчоқ ҳамда қайнаб турган чой яқинлигидан дарак бераётган уйга етишларига бор-йўғи юз ярдча қолди. Лекин уй банд экан. Элликтача эскимос итлари вовиллашиб, олдинги чаналарга қўшилган итларга ташландилар. Эшик катта очилиб, уйдан шимол-ғарб полисменлари киядиган қизил мундирли бир киши чиқди. У тиззадан қopгa ботиб, жиғибийрони чиққан итлар орасига кирди-да, совуққонлик билан қамчи дастасини ишга солиб, дарров тартиб ўрнатди. Кейин эркаклар қўл бериб кўришдилар, шундай бўлиб чиқдики, Мeйлмют Кидни ўз уйида бегона бир одам меҳмондек кутиб олди.
Уни қарши олиши, уйни иситиб, чой қайнатиб қўйиши керак бўлган Стэнли Принс меҳмонлар билан банд эди, улар ўн-ўн икки киши бўлиб, ҳар хил одамлар эди — аммо ҳаммалари ҳам қиролича хизматидаги кишилар эди: баъзилари қиролича қонунларини ҳимоя қилувчилар бўлиб, баъзилари эса почтальон ва курьер вазифаларини адо этувчилар сифатида хизмат қилардилар. Улар ҳар хил миллатдан эдилар, лекин кечирган турмуш шароитлари уларни маълум бир турдаги одамлар гуруҳига — озғин, чидамли, чайир, юзлари қуёшда қорайган, қарашлари мулойим, табиатлари юмшоқ кишиларга айлантириб юборган эди. Бу одамлар қироличанинг итлари қўшилган чаналарда юрардилар, қироличанинг душманлари юрагига қўрқинч солардилар ва қиролича инъом этган озгина хайр-саховат билан тирикчилик қилардилар-у, ўз турмушларидан зорланмасдилар.
Улар кўпни кўрган, қаҳрамонликлар кўрсатган, ҳаётлари ҳар хил ажойиб саргузаштларга тўла эди-ю, лекин буни ўзлари сезмасдилар. Улар бу ерда ўзларини ўз уйидагидек эркин тутардилар. Улардан иккитаси Мэйлмют Киднинг каравотига чўзилиб олиб, бу ерга энг олдин келган ва ҳинду қизларига уйланган француз ота-боболари айтиб юрган ашулалардан айтмоқда эдилар. Беттлзнинг каравотига ҳам учтами-тўртта voyageuгs* чиқиб олибди, улар оёқларини кўрпа остига олиб, Хартум қамали вақтида Вулзли қўмондонлиги остида хизмат қилган бир ўртоқларининг ҳикоясини тингламоқда эдилар.
У сўзини тугатгандан кейин ковбойлардан бири Буффало Билл билан бирга Европа пойтахтларига саёҳат қилган вақтларида кўрган сарой ҳаёти, қироллар ва қасрлар, лордлар ва хонимлар ҳақида ҳикоя қилиб кетди. Уйнинг бурчагида икки метис жабдуқларни ямар эканлар, ўзаро ғарб-шимолни қўзғолон алангаси қоплаган ва Луи Риель қирол бўлган замонларни эслаб, гурунглашиб ўтирадилар.
Тез-тез дағал ҳазил-ҳузил гаплар ва аскиянамо қoчириқлар эшитилиб турар; қуруқлик ва денгизда юз берган ажойиб саргузаштларни кунда бўлиб турадиган оддий нарсалардек ҳикоя қилардилар, ўшанда ҳам бирор ўткир сўз ёки кулгили ҳодисани эслаш учунгина сўзлаб берардилар. Ажойиб ҳодисаларнинг жонли шоҳиди бўлган, лекин буюк ва романтик воқеаларга ҳаётнинг оддий ҳодисаси деб қарайдиган бу донғи чиқмаган қаҳрамонларга Принс жуда қизиқиб қолган эди. Ҳаддан ташқари хотамтойлиги тутиб кетган Принс ўзининг жуда ўлчоқли тамакисини аямади, унинг бу сахийлиги эвазига хотиранинг занглаган чигал занжирлари ечилиб, аллақачон ёддан кўтарилиб кетган одиссеяларга жон кира бошлади.
Ҳамма гаплар тамом бўлиб, йўловчилар сўнгги марта трубкаларига тамаки тўлдириб, юнг қопларини ёза бошлаганларида, Принс изоҳ сўраб, ўз дўстига мурожаат қилди:
– Ковбойнинг қандай одам бўлишини ўзинг ҳам биласан, – деб жавоб берди Мэйлмют Кид, мокасинини еча туриб, – каравотда бирга ётган ўртоғининг томирларида эса инглиз қони оқаётгани сезилиб турибди.
Қолганларига келсак, уларнинг ҳаммаси couzeuzsdu boisларнинг* авлодлари, уларнинг қони, Худо билсин, яна қандай қон билан қўшилиб кетган экан. Эшик олдида турган анави иккитаси ҳақиқий bois bzules*. Бўйнига шарф ўраган анави йигитнинг онаси турган, тутун босган вигвамида қачонлардир шотландиялик йигит меҳмон бўлгани кўриниб турибди, унинг қошлари билан пастки жағига эътибор қил. Шинелини бошига ёстиқ қилиб олаётган мана бу чиройли йигит француз метиси. Гапирганда талаффузига эътибор бердингми? Ёнида ётган анави ҳиндуларни унча назарига илмай қарайди. Мен сенга айтсам, метислар Риель бошчилигида қўзғолон кўтарганларида, асл ҳиндулар уларга кўмак бермадилар. Ўшандан бери булар бир-бирларини ёқтирмайдилар.
– Хўш, печка олдидаги анави қовоғи солиқ ким? У инглиз тилини билмайди шекилли, шу вақтгача ҳатто оғзини ҳам очгани йўқ.
– Янглишдинг. У инглиз тилини жуда яхши билади. Гапга қулоқ солганида кўзларига қарадингми? Мен қaраб турдим. Лекин мана бу ўтирганларнинг ҳаммасига ҳам ёт бўлса керак. Гап шеваларда бўлганда, у тушунмагани билинди. Унинг кимлигини ўзим ҳам билолмай турибман. Кел, билишга ҳаракат қилиб кўрамиз… Печкaгa иккита ўтин ташлаб қўйсанг-чи, – деди у, баланд овоз билан нотаниш йигитнинг кўзига тикилиб туриб.
Йигит дарҳол буйруқни бажо этишга киришди.
– Уни қаердадир интизомга ўргатиб қўйганлар, – деб қўйди Принс оҳиста.
Мэйлмют Кид буни тасдиқлаб бош ирғитди, кейин пайпоғини ечди-да, ерда ётган одамлар орасидан ўтиб, печкага қараб юрди. У печка атрофига ёйиб қўйилган ўнлаб пайпоқлар қаторига ўзиникини ҳам ёйиб қўйди.
– Доусонга қачон етиб бормоқчисиз? – деб таваккалига сўради у йигитдан.
Нотаниш йигит бошида унга диққат билан тикилиб қаради-да, кейин жавоб берди:
– Айтишларига қараганда, ҳали етмиш мил йўл бор эмиш. Шундайми? Яна икки кундан кейин борсак керак.
У сезилар-сезилмас акцент билан, лекин қийналмай, сўз ахтариб ўтирмай гапирарди.
– Сиз бу томонларга илгари келганмидингиз?
– Йўқ.
– Ғарб-шимол томонданмисиз?
– Ҳа.
– Ўша ерликмисиз?
– Йўқ.
– Ундай бўлса, қаерда туғилгансиз, ахир? Булардан эмаслигингиз кўриниб турибди, – деб Кид қўли билан ит ҳайдовчиларни ва Принснинг кўрпасига кириб ётган иккита полисменни кўрсатди. – Қаёқдан келгансиз? Илгари сизга ўхшаган одамни кўрганман, лекин қаерда кўрганим эсимда йўқ.
– Мен сизни танийман, – деб қолди бирдан нотаниш йигит, пайдар-пай берилаётган саволларни кесиб.
– Қаёқдан танийсиз? Илгари учратганмидингиз мени?
– Йўқ. Лекин Пастиликада бир руҳоний сиз тўғрингизда гапириб берган эди. Бунга кўп вақтлар бўлди. У мендан Мэлмют Кидни танийсанми деб сўраган эди. У менга озиқ-овқат берди. Мен у ерда кўп турмадим. У сизга мен тўғримда гапириб бергандир?
– Ҳа, бундай денг. Сувсар терисини итга айирбошлаб юрган одам сизмидингиз?
Нотаниш йигит тасдиқ ишорасини қилди ва трубкасини қоқиб тозалади-да, гaп тамом деган деган маънода ўзининг жун одеялига ўралиб ётиб олди. Мэйлмют Кид чироқни ўчириб, Принс билан бирга одеялга кириб ётди.
– Қани, ким экан у?
– Билмайман. Гапимни шартта кесди-да, худди тошбақа сингари бошини яшириб олди. Аммо бу ғалати йигит. Мен бу йигит тўғрисида унча-мунча эшитганман. Бундан саккиз йил илгари у соҳилда яшовчиларнинг ҳаммасини ҳайрон қолдирди. Қизиқ бир жумбоққа ўхшайди, Худо ҳақи. Қаҳратон қиш пайтида у Шимол томондан келди ва худди орқасидан ёв қуваётгандай нимагадир шошиларди. Бу Беринг денгизи қирғоқларида, бу ердан минг миллаб узоқда эди. Унинг қаёқдан келганини ҳеч ким билмасди, ҳap ҳолда жуда узоқдан келган бўлса керак. Головин бухтасида у швед миссионеридан озиқ-овқат олган, шунда унинг кўриниши жуда аянчли, ўзи ғоят ҳолдан тойган экан. У жанубга борадиган йўлни сўраган, буни биз кейин билдик. Бухтадан у тўппа-тўғри Нортон бўғози орқали кетган. Об-ҳаво жуда ёмон эди, қop бўронлари, кучли шамоллар бўлиб турарди, у эса бунга парво ҳам қилмади. Бундай хавфли сафарда бўлганлар-нинг мингдан бири соғ қайтади. Саломат қайтган ана шу бўлган. У Сент Майкл фортига боролмаган, балки Пастилика ёнидаги қирғоққа етиб олган. Шу ерга етиб келганда ихтиёрида иккитагина ит қолган, ўзи эса очликдан ўлаёзган экан.
У йўлга чиқишга ошиқиб турган экан, Рубо ота озиқ-овқат берибди, лекин ота кетишига ит бермабди, чунки ўзи йўлга тушишга ҳозирланиб, менинг келишимни кутиб турган экан. Бу одам шимолда итсиз саёҳат қилиш қандай қийинлигини яхши билганидан бери неча кунгача йўлга чиқолмай жуда ташвиш тортган. Унинг чанасида яхши ийланган денгиз сувсарлари териси уюлиб ётган экан, бундай сувсар териси, билсанг, олтин баҳосида юради. Худди ўша вақтларда Пастиликада рус савдогари қиёфасидаги бир кекса Шейлок яшарди, унда итдан кўпи йўқ эди. Улар кўп савдолашиб ўтирмай, ишни битирибдилар-у, анави тентак яна жанубга қараб жўнаб кетибди. Унинг чанасини ўнтача жуда яхши ит тортиб кетибди, мистер Шейлок эса сувсар териларига хўжайин бўлиб қолибди. Ўша териларни ўзим кўрганман — жуда асл экан. Ҳисоблаб кўрсак, ҳар битта теридан Шейлок беш юз доллар фойда қилибди. Мистер Улисс терининг баҳосини билмайди деб ўйламай ҳам қўя қол, унинг ўзи ҳинду бўлса ҳам, гапидан oқлap орасида яшагани билиниб турибди.
Денгиз муздан тозалангандан кейин билсак, у Нунивак оролида экан, унда озиқ-овқат ғамлаётган экан. Кейин зим-зиё бўлиб кетди. Саккиз йилгача ундан дом-дарак бўлмади. У қаёқдан келдийкин, бу томонларга яна нима учун келдийкин? У — ҳинду; ҳозир қаерлардан келаётгани номаълум, лекин у интизомли одам экани сезилиб туради, бу эса ҳиндуга жуда ҳам хос бўлмаган бир хислат. Мана, Шимолнинг яна бир жумбоғи, қани, Принс, ечиб кўр-чи уни.
– Кўп раҳмат! Ўзимники ҳам бошимдан ошиб ётибди! – деб жавоб берди Принс.
Мэйлмют Кид хуррак ота бошлади, лекин ёш тоғ муҳандиси кўз юммай қуюқ қоронғуликка қараб ётар ва ўзини босган ҳаяжоннинг босилишини кутарди. Кейин у уйқуга кетди, лекин мияси ишлашда давом этди: хаёлида аллақандай поёнсиз қopли ўлкаларда адашиб юрди, узоқ сафарлар вақтида итлар билан ғоят оғир йўлларни босиб, қop довонларни ошди, тушида ҳақиқий одамларга хос ҳаёт билан яшаётган, меҳнат қилаётган вa дунёдан ўтаётган кишиларни кўриб чиқди.
Эртаси саҳар пайтида курьерлар вa полисменлар Доусонга жўнадилар. Қиролича жаноби олийларининг манфаатларини ҳимоя ва кичкина одамларнинг тақдирини ҳал қилувчи ҳукумат амалдорлари курьерларга дам олдириб қўймадилар. Бир ҳафтадан кейин улар оғир почта юклари ортган ҳолда яна Стюарт дарёси соҳилларида пайдо бўлиб қолдилар. Бу юкларни улар Шўрсувга етказишлари керак эди. Тўғри, итлар янгиланган, лекин одамлар ўша-ку.
Одамлар озгина бўлса ҳам дам олишни орзу қилардилар. Бундан ташқари Клондайк Шимолдаги янги марказ эди, одамлар олтин сувдек оқадиган ва танца залларида тўхтовсиз ўйин-кулги бўладиган Олтин Шаҳарда бир оз яшамоқни орзу қилар эдилар. Лекин улар ҳозир ҳам биринчи келганларидагидек, пайпоқларини қуритиб, маза қилиб трубка чекиб ўтирдилар. Бир нечта довюраклар бу ердан қочиб, шарқ томондаги ҳали текширилмаган қояли тоғлардан кесиб ўтишни, у ердан Маккензи водийси орқали ўз ватанларига — Чиппева ҳиндулари ўлкасига етиб олишни орзу қилардилар. Икки-уч киши хизмат муддати тугагандан кейин худди ана шу йўл билан уйга қайтишга қapop қилдилар. Шаҳарлик дам олиш куни ўрмон сайрига чиқишга қандай севинса, улар ҳам мана бу хатарли сафарни ўшандай завқ билан ўйлардилар.
Сувсар териларининг собиқ эгаси негадир безовтадек кўринар ва гапга аралашмасди. Кейин у Мэйлмют Кидни бир чеккага чақириб олиб, у билан анчагача гаплашди. Принс уларни қизиқиб кузатиб турди. Улар қулоқчин вa қўлқопларини кийиб ташқарига чиққанларида, жумбоқ яна ҳам чалкашгандек туюлди. Мэйлмют Кид қайтиб кириб, олтин ўлчаш учун ўртага тарози қўйди. Олтмиш унция олтинни ўлчаб, нотаниш йигитнинг халтасига солди. Ундан кейин ит ҳайдовчиларнинг бошлиғи ҳам кенгашга чақирилди. У билан ҳам шу хилда битим тузилди. Келаси кун одамларнинг ҳаммаси дарё бўйлаб юқорига жўнади, сувсар териларининг собиқ эгаси эса бир оз озиқ-овқат олиб, Доусон томонга қайтиб кетди.
– Ҳеч нapcaгa тушунолмай қолдим, – деб жавоб берди Мэйлмют Кид Принснинг саволига. – Бечора хизматдан бўшашга қатъий қарор қилибди. Хизматдан бўшаш унга жуда ҳам зарур бўлса керак, лекин сабабини айтмади. Биласанми, бу ҳам ҳарбий хизматга ўхшаган бир иш-да; у икки йил ишлаш мажбуриятини олган. Муддатидан илгари бўшамоқчи бўлган киши пул тўлаши керак. Борди-ю қочиб кетса, бу ерларда қолиши мумкин эмас. Лекин мана шу ўлкада қолиш нима учундир унга жуда зарур кўринади. Доусондаёқ шунга аҳд қилибди-ю, лекин чўнтагида бир тийин ҳам пули йўқ экан, у ерда уни ҳеч ким танимас экан. У билан бир-икки оғиз гаплашган бирдан-бир одам мен эканман. Шундай қилиб, у бошлиқлар билан гаплашган, ижозат олган, агар у мендан қарзга пул ололса, хизматдан бўшаши мумкин экан. Бир йил ичида қарзини узишга ваъда қилди — агар истасам, у жуда кўп бойлик сақланган жойни кўрсатмоқчи бўлди. У бойликни ўзи кўрмаган, лекин шундай жой борлигига қатъий ишонар экан.
Ташқарига чиққанимизда, у йиғламоқдан бери бўлиб гапирди. Илтимос қилди, ялинди, оёғимга йиқилиб қор устида юмалади. Мен yни турғазиб қўйдим. Худди жиннига ўхшаб алланималар деб алжирайди. Мана шу мақсадимга етмоқ учун йиллар бўйи ишладим, энди шу фурсатни қўлдан берсам, ўкинч ва ғамдан адо бўламан, деб қасамлар ичди. Қандай мақсадинг бор деб сўрадим, лекин жавоб бермади. Фақат: «Мени улканинг бошқа бир томонига жўнатиб юборсалар, Доусонга икки йилсиз қайтиб келолмайман, икки йилдан кейин фурсат қўлдан кетади, мен шундан қўрқаман», деб арз қилди. Одамнинг бундай ҳаяжонга тушганини умримда кўрган эмасман. Қарз беришга рози эканимни айтганимда, янгидан оёғим остига йиқилди, уни яна қop ичидан тортиб олишга, ўрнидан турғазишга тўғри келди. «Мени ҳам ўзингга шерик деб қўя қол» дедим, қаёқда дейсиз, ҳеч унамади. Топганимнинг ҳаммасини сизга бераман, сизни бой қиламан, деб қасамлар ичди. Одатда бирор одамни ўз ишига шерик қилган киши тақсим вақтида топган нарсанинг ҳатто ярмисини беришга ҳам жуда оғирлик билан кўнади. Бунда бир гап бор, Принс, мени айтди дерсан. Агар у шу ўлкада қолса, ундан яна бирор хабар эшитиб қолармиз.
– Қайтиб келмаса-чи?
– Унда олижаноблигимга путур етди, олтмиш унциям эса йиғлаб кетди, деявер.
Яна совуқ кунлар келди, узоқ қиш тунлари бошланди. Қуёш жануб томонда, қорли уфқ чегараларида ўзининг одатдаги бекинмачоқ ўйинини бошлади. Мэйлмют Киддан қарздор бўлган йигитдан дом-дарак йўқ эди. Кунлардан бир кун, январь ойида, эрталаб оғир юклар ортилган чаналар Стюарт дарёси бўйидаги Киднинг уйи олдига келиб тўхтади. Олдинги чанада сувсар териларининг собиқ хўжайини билан бирга бир одам келарди — бундай одамлар кўпдан бери дунёга келмай қўйган. Омад, ботирлик, эртаклардагидек беҳисоб олтин хазиналари тўғрисида гап очилганда, одамлар ҳамма вақт Аксель Гундерсонни тилга олардилар. Шунингдек, қаҳрамонлик, куч-қувват ва ботирлик ҳақида гап-сўз юрганда ҳам унинг номи албатта эсланарди. Суҳбат вақтида гап қовушмай қолса, унинг тақдирига шерик бўлган хотин тўғрисида гап очилса, гурунг яна қизиб кетаверарди.
Аксель Лундерсоннинг бўйи роса етти фут, кўкраги, бўйни, қўл ва оёқлари худди девларникидек эди. Чанғиси одатдаги чанғилардан баҳузур бир ярд узунлик қиларди, бўлмаса оддий чанғи чиройли кийимлар кийиб юрадиган бу Эльдорадо азамати ва қиролининг уч юз қадоқли гавдасини кўтаролмас эди ҳам. Унинг беўхшов юзи, дўнг пешонаси, катта ияги, доим киприк қоқмай тик боқадиган кўм-кўк кўзлари бy одам биргина қонун — зўравонликдан бошқа қонунни тан олмаслигидан дарак берарди. Қиров босиб қотиб қолган, пишган бошоқдек сап-сариқ сочлари худди тундаги шуъла каби ярқираб, айиқ терисидан тикилган камзулининг ёқасидан чиқиб туради. Аксель Гундерсон итларнинг олдига тушиб, тор сўқмоқ йўлдан келаркан, алланарсаси қадимги денгизчиларни эслатарди; у келиб Мейлмют Киднинг эшигини қамчи дастаси билан эски қаср дарвозасини сира тортинмай қоқиб ўрганган қадимги норманд викинглари каби қаттиқ-қаттиқ қоқди.
Принс енгларини шимариб, хотинларникидек нозик қўллари билан хамир қилар ва аҳён-аҳёнда учала меҳмонга қараб қўярди. Учаласи уч хил бўлган бу хилдаги меҳмонни бир уйда доим ҳам учратиб бўлмайди. Мэйлмют Кид Улисс деб атаган тентакка ёш муҳандис ҳали ҳам қизиқиб қарарди, лекин Аксель Гундерсон билан унинг хотинига бундан ҳам кўпроқ қизиқиб қолган эди. Ҳозирги сафар бу хотинни чарчатиб қўйганди, чунки унинг эри муз саҳроларидаги бойликни қўлга киритганидан бери у осойишталик билан ўтроқ ҳаёт кечира бошлаган, бундай ҳаёт эса уни нозик қилиб қўйганди. Энди у эрининг кенг кўкрагига бош қўйиб, худди деворга чирмашган нозик гулдек дам олар ва Мэйлмют Киднинг ҳазиломуз саволларига эринибгина жавоб берарди. Хотиннинг қoп-қopa чуқур кўзлари Принсга тушганда, йигитни ҳаяжон босарди, чунки Принс йигит киши, шу билан бирга соғлом, бақувват ва сўнгги ойларда биронта ҳам хотин кўрмаган йигит эди. Хотиннинг ёши ундан каттароқ, бунинг устига у ҳинду аёли эди, аммо Принс шу вақтгача учратган ерли хотин-қизларга ҳеч ҳам ўхшамасди. У кўп саёҳат қилган, ҳатто Принснинг ватанига ҳам борган эди — бу суҳбат вақтида аниқланди — у оқ танли аёллар билган ва билмаган нарсаларни билар эди. У дудланган балиқдан овқат пиширишни ва қop устига жой солишни биларди. Ҳозир эса у эркаклар аллақачон эсларидан чиқариб юборган ажойиб овқатлар, турли-туман ноз-неъматлар ҳақида батафсил сўзлаб, суҳбатдошларининг оғизларидан сувини оқизар эди. Бу хотин буғу, айиқ ва кичкина ҳаво ранг тулки, умуман шимолий денгизларда бўладиган жониворларнинг қилиқ ва одатларини биларди, ўрмон ва дарёларнинг сиридан хабардор, юмшоқ қop устида одам, қуш ёки ҳайвон қолдирган изларга қараб, бўлган ишларни китоб ўқигандек қийналмай айтиб бера оларди. Лекин ҳозир бу уйда турадиган одамлар учун деворга осиб қўйилган қоидага кўзи тушганда, унинг кўзлари айёрлик билан чақнаб кетганини Принс кўриб қолди. Бу кун тартиб қоидаларини ўзи ёш, қони ҳали қайноқ вақтларда Беттлз тузган бўлиб, бу қоидалар бир оз дағалроқ услубда, аммо жуда содда тилда ёзилганди. Бу уйга хотинлар келганда, Принс одатда қоидани терс айлантириб қўярди. Лекин бу ҳинду хотиннинг саводи бор деб ким ўйлабди дейсиз… Эй, энди бўлар иш бўлди.
Аксель Гундерсоннинг хотини шу экан-да. Бу хотин ҳақидаги довруқ эрининг шуҳрати билан бирликда бутун Шимолга тарқалганди. Дастурхонга ўтиришар экан, Мэйлмют Кид эски дўст сифатида унга тегажоғлик қиларди, ўзини бир оз қўлга олиб Принс ҳам Кидга қўшилди. Лекин у хотин бу тенгсиз тортишувда ўзини усталик билан ҳимоя қилар, сўзга нўноқ эри эса фақат бош ирғитиб илжаярди. Унинг ўз хотини билан фахрланиши кўриниб турарди. Унинг ҳар бир қараши, ҳар бир ҳаракати эрининг ҳаётида бу хотин нақадар катта ўрин тутганлигидан гувоҳлик бериб турарди. Сувсар терисининг собиқ хўжайини қизғин суҳбатга аралашмай, худди ҳеч кимнинг эсига ҳам келмаган бир ҳолда бир бурчакда ўтириб, индамай овқат ерди; у бошқалар овқатланиб бўлишидан анча илгари ўрнидан туриб, итлар олдига, ташқарига чиқиб кетди. Бошқалар ҳам кўп ўтмай дастурхондан туриб, қўлқоп ва қулоқчинларини кийиб унинг кетидан ташқарига чиқдилар.
Бир неча кундан бери қор ёғмаган эди, шунинг учун ҳам чаналар текис сўқмоқдан, муз устидан юргандек сирғаниб бордилар. Улисс олдинги чанани ҳайдаб борарди, иккинчисида эса Принс билан Аксель Гундерсоннинг хотини, Мэйлмют Кид билан олтин сочли дев эса учинчи чанада борардилар.
– Биз таваккалига кетяпмиз, Кид, – деди Аксель Гундерсон, – лекин мен тўғри боряпмиз деб ўйлайман. Ўзи ўша томонларга ҳеч бормаган экану, лекин кўпгина қизиқ нарсаларни ҳикоя қилиб берди. У менга бир харита кўрсатди. Бу харита ҳақида мен бундан бир неча йил илгари Кутнейга борганимда баъзи нарсалар эшитган эдим. Сени ўзим билан олиб кетишни жуда истардим, лекин у жуда ғалати одам. Агар биров бизга қўшилгудек бўлса, ҳамма ишни ташлайман-кетаман, деб қасам ичди. Қайтиб келай, сенга ўз жойим олдидан энг яхши участкани ажратиб бераман. Бундан ташқари шаҳар қурила бошлаганда, сени ўз пайимга шерик қиламан… Йўқ! Йўқ! – деб қичқириб берди Аксель Гундерсон, Мэйлмют Кид унинг сўзини бўлмоқчи бўлганда. – Бу менинг ишим. Бамаслаҳат иш қилган яхши. Агар иш ўнгидан келиб қолса, бу иккинчи Криппл бўлади. Ҳой менга қapa, иккинчи Криппл деяпман-а! У ер қум эмас, тоза, яхлит олтин тошлар кони-я. Агар биз ишга астойдил киришсак, ҳаммаси бизники бўлади — миллион-миллионларга эга бўламиз. Ўша ер ҳақида илгари ҳам эшитган эдим, сен ҳам эшитгансан. Биз шаҳар бино қиламиз… Ишчилар, ажойиб сув йўллари, пароходлар қатнови, савдо-сотиқ… Дарёнинг юқори оқими билан алоқa… Балки темир йўл қуриш ҳам мумкин бўлар. Тахта тилиш заводлари, электростанция қурамиз… Ўз банкимизни очамиз, акционер жамияти, синдикатимиз бўлади… Фақат жим! Мен қайтиб келгунча, дамингни чиқарма!
Юкон бўйлаб кетган сўқмоқ Стюарт дарёсини кесиб ўтадиган жойда чаналар тўхтади. Муз денгизи кўз илғамас узоқларга — шарққа томон чўзилиб кетган. Чаналарга боғлаб қўйилган чанғилар олинди. Аксель Гундерсон хайрлашди-да, биринчи бўлиб йўлга тушди. Унинг каттакон чанғилари қор ичига бир қарич-бир қарич ботиб, йўлни текислар вa итларга йўл очиб берарди. Унинг хотини энг орқадаги чана кетидан қолмай қўпол чанғиларда усталик билан сирпаниб борарди. Хайр-хуш қилиб сокинликни буздилар, итлар вангиллаб юбордилар, сувсар териларининг эгаси тихирлик қилаётган етакчи итни қамчи билан йўлга солди.
Бир соатдан кейин чаналар узоқдан, худди катта оқ қоғоз устидан аста сурилиб бораётган қopa қаламга ўхшаб кўринар эди.
II
Бир неча ҳафтадан кейин, кечки пайт Мэйлмют Кид билан Принс шахмат масаласини ечиб ўтирар эдилар. Бу масалани аллақандай эски бир журналнинг йиртиб олинган варағидан топиб олдилар. Кид Бонанзедаги ўз участкасидан эндиги-на қайтиб келиб, дам олар ва буғу овига чиқиш учун ҳозирлик кўрарди. Принс ҳам деярли қиши билан санқиб юрди, энди бўлса уйда роҳатланиб ётарди.
– Қора асп билан тўсиб, шоҳга кишт бер… Йўқ, бу ярамайди. Кейинги юришни бир ўйлаб кўр…
– Пиёдани нега икки хонага сурасан? Уни кўзидан ўтгани учун уриб олиш мумкин, фил эса ўйнамай турибди.
– Йўқ, тўхта! Мана бy ер ҳимоясиз қолади…
– Йўқ, ҳимоя қилинган. Қани, у ёғини кўравер-чи! Нима бўлишини кўрасан.
Масала жуда қизиқ эди. Кимдир эшикни иккинчи марта қоқди, Мэйлмют Кид фақат шундан кейингина: «Киринг», деди. Эшик ланг очилиб, аллаким гандираклаб ичкари кириб келди. Принс унга бир қаради-ю, ўрнидан ирғиб турди. Унинг кўзларида акс этган даҳшат Мэйлмют Кидни ўгирилиб қарашга мажбур қилди. У ўз ҳаётида жуда кўп даҳшатли нарсаларни кўрган, лекин ҳозир у ҳам қўрқиб кетди. Ғалати бир махлуқ пайпасланиб улар томон кела бошлади. Принс револьвери осиғлиқ турган девордаги михни пайпаслаб топгунча, орқасига тислана борди.
– Худо-ё тавба, бу нима ўзи? – деб шивирлади у.
– Билмадим, совуқ урган ва оч қолган одамга ўхшайди, – деб жавоб берди Кид қарши томонга чекинаётиб. – Эҳтиёт бўл! Эсдан оғиб қолган бўлиши ҳам эҳтимол, – деб Принсни огоҳлантирди-да, шартта эшикни ёпиб олди.
Ҳалиги махлуқ столга яқинлашди. Лампанинг ёруғи унинг кўзига тушди, бундан завқланиб бўлса керак, у қиқирлаб кулиб юборди. Кейин одам — чунки у ҳар ҳолда одам эди — бирдан орқасига ташланди, ўзининг чарм иштонини кўтариброқ қўйди-да, денгиз тўлқинларига жўр бўлиб, экипаж командаси айтадиган бир ашулани бошлаб юборди:
Дарё ичра пастга қараб сузар кемамиз,
Ҳеч бўшашманг, азаматлар, ҳеч ҳам бўш келманг!
Биласизми, капитаннинг оти нимадир?
Ҳеч бўшашманг, азаматлар, ҳеч ҳам бўш келманг!
Кентуккилик, унинг оти Жонатан Жонсдир.
Ҳеч бўшашманг, азаматлар…
Қўшиқ тугамай туриб, бирдан овози кесилди. Ҳалиги одам йиртқичларча бўкириб, овқат турган токчага ўзини ташлади. Уни ушлаб қолгунларича, бир парча хом ёғни оғзига тиқди. У Мэйлмют Кид билан олишиб кетди, лекин тез ҳолдан тойди ва заифланиб, ўлжасини қўйиб юборди. Икки дўст уни курсига ўтқаздилар. У кўкрагини стулга тираб ётиб олди. Бир неча томчи виски уни ўзига келтирди. У Мэйлмют Кид суриб қўйган қанддонга қошиқ суқди. Ширинлик еб, бир оз нафси босилгандан кейин, Принс чўчиб сесканиб, унинг олдига бир коса шўрва қўйди.
У махлуқнинг кўзларида телбалик ўти чақнади; у қошиқни ҳар оғзига олиб борганида, ўша ўт гоҳ ёнар, гоҳ ўчарди. Тўғрисини айтганда, унинг кўзлари киртайган, ёноқлари кириб кетган юзида инсонни эслатувчи бирор нарса қолмаганди. Юзлари совуқ уриб яра-чақа бўлиб кетган, бу яралар остидан эски тиртиқлари билиниб турарди. Қотиб кетган териси тарс-тарс ёрилиб, қони чиқиб ётибди. Устидаги мўйна кийими ифлос ва дабдала бўлиб кетган, бир томондаги юнги мутлақ куйиб битган. Бу унинг гулханга жуда яқин ётганидан бўлса керак.
Мэйлмют Кид унинг камзулидан йўл-йўл қилиб кесиб олинган жойни кўрсатди — бу мудҳиш очлик белгиси.
– Ким бўласиз? – деб секин ва дона-дона қилиб сўради Кид.
Одам унинг гапини эшитмагандек эди.
– Қаердан келдингиз?
Нотаниш киши бунга жавобан титроқ овоз билан ашула айтиб юборди:
Дарё ичра пастга қараб сузар кемамиз.
– Сузса сузаверсин-э? Садқаи cap! – деб Мэйлмют Кид тузукроқ жавоб берармикин деган умидда унинг елкасидан ушлаб силкитди.
Лекин одам, оғриқдан бўлса керак, чинқириб юборди ва ёнбошини ушлаб қолди, кейин столга суяниб, оҳиста ўрнидан турди.
– У куларди… Кўзларидан нафрат ўти чақнаб турарди… У… мен билан бирга кетмади.
У жим қолди ва гандираклаб кетди. Мэйлмют Кид унинг қўлидан ушлаб қичқирди:
– Ким? Ким кетмади?
– Унга-да… Унга. Унга кулиб юборди-ю, мени тушириб қолди, мана бундай қилиб, кейин…
– Ҳа, кейин нима бўлди?
– Ундан кейин…
– Кейин нима бўлди, ахир?
– Кейин узоқ вақтгача қор устида ётди. Ҳозир ҳам ўша ерда ётибди.
Икки дўст саросимага тушиб, бир-бирига қарашди.
– Ким қорда ётибди?
– У-да, Унга. У менга қараб ётди, қарашида нафрат бор эди, ундан кейин…
– Хўш, хўш?
– Ундан кейин… Унга пичоқни олиб, мана бундай қилиб бир-икки тортиб юборди, аммо у ҳолдан тойган эди. Мен жуда секин юрдим, ўша ерда олтин жуда кўп, олтин жуда кўп…
– Унга қаерда қолди?
Эҳтимол, ўша бечора Унга шу яқин орада, бор-йўғи бирор миллик масофада ўлаётгандир. Мэйлмют Кид бечоранинг елкасидан ушлаб силкитар ва:
– Унга қаерда? Унга ким ўзи? – деб такрорлар эди.
– У ўша ерда… Қop устида.
– Гапирсанг-чи ахир! – деб Кид унинг қўлини қаттиқ қисди.
– Мен ҳам… қолардим… қор устида… лекин қарзимни тўлашим керак эди… қарзимни… тўлашим керак… олтинни… олиб юриш… оғир бўлди… тўлашим керак… – У бир-бирига боғланмаган гапини тўхтатди-да, қўлини чўнтагига суқиб, буғу терисидан қилинган халтача олди.
– Қарзимни… тўлашим керак… беш қадоқ олтин… Мэйлмют Кидга… мен…
У ҳолсизланиб бошини стол устига қўйди, Мэйлмют Кид энди уни оёққа турғазолмади.
– Бу Улисс, – деди шошилмай Кид ва олтин солинган халтачани стол устига ташлади. – Аксель Гундерсон билан хотини адойи тамом бўлган кўринади. Кел, уни каравотга ётқизиб, кўрпага ўраб қўяйлик. Бу ҳинду йигити, жони қаттиқ, тузалиб кетади ва бор гапни айтиб беради.
Унинг устида музлаб қолган кийимни пичоқ билан кесиб олишар экан, ҳали битмаган, пичоқ зарбидан пайдо бўлган яраларни кўришди.
III
– Бор гапни билганимча гапириб бераман, ҳаммасини ўзингиз тушуниб оласиз. Энг бошидан бошлайман, аввал ўзим ва аёл ҳақида, ундан кейин эркак ҳақида гапираман.
Сувсар терисининг собиқ хўжайини худди ўт қочиб кетаётгандай печкага яқинроқ сурилди. Унинг ҳаракати иссиқдан узоқ вақт маҳрум бўлгандан кейин уни яна қайтиб топган одамнинг ҳаракатига ўхшарди. Мэйлмют Кид лампанинг пилигини тузатиб, ёруғи ҳикоячининг юзига тушиб турадиган қилиб қўйди. Принс ўриннинг бир чеккасига ўтириб олиб, ҳикоя тинглашга ҳозирланди.
– Менинг отим Наас, қабила бошлиғининг ўғлиман, ўзим ҳам қабила бошлиғи эдим. Мен кунчиқар билан кунботар оралиғида, шўх денгиз ўртасида, отамнинг умиакида туғилганман. Тун бўйи эркаклар эшкак тортдилар, хотинлар эса тўлқиндан умиакка кираётган сувларни сузиб турдилар, ҳамма бўронга қарши курашди.
Сачраган шўр сув томчилари онамнинг кўкрагида музлаб қоларди. Охири онамнинг сўнгги нафаси денгиз тўлқини билан бирга тўхтади. Лекин мен — мен ўз овозимни бўрон овозига жўр қилдим ва тирик қолдим. Бизнинг жойимиз Акатанда эди.
– Қаерда? – деб сўради Мэйлмют Кид.
– Акатан деб Алеут оролларини айтамиз. Акатан Чигникдан, Кардалакдан ва Унимакдан ҳам нарида. Шундай қилиб, биз дунёнинг бир четида, денгиз ўртасига жойлашган Акатанда яшардик. Биз шўр денгизда тюлень, балиқ ва сувсар ови билан шуғулланардик, уйларимиз бир-бирининг пинжига тиқилиб, баланд қирғоққa — ўрмон билан сойлик ўртасига тушган эди. Мана шу сойликда бизнинг қайиқларимиз турарди. Биз унча кўп эмасдик, бизнинг дунёмиз жуда тор эди. Бизнинг шарқ томонда Акатанга ўхшаган аллақандай ёт ороллар ётар, биз эса бутун дунё фақат ороллардан иборат экан деб ўйлар ва шундай ўйлашга ўрганиб қолган эдик. Мен ўз қабилам одамларига ўхшамасдим. Қумлоқ саёз жойларда қийшиқ ходалар, парчалан-ган катта қайиқларнинг тахталари сочилиб ётарди. Бундай қайиқ ясашни менинг халқим билмасди. Эсимда бор, уч томондан денгиз кўриниб турадиган бир оролнинг четида тикка ўсган силлиқ қарағай бор эди. Бундай дарахтлар бизнинг жойларимизда ўсмасди. Бир кун мана шу ерга денгиз томонидан икки киши келиб тушди деб ҳикоя қилардилар. Ана шу икки киши денгизнинг нариги ёғидан қайиқда тушиб келган экан. Бу қайиқнинг парчаланган тахталарини ўша сойликда кўрдим. Улар худди сизга ўхшаган оқ танли ва жуда ҳолдан тойган, очарчилик кунларида овчилар тюлень овига бориб, қуруқ қайтиб келганларида, кичик болаларнинг аҳволи нақадар мушкул бўлса, уларники ҳам шундай экан. Мен бу ҳикояни қариялардан эшитганман, улар эса ўз ота ва оналаридан эшитишган экан. Бошда ёт ўлкалардан келган бу оқ одамларга бизнинг урф-одатимиз ёқмаган, лекин бора-бора улар балиқ ва ёғ еб соғайиб кетганлар, кучга тўлганлар. Уларнинг ҳар қайсиси ўзларига уй қуриб, қабиламизнинг энг яхши қизларини хотин қилиб олганлар; кейин улардан болалар пайдо бўлган. Шундай қилиб, отамнинг отасининг отаси дунёга келган экан.
Ҳали айтганимдек, мен ўз қабиламдаги одамларга ўхшамас эдим, чунки менинг томирларимда денгизнинг нариги ёғидан келган оқ танли одамларнинг қони оқарди. Айтишларига қараганда, улар келмасдан илгари бизда бошқача расм-одатлар бўлган экан, лекин у одамлар раҳм-шафқатсиз ва уришқоқ бўлганлар. Улар бизнинг эркаклар билан уришиб, ўзларига қарши чиққанларнинг ҳаммаси-ни ўлдирганлар. Кейин эса бизга қабила бошлиғи бўлиб олганлар, бизнинг эски қонунларимизни бекор қилиб, янги қонунлар ўрнатганлар. Бу қонун бўйича одам, илгариги расмимиздагидек ўз онасининг боласи эмас, балки отасининг боласи ҳисобланган. Бундан ташқари, улар тўнғич бола отага қарашли ҳамма мол-мулкни олиши керак, унинг ука ва сингиллари эса ўз кунларини ўзлари кўришлари керак деб қapop қилганлар. Улар бундан ташқари яна бошқа кўпгина қонунлар чиқарганлар, бизга балиқ тутиш ва ўрмонларимиз тўла бўлган айиқларни ўлдиришнинг янги усулини кўрсатганлар. Улар қаҳатчилик бўлиб қолса, қандай қилиб кўп озиқ-овқат ғамлашни ўргатганлар. Бунинг ҳаммаси яхши.
Лекин улар қабила бошлиғи бўлиб, бизда қаршилик кўрсатадиган одам қолмагандан кейин, бир-бирлари билан уриш-жанжал қила бошлаганлар. Менинг томирларимда қони юриб турган одам бошқа бирининг баданига найза санчган. Бу душманликни уларнинг болалари, ундан сўнг болаларининг болалари ҳам давом эттирганлар. Уларнинг орасида даҳшатли адоват ва душманлик ҳукм сурган. Ҳатто менинг вақтимда ҳам ёвуз ишлар бўлар эдики, бир-бирига ота қонини ўтказиш учун ҳар бир оилада фақат биттадан одам қолган эди, холос. Бизнинг оилада мен, бошқа оилада эса онаси билан бир қиз — Унга қолган эди. Унинг отаси билан менинг отам бир кун кечаси балиқ овидан қайтиб келмадилар, лекин денгиз суви кўтарилганда, тўлқин уларнинг танасини қирғоққа чиқариб ташлаган. Қарасалар, иккиси қумлоқда бир-бири билан қучоқлашиб ётган эмиш.
Одамлар уларга қараб туриб, бошларини чайқаганлар, чунки икки оила ўртасида адоват борлигини улар яхши билганлар. Унга билан менинг болаларим ҳам бу душманликни давом эттирадилар дер эдилар. Улар бу ҳақда менга болалик чоғимдаёқ гапирар эдилар. Кейинpоқ мен ҳам Унгага, болаларим душманининг бўлғуси онаси деб қарай бошладим. Мен ҳамма вақт шу тўғрида ўйлар эдим. Ёшим улғайиб, йигит бўлганимда мен нима учун шундай, бунинг сабаби нима деб қариялардан сўрадим. «Билмаймиз, оталаримизнинг замонасида шундай эди», деб жавоб бердилар. Мен нима учун келажак авлод дунёдан ўтиб кетганларнинг адоватини давом эттириши керак деб ҳайрон бўлардим. Бу адолатдан эмаслигига ақлим етарди. Лекин қабила одамлари шундай бўлиши керак, деб таъкидлардилар. Мен у вақтларда ҳали ёш йигитча эдим.
Улар: «Унганинг болаларидан сенинг болаларинг каттароқ бўлсин, тезроқ вояга етсин», деб мени қистар эдилар. Бу осон иш эди, чунки мен қабила бошлиғи эдим, халқ ота-боболаримнинг қаҳрамонлиги, берган қонунлари, бойликларим учун мени ҳурмат қиларди. Ҳар қандай қиз менга жон деб хотин бўларди. Лекин кўнглимга ёқадиган бирор тузук қизни тополмай юрдим. Чоллар ва қизларнинг оналари мени қистар эдилар: «Кўпгина овчилар Унганинг онаси ҳузурига келиб, Унга учун катта қалин беришни ваъда қилаётирлар. Агар унинг болалари сеникидан илгари ўсиб улғайса, сенинг болаларингни ўлдиради».
Лекин мен ҳамон ўзимга муносиб қизни топол-май юрдим. Бир кун мен балиқ овидан қайтиб келаётган эдим. Қуёш ботиш олдида унинг шуъласи кўзни қамаштирарди. Енгил шабада эсмоқда, қайиқлар тўлқин устида чайқалиб боради. Бирдан Унганинг қайиқчаси менинг олдимдан шувиллаб ўтиб кетди. Унга менинг юзимга тикилиб қаради. Унинг тўзиган сочлари тун каби қора, юзларида сув томчилари маржон каби ялтирайди. Ҳали айтганимдек, қуёш кўзларни қамаштирар, мен эса у вақтда ёш эдим. Бутун вужудим жимирлаб кетди, шунда бирдан ҳамма нарса менга равшан бўлиб қолди. Унгага яна етиб келдим, у менга яна бир қараб қўйди — бундай қараш Унгага хос эди. Аъзойи баданим янгидан титраб кетди. Биз бесунақай қайиқлардан ўзиб кетганимизда орқамиздан одамлар қичқириб қолишди. Унга усталик билан эшкак тортар, менинг юрагим эса кўтарилган елкан сингари типирчилар эди. Лекин мен унинг орқасидан қувиб етолмадим. Шамол борган сари кучайди, денгиз юзини оқ кўпик қоплади. Биз бўлсак, тўлқинлар кўксида худди тюленга ўхшаб, сакраб-сакраб борардик.
Наас худди денгиз устида қайиқни сураётган эшкакчидек стулда ўтирган ҳолда букчайиб олди. Эҳтимол, унинг кўзига қаердадир, печканинг орқасида, тез кетаётган қайиқча ва Унганинг тўзиган сочлари кўрингандир, унинг қулоқлари остида ел гувуллаб, денгизнинг Шўр Суви димоғига урилгандир.
– Унга қирғоққа етиб олди ва қaҳ-қаҳлаб кулгани ҳолда қум устидан чопиб бориб, ўз уйига кириб кетди. Шу кечаси менинг калламга Акатан қабиласининг бошлиғига муносиб улуғ бир фикр келди. Ой чиққач, мен Унгаларнинг уйига қараб кетдим. У ерда, Унгаларнинг уйи эшиги олдида Яш-Нуш келтирган совғаларга кўзим тушди. Яш-Нуш яхши овчи бўлиб, Унганинг болаларига ота бўлиш орзусида эди. Кўпгина йигитлар ўз совғаларини келтириб, шу уй эшиги олдига уйиб қўяр, кейин қўл теккизилмаганини кўриб, яна қайтиб олиб кетардилар. Ҳар бир янги келган киши ўзидан илгарисига қараганда кўпроқ мол келтирарди.
Мен ой ва юлдузларга қараб илжайдим-да, уйимга қайтдим. Бутун бойликларим уйимда сақланарди. Менинг совғаларим Яш-Нушникидан бир газ юқори кўтарилгунча, кўп мартабалаб у ёқдан-бу ёққа мол ташидим. Булар ичида дудланган ва қуритилган балиқ, қирқта тюлень териси, йигирмата сувсар териси бор эди, ҳар бир терининг ичи ёғ билан тўлдирилган, оғзи боғланган. Бундан ташқари баҳор пайтида ўз қўлим билан ўлдирган йигирмата айиқнинг териси бор эди. Шунингдек, бу ерда маржон, кўрпа, тўқ-қизил матолар уйилиб ётарди. Мен бу матоларни шарқ томонда яшовчи халқдан айирбошлаб олган эдим, улар эса ўз қаторида ундан ҳам шарқ томонроқда яшовчи халқдан олган эканлар. Мен Яш-Нушнинг келтирган нарсаларига қараб кулиб қўйдим: чунки Акатанда мен қабила бошлиғи эдим, менинг бойлигим ҳамма йигитларнинг бойлигидан ҳам кўп эди. Менинг ота-боболарим катта ишлар қилганлар, қонунлар чиқариб, одамлар хотирасида ўз номларини абадий қолдирганлар.
Эртаси эрталаб мен қирғоқ томонга кетаётиб, Унгаларнинг уйига кўз қиримни ташладим. Совғаларимга қўл теккизилмабди. Хотинлар бўлса кулишар ва бир-бирларига гап қотишар эди. Мен нима қилишимни билмай қолдим: чунки ҳеч ким шунчалик кўп қалин келтирмаган эди. Ўша кечаси мен молларни яна ҳам кўпайтирдим. Келтирган нарсаларим ичида теридан ясалган ва ҳали сувга туширилмаган қайиқча ҳам бор эди. Келаси кун ҳам менинг молларим қимирламай ўз жойида турар, одамлар эса мени масхара қилиб кулишар эди. Унганинг онаси айёр хотин эди. Мени ўз халқим олдида шарманда қилгани учун ғазабим келди. Кечаси уй эшиги олдига яна бир қанча мол келтириб қўйдим. Булар ичида баҳоси йигирмата қайиқчага баравар келадиган, нақшдор қилиб ясалган катта қайиқ ҳам бор эди. Эрталаб қарасам, совғаларим кўздан ғойиб бўлиб қолибди.
Шунда мен тўйга тайёргарлик кўра бошладим. Мен қурган базмга ҳатто узоқ шарқ томонда яшовчи одамлар ҳам совға олиб келишди. Бизнинг ҳисобимиз бўйича Унга мендан тўрт қуёш катта эди — бу тўрт ёш демакдир. У замонларда мен ёш йигит эдим, лекин мен қабила бошлиғи ва қабила бошлиғининг ўғли бўлганим сабабли, ёш бўлишимнинг аҳамияти йўқ эди.
Кутилмаганда океан юзида елканли кема пайдо бўлди. Шамол кўчайган сари кема яқинлашаверди. Кема шикастланган бўлса керак, матрослар насосни ишга солиб, кема ичидаги сувни чиқариб ташламоқда эдилар. Кеманинг олд томонида азамат гавдали бир киши турарди: у сув чуқурлигини қандай ўлчаётганликларини кўздан кечирар ва момақалдироққа ўхшаган баланд овози билан буйруқлар бериб турарди. Унинг кўзлари кўм-кўк, сочлари худди арслон ёлига ўхшаб ёйилган. У одамнинг сочлари жанубда ўсадиган буғдой каби,ёки матрослар арқон тўқийдиган манил канопидек сап-сариқ эди.
Сўнгги йилларда узоқдан сузиб ўтган кўпгина кемаларни кўргандик, лекин бу Акатан қирғоғига келиб тўхтаган биринчи кема эди. Базмимиз тўхтади, болалар ва хотинлар уй-уйларига қочиб кетдилар. Биз эркаклар эса ўқ-ёйларимизни тайёрлаб, қўлларимизга найза олиб, кутиб турдик. Лекин кеманинг тумшуғи соҳилга келиб урилганда, ёт ўлкалик кишилар ўз ишлари билан банд бўлиб, бизга ҳеч эътибор бермадилар. Тўлқин бир оз пасайгандан кейин улар кемани қийшайтириб, кема остидаги катта тешикни ямай бошладилар. Шунда хотинлар яна ўз уйларидан ўрмалаб чиқдилар, базм ҳам давом этаверди.
Денгиз суви яна кўтарилгач, денгизчилар кемаларини чуқур ерга олиб бориб қўйдилар-да, бизникига келдилар. Улар ўзлари билан совға олиб келдилар, ҳаммамиз билан хушмуомалада бўлдилар; мен уларга ўз ўртамиздан жой бўшатиб бердим ва бошқа меҳмонлар қатори уларга ҳам қўли очиқлик билан совғалар тортиқ қилдим, чунки ўша куни менинг тўйим эди, мен Акатан қабиласининг бошлиғи эдим. Арслон ёлли одам ҳам бизникига келди. У шу қадар баланд бўйли ва бақувват эдики, юрганда оёқларининг остидаги ер титрагандай бўларди. У қўлларини мана бундай қилиб қовуштириб, Унгага узоқ тикилиб ўтирди. У то қуёш ботиб, юлдузлар чарақлагунча шу вазиятда ўтирди. Қоронғу тушганда ўз кемасига қайтди. Мен эсам Унганинг қўлидан ушлаб, уйимга олиб кетдим. Ашула ва қувноқ кулги овозлари эшитилиб турарди. Хотинлар расм-одатимизга таомил қилиб шўхлик билан бизнинг устимиздан кулишар эди. Лекин биз ҳеч нимага эътибор бермадик. Ундан кейин халойиқ уй-уйига тарқалиб, иккаламиз қолдик.
Ҳали қўшиқ овозлари ўчмаган ҳам эдики, бирдан денгизчиларнинг бошлиғи эшигимиз олдида пайдо бўлди. У ўзи билан қopa шишалар олиб келди. Биз шишалардаги сувдан ича бошладик, шунда кайфимиз чоғ бўлиб кетди. Ахир мен унда ёш бўлиб, бутун умримни дунёнинг бир чеккасида ўтказган эдим. Қоним қизишди, юрагим эса худди денгиз тўлқинлари қирғоқ тошларига отиб ташлаган кўпик сингари енгил эди. Унга пўстинга ўралиб, бурчакда жим ўтирар, унинг кўзлари қўрқинчдан катта-катта очилган эди. Арслон ёлли одам бўлса унга тикилиб-тикилиб қараб қўярди. Кейин унинг одамлари бир қанча мол келтириб, менинг олдимга тўплаб қўйдилар. Бундай бойлик Бутун Акатанда йўқ эди. Бу моллар ичида катта-кичик милтиқлар, милтиқ дорилари, ўқ, ярқироқ болталар, пўлат пичоқлар, аллақандай ғалати асбоблар ва ҳар хил бошқа нарсалар бор эди. Мен бундай нарсаларни умримда кўрган эмасдим. У қўли билан ишора қилиб, бу бойликларнинг ҳаммаси меники эканлигини билдирди. Мен унинг бу ишига қараб, фақат улуғ одамгина бундай сахийлик қила олади деб ўйладим. Шунинг билан бирга у киши Унга мен билан кемага бирга кетиши керак деган ишорани қилди. Тушуняпсизми? Унга у билан кемага бориши керак эмиш! Менда ота-боболаримнинг қони қайнаб кетди. Мен найзамни олиб, унга ташландим. Лекин шиша ичидаги руҳ қўл-оёқларимдаги кучни олиб қўйган экан. Арслон ёлли киши елкамдан ушлаб, мана бундай қилиб, бошим билан деворга урди. Мен янги туғилган чақалоқдек ожиз бўлиб қолган эдим, оёқларим букилиб кетди. Шунда у одам Унгани эшикка судради. Унга эса қичқириб, уйда бор нарсаларга ёпишар эди. Кейин у ўзининг бақувват қўллари билан Унгани ушлади; Унга унинг сариқ сочларини юла бошлаган эди, у худди урчитиш вақтидаги эркак тюленга ўхшаб гypкиpaб, қаттиқ кулиб юборди.
Мен соҳилгача эмаклаб бориб, халқимни ёрдамга чақира бошладим, лекин одамлар чиқишга журъат қилолмадилар, фақат Яш-Нушгина эркак экан, у ёрдамга келди, лекин улар Яш-Нушнинг бошига эшкак билан туширдилар, Яш-Нуш қумга йиқилиб тушди-да, жим қолди. Сўнг ёт ўлкалардан келган одамлар ашула айтишиб, елканни кўтардилар, шамол уларнинг кемасини суриб кетди.
«Бу яхши бўлди, чунки Акатанда ортиқ қон адовати тугади» дер эди одамлар, лекин мен ҳеч нарса демай, ой тўлишини кутиб қолдим. Ой тўлганда, мен қайиқчамни балиқ билан ёққа тўлдириб, шарқ томонга қараб сузиб кетдим. Мен йўлларда жуда кўп ороллар ва одамларни учратдим, ўшандагина дунёнинг бир чеккасида яшаганлигимни ва дунё қанчалик кенг эканлигини англадим. Мен одамлар билан имо-ишора орқали гаплашдим, суриштирдим, лекин арслон ёлли одамни ҳам, кемани ҳам ҳеч ким кўрмаган экан. Кимдан сўрасам, ҳамма шарқни кўрсатар эди. Мен тўғри келган ерда ётдим, емаган овқатларимни едим, ғалати одамларни кўрдим. Кўп одамлар мени жинни деб масхара қилдилар. Лекин баъзи қариялар менинг юзимни ёруғликка ўгириб, дуолар қилдилар. Ёш хотинлар кема ҳақида, Унга ва арслон ёлли одам ҳақида савол-cўpoқ қилганларида, кўзлари ёшга тўлap эди.
Шундай қилиб, мен азамат денгизлар, даҳшатли тўлқинлардан ўтиб, Уналяокага етиб келдим. У ерда иккита кемани кўрдим, лекин мен истаган кема уларнинг ичида йўқ эди. Мен яна шарққа томон кетдим. Унимак оролида ҳам, Кадиакда ҳам, Атоньякда ҳам мен қидирган кема ҳақида ҳеч ким бирор нарса айтиб беролмади. Бир куни мен тоғлик ўлкага бориб қолдим, у ерда одамлар тоғ этакларида катта-катта чуқур қазиётган эканлар. Ўша ерда бир кемани кўрдим, лекин у мен истаган кема эмасди, одамлар тоғдан қазиб олган тошларни шу кемага ортар эдилар. Бу менга болалар ўйинига ўхшаб кўринди, чунки тошни истаган ердан топиш мумкин-ку ахир. Улар менга овқат бериб қорнимни тўйдирдилар, кейин ишга солдилар. Кеманинг юки анча оғирлашиб, сув ичига анча ўтириб қолгандан кейин, капитан менга пул берди ва сен энди озод бўлдинг деб айтди. Мен ундан қаёққа борасизлар деб сўрадим, у жануб томонни кўрсатди; ундан мени ҳам олиб кетишларини илтимос қилдим. У аввал кулди, кейин командаси тўла эмаслиги сабабли, мени ҳам ўз кемасига олди. Шу кемада юриб, мен уларнинг тилида гапиришга ўргандим, арқон тортишни, қаттиқ шамол вақтида елкан боғичларини олишни, рулда туришни ўрганиб олдим. Ажабланарли ҳеч нарса йўқ, чунки ота-боболаримнинг томирида денгизчилар қони оққан.
У билан қабиладош бўлган одамлар орасида яшаганимдан кейин, мен уни осонлик билан топиб оламан деб ўйладим. Бир куни биз соҳилга яқинлашиб денгиз дарвозаси орқали портга кирдик, бу ерда қўлларимда қанча бармоқ бўлса, шунча кемани учратамиз деб ўйлаган эдим. Лекин кемаларнинг сон-саноғи йўқ, худди балиқ тўдаси сингари ғуж-ғуж, кемалар турган пристань кўп чақиримлар узоқларга чўзилиб кетган эди. Бир кемадан иккинчисига ўтиб, арслон ёлли одамни кўрдингларми деб сўраб юрдим, улар кулиб, мени масхара қилдилар, турли-туман тилларда жавоб қайтардилар. Шунда билдимки, бу кишилар дунёнинг турли бурчакларидан келган экан.
Шаҳар кўчаларида ҳар бир одамнинг юзига диққат билан қapap эдим. Лекин улар худди денгиз қирғоғи бўйлаб бораётган треска балиғи сингари сон-саноқсиз эдилар. Шовқин-сурондан менинг қулоқларим эшитмай қолди. Қий-чув, ғовур-ғувурдан бошим айланиб кетди. Лекин йўлимдан қолмадим. Қуёш нурлари остида қўшиқ жаранглаб турган ўлкаларни кесиб ўтдим, далаларда мўл ҳосил етишиб турган мамлакатларни кездим, хотинлар сингари риёкор-ёлғончи эркаклар ва олтин деса жонини берадиган очкўзлар билан тўлган катта шаҳарларни кўрдим. Бу вақтда эса Акатанда менинг халқим ов қилиш ва балиқ тутиш билан овора бўлиб, дунё кичкина деб ўйлар ва дунёдан бехабарлиги билан бахтиёр эди.
Лекин балиқ овидан келаётганда Унганинг ташлаган назари мени таъқиб қилар, мен эса вақти-соати келиб, уни албатта топарман деб умид қилар эдим. Унга ғира-шира тушганда кимсасиз муюлишлардан ўтар ва тунги шудринг тушган серҳосил далалар бўйлаб, менга эргашиб юрар эди. Унинг қарашлари алланарсаларни ваъда қилар, бу ваъдага фақат Унга вафо қила олар эди.
Мен минглаб шаҳарларда бўлдим. Бу шаҳарларда яшаган одамлар баъзан раҳм-шафқат қилиб, қорнимни тўйғаздилар, баъзилари масхара қилиб устимдан кулдилар, бошқа бирлари мени ҳақорат қилдилар, лекин тилимни тийиб, ҳеч индамадим ва менга нотаниш бўлган урф-одатлар билан яшадим, менга ёт бўлган кўпгина нарсаларни кўрдим. Кўп вақт қабила бошлиғининг ўғли ва қабила бошлиғи бўла туриб қўпол, тош юракли одамлар учун хизмат қилдим. Мен ўз биродарларининг манглай терисидан ва чеккан азоб-аламларидан олтин сиқиб олган шафқатсиз одамларда ёлланиб ишладим. Худди қояли қирғоққа қайтиб келган денгиз мушуги сингари то денгизга қайтиб бормагунимча, ҳеч ердан ўз саволимга жавоб ололмадим. Бу воқеа шимол томондаги бошқа бир портда ва бошқа бир ўлкада рўй берди. Мен ўша ерда сариқ сочли денгиз дайдиси ҳақида ҳикоялар эшитдим. У тюлень овлаб ҳозир океанда сузиб юрибди деган сирдан воқиф бўлдим.
Мен ялқов сивашлар билан овчилар кемасига чиқиб, йўлга равона бўлдим. У ҳеч ерда из қолдирмаган. Шимол томонда тюлень ови айни қизиган пайт эди. Биз кўпгина оғир ой-кунларни бошимиздан ўтказдик. Шунда биз портларда бошқа кемаларни учратиб, мен қидирган одамни сўроқладик, у одам ҳақида кўп нарса эшитдик, лекин ўзини кўрмадик. Биз Шимолга қараб, Пирибил ороллари томон кетдик, соҳилларда тўп-тўп сувсарларни ов қилдик. Уларни иссиқ ҳолича қайиққа келтирдик. Пировардида, палуба ёғ ва қондан шундай сирпанчиқ бўлиб кетдики, тик туриш мумкин бўлмай қолди. Орқамиздан бир кема бизни қувлашга тушди. Ундаги одамлар бизга қараб катта замбаракдан ўқ отдилар. Биз ҳамма елканларни ёйиб юбордик, тўлқин палубани ювиб тозалади, шхунамиз эса туман ичига кириб йўқолди.
Кейин эшитсак, биз жон ҳовучлаб таъқибдан қочиб кетаётганимизда сариқ сочли денгиз дайдиси Пирибил оролларига тушиб, тўғри Факторинга келибди. Командасининг бир қисми компания хизматчиларини қамоқда сақлаб турибди, иккинчи қисми эса омбордан ўн мингта терини олиб чиқиб кемага юклабди. Бу одамларнинг гапи, лекин бунга мен ишонаман. Санғиб юрган вақтимда мен бирор марта ҳам уни учратмадим, лекин унинг раҳм-шафқатсизлиги, ботирлиги ҳақидаги довруқ бутун шимолга тарқалган эди. Охирида ўша томонларда яшаган уч халқ бирлашиб кемаларини жиҳозлаб унинг орқасидан қувиб кетганлар. Мен Унга ҳақида ҳам хабар эшитдим. Кўпгина капитанлар Унгани осмонларга кўтариб мақтар ва ўз ҳикояларининг биринчи қаҳрамони қилиб кўрсатар эдилар. Унга ҳамма вақт у билан бирга экан. Унга ўша одамларнинг урф-одатларига ўрганиб ўзини бахти-ёр ҳисоблар экан. Лекин мен бундай эмаслигини, Унганинг қалби ўз халқи томон, Акатаннинг сариқ соҳиллари томон интилишини билар эдим.
Шундай қилиб, бир қанча вақтлардан кейин океан портига қайтиб келдим, билсамки, сариқ сочли дайди рус сувларидан жанубда бўлган иссиқ ўлкага сувсар овлашга кетибди. Бу вақтда мен ҳақиқий денгизчи бўлиб олиб, унга қардош одамлар тушган кемага хизматга кирдим ва унинг орқасидан сувсар овлаш учун йўлга равона бўлдим. Бу янги ўлкаларга бораётган кемаларнинг сони оз эди, лекин биз сувсap тўдаларига учраб қолиб, бутун баҳор уларни шимол томон қувладик. Иккиқат бўлган сувсарлар рус сувларига ўтиб кетганида, бизнинг матросларимиз у ёққа ўтишдан қўрқиб, зорлана бошладилар. Чунки ҳаммаёқни туман босган, қайиқлар ҳар кун ҳалок бўлаверди. Улар хизмат қилишдан бош тортдилар, капитан эса кемани орқага қайтарди. Лекин мен сариқ сочли дайдининг ҳеч нарсадан қўрқмаслигини ва сувсар қувлаб то рус оролларигача боришдан қайтмаслигини яхши билардим. У томонларга унча-мунча одам боришга журъат қилолмас эди. Тун қоронғулигида вахта қоровулининг ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, мен бир қайиқчани олдим-да, ёлғиз ўзим катта ва иссиқ ўлкага қараб йўлга чиқдим. Мана, мен жанубга, Иеддо кўрфазига келдим. Бу ерда мен кўпгина итоатсиз ва қўрқмас одамларни учратдим, бу одамларнинг қизлари кичкина ва чиройли бўларкан, уларнинг баданлари худди пўлатга ўхшаган йилтироқ бўлар экан. Лекин мен бу ерларда қололмас эдим, чунки Унганинг тўлқинлар ошиб шимол қирғоқлари томон кетаётганини билардим.
Иеддо кўрфазидаги одамлар дунёнинг ҳар томонидан келган бўлиб, улар на Худони билишар, на Ватанлари бор эди; улар япон байроғи остида сузиб юрар эканлар. Ана шулар билан мен Мис ороллари қирғоқларигача сузиб келдим. Шу ерда кемамизнинг омборлари терилар билан лиқ тўлди. Биз мана шу кимсасиз денгизда ҳеч кимни учратмай орқага қайтдик.
Бир куни кучли шамол туманни тарқатиб юборди, биз орқамиздан келаётган бир шхунани кўриб қолдик. Унинг орқасидан тутунлар билан қопланган рус ҳарбий кемасининг трубалари кўриниб қолди. Биз барча елканларни ёйиб сузиб кетдик, шхуна эса борган сари бизга яқинлашиб келаверди, чунки бизнинг кемамиз икки фут йўл босганда, шхуна уч фут босар эди. Шхунанинг олд томонида арслон ёлли одам тypap ва ўз кучига ишонган ҳолда илжаяр эди. Унга ҳам у билан бирга эди. Мен уни дарров танидим. Рус тўплари ўт очганда, у Унгани ичкарига киргизиб юборди. Ҳали айтганимдек, унинг кемаси бизникига қараганда тезроқ юрар эди. Энди ҳар қалқишда сувдан кўтарилиб келаётган шхунани кўрар эдим. Мен лаънатлар ўқиб, штурвални айлантирар ва отаётган рус тўпларига қарши орқамни ўгириб, тик турар эдим. Арслон ёлли бизни қувиб ўтиб кетмоқчи ва рус ҳарбий кемасининг таъқибидан қутулмоқчи эканини яхши тушундик. Унда руслар бизни ушлаб олишлари аниқ. Мачтамизни уриб туширдилар. Кемамиз эса худди яраланган балиқчи қушдек шамолда чайқалиб борар эди. У Унга билан бирга уфқда кўздан ғойиб бўлиб кетди.
Биз нима ҳам қила олар эдик? Янги терилар бизни айблаш учун гувоҳлик бериб турарди. Бизни рус портига олиб бордилар, у ердан бир саҳрога келтириб, туз конларида ишлашга мажбур қилдилар. Бировлар ўлди, бировлар эса тирик қолди…
Наас елкасидан одеялни олиб ташлаб, яланғоч бўлиб олди, унинг аъзойи-бадани яра-чақа билан қопланган. Шубҳасиз, булар қамчи излари эди. Принс мана шу хунук манзарани кўришдан тезроқ қутулиш учун унинг елкасини дарров одеял билан ёпиб қўйди.
– Биз бу ерда кўп азоб чекдик, одамлар баъзан жанубга кўчиб кетар, лекин ҳар гал уларни қайтариб олиб келар эдилар. Биз — Иеддо кўрфазидан келганлар бирлашиб, бир куни кечаси қоровуллардан милтиқларни тортиб олдик-да, шимол томонга кетдик. Ҳаммаёқ чалчиқзор ва қалин ўрмон. Совуқ тушиб, кўп қоp ёғди. Орамизда эса ҳеч ким йўлни билмас эди. Ойлар ўтди, биз ана шу поёнсиз ўрмонлар ичида дайдиб юрдик. Ўша вақтда бўлган воқеалар ҳаммаси ёдимда йўқ, чунки бизда овқат оз эди, биз баъзан ётиб ўлимни кутар эдик. Пировардида биз совуқ денгизга етиб олдик. Лекин ичимиздан уч кишигагина бу денгизни кўриш насиб қилган экан. Биримиз иеддолик капитан эди. У катта ўлкалар қаерда ва муз орқали бир ўлкадан иккинчи ўлкага қандай қилиб ўтиш мумкин эканини билар эди. Капитан бизни бошлаб кетди. Мен қанча йўл босганимизни эслай олмайман, ҳар ҳолда жуда узоқ юрдик, бориб-бориб икки киши қолди. Биз бир ерга бориб қолдик. Бу ерда маҳаллий одамлардан бештасини учратдик. Уларнинг итлари ва терилари бор, бизда эса бало ҳам йўқ эди. Биз улар билан қop устида олищдик. Улардан биронтаси ҳам тирик қолмади, капитан ҳам ўлди, итлар билан терилар менга қолди. Мен ёрилиб-ёрилиб кетган муз устидан боравердим, мени муз парчаси олиб кетди. Ғарб шамоли бориб-бориб муз парчасини қирғоққа келтириб урди. Ундан кейин Головин бухтасида, Пастиликада бўлдим. У ерда бир руҳонийни учратдим. Ундан сўнг жанубга, яқин ўлкалар томон кетдим. Мен бу ерларда илгари ҳам бўлган эдим.
Денгиз ортиқ кўп ўлжа бермай қўйди, сувсар овловчилар тез-тез хавф-хатарга дуч келиб, оз фойда кўрадиган бўлиб қолди. Кемалар ҳам оз учрар, бу кемаларнинг капитанлари ҳам, матрослари ҳам мен қидириб юрган одамлар ҳақида ҳеч қандай хабар бермадилар. Мен вафосиз океанни ташлаб, қуруқликда саёҳат қилишга тушдим, чунки қуруқликда дарахтлар, уйлар, тоғлар ҳаракатсиз, қимирламай бир жойда турадилар. Мен кўп жойларда бўлдим, кўп нарса ўргандим, ҳатто ёзиш ва китоб ўқишни ҳам билиб олдим. Мен яхши иш қилдим, чунки менинг калламга бир фикр келди: мабодо Унга ҳам шундай нарсаларни ўрганиб олган бўлса, бир кун вақти-соати келиб, тушуняпсизми, вақти-соати келиб…
Шундай қилиб, мен худди фақат елкан билан сузадиган балиқчилар қайиғига ўхшаб дунёни кезиб юрдим. Лекин менинг кўзларим доим очиқ, қулоқларим динг эди. Мен ҳамма вақт кўп саёҳат қилган кишиларга яқинроқ юрдим, чунки улар мен излаб юрган одамларни кўрган бўлишлари мумкин. Мен излаб юрган одамларни бир кўрган киши унутиши мумкин эмас. Пировардида, мен тоғдан тушиб келган бир одамни учратдим. Бу одам ўша томондан бир парча тоза тош олиб келган экан. Бу парча тошда нўхатдек-нўхатдек олтинлар йилтираб турар эди. Бу одам ҳалиги мен қидирган кишилар ҳақида эшитган, уларни кўрган, уларни билар экан. Унинг сўзига қараганда, улар бой бўлиб кетиб, олтин конлари топилган жойларда яшар эканлар.
У жой узоқ ва ваҳший ўлка экан. Мен ўша ерга ҳам етиб бордим ва қурилган лагерларни кўрдим. У ерда одамлар қуёшнинг юзини кўрмай, кеча-ю кундуз ишлар эканлар. Лекин ҳали фурсат келмаган эди. Мен гап-сўзларга қулоқ солиб юрдим. У бу ердан жўнаб кетган, Унга ҳам у билан бирга Англияга кетган экан. Ерли одамларнинг сўзига кўра, бу ерга бой одамларни бошлаб келиб компания тузмоқчи экан. Мен улар турган уйни кўрдим. Бу эски қитъада бўладиган қасрларга ўхшаш бир бино эди. Унгага нималарни эҳсон қил-ди экан деб кечаси деразадан уйнинг ичига тушдим. Бутун хоналарни айланиб чиқдим, уй шу қадар безатилганки, фақат подшолар ва маликаларгина бундай уйларда яшайди деб ўйладим. Одамлар унинг Унга билан қилган муомаласи қиролнинг қироличага қилган муомаласига ўхшайди, дер эдилар. Кўплар, Унга қайси халқнинг фарзанди, унинг томирида бошқачароқ қон борга ўхшайди, Унга бошқа Акатан хотинларига ўхшамайди-ку деб сўрар эдилар. Ҳа, Унга ҳақиқий малика бўлиб олган, лекин мен қабила бошлиғи ва қабила бошлиғининг ўғли эдим, Унга учун қулоқ эшитма-ган қалин тўлаганман, тери, қайиқлар, маржонлар берганман.
Кўп сўзнинг нима кераги бор? Мен денгизчи бўлиб олгандим, кемаларнинг йўлини билардим. Мен Англияга, кейин бошқа ўлкаларга бордим. Баъзан қидириб юрган одамларим ҳақида ҳикоялар эшитдим, газеталарда ёзганларини ўқидим, лекин ўзларини ҳеч қувиб етолмадим. Чунки улар бой бўлганликлари учун бир ердан иккинчи ерга тез ўтиб кетаверардилар, мен эса камбағал эдим. Сўнгроқ эшитсам, улар бахтсизликка учрабдилар: уларнинг бойлиги худди кулга ўхшаб осмонга совурилиб кетибди. Бошда газеталар бу воқеани батафсил тасвирлаб кўп ёздилар, кейин жим бўлиб қолдилар. Лекин у Унга билан бирга олтин топиш кўйида яна орқага қайтиб кетганлигини яхши билар эдим.
Улар камбағал бўлиб, назардан ғойиб бўлдилар. Мен эса қишлоқма-қишлоқ дайдиб юрдим ва Кутнэйда уларнинг изига тушдим. Улар шу оролда бўлган эканлар, лекин кетиб қолибдилар — биров бу томонга кетди деди, биров у томонга кетди деди, баъзилари эса Юкон томонга кетди, дейишди. Ҳамма ерни ахтардим, энг охирида бу таг-туби йўқ дунёда у ёқдан-бу ёққа изғиб юриш мени чарчатди. Мен жуда оғир ва узоқ йўл босиб, яна Кутнэйга бордим. Оч қолган вақтларим ҳам бўлди. Менга йўл кўрсатувчи шимол-ғарб томонлик бир метис очликка чидай олмади. Шу метис илгари Юконда бўлган экан. Вақт-соатининг яқинлашиб келаётганини сезиб, менга бир харита берди ва бир яширин жойнинг сирини айтди. Бу ерда катта олтин захираси бор деб Худонинг номига қасамёд қилди. Ўша вақтларда ҳамма шимолга қараб интиларди. Мен камбағал эдим: почта юкларини ташийдиган ит ҳайдовчи бўлиб ёлландим. Қолганларини ўзингиз биласиз. Мен уларни Доусонда учратдим. Унга мени танимади, чунки Акатанда яшаган вақтимда мен ёш йигитча эдим, бу давр ичида унинг кечирган ҳаёти лаззатда, шон-шавкатда ўтди! Бир вақтлар унинг учун қулоқ эшитмас қалин тўлаган одамни қаердан ҳам эсласин.
Ундан кейинми? Сен хизматдан қутулишимга кўмаклашдинг. Мен ишни ўз хоҳишимча қилиш учун бу ерга қайтиб келдим; мен жуда кўп кутдим, лекин эндиликда у менинг қўлимда бўлганлигидан, шошилмадим. Яна такрор айтаман, мен ўз билганимча иш қилмоқчи эдим, чунки мен орқамга, ўз кечирган умримга, тортган азоб-уқубатларимга қайрилиб қарасам, рус денгизлари бўйидаги поёнсиз ўрмонларда бўлган қаҳратон совуқлар, оч қолганларим эсимга тушади. Ўзингиз биласиз, мен уларни, уни ва Унгани, шарққа бошлаб кетдим: у томонга кўп одамлар кетган, лекин жуда оз кишилар қайтиб келган. Мен уларни орқасига тирик қайтиб келолмаган инсон суяклари ётган олтин конлари томонга олиб бордим. Ҳеч ким ҳали бу олтинларни у ердан олиб кетишга муяссар бўлолгани йўқ. Йўл узоқ, поёнсиз қop саҳроларида юриш оғир. Итларимиз кўп, лекин улар кўп овқат ер эдилар. Баҳоргача зарур бўлган ҳамма нарсалар чаналарга сиғмас эди. Биз ариқлар муздан тозалангунча қайтиб келишимиз керак эди. Юкни енгиллаштириш ва қайтишда очдан ўлиб қолмаслик учун йўл-йўлакай овқатларимизнинг бир қисмини яшириб боравердик. Мак-Квешченда уч одам яшар экан, уларга яқин бир ерда биз озиқ омбори қурдик. Худди шу ишни Мэйода ҳам қилдик. У ерда Пелли қабиласига қарашли овчиларнинг манзили бор экан. Улар бу ерга жанубдан, тоғ довонидан ошиб келган эканлар. Ундан нарида биз одам боласини учратмадик: бизнинг кўз олдимизда уйқуга кетган дарё, жимжит ўрмон ва оппоқ Шимол сокинлиги ётар эди.
Ҳали айтганимдек, йўлимиз узоқ ва оғир эди. Итлар юриши учун сўқмоқ тайёрлаймиз деб, куни бўйи саккиз-ўн милдан ортиқ йўл босолмаган вақтларимиз ҳам бўлди, кечалари эса тошдай қотиб уйқуга кетардик. Бу одам чеккан ғам-аламлари учун қaсoc олмоқчи бўлиб юрган Акатан қабиласининг бошлиғи Наас-ку, деган фикр бирор марта бўлсин йўлдошларимнинг хаёлига келмади.
Энди биз оз-оздан захира қолдира бордик, кечалари эса мен осонлик билан текисланган сўқмоқ йўл орқали қайтиб келиб, овқат захираларини бошқа ерга яшириб қўяр эдим. Буни кўрган одам озиқларни ўғри рассомахлар олиб кетган деб ўйлаши мумкин эди. Дарёда фақат сувнинг юзи музлаган жойлари бўлади, музнинг остидан эса ҳайқириб сув оқиб туради. Мана шундай жойларнинг бирида мен ҳайдаб кетаётган чана музнинг остига тушиб кетди. У ҳам, Унга ҳам, бу бахтсиз бир ҳодисадан бошқа нарса эмас деб ўйладилар. Бу чаналарга кўп озиқ-овқат ортилган, янги яхши итлар қўшилган эди.
Лекин у фақат илжаяр эди, чунки ғоят соғлом ва бақувват киши эди. Тирик қолган итларга биз энди жуда оз овқат бера бошладик, бориб-бориб уларни битта-биттадан чиқариб, қолганларига овқат ўрнида бера бошладик.
– Қайтишда чанасиз, итсиз қайтамиз, юкимиз енгил бўлади, – дер эди у. – Бир озиқ омборидан иккинчисига ўтиб, осонгина қайтамиз.
Шундай бўлиши керак эди ҳам, чунки озиқ-овқатимиз жуда оз қолган, суяклар одамлар лаънатлаган олтинлар билан қоришиб ётган ерга борганимизда, энг охирги итимиз кечаси ўлиб қолди.
Тоғларнинг қоқ юрагига етиб олиш учун (харита тўғри кўрсатган эди), тоғ қояларида оёқ сирпаниб кетмаслиги учун музни ўйиб, зинапоя қилишга тўғри келди. Довоннинг орқасида водий бор деб ўйлаган эдик, йўқ экан: атрофда текис қop тепаликлари ёйилиб, узоқдаги тоғларнинг баҳайбат оппоқ чўққилари кўкка ўрлаб ётар эди. Мана шу тоғликларнинг ўртасида жарлик бўлиб, худди ер бағрига тушиб кетгандек кўринар эди. Биз денгизчи бўлмаганимизда, бу манзарани кўриб, бошимиз айланиб кетган бўларди. Биз ана шу тубсиз жар устида туриб, пастга тушмоқ учун йўл axтаpa бошладик. Довоннинг фақат бир томонида худди кучли шамолдан қийшайиб кетган кема палубасидек қоялар ёнбошлаб пастга қараб тушган. Қандай қилиб юзага келганини билмайман, лекин манзара шундоқ эди.
– Бу жаҳаннамнинг бўсағаси, – деди y, — юринглар, пастга тушамиз. – Биз пастга туша бошладик.
Жарлик остида бир уйча бор экан. Бу уйни кимдир ёғочдан солган. Бу ёғочларни у тоғ тепасидан ташлаган бўлса керак. Уй жуда эски эди. Одамлар бу ерда якка-якка ўлганлар. Уларнинг турли вақтларда муз тошларига ўйиб туширилган ўлим олди сўзларини ва лаънатларини ўқидик. Бири цинга касали билан ўлган. Бошқа бирининг ўртоғи энг охирги овқат, ўқ-дориларини ўғирлаб қочган; учинчисини айиқ парчалаб ташлаган. Тўртинчиси, ов қилмоқчи бўлган, лекин охирида очликдан ўлиб кетган. Ҳаммаси ҳам шу тарзда ҳаёт билан хайрлашган; улар олтиндан ажралгилари келмай, ҳар бири ўз ўлими билан дунёдан ўтган. Уларга энди ҳеч керак бўлмаган олтинлар уй ичида сочилиб ётибди.
Лекин мен шунчалик узоққа олиб борган одамнинг жони қаттиқ, калласи эса яхши ишлар эди.
– Емоқ учун ҳеч нарсамиз йўқ, – деди у. – Шунинг учун биз фақат мана шу олтинларни бир кўрамиз, бу олтинлар қаердан келган, кўпми-озми текшириб чиқамиз.
Шундан кейин бу олтинларнинг ярқираши кўзларимизни кўр қилиб, ақлдан оздирмасдан туриб, дарров орқага қайтамиз. Кўп озиқ-овқат ғамлаб, кейин қайтиб келамиз. Бу олтинларнинг ҳаммаси шунда бизники бўлади.
Шундай қилиб, биз олтин беҳисоб бўлган ана шу уйни бошдан-оёқ кўздан кечириб чиқдик, ўлчадик. Тепадан пастга қараб чизиқ тортдик, қозиқ қоқдик ва ҳуқуқимиз борлигини исбот қилиш учун алоҳида белгилар қилиб қўйдик. Очликдан тиззаларимиз букилар, кўнглимиз айнир, юракларимиз нотинч урар эди. Шундай бўлса ҳам биз тирмашиб, жар тепасига чиқдик ва орқага қайтдик.
Йўлнинг охирги қисмида биз Унгани кўтариб олдик. Ўзимиз ҳам зўрға қадам босиб борар эдик. Пировардида биз биринчи озуқа омборимизга етиб келдик. Ҳайҳот, у ерда озиқ-овқат йўқ эди! Мен усталик билан иш кўрган эдим. У бу россомахларнинг иши деб ўйлади ва уларга лаънатлар ўқиди. Лекин Унга руҳан бардам эди, унинг қўлларини ушлаб табассум қиларди. Мен шундай пайтларда сиримни фош қилиб қўйишдан қўрқиб, юзимни ўгирар эдим.
– Биз тунни гулхан олдида ўтказамиз, – деди Унга, — мокасинларимизни* қайнатиб, қорнимизга бир оз ором берамиз.
Биз этик қўнжларидан тилим-тилим қилиб кесдик ва чайнаш мумкин бўлсин учун кечаси билан қайнатдик. Эрталаб энди нима қилсак экан, деб ўйлаб қолдик. Иккинчи омборга етгунча яна беш кунлик йўл босиш керак. У ерга етиб бориш учун бизда мадор йўқ. Ов топиш керак эди.
– Олдинга қараб бораверамиз, йўлда ов қиламиз, – деди у.
– Ҳа, олға қараб бораверамиз ва ов қиламиз, – деб такрорладим мен.
«Унга ўт олдида қолиб кучини сақласин», деб буйруқ берди у. Биз эса йўлга тушдик. У буғу ахтариб кетди, мен бўлсам овқат яшириб қўйган томонга қараб кетдим. Лекин мен улар қувват пайдо қилганимни билмасин деб озгина овқат едим. Гулхан ёққан жойга қайтиб келар эканман, уни кўрдим: у тез-тез йиқилар эди. Мен ҳам сирни бой бермасликка тиришиб, ўзимни жуда ҳолдан тойган қилиб кўрсатиш учун чанғида бораётиб, тез-тез қоқилар ва ҳар бир қўйган қадамим энг охирги қадамга ўхшар эди. Биз яна мокасин қайнатиб еб, оз-моз қувватга кириб олдик.
У жуда бақувват одам эди. Унинг руҳи сўнгги дақиқаларгача гавдасини тик ушлаб берди. У зорланмас ва фақат Унга ҳақида ўйлар эди. Иккин-чи куни ўлганини кўриб қолай деб унинг орқасидан бордим. У дам олиш учун тез-тез ётиб олар эди. Шу кеча унинг аҳволи жуда оғирлашди, лекин эрталаб туриб, заиф товуш билан сўкинди-да, яна йўлга тушди. У худди мастга ўхшар эди. Мен бир неча марта мана энди — ҳозир жони чиқади деб ўйлар-дим. Лекин у бақувватларнинг бақуввати эди. Унинг жони гигантнинг жони эди, чунки гавдасини узун кун бўйи кўтариб юрди. У иккита оқ қирғовулни отиб туширди, лекин емади. Қирғовулни ўт ёқиб ўтирмай хомлигича емоқ мумкин эди, шунда у ҳаёт қолган бўлар эди. Лекин унинг фикру хаёли Унгада эди. У яна туриш жойимизга қараб жўнади. У энди тикка туриб юрмас, балки тўрт оёқлаб қор устида эмаклаб борар эди. Мен унга яқинлашдим, унинг кўзларида ўлим аломатини кўрдим. Агар у ҳалиги қушларни еганда, қутулиб қолиши мумкин эди. Лекин милтиғини улоқтириб ташлаб, худди итга ўхшаб қушларни тишлаб кетаверди. Мен унинг ёнида борардим. У дам олиш учун тўхтаган пайтларида менга тикилиб қарар ва тетиклигимга таажжубланар эди. Мен буни тушундим, чунки у ортиқ сўзлай олмас, лаблари қимирлар, лекин ҳеч товуш чиқара олмас эди. Яна қайтариб айтаман, у жуда бақувват одам эди, менда раҳм-шафқат ҳисси уйғонди, лекин мен бутун умримни кўз олдимга келтирдим; рус денгизлари яқинидаги поёнсиз ўрмонларда юрганларимни, қаттиқ совуқ ва очликда кечирган кунларимни эсимга туширдим. Бунинг устига Унга меники эди, мен Унга учун қулоқ эшитмаган қалин тўлагандим — тери, қайиқ ва маржонлар бергандим.
Хуллас, биз оппоқ ўрмондан ўтиб борар ва худди денгиз тумани сингари атрофимизни даҳшатли сокинлик ўраб олган эди. Ўтмишнинг эсдаликлари ҳам кўз ўнгимда намоён бўлди. Акатаннинг сариқ қирғоқлари, балиқ овидан қайтиб келаётган қайиқчалар, ўрмон четидаги ўйлар кўз олдимдан бир-бир ўта бошлади. Менинг халқимга қонун берган, кейин халқимга бошлиқ бўлиб олган, менинг, айни дамда хотиним Унганинг томирларида қонлари юраётган кишилар ҳам кўз олдимга келди. Шу қaторда бошларига ҳўл қум сочилган ва ҳали ҳам синган найзани ўз қўлидан қўйиб юбормаган Яш-Нуш ҳам мен билан бир сафда борар эди. Вақт-соат яқинлашганини билдим, лекин Унганинг қарашларида ваъда аломати борлиги ҳам менга маълум эди.
Ҳали айтганимдек, биз ўрмондан бормоқда эдик, кейин гулхандан келаётган тутун димоғимизни қичитди. Мен энгашиб душманим оғзидан қушчаларни юлиб олдим. У айланиб, ҳайрат кўзлари билан менга қаради ва қўли ёнида осилган пичоққа чўзилди. Мен кулиб, унинг кўзига тикилдим ва қўлидан пичоқни тортиб олдим. Шунда ҳам у ҳеч нарса тушунмади. Кейин бир вақтлар мени қора шишалардаги сув билан маст қилганини эсига туширдим, қop устига уйилган молларни, умуман ўша тўйим кечаси нимаики иш юз берган бўлса, ҳаммасини ишоралар билан кўрсатдим. Мен бир оғиз ҳам сўз айтмадим, бу гал у тушунди, лекин қўрқмади. Унинг лабларида масхарали табассум, кўзларида ғазаб ўти ёнар эди. Менинг сўзларим унга янги куч берди. Биз манзилга яқинлашиб қолдик. Қop қалин бўлгани учун у зўрға судралиб борар эди. Бир марта у анчагача қимирламай ётди, мен уни ағдариб, кўзига қарадим. Унинг кўзларидаги ҳаёт гоҳ сўнар, гоҳ яна пайдо бўлар эди. Мен уни қўйиб юборган эдим, у яна эмаклаб кетди. Шундай қилиб биз гулханга етиб келдик. Унга унинг қучоғига ташланди. Унинг лаблари қимирлар, лекин ҳеч товуш чиқаролмас эди. Кейин мени Унгага кўрсатди. Энг сўнгида у оҳиста қорга ағдарилди. Ҳозир ҳам шу ҳолича ётибди.
Қушчалар пишиб, тайёр бўлгунча, мен бир сўз ҳам айтмадим. Кейин мен Унга кўп йиллардан бери эшитмаган ўз она тилимизда сўзлай бошладим. Унга тўғриланиб олди ва ҳайрат билан кўзларини катта очиб менга қаради. У мендан ким эканлигимни ва бу тилни қаердан ўрганганлигимни сўради.
– Мен Наасман, – деб жавоб бердим.
– Сен-а? – деб қичқириб юборди у ва менга яқинpoқ ўрмалаб келди.
– Ҳа, – деб жавоб бердим мен. – Мен Наасман, Акатан қабиласининг бошлиғиман, ўз уруғимда энг охирги вакил бўлганим каби, сен ҳам ўз уруғингда охирги вакилсан.
У кулиб юборди. Бундай кулгини иккинчи бор асло эшитмай! Даҳшатдан юракларим қиндан чиқиб кетаёзди. Мен Оппоқ Сокинликда ўлим билан, мени масхара қилиб кулаётган ана шу хотин билан ёлғиз ўтирар эдим.
– Тинчлан, – дедим мен, уни алаҳлаяпти деб гумон қилиб, – бир оз қувватга кириб ол, бу ердан кетамиз, Акатан йўли узоқ.
Лекин у мурданинг сап-сариқ ёлларига яшириниб олди-да, яна кула бошлади. У шундай кулар эдики, назаримда иш яна бир оз шундай давом этса, бошимизга осмон йиқилиб тушадигандай туюлди. У мени кўриб қувончга тўлар ва ўтмишни эсига туширганда яна ўз жойига қайтишни хоҳиш қилар деб ўйлаган эдим, лекин ҳеч ким ўз қувончини бундай ғалати кулги билан изҳор қилмайди.
– Юр! – деб бақириб юбордим мен қўлидан маҳкам ушлаб. – Тун қоронғулигида узоқ йўл босишимиз керак. Шошилиш керак!
– Қаёққа? – деб сўради Унга ўрнидан қимирлаб. Унинг юзидаги кулги йўқолди.
– Акатанга, – дедим мен унга. Шу сўз билан унинг чеҳраси яна очилиб кетар деб кутиб турдим. Лекин Унганинг юзида ҳам масхарали табассум ва ғазаб ифодаси кўринди.
– Ҳа, – деди Унга, – биз қўл ушлашиб Акатанга қайтамиз. Сен билан мен. Яна ифлос уйларда яшаб, балиқ ва тюлень ёғи билан кун кўрамиз, ўзимизга ўхшаган болаларни кўпайтирамиз ва умр бўйи улар билан фахрланиб юрамиз. Биз катта дунёни унутамиз. Биз жуда бахтли бўламиз. Қандай яхши! Қани, кетдик! Шошилиш керак! Акатанга қайтамиз.
Унга ўликнинг сариқ сочларини қўллари билан силади-да, хунук кулгисини яна бошлаб юборди. Унинг кўзларида ваъдадан асар ҳам йўқ эди.
Мен хотинларнинг бундай ғалати қилиқлари бўлишига тушунолмай ҳайрон бўлиб, жим ўтирдим. Тўй бўладиган кечаси у Унгани судраб кетгани, Унга унинг сочларини юлгани эсимга тушди. Ҳозир эса Унга ўз қўлларини унинг сочларидан олгиси келмайди. Яна мен Унга йўлида ўтказган ва интизор чеккан узоқ йилларни эсимга туширдим. Ўша вақтда арслон ёлли Унгани қандай қилиб кўтарган бўлса, мен ҳам шундай қилдим — Унгани даст кўтариб олиб кетдим. Лекин Унга худди ўша тундаги сингари оёғини тираб ўжарлик қилар ва болаларидан ажралаётган она мушук каби менга чанг солар эди. Биз билан ўлиб ётган киши ўртасида гулхан тўғри келиб қолди. Мен Унгани қўйиб юбордим. Унга менинг сўзимга қулоқ сола бошлади. Мен унга ҳаммасини; ёт денгизларда бошимдан ўтган саргузаштларимни, ёт мамлакатларда кўрган кунларимни, излашларим; очлик билан ўтказган йиллар ва Унганинг биринчи маротаба менга берган ваъдасини эслатиб, ҳаммасини бирма-бир сўзлаб бердим. Ҳа, мен унга ҳаммасини; ҳатто ўлган одам билан менинг ўртамда бўлган шу бугунги суҳбатни ҳам гапирдим. Мен ҳикоя қилар эканман, унинг катта очилган кўзларида худди ўзига тортувчи тонг шафағи каби ваъда учқунлари пайдо бўла бошлаганини кўрдим. Мен бу кўзларга қараб, Унганинг кўзларида раҳм-шафқат, меҳр, юзида латофат белгиларини кўрдим, қалбидаги ҳислари юзига чиққандек бўлди. Мен яна ёш йигитга айландим, чунки бу қараш Унганинг қараши эди, бу қapaш лабларда табассум сочиб, қирғоқ бўйлаб уйига чопиб кетаётган ўша илгариги қизнинг қараши эди. Барча азоб-уқубатлар, очлик ва оғир интизорлик аламлари бир зумда йўқолди. Вақт-соати етди. Унга мени чақираётгандай бўлди. Фақат унинг тиззасига бош қўйиш ва ҳамма нарсани унутишгина қолган эди. У менга қapaб қучоғини очди, мен унга ташландим. Бирдан унинг кўзларида нафрат ўти чарақлаб кетди ва қўли менинг биқинимга чўзилди. Кейин у мени пичоқ билан мана бундай қилиб бир-икки урди.
– Итвачча! – деб қичқирди у мени қopгa итариб юбориб. – Ит! — Сўнг унинг кулгиси сокинликда яна жаранглаб кетди. Кейин Унга анавининг мурдаси олдига қайтиб борди.
Ҳали айтганимдек, у мени пичоқ билан икки марта урди, лекин очликдан заифлашиб қолгани сабабли тақдир бу гал ҳам менга ўлимни раво кўрмаган экан. Шундай бўлса ҳам мен ўша ерда қолиб, кўзларимни юмиб, абадий уйқуга кетмоқчи эдим. Мени нотаниш йўллардан юргизган, нотаниш ўлкаларга олиб борган, ҳаётлари менинг ҳаётим билан чирмашиб кетган мана шу одамлар билан бирга қолмоқчи эдим. Лекин менинг бўйнимда қарз бор эди, шунинг учун нариги дунёга сафар қилиш ҳақида ўйлашга ҳали вақт эрта эди.
Йўллар узоқ, қаҳратон совуқ, овқат оз эди. Пелли қабиласидан бўлган овчилар ов қилишга ҳеч нарса тополмасдан, менинг озиқ омборимни ўғирлаб кетибдилар. Мен айтган учта оқ одам Мак-Квешчандаги омборни ҳам шундай қилибдилар. Лекин мен уй олдидан ўтиб кетаётиб уларнинг ўлиб ётганларини кўрдим. Ундан кейин мен ҳеч нарсани эслай олмайман — қандай қилиб бу ерга келганимни, қандай қилиб овқат ва иссиқлик топганимни билмайман.
Сўзини тамом қилгач, у печкага яқин сурилди. Ёниб турган қора чироқ қаршидаги деворга алланечук қўрқинчли соя ташлаб турарди.
– Унга нима бўлди? – деди Принс ҳикоядан даҳшатга тушиб.
– Унгами? Унга қирғовулни ейишдан бош тортди. Унга унинг бўйнидан қучоқлаб, юзини арслон ёлларига суриб ётиб олди. Мен иссиқ бўлсин деб гулханни унга яқинлаштирган эдим, у бошқа томонга эмаклаб ўтиб олди. Мен бошқа ўт ёқдим, бу ҳам фойда бермади. У овқатдан бош тортди ахир! Иккаласи ҳали ҳам ўша ерда, қop устида ётишибди.
– Хўш, сен-чи?– деб сўради Мэйлмют Кид.
– Мен нима қилишимни билмайман. Акатан кичкина ўлка, у ерга қайтиб бориш ва дунёнинг бир чеккасида яшаш истагим йўқ. Энди яшашимнинг нима кераги бор? Мен капитан Констэнтайнинг олдига қайтиб бораман, у ерда қўлларимга кишан уриб, бўйнимга арқон соладилар-да, мана бундоқ қилиб дорга осадилар; шунда мен абадий уйқуга кетаман… Тўғрисики… йўқ, билмайман.
– Менга қара, Кид! – деди Принс ғазаб билан. – Ахир бу одам ўлдириш-ку!
– Жим бўл! – деди Кид жиддий равишда. – Шундай нарсалар борки, уларга бизнинг ақлимиз етмайди.
Бунда ким ҳақли, ким айбдор эканини биз билмаймиз. Бу ҳақда ҳукм чиқариш бизнинг ишимиз эмас.
Наас ўтга яна бир оз яқинлашди. Ўртага жимлик тушди. Мана шу сокинликда ўтирган уч кишининг кўз олдиларидан кечмишнинг хаёллари бир-бир ўта бошлади.
_____________
* voyageuгs — касби йўл бошловчилик бўлган кишилар, булар канадалик французлардан бўларди.
* couzeuzsdu bois — Трапперлар, овчилар.
* bois bzules — Айнан таржимаси — куйган дарахт (французча); Канадага энг олдин кўчиб келган французларни шундай деб атардилар, улар айниқса, Канада Англияга ўтгандан кейин ўрмонларда овчилик қилардилар.
* Мокасин — буғу терисидан тикилган узун қўнжли этик.
Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси