Улар оқсоқланиб, сойга томон тушиб боришарди. Ҳамроҳлардан бири, олдинда кетаётгани, тошлоқ ерда қоқилиб, гандираклаб кетди. Иккаласи ҳам чарчаб ҳолдан тойган, юзларидан чидам ва итоаткорлик ифодалари кўриниб туради — бу узоқ вақт қийинчилик чекиш натижаси. Орқаларидаги қайиш билан тортиб боғланган оғир юклари елкаларини эзади. Иккаласида ҳам биттадан мил-тиқ. Иккаласи ҳам букчайиб, энгашиб, кўзларини ердан узмай борадилар.
– Қани энди яшириб қўйган жойимиздаги ўқлардан ҳозир иккитагинаси бўлса, – деб қўйди улардан бири.
Азбаройи мадорсизлигидан овози заиф чиқди. Ўзи беҳафсала гапирар эди; тошларга урилиб, кўпикланиб оқаётган сутдек оппоқ сувга энди оёқ босган шериги эса, унга ҳеч нарса деб жавоб бермади.
Иккинчиси ҳам шериги орқасидан сувга тушди. Сув муздек совуқ бўлишига қарамай, улар оёқ кийимларини ечмадилар, сув шу қадар совуқ эдики, уларнинг оёқлари, ҳатто оёқ бармоқлари ҳам совуқдан увишиб қолди.
Баъзи жойларда сув тиззадан келар, шитоб билан урилганда ўзларини тутолмай гандираклаб кетардилар.
Орқада келаётган йўловчи силлиқ тошга тийғаниб кетиб йиқилишига оз қолди, оғриқдан қаттиқ ихраб юборди-ю, аммо йиқилмади. Боши айланди шекилли, мункиб кетиб, худди ҳаводан таянч топишга интилгандек бўш қўлини олдинга чўзди. Ўзини ўнглаб олди-да, олдинга қадам босди, лекин яна тойиб кетиб, сал бўлмаса йиқилаёзди. Шундан кейин тўхтаб, ўз шеригига қараб қўйди: шериги эса орқасига ҳам қарамай, ҳамон олдинга кетмоқда эди.
Бир нарсани ўйлаётгандек, бирпас қимирламай турди, кейин:
– Менга қapa, Билл, оёҲимни чиқариб олдим! – деб қичқирди.
Билл оёқларини судраб сутдек оппоқ сувдан кечиб борарди. У орқасига бирор марта ҳам қайрилиб қapaмади. Шериги унинг орқасидан қараб турарди, юзи ҳали ҳам аввалгидек ҳеч нарсани ифода қилмаса-да, кўзларида яраланган буғу сингари чуқур қайғу белгилари пайдо бўлди.
Мана Билл қарши қирғоққа ўтиб олди-да, каловланиб юриб кетди. Сувнинг ўртасида турган ҳамроҳи ундан кўзини олмай қараб турди. Унинг лаблари шу қадар титрар эдики, ўсиқ сариқ мўйловининг туклари учиб-учиб кетарди. У тилининг учи билан қoқ қуриган лабларини бир ялаб олди-да:
– Билл! – деб қичқирди.
Бу фалокатга йўлиққан одамнинг жон аччиғидаги ҳайқириғи эди, аммо Билл қайрилиб қарамади. Орқада қолиб кетгани шеригининг орқасидан узоқ вақт қараб турди: шериги лапанглаб, оқсоқланиб, қоқилиб-суқилиб, тепаликда кўринган эгри-бугри уфқ чизиқлари томон аста-секин кўтарилиб борарди, Билл то тепаликни ошиб, кўздан ғойиб бўлиб кетгунча, шериги унинг орқасидан қараб турди. Шундан кейин у тарафдан кўзини узди ва Билл кетгандан кейин ўзи ёлғиз қолган ерни бир-бир кўздан кечириб чиқди.
Худди уфқ тепасида ғира-шира ва чексиз-чегарасиз қуюқ туман пардаси ортидан зўрға кўринаётган қуёш хира нур сочиб туради. У бутун оғирлигини бир оёғига солиб туриб, соатини олди, соат тўрт эди. Сўнгги икки ҳафта ичида у ҳисобни йўқотиб қўйди: июлнинг охири ёки августнинг бошлари бўлганидан қуёш шимол-ғарбда бўлиши керак эди. У жануб томонга қаради, мана шy ёқим-сиз тепаликлар орқасида аллақаерда Катта Айиқ кўли бор, худди ўша томонда Канада саҳросидан мудҳиш шимолий Қутб доираси ўтади деб ўйлаб қўйди, у турган сой Коппермайн дарёсининг ирмоғи, Коппермайн эса шимол томонга оқиб, Коронация кўрфазига, Шимолий Муз денгизига қуйилади. Унинг ўзи у ерларга ҳеч қачон бормаган, лекин бунинг ҳаммасини бир кун Гудзон кўрфази компаниясининг харитасида кўрган.
У ўзи ёлғиз қолган жойини яна бир марта кўздан кечирди. Теварак-атроф совуқдан-совуқ бир манзарани ташкил этарди. Пастаккина тепачалар бир хилдаги эгри-бугри чизиқ ҳосил қилиб, то уфққа туташгунча чўзилиб кетган. На бирон дарахт, на бута, на ўт-ўлан кўринади — поёнсиз ва даҳшатли саҳродан бошқа ҳеч нарса йўқ. Унинг кўзларида қўрқув ифодалари кўринди.
– Билл! – деб пичирлади у, кетидан яна: – Билл! – деб такрорлади.
Поёнсиз caҳро гўё қудратли кучи билан босаётгандай, мудҳиш сокинлиги билан эзаётгандай, у лойқаланиб оқаётган сой ўртасида чўққайиб ўтириб қолди. У худди безгак тутаётгандек қалтираб кетди, шу пайт милтиғи шалп этиб сувга тушди. Бу уни ўзига келтирди. У қўрқувни енгиб, эс-ҳушини йиғди, кейин қўлини сувга тиқиб пайпасланди-да, милтиғини топди. Сўнг майиб оёғига оғирлик камроқ тушсин учун юкни чап елкасига суриб олди ва ҳар оёқ босганда оғриқдан башарасини буриштириб, зўр эҳтиёт билан секин-аста қирғоққа юра бошлади.
У тўхтамай юраверди. Оғриққа сира эътибор бермай, ўлгудек тиришқоқлик билан шошиб Билл ошиб ўтиб кетган тепалик устига чиқаверди, шунда ўзи каловланиб зўрға оёқ судраб бораётган Биллдан ҳам кулгилиpoқ ва қўполроқ бўлиб кетди. Тепаликка чиқиб қapaca, водийда ҳеч ким йўқ экан! Уни яна қўрқув босди, кейин қўрқувни яна енгиб, қопини чап елкасига яна ҳам суриб олди-да, оқсоқланиб-оқсоқланиб пастга туша бошлади.
Водийнинг пастлиги чалчиқзор бўлиб, чимлик жиққа сув эди. Ҳар қадам босганда сув сачрар, оёғини нам чимликдан ҳар кўтариб босганда шалоп-шулуп этган товуш чиқарди. У Биллнинг изидан юришга интилиб, кўлобларни айланиб ўтар ёки чимликлар устида худди орол сингари қаққайиб турган тошлар устидан борарди.
У ёлғиз қолган бўлса ҳам йўлдан адашмади. Яна бир оз юргандан кейин атрофини пастаккина нимжон қуруқ пихта ва арчалар ўраб ётган кичкина Титчинничили кўлига етиб боришини биларди, бу кўлнинг исми маҳаллий тилда «Кичик Оғочлар Ўлкаси» деган маънони англатарди. Шу кўлга бир ариқ келиб қуйилади, суви ҳам лойқа эмас. Ариқ бўйларида қамиш ўсади. Бу унинг яхши эсида, лекин у ерда дарахт йўқ. У ариқ бўйлаб юқорига, сойгача боради. Шу ердан ғарбга оқаётган бошқа бир ариқ ёқалаб Диз дарёсига қадар боради. Худди ўша ерда устига тош бостирилган тўнкариб қўйилган қайиқ остига яшириб қўйилган нарсаларни топади. У ерда милтиқ ўқи, балиқ тутадиган қармоқ ва қapмоқ иплари, кичик бир тўр, умуман овқат топиш учун зарур нарсаларнинг ҳаммаси яшириб қўйилган. Бундан ташқари ўша ерда оз бўлса ҳам ун, бир парча гўшт, ловия ҳам бор.
Билл уни ўша ерда кутиб туради, кейин иккиси Диз дарёси билан Катта Айиқ кўлига борадилар, ундан кейин кўлдан ўтиб жанубга, то Маккензи дарёсига етиб олгунча доим жанубга қараб бораверадилар. Жанубга, ҳамма вақт жанубга қараб бораверадилар — қиш эса уларни қувиб боради. Тез оқар сой ва жилғалар муз билан қопланади, совуқ тушади, улар эса жанубга Гудзон кўрфазидаги факториялардан бирига етиб оладилар, у томонларда баланд-баланд, азамат дарахтлар ўсади ва озиқ-овқат ҳам истаганча топилади.
Зўрға судралиб бораётган йўловчи мана шулар ҳақида ўйлар эди. Лекин юриш қанчалик оғир бўлмасин, Билл уни ёлғиз ташлаб кетмайди деган фикрга ишониш ундан ҳам қийин эди. Билл ҳеч шубҳасиз уни нарсалар яширинган жойда кутиб ўтиради. У шундай деб ўйлаши керак, акс ҳолда бундан кейин курашни давом эттиришнинг ҳеч қандай маъниси йўқ, унда оёқни чўзиш-у, ўлиб қўя қолишдан бошқа илож йўқ. Қуёшнинг хира гарди-ши шимол-ғарб томонга секин-аста яширина борар экан, у Билл билан бирга яқинлашиб келаётган қишдан қочиб, жануб томонга қўйиладиган ҳар қадамини ҳисоблаб чиқди. У нарсалар яширилган жойдаги ва Гудзон кўрфази компаниясининг омборидаги озиқ-овқат захирасини қайта-қайта ўз хаёлидан кечирди. Икки кундан бери у ҳеч нарса егани йўқ, лекин ундан илгари ҳам тўйиб овқат емаган эди. У тез-тез эгилиб, рангсиз ботқоқ меваларини узиб оғзига солар ва чайнаб ютиб юборарди. Мевалар жуда серсув, суви ичига кетиб, оғзида фақат тахир ва қаттиқ уруғларигина қоларди. Бу мевалар қорин тўйғазмаслигини биларди, шундай бўлса ҳам уларни сабр билан чайнар, чунки умид аччиқ ҳақиқат билан ҳисоблашмоқни истамас эди.
Соат тўққизларда у оёғининг катта бармоғини ўткир тош қиррасига уриб олди. Чарчоқ ва дармонсизликдан гандираклаб йиқилиб тушди. Бир ёнбошига ағанаб, анчагача қимирламай ётди. Ундан кейин орқасидаги қоп қайишини елкасидан чиқариб, ихраб-ихраб ўтириб олди. Ҳали унча қоронғу тушганича йўқ эди, шу ғира-ширада тошлар орасини пайпаслаб, қypyқ хас-чўп йиға бошлади. Бир тутам хас-чўп йиғиб ўт ёқди, кейин котелокка сув солиб, тутаб-бурқсиб ёнаётган ўтга қўйди.
У қопни очиб, ҳаммадан бурун гугуртларни санаб кўрди. Ҳаммаси бўлиб олтмиш етти дона гугурт чўпи бор эди. У янглишган бўлмай деб, гугуртни уч марта санаб чиқди. Гугуртни уч бўлакка ажратиб, ҳар бир бўлагини қоғозга ўради. Бир бўлагини бўш ҳамёнига солиб қўйди, иккинчисини эскириб кетган шапкасининг астарига тиқди, учинчисини эса кўкрагига яшириб қўйди. Бу ишни тамом қилгандан кейин уни бирдан қўрқув босди: уч бўлак гугуртни яна очиб, қайтадан санаб кўрди. Гугурт аввалгидек олтмиш етти дона эди.
Оёқ кийимини ўтга тутиб қуритди, мокасини йиртилган, одеялдан тикилган пайпоқлари чилтешик, оёқлари бўлса қонталаш бўлиб кетганди. Тўпиғи қаттиқ оғрирди, у тўпиғини кўздан кечирди. Тўпиғи худди тиззасидек йўғон тортиб, шишиб кетганди. У одеялларидан биттасининг четидан узун қилиб йиртиб олди, тўпиғини маҳкам сиқиб боғлади. Кейин яна бир неча парча йиртиб олиб, мокасин ва пайпоқ вазифасини ўтасин деб, оёғини айлантириб ўради-да, қайнаган сувдан ичиб олди, соатини буради, сўнг одеялга ўраниб ётди.
У донг қотиб ухлади. Ярим тунга бориб қоронғу тушди, лекин бу узоққа чўзилмади. Шарқ-шимол-дан қуёш кўтарилди, тўғрироғи ўша томондан тонг ёриша бошлади, чунки қуёш юзини қуюқ туман қоплаган эди.
Соат олтида у чалқанча ётгани ҳолда уйқусидан уйғонди, кул ранг осмонга қаради ва оч қолганини сезди. Тирсагига суяниб қаддини кўтарди ва қайрилиб қараган эди, қулоғига қаттиқ пишқирган товуш эшитилди. Қараса, сезгирлик вa қизиқиш билан бир бyғy унга қараб турган экан. Буғу ундан эллик қадамча жойда турарди. Шу ондаёқ товада жизиллаб қовурилаётган буғу гўштининг ҳиди димоғига урилгандек, ўзи гўшт мазасини тотгандек бўлди. Беихтиёр ўқи йўқ милтиғини олиб ўқталди, тепкини босиб юборди. Буғу чўчиб бир чеккага ташланди ва туёқларини тапиллатиб қочиб кетди.
Одам сўкиниб, милтиғини улоқтириб ташлади, ихраб-ихраб ўрнидан туришга уриниб кўрди. Анча урингандан кейин зўрға туриб олди. Бўғинлари худди занглаб қолгандек эди, уларни тўғрилаш ёки эгиш жуда машаққат эди. Ниҳоят у оққа босгандан кейин ҳам одамга ўхшаб тик туриб олиш учун роса бир дақиқача ўринди.
У чоғроқ бир тепалик устига чиқиб, атрофга назар ташлади. Бўз ранг чимлик денгизидан бошқа ҳеч нарса — на бирон дарахт, на бирон бута — ҳеч нарса кўринмасди. Онда-сонда бўз ранг харсанг тошлар, бўз ранг кўлчалар, бўз ранг ариқларгина кўзга ташланади. Осмон ҳам бўз ранг эди. Қуёш на нур сочади, на унинг йилт этган шуъласи кўриниб қолади. У шимол қаёқда эканини, кеча кечқурун бу ерга қайси томондан келганини эслай олмади. Лекин у йўлдан адашмаган эди. Буни яхши билади. У тезда Кичик Оғочлар Ўлкасига етиб олади. У ўлка шу яқин орада, чап томонда бўлиши керак, эҳтимол, худди мана шу кўриниб турган тепаликнинг нариги томонидадир.
У қайтиб тушиб, йўлга отланди; тугунини тугди, уч бўлак қилиб қўйган гугуртларим турибдими-йўқми деб пайпаслаб кўрди, лекин санаб ўтирмади. У буғунинг терисидан тикилган халтачага қараб туриб, хаёл суриб қолди. Халта унча катта эмас, ичидаги нарсалари билан бир ҳовуч келарди. Лекин оғирлиги ўн беш қадоқ бўлиб, қолган юкнинг оғирлиги билан тенг эди — уни мана шу ташвишга соларди. У халтани бир томонга суриб қўйиб, бошқа нарсаларни ўрай бошлади. Кейин халтачага қаради-да, апил-тапил қўлига олди, худди саҳро унинг қўлидан олтинни тортиб олаётгандек, хўмрайиб атрофга қаради. Янгидан ўрнидан туриб, йўлга тушганда бошқа нарсалар қатори халтача ҳам унинг орқасида эди.
У чапга томон бурилди. Аҳён-аҳёнда тўхтар ва ботқоқ меваларидан териб ер эди. Унинг оёғи бутун лай қотиб қолди, ўзи борган сари кучлироқ оқсар, лекин оёқ оғриғи қорнидаги оғриқ азобига қараганда ҳеч гап эмасди. Очлик азоби уни ҳаммадан кўпроқ қийнар, қорнидаги оғриқ эса ич-ичдан азоб берарди. Энди у Кичкина Оғочлар Ўлкасига етиб олиш учун қайси томонга юришни ҳам билмасди. Мевалар уни очлик азобидан қутқаролмас, тил ва танглайларини ловиллатиб ачитарди. Кичикроқ бир сойликка етиб борганда, тошлар орасидан қанотларини қоқиб ва қир-қирлашиб бир тўп оқ каклик кўтарилди. У какликларга тош отди, лекин теккизолмади. Кейин у юкини ерга қўйиб, худди чумчуқ пойлаган мушукдек, какликларнинг орқасидан пусиб ўрмалаб бора бошлади. Ўткир тош қирралари унинг шимларини парчалаб ташлади, тиззаларидан оққан қон қонли из қолдириб борди. Лекин очлик азоби шунчалик кучли эдики, у бошқа ҳеч қандай оғриқни сезмасди. У чалчиқзор чимликлар устидан ўрмалаб, кийимлари ҳўл-шалоббо бўлиб кетган, бадани совуқдан қотган эди-ю, лекин фақат овқат ҳақида ўйлар, бошқа ҳеч нарсани сезмасди. Атрофидан ҳадеганда пар этиб учиб кетаётган какликларнинг қир-қири уни масхара қилаётгандек туюлди. У какликларни сўкиб қўйди-да, уларга тақлид қилиб қичқира бошлади.
Бир марта у бир какликка жуда яқин келиб қолди, қуш чамаси ухлаб ётарди. У қуш тошлар орасидаги ўз уясидан юзига тегиб кетай деб париллаб учиб чиқмагунча, какликни кўрмади. Каклик бехосдан париллаб чиқиб қолганига қарамай, у чангал солди. Қўлида қушнинг учта пати қолди. У учиб кетаётган қушнинг орқасидан қараб турди, каклик гўё унинг бошига катта фалокат келтиргандек, одам кўнглида унга нисбатан чексиз нафрат уйғонди. Кейин орқасига қайтиб, юкини кўтариб олди.
Чошгоҳ пайтида у бир ботқоққа етиб келди, бу ерда ов кўпроқ эди. Худди унга ўчакишгандай олдидан йигирматача буғу ўтиб кетди, улар шундай яқиндан ўтдики, милтиқ ўқи баҳузур етарди. У жониворларни қувлагиси келиб кетди, қувласа, ушлаб олишига жуда ишонарди. Унинг олдидан оғзига каклик тишлаган бир қора тулки ўтиб кетди. У қичқириб юборди. Шундай қаттиқ қичқирдики, чўчиб кетган тулки ўзини бир четга урди, аммо какликни оғзидан тушириб юбормади.
Кечқурун у қамишлар орасидан оҳакдан оппоқ лойқаланиб оқаётган ариқча ёқалаб борарди. Бир қамишнинг остидан маҳкам ушлаб, худди пиёзга ўхшаган бир нарсани суҲуриб олди. Ғамишнинг томири юмшоқ бўлиб, чайнаганда иштаҳани очиб, қарс-қарс қиларди. Лекин ўзи мазаси тахир, худди мевага ўхшаган серсув бўлиб, оч қоринни тўйғазмасди. У юкни ерга ташлади-да, худди кавш қайтараётган молга ўхшаб кавшана-кавшана қамишлар орасидан ўрмалаб кетди.
У жуда чарчаган, бир оз ором олгиси, ётиб ухлагиси келарди; лекин Кичик Оғочлар Ўлкасига етиб олиш орзуси, ундан ҳам зўрроқ бўлган очлик азоби унга тинчлик бермасди. У бундай узоқ Шимолда қурт ва қурбақалар бўлмаслигини билса ҳам, чуқурчалардан қурбақа ахтарар ва оёқлари билан ерни титкилаб, қурт қидирар эди.
У ҳар бир кўлмакни синчиклаб қарарди. Пировардида, қош қорайган пайтда, бир чуқурда биттагина балиқча сузиб юрганини кўриб қолди. У елкасигача қўлини сувга тиқди. Лекин балиқча унинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетди. Шунда у қўлини сувга тиқиб, бутун чуқурчани остин-устун қилиб лойқалатиб юборди. Бутун фикру ёди балиқ билан бўлиб, ҳаяжондан сувга тушиб кетди, белигача сувга ботди. Сувни шундай лойқалатиб юбордики, балиқни кўриб бўлмай қолди, шундан кейин лойқа сувнинг остига чўккунча кутиб туришга тўғри келди.
У яна балиқни ов қила бошлади-да, сувни яна лойқалатиб юборди. Ортиқ кутишга тоқат қолмади. Юкка қўшиб боғланган пақирчани олди-да, чуқурдаги сувни бу ёққа олиб тўка бошлади. Сувни қуритиш учун зўр бериб ишлади, уст-боши шалаббо ҳўл бўлиб кетди, шошилганидан сувни чуқурга шундай яқин тўкардики, сув яна қайтиб чуқурга оқиб тушарди. Сўнгра у қўлининг титраши ва юрагининг қаттиқ уришига қарамай, хотиржам бўлиб ишлашга ҳаракат қилди. Ярим соатдан кейин чуқурчада ҳатто бир ҳовуч ҳам сув қолмади. Бироқ балиқ йўқ бўлиб қолганди. Унинг кўзи тошлар орасидаги бир тешикчага тушди. Балиқ ўша ердан катта бир чуқурга ўтиб кетибди, у чуқурда сув шу қадар кўп эдики, унинг сувини бир кечаю бир кундузда ҳам тамом қилиб бўлмасди. Тешик борлигини илгари билганда, ҳаммадан бурун уни тош билан беркитиб қўйган бўларди, шунда балиқ унинг қўлидан қочиб қутулолмасди.
Одам ҳолдан тойиб чалчиқ ерга ўтириб олди-да, йиғлаб юборди. Олдин секин-секин йиғлади. Кейин атрофни ўраб ётган шафқатсиз биёбонни уйғотмоқчи бўлгандек борган сари қаттиқроқ, ҳўнг-ҳўнг йиғлайверди; ҳўнграб-ҳўнграб, аъзойи бадани титраб яна узоқ йиғлади.
У ўт ёқди, анча қайнаган сув ичиб, бир оз исиди ва кечагидек ётиш учун тош устига жой солди. Ётишдан аввал у гугуртнинг ҳўл-қуруқлигини текшириб кўрди ва соатини бураб қўйди. Одеял ҳўл ва муздек эди. Оғриқдан оёқлари ўтдай ёнар, лекин у фақат очлик азобини сезарди. Кечаси ҳар хил зиёфатлар, меҳмондорчиликлар ва дастурхонга тортилган турли ноз-неъматларни туш кўриб чиқди.
У совуқ қотиб, касал бўлиб уйғонди. Қуёш кўринмасди. Еру осмоннинг бўз ранг туси яна ҳам қуюқлашган; қаттиқ шамол уриб турар, биринчи ёққан қор тепаликларни оппоқ тусга киритган. У ўт ёқиб, сув қайнатгунча, ҳаво яна ҳам қуюқлашгандек, яна ҳам оқаргандек туюлди. Бу ёғаётган қорнинг ҳўл лайлак қорга айланганидан эди. Қор бошида ерга тушган замон эриб турди, лекин бора-бора кўпайиб, ернинг усти қop билан қоплана бошлади-да, қop қуруқ хас-чўпларни ҳўл қилиб, ўтни ўчирди.
Бу унга юкини орқасига кўтариб, боши оққан томонга йўлга чиқиш учун белги бўлди. У энди Кичик Оғочлар Ўлкаси ҳақида ҳам, Билл ҳақида ҳам, Диз дарёси соҳилидаги қайиқ остига яширинган нарсалар ҳақида ҳам ўйламасди. Унинг фикру хаёли овқат бўлиб қолган эди. Очлик уни ақлдан оздирди. У қаёққа кетаётганини ҳам ўйлолмай қолди. Ишқилиб, тўғри ва текис водийдан борса бўлгани эди. У ҳўл қop остидан серсув меваларни пайпаслаб қидирар, қамишларни томири билан суғуриб оларди. Лекин бу бемаза емиш унинг қорнига ором бермасди. Йўлда у мазаси аччиқ бир ўсимлик топди, бу ўтдан қанча топса, ҳаммасини еди, aммo ўсимлик жуда оз экан, бу ўрмаловчи бир ўсимлик бўлиб, қор тагида қолганди.
Шу кеча у ўт ёқмади, сув ҳам қайнатмади, одеял ичига кириб олди-да, оч ҳолда ётиб қолди. Қор аста-секин совуқ ёмғирга айланди. Юзига ёмғир томчилари тушаётганини сезиб, тез-тез уйқусидан уйғониб кетарди. Тонг отиб, яна қуёшсиз бўз ранг кун бошланди. Ёмғир тўхтаган. Энди ундаги очлик туйғуси ўтмаслашди. Қорнида аллақандай безиллаб турган бир оғриқ қолди, холос, аммо бу унга унча азоб бермасди. Унинг фикри бир оз равшанлашди, энди y яна Кичик Оғочлар Ўлкаси ҳақида, Диз дарёси бўйига яшириб қўйган нарсалар ҳақида ўйлай бошлади.
У йиртиқ одеялдан қолган қисмини яна узуна-сига йиртиб, қони чиқар даражада шилиниб кетган оёғини боғлади, чиққан тўпиғининг латтасини янгилади-да, яна йўлга тушишга ҳозирланди. Юкни кўтариб олишдан олдин буғу терисидан тикилган халтага узоқ тикилиб турди-ю, яна халтани ҳам олиб кетди.
Ёмғир қорни эритиб кетганди, фақат тепачаларнинг учи оқариб турарди. Қуёш кўриниб қолди, бундан фойдаланиб, йўловчи дунёнинг тўрт томонини белгилаб олди, йўлдан адашганлиги аниқ бўлди. Сўнгги кунларда чап томонга кўпроқ кетиб қолган бўлса керак, энди у тўғри йўлга тушиб олиш учун ўнг томонга қараб юра бошлади.
Очлик азоби ўтмаслашган эди-ю, лекин ўзининг ҳолдан кетганини сезди. Дам олиш учун тез-тез тўхтар, ердан мева терар ва қамишларни томири билан суғуриб оларди. Унинг тили қақраб, шишиб кетди, оғзи аччиқ ва бемаза. Ҳаммадан кўпроқ юраги безовта қилди. У бир неча қадам босмасдан юраги дук-дук уриб кетар, кейин қинидан чиқиб кетар даражада дукиллаб ура бошларди-да, йўловчи бўғилар, ўзидан кетар даражада боши айланарди.
Туш пайтида у катта бир чуқурда иккита танга балиқ сузиб юрганини кўриб қолди. Чуқурнинг сувини қуритиб бўлмасди, лекин энди у анча ўзини босиб олганди, пақирчаси билан балиқларни тутиб олди. Балиқлap жимжилоқдек-жимжилоқдек кичкина эди, лекин у овқат ейишни унча истамасди. Қорин оғриғи худди мудраётгандек, борган сари босиб борарди. У балиқларни хомлигича оғзига солиб, ғайрат билан чайнай бошлади. Иштаҳаси бўлмаса ҳам, овқат ейишга ўзини мажбур қилди, чунки яшамоқ учун овқат ейиш зарурлигини яхши биларди. Кечқурун у яна учта танга балиқ тутди, иккитасини еб, учинчисини эрталабга олиб қўйди. Қуёш онда-сонда учраб турган йўсинларни қуритганда, у сув қайнатиб ичиб, бир оз исиди. Ўша куни у ўн милдан ортиқ йўл босолмади, эртасига юраги гупиллаб уриб кетавериб, беш милга яқин йўлни зўрға босиб ўтди. Қорни ухлаб кетгандек ортиқ оғримай қўйди. Энди у нотаниш ерлардан борарди, буғулар тез-тез учрар, ҳатто бўрилар ҳам кўриниб қоларди. Уларнинг увиллаган товуши узоқдан қулоғига чалинарди. Бир марта у пусиб йўлини кесиб ўтаётган учта бўрини кўриб қолди.
Яна тун кирди, тонгда у бир оз ўзига келиб, халтанинг қайишини ечди-да, ичидаги олтинни ерга тўкди. Олтинни баб-баравар қилиб, икки қисмга бўлди. Бир бўлагини латтага ўраб, узоқдан яхши кўриниб турадиган бир тепаликка, тошлар орасига яшириб қўйди. Иккинчи қисмини яна халтага солиб, оғзини боғлади. Кейин у битта-ю битта одеялини йиртиб, оёқларини ўради. Лекин у ҳали ҳам милтиғини ташламади, чунки Диз дарёси бўйида яшириб қўйилган нарсалар орасида патронлар бор эди.
Бугун ҳаммаёққа туман тушди. Шу кун очлик яна ўзини билдирди. Йўловчи жуда заифлашиб қолган, тез-тез боши айланар, вақти-вақти билан ҳеч нарсани кўрмай қоларди. У энди тез-тез қоқилиб кетар, йиқилар эди, бир марта тўппа-тўғри каклик уясига йиқилиб тушди. Уяда эндигина тухумни ёриб чиққан каклик болалари бор экан. У шошиб-пишиб уларни тириклайин оғзига сола бошлади. Каклик болалари унинг тишлари орасида худди тухум пўстлоғи сингари қисирлар эди. Она каклик унинг тепасида чарх айланиб учиб юрар ва аччиқ-аччиқ йиғларди. Йўловчи милтиқ қўндоғи билан какликни уриб туширмоқчи бўлди, лекин қуш чап бериб қочди. Кейин у какликка тош ота бошлади-да, қанотини синдирди. Каклик яраланган қанотини судраб, бир томонга қараб учиб кетди, одам унинг орқасидан қувлашга тушди.
Каклик болалари унинг иштаҳасини яна ҳам очиб юборди. У каловланиб, оқсоқланиб гоҳ какликка тош отар ва бўғиқ қичқирар, гоҳ ҳар йиқилганида чидам билан ўрнидан туриб, қовоғини солиб индамай қадам босарди, боши айланганда ҳушдан кетмаслик учун кўзларини ишқалар эди.
Каклик орқасидан қувиб, пастликдаги бир чалчиқзорга бориб қолди. Кўзи ҳўл чимликда одам изига тушди Бу излар уники эмаслиги равшан эди. Биллнинг излари бўлса керак. Лекин у тўхтаб туролмасди, чунки каклик борган сари ундан узоқлашиб қочиб кетмоқда эди.
У қувлай бериб қушни чарчатди, лекин ўзининг ҳам тинкаси қуриди. Каклик ёнбошига ағдарилиб, оғир-оғир нафас олиб ётарди, лекин у ҳам ўн қадамча берида энтикиб ётар, қушга етиб олишга сира мадори қолмаган эди. Одам бир оз дам олди, лекин қуш ҳам нафасини ростлаб олганди. У қўл узатган замон қуш типирлаб қочди. Қувиш янгидан бошланди. Қopoнғy туша бошлагач, қуш кўздан ғойиб бўлди. Жуда чарчаганидан қоқилиб, орқасидаги юки билан йиқилди-да, юзлари шилиниб кетди. У узоқ вақтгача қимирламай ётди, кейин ёнбошига ағдарилиб, соатини бураб қўйди-да, тонг отгунча шу ҳолатда ётиб қолди.
Яна туман. Одеялнинг ярмиси оёғини ўрашга кетди. Биллнинг изини у қайтиб тополмади, лекин унга барибир эди. Очлик уни ҳамон олға ҳайдарди. Борди-ю… Борди-ю, Билл ҳам адашиб қолган бўлса-чи? Тушга бориб, у жуда ҳам ҳолдан тойди. У яна олтинни иккига бўлди. Бу гал ўлчаб ўтирмай, ярмини ерга тўкиб қўя қолди. Кечга бориб, одеялнинг ярмини, пақирча ва милтиқни олиб қолиб, олтиннинг ҳаммасини ерга тўкиб ташлади.
Унга бир хомхаёл ёпишиб олди. Тасаввурида милтиқда худди бир ўқ қолгандек, буни кўрмай қолгандек эди. Шу билан бир вақтда милтиқда ўқ йўқлигини яхши биларди. Лекин хомхаёл уни сира тинч қўймади. Бир неча соатгача мана шу хомхаёлга қарши курашди. Пировардида, милтиғини қараб, ўқнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилди. Ҳафсаласи шундай пир бўлдики, гўё у ҳақиқатан ҳам ўқ борлигини кутган эди.
Ярим соат ўтди, кейин бояги хомхаёл яна пайдо бўлди. У хомхаёлга қарши курашиб енголмади-да, ўзини бир оз овутиш учун яна милтиғини текшириб чиқди. Аҳён-аҳёнда мияси ишламай қолар, ўзи эса жонсиз бир нарсадек беихтиёр каловланиб борарди; ғалати хаёллар вa бемаъни тасаввурлар унинг миясини айнитар эди. Лекин у тез ўзига келарди, чунки очлик азоби уни ҳамма вақт ҳақиқатга қайтишга мажбур қиларди. Бир марта кўз ўнгида шундай ғалати бир манзара пайдо бўлдики, ҳушидан кетиб қолишига сал қолди. У ўзини тутолмай қолди ва йиқилиб кетмаслик учун маст кишидек гандираклаб кетди. Унинг олдида от турарди. От! У кўзларига ишонмасди. Кўз олди жимирлашиб, атрофни туман босгандек бўлди. У зўр бериб кўзини ишқалади, кўз олди равшанлашганда қapaca, қаршисида от эмас, каттакон бир тарғил айиқ турган экан. Айиқ унга ёв қараш қилиб турар эди.
У милтиғини елкасидан олди-ю, шу ондаёқ эсини йиғди. Милтиқни қўйиб, мунчоқ қадалиб тикилган қиндан пичоғини суғурди. Унинг олдида гўшт ва ҳаёт тypap эди. У бош бармоғи билан пичоқнинг тиғини пайпаслаб кўрди. Пичоқнинг тиғи ҳам, учи ҳам ўткир эди. У ҳозир айиққа ташланиб, уни ўлдиради. Лекин унинг юраги худди хавфдан огоҳлантираётгандек дук-дук-дук ура башлади. Кейин бирдан юраги қинидан чиқиб кетар даражада сакраб кетди; мияси худди исканжага олгандек қаттиқ оғриди, кўз олди қоронғулашди.
Ҳозиргина жўш уриб турган ботирлиги ўрнини қўрқув эгаллади. У шундай заиф эдики, айиқ ҳужум қилса, унда нима бўлади? Мумкин қадар ҳайбатлироқ бўлиб кўриниш учун қаддини ростлади, пичоқни қўлига олиб, тўғри айиқнинг кўзларига тикилди. Йиртқич лапанглаб олдинга бир қадам босди, икки оёғини кўтариб, ўкириб юборди. Одам қочиб берганда, айиқ унинг орқасидан қувган бўларди. Лекин одам қўрқувнинг кучлилигидан ботирланиб, ўрнидан қимирламади; у ҳам йиртқич ҳайвон сингари ваҳшиёна овоз билан ўкириб юборди, бу ўкирик қўрқув ифодаси эди, чунки қўрқув яшаш учун кураш билан чамбарчас боғлиқ эди.
Айиқ ундан қўрқмай тик турган мана шу сирли мaxлуқдан ҳайиқиб ўкириб-ўкириб бир томонга чекинди. Лекин одам ўрнидан қимирламади. У хавф ўтиб кетгунча қаққайиб тек турди, кейин худди безгак тутгандек қалтираб, ҳўл чимликка йиқилди.
У бир оз ўзига келиб, қўрқув азобидан қийналган ҳолда яна йўлга тушди. У энди очдан ўлишдан эмас, балки ҳаёт учун курашнинг сўнгги интилишлари сўнгунча йиртқич ҳайвонлар қўлида ўлишдан қўрқарди. Атрофда бўрилар изғиб юрарди. Саҳрода ҳаммаёқдан уларнинг увиллаган товушлари эшитиларди, атроф-теваракда хавф шу қадар кўп эдики, y ўша хавфни бартараф қилмоқчи бўлгандек беихтиёр икки қўлини юқори кўтарди.
Бўрилар иккита-иккитадан, учта-учтадан бўлиб тез-тез унинг йўлини кесиб ўтардилар. Лекин улар одамга яқинлашмадилар. Улар жуда ҳам кўп эмасди. Бундан ташқари улар қаршилик кўрсатмайдиган буғуларни овлашга ўpгaнган эдилар, икки оёқли бу ғалати махлуқ эса чанг солиб қолса ҳам, тишлаб олса ҳам ажаб эмасди.
Кечга бориб, у ерда сочилиб ётган суякларни кўриб қолди. Бўрилар худди мана шу ерда овни қўлга туширган эдилар. Бундан бир соат илгари тирик бўлган буғуча ҳансираб, югуриб, маъраб юрганди. Одам топ-тоза қилиб қўйилган ярқироқ қизғиш суякларга қараб турди. Суякларнинг ранги қизғиш эди, чунки ундаги ҳаёт ҳали сўнмаганди. Кечқурунга бориб, эҳтимол унинг тақдири ҳам шундай бўлар. Ҳаёт шунақа, ҳаёт бевафо ва бебақо. Лекин ҳаёт алам чектиради. Ўлимда қийналиш йўқ. Ўлим ухламоқдир. Ўлим ором олмоқдир. Бўлмаса, нима учун у ўлишни истамайди?
Лекин у узоқ ўйлаб ўтирмади. Кўп ўтмай у чўкка тушиб олиб суякларни оғзига солди, суякларга қизғиш тус бериб турган ҳаётнинг охирги нишоналарини cўpapди. Гўштнинг ўтмишдан қолган хотира сингари туюлган сезилар-сезилмас мазаси уни ўзини йўқотар даражада ҳаяжонга солди. Суякни тишлари орасига олиб ғажий бошлади. Гоҳ суяк синар, гоҳ унинг тиши синарди. Кейин y суякни тош билан янчиб, очкўзлик билан юта бошлади. Шошилганидан тошни бармоқларига урар, аммо қанча ҳовлиқмасин нима учун оғриқни сезмаётирман, деб ажабланиб қўярди.
Қop ва ёмғирли энг оғир кунлар етиб келди. У энди қачон ётиб, қачон йўлга тушганини эслай олмасди. Вақтни суриштирмай, кечаю кундуз йўл боса борди, йиқилган ерида дам олди, ундаги сўнаётган ҳаёт сал жонланди дегунча яна олдинга қараб ўрмалади. Ҳаёт учун энди одам курашмай қўйди. Ундаги ҳаётнинг ўзи ўлишни истамас ва уни илгари ҳайдарди. У ортиқ азоб чекмасди. Унинг асаблари увишиб қолган, ўтмаслашган, мияси эса ғалати хаёллар, ширин тушлар билан тўла эди.
У битта қўймай йиғиб, ўзи билан олиб кетган суякларни тинмай сўрар ва чайнар эди. У ортиқ тепаликларга кўтарилмас, ариқларни кечиб ўтмасди, у энди кенг водийдан оқиб ўтаётган анҳор ёқалаб борарди. Унинг кўзига хаёлий манзаралар кўринарди. Унинг тани билан жони бирга борарди-ю, шундай бўлса ҳам бир-бирларидан ажралгандек эди: уларни бир-бирларига боғлаб турган ҳаёт риштаси шу қадар ингичка эди.
Бир куни эрталаб ясси бир тош устида ётганида ҳуши ўзига келди. Қуёш нур сочиб, иситиб турарди. Узоқдан унинг қулоғига буғуларнинг маъраган овозлари эшитилди. Ёмғир, шамол, қор ёғиб тургани ғира-шира эсида, лекин ёғингарчилик неча кун бўлганини, икки кун бўлдими, ё икки ҳафта давом этдими — буни билмасди.
У узоқ вақтгача қимирламай ётди, қуёш мўл-кўл нур сочиб, унинг аянчли баданига иссиқлик бағишлар эди. «Яхши кун», деб ўйлади у. Эҳтимол қуёшга қараб, қаерда эканини аниқлаб олар. У минг азоб-уқубат билан бир ёнбошига ағдарилди. Пастда катта сокин бир дарё оқиб ётарди. Бу дарё йўловчига нотаниш эди, бу уни ажаблантирди, шошилмай сувнинг оқишини кўздан кечира бошлади. Дарё шу вақтгача у кўриб келган тепалардан ҳам яланғочроқ ва ёқимсиз тепаликлар орасидан буралиб-буралиб оқаётганига қараб ётди. У шошмасдан, бепарво ва сира қизиқмай нотаниш дарёнинг оқимини то уфққа қадар кузатди-да, дарё ўз сувини узоқда ярқираб турган денгизга қуяётганини кўрди. Шундай бўлса ҳам бунга ҳаяжонланмади. «Қизиқ, – деб ўйлади у. – Бу ё сароб ёки ўтмаслашган тасаввурнинг меваси». Ярқироқ денгизда турган кемани кўрганда, бу фикрнинг тўғри эканлигига яна бир марта ишонди. У бир зум кўзларини юмиб, яна очди. Ажаб, хаёлий манзара йўқолмайди. Ҳайрон қоладиган ҳеч гaп йўқ эди ҳам. Унинг милтиғида патрон бўлмаганидек, мана шу саҳронинг қoқ ўртасида денгизнинг ҳам, кеманинг ҳам бўлиши мумкин эмаслигини биларди.
Орқадан хириллаган бир товуш эшитилди, бу хўрсинишми, йўталми — билиб бўлмасди. Ғоят заифлик ва карахтликни жуда секинлик билан енгиб, у иккинчи ёнбошига ағдарилди. Яқинида ҳеч нарса кўринмади, у сабр билан кута бошлади. Яна хириллаган ва йўтал товуши эшитилди. Йигирма қадамча нарида ўткир қиррали икки тошнинг орасидан бир бўрининг кул ранг боши кўринди. Унинг қулоқлари бошқа бўриларники сингари тик эмас, кўзлари хира ва қон қуйилган, боши заиф равишда солинган. Бўри касал бўлса керак: у ҳамма вақт акса урар ва йўталар эди.
«Ҳеч бўлмаганда буниси ҳақиқатдир», – ўйлади у ва тасаввур оламидаги дунёни эмас, ҳақиқий дунёни кўриш учун бошқа ёнбошига ағдарилди. Лекин денгиз ҳали ҳам илгаригидек узоқда ялтираб турар, ўртасидаги кема ҳам аниқ кўзга чалинарди. Эҳтимол, бу ростдан ҳам ҳақиқатдир? У кўзларини юмиб ўйлай бошлади — пировардида, ҳамма нарса аён бўлди. У шарқ-шимолга қараб юрган ва Диз дарёсидан узоқлашиб Коппермайн дарёси водийсига келиб қолган. Сокин оқаётган мана шу кенг дарё Коппермайн дарёсининг худди ўзгинаси. Ялтираб турган денгиз — Шимолий муз денгизи. Бу кема кит овчилари кемаси бўлиб, Маккензи дарёси денгизга қуйиладиган жойдан шарқ томонга анча кетиб қолган. Бу кема Коронация кўрфазида турибди. У бир вақтлар кўргани Гудзон кўрфази компаниясининг харитасини эслади-ю, бор гaп равшан, тушунарли бўлиб қолди.
У ерга ўтириб олди-да, энг зарур ишлар ҳақида ўйлаб кетди. Оёқларини ўраб боғлаган одеял парчалари титилиб кетганди, бу сабабдан оёқлари шилиниб қип-қизил гўшт бўлиб қолганди. Энг сўнгги одеялни ҳам ишлатиб бўлган. Милтиқ билан пичоғи йўқолган. Қалпоғи ҳам тушиб қолибди, у билан бирга астарига яширилган гугурт ҳам йўқолганди, лекин қоғозга ўраб, ҳамёнига солиб қўйган гугурт ҳали ҳам қуруқ турибди. У соатига қаради. Соати юриб турар ва ўн бирни кўрсатарди. Ҳамма вақт у соатини бураб турган бўлса керак.
Ўзи тинч, ақли жойида эди. Жуда ҳолдан тойганига қарамай, оғриқни сезмас, овқат егиси ҳам келмасди. Овқат ҳақидаги фикр уни қизиқтирмасди ҳам. Ҳар бир ҳаракатни идрок ҳукми билан қиларди. У шимининг почасидан то тиззасигача йиртиб олди-да, тўпиғини ўраб боғлади. Челакчасини нима учундир ташламади: кемага қараб йўл олишдан аввал сув қайнатиб ичиши керак, бу сафарнинг жуда оғир бўлишини у олдиндан биларди.
У жуда секин ҳаракат қилар, шол одамдек қалтирар эди. Қуруқ йўсин йиғмоқчи бўлди, лекин ўрнидан туролмади. Бир неча марта ўрнидан туришга интилиб кўрди, бўлмагач, эмаклаб кетди. Бир марта ҳатто касал бўрининг олдига жуда яқин бориб қолди. Бўри истар-истамас ўзини четга олди ва зўрға тилини қимирлатиб тумшуғини ялади. Унинг тили соғлом бўриникидек қизил эмас, кулранг-сарғиш бўлиб, елим сингари қуюқ шиллиқ билан қопланган. Одам бир оз қайнаган сув ичиб олди-да, деярли куч-қувватдан қолган бўлса ҳам, ўрнидан туришга, ҳатто юришга ўзида етарли куч борлигини ҳис қилди. Дақиқа сайин тўхтаб дам оларди. Заифлик билан яккам-дуккам қадам ташлар, бўри ҳам унинг орқасидан худди шу хилда судралиб борарди.
Қоронғу тушиб, ярқираб турган денгиз зулмат ичига ғарқ бўлганда, у оралиқдаги масофа кўп эмас, тўрт милга қисқарганини англади.
Тун бўйи касал бўрининг йўталиши ва баъзан буғу болаларининг маъраши эшитилиб турди. Атрофда ҳаёт қайнамоқда, аммо у ҳаёт куч-қувватга тўла, соғлом ҳаёт. У эса орқасидан касал бўри эргашиб келаётганини, касал одам аввал ўлади деган умидда эканлигини тушунар эди. Эрталаб туриб қapaca, бўри унга ғамгин ва очкўзлик билан кўз тикиб турибди. Бўри думини қисиб, худди тинкаси қуриган ғариб ит каби, бошини қуйи солиб турарди. Бўри совуқ шамолда қалтирар, одам унга хириллаган товуш билан сўз қотганда, тишини тиржайтириб ириллар эди.
Уфқдан ёрқин қуёш кўтарилди. Одам чошгоҳга қадар қоқилиб-суқилиб ялтироқ денгизда турган кемага қараб юрди. Ҳаво жуда яхши, шу штатларга хос бўлган эрта куз кунлари эди. Бундай кунлар кўпи билан бир ҳафта давом қилар, эрта, ё индин тамом бўлиши ҳам мумкин эди.
Тушдан кейин у бир изга дуч келди, бу бошқа бир одамнинг изи бўлиб, у одам юриб эмас, эмаклаб юргани билиниб турарди. Эҳтимол, бу Биллнинг изидир деб ўйлади у ҳеч қандай ҳаяжонсиз. Унга барибир эди. Тўғриси, у бирор нарсани сезиш ва ҳаяжонланиш туйғусини йўқотиб қўйган эди. У ҳатто оғриқни ҳам сезмасди. Қорни билан асаблари гўё мудраб кетгандек. Лекин ҳали сўнмаган ҳаёт учқуни уни олға ҳайдарди. У жуда чарчаган, лекин ундаги ҳаёт ўлишни истамасди. Ундаги ҳаёт ўлишни истамаганлиги учун ҳам у чалчиқзордан мева териб ер, танга балиқ овлар, сув қайнатиб ичар ва олазарак бўлиб касал бўрини кузатар эди.
У ўрмалаб ўтган бошқа одамнинг изидан борарди.
Кўп ўтмай у ўзидан олдинги одамнинг манзилига етиб келди. Ҳўл чимлик устида кемириб ташланган суяклар ва бўриларнинг изига кўзи тушди. Ерда худди ўзиникига ўхшаш, ўткир тишлар тортқилаб йиртган буғу терисидан тикилган халта ётарди. Бундай оғир юкни кўтаришга мадори келмаса ҳам кучсиз бармоқлари билан қопни ердан кўтариб олди. Билл олтинларини сўнгги дақиқаларга қадар ташламаган экан. Ҳa-ҳa-ҳa! У ҳали Биллнинг устидан масхара қилиб кулади. Тирик қолади ва халтани ярқираб турган денгиздаги кемага олиб кетади. У худди қарғанинг қағиллашига ўхшаган бўғиқ ва беўхшов овоз билан куларди. Касал бўри ҳам унга тақлид қилиб хириллаган товуш билан увиллади. Одам дарҳол жим бўлди. Агар мана шу суяклар Биллники бўлса, шу тоза кемирилган, қизғиш суяклар Биллники бўлса, қандай қилиб унинг устидан куляпти-я!
У юзини ўгириб олди. Нима қилсин, Билл уни ташлаб кетди, лекин у Биллнинг олтинларини очмайди, унинг суякларини кемирмайди. Агар менинг ўрнимда Билл бўлганда шундай қилган бўларди деб ўйлаб қўйди ва каловланиб йўлга тушди.
У кичкина бир кўлга дуч келди. Балиқ йўқмикан деб чуқурчага энгашиб қаради-ю, худди илон чаққандек сесканиб ўзини opқaгa ташлади. Сувда у ўз аксини кўриб қолди. Унинг башараси шу қадар қўрқинчли эдики, ҳатто тўпослашиб қолган онгини ҳам уйғотиб юборди. Кўлчада учта балиқ сузиб юрарди, лекин кўлча каттагина бўлиб, сувини қуритишга унинг қурби етмасди. У балиқларни челакча билан тутишга уриниб кўрди, кейин бу фикрдан қайтди. Ўлгудек чарчаганидан сувга йиқилиб, чўкиб кетаман деб қўрқди. Худди шу сабабга кўра у қумлоқ соҳилда ёғоч ходалар кўп бўлса ҳам, сол ясаб, дарёдан сузиб кетишга журъат қилолмади.
Ўша куни у кемагача бўлган масофани уч милга қисқартирди, эртасига эса икки мил йўл босди. Энди у худди Биллга ўхшаб ўрмалаб борарди. Бешинчи куни кечқурун кемага етиш учун яна етти мил йўл қолган эди; энди бир кунда бир мил йўл босишга ҳам мадори қолмади. Эрта кузнинг илиқ кунлари ҳали тугамаганди, у эса гоҳ ўрмалар, гоҳ ҳушидан кетиб йиқиларди, касал бўри эса йўталиб, акса уриб, унинг орқасидан қолмай судралиб борарди. Одамнинг тиззалари қип-қизил гўшт бўлиб кетган, товонлари бундан ҳам баттар эди. Кўйлагидан йиртиб олиб, тизза ва товонларини ўраб боғлаган бўлса ҳам орқасидан чимлик ва тошлар устига қонли из қолдириб борарди. У бир марта орқасига қайрилиб қараб, бўри очкўзлик билан қонли изларни ялаётганини кўриб қолди. Агар бўрини бир ёқлиғ қилмаса, ўзининг умри нима билан тугашини яхши тасаввур этди. Шундан кейин ҳаётда учраши мумкин бўлган курашларнинг энг шиддатлиси бошланди: эмаклаб бораётган касал одам, унинг орқасидан судралаётган касал бўри; иккиси ҳам чала ўлик ҳолда, бир-бирини пойлашиб, саҳродан судралиб бордилар.
Бўри соғ бўлганда, одам бунчалик қаршилик кўрсатиб ўтирмаган бўларди, лекин мана шу энг бадбуруш, деярли ўлакса бўлиб қолган разил махлуқнинг қорнига тушишини ўйласа, кўнгли айнир эди. У яна алаҳлай бошлади, яна кўзига хомхаёллар кўрина бошлади, онги равшанлашган вақтлар борган сари қисқариб ва тобора сийраклашиб борарди.
Бир марта худди қулоғи остида кимдир тез-тез нафас олаётганини эшитиб ҳушига келди. Тепасида турган бўри ўзини орқага ташлади ва қоқилиб кетди-да, заифликдан йиқилиб тушди. Бу кулгили бир манзара эди, лекин одам кулмади. У ҳатто қўрқмади ҳам. У энди қўрқиш нималигини ҳам сезмай қолганди. Унинг онги бир дақиқага равшанлашди, у ўйлаб кетди. Кемага қадар энди кўпи билан тўрт мил йўл қолганди. У туман босган кўзларини ишқалаб, кемани жуда равшан кўрди. Ярқираб турган денгизни кесиб ўтаётган оқ елканли қайиқчани ҳам кўрди. Лекин бу тўрт миллик масофани босишга асти мадори қолмаганди. Одам буни биларди, шунинг учун ҳам безовталанмади. Ярим миллик йўлни ҳам боса олмаслигига ақли етарди. Шундай бўлса ҳам яшашни истарди. Шунча азоб-уқубатлар чеккандан кейин ўлиб кетиш беъманилик бўларди. Тақдир ундан жуда кўп нарса талаб қиларди. Ўлаётиб ҳам у ўлимга буйсунишни истамас эди. Эҳтимол, бу ақлсизлик эди, лекин ўлимнинг чангалига тушиб қолган бўлса ҳам унинг чангалидан қутулиб кетиш учун курашни давом эттирди.
У кўзларини юмиб, минг эҳтиёт билан кучларини тўплади. Худди тўлқин сингари унинг бутун вужудини қоплаб олаётган ҳушидан кетиш хавфини енгиш тилагида у ўзига далда берарди. Бу тўлқин ўқтин-ўқтин кўтарилиб, унинг онгини хиралаштирарди. Баъзан у чорасиз типирчилаб, ҳушсизлик денгизига ботиб кетар, онгнинг қандайдир номаълум кучи таъсирида яна қайтадан иродасини зўрға тўплаб, ҳушсизлик денгизидан сузиб чиқди.
У қимирламасдан чалқанча ётган ҳолда касал бўрининг хириллаган товуши тобора яқинроқ эшитилаётганига қулоқ солди. Онлар жуда секин ўтар, лекин одам бирор марта ҳам қимирламасди. Бўрининг нафаси жуда яқиндан эшитила бошлади-ю, қуриб қолган тил худди шилдироқ қоғоз сингари унинг юзини тимдалади. Унинг қўллари юқорига чўзилди, бармоқлари худди чангак сингари букилди, лекин меҳнати зое кетди. Тез вa ишонч билан ҳаракат қилиш учун куч керак, унда эса куч йўқ.
Бўри сабрли эди, лекин одам ундан ҳам сабрли эди. У ҳушдан кетиб қолмаслик учун уриниб ва бўрини пойлаб, ярим кун қимирламасдан ётди. Бўри уни емоқчи эди, қўлидан келса, одам ҳам бўрини емоқчи эди. Вақти-вақти билан у ҳушдан кетиб қолар, шунда у узоқ-узоқ тушлар кўрар эди; лекин ҳамма вақт: тушида ҳам, ўнгида ҳам, мана ҳозир бўрининг хириллаган товуши эшитилади, ғадир-будур тили билан мени ялайди деб кутиб ётарди.
Нафас товушини эшитмади, лекин бўри унинг қўлини ялаётганлигини сезиб ўзига келди. Одам кутиб ётди. Бўри унинг қўлини тишлари орасига олиб сўнгги кучларини сарф қилиб қисди, кейин тишларини борган сари қаттиқроқ ботира берди, у шунча вақтдан бери кутган овқатига эришган эди. Лекин одам ҳам шу пайтни кўпдан бери кутарди, унинг тишланган қўллари бўрининг жағини қисди. Бўри заифлик билан ўзини ҳимоя қиларкан, одам бир қўли билан унинг жағини қисарди, иккинчи қўлини ҳам узатиб бўрининг томоғидан бўға бошлади. Беш дақиқадан кейин одам ўзининг бутун оғирлиги билан бўрини босиб тушди. Бўрини бўғиб ўлдириш учун унинг кучи етмасди, шунда одам тиши билан бўрининг томоғига ёпишди, унинг оғзи юнгга тўлди. Ярим соат ўтди, одам ўз томоғигa иссиқ қон қуйилаётганини сезди. Худди унинг оғзига эритилган қўрғошин қуйилаётгандек уни ютиш қийин эди. Лекин фақат ирода кучи билан ўзини чидашга мажбур қилди. Кейин одам чалқанчасига ағдарилди-да, уйқуга кетди.
Кит овловчи «Бедфорд» кемасида илмий экспедиция аъзолари бор эди. Улар кема палубасида туриб, қирғоқда ғалати бир махлуқни кўриб қолишди. Бу махлуқ қум устида зўрға ўрмалаб, денгиз томонга келарди. Олимлар бунинг нима эканини билолмадилар, табиатшунос бўлганлик-лари учун қайиқчага ўтириб қирқоққа сузиб кетдилар. Улар тирик бир махлуқни кўрдилар, лекин уни одам деб аташ мумкинмиди? У ҳеч нарсани эшитмас, ҳеч нарсани тушунмас, қум устида улкан қурт сингари буралар эди. У олдинга деярли силжимас, лекин орқага ҳам чекинмасди ва буралиб-буралиб олдинга қараб ҳаракат қилар вa соатига йигирма қадамдан йўл босарди.
Уч ҳафта ўтгандан кейин у «Бедфорд» кемасида каравотда ётган ҳолда кўз ёшларини оқизиб, ўзининг кимлиги ва қандай машаққатларни бошидан кечиргани ҳақида ҳикоя қилиб берди. У бир-бирига қовушмаган ҳикоясида ўзининг онаси, серқуёш жанубий Калифорния, апельсин дарахтлари ва гуллар орасига кўмилган уйи ҳақида гапириб берди.
Бир неча кун ўтгандан кейин у олимлар ва капитан билан бирга кают-компанияда ўтирарди. У овқатнинг сероблигидан қувонар, бошқаларнинг оғзига тушиб йўқ бўлиб кетаётган ҳар бир луқма уни зўр ташвишга соларди. Унинг ақли жойида, лекин стол атрофида ўтирган одамларга нафрат билан қарарди. Овқатнинг тамом бўлиб қолишидан қўрқиб безовта бўларди. У ҳадеб ошпаздан, хизматчи боладан, капитандан овқат захирасини суриштирарди. Улар юз марталаб тасалли берсалар ҳам ишонмас, ўз кўзи билан кўриб ишониш учун овқат омборига тез-тез тушиб турарди.
Кемадагилар унинг семираётганлигини сезиб қолдилар. Кун сайин унинг этига эт қўшиларди. Олимлар бош чайқаб турли тахминлар қилишарди. Унга овқатни камроқ бера бошладилар. Лекин шунда ҳам борган сари семириб кетаверди, қорин сола бошлади.
Матрослар бунга кулишарди, улар гапнинг нимада эканини билишарди. Олимлар унинг орқасидан пойлаб, сирни билиб олдилар. Эрталаб нонуштадан кейин у бакка чиқар ва худди тиланчи сингари матросларга қўл чўзарди. Матрос кулиб, унга сухари берарди. У очкўзлик билан сухарини олар ва худди олтинга кўзи тушган хасисдек, нонни қўлтиғига урарди. Бошқа матрослардан ҳам худди шундай йўл билан садақа оларди.
Олимлар индамадилар ва уни ўз ҳолига қўйиб қўйдилар. Улар ўзига билдирмай унинг каравотини текширдилар. Каравотнинг ости сухари билан тўла эди. Тўшакнинг ичига ҳам сухари тўлдирилган экан. Ҳар бир бурчакка сухари яширилган. Лекин унинг мияси жойида эди. У фақат иккинчи марта оч қолмаслик чорасини кўрарди, холос. Олимлар бу касаллик тез ўтиб кетади деган фикрда эдилар. Ҳақиқатан ҳам «Бедфорд» кемаси Сан-Франциско лимонига лангар ташламасданоқ бу касаллик ўтиб кетди.
Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси
* * * * * * * *
ҲАЁТГА МУҲАББАТ
Тақдир сени отса ҳам ҳар ён,
Шу нарсани унутма, инсон:
Мол-дунё деб қайғурма асло,
У топилар, омон бўлса жон!
Улар оқсоқланиб машаққат билан соҳилдан пастга тушиб боришарди, олдиндагиси уюм-уюм ётган чақир тошлар орасидан гандираклаб кетди. Иккала йўловчи ҳолдан тойган, тинкалари қуриган, узоқ вақтдан бери муҳтожликка бардош бериб келаётганлари буришиб кетган юзларидан сезилиб турарди. Орқаларига боғлаб олган юклари жуда эзиб қўйган эди. Елкадан ошириб боғланган қайишлар оғир юкни енгиллаштирарди. Иккаласида ҳам биттадан милтиқ. Улар букчайган ҳолда бошларини қуйи солиб қадам ташлашарди.
— Қани энди, яшириб қўйган ўқлардан иккитагинаси бўлса, — деб қўйди орқада келаётгани. Унинг овози заиф, ғамгин ва ифодасиз, сўзларида завқ-шавқдан асар йўқ эди. Тошлар устидан кўпириб оқаётган сутдек оппоқ сувга эндигина оёқ қўяётган олдиндаги ҳамроҳидан садо ҳам чиқмади.
Иккинчиси эса, шериги орқасидан изма-из сувга тушди. Улар оёқ кийимларини ечиб ўтиришмади. Сув шундай совуқ эдики, тўпиқларини қақшатиб, оёқларини увуштириб қўйганди. Сув баъзи жойларда тиззага урар, ҳамроҳлар гандираклаганча зўрға оёқ қўйишарди.
Орқадагиси силлиқ ясси тош устидан сирпаниб кетди, йиқилиб тушарди-ю, ўзини аранг тутиб қолди, лекин оғриқдан бақириб юборди. Мункиган вақтида боши айланиб, кўзи тинди шекилли, бўш қўлини баланд кўтариб ҳавога таянмоқчи бўлди.
Ўзини ўнглаб олиб, олдинга қадам босди, аммо яна мункиди, йиқилишига сал қолди. Шундан кейин таққа тўхтаб, унга назар-писанд қилмай кетаётган ҳамроҳига қаради.
У ўзича ниманидир мулоҳаза қилаётгандек, роса бир дақиқа хаёл суриб турди-да, кейин ҳамроҳини чақирди:
— Менга қаранг, Билл, тўпиғимдан лат едим, — деди.
Билл гандираклаганича сутдек оппоқ сувни кечиб борарди. У орқасига қайрилиб ҳам қўймади. Ҳамроҳи Биллга термилганича қолди, унинг қиёфаси ўша-ўша маъносиз бўлса ҳам, кўзлари яраланган оҳуникидай мўлтирарди.
Олдиндаги йўловчи нариги қирғоққа аранг кўтарилиб, орқасига қарамай йўлида давом этарди. Сув ўртасида қолгани эса, ҳамон унга термилганича турарди. Унинг лаблари қалтираб, ҳатто ҳурпайиб кетган малла ранг соқол-мўйлови ҳам селкилларди. Йўловчи қовжираган лабларини ялаб олди.
— Билл! — қичқирди у.
Бу қичқириқ бошига кулфат тушган азамат бир кимсанинг шиддатли ноласи эди, Билл эса орқасига қайрилиб ҳам қўймади. Олдинга букчайганича кулгили бир тарзда қоқилиб-суқилиб уфққа туташган пастаккина тепалик ён бағридан юқорига аранг кўтариларкан, ҳамроҳи ундан кўз узмасди. У довон ошиб, кўздан ғойиб бўлгунча ҳам термилиб турди. Шундан кейин Биллдан умидини узиб, атроф-теваракка маъюс назар ташлаб, танҳо ўзи қолган хилқатни кўздан ўтказди.
Қуюқ туман ва шаклу шамойилсиз, рутубатли ҳаво пардасига бурканган қуёш уфқ яқинида ғира-шира милтиллаб турарди. Йўловчи бутун оғирлигини бир оёғига ташлаб, чўнтагидан соатини олди. Соат стрелкалари тўртни кўрсатарди, у июлнинг охири ёки августнинг бошлари, деб тахмин қилганидан аниқ кун ҳисобини бир-икки ҳафтага чалкаштирган эди, қуёш тахминан шимоли-ғарб томонда эди. Жануб томонга қаради, ана ўша гиёҳсиз қир-адирлар ортида, қаердадир Катга айиқ кўли бор, буни биларди; ўша томонда Шимолий Қутб доирасининг мудҳиш йўли Канада даштларини кесиб ўтиши ҳам унга маълум эди. У турган оқим Компермайн дарёсининг ирмоғи бўлиб, Компермайн дарёси эса шимолга оқиб, Коронация қўлтиғи орқали Шимолий муз океанига қуйиларди. Йўловчи у ерларда ҳеч қачон бўлмаган, лекин
уларни бир вақтлар, Гудзон қўлтиғи компанияси чиқарган картада кўрганди.
Йўловчи якка ўзи қолган хилқатни яна бир марта кўздан кечирди. Кўнгил очадиган жойлардан эмас эди. Бугун атроф нозик уфқ тасмаси билан ўралган. Унча баланд бўлмаган қир-адирлар кўзга яққол ташланиб турарди. На дарахт, на бута ва на ўт-ўлан бор; кимсасиз, бепоён дашт унинг юрагига ғулғула соларди.
— Билл! — деб пичирлади у бир-икки марта. — Билл!
У сутдек оппоқ сув ўртасида чўнқайиб ўтириб қолди, гўё чексиз биёбон ўзининг бутун куч-қудрати билан уни аёвсиз эзар, ҳувиллаган дашт уни таҳликага солар эди. Вужудини безгак хуружидек қалтироқ босди, қўлидаги милтиғи шалоп этиб сувга тушиб кетди-ю, ўзига келди. Пайпаслаб милтиғини топаркан, ўзига-ўзи анча далда бериб, эс-ҳушини йиғди. Лат еган тўпиғини енгиллатиш учун орқасидаги юкни чап елкаси томон юқорироқ суриб олди. Кейин оғриқ азобидан тўлғаниб, шошилмай, эҳтиётлик билан нариги қирғоққа томон юра бошлади.
У тўхтамай йўл босарди. Оёқларининг оғриганига ҳам қарамай, таваккал қилиб, ҳамроҳи ошиб ўтиб, кўздан ғойиб бўлган қир ён-бағридан зудлик билан тепаликка кўтарила бошлади. Унинг қиёфаси ундан сал бурунроқ оқсоқланиб, аранг судралиб тепага кўтарилган Билл қиёфасидан ҳам кулгилироқ ва ғаройиброқ кўринарди. Тепалик орти ҳаёт асари бўлмаган юзагина воҳа эди. Уни яна ғулғула босди, ўзига-ўзи далда берди, орқадаги юкини чап елкасига томон юқорироқ сурди-да, сўнгра гандираклаганича пастга туша бошлади.
Водий тубини сув босган бўлиб, унинг юзи қалин йўсин билан қопланган эди. Йўловчи қадам ташлаганида оёғи ботиб сув отилиб чиқар, ҳар гал оёғини кўтарганида эса эзилган йўсин сувни яна қайта ўзига тортиб вижилларди. Йўловчи ҳамроҳининг изига тушиб олгач, йўсин денгизида майда оролчалардек туртиб чиққан ҳарсанг тошлар устидан кетди.
У ёлғиз қолган бўлса ҳам, йўлдан адашмади. Олдинга юрса, бунга шак-шубҳа қилмасди, ниҳоллигидаёқ қовжираб қуп-қуруқ новда бўлиб қолган қарағай ва арчалар билан ўралган Титчинничили кўлига, маҳаллий тил билан айтганда, «Таёқчалар ўлкасига» етишини биларди. Кўлга суви лойқароқ бир дарё қуйиларди. Қирғоқларини қамиш босиб кетган ўша дарё бўйлаб бориб, ўсимлик асари бўлмаган бош ўзан айирманинг бу ирмоғидан ўтиб, унинг ғарбга қараб оқадиган нариги ирмоғи бўйлаб юриб, Диз дарёсига қуйиладигаи мансабигача боради, ана ўша ерда — устига анчагина майда қоя тошлар ўйиб қўйилған тўнкариғлик моки — қайиқ остига яшириб қўйилган нарсаларни топади. Ўша ердан милтиғига ўқ-дори, қармоқлар, қармоқ ипи, мўъжазгина тўр, хуллас, ов билан тамадди қилишга яроқли ҳамма нарсаларни топа олиши мумкин. Булардан ташқари, кўп бўлмаса ҳам, озроқ ун, бир парча гўшт ва бир оз ловия ҳам бор.
Билл уни ўша ерда кутиб туради, сўнгра иккаласи Диз мансаби бўйлаб жанубга — Катта Айиқ кўлига сузиб кетадилар. Кўлдан ўтишгач, жанубга, то Маккензи дарёсига етиб олишмагунча жануб томонга қараб кета берадилар, қиш уларга етолмайди, дарёдаги гирдоблар музлаб, аёзли кунлар бошлангунча жанубга — Гудзон қўлтиғи компаниясига қарашли бирорта илиқроқ бекатга етиб олишади, у ерларда салобатли ва азим дарахтлар ўсади, озиқ-овқат омборлари ҳам беҳисоб.
Не-не машаққатлар билан олдинга кетаётган йўловчининг фикру хаёли мана шулар билан банд эди. Гавдасини кўтариб юриш қанча оғир бўлса, «Билл уни ёлғиз ташлаб кетмаган, нарсалар яширилган жойда, албатта, кутади» деган фикрга ишонишга уриниши ҳам шунча оғир ва машаққатли эди. У шундай фикр юритишга мажбур эди, акс ҳолда шунча азоб чекишга ҳожат қолмаган, бинобарин, ерга узала тушиб ётганича ўлиб қўя қолган бўларди.
Хирагина кўриниб турган қуёш гардиши шимоли-ғарб томонга аста-секин ботаркан, у қиш тушгунча Билл билан жануб томонга қиладиган сафарининг ҳар бир инчини қайта-қайта ҳисоблаб чиқди. Нарсалари яширилган жойдаги озиқ-овқат ва Гудзон қўлтиғи комнаниясига қарашли таъминот омборини эслайвериб, у ердаги нарсалар унга ёд бўлиб кетди. Икки кундан буён туз татимаганди. Чала қорин бўлиб юрганига
аллақанча бўлиб қолганди; энди бўлса тез-тез эгилиб, пишмаган мускег меваларини териб оғзига тиқар ва чала-чулпа чайнаб ютиб юборарди. Мускег меваси данакча билан сувдан иборат бўлиб, оғзига тушса суви чиқиб, қаттиқ ва аччиқ данагигина қоларди. Йўловчи бу нав меваларнинг қоринга озиқ бўлмаслигини билар, шундай бўлса ҳам, уни сабр-тоқат билан чайнар, чунки билим ва тажрибадан кўра, шунга кўпроқ умид боғлар эди.
Соат тўққизда оёғининг катта бармоғини чақир тошга уриб олди, мадори кетгани ва толиққанидан гандираклаб, йиқилиб тушди. Бир томонига ёнбошлаганича анча вақт қимирламай ётди. Кейин орқасидаги юк қайишларини бўшатиб, ноқулай бўлса ҳам, аранг ўтириб олди. Ҳали қоронғи тушганича йўқ эди, шом ғира-ширасида пайпаслаб харсанглар орасидан хас-чўп излай бошлади. Бир қучоқ хас-чўп йиғиб, уни ёқди ва тутаб ёнаётган олов устига бир қозонча сув қўйди.
У юкини очиб, энг аввал гугурт чўпи доналарини санаб кўрди. Ҳаммаси олтмиш еттита экан. Аниқ ишонч ҳосил қилиш учун гугурт доналарини уч марта санаб чиқди. Кейин уларни бир неча бўлакка ажратиб, сув ўтмайдиган қоғозга ўради. Бир қисмини бўшаб қолган тамакидонига, иккинчи қисмини яғири чиқиб кетган шляпасининг астари ичига, учинчи қисмини эса қўйнига жойлади. Бу ишни тамомлади-ю, лекин тўсатдан юрагига ғулғула туша бошлади. Гугуртларни очиб, яна қайта санаб чиқди. Ҳисобда янглишмаган экан.
Нам тортиб кетган оёқ кийимини оловга тугиб қуритди. Мокасиннинг абжағи чиқиб кетган эди. Одеялдан тикиб олган пайпоқлари ҳам титилиб, оёқлари қавариб, қонталаш бўлиб кетганди. Тўпиғи зирқираб оғрирди, оғриётган ерини яхшилаб кўздан кечирди. Тиззасидек йўғон бўлиб шишиб кетибди. Иккита одеялининг биттасидан узунасига йиртиб, тўпиғини сиқиб боғлади. Яна бир неча парча йиртиб, мокасин ва пайпоқ ўрнига оёқларига ўраб олди. Кейин қозончадаги қайноқ сувдан ичди; соатини бураб одеяллари орасига кириб ётди.
У ўликдек қотиб ухлади. Ярим тунга яқин атрофни зулмат босди-ю, аммо тезда тарқалиб кетди. Шимоли шарқдан қуёш чиқди — тўғрироғи, ўша томондан кун ёриша бошлади, қуёш кул ранг булутлар ортига яширинганди.
Соат олтида уйғонди, чалқанча тушганича қимирламай ётаверди. Кул ранг осмонга тикилди ва қорни очлиги ёдига тушди. Тирсагига суяниб энди ўгирилаётган эди, қаттиқ пишқириқдан чўчиб кетди, қаршисида битта нор буғу қулоқларини чимирганича унга тикилиб турганини кўрди. Жонивор эллик футларча нарида эди, шу лаҳзадаёқ йўловчининг хаёлида олов устида жизиллаб пишаётган буғу гўштининг роҳатижон ҳиди димоғига ургандек бўлди. Ўқсиз милтиғини ғайритабиий равишда қўлига олди, мўлжаллаб тепкини босди. Буғу бир пишқирди-ю, дикиллаганича ўзини четга олди, тошдан-тошга сакраб, туёқларини тақиллатиб қочиб кетди.
Йўловчи сўкина-сўкина ўқсиз милтиғини улоқтириб юборди. Ўрнидан туришга уринаркан қаттиқ инграй бошлади. Ўрнидан туриши ниҳоятда оғир ва машаққатли бўлди. Бўғин-бўғинлари қотиб қолган, гўё занглаб, равон очилиб ёпилмайдиган ошиқ-мошиққа ўхшарди, бўғин-бўғинларини букиш ва ёзиш ниҳоятда машаққатли бўлиб, зўр ирода талаб қиларди. Ниҳоят, у оёққа ҳам турди, лекин қаддини ростлаб, одамдек тик туриб олиши учун яна бирор дақиқа вақт керак бўлди.
У кичкинагина бир тепаликка эмаклаб чиқиб, атрофни кўздан кечирди. На бирор дарахт ва на бута кўринарди, бутун атрофни кул ранг йўсин денгизи ўраб олган, у ер-бу ерда қаққайган кул ранг тошлар, кул ранг ирмоқчалар кўзга чалинарди. Осмон ҳам кул ранг. Қуёш кўринмас, шуъласи ҳам йўқ эди. Ҳавонинг бундай аҳволида шимол қайси томондалигини тасаввур ҳам қилолмас, ҳатто кеча кечқурун бу ерга қайси томондан кириб келганини ҳам унутганди. Шундай бўлса ҳам, йўлдан адашмаганман, деган хаёлда эди. Бунга шак-шубҳа қилмасди. Тезда «Таёқчалар ўлкаси»га етиб боради. Бу ўлка қаердадир шу чап томонда, яқин орада, ҳатто пастаккина тепаликнинг нариги томонидаёқ бўлиши керак, деб ўйларди
У юкини йўлга ҳозирлаш учун орқага қайтди. Аввало уч бўлак қилиб ўраб қўйган гугурт чўплари жойидами-йўқми деб текшириб кўрди, уларни санамаса ҳам кўнглини тўқ қилиб олди. Лекин таранг чарм халта уни хаёл сурдириб, каловлатиб қўйди. Халта катта ҳам эмас — икки кафти орасига жой бўлгудек. Оғирлиги эса ўн беш фунт — бошқа ҳамма юкларининг оғирлиги билан баробар бўлиб, мана шу нарсагина уни безовта қиларди. Ниҳоят, халтани бир чеккага қўйиб, юкини йиғиштира бошлади. Лекин хаёли ҳамон ўшанда, назарида, бу кимсасиз хилватгоҳ уни тортиб олиб қўяётгандек бўларди, шунинг учун ҳам, атрофига аланглаб шоша-пиша уни қўлига олди. У ўрнидан туриб, гандираклаб йўлга тушганида халта ҳам орқасидаги юк ичида эди.
У чапроққа қиялаб йўлга тушди, йўл-йўлакай мускег мевасидан ейиш учун тўхтарди. Тўпиғи қотиб қолган, энди бурунгидан кўра кўпроқ оқсарди. Лекин тўпиғининг оғриғи оч қориннинг оғриғи олдида ҳеч гап эмасди. Очлик оғриғига чидаб бўлмасди. Бу очлик азоби уни ҳаддан ташқари қийнар, ҳатто у эс-ҳушини ҳам йиғиб ололмай «Таёқчалар ўлкаси»га етиб олиш учун мўлжалланган тўғри йўлидан ҳам адашган эди. Мускег мевалари очлик азобига малҳам бўлмас, ўта тахирлиги билан тил ва танглайини какрадек ачитарди.
Бир жилғага етганида тўсатдан тош ва буталар орасидан какр-кукрлашганларича «гур» этиб какликлар кўтарилди. Йўловчи уларга тош отиб тегиза олмади.
Юкини ерга қўйиб, чумчуқ пойлаган мушукдек, уларнинг орқасидан писиб бора бошлади. Шими қиррали тошларга тегиб, йиртилиб кетди, тиззалари қонаб, орқада қизил из қола бошлади, аммо бу азоб ҳам очлик азоби олдида ҳеч гап эмас эди. Нам йўсинларни босиб бораркан, кийимлари шалаббо бўлар, бадани увушар, буларни ҳам сезмас, бутун хаёли емишда эди. Какликларга етай-етай деганда улар пириллаб учиб кетарди, ниҳоят, уларнинг какр-кукрлари гўё уни калака қилаётгандек туюла бошлади, жиғибийрони чиқиб сўкинди-да, уларнинг сайрашларига тақлид қилиб қичқира бошлади.
Бир марта битта какликни босиб олишига сал қолди, уни кўрмай қолган экан, каклик ухлаб ётган бўлса керак, тошлар орасидаги инидан потирлаб чиқиб, унинг юзига урилиб кетди. Шунда у какликка апил-тапил чанг солди-ю, ушлай олмади, қўлида учтагина узун пат юлиниб қолганди, холос. Учиб кетаётган какликка бақрайганича тураркан, гўё бу қуш унга ўта ёвузлик қилиб қўйгандек хуноб бўларди. Кейин орқасига қайтиб, юкини орқалаб олди.
Чошгоҳ пайтида йўловчи ўтлоқ бир жилғага кириб келди, бу ерда ов мўл эди. Милтиқ ўқи етадиган ердан бир тўп буғу, чамаси йигирматача бор эди, унинг кўзини ўйнатиб ўтиб кетди. Уларни қувлагиси келиб кетди, қувлаб борса, ушлаб оладигандек эди. Лекин шу пайт, кутилмаганда, қаршисидан каклик тишлаган бир қора тулки чиқиб қолди. Йўловчи ҳайқириб юборди. Бу даҳшатли ҳайқириқ эди, тулкининг ўтакаси ёрилиб, бир томонга уриб қочди, лекин какликни оғзидан тушириб юбормади.
Йўловчи кечга яқин сийраккина қамишзор оралаб оқаётган оппоқ оҳак сув оқими бўйлаб кетди. Битта қамишни тагидан ушлаб тортган эди, қалпоқли михдек келадигак илдизи билан юлиниб чикди. Илдизи юмшоқ экан, қарс-қурс чайнаганида унга мазали таомдек туюлди. Аслида эса толалари қаттиқ, мускег мевасидек серсув бўлиб, қорин тўйдирмасди. Шундай бўлса ҳам, йўловчи юкини ерга ташлади, кавш қайтараётган молдек кавшаниб, лабларини чапиллатиб, эмаклаганича қамишлар орасига кириб кетди.
У ниҳоятда ҳолдан тойган, тез-тез дам олгиси — ерга чўзилиб ором олгиси, ухлагиси келарди, аммо «Таёқчалар ўлкаси»га етиб олиш нияти, балки ундан кучлироқ очлик туйғуси уни турткилаб олдинга ҳайдарди. Бундай узоқ Шимолда на қурбақа ва на қурт-қумурсқа бўлмаслигини била туриб, кўлмак сувлардан қурбақа қидирар, тирноқлари билан ерни титиб қурт-қумурсқа ахтарарди.
Ҳар бир кўлмак сувни синчиклаб қарар эди. Ниҳоят, қош қорайиб, ғира-шира тун бошланган маҳалда, шундай бир кўлмакдаги синчалоқдеккина балиқчага кўзи тушиб қолди. Қўлини елкасигача сувга ботириб юборди, аммо балиқ унга чап берди. Уни тутиб олиш иштиёқида иккинчи қўлини ҳам сувга тиқиб, кўлмак тагидаги оқ лойқани остин-устин қилиб юборди. Ҳовлиқиб қолганидан ўзи ҳам сувга тушиб кетиб, белигача сувга ботди. Энди сув бутунлай лойқаланиб кетганидан балиқ кўринмасди. Сув тингунча сабр-тоқат қилишга мажбур эди.
Яна балиқ ови бошланиб, сув яна лойқаланиб кетгунча давом этди. Унинг сабр-тоқати қолмади. Қозончани ечиб, кўлмақдаги сувни олиб четга тўка бошлади. Аввалига, сувни шундай шиддат билан олиб тўка бошладики, ҳаммаёғи шалаббо бўлиб кетди, чиқариб ташлаган сувини яқин жойга тўкканидан у яна қайтиб ўз ўрнига оқиб тушарди. Кейин, юраги гупиллаб уриб, қўллари қалтирашига қарамай, ўзини босиб, анча хотиржамлик билан ҳаракат қилди. Пировардида, ярим соат ичида кўлча сувини бутунлай қуритди. Унда бир ҳовуч ҳам сув қолмади. Лекин у ерда балиқча ҳам йўқ эди.
Тошлар орасидаги пана бир тешикчага кўзи тушиб қодци, балиқча ўша тешикча орқали бошқа бир каттароқ кўлчага ўтиб кетганди. Унинг сувини бир кечаю бир кундузда ҳам қурита олмасди. Тешик борлигини илгарироқ билганида эди, уни тош билан бекитиб қўйган бўларди, балиқча ҳам унинг қўлига тушган бўларди.
Хаёлига шу фикр келди-ю, беҳол бўлиб зах ерга ўтириб қолди. Аввалига ўзича пиқиллаб йиғлади, кейин эса атрофини ўраб олган бу аёвсиз биёбонга жар солиб ҳўнгради ва, ниҳоят, анча вақтгача кўз ёши тўкмай пиқ-пиқ йиғлади.
Ўт ёқди, бир неча кварта (1,14 литр) қайноқ сув ичиб бир оз ўзини иситди, сўнг харсанг тош устига худди ўтган кечагидек қилиб ётиш учун жой солди. Ётишдан олдин гугурт чўпларининг қуруқлигини текшириб чиқди-да, соатини бураб қўйди. Одеяллар нам ва зах тортиб кетганди. Тўпиғи лўқиллаб оғрирди. Лекин у очликдан бошқа нарсани сезмас, алаҳсираб ухлаганида зиёфатлар, банкетлар, турли-туман қилиб ясатилган дастурхондаги ноз-неъматларни туш кўриб чиқарди.
Титраб-қақшаб, тоби қочиб уйғонди. Қуёш кўринмасди. Еру кўкнинг кул ранг қиёфаси қуюқтортиб яна ҳам оғирлашди. Аччиқ шамол эсар, дастлабки қор момиқлари қир чўққиларини оқартириб юборган эди. Ўт ёқиб, сув қайнатгунча анча совуқ тушиб, лайлакқорлар гирдикапалак бўла бошлади. Ёмғир аралаш ёғаётган ҳўл лайлакқор аввалига ерга тушиши билан эриб турди, кейин эса, кўпроқ ёққан сайин ер сатҳини қоплай бошлади-да, оловни ўчириб, уни хас-чўпдан иборат ёқилғи манбаидан маҳрум қилди.
Бу эса, юкини орқалаб йўлга тушишига ишора эди, қайси томонга юришни ҳам билмасди. На «Таёқчалар ўлкаси», на Билли ва на Диз дарёси бўйидаги тўнтарилган моки-қайиқ остига яшириб қўйилган нарсалар хаёлига келарди. «Овқат» сўзи оғзидан тушмас, очликдан эс-ҳушидан ажраб қолган эди. Кўзлаган манзилини ҳам билмай, боши оққан томонга юрарди. Ёпишқоқ лайлакқор остидан серсув мускег меваларини қидирар, қамишларни илдизи билан суғуриб оларди. Аммо буларнииг ҳаммаси бемаза бўлиб, нафсига ором бермасди! Кейинроқ у яна бир хил ўт топиб олди, ўзи нордонгина бўлиб, ундан қанча топса, шунча еди. Лекин бу хил ўт камдан-кам топилар, чирмовуқ ўсимлиги бўлганидан, бир нечагина дюйм қалиндикдаги қор остида кўринмай кетарди.
Ўша кеча олов ҳам, қайноқ сув ҳам бўлмади, одеялга бурканиб оч-наҳор уйқуга кетди. Қор совуқ ёмғирга айланди. Ёмғир юзига уриб, уни бир неча бор бедор қилди. Тонг ҳам отди, қуёшсиз бўз ранг кун бошланди. Ёмғир ҳам тинди. Очлик азоби сусайиб овқат ейишга бўлган ҳисси сўнганди. Фақат ошқозони бир оз оғриб турар, лекин ортиқча азоб бермасди. Ўзи ҳам анча ҳушёр тортиб қолган, энди яна «Таёқчалар ўлкаси» билан Диз дарёси бўйидаги яшириб қўйилган нарсалар унинг хаёлини чулғаб олганди.
Икки одеялнинг биридан қолган қисмини узун-узун қилиб йиртиб, қонаб турган оёқларини боғлади. Шикастланган тўпиғининг латтасини ҳам янгилаб, бир кунлик сафарга ҳозирланди. Навбат юкка келганда таранг чарм халта узоқ вақтгача ўйлантириб қўйди, пировардида уни ҳам олиб йўлга тушди.
Қор ёмғирда эриб кетган, фақат қир чўққиларигина оқариб кўринарди. Қуёш ҳам мўралаб чиқди, йўловчи энди йўлдан адашганлигини англаган бўлса ҳам, ҳар ҳолда, қитъалар йўналишини аниқлашга муваффақ бўлди. Сўнгги сарсонлик кунлари, эҳтимол, чап томонга кўпроқ бурилиб кетган бўлса керак. Тўғри йўлга тушиб олиш учун ва айни вақтда иложи борича орадаги тафовутни қисқартириш учун ўнг томонга бурилди.
Энди очлик азоби унча қийнамаётган бўлса ҳам, анча дармонсизланиб қолгани сезилиб турарди. Мускег меваларини териб, қамишларни илдиз-пилдизи билан суғуриб олган пайтларида нафасини бир оз ростлаб олиши учун бир оз тўхтаб, дам олишга тўғри келарди. Томоғи қақраб, тили қуриб кетган, гўё тилининг устини майда тукчалар қоплаб олган эди, оғзи эса аччиқ эди. Ҳаммасидан ҳам кўра юраги кўпроқ безовта қиларди. Беш-олти минут юриб қолса борми, бас, дук-дук уриб, қинидан чиқиб кетаётгандек бўлар, оғриқ босиб, нафаси қисилар, боши айланиб, кўзи тиниб кетарди.
Чошгоҳ пайтида каттагина кўлмак сувда иккита танга балиқни кўриб қолди. Кўлмак сувни олиб ташлашнинг иложи йўқ, лекин энди ўзини анча босиб олган, шунинг учун ҳам балиқчаларни қозончаси билан тутишга жазм қилди. Улар синчалоқдан узун эмас, ўзи ҳам айтарлик даражада оч эмас эди. Сезилар-сезилмас даражадаги қорин оғриғи ҳам босилаётгандек туюларди, унинг ошқозони қарийб мудрарди. Шундай бўлса ҳам, балиқлардан бирини хомлигича роса чайлаб еди, бу хатти-ҳаракати бежиз эмас эди. Иштаҳаси бўлмаса ҳам яшаш учун озиқланиши кераклигини биларди.
Кечқурун яна учта танга балиқ тутиб олди, иккитасини еб, битгасини нонуштага олиб қўйди. Қуёш онда-сонда учраб турган йўсинларни қуритган, қайноқ сув ичиб исиб олиш имконияти туғилиб қолди. Ўша куни у ўн милядан ортиқ йўл босмади; эртасига юрагининг кўтаришига қараб, беш миляча йўл босди. Қорни энди мутлақо безовта қилмас — карахт бўлиб қолганди. Фақат бу ерлар унга бутунлай нотаниш, буғулар борган сари кўпроқ учрар, бўрилар ҳам йўлиқиб турарди. Бўриларнинг увиллашлари бу кимсасиз хилват ерларга даҳшат соларди, ҳатто бир марта учта бўри унинг рўпарасидан из қувиб ўтиб ҳам кетди.
Яна тун. Эрталаб, ақл-ҳушини анча йиғиб олганидан, буғу терисидан тикилган таранг халтачани бўғиб турган чарм боғични ечди. Халтача оғзидан сап-сариқ олтин кукун билан ёмбилар тўкилди. Уларни икки қисмга ажратди, бир қисмини одеял парчасига ўраб, уни ердан туртиб чиққан харсанг тош орасига кўмиб қўйди, иккинчи қисмини қайтадан халтачага солди. Иккинчи одеялини ҳам узун-узун қилиб йиртиб
оёқларини ўрай бошлади. У ҳамон милтиғини эҳтиёт қиларди. Диз дарёси бўйидаги яшириб қўйилган нарсалар ичида ўқ-дори бор эди-да.
Бу кун туманли бўлди, шу кун унинг қорнидаги очлик ҳам қайта уйғонди. У ниҳоят ҳолдан тойганди, боши айланиб, кўзи баъзан ҳеч нарсани кўрмай қолиб, аҳволи мушкуллашарди. Ҳар қадамда қоқилиб, йиқилиши оддий бир ҳолга айланиб қолганди. Бир марта оёғи чалишиб кетиб, каклик уясига йиқилиб тушди. Уяда тухумдан янги чиққан тўртта бир кунлик каклик болалари бор эди. Бу жониворларнинг ҳар бири бир луқма бўлиб, уларни очкўзлик билан тириклайин оғзига тиқиб, тухум пўчоғини чайнагандек қисирлатиб еб қўйди. Она каклик унинг атрофида парвона бўлиб, фарёд чекарди. Йўловчи бўлса милтиғини тўқмоқдек кўтариб, какликни уриб туширишга уринар, лекин у чап берарди. Кейин она какликка тош ота бошлади ва тасодифан мўлжалга уриб, қанотини синдирди. Каклик синган қанотини ёйиб потирлаганича нари қочди, йўловчи унинг изига тушди.
Каклик болалари иштаҳасини очиб юборганди. Шикастланган тўпиғини авайлаб, диканглаганича она какликка тош отар, баъзан қаттиқ инграб юборарди; йиқилиб тушган вақтларида эса, қовоқ-тумшуғини осилтириб оҳиста ўрнидан турар ва яна олдинга қараб диканглаб кетарди; боши айланиб йиқилиш хавфи туғилса, қўллари билан кўзларини ишқаларди.
Каклик орқасидан қувлайвериб водийнинг этакроғидаги зах ерга бориб қолди, сув босган йўсин устида оёқ излари кўринарди. Булар ўзининг излари эмас, бунга шак-шубҳа қилмасди. Биллнинг излари бўлса керак. Лекин тўхташ учун фурсат йўқ, она каклик узоқлашиб кетаётган эди. Аввал уни тутиб олиши, кейин қайтиб келиб, бу изларни синчиклаб текшириши керак.
Йўловчи какликни ҳолдан тойдирди, ўзининг ҳам силласи қуриди. Каклик қанотини ёзганича бир томонга ағдарилиб ётар, йўловчи ҳам каклик олдига эмаклаб боришга ҳоли келмай ундан бир неча қадам нарида ёнбошлаб ётарди. Йўловчи нафасини ростлаб олгунча каклик ҳам анча тин олар, йўловчи очкўзлик билан қўл чўзганида у потирлаб нарироққа кетар ва таъқиб қайтадан бошланарди. Ниҳоят қоронғи тушгач, каклик кўздан ғойиб бўлди. Йўловчи бўлса ҳолсизликдан қоқилиб, орқасидаги юки билан муккасига йиқилди-ю, ёноқлари шилиниб кетди. У анчагача қимирламади, кейин ёнбошлаб олди, соатини буради ва тонггача шу ҳолда ётди.
Яна туманли кун. Сўнгги одеялининг ярмини ҳам пайтавага ишлатиб юборганди. Биллнинг изларини қидириб топа олмади. Энди унинг ҳожати ҳам йўқ эди. Очлик зўр бериб уни олға ҳайдарди. Хаёлидан бир нарса нари кетмас — Билл ҳам адашиб қолмаганмикан? Аранг кўтариб келаётган юки чошгоҳларга борганда уни жуда эзиб юборди. Олтинни яна иккига бўлди, бу гал бир бўлагини ерга тўкиб қўя қолди. Туш пайтларида қолганини ҳам халта-палтаси билан улоқтирди, яримта одеял, тунука қозонча ва милтиғи қолди, холос.
Кутилмаганда уни хом хаёл безовта қила бошлади: милтиғида битга ўқ бордек туюлаверди. Гўё у милтиқ ўқдонида бўлиб, уни кўрмай қолганмиш. Шуниси борки, ўқдоннинг бўм-бўшлигини ҳам ўзи яхши биларди. Аммо хом хаёл уни жон-ҳолига қўймасди. Мана шу хаёл билан тўрт соат олишди ва, ниҳоят, ўқдонни очди, унинг бўм-бўшлигини кўриб, ҳақиқатан ҳам ўқ топилишини кутгандек, ҳафсаласи пир бўлди.
Ярим соат ичида олдинга зўрға судралганидан кейин уни яна ўша хом хаёл қуршаб олди. Яна унга қарши кураша бошлади — хом хаёл тазйиқ қилаверганидан охири кўнглини совитиш учун ўқдонни шунчаки очиб, қараб қўйди. Гоҳ-гоҳ хаёли сочилиб ғайритабиий бир ҳолда каловланиб босиб бораркан бемаъни хаёллар ва бетайин фикрлар миясини қумурсқадек таларди. Лекин ҳақиқатдан узоқ бўлган бундай хом хаёллар узоқ давом этмас, ичини тирнаб турган очлик азоби уни қайта ўзига келтириб турарди. Бир марта кўз ўнгида намоён бўлган манзара уни дафъатан хаёл чангалидан юлиб олганида қарийб ҳушидан кетиб қолаёзди. Шунда у маст-аласт кишидек каловланиб, гандираклаганича ўзини зўрға тутиб қолди. Қаршисида от турарди. От! У кўзларига ишонмасди! Кўз ўнги жимирлашиб, атрофни туман босгандек бўлди. Нима бало экан, деб апил-тапил кўзларини ишқалаб, диққат билан қаради: олдидаги от эмас, каттакон тарғил айиқ экан. Йиртқич унга ёв қараш қилиб, серрайиб турарди.
Йўловчи эс-ҳушини йиғиб олгунича милтиғини ҳам қарийб елкасидан чиқариб олганди. Милтиқни ерга қуйиб белидаги садафдор қиндан ов пичоғини суғурди. Қаршисида гўшт ва ҳаёт турарди. Бошмалдоғини пичоқ дамига теккизиб кўрди. Тиғи ҳам, учи ҳам ўткир эди. «Ҳозир айиққа ташланади-ю, саранжомлайди». Лекин юраги дов бермай дук-дук ура бошлади. Кейин эса юраги қинидан чиққудек така-пука бўлиб ўйнаб кетди. Пешонаси темир исканжа орасида қолгандек зирқиради, боши айланиб, кўз ўнги қоронғилашди.
Ҳозиргина довюраклик қилаёгган одам энди қўрқувдан дағ-дағ титрарди. Шундай бир заиф кишига айиқ ҳамла қилиб қолгудек бўлса, нима бўлади? Пичоқни маҳкам ушлаб, салобатлироқ бўлиб кўриниш учун, қаддини ростлаб, айиққа ўқрайиб қолди. Айиқ лапанглаб бир-икки қадам олдинга сурилди, олд оёқларини кўтариб даҳшат билан ўкирди. Йўловчи қочганда эди, айиқ унинг орқасидан қувган бўларди, лекин йўловчи қочмади. У қўрқув талвасасида довюраклашиб қолганди. Йўловчи ҳам ёввойи ва ваҳшиёна овоз билан даҳшат солиб ўкирди, бунинг замирида ҳаёт-мамот учун кураш ифодаси ҳамда у билан чамбарчас боғланган туб омиллари ётарди.
Айиқ бўлса ундан қўрқмай тик турган бу сирли махлуқдан ҳайиқиб, бўкирганича четга бурилиб кетди. Йўловчи ҳам жойидан қимирламади. Хавф-хатар ўтиб кетгунча у ҳайкалдек қотиб турди, кейин худди безгак тутгандек дағ-дағ қалтираб нам йўсинга ўтириб қолди.
У эс-ҳушини йиғиб олгач, бошқа бир таҳлика азобида йўлга тушди. Бу овқат йўқлигидан силласи қуриб, ўлиш таҳликаси эмас, балки ҳаёт-мамот учун курашда уни олға ундаётган сўнгги умид учқунларини то очлик сўндириб қўйгунча ваҳший ҳайвонлар чангалида тилка пора бўлиб кетиш таҳликаси эди. Бўрилар изғиб юрарди. Уларнинг увиллашлари теварак-атрофдан эшитилиб, ҳаммаёққа ваҳима солиб, шундай хавф туғдирардики, бундай жойда танҳо қолган йўловчининг ҳаёти қил устида турар, ҳаёт учун курашиш гўё шамол чирпирак қилай деб турган чодирга ё осилиб, ё қўл очиб дуо ўқиш билан бу хатарни даф қилишдек бир гап эди.
Иккитадан-учтадан бўлиб келаётган бўрилар йўлни тез-тез кесиб ўтиб қоларди. Уларнинг сони кам бўлганиданми ёки қаршилик кўрсатмайдиган буғуларни овлашга ўрганиб қолганиданми, йўловчига яқин келишмасди, чунки оқсоқланиб келаётган бу ғалати махлуқ чанг солиши ёки тишлаши мумкин эди-да.
Кечга яқин у сочилиб ётган суякларга дуч келиб қолди, худди шу ерда бўрилар ўз ўлжасини хомталаш қилишибди. Бу суяклар бир соатгина илгари маъраб, чопқиллаб юрган буғуча қолдиқлари эди. Йўловчи қиртишлаб тозаланган, ҳужайраларидаги ҳаёт ҳали сўнмаган ва қизғиш рангда товланиб турган бу суякларга термилиб турди. Куннинг охиригача, эҳтимол ўзининг ҳам фақат суяклари қолар! Афсус, ҳаёт шуми? Ҳаёт шунақа бевафо ва бебақо. Лекин азоб чектирадиган ҳам мана шу ҳаёт. Ўлимда қийналиш йўқ. Ўлмоқ — ухламоқ. Ўлмоқ — абадийлик ва ором олишдан иборат. Шундай экан нима учун ўлимга рози бўлавермайди?
Узоқ мулоҳаза қилиб ўтирмади. Йўсин устига чўнқайди-да, суяклардан бирини оғзига солиб, оч пушти рангда товланиб турган сўнгги ҳаёт зарраларини сўра бошлади. Ёдида қарийб хотирадек қолган билинар-билинмас лаззатли гўшт мазаси ақлу ҳушини олиб қўйганди. Суякларни жағ тишлари орасига олиб қарс-қарс чайнай бошлади. Баъзан суяк, баъзан тиши синарди. Уларни тош билан майдалаб, янчиб ютиб юборарди. Шошганидан бармоқларини ҳам чақиб олар, мана шундай пайтларда, нега бармоқлари унчалик қаттиқ оғримаслигини хаёлидан ўтказиб, ажабланиб ҳам қўярди.
Қор ва ёмғирли оғир кунлар бошланди. У энди қаерда тунаб, қачон йўлга тушганини ҳам унутган, кечаю кундуз бирдек тинмай йўл босарди. Йиқилиб қолган ерида дам олар, сўнаётган ҳаётига сал жон кириши билан олдинга қараб эмакларди. Энди у эр кишилардек ҳаёт учун ортиқча курашмасди, вужудидаги завол топишни истамаётган ҳаётнинг ўзи уни олға судрарди. У азоб ҳам чекмасди. Асаблари заифлашиб бўшашиб қолган, хаёли эса бошига тушган кўргиликлар, эзгу орзу-умидлар билан банд эди.
Йўловчи битта ҳам қўймай териб олган суякларни бетиним чайнаб шимарди. Энди у қир-адирлар ошмас, дарё бўлинадиган жойдан ўтмас; кенг ва юзагина водий бўйлаб оқаётган катга сув ёқалаб ғайриихтиёрий равишда борарди. Оқимни ҳам, водийни ҳам кўрмасди, Кўз ўнгида хаёлий тасаввурлардан бошқа нарса намоён бўлмасди. Тан бошқа, жон бошқа бўлса ҳам, улар ёнма-ён борар, тўғрироғи, судралар эди, уларни боғлаб турган ҳаёт риштаси жуда ҳам нозик эди.
Ясси тош устида чалқанча ётган бир ҳолда ҳушига келиб, кўзини очди. Қуёш анча кўтарилиб қолган, ҳаво илиқ эди. Олис-олислардан буғучаларнинг маъраши қулоғига чалинарди. Ёмғир, шамол ва қор тўзонлари ғира-шира эсида қолган, лекин ўша довуллар остида икки кун ёки икки ҳафта қолиб кетдими, буни билмасди.
Анча вақтгача қимирламай ётди, сахий қуёш нур сочиб ўз ҳарорати билан унинг заиф жуссасига ором бахш этарди. «Ажойиб кун» деб хаёлидан ўтказди. Эҳтимол, ўзи турган жойни ҳам аниқлаб олар. У минг азоб билан бир ёнбошига ағдарилиб олди. Пастда кенггина, сокин бир дарё оқиб турарди. Бу нотаниш дарё бўлиб, йўловчини анча саросимага солди. Шошилмай унинг қуйи оқими томон кўз югуртириб чиқди: бу дарё шу вақтгача кўриш насиб бўлган қир-адирлардан ҳам яйдоқроқ, қақраган ва ваҳималироқ адирлар орасидан кенг қулоч ёзиб оқиб турарди. Оқимни шошилмай, бамайлихотир, ҳис-ҳаяжонга берилмай, ниҳоятда совуққонлик билан уфққача кузатиб, унинг ярқираб турган мусаффо денгизга қуйилаётганини кўрди. Шунда ҳам таажжубланмади. «Жуда ажойиб», деб хаёлидан ўтказди. — «Бу хаёл ёки сароб, тўғрироғи, хаёлга — чалкаш ақл-идрокининг найрангига ўхшайди». Ярқираб турган мусаффо денгизнинг қоқ ўртасида лангар ташлаб турган кема қорасига кўзи тушгач, хаёлидан ўтган фикрга яна ҳам иқрор бўлди. Бир зумгина кўзини юмиб, кейин яна қайта очди. Қизиқ, қандай қилиб хаёлий тасаввур ҳануз кўз ўнгидан кетмаса? Бунинг ажабланарли ери йўқ. Милтиғида ўқ йўқлигини аниқ билганидек, бу бўз ерларнинг қоқ ўртасида на денгиз ва на кема бўлишига ҳам шубҳа қилмасди.
Шу пайт орқадан хириллаган овоз эшитилиб қолди. Бу биғиллашми ёки ириллашми билиб бўлмасди. Ҳаддан ташқари дармонсизлиги ва карахтлигидан зўрға иккинчи ёнбошига ағдарилди. Яқинида ҳеч нарса кўринмасди, аммо у сабр билан атрофга кўз-қулоқ бўлиб турди. Қулоғига яна ўша овоз чалинди, йигирма фут чамаси нарироқдаги икки қоя тош орасидан бир кул ранг бўрининг боши кўринди. Унинг қулоқлари бошқа бўриларники каби диккайган эмасди; кўзлари хира тортиб, қон қуйилган, заиф ва нимжонлигидан бошини қуйи солган. Бўри қуёш нурида жунжикиб турарди. Касал бўлса керак. Йўловчи унга қараши билан у яна бир марта биғиллаб ўхчиди.
«Мана бу, афтидан, ҳақиқат бўлса керак», деб ўйлади йўловчи ва ҳозиргина кўз ўнгида ҳаёлий тасаввур бўлиб туюлган сароб ўрнида ҳақиқий манзарани кўриш учун бошқа ёнбошига ағдарилди. Денгиз ҳамон илгаригидек узоқда ялтирар, кема ҳам кўзга яққол ташланиб турарди. Бу ростдан ҳам ҳақиқатми? Анча вақтгача кўзларини юмиб ўйлади, ниҳоят, унга ҳамма нарса равшан бўлди. Шимол томонга юраётган экан — Диз дарёсидан узоқлашиб, «Коппермайн дарёси водийсига кириб қолибди. Мана шу сокин оқаётган кенг дарё Коппермайннинг ўзгинаси. Узоқда ялтираб кўринган денгиз — Шимолий муз океани. Кема бўлса, кит овловчилар кемаси бўлиб Маккензи мансабидан чиқиб, шарқда, узоқ шарқда адашиб юриб, ҳозир эса Коронадия кўрфазида лангар ташлаган. Гудзон қўлтиғи компанияси ишлаган харитага қачонлардир кўзи тушганини эслади-ю, унга ҳамма нарса аниқ ва равшан бўлди.
Ўрнидан туриб ўтирди ва зудлик билан қилинадиган ишлар ҳақида ўйлай бошлади. Оёғига ўраб олган одеял пайтаваси дабдала бўлиб кетган, оёқлари ҳам шилиниб ётарди. Иккинчи одеялини ҳам ишлатиб бўлган эди. Милтиғи билан пичоғи йўқолган. Шляпасини ҳам астари ичига яшириб қўйган гугурт-пугурти билан қаердадир тушириб қўйибди, сув ўтмайдиган қоғозға ўралиб қўйнидаги тамаки халтасига солинган гугуртигина омон қолибди, ҳўл ҳам бўлмабди. У соатига қаради. Стрелкалари ўн бирни кўрсатар ва ҳамон юраётган эди. Афтидан, уни бураб турган бўлса керак.
У хотиржам, эс-ҳуши ҳам жойида эди. Тинкаси қуриб, толиққанига қарамай, ҳеч ерида оғриқ сезмасди. Қорни овқат ҳам талаб қилмасди. Овқат ҳақида ўйлаш унга ёқмаса ҳам ҳамма ҳаракатларини фақат ақл билан бажарарди. Шимининг тиззасидаи почасигача йиртиб олиб, оёғини ўраб боғлади. Бахтига тунука қозонча тушиб қолмаган экан, олдиндан ўзи пайқаганидек, кемагача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтиш олдидан бир оз қайноқ сув ичиб олди.
Унинг ҳаракатлари ниҳоятда суст бўлиб, шол бўлиб қолгандек эди. Бир оз қуруқ йўсин териб келмоқчи бўлди, ўрнидан тура олмади, қайта ва қайта уриниб кўрди, иложи бўлмагач, эмаклаб кетганига ҳам шукур қилди. Бир маҳал касал бўрининг олдига яқин бориб қолибди. Йиртқич чор-ночор ўзини бир чеккага тортиб, тумшуғини яларкан, мадорсизлигидан тили ҳам қотиб қолгандек туюларди. Йўловчи унинг тили одатдагидек соғлом, бақувват бўриникидек эмаслигини англади. Бу бўрининг тили сарғиш жигар ранг тусда бўлиб, устини ғадир-будур шиллиқ парда қоплаганди.
Бир кварта қайноқ сув ичгач, андак куч киргандек бўлди — ўрнидан тургудек, ҳатто агар ҳаёти сўнаётган киши қадам боса олади, деб фараз қилингудек бўлса, худди ўшандай қадам босишга дармони бордек туюлди. Қарийб ҳар бир дақиқада дам олишга мажбур бўларди. У заиф ва чалкаш қадам ташлар, уни таъқиб қилиб келаётган бўрининг заиф ва чалкаш қадам ташлашининг ўзгинаси эди. Ўша куни кечқурун ярқираб турган денгиз устини зулмат қоплаганда, чамаси, бор-йўғи денгиз томон тўрт миля яқинлашган эди.
Тун бўйи касал бўрининг ўхчишини ва аҳён-аҳёнда буғу болаларининг маърашини эшитиб чиқди. Унинг атрофида ҳаёт жўш урар, яшашга қодир, соғлом, бақувват ҳаёт мавжуд, уни эса касал бўри таъқиб қилиб келар, ўз ўлжасининг ўлимини кутаётганини йўловчи сезарди. У эрталаб кўзини очганида бўри унга маъюс ва очкўзлик билан тикилиб турарди. Думини қисиб, худди оч қолиб, тинкаси қуриган итдек бошини осилтириб олган. У тонг изғиринида қалтирарди; йўловчи хириллаган товуш билан мажолсиз тўнғиллаганида тишларини тиржайтириб ириллади.
Қуёш барқ уриб чиқди, йўловчи эрталабдан чошгоҳгача қоқилиб-суқилиб ялтираб турган денгиз ўртасидаги кема томон юрди. Ҳаво айни муддаодек. Кузнинг қутб кенглигига хос илиқ кунлари эди. Бундай об-ҳаво бир ҳафтагина бўларди. Эрта ё индиндан илиқ кунлар ўтиб, ҳавонинг авзои бузилиши мумкин эди.
Пешинга яқин йўловчи қандайдир бир изга дуч келиб қолди. Қадам ташлаб эмас, эмаклаб юрган кишининг изи эди. Бу из Биллники бўлиши мумкин, деб хаёлидан ўтказди у лоқайдлик ва совуққонлик билан. Бунга у ҳеч парво қилмас эди. Аниқроғи, ундаги ҳис-туйғулар бутунлай сўнганди. Энди оғриқни ҳам сезмасди. Қорин ва асаблари уйқуга кетганди. Шундай бўлса ҳам, вужудидаги ҳаёт-мамот кураши уни олға судрарди. Ниҳоятда тинкаси қуриган бўлса ҳам, ҳаёт уни тарк қилмасди, чунки у ҳали мускег меваларини териб еб турар, танга балиқ овлар, қайноқ сув ичар, касал бўри илинжида борарди.
У эмаклаб кетган бошқа одам изидан кета берди ва кўп ўтмай изнинг охирига — яқиндагина ғажилган суяклар сочилиб ётган, пайхони чиққан нам йўсинлар устида бир неча бўри излари қолган ерга етди. Худди ўзиникига ўхшаш буғу терисидан тикилган халтачага кўзи тушди, уни ўткир тишлар тилка-пора қилиб ташлаган эди. Халтача нимжон панжалари учун анча оғир бўлса ҳам, уни ердан олди. Билл уни сўнгги нафасигача қўлидан туширмаган экан. Ҳаҳ-ҳаҳ-ҳаҳ! Энди Билл устидан мазах қилиб кулади. Ўзи омон қолади, халтачани эса ялтираб турган денгиздаги кемага олиб чиқади. Унинг қувонч кулгиси худди қарға қағиллашидек беўхшов ва бўғиқ овоз билан чиқди, касал бўри ҳам унга қўшилиб ғамгин увиллади. Йўловчи бирдан жим бўлиб қолди. Кўз олдида сочилиб ётган суяклар Биллники бўладиган бўлса, Биллдан қандай мазах қилиб кулсин! Ним пушти рангда товланаётган мана шу оппоқ суяклар наҳотки Биллники бўлса!
Йўловчи ўгирилиб нари кетди. Билл уни ташлаб кетган эди, оқибат мана нима бўпти, лекин у олтинни олмайди, унинг суякларини кемирмайди. Энди каловланиб олға юраркан, агар бунинг акси рўй берганда, Билл шундай қилган бўларди, деб хаёлидан ўтказди.
Йўлда бир кўлчага дуч келиб қолди. Балиқ излаб унга энгашди-ю, бир нарса чақиб олгандек, бошини шартта кўтариб олди. Йўловчи сувдаги ўз аксини кўриб қолганди. Шунақа ҳам бадбашара бўлиб кетибдики, мудраб ётган ҳис-туйғусини ҳам уйғотиб, ўзини ҳанг-манг қилиб қўйди. Сувда учта танга балиқ сузиб юрарди, лекин кўлча каттагина бўлиб, сувини қуритишнинг иложи йўқ эди. Балиқчаларни қозончаси билан
тутишга беҳуда уриниб кўрди-да, кейин уларнинг баҳридан ўтди. Жуда тинкаси қуриб кетганидан, сувга тушиб чўкиб кетаман деб қўрқди. Қумлоқ соҳилга чиқиб қолган ходалардан бирига ўтириб, дарё оқими томон сузишга журъат қилолмаганининг сабаби ҳам мана шунда эди.
Ўша куни у кемагача бўлган масофани уч миля, эртасига эса икки миля қисқартди. Энди у ҳам Биллга ўхшаб эмаклаб борарди; бешинчи кун кечқурун кемагача яна етти миля қолган, ўзи эса ҳолдан тойиб, кунига бир миля босишга ҳам мадори келмасди. Кузнинг илиқ нафаси ҳали кетмаган, у ҳам эмаклашда давом этар, ҳушидан кетар, юмаланиб-сурилиб бўлса ҳам олға силжирди; касал бўри ҳам ўхчиб, акса уриб қорама-қора келарди. Йўловчининг тиззалари энди оёқларидек қип-қизил гўшт бўлиб кетган, кўйлагининг орқа томонидан йиртиб, боғлаб олган бўлса ҳам, йўсин ва тошлар устида қизил из қолдирарди. Ногаҳон орқасига қараб, бўри унинг қонли изларини очкўзлик билан ялаётганини кўриб қолди, агар бўрини саранжомламаса, ўзининг ҳоли нима кечишини яққол тасаввур қилди. Ўшандан кейин ҳаёт фожиасини шафқатсиз онлари бошланди: эмаклаётган касал йўловчи билан касал бўри — иккала махлуқ кимсасиз биёбон бўйлаб ҳаёт тарк этаётган мурдаларини судрашганларича бир-бирининг жонига қасд қилиб қолишди.
Агар бўри соғлом бўлганда эди, йўловчи ҳам унчалик тархашлик қилмаган бўлур эди; лекин ўша жирканч ўлакса махлуққа ем бўлиб, унинг жиғилдонига тушиш фикри жирканч туюларди. У инжиқланиб қолган эди. Хаёли яна сочила бошлади; ақл-идроки ойдинлашган пайтлари тобора қисқариб ва камайиб борган сари хаёлий тасаввурлар уни кўпроқ эсанкиратиб қўярди.
Йўловчи бир марта қулоғи ёнида хириллаган товушдан уйғониб кетди. Бўри ўзини орқага ташлади-да, заифлигидан оёқлари чалишиб йиқилиб тушди. Бу кулгили бир ҳол эди, лекин йўловчи кулмади. Ҳатто қўрқиб ҳам кетмади. У қўрқиш нималигини аллақачон унугиб юборганди. Ўша дақиқада эс-ҳуши ойдинлашган бўлса ҳам, ётган ерида ўйлар эди. Кемагача тўрт милядан ортиқ қолган эмас. У жимирлашаётган кўзларини ишқалаб, кемани аниқ кўра олди, ялтираб турган денгиз сувини
кесиб ўтаётган қандайдир қайиқчанинг оқ елкани ҳам бемалол кўриниб турарди. Лекин бу тўрт миля масофани эмаклаб ўтишнинг ҳеч иложи йўқлигини йўловчи биларди, шундай бўлса ҳам, бунга парво қилмасди. Ҳатто ярим миля эмаклашга мажоли етмаслигини биларди. Барибир у яшашни истарди. Шунча жабру жафо тортса-ю, ўлиб кетса, номаъқул иш бўлади. Тақдир унга зўрлик қилар, у жон бераётган бўлса ҳам ўлим олдида бўйин эгишни хоҳламасди. Эҳтимол, бу телбаликдир, аммо худди мана шу ўлим чангалида туриб унга очиқдан-очиқ қарши чиқар, у билан курашар эди.
Йўловчи кўзларини юмди ва ниҳоятда эҳтиётлик билан бор кучини йиғди. Мавж уриб келаётган тўлқиндек бутун вужудини қамраб олаётган беҳушлик хуружида энтикиб қолмаслик учун ўзини бардам тутишга ҳаракат қилди. Ўлим талвасаси денгизнинг ўзгинаси эди — у тобора қаттиқроқ мавж уриб, аста-секин эс-ҳушини оларди. Карахтлик кемасида гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа чайқалиб сузаркан, баъзан бутунлай шўнғиб кетар, янги бир ирода учқуни юрагига далда берганида жон талвасасида яна юзага қалқиб чиқиб қоларди.
Мана энди у қимир этмай чалқанча ётаркан, тобора яқинлашиб келаётган касал бўрининг хириллаган нафаси аниқ эшитилиб турарди. Вақт сустлик билан ўтар, бўри яна ҳам яқинлашар, у эса қимир этмасдан ётарди. Мана, бўри нафаси қулоғига ҳам урилди. Унинг қуруқшаб қотиб қолган тили юзини худди жилвирдек қириб ўтди. Йўловчи қўлларини кўтариб юборди, тўғрироғи, у ўз назарида шундай қилди. Панжалари чангакдек букилди, лекин қўлига қуруқ ҳаводан бошқа нарса илинмади. Чаққон ва аниқ ҳаракат қилиш куч талаб қилади, шу кучдан маҳрум эди.
Бўри ниҳоятда сабр-тоқатли эди. Инсон ундан ҳам сабрлироқ эди. У ўзини ем қиладиган ёки ўзига ем бўладиган махлуқни пойлаганича, ҳушидан кетмаслик учун курашиб, ярим кун давомида қимирламай ётди. Баъзан ҳушсизлик денгизига ғарқ бўлар, узоқ тушлар кўрарди, лекин ўнгида ҳам, тушида ҳам — ҳамма вақт бўрининг хириллаган нафаси тегиб, қуруқшаган дағал тили билан ялайди, деб кутиб ётарди.
Нафас товушини эшитмади, лекин бўри дағал тили билан унинг қўлини ялаётганини туш аралаш сезиб, уйқудан оҳиста уйғонди. Сабр қилди. Энди бўри унинг қўлини тишлари орасига олиб заифгина эзарди; кейин тобора қатгиқроқ эза бошлади: шунчалар сабр қилиб, эндигина етишган ўлжасига тишларини ботириши учун бор кучини ишга соларди. Лекин одам ҳам жуда узоқ кутганди, тишланган қўли билан бўрининг тумшуғидан ушлаб олди. Бўри қутулишга уриниб аранг ҳаракат қиларкан, тумшуғидан тутиб турган қўл ҳам уни зўрға ушлаб турарди, мана шу вақтда иккинчи қўли билан бўрини қисиб олди. Беш минут ўтар-ўтмас йўловчи бутун оғирлиги билан бўрини босиб ётарди. Бўрини бўғиш учун қўллари мадорсиз бўлганидан тиши билан унинг бўғзига ёпишди, оғзи юнгга тўлди. Ярим соатдан сўнг томоғидан илиқ суюқлик ўтаётганини сезди. Бу лазиз нарса эмасди, қорнига эритилган қўрғошин қуйилаётгандек бўлар, уни фақат ўз ирода кучи қуярди. Бир оздан кейин бир ёнбошига ағдарилди-да, уйқуга кетди.
* * *
Кит овловчи «Бедфорд» кемасида илмий экспедиция аъзолари ҳам бор эди. Палубада юришган вақтда соҳилдаги ғалати бир махлуққа кўзлари тушиб қолди. У пўртана мавжидан ҳосил бўлган қумлоқ соҳилдан сув томон эмаклаб келарди. Олимлар унинг нималигини билиша олмай бошлари қотган, ўзлари табиатшунос бўлганлари учун ҳам дарҳол қайиққа тушиб, унинг нималигини билиш учун соҳилга сузишиб кетишганди. Ўша тирик махлуқни кўрдилар, аммо уни инсон деб аташ жуда қийин эди. Ақл-ҳушини йўқотган, карахт. Турган ерида улкан қурт сингари олдинга қараб буралаётган экан. Ҳаракатлари деярли беҳуда бўлишига қарамай, буралиб-буралиб бўлса ҳам қатъият билан олға ҳаракат қилар ва соатига қарийб йигирма фут сурилар эди.
Уч ҳафта кейинроқ йўловчи наҳанг овловчи «Бедфорд»нинг каравотларидан бирида ётган ҳолида юм-юм ёш тўкиб ўзининг кимлиги ва бошдан кечирган машаққатларини айтиб берди.
Онаси, серқуёш жанубий Калифорния, апельсин бутазорлари ва гулларга бурканган уйи ҳақида ҳам пойма-пой гапириб берди.
Кўп ўтмай йўловчи олимлар билан кема зобитлари даврасига қўшилди. У стол устидаги мўл-кўл овқатларни кўриб қувонар, уларнинг бошқалар оғзига тушиб кетаётганига маҳлиё бўлиб қоларди. Оғизларда йўқ бўлиб кетаётган ҳар бир луқма уни зўр ташвишга соларди. Фаҳм-фаросати жойида бўлса ҳам, ҳамтовоқ ҳамроҳларига нафрат кўзи билан қарарди. Овқат тамом бўлиб қолади, деган ташвиш унга тинчлик бермасди. Ошпаз юнга ва капитандан омбордаги озиқ-овқатлар ҳақида суриштириб турарди. Улар қайта-қайта унинг кўнглини тўқлашарди, лекин уларга ишонмай, ўз кўзи билан кўриш учун ҳеч кимга билдирмай омборга ҳам тушиб турарди.
Унинг семираётганини сезиб қолишди. Кун сайин этига эт қўшиларди. Олимлар бош чайқашиб, турли-туман назарий хулосалар чиқаришарди. Уни овқатдан тортиб ҳам қўйишди, шунда ҳам бақ-бақалоқ семириб, кўйлагига сиғмай кетди.
Матрослар киноя билан кулишарди. Бу сир уларга маълум эди. Олимлар унинг кетидан одам қўйиб, бақалоқлик «сир»идан огоҳ бўлиб олдилар. Нонуштадан кейин у кеманинг олдинги саҳнига чиқиб оларкан-да, олдидан ўтган матросга фақирона қўл чўзиб тиланчилик қиларкан. Матрослар эса киноя билан мийиғида кулишиб сухари бурдаларидан садақа беришаркан. У бўлса сухари бурдасига очкўзлик билан чанг солиб, унга худди олтинга суқланган хасисдек термиларкан-да, қўйнига ураркан.
Олимлар сабр қилдилар. Уни ўз ҳолига қўйиб қўйдилар. Шундай бўлса ҳам, ўзига билдирмай унинг каравотини кўздан кечирдилар. Сухари тизилиб кетибди. Тўшакнинг ичи ҳам сухарига тўла экан. Ҳар бир тешик ва бурчакда сухари. Лекин унинг ақл-ҳуши жойида эди. Фақат, эҳтимолдан холи бўлмаган очлик ғамини ерди.
Олимлар ундаги бу васвасани ўткинчи нарса, деб ҳисобладилар. Шундай бўлди ҳам: «Бедфорд» ўз лангарини Сан-Франциско қўлтиғига ташламасданоқ у очлик васвасасидан қутулиб кетди.
Инглиз тилидан Абдуқаҳҳор Иминов таржимаси