Жан-Поль Сартр. Ёпиқ эшик ортида (бир пардали пьеса)

“Ўша Хоним”га бағишланади

Иштирокчилар:

Инэс
Эстель
Гарсэн
Хизматчи бола

Биринчи кўриниш

Гарсэн, Хизматчи бола
II Империя даври усулидаги меҳмонхона. Камин устида бронза ҳайкалча.

Гарсэн (кириб келиб кўздан кечиради). Ана холос.
Хизматчи. Шу холос.
Гарсэн. Шундайку-я…
Хизматчи. Шундай-да.
Гарсэн. Мен… менимча, вақти келиб бу жиҳозларга ҳам кўникса бўлар.
Хизматчи. Бу одамнинг ўзига боғлиқ.
Гарсэн. Нима, ҳамма хоналар шунақами?
Хизматчи. Нима деяпсиз ўзи! Бизга, ахир, хитойлар ҳам, ҳиндулар ҳам келиб туради. Сизнингча, уларга II Империя усулидаги ўриндиқлар керак эмасми?
Гарсэн. Уни бошимга ураманми. Сиз ким бўлганимни биласизми? Майли, ҳозир буни қўя турайлик, аҳамияти йўқ. Умуман олганда, доим ўзимга ёқмайдиган жиҳозлар ичида бўламан, ясама вазиятларга тушиб қоламан; бу менга хуш ёқади. Луи-Филипп усулидаги меҳмонхонанинг бундай оҳанжамаси сизга ёқадими?
Хизматчи. Кўриб турганингиздек, II Империя усулидаги меҳмонхона ҳам ёмон эмас.
Гарсэн. Ҳа, ана холос. (Атрофга аланглаб) Ҳарқалай, булар ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман… Одамларнинг оғзидаги гапларни ҳойнаҳой эшитгандирсиз-а?
Хизматчи. Қандай гаплар?
Гарсэн. Яъни… (Мавҳум ноаён ишоралар қилади). шунақа нарсалар ҳақида.
Хизматчи. Шундай бемаъниликларга ишониб юрибсизми? Бу одамларнинг бирортаси бу ерда қорасини ҳам кўрсатмаган. Агарда улар бу ерда бўлганларида эди…
Гарсэн. Маъқул.

Иккови ҳам кулишади.

Гарсэн (бирдан жиддий тортиб). Э, қозиқ қаерда қолди?
Хизматчи. Нима?
Гарсэн. Қозиқ, кўра, мис анжомлар?
Хизматчи. Ҳазиллашаяпсизми?
Гарсэн (унга тикилиб). А? Майлику-я… Йўқ, ҳазиллашмаяпман. (Хонани айланиб чиқади). Ҳақиқатан, на кўзгу, на дераза ойнаси. Синадиган ҳеч вақо. (Кутилмаганда ғазаб билан) Нега менинг тиш чўткамни олиб қўйишди?
Хизматчи. Ниҳоят-э! Ахийри ўзингизни, ўз қадрингизни билдингиз. Қойил!
Гарсэн (кресло суянчиғига зарб билан уради). Менга бундай бетакаллуф муомала қилманг! Мен ўз аҳволимни жуда яхши тушуниб турибман, лекин асло тоқатим йўқ сизнинг бундай…
Хизматчи. Эҳ, кечиринг. Нима қилай – ҳамма шуни сўрайди. Келадилару: “Кўра қаерда?” деб сўрайдилар. Ишонинг, мана шундай дақиқаларда улар ўзларини тартибга келтириш борасида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Кейин эса ўпкаларини босиб олгач, дарров тиш чўткаси ҳақида эслаб қолишади. Аммо, худо ҳаққи, яхшилаб ўйлаб кўринг, бу ерда тишингизни тозалаб нима қиласиз, бу қанақаси, ахир?
Гарсэн (ўзини босиб олиб). Ростдан-а, нима кераги бор? (У ёқ-бу ёққа кўз югуртиради). Нима қиламан ўзимни ойнага солиб? Керак бўлса, бронза ҳайкалча бор… Эҳ-ҳэ, ҳали кўзимни катта очиб қарашимга тўғри келади. Кўзимни катта очиб, тўғрими? Майли-да, яширадиган нарсанинг ўзи йўқ: такрорлайман, мен ўз ҳолатимни унутиб қўйганим йўқ. Хоҳлайсизми, бу қандай содир бўлишини айтаман? Одам сиқилади, сувга тушади, бутунлай кўмилади, сув ичидан фақат унинг нигоҳи кўриниб туради. У нимани кўради денг? Бронза ҳайкалчани. Вой, даҳшат! Ахир, сизга менга жавоб қайтаришингизни тақиқлашган, сизни мажбурламайман. Айтиб қўяй, мени ғафлатда қолдиролмайдилар, мени ҳайрон қолдирдим, деб талтайманг. Мен ўз вазиятимни соғлом ақл билан баҳолаяпман. (Яна хона бўйлаб юра бошлайди). Демак, тиш чўтка бўлмайди. Каравот ҳам. Ахир, бу ерда ётиб ухланмайди-ку, а?
Хизматчи. Жин урсин!
Гарсэн. Қасам ичаманки, мен ҳақман. Нега ҳам ухлаймиз? Уйқу билдирмасдан келади. Кўз тобора юмилиб бораверади, аммо нега ҳам ухлаймиз? Диванда ётибсан ва… баногоҳ! – уйқу ўчади. Кўзларингни ишқалайсан, ўрнингдан турасан ва ҳаммаси яна бошдан бошланади.
Хизматчи. Хаёлпараст экансиз-ку!
Гарсэн. Жим бўлинг. Кўз ёш тўкмоқчи ҳам, нолимоқчи ҳам эмасман, аммо ҳақиқатга тик қарамоқчиман.Уни орқаламоқчи эмасман, мен ҳатто унга яхшироқ қараб ҳам қўёлмайман. Хаёлпарастмиш? Аммо ҳамонки уйқунинг ҳожати бўлмаса… Уйқинг келмаса ётиб нима қиласан? Бўпти. Шошмай туринг: нега бунчалар оғир? Нега доимо оғир? Биламан, чунки бу ҳаётда ёруғлик йўқ.
Хизматчи. Қанақа ёруғлик?
Гарсэн (уни масхаралаб). “Қанақа ёруғлик?” (Ишончсизлик билан) Менга қаранг. Мен ҳам шундай ўйлардим! Сизнинг қарашларингиздаги чидаб бўлмас ва дағал хираликнинг сабаби мана шунда. Ана холос – улар кўрмайди-ку!
Хизматчи. Нималар деяпсиз?
Гарсэн. Сизнинг қовоғингизни айтаман. Биз, биз кўзларимизни пирпиратамиз. Очиб юмамиз, йилт этган қора чақин, парда тушади ва қайта кўтарилади: ана ёруғлик! Кўзлар ёшланади, борлиқ кўздан ғойиб бўлади. Одам қанчалар енгил тортади, сиз буни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Бир соатда тўрт мингта шуъла. Тўрт мингта майда новдача. Ахир, мен тўрт мингта деганимда… Аммо қандай? Мен қовоқларсиз яшайманми? Ўзингизни жинниликка солманг. Қовоқсиз, уйқусиз – булар айни бир нарса. Мен бошқа ухламайман. Қандай қилиб ўзимга тоқат қиламан? Тушунишга ҳаракат қилинг, уриниб кўринг: кажфеълман, мен кўникканман… ўзимни масхаралашга ўрганиб қолганман. Лекин тўхтовсиз ўз жиғимга ўзим тега олмайман-ку: у ёқда тунлар бўлган эди. Ва мен ухлаганман. Хотиржам, тинч ухладим. Ҳиссасини чиқариб олдим. Ва оддий тушлар кўрдим. Масалан, даштлар… Даштлар бари-бари. Сайр қилиб юрганимни кўрдим. Ҳозир кундузми?
Хизматчи. Ўзингиз кўряпсиз-ку, ёп-ёруғ.
Гарсэн. Жин урсин. Сизларда бу кундуз-ку. Ташқарида-чи?
Хизматчи (талмовсираб). Ташқарида?
Гарсэн. Ҳа, ташқарида. Бу деворнинг нариги томонида.
Хизматчи. У ер йўлак.
Гарсэн. Йўлакнинг охирида-чи?
Хизматчи. Бошқа хоналар, йўлаклар, зиналар.
Гарсэн. Кейин-чи?
Хизматчи. Бори шу.
Гарсэн. Сизларда, албатта, дам олиш кунлари бўлади. Қаерларга борасиз?
Хизматчи. Тоғамнинг олдига, у катта хизматчи, учинчи қаватда.
Гарсэн. Фаҳмим етмаганини қаранг… Чироқ қаердан ёқиб, ўчирилади?
Хизматчи. Бу ерда йўқ.
Гарсэн. Демак, чироқни ўчириш мумкин эмас?
Хизматчи. Дирекция электрни узиб қўйиши мумкин. Лекин мен бу қаватда бунақаси бўлганини ҳеч эслолмайман. Бизда электр қуввати ошиб-тошиб ётибди.
Гарсэн. Жуда соз. Демак, очиқ кўзлар билан яшашга тўғри келади…
Хизматчи (истеҳзоли). Яшашга…
Гарсэн. Гапимдан хато топишга уринманг. Очиқ кўзлар билан. Доимо. Доимо менинг кўзларимда кун акс этади. Миямда ҳам. (Сукут). Агар ҳайкалчани қандилга қараб улоқтирсам, у ўчадими?
Хизматчи. Ҳайкалча жуда оғир.
Гарсэн (ҳайкалчани кўтаришга уринади). Ҳақсиз. У ҳаддан ортиқ оғир.

Сукут.

Хизматчи. Менга бошқа хизмат бўлмаса, кетдим.
Гарсэн (чўчиб тушиб). Кетяпсизми? Кўришгунча.
Хизматчи эшик томонга юради.

Бир дақиқа.

Хизматчи ўгирилади.

Бу қўнғироқми?

Хизматчи бош ирғайди.

Агар хоҳласаму сизга қўнғироқ қилсам, етиб келишга мажбур бўласиз-а?
Хизматчи. Умуман, ҳа. Лекин у яхши ишламайди. Нимасидир синган.
Гарсэн (тугмани босиб, қўнғироқни чалади.) Ишлаяпти?!
Хизматчи. Ишлаяпти! (Чалади). Бунга ишониб қолманг, узоққа чўзилмайди. Ҳамиша сизнинг хизматингиздамиз.
Гарсэн (кетмай туришини ишора қилади). Мен…
Хизматчи. Лаббай?
Гарсэн. Йўқ, ҳеч нарса. (Камин ёнига боради ва қоғоз кесадиган пичоқни олади). Бу нима?
Хизматчи. Кўриб турибсиз-ку.
Гарсэн. Бу ерда китоблар борми?
Хизматчи. Йўқ.
Гарсэн. Унда бу нега керак?

Хизматчи елка қисади.

Яхши. Бораверинг.

Хизматчи кетади.

Иккинчи кўриниш

Гарсэн ёлғиз.
Ҳайкалчага яқин келади ва уни силайди. Ўтиради, туради. Тугмани босади. Овоз йўқ. Икки-уч марта уриниб кўради. Ҳаммаси бекор. Эшикка яқин келади ва уни очишга уринади. Очилмайди. Чақиради.

Гарсэн. Хизматчи! Хизматчи!

Жавоб йўқ. Эшикни уриб Хизматчини чақиради. Бирдан ўзини қўлга олади ва аввалги жойига ўтиради. Шу вақт эшик очилади ва Хизматчи ҳамроҳлигида Инэс кириб келади.

Учинчи кўриниш

Гарсэн, Инэс, Хизматчи

Хизматчи (Гарсэнга). Сиз мени чақирдингизми?

Гарсэн жавоб беришга шайланади, аммо унинг нигоҳи Инэсга тушади.

Гарсэн. Йўқ.
Хизматчи (Инэсга ўгирилиб). Мана, ўз хонангиздасиз, хоним.

Инэс индамайди.

Агар саволларингиз бўлса…

Инэс яна ҳеч нарса демайди.

Хизматчи (ҳафсаласи пир бўлиб). Одатда мижозлар сўраб-суриштиришни ёқтирарди… Аммо, майли. Жаноб тиш чўткаси, қўнғироқ ва бронза ҳайкалча борасида мендан яхшироқ айтиб беролади.

Хизматчи кетади. Жимлик. Гарсэн Инэсга қарамайди. Инэс атрофни кўздан кечиради, сўнг бирдан Гарсэнга ўгирилади.

Инэс. Флоранс қани?

Гарсэн жавоб бермайди.

Мен сиздан сўраяпман, Флоранс қани?

Гарсэн. Мен ҳеч нарсани билмайман.
Инэс. Бошқа гапингиз йўқми? Индамай азоб берасизми? Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди-ку. Флоранс – жинни, унга ачиниб ўтирмайман.
Гарсэн. Кечирасиз, мени ким деб ўйлаяпсиз?
Инэс. Сизними? Сиз – жаллод.
Гарсэн (сесканиб кетади, сўнг ёлғондакам кулади). Тутуруқсизлик! Сиз ҳақиқатан мени жаллод санаяпсизми? Келдингиз, мени кўрдингиз ва ҳукм чиқардингиз: жаллод. Қандайин сафсата! Лаванг хизматчи бизни бир-биримизга таништириши керак эди. Жаллодмиш! Мен Жозеф Гарсэн, публицист ва ёзувчиман. Гап шундаки, бизни бир хонага қўйишди. Хоним…
Инэс (қуруққина). Инэс Серано. Ойимқиз.
Гарсэн. Ажойиб. Зўр. Майли-да, ишлар юришиб кетди. Сизнингча, мен жаллодга ўхшайман-а? Лутфан айтолмайсизми, қандай белгиларга кўра жаллодни аниқлайдилар?
Инэс. Улар кўринишдан қўрқаётганга ўхшайдилар.
Гарсэн. Қўрқаётганга? Қизиқ. Кимдан қўрқади улар? Ўз мақтуллариданми?

Сукут.

Инэс. Қандай? Нима деётганимни биламан. Ўзимни кўзгуда кўрдим.
Гарсэн. Кўзгуда? (Ўзини аланг-жаланг кўздан кечиради.) Чидаб бўлмайди: бу ерда кўзгуга ўхшаш ҳеч вақо йўқ. (Сукут). Ишонаверинг, ҳар қандай ҳолатда ҳам мен қўрқмайман. Ўзимдаги оғир ҳолатларни тўғри баҳолайман ва бунга жуда жиддий қарайман. Лекин барибир қўрқмайман.
Инэс (елка қисади). Бу сизнинг ишингиз. (Сукут). Бу ердан чиқиб бирпас айланиб келишга имкониятингиз борми?
Гарсэн. Эшик берк.

Сукут.

Инэс. Жуда чатоқ-ку.
Гарсэн. Яхши тушунаман, бу ердалигим сизга малол келаяпти. Мен ҳам вақтида ёлғиз қолишни афзал кўрардим: бир қарорга келиш ва ҳаётимни қандайдир йўлга солиш керакдек туюларди. Лекин, ишонаманки, биз бир-биримизга кўникиб қоламиз: мен камгап, босиқ ва вазмин одамман. Ижозатингиз билан яна айтмоқчиманки, ўзаро муносабатларда ғоят илтифотли бўлишимиз кераклигини ёдда сақласангиз. Бу ўзини сақлашда энг самарали усул бўлади.
Инэс. Мен илтифотсизман.

Сукут.

Гарсэн. Унда мен иккимиз учун ҳам илтифотли бўламан.

Жимлик. Гарсэн диванга чўкади. Инэс хона бўйлаб айланади.

Инэс (унга қараб). Сизнинг лабларингиз.
Гарсэн. Нима-нима?
Инэс. Лабларингизни қимирлатишдан тўхтайсизми? Улар пирилдоқдек учяпти.
Гарсэн. Узр сўрайман, эътибор бермаган эканман…
Инэс. Гап шунда.

Гарсэннинг лаб учиш касали авжига чиқади.

Яна! Сиз боадаб бўлмоқчи эдингиз, юзингизга мутлақо эътибор бермаяпсиз. Бу ерда ёлғиз эмассиз ва менга ўзингизнинг қўрқинчингизни юқтиролмайсиз.

Гарсэн ўрнидан туради ва унга яқин келади.

Гарсэн. Сиз қўрқмайсизми?
Инэс. Нега қўрқишим керак? Ўтган замонларда – ҳали умидимиз бор пайтда қўрқув бизга асқотган.
Гарсэн (мулойимлик билан). Ортиқ умид йўқ, аммо биз ҳамон ўтмишдамиз. Биз ҳали азоб чекишни бошламадик, ойимқиз.
Инэс. Биламан (Сукут). Хўш, энди нима бўлади? Яна ким келади?
Гарсэн. Билмадим. Кутаяпман.

Жимлик. Гарсэн яна ўтиради. Инэс юришда давом этади. Гарсэннинг лаблари тағин пирпирайди, кўзлари бўлса Инэсда, юзини қўллари билан тўсади. Хизматчи ва Эстель кириб келади.

Тўртинчи кўриниш

Инэс, Гарсэн, Эстель ва Хизматчи

Эстель бош кўтармай ўтирган Гарсэнга қарайди.

Эстель (Гарсэнга). Йўқ. Йўқ-йўқ, бошингни кўтарма. Мен биламан, қўлларинг билан нимани тўсаяпсан, биламан, энди сенда юз йўқ.

Гарсэн қўлларини туширади.

Оҳ (Сукут. Ҳайратланиб) Мен сизни билмайман.

Гарсэн. Мен жаллод эмасман, хоним.
Эстель. Сизни жаллод деб ўйламагандим ҳам. Мен… мен ўйлагандимки, кимдир мени калака қилмоқчи. (Хизматчига) Сиз нимани кутяпсиз!
Хизматчи. Бошқа ҳеч ким келмайди.
Эстель (енгил тортиб). Демак, бу ерда уч киши қоламиз: жаноб, хоним ва мен-а? (Кулади).
Гарсэн (қуруққина). Ҳеч кулгили нарса кўрмаяпман.
Эстель (кулишда давом этиб). Бу диванлар қанчалар кўримсиз. Қаранг-а, улар қандай жойлаштирилган, гўё ҳозир Янги йилу мен холажоним Марини кўргани келганман. Балки уларнинг ҳар бири бизлардан биримизга аталгандир? Мана буниси меникими? (Хизматчига) Лекин у менга тўғри келмайди, бу даҳшат: мен оч ҳаворангман, диван бўлса оч яшил.
Инэс. Алмашишни хоҳлайсизми?
Эстель. Тўқ қизилми? Жуда илтифотлисиз, лекин у ҳеч ҳам яхши эмас. Менга насиб қилгани шу яшил экан, майли, шундайлигича қолсин. (Сукут). Мана бу жанобга тегишлисигина менга тўғри келар экан.

Жимлик.

Инэс. Эшитяпсизми, Гарсэн?
Гарсэн (чўчиб тушади). Диван? О, узр. (Туради). Марҳамат қилинг, хоним.
Эстель. Миннатдорман. (Пальтосини ечади ва диванга чўкади. Сукут). Танишайлик, барибир бирга яшашга тўғри келади. Исмим Эстель Риго.

Гарсэн таъзим қилади ва исмини айтишга шайланади, аммо Инэс ундан аввалроқ улгуради.

Инэс. Инэс Серано. Ғоят шодман.

Гарсэн қайта таъзим қилади.

Гарсэн. Жозеф Гарсэн.
Хизматчи. Сизга керакманми?
Эстель. Йўқ, бўшсиз. Сизни ўзим чақираман.

Хизматчи таъзим қилади ва кетади.

Бешинчи кўриниш

Инэс, Гарсэн, Эстель

Инэс. Сиз қанчалар гўзалсиз. Афсус, қўлимда гуллар йўқ, танишувимиз рамзи, сизни қутлаб тақдим қилган бўлардим.
Эстэль. Гуллар? Ҳа, гулларни жуда ёқтираман. Аммо улар бу ерда сўлиб қолармиди – ҳаддан ташқари иссиқ. Энг муҳими яхши кайфиятни сақлай олиш керак, тўғрими? Сиз қачон?..
Инэс. Мен? Ўтган ҳафтада. Ўзингиз-чи?
Эстель. Ўзим? Кеча. Маросим ҳали якунланмади. (Ниманидир тавсифлагандек бир хил оҳангда гапиради). Шамол юзимдаги тўрни ҳилпиратяпти! Синглимнинг тўри ҳам ҳилпирайди. У бор кучи билан йиғлашга уринаяпти. Қани, қани яна бир уриниб кўр. Ниҳоят икки томчи кўз ёши тўр остида ялтираяпти. Бугун Ольга Жардэнинг кўриниши у қадар эмас. У опасини суяб қўлидан тутиб турибди. Кўзларидаги бўёқ чапланмаслиги учун йиғламаяпти, мен унинг ўрнида бўлсам… Энг яқин дугонам эди.
Инэс. Кўп азоб чекдингизми?
Эстель. Йўқ. Тез ўтиб кетди, жуда чарчадим.
Инэс. Нимадан?..
Эстель. Зотилжамдан. Мана, ҳаммаси тамом бўлди, улар кетишяпти. Кўришгунча, кўришгунча. Қанча қўл сиқишлар. Эрим ранж-аламдан касалланди, уйда қолди. (Инэсга) Сиз ўзингиз нимадан?..
Инэс. Газдан.
Эстель. Сиз-чи, жаноб?
Гарсэн. Ўн иккита ўқдан. (Эстелга ишора қилиб) Кечирасиз, номусли ўликлар жамоасига тўғри келмайман.
Эстель. О, жаноб, бу даҳшатли сўзга чап берсангиз бўлмасмиди. У… у асабга тегади. Умуман, у нима маъно англатади? Балки ҳеч қачон ўзимизни бу қадар тирик ҳис этмагандирмиз. Агар буни қандайдир номлаш шунчалар зарур бўлса… бу ҳолатни, бизни “мавжуд бўлмаганлар” деб аташни таклиф қиламан. Бу майинроқ эшитилади. Қачондан бери мавжуд эмассиз?
Гарсэн. Тахминан бир ой.
Эстель. Қаердансиз?
Гарсэн. Риодан.
Эстель. Мен Париждан. У ерда яқинларингиздан кимдир қолганми?
Гарсэн. Хотиним. (Эстель сўзлаган оҳангда гапиради). У ҳар доимгидек казармага келди; уни қўйишмади. У сим тўр орасидан туйнукдан қараяпти. У ҳали менинг энди мавжуд эмаслигимни билмаса-да, лекин пайқаб турибди. Кейин кетади. У қора кийимга бурканган. Унга кийимини алмаштиришнинг ҳожати ҳам йўқ. У йиғламайди: у ҳеч қачон йиғламаган. Қуёш эркаланиб нур таратади, у эса ёлғиз, қора либосда, кимсасиз кўчада, унинг нигоҳлари – қурбоннинг нигоҳлари. Эҳ, у менинг қанчалар ғазабимни қўзғайди!

Жимлик. Гарсэн ўрталикдаги диванга чўкади ва юзини қўллари билан беркитади.

Инэс. Эстель!
Эстель. Жаноб Гарсэн!
Гарсэн. Нима дейсиз?
Эстель. Сиз менинг диванимга ўтириб олдингиз.
Гарсэн. Кечирасиз. (Туради).
Эстель. Юзингиздан ҳеч нарсани уқиб бўлмайди.
Гарсэн. Мен ўз ҳаётимни изга солаяпман.

Инэс кулади.

Кулаётган кимса мендан ибрат олса бўлармиди.

Инэс. Менинг ҳаётим саранжом. Бутунлай саранжом. Ўша ердаёқ у ўзини тартибга солди, у билан алоҳида шуғулланишимга ҳожат йўқ.
Гарсэн. Чиндан-а? Шугина холос, а? (Пешонасини силайди). Ёнди-ку! Рухсатингиз билан. (Пиджагини еча бошлайди).
Эстель. Ундай қилманг! (Мулойимлик билан) Йўқ. Пиджаксиз эркак кишини хушламайман.
Гарсэн (пиджагини қайта кияди). Хўп. (Сукут). Мен кўпинча тунда таҳририятда қолардим. У ер доим жаҳаннамдек ёнарди. (Сукут. Яна эслайди). Бу ер нақ дўзах. Ҳозир тунми?
Эстель. Ҳа, қоронғи тушиб қолди. Ольга ечиняпти. Заминда вақт қанчалар тез илдамлайди.
Инэс. Ҳозир тун. Улар менинг хонамни қулфлаб, муҳрлаб қўйишди. Қоронғилик қўйнидаги бўм-бўш хона.
Гарсэн. Улар пиджакларини стол суянчиғига илиб қўйдилар ва кўйлаклари енгини тирсакдан юқори қайириб олдилар. Одамлар ва сигара ҳиди ёйиляпти. (Жимлик). Менга пиджаксиз эркаклар орасида бўлиш ёқарди.
Эстель (қуруққина). Демак, бизнинг дидларимиз турлича. (Инэсга) Сизга пиджаксиз эркаклар ёқадими?
Инэс. Пиджакдами ёки йўқ, мен умуман эркакларга тоқат қилолмайман.
Эстель (иккисига ҳам ҳайратланиб қарайди). Лекин нега, нега бизни бирга жойлаштиришди?
Инэс (ғазаби қайнаб). Нима демоқчисиз?
Эстель. Иккингизга қараб бирга яшашимиз ҳақида ўйлаяпман. Мен бу ерда дўстларим ва қариндошларимни кўрсам керак, деб ўйловдим.
Инэс. Ёқимтой дўст – аҳмоқ дўст.
Эстель. Ҳа, ёқимтой дўстни ҳам. У моҳир раққослардек тангога ўйин тушади. Аммо нега бизни бирга йиғишди?
Гарсэн. Бу тасодиф. Улар келган одамларни қаерга тўғри келса ўша ерга жойлаштиради. (Инэсга) Сиз нега куласиз?
Инэс. Сизнинг тасодиф ҳақидаги мулоҳазангиз кулгили эшитилди. Наҳот сизга буларнинг ҳаммасига ишониш шунчалар зарур бўлса? Улар ҳеч қандай тасодифга йўл бермайди.
Эстель (ҳадик билан). Балки биз аввал кўришгандирмиз-а?
Инэс. Йўқ, ҳеч ҳам. Сизни эслаб қолган бўлар эдим.
Эстель. Ёки бизнинг умумий танишларимиз бордир? Дюбуа-Сеймурларни танийсизми?
Инэс. Йўқ, шекилли.
Эстель. Уларга кўп одамлар боришади.
Инэс. Улар нима билан шуғулланишади?
Эстель (ажабланиб). Ҳеч нима билан. Уларнинг Коррезеда қасрлари бор ва…
Инэс. Мен почтада ишлаганман.
Эстель (бироз тисарилиб). Ростданми? (Сукут). Сиз-чи, жаноб Гарсэн?
Гарсэн. Мен ҳеч қачон Риодан ташқарига чиқмаганман.
Эстель. Унда сиз ҳақсиз – бизни тасодиф учраштирган.
Инэс. Тасодиф? Унда мана бу ердаги мебель ҳам тасодиф экан-да. Тасодифан ўнг томондагиси оч яшил, чапдагиси тўқ қизил. Тасодиф, шундайми? Унда уларнинг ўрнини алмаштириб кўринг, нимадир ўзгарармикан, кейин кўрамиз. Бронза ҳайкалча-чи – бу ҳам тасодифми? Иссиқ-чи? Мана бу ҳарорат?! (Жимлик). Ишонинг, ҳаммаси атай уюштирилган. Майда-чуйдаларгача ҳаммаси, жуда пухталик билан. Бу хона бизни кутган.
Эстель. Қандай бундай бўлиши мумкин? Бу ерда ҳаммаси қўпол, дағал ва бесўнақай. Мен бесўнақай нарсаларни жуда ёмон кўрардим.
Инэс (елка қисади). Мен II Империя усулидаги меҳмонхонада яшаганмиканман-а, нима дейсиз?

Сукут.

Эстель. Ҳаммаси ҳисобга олинган экан-да?
Инэс. Ҳаммаси. Ва биз атай танланганмиз.
Эстель. Сизлар билан биргалигим тасодиф эмасми? (Сукут). Улар нимани кутишяпти?
Инэс. Нималигини билмадим, аммо нимадир кутишяпти.
Эстель. Мендан нимадир кутишларига тоқатим йўқ. Менда ўша заҳоти ҳаммасини тескари олишга иштиёқ уйғонади.
Инэс. Бўпти, тескари олинг! Нима бўлди? Сиз ҳатто улар нима хоҳлаётганини ҳам билмайсиз.
Эстель (депсиниб). Бунга чидаб бўлмайди! Бу “нимадир”ни сиздан кутишга мажбурманми? (Уларга қарайди). Сизнинг ҳар бирингиздан. Бир вақтлар юздан ҳаммасини уқиб олардим. Сизнинг юзингиздан бўлса ҳеч нарса уқиб бўлмаяпти.
Гарсэн (бирданига Инэсга ўгирилиб). Хўш, нега биз биргамиз? Жуда кўп гапирдингиз, чўзиб юборяпсиз.
Инэс (ҳайратланиб). Мен мутлақо ҳеч нарса билмайман.
Гарсэн. Билиш керак. (Ўйланиб қолади).
Инэс. Бизда айтиб беришга юрак бўлганида эди…
Гарсэн. Нима?
Инэс. Эстель!
Эстель. Ҳа, нима?
Инэс. Нима қилгандингиз? Сизни нега бу ерга жўнатишди?
Эстель (жонланиб). Ахир, мен билмайман, ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Истисносиз бу хато. (Инэсга) Кулманг. Ўйлаб кўрсангиз-чи, бир кунда қанчалаб одамлар… йўқликка кетади. Улар минг-минг бўлиб бу ерга келишади ва фақат ҳеч қандай маълумоти йўқ мансабдорлару уларнинг қўл остидагилар билан иш кўришади. Хатолардан қандай сақаниш керак! Кулманг! (Гарсэнга) Нимадир десангиз-чи. Агар улар менинг масаламда хато қилишган бўлса, сизнинг борангизда ҳам адашган. (Инэсга) Сизга нисбатан ҳам. Биз бу ерга адашиб тушиб қолганмиз, деб ўйласак яхшироқ эмасми?
Инэс. Айтмоқчи бўлганларингизнинг ҳаммаси шуми?
Эстель. Сизга яна нима керак? Яширадиган сирим йўқ. Мен бечора етимча бўлганман, укамга қараганман. Отамнинг қари ошнаси мени олмоқчи бўлди. У бой, саховатли эди, мен рози бўлганман. Ўрнимда бўлганингизда нима қилар эдингиз? Укам касал ва унга доимий парвариш керак эди. Эрим билан олти йил бирга яшадим, бирор марта жанжаллашмадим. Икки йил аввал севишим керак бўлган одамни учратдим. Бир қарашдаёқ бир-биримизни танидик. У ўзи билан бирга кетишимни хоҳлади, аммо мен рад этдим. Шундан сўнг зотилжамга йўлиқдим. Бор гап шу. Балки чолни деб ўз ёшлигимни қурбон қилганимни қандайдир тарзда таъна қилишар. (Гарсэнга) Сиз буни хато санайсизми?
Гарсэн. Йўқ, албатта. (Сукут). Ўз ақидангизга кўра яшаш, сизнинг-ча, хато саналадими?
Эстель. Бизни ким бунинг учун маломат қила олади?
Гарсэн. Мен пацифистик журнал чиқарар эдим. Уруш бошланиб қолди. Нима қилиш керак? Ҳамма мендан ҳаракат кутар эди. “Унинг юраги дов берармикан?” Менинг юрагим дов берди. Қўлимни кўксимга қовуштирдим ва мени отиб ташлашди. Нимаси хато? Ахир, нимаси хато?
Эстель (унинг елкасига қўлини қўйиб). Бу ерда ҳеч қанақа хато бўлмаган. Сиз…
Инэс (яна истеҳзо билан). …қаҳрамон. Хотинингиз-чи, Гарсэн?
Гарсэн. Хотиним? Мен уни сойдан тортиб олдим.
Эстель (Инэсга). Буни қаранг-а!
Инэс. Кўраяпман. (Сукут). Сиз кимни лақиллатмоқчисиз? Бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзимизникилар.
Эстель (кибр билан). Ўзимизникилар?
Инэс. Ҳа, биз ҳаммамиз қотиллармиз. Биз жаҳаннамдамиз, қизалоқ, бу ерда ҳеч қандай хато бўлмайди ва одамлар бекорга азоб чекишга маҳкум этилмайди.
Эстель. Жим бўлинг.
Инэс. Дўзахда! Лаънат, минг лаънат!
Эстель. Жим бўлинг. Жим бўлоласизми? Қарғаманг.
Инэс. Лаънатланган жажжи риёкор. Лаънат, бенуқсон қаҳрамон. Ҳаётимизда бахтли лаҳзалар бўлган, шундай эмасми? Одамлар бизни деб, бизнинг ўлимимизга қадар азоб чеккан ва бу бизга хуш ёққан. Ҳозир бўлса жазони тортиш керак.
Гарсэн (ўқрайиб). Жим бўлинг деяпман!
Инэс (чуқур ҳайрат билан, аммо қўрқмасдан унга қарайди). Хеҳ! (Сукут). Шошмай туринг! Мен тушундим, энди билаяпман нега бизни бир ерга тўплашди.
Гарсэн. Гапиришдан олдин ўйлаб кўринг.
Инэс. Қаранг-а, қанчалар осон. Осон, икки карра иккидек. Жисмоний зўриқишлар йўғу, барибир ҳам дўзахдамиз. Ва энди ҳеч зоғ келмайди. Ҳеч ким. Биз доимий шу ерда қоламиз, ҳаммамиз бирга, ёлғиз. Хўш? Бу ерда фақатгина жаллод етишмаяпти.
Гарсэн (пичирлаб). Ҳа, бу шундай.
Инэс. Улар шунчаки хизмат кўрсатиш кучларини тежаяпти. Бори шу. Худди ўз-ўзига хизмат кўрсатиш емакхоналаридагидек – мижозлар ҳаммасини ўзлари учун ҳозирлайдилар.
Эстель. Нимани назарда тутаяпсиз?
Инэс. Бизнинг ҳар биримиз бошқамиз учун жаллод вазифасини ўтаймиз. (Сукут. Ҳамма ўйланиб қолади).
Гарсэн (кўнгилчанлик билан). Сизлар учун жаллод бўлишни истамайман. Аҳмоқона ниманидир сизларга раво кўрмайман ва менинг сиз билан ишим йўқ. Ҳаммаси жуда оддий. Келинг, келишамиз: ҳар биримизнинг ўз бурчагимиз бўлсин. Сиз бу ерда, сиз бўлса у ерда, мен ана у ерда. Жим бўламиз: оғзимиздан сўз чиқмайди, маъқулми? Бу у қадар қийин эмас. Ҳар биримизнинг ўз фикримиз бор. Менга келсак, ўн минг йил ҳам гапирмай юроламан.
Эстель. Мен жим бўлишим керакми?
Гарсэн. Ҳа. Шунда биз халос бўламиз. Сўзламаймиз, ичимизга ғарқ бўламиз, бошимизни кўтармаймиз. Келишдикми?
Инэс. Келишдик.
Эстель (ишончсизлик билан). Келишдик…
Гарсэн. Унда, хайр.

Гарсэн ўз диванига чўкади ва юзини қўллари билан тўсади.
Жимлик.
Инэс оҳиста куйлайди:

Инэс. Блан-Марто тор кўчасида
О кимдир яширар пақирга овоз,
Мустаҳкам ясалди жаллод супаси – бу нима?
Блан-Марто тор кўчасида
Шай турар кунда.
Блан-Марто тор кўчасида
Жаллод енгил уйғонар тонгда.
Ишга ботган бўғзига қадар –
Ҳеч кимсага шафқат йўқ унда.
Уни йиқар, буни ўлдирар,
Блан-Марто тор кўчасида.
Блан-Марто тор кўчасида
Чиқишади хонимчалар – “комильфо”
Безакларда ва манто,
Ҳеч ким тушуна олмас,
Нима бўлди дафъатан:
Калла ботар қуйига
Блан-Марто сойи тубига.

Инэс куйлашда давом этади, Эстель юзига упа суртади, лабини бўяйди. Тоқатсизлик билан аланглайди, кўзгу излайди. Сумкачасини ковлайди, сўнг Гарсэнга ўгирилади.

Эстель. Жаноб, сизда кўзгу борми?
Гарсэн жавоб бермайди.

Ҳеч бўлмаса чўнтак ойнача?

Гарсэн жим.

Мени ёлғиз қўймоқчи экансиз, ҳеч бўлмаса кўзгу топиб беринг менга.

Гарсэн умуман жавоб бермайди.

Инэс (раъйи келиб). Менинг сумкамда ойнача бор. (Сумкасини титади. Алам билан) Ойнача энди йўқ. Идорада олиб қўйишибди.
Эстель. Булар ҳаммаси шу қадар жонимга тегдики!

Сукут. У кўзларини юмади ва тебранади. Инэс унинг ёнига чопиб келади-да, тутиб туради.

Инэс. Нима бўлди?
Эстель (кўзларини очади ва илжаяди). Ғалати сезги. (Ўзини пайпаслаб кўради). Сизда бундай бўлмаяптими? Ўзингни ушлаб кўрасан, аммо беҳуда: гўё йўқдайсан.
Инэс. Ишингиз ўнг келди. Мен доимо ич-ичимдан сезаман.
Эстель. Ҳа, сизнинг ичкўзингиз… Аммо бу мужмал ва тушунарсиз. (Сукут). Ётоғимда олтита кўзгу бор. Мен уларга қарайман, термиламан уларга. Лекин мен уларда кўринмайман. Уларда тўшак, гилам, ойна акс этади… Кўзгу худди бўм-бўшдек, гўё сен йўқдек. Ким биландир суҳбатлашган вақтимда, мен улардан бирига қараб ўтираман. Сўзлашаман, кўраманки, гўё ўзим сўзлашаяпман. Мен ўзимни ёт нигоҳларда кўраман, бу мен учун бир эрмак. (Умидсизлик билан) Менинг лаб бўёғим! Турган гап, қийшиқ бўялган. Бутун умр кўзгусиз ўтиб кетсам-а, қандай чидайман!
Инэс. Хоҳласангиз, сизга кўзгу бўламан. Сизга ўзимни таклиф этаман. Менинг диванимга ўтиринг.
Эстель (Гарсэнни кўрсатиб). Бироқ… Инэс. Келинг, унинг эътиборини тортмайлик. Бизга ёмон бўлиши мумкин – буни сиз ўзингиз айтгансиз.
Инэс. Наҳот сизга ёмонлик тиласам?
Эстель. Ким билади дейсиз…
Инэс. Бу сенинг менга ёмонлик тилаётганинг. Майли-да. Магарки барибир қўрқиш керак экан, сен сабабчи бўла қол. Ўтир. Яқинроқ. Янада яқинроқ. Кўзларимга қара: ўзингни кўраяпсанми?
Эстель. Мен жуда кичкинаман. Ўзимни аранг кўраяпман.
Инэс. Сени мен кўраяпман. Бор бўй-бастинг билан. Менга саволлар бер. Мен энг тўғри кўзгу бўламан.

Эстель хижолат тортиб, кўмак сўраётгандек Гарсэнга ўгирилади.

Эстель. Жаноб! Бемаънилигимиз билан сизга халақит бермаяпмизми?

Гарсэн жавоб бермайди.

Инэс. Уни ўз ҳолига қўй. Тасаввур қилки, у энди йўқ, биз ёлғизмиз. Сўрайвер.
Эстель. Лабларимни тўғри бўяпманми?
Инэс. Шошма… Унча бўлмайди.
Эстель. Ўзим ҳам билувдим. Шукрки, мени ҳеч ким… (Гарсэнга нигоҳ ташлайди). …ҳеч ким кўрмади. Қайтадан бўяйман.
Инэс. Энди яхши. Йўқ. Лабларингнинг чизиғи бўйлаб чизгин. Менга қарагин. Шундай, шундай. Тўппа-тўғри.
Эстель. Кириб келган пайтимдан кўра яхшими?
Инэс. Тузук: ёрқин ва дағал. Дўзахий дудоқлар ҳосил бўлди.
Эстель. Ҳимм! Менга ярашдими? Афсус, ўзим кўролмайман-да. Менга сўз беринг: улар чиройли, денг.
Инэс. Сенлашиб гаплашайлик, майлими?
Эстель. Чиройли, деб сўз бер менга.
Инэс. Сен гўзалсан.
Эстель. Сизда дид борми? Дидингиз худди меникидекми? Ҳаммаси қандай аҳмоқона…
Инэс. Сенинг таъбинг қандай бўлса, меники ҳам шундай, чунки менга ёқасан. Менга яхшироқ қарагин. Табассум қил. Мен ҳам хунук эмасдирман. Кўзгудан кўра мен яхшироқ эмасманми?
Эстель. Мен аёлни сенлаб гапиролмайман.
Инэс. Назаримда, айниқса, почта хизматчисини. Юзингдаги нима? Қанақадир қизил доғми?
Эстель. Қизил доғ? Даҳшат! Қаерида?
Инэс. А-ҳа! Мен тўрғайлар учун кўзгуман: менинг миттигина тўрғайгинам, мен сени тутиб олдим! Ҳеч бир қизил доғ йўқ. Заррача ҳам. Кўзгу ёлғон кўрсатса-чи? Ёки мен кўзларимни юмсаму сени кўрсатишдан бош тортсам, сен ўз гўзаллигинг билан машғул бўлармидинг? Қўрқма: мен сенга кенг очиқ кўзларим билан қарашим керак бўлади. Яна мен ниҳоятда итоаткор бўламан. Сенласанг ҳам майли.
Сукут.
Эстель. Сенга ёқаманми?
Инэс. Жуда!
Сукут.

Эстель (Гарсэн томонга имлаб). У ҳам менга қарашини хоҳлайман.
Инэс. Ҳа, албатта, эркак ахир у. (Гарсэнга) Сиз ютдингиз.

Гарсэн индамайди.

Унга қараб қўйинг, ахир.

Гарсэн жим.

Аҳмоқлик қилманг: сиз айтилган сўзларнинг барини эшитдингиз.

Гарсэн (бошини қўққисдан кўтаради). Ҳа-да, бирорта сўзни ҳам қолдирмадим: қулоқларимни беҳудага тамбалаб ўтирган эканман, бекорчи нағмаларингиз менинг миямга ўрнашиб олди. Тинч қўйинг, ахир. Сиз билан нима ишим бор!
Инэс. Нозанинлар билан ишингиз йўқми? Сиз устомон экансиз: унинг эътиборини қозониш учун ўзингизни атай катта тутаяпсиз.
Гарсэн. Мен сиздан ўз ҳолимга қўйишингизни сўраган эдим-ку. Таҳририятда мен ҳақимда гапиришаяпти, эшитишни хоҳлайман. Сизнинг чиройли ойимчангиз мени мисқолча қизиқтирмайди.
Эстель. Раҳмат.
Гарсэн. Сизни ранжитмоқчи эмасдим…
Эстель. Беадаб!

Сукут. Улар бир-бирларига юзма-юз туриб қолади.

Гарсэн. Буни қаранг-а! (Сукут). Сиздан овозингизни ўчиришингизни сўрагандим.
Эстель. Буни у бошлади. Мен ундан ҳеч нарса сўрамагандим, аммо у ўз кўзгуси билан менга ёпишиб олди.
Инэс. Ҳа, сен ҳеч нарса сўрамадинг. У сенга қарасин деб тиркалиб, қийшангладинг, холос.
Эстель. Нима бўпти?
Гарсэн. Ақлингизни йўқотдингизми? Бунақада, худо билади, оғзимиздан нималар чиқмайди. Овозингизни ўчирсангиз-чи. (Сукут). Келинг, хотиржам ўтириб олайлик, кўзларимизни юмайлик ва бошқа барини унутишга уринайлик.

Сукут. У ўтиради. Қолганлар иккиланганча ўз ўринлари томон юради. Инэс қўққисдан ўгирилади.

Инэс. Унутиш?! Қандай калтафаҳмлик! Сизни ўзимда сезиб турибман. Сизнинг сукутингиз қичқириқдек менинг қулоқларимни емираяпти. Оғзингизни юмишингиз мумкин, тилингизни ютиб юборишингиз мумкин, лекин у сизнинг яшашингизга тўсиқ бўлоладими? Фикрингизга тўсиқ қўёласизми? Мен уни эшитаяпман, у қўнғироқ соатдек жиринглаб турибди ва мен биламанки, сиз меникини эшитиб турибсиз. Ўз диванингизда қотиб ўтиришингиз беҳуда, сиз – шу ердасиз, ҳатто ивирсиқ сасларингиз менга урилиб турибди, чунки сиз уларни эшитаяпсиз. Ҳатто менинг юзимни мендан ўғирладингиз, уни кўраяпсиз, мен эса йўқ. У-чи? Уни ҳам мендан ўғирлаб олдингиз: агар биз ёлғиз бўлганимизда эди, у менга эътиборли бўлишга журъат топармиди? Аммо энди йўқ! Юзингиздан қўлингизни олинг, ўз ҳолингизга қўймайман сира, орзу ҳам қилманг. Сиз шу ерда ҳиссиз, ўзингизга кўмилиб қолаверасиз, гўё Буддадек, мен бўлса юмуқ кўзларга қарамайман, мен ҳис қиламанки, у сезилар-сезилмас сасларингизга эътибор бераяпти, ҳатто кийимингиз шитир-шитирига ва табассумини сизга йўллаяпти, уларки сиз кўрмаётган… Аммо энди йўқ! Мен ҳеч тортинмай ўзимга ўз дўзахимни танлайман: сизга кўзларимни катта очиб қарайман ва очиқчасига курашаман.
Гарсэн. Яхши. Охири шунга келамиз, деб ўйловдим. Улар бизни болалардек лақиллатишди. Агар мени эркаклар билан жойлаштиришганда эди… эркаклар жим ўтиришни эплай олади. Аммо нега бунчалар кўп талаб қилишади? (Эстелнинг ёнига боради ва иягидан оғриқли тутади). Хўш, нозигим, сенга ёқаманми? Гапир, менга кўзларингни тикканмидинг?
Эстель. Менга қўл теккизманг.
Гарсэн. Вой-бў! Ҳаммасини ўз ўрнига қўямиз. Биласан, мен аёлларни жуда ёқтираман. Ва улар ҳам мени деб ўлиб қолади. Қарасанг-чи, бизни ахир ҳеч нарса энди ажратолмайди. Расм-русум, таомил нега керак? Такаллуф нимага керак? Бу ердагиларнинг ҳаммаси ўзингники. Тез орада биз ғумбаклардек яланғоч қоламиз.
Эстель. Қўйиб юборинг мени.
Гарсэн. Ғумбаклардек. Мен сизни огоҳлантиргандим. Мен сиздан тинчлик ва сукунатдан бўлак ҳеч нарса, ҳеч вақо сўрамадим. Қулоқларимни беркитдим. Гомес таҳририятда ўртада тик туриб олиб гапирди, менинг барча журналист ошналарим эшитишди. Улар пиджаксиз эдилар. Мен улар нима ҳақида гапирганини аниқламоқчи бўлдим, бу шунчаки иш эмас: заминдаги ҳодисалар шиддат билан содир бўлмоқда. Сиз тинч ўтиролмадингиз-а? Энди ҳаммаси тугади, у бошқа гапирмайди: мен ҳақимда нима ўйлаган бўлса, ўзи билан олиб кетди. Мана шундай, биз охиригача боришимиз зарур. Яланғоч, худди ғумбаклардек: ким билан бирга бўлишни билишни хоҳлардим.
Инэс. Сиз буни биласиз, Гарсэн. Эндиликда биласиз.
Гарсэн. Бирортамиз нима учун ҳукм этилганимизга иқрор бўлмагунимизча, ҳеч нарсани била олмаймиз. Сарғиш сочли хонимлардан бошлаймиз. Нима қилгансан? Бизга айт, нега; сенинг самимиятинг фалокатингни аритиши мумкин. Қани, бошла!

Эстель. Сизга айтаяпман-ку, мен ҳеч нарса билмайман. Улар менга изоҳ беришни хоҳлашмади.
Гарсэн. Тушунарли. Улар менга ҳам жавоб беришни хоҳламадилар. Аммо мен ўзимни биламан. Сен биринчи бўлиб гапиришдан қўрқаяпсан-а? Яхши. Мен бошлайман. (Сукут.) Мен бу қадар итоаткор эмас эдим.
Инэс. Бари равшан. Биз биламиз, сиз қочгансиз.
Гарсэн. Гап бунда эмас. Буни унутинг. Мен хотинимга азоб берганим учун бу ердаман. Бори шу. Беш йил мобайнида. Рост, у ҳалиям қийналиб юради. У кўз ўнгимда: у ҳақда гапирсам, уни кўриб тураман. Мени Гомес қизиқтираяпти, хаёлимда эса хотиним. Гомес қаерда? Роппа-роса беш йил. Буни қаранг-а, улар хотинимга менинг нарсаларимни қайтаришди; у пиджагимни тиззаларига қўйиб, дераза ёнида ўтирибди. Ўн иккита тешиги бор пиджак. Зангга ўхшаш қон доғлари. Тешиклар ўрни сарғайиб кетган. Эҳ! Бу музей экспонати, тарихий пиджак. Мен уни кийиб юрардим! У йиғлармикин? Сен йиғлайсан! Мен чўчқадек ғирт маст ҳолатда келардим, мендан май ва аёлларнинг ҳиди бурқсирди. У мени тун бўйи кутарди; у йиғламасди. Бир оғизгина гап ҳам қилмасди. Фақат кўзлари. Унинг катта-катта кўзлари. Мен ҳеч нарсага ачинмайман. У ёқда қор ёғаяпти. Йиғламайсанми энди? Бундай аёлнинг қисмати азоб чекиш бўлади.
Инэс (юмшоқроқ оҳангда). Сиз нега уни азобга ташладингиз?
Гарсэн. Шунчаки бу осон эди. У дилгир ҳолатда юрарди, биргина сўз кифоя эди, дарров кайфияти ўзгарарди-қоларди. Ҳеч қачон гина-таъна қилмасди. Мен ўтакетган гажир, асов одамман. Мен кутдим, кўп кутдим. На кўз ёш, на гина кўрдим. Мен уни сойдан тортиб чиқариб олдим, тушун­япсизми? У пиджакка қарамайди, қўли билан пайпаслаб йиртиқларни топади. Нимани кутаяпсан? Илинжинг нимадан? Ҳеч нарсага ачинмайман, деяпман сенга. Биласизми, у менга ҳаддан ортиқ мафтун эди. Бу сизга, албатта, тушунарлидир?
Инэс. Йўқ. Менга мафтун бўлишмаган.
Гарсэн. Яна ҳам яхши. Сиз учун жуда яхши. Буларнинг бари сизга жуда мавҳум туюлса керак. Сизга қизиқ бир воқеани сўзлаб берай: мен ўзимникига битта мулат аёлни кўчириб келдим. Тун бўйи тиним йўқ! Хотиним биринчи қаватда ухларди, шовқинимизни эшитарди, эҳтимол. У биринчи бўлиб уйғонарди – биз бўлсак тонггача ирғишлаб ётардик – у бизнинг ётоққа нонушта келтирарди.
Инэс. Ифлос!
Гарсэн. Ҳа-да, ифлос, аммо севимли. (четга олиб.) Йўқ. Бу Гомес, аммо унинг гапи мен ҳақимда эмас. Сиз “ифлос” дедингиз. Жин урсин, агар бошқача бўлса, бу ерда нима қилардим? Сиз-чи?
Инэс. Мен-ку қарғиш теккан аёл эдим. Ўша маҳалдаёқ қарғишга қолгандим, ҳа, билиб қўйинг. Шунинг учун унчалик ҳайрон бўлганим йўқ.
Гарсэн. Бори шуми?
Инэс. Йўқ, албатта, яна Флоранс билан боғлиқ ўша кечмиш. Аммо бу тарих мурдалар ҳақида. Учта мурда ҳақида. Аввало у, кейин у билан биз. Ўшандан кейин у ерда ҳеч ким қолмади, мен хотиржам тортдим – шундоқ ёлғиз хона. Мен уни баъзида кўраман. Дераза-эшиклари беркитилган бўш хона. Э-э! Ниҳоят улар муҳрларни олиб ташлашди. Ижарага берилади… Уни ижарага қўйишган. Эшикда эълон ёпиштирилган. Бу… кулгили.
Гарсэн. Учта? Сиз учта дедингизми?
Инэс. Учта.
Гарсэн. Эркак ва иккита аёлми?
Инэс. Ҳа.
Гарсэн. Буни қаранг-а! (сукут). У киши ўзини ўлдирдими?
Инэс. У киши? У бунга қодир эмасди. Бунда айби йўқ, у азоб чеккан. Йўқ, у трамвай остида қолган. Майнавозчиликни қаранг-а! Мен улар билан яшадим, у менинг амакиваччам эди.
Гарсэн. Флоранс оқ-сариқ сочлимиди?
Инэс. Оқ-сариқ сочли? (Эстель томонга қарайди.) Биласизми, мен сира ачинмайман, бу ҳақда гапиришни хоҳламайман, бунинг ёқадиган жойи йўқ.
Гарсэн. Кейин, кейин-чи! У жонингизга тегиб кетмадими?
Инэс. Ҳа, аста-секин. Бир ундоқ, бир бундоқ… Масалан, у хўриллатиб ичарди – стаканга пиш-пиш нафаси уриларди. Ҳар хил майда-чуйдалар. Тегма нозик бахтсиз бир одам. Сиз нега кулаяпсиз?
Гарсэн. Чунки мени жин урмайди.
Инэс. Кўрамиз. Мен қизни аврадим: унга менинг кўзларим билан қарайдиган бўлди. Ва охир-оқибат менинг қўлларимда қолиб кетди. Биз шаҳарнинг бир чеккасидан ижарага жой олдик.
Гарсэн. Кейин нима бўлди?
Инэс. Кейин мана бу трамвай… Мен доим унинг миясига қуярдим: ҳа, мана шунақа, жонгинам, биз уни ўлдирдик-қўйдик. (жимлик.) Мен ёвузман.
Гарсэн. Ҳа. Мен ҳам.
Инэс. Йўқ-йўқ. Сиз ёвуз эмассиз. Бу бутунлай бошқа нарса.
Гарсэн. Айнан нима?
Инэс. Буни сизга кейин айтаман. Мана мен ёвузман: мен учун бошқаларнинг азобли ҳаёти даркор. Машъала. Юрак машъаласи. Қачонки ёлғиз қолсам, мен тугаб битаман. Олти ой мен унинг юрагини куйдирдим: мен у ерда ҳаммасини ўтга ташладим. Бир кеча қиз ўрнидан турди ва газни очди, бундай бўлар деб хаёлимга келтирмагандим. Кейин у яна ёнимга келиб ётди. Бор гап шу.
Гарсэн. Ҳимм!
Инэс. Нима?
Гарсэн. Ҳеч нима. Палид бир иш.
Инэс. Палидми, нима бўпти?
Гарсэн. Ҳа, сиз ҳақсиз. (Эстелга.) Сенинг навбатинг. Сен нима қилиб қўйгандинг?
Эстель. Ахир айтдим-ку, ҳеч нарсадан хабарим йўқ.
Гарсэн. Хўп, биз сенга ёрдам берамиз. Башараси абжақ бўлган кимса ким?
Эстель. Қанақа абжақ?
Инэс. Сен ўзинг биласан. Бу ерга келганингда учраб қолишидан қўрққанинг ўша одам.
Эстель. Бир танишим.
Инэс. Нега ундан қўрқасан?
Эстель. Мени сўроқ қилишга ҳеч қандай ҳаққингиз йўқ.
Инэс. У сен сабаб ўзини ўлдирдими?
Эстель. Йўқ, сиз ақлдан озибсиз!
Гарсэн. Нега ундан қўрқасан бўлмаса? У, нима, ўзини пешонасидан отдими? Шунинг учун унда бош бўлмаслиги керакми?
Эстел. Бас қилинг, бас қилинг!
Гарсэн. Сени деб, сени деб!
Инэс. Сен сабаб ўзини отган!
Эстель. Мени тинч қўйинг. Мен сиздан қўрқаман. Мен бу ердан кетишни хоҳлайман. Бу ердан кетишни хоҳлайман!

Эшикка қараб югуради, уни силкилай бошлайди.

Гарсэн. Кет. Мен жон дейман. Аммо эшик ташқаридан берк.

Эстель тугмачани босади. Қўнғироқ овоз бермайди. Инэс ва Гарсэн кулишади. Эстель уларга ўгирилади, эшикка суянади.

Эстель (аста бўғиқ овозда). Сизлар пастлик қилаяпсиз.
Инэс. Албатта, бу пастлик. Биз аниқлаб бўлдик, у сенинг айбинг билан ўзини отган. У сенинг ўйнашинг эдими?
Гарсэн. Бари равшан, ўйнаши. У қизнинг ёлғиз ўзига тегишли бўлишини хоҳлаган. Шундай, шундайми ахир?
Инэс. У моҳир раққослардек рақсга тушарди, аммо, афтидан, нотавон бўлган.
Гарсэн. Сендан сўраяпти, у ночормиди?
Эстель. Ҳа, у қашшоқ эди.
Гарсэн. Ҳа-да, сен ўз обрўйингни сақлаб қолишни истагансан. Кунлардан бир кун у сенга қаттиқ ёлворган, сен бўлса кулгансан.
Инэс. Шундай эмасми? Сен кулганмисан? Шунинг учун ҳам у ўзини отганми?
Эстель. Сен Флорансга шундай кўз билан қарадингми?
Инэс. Ҳа.
Сукут. Эстель кулади.

Эстель. Топа олмабсиз. (уларга қарайди, эшикка тиралади. Қуруқ писанда билан) У мендан бола кўрмоқчи бўлди. Энди хурсандмисиз?
Гарсэн. Сен хоҳламагансан.
Эстель. Йўқ, хоҳламадим. Шунга қарамай бола туғилди. Мен беш ой Швейцарияда юриб келдим. Ҳеч ким бу ҳақда билмади. Қиз туғдим. У туғилганда ўша нусха мен билан эди. У қиз хоҳларди. Мен эса йўқ.
Гарсэн. Кейин-чи?
Эстель. Болохона айвони кўлга чиқарди. Мен катта тош олдим. У: “Эстель, сендан ўтинаман, ёлвораман”, деб қичқирди. Мен ундан жирканардим. У ҳаммасини кўрди. У болохонадан қараб турарди ва сувда таралган ҳалқачаларни кўрди.
Гарсэн. Кейин.
Эстель. Ҳаммаси шу. Мен Парижга қайтдим. У ўйлаб қўйган ишини бажарди.
Гарсэн. Ўзини отди-а?
Эстел. Албатта. Бекордан бекорга нобуд бўлди: менинг эрим бу борада гумонга ҳам бормаганди ахир. (сукут.) Мен сизлардан нафратланаман. (кўз ёшсиз йиғлайди.)
Гарсэн. Фойдаси йўқ. Бу ерда ёш келмайди.
Эстель. Мен тубан одамман. (сукут.) Сиз билсангиз эди, сизлардан қанчалар нафратланаман!
Инэс (уни қучади). Шўрлик қизгина! (Гарсэнга.) Тергов тугади. Жаллод бўлмай кет.
Гарсэн. Жаллод… (аланглаб.) Бир кўзгуга қарасам, ҳеч нарсамни аямасдим! (сукут.) Ёндирди! (беихтиёр пиджагини еча бошлади.) Э, узр. (уни яна киймоқчи бўлади.)
Эстель. Пиджакни ечишингиз мумкин. Кейин…
Гарсэн. Ҳа. (пиджакни диванга итқитади.) Мендан жаҳлинг чиқмасин, Эстель.
Эстель. Мен сиздан аччиқланмайман.
Инэс. Мендан-чи? Мендан ғазабланасанми?
Эстель. Ҳа.

Жимлик.

Инэс. Мана, Гарсэн, биз энди ғумбаклардек шир яланғоч бўлиб қолдик. Енгил тортдингми?
Гарсэн. Билмадим. Эҳтимол, бироз. (ботинмай.) Бир-биримизга ёрдам бериш йўлларини қидириб кўрсак нима бўпти?
Инэс. Мен ёрдамга муҳтож эмасман.
Гарсэн. Инэс, ҳамма иплар чувалиб кетган. Сиз қимир этсангиз, зарбаси бизга тушяпти. Ҳар биримиз алоҳида-алоҳида қутулиб кетолмаймиз: биргаликда ютишимиз ёки бирга ютқизишимиз керак. Танланг. (сукут.) Нима гап?
Инэс. Қизни улар сотишган. Ойна ланг очиқ, эркак менинг каравотимда ўтирибди. Улар уни сотишган, улар сотишган уни! Бошланг, бошлайверинг, ҳеч ийманиб ўтирманг. Бу аёл. У эркак томон келади ва қўлини унинг елкасига қўяди… Нега улар чироқни ёқмаяпти, энди ҳеч нарса кўринмаяпти: улар ўпишаётгандир, а? Бу хона меники! Меники! Ахир нега улар чироқ ёқишмаяпти? Мен уларни энди кўрмаяпман. Улар у ерда нимани ивир-шивир қилишяпти? Наҳотки у уни менинг тўшагимда силаб-сийпалайди? Аёл унга ҳозир чошгоҳ эканлиги, қуёш ёрқин порлаётганини сўзлаяпти. Демак, мени кўздан қолдиришибди. (сукут.) Тамом. Энди ҳеч нарса кўринмайди ва эшитилмайди. Хўп, яхши: ишондимки, бу дунёнинг ишлари соб бўлар. Менда айбсизлигимни исбот этувчи бошқа бирор нарса қолмади. (титрайди.) Мен сезяпман, ичим бўм-бўш. Мана ҳозир, ниҳоят, мен бутунлай ўлдим. Мен бутунлай, бутунлигача шу ердаман. (cукут). Сиз нимадир дедингизми? Сиз, менга ёрдам бермоқчи эдингиз, шекилли, а?
Гарсэн. Ҳа.
Инэс. Қандай?
Гарсэн. Уларнинг режасини йўққа чиқариш учун ёрдам.
Инэс. Эвазига нима сўрайсиз?
Гарсэн. Менга сиз ёрдам берасиз. Сиздан арзимас нарса даркор бўлади, жиндек холис ёрдам.
Инэс. Холис ёрдам?.. Уни қаердан оламан мен? Мен йўлдан озганман.
Гарсэн. Мен-чи? (cукут.) Шундай бўлса ҳам, бир уриниб кўрайлик?
Инэс. Мен қуриб-қақшаб қолганман. Ҳеч нарса беролмайман, ҳеч нарса ололмайман – ахир қандай ёрдам бероламан. Қуриган бутоқ ўтга ташланади. (Сукут. Қўллари билан юзини тўсиб ўтирган Эстелга қарайди.) Флоранснинг сочлари сарғимтил-оқ эди.
Гарсэн. Бу зинқарча сизнинг кушандангиз бўлади, биласизми шуни?
Инэс. Эҳтимол, гарчи мен бунга ишонмасам ҳам.
Гарсэн. У сизни уларга тутиб беради. Менга келсак, мен… мен… мен унга ҳеч бир эътибор қилмайман. Фақат унинг тарафидан…
Инэс. Нима?
Гарсэн. Бу тузоқ. У кутиб турибди, унинг тузоғига тушасизми ёки йўқ?
Инэс. Биламан. Сиз ҳам – қопқон. Нима дейсиз, улар сизнинг сўзларингизни аввал-бошдан ҳисобга олмаганми? Балки, шубҳага борилмайдиган жойларга тузоқ қўйилгандир. Тузоқлар – ҳамма ёқда. Аммо менинг бу билан ишим йўқ. Мен ҳам тузоқман. Ўша қиз учун тузоқ. Балки, пайти келиб нақ уни тутиб оларман.
Гарсэн. Сиз ҳеч кимни тутиб олмайсиз. Биз қанчалар югурмайлик, ҳеч қачон бир-биримизга қувиб етолмаймиз, худди от ўйинидагидек. Ишонаверинг – улар буларнинг барининг ғамини еб қўйишган. Бас қилинг, Инэс. Тўхтанг. Акс ҳолда биз уч шўрпешонага айланамиз.
Инэс. Наҳотки қўлидаги ўлжани қочириб юборадиганга ўхшасам? Биламан, мени нима кутяпти. Мен ёнаяпман, мен аллақачон ёниб битаяпман ва биламанки, охири йўқ; ҳаммасини биламан – мени курашсиз бой беради деб ўйлайсизми? У меники бўлади, у сизни менинг кўзларим билан кўриб турибди, худди Флоранс ўшани, бошқа бирини кўриб тургандек… Сиз шўрпешоналар ҳақида нима деётгандингиз? Такрорлайман: мен ҳаммасига тайёрман ва ўзимга ҳайфим ҳам келмайди. Тузоқ! Албатта-да, мен тузоққа тушдим. Хўш, нима бўпти? Қайтага уларга яхши.
Гарсэн (уни елкасидан тутади). Сизга раҳмим келади. Менга қаранг. Биз яланғочмиз. Суякларимизга қадар яланғоч, сизни бошдан-охир кўриб турибман, юрагингизга қадар. Биз қаттиқ боғланганмиз: наҳотки сизга ёмонлик қилади деб ўйласангиз? Мен ўкинмайман, нолиб ўтирмайман; мен ҳам қуриб битганман. Аммо сизни аясам дейман.
Инэс (унинг гапини бўлмайди, бошини кўтаради). Менга тегманг. Менга қўл теккизишса куфрим келади. Ўзингизча ачинмай қўя қолинг. Гарсэн, бу хонада сизга қўйилган кўпдан-кўп тузоқлар бор. Сизга! Айнан сиз учун ҳозирланган! Ўзингизнинг ғамингизни еганингиз яхшироқ. (Сукут.) Агар бизни қиз билан ўз ҳолимизга қўйсангиз, мен сизга зиён етказмасликка ҳаракат қиламан.
Гарсэн (унга қарайди, кейин елка қисади). Маъқул.
Эстель (бошини кўтаради). Менга ёрдам беринг, Гарсэн.
Гарсэн. Мендан нима хоҳлайсиз?
Эстель (ўрнидан туради ва унга томон юради). Сиз менга ёрдам беришингиз мумкин.
Гарсэн. Ундан сўранг.

Инэс яқин келади, Эстелнинг ортида унга тақалиб туриб олади, аммо қўл теккизмайди. Кейинги луқмаларда у деярли унинг қулоғига сўзлайди. Бироқ Эстель Гарсэнга томон ўгирилади, чурқ этмасдан унга термулади, гўё саволларни у бераётгандек фақат унга жавоб беради.

Эстель. Ўтинаман, Гарсэн, ахир сиз ваъда бергандингиз! Шошилинг, тез бўлинг, мен ёлғиз қолишни хоҳламайман. Ольга уни рақсга тортди.
Инэс. Кимни?
Эстель. Пьерни. Улар бирга рақсга тушишяпти.
Инэс. Қайси Пьер?
Эстель. Бир тентак. У мени ўзининг обиҳаёти деб билади. У мени севади. У уни рақсга тортди.
Инэс. Сен уни севасанми?
Эстель. Улар ўтиришди. Қиз оғир нафас олаяпти. Нега рақсга тушишяпти? Балки озмоқчидир. Йўқ, албатта. Йўқ, мен уни севмаганман: йигитча ўн саккизда, мен бўлсам одамхўр эмасман.
Инэс. Унда уларни унут. Сенинг нима ишинг бор?
Эстель. У меники бўлган.
Инэс. Ер юзидаги ҳеч бир нарса энди сенга тегишли бўлмайди.
Эстель. У меники бўлган.
Инэс. Ҳа, бўлган эди… Уни тутиб кўр-чи, қўл узатиб кўр-чи. Мана Ольга унга тегина олади. Тўғрими? Тўғрими? Ольга унинг қўлини ушлаши, тиззаларини силаши мумкин.
Эстель. У йигитга ўзининг оғир кўкракларини ботирди, унинг юзига тиргалиб нафас олаяпти. Митти болакай, иложсиз митти болакай, сен нега кулмаяпсан? Эҳ, аёл юраги дов бермаган вақтда мен фақатгина термулиб турардим… Мана шунақами, мен эндиликда ҳеч нарсаманми?
Инэс. Ҳеч нарса. Заминда сендан ҳеч вақо қолмади: сенинг бор буд-шудинг шу ерда. Қоғоз кесиш учун пичоқча керакмиди? Ёки бронза ҳайкалча? Қизғиш диван ҳам сеники. Ва мен, мен ҳам умрбод сеникиман, қизгина.
Эстель. Шундайми? Буларнинг бари меникими? Иккингиздан қайси бирингизнинг мени обиҳаётим дея аташга ҳаддингиз сиғади? Менинг ҳисобимда сизнинг иккингиз ҳам янглиш фикрламаяпсиз, менинг яроқсиз эканлигимни билиб турибсиз. Мен ҳақимда ўйла, Пьер, фақат мен ҳақимда ўйла, мени эҳтиёт қил: менинг обиҳаётим, менинг баҳоси йўқ обиҳаётим, менинг ярмимгина шу ерда, менинг фақат ярмимгина гуноҳкор, мен у ерда обиҳаёт эдим, бағрингда, сен билан ёнма-ён. У қиз помидордек қип-қизил. Ахир бу мумкин эмас эди: биз сен билан юз марталаб уни мазах-масхара қилганмиз. Бу қандай мусиқа? Мен қизни қанчалар севгандим. Ҳа, Сан Луи блюз. Ўйнанг, ўйнанг. Гарсэн, агар уларни кўра олганингизда эди кўнглингизни хушлаган бўлардингиз. Мен уни кўраётганимни у ҳеч қачон билолмайди. Сени кўраяпман, сенинг ҳурпайган турмагинг, беўхшов кулгингни, кўраяпман унинг оёқларини қандай босиб олаёганингни. Кулгидан ўлиб қолиш мумкин! Қани тезроқ, яна ҳам тезроқ! У уни тортади, туртади. Бу одобдан эмас. Тезроқ! У менга айтди: – Сиз қанчалар енгилсиз. Қани, қани. (Рақс тушади, сўзлашда давом этади.) Сенга айтаяпман, сени кўраяпман деяпман. Аёлга барибир, у рақс тушаяпти ва менинг нигоҳларимни сезмаяпти. Бизнинг дилрабо Эстель! Бизнинг дилрабо Эстелмиш-а? Э-э, тўхтаб қолишди. Сен ҳатто дафн вақтларида ҳам йиғламагансан. Аёл унга “бизнинг дилрабо Эстель” деди. У уялмасдан у билан мен ҳақимда сўзлашаяпти. Туйғуларнинг чек-чагараси борми: бир вақтнинг ўзида ҳам гапиради, ҳам ўйинга тушадими! Бу нимаси?.. Йўқ, йўқ, йигитга айтма! Мен уни сенга бердим, уни олиб кет, яшириб қўй, у билан хоҳлаганингни қил, фақат унга айтма. (Бошқа рақсга тушмайди.) Бўлди. Энди йигитни тутиб келишинг мумкин. Аёл унга ҳаммасини айтди, Гарсэн: ўша нусха ҳақида, Швейцария сафари ҳақида, бола ҳақида – унга борини айтиб берди. “Бизнинг дилрабо Эстель бўлмаган…” Ҳа, рост, мен бўлмаганман… У ғамгин қиёфада бош силкаяпти, айтишга ҳам ҳожат йўқ, хабар уни титроққа солган. Энди уни олиб кетишинг мумкин. Унинг киприклари узун-узун, у қиз болага ўхшайди… Биз энди рақиб эмасмиз… У мени биллурим дерди, обиҳаётим дерди. Сенинг биллуринг синиб чил-парчин бўлди. “Бизнинг дилрабо Эстель”. Тушавер, тушавер ўйинга! Мусиқани тингланг. Бир-икки. (Рақс тушади.) Заминга бир дақиқага, атиги бир дақиқага қайтиш учун боримни берардим – ва бир муддат рақс тушардим. (Рақс тушади; Сукут.) Ҳозир мен уларни яхши эшитмаяпман. Улар танго тушадигандек чироқни ўчиришди, нега ҳеч кимга билдирмай ўйинга тушаяптилар? Баландроқ! Қанчалар узоқ! Мен… мен энди ҳеч нарса эшитмаяпман. (Рақс тушишдан тўхтайди.) Энди ҳеч қачон эшитмайман. Мен ва Замин видолашдик. Гарсэн, менга қаранг, мени қучинг.

Инэс Эстелнинг ортидан Гарсэнга нари кетишни ишора қилади.

Инэс (буйруқ оҳангида). Гарсэн!
Гарсэн (бир қадам нари кетади ва Эстелга Инэсни кўрсатади). Ундан сўранг.
Эстель (унга ёпишиб олади). Кетманг! Эркакмисиз ёки йўқ? Менга қарасангиз-чи, кўзингизни олиб қочманг: бу шунчалар мушкулми? Менинг сочларим тилло ранг, ахир кимдир мени деб ўзини отган. Ёлвораман, сиз нимагадир қарашингиз керак-ку. Агар менга бўлмаса, унда ҳайкалчага, стол ёки диванга қаранг. Ҳар қалай менга қараш ёқимлироқ. Эшитинг, мен уларнинг юрагидан қуладим, қуш боласи уясидан қулагандек. Мени ол, мени қабул эт ўз юрагингга – кўраяпсан-ку, мен маҳбубанг бўламан.
Гарсэн (уни куч билан итариб юборади). Сизга айтаяпман, ундан сўранг.
Эстель. Унданми? У ҳисобда йўқ – у ҳам аёл бўлса.
Инэс. Мен ҳисобда йўқманми? Аммо, қушча-тўрғайча, сен аллақачондан бери менинг юрагимда яшаяпсан. Қўрқма, сенинг кўзларинг билан қарамайман, ҳатто пирпиратиб ҳам қўймайман. Сен менинг нигоҳларимда яшайсан, қуёш нурларидаги қум заррасидек.
Эстель. Қуёш нурларидаги? Эй, мени ўз ҳолимга қўйсангиз-чи. Сиз боягина уриниб кўрдингиз ва қиз рад қилди.
Инэс. Эстель! Менинг обиҳаётим, менинг биллургинам!
Эстель. Сизнинг биллурингиз эканманми? Аҳмоқлик. Кимни аврамоқчисиз? Ҳамма билади, мен болани ойнадан улоқтирганман. Биллур синиқлари ерда сочилиб ётибди, мен тупурдим бунга. Менинг пўстим қолди холос ва бу қобиқ сиз учун эмас.
Инэс. Ёнимга кел! Ҳаёт суви ёки булғанч сув, хоҳлаганинг бўлавер; менинг кўзларим қаърида ўзингни қандай хоҳласанг ўшандай кўрасан.
Эстель. Тинч қўйинг мени! Сизда кўзнинг ўзи йўқ, тўғрими? Мени тинч қўйишинг учун нима қилай? Мана сенга!

Унинг юзига туфлаб юборади. Инэс тездан уни қўйиб юборади.

Инэс. Гарсэн! Сиз бунинг учун менга ҳақ тўлайсиз!

Сукут.
Гарсэн елка қисади ва Эстель томон юради.

Гарсэн. Нима дейсан? Эркаксираб қолдингми?
Эстель. Йўқ, эркак эмас. Сени.
Гарсэн. Алжираганинг етар. Бу ерда ким бўлса ҳам эпини қилади. Мен тасодифан қўлга тушиб қолдим. Яхши. (Унинг елкаларини тутади.) Билиб турибсан, сенга ёқишим қийин – мен аҳмоқ эмасман, яна тангога ҳам тушмайман.
Эстель. Сени қандай бўлсанг шундайлигингча қабул қиламан. Балки, сен учун бошқача йўл тутарман.
Гарсэн. Ишонмайман. Мен… эътибор қилмайман. Менинг хаёлим бошқа ишлар билан банд.
Эстель. Қандай ишлар билан?
Гарсэн. Сенга қизиғи йўқ.
Эстель. Мен сенинг диванчангда ўтираман ва мен билан шуғулланишингни кутаман.
Инэс (қаҳ-қаҳ уриб кулади). Фоҳиша! Майли ёт! У ҳатто хушрўй ҳам эмас.
Эстель (Гарсэнга). Қулоқ солма унга. Энди унда на кўз бор, на қулоқ. У ҳисобда йўқ.
Гарсэн. Сенга йўғу боримни бераман. Бу кўп эмас. Мен сени севолмайман: мен сени ҳаддан ортиқ яхши биламан.
Эстель. Мени кўнглинг тусайдими?
Гарсэн. Ҳа.
Эстель. Менга бошқа нарса керак эмас.
Гарсэн. Унда… (Унга энгашади.)
Инэс. Эстель! Гарсэн! Ақлдан озибсиз! Мен шу ердаман ахир!
Гарсэн. Кўраяпман, нима бўпти?
Инэс. Менинг кўз ўнгимда-я? Сиз… сиз бундай қилолмайсиз!
Эстель. Нега? Мен оқсоч олдида ечинаверганман.
Инэс (Гарсэнга ёпишади). Уни қўйиб юборинг! Қўйиб юборинг! Унга ифлос эркак қўлларингизни теккизманг!
Гарсэн (қўполлик билан уни итариб юборади). Мен олийҳиммат инсонлардан эмасман, аёлларни уришдан чўчимайман.
Инэс. Сиз менга сўз бергансиз, Гарсэн, сиз сўз бергансиз! Ўтинаман сиздан, сиз ваъда бергансиз!
Гарсэн. Сиз ўзингиз келишувни буздингиз.

Инэс уни ўз ҳолига қўяди ва хонанинг олис бурчагига кетади.

Инэс. Хоҳлаганингизни қилинг, сизни қўлга туширди. Аммо эсингизда бўлсин, мен шу ердаман ва сизларга қараб турибман. Кўраяпман, Гарсэн, сизни менинг кўзларим илғаб турибди. Сиздан гулқоғозлардек нафратланаман! Ўз майлингиз билан машғул бўлинг, аммо унутманг: биз дўзахдамиз ва менинг навбатим яқинлашаяпти.

Кейинги саҳна давомида у уларга қарайди, бир сўз ҳам гапирмайди.

Гарсэн (Эстелга қайта ўгирилади ва уни елкаларидан тутади). Мени ўп.

Сукут. Унга энгашади ва бирдан ростланади.

Эстель (аламли). Эй!.. (Сукут). Сенга айгандим-ку, унга эътибор берма.
Гарсэн. Унинг учун эмас. (Сукут.) Гомес таҳририятга келди. Улар деразаларни беркитишган, демак, аллақачон қиш келган. Олти ой. Аллақачон олти ой, худди мен… Мен сени баъзан паришонхотир бўлиб қолишимдан огоҳлантиргандим-а? Улар совуқдан титраяпти, пиджаклар эгнида… Ғалати: у ерда улар совқотишяпти, мен бўлса ёнаяпман. Бу сафар улар мен ҳақимда гапиришяпти.
Эстель. Буниси энди узоқ чўзилади. (Сукут.) Жилла қурса улар нима ҳақида гаплашаётганини айтсанг-чи.
Гарсэн. Ҳеч нарса ҳақида. У ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпти. Бу шунчаки ярамас одам. (Тинглашда давом этади.) Қанчалар разил! (Эстелга яқинлашади.) Ўз ишимиз билан машғул бўламиз. Мени севмоқчимисан?
Эстель (жилмайиб). Ким билади дейсан?
Гарсэн. Менга ишонмоқчимисан?
Эстель. Кулгили савол: сен доимо менинг кўзларимда бўласан ва Инэсга оғиб, менга хиёнат қилмассан балки.
Гарсэн. Тўғри. (Сукут. Қўлларини Эстелнинг елкасидан олади.) Мен бошқача тарздаги ишончни хоҳлайман. (Ненидир тинглагандай бўлади.) Бўлсанг-чи, барисини гапир, каллангга нима келса гапир, мен ўзимни ҳимоя қилмайман. (Эстелга.) Эстель, сен менга ишонишинг керак.
Эстель. Мунча оҳанжама! Мен ўз лабларим, ўз қўлларим, ўз вужудимни сенга топшираман; ҳаммаси шунчалар жўн содир бўладики!.. Ишонч-чи? Бунга ваъда беролмайман; мени жуда эзиб юбординг. Шу тарзда ишончимни қозонмоқчи экансан, чоғимда, даҳшатли нимадир қилгансан.
Гарсэн. Мени отиб ўлдиришган.
Эстель. Биламан – сен кетишдан бош тортгансан. Кейин-чи?
Гарсэн. Мен… мен ҳеч ҳам бўйин товлаганим йўқ. (Кўринмас нарсаларга мурожаат қилиб.) У гапни боплайди, мени ўлгудай қоралайди, лекин нима қилиш кераклигини айтмайди. Наҳотки генералга бориб: “Менинг генералим, мен кетишни хоҳламайман”, – деб айтишим зарур бўлса? Бемаънилик-ку бу! Улар мени қамаб қўйишарди. Мен шоҳид гувоҳ бўлишни хоҳлардим, тушуняпсизми? Оғзимга уришларини хоҳламадим. (Эстельга.) Мен… мен поездга ўтирдим. Мени чегарада қўлга олишди.
Эстель. Қаерга кетмоқчи эдинг?
Гарсэн. Мехикога. Мен у ерда пацифистик журнал чиқаришни мўлжаллагандим. (Жимлик.) Шу, қани, нимадир десанг-чи, ахир.
Эстель. Сенга нима десам бўлади? Сен тўғри йўл тутгансан, чунки курашишни хоҳламагансан.

Гарсэн асабий қалтирайди.

Эҳ, азизим, сенга нима жавоб беришни ҳам билмаяпман.
Инэс. Дурдонам, унга худди арслондек қочиб қолгансан деб айт. Чунки сенинг маъшуқинг оёғини қўлига олиб тумтарақай қочган. Айнан шунинг учун ҳам у шунақа жиззаки.
Гарсэн. Қочиб кетган, думини хода қилган – хоҳлаганингизча атайверинг.
Эстель. Ҳа-да, қочишинг керак бўлган, агар қолмаганингда, сени тутиб олишарди.
Гарсэн. Худди шундай. (Сукут.) Эстель, мени қўрқоқ деб ўйлайсанми?
Эстель. Билмасам, суюклигим, мен ахир сенинг ўрнингда бўлиб кўрмаганман. Ўзинг ўйлаб топ.
Гарсэн (ҳорғин). Ўйлайдиган аҳволда эмасман.
Эстель. Унда эслаб кўр; сенда, балки, бунинг учун сабаблар бўлгандир.
Гарсэн. Ҳа.
Эстель. Қандай сабаблар?
Гарсэн. Наҳот шулар жиддий сабаб бўлса?
Эстель (афсусланиб). Сен ҳаммасини ортиқ мураккаблаштириб юборяпсан!
Гарсэн. Мен исботлаб беришни хоҳлагандим… мен узоқ ўйладим… Менда чинакам асосли сабаб бўлганмикин?
Инэс. Э-э-э, мана муаммо нимада. Бу сабаблар арзигуликмиди? Ўйлаб кўргансан, қалтис ишлар билан шуғулланишни хоҳламагансан. Аммо қўрқув, нафрат ва бошқа қабиҳликлар одатан сир тутилади-ю, булар ҳам сабаб. Бўла қол, ўзингдан сўраб кўр.
Гарсэн. Ўчир овозингни! Сенинг ўгитларингни эшитиб ўтиради деб ўйлаяпсанми? Мен ўз камерамда туну кун қадамлаб юрдим, у бошдан бу бошга, деразадан эшиккача, эшикдан деразагача. Ўзим ўзимни назорат қилдим. Ўзим ўзимни кузатдим. Ўйлашимча, бутун ҳаётим давомида фақатгина бир иш қилдим – ўз-ўзимга саволлар бердим, кейин бўлса вақт кучга кирди. Мен… мен поездда кетдим, буни биламан. Аммо нега? Нега? Охири ўйладимки, менинг ўлимим ҳамма муаммоларни ечиб беради; агар менинг ўлишим керак бўлса, мен қўрқоқ эмаслигимни исбот қиламан.
Инэс. Гарсэн, ўлимни қандай кутиб олдингиз?
Гарсэн. Ёмон.
Инэс қаҳ-қаҳ уради.

Ў, бу шунчаки жисмоний заифликдан бўлган. Бундан уялмайман. Фақат ҳаммаси чала-чулпа қолиб кетди. (Эстелга.) Бу ёққа кел. Менга қара. Токи Заминда мен ҳақимда сўзлашаркан, менга кимдир қараши зарур. Менга кўк кўзлар ёқади.
Инэс. Кўк кўзлар? Қаранг-а! Сенга-чи, Эстель? Сенга қўрқоқлар ёқадими?
Эстель. Билсанг эди, бу менга фарқсиз. Қўрқоқми, йўқми, ўпишни билса бўлгани.
Гарсэн. Улар уйқусираб бошларини тебратишяпти, сигара тортишяпти, – жуда зерикишяпти. Гарсэн қўрқоқ, деб ўйлашяпти. Бўшанг ва заиф. Аммо ҳар ҳолда улар нима ҳақидадир ўйлашаяпти. Гарсэн қўрқоқ – мана улар қандай тўхтамга келишди, менинг ошналарим. Ярим йилдан сўнг улар худди Гарсэндек қўрқоқ, дейишади. Сиз иккингиз омадлисиз; сиз ҳақингизда ерда энди ҳеч ким эсламайди. Менинг қисматим оғир келди.
Инэс. Хотинингиз-чи, Гарсэн?
Гарсэн. Хотинимга нима бўпти… У ўлган.
Инэс. Ўлган?
Гарсэн. Ҳа, сизга айтишни унутибман. У яқинда кўз юмди. Тахминан бундан икки ойча аввал.
Инэс. Алам-ҳасратданми?
Гарсэн. Албатта, аламдан. Яна нимадан бўлсин? Ҳозир ҳаммаси ўз ўрнига тушди: уруш тугади, хотин ўлди, мен бўлсам тарихга айландим.

Кўз ёшсиз ўксиб йиғлайди, юзини қўллари билан беркитади. Эстель уни қучади.

Эстель. Жоним, азизим! Менга қарагин, жонгинам! Менга суян. Қўлларингни кўксимга қўйгин.

Унинг қўлларини ўз кўксига қўяди, уни силаб-сийпалайди. Гарсэн ундан ўзини тортишга ҳаракат қилади.

Қўлларингни шу ерга қўй, уларни қўй, қимирлатма. Улар битта-битта ўлиб кетади, нима фарқи бор, деб ўйлашади. Уларни унут. Мендан бўлак ҳеч ким қолмади.
Гарсэн (қўлларини тортиб олади). Э, улар-ку мени унутишмайди. Улар ўлади, аммо бошқалар келади, эстафетани қўлга олишади: менинг ҳаётим уларнинг қўлида.
Эстель. Сен ҳаддан ортиқ вайсаб юборяпсан!
Гарсэн. Яна нима ҳам қилардим? Илгари тинмасдим… Эҳ, ҳеч бўлмаса бир кунга улар ёнига қайта олсам эди… шу қадар фош бўлиш! Аммо мен ўйиндан ташқаридаман: улар менсиз якунлашяпти, ҳамонки мен ўлик эканман, улар ҳақ. Ўлик, каламушдек. (Кулади.) Мен жамият мулки ҳисобланаман.

Сукут.
Эстель (майинлик билан). Гарсэн!
Гарсэн. Шу ердамисан? Бу ёққа қара, менга ёрдам бер. Йўқ дема. Биламан, ўйлайсанки, сендан ёрдам сўрашяпти ва сен бунга одатланмагансан. Агар хоҳласанг, агар зўр берсанг, биз чиндан ҳам, ростдан ҳам бир-биримизни севиб қолишимиз мумкин. Кўраяпсан-ку, менинг қўрқоқлигимни бутун халқ тасдиқлаяпти. Улар билан нима ишим бор? Тирик жон борки, баралла, қайта-қайта айтган бўлардики, мен қочмаганман, қоча олмасдим, мени мард дердилар, софдил дердилар, мен… мен ишонаман, мен халос бўлардим. Менга ишонишни хоҳлайсанми? Дунёда энг қимматли кишим бўлардинг.
Эстель (кулади). Тентак! Аҳмоқ! Мени қўрқоқни сева оларди деб ўйлайсанми?
Гарсэн. Аммо сен айтгандингки…
Эстель. Ҳазиллашгандим. Мен эркакларни севаман, Гарсэн, териси дағал, қўллари кучли ҳақиқий эркакни. Ўхшамайди, сенинг энгагинг қўрқоқнинг энгагига, оғзинг – қўрқоқнинг оғзига, овозинг, сочларинг – қўрқоқнинг овози ва сочларига ўхшамайди. Мен бўлсам сени сенинг оғзинг, сенинг овозинг, сенинг сочларинг учун севаман.
Гарсэн. Ростми? Шу ростми?
Эстель. Сенга қасам ичайми?
Гарсэн. Унда ҳаммангга тупурдим, у ердаги, бу ердаги – ҳаммасига. Эстель, биз дўзахдан чиқамиз.

Инэс қаҳ-қаҳ уради. Гарсэн гапиришдан тўхтайди ва унга қарайди.

Нима гап?
Инэс (кулиб туриб). Ҳа, у ўзининг бирорта сўзига ишонмайди. Қандай қилиб бунчалар гўл бўлиш мумкин? “Эстель, наҳот қўрқоқ бўлсам?” Билиб қўй, бунинг унга сариқ чақалик аҳамияти йўқ!
Эстель. Инэс. (Гарсэнга.) Унга қулоқ солма. Агар ишонишимни хоҳласанг, аввало, менга ишон.
Инэс. Ана топдинг. Унга ишонч билдир. Унга эркак керак, унга балки ишона оларсан, беллар теграсидаги эркакча қўллар, эркакча бўй, эркакча нигоҳлардаги эркакча истак. Қолганига… Воҳ! Буни қаранг-а! Агар сенга бу ҳузур-ҳаловат бахш этса, у сени Ота-худо дейди.
Гарсэн. Эстель! Шу ростми? Жавоб бер: ростми шу?
Эстель. Сенга нима дейишим керак? Бу ишларда ҳеч балони тушунмайман. (Оёқларини тапирлатади.) Буларнинг бари шу қадар жонимга тегдики! Қўрқоқ бўлганмисан, бўласанми, фарқи йўқ, сени севган бўлардим, тушунарлими сенга? Шу кифоя эмасми?

Сукут.

Гарсэн (иккала аёлга). Иккингиз ҳам нақадар қабиҳсиз! (Эшик томон юради.)
Эстель. Нима қилаяпсан?
Гарсэн. Кетяпман.
Инэс (тезликда). Олис кетолмайсан – эшик берк.
Гарсэн. Очтираман.
Тугмачани босади. Қўнғироқ овоз бермайди.

Эстель. Гарсэн!
Инэс (Эстелга). Хотиржам бўл, қўнғироқ бузилган.
Гарсэн. Мен айтдимми, улар очади. (Эшикни тақиллатади.) Мен сизларга бошқа тоқат қилолмайман, тоқатим етмайди.

Эстель у томон чопқиллаб боради, Гарсэн уни итқитиб юборади.

Йўқол! Сен анавиндан ҳам жирканчсан. Сенинг кўзларингга чўкиб кетишни хоҳламайман. Сен ёпишқоқ! Шалвироқ! Сен саккизоёқсан, ботқоқсан. (Эшикни муштлайди.) Очсангиз-чи ахир!
Эстель. Гарсэн, ўтинаман, кетма, сенга бошқа гапирмайман ҳам, ўз ҳолингга қўяман, фақат кетма. Инэс чангалини ёзди, мен у билан ёлғиз қолишни истамайман.
Гарсэн. Ўзларинг ҳал қилаверинглар. Мен сени бу ерга чақирганим йўқ.
Эстель. Қўрқоқ! Юраксиз! Сен чинакамига қўрқоқсан!
Инэс (Эстелга яқин келади). Хурсанд эмасдирсан, сўфитўрғай! Сен унга хуш ёққанидан менинг юзимга туфладинг, унинг айби билан аразлашиб қолдик. Аммо бахтимизга ғов бўлаётган тўсиқ кетяпти, биз ҳароратли аёллар жамоасида қолаяпмиз.
Эстель. Сен бундан ҳеч нарса ютмадинг: агар эшик очилса, мен кетаман.
Инэс. Қаерга?
Эстель. Фарқи йўқ. Сендан узоқроққа.

Гарсэн эшикни гурсиллатиб ура бошлайди.

Гарсэн. Очинг! Очинг! Ҳаммасига розиман, испанча этикка, омбурга, эритилган қўрғошинга, тахтакачга, сиртмоққа – ҳаммасига, ёқишлари ва осишларига, чинакамига азобланишни хоҳлайман. Яхшиси калтакланг, қамчиланг, чечакка йўлиқтиринг мияни азоблагандан кўра, бу сени силаб-сийпалайдиган ва ҳеч қачон чинакамига оғриқ бермайдиган азобнинг нишонаси. (Эшик зулфагини силкитади.) Очасизми ёки йўқ? (Эшик қўққисдан очилиб кетади, унинг йиқилиб кетишига оз қолади.) Ана холос!

Узоқ жимлик.

Инэс. Энди нимани кутасиз, Гарсэн? Кетинг.
Гарсэн (шошилмасдан). Қизиқ, эшик нега очилиб кетди?
Инэс. Нимани кутаяпсиз? Тезроқ кетинг.
Гарсэн. Кетмайман.
Инэс. Сен-чи, Эстель?

Эстель қимирламайди. Инэс кулади.

Хўш, қани! Ким кетади? Учаламиздан қайси биримиз? Йўл очиқ, тўсиқ йўқ! Кула-кула ўласан! Биз ажралмасмиз.

Эстель унга ортдан ташланади.
Эстель. Ажралмас? Гарсэн! Ёрдам бер. Тезроқ ёрдам бер. Биз уни ташқарига чиқариб ташлаймиз ва киритмаймиз: баттар бўлсин.
Инэс (ҳимояланиб). Эстель! Эстель! Ёлвораман, мени шу ерда қолдир. Фақат йўлакда эмас, мени йўлакка ҳайдама!
Гарсэн. Қўйиб юбор уни.
Эстель. Ақлинг борми, у сендан ҳам нафратланади.
Гарсэн. Мен уни деб қолдим.
Эстель Инэсни қўйиб юборади ва ҳайрат билан Гарсэнга қарайди.
Инэс. Мени дебми? (Сукут.) Эшикни ёпиб қўйинг! Эшик очилгандан буён бу ер ўн баравар қизиб кетди.

Гарсэн эшикни ёпади.

Мени дебми?
Гарсэн. Ҳа. Сен қўрқув нималигини биласан.
Инэс. Биламан.
Гарсэн. Сен биласан ёвузлик нима, номус нима, нима қўрқув. Ўтмиш дақиқаларда ўзингга бошдан-охир назар солгансан – бу сенга хотиржамлик бермаган. Ундан сўнг эса, кейинги кун, бундай ошкораликда қандай тушунишни, нима деб ўйлашни билмагансан. Ҳа, ёвузликнинг нархини биласан. Мени қўрқоқ дер экансан, буни яхши билиб айтаяпсан, тўғрими?
Инэс. Ҳа.
Гарсэн. Сени мен ишонтиришим керак – бизнинг қонимиз бир. Наҳотки мени кетади деб ўйладинг? Миянгдаги мен тўғримдаги мана шу жамики фикрлар билан ғолиб ҳолда сени бу ерга ташлаб кетмасдим.
Инэс. Сен мени чиндан ишонтироласанми?
Гарсэн. Бошқача қилолмайман. Биласан, мен уларни энди эшитмаяпман. Улар мени ҳаётдан маҳрум қилишди. Иш ёпилди, энди мен заминда ўзимни ҳеч қачон танита олмайман, энди мен ҳатто қўрқоқ ҳам эмасман. Инэс, энди биз биттамиз: фақат иккингиз мен ҳақимда яна ўйлашингиз мумкин. У ҳисобда йўқ. Аммо сен мендан нафратланасан, – агар менга ишонсанг эди, мен нажот топардим.
Инэс. Сенга осон бўлмайди, мен ўлгудек қайсарман.
Гарсэн. Қанча вақт керак бўлса ҳам тайёрман.
Инэс. О! Сенда ундан хоҳлаганча бор.
Гарсэн (унинг елкаларидан тутади). Эшит, ҳар биримизнинг ўз мақсадимиз бор, тўғрими? Мен пулга ҳам, муҳаббатга ҳам тупурганман. Мен одам бўлишни хоҳладим. Шафқат билмас одам. Мен борини битта қартага тикдим. Қўрқоқлар энг хавфли йўлни танлайди, тўғрими? Бутун бир ҳаётни битта қилиқ билан баҳолаб бўладими?
Инэс. Нега бўлмасин? Ўттиз йиллик умринг давомида умидлар билан ўзингни юпатиб яшадинг, сенда юрак бор эди; сен кўпда ўз заиф томонларингдан кўз юмдинг, чунки қаҳрамонларни доимо кечирса бўлади. Ўнғайгина! Ундан кейин бўлса, хавф яқинлашди, сени отиб ташлашди ва… ва сен Мехикога жўнадинг.
Гарсэн. Мен бундай қаҳрамонликни ўйлаб топмадим. Мен уни танладим. Ўзимизни қандай кўришни хоҳласак, ўшандаймиз.
Инэс. Буни исбот қилинг. Исботла, ўйламасдан қилинганини исботла. Фақат юмушлар бизнинг истакларимизни баҳолайди.
Гарсэн. Мен жуда эрта ўлдим. Менда юмушлар учун вақт етарли бўлмаган.
Инэс. Биз доим жуда эрта ёки жуда кеч ўламиз. Ҳаёт якунланаверади – якун чиқариш керак бўлади. Сен ўз ҳаётингнинг мужассам тимсолисан.
Гарсэн. Шаллақи! Сенда ҳамма нарсага жавоб бор.
Инэс. Ол-а, ол-а! Дадил бўл! Сен мени шунчаки ишонтиришинг даркор. Зўр бер, далиллар топ.

Гарсэн елка қисади.

Нима бўлди? Мен айтгандим, сен заифсан. Аҳа, энди ҳаммаси учун тўлайсан. Сен қўрқоқсан, Гарсэн, қўрқоқ, чунки мен шуни хоҳлайман. Мен шуни хоҳлайман, эшитяпсанми? Ҳолбуки, мен заифман, Гарсэн, сабодек заиф; мен фақат нигоҳман ва сени кўраяпман, мен фақат шаффоф фикрман ва сен ҳақингда ўйлаяпман.
(Гарсэн у томон сурилади ва қўлларини узатади.)
Бу кучга тўла эркак қўллари менга нима? Нимага ишонаяпсан? Қўллар фикрларни чангаллай олмайди. Шундай экан, бошқа йўлинг йўқ: мени ишонтиришинг керак. Сен менинг қўлларимдасан.
Эстель. Гарсэн!
Гарсэн. Нима дейсан?
Эстель. Унга жавоб қайтар.
Гарсэн. Қандай?
Эстель. Мени қучоқла, у қандай сайрашини эшитасан.
Гарсэн. Мана бу тўғри, Инэс. Мен сенинг қўлларингдаман, аммо сен менинг қўлларимда.

Эстелга энгашади. Инэс додлаб юборади.

Инэс. Қўрқоқ! Қўрқоқ! Аёлдан тасалли изла!
Эстель. Куйла, Инэс, куйла!
Инэс. Қойилмақом ошиқ-маъшуқлар! Ўз елкангда унинг баҳайбат панжалари кўйлакларингни эзғилаётгани, баданингни пийпалаётганини кўрганингда эди! Қўллари намиққан, у бутунлай терга ботган. У кўйлагингда доғ қолдиради.
Эстель. Сайра, қушча, сайра! Мени қаттиқроқ қуч, Гарсэн, у ёмонлигидан ёрилиб ўлсин.
Инэс. Ҳа-ҳа, уни қаттиқроқ қисгин! Ҳароратингиз бир-бирингизга ўтади. Ҳа, муҳаббат яхши нарса эканми, Гарсэн? Юмшоқ ва илиқ, гўё уйқуда ётгандек, аммо ухлаб қолишингга йўл қўймайман.
Эстель. Эшитма. Мени ўп, мен бутунлай сеникиман.
Инэс. Нега имиллаяпсан? Айтганидек қила қол: қўрқоқ Гарсэн бола кушандаси Эстелни қучмоқда. Умидингни узма! Уни қўрқоқ Гарсэн ўпаяптими? Мен сизларга қараяпман, мен ўзим бутун бошли халқман. Гарсэн, сен одамларнинг овозини эшитяпсанми? (Пичирлайди.) Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қўрқоқ! Қанча қочма, мен сени тинч қўймайман. Ундан нима олмоқчисан? Унутишми? Аммо мен сени унутмадим! Мен сени ишонтиришим керак. Мен. Бўл, бўлсанг-чи. Мен сени кутяпман. Қарасанг-чи, Эстель, у қучоғини ёзаяпти, у итоаткор худди итдек… Сен уни кўрмагайсан!
Гарсэн. Кеча ҳеч қачон бўлмайдими?
Инэс. Ҳеч қачон!
Гарсэн. Сен доим мени кўриб турасанми?
Инэс. Доим.

Гарсэн Эстелни қўйиб, хона бўйлаб бир неча қадам юради. Каминга яқин келади.

Гарсэн. Ҳайкалча… (Уни силайди.) Бу лаҳза ўтиб кетди! Мана ҳайкалча, мен унга қараяпману тушунаман – мен дўзахдаман. Сизга айтаяпман, ҳаммаси олдиндан кўрилган. Улар билади, мен камин ёнида турибман, сизнинг нигоҳларингиз остида ҳайкалчага қадар қўл теккизаман. Юҳо нигоҳлар… (Бирдан ўгирилади.) Э-э! Сизлар фақат иккитамисиз? Кўпроқсиз, деб ўйловдим. (Кулади.) Мана у қандай бўлар экан – жаҳаннам! Ҳеч ўйлаб кўрмагандим… Эслаб қолинг: олтингугурт, панжаралар, кўра… Буларнинг бари бир пулга қиммат. Кўрага нима бор бунда: дўзах – бу Бошқалар.
Эстель. Муҳаббатим менинг!
Гарсэн (уни итариб юборади). Қоч. Анави, бошқаси, ўртамизда турибди. У қараб турар экан, сени севолмайман.
Эстель. Оҳ, шундайми! Унда у бизга бошқа қарамайди.

Қоғоз кесадиган пичоқни қўлига олади, Инэсга ташланади ва бир неча бор унга пичоқ уради.

Инэс (кулиб, уни қайтариб). Бу нимаси, тентак? Унутдингми, мен ўлганман?
Эстель. Ўлган?

Пичоқни улоқтиради. Сукут. Инэс энгашиб пичоқни олади ва жон-жаҳди билан уни ўзига уради.

Инэс. Ўлган! Ўлган! Ўлган! На пичоқ, на заҳар, на арқон. Бу аллақачон адо этилган, тушунарлими? Ва биз абадий биргамиз. (Кулади.)
Эстель (қаҳ-қаҳ уради). Абадий, худойим, ана қизиқ! Абадий!
Гарсэн (кулади, уларга қарайди). Абадий.

Кула-кула ҳар бирлари ўз диванларига қулайдилар. Узоқ жимлик. Кулишдан тўхтаб, бир-бирларига қарайдилар. Гарсэн туради.

Гарсэн. Нима бўпти, давом этамиз.

Парда

Рус тилидан Шаҳноза Назарова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2017 йил, 7-8сон