Тунги соат иккида, керосинли чироқ ёруғида қўйлак тикиш жудаям қийин. Боз устига кеча кечқурун Елмор амакиси яна калтаклаган Жейн Хиббинснинг орқаси ҳамон зирқираб оғрирди.
Аслида Жейн айбдор эмасди. Ҳар доимгидек, шунчаки бир кеча-кундузда бор-йўғи йигирма тўрт соат бор ва Жейн бу вақт ичида Елмор амакиси унинг елкасига юклаб ташлаган юмушларни бажариб улгуролмасди. Жейн ноилож аҳволда қолганди. Ота-онаси ўлиб, Елмор амаки уларнинг уйига эга бўлиб олганидан бери Жейннинг ҳаёти ҳақиқий азобга айланганди. Жейн сал нотўғри қараб қолса ҳам амакиси дарҳол қамчига ёпишарди.
Бугун у Чатаногага кетишни режалаштирган. “Иш юзасидан!” – деганди ўзи. Аммо анчадан бери унинг ҳеч қандай иши йўқ эди. Уйдан чиқиш олдидан амакиси тўсатдан бугун унинг туғилгани куни эканлигини эслаб қолди.
– Сенга совға сотиб олишим керак, – деди у. – Аммо бунинг учун сен яхши ишлашинг керак.
– Ҳа, сэр, – итоаткорлик билан жавоб берди қиз.
– Мен йўғимда шўхлик қилма! Неча ёшга киряпсан ўзи?
– Ўн саккизга.
– Нимаям дердим, бари бир, бу сени қамчидан асраб қололмайди. Сен бу тоғлардаги энг чиройли қизсан. Аммо камарим сени соғиниб қолган. Тезроқ ишлашни ўрганишинг лозим, Жейн Хиббинс.
– Албатта, ўрганиб оламан, Елмор амаки.
– Йўл олдидан менга “ой нури”дан келтириб бер-чи!
Жейн шошганча каттакон идишни олди ва қадаҳга жўхори арағидан қуйди. Амакиси ичиб олгач, шалоғи чиққан эски машинасига ўтирди ва қизга қараб бармоғи билан пўписа қилди:
– Қара, девордаги камар бекорга осилиб тургани йўқ. Мени биласан-а?..
У жўнаб кетди. Ҳамон эшик олдида турган Жейн машинадан нигоҳини узолмасди. Қояли тоғлар оралаб биланглаб кетган тор йўл аста-секин пастлаб, Чатаногага олиб борадиган катта йўлга уланарди.
Ҳозир эса тун эди. Жейн сўнгги чокни тикди ва кўйлакни шкафга осиб қўйди. Қўшни хонадаги соат учга занг урди. Жейн сакраб турди, чироқни пуфлаб ўчирди ва дераза олдига югуриб борди.
Чатаногага борадиган автобус айни шу вақтда Пини-Рейждан ўтарди. Жейн ойнадан автобусга қарашни ёқтирарди. У пули кўп бўлишини, шу автобусда Чатаногага қочиб кетишни ва Елмор амаки ҳақида бутунлай унутиб юборишни истарди. Балки Чатаногада уни ҳар томондан арақ ҳиди таъқиб қилмас? Баданини ларзага соладиган оғир камар эса бўлмаслиги аниқ…
Тўлин ой нурларини аямай сочар ва бутун Пини-Рейж худди кафтдагидек аниқ-тиниқ кўриниб турарди. Аммо Жейн ой ёруғида кўрган нарса уни автобус ҳақида буткул унутишга мажбур қилди. Тоғ йўлидан чироқларини ёққан автомобил ғизиллаб келарди. У “Хитой дарёси ғори” деб аталувчи ғорнинг шундоққина кириш жойи олдида тўхтади. Жейн болалигида кўпинча шу ғорнинг олдида ўйнар, шу сабабли ҳам уни беш бармоғидек яхши биларди. Машинадан икки киши тушди. Уларнинг соялари автомобилнинг соясига қўшилиб кетарди, аммо улар ғор томон юришганида улар яна бир одамни қўлтиғидан ушлаб судраб келишаётгани маълум бўлди. Одамлар қоп-қоронғи ғорга кириб, кўздан йўқолишди. Тез орада қайтиб чиқишди, машинадан қандайдир қоп олишди ва уни ғор томон олиб кетишди. Бу сафар улар анчагина узоқ қолиб кетишди, кейин эса бўш қўл билан қайтиб чиқишди. Кейин икковлон машинага ўтириб, жўнаб кетишди.
Жейн кўзларини катта-катта очганча ўша томонга тикилди. Ғорга кириш жойи кулранг-кумуш тусли қоялар орасида қора ямоқдек аниқ кўзга ташланарди.
“Ҳозир у ёққа бориш учун тентак бўлиш лозим, – деб ўйлади қиз ўзича. – Бу ҳақда ўйлашнинг ўзиёқ ғирт тентаклик!”
Жейн шундай деб ўйлаганча керосинли чироқни олди ва ғор томон йўналди. У ўз ҳаёти давомида бу йўлдан бир неча минглаб марта югуриб, тиканли тўсиқлар ва тузоқ-чуқурлардан хатлаб ўтган эди. У Елмор амакига нега керак бўлиб қолдийкан? Балки амакиси солиқчилардан ва маҳаллий шериф Орви Лунсидан қутулмоқчи бўлгандир?
Хитой дарёси ғори бунақанги ғалати ном олганининг сабаби шунда эдики, унинг ичидан чуқур ер остига кириб кетадиган шошқин дарё оқиб ўтарди. Балки бу дарё ҳақиқатан ҳам Хитойгача етиб борар…
Тўғри, ғор аслида унчалик катта эмас. Ичи ихчамроқ уйдек келади. Жейн қўлчироқни ёқди, уни тош устига қўйди ва атрофига аланглади, аммо эътиборни тортадиган ҳеч нарсани кўрмади. Жейн ҳар бир ўйдим-чуқурни беш бармоғидек биларди. Бу ерда одам танаси тугул ҳатто қопни ҳам яшириш учун ҳам каллани анчагина қотириш керак бўларди. Қиз қўл чироғини олиб, ғорнинг нариги чеккасида шарқираб оқаётган дарё томон юрди. Сув шовуллаганча қаёққадир ғизиллаб чопарди. Қизнинг назарида сув биқирлаб қайнаётгандек бўлиб туйилди. Ўша одамга нима бўлганини тасаввур қилган Жейн титраб кетди. Даҳшатли оқим кўз очиб-юмгунча қора тешик томон тортиб кетган ва энди у охири йўқ ер ости лабиринтида улоқиб юргандир…
Жейн кетиш учун орқасига ўгирилганида, оёқлари остидаги тупроқ орасидан нимадир ярақлаб кўринди. У эгилди ва бўйинбоғга тақиладиган ингичка олтин тўғноғични кўрди, унга ўйиб “Дюк” деб ёзилганди. Жейн хаёлчанлик билан тўғноғични кўздан кечирди ва уни дарёга улоқтирди. Жейн бу тўғноғични кўрганлигини кимдир билиши шартми? Жейн қўлчироқни ўчирди ва ғордан чиқиб кетди.
Бурилишдан машина чироқларининг нури кўзга урилди. Машина ҳали олисда эди, аммо жуда тез яқинлашарди. Жейн Елмор амакиси қайтаётганини билар ва агар кўнгилсизликларни истамаса, ундан олдинроқ уйга етиб бориши кераклигини ҳам тушунарди.
“Яхшиямки, этакларим калтагина”, – деб ўйлади Жейн Қурбақадарадан ғизиллаб чопиб ўтиб, ёнбағир бўйлаб тепага чиқа бошлаганида. Шу жойдан Елмор амакининг ерлари бошланади. У бунақанги тезликда ҳатто кундузи ҳам чопа олмаган бўларди. Қиз жон жаҳди билан югурганча симтўсиқ ва тузоқ-ўралар устидан сакраб ўтарди. Уларни айланиб ўтишга вақт йўқ. Машина чироқлари уй зинапоясини ёритишидан бир сония аввал қиз уйнинг ортига ўтиб кетишга улгурганди. Машина ҳовлига кириб тўхтади. Жейн бу вақтда ётоқхонасининг деразасидан кириб олганди. Пол тахталари ғичирлади ва Елмор амакиси қичқириб сўкинганча уй эшигини тарақлатиб ура бошлади.
– Ҳой, турсанг-чи! – қичқирарди у мастона овозда.
– Сизмисиз, Елмор амаки? – сўради у ўзини уйқусираганга солиб.
– Мендан бошқа яна ким бўлиши мумкин?! – ўшқирди амакиси. – Бу ёққа чиқ, қизалоқ! Меҳмон келди.
Жейн ўзини кийинаётгандек қилиб кўрсатиш учун яна бироз кутди, кейин ётоқхонадан аста мўралади.
– Егулик келтир! – ўшқирди амаки. – Бўл, тезроқ!
У калбош ва кемшик, аммо елкалари кенг ва миқтидан келган одам эди. Қўлларини қимирлатгани ҳамони чармдек қаттиқ териси остида пўлатдек мушаклари илондек буралиб кетарди. Ҳақиқатан ҳам ошхонада бир йигит ўтирарди.
– Тезроқ қимирла, Жейн Хиббинс, – хахолаб кулиб деди амакиси. – Пиширилган гўшт, тухум, ишқилиб, топганингни олиб келавер!
– Хўп бўлади, сэр, – итоаткорлик билан деди Жейн ва буйруқни бажаришга шошилди.
Йигит қорасоч, қоракўз бўлиб, Елморнинг аксича жуда хушрўй эди. Жейнни кўрган йигит ўрнидан туришга шошилди. Аммо амакиси уни тўхтатди.
– Ўтиравер! Бу менинг жияним Жейн Жун.
– Ё, тавба! – хитоб қилди йигит.
– Сенга нима бўлди, Барт? – сўради амаки.
– Жиянинг бунчалар гўзаллиги ҳақида сира гапирмагандинг-ку! – деди Барт ўчоқ олдида куймаланаётган Жейндан кўзини узмай.
– Қўлидан бир иш келмайдиган лапашанг бўлганидан кейин ҳусни-жамолидан нима фойда? – тўнғиллади Елмор амаки ва Жейнга юзланди: – Радиони ёқ-чи! Балки мусиқа бериб қолишар. Ёки биронта қизиқроқ нарса бордир, нима дединг, Барт?
– Эҳтимол, – деди Барт кўзини қиздан узмай. Кейин қўшиб қўйди: – Менинг исмим Барт Коннор.
– Сиз билан танишганимдан хурсандман, жаноб Коннор, – жавоб берди Жейн.
Гитаранинг тинғиллаши хонани тўлдирди ва Елмор амаки радиони ўчириш учун унинг овозини пасайтирди.
– Бизга “ой нури”дан олиб келгин, қизим, – илтимос қилди амакиси.
Жейн столга графинда виски ва иккита каттакон қадаҳ қўйди.
– Куёвинг борми, Жейн Жун? – сўради Барт.
– Йўқ, сэр.
Елмор амаки пиқиллаб кулиб юборди.
– Барт, нима бало, илгари қизларни кўрмаганмисан?
– Миллионтасини қўлдан ўтказганман-у, аммо бунақасини…
– Жим! – паст овозда ўшқирди амаки унга. – Қулоқ сол…
У қўлидаги қадаҳини кўтарди, аммо ичмади – радиога тикилганча қотди-қолди.
“…Чатанога полицияси казинони тунаб кетган ва унинг эгаси Дюк Махэннани ўғирлаган жиноятчиларнинг изига тушганича йўқ, – дерди сухандон. – Сейфда ўттиз минг доллар бўлган… Энди, об-ҳаво хабарларига ўтамиз…”
Елмор амаки радиони ўчирди ва икки ҳўплашда қадаҳдаги “ой нури”ни қуритди. Кейин Бартга кўз қисиб қўйди.
Жейн Жун казино эгасини ўғирлаган ва сейфдаги пулларни олиб кетганлар кимлини энди аниқ биларди.
– Елмор амаки, уйқум келяпти, – чўзиб деди у.
– Бироз биз билан ўтир! – таклиф қилди Барт.
– Бизнинг ёнимизда унга нима бор? – тўнғиллади амакиси. – Қўй, ухласин, акс ҳолда эртага уйқусираган пашшага ўхшаб юради. Бор ухла, Жейн Хиббинс!
– Раҳмат, сэр!
Жейн ўз хонасига ўтди, эшикнинг зулфинини суриб қўйди ва ечинмасданоқ ўзини ўринга ташлади. У ярим соатча ошхонадан келаётган овозларга қулоқ тутиб ётди. Овозлар борган сари секинлашиб борарди. Ниҳоят жўровозли хуррак янгради. Жейннинг юраги гупиллаб уриб кетди, у эшик тирқишидан мўралаб, амакиси тахта ўриндиқда чўзилганча Барт эса столга бош қўйганча ухлашаётганини кўрди.
Жейн деразадан ошиб тушаркан, Елмор амакиси ва унинг Барт исмли ёшгина оғайниси дарёга нафақат бечора Дюкнинг жасадини, балки ўттиз минг доллар солинган қопни ҳам ташлаб юборишганини тахмин қилганида адашмаганини тушунди. У ўша ўттиз минг долларни қаердан излаш кераклигини биларди.
Ғорда Жейн қўлчироқни дарё қирғоғидаги тош устига қўйди ва қорнида ётганча ўнг қўлини иложи борича чуқурроқ сувга тиқди. Бу жойда ясси бўртиқ бўлиб, оқим йўлини тўсиб турарди.
Қиз тош атрофига ўралган қаттиқ сим арқонни ушлади ва бир амаллаб каттакон пластик қопни тортиб чиқарди. Қоп ичи тўла эди.
Жейн қопни ечишга уринди, аммо кутилмаганда қадам товушлари эшитилди. У қимирламай, ҳатто нафас ҳам олмай кутиб турди. Қадам товушлари тобора ғор томон яқинлашарди.
Бу Елмор амаки бўлиши мумкин эди. Ёки Бартмикин? У ким бўлишидан қатъи назар, уни ўлдиради. Худди Дюк сингари ўлдиради, танасини эса дарёга улоқтиради.
Тўсатдан хаёлига бир фикр келди: ўша одам қўлчироқ ёруғини пайқаган бўлса-я?! Демак, қочиб қолишнинг фойдаси йўқ. Аммо яшириниш учун ҳам кеч эмас. Дарёга яшириниш керак! Ҳўл кийимлари уни билдириб қўйиши мумкин эди, шу сабабли ҳам Жейн тезгина кийимларини ечди. Кўйлагини иккита тош орасига қистирди, қопни дарёга улоқтирди ва ўзи ҳам ўша жойга – бўртиқ тош ёнига шўнғиди. Бу ерда сув шовуллаб оқарди ва Жейн иккала қўли билан тошга ёпишиб олди, акс ҳолда оқим уни даҳшатли тешик томон оқизиб кетиши мумкин эди. У ёқдан эса чиқишнинг иложи йўқ, фақат ер остида мангу қолиб кетиш мумкин, холос.
Ғор деворлари орасида қадам товушлари гумбурлади, кейин у Елмор амакиси сўкинаётганини эшитди. Тушунарли, бу ерда ҳеч кимни “қўлга туширмагани”дан амакисининг ҳафсаласи пир бўлган. Амакиси тинмай сўкинганча сим арқонга боғланган қопни сувдан тортиб чиқарди. Кутилмаганда амакиси сўкинишдан тўхтади ва кескин овозда деди:
– Барт! Келганингни эшитмай қолибман.
– Мана, жиноят устида қўлга тушдинг, – таъкидлаб деди Барт.
– Нималар деяпсан? – ажабланди Елмор.
Барт кулиб юборди.
– Мени алдашингни билардим-у, аммо бунчалик тез юз беради деб ўйламагандим.
– Ҳой, Барт, эсинг жойидами? – қичқирди амакиси. – Пичоғингни торт!
– Кунинг битди, Елмор, – деди Барт.
– Мен фақат текширмоқчи бўлгандим, – титроқ овозда деди амаки. – Назаримда кимдир бизнинг пулларимизни ўғирламоқчи бўлаётгандек туйилди. Ғорда чироқ нурини кўрдим!
– Алдаяпсан! – деди Барт.
– Пичоқни ташла! – қичқирди Елмор. – Менга яқинлашма! Барт, онт ичаманки…
– Алвидо, Елмор!
Елмор амакининг танаси Жейннинг ёнидаги сувга шалоплаб тушди. Бу кутилмаган ҳолатдан қўрқиб кетган қиз қичқириб юборди. Айни шу дамда Бартнинг кучли қўллари Жейнни қирғоққа тортиб чиқарди.
Аммо Барт қизни тортиб чиқариб, унинг мутлақо яланғоч эканлигини кўрганида, кутилмаган ҳолатдан довдираб, қўлларини қўйиб юборди. Жейн унинг қўлидан чиқиб, ғор оғзи томон югурди. Барт Жейнни тутишга уринди, аммо унинг қўллари қизнинг яланғоч ҳўл баданидан сирғалиб кетди.
Қиз ёнбағир бўйлаб пастга томон ўқдек отилди, Барт ҳам ҳам унинг ортидан изма-из келарди.
Тезроқ уйга етиб бориб, девордаги милтиқни қўлга олиш керак! Фақат шундагина у ўзини ҳимоя қила олади.
Кутилмаганда қиз қуюқ ҳўл ўтлар устида сирғаниб кетди ва ерга йиқилиб тушди. Бир зумдаёқ ўрнидан туриб, яна югура кетди, аммо энди Барт анча яқинлашиб қолганди. Қиз ортига ўгирилиб, унинг қўлида пичоқ ярақлаганини кўрди. Бу кетишда уйигача етиб боролмайди, шекилли. Бир сониядан сўнг пичоқ тиғи кураклари орасига санчилади…
Айни шу пайт Жейннинг хаёлига қутқарувчи фикр келди. Қудуқлар! Елмор амаки ўз ерида тузоқ-ўралар қазиб, устини хас-хашаклар билан ниқоблаб қўйганди.
Энг яқиндаги қудуқ ўн қадамча нарида эди. Қиз кескин бурилди-да, Барт йиқилиб тушармикан деган умидда қудуқнинг устидан сакраб ўтди. Аммо унинг таъқибчиси ўрадан бир энлик наридан югуриб ўтиб кетди.
Энди сўнгги умиди тиканли тўсиқдан эди. Жейн қуюқ ўтлар орасида ярим қаричча баландликда тортилган сим устидан сакраб ўтаркан, орқасидаги Бартнинг нафасини туйди. Бартнинг оёғи ўткир пўлат тиканга илинди-ю, у ерга йиқилиб, думалаб кетди.
Жейн уйига югуриб кирди-да, милтиғини девордан олди ва яна кўчага югуриб чиқди. У Бартни ўлдириши керак эди. Акс ҳолда йигит уни ўлдирарди. Аммо Барт ўша йиқилган жойида қимирламай чўзилиб ётарди. Жейн аста-секин одимлаганча унинг ёнига яқинлашди ва йигитнинг боши жуда ғалати қийшайиб турганини кўрди. У жонсиз эди. Йиқилиб тушаётганида Бартнинг бўйни синиб кетганди.
Жейн унинг тепасида нима қилишини билмай узоқ турди. Кейин у бир қарорга келди. Бартнинг танасини ёнбағирдан судраб тушиш қийин эмасди. Қурбақадарадаги ҳўл ўтлар бу ишни анча енгиллаштирганди. Аммо ғор қаршисидаги тепаликка чиқаётганида анчагина терлашига тўғри келди. У ёғи эса тезгина бўлиб кетади…
Бир соатлардан сўнг, янги кўйлак кийган Жейн Жун Хиббинс йўл чеккасида Елмор амакисининг эскириб кетган жомадончасини маҳкам ушлаб турарди. Тонгги туман орасидан автобус кўринганида, қиз шоша-пиша қўл силкиди.
Жейн бўш жой топиб ўтирди-да, жомадонини тиззасига авайлаб қўйди. Автобус кирганча Чатаногага элтувчи йўлдан ғизиллаб кетди.
– Вой-бў, бу қизнинг эски жомадонга ёпишиб олганини кўр-а! – Жейннинг рўпарасида ўтирган йўловчи аёл шеригига шивирлади. – Гўё жомадони тўла пулдек!..
Хуршид Тожибоев таржимаси