Бу, бир вақтлар, шаҳарнинг энг муҳташам уйларидан эди. Янгигина қурилиб, тошлари ҳали оппоқ бўлган пайтда кўчанинг ҳуснига ҳусн қўшиб турарди. Кейинчалик ҳамма нарса секин-аста ўзгариб кетди. Эндиликда бино замона руҳига, машиналар ва одамларнинг кийим-бошларига мос тушмай, қандайдир бегонага ўхшаб қолганди. Уйнинг деворлари аста-секин нураб борар, бу ерда туғилган болалар ҳам аллақачон улғайиб, бирин-кетин ўзга маконларга чиқиб кетишган, эндиликда бошқа уйларда яшашарди. Фақат аҳён-аҳёнда улар фарзандларини етаклаб, кекса хонимни кўриш учун бу ерга қадам ранжида қилишарди.
Қўшнилар «кекса хоним» деб атайдиган бу аёл эндиликда бутун бошли уйда оқсоч билан ёлғиз қолганди.
Ўша оқшом хоним овқатдан сўнг меҳмонхонасида чой ичиб ўтирар, телевизор кўришга ҳам, хат ёзишга ҳам иштиёқи йўқ, ҳеч ким билан гаплашгиси келмас, хуллас, тушкун бир кайфиятда эди. Баъзан ҳаётда шундай ҳоллар бўладики, киши танҳоликни қўмсаб қолади. Лунъан хонимни қамраб олган хаёллар аслида унчалик қайғули эмасди. Лекин ҳозир у китоб ўқиш ва мусиқа тинглашдан кўра ёлғиз қолиб, нозик ҳис-туйғуларга берилишга кўпроқ мойил эди.
У худди одамлар орасида ўтиргандек қаддини тик тутган, гарчи ҳеч кимни кутмаётган бўлса-да, ўз кўнглини кўтариш учун чиройли кўйлагини кийиб олганди.
Хоним анча вақтгача ўй-хаёлларга чўмиб ўтирди. Ниҳоят, унга зина томондан кимдир юриб келаётгандек туюлди. «Хизматкор аёл ухлаш учун юқорига чиқиб кетаётган бўлса керак»…— деб ўйлади хоним. Йўқ, бу оғир ва судраб босилаётган қадам товушлари эди. Хоним хизматкор аёл Кармен бирор кимсанинг келгани ҳақида хабар бермаганидан ажабланди. Сўнгра меҳмонни кутиб олиш учун ўрнидан туриб, ойнага бир қур назар солди. Пардоз-андози жойида эди…
Эшик тақиллаб, кекса бир киши кириб келди. Меҳмоннинг қомати букчайган, у зўрға қадам ташларди.
— Биламан,— деди у деярли шивирлаб,— менинг бу кечки ташрифим сизга жуда ҳам ғалати кўринаётган бўлса керак.
— Бахтга қарши, қисматдан қутулиб бўлмайди,— деди хоним.
— Кўриб турибман, сиз мени танимаяпсиз.
Хоним эслашга уриниб, меҳмоннинг чеҳрасига синчиклаб қаради. Йиллар унинг юзини ўзгартириб юборганди. Бироқ бу ғамгин кўзлар Лунъан хонимга нотаниш эмасди. Бирдан хонимнинг лабларига меҳмоннинг исми келди. Жильбер Мессонье… Луньан хоним хушмуомалалик билан ўзининг ниҳоятда таажубланганини кўрсатмасликка ҳаракат қилди.
— О! Сизни шунча йиллар ўтгандан кейин яна кўрганимдан жуда бахтлиман. Нега қўнғироқ қилмадингиз? Тўғридан-тўғри овқатланишга келаверган бўлардингиз. Тик турманг. Илтимос, мана бу ўриндиққа ўтиринг.
Меҳмон жуда чарчаган экан, секин чўкди. У хонимникига келиш учун анчагина масофани босиб ўтганидан ҳарсилларди. Хонимга гап қотиш учун меҳмонда мажол ҳам йўқ эди.
— Бир пиёла чой ичасизми? Ҳозиргина дамлашганди. Меҳмон чойни рад этиб, стол устидаги графинга ишора қилди:
— Рухсат этсангиз, бироз сув ичсам.
Хоним стаканга сув қуйиб узатди. Меҳмон бир неча қултум ҳўплаб, сал ўзига келгандек бўлди.
Луньан хоним нима дейишини билмасди. Чунки, у бир пайтлари яхши таниган навқирон йигит билан бу қария ўртасида жуда ҳам катта тафовут бор эди. «Нима учун келди экан», деб ажабланганди.
— Сиз менга кўп нарсалар ҳақида гапириб берсангиз керак. Табиийки, уйлангансиз. Бу ҳамманинг бошида бор. Шубҳасиз, болаларингиз ҳам бордир, улар ҳам меникиларга ўхшаб турмуш қуришган бўлса керак. Берарларни тез-тез кўриб турасизми? Бетакрор, ажойиб инсонлар… Маргаританинг шимпанзесини эслайсизми? Бир куни у тоққа қочиб кетганди. Жаноб Берар ушламоқчи бўлганда, уни тишлаб олганди. Ўшанда шунақаям қизиқ бўлгандики…
Хоним зўрма-зўраки кула бошлади-ю, меҳмоннинг жиддий ўтирганини кўриб, дарҳол ўзини тутиб олди.
— Саволларингизга жавоб бермаётганим учун кечиринг,— деди меҳмон бўшгина.— Бошқа пайт бўлганда мен буни жоним билан айтиб берардим. Лекин ҳозир вақтим жуда зиқ. Мен бу ерга асосий нарса ҳақида, яъни сиз ҳақингизда гаплашгани келганман.
Хоним «ҳожати йўқ» дегандек, имо билан қаршилик кўрсатиб деди:
— Шунчалик узоқ айрилиқдан сўнг ҳам мен билан қизиқаётганингиздан мамнунман.
— Мен сизни ҳеч қачон унутганим йўқ,— давом этди меҳмон.
— Шунақа ҳам илтифотлисизки…
— Мен ҳеч ҳам ундай деб ўйламайман. Арманда, охирги учрашувимизни эслайсизми?
— Ҳа, биз унда жуда ёш эдик. Бироқ мен унутганим йўқ. Ўшанда сиз бир оз тентакроқ эдингиз, ғалати гапларни гапирардингиз.
— Мен тўғрисини айтгандим. Сизни севаман, биз ҳаётимизни албатта бирга ўтказишимиз керак, деб қайта-қайта такрорлагандим. Сиз эса ишонмасдингиз, ҳайрон бўлардингиз. Тахминимча, мендан чўчирдингиз шекилли. Эндиликда бир-биримиздан йироқда ўтказган ҳаётимиз сўнгида, мен сизни яна бир бор кўриш истагида бу ерга келдим. Сизни ҳали ҳам севишимни, ҳаётимнинг энг сўнгги дақиқаларигача фикру хаёлим фақат сизда бўлишини айтиш истагида келдим.
У олдинга букилганича хастаҳол ўтирарди. Меҳмон бу сўзларни айтаётганида хоним тўсатдан унинг қарашларида илгариги, ўша пайтлардаги эҳтиросни ҳис этди. Хонимга унинг бўйинбоғи ўша охирги учрашув чоғида тақилган бўйинбоғ бўлиб туюлди.
Жаноб паст овозда гапирар, унинг овози борган сари янада пасайиб, қандайдир тушуниб бўлмайдиган шивирлашга айланиб борарди. Сўзлари ҳали аниқроқ эшитилиб турганда, у хонимнинг номини тўхтовсиз такрорлаётганини илғаш мумкин эди. Ўша ёз кунининг ёрқин ранглари, хушбўй ҳидлари, унинг ўшанда таққан бўйинбоғи, буларнинг ҳаммаси хонимнинг кўз олдида худди ҳозиргидек гавдаландики, гўё ҳаёт яна қайтадан бошланаётгандек эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмагандек туюларди. Ўша кун Лунъан хонимнинг хотирасида ҳайратомуз тарзда қайта жонланди. Чунки меҳмоннинг паст овози уни узоқ ўтмишга олиб кетганди. Меҳмоннинг овози кучайиб, сўзлари аниқлашганда хоним бир чўчиб тушди.
— Ростдан ҳам ҳеч нарсага муҳтож эмасмисиз? Агар илтифотсизлик қилган бўлсам кечирасиз, чамаси мазангиз йўққа ўхшайди, дўхтир чақирайми?
Меҳмон бош тебратиб, «йўқ» ишорасини қилди. У яна тетиклашгандек кўринарди. Хоним жаноб яна ўз дил изҳорини бошламоқчи бўлаётганини сезди.
— Йўқ! — қичқирди бирдан Лунъан хоним.— Илтимос, бас қилинг! — Меҳмон зўрға ўрнидан турганида, хоним шоша-пиша деди:
— Кечирасиз, мен сизни ҳайдаётганим йўқ. Фақат айтинг-чи, нима учун орадан шунча йиллар ўтгач, кекса бир аёлга ўтмишни эслатиб, тинчини бузишга рағбат этдингиз?
— Сиз тез орада ташрифимнинг сабабини билиб оласиз,— деди меҳмон ва эшикка йўналди.
Ҳайратланган ва титраётган Лунъан хоним меҳмонхона ўртасида қотиб турар, узоқлашиб бораётган меҳмонни кузатиб қўйишни хаёлига ҳам келтирмас эди.
Индинига Луньан хоним газеталарни варақлаётганда сўнгги саҳифада босилган хунук хабарга кўзи тушди. Унда айтилишича, жаноб Жильбер Мессонье ўзининг Париждаги уйида вафот этибди.
Француз тилидан Саидғани Мусаев ва Хосият Холматова таржимаси
«Шарқ юлдузи» журналининг 1991 йил, 2-сонидан олинди.