Аёл тўсатдан чўчиб уйғонди. Соат тунги икки ярим эди. Назарида ошхонада кимдир нимагадир туртингандай бўлди. Ўша тарафга қулоқ осди. Жимлик эди. Шу қадар жимликки… У қўлларини ёнига ташлади, бўм-бўш. Э-ҳа, ана гап қаёқда экан. Аёлнинг нафаси ичига тушиб кетди.
У аста ўрнидан турди ва қоронғи хонани бир-бир босиб, ошхонага кирди. У ерда нимадир оқариб кўрингандай бўлди. Чироқни ёққан эди, қарангки, эри… Энди улар ички кўйлакда, тунги соат икки яримда, яна ошхонада бир-бирларига рўбарў туришарди.
Ошхонадаги стол устида нон солинган ликопча турар, унда кесилган нон ва пичоқ бор эди. Оёғидан совуқ ўтгандай бўлиб, аёл жунжика бошлади.
— Ошхонада кимдир юрибдимикан, деб ўйлабман, — деди эри атрофга жовдираб.
— Менинг қулоғимга ҳам нимадир чалингандай бўлди, — деди аёл ва шу дамда эрининг кўйлакчан жуда қаримсиқ кўринишига ажабланди. Олтмиш уч ёшга кирди-да, ўзиям. Кундузи сал ёшроқ кўринади.
“Кампирим ҳам қариб қолибди, — деб ўйларди эркак ҳам шу тобда. — Ич кўйлакда янаям кексайиб кўринаркан, тавба”.
— Оёғингга бирор нарса илиб олсанг бўлмайдими? Шундай совуқда ялангоёқ турибсан-а, шамоллаб қоласан-ку, — деди у.
У эрига қарамади ҳам. Шунақа ёлғон сўзласа, чидай олмайди. Ахир бир ёстиққа бош қўйганларига ўттиз тўққиз йил бўляпти-ю, ҳалиям тил учида сўзлайди.
— Қара-я, ошхонада кимдир юрибди, дебман, — эри шундай деб, хонанинг у бурчидан бу бурчига бемаъни тикилди. Кимнингдир овозини эшитгандай бўлди.
— Менга ҳам шундай туюлди, — аёл дастурхондаги увоқларни қўли билан тўплай бошлади. — Ҳар қалай, ҳеч ким йўқ экан-ку.
— Рост айтасан, ҳеч ким йўқ экан, — эрининг овози ғайритабиий чиқди.
Аёл эрига ачинди:
— Ўрнинггга ёта қол, ўша тарақлаган нарса ташқарида экан, шамоллаб қолмагин тағин.
Эр дераза тарафга қаради.
— Ҳа, ташқарида бўлса керак.
Аёл ликопча тарафга қарагиси келмай, чироқни тезроқ ўчиришни истарди.
— Албатта ташқарида, қаерда бўларди. Шамолда тарнов деворга тегиб, тарақлаб туради. Ўша тарнов бўлса керак.
Улар қоронғу йўлакдан қайтиб, ётоқхонага ўтдилар.
— Ҳа, ўзиям шамол туни билан увиллаб чиқди-да.
Ўринларига ётишгач, аёл эрининг гапини маъқуллади:
— Шамол бўлганда тарнов тақирлар экан-да.
— Мен бўлсам, ошхонадами деб ўйлабман, — эри уйқу аралаш ғўлдиради. Овозидан алдаётгани сезилиб турарди.
— Ҳаво ҳам совибди, — эснади аёл. ¬— Кўрпани ёпинмасак бўлмас. Хайрли тун.
— Хайрли тун, — аранг жавоб қайтарди эр. — Совуқ чаккимас…
Сўнг атрофга сукунат чўкиб, бир неча дақиқа ўтгач, аёл эрининг хўрсинаётганини сезди. Уйғоқлигини билдирмасликка тиришиб, жим ётаверди. Шу зайлда аёлнинг кўзи илинди.
Кейинги куни оқшом эри уйига қайтгач, аёл унинг олдига тўрт бурда нон қўйди. Одатда уч бурда қўярди.
— Бемалол олавер, ош бўлсин, — деди у эрига.
Эр нонни иштаҳа билан еяркан, ўзини сезмаганга олди, аммо бошини кўтармасди. Аёлнинг эрига раҳми келиб кетди.
Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси