Марк Осборн хонасидаги креслода оёқларини стол устида чалиштирганча ўтирарди. У ўзича “агар ҳозир бирортаси хонамга кириб қолса менинг омадли ва иқтидорли детектив эканлигимга шубҳа қилмайди ва бу фикри нотўғри бўлмайди” деб ўйларди.
Осборн эндигина ўттизга кирган, бўйи баланд, юз қиёфаси жиддий ва қора сочлари қалин эркак эди. у ўзининг кўркам эканлигини биларди. Уч йиллик фаолиятидан сўнг унинг хусусий детектив агентлиги шаҳарда яхшигина обрўга эга бўлганди. У ҳали уйланмаган, лекин севгилиси бор эди. Кўнгилга соя солиб турадиган биргина нарса эса унинг севгилиси турмушга чиққан аёл эканлиги эди.
Хона эшигининг уч марта тақиллаши уни хаёлот оламидан воқеликка қайтарди.
-Киринг,-деди у оёқларини стол устидан туширар экан.
Гардишсиз кўзойнак таққан, башанг кийиниб олган, сочлари сийрак ўрта ёшлардаги киши эшикни очди ва ичкарига кириб келди. Детектив ўрнидан турди ва ташриф буюрувчи билан кўришди.
-Марҳамат, ўтиринг. Мен агентлик директори Маркус Осборнман. Хўш, хизмат?-У кўзгу олдида кўплаб марта такрорлаб машқ қилган бу сўзларни ярим ҳаяжон билан айтди.
-Менинг исмим Харолд Жонс,-деди ташриф буюурувчи паст овозда.-Сизни жуда кўпчилик тавсия қилди. Менинг бир нозиккина муаммоим бор, эшитишимча, сизнинг агентлигингиз ишни жудаям эҳтиёткорлик билан олиб борар экан.
Осборн бу сўзларни эшитиб камтарлик билан бош ирғаб қўйди.
Осборннинг янги мижози юзини четга бурди.
-Тахминимча, хотиним менга хиёнат қиляпти, аммо бунга тўлиқ ишонч ҳосил қилмоқчиман. Уни кузатишларингизни истайман… У уйдан чиққач қаэрга боришини ва ким билан учрашишини аниқлаб беринглар.
-Сизга тўлиқ ва батафсил маълумот берамиз. Маълумот қачон тайёр бўлиши керак?
-Менимча, икки ҳафта бемалол етса керак. Агар бу муддат камлик қилса узоқроқ вақт кузатишингиз мумкин.
-Кўрамиз… Лекин менимча, икки ҳафта етарли.
-Яхши. Мана бу менинг ташриф қоғозим. Мана бу хатжилдда эса хотинимнинг расми ва пул бор. Сизларнинг хизматингиз баҳосидан хабардорман. Қанча пул кетса сарфлайверинглар.
-Хотинингизнинг исми нима?
-Кристин Энн.
Осборннинг нафаси бўғзига тиқилиб қолди. Кристин Энн унинг севгилиси эди. Бу киши унинг эри экан-да. У хатжилдни очди ва ўзини босиб олиш учун вақтдан ютиш умидида сурат ва чекка тикилди.
Жонс унинг бу жиддийлигини ишга зудлик билан киришиш деб тушунди.
-Ишга жон-жаҳдингиз билан киришадиган одам эканлигингиз кўриниб турибди. Келаси сафар кўришганимизда менга батафсил маълумот беришингизга ишончим комил. Хайр.
Маркус ниҳоят тилга кирди.
-Хайр, жаноб Жонс,-деди у ўрнидан туриб, мижозини эшиккача кузатиб қўяркан.
Жонс кетгач, Маркус яна жойига ўтирди. У карахт бўлиб қолганди. У жавонни очди ва ичидан бир шиша виски билан стакан олди. У вискидан қуйди ва ичкилик ҳўплаганча энди нима қилиш кераклигини ўйлай бошлади.
Унинг янги мижози Кристин Эннинг эри. “Унчалик ҳам кўримли эмас экан,-ўйлади у.- Кристин у билан ажрашиб менга тегишни исташи бежизга эмас экан. Бундан ташқари, у мени жудаям севади”.
У мижозига ҳақиқатни етказа олмасди. Аммо барибир маълумот бериши шарт.
У ишни агент Скотт Палмерга топширишга ва икки ҳафталик кузатув давомида Кристин Энн билан учрашмай туришга қарор қилди. Кристиннинг эри унга қандай вазифа топширганини севгилисига кейинроқ, маълумотни бериб бўлгач айтади. Улар унинг устидан мириқиб кулишади.
Икки ҳафтадан кейин Скотт Палмер, ўз ишини чин дилдан адо этувчи йигирма бир ёшли йигит Осборннинг хонасига кириб келди.
-Жонснинг ишини ниҳоясига етказдим. Эртага эрталаб маълумот столингиз устида бўлади.
-Зўр! Яна бир нарса. Илтимос, жаноб Жонсга қўнғироқ қилиб эртага эрталаб соат ўнда хонамга келишини айтиб қўй.
-Хўп. Эртагача.
Эртасига эрталаб Жонс Осборннинг олдига келганида Скотт маълумот ёзишни ҳали тугатиб улгурмаганди.
-Хайрли тонг, жаноб Жонс. Ўтиринг. Қаҳва ичасизми? –деди Осборн.
-Яхши бўларди. Раҳмат.
Осборн пластик стаканга қайноқ қаҳва қуйди, шакар ва қаймоқ солиб Жонсга узатди.
Улар эндигина қаҳвадан ҳўплай бошлашган пайтда хонага Скотт кирди ва Жонс билан кўришгач, хўжайинига маълумот солинган жилдни топширди. Осборн маълумотнинг асл нусхасини олди ва дарҳол мижозига узатди. Маълумотнинг иккинчи нусхасини эса тескари ҳолатда олдига қўйиб қўйди.
Жонс маълумотни бир туки ҳам ўзгармай ўқиб чиқди. У ўқиб бўлгач, Осборнга тикилди ва деди:
-Учта.
-Кечирасиз?
-Мен шу нарсадан қўрққандим. Атиги икки ҳафта ичида уч киши.
-Нима тўғрисида гапиряпсиз?
-Сиз тайёрлаган маълумот. Батафсил ёзилибди. Икки ҳафта ичида у учта эркак билан учрашишга улгурибди.
Осборн бу сўзларни эшитиб бир қалқиб тушди. Оғзидаги қаҳваси тўғри олдидаги маълумот ёзилган қоғозга тушди.
-Нима? Кечирасиз,-деди у.
У қаҳва тўкилган ҳар бир варақни артганча маълумотни ўқишга киришди.
Ўқишни тугатгач, у ўзини ҳолсиз ва гўлдек ҳис қилди. Осборн бор кучини йиғиб мижозига тикилди. Мижози эса аста сўз қотди:
-Дунёда биз умуман ишониб бўлмайдиган аёллар ҳам бор, шундай эмасми?
Инглиз тилидан Дилшодбек Асқаров таржимаси.