Синъити Юки. Хазонрезги боғ (ҳикоя)

1

Боғ билан овуна бошлаганида Каяманинг ёши олтмишга кирганди. Ўшандан бери орадан ўн йил вақт ўтди… Олтмишга тўлганида, ўн йил умр кўраман деб у сира ўйламаганди, нари борса яна икки, уч йил яшарман деганди, энди, мана, кўриб турганингиздек, ўзига эрмак ҳам топиб олди. Ҳозир ёши етмишда… Боғ, у умид қилган ўша тушунтириш мушкул бўлган қувончни ҳадя этиши учун камида яна ўн йил вақт керак бўлишини у бошиданоқ билганди ва шунга қарамай, Каяма бор пулини икки юз цубо* ер сотиб олишга сарфлаганди. Ишдан бўшаши олдидан қўлига теккан пулнинг ҳам таги кўриниб қолганди.
Бурунги Мусасино текислиги қиёфаси ҳануз сақланиб қолган ўша Тамагава сойи яқинидаги ўрмон четидан уй қурди-да, ўзини бутунлай табиат ҳукмига топширди-қўйди – ёзда дарахтлар салқинидан баҳраманд бўлиб, кузда эса – барглар уюми ичида яшай бошлади. Боғдан қушлар аримасди, ёзда эса илонлар пайдо бўларди. Агар боғбон бўлиш иштиёқи туғилмаганда, шамол ҳамон дарахтлардан узилиб тушаётган баргларни тўзитиб, учириб, уларга ўз ҳукмини ўтказиб юраверган бўларди, бу — энди унинг иккала фарзанди бир вақт-нинг ўзида оила қуриб, уйни ташлаб кетишганидан сўнг бир йил ўтгандаги гап.
Хотини вафот этганида Каяма эллик икки ёшда эди. Иккала фарзанди – қизи ва ўғли оила қуриш учун унинг розилигини сўрашди. Ўшандан бери улар Каяманинг уйига қадам ранжида қилишмади. Баъзан Каямани ваҳима босарди: наҳотки у қари вайсақига айланиб қолаётган бўлса? Балки бу узоқ ва машаққатли умр давомида турмуш йўлдошисиз қалбингни тилка-пора қилувчи ўша ғалатилик тўпланиб бораркан-да? – дея ўзини-ўзи юпатмоқчи бўларди. Аммо бундан фақат тушкунликка тушгани қоларди, холос. Ўғли уйланиш ниятида эканини айтганида, Каяма қилар ишни қилиб қўйиб, энди мендан розилик сўраганига ўлайми, деб хавотирланган эди, йўқ, ўғли билан гаплашиб олганидан сўнг дарҳол розилигини берди. Қизида ҳам деярли шундай бўлганди. Тўғрироғи, у кўнгилчанлик қилганди.
Фарзандлари ўз оилалари билан барча қулайликларга эга замонавий уйда яшашарди ва отасининг алмисоқдан қолган эски уйига келишга унчалик ҳушлари йўқ эди. Бу даврнинг урф-одатлари Каямани қанчалик изтиробга солса, ўз ёлғизлиги, ҳаммадан ажралиб бир четда қолиб кетганини ҳис этиш шунчалик кучайиб бораверади. Иккита фарзанди тўртта бўлганини ўйлаб суюнса, энди бир йўла тўртталасидан ҳам жудо бўлгандек туюлмоқда эди… Каямага иккинчи бор уйланишдан кўра, фарзандлари келажагини таъминлаш муҳимроқ эди. Балки ўзини ёлғиз ҳис этгани учун ҳам уни ўз ёнига чорлайдиган дўсти ана шу боғ бўлишини хоҳлагандир.
“…Боғ яратдингми, энди, бунёд этганларингни сўнгги нигоҳинг билан вужудингга сингдириб, бу дунёни тарк этишинг қолади, холос. У дунёга олиб кетишинг мумкин бўлган ягона илинж – бу сўнгги лаҳзаларингда кўз олдингда гавдаланганлари бўлади, холос,”— бот-бот шивирларди Каяма ўзини нимагадир ишонтирмоқчи бўлиб, ҳолбуки, у дунё ўзи қанақа, деган саволга дурустроқ жавоб бўлмаса-да, рости у бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб ҳам кўрмаганди. Фақат мужмалгина қилиб, нариги дунё деб қўя қоларди. Каяма икки-уч йиллик умрим қолган бўлса керак дея бошида боғ яратишга ҳали астойдил ёки катта бир орзудек қарамай келарди.

2

Куз эшик қоқиши билан Каяманикига боғбон ва тош сотувчи кириб келди. Боғбоннинг исми Судо бўлиб, уни Каяманинг ўзи чақиртирганди, сотувчи эса кутилмаганда ўзи келиб қолди. У чоққина юк машинасида Окутитибу тоғидан тош таширди. Тош керак бўлган уй ёки боғ эгаларини ўзи қидириб топарди-да, юк машинасидаги тошни ўн икки ёки ўн уч минг иенга пулларди. Машинани одатда унинг йигирма ёшли ўғли ҳайдарди, савдогар эса унинг ёнида ўтирарди. Баъзан унга буюртмани олдиндан беришарди, лекин кўпроқ саккизта, тўққизта йирик тош юкланган машинасида яқинда қурилган уйларни унинг ўзи қидириб топарди.
Савдогар Каяманинг уйига худди шундай тасодиф билан келиб қолганди. Боғнинг кўлами унинг диққатини ўзига тортганди. “Аввал тошларимни бир кўрсангиз-чи”,— деди у. Сотуви юзи қизил, кўзлари қисиқ, тишлари эса оппоқ, бурнининг тагида қўнғиз мўйлови бор киши эди. Бу сифатларсиз унинг ташқи кўриниши эътиборни тортмаса-да, лекин ҳалол ва очиқ кўнгил эканини юзи шундоқ айтиб турарди. “Майли, кўрсам кўра қолай”, — кўнглидан кечирди Каяма, натижада эса бир эмас, бир неча юк машина тош сотиб олди. Унга содда, очиқ кўнгил савдогардан кўра кўпроқ унинг камтарин, бунинг устига меҳнатсевар ўғли ҳам ёқиб қолганди.
Каяма баъзан тош сотиб олишдан бош тортар ё бўлмаса молнинг баҳосини туширишни сўрарди. “Устоз, жа савдолашишнинг ҳадисини олибсиз-ку”, – жиддий қиёфада тегажоғлик билан дерди савдогар ва молини Каяма айтган нархга бериб юборарди. Эҳтимол, у Каяманинг бир вақтлар мактабда ўқитувчи бўлганини боғбондан эшитган бўлса керак.
– Бундай катта боғ учун, — савдогар иккала қўлини икки ёққа кенг ёзди, – ўн мошин тош керак бўлишини устознинг ўзлари жуда яхши билса керак. Йўлкаларга камида юзта тош плита зарур бўлади. Кейинроқ, аминманки, сизга яна йирик тош ҳам керак бўлиб қолади.
– Лекин менга боғ учун 50 цубо ер ажратилган… Сиз айтаётган ўша йирик тошнинг катталиги қандай ўзи?
Савдогар яна иккала қўлини икки тарафга ёйиб:
– Мана бундай ва бундан икки баравар катта ва йўғон. Ҳаво рангида. Бир донаси бир мошинга жой бўлади, – деди.
“Қизиқ, боғбон Судо буни қаерга жойларкин?” – деб ўйлади Каяма ва шу заҳотиёқ хаёлига бир фикр келди, эҳтимол, бу мовий тош бутун бошли боғ манзарасини мукаммал ҳолга етказар.
– Пулим камроқ эди. Шу тош билан якунлаб қўя қолсак дегандим. Тош ростдакам мовийми ўзи?
– Мовий бўлганда қандоқ! Мен уни яқинда топдим, ҳали ҳеч ким кўрмаган, ўғлимдан бошқа. Бунақасини умрингда икки ё уч марта учратишинг мумкин. Бир чақага қиммат тошни пуллаяпти, иши ҳам хўп сердаромад экан-да, деб ўйласангиз керак, чамамда. Баъзан шундай ҳам бўладики, уч кун тилинг осилиб ишлайсан-у, бор-йўғи биттагина шартнома имзолайсан, у ҳам харажатингни қоплайдими-йўқми, худо билади. Тошни Токиога етказиш учун яна уч кун сарфлайсан; бир кунинг тоғдан бир-бирига мос тушадиган тошни топишга кетса, иккинчи кунинг уни мошинга юклайсан, учинчи кун эса уни ташиш керак бўлади. Ёқилғи сотиб олиш керак, мошиннинг бузилиб қолиши бор, агар ёрдамчинг уқувли бўлмаса, топганингдан ҳам айрилиш ҳеч гапмас. Шундай пайтлар бўладики, уйга икки қўлингни бурнингга тиқиб қайтасан, устига-устак яна қарз ҳам бўласан, иш ҳақи тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Яна ишчиларга қуйиб беришинг ҳам керак. Ахир, улар ёш йигитлар бўлса. Тоғу тошлар менинг жон-дилим. Бу мовий ранглиси мени нимаси биландир ўзига мафтун этган. Ўйлайманки, сизнинг боғингизга у узукка кўз қўйгандек ярашиб тушади. Агар пули бўлганида ҳам барибир уни менга сотарди, деб ўйлайсизми? — Ҳаяжондан ва усиз ҳам савдогарнинг қип-қизил юзи худди тонгги шафақдек ловуллаб ёниб борарди.
Каяма бирдан юрагининг тез-тез ураётганини ҳис этди.
“…Мовий тошни у дунёга олиб кетаманми? Нима уни бошимга ёстиқ қилармидим?..”
Тахминан бир ҳафтача ўтгач, савдогар юк машинасида ўша мовий рангли тошни олиб келди. Пешона терини арта туриб, ҳаяжонланиб деди:
– Роппа-роса беш юз каммэ** бўлади!
Бу харсангни мошиндан тушириб, энди бу ёғига судраб олиб кириш боғбоннинг зиммасидаги иш эди. Беш киши дарҳол пишанг билан қуролланиб, секин-аста тошни силжита-силжита, боғнинг ичкарисига олиб киришди. Юмшоқ ер ҳам тошнинг оғирлигидан инграб юборгудек бўлди. Савдогар ҳам ечиниб, ўғли билан бирга ишчилар ёнида ивирсир эди.
– Эҳтиёт бўлинглар, тирналмасин, – баланд овозда огоҳлантирди Каяма. Бу огоҳлантиришдан кўра кўпроқ аврашга ўхшаб кетарди. Одатда Каяма деярли пичирлаб сўзларди, ҳозир эса овозининг кутилмаганда бундай кучли чиққанидан ўзи ҳам ҳайрон қолди. “Тамом, энди бу тош, менимча, ўзимга қабр тоши бўлади,”—дилидан ўтказди у.
– Яхши тош. Ажойиб тош.—Каяма савдогарнинг елкасидан уриб қўйди, бироқ қараса, бу савдогар эмас, унинг ўғли экан. Ўғли унга жавобан мулойимгина жилмайди-да, елка қисиб қўя қолди. Савдогар шундоқ ҳам қисилган кўзларини бадтар қисиб деди:
– Бундай тошда кундузи ётиб ухласа ҳам бўлади.
“Балки, – дея маъқуллагандек самимийлик билан бошини силкитди Каяма. – Кундузи ухлаш яхши, лекин, ундан ҳам яхшиси болаларни бу ерга чақириб, тош устида ўтириб кўк чой ичишга нима етсин! – Кутилмаганда унинг қалби қувончга тўлиб кетди, лекин шу лаҳзадаёқ унинг ўрнини дилгирлик эгаллади:– Бунча гўл бўлмасам…”
Харсангни боғнинг ўртасига олиб борганларида қош қорайиб қолганди. “Тошга сув керакка ўхшайди,”— ўйлади Каяма ва ёғоч пақирни ёшгина ишчига берди-да, қудуқдан бир неча пақир сув олиб келишни буюрди. Сув сепилгандан кейин силлиқ тош бирдан оч-кўк тусга кириб, яшнаб кетди… Каяманинг кўз олдида худди улкан денгиз ястаниб ётгандек бўлди. Савдогарнинг кўзлари бир оз намланди, у юзини Каямага яқинлаштирди-да:
–Қулоқ солинг-а. Водийдаги тоғ сойининг жилдирашини эшитаяпсизми?
– Эшитаяпман, шекилли. Менинг вафотимдан сўнг ҳам бу овоз янада баландроқ жарангласа қанийди. – Каяма нам тортган тошнинг сиртини силади. Савдогарнинг ёноқларидан ёш думалади.
– Тошни кўргим келиб қолса, яна келаман. Бир оз муддатга бўлса-да, орқа эшикдан киришга рухсат берарсиз, ахир?
– Ҳа, албатта, бизга йўқ демассиз, ҳарқалай… – журъатсизгина қўшиб қўйди савдогарнинг ўғли.

3

Икки-уч кун ўтгач, Судо хуш хабар олиб келди:
– Аобадайда улкан боғ сотиляпти. Бунга бир нечта ҳаваскор боғбон талабгор экан, шунинг учун олмоқчи бўлсангиз, бу масалани икки-уч кун ичида ҳал қилиш керак. Деярли сувтекин, бунинг устига, менимча у ерда учта юк мошинга ортса бўладиган қадимдан қолган ажойиб асл тошлар бор, ҳозир бунақасини олиб келишмаяпти, қидирсангиз ҳам ҳеч ердан тополмайсиз. Бу тошлар Курамадан, Косюдан, Тикубадан келтирилган. Очиғини айтсам, бир жойдан териб келинган тошларнинг қизиғи ҳам йўқ. Бу тошларни Сизнинг тошингиз ёнига қўйса борми, зўр бўларди-да. Бунга нима дейсиз?
Каяма боғ эгасини, боғнинг сотилиш сабабини обдон сўраб-суриштирди.
– Бу данғиллама уй қандайдир банк хўжайининики экан. Ҳаво ҳужуми вақтида ёниб кетибди. Ўн йил ўтибдики, уй қайта тикланмабди, шунинг учун уйнинг эгаси бева аёл боғни сотмоқчимиш. У ерда беш, йўғ-е, етти минг цубо ер бор. Аёл ерни тошларсиз, дарахтларсиз алоҳида сотмоқчи. У ерда сизга бемалол етиб ортадиган, йўлкага ётқизилган бир талай тош плиталар бор. Кавласа, бундан ҳам кўпроқ чиқиши мумкин. Уй ёниб кул бўлган. Лекин тошга бало ҳам урмаган, хуллас, бу ўша сиз излаган нарса.
– Яхши, эртага мен билан бирга бора оласизми?
– Албатта. Ҳозироқ у ерга бориб, огоҳлантириб қўяман.
Фарзандлари Каямадан оила қуришлари учун розилик сўраганларида тезда рози бўлиб қўя қолганидек, боғбон Судога ҳам худди шундай тезгина кўниб қўя қолгани ҳақида ўйлади. Ўғли, қизи уйни ташлаб кетишди, лекин энди бу ердан Курамадан, Косюдан, Тикубадан ва Окутитибадан оқиб келаётган тоғ сойининг кўпгина қадимги тошлари жой олганди… Каяма, уни чулғаб бораётган ўзига нотаниш бир ҳаяжонни ҳис этди ва бу ҳаяжон шу ондаёқ уни совуқ бўшлиқ қаърига тортиб кетаётгандек туюлди… Боғбончилик билан шуғуллангандан бери энди биринчи маротаба унинг юрагига қора шарпанинг дахл қилиши эди.

4

Каяманинг уйидан Аобадайгача – ўттиз дақиқалик йўл. Салқин кузнинг этни жунжиктирувчи эрта тонгида Каяма уйқудан туриб, унинг кундалик хурсандчилиги ва юпанчига айланиб қолган мовий тошга сув сепарди. Тош бамисоли одамнинг жуссадор гавдасига ўхшарди. Чўзилиб ётган одам гавдасига. Каяма дарахтдан томган ёмғир томчиларини шимиб олаётган тошнинг янада мовийроқ тусга кирганини кўриб, юраги сирқиради. Ерпарчин этилган танадан сойнинг жилдирашимас, балки илоҳий садо эшитилаётгандек туюларди унга.
“… Тошни ўзим билан у дунёга олиб кетсаммикан? Унга тинчгина бошимни қўйиб ётардим…” – Аввал ҳам унинг хаёлидан кечган бу сўзлар яна қайта жонланди. Шу пайт орқа эшикдан Судо кириб келди.
– Бу янги тош, албатта, яхши, лекин, тошнинг яна бир гўзаллиги шундаки, у қанчадан-қанча йилларни писанд қилмай, уни ортда қолдириб бизгача етиб келганида. Шундай қилиб, сизни кузатиб қўйишга тайёрман.
Каяма нонушта қилмай, у билан бирга чиқди.
Улар Аобадай боғига киришлари билан Каяма у ерни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолди. Бу ерда беш эмас, ўн минг цуболик ер бор эди. Ясама тепалик ортида баҳайбат дарахтлар ўсиб ётарди. Тош ва дарахтлар, чамаси, ҳатто харажатга ҳам қарамай, ҳар томондан ташиб келтирилганди… Каяма ҳалиям ўша қадимги Япониянинг руҳи кезиб юрган бу боғни узоқ айланди ва бу жойда яшаганларнинг бари урушгача ҳеч нимага зориқмай кун кечирган эгасини эслатиб турарди. Шу билан бирга, боғда юракни зирқиратувчи нимадир бор эди – Каяма гап нимада эканини чуқур англаб турарди. Бу ўн минг цубо ер ҳали-ҳануз ўша уруш ёнғини билан курашиб, куйиб ёнмоқда эди гўё.
– Қурбонлар бўлганмиди? – Каяма Судодан сўради.
– Миш-мишларга қараганда, ёнғин пайти уйда фақат беш нафар аёл бўлган экан, биронтаси ҳам омон қолишмаган дейишади.
Каяма индамай олға юриб кетди. Ҳатто кўз югуртириб ҳам улгуриб бўлмайдиган, улкан боғнинг у ер-бу ерида дарахтлар ва тошларни ортишга шай турган юк машиналари турарди, ишчилар ва боғбонлар эса гўё серташвиш чумолилар каби бетиним ишлашарди.
Судо Каямани орқа эшикка олиб борди-да, тошларни унга кўрсатди. Буни кўриб Каяманинг кўзлари чақнаб кетди, дам-бадам ҳаяжонли хўрсиниб қўярди. Сўнг Судо Каямани пастак ғаровзор ёқалаб чўзилган соядор сўқмоқдан бошлаб кетди.
Каяманинг кўзи эски чойхонага тушди. Кўҳна шийпонча азбаройи шарти кетиб, парти қолганидан йиқилай деб турганди. Учта ёш ишчи баракни қандай бузса, уни ҳам худди шу тахлит жон-жаҳдлари билан бузар эдилар. Уларга қолса, барини бир зумда йўқ қилиб ташлашса. Каяма ишчиларнинг жонланиб кетган юзларига боқдию юраги яна бир тутам бўлди. “ Бу уйга юз йилдан кўп бўлгандир-ов”. – хаёлидан ўтказди у.
Улар чойхонадан пастга қараб кетган энсиз сўқмоқдан боришаётганда, боғбон дабдурустдан Каямага ўгирилди-да, ҳаяжонини босолмай қичқириб: “Мана, шу ер!” дея бир гала ишчиларни кўрсатди. Унинг овозини эшитиб, ишчилар бир тўхтаб олдилар-да, кейин яна ишларини бамайлихотир давом эттиравердилар. Чирик барглар қоришиб кетган тупроқ остидан қора тош тўшамалар чиқиб келарди. Қазиб олинган элликтача тош тўшама уюми худди осмондан ёғилаётган қуёш нуридан ҳурккандек бир четда писибгина ётарди.
– Эшитяпсизми? – сўради Каяма Судодан.
– Нимани?
– Эшитмаётган бўлсангиз, майли…
“Ёнғинда ҳалок бўлган аёллар, ҳар куни бўлмаса-да, барибир, тез-тез мана шу тош тўшамаларни босиб ўтганлар!” – деб ўйлади Каяма. У олисдан бўлса-да, уларнинг оёқ товушларини ҳозир ҳам эшитиб турганини Судога қандай айтсин… Боғбоннинг унинг устидан кулгани қолади. Бу тўшамалар боққа терилса-чи, бу овозларни ўшанда ҳам эшита олармикан?..”
Каяма қўлларини чалиштириб, боғни битта-битта одимлаб айлана бошлади ва қалбида яна ўша қора сояни ҳис этди.

5

Кўп ўтмай Судо яна хушхабар олиб келди.
– Сал нарида яна битта сотиладиган боғ бор. Бунга нима дейсиз?
Каяма бошида рад этмоқчи бўлди:
– Мен ҳовлимнинг барини боққа айлантирмоқчи эмасман. Мен ўрмончани ва ундаги дарахтларни сақлаб қолиб, манзарали тошлар тердирмоқчиман, холос.
– Биламан, биламан. Тошлар билан уйғун бўлиши учун яна бош-қа дарахтлар ҳам экилса яхши бўларди. Азалиями***, сершох қарағайми, яна шунга ўхшашларни… Сув бўйига олхўри эксангиз борми, яйраб ўсади…
– Бу ерда буларнинг баридан борми?
– Бўлмасам-чи.
Маълум бўлишича, Судо бу дарахтлар тилини яхши тушунаркан, чунки урушнинг бошида бу ерга уларни ўзи ташиб келтирганмиш. Дарахтларнинг бари ажойиб, дерди у. Унинг гапларига қараганда у ерда яна бешта улкан, қучоғинг тўладиган манзарали дарахтлар, анорлар бор эмиш, хуллас, ҳаммаси зўр дейишади.
Уйининг ёнгинасида шундай боғ бор экани Каяманинг хаёлига ҳам келмаганди.
– Боғни сотиш уларга нима учун керак бўлдийкин?
– Ер-мулк эгаси яқинда оламдан ўтган, бевасига эса дарахтларнинг кераги йўқ, у, менга майсазор ва ҳовузча бўлса бўлди, деяпти.
… Демак, менинг боғимда ўша, бурунги тош тўшамалар ва дарахт-лар жўровоз қўшиқ айтар, экан-да. Ўлганларга нимаики азиз бўлган бўлса, барини шу ердан – менинг боғимдан топишади ва менинг овунчоғимга айланишади…” Каяма енгил шамол айлантириб-айлантириб ерга тушираётган баргларнинг шитирлашига қулоқ тутди. Тошлар ердаги барглар билан ўйнашгандек бўлиб, қандайдир сокин бир куйни яратишарди. Бирдан куйнинг ичидан унга: “Хазонрезги боғи” деган овоз эшитилди. Куннинг азбаройи тиниқлиги ва очиқлигидан овоз худди ғойибдан келаётганга ўхшарди.
“Хазонрезги боғи… Номи ёмон эмас”, – хаёлидан ўтказди Каяма ва Судога деди:
– Яхши. Бу боғни сотиб олганим бўлсин.
Судо вафот этганида Каяманинг ёши олтмишда эди. Боғбон вафотидан етти кун ўтгач, у Судонинг уйи орқасидан кичкина боғчага кирди. У ерда қари оқ олхўри ўсарди, Каяма унинг нархини тушириб бериш учун бошқа боғбон – Судонинг оғайнисидан илтимос қилди ва бу дарахтни уйига элтиб беришини сўради.
“…Мана, ўлганлар учун азиз бўлган яна бир нарса қўшилди…” Каяма олхўрини қандай олиб келишларини томоша қилатуриб, Судонинг унга нариги боғдан олиб келган дарахтини эслади.
…Катта юк аравасига ортилган дарахт илдизлари оғир ва бесўнақай эди. Уларни посангилаш учун аравача олдига тош осиб қўйишганди. Аравачани учта ёш йигит судраб борарди, кичик Судо эса байрам тантаналаридагидек дабдаба билан олдинда юриб, аста-секин тепаликка кўтариларди. Унинг кўзлари порлаб турарди. Аравача Каяманинг уйига кириб бориши билан бирдан эгилиб қолди.
“Эҳтиёт бўлинглар!”—қичқирди кимдир, лекин Судо аллақачон араванинг олдига ўтиб олганди. Ҳеч нарса бўлмагандай у: “Аввал тошни туширинглар,” – дея ёш ишчиларга буйруқ берди.” Мана бу “эҳтиёт бўлинглар” деб жар солишу беҳуда шовқин-сурондан унинг юзи норози тус олганди.
Тошлари туширилиши билан уларнинг оғирлигидан қутулган араванинг олд томони бирдан тепага қараб сакраб кетиб, устидаги дарахтлар кишнаётган отдек тиккайиб қолди. Судонинг эпчил ва чаққон ҳаракатларидан Каяма ҳайратда эди.
“Мақтанмоқчи эмасман-у, лекин шу пайтгача биронта ерим жароҳатланмаган. Балки, бўйимнинг пастлигидан шундайдир. Масалан, ҳаваскор-спортчиларни олинг, доим бир балога гирифтор бўлиб юришади. Менимча, фақат машқ қилиш билан иш битмайди.”
Дард шундай одамнинг ҳам бошига етибди-да! Унинг бошига дард эмас, сакэ етди. Каяманинг хаёлидан анави тош билан савдо қилувчи қизил юзли одам ҳам ичкиликка муккасидан кетган эди, деган фикр ўтди. Судонинг вафотидан сўнг савдогар иккови апоқ-чапоқ бўлиб қолганди. “Тошни кўргим келиб қолса, яна келаман. Бир зумга бўлса-да, орқа эшикдан кириб, уни кўришимга рухсат берарсиз?”—деб сўраган киши ҳалигача қорасини кўрсатгани йўқ.

6

Орадан беш йил ўтди. Мовий тош боққа бинойидек ўрнашиб кетди. “Агар унга қулоқ тутсангиз, сойнинг шилдирашини эшитасиз”, – дерди савдогар. Қулоғингизга нимадир чалинса, билингки, бу ўша, ўз ватанининг сойини қўмсаган тошнинг нидоси бўлади.
Бироқ, бу мовий тошга ўз ватанини кўриш бошқа насиб этмади. Ёмғирли, изғиринли кунларни унутмаган тошнинг сирти осмоннинг мовий рангини ҳам ўзига сингдириб олганди, унинг сон-саноқсиз ажинларида эса сабза рангли йўсин ўсарди. Сершох дарахт тагидаги ҳурпайган нозик новдалар тошни мулойимлик билан оғушларига олиб турардилар. Ёмғирдан сўнг гавдага ўхшаш тошнинг кўкрагидаги чуқурчага сув тўпланиб қоларди. Қаерлардандир баъзан болалари билан гала-гала бўлиб учиб келган чаққон чумчуқлар бўйинларини чўзиб, шу сувдан ичар, чанқоқларини қондиришар ва қанот қоқиб питирлашарди. Агар сув қуриб қолгудек бўлса, Каяманинг ўзи қудуқдан сув олиб уни тўлдириб қўйишни канда қилмасди. Чуқурчага барглар тўлиб қолса, Каяма уни ҳам олиб ташларди. Жониворга яқинлик ҳиссидан қариянинг юраги илирди. Табиат қандай яратган бўлса, барчаси ўша зайлда яшашда давом этарди. Бу қонунларнинг зуғумидан Каяма ҳам борган сари сўлиб борарди. У қаддини аввалгидай ростлолмай қолди, елкалари, бели тинмай оғрирди, кўзлари нурсизланиб, унга ажал кўланкаси жойлашиб олганди.
Аъзои-бадани тинимсиз қақшарди, бу, айниқса, кун бўйи уйидан чиқмай, диққинафас қолиб кетганида, ҳаракатсизлик, уни бутунлай домига олганида кўпроқ рўй берарди. Шунда киртайган кўзларининг олдини туман босиб, жимирлаб кетарди. Бундай пайтларда боғнинг оҳанрабоси уни ўзига тортгани-тортган эди.
У, оддий кундалик ташвишлардан қутулгач, анча йиллардан бери тўплаб келаётган эски китобларини варақлашга тушарди. Баъзан ҳуснихат билан овунарди. Қора тушга ботириб олган чўткани оппоқ қоғоз устига олиб келганида, завқдан юраги тўлиқиб кетарди. Бироқ, қанчалик истамасин, бу кунларни осойишта ўтказган кунларим деб айтолмасди, негаки, ёлғизлик, ажал кўланкаси ҳатто у ёзган иероглифларида ҳам ўзини намоён этиб турарди.
Сўнгги пайтларда Каяма тошдан чиқаётган овозни тез-тез эшитадиган бўлиб қолганди. У ёнидан ўтаётган ҳар бир тош тўшама унга оҳиста акс садо бераётгандек туюларди.
“Балки бу ёниб кетган ўша бешта аёлнинг қадам товушларидир?” –Каяма шундай ўйладию бирдан юраги шув этиб кетди. Йўқ, адашмаяпти, бу уларнинг одимлари.

7

Бир куни кечаси ёш бир аёл тунги кўйлакда тош тўшамалардан юриб Каяманинг хонаси олдига келди.
– Ким у? – сўради Каяма. Жавоб ўрнига аёл орқасини ўгириб олди. У бели таранг тортилмаган кимонода эди. Аёл оҳиста, сирғалгандек кўздан ғойиб бўла бошлади. Унинг Каямани чақиришга келгани кундек равшан эди. Аёлни йўқотишдан қўрққан Каяма оёқяланг унинг орқасидан тезда боққа югурди.
У аёл босиб ўтган тўшамалар устидан бора туриб, йўл-йўлакай, наҳотки, арвоҳларда ҳам оёқ бўлса, дея пичирлади ўзича, ҳарҳолда, буларнинг бари туш бўлмаса кераг-ов. Тўшамалардан оёғига ўтган иссиқ уни ҳайрон қолдирди. Балки бу иссиқ аёлнинг оёқларидан чиққандир?..
Каяманинг боғида Аобадий боғидан келтирилган саксонтача тош тўшама ёйиқ елпиғич шаклида учта йўлкага ётқизилганди. Каяма оқ кўланкани кўздан қочириб қўйди. Ўзига келиб қараганди, унинг мовий тош олдида турганини кўрди. Унга томон бир одим босди ва ҳовуздан балиқни чақиргандек, кафтини кафтига урди, шунда тош қаъридан унга акс садо эшитилди ва кетма-кет яна бошқа тошлар ҳам овоз бера бошлашди.
Каяма Судонинг ҳалок бўлган аёллар бешта эди деган гапини эслади. “Балки бу ўша бештадан биридир? – ҳаяжонланиб ўйлади ва кўз олдида қулаб тушаётган омборга ўхшаш яна ўша чойхона намоён бўлди. – Ўша уйга балки бешта аёлдан бири боргандир?.. Айнан ўша, бугун пайдо бўлгани?.”
– Эшитяпсизми?
– Нимани?
– Агар эшитмаётган бўлсангиз, майли… — Каяма Судо билан бўлган суҳбатни эслади. Бугун ўлганига ўн йилдан ошган хотини унинг орқасидан келгани эҳтимолдан йироқ. Йўқ, бу аёлнинг қомати бутунлай бошқача эди – бу ёш қиз бўлса керак. Шубҳа-гумонлар Каямани тинч қўймаётганди.
Каяма етмишга кирди. Энди куннинг ярмини айвонда шезлонгга**** ётиб, баъзан мудраш билан паришонликда ўтказарди. У тез-тез қани энди бу дунёни мана шундай тинч ва осойишта, азобсиз тарк этсам дея хаёл қиларди. 200 цубо ерни эгаллаб ётган боғ ўша-ўша ўзининг ҳурпайган кўкаламзори билан унинг ҳамон кўнглини кўтариб келаётган бўлса-да, лекин юрагининг туб-тубида қандайдир хавотир ётарди. Энди бу туйғу уни тарк этмаслигини Каяма яхши тушунарди.
Каяма рўзғор тўрвасини олиб, тиқилиб кетган автомобиллари билан қулоқни қоматга келтирувчи шовқин-суронли кўчага чиқди-да, бир-бир босиб аста дўконга кирди. Харидорлар орасидан ўзи тенги эркакларга дуч келиб, тескари қаради. Бу кексалар бунчаям бечора бўлиб кўринмаса, дея хаёлидан ўтказди. Уларга на ҳашаматли мебел, на ноёб, қимматбаҳо жиҳоз керак. Деярли бўм-бўш рўзғор тўрвасини кўтариб олган етмиш ёшли қария — бундай мутаносиблик сенда на фақат ачиниш ҳиссини уйғотади, бу ҳатто кулгингни ҳам қистатади.
Унинг иштаҳаси яхши эмасди. Агар, боғ икки баравар ўсиб, катталашган бўлса, Каяманинг ўзи икки бараварга нозиклашиб кетганди. Сумкага ҳар доимгидек рўйхати унча узун бўлмаган ўша-ўша бир хил озиқ-овқатлар; нон, ёғ, тухум, мевалар ва кўкат солинарди. У шуларнинг ўзи унга кифоя деб ўйларди ёки бўлмаса ташвишлардан қочиб, наридан-бери овқатланарди.
Асл япон ошхонаси таомларидан у камдан-кам ҳолларда тановул қиларди, нафсини тийиб, озига қаноатланиб қўя қоларди, чунки оз еди нимаю, кўп еди нима, унга бунинг аҳамияти бўлмай қолганди. Кунига уч маҳал бир хил овқат ерди, кейин икки маҳалга ўтди, охирги пайтларда бир маҳал дастурхонга ўтирадиган бўлди. У кўпроқ сув ичарди, сув пиццанинг ўрнини босарди. Каяма дўконга ҳам ҳар куни чиқмасди, шу боис кўпроқ моғор ҳиди анқий бошлаган нондан ерди.
У қуёш ботиши билан ухлагани ётарди. Ухлаш олдидан эса кечки газета ва китобларни варақларди. Уйқу элитиши билан китобни ёпарди-да, қани энди шу тахлит тинчгина оёқ-қўлингни чўзиб, у дунёга равона бўлсанг, дея орзу қиларди. У кўпинча қоронғи хонада кўзларини чақчайтириб тонг отишини кутиб ётарди: нафас олишга қийналганидан аъзои-баданини тер босиб, кўз юмушга ҳам қўрқиб қолганди.
Бу йил ҳам оппоқ кимонодаги ўша аёл боғ йўлкасидаги тош тўшамалардан юриб, яна унинг ёнига кела бошлади. У бу ерга тез-тез келадиган бўлиб қолганди, аёл ҳар келганида Каяма унинг кетидан боғ томонга ошиқарди. Каяма юрагидаги товуш аёлни чақираётганини эшитиб, юрагини ҳовучлаб, унинг изидан борарди, бирон нимадан уялмагунча бундай қатъиятсизликдан ўзини тўхтатолмасди… Оппоқ либосли бу аёл доим ғойиб бўлиб қоларди. Ҳар сафар бир жойда – ўша мовий рангли тош ортида кўздан йўқоларди …
Каяманинг юзида томчи думалади. Йўқ, бу кўзёши эмасди. Унинг кўзида унар-унмасга оқавермайдиган намни сиқиб чиқарадиган нотаниш бир оғриқ турганди. Худди сакэ***** енгган Судо каби тош савдогари вафот этибди-да, деган ўй кечди унинг дилидан.
“…Агар ҳаёт бўлсанг, нега келмайсан? Сени, ўғлингни шундай соғиндимки…”
Кумуш рангли балиқ қоронғида ҳовуз юзини бир шапиллатди-да, ўзи кўтарган тўлқин ичига кириб ғойиб бўлди. Тўлқин кенгайиб бораверди. У ерда, чуқурликда балиқлар эркин, озод сузар эдилар. Оппоқ бўлиб кўринаётган аёлнинг ҳаяжонга солувчи эҳтиросини ўзидан нари қилолмаган Каяманинг бундан мажоли қуриб, серрайиб қотиб қолганди. У ўзини тош устида юз йилдан бери худди мана шундай қимирламай ўтиргандай ҳис этмоқда эди…

8

Бир вақт қараса, Каяманинг ўғли рўпарасида турибди..
– Тош ташувчининг ўғли-чи, у қани?
– Нима дедингиз?
– Йўқ, ҳеч нима, ўзим шунчаки… Қачон келдинг?
– Анча бўлди. Ота, нима, тобингиз йўқми?
– Шунчалик ташвишланар экансан, ҳар замонда бир келиб, ҳолимдан хабар олсанг бўларди. Бу ерга ўзи йилда неча марта келасан?
– Тўрт марта, шекилли…
– Шу етарли деб ўйлайсанми?
– Баъзан шунақа бўлиб қоладики…
– Хотининг тузукми?
– Юрибди.
Каяма ғарибона кечки овқатини ҳозиргина еб олганди.
– Сал эртароқ келганингда бирга овқатланардик.
– Бошқа сафар.
– Бошқа сафар…Ўша бошқа сафаринг насиб қилишига ишонасанми ўзинг?
– Бўлмаса-чи.
– Бошқа сафар… Эндиги бошқа сафар мен бўлмайман…
Каяма ўғли ҳозир нима ҳақда ўйлаяпти-ю, бунга қандай жавоб беришини кутарди.
– … Унинг ёши анчага бориб қолди… Анчага.
– Мен дунёда бундай гапларни эшитиш учун яшамадим.
– Унга нима керак?.. Бунча маъюс кўринади. Ҳозир нимани истаса, бари муҳайё бўлиши мумкин.
– Ҳа, мен ҳам қачонлардир нималарнидир орзу қилганман. Энди етмишга кирдим… Шундай бўлса-да, сенга атаганим бор.
– Кўнглингда бирон-бир орзу борми? – сўради Каяма.
– Қайдам. Нимани ҳам орзу қилардим.
– Пул керакмасми сенга?
– Пул қанча бўлса ҳам зарар қилмайди.
– Мен айнан шу ҳақда сен билан гаплашмоқчиман. Тўғри, менда ҳозир пул йўқ, лекин бошқа нарса бор. Яқинда мен сенга мана буни тайёрлаб қўйгандим.
Китоб жавони тортмасидан Каяма пергамент қоғозли конвертни олди-да, уни ўғлининг тиззасига қўйди.
– Бу нима?— сўради ўғли.
– Очсанг – кўрасан. Сўрашнинг ҳожати йўқ.
Ўғли конвертга кўз қирини ташлади-да, дарров уни Каямага қайтариб берди.
– Керакмасми?
– Пул доим керак, лекин буни ололмайман.
– У ерда нима ёзилганини кўрдингми ўзи?
– Бу автомобил ҳалокатида содир бўладиган бахтсиз ҳодисадан суғурта.
– Агар менга бирон кори ҳол юз берса, бу пул яна ўн мартага кўпаяди. Ўзинг биласан, йўловчилар орасидаги ўлим хавфининг энг юқори кўрсаткичи – бу айнан болалар ва етмиш ёшлилар орасида учрайди – бадали 500.000 иен, суғурта эса 5 миллион.
– Айтдим-ку, ололмайман деб.
– Балки кўчага чиққанимда, бехосдан қоқилиб, йиқилиб тушарман? Қарабсанки, мен машинанинг тагидаман. Шундай бўлиши мумкин-ку, ахир?!
– Бас қилинг, бундай нарса билан ҳазиллашмайдилар!
Ўғлининг юзи қизариб кетди. Унинг хижолат тортганини кўрган Каяма, уни бундай ақлсиз ишни қилишга ундаган ёқимли бир оғриқни ҳис этди. Бу ақлсизликмиди ёки ўйлаб қилинган ишми, энди унга ҳаммаси барибир эди.
– Менинг гапим – гап. Шундай бўлгач, бу ҳужжатларни олиб қўй. Бари бир бундан қочиб қутулолмайман.
… Бирдан Каяманинг кўз олдида улкан ташландиқ боғ намоён бўлди; тиниб-тинчимас боғбонлар, тош кавлаётган ишчилар, энди бу қиёфалар унга бегона, ёт шарпалардек кўринарди.
“Ким билади, балки, менинг боғим ҳам худди шундай қаровсиз аҳволга тушиб қолар. Унинг ўрнига одамлар яшайдиган уй ёки кўп қаватли бино қуришар, эҳтимол…”
Каяма босиқ хириллаган овозда гап бошлади:
– Балки, боғдаги тошларни сен ўзинг териб олиб сотарсан! Уларни бу ерга олиб келишганига ўн йил бўлди, лекин уларнинг ўзи беш минг ёшда. Бу тошларнинг жони бор. Мен энди ўламан, кейин дарахтлар ҳам нобуд бўлса керак. Токионинг ҳавосини ҳаво деб бўлмайди.
Ўғли отасининг гапларидан нохуш ҳайратлангандек бўлди. Шу пайт унинг орқасидан ҳалиги номаълум оқ кўланка ўтгандек бўлди.
– Ўша аёл!
– Нима деяпсиз?
– Тошни сотиш ҳақида ўйлашим билан шу аёл пайдо бўлади…
– Нима деяпсиз, қанақа аёл?
– Ўша аёл! У бу ерда боғдаги тошларни соғинганидагина пайдо бўлади. Бу оқ кимонодаги ўша аёл.. Қачонлардир Аобадайдаги дан-ғиллама уйда ёшгина аёл яшаган. Фалокатни қарангки, уруш бошланиб, аёл уйи билан бирга ёниб кетган. Ўша тошлар унинг боғидан келтирилган. Афтидан, у, ҳар куни шу тўшамаларни босиб ҳовуз ёнига борган ва ўтириб хаёлга чўмган. Сўнгра яна шу тўшамаларни босиб, орқасига қайтган ва эски чорбоғига чиқиб, чой дамлаган…
Каяма шу сўзларни шивирлабгина гапирди-да, кўзини юмди. Қорон-ғилик тобора яқинлашиб, қувонч борган сари уни қуршаб борарди, ёки қоронғиликка ўрганиб қолиб, ёруғликни аранг ажратаётган кўзлари энди илиқликни ҳис эта бошлаганди…

Русчадан Дилдора Алиева таржимаси
__________
* Ц у б о -3,3 кв.м. майдон ўлчовчи.
** К а м м э – оғирлик ўлчови, 3,75 кг.
*** А з а л и я – манзарали ўсимлик.
**** Ш е з л о н г – ўриндиғи узун оромкурси.
***** С а к э – ароқ.

ХАЗОН ҚОПЛАГАН БОҒ

I

Боғ барпо этишга киришганда Каяма олтмишни қоралаган эди. Шунга ҳам ўн йил бўлибди… Ўша пайтда яна ўн йил яшашига кўзи етмаган, узоғи билан икки-уч йил яшасам керак, деган хаёлда шу ишга қўл урганди. Бу йил етмишга киради… Очиғи, боғ ўзи орзу қилганидек чексиз, қувонч бахш эта олгулик даражага етгунча ҳеч бўлмаганда ўн йил ўтиши лозимлигини бошидаёқ англаган эди, лекин шунга қарамай Каяма шунча йил йиғиб-терган пулига икки юз цубо ер сотиб олди.
Тамагава дарёсининг яқинидаги дарахтзор этагида, бир замонлардаги қиёфасини сақлаб қолган Мусасино яланглигида уй қурди, ҳовлисини эса девор билан ўраб олмади. Шу сабабли умри ёзда дарахтлар соясию салқини, кузда эса тўкилган хазонлар орасида ўтарди. Йил-ўн икки ой боғда қушлар сайроғи тинмас, ёз фаслида илонлар пайдо бўлар эди. Башарти кунларнинг бирида боғ барпо этиш истаги оромини ўғирламаганда, у тўкилган япроқларни шамол учириб-ўйноқлаганини томоша қилиш билан умргузаронлик қилган бўларди.
Бу воқеа иккала фарзанди оила қуриб уйдан чиқиб кетишганидан сўнг юз берганди.
Хотини вафот этганида Каяма эллик иккига кирган эди. Оналарининг ўлимидан кўп ҳам ўтмай болалари – ўғли билан қизи – оила қуриш учун розилик сўрашди. Ўшандан буён уларнинг деярли қадами узилган. Баъзида қариб мианғи бўлиб қолганман, шекилли, дея кўнгли ғаш тортарди. Эҳтимол, узоқ йиллар маҳрамсиз, ёлғиз яшаш одамзодни шунақа инжиқ қилиб қўяр, деб ўзини оқлар эди. Бироқ шундай кезларда ҳамиша кўнгли ўксир, дунё кўзига қоронғи кўриниб кетарди. Ўғли уйланиш ҳақида гап очганда Каяма аввалига ўзи ҳал қилиб қўйиб, кўнглим учун сўраяпти, деган гумонда эзилди, лекин ўғли билан суҳбатлашгач дарҳол розилик берди. Қизи ҳам акасининг йўлидан кетди.
Фарзандлари бола-чақаси билан замонавий, шинам уйларда яшарди. Бугунги ёшларнинг замона зайли билан бу қадар бемеҳр ва оқибатсиз бўлиб кетганлигидан Каяма ўкинмасди-ю, фақат ўзининг ёлғиз экани, ҳеч кими йўқ одамдек ғарибу бенаво яшаётганлигидан юраги сиқилар эди… Иккита болам тўртта бўлди деб юрарди, йўқ, аксинча, ўйлаб қараса, тўртовидан айрилиб қолганга ўхшайди… Ҳолбуки, Каяма шуларни деб қайта уйланмаган эди-ку? Балки дали-дунёсини вайрон қилиб юборгудек қисматини унутишга ёрдам бўлар деб боғ барпо этишга киришгандир?! Эҳтимол, боғ билан андармон бўлиб ёлғизлигини унутмоқчидир?!
– Қанийди кўзим очиғлигида боғ барпо қилсам, дунёдан армонсиз ўтардим. Боғни ўзим билан орқалаб кетолмасам, кимгадир мендан кейин нафи тегар… Ўзидан боғ қолаётганини ҳис қилган одам оёқ-қўлини хотиржам узатиб ўлса керак… – деб шивирларди кўпинча Каяма ўзига далда бериш учун, ҳолбуки, нариги дунё деганда нимани назарда тутаяпти, ўзи ҳам билмасди. У боғ орзуси ҳақида ҳам дастлаб иккиланиб, ишонқирамай гапирганди, чунки беш кунлигим борми-йўқми деган гумонда эди.

II

Кузнинг бошларида Каяманикига боғбон билан тошфуруш келди. Боғбонни – уни Судо деб аташарди – Каяманинг ўзи таклиф этганди, тошфуруш эса кутилмаганда пайдо бўлди. У чоғроққина юк машинасида Окутитибу тоғидан тош келтириб сотарди. Тош зарур биронта ҳовли ёки боғни топиб, эгаси билан келишарди-да, бир машинасини кўтарасига ўн икки-ўн беш минг иенга сотарди. Одатда, машинани ўғли ҳайдар, ўзи эса унинг ёнида ўтирарди. Онда-сонда бир неча кун илгари буюртма беришарди, аммо кўпинча саккиз-ўнта баҳайбат тошни машинасига ортиб олиб, эндигина қурилиш бошланган уй-пуй ахтариб юрарди.
Тошфуруш Каяманикига худди шу тариқа, тасодифан келиб қолган – боғнинг катталиги унинг диққатини тортган эди. “Менинг тошларимни бир кўринг, бунақасини бутун Япониядан излаб тополмайсиз, тошмисан-тош ўзиям”, – деди у. У юзи қизил, кўзлари қийиқ, тишлари оппоқ, қўнғиз мўйловли одам эди.
“Кўрсам кўрибман-да”, деб хаёлидан ўтказганди Каяма ўшанда ва пировардида бир эмас, бир неча машина харсангтош сотиб олганди. Унга дали-ғули ва кўнгли очиқ отасига қараганда янаям камтарроқ ва маҳнаткашроқ ўғли ҳам ёқиб қолганди.
Бир сафар Каяма тошларни олмайман дедими ёки арзонроқ сўрадими, тоштарош: “Домла, жуда пишиқ экансиз”, – деди ҳазиллашиб, аммо барибир Каяма айтган нархга берди. У Каяманинг бир пайтлар мактабда ишлаганини боғбондан сўраб билган бўлса керак.
– Домла, назаримда, бунақа катта боққа, – тошфуруш қўлларини кенг ёзиб кўрсатди, – кам деганда ўн машина тош кетади. Йўлканинг ўзига эса юзта тоштахта керак. Ишончим комил, кейинроқ катта-катта тошлардан ҳам зарур бўлади.
– Аммо мен бор-йўғи еримнинг эллик цубосини боғ қилмоқчи эдим… Сиз айтаётган катта тош қанақа?
Тошфуруш азамат қулочини катта очиб:
– Мана бундай, – деди, сўнг оппоқ тишларини кўрсатиб жилмайди. – Мана шунга иккита келади, ҳам бўйига узунроқ. Мовий. Ўзиям биттаси юк машинасини эгаллайди.
“Қизиқ, боғбон Судо уни қаерга жойлаштирган бўларди?” – кўнглидан кечирди Каяма ва дафъатан мовий тош боққа алоҳида файз берса керак деган фикрга келди.
– Пулим камроқ. Шундан бошқа тош ололмайман. Ранги чиндан ҳам мовийми?
– Мовий, мовий. Бунинг устига, бебаҳо тош! Мен уни яқинда топдим, ҳали ҳеч ким билмайди. Фақат ўғлимнинг хабари бор. Бунақасини илгари кўрмагандим, рости. Сиз, зап ҳунари бор-да, қаёқдаги тошларни келтириб фалон пулга сотади, деб ўйласангиз керак? Қаёқда? Баъзан уч-тўрт кунлаб бир дона тош сотолмайсан, харажатингни қоплаёлмайсан. Токиога тош келтириш учун уч кун кетади; бир-бирига мос тошлар топишга яна бир кун; юк машинасига ортишга бир кун; яна бир кун олиб келишга. Бунинг орасида бензин керак; баъзан машина ишдан чиқади, баъзан мардикор ношудлик қилиб бехосдан топган тошингни ишдан чиқаради. Уйга қўлимизни бурнимизга тиқиб келган кунлар кўп бўлган – маош олмаганингдан кейин мажбур бўласан қарз-ҳавола кўтаришга. Бу ёғи ишчиларнинг хизмат ҳақи, бунинг устига, озгина сийлаб, кўнгли учун қиттак-қиттак қуйиб бераман, ҳаммаси ёш-ёш йигитчалар… Очиғи, мен бу тошларни яхши кўраман. Мана шу мовий тош, айниқса, кўнглимга ўтириб қолди. Менимча, роса сизбоп, боғингизга файз бағишлайди, зарур бўлмаса сотармидим… – ҳаяжонланганидан тошфурушнинг шундоқ ҳам қизғиш юзи бўғриқиб кетди.
Туйқус Каяма юраги дукурлаб ураётганини сезди. “…Шу баҳайбат мовий тошни нариги дунёга олиб кетсаму тинчгина устига чиқиб ухласам…”
Тахминан бир ҳафта ўтгач, савдогар юк машинасида ўша мовий тошни олиб келди. Манглайидаги терларни артар экан у ҳаяжонланиб:
– Бир ярим тоннадан кўп бўлса кўпки, кам эмас, – деди.
Бу баҳайбат тошни машинадан тушириб, белгиланган ерга олиб бориш боғбоннинг зиммасида эди. Беш киши мисранглар ёрдамида тошни боғ ичкарисига секин-аста суриб-силжитиб кета бошлашди. Юмшоқ ер тошнинг оғирлигидан зирилларди. Белигача яланғоч бўлиб олган савдогар ўғли билан мардикорлар орасида ўралашиб юрарди.
– Секинроқ, қирилмасин! – дея огоҳлантирди Каяма, бироқ бу огоҳлантиришдан кўра кўпроқ ўдағайлашга ўхшарди. Одатда, Каяма шивирлагудек гапиргучи эди, ҳозир эса овозидан ўзи ҳайрон бўлди ва ичида “Тушунарли, мана шу тошни қабримга қўйишса керак”, деб қўйди.
– Ўзиям тошмисан-тош экан. – Каяма савдогарнинг елкасига қоқди, лекин бирдан қараса, у қолиб, ўғлининг елкасига қоқаяпти. Савдогарнинг ўғли беозоргина жилмайди ва билинар-билинмас елка учириб қўйди. Савдогар эса, кўзларини қисиб Каямага қаради:
– Бунақа тошда кундузи ҳам бемалол ётиб ухласа бўлади.
– Дарҳақиқат, – Каяма маъқуллаган бўлиб бош қимирлатди. – Кундуз куни ухлаган яхши, аммо бола-чақаси билан биргаликда шу тошда ўтириб кўк чой ичганга нима етсин?! – Ногаҳон унинг юраги қувонч туйғуларидан тўлиб-тошди; бироқ ўша заҳоти шашти қайтди. “Бунчалик содда бўлмасам…”
Тошни боғ ўртасига олиб боришганда қош қорая бошлаганди. “Балки, тошни яхшилаб ювиш керакдир?” деб ўйлади Каяма ва ёшгина мардикорга ёғоч челакни бериб, қудуқдан сув келтиришни буюрди. Сув билан ювилган тошнинг силлиқ сатҳи бир зумда кўм-кўк тусда товланиб кетди… Каяманинг хаёлига бир замонлар маҳлиё бўлиб томоша қилган денгизи келди. Савдогарнинг кўзларида ёш ғилтиллади, у Каямага яқин келиб:
– Қулоғингизни тутинг, – деди. – Эшитяпсизми, худди тоғ ирмоқларининг шарқираб оқишига ўхшайди-я?
– Ҳа, ўхшаяпти. Қанийди мен ўлгандан кейин ҳам бу товушлар янаям аниқроқ эшитилса. – Каяма тошнинг намчил сиртини силаб-сийпади.
Савдогарнинг ёноғидан кўз ёшлари оқиб тушди.
– Тошни кўргани яна бир келарман, орқа эшикдан кириб томоша қиламан, майлими?
– Битта илтимосимиз, ўшанда раъйимизни қайтармасангиз, – дея қўшиб қўйди савдогарнинг ўғли иккиланиброқ.

III

Икки-уч кундан сўнг Судо хушхабар келтирди:
– Аобадайда бағоят улкан боғ сотилаётган экан. Очиғи, икки-учта ишқибоз харидор бўляпти, шунинг учун, оладиган бўлсангиз, отни қамчилаш керак. Жуда арзон, бунинг устига, уч машина чиқадиган қадимий тошлари бор, ҳаммаси жуда антиқа – ҳозир бунақаларини ҳеч қаердан тополмайсиз. Ноёб тошлар, ҳаммаси Курама, Косю, Тикубадан келтирилган… Очиғини айтганда, фақат битта жойдан келтирилган тошлар одамга завқ бағишламайди. Сизда борлари билан қўшиб, аралаш қилиб терилса, ёмон бўлмасди. Нима дедингиз?
Каяма боғнинг эгаси ҳамда шундай жаннатмонанд боғини сотишининг сабабини сўраб-суриштирди.
– Бу ер аллақайси банк директорининг данғиллама ҳовлиси бўлган. Ҳаво ҳужуми пайтида ёниб кетган. Орадан ўн йил ўтибди ҳам биров уйни қайта тикламади, охир-оқибат банкирнинг беваси боғни сотишга қарор қилди. Менимча, беш, йўқ-йўқ, бемалол етти минг цубо чиқади. Ернинг қуруқ ўзини сотаркан – тошларсиз, дарахтларсиз. Тарашланган бир-биридан чиройли тошлари тиқилиб ётибди. Бир замонлар боғ ичкарисидаги чойхонага элтадиган йўлкага фақат шунақа тошлар ётқизилган. Сизга бемалол етади. Агар ўша йўлка атрофларини кавласа, яна чиқади. Кўшк ёниб кул бўлгани билан тошлар қандоқ бўлса, шундайлигича турибди. Олган одам барака топади.
– Хўп, яхши, – деди Каяма. – Эртага бирга борамизми?
– Албатта. Ҳозироқ бориб, боғ эгаларига айтиб қўяман.
Каяма худди фарзанди уйланишга рухсат сўраганида дарҳол розилик билдиргани каби ҳозир Судонинг таклифига осонгина унаб қўя қолганига ўзи ҳайрон бўлди. Болалари уйни ташлаб кетишгани билан, ҳарқалай, бу ерга Курамадан, Косю, Тикубадан келтирилган қадимий тошларни ётқизишади… Окутибу дарёсига қуйиладиган тоғ ирмоқларидан келтирилган тошлар ҳам бор… Каяма дафъатан тўлқинланиб кетди, назарида, чуқурлик қаърига қулаб тушаётгандек кўзларини юмиб олди… Боғ барпо қилишга киришганидан буён биринчи марта қора хаёллар дилига соя ташлаши эди…
Каяманинг уйидан Аобадайгача ярим соатлик йўл. У барвақт турди: ҳар куни эрталаб салқин куз ҳавосида мовий тош устидан сув қуяр, бу унинг кундалик юмушига айланган эди. Тош жуссадор одам танасини эслатарди. Чалқанча ётган “тана”ни – дарахт шохларидан томаётган ёмғир томчилари таъсирида кўк тусга кириб бораётган тошни кўриб Каяманинг юраги ҳаприқар эди. Назарида, улкан тошдан тоғ ирмоқларининг жилдираши эмас, балки илоҳий бир садо таралаётгандек бўларди.
“…Тошни ўзим билан нариги дунёга ола кетсам, олиб кетолсам… Устига чиқиб тинчгина уйқуга кетсам-да…” – кечаги хаёли унинг ёдига тушиб, қулоқлари тагида яна такрорланди. Худди шу асно орқа эшикдан Судо кириб келди.
– Бу янги тош ҳам ёмон эмас, аммо қадимий тошлар бошқача бўлади. Қисқаси, кетдикми ёки кута турайми бироз?
Каяма нонушта ҳам қилмай Судо билан жўнади.
Аобадайдаги боғни кўриб Каяманинг оғзи очилиб қолди. Афтидан, боғ, Судо таърифлаганидек, беш цубо эмас, бемалол ўн минг цубо келарди. Сунъий тепалик ортида – баҳайбат дарахтлар саф тортган. Дарахтлар билан тошларни, чиқимидан қатъий назар, ҳар қаердан келтиришган кўринади. Каяма бамисли ҳали-ҳануз қадим Япониянинг руҳи сақланиб қолган боғда узоқ айланиб юрди, бу ерда ҳамма нарса боғ эгасининг урушга довур ҳаёт кечирганидан дарак берарди. Боғ алланимаси билан одам руҳини эзарди, Каяма шуни бутун вужуди билан ҳис қилди. Гўё мана шу ўн минг цуболик боғ уруш йилларидаги ёнғинда куйиб кул бўлган қўрғон ҳақидаги хотирани сақлаб турарди.
– Ўшанда одамлар ўлган бўлса керак? – сўради Каяма Судодан.
– Ёнғин маҳали уйда фақат аёллар қолган экан – беш нафари ҳалок бўлган дейишади.
Каяма индамай йўлида давом этди. Ҳайҳотдай боғнинг гоҳ у қисмида, гоҳ бу қисмида дарахтлар билан тошларни олиб кетгани келган юк машиналар кўзга чалинар, мардикорлар, боғбонлар ғимир-ғимир қилиб юришарди.
Судо Каямани боғнинг орқа дарвозаси томон олиб бориб тошларни кўрсата бошлади. Унинг кўзлари чақнар, дам-бадам қойил қолиб оҳ тортиб қўярди. Сўнгра Судо Каямани пастак бамбуклар ёқалаб кетган соя-салқин йўлкадан бошлади.
Каяманинг кўзи вайрон бўлган омбор сингари эски, омонат уйчага тушди. Уч нафар ёш-ёш мардикор уйни шунчалик ғайрат билан осон бузишар эдики, худди фанердан қурилган иморатни йиқитяптими дейсиз?! Улар азбаройи қайнаб-тошган куч-қувватларига маҳлиё эканликларидан ичларига сиғмасдилар. Каяма уларнинг жўшқин чеҳраларига қараб туриб, яна ичидан зил кетди. “Уйчанинг қурилганига юз йилдан ошган бўлса керак…” дея кўнглидан кечирди у.
Улар чойхона ёнидаги бошқа энсизгина сўқмоққа ўтиб пастга энаётганларида боғбон туйқус Каямага юзланди-да, ўта ҳаяжонланиб: “Шу ерда!” – деб қичқирганча бир гуруҳ мардикорларни кўрсатди. Унинг овозини эшитган йигитлар бошларини кўтариб уларга қарашди, лекин зум ўтмай яна ер кавлашга тушдилар. Чириган япроқлар қоришиб ётган тупроқ остидан қўнғиртоб тоштахталар кўринди. Сал нарида кавлаб олинган элликтача тош уйилиб ётарди.
– Эшитяпсизми? – деб сўради Каяма Судодан.
– Нимани?
– Ана холос, эшитмаётган бўлсангиз, унда…
“Эҳтимол, ёнғинда ҳалок бўлган аёллар ҳар куни тош ётқизилган мана шу йўлкадан юришгандир”, деб ўйлади Каяма. Аммо ўша аёлларнинг олис қадам товушларини ҳозир ҳам эшитаётганини Судога айтиб бўладими… Боғбон устидан кулади фақат. Тошларни унинг боғига ётқизишгач, шу товушлар яна эшитилармикан?!
Каяма қўлларини орқасига қилиб боғ ичкарисига қараб юрди, унинг юрагини яна оғир хаёллар қамраб олди.

IV

Кўп ўтмай Судо яна хушхабар келтирди.
– Яқин-атрофда яна битта боғ сотиляпти, жуда хушманзара, шундоқ дарахтзор эмиш. Бунисига нима дейсиз?
Каяма аввалига бош тортмоқчи бўлди.
– Мен ҳовлимни бутунлай боғ қилиш ниятим йўқ. Ўзимга қолса, дарахтзорни ҳам, ўрмон дарахтларини ҳам сақлаб қолсам, кейин манзарали тошлар ётқизсам дейман.
– Биламан, биламан. Аммо тошларга мувофиқ бошқа дарахтлар эксангиз ҳам ёмон бўлмасди. Азалиями, соябонсифат қарағайларми, хуллас, шунга ўхшаганларидан… Сув яқин, роса олхўри экадиган ер…
– Шуларнинг ҳаммаси ўсадими ўша ерда?
– Ҳа.
Маълум бўлишича, уруш бошларида ўзи келтириб эккани учун Судо бу дарахтларни яхши билар экан. Уларнинг бебаҳо эканига кафиллик берарди. Гапига қараганда, у ерда танаси қучоққа сиғмайдиган беш туп литокарпус билан анор буталари ҳам ўсар экан. Хуллас, бунақасини етти иқлимдан топиб бўлмайди.
Шундоққина уйининг ёнида бунақа боғ борлиги Каяманинг тушига ҳам кирмаган эди.
– Сотиб нима қилишади шундай боғни?
– Ер-мулк эгаси яқинда қазо қилибди, унинг беваси дарахтни бошимга ураманми, ўтлоқ билан ҳовуз барпо этаман деяётганмиш.
“…Демак, менинг боғимда ўша тошлар билан шу боғда ўсган дарахтларнинг товушлари жўр бўлиб янграр экан-да. Марҳумларга қадрли бўлган ҳамма нарса боғимда бирлашиб менга таскин беради…” Каяма енгилгина шабада ҳавода чирпирак қилиб ўйнаётган япроқлар шивир-шивирига қулоқ тутди. Ерда шилдираб учаётган хазон билан тўкилаётган бу япроқлар алланечук сокин оҳангларни вужудга келтирмоқда эди. Дафъатан шу оҳанглар оралаб қулоғига бир овоз чалингандек бўлди: “Хазон қоплаган боғ…” Ҳаво ниҳоятда мусаффо ва мунавварлигидан бамисли тушга ўхшарди.
“Хазон қоплаган боғ… Чакки ном эмас”, дея кўнглидан ўтказди Каяма ва Судога юзланди:
– Бўпти, боғни сотиб олганим бўлсин.
Судо дунёдан кўз юмганида Каяма олтмиш бешга чиққанди. Боғбоннинг еттиси ўтгач, Каяма унинг уйи ортидаги чоғроққина боққа кирди. У ерда бир қари оқ олхўри ўсарди. Мана шу олхўри дарахтини ўз боғига олиб ўтиб экмоқчи бўлиб боғ эгаларидан илтимос қилганди, улар кўнишди. Каяма шу вазифани бошқа боғбонга – Судонинг ошнасига топширди.
“Мана марҳумга азиз бўлган нарсалардан яна битта кўпайди…” Каяма оқ олхўрини қандай олиб чиқаётганларига қараб турар экан, шу боғдан Судо дарахтлар келтириб эккан кунни эслади.
…Қўпол, ноқулай юкларни ташишга мўлжалланган катта аравага ортилган баҳайбат дарахтларнинг илдизи жуда йўғон ва оғир бўлганидан оғиб кетмаслиги учун олд томонига тош осиб қўйишганди. Аравани уч йигитча тортиб кетишар, пак-пакана Судо эса худди байрам намойишида кетаётган зобит сингари энг олдинда ғолибона қиёфада йўл бошлаб борар эди. Кўринишидан у бағоят хурсанд эди. Ногаҳон Каяманинг ҳовлисига кириб бораётганда арава бир томонга ағдарилди.
Кимдир жон ҳолатда: “Ҳазир бўлинглар!” – дея қичқирди, яхшиямки, Судо араванинг олд тарафида экан. Ҳеч нарса бўлмагандек у мардикорларга юзланиб: “Зарари йўқ. Биринчи тошларни туширинг”, – деб буюрди. Бу кераксиз шовқин-сурон, таҳликали оҳангдаги “Эҳтиёт бўлинглар!”га ўхшаган чинқириқдан энсаси қотаётгани унинг авзойидан яққол сезиларди.
Тошлар туширилди, уларнинг оғирлигидан озод бўлган араванинг шотиси силтаниб асов от каби кўкка сапчиди. Каяма ўшанда Судонинг чаққонлигига қойил қолганди. “Мақтаняпти деманг-ку, лекин ҳалигача бирон ерим шикастланмаган. Балки бўйим пастлигига шунақадир. Спортга ишқивозларни қачон қараманг ё қўли, ё оёғи синиб, ё бели оғриб юришади. Менимча, машқ қилишнинг ўзи кифоя қилмас экан”.
Мана шундай одамни дард енгди. Тўғрисини айтганда, дард эмас, сакэ бошини еди. Ногоҳ қизил юзли тошфурушнинг ҳам ичкиликка суяги йўқ шекилли, деган фикр кўнглидан ўтди. Судонинг вафотидан кейин шу одам унга анча қадрдон бўлиб қолган эди. “Мана шу тошни кўргим келса, қадам ранжида қиларман боғингизга. Орқа эшикдан кириб бир дақиқага бўлсин томоша қилишимга ижозат берарсиз?” – деб сўраганди у, бироқ ўша-ўша қорасини кўрсатмади.

V

Орадан беш йил ўтди. Мовий тош узукка кўз қўйгандек боққа ярашди. “Агар қулоқ тутсангиз, тоғ дарёларининг қулқуллаши эшитилади”, – деган эди тошфуруш. Бироқ мабодо ростданам бирон-бир товуш эшитилса борми, бу ватанида оққан тоғ дарёларини қўмсаётган тошнинг ўз овози бўлади.
Бироқ мовий тошга ўз ватанини қайта кўриш насиб этмаган эди. Унинг сатҳи ёмғир ва шамоллар таъсирида мовий осмон тусига кирди, бамисли тарам-тарам ажинларни ёдга солувчи энсиз ёриқларини кўм-кўк йўсин қоплади. Тош узра тарвақайлаб ўсган дарахтнинг остки сербарг шох-шаббалари уни беозоргина бағрига олган эди. Ёмғирли кунларда аёл танасини эслатувчи шу тош кўксида ҳосил бўлган камгакда сув йиғиларди. Аллақаердан шўх, тиниб-тинчимас чумчуқлар галаси баъзан ўзлари, баъзан полапонлари билан учиб келар, дастлаб жажжигина бўйинларини чўзиб шу сувдан қониб-қониб ичишар, сўнг қанотчаларини қоқиб-қоқиб шу камгак сувида гўё чўмилишарди. Сув қуриб қолган кезлар Каяма қудуқдан сув келтириб қуйиб қўйишни канда қилмасди. Камгакда тўкилган япроқлар тўпланиб қолса, Каяма уларни олиб ташлар эди. Бу тирик жониворларни томоша қилиш унга олам-жаҳон ҳузур бағишлар, уларга нисбатан юрагида ҳароратли туйғулар жўшар эди.
Судо вафот этгач, боғ қаровсиз қолди. Каяма Судони қўли гул, бебаҳо боғбон, деб ҳисоблагани учун боққа қарашга бошқа одам қидирмади. Қарайдиган киши бўлмаганидан дарахт шохлари ҳар тарафга тарвақайлаб, беўхшов ҳолга келди, япроқлар тўкилавериб ер билан битта бўлди. Шамол уларни тош ётқизилган йўлкаларда учириб ўйнарди.
Ҳаёт ўз йўлида давом этарди, Каяма ҳам табиат қонуниятига мувофиқ шам янглиғ сўна бошлади. Унинг қадди букилди, белоғриқ бўлиб қолди, кўзлари хира тортди: жонсиз боққан кўзларида ўлим шарпаси акс этди. Бутун аъзойи-бадани қақшаб оғрийдиган одат чиқарди, айниқса, хонасидан чиқмай уззукун қимир этмай ётганларида бу оғриқ хуруж қиларди. Шунақа пайтда жуда-жуда боққа чиққиси келар, адоқсиз изтиробларига фақат боғдаги дарахтлар, тошлар малҳам бўладигандек ташқарига ошиқарди.
Майда-чуйда ишларидан қутулгач, уйдан чиқмай узоқ йиллар давомида йиққан-тўплаган китобларини ўқиб ётарди. Баъзан эса хаттотлик билан шуғулланар эди. Қора сиёҳга ботирилган мўйқалам билан оппоқ қоғозга ёза бошлаган дақиқаларда бутун вужуди яйрарди. Афсуски, минг хоҳлаган тақдирда ҳам бу кунларни ҳаловатли ёлғизликнинг бебаҳо онлари сифатида қабул қилолмасди, зеро, иероглифларда ҳам ўлим кўланкалари акс этарди.
Кейинги пайтда Каяма тошлардан таралаётган товушларни тез-тез эшитадиган бўлиб қолди. Назарида, у юрган ҳар бир тошдан эшитилар-эшитилмас ун чиқаётгандек бўларди.
“Эҳтимол, бу ёниб кетган ўша беш нафар аёлнинг қадам товушидир?..” дея хаёлга чўмди бир куни Каяма ва ногаҳон юраги орқасига тортиб кетди. Йўқ, бу албатта, ўзининг қадам товуши. Ҳеч қанақа шубҳа-гумонга ўрин йўқ.
Бироқ бир куни кечаси Каяманинг хонасига тош йўлкани бир-бир босиб, оппоқ кимоно кийган ёшгина аёл кириб келди.
– Ким у? – дея сўради Каяма, аёл жавоб бериш ўрнига орқасини ўгириб олди. Унинг кимоноси белбоғи тақилмаган эди. Аёл секин-аста юриб узоқлаша бошлади. Ҳаммаси равшан, у Каямани чорлагани ташриф буюрган. Каяма уни кўздан йўқотиб қўймаслик учун шоша-пиша оёқяланг боққа тушди.
У аёлнинг оёғи теккан тош йўлкадан бора туриб арвоҳларнинг оёғи бўлар эканми, дея ўзига-ўзи шивирлади, туш кўраётганим йўқ, деб қайта-қайта такрорлади. Тоштахталарнинг илиқлигидан ҳайратга тушди… Балки бу ўша аёл оёқларининг тафтидир?..
Каяманинг боғида Аобадай боғидан келтирилган саксонта тош елпиғичдай уч томонга ёйилган йўлкаларга ётқизилган эди, шу сабабли Каяма бир ерга борганида оқ шарпани йўқотиб қўйди. Бир вақт ўзига келиб қараса, мовий тош ёнида турибди. У тошга яқин келиб ҳовуз ёқасида зоғорабалиқларни чорлаш учун чапак чалишгани каби кафтларини бир-бирига қарсиллатиб урган эди, бунга жавобан тош бағридан акс садо таралди. Шу чоқ орқа томондаги тоштахталардан яна овоз келди. Каяма Судонинг беш нафар аёл ҳалок бўлган, деганини эслади. “Эҳтимол, бу аёл ўшалардан биттасидир, – деб ўйлади у титраб-қақшаб ва беихтиёр ярим вайрона омборхонага ўхшаб қолган чой маросими ўтказиладиган уйча кўз олдида гавдаланди. – Эҳтимол, бешта аёлдан фақат биттаси уйчага доим келиб-кетиб юргандир?! Айнан бугун пайдо бўлгани балки…”
– Эшитяпсизми?
– Нимани?
– Ана, халос! Наҳотки эшитмаётган бўлсангиз… – Каяма Судо билан ораларида бўлиб ўтган суҳбатни эслади. Ўн йил муқаддам ўлган хотини излаб келмаган бўлса керак?! Бу аёлнинг қадди-қомати бутунлай бошқача – ёш қизга ўхшайди-ю! Шубҳа-гумонлардан Каяманинг юраги сиқилди.

VI

Каяма етмишга чиқди. Энди у деярли кун бўйи пешайвонда, ором курсида хаёл суриб, гоҳида мудраб ўтирарди. У кўпинча мана шундай ҳолатда, осонлик билан қийналмасдан жон берсайдим дея ўйларди. Ям-яшил боғ ўз кўрки ва таровати билан ҳамон унга қувонч бахш этар, бироқ анчадан буён юрагининг қат-қатида чўкиб ётган аллақандай хавотир туфайли бу қувонч, бу сурур татимас, ширин хаёл суришига монелик қилар эди. Бу туйғудан энди ҳеч қачон қутулолмаслигини Каяма яхши тушунарди.
Каяма қулоғини қоматга келтираётган машиналар шовқин-суронига қарамасдан рўзғор халтасини кўтариб кўчага чиқар ва секин-секин юриб пастликдаги дўконга тушарди. Мабодо харидорлар орасида тенгдошларини кўрса, ўзини кўрмаганга оларди. Атай бундай қилмасди, беихтиёр, ғайритабиий равишда шундай ҳол юз берарди, кексаларнинг ачинарли аҳволини кўрганда у адо бўларди. Уларни ҳашаматли жавонлар қизиқтирмас, антиқа, ноёб буюмларга қайрилиб қарашмас эди – бошларига урадими! Етмиш яшар чол, қўлида халта, у ҳам ярми бўш – ярашадими, йўқ, ачиниб қарашса-ку майли, устидан кулишмайдими?!
Кекса кишини овқат асрайди, бироқ унинг иштаҳаси йўқ – нима еди, қачон еди, сўрашса, аниқ жавоб беролмасди. Боғ қанчалик гуркираб ўсган бўлса, Каяма шунчалик ориқлаб кетганди. Дўкондан доим бир хил нарсалар харид қиларди: нон, сариёғ, тухум, кўк чой, олма-полма – бўлди, бошқа нарса ҳақида қайғурмас ҳам эди. Унинг фикрича, шулар ҳам кекса одамга кифоя қиларди, чунки бозор қайтиши бор – қийналади, шу сабабли еб-ичишдан имкон қадар ўзини тиярди. Бир кунда уч маҳал овқатланарди, бора-бора икки маҳалга ўтди, охирги пайтда эса атиги бир марта, ўшанда ҳам тўйиб овқат емасди, фақат кўп сув ичади. Баъзан тўйиб таом егиси келиб қолар эди-ю, бироқ ўша заҳоти бу ниятидан қайтар ва яна-тағин озгина овқат билан кифояланар эди, зеро, унга фарқи ҳам қолмаганди нима ейишининг, қанча ейишининг.
Қуёш заволга юз тутганда ўринга кириб ётарди. Оқшомги газеталарни ўқир, то кўзлари юмилиб кетгунча китоб мутолаа қиларди. Ана шундагина китобни ёпиб, бироз шифтга тикилиб ётганида яна уйқуда тинчгина жон бериш ҳақида хаёл сурарди…
Шу йили оқ либосли аёл боғнинг тош ётқизилган йўлкаларидан юриб яна унинг ёнига келадиган бўлди. У тез-тез, деярли кунора келар, унинг шарпасини сезди дегунча Каяма орқасидан боққа ошиқарди. Юраги ҳаприқиб унинг ортидан эргашиб борар экан, худди ўша аёлни унинг ичида биров чақираётгандек бўлар ва у тўхтамай ортидан кетаверар, то нимадандир уялгандек оёқлари ўз-ўзидан тўхтаб қолмагунча бораверарди. Оқ либосли аёл ҳамиша бирдан ғойиб бўларди. Доим битта жойда – мовий тош ортида йўқ бўлиб қоларди…
Каяманинг ёноғига бир томчи томди. Йўқ, бу кўз ёши эмасди. Кўзларида пайдо бўлган қандайдир ачиштирувчи оғриқдан вужудга келган намлик эди бу. Туриб-туриб тошфурушнинг ҳам Судо сингари сакэ касрига қолиб ўлиб кетгани хаёлига келди.
“Агар тирик бўлсанг, нега шу пайтгача йўқламадинг? Ўзингни ҳам, ўғлингни ҳам шунчалар кўргим келаяптики яна!..”
Қоронғилик оғушида кумушранг зоғорабалиқ бир сакрадию яна шалоп этиб ҳовузга шўнғиди. Сув сатҳида қорамтир доиралар ҳосил бўлди. Ҳовуз тубида балиқлар осуда сузарди. Каяма ҳаяжонга солаётган оқ кимоноли аёл хулёсини кўз олдидан ҳайдашга ҳоли келмай қотиб қолди. Назарида, тош устида юз йилдан бери қимир этмай мана шундай ўтиргандек туюларди…

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон