Кекса Бобил қишлоқ чеккасида яшарди, унинг ити бор эди. У дунё кезиб, нонини тергилаб еди, оч қолмади. Бобил ҳеч қачон севимли ити Дўстдан айрилмади. Бобил қишлоқ бўйлаб юради, деразаларни чертади, Дўст эса унинг ёнида насибасини кутгандай думини ликиллатиб турарди. Одамлар Бобилга: “ Кучугингни қўй, Бобил, ахир, ўзингни қорнингни тўйғизолмаяпсан-ку…” дейишса, улардан оғринса-да, бир сўз демасди. Дўстни чақириб, деразадан узоқлашарди, бир бурда нонни ҳам олмасди.
Бобил тундфеъл эди, одамлар билан кам гаплашарди.
Қиш келди, бўрон жаҳл билан эсар, ерни супурар, катта-катта қор уюмларини учириб юборарди.
Бобил қор уюмларини орасидан ҳассасини тираб, у ҳовлидан бу ҳовлига ўтар, Дўст эса унинг ёнида югурарди. У Бобилнинг пинжига кириб, юзига меҳр билан қараб, айтмоқчи бўларди: “Бизлар ҳеч кимга керак эмасмиз, ҳеч ким бизга иссиқ жой, нон бермайди, иккимиз ҳам дунёда ёлғизмиз”. Бобил ҳам унга қарар, қарарди-ю, итининг ўйларини уққандай секин-секин сўзлай бошларди:
– Сени қара-ю, Дўст, мен қарияни ташлаб кетма.
Бобил ити билан уйчасига етиб келди, кулба эски ва совуқ. У печка орқаси, бурчакларни титкилаб чиқди – бир дона ҳам ўтин қолмабди. Бобил Дўстга боқди, ит хўжаси нима дейишини кутгандай тик турди. Бобил меҳрибонлик билан деди:
– Дўст, мен сени чанага боғлайман, ўрмонга борамиз, у ердан шох-шабба, ўтинлар териб келамиз, уйимизни иситамиз. Кейин иссиққина печка устида ётамиз.
У итини чанага боғлаб, ўтинлар келтирди, печкага ўт ёқди. Итини қучоқлаб, силаб-сийпалади, печка устида ётиб, ўтган умрини эслади. У Дўстга ҳаётини қайғули эртакдай айтиб берди, тугатгач, ўкинди:
– Дўст, бир сўз демайсан, жавоб беролмайсан, тилинг йўқ, аммо кўзларинг кулранг, ақлли… биламан, биламан… сен барисини тушунасан…
Бўрон бўзлаб чарчади, изғирин ҳам пасайди, тошдай қаттиқ томчилар жаранглаб туша бошлади.
Қор эримоқда. Бобил қиш кетаётганини кўрди. Дўстга шивирлади:
– Кўкламга етиб олсак бўлди, ўлмаймиз.
Қуёшнинг қизғиш нурлари ўйнади, қўнғироқ ирмоқлар чопқиллаб қолишди. Бобил деразадан ташқарига тикилди – ер қорайибди.
Дарахтларда куртаклар бўртди, борлиқни баҳор бўйи тутди. Йиллар эса Бобилни алдашди, лойгарчилик қариянинг оёғидан ушлади.
Унинг оёқлари чалкашиб кетди, йўтали тутди, белида санчиқ турди, кўз олди қоронғулашди.
Қор эриди. Ер қуриди. Дераза ортида бутоқлар барг ёзди. Фақат қария уйчасидан ҳар замонда бир чиқади. У сўрида қимирламай ётарди.
Бобил бор кучини йиғиб, ўрнидан турди, полга тушди, яна йўтали зўрайди. Дўстга изтироб билан сўз қотди:
– Ҳали эрта эди, Дўст. Биз буни аввалдан билгандик. Менинг вақт-соатим етганга ўхшайди. Фақат ўлишни, сени ташлаб кетишни истамайман.
У бетоб бўлиб қолди, на туради, на қимирлайди. Дўст эса сўридан нари кетмайди; қария яқинлашиб келаётган ажал қадамларини сезади, сезади-ю, итини қучоқлаб олади, зориллаб йиғлайди:
– Мен сени кимга ташлаб кетаман, Дўст. Одамлар бизга бегона. Сен билан бир умр бирга яшадик, ўлим эса бизни айирмоқда. Алвидо, Дўст, азизим, сўнгги дамларим келаётганини кўриб турибман, нафасим кўксимда қотиб қолди. Алвидо!… Қабримга бориб, эски дўстингни эслаб тур!…
Бобил Дўстнинг бўйнидан қучди, юрагига қаттиқ босди, титраб кетди – юраги чиқиб кетди.
У жон берди. Ит хўжаси ўлганини тушунди. Бурчакдан-бурчакка борди-келди, уни соғинди. Дўст қарияни ҳидлаб-ҳидлаб кўрарди-да, зор-зор увилларди.
Одамлар бир-биридан нега Бобил чиқмай қўйди, деб сўрашга тушди. Биргалашиб келишди, эшикни очиб кўришди, кўришди-ю, ортга тисарилишди. Марҳум сўрида ётар, уйни бўғиқ, аччиқ бадбўй ис тутган, сўрида ўтирган ити куйиб қорайиб кетган эди…
Одамлар ўликни кўтаришди, уни, хонани тозалашди, ювишди, тобутга солишди. Ит эса унинг ёнидан силжимасди. Одамлар тобутни черковга олиб кетишди. Дўст ҳам у билан ёнма-ён кетарди. Уни черковга киритишмади, ҳайдаб солишди. Дўст черковнинг атрофини чир айланар, увиллар, алам ва очликдан оёқлари чалкашиб, йиқилай-йиқилай дерди.
Марҳумни қабристонга олиб келишди. Гўр қазиб, кўмишди. Бобил ўлди, ҳеч ким кўз ёш тўкмади.
Фақатгина Дўст қабр устида ҳамон увлар, қўллари билан қабрни ковларди. Қадрдон дўстининг қабрини очиб, у билан ёнма-ён ётгиси келарди. Ит қабрдан нари кетмади, ҳеч нима емади, дўстини соғинди. Дўст қабрга тикилар, тикиларди-ю, юракни эзгудай изтироб билан увилларди. У яна қабрни қазгиси келар, аммо қўлларини кўтаролмасди. Дўстнинг юраги қисилди… елкаси бўйлаб титроқ ёйилди, секин бошини туширди, қалтиради… ва қабр устида жони узилди.
Қабр устидаги гуллар шундай садоқатли, вафоли дўстлар, ажойиб дўстликни гўзал эртакдай қушларга сўзлаб беришди. Қабрга какку учиб келди. Мажнунтолга қўнди, ўтирди-ю, қайғуга ботди. Какку қабр устида ҳазин товушда ку-кулади…
1917 йил
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.