(Бир режиссёрнинг хасратлари)
Ўтган икки ой мобайнидаги асаббузарликлардан каллам ғувиллаб қолди. Бу қадар кўнгилсизликларни таърифлашга вақтим ҳам етмаса керак. Нима қилсам бўлади? Якшанба куни роппа-роса йигирма йиллик танаффусдан сўнг черковга бордим. Рохиб менга жиддий нигоҳ ташлаб:
– Бошингизга қандай ташвиш тушди, бўталоғим?-деди.
– Мен…Халиги… Нима дейишга ҳам ҳайронман,-дедим каловланиб.
– Тортинмасдан сўйлайверинг.Нимадан безовтасиз?
– Мен… мен футболни ёмон кўраман.
– Нима??? Демак, юртимизда бўлаётган Жаҳон чемпионатини кўрмаётган экансиз-да,-деди рохиб ҳайратланиб.
– Ростини айтсам, футболни бир секунд ҳам кўришга тоқатим йўқ,-дедим мен очиқчасига тан олиб.
– Ё тавба, бу нимаси,-деди рохиб, худди мен еб, у қуруқ қолгандек.
Шунақа. Ҳозир айтаётган бўлсам ҳам, йўғе, ҳозир ноўрин бўлса ҳам айтаман: мен футбол ва Жаҳон чемпионатини ёқтирмайман.Фақат нега деб сўраманг. Бунга оддий бир сабаб шуки, мен суратга олган сўнгги филмларимга одамлар бефарқ бўлиб қолишди. Одамлар коптокни тепиб, тўрга туширадиган бу ўйинни томоша қилиб қандай завқ оларкин-а? Ўйин тугаши билан ҳаммаси тинчиса майли-я, одамлар ҳатто оилавий масалалар бир четда қолиб нуқул футбол мавзусида гапиришади. Жаҳон чемпионати юртингда бўлаётгандан кейин ҳар қадамда футболга алоқадор кишилар… Охири тоқатим тоқ бўлиб, чет элга унчалик муҳим бўлмаган кино фестивалига кетиб юбордим. Лекин… Ё Худо, ҳамма жойнинг одамлари Жаҳон чемпионати деса ўзини Сеулдаги 63 қаватли бинодан ҳам отишга тайёрлигини билмаган эканман. Вой-дод!!! Кореяга қайтиб келгач, аэропорт йўловчилар залидаги катта экранда ҳам футбол намойиш этилаётганлигини кўрдим. Уйга таксида кетарканман, йўллар мамлакатимиз терма жамоаси каби қип-қизил рангли кийимлардаги футбол ишқибозлари билан тўлган. Уйда ҳар доим мени енгил табассум билан қарши оладиган хотинимнинг қовоғидан қор ёғади.
– Дадаси, нега шунчалик тепса тебранмассиз?
Тушунарли. Уйда нимадир бўлган.Маълум бўлишича, тўққиз яшар қизимни қўшниларимиз кўрсаткич бармоқлари билан ишора қилиб, “Ана Жаҳон чемпионатини ёқтирмайдиган одамнинг боласи”, деб мазах қилишаётган экан. Жаҳлим чиқиб, тепа сочим тикка бўлиб кетди. Лекин нима ҳам қила оламан? Келишиб яшашдан бошқа йўл йўқ. Улар кўпчилик-да. “Ҳурматли” қўшним билан суҳбатим шундай якун топди:
– Ҳмм… Укам, бу бир оғиз гап билан битадиган ишмас!
– Хўп, мен нима қилишим керак?-дедим овозимни пасайтириб.
– Эвазига Жаҳон чемпионатининг телевизордаги такрорий ўйинларини кунига уч мартадан томоша қиласиз. Келишдикми?
Корейс тилидан Отабек Йўлдошев таржимаси