Барон Нико Бругин пальтосининг охирги тугмасини ўтказаркан, зинапоядан тез-тез қадам ташлаб, эшикка қараб юрди. У ўзига ярашган майин табассуми билан бошқаларнинг пулини охирги чақасигача суғуриб олиб, андишасизларча ишлатишга қодир бўлган ёш ҳамда гўзал аёлнинг олдига шошаётганди. Унга ўхшаган жамиятнинг олийнасаб эркаклари бу мафтункор аёлнинг атиги бир бор назар ташлаши учун унинг барча инжиқликларини кўтаришга ва истакларни бажаришга тайёр эдилар. Бругин остонада болалар шифокори Яков Степанович Биковга тўқнаш келди.
— Салом, доктор, сизни кўрганимдан хурсандман. Мусянинг ҳолидан хабар олиш учун кечқурун ҳам ташриф буюришингизни билмагандим. Хўш, беморингиз қалай?
Доктор кўзойнагини тўғирлади ва кичик беморининг ўта ҳашамдор кийинган отасига бошдан-оёқ разм соларкан, қиёфасида норозилик аломатлари пайдо бўлди.
— Жуда ёмон.
Бругин докторнинг гапларига ишонмагандай, бош кийимини тўғирлаб қўйди ва “Шунчаки ваҳима қилаяпти”, деб ўйлади.
— Ёмон денг… балки унчалик эмасдир-а? Нима бўлганда ҳам, докторсиз, мен уни тузата олишингизга ишонаман. — деди Бругин Яков Степанович Биковнинг елкасига қоқиб қўяркан. Баронни ҳозир оталик масъулиятидан кўра кўпроқ ўша гўзал аёлнинг ишончи ва меҳрини қозониш қизиқтирарди. Шу боис, Бругин докторнинг огоҳлантириши ҳамда берган маслаҳатларига қарамай, извошга ўтирди ва:
— Кетдик! — деб буюрди. Нима эмиш, Муся ота-она меҳрига зор эмиш. Дори-дармонлардан кўра кўпроқ унга яқинларининг эътибори яхшироқ таъсир қилар экан. Қандай бемаънилик! Бекорга қизининг аҳволи тўғрисида сўради. Бу ҳақда оғиз очмаганида, мияси айниган чол ўзининг мантиқсиз насиҳатлари билан унинг кайфиятини бузмаган ва қимматли вақтини олмаган бўларди. Мана базмга кеч қолди, афсус…
Маҳобатли уйнинг иккинчи қаватидаги кичкина хонадан беш ёшли Мусянинг йўталаётган товуши меҳмонхонага қадар эшитилиб турарди. Қизчанинг хонасига кирган кишининг димоғига дориларнинг бўғиқ ҳиди уриларди. Касаллик хуруж қилганида, Муся бўғилиб қолгунча йўталар, ранги оқариб, кўкрагидаги оғриқнинг дастидан инқиллаб қўярди. Меҳмонхонада эса Зоя Владимировна Бругина Римдан келтирилган нақшинкор кўзгуга тикилиб, ял-ял ёниб турган кўйлагини тўғирлади ва бўйнига олмос кўзли маржонини тақди. Олтин билакузук ҳамда тилла узуклар аёлнинг нозик ва оппоқ қўлларига ниҳоятда ярашганди. Олийнасаблар орасида Зоя Владимировна ўзининг латофати ва гўзаллиги билан машҳур эди. Кўпчилик шундай мафтункор хотини бўла туриб, нега барон Бругин кўчадаги зоти паст аёлларнинг ортидан югуриб юришининг сабабини тушунмасди. Эрининг юриш-туриши ҳақидаги гап-сўзлар Зоя Владимировнанинг ҳам қулоғига етиб келганди, албатта. Бошида аёл эри томонидан топталган қадри учун қанчадан-қанча уйқусиз тунларни кўзёши билан ўтказди. Кейинчалик одамларнинг гап-сўзларига мутлақо бефарқ бўлиб қолди. Аёл вақтини ўз ёғида қовурилиш ва рашк ўтида ёниш билан эмас, балки яқин дугоналари даврасида вақтичоғлик билан ўтказарди. Мана, ҳозир ҳам уйда сиқилиб ўтиргандан кўра, дугонаси Софя Тухубьеваникига янги йил муносабати билан ташкил қилинаётган базмга боришни афзал кўрди. Кетиш олдидан “Мусянинг олдига кирсаммикан?”, деб ўйлади. Кеч қолаётгани сабаб, бу фикридан қайтди. Боланинг энагаси, доктори ва севимли ўйинчоқлари, хуллас, унга нима зарур бўлса ҳамма нарсаси бор. Қолаверса хизматкорлар ҳам боладан хабар олиб туришади, дея кўнглидан ўтказди у. Муся эса соатлаб эшикка тикилиб, ота-онасининг ичкарига киришини интиқлик билан кутади. Ҳар гал эшик очилганида қизчанинг кўзлари қувончдан порлайди, аммо энагасининг ёки докторининг юзини кўргач дарров қувонч йўқолиб, ўрнини маъюслик эгаллайди. Муся соғлом чоғларида ҳозиргидан икки марта бахтлироқ эди. У пастга тушар, кўчаларни сайр қиларди. Гарчи ота-онаси у билан ўйнагани ҳеч вақт топмасалар-да, қизча уларнинг дийдорини бир пасга бўлса ҳам кўриб турарди. Аввалари онаси унга эътиборлироқ эди. Баъзида уни ўзи билан бирга дугоналариникига турли базмлар ва кечаларга олиб борарди. Энагаси Нюта келгач, ҳаммаси ўзгарди. Онаси ҳам ундан узоқлашди. Меҳрга ташна қизалоқ касал бўлиб қолди. Қизча энди бўш вақтларини энагаси билан ўтказарди. Нюта асли франциялик эди. У қиз билан сайр қилишни ёқтирарди. Айни дамда Мусянинг Нютадан бошқа қадрдони йўқ. Қиз у билан ўйнар, йиғлаганида овутар, касал бўлганида эса бағрига босганча эртак айтиб берарди.
Муся жажжи қўлчаларини кўрпа остидан чиқариб, туришга чоғланди, бироқ бу ишни эплолмади.
— Нюта! — деб чақирди у.
— Лаббай, азизам. Нима бўлди? — ташвишланиб сўради энага.
— Ота-онам кетишдими?
— Кетишди. Улар сенинг олдинга киришмоқчи эди, лекин мен Муся дам олаяпти, деганим учун улар ортларига қайтиб, сенга яхшилаб қарашимни қаттиқ тайинлашди ва кетишди, қизалоғим.
— Нега ундай қиласан? Ахир мен ухламагандим-ку! — норози бўлди қизалоқ.
Энага жавоб бермади ва орага жимлик чўкди.
— Нюта! — деди қизча энагасининг сочларини ҳолсиз қўллари билан аста силаркан. — Бугун бизнинг безатилган арчамиз бўлармикан?
— Албатта, бўлади. Нега бўлмасин экан, ҳозир ҳаммасини муҳайё қиламиз. Ахир бугун байрам-ку. Бизнинг арчамиз жуда чиройли бўлади ва у тун бўйи ёниб туради.
Энаганинг гапларини эшитган Муся беихтиёр чапак чалиб юборди. Нютанинг назарида боланинг қувноқ кулгусидан мўъжазгина хона ҳатто ёришиб кетгандек бўлди.
Барон гўзал аёлникига етиб келди. Безатилган арча ёнида меҳмонлар жуда кўп эди. Негадир баронга аёл уни совуқ кутиб олгандек туюлди. Мафтункор аёлнинг назари бугун Жорж Гудишевга қаратилганини сезиш қийин эмасди. Миш-мишларга қараганда яқинда у марҳум холасининг васиятига кўра, каттагина меросга эга чиққанди. Ёш аёл янги бой хушторининг атрофида гирдикапалак эди. Аёл унга яқинлашиб, сочларини силар ва атрофдагиларнинг кулгусини қистадиган даражада аҳмоқона саволлар берарди. Кечагина Бругинга айтилган ширин сўзлар ва сохта меҳр-муҳаббат бугун Жорж Гудишевга аталганди. Бевафода вафо нима қилсин? Барон ортиқ бу саҳнани кузатиб туролмасди. Унинг кўзига меҳмонхонадаги барча одамлар ва бўлаётган ишлар мантиқсиздек туюлди ҳамда ғазабини қўзғатди. Безатилган арчага тикилди-ю, қизини эслади. Шу оннинг ўзидаёқ, у докторнинг огоҳлантиришига қарамай, шу бемаъни спектаклни кўриш учун, Мусяни ёлғиз қўйиб келганига ачинди. У ҳеч кимга билдирмай, меҳмонхонадан йўлакка, йўлакдан зинапояга, зинапоядан эшикка, эшикдан эса ташқарига чиқди-ю, бу ифлос остонага қайта қадам босмасликка аҳд қилди. Барон бу ерга қанчалик шошилган бўлса, ўз уйига, ёлғиз зурриёдининг ёнига етиб бориш учун ҳам шундай шошди. Бругин эшик ортида ўтириб, қизининг ширин овозини эшитди.
— Бўлдими?
— Йўқ, ҳали болажоним, яна озгина сабр қил. Ҳозир ўзим айтаман.
— Нюта, бизнинг арчамизни кўргани ота-онам келадиларми? — маъюс оҳангда сўради Муся.
— Ҳозир сен бўлди дейишинг билан кўзларимни очганимда арча ёнида ота-онамни ҳам кўрсам қандай яхши бўларди-я.
Бу сўзларни эшитган Бругин ортиқ кутиб туролмади ва ичкарига отилиб кирди. У болалар кроватида қимирлашга ҳам мажоли бўлмай ётган фарзандининг озғингина танасини қаттиқ бағрига босди.
— Қизалоғим, менинг жажжигинам, — дея шивирлади у кўзлари ёшланиб.
Нозиккина Муся эса инидан чиққан митти полапон каби отасининг кўксига бошини қўйди. Барон қизининг меҳр тафтини туяркан, жимжилоқдай келадиган юракчасига қандай қилиб шунча муҳаббатни сиғдира олаётганига ҳайрон қолди. Арча ёнида турган Нюта кўзларидан ёш оқаётганини сезмасди ҳам. Дўстлари билан тонггача санқиб юришга одатланган бемеҳр бароннинг қалбида оталик меҳри уйғонганини кўриш Нюта учун ҳақиқий мўъжиза эди?
— Дадажон, қўйиб юборинг! — дея бирдан инқиллади Муся.
Қизчани қаттиқ йўтал тутди. Қўлида фарзанди оғриқнинг зўридан нафас ололмай бўғилиб қолганини ва кўзларининг ости қорайиб, юзи оқариб кетганини кўрган Бругин докторнинг гаплари шунчаки ваҳима эмаслигини тушунди. У илк марта жажжи қизалоғини йўқотишдан қўрқди.
Ҳеч нарсадан хабари йўқ Баронесса уйга мамнун қиёфада қайтди. У ўз ётоғи томон борар экан, бирдан қизи ётган хонанинг эшиги қия очиқлигига эътибор қилди. Ҳаяжонланган барон уни ёпишни унутганди. Буни энаганинг эътиборсизлигига йўйган аёл ғазабланиб, ичкарига назар ташлади ва кроват ёнида йиғлаб турган эрини ҳамда полда Мусяни маҳкам бағрига босиб ўтирган энагани кўрди. Зоя Владимировнанинг ичидан бир нима чирт узилгандай бўлди. Бўғзига алам қадалиб, қўрқувдан дағ-дағ титрар ва кўзларидан шашқатор бўлиб оқаётган ёшларини тўхтатолмасди. Унинг юрагида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди.
— Болагинам Мусяга нима қилди? У тирикми? — сўради Зоя Владимировна. Аёлнинг овози титраб чиққандек бўлди.
— Ё худойим, баронесса, сизга нима бўлди? Нафасингизни ел учирсин. Шунчаки қизингизнинг йўтали зўрайиб қолди холос. Аксинча, Мусянинг аҳволи отасини кўргач, бироз енгиллашди.
“Яратганга шукр!” дея шивирлади у секингина энаганинг сўзларини эшитиб.
— Уни менга беринг! — деди Зоя Владимировна йиғламсираб.
— Баронесса!
— Гапимни эшитмадингизми? Уни менга беринг!
Энага буйруққа бўйсуниб, болани авайлабгина онасининг қўлига тутқазди. Зоя Владимировна қизни қўлига оларкан, унинг енгиллашиб, бир бурдагина бўлиб қолганини сезди ва дод деб юборишига бир баҳя қолди. Шу чоққача, буни сезмаганини ва фарзандининг аҳволи билан қизиқмаганини қаранг. Шунчалик ҳам қалби кўр, шунчалик ҳам шафқатсиз бўладими она деган. Ичида овоз чиқармай, ўзини-ўзи койишга тушди. Эрига аччиқ қилиб, жондан азиз суйган гўдагини бутунлай унутиб юборгани учун ўзини ҳеч қачон кечирмайди, кечиролмайди. Энди сира бундай бўлмайди. Муся аста-секин енгил нафас ола бошлади. Юзига томчилаётган илиқ кўзёшлардан қизча кўзларини очди ва онасини кўриб, жилмайди. Унинг қуруқшаб қолган кўкимтир лаблари қимирлагандай бўлди. Зоя Владимировна меҳрибонининг “Ойижон, сиз чиндан ҳам фариштасиз” дея шивирлаб айтган сўзларини эшитди. Мусянинг безатилган арчасида ёниб турган чироқлар сирли нур сочаётгандек эди. Дарахт тепасидаги юлдуз эса онасининг иссиқ бағрида сирли кечанинг ғаройиб мўъжизаси туфайли ота-она меҳрини топиб, енгил нафас олиб, хотиржам ухлаётган қизнинг юзига қараб жилмайиб турганга ўхшарди. Миттигина қизларининг меҳри ва ташвиши Барон Нико Бругин ва баронесса Зоя Владимировна илк бора бир-бирларига қадрли ва ғанимат эканликларини англатди. Айни дамда улар оддий эр-хотин ва оддий ота-она эдилар. Нюта уларга қараб туриб, ҳақиқий бахт аслида оилавий бирдамликда эканлигини ҳис қилди. Муся энди ёлғиз қолмайди. Сирли ва мўъжизавий янги йил кечасида у ўз орзусига етди. Энди Нюта қизчанинг эртанги тақдиридан хавотир олмаса ҳам бўлади.
Ширин уйқуда ётган қизларининг юзига тикилиб, барон ва баронесса секингина шивирлашди. “Худо раҳмдил, насиб этса Мусямиз албатта тузалади…”
Муся тинчгина ором оларди. Хонанинг деразасидан эса меҳр ва муҳаббат тимсоли бўлган янги йилнинг ёруғ юлдузи ёрқин нур сочиб турарди. Бу гўё жажжи Мусянинг юлдузи эди.
Русчадан Шерали Раҳимов таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.