Уве заргарлик дўкони эшигини астагина ёпиб ичкарига кирди. Биринчи қаватнинг чироғи ва сигнал ускунаси ўчирилганидан сўнг у “харид”ни бемалол бошлайвериши мумкин бўлди. Харид охирига етгунига қадар эса у ҳамма нарсани режалаштириб, тайёрлаб, кўз остига олиб қўйди ва энди ҳеч ким ва ҳеч нима унга тўсқинлик қила олмас эди. У буни анчадан бери режалаштириб келаётган эди. Бинонинг юқори қаватларида идоралар, иккинчи қаватида, шундоққина дўконнинг тепасида аёллар ва эркаклар тикувчилик хоналари бўлиб, айни шу пайтда у ерда ҳеч ким йўқ эди.
Уве бу сафар ёлғиз ўзи эди. Чунки гувоҳлар билан ишлаш оқибати ўн йиллик қамоқ жазоси билан тугаган эди. У якшанба кунларининг бирида қамоқдан чиқаётганида бир жойда ёзилган қуйидаги сўзларга тўсатдан кўзи тушганди: “Агар сен ноҳақлик ва жиноятга қўл урсанг, уни кимдир ҳар доим кўриб туради ва сени таъқиб қилади”.
Бу сўзларни Уве сира унута олмади. Заргарлик дўконининг орқа хонасидаги эски сейфнинг осонгина очилиши унга қўл келди. У сейфдан фақатгина ёқут ва бошқа қимматбаҳо тошларни олди. Билагузук, узук ва шунга ўхшаган тақинчоқларни эса жойида қолдирди. Бу гал у ниҳоятда эҳтиёткорлик билан иш тутарди.
Шу тобда дўконга яқин жойдаги черковда уч марта бонг урилгани эшитилди. Соат эрталабки уч эди. Бир соатдан сўнг кейинги назоратчи ходим ўтиб кетди. Уве бу гал ёлғиз эканлигидан ўзи учун ҳеч қандай хавф-хатарни ҳис қилмас, дўконни охиригача ўмариб кетишга қатъий киришган эди.
Қамоқдаги врач тиббий текширув пайтида Увега “касб”ингизни ўзгартиринг”, деб айтган, бундан ташқари “ўзингизга яхши бир тинчроқ иш топинг, электр устаси бўлиб ишласангиз ҳам бўлади. Чунки бу иш анча-мунча қўлингиздан келар экан, соғ-лигингизни асранг”, деб маслаҳат берган эди. Уве шуларни ўйлаб турган пайтда заргарлик дўкони олдида бир одам тўхтаб турар, аслида эса у сигаретини шамолдан тўсган ҳолда тутатмоқчи эди. Уве чўнтагидан тўппончасини чиқариб, уни кузата бошлади. Нотаниш киши йўлида давом этганидан кейин Уве хотиржам тортди. У зўр ва тез ишлади, балки шундан бўлса керак, ишни режалаштириб қўйган вақтидан олдинроқ тамомлаб, жуда эҳтиёткорлик билан чиқиб кетмоқчи бўлди. Шаҳар эса сокин уйқуда эди. Совуқ тун ҳавосидан аста нафас олар, машинасига ўтириб кетишдан олдин ўзини дадил ва эҳтиёткор сезар эди.
Ниҳоят Уве ҳаммасини уддалаб, кетишга энди чоғланганида ногоҳ бинонинг иккинчи қавати деразасига қаради. Бу жойда уни таъқиб қилиб турган бир кишини юз қиёфасини кўриб қолди. Уве ушбу кимсанинг аниқ ўзига қараётганини фаҳмлади. Бирдан қамоқдан чиқаётган пайтда ўқиган сўзлари ёдига тушиб кетди ва “кимдир қараяпти”, деди ўзига ўзи. Уве чап қўли билан машинанинг кичик ойнасини тўғирлаб, ўнг қўли билан деразадан қараб турган одамга қарата ўқ узди. Шу пайт иккинчи қават ойнаси чил-чил бўлганини эшитди. Энди эса у тез бу ердан жўнаб қолиши керак эди, аммо… ҳозиргина чилпарчин бўлган деразага яна қўрқибгина қаради ва ҳалиги киши Увега аввалгидай қараб турганини кўриб ҳайрон қолди…
Полициячилар етиб келганида эса машина мотори ҳали ҳам гувиллаб турар, Уве эса машина рулида ётар эди. Чақирилган “Тез ёрдам” шифокорлари Увенинг юрак хуружи тутиб қолганини айтишди. Полицияга қўнғироқ қилган киши эса “Аммо ўқ узилди, мен буни эшитдим, уни отиб кетишди”, деди. Сал туриб иккинчи қаватда чилпарчин бўлган ойнага полициячиларнинг кўзлари тушиб қолди. Улар бинога кирганларида устки қаватдаги тикувчилик хоналарига ҳам киришди ва деразадаги Увени таъқиб қилиб турган одам кўргазма қўғирчоғи эканлигини кўришди. Қўғирчоқ ҳали ҳам у ерда пастга қараб турар эди. Фақатгина унинг пешонасида Уве отган ўқдан пайдо бўлган тешикча бор эди…
Олмончадан Шуҳратхон Имяминова таржимаси
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.