Она қуён даладан бир қанча шолғом териб келиш учун йўлга отланибди.
– Онажон, мен ҳам сиз билан борсам майлими, сизга ёрдамлашаман, – дебди онасига қуёнча.
– Йўқ, ҳозир эмас, қуёш ботаётган маҳалда борсанг, мен кўпгина шолғом йиғиб қўйган бўламан. Уларни олиб келишиб қўясан. Ҳозирча уйда ўтира қол, хўпми, болажоним, – дея жилмайганча қуёнчанинг елкасини қоқиб қўйибди она қуён.
Онаси кетгач, қуёнча уйда қолибди ва дарсини тайёрлай бошлабди. Анча вақтлардан кейин, у уй вазифаларини энди тугатай деб турганда эшик очилиб, дўстлари – малла мушукча ва қора улоқча кириб келиб қолибди.
– Қуёнча, кел бирга ўйнаймиз, – дейишибди улар.
Қуёнча рози бўлибди ва улар беркинмачоқ ўйнай бошлашибди.
Улоқча пичан ғарами орасига беркиниб олибди, қуёнча уни топа олмабди. Малла мушукча эса дарахт устига чиқиб, қалин барглар орасига яшириниб олибди. Қуёнча уни ҳам топа олмабди.
Қуёнча ҳамма жойни қидирибди, бироқ уларни ҳеч қаердан топа олмабди. – Қаердасизлар, – дея қичқирибди қуёнча. Шу пайт у ер устида турган каттакон тошга туртилиб йиқилиб тушибди. Бу ҳолни кўриб турган мушукча дарҳол ёрдамга отилибди. Улоқча пичан орасидан шошиб чиқиб келибди ва улар қуёнчани ўрнидан аста турғазиб қўйишибди.
– Лат емаднгми, – дейишибди улар.
– Ҳечқиси йўқ, – дебди қуёнча.
Шу тариқа улар яна шодон кайфиятда ўйнашда давом этибдилар. Бир маҳал, қуёнча юқорига, уфқ томонга қарабди ва қичқириб юборибди:
– Вой, худойим, қуёш деярли ботиб қолибди-ку!. Мен шошишим керак. Онамнинг олдига, далага бориб, шолғом олиб келишда онамларга ёрдам беришим керак! Мен ҳозир кетаман. Онамнинг олдиларига бориш вақти бўлибди. Сизлар ҳам уйга боринглар, – дебди дўстларига.
Лекин малла мушукча ва қора улоқча унинг гапига рози бўлишмабди:
– Йўқ, биз уйга кетмаймиз. Аксинча далага бориб онангга ёрдамлашамиз.
Шундай қилиб улар далага йўл олишибди. Далага келиб қарасалар, она олмахон аллақачон ишини тугатиб қуёнчани кутиб ўтирган экан. Ёрдамчиларни кўриб хурсанд бўлиб кетибди ва шундай дебди:
– Салом, болажонлар. Сизларнинг келганларингдан бошим кўкка етди.
– Қуён хола, сизга ёрдам бергани келдик, дейишибди қуёнчанинг дўстлари.
Қуёнча, малла мушукча ва қора улоқча Она қуённинг қўлидаги шолғомли саватларни кўтаришда ёрдамлашиб юборишибди. Улар иккита таёқчни олишибди-да, сават дастасидан ўтказибдилар. Саватчалардан бирини она қуён билан қуёнча, иккинчисини эса мушукча билан улоқча кўтариб олибдилар. Шу тариқа улар бақириб қўшиқ куйлаганларича орқага, уйлари томон йўл олишибди.
Уйга етиб келишгач, она қуён уларга яна бир бор миннатдорчилик билдирибди:
– Сизларга катта раҳмат, азиз болажонларим.
– Арзимайди, – дейишибди қуёнчанинг дўстлари.
– Келинглар, сизларга ейиш учун ажоёйиб бир нарса пишириб бераман, дебди она қуён.
Улар ҳаммалари она қуёнга овқат қилишда ёрдамлашибдилар.
Қуёнча челакда сув олиб келибди. Улоқча ўчоққа олов ёқибди. Мушукча бўлса қозонни ювибди. Овқат пишгач ҳаммалари маза қилиб тамадди қилишибди
Тамадди қилиб бўлишгач, қуёнча идишларни ювишга олиб борибди. Мушукча эса уларни тозалаб ювибди. Улоқча столни тозалабди.
– Тақ! Тақ! Тақ! – тўсатдан эшик тақиллабди. Эшикни очиб қарасалар она мушук билан она эчки болаларини қидириб келишган экан. Қуёнча уларни ота-оналарига роса мақтабди.
Шундай қилиб она қуён билан қуёнча уларни остонада қўл силкиб кузатиб қўйишибди.
– Эртага кўришгунча хайр! Яхши дам олинглар!
Инглиз тилидан Дилмурод Усмонов таржимаси