– Хавотирланма, хотин. Мен, албатта, қайтаман. Бу шунчаки англашилмовчилик…
Уни олиб кетишди.
Хотин эса ағдар-тўнтар бўлиб ётган уйни йиғиштиришга тушди.
Шундан сўнг аёл интизорликда кута бошлади.
Кунлар, ойлар ўтди. Биринчи қишдан чиқиш анча қийин кечди. Эри ташлаб кетган озгина пулнинг ҳам таги кўринди. Ўғлининг иштаҳаси жуда яхши эди. Худди бўриникидек; Аллоҳга шукрки, йигит анча бақувват чиқди. “Ўғлимга кўз тегмаса бўлгани”, она ичида ўз-ўзига такрорларди.
Аёл сабрли эди. Ахир, эри унга кетишидан аввал: “Қайтаман…” демаганмиди? Бекорга бундай демайди-ку… У ҳеч қачон алдамаганди; доимо рост гапиргани учун ҳам қўшнилари уни ҳурмат қилишарди.
Яна бутун борлиғи билан кута бошлади. Эрини қамоққа тиқишга уларнинг ҳеч қандай асослари йўқ эди. Ахир, ёмонлиги йўқ — буни ҳамма тасдиқлайди. Ҳатто энг ҳасадгўй қўшниларнинг ҳам, ҳеч кимга гап бермайдиган, ҳаммомда учрашиб қолишса, доим фисқу фасод гап сотадиган, ўта кетган ғийбатчи хотинларнинг ҳам оғизларидан унинг меҳнаткашлиги, ҳақиқий эркаклиги тушмасди.
Албатта, у тез орада қайтиб келади…
Иккинчи қиш янада оғир келди. Аёл бирин-кетин зеб-зийнатларини сота бошлади, улардан айрилиш нақадар азобли… Қимматбаҳолиги учун эмас, йўқ, гап умуман бунда эмас, бу тақинчоқларни эри совға қилганди, ҳаётининг энг бахтли кунларида: никоҳ тўйларида, суюкли ўғиллари туғилганида… Бу зеб-зийнатларни фарзандининг тўйига асраб қўйганди. Бироқ, нима ҳам қила оларди, ахир, яшаш керак! Ўғли ҳам катта бўлиб қолди, ўқишини ташламаслиги лозим. Тағин унга китоб сотиб олиш керак…
Тез орада эри қайтиб келади ва ҳаммаси ўз ўрнига тушади; яна тақинчоқлар олиб беради. Олиб бермаса ҳам… ўйлаб қараса, бунинг кераги ҳам йўқ: “Мендайин қариб қолган хотин учун буларнинг нима кераги бор?”
У сабр билан кутарди. Баъзида эшикни кимдир оҳиста тақиллатгандай бўлар, шунда аёлнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзарди. Чунки, фақат эригина шундай эшик қоқарди. Бироқ, афсуски, ҳар сафар аёл янглишар, бу бошқа биров бўлиб чиқарди. Нега эри бунчалик ҳаяллаб қолди, ҳеч ақлига сиғдиролмади…
Кейинги қишда ўғли ҳам кетди. Она ҳеч нарсани билмасди. Қаёқдан ҳам билсин?
Биринчидан, саводи йўқ, иккинчидан, ўғли ярим тунгача эшитадиган радиодан нимани гапиришаётганларини фарқига бормасди. Уйи унинг учун бутун бир борлиқ эди. Ҳаммомга борса хотинлар билан лақиллаб қолиб кетмас, дўконга кирса, шошиб харид қилганча чиқиб кетарди. Таниш-билишлари эса бармоқ билан санагулик.
“Тартибли аёл оиласи ва уйига қараши керак”, – эри тез-тез шундай дерди. У доимо ҳақ эди. Хотини эса миқ этмай унга итоат қиларди.
Йўқ, аёл ҳеч нима билмасди.
Охирги пайтларда ўғли ўзгариб қолди: ўртоқлари билан учрашмас, олдингидек кулмасди (авваллари ўғли доимо онасининг кўнглини кўтариш учун ҳазил қиларди — яқинда ҳам, руслар Ойга учар экан, деб айтганди), онаси тайёрлаган мазали таомларга базўр қўл урарди. Ўзи тирикчиликлари аранг ўтмаяптими?
Энди ўғил хонасида ўтириб, радио тинглар ва мутолаа қиларди; ярим тунгача девор ортидан диктаторнинг овози янграб турар, газеталарнинг шитирлаши қулоққа чалинарди. “Ўғлимга нимадир бўлди, – ўйларди она, – балки, севиб қолгандир? Ростдан ҳам, бўйи етиб қолди, тезроқ уйлантириш керак…” Шу ўй билан уйқуга кетар, тушига невараларига энагалик қилаётгани кирарди.
Бир куни ўғли уйга турли егуликлар билан қайтди. Ўзида йўқ хурсанд эди.
– Китобларимни сотдим, – деди у, – энди уларнинг менга керак йўқ. Ўқишни ташладим.
Она ўғлини бироз койиди — ахир, китоблар унинг учун қанчалик қадрли эди-да, кейин овқат тайёрлашга тутинди. У шундай бахтиёр эдики, ҳатто бир зум эрини ёдидан кўтарди!
Анчадан бери бундай лаззатли таомни татиб кўришмаганди. Овқатдан сўнг, ўғил онасидан чой дамлаб беришни ва у билан бирга ўтиришни сўради. Она дарров маҳбубаси ҳақида гапирса керак, деб ўйлади. Негаки, фақат севиб қолган ўсмиргина шундай жиддий бўлиб қолади, севган кишининггина кўзлари шундай чақнайди.
Йўқ, она ҳеч нима билмасди.
Ўғлининг гапларидан сўнг унинг юраги қинидан чиққандай бўлди, у жимгина тингларди. Йўқ, тўғрироғи, ўғлининг оғзига шунчаки термулиб турарди. Чунки бу оғиздан чиқаётган сўзлар, гўё анҳорга қуйилаётган тошқиндай нотаниш ва бегона эди.
– Тушунинг, ойи, шундай қилиш керак… Озодлик…. Жазоир мустақиллиги…
Ўғил оташин, завқ-шавқ билан тўхтовсиз бидирларди. Аёл уни ҳали бундай ҳолатда кўрмаганди. Албатта, фақат муҳаббат (балки ақлдан озиш)гина одамни шу даражада ўзгартириб юборишга қодирдир, эҳтимол. Ожизага шундай туюлдики, бу бегона сўзлар оқими уни оқизиб кетаётгандек эди.
– Тушунинг, ойи… Ватан… Мустамлакачиликдан қутулиш… Биз буни амалга оширишимиз лозим… Агар отам ҳозир шу ерда бўлганида бизга қўшилган бўларди… Тушунинг!..
Лекин ҳеч қайси бир она бу нарсаларни тушунишга қодир эмас.
Кўнгли чилпарчин бўлганча бир алпозда ўйга толди: отаси қайтсагина ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Эҳ, фақат тезроқ қайта қолсайди! Қулоқларида эрининг хотиржам товуши ҳамон янграрди: “Хавотирланма… мен қайтаман”. Ахир, шундай деганидан кейин…
Эрталаб, одатдагидек, ўғлига қаҳва олиб кирди. Хона бўм-бўш эди. Онанинг кўнгли дарс кетганини айтиш учун сўз топилармикан.
Айтишларича, кунлар бир-бирига ўхшамасмиш. Қандай бемаънилик! Кимнидир интиқ кутаётган ёлғиз она учун нафақат кунлар бир-бирига ўхшайди, балки кунларнинг ўзи унинг учун мавжуд эмас: фақатгина тун, зим-зиё, совуқ тун.
Аввалига жуда оғир бўлди. У доим ўғлига атаб бирор бир ширинлик олиб қўяр, унга қандай таом тайёрласам экан, дея ўйланиб қоларди. “Бугун кечаси, албатта, уйга қайтади”, дерди ўзига ўзи дастурхон тузаётган маҳали ёки ўчоқ бошида куймаланаётиб. Аммо дастурхондаги кечки овқат совиб қолар, озиқ-овқат ҳам кундан-кунга тақчил бўлиб борарди. Бегона кишиларникида хизмат қилишга, кир ювишга, супур-сидир қилишга тўғри келди…
Шу зайлда яшашда давом этди, гўё соядек, жимгина. Йиллар эса бир-бири билан қувлашмачоқ ўйнарди. Гоҳо қулоғига узуқ-юлуқ гап-сўзлар чалиниб қоларди: “Бечора… ёлғиз қолди… ўйлаб кўргин, ахир, эри ҳам, ўғли ҳам… улардан бирон бир хабар йўқ…”
Ниҳоят бу кексайиб қолган хотин кучдан қолди. Кечалари исиниш учун қимир этмай ўчоқ ёнида ўтирар, қалбида биргина милтиллаб турган кучсиз умид уни ҳаётга боғлаб турган илинж эди: у ҳануз эри ва ўғлининг қайтишини кутар, агар шу умид бўлмаганида эди, ҳаёт у учун маънисизликларга тўла ҳеч нарсага айланиб қолган бўларди.
Бир тонг шаҳар аҳолиси ҳаяжон билан уйғонди. Пастак томлардан аёлларнинг шод-хуррам қийқириқлари янгради. Тинмай куйлашиб, бутун шаҳарни бошларига кўтаришди. Ҳар ёқдан беҳисоб оломоннинг: “Улар қайтишди!.. Бизнинг жасур қаҳрамонларимиз!.. Улар шарафига намойишлар, мушакбозлик ўтказилади… Яшасин Жазоир!.. Аллоҳ шаҳидларни раҳматига олсин!..” деган хитоблари эшитилди.
Кейин ҳаммаси сув қуйгандек тинчиди. Кунлар эса бир-бирини таъқиб этишда давом этарди.
Яна кумуш қиш оппоқ тўшагини ёйди. Кампир ҳамон кутарди. Ҳақиқатан ҳам, у ҳеч нима билмасди.
Оналар ҳар доим кутишади. Оналар қисмати шундай ўзи. Кутишдан чарчайдиган она топилармикин?
Қулоқлари остида ҳануз эрининг овози жаранглайди; ўғлига насиҳат қилаётганлари ёдида: “Кўчада бошингни тик кўтариб юр, гўё бу ернинг хўжайини — сенсан… Шунда сенга биров ғинг деёлмайди, ўғлим”. Ҳа, эрининг овози ҳамон қулоғида, ўғли эса диққат билан тингламоқда. Ахир, оталар доимо ҳақиқатни гапирадилар.
Қайсидир оқшом кампирнинг қулоғига кўчада, дераза тагида таниш қадам товушлари чалинди, балки шундай туюлгандир.
“Бу аниқ икковининг қадам олишлари… мен биламан-ку… Мана, отасининг оғир, бир маромда юришлари, мана ўғлимники… Ҳа, албатта, уларники, бошқа кимники ҳам бўлсин! Қодир эгам, ичимдаги ўт сўниб қолганди-я…”
– Энди у ғам-андуҳ бўлмайдиган масканда, – дейишди тонгда кампирнинг вафотидан хабар топган қўшнилари. – Ниҳоят, у яқинлари билан бирга.
Ахийри имкон топилганди.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси