У қўлида ниманидир ушлаб турганини сезди, кафтини очса: орден экан…
Эшикни тақиллатишганда, у соқолини қиртишларди.
– Ким у?
– Саройдан!
– Қаэрдан?..
Эшикни очгунча, ҳазиллашаётган ким экан, деб ўйлади. Остонада миршаб турарди. У мовий боғичли – саройга таклифномани топширди.
Бу ғаройиб ҳодиса ҳақида тезроқ дўстларига хабар бермоқ истагида телефонга ёпишди.
Бироқ, саройга ташриф буюриш учун костюм керак эди. Бу ҳақда таклифномада аниқ қилиб “Кийим-бош – маросимга мос костюм” деб кўрсатилганди.
Костюм излаб бир кунини йўқотди. Эрталаб етти яримда такси ушлаб Ф. исмли танишиникига костюм учун жўнади. Танишининг костюми унга қопдек осилиб қолди. Тикувчига қўнғироқ қилди. Аввал биттасига… иккинчисига… учинчисига… Аммо ким ҳам бир кечада костюмни унинг эгнига мос келтириб, бичиб беришга кўнарди?
Ниҳоят биттаси кўнди. Албатта икки баравар ҳақ эвазига. Бу тикувчи ўз касбининг устаси ҳисобланарди. Шу сабаб, унга ортиқча чойчақа беришга мажбур бўлди.
Ўн бешта кам ўн бирда у аллақачон саройда турарди. Таклифномада “Сизни соат 11 да ташриф этишингизни сўрардик” деб аниқ ёзиб қўйилганди.
Эгнидаги юқорида тарихи айтиб ўтилган-костюм ўз касбининг устаси ҳисобланган тикувчи қанча уннамасин телба-тескари осилиб турарди.
Такаббур малай уни катта залга бошлаб киргач, напалеонча учбурчак қалпоқ кийган ўта жиддий расмий шахс (маросимлар министримикан?!) унга яқинлашиб:
– Шу ерда кутинг, сизни чақиришади, — деб маълум қилди.
(Яхшиям уйдан чиқаётганда уззу-кун эшик олдида қўққайиб турадиган қоровул уни кўрмай қолди: билинтирмай ўтиб кетишга ва тезда такси тутишга муваффақ бўлди. Агар унинг ясаниб олганини кўрганида борми, нима деб ўйларди, худо билади?)
У диванда ўтирган юзи таниш кекса бир жаноб ёнига чўкди.
– Кечирасиз, сиз… сиз профессор Тамвакадис эмасмисиз?
– Хўш, эҳтимол мендирман, — деб тўнғиллади чол, — аммо ҳозир ўрниям, вақтиям эмас. Гапириш керакмас, бўлмасам чақириб қолишса эшитмай қолишимиз мумкин.
– Сиз ҳам тақдирланишгами?
– Нима, сиз ҳамми? Шундай ёшингизда – я…
– Ҳа, мен бор-йўғи олтмиш иккидаман, холос – деди у мағрур оҳангда овозини баландлатиб – профессорнинг қулоғи оғирроқ эканини эшитган эди. Ўша заҳоти профессор бармоғини лабига босиб шивирлади:
– Жим-м… Менимча бошлашди. Жим ўтириб қулоқ солинг!…
У ўрнидан туриб зални бироз айланган бўлди. Залда ўн бештача одам бор эди – уларнинг энг ёши ўзи экан. Ҳамма жим ўтириб кутар, ҳамманинг эгнидаги костюми худди уникидай шилвираб осилиб турарди.
У ойна олдига келди ва кўнгли кўтарилди: ҳарқалай унинг костюми бошқаларникидан дурустроқ эди. Кейин у подшоҳликнинг ашаддий душмани ҳисобланган ёзувчи Н.К.ни кўриб қолди. У бу ерга нега келдийкан? Унга қараб юрган эди, ёзувчи жуббанамо кенг иштон кийиб олган соқолдорнинг орқасига бекиниб олди. “Майли, — деди у ўзича, зални шошмасдан назардан ўтказаркан, — шундай бўлганиям яхши.” У яна ойна олдига келди. Бу сафар нима учундир ўзига ёқмади.
– Сизни чақиришяпти, эшитяпсизми, сизни чақиришяпти! – профессор Тамвакадис унинг қўлига ёпишди. – Боринг, боринг!
У ёп-ёруғ, узун йўлак бўйлаб учбурчак ғаройиб қалпоқ кийиб олган ўта жиддий расмий шахс (маросимлар министримикан?!) ортидан кета бошлади. Улар янаям каттароқ, сон-саноқсиз чироқлар билан ёритилган, дабдабали безатилган залга киришди. У тўрда шоҳсупага ўхшаш нарсани, шоҳсупанинг атрофида жуда кўп расмий кишилар ўтирганини кўрди. Оёқлари қалтираб, қаёққа юришни билмай тўхтаб қолди. Қаёққа юрсам экан? Ўзини йўқотиб атрофга олазарак боқди.
– Бу ёққа, — уни енгилгина туртишди.
У шоҳсупага яқинлашди. Боши зил тошдек оғирлашди. Олдинга яна бир-икки қадам ташлади-ю… Шоҳсупада унинг асари турарди!.. Унинг қўлини сиқишди. У ҳам иложи борича такаллуфона қисишга ҳаракат қилди.
– Табриклаймиз, — арши аълодан айтилгандай бир садо жаранглади.
– Ташаккуримни қабул қилгайсиз, — деб ғўлдиради у, уялганидан сўзлар томоғига тиқилиб.
Ниҳоят у яна йўлакка чиқди. Тўхтади. Чўнтагидан ғижим рўмолчасини олиб терга ғарқ юзини артди. Кейин қўлида ниманидир ушлаб турганини сезди, кафтини очса: орден экан.
Янги Гретсиянинг Фидий*си деб ном қозонган ҳайкалтарош Ф.Л. ҳеч нарсага қарамай кимсасиз кўчага югуриб чиқди.
Унинг юзида аянчли табассум жилваланарди.
______________
* Фидий — қадимги юнон ҳайкалтароши ва меъмори.
Хуршид Даврон таржимаси