Футбол шундай ўйинки, у ўзига барчани бирдай ром эта олади. Ҳозир футбол ўйнамайдиган мамлакат йўқ, ҳисоби. Мамлакатимизда ҳам футболни жонидан ортиқ кўришади. Жаҳон чемпионати каби мусобақа эса бизни бирлаштиради…
2002 йили бўлган ўша воқеани эсласам ҳалигача юзимга табассум келаверади. Ўшанда бутун юртимиз футбол билан ухлаб, футбол билан уйғонган пайтлар. Ахир Жаҳон чепмионатидай мусобақани ташкил этиш ҳар қайси мамлакатга ҳам насиб этавермайди. Терма жамоамиз Португалия билан ўйнайдиган кун эди. Кўчалар юзидан оёғи қадар қизил рангга бурканган футбол фанатлари билан лиқ тўлган. Ҳамма ўйингоҳга ошиқади. Ким ҳам шундай ажойиб ўйиннинг жонли гувоҳи бўлишни ҳоҳламайди, дейсиз. Мен ҳам тўлқин мисол ўйингоҳга ошиқаётган тўдага аралашиб кетдим.
– Нима қиласиз, бувижон? Яхшиси юринг телевизорда кўрамиз!-деган овоз қулоғимга баралла эшитилди. Мундоқ қарасам, тўқсонларни урган кампирни бир ўсмир йигитча етаклаб ўйингоҳга киряпти.
– Бекорларнинг бештасини айтибсан! Умрим бино бўлиб бир мартагина кирсам нима қипти?-деди кампир футболга унчалик қизиқмайдиган набирасига рўйхўшлик бермасдан.
Мен кампирдан кўз узмасдим. У озғин, қотмадан келган, хириллаб нафас олиши шундоқ эшитилиб турибди. Кампир ва унинг набираси менга ёнма-ён жойга ўтиришди. Кампир елкамга турткилаб сўз бошлади:
– Болам, ҳаётимда биринчи марта бу ерга киришим. Ҳамма келаётганини кўриб мен ҳам келавердим. Бу ерда нима бўлади ўзи?
Мен ўзимни кулгудан зўрға тутиб турганча:
– Тўп тепадиган мусобақа бўлади, дедим кампирга тушунтиришга уриниб.
У эса набирасига ўшқирди:
– Ана кўрдингми? Шунчаки бир ўйин бўларканку. Сен бўлсанг менинг жонимни суғуриб олай, дединг-а…
– Бу ер шовқин-сурон бўлади. Йиқилиб тушсангиз, сизга ким ёрдам беради? Шуни ўйладим-да,-деди набираси кўзи сузилиб.
Кампир барибир ўйинга тушунмади. Лекин майдондан кўзини узмасдан атрофни диққат билан кузатаверди. Ўйин ҳам бошланди. Бутун ўйингоҳ оёққа турганча, қалқиган. Футболчиларимиз майдонда бургут каби учишади. Пак Жи Сун португалияликлар дарвозасини забт этган махали қулоқларни кар қилгулик қувончли хайқириқлар янгради. Ёнимдаги кампир ҳам ўрнидан турганча инқиллаб-инқиллаб тебранди. Бир зумлик хайқириқдан сўнг, кампир яна мени турткилади:
– Болам, анови сариқ киши нега қувоняпти?-деди бош мураббийимиз Гус Хиддинкка ишора қилиб.
Яна тушунтиришга уриндим:
– У бизнинг жамоамизнинг мураббийи!
Кампир Гус Хиддинкка яхшилаб разм солди ва:
– Ҳааа… Шунақами? Лекин кўринишидан корейсга умуман ўхшамасканку?! Айниқса, кўзининг бизникига заррача ҳам ўхшаш жойи йўқ, – деди.
Мен кампирнинг бу гапидан қотиб-қотиб кулдим.
Корейс тилидан Отабек Йўлдошев таржимаси