Иван Головня. Танҳолик азоби (ҳикоя)

ТАНҲОЛИК АЗОБИ
ёхуд биз билган ва билмаган робинзонлар

Бугунги кунда орамизда инглиз адиби Даниэль Дефонинг машҳур “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” романини ўқимаган ёки ана шу асар асосида яратилган кинофильмни кўрмаган одам бўлмаса керак. Лекин, шу билан бирга, Робинзон Крузо Даниэль Дефонинг хаёлий тўқималари маҳсули эмаслигини ҳамма ҳам билмаса керак. Бинобарин, бу романга Александр Селкирк деган инглиз денгизчиси бош қаҳрамон қилиб олингани ҳам кўпчиликка номаълум. Айниқса, бу зотнинг ғаройиб воқеаларга ниҳоятда бой бўлган денгиз юришлари тарихдаги ягона Робинзон эмаслигини саноқли кишиларгина билиши мумкин. Бинобарин, робинзонлар Селкирккача ҳам, ундан кейин ҳам бўлган. Энг қизиғи шундаки, бундай ғаройиб тақдир эгалари бугунги кунда ҳам топилиб туради.
Робинзонлар ороли
Шундай қилиб, Даниэль Дефонинг романига ҳаётий воқеа асос қилиб олинган. Аммо бундан китобдаги барча ҳодисалар қандай содир бўлган бўлса, шундоғича тасвирланган экан-да, деган хулоса чиқармаслик зарур. Бадиий асар муаллифи, ёзувчилик ҳуқуқидан фойдаланиб, кўпгина воқеаларни ўзгартирган, айримларини эса ўзи ўйлаб топган. Лоақал романда тасвирланган мудҳиш кимсасиз оролнинг асарда беш чақиримга чўзилган деб талқин этилишини олиб кўрайлик. Аслида, оролнинг ҳудуди анча катта бўлган. Ёки адиб қаҳрамонини ўзи Тобаго деб атаган Ориноко дарёсининг Атлантик уммонига қуйилиш нуқтасига яқин бир манзилга жойлаштирганини эслайлик. Ҳолбуки, ҳақиқий Робинзон – Селкирк яшаган орол Тинч уммонида жойлашгани ва Мас-а-Тьерра деб аталиши жуғрофиядан яхши маълум. Мазкур орол Чили сарҳадларидан 600 чақирим нарида жойлашган бўлиб, Хуан-Фернандес ороллари гуруҳига киради. Ушбу оролнинг иқлими асарда тасвирланган Тобаго оролиникига нисбатан аслида хийла ёмонроқ. Қолаверса, ҳақиқий Робинзон, яъни Александр Селкирк, романда тасвирланганидек, кимсасиз оролда 28 йил эмас, тўрт йилдан сал кўпроқ ҳаёт кечирган, холос. Селкиркнинг Жумабой деган шериги ҳам бўлмаган. Муаллиф бу қаҳрамонни роман сюжетини қизиқарлироқ қилиш ва воқеалар ривожини тезлаштириш ҳамда мураккаблаштириш учунгина ўйлаб топган. Селкиркнинг одамхўр кимсаларга дуч келиши эса ғирт уйдирма.
Аслида, бу гаплар бошқачароқ бўлган эди.
Селкирк 1676 йили Шотландияда, оддий қишлоқлардан бирида этикдўз оиласида дунёга келади. У 19 ёшида уйдан чиқиб кетади ва бандаргоҳлардан бирида ҳарбий кемага денгизчи бўлиб ишга ёлланади. Бир неча бор денгиз жангларида иштирок этади. Кейинчалик “Синк Портс” деб аталувчи галера, яъни кўпэшкакли кемага ишга ёлланади. Бу кема 1703 йилнинг кўкламида “Сент Жорж” деб аталувчи фрегат – елканли ҳарбий кема билан бирга қироличанинг махфий буйруғига биноан қароқчилик мақсадида Жанубий Америка томонларга сафарга чиқади. Ушбу гуруҳга дунёни кемада уч марта айланиб чиққан машҳур денгиз қароқчиси ва йўл-тўсар Уильям Дампир қўмондонлик қилар эди.
Бир куни – бу вақтда аллақачон 1704 йил бошланган эди – “Синк Портс” Мас-а-Тьерра оролига келиб тўхтаганда, эшкакли кема капитани Стрейдлинг ва квартирмейстерлик (квартирмейстер – ҳарбий қисмни қароргоҳга жойлаштириш ва таъминот масалалари билан шуғулланувчи зобит – тарж.) мансабига кўтарилган Александр Селкирк ўртасида жанжал бошланади. Кема қўмондони ўз ёрдамчисини ўғриликда айблайди. Селкирк унга жавобан, мен бу ношукр капитан билан бирга сузганимдан кўра, одам оёғи етмайдиган мана шу оролда яккамоховга ўхшаб қолиб кетганим яхши, дея норозилик билдиради. Йўлбошчи Стрейдлинг, ҳақиқатан ҳам, сиркаси сув кўтармайдиган жиззаки раҳбар эди. У яқиндагина қўмондон Дампир билан ҳам ёқалашиб, ундан ажралиб кетган эди. Селкиркнинг аччиқ устида айтган сўзлари баҳона бўладию капитан ўша заҳоти уни оролга ташлаб кетиш ҳақида буйруқ беради. Квартирмейстер ўзи билан бирга чақмоқтошли пилтамилтиқни, озгина ўқ-дори, болта, пичоқ, қозонча, тамаки, анча-мунча кийим-кечак ва Инжилни олади. У қолган нарсаларни ўзи топиши зарур эди.
Селкиркнинг кимсасиз оролга ташлаб кетилганини икки хил – бир томондан, жазоланиш, иккинчи томондан эса, халос бўлиш сифатида баҳолаш мумкин. Бундай дейишимизнинг сабаби бор, албатта. Ўша воқеа-дан бир ой ўтмасданоқ “Синк Портс” кемаси довул пайтида Мапелла оролларидан биридаги тоғ қоясига бориб урилади ва чўка бошлайди. Эшкакли кема аъзолари минг машаққат билан ҳеч вақо ўсмайдиган тап-тақир бир оролчага етиб олади. Бу ерда уларни муқаррар ўлим кутмоқда эди. Орадан бир неча кун ўтганидан сўнг оролга испанларнинг ҳарбий кемаси яқинлашиб келади ва фалокатга учраганларни олиб кетади. Лекин у ёрдам кўрсатиш ва ғамхўрлик қилиш учун эмас, балки уларни Лимага юбориш учун олиб кетган эди. У ерда қароқчилар кишанлаб зиндонга ташланарди. Ўшанда Стрейдлинг ва унинг хизматчилари Селкиркка ҳавас қилган бўлса ажаб эмас.
Селкиркнинг тақдири не кечди? У анчагача, Стрейдлинг ҳовуридан тушиб, мени олиб кетиш учун барибир қайтиб келади, деган умидда кўзи тўрт бўлиб ўтирди. Лекин Стрейдлинг орқага қайтишни хаёлига ҳам келтирмас, аксинча, тезроқ Испания олтинларини қўлга киритишни ўйлар эди. Стрейдлинг келавермагач, Селкирк аввалига жуда хавотирга тушади. Лекин бу ҳол узоқ чўзилмайди. Селкирк нима бўлганда ҳам яшаш керак-ку, қўлни қовуштириб ўтиравергандан нима фойда, деган ўй билан ишга киришади. Чунки фақат бирор машғулотгина қўрқинчли хаёллардан чал-ғитиши мумкин эди. “Агарда мени нимадир халос этган бўлса, – деб эслаган эди кейинчалик Мас-а-Тьерра ороли “хўжайини”, – бу меҳнатдир”.
Селкирк ишни оролни кўздан кечиришдан бошлайди. Оролни айланиб чиқиб, Мас-а-Тьерра бемалол яшаса бўладиган орол экан, деган хулосага келади. Унда кўплаб озиқбоп илдизлар, бошоқли ўсимликлар ва ҳатто баъзи мевали дарахтлар ўсиб ётарди. Соҳил бўйларида балиқ ва тошбақалар кўп эди. Оролда ёввойи эчкилар, мушук ва каламушлар ҳам урчиган эди.
Шундан сўнг Селкирк ишга тушади. У дастлаб яхши жой танлаб, қулайгина кулба барпо этади. Кейин ошхона вазифасини бажарадиган яна бир кулба қуради. Яшаш жойини тахт қилгач, ёғочдан уй-рўзғор буюмларини ясашга киришади. Тақвим ясаб, унда кунларни қайд қилиб боради. Уст-боши йиртилиб адо бўлганидан кейин эчки терисидан янги кийим тикади. Махсус ишланган михдан игна ўрнида фойдаланади. Эчки ва тошбақаларни тинимсиз овлаб, гўштни етарлича ғамлаб қўяди.
Бир гал эчкининг ортидан пойлаб борар экан, унинг орқасидан тик жарликка қулаб кетади. Эчкининг устига тушгани учун қаттиқ лат емайди ва ҳартугул тирик қолади. Барибир бу фалокат изсиз кетмайди – уч кун қоя остида ҳушсиз ётади ва ўзига келгач, яна ўн кун кулбасидан чиқмай, ўзини ўзи даволайди.
Селкиркнинг егуликлари кўпайгач, кулбага каламушлар танда қўйиб қолади. Эчки гўшти воситасида ёввойи мушукларни хонакилаштириб олмагунича улар анча нарсани ғажиб ташлайди. Тез орада мушуклар гала-гала бўлиб кела бошлайди. Шундан сўнг кулбадан каламушларнинг оёғи узилади.
Бир куни орол яқинига испанларнинг кемаси келиб тўхтайди ва экипаж аъзоларининг бир қисми соҳилга тушади. Нақадар қийин бўлмасин, Селкирк испанлардан ёрдам сўрашни хаёлига келтирмайди, аксинча, тезда кўздан узоқроқ жойга яширинишга уринади. Испанлар инглиз қароқчиларини қанчалик қаттиқ жазолашини у яхши биларди.
Шу тарзда, доимий машаққатлар, ташвиш ва хавотирлар ичида, Александр Селкирк кимсасиз оролда тўрт йил умр кечиради.
1709 йил 2 февралда Мас-а-Тьерра оролига инглизларнинг “Дюк” ва “Датчис” кемалари яқинлашади. Гулхан тутуни кўзга чалингач, оролга бир офицер ва матрослар минган қайиқ юборилади. Оролга саккиз киши бориб, тўққизта бўлиб қайтиб келишади. Тўққизинчи одамнинг афт-ангори қўрқинчли, эчки терисидан пўстин кийиб олган, сочлари пахмоқ бўлиб кетган эди. Инглизчага ўхшаб кетадиган ғалати бир лаҳжада зўрға гапирарди. Бу – Александр Селкирк эди. Оролда яшаган йиллари давомида у гапиришни ҳам, она тилини ҳам деярли унутиб қўйганди.
Бу гал ана шу кичкинагина бўлинма етакчиси бўлиб келган Дампирнинг тавсиясига кўра, “Дюк”нинг капитани Вуде Роджерс Селкиркни ўзига ёрдамчи қилиб ишга олади.
Дарвоқе, “Дюк” ва “Датчис” кемалари ҳам ўша “Синк Портс” шуғулланган иш – қароқчилик билан, яъни қироличанинг ўзи қонунлаштирган, махсус рухсатнома берган машғулот билан шуғулланарди. Қароқчилар норасмий равишда айнан шундай ном билан – “қироллик қароқчилари” деб аталар эди.
“Дюк” уч йиллик денгиз юришларидан сўнг Англияга қайтади ва шундан кўп ўтмай кема капитани Вуде Род-жерснинг “Дунё бўйлаб саёҳат” китоби босилиб чиқади. Китобда Вуде Роджерс кўрган инсон оёғи етмаган кўпгина ёввойи ўлкалар қаторида Мас-а-Тьерра ва унинг “хўжайини” Александр Селкирк ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Тез орада Селкиркнинг ўзи ҳам ижод дардига гирифтор бўлади – у “Александр Селкиркнинг ўз қўли билан ёзган ғайриоддий саргузаштлари” деб ўша замонларга хос баландпарвоз ном билан аталувчи эсдаликни қоралаб ташлайди.
Аммо, минг афсуски, Селкиркдан ёзувчи чиқмайди. Унинг китоби, жозибали номи ва қизиқарли сюжетига қарамасдан, ўқувчилар эътиборини тортмайди. Лекин бу ғалати зоҳиднинг тақдири билан машҳур ёзувчи Даниэль Дефо қизиқиб қолади. Зар қадрини заргар билади, деб шунга айтсалар керак-да! Хуллас, Даниэль Дефо Селкирк билан танишади, бир неча бор учрашади, оролдаги ҳаёти ҳақида унга кўп саволлар беради. Ниҳоят, 1719 йили Англиянинг китоб расталарида Даниэль Дефонинг “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” романи пайдо бўлади. Бу асар китобхонлар орасида фав-қулодда машҳур бўлиб кетадики, натижада асар муаллифи ҳам, Александр Селкирк деган зот ҳам тез орада бутун дунёга танилади.
Ўлим ҳақ, Селкирк 1723 йил 17 декабрда “Веймут” кемасида Африка қирғоқлари бўйлаб сузиб бораётганида вафот этади. Кемада у капитаннинг биринчи ёрдамчиси бўлиб хизмат қиларди. Чамаси, Селкирк Даниэль Дефонинг романини ўқиб чиқишга улгурган.
Муаллиф Робинзон Крузонинг прототипи ҳақида ҳикоя қилар экан, муҳим бир нуқтани атайлаб эътибордан четда қолдириб кетади. Гап шундаки, капитан Стрейдлинг билан жанжали арафасида кимсасиз оролга бирров бориб келган Селкирк у ерга илгари ҳам инсон қадами етганидан далолат берувчи баъзи белги-аломатларни кўради ва оролда яшаса бўлар экан, деган қарорга келади. Шунинг учун ҳам у Мас-а-Тьерра оролида қолишга дарров рози бўлақолади. Ниятинг – йўлдошинг, деган гапнинг амалий тасдиғини шундан ҳам билса бўлади.
Аммо Селкирк янглишган эди. Тўғри, у чиндан ҳам ўша оролга инсон қадами текканидан далолат берувчи темирдан ясалган ибтидоий буюмлар, деворга ўхшатиб терилган тош уюмлари ва бошқа нарсаларни кўрган эди. Дарҳақиқат, ундан олдин ҳам бу оролда одамлар бўлган. Бўлганда ҳам, кўп одам бўлган. Лекин Селкирк бир нарсани билмасди: уларнинг барчаси оролга ундан анча олдин келиб-кетган худди унга ўхшаган робинзонлар эди.
Оролнинг дастлабки “хўжайини”, чамаси, Хуан Фернандес бўлган. Ушбу ороллар тизмаси кейинчалик унинг номи билан аталгани ҳам бежиз эмас. У ўн йил бутунлай танҳоликда яшайди. Балиқ овлаб, эчки боқиб кун кўради. Ватанига қайтаётганида, табиийки, эчкиларни оролда қолдириб кетади. Вақт ўтиши билан эчкилар кўпаяди ва ёввойилашиб кетади. Нимасини айтасиз, кейинчалик Мас-а-Тьерада ёлғизлик азобини тортган одамларнинг барчаси айнан шу инсон туфайли гўшт, сут ва тери билан таъминланиш имконига эга бўлган. Оролнинг маҳаллий аҳолиси бугунги кунгача ёввойи эчки овлаб тирикчилик қилар экан, бу ҳам Хуан Фернандес туфайли.
Ўн еттинчи асрнинг йигирманчи йилларида довулга учраган голлан-диялик моряклар оролда узоқ муддат яшайди. Кейинчалик уларнинг ўрнини қора танли денгизчи эгаллайди. У орол яқинида чўкиб кетган савдо кемасидан зўрға омон қолган сўққабош эди. Бироқ бу робинзонлар ҳақида маълумот жуда оз.
Кейинги Робинзон – Марказий Америкадаги Москито-Кост шаҳри фуқароси Уильям деган ҳинду ҳақида анча-мунча тафсилотлар маълум.
1681 йилнинг бошида Уолтинг ва Шарап бошчилигидаги англиялик қароқчилар шошилинчда мазкур оролда бир шўринг қурғурни эсдан чиқариб қолдириб кетади. Бу ҳодиса омадли жентльменлар – қароқчилар уфқда испанларнинг ҳарбий кемаси пайдо бўлганини кўриб, орқа-олдига қарамай қочиб кетаётган бир пайтда содир бўлади. Ўша куни Уильям озиқ-овқат топиб келиш учун оролга юборилган бир неча денгизчи билан бирга лаънати эчкиларни овлашга берилиб кетади. Ов завқи билан маст ҳинду қирғоққа қайтиб келганида кемасининг елканлари узоқдан элас-элас кўзга чалиниб турарди. Мастлик билан ҳушёрлик рост келмас, деган шарқ ҳикматининг исботи эмасми бу?
Боёқиш, Селкиркдан фарқли ўлароқ, ов вақтида олиб юрган буюмлари билангина қолади. Милтиқ, бир чимдим ўқ-дори, пичоқ – Уильямнинг бор-йўқ нарсаси шу эди. Шунга қарамай, у Яратганнинг иродаси билан тирик қолади. Бу инсон ҳинду бўлгани учун ибтидоий ҳаёт шароитларига оқтанлиларга қараганда кўпроқ мослашган эди. Қолаверса, унинг пичоғи жуда қаттиқ пўлатдан ясалгани ҳам бу танҳолик азобида қўл келади. Бир неча кундан кейин, ҳисобли ўқ-дориси тамом бўлганидан сўнг Уильям энди ҳеч нарсага ярамай қолган милтиғининг стволини пичоқ билан қирқиб, ундан яна бир пичоқ, игна ва балиқ тутадиган қармоқлар ясай бошлайди. Уларнинг барчасини тош билан текислаб, қа-йириб, чархлайди, кейин оловда тоблаб, сувда қотиради. Милтиқдан чиққан темир парчаларига чақмоқтошни уриб ўт чиқаради.
Қирғоққа яқин жойларда бот-бот тюленлар пайдо бўлиб турарди. Уильям уларни ўлдириб, терисидан ингичкагина қилиб қирқиб, балиқ овлаш учун қармоқип ясайди. Ҳавонинг авзойи бузилган пайтларда жон сақлаш учун, ҳам доимий бошпана бўлсин деб, денгиз ёқасида эчки терисидан кулба ясаб олади. Лекин аксарият қирғоқдан олисдаги ғорда яшайди. Шох-шабба ва қуриган сув ўтларидан тўшак қилиб олади. Кийим-боши тўкилиб тамом бўлганидан кейин у ҳам, худди Селкирк сингари, эчки терисидан либос тикишни ўрганади.
Уильям Мас-а-Тьеррада уч йилдан кўпроқ истиқомат қилади. Инсоф билан айтганда, у лаънати оролни илгарироқ ташлаб кетиши ҳам мумкин эди. Қандайдир йўллар билан Мас-а-Тьеррада инглиз қароқчиси яшириниб юрганини пайқаган испанлар бир неча бор оролга келиб кетади. Лекин испанларга рўбарў келадиган бўлса, ҳоли не кечишини яхши билгани учун Уильям ҳар сафар одам ўтолмайдиган чакалакзорларга яшириниб олади.
Уильямни бошқалар – бизга яхши таниш бўлган қароқчи Дампирнинг одамлари оролдан олиб кетади. Унинг “Бечелес Делайт” ва “Николас” номли кемалари 1684 йилнинг 22 мартида ичимлик сув ва озиқ-овқат ғамлаб олиш учун оролга келиб тўхтайди. Қароқчиларнинг дийдорлашуви бениҳоя қувончли бўлади. Чунки Дампирнинг кемаларида Уильямнинг таниш-билишлари кўп эди.
Айнан ана шу Дампир кўпчиликка яхши маълум бўлган, 1697 йили Лондонда чоп этилган “Дунё бўйлаб янги саёҳат” китобида бу Робинзоннинг саргузаштларидан ҳам оламни хабардор қилади. Уильям эса Даниэль Дефони “Робинзон Крузонинг саргузаштлари” китобидаги Жумабой образини яратишга ундаган бўлса ажаб эмас.
Асосий қаҳрамон – Селкирккача бўлган бешинчи робинзоннома, аввалгисидан фарқли ўлароқ, у қадар оғир ва машаққатли бўлмаган. Аксинча, енгилроқ ва ёқимлироқ бўлган бўлса керак.
Бу робинзоннома қуйидагича бошланади. 1687 йили Англиянинг “Бечелес Делайт” қароқчи кемаси капитани Эдуард Дэвиснинг буйруғи билан Мас-а-Тьерра оролига бир йўла беш денгизчи сургун қилинади. Бу денгизчиларнинг ошиқ ўйнашга (қимор) ҳаддан зиёд ружу қўйгани шундай қаттиқ жазога сабаб бўлган эди. Дэвис айбдорларнинг ушбу кимсасиз оролда яшаши учун зарур бўладиган барча нарсани қолдириб кетгани учун уларнинг бўш вақти кўп эди. Ёмон томони – уларнинг пули йўқ эди. Аммо янги робинзонлар тинч ўтирармиди! Улар ўша заҳотиёқ оролни тенг бешга бўлиб, яна ўйинга киришади. Энди ҳар ким ўзининг ерини тикиб ўйнарди. Ҳар куни аҳвол шу эди. Тўғри, бир неча бор ўйинни тўхтатишга тўғри келади. Лекин бундай ҳолатлар ҳам ўша испанларнинг айби билан бўларди. Улар тоза сув олиш ва бир йўла англиялик қароқчилар учраб қолса, уларни ҳам тутиш ниятида вақти-вақти билан оролга келиб кетарди. Аммо ҳар сафар англия-ликлар яширинишга улгурарди. Чунки улар ҳарчанд ўйинга берилиб кетмасин, доим уфққа қараб, қандай кема келаётганини бехато кузатиб турар эди. Уч йилу тўққиз ойдан сўнг Дэвиснинг кемаси оролга қайтиб келгач, бу ёққа юборилган денгизчилар ўша ўзларига таниш манзаранинг гувоҳи бўлади: сургун қилинган бешовлон ҳамма нарсани унутган ҳолда ўйин билан машғул эди. Улар қиморга шу қадар берилиб кетган эдики, денгизчилар уларни сал бўлмаса судраб кемага олиб чиқади.
Орадан 14 йил ўтганидан сўнг оролда биз билган Робинзон – Селкирк жаноблари пайдо бўлади.
Бироқ Мас-а-Тьеррадаги робинзоннома Селкиркнинг саргузаштлари билан ниҳоя топиб қолмайди. 1715 йил у ерда испанлар қўним топади. Лекин кўп ўтмай уларнинг митти жамоаси зилзила туфайли ҳалок бўлади. 1719 йили оролда Англия ҳарбий кемасидан қочган денгизчилар вақтинчалик бошпана топади. Орол 1720 йили Англиянинг довул пайтида чўкиб кетган “Спидуэл” кемаси аъзолари учун паноҳ бўлади. “Спидуэл” кемасининг баъзи денгизчилари ўзлари ясаган қайиқда жон сақлаб қолади, бошқалари эса оролга ҳужум қилган испанлар билан жангда ҳалок бўлади.
Хуллас, Мас-а-Тьерра оролини том маънода робинзонлар ороли дейиш мумкин. Дарвоқе, яқинда Чили ҳукумати Мас-а-Тьерра оролини Александр Селкирк ороли деб қайта номлади, Хуан Фернандес тизимига кирувчи Мас-а-Фуэра оролига эса Робинзон Крузо номини берди. 1823 йили Мас-а-Тьерра оролида Александр Селкиркка ёдгорлик ўрнатилган эди. 1863 йили унинг хотирасига Англия кемаларидан бирининг аъзолари ҳам ёдгорлик лавҳаси ўрнатади. Унда “Мазкур оролда тўрт йилу тўрт ой танҳоликда яшаган Александр Селкирк хотирасига ўрнатилди” деб ёзилган.
Ҳозирги кунда оролда 400 чоғлиқ одам истиқомат қилади. Уларнинг барчаси, турган гапки, ўзлари яшаётган оролда бир вақтлар англиялик денгизчи истиқомат қилгани, ҳатто у ҳақда китоб ёзилгани тўғрисида яхши билади ва табиийки, таъбир жоиз бўлса, машҳур ватандошлари билан фахрланади. Тўғри, Селкирк ҳақидаги китобни уларнинг ҳаммаси ҳам ўқимаган. Чунки орол аҳолисининг аксарияти саводсиз. Сайёҳ ва саёҳатчилар Александр Селкирк оролини камдан-кам зиёрат қилади. Сабаби – орол сайёҳлик йўналишларидан анча узоқда.
Бу жиҳатдан Америка қитъасининг нариги томонида жойлашган, Даниэль Дефо романидаги бадиий тал-қинга кўра, Робинзон Крузо яшаган Тобаго оролига омад кулиб боққан. У ерда ҳозирги вақтда “Ҳақиқий Робинзон ҳузурида” деган жозибали ном билан аталувчи меҳмонхона ва ресторан бор. Ресторанда хизматга шай ходимлар мижозга албатта “А-ля Крузо” деб аталувчи тансиқ маҳаллий таомни таклиф этади. Бундан таш-қари, оролда АҚШ ва Лотин Америкасидан келган сайёҳларга хизмат кўрсатувчи аэродром ҳам мавжуд.
Робинзонлар ҳам ҳар хил бўлади
Мас-а-Тьерра ороли робинзонлари елкасига кўплаб машаққат ва қийинчиликлар тушган. Лекин уларнинг барчасини қўшиб ҳисоблаганда ҳам, испан денгизчиси Педро Серранонинг бошига тушган синовлар олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Дейлик, Селкиркнинг кимсасиз оролда яшаши учун деярли барча зарур нарсалари – кийим-кечаги, милтиғи, ўқ-дориси, болтаси, пичоғи, қозони, тамакиси ва ҳатто Инжилигача бор эди. Мўътадил иқлимга эга бўлган оролда овқат ва ичимлик суви етарли эди. Денгизнинг қирғоққа яқин саёз жойларида балиқ, тошбақа ва қисқичбақа урчиган эди. Энг муҳими, оролда йирик йиртқич ҳайвонлар, заҳарли илону майда чивинлар йўқ эди. Бир сўз билан айтганда, Мас-а-Тьеррани рисоладагидек деб бўлмаса-да, ҳарқалай, робинзонлар учун жуда мос жой эди. Педро Серранода эса бундай имконият йўқ эди. У оз эмас, кўп эмас, етти йил яшашига тўғри келган оролни орол ҳам деб бўлмасди.
Бу воқеа олис 1540 йили бўлган эди. “Глория” номли испан кемаси, барча елканларини кўтарган ҳолда, тоза ва майин шамол етагида Перу қирғоқлари томон елиб борарди. Кемада денгизчилардан ташқари кўпгина муҳожирлар ҳам бор эди. Испан конкистадорлари (испан ва португал босқинчилари “конкистадор” дейилган – тарж.) томонидан забт этилган инклар салтанатининг (Инклар салтанати – Жанубий Америкадаги қадимий давлат. Испанлар томонидан босиб олинган ва йўқ қилинган. Бу салтанат давридаги айрим қалъалар қолдиқларигина сақланиб қолган – тарж.) мислсиз бойликлари ҳақида эшитавериб, олтин талвасасида йўлга чиққан бу кимсалар тезда бойиб кетамиз ва белимизни бақувват қилиб юртга қайтамиз, деган умидда эди.
Ўша омадсиз кунда осмон эрта тонгдан мусаффо эди ва фалокат бўлиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмасди. Аммо пешиндан сўнг осмоннинг туси бўзаради, бутун борлиқни қоп-қора булут қоплаб, аллақаёқдан довул туради. Денгиз кўпириб, кемага кучли пўртаналар ёпирилади. Кемадагилар довул ва долғалар зарбасига дош беролмай, мачта бортидан ташқарига отилиб кетади. Кеманинг қуйруғи узилиб тушади. Сув кеманинг трюми – остки қисмига ёпирилади. Ва бир лаҳзада кема қутуриб ётган гирдоб қаърига ғарқ бўлади.
Фақат Педро Серрано тирик қолади. Тўлқинлар уни бир неча соат давомида уммон бағрида ўйнатиб юради ва ниҳоят, пиёз пўстлоғидек, қирғоққа ирғитиб юборади. ҳолдан тойган денгизчи судралиб қуруқликка чиқиб олади ва ҳушидан кетади. Ўзига келганида денгиз хотиржамгина чайқалиб ётар, осмон мусаффо, даҳшатли довулдан эса асар ҳам йўқ эди. Педро зўрға оёққа туриб, атрофга аланг-жаланг назар ташлайди. Ён-атрофдаги манзарани кўриб даҳшатга тушади: у узунлиги саккиз чақирим келадиган, гиёҳ зоти кўкармайдиган, на бир кўлмак, на бир тош кўзга ташланадиган қумлоқликка тушиб қолган эди. Тасаввур қилинг, бир энлам ер, у ҳам бошдан-оёқ қумдан иборат. Чор атроф эса чексиз уммон. Серранонинг устидаги кийими ва белидаги пичоғидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди. Тўғри, бу ерда қаёққа қараманг, қовжираган сув ўтлари сочилиб ётарди. Лекин учқун чиқарадиган бирор нарса йўқ эди. Очликдан қийналган Серрано бир нечта қисқичбақа топиб, хомлигича паққос туширади. Ҳаммаси мазасиз ва шўрланиб кетган эди. Ташналикдан томоғи қақраб борарди. Шундай вазиятда денгизчи ҳаётдан умидини узади: оролда ичимлик сув йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасди.
Шом кўлкаси туша бошлагач, Педро аллақаерда қум остидан тошбақалар бош кўтариб чиқаётганини пайқаб қолади. У бир нечта тошбақанинг оёқларини осмондан қилиб ағдариб қўйишга улгуради. Кейин биттасининг бўйнини шартта кесиб, кекирдагига лабини босганча қонини сўра бошлайди. Қон чучук, жуда бемаза эди. Начора, осмон – йироқ, ер – қаттиқ! Серрано чанқоғини қондириб, тошбақа гўштини юпқа қилиб кесиб, қоқлаш учун қум устига ёйиб қўяди. Гўшт унча мазали эмасди, лекин егулик эди.
Орол атрофида тошбақа кўп эди. Айнан шу туфайли Педро тирик қолади. Тошбақаларнинг косасидан яхшигина идиш қилиб, уларга ёмғир сувини тўплайди. Сув парланиб кетмаслиги учун бир нечта чуқурча қазиб, сув тўла косаларни жойлаб, устини бўш коса билан ёпади-да, кўмиб қўяди.
Ҳаво очиқ кунлари офтоб забтига оларди. Жазирамадан сақланиш учун Серрано кўп вақтини сувда ўтказади.
Денгизчи ҳамиша нима қилиб бўлса-да ўт топишни ўйларди. Олов бўлса, пишган гўшт ейиши мумкин. Қолаверса, оловнинг тутуни яқин-атрофдан ўтадиган кемаларга бир ишора бўлади. Аксига олгандек, бутун оролда ушоқ бир тошча ҳам топилмасди. Педро оролни деярли қадам-бақадам кўздан кечириб, бунга ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг у денгиз тубидан тош ахтаришга тушади. Водариғ, у ерда ҳам қумдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Охири омади чопади: қирғоқдан ярим милча (бир денгиз миляси – 1852 метр, ярим миля – 926 метр, қарийб бир километрга тенг – тарж.) нарида, анча чуқур жойда бир неча тош парчалари ётганини пай-қаб қолади. Жонини жабборга бериб, тошларни денгиз тубидан олиб чиқади. Қолганини эпласа бўларди. Серрано кўйлагидан қолган-қутган латтани эшиб, пилик ўрнида тошга яқинлаштиради ва пичоқнинг тиғсиз томони билан тошга уради, зарбдан учқун чиқиб, тез орада орол устида тутун ўрлай бошлайди. Гулханни ёмғир ўчириб қўймаслиги учун денгизчи унинг устига тошбақа косаларидан бостирма ясаб қўяди. Шу кундан бошлаб Серранонинг дастурхонида қоқ-қуритилган тошбақа гўштидан ташқари, қовурилган гўшт ҳам пайдо бўлади. У ҳатто қайнатилган тошбақа гўштини ҳам истеъмол қила бошлайди. Гўштни майдароқ тошбақанинг косасида қайнатарди.
Ҳадемай уч йил ўтиб кетади… Бу муддат давомида Серрано олис уфқда оролга яқинлашиб ўтиб кетаётган кемаларнинг елканларини кўрар, лекин улардан бирортаси ҳам тўхтамас эди. Шунга қарамай, Педро умидсизликка тушмасди.
Кунлардан бирида, худди Робинзон Крузо ҳаётида бўлгани каби, Серрано тақдирида ҳам Жумабой пайдо бўлади. Лекин у ўйлаб топилган, китобий эмас, том маънодаги Жумабой эди.
Довулли бир тундан сўнг уйғониб қараса, соҳилда унинг ўзига ўхшаган бир одам турибди. Аввалига кўзларига ишонмайди. Лекин бу одамнинг деярли қип-яланғоч Педродан фарқ-ли равишда иштон-кўйлаги бор, соқоллари ҳам тарвақайлаб кетмаган эди. Серрано ва номаълум зот бир-бирини кўриши билан даҳшатли тарзда қичқириб, турли томонга қочиб кетади. Серрано бу номаълум кимсани жин деб ўйлайди, янги “меҳмон” эса Педрони ҳали ҳеч қаерда учратмаган йиртқич деб хаёл қилади. Бу “йиртқич”нинг қандай қилиб худодан мадад сўраётганини эшитиб, келгинди тўхтаганча бақира бошлайди:
– Эй биродар, тўхтасанг-чи! Мендан қочмасанг-чи! Мен ҳам сенга ўхшаган бир насроний бандаман!
У тиз чўкиб, бор овози билан ибодат сураларини айта бошлаганидан сўнггина Серрано тўхтайди. Улар қаттиқ қучоқлашиб кўришади, бир-биридан бу ерга қандай келиб қолганини сўрайди, ҳар қайсиси ўз бошидан ўтган кулфат ва саргузаштларни гапириб беради.
Биргаликдаги ҳаёт бошланади. Дастлаб ҳаммаси яхши эди. Серрано ва унинг шериги (афсуски, унинг исми тарихий манбаларда ёзиб қолдирилмаган) биргаликда тошбақа овлар, гулханга ўтин терар, овқат тайёрлар эди. Кечалари гулхан ёнида ўтириб, бир-бирига бошдан ўтказган кунлари ҳақида гапириб берар, ватанга қайтиб бориш тўғрисида орзулар қилар, келажак режаларини тузар эди. Бироқ вақт ўтган сари гаплашадиган нарса ҳам тугаб борар, аввалгиларини эшитишнинг қизиғи йўқ эди. Гаплашишнинг маъниси қолмаган эди. Баъзида кун бўйи бир-бирига икки-уч оғиз гап қотишарди, холос. Оқибатда иккаласида ҳам ло- қайдлик пайдо бўлади, бир-биридан безиш, жуда майда нарсалардан ҳам гина-кудуратга боришлар бошланади. Кейин ўзаро ҳақорат ва жанжаллар пайдо бўлади. Иш шу даражага етадики, бир куни катта жанжалдан сўнг пичоқлар ишга солинади. Ажабки, азиз ўқувчи, билсангиз, бир замонлар Одам Отанинг дастлабки фарзандлари ҳам шу тахлит ўзаро душманликка борган эди.
Яхшиям, иш қотиллик билан якунланмайди: робинзонлар вақтида ақл-ҳушини йиғиб олади. Бир-биримизни ўлдириб нима қиламиз, яхшилик билан хайрлашсак ҳам бўлади, деган қарорга келадилар. Дарвоқе, “хайрлашиш” деган сўзни ишлатсак ноўрин бўлар, чунки улар хайр-хўшлашиб қаёққа ҳам борарди дейсиз! Лекин ҳар бири ўз бошига – мустақил яшаши мумкин эди.
Эртаси куни улар оролни ва камтарингина рўзғорини тенг иккига бўлиб олади ва алоҳида яшашга киришади. Ҳар ким фақат ўз ҳудудида ўзи сув ва ўтин ғамлар, ҳар ким ўз гулханига ўзи ўт қалар эди.
Лекин бу ҳол узоқ давом этиши мумкин эмасди. Бир неча ойдан ке-йин оролчилар яраш-яраш қилишга тушади. Бунга нима сабаб бўлган – ёлғиз худога аён. Эҳтимол, кимгадир тезлик билан ёрдам керак бўлиб қолгандир. Балки шунчаки улардан бирининг қатъияти ғолиб келиб, кел энди, оғайни, бу беш кунлик дунёда аразни бас қилайлик деб, биринчи бўлиб қўл узатишга журъат этгандир. Нима бўлганда ҳам икковлон ярашиб, қучоқлашиб, ёш болалардек роса бўкириб йиғлайди. Бошқа жанжаллашмайдилар. Ҳиссиётга берилмасликка, ўзларини қўлга олишга ўрганадилар.
Орадан яна бир неча йил ўтади. Одатдаги кунларнинг бирида – ўшанда 1547 йил эди – ким билсин, нечанчи бор уфқда елканлар кўзга ташланади. Серрано ва дўсти ғамланган барча ўтинни оловга ташлайди. Улкан гулхан гуриллаб ёна бошлайди. Кемадагилар тутунни пайқаб, оролга қараб йўл олади. Кемадан қайиқ туширилаётганини кўриб, робинзонлар қувонганидан йиғлаб юборади. Лекин уларнинг қувончи узоққа чўзилмайди: қайиқ қирғоққа етай деганда яна орқага қайтиб кетиш учун бурила бошлайди. Қайиқдагилар соч-соқоли тўзиб кетган бу икки жонзотни аллақандай алвасти ёки жин бўлса керак, яхшиси, жонимизни хавф-хатарга қўймай қўяқолайлик, деган қарорга келади. Фақат оролчилар ибодат сураларини бақириб ўқий бошлагачгина денгизчилар бир оз иккиланиб, қайиқни яна орол сари буради.
Кема испанларники бўлиб, Перудан қайтиб келаётган эди. Серранонинг дўсти бир неча ойдан сўнг қаттиқ ҳаяжонни кўтаролмагани учун она юртини кўролмай, кемада жон беради.
Икки ойдан кейин кема Севилья бандаргоҳига келиб тўхтайди. Педро Серрано ва унинг машаққатли саргузаштлари ҳақида эшитиб, бандаргоҳда катта оломон тўпланади. Ёвво-йисифат денгизчи ҳақидаги гап-сўзлар пойтахтгача етиб боради. Уни қиролнинг ўзи кўришни истаб қолади. Педрони асл ҳолида – соч-соқолини олмай, жанда либосда Мадридга олиб борадилар. Йўл-йўлакай уни томошаталаб одамларга кўрсатиб пул ишлайдилар. Карл Бешинчи Педронинг ҳикоясини тинглаб, унга тўрт минг тилла унций – бутун бир хазина беришни буюради.
Серрано бойиб кетганидан сўнг Перуда, қадрдон оролидан узоқ бўлмаган қайсидир бир жойда яшаб қолишга қарор қилади. Аммо у ерга етиб бормасдан, йўлда вафот этади.
Педро Серрано робинзонномасини жасорат, унинг ўзини эса қаҳрамон деб аташ мумкин. Ва бунда заррача муболаға йўқ. Етти йил давомида беҳудуд ва аксарият пайтда нотинч уммон бағридаги қуп-қуруқ қумлоқ оролда фақат мард, иродали ва қатъиятли (унинг бир неча ой давомида тош излаб тиним билмаганини эслайлик), ўзининг бир кун келиб албатта халос бўлишига ишонган, ҳаётга бениҳоя ташна ва заҳматкаш одамгина яшай олиши мумкин.
Афсуски, барча робинзонлар ҳам Педро Серрано каби бундай ажойиб хусусиятларга эга бўлмаган. Уларнинг орасида қўрқоқ ва мўрт, ҳаётнинг оғир-енгил синовларига дош беролмайдиган, янгича шароитга мослаша олмайдиганлари ҳам учраб турган. Тақдирни қарангки, айнан шундай робинзонлар одатда кўпроқ нобуд бўлган. Халқ тили билан айтганда, нариги дунёга ажалидан беш кун олдин равона бўлган.
Ана шундай омадсизлардан бирининг 1726 йилда ёзилган кундалиги Лондондаги Британия музейида ҳозир ҳам сақланади. Уни “Комптон” номли инглиз кемаси капитани Моусон Вознесения (Меърож) оролидан топиб олади. Аниқроқ қилиб айтганда, Моусон дастлаб ушбу Робинзоннинг бутун ҳолдаги тана суякларига дуч келади ва ўша ерда ётган кундаликни ҳам кўриб қолади.
Жеймс Холборн исмли кундалик муаллифи, унда ёзилишига қараганда, асли денгизчи бўлган. Уни қандай гуноҳи учун жазолаб, кимсасиз оролда қолдириб кетганлари ҳақида муаллиф лом-мим демаган. Шундан хулоса қилиш мумкинки, айби енгил бўлмаган ва қилмишига яраша жазоланган. Қолаверса, ўша замонлардаги урф-одатларга кўра, унга нисбатан инсоф қилишган. Унга бир дунё нарса – чодир, бир бочка сув ва ҳатто озгина шароб, иккита челак, това, қозонча, болта, овмилтиқ, ўқ-дори, нўхат, гуруч, пиёз, чой, туз ва Инжил қолдириб кетишгани айни шундан далолат беради. Афтидан, ҳар қалай, Жеймс қаттиқ гуноҳкор бўлган.
Танҳоликда қолган денгизчи юрагини дастлабки кунданоқ умидсизлик эгаллайди. Уни ташлаб кетилган бу егуликлар тез орада тугаб қолади, ке-йин очимдан ўлишим аниқ, деган қўрқув муттасил таъқиб этади. “Мен ёлғизлик азоби ва қўрқинчдан қийналмоқдаман, – деб ёзган у кундалигида. – Энди ҳеч қандай умид қолмади, қодир эгам ўзи асрасин”.
Жеймс овчиликка мутлақо ярамасди: бор-йўғи бир нечта чайка – балиқчи қуш отиб олади. Уларнинг патини юлиб, тузлайди ва офтобга ёйиб қўяди. Ўқ-дорини аямай ишлатиб, баланд қоя устига чиқади-да, энди кераксиз милтиққа кўйлагини илиб, чўққи устидаги ёриққа тиқиб тикка қилиб қўяди. Бу умидсизлик аломати эди. Холборн оролга яқин ўтадиган кемалардан биронтаси кўйлакни пай-қаб қолар, деган илинжда эди.
Педро Серранога ягона егулик бўлган тошбақа гўшти Холборннинг кўнглини айнитарди. Шунга қарамай, ўзини мажбурлаб бўлса-да, ўлиб қолмаслик учун шу гўштдан ер эди. Бир неча бор балиқ овлашга уриниб кўради, лекин ҳар сафар ҳаракатлари беҳуда кетади. Озиқбоп илдизларни теришга ҳаракат қилади, аммо тезда бу юмушни ҳам тўхтатади: у ўсимликларнинг фарқига унча бормас, заҳарланиб қолишдан қўрқар эди.
Булари етмагандек, сувнинг ҳам туби кўриниб қолади. Егулик олиб, булоқ ёки жилға излаб йўлга тушади. Узоқ давом этган саргардонликдан кейин бир дарага дуч келади. Унинг тубида милтиллаб сув оқиб ётарди. Бироқ жилғани топгани билан унга қандай тушиб боришни билмайди. Балки бунга юраги дов бермагандир, балки ҳолдан тойгандир. Гап шундаки, тик қоятошларда юравериб бошмоғи тезда ишдан чиқади: пошналари титилиб, узоққа юришга ярамайдиган бўлиб қолади.
Холборн вазиятдан чиқиш, тўғри йўл топиш борасида қанчалик хом ўйлаганини унинг қуйидаги қайдларидан ҳам билса бўлади: “Семиз бир тошбақа топиб олдим, унинг тухуми кўп эди. Тухумни гуруч билан қовуриб, тансиқ таом тайёрладим. Исланиб қолади деб қўрққаним учун қолганини кўмиб қўйдим. Чунки оролдаги тошбақалар шунчалик баҳайбатки, ҳар қайсисини битта одам бир-икки кунда еб тугатолмайди. Кун иссиқ бўлгани учун сақлаб қўйишнинг ҳам иложи йўқ”.
Ўзингиз айтинг, бу ўринда тошбақа этини майдалаб, офтобда қоқлаб олган Педро Серранонинг тадбиркорлигини эсламай бўладими?
Кундаликни ўқиганимиз сари боёқишнинг қўрқувдан шалвираб, бутунлай бўшашиб боргани ва энг ёмони, кун-бакун ақлини йўқота бошлагани яққол сезилади. Унинг кўзига бир-биридан даҳшатли нарсалар кўринади. Кундаликнинг сўнгги саҳифалари Жеймснинг бошига ёғилаётган бахтсизликлардан нолаю фиғонига тўла. Бу саҳифалар аввало қушларнинг тухумини шимиса ҳам, тошбақа қонини ичса ҳам босилмаётган, аксинча, кучайиб бораётган ташналик азобидан шикоятлардан иборат.
Кундаликдаги сўнгги ёзув қуйидагича эди: “Юраман-у, лекин фақат суягим қолган, танимда заррача мадор йўқ, бошқа ёзолмайман. Қилган гуноҳларимдан пушаймонман, чин дилдан тавба қиламан. Ва мен кўрган қийинчиликларни ҳеч кимнинг бошига солмагин, деб Яратганга илтижо этаман. Бошқалар нажот топсин, шайтон васвасасига учмасин, деб бу воқеаларни ёздим. Мен жонимни уни менга ато этган зотнинг ўзига топшираман. Умидворманки, у мени кечиради…”
Афсуски, Жеймс Холборннинг кўзи кеч очилади. Бизнинг шундай демоқдан ўзга иложимиз йўқ. У эртароқ охиратни ўйлаб яшаганида, эҳтимолки, худо ва бандалари томонидан унутилган бир оролда бунчалар хор бўлиб ўлмас эди.
Энди ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз, айтиш мумкинки, робинзонномачилик тарихидаги ягона ҳодиса.
Маълумки, Россия ёки Испания, Бразилия ёки Ўзбекистонда бўладими – қатъи назар, дунёдаги барча болакайлар ҳайратланарли тарзда бир-бирига жуда ўхшайди. Уларнинг ҳаммаси жонсарак, қизиқувчан, ғайратли ва ҳар бир ишда катталарга ўхшашга ҳаракат қилади. Тинч уммонининг кўз илғамас кенгликларига сингиб кетган миттигина Ҳаво (Ева) оролидаги офтобда куйган қора-қура болакайлар бошқа тенгдошларидан заррача фарқ қилмайди.
Улар олти нафар бўлиб, Тоуга исмли тўнғичи ўн бир ёшда, у жўрабоши, энг кенжаси эса еттида эди.
Ҳаво оролида тирикчилик асосан балиқчилик орқасидан бўлгани учун бу ердаги ҳар бир эркак, табиийки, балиқчи ҳисобланарди. Ўз-ўзидан тушунарлики, бизнинг қаҳрамонларимиз ҳам балиқ тутиш билан шуғулланар ва келажакда балиқчи бўлиш орзуси билан яшарди. Тўғри, улар саёз жойларга чангак ташлаб, балиқ овларди. Уларнинг ота ва акалари эса ҳиндуларнинг пирог деб аталувчи узун ва тор қайиғига миниб, уммон бағрига чиқиб кетар ва у ерда тунец овлар эди. Тунец – окунлар оиласига мансуб катта ва йиртқич балиқ. У ҳатто тажрибали балиқчига ҳам осонгина тутқич бермайди. Болакайлар ҳам тезроқ уммонга чиқиб тунец овлашни, иш бароридан келган пайтда катталардан мақтов эшитишни орзиқиб кутарди.
Кунлардан бир куни сўрайвериб ҳоли-жонига қўймаганидан сўнг отаси Тоугага денгизга чиқиб балиқ овлашга изн беради. Майли, қайиқни ҳам олақол, дейди у. Тоуга бу қувончни дўстлари билан баҳам кўришга шошилади. Жўралари унга ҳавас қилаётганини кўриб, ўша заҳотиёқ, қани, бўлақолинглар, сизларни ҳам олиб кетаман, бир маза қилинглар, дея уларни ҳам балиқ овига таклиф этади. Болалар қувончининг чеки йўқ эди.
Эртаси куни тонг ёриша бошлаши билан олтовлон қайиқни сувга судраб тушади, елканни ўрнатиб, қирғоққа яқин сувости қояларини четлаб, денгизга чиқади. Ҳаво худди олдиндан келишиб қўйгандек очиқ ва осуда, самода булутдан асар ҳам йўқ эди. Болакайлар тобора соҳилдан узоқлашиб борарди, тез орада Ҳаво ороли кўздан ғойиб бўлади. Шундан сўнггина улар балиқ овига киришади. Овнинг бароридан келиши та-йиндек эди – дастлабки уринишдаёқ бир нечта йирик балиқ тўрга тушади. Лекин ҳали бу чинакам балиқ ови эмасди. Ҳамма қачон тунец тўрга илинаркан, дея бетоқат кутарди.
Кутилмаганда довул туради. Болалар балиқ овлашга берилиб кетгани боис осмонда булут пайдо бўлгани, у шиддат билан кўпайиб, самони бутунлай қоплаб олганини ҳам билмай қолади. Дафъатан шамол бошланади, уммон чайқалиб, ёмғир томчилай бошлайди. Ёш балиқчилар елканни йиғиштириш ҳақида ўйлаб улгурмасиданоқ кучли шамол зарбидан мачта мажақланиб кетади.
Болалар, ҳақиқий балиқчилар каби, кўзёши қилмай, талвасага тушмай, кулфатга мардона қарши туради. Улар қайиқнинг тўшига қаттиқ ёпишиб, айни чоқда унинг мувозанатини сақлашга тиришади. Уммон, гўёки болаларнинг матонатини синаб кўрмоқчидай, қутурганча қайиқни, худди кокос ёнғоғи пўчоғи мисол, у ёқдан бу ёққа отиб, ирғитиб ўйнарди.
Шиддатли пўртана бир неча кун узлуксиз давом этади. Ва ана шу кунлар мобайнида тизгинсиз омонат қайиқча уммон бўйлаб чирпирак бўлиб айланиб, тўлғониб юради. Кичикроқ болалар бутунлай ҳолдан тойган алфозда қайиқ тубида чўзилиб ётарди. Энг ёши каттаси бўлган Тоуга ва Мауги уларни хом балиқ ва кокос ёнғоғи пўчоғига тўпланган ёмғир суви билан боқади.
Ниҳоят, қайиқ бир куни қирғоққа келиб тўхтайди. Кейин маълум бўлишича, улар етиб келган манзил Ҳаво оролидан 140 чақирим нарида жойлашган Ота (Ата) ороли экан. Оролда одам зоти яшамас эди.
Тоуга ва унинг дўстлари оролда роппа-роса 450 кун ҳаёт кечиради. Улар робинзонлик қисматига тезда кўникади ва овқат топиш йўлларини ўрганиб олади: мудраб ётган қушларни тутар, қумдаги тошбақа тухумларини кавлаб олар, кокос дарахти устига чиқиб ёнғоғини терар эди.
Ёш робинзонларни бир гал орол яқинидан ўтиб қолган “Жаст Дэвид” номли Англия кемаси олиб кетади. Болаларнинг ҳаммаси соғ-саломат, тетик ва куч-ғайратга тўлиқ экани “Жаст Дэвид” денгизчиларини ҳайратга солади.
– Биз бу ерда умр бўйи яшашимиз ҳам мумкин эди, – дейди робинзонларнинг энг кенжаси. – Фақат ота-оналаримизга ачинамиз. Улар бизларни соғинаётган бўлса керак.
Сиз нима дейсиз, билмадим-у, лекин Ҳаво оролининг бу жасур болакайларини катта ёшли, яна денг, денгизчи бўлмиш Жеймс Холборн амаки билан мутлақо ёнма-ён қўйиб бўлмайди.
Оилавий робинзонлар
Кўрдингизми, робинзонлар ҳозирги замонда ҳам бор экан. Таъкидлаш керакки, дейлик, улар бугунги кунда ХVII асрдагидан сира кам эмас. Денгиз ҳанузгача тасодифларга тўла, шафқатсиз ва айёр, тизгинсиз бир ҳодиса сифатида қолмоқда.
Француз Анри Бурдан қисқа ва аниқ қилиб “романтиклар” деб аталадиган тиниб-тинчимас одамлар тоифасига мансуб эди. Бу инсон бутун умри давомида ҳайратланиш ва завқланиш қобилиятини йўқотмай яшади. Бу, албатта, ҳар қандай одамнинг ҳам ҳавасини келтиради. Саргузаштларга бўлган қизиқиш ва иштиёқ уни асло тарк этмайди. Барча романтиклар каби, Бурдан ҳам ҳеч қачон бир жойда тинч ўтиролмасди. Моҳир учувчи сифатида у турли вақтларда Жанубий Америка, Вьетнам, Канада, Лаос, Африка, Ўрта Шарқ ва албатта Францияда яшайди ҳамда ишлайди. Бундан ташқари, Бурдан яхта спортига муккасидан кетган эди. У Ўрта Ер денгизини бошдан-адоқ кезиб чиққан, Жанубий Хитой денгизи ва Сиам кўрфазини беш қўлдек билар эди.
Анрининг хотини Жозе ҳам ўзига ўхшаган эди. Бир қарашда, нозик-нимжон бўлиб кўринса-да, фавқулодда ғайрат-шижоатли, мард ва жасур аёл эди. У барча денгиз саё-ҳатларида эрининг доимий ҳамроҳи эди. Лом-мим демасдан, ҳамма қийинчилик ва машаққатларни эри билан бирга тортарди. Эр-хотин Бурданларнинг кўнглига тугиб қўйган бир орзуси бор эди. У ҳам бўлса, яхтада сузиб, дунёни айланиб чиқиш.
1966 йили тиниб-тинчимас Анри ва Жозе Сингапурга бориб қолади. У ерда Анри бирор муддат йўловчи самолёт учувчиси бўлиб ишлайди. Айнан ўша ерда эр-хотиннинг аллақачондан буён амалга ошмай келаётган орзусини рўёбга чиқариш учун қулай имконият пайдо бўлади. Улар йиғиб юрган пулига 15 метрлик яхта ясашга буюртма беради. Улар яхтани Жозенинг шарафига “Синга Бетина”, яъни “Шерхон” деб атайди. Барча зарур нарсаларни ғамлаб, Малайзиянинг жанубий қирғоқлари бўйлаб амалга оширилган синов сузишларидан сўнг, 1966 йил 20 октябрда дунё бўйлаб денгиз саёҳатига йўл олишади.
Эр-хотин Бурданлар ҳаммани ҳайратга соладиган биринчиликка интилмайди, энг қисқа муддат мобайнида ер юзини айланиб чиқишни мақсад ҳам қилиб қўймайди. Улар иложи борича кўпроқ нарсани кўриш учун имкон қадар секин сузмоқчи бўлади. Шунинг учун дарҳол шарқ ёки ғарбга интилиш ўрнига улар жануб тарафга қараб йўл олади. Чунки улар Калимантан ва Сулавеси ороллари қир-ғоқлари бўйлаб ўтиш, кейин Австралия, Янги Гвинея ва Океания ороллари, Япония, Жанубий Америка ва бошқа ўлкаларда бўлишни ният қилган эди.
Таъкидлаш керакки, аввал-бошданоқ денгиз саёҳатчиларининг иши сурункасига юришмай қолади. Уларни аввалданоқ шум тақдир таъқиб этган бўлса керак, деган хаёлга бориш ҳам ҳеч гап эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг: дастлаб яхтанинг тубидаги ёриқни зўрға тузатишади-ю, мачта синиб кетади; мачтани алмаштириб улгурмасданоқ муҳаррик (мотор) ишламай қолади; сўнгра бошқарув арқони узилиб кетади. Шу тариқа фалокат устига фалокат давом этаверади. Албатта, жиддийроқ қараганда, бу омадсизликларга шум тақдирнинг мутлақо алоқаси йўқ. Омадсизликнинг сабаби бошқа нарсада – шошиб-пишиб, қўл учида қилинган яхтада, саёзлик ва сувости қояларининг кўплиги, ёмғир ва пўртаналарнинг кети узилмаётгани туфайли сузиш оғир кечаётганида эди.
Бу омадсизликнинг охири шу билан тугайдики, 1967 йил 27 январда Австралиядаги Дарвин оролларидан 80 мил нарида, Батерст ороли яқинида денгиз саё-ҳати ишқибозлари тузоққа тушади. Тушганда ҳам аҳмоқона бир тарзда тушади. Бу ҳодиса қуйидагича бўлган эди. Оролнинг шимолий тарафидаги узоқдан кўзга ташланган қумлоқ соҳилда озгина ҳордиқ чиқариш ва шу баҳонада яхтани ҳам таъмирлаб олиш ниятида улар “Синга Бетина”ни қирғоққа қараб ҳайдайди. Денгиз кўпириб, тўлқинланиб ётгани боис улар тўппа-тўғри сувости қояларига қараб боришаётганини сезмай қолади. Фақат бахтли тасодиф туфайли, айтиш мумкинки, қандайдир мўъжиза юз бериб, улар ўта хавфли қоя ёнидан эсон-омон ўтиб кетади. Тўғри, бир марта яхта қандайдир зарбадан чайқалиб кетгандек бўлади, лекин саёҳатчилар бунга жиддий эътибор бермайди. Соҳилдан 200 метрлар берида “Синга Бетина”ни қантариб қўядилар. Денгизда тўлқинлар тиниб, сув ортга чекинганидан кейин Анри ва Жозе ногаҳон қандай аламли тузоққа тушиб қолганини англайди. Улар ҳозиргина бир илож қилиб ўтиб олган сувости қояси улкан пойдевори билан бутун соҳилни чирмаб, икки тарафдан қирғоққа қадалиб турарди. Тўлқинлар тинчиб, сув ортга чекиниб пасайганидан сўнг тубигача кўриниб қолган бу ўзига хос кўлдан бировнинг ёрдамисиз чиқиб кетиш ҳақида ўйлаб ўтиришнинг ҳам фойдаси йўқ эди. Бунинг устига, шимол муссонлари (муссон – қишда денгиз томон, ёзда денгиздан қуруқлик томон эсадиган шамол) мавсуми бошланган, шамол денгиздан соҳилга қараб тинимсиз эсиб турар, муҳаррик ишдан чиққан эди.
Лекин эр-хотин саёҳатчилар бундан кўп ҳам ташвишга тушмайди. Нима бўлибди, яна бир саргузашт бошланади-да! Саёҳат шуниси билан қизиқ-да! Улар маҳаллий аҳоли ёрдамида тез орада бу қуршовдан чиқиб кетишга ишонарди. Ҳозирча дам олиб, кейин яхтани тузатишга қарор қилишади. Яхшиям, улар барча зарур нарсалар – озиқ-овқат, кийим-кечак, узоқдан ишора берадиган мушак, шунингдек, китоблар ва пластинка қўйиладиган элек-трофонни қирғоққа олиб келиб олган эди. Бу ишни ўз вақтида қилишган экан. Чунки шамол ва тўлқинлар, сувнинг кўтарилиши ва пасайиши “Синга Бетина”ни яримигача чўкиб кетган вайронага айлантирган, унинг 250 килограммлик чамбараги эса аллақачон ҳалқадан узилиб, денгизга чўкиб кетган эди.
Анри ва Жозе кема елканидан ўтовга ўхшаш бир бошпана ясайди. Бу ўтов уларни қуёшдан сақлар, лекин ёмғир ва кечки совуқдан асло ҳимоя қила олмас эди. Шу тариқа улар, кема ҳалокатига учраган денгизчилар каби, ҳаёт кечира бошлайди. Ҳар нарсани ҳам кўнгилга олавермайдиган қувноқ ва ўз кучига ишонган одамлар бўлгани учун улар бу фалокатни уйда кулгили бир тарзда яқин қариндошларга айтиб бериш мумкин бўлган кичик бир саргузашт деб ҳисоблар эди. Маҳаллий аҳоли билан тил топишиб олишса бас, бу кўнгилсизлик ортда қолади.
Бироқ орадан бир кун, икки кун, беш кун, ўн кун ўтгач, эр-хотин Бурданлар қалбига шубҳа мўралай бошлайди: бу оролда ўзи маҳаллий аҳоли бормикан? Соҳилда, ҳар қалай, уларнинг борлигидан далолат берадиган ҳеч қандай асоратни ҳозиргача кўришгани йўқ. Шунда улар кимдир келиб бизни топиб олади деб қўл қовуштириб ўтирмасдан, ўзлари одамларни излаб йўлга чиқади. Улар қўним топган жойда биронта ҳам мевали дарахтнинг йўқлиги, саёзликда балиқлар урчимаслиги, озиқ-овқати эса унчалик кўп эмаслиги ҳам шуни тақозо этарди. Табиийки, унчалик ёқимли бўлмаган бу жойларда узоқ муддат туриб қолишни хаёлга ҳам келтириб бўлмасди.
Мана, икки оқсоқ – пўртана вақтида, яхтада сузиб келаётган пайтдаёқ оёқлари шилиниб кетган, энди юрганда яралари ачишиб оғрир эди – орол бўйлаб олис йўлга чиқади. Бу ерларда юриш машаққатли ва хавфли эди. Орол мудраб ётган қалин ўрмон билан қопланган, уни кўпгина жилғалар кесиб ўтар, денгиз суви кўтарилган ва пасайган пайтда улар ўтиб бўлмайдиган асов дарёга айланар эди. Бу ҳам етмагандай, тинимсиз ём-ғир ёғиб турарди.
Оролда одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, эр-хотин унинг жанубий чеккасига ўтиб олишга қарор қилади – эҳтимол, у ерда инсон зоти учраб қолар. Бундан ташқари, Анрининг тахминига кўра, қаердадир оролнинг жанубида машъал-маёқ бўлиши лозим, чунки Кларенс бўғозидан кемалар қатнар экан.
23 февраль куни эр-хотин яна қароргоҳни ташлаб, оролнинг ичига йўл олади. Манго (ангоҳ) дарахтидан иборат бутазорлар яна уларнинг йўлида қалин девордек пайдо бўлади, ортида эса катта дарё ва ниҳоят, илону бошқа бало-қазоларга тўлиб ётган бепоён ботқоқлик ва балчиқзорлар кўзга ташланади. Ботқоқликдан ўтишда эр-хотин кўпинча белигача, баъзан ҳатто бўйнигача ботиб кетарди. Икки кеча-кундузлик ана шундай бениҳоя машаққатли ва самарасиз тентирашдан сўнг қароргоҳга қайтиб келишар экан, Жозенинг дарёга чўкиб кетишига бир баҳя қолган эди. У гирдобга тушиб қолади. Ўша пайтда, аксига олгандек, ярасига боғлаб қўйилган дока ечилиб, оёқларига ўралиб қолади. Анри жонини жабборга бериб, кўп азоб-уқубат билан хотинини қутқариб олади.
Улар озиқ-овқатни тежашга ҳарчанд уринмасин, робинзончиликнинг – бу робинзончилик эканига шубҳа йўқ эди – иккинчи ойида егулик соб бўлади. Озиқбоп малюскаларни излашга тўғри келади. Бу жойларда негадир ҳатто қисқичбақалар ҳам урчимагани учун шафқатсиз очлик азоби шу пайтгача пашшага ҳам озор бермаган Анрини ов қилишга мажбур этади. Лекин ундан, кутилганидек, рисоладагидек овчи чиқмайди.
Нима, энди шу лаънати жойда очликдан итдек ўлиб кетаверамизми, деган қўрқув Анрини бор кучини жамлаб, оролнинг жанубий соҳилига ўтиш чорасини топиш учун яна бир бор йўлга чиқишга мажбур этади. Аммо бу ҳаракат туфайли сал бўлмаса жонидан ажралиб қолай дейди – аллақайси ҳовузга чўкиб кетишига озгина қолади. У тинкаи мадори қуриб, қароргоҳга қайтиб келади. Шундан сўнггина жанубий соҳилга ўтиб олиш ҳақидаги хаёлни калладан чиқариб ташлашга тўғри келди.
Энди охирги имконият – сол ясаш ва оролни айланиб ўтиб, кема йўлларига етиб олиш учун унга миниб, денгизга чиқиш лозим эди. 17 март куни Анрининг овда биринчи ва охирги марта омади келади: у кичкина милтиғи билан аллақаёқдан адашиб келиб қолган кенгуру боласини отиб олади. Унинг гўшти икки кунга етади.
Бир оз кучга тўлиб олгач, Анри сол ясашга киришади. Афсуски, ҳаддан зиёд қаттиқ иккита манго дарахти сувга чўкиб кетади. Уларни йиқитиш ва тозалашга бир неча кун кетган эди. Охири “Синга Бетина”нинг мачтасини бузиб, тахталарини суғуриб олишга тўғри келади. Бир неча кундан кейин қўпол, нобопгина сол тайёр бўлади. Унинг елкан ўрнатиладиган мачтаси, бошқарадиган эшкаги бор эди.
Оролдан сузиб кетиш арафасида очилиб қолган сувости қоясидан Анри бир нечта йирик устирица (устрица – денгиз малюскаси) топиб олади. Улар билан бир амаллаб қоринни алдашади. Эртаси куни энг зарур нарсаларни солга юклаб, қирғоқда ҳар эҳтимолга қарши шиша идишга жойланган хайрлашув мактубини қолдириб, эр-хотин Бурданлар сувнинг пасайиши бошланиши билан денгизга қараб йўл олади. Улар кундузи соҳил ёқалаб жанубга сузиш, кечаси эса оролга яқинлашиб тўхташни, у ерда тунаш ва бирон бир егулик топишни мўлжал қилган эди.
Амалда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқади. Иккинчи куниёқ шамол ва сувнинг пасайиши туфайли орқага қайтаётган тўлқинлар солни денгиз бағрига суриб кетади. Солда бор-йўғи 20 литр чучук сув қолгани, бир тишлам ҳам егулик бўлмаганини, кемалар тинимсиз қатнаб турадиган асосий йўлгача қарийб 100 мил масофа борлигини инобатга олганда, эр-хотин Бурданларни очлик ва мадорсизлик аяган тақдирда ҳам, пўртаналар аямаслиги, уларни дастлабки довулдаёқ муқаррар ўлим кутаётгани яққол кўриниб турарди. Бу ҳам етмаганидек, сол ҳозирданоқ аста-секин, аммо тўхтовсиз сувга ботиб борарди. Икки кун ўтгач, унинг устида фақат ёғоч қути турарди. Қутининг устида икковлон бир илож қилиб ўтирса бўларди. Учинчи куни қути ҳам сув остида қолади. Оёқларидаги яралар денгизнинг шўр сувида баттар ачишиб, азоб берарди.
Денгизда ҳали ҳам бирорта кема кўринмасди. Фақат тўртинчи куннинг адоғида Анри ва Жозе ҳамма нарсадан умидини узиб, тақдирга тан бериб, бир-биридан рози-ризолик тилаб, видолашиб турганида, уфқда шхуна – кичик елканли кема пайдо бўлади. Лекин шу пайтда узоқдан ишора берувчи аксарият мушаклар зах тортиб, отилмайдиган бўлиб қолгани маълум бўлади. Яхшиям, иккитаси унча намланмаган экан. Шом қоронғисига қарамай, узоқлашиб бораётган кемадагилар ногаҳон денгиз тепасида пайдо бўлган қирмизи ранг тутунни пайқаб қолади. Шу тариқа эр-хотин саёҳатчилар қутқариб олинади.
Ўз ихтиёри билан робинзон бўлганлар
Шу пайтгача фақат ғайриихтиёрий равишда, яъни ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан кимсасиз оролга тушиб қолган робинзонлар ҳақида ҳикоя қилдик. Аммо дунёда ўз ихтиёри билан танҳоликка интилган ва ҳатто жону дили билан ўзини кимсасиз оролда яшашга маҳкум қилган робинзонлар ҳам бўлгани маълум. Таъкидлаш керакки, бундай робинзонлар айниқса бизнинг давримизда анчагина кўпайди.
Биринчи кўнгилли Робинзон, чамаси, португалиялик дворянин Фернандо Лопес бўлган. У тақдир тақозоси билан (балки бойлик кетидан қувгандир) бир пайтлар Португалиянинг мустамлакаси бўлган Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоқларидаги Гоа оролига бориб қолади.
Бир куни дон Фернандо одамнинг ақлу ҳушини оладиган бир нечта тилла буюмга кўнгли суст кетиб, ўзи билмаган ҳолда, Португалия манфаатларига зид иш қилиб қўяди. Ўзингиздан қолар гап йўқ, хиёнат ҳеч қачон кечирилмайди. Одатда хиёнатчиларни қатл этганлар. Бироқ Лопес ўлимга маҳкум этилмайди. Лекин бешафқат жазоланади: шаҳар майдонида халойиқнинг кўз олдида жаллод аввал унинг ўнг қўли ва чап қўлининг ўртанчи бармоғини чопиб ташлайди. Шундан сўнг бурни ва қулоқларини ҳам кесади. Бундай жазо ўлим билан, ўлим бўлганда ҳам азобли ўлим билан баробар эди. Қонга беланган Лопес кўпга бормасдан жон таслим қилишига одамларнинг кўзи етиб қолган эди.
Бироқ дон Фернандо қандайдир мўъжиза туфайли тирик қолади. Бу жабрдийда ўзини лаънатлаган одамларнинг кўзига бошқа ёмон кўринмаслик учун Португалияга қайтиб кетишга қарор қилади. Ёки қайтиб кетаман деб шунчаки баҳона ўйлаб топади. Нима бўлганда ҳам, 1517 йили Лопес Ватанига қайтиб кетаётган кема ичимлик сув ғамлаб олиш учун Муқаддас Елена оролига келиб тўхтайди. Дон Фернандо қирғоққа тушиб, ўрмон ичида ғойиб бўлади ва кема жо-йидан қўзғалмагунча яшириниб ўтираверади. Гап нимада эканини дарҳол пай-қаган денгизчилар бу майиб одамга раҳми келиб, дастлабки кунлари егулик тополмай оч қолмасин, деган ниятда жиндак қоқланган гўшт, қуритилган балиқ, туз ҳамда кийим-кечак қолдириб кетади. Улар қирғоқда гулхан ёқади. Ундан Лопес чўғ олиб, доимий оловга эга бўлиши мумкин эди. Денгизчилар хат ёзиб қолдириб, зарурат туғилганда орол яқинидан ўтадиган кемаларга ишорат бериш ва улардан ёрдам сўраш лозимлигини эслатишади.
Фернандо Лопеснинг қарийб 30 йиллик робинзончилиги шу тарзда бошланади. У шундай абгор ҳолида хотини ва болалари кўзига кўринмасликни маъқул топган эди.
Озиқ-овқат масаласида Лопеснинг ҳеч бир муҳтожлиги йўқ эди. Ўша даврда оролнинг аксарият ҳудудини қоплаб олган ўрмонда ёнғоқ мўл бўлади. Уларни ейиш албатта фойдали. Қирғоққа ўрмалаб чиққан тошбақалар унинг ўлжасига айланарди. Баъзида эчки ёки тўнғиз тутиб оларди. Қирғоқ бўйидаги сувда балиқ ҳам сероб. Офтобдан, шамол ва ёмғирдан сақлайдиган доимий бошпанага эга бўлиш учун Лопес Ибодатхона водийси деб аталадиган сайҳонликда ертўла кавлаб олади.
Қисқаси, дон Фернандо зоҳидларга хос хотиржам ва эҳтимол, ҳатто бахтли ҳаёт кечиради. Уни бу ерда ҳеч ким безовта қилмас, ҳеч ким бўлар-бўлмас нарсаларни сўраб жиғига тегмас, ҳеч ким унга ачиниб ёки жирканиб қарамас эди.
Робинзоннинг Муқаддас Елена оролида бир маромда кечаётган ҳаётини фақат бир йилдан кейин португалияликларнинг кемаси келиб бузади. Кема мени Гоага қайтариб олиб кетмоқчи, у ерда қамоққа ташламоқчи, деб ўйлаган Лопес ўрмон ичкарисига қочиб кетади ва баланд қоя устида ҳамюртлари кема елканини кўтармагунича уларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб туради. Шундан сўнггина у қўналғасига қайтади. Қайтиб келгач, қувончдан ҳайратга тушади: денгизчилар унинг бошпанасини топиб, озиқ-овқат, хат қолдириб кетган экан. Хатда оролга келиб тўхтаган кемаларни кўриб, яширинмаслик, аксинча, агар зарурат бўлса, улардан ёрдам сўраш қаттиқ тайинланган эди. Денгизчиларнинг меҳрибончилик билан ёзилган хатларига қарамай, Лопес яна узоқ вақтгача одамлардан қочиб юради. Уфқда елкан қорасини кўриши билан ўрмон ичкарисидаги пис-тирмасига ошиқади. Бу муддат давомида Лопеснинг ертўласига кўплаб португалиялик денгизчилар келиб кетади. Улар озиқ-овқат ва эски кийим-кечак қолдириш билангина кифояланмас, бу девона ҳақида бутун Португалия ва унинг мустамлака ўлкаларига ҳар хил афсоналар тарқатар эди.
Лопеснинг ғаройиб қисмати билан Португалия қироли Хуан Учинчининг ўзи қизиқиб қолади. У дон Фернандога хат ёзиб юборади. Ушбу мактубда агарда Ватанига қайтишни ихтиёр этса, барча гуноҳларини кечириш ва хавфсизлигини таъминлаш кафолатини ўз зиммасига олади.
Шунга қарамай, Лопес ҳали ҳам одамларга ишонмас, иложи борича уларга яқинлашмасликка ҳаракат қиларди. Бир куни оролда Жумабой пайдо бўлмаганида борми, ким билади дейсиз, бу ҳол яна қанча давом этарди. Жумабой деганимиз явалик (Ява ороли назарда тутилмоқда) қулвачча эди. Бу шумтака кемалардан биридан қочиб келган эди. Ажабо, Лопес ва явалик негадир чиқишолмайди, ўртада келишмовчилик пайдо бўлади. Бу машмаша шу билан тугайдики, кунлардан бир куни навбатдаги кема оролга келиб тўхтаганда, қулвачча денгизчиларга одатда Лопес яшириниб оладиган ўрмондаги жойни кўрсатади. Аммо кема капитани Лопесни қаёққадир олиб кетишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бундан робинзон ҳайратга тушади. Боз устига, у Лопесга ҳеч ким ҳеч қачон унга нисбатан куч ишлатмаслиги ҳақида тилхат беради. Қувониб кетган дон Фернандо ҳам энди ҳеч қачон яширинмаслигини айтиб, денгизчиларни ишонтиради.
Фақат шундан кейингина одамлар унга ёмонлик истамаслигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, Лопес ниҳоят юртига қайтиб боришга қарор қилади. Лиссабонда уни қирол ва қиролича илиқ қабул қилади. Кейин у гуноҳларидан тавба қилиб, Рим зиёратига боради ва у ерда папа Климент Еттинчи томонидан қабул қилинади. Лопеснинг чин дилдан тавба-тазарру қилганидан мутаассир бўлган Папа ундан, қани, айт, кўнглингдаги энг ширин тилагинг нима, деб сўрайди. Шунда у ҳеч иккиланмасдан бундай деб жавоб беради:
– Мен келган жойимга, Муқаддас Елена оролига қайтсам дегандим. Менга ўша ер яхши эди. Фақат қирол менинг бу истагимга рози бўлмаса керак, деб қўрқаман.
Шундан сўнг кўп ўтмай, Лопес Климент Еттинчининг кўмаги билан севимли оролига қайтади. Энди бу ерда яшаш унга аввалгидан кўра осонроқ эди. У оролга ўзи билан бирга ўрдак, товуқ, тўнғиз, эчки-улоқ олиб келади. Қўйиб юборилганидан кейин улар тезда кўпайиб, ёввойилашиб кетади. Шу тариқа Лопес гўштдан қийналмайдиган бўлади. У оролга кўплаб қовоқ, анор ва пальма дарахтларини экиб ташлайди. Айтишларича, улар оролда бугунги кунгача ўсиб ётган экан. Бундан ташқари, робинзонимизнинг таржимаи ҳолини ўрганган португалиялик тарихчи Корреанинг ёзишича, Лопес одамлардан қочмайдиган бўлган, ҳатто денгизчилар билан суҳбатлашган, улардан уруғ ва кўчатлар олиб турган. Демак, Лопеснинг кимсасиз оролда яшайдиган одам учун лозим бўладиган барча нарсаси бўлган. У одамлар орасида оролдагидан кўра анча қийналиб яшашини билгани учун тақдиридан нолимас, ҳаётидан рози эди.
Фернандо Лопес Муқаддас Елена оролида роппа-роса 30 йил яшаб, 1545 йили вафот этади.
Бизнинг давримизда кимсасиз оролларда танҳо яшаш учун бош олиб кетишга сабаблар кўп. Чунончи, кундалик турмуш ташвишлари, одамлардан безиш ва кишининг шунчаки маълум муддат ўз-ўзи билан ёлғиз қолиш истаги – барча-барчаси шундай сабаблар жумласига киради. Лекин уларнинг ҳаммасини ортда қолдириб кетадиган яна бир қанча сабаблар бор. Бу – техник тараққиёт ва ишлаб чиқаришнинг одамларни оддий темиртан кучга айлантирган ҳолда шиддат билан илдамлаб бораётганидир. Бу – ижтимоий ва экологик муаммолар. Бу – ирқий ва этник можаролар. Бу – кўпмиллионли баҳайбат шаҳар-мегаполислар. Қанчалик ғалати туюлмасин, айнан сершовқин ва беҳаловат, жиноятчилик авж олган, телевидение ҳамда бошқа ахборот воситалари одамларнинг қалбию онгини заҳарлаб бораётган катта шаҳарларда инсон ўзини жуда ёлғиз ва ночор ҳис қилади. Охир-оқибат одамлар бундай “тўкинчилик”ларнинг барчасига қўл силтаб, боши оққан томонга кетишга ҳаракат қилмоқда.
Американинг “Главиер” ҳарбий кемаси капитанига ҳавода учиб ўтаётган вертолётдан кимсасиз оролда одам қораси кўрингани ҳақида хабар берилгач, у дар-ҳол йўналишни ўзгартириб, оролга қараб суза бошлайди. Кема орол яқинида тўхтайди ва ундан қайиқ сувга туширилади. Қайиқ қирғоққа етар-етмас, денгизчиларни қаттиқ ҳайратда қолдириб, яримялонғоч ёввойисифат кимса бўралатиб сўкина бошлайди:
– Мен сизлардан ёрдам сўраганим йўқ! Қани, даф бўлинглар, қорангизни кўрмайин. Одамни тинч қўясизларми-йўқми! Ҳе-е-е, энангни…
Шундан сўнг қутқарувчиларга қарата консерва банкалари ва улардан ҳам оғирроқ нарсалар ирғитилади. “Боёқиш ёлғизликда ақлини йўқотиб қўйибди”, деб ўйлайди денгизчилар. Фақат ётиғи билан тушунтириб, робинзон билан илиқ суҳбатлашиш йўлини топганларидан ке-йин маълум бўладики, бу одам кема ҳалокати туфайли эмас, балки ўз ихтиёри билан робинзон бўлган экан. Бу ерда 30 ойдан буён яшар экан. Боз устига, жуда яхши яшаётган экан. Халоскорларга робинзонни безовта қилмасликдан ўзга илож қолмайди.
Робинзоннинг исми Том Нил, у қўним топган орол, аниқроғи, атолл (атолл – ҳалқа тарзидаги ороллар тизмаси) Нилнинг ватани – Янги Зеландиядан уч минг километр узоқликда жойлашган Кука ороллар тизимига мансуб эди. Дарвоқе, бу оролнинг номи русча – Суворов атолли деб аталарди. У русларнинг “Суворов” кемаси шарафига қўйилган эди. Денгиз сайёҳи М. Лазерев бошчилигидаги рус денгизчилари 1814 йили дунёни айланиб чиқиш пайтида бу оролга кемасининг номини қўйган эди. Тўғри, маҳаллий аҳоли бу номни ўз тилига мослаб, “Атолл Суварофф” деб атарди.
Том Нил Суворов атоллига дастлаб 1937 йили савдо флоти денгизчиси бўлиб ишлаб юрган вақтида келган эди. Ўшандаёқ унинг қалбида ана шу ҳар томонлама гўзал ва қулай маконда умрбод яшаб қолиш орзуси туғилади. Ниятинг – йўлдошинг бўлсин, деб шунга айтадилар-да. Лекин фақат тўққиз йилдан сўнг, Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан у ўзининг ширин орзусини амалга оширишга эришади.
Том Нилни кўп йиллик танҳолик азобига маҳкум этилишга нима мажбур қилади? Авваламбор, серғалва ва беҳаловат жамиятдан ташқарида, автомобиллар шовқинини эшитмай, реклама чироқларининг жонга тегадиган жилвасини кўрмай, телевизор деган матоҳ борлигини билмай, табиат билан уйғун, тинчгина, беташвиш, ёлғиз яшаш истаги уни бу ерга бошлаб келади. Тўғри, Нилнинг бу ерда ҳам телевизори бор, аммо уни фақат об-ҳаво маълумотини эшитиш учунгина қўяр эди. Бу робинзонни қизиқтирадиган бирдан-бир нарса – об-ҳавонинг қандай бўлиши. Бунинг сабаби шундаки, у кутилмаганда оролга довул ёпирилгудек бўлса, ғафлатда қолмай деб қўрқади. Бундай фалокат унинг кўп йиллик меҳнати натижаси бўлган оролдаги бор-йўқ нарсани супуриб кетиши мумкин.
Том Нил уйини жилға бўйидаги пастак тепаликка қуради ва унинг ёнида турли бинолар тиклайди. Масалан, товуқхона барпо этади. Томорқа қилиб, маккажўхори, қовоқ, помидор, ловия ва пиёз экади. Бундан ташқари, унча катта бўлмаган сокин кўлда балиқ урчитиши ва у ерда қармоқ ташлаб, балиқ овлашини ҳам инобатга олсак, овқат масаласида анча чимхўр бўлган бу инсон егулик борасида ҳеч нарсага зориқмасди.
Барча ҳақиқий робинзонларда бўлгани каби, Том Нилнинг ҳам ўз Жумабойи бор эди. Тўғри, унинг номи сал бошқача ва у тўртоёқли. Гап унинг содиқ дўсти бўлган ити Душанба ҳақида кетмоқда. Душанба хўжайинининг ортидан бир қадам ҳам қолмас эди. Нил қаёққа бормасин, у ҳам ҳозиру нозир, чунки бечоранинг суҳбатлашадиган бошқа ҳеч кими йўқ. Кейинги пайтларда у зерикканидан увлайдиган одат чиқаради. Бунинг барчасига сабаб – бу ерга келган дастлабки кунларда у каламуш ва қуёнларни овлашга шу қадар берилиб кетадики, тез орада улар таг-туби билан йўқолади. Энди Душанбага иш йўқ. Ҳатто астагина ҳуриб қўяй деса ҳам бир баҳонаи сабаб топилмайди. Тўғри, ора-сира безбет қушлар кўзга ташланиб қолади. Уларга озгина ҳуриб қўймаса, бошига чиқиб олиши ҳеч гап эмас.
Том Нил бир маромда оддий ва камтар яшарди. Одатда барвақт, қуёш чиқмасидан олдин уйғонади. Ола-ғовур денгиз бағридан сузиб чиқадиган улкан олов – гардишсимон қуёшни у қачонлардир қудратли довул қирғоққа ирғитиб юборган улкан харсанг устида ўтириб қарши олади. Кейин кечаси билан денгиз тўлқинлари нималарни олиб келганини кўриш учун Душанба билан бирга қирғоқ ёқалаб юради. Биринчи галда соҳилга тўлқинлар ирғитиб юборган тахта ва тўсинларни териб олади. Улардан бундайроқларини кулбани таъмирлаш ва майда қурилишларга ишлатади. Қолган-қутгани эса ошхона печкасига ўтин бўлади. У қирғоқдан балиқчилар тўрини сувга чўктирувчи соққаларни ҳам топиб олади. Улар билан кулбасини безайди. Офтоб чарақлаб турган кунда – бу ўлкаларда ҳаво камдан-кам ҳоллардагина булутли бўлади – Нилнинг уйи узоқдан қимматбаҳо тошлар осилган туморга ўхшайди.
Том Нил азонда ўз салтанатини айланиб чиққанидан кейин уй ва томорқа юмушларига киришади: товуқларга дон беради, тухумларни йиғади, помидор ва ловия экилган эгатларни чопиқ қилади, ўтин ёради, хазонларни бир жойга тўплаб қўяди – улар чириб, ўғит бўлади; офтобшувоқда турган катта тоғорани сувга тўлдиради – унда чўмилади. Уйнинг соясида яна уч бочка сув бор. Улардан бирида кийим-кечагини ювади, бошқасида – идиш-товоқ чаяди, учинчи бочкадаги сувни овқатга ва юз-қўлни ювишга ишлатади.
Нонуштага тухум – қуймоқ, томорқадан узилган помидор еб, Том ўзи ясаган шезлонг – оромкурсида бир оз чўзилиб олади. Чарчоғи чиққанидан кейин яна уй ишларига киришади ёки балиқ овига боради. Бунинг учун кичкина елканли қайиғи бор. Соат бешда иш куни тугайди. Чўмилиб, ўзи ёқтирган йирик харсанг устига чиқиб, тамаки чекади ва ботаётган қуёшнинг заррин нурлари кўрфазнинг ойнадек шаффоф сувида қандай жилваланишига маҳлиё бўлиб ўтиради.
Кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил – қирқ йилдан зиёд вақт мобайнида у ана шундай тартибга амал қилган ҳолда ҳаёт кечиради.
Фақат бир гал Том Нил Суворов оролини тарк этади ва кечалари билан ўтириб ёзган китобини нашр этиш учун Янги Зеландияга саёҳат қилади. У китобини “Ёлғиз менга тегишли орол” деб атайди. Ундан тушган қалам ҳақига рўзғорга майда-чуйда, ўзига янги уст-бош сотиб олади, тамаки, шакар ва тузни ғамлаб қўяди. Айнан шу китоб туфайли Суворов оролида яшаган бу робинзон қарийб бутун дунё-га машҳур шахсга айланади.
Бразилиялик эколог олим Фернандо Эдвард Лининг тақдири ҳам Том Нилникига ўхшайди. У ҳам, худди Нил каби, анча нуроний ёшигача – саксоннинг нари-берисига қадар робинзон бўлади. У ҳам ўз оролида 40 йилдан зиёд ҳаёт кечиради.
Унинг саргузаштлари қуйидагича бошланган эди. 50-йилларда недир бир сабаб билан Жанубий Атлантика устидан учиб ўтар экан, Фернандо Ли чексиз уммон кенгликлари ўртасида бир тутам қуруқлик борлигини кўриб қолади. Бу жой олимнинг тасаввурини шу қадар забт этадики, у ўша пайтдаёқ мазкур оролда бир умр яшаб қолишга қарор қилади.
Илгари ҳеч бир хосияти билан кўзга ташланмаган бу бир тутам ер 40 йил мобайнида шунчаки қўл теккан, парвариш қилинган жойга айланибгина қолмайди, балки уммоннинг қоқ ўртасидаги кўзни қувонтирадиган жаннатмакон гўшага айланади. Дастлаб у ерда дид билан қаралган томорқа пайдо бўлади. Кейин серсоя пальмазор бўй кўрсатади. Пальма уруғи Малайзиядан олиб келинганди. Оролда чучук сув манбаи бўлмагани учун ёмғир суви тўплансин деб, қоя тошларни пармалаб, ҳовуз қилишга тўғри келади. Шу билан бирга, қурғоқчилик маҳали асқатади деган ниятда денгиз сувини чучитиб берадиган қурилма барпо этилади. Лекин уни ишлатишга ҳожат ҳам бўлмайди: Жанубий Атлантикада ёмғир доимий ва етарли миқдорда ёғиб туради. Ноёб Африка балиқларини урчитиш учун яна бир ҳовуз барпо қилинади. Олимнинг уйи икки ярим киловатт қувватга эга бўлган шамол электростанцияси етказиб берадиган ток билан ёритилади. Ли буларнинг барчасини бир ўзи, ўз қўли билан яратади.
Агар олимнинг оролда дунёдаги ҳар қандай ҳайвонот боғи билан баҳслаша оладиган ноёб қушлар коллекциясини тўплаганини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, Фернандо Лининг оролини чиндан ҳам жаннатмакон жой десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.
Ватандошлари таъбири билан айтганда, бразилиялик Робинзон Крузо шунча юмушлардан ортиб, илмий иш билан ҳам шуғулланади. Унинг табиатни асраш муаммоларига бағишланган илмий асарлари дунёнинг машҳур нашрларида кетма-кет чоп этилади.
Германиянинг Мюнхен шаҳри фуқароси, оддий автомеханик Фридрих Текстор ҳам, худди Том Нил каби, кимсасиз оролдан танҳолик излашга мажбур бўлади. Шаҳар ҳаётидан, бойлик кетидан қувиб ботқоққа ботган жамиятдан безган Текстор осуда макон топиш учун бутун мол-мулкини сотиб, денгиз ортидаги серқуёш ўлкаларга йўл олади. Ва шундай жойни топади. Филиппиндаги йирик ороллардан бири бўлмиш Палавандан беш чақирим наридаги Тамлагун оролчаси унга маъқул келади. Текстор 5 квадрат километр майдонга эга бўлган бу оролчани, гарчи катта қийинчилик билан бўлса-да, 99 йиллик муддатга ижарага олади. Айтиш мумкинки, бир умрлик робинзончилик собиқ автомеханикка (бундай дейишимизнинг бои-си шундаки, оролчада автомобиль деган нарса йўқ ва тахмин қилиш мумкинки, бўлмайди ҳам) 6 минг маркага – Германиядаги бир йиллик квартира ҳақига – тушади.
Лекин Текстор яшаётган шарт-шароитни унинг аввалги ҳаёти билан мутлақо солиштириб бўлмайди. Тамлагуннинг ҳавоси ажойиб – ҳарорат ҳеч қачон целсий ўлчови бўйича 22 даражадан пасаймайди. Ҳаво ҳам, шаҳарникидан фарқли ўлароқ, мусаффо. Сокинликни айтмайсизми! Кўнгилли робинзоннинг овқат ва ки-йим-кечаги деярли текинга тушади. Мева ва сабзавотни унинг ўзи етиштиради. Бундан ташқари, у доимо элликтача товуқ боқади. Бу ерда кийимнинг кераги ҳам йўқ. У бамбук дарахтидан ясалган кулбада яшайди.
Текстор, ҳар қандай мулкдор сингари, ўзига яраша савдо-сотиқ қилади. Вақти-вақти билан кўзгуни қуёшга тутиб, Палаван оролига ишорат беради, у ердан танишларидан бирортаси сузиб келади. Меҳмон орол хўжайинига энг зарур нарсаларни, шунингдек, ун, туз, ўсимлик мойи олиб келади. Эвазига тухум ва кокос ёнғоғи олиб кетади.
Робинзоннинг ўзи эса оролни бир кун ҳам ташлаб кетмайди.
Бизнинг давримизда анча машҳур ва бой одамлар ҳам робинзонликни ихтиёр этгани маълум. Таниқли америкалик киноактёр Жон Хюстон шулар жумласидандир. У артистлик фаолияти давомида 60 та фильмда асосий қаҳрамон ролини ўйнаган, 35 та фильмга режиссёрлик қилган. Пайқаш қийин эмас, Хюстон пулга муҳтож бўлмаган, бинобарин, одамлар орасида ҳам кўнгли тусаганча яшаши мумкин эди. Шунга қарамай, у 70 ёшида Қўшма Штатлардаги вилласини сотади. Кейин Тинч уммонида, Мексика яқинида жойлашган кичкина оролчани сотиб олади ва муқим яшаб қолиш учун у ерга кўчиб ўтади. Хюстонни бундай қилишга нима мажбур этгани ҳақида бир нима дейиш қийин. Афтидан, кинодаги иши билан боғлиқ доимий ғалвалардан фориғ бўлиш учун шундай қилган бўлса керак. У фақат “Қароқчи” исм-ли қари итини олиб кетади. Собиқ режиссёр ва актёр ташқи олам билан фақат қисқа тўлқинли радиоприёмниги орқали боғланади.
Одамзод танҳоликда, яна денг, ҳеч кимса яшамайдиган оролда лоақал бир йил умр кечириши қанчалик машаққат эканини тасаввур этиб кўринг. Даниэль Дефонинг фантазиясига балли, у ўз робинзонини Тобаго оролида оз эмас-кўп эмас, 28 йил зериктирмай, эсон-омон олиб юрибди. Бунинг устига, унинг бир ўзини эмас, Жумабой деган шериги билан бирга. Чамаси, машҳур ёзувчи робинзонноманинг бундан кўра узунроқ бўлишига ишонмаган кўринади. Аслида, робинзонлар ўзларининг адабий биродарига қараганда икки ва ҳатто уч баробар кўпроқ вақт мобайнида танҳоликда яшаган ёки яшамоқда.
1911 йили Тинч уммонининг жануб тарафида юз берган кучли пўртана пайтида англияликларнинг кемаси чўкиб кетади. Бутун экипаж аъзоларидан фақат бир инсон – шогирд бола Жеральд Бибсгина омон қолади ва у келиб қолган қуруқлик кимсасиз оролдан иборат бўлиб чиқади. Орол денгиз йўлларидан чеккада эди. Кемалар ҳеч қачон унга яқин йўламас, шу боис Жеральд 1985 йили олиб кетгунларига қадар танҳоликда яшайди. Шу тариқа унинг робинзончилиги 74 йил давом этади. Бу давр мобайнида дунё икки марта жаҳон уруши гирдобида қолади, Бибс эса бу ҳақда ҳеч нарса билмайди. Оролга 14 ёшлик пайтида тушиб, уни шарти кетиб, парти қолган бир вақтда тарк этади.
Собиқ Югославиянинг Далмация деган ҳудудидаги қишлоқлардан бирида Кучичу исмли одам кўпболали ва қашшоқ оиласи билан бирга истиқомат қилади. Ўғиллари вояга етганидан сўнг хонадон соҳиби кунлардан бирида, худди Шарқ эртакларида бўлгани каби, фарзандларини тўплаб бундай дейди: “Болаларим, мана, мен қариб қолдим. Энди сизларни боқадиган ҳолим йўқ, кундан-кун мадорим қуриб боряпти. Сизлар меросдан умид қилмасангиз ҳам бўлади. Ўзларинг-дан қолар гап йўқ, менда на бойлик, на мол-мулк бор. Шунинг учун энди ҳар бирингиз йўлингизни топиб, ўз ризқингизни изланг”.
Кучичунинг ўғлонлари ўз насибасини излаб, ер юзи бўйлаб тарқалиб кетади. Фақат 12 яшар кенжа ўғил Зозо ота уйини ташлаб, ёт ўлкаларга сафар қилмайди. У Адриатика денгизида, қадрдон Далмацияси қирғоқлари билан ёндош кимсасиз бир оролда қўним топади. Ўша ерда 86 йил яшайди ва юз ёшга яқин умр кўриб, мункиллаган чол бўлиб вафот этади. Бу йиллар давомида Зозо турли хил ўсимликларнинг меваси ва илдизлари, балиқ ҳамда ёввойи қуёнлар гўшти билан овқатланади. Вақт ўтиши билан у шунчалик ёввойилашиб кетадики, оролда одам шарпаси пайдо бўлиши билан ҳеч ким тополмайдиган жойга яшириниб олади.
Лекин Бибс ва Кучичу робинзончилик борасида барибир пешқадам бўлолмайди. Илғорлик бу соҳада португалиялик Гомиш Жерминальдишга тегишли.
1888 йили 12 ёшли етимча Гомиш мутлақо тасодифан Сетубал кўрфазидаги номаълум бир оролга тушиб қолади. Аслида, у робинзон бўламан деб хаёлига ҳам келтирмаган эди. Аммо кимсасиз оролдаги тинч ва эркин ҳаёт унга шу қадар ёқиб қоладики, у ерда умрбод яшаб қолишга қарор қилади. У оролда қарийб 90 йил яшайди ва шундай қарорга келганидан бирор марта ҳам афсусланмайди. Гомишни ҳар ўн йилда шифокор ва социологлар келиб кўриб кетади, унинг соғ-саломат, тетик эканига ишонч ҳосил қилишади. Меҳмонлар Гомишни шароб, мол гўшти, ширинликлар билан сийлайди. Бу нарсалар оролда йўқ эди, бўлиши мумкин ҳам эмасди. Гомиш эса меҳмонларни тансиқ овқатлари билан меҳмон қилади. Жерминальдишнинг овқати гиёҳлар, мева-чева, асал, балиқ, қуёнгўшт ва булоқ сувидан иборат эди.
Жерминальдиш, бўш вақти кўп бўлгани учун, мустақил хат-савод чиқаради ва “Менинг исмим Робинзон” деган каттагина роман ёзишга киришади. Унда оролдаги ҳаётини тасвирлайди. Роман, кутилганидек, бўш ёзилгани ва ҳеч ким чоп этишни истамагани учун Гомиш унинг саҳифаларини ҳар замонда келадиган меҳмонларига тақдим этади.
“Ер юзида ҳали биронта одам осо-йишталикни шунчалик чуқур ҳис этмаган, – деб такрорлашни хуш кўради Гомиш Жерминальдиш. – Бизнинг давримиз уруш-жанжаллар, транспорт ва алоқа воситалари тинимсиз кўпайиб, атроф-муҳитнинг ифлосланиши кучайиб бораётган даврдир. Яратганга шукрки, мен уларнинг барчасидан холиман”.

Муртазо ҚАРШИБОЙ таржимаси

Хуршид Даврон сайтидан олинди.

Иван Головня – денгиз саргузаштлари, уммонлардаги ҳаёт ҳақида ижод қилувчи рус ёзувчиси, кўплаб асарлар муаллифи. “Танҳолик азоби” очерки “Знак вопроса” журналининг 1997 йилги 3-сонидан олиб таржима қилинди.