Машҳур рассом Анзелм Фоербаҳ башанг кийиниб олган ўша киши келганда, Тиволи боғларида расм чизиш билан машғул эди. Ҳалиги киши бошидаги шляпасини силкитиб саломлашди ва жуда ажабланганлигини билдириб, баланд овозда деди:
– Қандай ёқимли тасодиф, жаноб профессор! Мени танияпсизми?
Рассом унга бир қараб қўйди-ю, «йўқ» дегандек бош чайқаб қўя қолди. Унинг жаҳли чиққанди, чунки ишлаётганида халал беришларини ёқтирмасди.
– Мутлақо-я? – бегона киши ажабланди. – Сиз мени танимаяпсизми? Рухсатингиз билан айтмоқчиманки, сиз Вена Академияси профессори Фоербаҳсиз, шундай эмасми?
– Ҳа.
– Яна мени танимаяпман, дейсиз-а? Рухсатингиз билан шуни айтмоқчиманки, биз Венада ўн марталаб, ҳа, ҳа, энг камида ўн марталаб, турли вазиятларда учрашганмиз – кўргазмалар, уюшмалар ва ҳоказоларда. – Шуларни айтаркан у сигарета қутисини узатиб, рассомга сигарета таклиф қилди. – Биз тез-тез биргаликда сигарета чекиб турардик!
– Мен умуман чекмайман, – эътироз билдирди қисқа қилиб рассом, бегона одамнинг борган сари жонига тегаётганидан жаҳли чиқиб.
– Қизиқ, сиз мени танимадингиз, сигарета ҳам чекмайсиз. Мен қасам ичишга ҳам тайёрман… – бегона киши ажабланиб бошини сарак-сарак қилди. Кейин минғирлаб, узр сўради-да, кетди.
Аммо тахминан беш дақиқалардан кейин у яна қайтиб келди.
– Рухсатингиз билан, жаноб профессор, мен ҳалиям ишонолмаяпман, сиз эслаган бўлишингиз керак, – у саволларини яна такрорлай бошлади ва Фоербаҳ билан Венада йўқ деганда ўн марталаб учрашганини қатъий туриб таъкидлади.
– Сиз чиндан ҳам чекмайсизми? – сўради у ҳайратини яширолмай.
– Йўқ, мен умуман чекмайман! – жавоб берди рассом ундан қандай қутулишни билмай.
Бегона киши янада ажабланиб бош чай¬қади. Минғирлаб яна узр сўради ва кетди. Бу сафар қайтиб келмади. Бир қанча вақтдан кейин Анзелм Фоербаҳ сегарета чекмоқчи бўлди, аммо чўнтагидан унга Бавария қироли совға қилган олтин сигарета қутисини тополмади. Унинг ўрнига, чўнтагида бир парча қоғоз турарди:
«Чекмайдиган кишига сигарета қутисининг кераги йўқ!».
Немис тилидан Ҳомидбек Раҳмонов таржимаси