Водийда янги йўл қурилаётганига икки йил тўлаётганди ва ўтган йиллар ичида бу ерда икки киши ҳалок бўлди. Қурбонларнинг биринчиси устига бетон плита тушиб кетган қурувчи бўлса, иккинчиси шу атрофда яшовчилардан бири эди. У бузилиши керак бўлган уйини ташлаб чиқишдан бош тортиб, сочма ўқдан ўқланган милтиқ билан ҳимояланиб, тун бўйи мижжа қоқмай дераза остида ўтириб чиқар ва шу уйда эллик йилдан буён яшаётгани, ўлиги ҳам шу ердан чиқишини айтиб бақирарди. Бироз шов-шув бўлганди, мухбирлар, сураткашлар… Бироқ уйни штурм қилишга ҳожат қолмаганди: чол юрак хуружидан вафот этганди.
Бироқ эрта тонгда қуриб битказилаётган янги йўлда кетиб борар экан, Жон Ганарсон умуман бошқа нарса ҳақида ўйлаётганди. Янги йўл ҳақида бош қотиришга ҳали вақти бўлади: энди бу йўл туфайли у ишдан уйигача ҳеч қанақа светофорлар, чорраҳаларда ушланмайди, доим бирор таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани туфайли торайиб қолган йўллардан юришига ҳожат қолмайди; бироқ янги йўл тушган жойда бир пайтлар инсонлар яшаган, уларни кўчириб уйлари бузиб ташланган, илгари машинасини шундоққина уйининг олдигинасигача ҳайдаб борарди, энди эса тепалик ёнида қолдириб, уёғига пиёда чиқишга мажбур бўлаётганди.
Ҳозир у бошқа муаммолар хусусида бош қотираётганди. Биринчиси, унинг кичик ўғли — кетма-кет дардга чалинаверадиган, туни билан йиғлаб, биғиллаб чиқадиган Билл эди. Боласининг ҳалиям тирик юрганига хотини Элла сабабчи.
Элла — иккинчи рақамли муаммо. «Тинч қўй, Жо, — дея жеркиб берарди хотини кечалари уни силаб-сийпалай бошласа, — зўрға турибман. Билл куни бўйи йиғлайвериб, бошимни шишириб юборди. Битта Билл менга камлик қилгандек, Худо урган уканг етишмай турувди».
Укаси Клинт учинчи рақамли муаммо эди. Афтидан, Жонинг ҳаётидаги муаммоларнинг барчаси инсонлар экан. Унинг ўзи яхшигина топади, соғлом эркак. Эҳ, Билл онасининг чиройи-ю, отасининг соғлигини мерос қилиб олгандами?! Агар Элла ва Клинт бир-бири билан келишолгандами? Клинтнинг ўзи алоҳида яшагани идеал ҳолат бўлардику-я. Бироқ, унинг айтишича, ҳозир иш тополмаётганмиш, шу сабабли уни исталган вақтда армияга чақириб қолишлари мумкин экан. Клинт жуда кеч ётарди, бу эса Элланинг ғашини келтирарди. Куни бўйи у округни ўзининг шалоқ машинасида кезиб чиқарди. Машинанинг юриб туриши ҳам Жонинг зиммасида эди, бу эса Эллани янада ғазаблантирарди. Уйга ҳам ўзи истаган вақтда, яхшилаб овқатланиб олиш учунгина келарди. Табиийки, ука уйга бир тишлам нон ҳам олиб келмасди, бу эса Эллани қутуртирарди.
Жо чуқур нафас олди. Қоронғулик атрофдаги тепаликларни тобора ўз комига тортаётганди. Фақатгина туғма эҳтиёткорлиги кескин тормоз босиб, йўл четида турган машина билан тўқнашиб кенишининг олдини олди.
— Вой Худойим! — инграрди машина эгаси. — Мени отишди! Худойим! — У униққан иш кийими кийиб олган ўрта яшар эркак эди. — Нега?! Мен кимга керак бўлдим? Худойим! Ўз йўлимда кетаёган бўлсам, ҳеч кимга халақит бермаган бўлсам, мана сенга, деб отиб ташлашди! Ўқ мана бу ерга тегди. — У бармоғини тешикка тиқиб кўрсатди. — Ўқнинг тушганини эшитдим, лекин топа олмаяпман. Машинадан тушаётганимда учиб кетдимикин-а? Фонарингиз йўқми?
Жода фонарь йўқ эди.
— Менга қаранг, нега сиз уни ўқ деб ҳисоблаяпсиз? Балким қаршингиздан келаётган машина учириб юборган тошдир? — деди Жо.
Эркак Жога қутургандек шунақанги нигоҳ солдики, Жонинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди.
— Тош?! Қанақа тош?! Нималар деяяпсан? Қани, йўлингдан қолма! Тош эмиш! Вой Худойим!
Ганарсон уйининг ортидаги тепалик тагида машинасини тўхтатиб,тор сўқмоқ бўйлаб тепага кўтарила бошлади.
Клинт меҳмонхонада полга ёнбошлаб, телевизор томша қиларди. Элла духовкада нимадир пишираётганди. Билл эса меҳмонхона ва ошхона орасида бурнини тортганча эмаклаб юрарди.
— Йўлимизда қизиқ ҳодисалар бўляпти, — деди Жо остонадан кирар-кирмас.
— Ҳа-ҳа, — деб жавоб берди Клинт юзидаги қуруқ ифодани бузмасдан.
— Кўрдингми, Жо! Энди мени тушунгандирсан? Куни бўйи шу аҳвол, кундан кунга ҳиқилдоғимга келяпти, — ингради Элла.
Кичкина Билл отаси олиб келган ва аслида кечки овқатдан кейин ейилиши шарт бўлган конфетга қўлчаларини чўза бошлади. Жо қатъият билан ўғлини итариб ташлади, болакай йиғлай бошлади.
— Бунга нима дейсан? — аралашди Клинт. — У энди иккига киряпти. Нега унинг ғашига тегасан?
Билл отасига хафа бўлиб тикилиб турарди. Жо уҳ тортди ва бир-икки дақиқадан сўнг маза-матраси йўқ овқатни кўкларга кўтариб мақтаб турарди, Элла эса бунга эътибор ҳам бергани йўқ. Овқатланиб бўлишгач, у ётоққа жўнади, бироқ ҳадеганда уйқу келмас, шу сабабли Жо яна меҳмонхонага йўл олди. Клинт ҳануз полда ястанганча тунги шоуни томоша қилиб, сигарет тутатиб ётар, Элланинг хира кайфияти ҳалигача тарқамаганди. Жо уҳ тортиб, яна ётоққа қайтди.
Ганарсон «Гернси корпорейшн»да ишларди. Бу завод мева ва сабзавотларни қайта ишлар, уларни қуритиб, қадоқлаб маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга жўнатар эди. Корхона унчалик катта эмасди, раҳбариятда тўртта бригадир бор эди. Жо улардан бири эди. Катта омборхонага ўхшаб кетадиган цехларда кўпинча у ўзини уйидан кўра шу ерда хотиржам ҳис қилишини тан оларди.
«Янги йўлимизда қизиқ ҳодисалар бўляпти…» — деди Жо бригадирлардан бирига ечиниш хонасида кийим алмаштираётиб. «Кеча қизиқ ҳодисанинг гувоҳи бўлдим», — дея ўртоқлашди у корхонанинг ошхонасидаги официант аёлга. Фақатгина қария мистер Гернсига ҳам буни айтаётганда ичидан бир нидо келди: «Сен бир нарсани ҳадеб такрорлавераяпсан». Жо пешонаси тиришиб, ички овозига ўзича жавоб қилди: «Унда нимани айтай? Менинг муаммоларим уларга қизиқмикан?» Нима бўлганда ҳам, мавзуни ўзгартириб, бошлиғи билан машиналар ҳақида гаплаша бошлади.
Бироқ, иш куни якунланаётиб Жо яна ўша мудҳиш воқеага қайтишга мажбур бўлди. Навбатчиликдан сўнг душда ювинаётиб, бригадирлардан бири Боб Ламотта сувнинг шовқини аралаш унга деди:
— Эй, Жо! Боя гапириб берган эркак унга қарата ўқ узишганини сенга айтган экан, сен эса бу тош дегансан…
— Мен тош деганим йўқ, шунчаки фараз қилдим…
Бироқ Боб Жони эшитмаётганини билдириб, елка қисди ва душдан сўнг суҳбатни давом эттирди:
— Хуллас, Жо, сен адашибсан. Шерифнинг ёрдамчилари ўқ узилганини тасдиқлашибди.
— Шерифнинг ёрдамчилари ҳеч қачон адашмас эканми? — ғўлдиради Жо.
— Тўғри. Бироқ бугун ҳам йўлда ўқ узишган. Бир хоним шаҳардан қайтаётган экан, бир вақт пақиллатиб отиб қолишибди. Ўқи орқа ён ойналарнинг иккисини ҳам тешиб ўтган. Тошдан бунақа туйнук қолмаса керак…
Эртаси куни йўлда учинчи марта ўқ узилди. Икки кун мобайнида полиция ўтаётган машиналарга ким ўқ узган бўлиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида тепаликлар атрофини тинтиб чиқишди. Жавоб жуда оддий эди: исталган киши! Йўлнинг узунлиги бир неча мил эди, атрофдаги тепаликларнинг эса саноғи йўқ.
Кейинги икки кун давомида ҳеч ким ўқ овозини эшитмади. Бироқ учинчи кун турли участкаларда тўртта машина ўққа тутилди.
— Бу кимнинг иши бўлиши мумкин? — ҳайқирди Жо уйида.
Элла дарров жавоб берди: ўрмонда тиқилиб ётган, бутун дунёни ўзидан қарздор деб ҳисобловчи бекорчи безорилардан бири бўлса керак-да.
Клинт сўкинди. Элла Жога қаради ва бақира кетди:
— Унинг сўкинишига индамай қараб тура оласанми?
Жо бу жанжаллар ҳиқилдоғига келгани ҳақида ўйлаб қолди ва эртасигаёқ мистер Гернсидан Клинт учун армияга чақирилишигача бирорта вақтинчалик иш сўрашни кўнглига тугди. Ҳечқурса Элла кундузи уйда бир ўзи ўғлига кўпроқ вақт ажрата олар. Боланинг ҳиққиллашидан кулгусини эшитиш яхши-да. Баъзан Жо ўғли ва укасининг юз ифодалари бир хил эканлигидан ҳайратланарди. Иккиси ҳам — доим нимадандир хафа ва кўнгли тўлмаган.
— Менимча, бирорта эси паст отаётган бўлса керак, — дея ўз саволига жавоб бера бошлади Жо Клинт ва Элла ўтасида алангаланаётган жанжални ўчиришга уриниб.
Эртаси куни эса у газеталарда айнан шу тахминини ўқиди. Сарлавҳалар савол берарди: «Водийдаги эси паст снайперни қандай топиш мумкин?», «Телба Снайпер. Ким у?».
Жо кундузи завод ошхонасида тамадди қилиб ўтирган уч полициячидан снайпер ҳақида чидай олмай сўради.
— Бу бола эсини йўқотгани аниқ, — деди полициячилардан бири. — У бу туришда кимнидир ўлдириб қўяди. Шунақа жиннилар ҳам бўлади. Улар хаёлига келиб қолади-да, милтиқдан дуч келган томонга ўқ уза бошлашади. У бирорта хат ёзганда ҳам уни ушлашимиз осон кечарди.
Официант аёл Безори Жек деганлари ҳам қоп-қоп хат ёзгани, у хатлар билан бутун бошли Скотланд Ярднинг жами деворларини ёпиштириб чиқиш мумкинлиги, шунда ҳам уни топа олишмаганини эслатди.
Юзлари қип-қизил иккинчиси полициячи эса на ҳамкасби, на газетачиларга қўшилди.
— Агар менинг фикримни билмоқчи бўлсангиз, — деди у. — у қандайдир олифта. Ҳеч ким ҳеч кимдан қасос олмаяпти. Шунчаки, асабларга ўйнаш учун ўқ узяпти. Олифталар ўзи шунақа бўлишади. Балким ким ҳайдовчига яқинроқ ўқ узиш ҳақида баҳслашишгандир? Жа қуюшқондан чиқиб кетибди улар. Балдоғи мис чарм камарларни олиб, иштонини ечиб, бақиртириб ясаш керак уларни.
Тушликдан сўнг Жон мистер Гернси билан Клинт ҳақида гаплашмоқчи эди, лекин бошлиқ ундан аввал гап очди:
— Бу мерган йўл қурилиши давомида уйи бузиб ташланганлардан бири бўлиб чиқса ажабланмайман. Эсингдами, Жо, жуда кўпчилик норози эди. Лекин бизга янги йўл керак ҳам эди-да!
— Гапларингизга қўшиламан, — деди Жо. — Илгари ишга кечикмай, деб жуда эрта йўлга чиқишга мажбур бўлардим. Уйга ҳам қачон етиб боришимни олдиндан айта олмасдим. Энди эса йўлга қанча вақт сарфлашимни сониясигача биламан. Айтмоқчи, мистер Гернси…
— Лекин улар ҳаммани рози қилишмаган, — девом этди бошлиқ. — фалон ўлчамдаги уй фалон фунт турмайди, деб ҳисоблашган. Ҳаммага бир хил ҳақ тўлашган. Ҳеч кимнинг уйининг ичида нима борлигига эътибор ҳам бермаган. Баъзилар уйини яқиндагина таъмирлашган, янги иситиш тизими, турли мосламалар қилиб олишган-да… Ҳаммага баробар бўлинган. Мана, кимдир янги йўлда қатнаётганлардан ўч олишни кўнглига тукканга ўхшайди.
Жо бошини тасдиқ маъносида ирғади:
— Бўлиши мумкин. Сиз шерифга кўчириб ўтказилганларнинг ҳаммасини текшириш керак, деб айтасизми?
— Бу ҳақда шериф билан гаплашишим керак, деб ўйлансанми, Жо?
— Бу жиддий масала, менимча, учрашишингиз керак.
Натижада, Жо Гернсидан Клинт учун иш сўрашни унутди.
Эртаси куни ишга келган Жо ҳовлида полициячиларнинг машинасига кўзи тушди.
— Ўғри тушибди, — тушунтирди Боб Ламотта. — Кимдир идорага кириб, кассани босган, столлардаги ҳамма тортмаларни очиб кўриб, иккита ёзув машинкаси, радиоприёмник, ҳисоблаш машинаси ва яна алламбалоларни кўтариб кетибди.
Мистер Гернси шериф ёрдамчилари билан гаплашаётгани эшитилиб турарди:
— Албатта, менда гумон бор. Мен буни ким қилган бўлиши мумкинлигини сезяпман. Лекин кечагидек — снайпер ҳақида гаплашмоқчи бўлганимизда қўлларингизни силтамай, эътироз билдирмай эшитсангизгина айтаман.
Бу сўзларни эшитгач, Жо кўзга кўринмасликка қарор қилди. Агар қария Гернси унинг маслаҳатига амал қилган бўлса-ю, полициячилар уни тинглашни исташмаган бўлса, яхшиси бошлиқнинг кўзига кўринмай тургани маъқул. У дарҳол қўл остидагиларини йиғиб, ишга киришди. Ҳа, ноқулай аҳволга тушиб қолди. Қариянинг тахмини ёмон эмасди.
Ўғирликни жуда тез очишди. Тушликдан олдин ҳаммол Мануэль иккинчи қаватга — Жо бригадаси билан ишлаб ётган цехга кўтарилиб, ютоқиб гап бошлади:
— Уни ушлашди! Кимлигини ҳаётда топа олмайсизлар! Қани, уриниб кўринглар-чи!
— Мисс Понсонби? — деди кимдир гурр кулгуга сабаб бўлиб. Мисс Понсонби компанияда у асос солинган кундан бери ишлар, жуда ҳалол аёл эди.
— Эсингни еганмисан? — эътироз билдирди Мануэль. — Қанақа мисс Понсонби! Бўпти, барибир топа олмайсизлар. Бу Рэй экан!
Буни ҳеч ким кутмаганди. Мўминқобил йигит Рэй компанияда бухгалтер бўлиб ишлар, ёлғиз онаси билан яшар, кечалари черковда орган чаларди. Бу ҳам миссис Понсонби ўғри бўлиб чиққандек ҳайратланарли эди!
Янгиликдан ҳануз ўзига кела олмаётган Мануэль тушунтириш бера бошлади: Рэй аввал бошдан пул ўғирлаб юрган экан. Ишчилардан кимдир бошлиқ уни тутиб олиб, иқрор хати ёздирганини эслади. Мистер Гернси ёш бухгалтерни нима қилсам экан, деб ўйлаганча у ўзининг иқрорномасини ўғирлаб, ишдан бўшаб, бошқа жойга кўчиб кетишни мўлжаллаган. Ҳақиқий ўғриликни саҳналаштириш учун идорадан пул ва бошқа нарсаларни ҳам ўғирлаган. Бироқ қария Гернси Рэйнинг иқрорномаси йўқолганини кўргач, гап нимада эканлигини сезган. Ҳақиқий ўғри ҳеч қачон бундай «қимматбаҳо» қоғозга тегмаган бўларди. У ўз гумонларини шериф ёрдамчиларига билдирган, бу сафар улар уни индамай эшитишибди. Полиция уйига бостириб боргач, Рэй ҳаммасини бўйнига олибди.
Мистер Гернси кун бўйи Рэйга расман айблов эълон қилиш-қилмаслик ҳақида ўйлади. Иш куни тугашидан пича аввал у ўзининг чанг босган «Шевроле»сига ўтириб, якуний қарорни Рэйнинг онаси билан гаплашиб олгач чиқаришни ният қилиб, унинг ҳузурига йўл олди.
Навбатчиликдан сўнг, Жо душда чўмилаётганда Боб Ламотта кулимсираганча ундан сўради:
— Телба снайпер ҳақидаги сўнгги янгиликларни эшитдингми? Кимнинг машинасига кумуш ўқ келиб тегса у вампирлар ҳақидаги янги фильмга бепул чипта соҳиби бўлар экан! — Боб ўзининг ҳазилидан ўзи нашъа қилганча хохолаб кулди.
Жо янги йўлдан уйига қайтарди. Бошида турли ўйлар ғужғон ўйнарди. Қороғуликда йўл четида турган машина ёнидан ўтиб кетай деди. Жо «Шевроле»ни таниди. Формали кимса қўлидаги фонар билан олдинга ундади.
— Ўтиб кетаверинг, кетаверинг!
— Бу бошлиғим мистер Гернсининг машинаси. Унга нима бўлди?
Фонар Жонинг юзини ёрита бошлади ва шериф ёрдамчиси деди:
— Уни ўлдиришибди. Ўқ унинг бошига теккан. Сиз Гернсининг қўлида ишлармидингиз? Исмингиз нима?
Сирена овози эшитила бошлади. Яна битта полиция машинаси етиб келди. Жо мистер Гернси рулни қучоқлаб сулайиб қолганини кўрди. Унинг шу ҳолати Жога маъқулроқ кўринди: у бошлиғининг ўлик юзини кўрмайди.
— Шундай бўлиши ҳам керак эди, — деди шериф ёрдамчиси. — Доим машиналарга қарата ўқ узилаверса, эртами-кечми бирортага тегиши аниқ эди.
Шу вақт Жони ток ургандек бўлди. У ўзи истамай гапира бошлади:
— Агар бу тасодиф бўлмаса-чи? Кимдир аввалдан ҳаммани боши берк кўчага қамаш учун қотилликни режалаштирган бўлиб чиқса-чи? Бирорта эси паст маньяк деб ўйлашлари учун машиналарга ўқ узиб турган. Ўзи истаган кишини ўлдириб бўлгач, ҳамма буни тасодиф деб баҳолайди. Шунақа ҳам бўлиши мумкин-ку?!
Ҳеч ким жавоб бермади.
— Қария Гернсни ўлдириш кимга керак бўлди экан-а?! — бақириб юборди Жо.
— Анави мумсик Рэйга бўлмаса керак, ҳарқалай, у полицяи бўлинмасида панжара ортида, — деди шериф ёрдамчиси. — Бўпти, энди сиз кетақолинг.
Куйинганидан Жо йўлни зўрга илғарди. Бир илож қилиб уйигача етиб келгач, тепаликнинг дуч келган жойида машинасини тўхтатди ва сўқмоқдан оёқларини зўрға судраб кўтарила бошлади. Ёноқларини ёшлари ҳўл қилаётганини сезиб, эшикни очди ва уйга қадам босди.
Элла ва Клинт ҳар доимгидек уйда эдилар. Ўзини кўзлари жиққа ёш билан кўриб, улардан қай бири биринчи бўлиб бақириб юборганини тушунмади ҳам. «Улар мени яхши кўришади, — хаёлига келган биринчи фикр шу бўлди, шу сабабли ўпкаси тўлиб келаётган бўлса-да, ҳаммаси жойида, дегандек жилмайишга ҳаракат қилди, — Ҳар нима бўлса ҳам, уларнинг ҳар иккиси мени яхши кўради. Суйишади». Лекин унинг бу фикри яшин тезлигида бошқаси билан ўрин алмашди: «Ошхонада милтиқ нима қиляпти? Ахир у ерда Билл бор-ку?!» Жо бу гапни оғзига чиқармоқчи бўлган ҳам эдики, Элла чинқирганча бақириб юборди:
— Ахир сен уни ўлдирдим девдинг-ку! Ўлди девдинг-ку!!!
Жо хотинига, сўнг укасига қаради ва Элла не сабабдан қичқираётганини ва шунча вақт нималар бўлганини тушунди. У шаҳдам қадамлар билан ошхонага йўналиб, милтиқни қўлига олди…
Рус тилидан Шавкатбек таржимаси