Кентуккилик Оррин Брауер ўз поччасининг қотиллигида айбланиб, анча вақтдан бери одил суд ҳукмидан қочиш тараддудида эди. У ҳибсда сақланаётган графлик қамоқхонасида узоқ пайтдан буён суд жараёнини мислсиз даҳшат ичида кутиб юрар экан, пировардида бу қамоқдан қочиб кетишни-да ўзича режалаштириб қўйганди, ниҳоят у қулай вазият топди-да, қамоқхона соқчисининг бошига қаттиқ темир панжараси билан яхшилаб туширди-ю ташқарига чиқиб, қоп-қоронғу тун қаърига сингиб кетди. Соқчини қуролсиз ҳолда ташлаб кетганига қарамай, Брауер не машаққатлар билан қайта эришган озодлигини ҳимоя қилиш учун ўзи билан ҳеч қандай қурол, лоақал биронта асбоб-ускуна ҳам олиб кетмаганди. Шаҳарчадан бир амаллаб чиқиши билан қочоқ қуюқ ўрмон ичига йўл солиб, катта аҳмоқлик қилиб қўйди; зеро у бу ўрмон тарафга неча йиллардан буён қадам ҳам босмаганди, ваҳоланки бу беадоғ ҳудуд ҳозирда янаям ёввойилашиб кетганди.
Аксига олиб, тун ҳам тобора қуюқлашиб борар, бутун фалак чойшаби узра на ой ва на юлдузлар кўринар, Брауер бўлса бу атрофларда умри бино бўлиб яшаб кўрмаганди, бинобарин у мазкур жой тўғрисида бирон-бир маълумотга ҳам эга эмасди, инчунун айни алфозида бечора қочоқнинг йўқолиб қолиши ҳам табиий ҳолат эди. Брауер қаёққа қараб кетаётганини аниқ идрок қилолмай қолди, у шаҳарчадан чинданам узоқлашиб кетдимикан ёхуд тағин у ерга қайтиб кетаяптимикан – мана шу савол Оррин Брауер олдида сира ечилмас тугунлигича қилт этмай тураверди. У шуни аниқ-тиниқ билардики, қатлга ҳукм қилинган золим қотил ортидан албатта кўпчилик қидирувга сафарбар этилади ва Брауер худди шу ҳолатида хаш-паш дегунча қўлга олинади, демак унинг не-не саъй-ҳаракатлари билан қамоқдан қочиши ҳам бир пуллик иш бўлади, лекин Брауернинг асло қўлга тушгиси йўқ, келиб-келиб ўзи учун уюштирилажак таъқибга ўзи кўмак бериб қўйсинми? Зеро Брауер учун озодликнинг ҳатто бир дақиқаси ҳам бебаҳо фурсатга айланиб қолганди.
Тўсатдан у ўрмон бағридан эски бир йўл устига чиқиб қолди, ҳали кўнгли ёришгунча ҳам бўлмай, бирдан унинг қаршисида, чексиз зулмат қўйнида осмондан тушгандай ҳаракатсиз қотиб турган қандайдир одам шарпаси намоён бўлди. Ортга чекиниш учун жуда кеч эди: қочоқ шу нарсани бегумон сездики, агарда у орқага, ўрмонга бир қадам қайтиши биланоқ шартта отиб ташланиши муқаррар вазият эди. Шундай қилиб, ҳар икки шарпа қоронғулик ичида худди дарахтлар каби тек туриб қолишди, Брауер ўз юрагининг айни сониялардаги қаттиқ-қаттиқ дукиллашидан нафаси бўғилиб, жон-пони чиқиб кетгудай бўлди – нариги шарпа эса – нариги шарпа анча муғомбир чиқиб қолди, у ҳозирча зиғирча ҳам саросимага тушиб қолмади.
Орадан бир лаҳза ўтгач – бу бир лаҳза Брауер учун гўё бир йилга тенг бўлди – тўлин ой булутсиз кенг самонинг ямоқ кўйлаги ичига оҳиста яшириниб олди, шу паллада қочоқ қотил ноилож тақдирга тан берди-да, қонун вакилининг измига бўйсуниб, ночор қўлларини кўтарди ва бояги шарпа олдига тушиб, кўрсатилган йўл томон итоаткорона юриб бораверди, у беҳад қўрққанидан на ўнг ва на чап тарафга бир қур бўлса-да кўз ташлай олар, ҳаттоки нафас олишгаям аранг журъат қиларди, ҳалитдан боши билан орқаси олдиндан башорат қилинган қатл хавфидан беаёв азобланишни бошлаб юборганди.
Брауер шунча ҳибсга олинган қотиллар ичида энг шафқатсизи ва энг маккори ҳисобланарди; бу ҳол унинг ўз поччасини қанчалар совуққонлик ва бераҳмлик билан ўлдирганидан ҳам яққол аён эди, бу ёвуз кимса бамисоли одам қиёфасидаги маҳлуқнинг ўзгинаси эди. Брауер учун қариндошларининг суд залига келишининг умуман кераги йўқ эди; уларнинг ўша ерда бўлмаганлари унга кўпроқ маъқул келарди, ўз ўлимига эндигина тан бериб, шу сўнгсиз азоб ичида қовурилаётган бир онда ўша қариндошлари унинг бўйнини қатл жодусидан қутқариб қолишлари ҳақиқатдан анча йироқ бўлган ҳолат эди. Зотан Брауернинг қўлидан энди нимаям келарди? – Айни паллада қочоқ учун қўрқмас ва енгилмас қотил сифатида ҳар қандай зарбани ҳам чурқ этмай ейишдан бўлак йўл йўқ эди, Оррин Брауер аллақачон ўз тақдирига бўйинсуниб бўлганди.
Шу тахлитда улар эски йўл бўйлаб ўрмон ичидан ўтдилар-да, қамоқхона томон сафарларини давом эттириб кетаверишди. Бир вақт Брауер туйқус ўзида қандайдир журъат топди-да, бошини орқага буриб, ўз таъқибчисини кўришга таваккал қилди; фақат бир марта холос, деб ўйлади у, сим-сиёҳ кеча бағрида, деярли ўзининг кўланкаси устида туриб қолган ортидаги одам шарпаси ой нурида элас-элас кўзга чалинди. Брауерни қўлга олган одам чаккасида темир панжара излари бўртиб қолган, руҳдек оппоқ оқариб кетган қамоқхона соқчиси Буртон Дуф эди! Оррин Брауернинг тили калимага келмай қолди.
Ниҳоят улар шаҳарча ичига кириб келишди, ҳамма ёқда тўс-тўполон гупурган, бироқ шаҳарда аёл ва болалардан бўлак ҳеч ким кўзга кўринмасди, аммо улар ҳам кўчадан тезда даф бўлишди. Қамоқхона томон дастлаб олдинда кетаётган жиноятчи қотил йўл солди. Асосий кириш тарафга тўғри борди-да, Брауер оғир темир эшик тутқичи устига қўлини қўйди, ҳеч бир буйруқсиз эшикни итариб очди-да, ичкарига кирган заҳоти ўзини беш-олти чоғли қуролланган миршаблар қуршовида кўрди. Брауер каловланганча орқасига ўгирилди. Унинг ортидан ичкарига ҳеч ким кириб келмади. Қамоқхона соқчиси Буртон Дуфнинг ўлик танаси эса коридордаги узун стол устида кеча тундан буён ётар эди.
Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси