Якшанба куни шаҳарни шовқин-сурон буткул забтига олади: сигирлар муъраган, қўй-қўзилар маъраган, ғала-ғовур, бақириқ-чақириқ, ур-сур. Лекин савдо расталари узра тўхтовсиз садо бериб турадиган темирлар даранг-дурунги уларнинг ҳаммасини босиб кетади: деҳқонлар сотиб олаётган чалғиларини дўконларнинг тош остоналарига уриб-суриб синаб кўради.
Жаранг-жиринг! Даранг-дурунг…
Бозор майдони кун бўйи ана шундай жаранглаб туради.
Деҳқон қиладиган ишини аввал хаёлида обдон пишитишга ўрганмаган. Аммо ўзи учун муҳим бир юмушни бажаришга киришар экан, бор дунёни унутиб, бамайлихотир, бутун вужуди билан ишга берилиб, бошини хўп қотиради. Чалғи ҳариди ҳам унинг учун ана шундай муҳим иш.
Витомир саҳар-мардонда узоқ тоғлар орасида – тупканнинг тагидаги кўримсизгина қишлоғидан шаҳарга тушиб, олиб келган нарсасини сотди. Энди у баҳорнинг узундан-узоқ бу кунида яна бир ишни уддалаши – чалғи сотиб олиши керак.
Аввал бозорчилар билан гурунглашди, уларнинг чоғини олди, кейин, куймаланганча, чилангарлик расталарини бир неча бор айланиб чиқди. Юриб-юриб, охири ўзи дурустроқ биладиган дўконга киришга аҳд қилди. Ана энди томошани кўринг. Дўкондор, хизмат, дегандек унга қарайди. Витомир очиғини айтмай, нималардир деб минғирлайди. Деворга осилган молларни қувлик билан кўздан кечиради. Чалғи қидиради. Ниҳоят кўпни кўрган дўкондор унинг кўнглини топади ва хизматкор бола ичкаридан каноп матога ўралиб, устидан маҳкам танғилган, қиличдек ялтираб турган чалғиларни олиб чиқади.
Деҳқон оғзига толқон солгандай, жим чўнқаяди ва ўрамдаги чалғиларни аста-авайлаб суғуриб олади. Тиғи, тарҳи ва рангини кўздан кечиради. Ўткирлигини чамалаб кўргач, ўроғини кўзларига милтиқдек яқин олиб боради ва нишонга олаётгандек, тиғини текширади. Туфлайди, ялайди. Тирнаб кўриш ҳам эсидан чиқмайди. Ёнида – тишлари кемтик, кўзлари катталарникидек қувгина гўмашта бола.
Деҳқон чалғилардан икки-учтасини танлаб, дўкондан ташқарига олиб чиқади ва уларни остонадаги тошга бирма-бир уриб кўради. Эринмасдан узоқ синашга тушади. Чалғилардан кўз узмаётган бола унинг ортидан қолмайди. Харидор эса гўё бу мишиқидан қандай қутулишнинг йўлини тополмай гаранг: чалғи билан ёлғиз қолиш учун у ҳамма нарсасидан кечишга тайёр. Чалғини ёлғиз ўзинг шошилмасдан синаб-текшириб кўрганингга нима етсин. У болани, бутун борлиқни унутгиси келади. Чалғини тошга оҳиста уриб, тор оҳангини тингламоқчи бўлган машшоқдек қулоғига тутади. Пўлат жарангини шунчалар узоқ тинглайдики, ҳатто бутунлай сас чиқармай қўйгандан кейин ҳам товушига маҳлиё бўлиб ўтираверади. Юзида бефарқлик: бор-йўғи тирикчилик важидан, ноилождан келадигани бу бозорда пўлат сасини тинглар экан, хаёли уни узоқ-узоқларга олиб кетади. Ўзини ўрим айни авжига чиққан майсазорда кўради. Созлаб, сопланган, пешланган чалғининг тик қиялик узра майсаларни “шиғ-шиғ” ўраётгани, ўрилган ўтларнинг бир текис ястаниб қолаётганини аниқ-тиниқ тасаввур қилади…
Витомирнинг ёнидан ўтаётган деҳқонлар тўхтаб, бир зум туриб қолишади, пўлат жарангига қулоқ солишади, маслаҳат беришади, мулоҳазаларини баҳам кўришади. Бу уринишингиздан бир наф чиқиши қийин-ов, дейишади. Донғи кетган бурунги Варцар чалғилари энди қаёқда дейсиз. Витомир бу гапларнинг ҳаммасини бош ирғаб эшитади, лекин ўз билганидан қолмайди.
Дўкондор ота-боболаридан қолган тужжорларга хос мерос – беадад сабр-тоқати тугаб, эшик олдига чиқмагунича, Витомир чалғиларни тошга уриб, жарангига қулоқ солиб ўтираверади. Мулойим овозидан диққати ошгани сезилиб турган дўкондор ҳам унга маслаҳат бера бошлайди. Қўлидаги чалғилардан бирини тезроқ танлашга кўндирмоқчи бўлади:
– Ортиқча бош қотиришнинг асло ҳожати йўқ, Витомир,- дейди.- Униси ҳам, буниси ҳам асл мол.
– Албатта, албатта, – дейди деҳқон. Лекин дўкондорнинг гапига қўшилгани учун эмас, уни чалғитиш, иложи борича вақтни чўзиб, маслаҳатлардан холи, бемалол ўйлаб олиш учун шундай дейди.
Чалғилар иккита. Улардан бирининг – қорамтирроғининг юзига мазмуни Витомирга тушунарсиз, қандайдир зарҳал ёзувлар битилган: “Boehme & Sohn, Wiener Neustadt”. Шунинг учун деҳқонлар уни тилла чалғи деб аташади. Салиб деб аталадиган иккинчи чалғи эса кўкимтир пўлатдан. Ҳарфлари жуда майда. Тамға ўрнида ишланган кумуш рангли йўнғичқа барглари бўтни эслатади.
– Бош қотирадиган жойи йўқ, – деб қистайди дўкондор. – Мана, ёзуви-ю, тамғаларига – беда баргига қара.
– Шундайликка шундай-ку, я, – дейди деҳқон паришонхотирлик билан, лекин яхши биладики, ёзув деганингиз ўқишдан хабари бор, ориф одамни ҳам алдаши турган гап. Тамғасини томоша қиламан, деб хаёлинг қочиб, қилаётган ишингдан чалғиб кетишинг ҳеч гап эмас.
– Албатта, албатта.
Унинг тужжорга берадиган бор-йўқ жавоби шу. Хаёлида эса қўлидаги чалғилар билан тиллашишдан тўхтамайди. Улар деҳқоннинг бутун фикр-зикрини ўғирлаган, ҳатто ғала-ғовурга тўла бозор издиҳомини ҳам унутган. Кўзига чалғидан бошқа нарса кўринмайди.
“Биламиз, – дейди у ўзига-ўзи. – Жуда яхши биламиз. Ёзувлари ҳам, безаги ҳам жойида. Бундан зўри бўлмайди. Лекин бу ҳашамат чалғини сотиб олгунингизча. Олдингизми, ана ундан кейин кўрасиз нағмасини. Ҳамма деҳқоннинг ҳақидан урсам дейди. Чалғининг чиройидан ҳам, зарҳал ёзувларидан ҳам майсага ўралиб ётган илондан қўрққандай қўрқиш керак. Лекин улардан қутулиб бўпсиз. Дикавадаги чайир майсаларнинг бу чиройли сўзлару ҳашаматли тамғалар билан неча пуллик иши бор. Уларга бақувват чалғи керак. Аммо қани ўша чалғи. Асл чалғи қандай бўлишини мана, биздан сўранг. Бундай савдолар бошимиздан кўп ўтган. Дўконда бундай қўлингга олиб томоша қилсанг, нақд қилич, қиличдан ҳам зўр, ўткир кўринади кўзингга. Чалғимисан чалғи. Бироқ уни Дикаванинг тошдай метин чўққиларига олиб чиқиб, соплаб, пешлаб, ўроққа солсанг, бу падари қусур аррага ўхшаб ўтни ғажишдан бошқа ишга ярамайди. Қайроқ солсанг, дами қировдай тўкилади. Биламиз, ҳаммасини биламиз!”
Витомир шундай гапларни хаёлидан ўтказар экан, чалғиларнинг гоҳ унисини, гоҳ бунисини тошга уриб кўраверади. Гўё чалғини нотаниш сўзлар ва жимжимадор нақшлари замирига яширинган ҳақиқатни ошкор этишга мажбур қилмоқчи. Навбати билан қўлига олиб, узоқ, синчиклаб қарайди. Чалғининг гўё тилла ранг, кўк йўл-йўл чизиқларидан унинг тарихини ўқимоқчи бўлади. Узоқ манзиллар оша дикавалик деҳқон қўлига қандай келиб тушганини тасаввур қилади. Маъдан қазиб олинган конни, кейин у эритилган қандайдир печларни, чалғи шаклини ва номини олган темирчилик устахонасини ҳамда заводдан сўнг биридан иккинчисига ўтказган юзлаб қўлларни – Вена ва Сараево улгуржи савдогарларини, олибсотарларини кўз олдига келтиради. Бу чалғи юк ташувчи араваларда мамлакатнинг нариги буржидан бу музофотга – Романия ва Семич орқали Вишеградгача етиб келгунича уни кимлардир юклаган, кўтарган, ташиган. Унга теккан ҳар бир қўл эгаси ўз улушини олган. Ҳар бири!
Буларнинг ҳаммасига Витомирнинг элас-элас фаҳми етиб турган бўлса-да, вужудида қандайдир ўксиниш, оғир дард қўзғалади. Нима бўлганда ҳам, у энди шу чалғини сотиб олишга маҳкум. Ё ўзи, ёки чалғи ишга бутунлай яроқсиз бўлиб қолгунича уни қўлидан қўймаслиги керак. Пешонасига битилгани шу. “Уҳ, ярамас!” Витомир чалғини тошга зарда билан уради. Дўкондор пештахта ортидан яна бўйнини чўзади. Чалғи жарангидан деҳқоннинг ўзи ҳам уйқудан уйғониб кетгандек чўчиб тушади, каловланганча жим бўлиб қолади.
Узоқ давом этган тарақа-туруқ, мулоҳаза ва иккиланишлардан сўнг, икки чалғидан бирини танлайди. Бу қарор унинг хаёлига ногаҳон, ўзини ўпқонга отаётгандек тўсатдан келади. Энди дўкондор билан узундан-узоқ савдолашиш бошланади. Бу тортишув бундай серғалва, узоқ, муғомбирона маросимларни бошидан кечиравериб дийдаси тошдай қотиб кетган дўкондорни ҳам ҳолдан тойдиради. Оқшом уйига боргач, юз-қўлини чайиб, дастурхон бўйига ўтирар экан, ким билади дейсиз нечанчи бор уф тортади ва хотинига ёзғиради: “Бу қишлоқилар билан савдо қилиш – кони азоб. Ҳамёнидан бир мирини суғуриб олгунингча, минг марта ўлиб, минг марта тириласан”.
Ниҳоят, бор-барака топ дейилиб, ақчаси тўланади. Витомир наҳорда олма ортиб келган байталига миниб, эгарнинг орқасига бўш қопга ўралган чалғини танғийди.
Энди йўл-йўлакай майхонага кириб, озгина чоғир ичмасликнинг, одамлар билан ўтган-кетгандан, айниқса, бугун сотиб олинган чалғидан гаплашмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Ҳатто янги харидни ювайлик, деб оёғини тираб туриб олган икки улфатни меҳмон қилишига тўғри келади. Уларга қўшилиб Витомирнинг ўзи ҳам одатдагидан икки-уч қадаҳ кўпроқ кўтариб юборади. Буларнинг барчаси чалғининг шарофатидан, албатта. Сўнг, шом туша бошлагач, тоққа, қишлоғига қараб йўлга тушади.
Байтал жонивор тепаликка чумолидай тиришиб-тирмашиб ўрмалайди. Витомирнинг эса димоғи чоқ. Чоғирнинг таъсири унчалик сезилмайди. Хаёли жойида. Ҳар ҳолда унга шундай туюлади. Ғайрати жўшиб, мискин кўнгли кўтарила, дадиллаша бошлайди. Ширин-ширин хаёлларга берилиб, қадди ғозланади. Ана-мана дегунча қўшиқ айтгиси ҳам келиб қолади. Бундай сурурли дамларда чалғининг яхши-ёмонини фарқлашни ҳам, дўкондор билан савдолашишни ҳам қойил мақом қилиб уддалаши мумкинлигига кўзи ета бошлайди. Доим шундай: шаҳарга тушди дегунча, негадир дарров ўзини йўқотиб, довдираб, шалвираб қолади. Ҳеч кимга, ҳатто ўзига ҳам ишонмай қўяди. Ғала-ғовур, ур-сур бозор ортда қолиб, тоққа, Дикава сари ўрлай бошладими, гўё ақли-ҳуши яна жойига қайтиб, ўзини қушдай енгил ҳис қила бошлайди. Тоғда ҳамма нарсага фаҳми етади, ҳаммасини тушунади. Бироқ кейинги бозор келди дегунча яна ўша аҳвол.
Бу унинг юрагини мудом ғашлаб, қонини қайнатади.
Витомир қора терга ботган байталида йўлнинг танобини тортиб борар экан, эгарга танғилган ва бугун уни ғоят ҳолдан тойдирган, шунга қарамай, жуда яқин, қадрдон бўлиб қолган чалғисига кўз ташлайди. Хўш, бу савилнинг неча пуллик мол эканини ким билади? Балки у чалғининг яхшисини танлай олмагандир? Балки қимматга олгандир? Витомир дўкондорнинг савдолашиш асносидаги қиёфасини кўз олдига келтиришга уринади. Аммо чалғидаги завод тамғасига тиши ўтмаганидек, тужжорнинг юзидан ҳам бирор маъни ўқий олмайди. Балки “мўртроқ” ва “ёмонроқ” туюлган, Витомир қўлида роса айлантириб кўрган ўша кўкимтир чалғи дурустроқ, бақувватроқмиди. Энди тушингни сувга айт. Шундай бўлса-да, шубҳа уни тарк этмайди. Дилидаги ғубор уни ўз харидига бот-бот ўгирилиб қарашга мажбур қилади. Ўнгга ўгирилса – чалғининг сопдонига, чапга ўгирилса, харидининг беш кунлик ойдек ўткир ўроғига кўзи тушади. Чалғисига ҳам қувонч, ҳам бироз асабий сўз қотади:
– Ғудай, ҳозирча ғудайиб тур-чи. Ҳадемай бу дамингдан тушиб қоласан. Ҳа. Сен ҳали қайси қишлоққа кетаётганингни билмайсан-да, баракатопкур! У жойларда сину-сумбатимни томоша қилишиб, тилла безакларимни кўзларига суртишади, деб ўйлаётгандирсан. Ҳомтаъма бўлма. Бизнинг қишлоқда дуч келган ҳарфу суратларга маҳлиё бўлиб қоладиганлар жуда кам. Ҳа, кам. Биз томонларда чалғига ҳам, ўт-ўлану одамга ҳам – ҳаммага қийин!.. Ристон бобо – кўп чапани одам эди, раҳматлик – катта-кичик, ҳаммамизни хашак тўдалашга ҳайдагани эсимда. Бола бечоралар жизғанак қилиб қовураётган офтоб тиғига дош беролмай, таппа-таппа йиқилган. Оналари, болаларини қўйиб юборишларини сўраб ёлворган. Ристон бобо эса ўшқиргани-ўшқирган: “Биров териларингни шилиб, этларингни нимталамаётган бўлса, бунча додлайсизлар. Ёруғ дунёга келдингларми, ишланглар-да! Қани хашакни тўдаланглар, занғарлар!” Эсимда, жуда яхши эсимда. Бундан беш баттарларини ҳам кўрганмиз…
Витомир ой нурида товланиб бораётган чалғисига қараб жилмаяр экан, ширин хаёлларига якун ясагандай бўлади:
– Ана шунақа гаплар. Эртага сени сандонга қўйиб, шундай болғалайки, оловларинг отилиб, дод солганингни бутун яйлов эшитсин! Қумқайроғимнинг остида бир сайрагин, бир сайрагин! Дикава нималигини ана ўшанда биласан. Кўзгинанг очилади! Тилла тамғалару ёлғон-яшиқ ёзувларингдан ном-нишон қолармикин. Ана шунақа! Бу тоғлар, билсангиз, ойимча, қаҳри қаттиқ, шафқатсиз тоғлар!
Хирагина нур сочиб турган ой ёруғида Витомир “Қайин сояси” деб аталмиш торгина текис ялангликка етиб келганини сезади. Сезадию, қишлоғига яқинлашганини англаб, худди биров билан қасдлашгандек, биров билан баҳслашгандек, на оҳанги, на сўзини тушуниб бўладиган, бўрининг увлашидек чўзиқ бир овозда хиргойисини бошлаб юборади.
Русчадан Қулман Очилов таржимаси.