Симон Кармиггелт. Беғараз ёрдам (ҳикоя)

 Оббо, буни қаранг. Мана бу қарияга қаранг. Ночор-нотовонлик, ожизликнинг тирик тимсоли. Кўзингиз тушиши билан кексаликдан ҳеч ким қочиб қутила олмаслигига амин бўласиз-қўясиз. “Йиллар қароғимдаги нурни туман каби сўндирур” деб таъкидлаган Элсхот ҳақ. Титраган, букчайган, икки қўлидаги икки ҳассани йўлак четида у ёқдан – бу ёққа тўқиллатиб куймаланган, лекин кўчани кесиб ўтишга журъати қани. Негаки кўча тўла улов, шовқинию охирининг учи-кети йўқ. Биз, ёшларга бундай шовқин-сўрон, югур-югурлар писанд эмас. Бензин ҳиди вужудимизга она сути билан сингган, транспорт шовқинига қулоқларимиз гўдакликдан кўниккан. Бу қариянинг эса эсини таниши, ўҳ-ҳу, анча осойишта, мен ҳатто отам замонларга, ҳали юввош отлар қўшилган каретаю аравалар катта ҳашам бўлган даврларга тўғри келган, деган бўлардим.
 Бобонинг туришлари нақадар аянчли. Чамаси ёрдам беришларини кутгандек ён-атрофига умидвор жовдираган, аланглаган. Қани энди ёнидан ўтаётган бирор зот унга озгина назар ташласа, ҳолинг не деб сўраса. Бундай манзарани кўрганимда шууримни ажойиб, ҳатто ғоят кўтаринки руҳ чулғаб олади. Ички бир туйғу билан ўзимни ўттиз-қирқ йил истиқболда кўргандек бўламан: ана, ўша келажак ҳиёбонининг бир чеккасида ҳассага суянганча қадамимни омонатгина ташлаб боряпман. Ҳадигим – ён-веримдан ўқдек визиллаб ўтаётган ракеталар, аллақачон шаҳар транспорти сафидан жой олган ва пастлаб учаётган самолётлардан. Наҳотки, ўшанда менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмаса?
 Мен чолнинг ёнига бориб, тирсагидан оламан.
– Кетдик, – дейман.
 Машиналар издаҳомида торгина йўлак пайдо бўлади. Мен чолни судрашга тушаман.
– Ўғлим, – деб ғудранади қария.
 Бу – қарияларга хос тилларда достон бўлган миннатдорлик. Юриб борар эканман бош ирғайман ва чолни судрашда давом этаман.
– Безовта бўлманг, отахон, – дейман. – Озгина қолди.
Лекин миннатдорлик туйғуси чолни қаттиқ забтига олади.
– Ўғлим… – дейди у яна.
– Арзимайди, – деб мийиғимда жилмаяман. – Бир-биримизга шундай кунларда ёрдам бермасак, қандай одам бўлдик. Тўғрими?
Шундай деб унинг елкасига дўстона қоқаман. Сал қаттиқроқ уриб юбораман шекилли, чол мункиб кетади.
 Кейин ўз йўлимга буриламан ва нари кетаман. Лекин чол мени чақиргандек бўлади. Ортимга бурилиб қарайман. У изингизга қайтинг, деган маънода чақиради. Сизни билмадиму, лекин мен бу имлашнинг замирида қандай мақсад зоҳирлигини жуда яхши биламан: чол мени тамаки билан сийламоқчи.
– Бу энди мутлақо шарт эмас, – дейман мен бағрикенглик билан унинг қаршисида тўхтар эканман.
 Лекин қария менга жуда зардали нигоҳ ташлайди.
– Болам, илтимос, мени яна жойимга олиб бориб қўйинг. Мен ахир автобус кутиб турган эдим.

Русчадан Қулман Очилов таржимаси.