Адабий алоқалар — ижодий жаран кўзгуси (давра суҳбати) (2014)

Адабий алоқалар бадиий таржима, адабий таъсир, ­жонли мулоқотлар, ижодий ҳамкорлик, дўстона муносабатлар, устоз-шогирд анъаналари ўзанида шаклланган, ­миллатнинг маънавий-маданий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга ­жараёндир.

Ўзбек адабиёти тарихининг барча даврларида адабий алоқалар мақсад ва вазифаларига кўра турли кўринишларда давом этиб келган. Ҳозирги пайтда мазкур соҳа жаҳоний миқёсда ривож топиб, унинг янги шакллари пайдо бўлди, жумладан, ­ижодкорларнинг бадиий таржима воситасида жаҳон адабиёти тажрибаларига мурожаати кучайди.

Мустақиллик даври ўзбек адабиётида адабий алоқалар ижодий жараённинг фаол жабҳасига айланди. Албатта, бу борада қўлга киритилган ютуқлар билан бирга, олдимизда турган вазифалар кўлами ҳам анчагина кенг. Биринчи галда адабиётимиз истиқболини кўзлаб амалга ошириш лозим бўлган ишлар талайгина. Шу нуқтаи назардан биз таниқли ижодкорлар, адабиётшунослар, тадқиқотчилар иштирокида “Адабий алоқалар — ижодий жаран кўзгуси” деб номланган мавзуда давра суҳбати ташкил этиб, ­мазкур соҳага доир вазифаларга, муаммоларга ойдинлик киритиб олишни мақсад қилдик.

Давра суҳбатимизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али бошлаб берди. Суҳбатда таниқли адабиётшунос олимлар Наим Каримов, Бахтиёр Назаров, Сувон Мели, Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима кенгаши раҳбари Адҳамбек Алимбеков, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев, ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари Раҳматилла Баракаев, Зулхумор Мирзаева иштирок этиб, ­мавзуга доир фикр-мулоҳазалари, таклиф ва истакларини билдирдилар.

Муҳаммад Али: — Адабий ­алоқалар адабий-ижодий муносабатларнинг ўзига хос йўналиши сифатида қадимдан мамлакатлар, халқлар ва буюк ижодкорларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамфикрлигини таъминловчи омил бўлиб келган.

Бугунги кунда жуғрофий жиҳатдан Хитойдан тортиб Жануби-Шарқий Европагача, узоқ шимолий давлатлардан Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудларигача тарқалиб кетган туркийгўй халқларнинг, хусусан, ўзбек халқининг тарихи, маданияти, маънавияти, ҳатто мумтоз мусиқасини ҳам ўрганишга Ғарбий Европа мамлакатларида қизиқиш бениҳоя кучли. Кўп марта хорижий сафарларда бориб бунга амин бўлганман.

Бугунги кунда адабий алоқалар орқали бой адабиётимиз, жумладан, мустақиллик йилларидаги ижод намуналарини дунё халқлари тилларига таржима қилиш долзарб вазифалардан саналади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Халқаро алоқалар ва бадиий таржима кенгашининг фаолият уфқлари жуда кенг. Кенгаш аъзолари томонидан қўлёзмалар муҳокамаси мунтазам ўтказиб бориляпти. “Ўзбек ҳикоялари антологияси” ­(корейс тилида) нашрга топширилди.

Тошкeнт давлат шарқшунослик институтида Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асари хитой тилига таржима қилинди. “ХХ аср ўзбек ҳикояларидан намуналар” корейс тилига, уч китобдан иборат “Ўзбек адабиётининг танланган асарлари” турк тилига, “Ўзбек халқ ­эртаклари” (таржимон: Жасур ­Зиёмуҳаммедов) хитой тилига ўгирилди. Ўзбек адибларининг “Река души моей” тўплами (таржимон: Саодат ­Комилова) рус тилига таржима ­қилиниб нашр этилди. Шунингдек, “Мумтоз ­корейс насри намуналари хрестоматияси” ўзбек тилида чоп этилди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда ­Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Тўлқин Ҳайитнинг “Вафо ­маликаси” асарлари инглиз тилига таржима қилинди.

Адабий алоқалар ва бадиий таржима борасида Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети сингари етакчи илм даргоҳларида давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланди. “Дўрмон” ижод уйида ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” семинарида кенгаш аъзолари мунтазам иштирок этиб, суҳбатлар уюштиришади.

Абдулла Қодирий таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб буюк адибимизнинг “Ўткан кунлар” романи Германияда қайта нашр этилаётгани, профессор Ингеборг Балдауф эса “Меҳробдан чаён” романини немис тилига таржима қилишга киришгани, албатта, адабий ҳамкорликка оид қувончли янгиликлар сирасидан.

Айни вақтда Алишер Навоий асарларини хорижий тилларга таржима қилиш лойиҳаси устида иш олиб ­борилмоқда.

Менингча, бугунги кунда адабий алоқаларнинг адабий ҳафталиклар, адабиёт ва санъат ўн кунлиги, учрашувлар сингари шаклларини янада жонлантириш фурсати келди. Истиқлол бизга ана шундай буюк имкониятларни яратди. Шу боисдан ҳам йигирма йилдан ортиқ вақт давомида юртимизда барча соҳаларда, жумладан, миллий адабиётимизда ҳам сезиларли янгиликлар рўй берди. Бу ижодий юксалиш меваларини бутун жаҳонга фахр билан намойиш этиш имкони ўз қўлимизда.

Наим Каримов: — Қайси бир миллий адабиётнинг шаклланиш ва тараққиёт йўлига назар ташласангиз, унинг ривожланишида адабий алоқалар ва адабий таъсирнинг муҳим аҳамият касб этганини кўрасиз. Бинобарин, адабий алоқалар бардавомлиги бугунги кунда ҳам миллий адабиётимизнинг тараққий этишига ёрдам берувчи омил бўлиб қолади.

Мазкур давра суҳбати мавзуси “Адабий алоқалар янги босқичда” деб номланиши бежиз эмас. Сўнгги ўнйилликда ушбу алоқаларнинг шакл ва турлари ранг-баранглигини инобатга олсак, муносиб воқеалар, албатта, бор.

Бугун биз ўзбек адабиётини жаҳон адабий жараёнининг ажралмас ва таркибий қисми сифатида тасаввур этамиз. Адабиётшуносларнинг тафаккуридаги бу ўзгариш биздан ҳозирги ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти контекстида тадқиқ этишни, бунинг учун эса ўзбек-хорижий адабий алоқаларини янги ва юксак босқичга кўтаришни тақозо этади. Бу мураккаб ва шарафли вазифани адо этиш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ҳам, Тил ва адабиёт ­институтида ҳам адабий алоқалар ва адабий ҳамкорлик шўъба ҳамда бўлимлари фаолиятини жонлантириш талаб этилади. Уюшма қошидаги “Ижод” фонди ҳам бу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшса нур ­устига нур бўларди.

Ҳозирги ўзбек адабиётининг кўрки бўлган асарларни бошқа тилларга, хорижий халқлар адабиётининг мумтоз намуналарини эса ўзбек тилига таржима қилиш, бир томондан, миллий адабиётимизга янги адабий ҳавонинг кириб келишига, янги бадиий-услубий изланишларнинг ғунча очишига имкон берса, иккинчи томондан, халқларнинг ўзаро яқинлашуви, бинобарин, нотинч дунёда тинчлик-тотувлик, меҳр ва муҳаббат қалдирғочларининг парвоз қилишига шароит ­яратади.

Бахтиёр Назаров: — Адабий алоқаларга адабиёт илмида ижодий жараённинг муҳим қонуниятларидан бири, ҳар бир миллий адабиёт тараққиётига таъсир кўрсатувчи етакчи омил сифатида қаралса-да, у бадиий адабиёт масалаларидан кўра кенгроқ моҳиятни қамраб олади. Унинг дунёқараш, миллат, маънавият, маданият, жамият равнақига ­таъсир кўрсата оладиган қирралари бисёр.

Мустақиллик даврида адабий алоқаларнинг ўзини ҳам, бу масалани (адабий таъсир, таржима муаммолари билан узвий боғлиқликда, албатта) тадқиқ этишни ҳам тамомила янгича йўлга қўймоғимиз ва янги ­босқичга олиб чиқмоғимиз ­зарур.

Хўш, улар нималардан иборат?

Адабий алоқа фақат борди-келди ва тадбирларда иштирок этишдангина иборат эмас. Адабий алоқага, энг аввало, адабиётимизнинг бадиий теранлигига фаол таъсир кўрсатадиган, уни халқаро миқёсларга кўтариш ва жаҳон адабиёти контекстида ўз ўрнини эгаллашида муҳим аҳамият касб этадиган, миллий ғояларимизни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, ижтимоий, маданий-маърифий равнақимизнинг муҳим белгиларини кўрсатиб, комил шахс йўналишидаги инсонни тарбиялаш иши билан мустаҳкам боғланган жараён сифатида қарашимиз лозим.

Шу ўринда адабий алоқаларнинг энг муҳим омилларидан бири — таржима масаласига қисқача тўхталиб ўтсам. Жаҳон адабиётини ўзбек тилига таржима қилиш масаласида биз жаҳон халқлари ичида илғорлардан биримиз. Лекин асарларимизни жаҳон тилларига, ҳатто унинг етакчи ­айрим тилларига ўгириш борасида сустмиз. Нега? Шунга муносиб асарларимиз йўқми? Бор. Бу борада айрим ишлар қилиняпти ҳам. Бироқ жуда суст равишда.

Тўғри, таржима ишида, асарларимиз қайси тилга ўгирилса, шу ­халқнинг адабий-бадиий тилини мукаммал билувчи мутахассис асосий рол ўйнайди, албатта. Бу ҳақда бошқача фикр бўлиши мумкин эмас. Бироқ қачон ана шундай мутаржимлар топилиб, бизнинг асарларимизни таржима қилишга киришади, деб кутиб ўтириш ёхуд уларни бу ишга жалб этиш, тарих кўрсатишича, узоқ муддатли, секин ­кечадиган жараёндир.

Биз бу борада ўз таржимонларимизни, ҳеч бўлмаганда, ўша хорижий мутаржимлар билан бақамти ишлайдиган ўз таржимонларимизни, уларнинг махсус мактабини ташкил этиш устида астойдил қайғурмас эканмиз, ишимиз аввалгидек бир жойда тураверади.

Сувон Мели: — Адабий алоқалар маданий алоқаларнинг таркибий қисми сифатида ижтимоий ҳаётимизда мавжуд сиёсий, иқтисодий ва бошқа алоқалар билан бир қаторда турувчи, инсон ва халқ маънавиятига дохиллиги боис инсон онг-тафаккури ва қалбига таъсир этувчи куч, омил сифатида ҳатто улардан муҳимроқ.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» китобида ёзганидек, «…дунё адабиётининг энг яхши намуналарини таржима қилиш, чоп этиш, ўрганиш билан боғлиқ тажрибалар, чет эл ёзувчилари билан алоқаларни янада ривожлантириш масаласига бугун етарлича аҳамият бермаяпмиз. Ҳолбуки,биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак».

Адабий алоқалар бир ёзувчи ижодининг бир ёзувчи ижодига самарали таъсири, икки асар орасидаги бадиий-ғоявий робиталар каби муштарак жиҳатларни ҳам қамраб олади. Типологик муштаракликлар излаш самарадорлиги шунда кўринадики, қиёсий аспектда бир-бирига ойна қилиб қўйилган асар ва образларнинг аввал кўрилмаган, кўзга ташланмаган қирралари бўртиб намоён бўлиши кузатилади. Мен шу йилги анъанавий навоийшунослик анжуманида “Фарҳод ва Фауст ­(образ типологиясига доир)” мавзусида маъруза қилдим. Табиийки, бунда “Фарҳод ва Ширин” достони ҳамда ­Гётенинг “Фауст” трагедияси типологик қиёсланди. Тадқиқот жараёнида ҳар икки асарнинг айрим жиҳатлари, айниқса, хотима қисми шўро даврида нотўғри талқин этилгани, бундаги буюк маънодан кўз юмиш, кўриб кўрмасликка олиш ёки унинг моҳиятини пасайтириш ҳоллари ҳар қадамда учраши маълум бўлди. Бир сўз билан айтганда, ­талқиндан илоҳий қатлам мутлақо олиб ташланган. Ваҳоланки, ­“Фарҳод ва Ширин” ҳам, “Фауст” ҳам илоҳий-ирфоний бадиий ечим билан якун топади, ушбу ечимларсиз икки буюк асар салкам ярим кучидан ­мосуво бўлади.

Гап шундаки, малаклар шайтон исканжасидан қутулган Фауст ­руҳини олиб Арши аълога кўтарилиши, Навоий достони хотимасида ­Фарҳод ва Ширин жаннатда нурдан ясалган тахтда тасвирланиши ҳар икки буюк асарнинг яхлит маъно-моҳияти учун ниҳоятда муҳим.

Адҳамбек Алимбеков: — Маънавий бойлигимиз ўзга халқлар адабиёти, маданияти, санъати билан таниша борганимиз сари юксалади. Бу борада эса бадиий таржиманинг ўрни беқиёс. Ўзбек китобхонлари дунё адабиёти дурдоналаридан кўплаб намуналарни она тилида ўқимоқдалар. Бугунги кунда таржимонларимиз олдида турган долзарб вазифалардан бири ўзбек адабиётининг яхши намуналарини жаҳон китобхонларига етказишдир.

Давр талабидан келиб чиқиб, ­Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти намуналарини хорижий тилларга таржима қилишга муҳим вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда. Аввало, хорижий тиллар ўқитиладиган бир қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, бу илм масканларида таржима кенгашининг шўъбалари очилди. Кейинги икки йилда “ХХ аср ўзбек шеъриятидан намуналар” корейс тилида (таржимонлар: Ким Се Хек, Ш.Қосимова), “Қалбим сизга интилади” тўплами инглиз тилида (таржимон: Б.Холбекова), Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоялар тўплами немис тилида (таржимон: О. Остонов), “Ўзбек халқ эртаклари” немис тилида (таржимон: З.Акромхонов) нашр этилди.

Ёш таржимонларни малакавий тарбиялашда устоз таржимонларга бириктириш, амалий семинарлар ўтказиш яхши самара бераётир. Самарқанд давлат чет тиллари ­институти билан ҳамкорликда ўтказилган “Бадиий таржиманинг лингвопоэтик муаммолари” мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани бу соҳадаги муҳим ишлардан бири бўлди, десак адашмаймиз. Анжуман материаллари ва “Ёш таржимонлар алманахи” алоҳида китоб ҳолида нашр этилди. Аммо буларнинг барчаси қилиниши керак бўлган ишларнинг дебочасидир. Миллий маданиятимизни, адабиётимизни дунёга танитишга ҳисса қўшиш ҳар бир зиёлининг муқаддас бурчидир. Адабиётимиз намуналарини хориждан келиб ўрганишса, таржималар қилишса нур устига нур. Аммо ўзимиз ҳам қўл қовуштириб ўтирмайлик. Адабиётимизни жаҳонга танитишда ўзимиз ташаббусни қўлга олишимиз керак.

Шуҳрат Ризаев: — Адабий алоқа ҳар қандай адабиётнинг ривожи учун ниҳоятда зарур омиллардан. Адабий маҳдудлик ва бадиий тафаккурнинг биқиқ ҳолга тушиб қолиши, аввало, бошқа адабиётларни ўрганмаслик, ўз адабиётига танқидий назар билан қарай билмаслик, қиёслаш, солиштириш имкониятидан маҳрумлик ҳисобига рўй беради. Шу маънода узоқ ва яқин хориждаги барча адабий ҳодисаларни ўрганиб бориш, бадиий янгиликлардан бохабарлик, мутолаа ва ижодий алоқаларга киришиш муайян ­халққа мансуб ҳар қандай адабий ­жараённи профессионал жиҳатдан озиқлантириш демакдир.

Ўзбекистонда мустақиллик даврида адабий алоқа ва таржима масалаларига давлат миқёсида эътибор берилиб, кенг имкониятлар яратилмоқдаки, буни ҳеч муболағасиз адабий алоқаларнинг янги босқичи деб атасак ­янглишмаймиз. Бу йўналишдаги энг муҳим амалий ишлардан бири ­Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ­Халқаро алоқалар ва бадиий таржима кенгашининг ташкил этилиб, “Ижод” фонди маблағлари асосида истиқболли режалар белгиланаётганидир.

Албатта, адабий алоқа фақат адабий-бадиий таржима билан белгиланмайди. Жонли адабий алоқа, борди-келди муносабатлар, халқаро адабий анжуманлар, ижодий саналарнинг нишонланиши билан боғлиқ тадбирлар адабий алоқа тушунчасини тўлдиради. Агар булар ёнига адабий таъсирларнинг илмий ­тадқиқи ҳам қўшилса, тушунча яхлитлик касб этади. Афсуски, таржима борасидаги ҳаракатлар анчайин қониқарли кечаётгани ҳолда, жонли адабий алоқа ва таъсирлар тадқиқи бўйича қилинаётган ишлар кўнгилдагидек эмас. Масалан, ўзбек китобхонлари япон, корейс, айниқса, хитой шеърияти, прозасининг энг қадимги намуналаридан тортиб, ХХ аср сўнгги чорагигача бўлган изланиш, тараққиёт хусусиятларини тасаввур эта олиш даражасидаги таржима асарларидан хабардор. Лекин кейинги чорак асрдан ортиқроқ давомийликдаги адабиёти, ёзувчи, шоир ва мунаққидлари фаолияти, умуман, улардаги мавжуд адабий жараёндан қанчалик бохабар? Бизнинг улар билан қандай умумий ва ўзаро ўрганадиган жиҳатларимиз мавжуд? Уларнинг энг сўнгги адабиёти намуналари билан бизнинг Истиқлол даври адабиётимиздан қайси асарларни таржима қилиб, маънавий алоқаларни ўрнатиш мумкин? Мана шу каби масалалар ўзаро борди-келди алоқалар орқали амалий ижросини топса, кўплаб адабий-бадиий лойи-­ ҳа­­лар­га йўл очилса, ўз навбатида ­халқларимизнинг яқинлашувига муҳим ҳисса бўлиб қўшиларди. Мамлакатларимиз ўртасида ­сиёсий ва иқтисодий алоқалар ҳавас қиларлик даражада юксалиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон ва ­Хитой адабий ҳамкорлиги, алоқалари ҳам янада мустаҳкамланса, ҳар жиҳатдан ­мақбул иш бўлар эди. Қолаверса, бизни Хитой маданияти, жумладан, адабиётининг ўтмиши ва бугуни ­билан боғлайдиган нуқталар кўп.

Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институтида адабий алоқаларни тадқиқ этишга йўналтирилган махсус бўлим ва мутахассислар бор. Улар баҳоли қудрат ишлашяпти. Илмий ишланмалар учун зарур ўринларда буюртмалар бериш имконияти адабий алоқаларни ўрганиш, ­тадқиқ этиш масаласида ҳам жуда яхши самаралар бериши, бу борадаги ўзига хос ҳаракат дастури, адабий-ташкилий тактика ва стратегияни белгилаб олиш учун қўл келиши аниқ. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» фонди орқали шундай амалиётга ҳам ­дастлабки тажриба сифатида урнаб кўрилса, фойдадан холи бўлмас эди. Аксинча, адабий алоқа ва таъсирларнинг таржима, амалий муносабатлар ва илмий тадқиқот сифатидаги барча таркибий йўналишларини бир маромда ҳаракатга солиш, ривожлантириш учун яна бир самарали жиддий қадам бўлар эди.

Раҳматилла Баракаев: — 2011 йилнинг 11-12 октябрида Озарбойжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида Туркий халқлар болалар адабиёти 2-халқаро конгресси бўлиб ўтди. Унда иштирок этишга отланар эканман, озарбойжон адабиётининг машҳур ­намояндаларидан Шайх Имомиддин Насимий ва таниқли адиб Анорнинг 2011 йили ўзбек тилида чоп этилган икки китобини ҳам олиб бордим. Бизни Озарбойжон телевидениесининг 1-каналига давра суҳбатига таклиф этишди. Албатта, суҳбатнинг асосий қисми миллий болалар адабиётларининг бугунги кундаги аҳволи ҳақида бўлди. Давра суҳбатини олиб бораётган тележурналист кутилмаганда менга: «Озарбойжон — ўзбек адабий алоқаларининг бугунги кундаги аҳволи ҳақида нима дея оласиз?» деб савол бериб қолди. Ҳалиги икки китоб ёнимда эди, уларни кўрсатиб: «Озарбойжон — ўзбек адабий алоқалари ҳеч қачон тўхтаб қолган эмас. Озарбойжон мумтоз ва замонавий адабиётларининг етакчи икки намояндаси китоби шу йил ўзбек тилига таржима қилиниб, чоп этилганлиги ҳам фикримни тасдиқлайди», дедим. Озарбойжонлик дўстларимиз дарҳол иккала китобни телеэкранда намойиш қилиб, миннатдорлик ­билдирдилар.

Бу, аслида, кичик бир мисол. Зеро, адабий алоқалар у ёки бу ­тарзда ­изчил давом этиб борадиган ҳодиса.

Яна бир мисол. Бундан икки-уч йил аввал ижодкорлар ва санъаткорлар билан ҳамкорликда вилоятларда ўтказилган учрашувларда иштирок этдик. Учрашувда қатнашган бир ижодкор: «Менинг асарларим инглиз тилига таржима қилиниб, Ҳиндистонда нашр қилинган», деб бир неча китобни кўрсатди. Унинг ўзбек адабиёти қиёфасини хорижда намойиш қиладиган даражадаги ижодкор эканлигини билмаслигимни «тан олишим»га тўғри келди. Бироқ учрашувда ўқиган шеърларини эшитиб, ­наҳотки шу шеърларни ҳиндлар ўзбек адабиётининг юксак намуналари сифатида қабул қилган бўлса, деб ўйланиб қолдим…

Назаримда, Ёзувчилар уюшмаси адабиётимизнинг том маънодаги қиёфасини белгилайдиган намуналарининг жаҳон тилларига таржимасини ўз қўлига олиши, бу борада хорижий мамлакатлар ёзувчилари билан изчил адабий алоқаларни йўлга қўйиши керак бўлади.

Ўзбек мумтоз адабиёти ва халқ оғзаки ижоди намуналарини бошқа тилларга таржима қилишда муайян илмий марказларнинг кўп йиллардан буён давом этиб келаётган илмий-адабий ҳамкорликлари етакчи ўрин тутади. Жумладан, Россиянинг эътиборли илмий нашрларида ўзбек халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётининг бир неча намуналари «Классика литератур стран содружества независимых государств. Фольклор и литературные памятники стран СНГ» сериясида «Смятения праведных» (2009), «Наука на небо ведет…» (2010), «Аромат расцветающих роз» (2011) номлари билан инглиз ва рус тилларида чоп этилган бўлса, «Ўзбек халқ достонлари» сериясида «Эрали ва Шерали» (2009), «Хушкелди. Балогардон» (2011) достонлари Анқара(Туркия)да ўзбек ва турк тилларида, 2013 йилда Алмати(Қозоғистон)да ўзбек, турк ва қозоқ тилларида ўзбек халқ оғзаки ижоди ва мумтоз адабиёти намуналарини қамраб олган «Туркий тарбия бўстони» номли антология нашр қилинганлиги фикримиз ­далилидир.

Таъкидлаш керакки, истиқлол шарофати билан ўзбек халқ оғзаки ижоди, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти намуналарини хорижий мамлакатларда тарғиб ва ташвиқ қилиш борасида жиддий ютуқларга эришилди. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти илмий ходимлари биргина 2013 йилнинг ўзида Шарқда Корея ва Хитойдан Эронгача, Ғарбда Германия, Руминия, Польшадан Америка Қўшма Штатларигача бўлган ўнлаб мамлакатларнинг эътиборли илмий журналларида 40 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилдилар, жаҳоннинг 10 дан ортиқ мамлакатида бўлиб ўтган 20 дан ортиқ халқаро илмий анжуманларда илмий маърузалар билан иштирок этдилар. Бироқ буларнинг барчаси, аслида, томчидан зарра бўлиб, қилинган ишлардан кўра қилинадиганлари кўпроқ.

Зулхумор Мирзаева: — Бугунга келиб ижодий ҳамкорлик бошқа соҳалар қаторида янги босқичга қадам қўйди. Бу босқич таракқиётида, айниқса, бадиий таржима, ижодий таъсир муҳим аҳамият касб этмоқда. Устоз таржимонлар қаторидан тилни яхши биладиган ёш мутахассислар ҳам жой олди. Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини аслиятдан таржима қилиш жараёнлари бошланди. Бу каби таржималар таъсир ҳодисасини юзага келтириб, адабий жараённинг ривожланишида, ўзбек ижодкорларининг жаҳоний тафаккур тарзи шаклланишида, ўзбек адабиёти бағрида жаҳон сўз санъатига ҳамнафас, янгича йўналишдаги асарларнинг яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Замонавий ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари ривожланган мамлакатлар тилларига таржима қилингани ва бу жараён қизғин давом ­этаётганлигини эътироф этиш жоиз. ­Лекин таржима вариантлари ­Ўзбекистоннинг ўзида нашр қилиниши уларнинг кўп сонли хорижлик китобхонлар қўлига етиб бориш имкониятларини чеклаб қўймоқда. Назаримда, катта куч, вақт, маҳорат, билим ва тажриба асосида яратилаётган бу каби таржималар имкон қадар чет эл нашриётларида чоп этилса, уларнинг мухлислари бир неча баробарга кўпайиши, кўпсонли китобхонлар орасида муваффақият қозониши мумкин. Миллат адабиёти бағрида таржима қилишга арзийдиган, жаҳоннинг нуфузли кутубхоналаридан ўрин эгаллашга ҳақли, чет элда ҳам ўзининг кўп сонли китобхонларини топа оладиган бадиий асарлар талайгина.

Юртимизда Истиқлол шабадалари эсган йиллардан бошлаб жаҳон адабий илми, хусусан, хориждаги ўзбек адабиётшунослиги тарихида ҳам янги босқичга қадам қўйилиб, эски авлод ўзбекшунослари эстетик тафаккурида янгиланиш жараёнлари бошланган. Кейинги босқичда яратилган ­тадқиқотларда аввалги ­сиёсий-ғоявий таҳлил усулининг сусайганини ва соф адабиётшунослик мезонлари нуқтаи назаридан чуқур ва атрофлича таҳлил тамойилларини кўриш мумкин. Хориж ўзбек адабиётшунослигига Гарри Дик, Роберта Мария, Лион Шоун, Аҳмет Оғир, Рейчел Ҳаррел, Марк Рис, Жексон Келлог, Кристофор Форт каби тилни яхши биладиган, миллий манбаларни бемалол ўқиб, адабиётнинг эстетик тушунчалар моҳиятини теран тушуна оладиган мутахассислар кириб келди. Улар мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти вакиллари ижодини жаҳон адабиётшунослиги назариялари асосида таҳлил этганлар. Жумладан, Роберта Мария XX аср ўзбек адабиётини яхлит йўналишда ижтимоий-ғоявий, бадиий-эстетик синкретизм нуқтаи назаридан монографик планда ўрганган. Тадқиқот доирасида таҳлилга жалб этилган бадиий асар намуналари тарихий аспектда адабиётшунослик нуқтаи назаридан структурал тадқиқ усули воситасида амалга оширилган. Олима тадқиқотида 1890 ва 1996 йиллар оралиғидаги адабий жараённинг хронологик эволюцияси акс этган бўлиб, ҳар бир даврга хос сиёсий-ижтимоий, адабий жараёнларнинг ижодкорлар фаолиятига таъсири, давр воқеалари бадиий асарда акс этганлик даражаси таҳлил қилинади. Ватанпарварлик, миллатпарварлик ғояларининг эволюцион босқичлари муайян ­даврдаги адабий жанрлар, бадиий образлар, уларга юклатилган маъно-моҳият асосида белгиланган.

Хориждаги ўзбек адабиётшунослигининг энг ёш вакилларидан бири ­Индиана университети магистранти Жексон Келлог эса «Ўткан кунлар» романини тарихий аспектда, ­манбашунослик нуқтаи назаридан ўрганган.

Бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин, аммо бир суҳбат доирасида ушбу йўналишдаги тадқиқотларнинг барчасига тавсиф бериш ёки тадқиқ этиш имконсиз. Маълум бўляптики, юқоридаги таҳлиллар биргина Америка олимлари мисолида кузатилмоқда. Энди бу жараённи жаҳон ўзбекшунослиги мисолида тасаввур қилиб кўринг! Унинг қамровидаги барча маъно қатламлари турли хил қарашлар, муносабатлар, турфа дунёқарашга эга олимлар тафаккури воситасида кашф қилинади. Ўз дунёқарашини ғоявий курашлар таъсиридан ­поклашни уддалаган, янгиланган давр эстетик меъёрлари, плюралистик тафаккур ҳамда муроса фалсафасига қурган янги авлод хориж олимлари яратаётган тадқиқотлар миллий манбаларни бойитишда муҳим аҳамият касб этади. Бу каби изланишлар ўзбек адабиётшунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшажагига, келажакда миллий танқидчилик йўналишидаги алоқалар ҳам ривожланиб, унинг жаҳоний ­миқёс касб этишига умид уйғотади.

Давра суҳбатини Аҳмад Отабоев тайёрлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 13-сон