Иван Бунин. Қисқа ҳикоялар

ҚОТИЛ

Замоскворечьедаги болохонали оддий ёғоч уй. Ойналари топ-тоза, ромлар аъло сифатли кўкиштоб рангга бўялган. Атрофи оломонга тўла, рўпарада енгил давлат автомобили турарди. Кираверишдаги ланг очиқ эшикдан тепадаги қизил ҳошияли кўкимтир гиламча кўриниб турибди. Ичи қизиган оломон ўша томондан кўзини узмасди, шу топ ёқимли овоз эшитилди:
– Ҳа, азизларим, ўлдирибди! Бева ёш, бадавлат савдогарлар авлодидан… Айтишларича, йигитни ўлгудек яхши кўрган. Йигит бўлса фақат унинг пулларига яшаб, тўғри келган билан кўнглини хушлаб юраверган. Охири жонидан тўйган қиз видолашиш ниятида уни ҳузурига чақирган, едириб-ичириб роса меҳмон қилган, сўнг: “Кел, сенга тўйиб қараб олай” деган-да, кайфи тарақ эркакнинг юрагига пичоқ санчган…
Болохонанинг деразаси очилиб, қандайдир оқ қўлқопли қўл автомобилга ишора қилди. Машина ўт олди, оломон тисарилиб унга йўл берди. Мана, дастлаб унинг келишган оёқлари, сўнг сувсар ёпинчиғининг этаги кўринди, сўнг бутун кийим-боши билан черковга, худди никоҳдан ўтишга отлангандек, ўзи шошмасдан, оҳиста зинапоядан тушиб кела бошлади. Бадани сутдай оқ, қош-кўзлари қора, бошида ҳеч нимаси йўқ, ўртасидан тўғри фарқ очилган сочлари силлиқ таралган, қулоқларида эса узун зирак силкиниб турарди. Юзи хотиржам, тиниқ, лаблари эса барчага мулойим табассум улашарди… Аёл машинага ўтирди, орқасидан қолган маъмурлар ҳам ўтиришди ва шинели гавдасига ярашиб турган киши текинтомошачиларга жиддий ва норози кайфиятда қараб қўйди; эшик қарсиллаб ёпилди ва машина жойидан қўзғалди…
Орқадан қараб қолганларнинг бари завқланиб:
– Эҳ, ҳеч нима бўлмагандай жўнаб қолишди-я! – дейишди бир овоздан.

ОДАМХЎР

Қашшоқ, етимча қиз, ўзи ўта ёқимтой ва жуда ювош, деярли эси паст. Бой хонадон уни ишга олди ва зиммасига энг ифлос ва энг кўп куч талаб этадиган юмушларни юклади – у қанча қийналса ҳам миқ этмай, жимгина ишлар, нима бўлса ҳам уларга ёқишга уринарди. Оқсоқол, яъни қўрғоннинг каттаси, истеъфодаги ҳарбий фурсатни қўлдан бермай, қизнинг номусини булғаб қўйди. Қизгина болаларча қайсарлик билан қаттиқ қаршилик кўрсатди-ю, барибир таслим бўлишдан ўзга чораси қолмаганди. Бир ойдан сўнг унинг ҳомиладор экани маълум бўлди ва бундан барча хабар топди. Оқсоқолнинг хотини қилди қиёмат, қилди қиёмат… ва бой хотин қизни зудлик билан ишдан ҳайдаш пайига тушди. Ноилож қолган қиз зор-зор йиғлаганча лаш-лушларини наридан-бери халтага жойлади-да, бу хонадондан бош олиб чиқиб кетди. Оқсоқолнинг хотини қаролхона остонасида туриб, қувончини ичига сиғдиролмай телбаларча рақс тушар, ҳуштак чалиб, итни қизга “ол-киш”лар, мис тоғорани суяк билан уриб, ҳар хил овозда:
– Қанжиқ! Тиланчи! Қашшоқ! Ялмоғиз! Жодугар! Одамхўр! – деб қичқирар эди.

КЎЗ ЁШЛАР

Тиланчи кампир бой хонадон дарвозаси ёнида пайдо бўлди. Эгнида кампирларга хос жулдур кийим, қоқсуяк оёқларида кампирларга хос осилиб-солиниб ётган пайпоқ, мунгли кўзлар…
Унга эллик тийин тутқаздим-да, гапга солдим:
– Мана, бувижон, сизнинг бормаган ерингиз, кирмаган эшигингиз йўқ, – ҳаётда анча-мунча нарсаларни кўриб қўйдингиз-ов?
Кампир кўзларидан аччиқ кўз ёши тўкиб деди:
– Бошқа нима ҳам қилардим, отахон, қўлимдан бошқа нима ҳам келарди!
Чала, пала-партиш олинган сочи оппоқ оқариб битган, эгнида хотинларнинг ялангқават кўйлаги, елкасига халта осиб олган Ваня овсар ўтлоқдан оқсаб-тўқсаб аранг қадам босиб боради:
– Омонмисан, Ваня! Аҳволлар қалай?
Ваня сўлагини оқизганча хурсанд оҳангда:
– Тупроқдан ташқари – шунга ҳам шукур… – деб жавоб берди дув тўкилган кўз ёшларини артиб.

САРМОЯ

Тақирбош, юзи қип-қизил, мешқорин, учар квасфуруш бутун ярмаркани бошига кўтариб:
– Кеп қол, мана квас, бурнинг ачишмаса ҳисобмас! Кеп қол, кўпириб-тошган квасдан оп қол! – дея бақирарди.
Иссиқ телпагини боши орқасига суриб, қўлтиғига катта нонни қистириб олган сариқмашак рус деҳқони бурун катакларини шиширганча, ҳар замон-ҳар замонда нондан узиб оғзига солар ва уни чайнаганча оломон ичидан ўтиб борарди.
– Квас қанчадан? – сўради у бошини баланд кўтариб.
– Бургутлигидан чўзсанг бир шиша, бўлмаса икки тийинга бир пиёла.
– Ярим тийинга-чи, қуясанми?
– Ўша ярим тийинингга чумчуқнинг тезагини ҳам олиб бўпсан.
Эркак чайналганча ўйланиб қолди. Сўнг хўрсинди-да, жиддий оҳангда деди:
– Ҳе-йўқ, икки тийинга қурбим етмайди. Бунақа сармоя ҳозирча менда топилмайди.

ДУМЛИ ЮЛДУЗ

Бойларнинг уйидагилар ҳам, қишлоқдагилар ҳам думли юлдузга ўхшаш нимадир келаётганига анча вақтгача ишонишмади: “Улар фақат қадим замонлардагина бўлган!” Ва ниҳоят бир куни тунда, шимолий уфқ томонда, карета турадиган саройнинг орқасида бирдан думли юлдуз кўриниб қолди – унинг ялтироқ думи бир томонга хиёл қийшайиб турарди. Хўжайинлар уни соябонли пиллапояда туриб кузатишди. Улар хизматкорлар хонасининг остонасидан туриб ҳам ундан кўзларини узишмай, чўқинишди. Эртасига оқсоқол зодагонлар уйининг томига чиқди-да, чордоқ ойнасига тахта қоқиб беркитиб ташлади. Тақир-туқурни эшитган уй эгалари чиқиб:
– Оқсоқол! Нима гап, у ерда нима қиляпсиз? – деб сўрашди.
– Нима қилардим, чордоқ ойнасини беркитяпман.
– Нимага?
– Нимага бўларди, думли юлдуздан ҳимояланиш учун-да.

ШАҚИРЛАГАН ҚОВУРҒА

– Ассалому алайкум, муҳтарам тўрам. Аҳволлар қалай дейсизми? Тупроқдан ташқарида юрганимга ҳам шукур. Пулнинг дардида бозорма-бозор, ярмаркама-ярмарка елиб-югуриб юрибман… Ахир ёш ҳам қирққа борди, – тилимни итдай осилтириб, чопиб юрганимга ишонманг. Бирдан-бир омадим бошпанамнинг борлиги, гарчи у кулба бўлса ҳам – баъзан оч-наҳор қолиб қайтганингда, ҳарҳолда ўз уйинг ўлан тўшагинг бор, ҳозир бағримни эзгудек ҳувиллаб ётган бўлса-да, Худо кўрсатмасин бундай кунни. Қишлоқдаги тирикчилик ўзингизга маълум; иссиқ, чак этган ёмғирнинг ўзи йўқ, кундуз кунларнинг-ку сира кети кўринмайди… Уйинг эса ютаман дейди: хотинни кўмдим, фарзандларимни кўмдим, бахтимга ҳозирча онам тирик. Бироқ охирги пайтлар у ҳам мени хавотирга соляпти: уйда оёғини зўрға судраб босади, кўз ҳам, қулоқ ҳам аранг ишлаяпти, бироқ шунга ҳам ишонч йўқ, идрок, диққат-эътибор ҳам ҳалигидай, ўзи озиб-тўзиб, бир сиқим бўлиб қолган – жағини боғлаб қўйсанг, тайёр ўлик. Қанақа аёл эди-я! Битта монастрнинг бекаси бўлишга арзигулик савлат ҳам, қадди-қомат ҳам бор эди. Энди куни битиб, шақирлаган қовурға қолган, холос.

БУВА

Мўйсафид, сочлари қалин, ҳурпайган, кун бўйи чеккани-чеккан.
Тонг саҳарда бир тортиб, ақлини пешлаб олмаса, гандираклаб, ўзига келолмайди.
Ғалати ҳам керак эмас, ундайлар бу ёруғ оламга, бола-чақа ва оилага (гарчи уни ота, бува деб чақиришса-да) бегона ва у кўз очиб-юмгунча дунёдан ўтади, бу манфаатпарастлар уясинию марказдан олис бу овлоқни тоабадга тарк этади ва ана ўшанда сен сўра, суриштир, сўзла, бу бангидевона бу ёруғ оламда ким учун яшадию нима учун яшади.
Нима бўлганда ҳам унинг бу дунёда ўз ўрни бор:
– Буважон, тушликка келинг! Угра шўрва совиб қолади!
– Сизлар менга қарамай бошлайверинглар… Мен сал кейинроқ…. менга қолгани ҳам бўлаверади…
Ўзининг эса тушликни кутавериб қорни пиёзнинг пўсти бўлиб кетган.
– Ота, сиз ҳеч бўлмаса иштонингизни алмаштириб олинг, ахир ич ки­йимларингиз тахланиб ётган бўлса!
– Бу гапингга беш кетса арзийди! Тахланиб ётганмиш! Бир парча бутун ери қолмагани қачонлар эди! Шундай бўлганда, авайлаб ўтирмасдим! Энди менга, келинжон, ҳеч ниманинг кераги йўқ. Худога шукур, яшадим, энди иззатим битди, фақат Худодан битта ўтинчим – тезроқ жонимни олса…
Ўзига қолса ўлгудай зиқна, бор-йўғининг ташвишини қилгани-қилган, бу дунёдан ҳам ҳеч умид узгиси йўқ ва умрнинг бир асрдан камига рози ҳам эмас.
Нимага?
Буни ўзи ҳам билмайди.
Бировнинг кўнглини биров билиб ўтирибдими! Ўзингникини билмайсан-ку!

АРАФА

Шаҳарда, вокзалга кетавериш. Извош дарё орқали тепалигу кўприкдан шитоб билан елиб борарди. Кўприк тагида, соҳилнинг саёз ерида, кўприк соябони остида йўловчиларга орқа ўгириб, ўзини ҳимоя қилгандек елкаларини кўтарганча бир ялангоёқ исқирт латта ичидаги аллақандай нишхўрдни титиб, очкўзлик билан ошалар эди. Орқада, ён томонида деҳқонларнинг ваҳимали этиклари осилиб турган шалоқ арава силкинганча, гумбурлаб, шамолдек елиб борарди. Ҳамма ери унга беланган тегирмончилар, бари девқомат ва бари сап-сариқ, бош-яланг, боғичлари ечиб ташланган қизил кўйлакда…
Сўнг иккинчи тоифа вагони. Ва рўпарамда давангидай, кирписоч, катаклари ёқимсиз керилган япасқи бурни устига тилла кўзойнак қўндириб олган қирқлар атрофидаги жаноб ўтирарди. Бир пайт мендан ҳазар қилгандек ҳамма бирдан ўрнидан турди, ҳеч бири менга қарамаётганди, улар токчадаги юкбоп жомадонларию жомадончаларини тартибга сола кетишди. Ўз ҳаётидан ва мустаҳкам обрў-эътиборидан мамнун, пишиқ-пухта ўзига ишонган жаноб…
Лекин ўн олтинчи йилнинг кузи аллақачон яқинлашиб қолганди.

Рус тилидан Дилдорхон Алиева таржимаси