Педро Мигель Облигадо (1892-1967)

Педро Мигель Облигадо (Pedro Miguel Obligado) — аргентиналик шоир, журналист ва олим. Адабиёт соҳасида Миллий мукофот совриндори. Облигадо мураккаб поэтик рамзлар воситасида кўнгилдаги нозик кечинмаларни изҳор этади. “Қўшиқлар ороли”(1931), “Маъюслик”(1943) каби шеърий тўпламлари машҳур.

ЁМҒИР ҲЕЧ НАРСА ДЕМАС

Тонг қўйнида беҳузур шаҳар.
Шитир-шитир,
ёмғир бошланар –
отаётган янги кун талвасада тўлғонар.
Намчил шаҳар ўз ҳолин билмай,
Туман ичра бағрин тиғлайди.
Ёмғир эса ҳеч нарса демай
унсиз йиғлайди.
Шалаббодан панага қочар одамлар,
Фалокатдан юз буриб гўё,
Ёпилади рўйхуш ойналар –
Бу ҳолни аллакимдир кузатмоқда бепарво…
Ўз-ўзидан ёмғир ҳам ҳориганга ўхшайди.
Тебранар ёввойиҳол атиргулнинг бутаси,
У ҳам бир сўз демайди,
яккаш унсиз йиғлайди.
Дарёларнинг бағридан йўлланган мактуб –
Томчилар-ла инграйди
тоза бир ўпич ила дил муножоти
бизни меҳр йўғрилган дийдорларга чорлайди.
Аммо ундан одамлар йироқлашганин сезиб,
Кўчаларда саргардон, юрак-бағрин тиғлайди,
Фарёд чекар, оқибат яна ҳеч нарса демай,
такрор унсиз йиғлайди.
Гўё ақлдан озган, бир ўжар телба каби,
Зулмат кезган маконда ҳаловатин топмайди,
Ўшал қадим қўшиқни инграниб ёдга олар,
Ҳар не бор азоб берар, сира кўниколмайди.
Тўйинган майсалар ҳам бир томчисин хоҳламас,
Ундан қочиб одамлар, яна пана истайди –
У эса бир сўз демас,
фақатгина йиғлайди.
Одамларнинг андуҳин, кўриб туриб у балким,
Кўз ёш тўкаётгандир.
Ёки оқшомги нозик эрмаги ёдга тушиб –
Бизни овунтирмоқ-чун қуйиб ёғаётгандир?
Ё инсонлар бу қадар бепарволигин кўриб,
Ёки ўз тақдиридан афсус чекаётгандир?
Хуллас, у ҳеч нарса демай
унсиз йиғлаётибди.
Руҳсиз кун узра тиниқ
тоза бир оҳанг
қанот қоқар, ёмғир-ла
таралади ҳамоҳанг.
Жодуланган овозлар ичра кумуш ранг шаҳар
сўқирдек тун бағрига сузиб бораётибди…
Ёмғир эса ҳеч нарса демай
унсиз йиғлаётибди.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаси