Улар қизалоқни ботқоқдан бошини чиқариб, кўзларини катта-катта очганича унсиз фарёд чекаётган ҳолда топишди. Унинг исми Асусена эди. (Уни Лили деб ҳам чақиришарди) Катта бефайз қабристон аллақачон тўлиб кетган, атрофни эса етимларнинг фарёди тутиб кетганди. Кичик қизалоқни яшаш учун қаттиқ тиришиб ҳаракат қилиши бу фожеанинг рамзи эди. Телекамералар қизчанинг бундай чидаб бўлмас тасвирини тез тез намойиш этишар, унинг кимлигини ва унинг исмини ҳеч ким эслай олмасди. Экранда ҳар зомонда унинг орқасида ўттиз йиллик фаолияти давомида ўз касбига содиқ, масъулиятли бўлган, тажрибали журналист Рольф Карлей кўринарди.
Дастлабки ер ости тебраниши пахта далаларида бўлиб, уларни кўпик тўлқинларига ўхшатиб қўйди. Геологлар бир неча ҳафта олдин сейсмографларни ўрнатишган ва тўғ яна уйғонишини билишарди. Шунинг учун улар вулқон отилиб иссиқ емирилиш содир бўлишини ва лава музларни эритиб фалокат юз беришини башорат қилишди лекин уларнинг бу огоҳлантиришларига ҳеч ким қулоқ солмади. Водийдаги шаҳарлар аҳолиси ҳеч нарсадан беҳабар то ўша даҳшатли ер қимирлаши ва улкан қор кўчкиси содир бўлиб, тошлар ва сув қишлоқлар устига ёпирилиб келиб уларни кўмиб юборган ноябр ойининг фожеали чоршанбасигача ўз кундалик юмушларини қилиб юришган эди. Тирик қолган одамлар даҳшатли манзарага гувоҳ бўлишди уларнинг кўз ўнгида уйлар, саройлар, меҳмонхоналар, черковлар, оппоқ пахта далалари, қоп-қора қаҳва ўрмонлари, чорва яйловлари – барчаси йўқ бўлиб кетди. Анча вақтдан кейин ҳарбийлар ва кўнгиллилар ёрдамга етиб келишди ва ҳалокат кенглигини таҳлил қилишга уринишди, улар ҳалокат натижасида йигирма минг одам ва бир неча юз минг ҳайвон лойга ботиб кетганини таҳмин қилишди. Ўрмонлар ва дарёлар ҳам супириб ташланган ва улардан асар ҳам қолмаганди бироқ улкан ботқоқли саҳро вужудга келганди.
Рольф Карлей Асусенани биринчи бўлиб топган ва уни қутқаришга уринаётган кўнгиллилар гуруҳини суратга олаётганди. Унинг камераси қизалоқнинг қорамтир юзи умидсиз кўзлари ва лойга беланган сочларини йирик планда кўрсатарди. Унинг атрофи балчиқ лой билан қопланган, кимдир уни тортиб олишга уринса қиз ботиб кетиши мумкин эди. Қутқарувчилар қизга арқон ташлашди, у эса улар то унга арқонни ушлашини бақириб айтмагунларича арқонни ушлашга ҳаракат қилмасди.Ниҳоят қиз ботқоқликдан қўлини чиқариб ҳаракатланишга уринди, аммо тезлик билан ботқоққа чўка бошлади. Буни кўрган Рольф сафар халтаси ва анжомларини отиб юборди ва ботқоқликни кечиб ўта бошлади.
“Исминг нима?” деб сўради у қиздан.
Қиз унга исмини айтди.
“Қимирлама, Асусена” деб Рольф секинлик билан қиз томонга юра бошлади.
Қизни яқиндан бориб қутқаришни имкони бўлмагач, Рольф ортга чекинди ва атрофни айланиб оёқ қўйса бўладиган қаттиқроқ ерни қидира бошлади. Ниҳоят у қизга яқин келишни уддасидан чиқди ва арқон билан қизнинг қўллари остидан боғлади, энди қизни тортиб олишлари мумкин эди. Рольф қизга қараб ёш боладек жилмайди ва унга ҳаммаси яхши бўлишини, у билан шу ердалигини ва уларни тез орада ташқарига олиб чиқишларини айтди. У қутқарувчиларга арқонни тортиш ҳақида ишора қилди, лекин арқонни тортишлари билан қиз қичқириб юборди. Қутқарувчилар яна бир марта уриниб кўришди, шунда қизалоқнинг елкаси ва қўллари кўринди. Лекин улар қизни бошқа қимирлата олишмади. У қопқонга тушиб қолганди. Кимдир қизнинг оёқлари уйининг қулаган деворлари орасига тиқилиб қолган деб таҳмин қилди лекин Асусена бу ғишт бўлаклари эмас, унинг оёқларига чирмашиб, ёпишиб олган укалари ва сингиллари эканлигини айтди.
“Ташвишланма сени албатта чиқариб оламиз” деб ваъда берди Рольф.
Асусена унга қаради бироқ ҳеч нарса демади.
Рольф Карлей соатлаб қизни қутқариш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. У қаттиқ курашди лекин қизни қутқариш даҳшатли азоб эди. У бир нечта усуллардан фойдаланиб кўрди лекин фойдаси бўлмади. У икки нафар аскарга у билан бирга қолиб, унга ёрдам беришларини сўради лекин улар кетишди. Чунки бошқа қурбонларга ҳам ёрдам кўрсатиш зарур эди. Қизалоқ гарчи қимирлай олмаса ҳам, зўрға нафас олаётган бўлса ҳам, умидсизликка тушмасдан тақдирга тан бермасди.
Рольф бир амаллаб қизнинг қўллари остидан маҳкам ушлади. Бироқ ҳаракатланишнинг имкони йўқ эди. Рольф ботқоққа шўнғиб қизнинг оёқларини топишга бир-икки марта уриниб кўрди, лекин буни ҳам фойдаси бўлмади. Рольф ратсия орқали сувни чиқариб ташловчи насос (помпа) сўради. Лекин унга транспорт йўқлигини, насос кейинги куни жўнатилиши мумкинлигини айтишди.
“Узоқ кута олмаймиз!” деб бақирди Рольф Карлей, аммо ҳеч ким ҳамдардликдан нарига ўтмасди. Ҳарбий доктор қизни текшириш учун келди ва унинг юраги яхши ишлаётганини, агар қаттиқ совуқ емаган бўлса шу тундан омон қолишини айтди.
“Бироз чида, Асусена,ертага насос келтиришади,” шундай деб Рольф Карлей қизни юпатишга уринди.
“Илтимос, мени ёлғиз ташлаб кетманг,” деб ёлворди қиз.
“Ҳа, албатта, ҳавотирланма ҳеч қачон сени ташлаб кетмайман.”
Қаҳва келтиришди ва Рольф қизга қаҳвани ичишга ёрдамлашди. Иссиқ ичимлик уни жонлантирди ва қиз Рольфга ўзининг кичкина ҳаёти,оиласи,мактаби ва вулқон отилишидан олдин содир бўлган кичик воқеалар ҳақида гапира бошлади. У ўн уч ёшда эди ва ҳеч қачон ўз қишлоғидан ташқарига чиқмаганди. Рольф тез орада ҳаммаси тугашини, насос келтиришларини ва сувни насос билан олиб ташлаб, ғиштларни суриб уни ҳалос этишларини ҳамда уни вертолётда касалхонага олиб боришларини, у ерда эса у тезда тузалиб кетишини ва унга совғалар олиб бориши ҳақидаги оптимистик гапларни айтиб қизнинг кўнглини кўтарарди.
Рольф бироз ўйланиб қолди, “Асусена аллақачон қўгирчоқ ўйнаш ёшидан ўтган, унга нима олиб борсам экан эҳтимол кўйлак олиб борарман. Аёллар ҳақида кўп нарса билмайман.” Гарчи у ҳаёти давомида кўплаб аёллар билан танишган бўлсада ҳеч бирига совға олиш ҳақида ўйламаган экан.Икки соат давомида у Асусенага ўзининг саёҳатлари ва саргузаштлари ҳақида гапириб берди. Вақт ўтгани сайин қизни мудроқ босиб келарди Рольф эса ҳали ҳам шу ерда эканлигига уни ишонтириш учун қоронғуда ҳам гапираверарди.
Узун тун бўлди.
Бир неча минг чақримдан туриб мен Рольф Карлей ва қизни теле экран орқали кузатиб бордим. Мен уйда жимгина ўтира олмадим ва одатда биз Рольф билан тунларни теледастур тайёрлаш билан ўтказадиган Миллий Телеканалга бордим. Мен барча муҳим шахслар, сенаторлар, армия қўмондонлари, Шимолий америкалик элчилар, Миллий Нефт Компанияси президентига қўнғироқ қилиб балчиқни тортадиган насос сўраб ялиндим бироқ қуруқ ваъдалардан бошқа нарсани олмадим. Радио ва телевидение орқали ҳам шошилинч ёрдам сўрадим.
Eрта тонги эфирда мен даҳшатли манзарани кўрдим, одамлар ва ҳайвонларнинг жасадлари эриган қор натижасида вужудга келган дарёлардан оқиб ўтарди. Дарахтлар тепасига ва черковларнинг қўнғироқхоналарига чиқиб олган одамлар эса нажот билан ёрдам кутишарди. Фуқаро Муҳофазасидан келган юзлаб аскарлар ва кўнгиллилар вайроналар орасидан тирик қолганларни излашарди. Радио тармоқлари етим қолган болаларга бошпана беришни хоҳловчилар қўнғироғига тўлиб кетганди. Озиқ-овқат ва ичимлик суви танқислиги бошланди. Докторлар қўл-оёқлари жароҳатланган одамларни наркозсиз оператсия қилишарди.Буйрократик ҳукумат эса фақат буйруқбозлик билан банд эди. Эпидемия тарқала бошлади.
Асусена ич-ичидан қалтираб кетарди. Қимирламай ётиш ва кескинлик уни анча ҳолдан тойдирган бўлсада ақли-ҳуши жойида эди. Рольф Карлейнинг эса соқоллари ўсиб кетган, ҳолдан тойганидан кўзлари киртайиб қолганди. У энди камерасини мутлақо унутганди. Бизга келган тасвирлар Рольфники эмас бошқа репортёрларники эди. Рольф қизни чиқариб олишга яна бир марта урининб кўрди. Лекин фақат қўли билан тўсиқларни олиб ташлашга уринди чунки асбоб ишлатса қизга жароҳат етказиб қўйишдан қўрқди.
Рольф Асусенага жўҳори қайласини берди лекин қиз уни қайтариб ташлади. Доктор уни иситмаси борлигини айтди, лекин антибиотиклар фақат қорасонга чалинганлар учун асраб қўйилганини таъкидлади. Руҳоний келиб қизнинг бўйнига бокиралик туморини осиб ибодат қила бошлади. Ёмғир майдалаб ёға бошлади.
“Осмон ҳам йиғлаяпти” деб Асусена ўзи ҳам йиғлаб юборди.
“Илтимос, қўрқма, кучингни асра. Ҳаммаси яхши бўлади. Мен сен биланман. Сўз бераман, қандай бўмасин сени бу ердан чиқариб оламан,” деб Рольф унга далда бўлди.
Репортёрлар қизни суратга олиш учун келишди ва ундан баъзи саволларни сўрашди. Айни вақтда кўплаб телеканаллар вакиллари ўзларининг камералари, овоз ёзиш аппаратлари, тасвирчилари ва бошқа асбоб-анжомлари билан шу ерда эди. Асусенанинг юзи бутун дунё бўйлаб миллионлаб экранларда намойиш этилди. Рольф эса ҳаммасидан насос сўраб илтимос қиларди.
Иккинчи куни қоронғу тушгач, Рольф Асусенага, у яхши ухлаши учун онасидан ўрганган қадимги Австрия халқ қўшиғини айтиб берди, бироқ қиз наридан бери ухлади. Ўша тунда Рольфнинг хотирасидан кўплаб ёмон хотиралар ўтди. У буларни ҳаммасини Асусенага айта олмасди. Ахир қизалоқ денгиз орти, Европада уруш йиллари нима бўлганини қаёқдан ҳам билсин. У қизалоққа руслар очликдан ўлиб кетган махбусларни ёқиб юбориш учун конслагерларга ташигани, тоғдек уюм бўлиб ётган ялонғоч жасадлар, тириклайин куйдирилган ва дорга осилган болалар ҳақида қандай қилиб айтиб бера оларди. Шунингдек кўз олдида онаси хўрланган ўша машъум тун ҳақида ҳам айтиб бера олмасди албатта. У айтиб бера олмайдиган кўп нарсалар бор эди. Рольф айни дамда бу нарсаларни ҳаёлидан ўчириб ташлашга уринди.
Рольф Асусенаниниг ёшида бўлган даврларини ёдга олди. Ёшлигида отаси уни бир чуқурга ташлаб камари билан роса қамчилаганди. Бир марта ўзини ёмон тутди деб ҳисоблаб отаси уни катта шкаф ичига қамаб қўйганида эса бурчукда титраб турган ҳайвон каби у қоронғуликни кўрмаслик учун кўзларини юмиб олган, юрак уришини эшитмаслик учун эса қулоқларини қўллари билан бекитиб олганди. Шу нарсаларни чуқур қайғу билан ёдга олар экан Рольф бутун ҳаётини яшириниш билан ўтказган, отаси унинг туғилишини иснод деб билган, ақли заиф синглиси Катеринани эсга олди. Катерина билан Рольф эмаклаб емакхона столининг остига бекиниб олишарди ва оёқ товушларини эшитиб бир-бирларини маҳкам қучоқлаб олишарди. Катеринанинг ширин ҳиди ҳали ҳам Рольфнинг димоғидан кетмагандек эди. Унинг қўрқув билан нафас олиши, ипакдек майин сочлари, кўзларидаги самимийлик ҳануз ёдида турибди. Катеринанинг ўлимидан сўнг у жуда кўп кўз ёш тўкди. Кейинчалик у журналист сифатида эришган барча ютуқларига ўтмишидаги қийинчиликларига бардош бергани учун эришганини англаб етди. У қанчалик уринмасин ўтмишини эсидан чиқара олмасди. Кўзлари ёшдан қизариб кетган Рольф онасини сўнгги марта қора кўйлакда, онаси уни Жанубий Америкага кетадиган қайиққа ўтқазганида кўрган эди. Онаси уни кўз ёшларини артишга келмади, фақат унинг “уруш тугади, энди белкурак олиб куйдирилган жасадларни кўмамиз” деган гаплари ёдида қолганди.
“Илтимос йиғламанг, мен азобланаётганим йўқ. Мен яхшиман,” деди Асусена унинг ҳаёлларини бўлиб.
“Сен учун йиғламаяпман” деб кулди Рольф Карлей. “Ўзимни деб йиғлаяпман. Мен азобланаяпман.”
Учинчи куни водийда бўрон бўлиб ағдар-тўнтар бошланди. Республика Президенти фалокат содир бўлган жойга ташриф буюрди. У мамлакатда мотам эълон қилди, фавқулотда ҳолат жорий қилиб кимки ўғирлик ёки бошқа жиноят содир қилса қуролли кучларга уни отиб ташлашни буюрди. Қўшни миллатлар ёрдам таклиф қила бошлашди. Президент водийга кириш жойини муқаддас жой деб эълон қилди, руҳонийлар бу ерга келиб қурбонлар ҳақига ибодат қилишлари мумкин эди. Президент қўшин турган ҳудудга бориб қутқарувчилар сонини кўпайтиришни, касалхоналарда эса шифокорлар ва ҳамширалар иш соатларини узайтиришни буюрди. Кейин у ўша бутун дунё кўрган қизалоқ, Асусенани сўради. У қизалоққа қўл силкитди ва микрофонлар унинг қизчага унинг жасорати бутун миллат учун ибрат бўлиши ҳақидаги эҳтиросли гапларини ёзиб олди. Рольф Карлей эса ҳеч нарса билан иши йўқ фақат насос сўрарди. Президент бу иш билан шахсан ўзи шуғилланишини айтиб уни ишонтирди.
Мен Рольф Карлейнинг лойга чўккалаб ўтирган сиймосини кўриб турардим. Кечки янгиликлар узатилганида ҳам Рольф шу ҳолатда турарди. Рольф Асусенага тасалли бермоқчи бўлар лекин аксинча қиз уни юпатарди. Мен уларни ҳаётни бошқа томонидан уч кун кузатдим. Рольф ҳаммасига таслим бўлганди.Унинг қизнинг кўз олдида ҳалок бўлишига жимгина қараб туришидан бошқа иложи қолмаганди. Асусена ўн уч йиллик умри давомида уни ҳеч бир йигит яхши кўрмаганини ва дунёдан севилиш нималигини билмай ўтиб кетаётганидан қаттиқ ачинаётганини Рольфга айтаётганида мен ҳам ўша ерда эдим. Рольф эса унга уни ҳаммадан, онасидан, синглисидан, дунёдаги барча аёллардан, умр йўлдоши бўлган мендан ҳам кўра кўпроқ яхши кўришини айтди.Шундай деб у қизнинг пешанасидан ўпди. Ниҳоят улар тақдирга тан беришганди. Рольф қизни қийналмасдан жони узилишини сўраб секин ибодат қила бошлади. Бу орада менга эртаси куни ҳарбий самолётда насос етказишлари ҳақида хабар беришди. Аммо энди кеч эди. Учинчи куни тунда Асусена ҳаётининг охирги дақиқаларигача у билан бирга бўлган дўстининг олдида жон берди. Рольф унинг бошини кўксига босганича индамай турарди ва бироз ўтиб у қизни қўйиб юборди. Қиз ботқоқдаги гул каби секинлик билан чўкиб кетди. Рольф эса камерага нафрат ва алам билан қараб турарди.
Инглиз тилидан Ферузбек Зиёдуллаев таржимаси