Бу ҳақда сиз сўраманг, мен айтмай! Раббим бундайин шармандаликни ҳеч кимнинг, ҳатто душманимнинг ҳам бошига солмасин! Улкан қаҳвахона худди пойдевори билан бирга қулаб тушгандек бўлди.
* * *
Шарафбей бутун оғирлиги билан ўзини ташлаганидан стол ғичирлаб кетди. Чўнтагидан дастрўмолини чиқариб, юзини, кўзларини артди. Оппоқ кўланка ичра ушбу дастрўмол деразанинг ташқи тарафидан унинг ойнасини ҳозиргина теккан тупукдан тозалагандек туюлди хаёлимда. Аммо сал ўтмай, бу хаёлимда бўлганини англадим.
– Беномус, ёввойи эшак! – деган товуш янгради кутилмаганда.
– Тсссссссс…
Ҳатто кўчада ҳам сас-садо тинган, ҳаммаёқ худди сув қуйгандек жимжит бўлиб қолганди. Нари-берида бир-икки инсон шарпаси кўриниб, икки ёнга чайқалганча бурчакларнинг бирида ғойиб бўларди… Қанчадир зерикарли сониялар ўтиб, ўртоғим билан кўзларимиз тўқнашди.
– Энди бу ердан секин чиқсак…
– Қароқчи, қўшмачи, қаллоб! – айни овоз бу сафар аввалгисидан-да қўрқинчли тусда янгради:
– Шаҳарнинг қоқ ўртасида келиб-келиб, бир қонун ҳимоячисига нисбатан тажовуз, а?! Шошмай тур, мен сенга кўрсатиб қўяман! Шошмай тур, салгина шошмай тур, сенга дунёнинг неча бурчакдан иборат эканини ана энди кўрсатаман!
Ўрнидан кетса керак, деб ўйладик. Шарафбей бўлса, аксига олиб, каттакон дастрўмолини тўрт тарафини очиб, яланғоч бошига ёпганча, ушбу бошнинг ҳар бир тешигидан тинмайин селдек қуйилаётган терни тўхтатишга уринарди. Қалин ва баланд овози бўлса, қаҳвахонанинг баланд шипида акс-садо бериб жарангларди.
– Шу қароқчининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун маҳкама эшиклари остида суриниб, кўз нурини тўкиб, унинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини қаламга ол, қоғозга тушир, элнинг жоҳил уламосига тушунтиришга жон бериб урин, сўнгра бу нонкўр кўппак келиб, қаҳвахона ўртасида куппа-кундузи барчанинг кўз ўнгида сени ҳақоратлаб, зўравонлик қилсин! Бунга чидаш, тоқат қилиш мумкин эмас!.. Бу разолат қаршисида жим туриш мумкин эмас!.. Ё, Ҳу! Унга чора кўрадиган бирортаям қонун йўқми? Адолат борми ўзи? Дин, диёнат, имон-чи? Худо ҳаққи, қоним қайнаб, миямга чиқиб кетяпти!.. – бир нафас тин олгач, овозини яна-да кўтариб, бақиришда давом этди: – Шараф, Шараф! Эҳ-ҳ, шўрлик Шараф!.. Бошингда ҳали шу савдолар ҳам бормиди? Энди бир ками, шу кўйга тушишинг қолувдими? Сендек катта одам-а? Унинг учун иқбол ҳамда фаровонликни соғинганинг халқ сенга шундай разилликни раво кўриши бормиди? Оҳ-ҳ! Эй, энг кучли қудрат! Қаердасан! Қаердасан!.. Менга мададга етиш!..
Шарафбейнинг ҳаяжони, нолалари борган сари ортарди. Унинг бақиришини эшитганлар муюлиш бошидан, кўчадан биттадан, иккитадан чиқиб, қаҳвахонага қараб югуриб кела бошлашди. Баъзилари дераза ойнасининг олдида туриб, ташқаридан томоша қилар, озгина жасоратлилари ичкарига кириб, бирорта бурчакдан жой эгалларди.
– У ҳароми босқинчи, зино маҳсули бўлмиш қароқчи албатта қўлимга тушади! Унинг ўпкасини кўксидан юлиб олиб, итларга ташламасам, Шараф катта отимни бошқа қўяман!.. Сочимни, соқолимни қириб, нўхталаб, кўчаларда судрасинлар!.. Мен у талончининг менга шапалоқ тортган қўлини билагидан синдириб олмасам, авлодимга қирғин келсин!..
Ҳансираганча тўхтади. Кўкси тинмай қалқиб тушарди. Дастрўмолни энсасидан тепага, ундан юзига силжитар, чуқур ва кучли нафаси дастрўмолини балондек шиширарди.
Хусусий ҳисоб-китоб маъмури худди бир лаҳза жойидан қимирлагандек бўлди. Кўзларини қўрқув ичра унга тикди:
– Тинчланинг, бейафандим, тинчланинг!.. Бир адабсизнинг хатоси…
Шунда Шарафбей худди думи босиб олинган илондек сапчиб, бўкиришга тушди:
– Хатоси дегин?! Жинояти десанг-чи! Разиллиги десанг-чи! Бундайларни нима қилиш керак? Ўрнингдан туриб, ҳаромини бурнидан ушлаб, оёғинг остига олиб, боши, юзи-кўзи демай этикнинг нағали билан аямай тепкила!.. Жумла олам кўппак қонига белансин!.. Шундай қилишим керакмиди? А, шу ишни қилишим керакмиди?..
А, жавоб бер?! Шундай қилсам, тўғри қилган бўлармидим, сендан сўраяпман!.. – худди телбалардек ҳайқирарди. Хусусий ҳисобхона мудири минғирлади:
– Тақсир, сиздек шарафли бир инсон…
– Етар!!! – Шарафбей қўлини шиддат билан ҳавога кўтарди: – Бас, етар! Бир кўппак мурдаси қаршисида ўкиргандан кўра, қонун қаршисида жавоб берган афзал! Ҳозироқ бориб, ўт-оташдек бир лойиҳани қаламга оламан. Шараф ёзажак лойиҳа! Мен ҳазиллашаётганим йўқ, чин сўзим! Шараф ёзади. Эътибор талаб қиламан.
Юраги йўқлар у томонга бора кўрмасин! Унинг терисини эртага эрталаб кушхонада томоша қиласиз!
Буюк адвокат ўрнидан турди. Шу пайт не кўз билан кўрайликки, ойнанинг ортида яна ўша одамнинг қораси кўринди. Шарафбейга ўқрайганча ичкарига кирди. Адвокатнинг атрофида қанча одам бўлса, шу заҳоти барчаси тезлик билан ўринларидан туриб, қаҳвахонанинг ичига кириб кетди…
Йигит тўғри Шарафбейга қараб кела бошлади:
– Қани, менинг пулимни бер-чи! – деди.
Шарафбей косасидан отилиб чиқиб кетгудек катта-катта очилган кўзларини ундан айирмасдан, шақиллаб титраган ўнг қўлини чап чўнтагига олиб борди. Қизил кителининг чўнтагидан бир ҳамён чиқариб, рўпарасидагига узатди. Йигит оҳиста товушда:
– Йўқ. Мендан дала давоси учун олганинг юз лирани сўраяпман. Нариги томондан олганинг ўзингда қолсин, – деди.
Адвокат ҳамон йигитга бақадек тикилганча, қалтироқ қўллари билан ҳамённи очди. Бир-бири ичига киритилиб тахланган қалин бир даста пулни чиқарди. Бош бармоғини лабларига теккизиб ҳўллаганча фақат юзталиклардан иборат қоғозлардан бирини суғурди-да, узатди.
Йигит пулни қўлига олиб, аввал иккига сўнг тўртга, ниҳоят саккизга букди. Сўнг қалин кителининг кўкрак чўнтагига ҳафсала билан жойлаштирди. Кейин эса Шарафбейнинг гўё бор-йўғи нурсиз шишадек йилтираб кўринганча қотиб қолган кўзларига чуқур тикилиб:
– Менга қара, қария! Бошқалардан яна бир марта шундай тузоқ ташлаб пул шилганингни эшитсам, билиб қўй, қаерда бўлма, ахтариб топаман. Юзингга ҳозиргидек тарсаки экиб, алданганларнинг пулларини олиб бераман. Бўпти, яхши қол! – деди.
Ерга ойнадагидан ҳам каттароқ тупукни қаттиқ туфлади-да, ортига бурилиб, қаҳвахонани тарк этди.
Шарафбей орқага эгилиб қолган белини тўғрилади. Қалтираётган оёқлари тик турмаётгани аниқ кўриниб турарди. Жойига ўтирди. Мўйловларини силади. Бурчакда дир-дир титраб турган қаҳвахоначининг кичик шогирдига юзланиб:
– Тўлдириб битта қаҳва бер, ўғлим… – деди.
Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси