Канон Хулуси Қорай. Анжир ниҳоллари (ҳикоя)

Имроли қамоқхонасининг йиллик йиғилишида оролга анжир ниҳолларини экиш таклифини киритган Мурод Мурод ўғли бир ҳафтадан кейин дарҳол ишни бошлади.
Бир йилда бир юз йигирма кило пиёз, ўн беш минг кило бақлажон, саксон мингта қовун, худди шунча тарвуз, буғдой ҳамда маккажўхори берадиган оролда нега энди анжир ниҳоли етиштирилмасин? Мурод Мурод ўғли бу фикрни қатъийлик билан илгари суриб, шу қадар жўшқинлик билан таъкидладики, қилич балиғига чиқадиган маҳкумлар учун тўр пули, қармоқ ва эҳтиёт қисмлар тополмаган идора бир ҳафта кейин Мурод ўғлининг амрига биноан беш минг дона анжир ниҳоли топиб берди.
Муроднинг ўзи ҳам худди анжир ниҳолидек нозиккина эди. Одамлар уни худди дарахтдан синдирилган новдага қиёслашарди. Япроқ устидаги томирлар сингари сабза мўйлови бор эди. Фақат кўзлари ям-яшил бўлиб, шишадек товланарди. Шундан бўлса керак, илк келган кезлари уни денгизчи деб ўйлашиб, балиқ овига чиқаришганди. Ҳолбуки, Мурод далада худди ҳўкиз сингари тиним билмас; экин-тикин пайтлари бир ҳафталаб даладан бери келмай ишларди.
Гапни чўзиб ўтирмай, мақсадга қайтайлик. Хуллас, Мурод Мурод ўғлига беш минг анжир ниҳоли билан бирга битта ёрдамчи гуруҳ ҳам беришди. Бу ўн икки кишидан иборат маҳкумлар гуруҳи эди. Сариқ бўёқли қамоқхонанинг олдида гуруҳни бирма-бир кўздан ўтказди, барчасининг кўзларига тикилиб қарарди:
– Ҳазилакам эмас, – деди. – Беш мингта ниҳол, оғайнилар!.. Икки ҳафта ичида ҳаммасини экиб бўлишимиз керак! Агар ичингизда мен билан бирга ишлашни истамаган бирор киши бўлса? Бўпти!.. Демак, йўқ! У ҳолда… дарҳол ишни бошлашимиз мумкин!..
Мурод Мурод ўғли оролда ниҳоллар экиладиган ерни ўзи танлади. Бу Мете бурни тупроқлари эди.
Қуёш уларнинг устига қараб келмоқда ва қаршида Бўзбурун тепалари денгизнинг нариги соҳилида мовий бир туман билан қопланиб турарди. Илк анжир ниҳоли тупроққа тантана билан ўтқазилганда тонг саҳар эди. Балиқчи тўдалар ғалати бир қўшиқни хиргойи қилганча эндигина денгиздан қайтишарди. Қайиқларнинг бош тарафларида чағалайлар учишар; қуёш ҳаво тафтини йиртишга уринарди.
Биринчи чуқурга илк ниҳолни Мурод Мурод ўғли экди. Тупроқ иссиқ эди… Уни кузатиб турганларга бу хатти-ҳаракат худди бир аёлни тупроққа экиб қўяётгандек туюларди. Яъни, гўё дарахт эмас, бола етиштирадигандек ҳаяжонланар, бутун диққат-эътиборини жамлаб, нозик асаб толалари таранглашган кўйи ишларди.
Илк ниҳол… У бошини кўтарди; атрофидагиларнинг қорачиқларини ахтарди ва балки уларни кўрмади. Бирданига экилган беш минг ниҳол кўзларининг олдига келди; ниҳоллар беш сония ичида улғайишди, улкан бир дарахт, мевалари қуш тумшуқлари билан яраланган, анжирларга тўлиб-тошган дарахт тимсолини олишди.
Мурод ўз-ўзича кулди ва шу заҳоти сергак тортди:
– Оғайнилар! – деди. – Беш минг ниҳолимиз бор… Чуқурларни дарҳол қазимоғимиз керак! Унинг юзи худди тонгдек тиниқ ва бенуқсон эди.
Чуқурларни кавлаш анча қийин бўлди. Ер қаттиқ эди. Белкурак ботмасди. Буям етмагандек, қоя парчаларини синдириш, қизил тупроқни суғоришни тақозо қиларди. Ҳолбуки, ёрдамчи гуруҳни камчилик одам ташкил қилар, сув йигирма дақиқалик йўл нарида эди.
Мурод Мурод ўғлини энг кўп ўйлантирган нарса шу эди:
Унга ёрдам бераётган гуруҳга чарчоғини билдирмаслиги керак… Ўз-ўзига: «Чуқурларни бир ҳафтада қазиб битиришимиз керак!», «Қолгани осон!», «Ўн кундан кейин бу ерни таниб бўлмайди!» дерди.
Мурод гуруҳдагиларга дам олиш учун рухсат берган вақтлари матал айтиб берар: «Менинг бир ниҳолим бор эди. Анжир ниҳолим…» дея такрорлашдан чарчамасди.
Мурод ўғли шу «Анжир ниҳоли» масаласини бир кунда йигирма бор такрорлашига қарамай, гуруҳдагилар уни ҳар гал жон қулоқлари билан тинглашни исташар, сўзларни худди занжирдек бир-бирига улаб, ҳикоя қилаётган Мурод ўғлининг сўзлари тугагач: «Сенинг шу анжир ҳикоянг ростданам жуда қизиқ экан…» дейишарди.
Ўша анжир ҳикояси мана бундай бўлганди:
Мурод Мурод ўғлининг ҳақиқатан ҳам бир ниҳоли бор эди. Анжир ниҳоли. Бор-йўғи қуруқ новдадан иборат ниҳол… Уни эндигина экканди. Бир тепалик устига ўтқазганди. Катта тегирмон, чархпалакдан тушаётган сувнинг шариллаши, далада ишлаётганлар, бу ердан барча-барчаси кўринар; шамол тепаликни ялаган маҳали Мурод ўғли ўзини худди бир кўза сув ичиб, мириқиб дам олгандек ҳис қиларди. Балки ўша ниҳолни экаётиб, кексалигини ўйлагандир. Масалан, ўн йил кейинни… Бугун бир куртакдек кичик япроқлар ўн йилдан сўнг деҳқоннинг кафтларидек катталашиб улғаяди. Қуёш ана шу япроқлар ортига беркинади. Агар ишлаб чарчаса, ана шу япроқлар соясида ётиб, эҳтимол дам олар, эҳтимол ўй сурар… Ниҳолни эккан кунларини эслар… Чунки ниҳолни эккан кунлари эндигина уйланганди. Эҳтимол, анжирнинг новдалари сони қадар болалари бўлар?..
Бироқ иш асло у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Мурод Мурод ўғлининг гарчи биттагина ниҳоли бор эди. Аммо икки иниси бор эди. Бири ўзидан катта, наригиси эса ундан икки ёш кичик эди.
Мурод ўртанча бўлганидан икки инисининг орасида ўзини гоҳ-гоҳида ғалати ҳис қиларди; гўё тўғри кетган бир йўл ўртасида қолгандек, инилари уни ёлғиз қолдиришар, буям етмагандек, қилган ишлариниям йўққа чиқаришарди.
Ҳақиқатан ҳам бир тонг тепага чиққан пайти ниҳолнинг ўрнида шамоллар эсиб турганини кўрди. Йўқ, ниҳол илдизи билан бирга қўпориб олинганди! Ярми пичоқ билан қирқиб олинган, қолган қисми бўлса ерга қапишиб ётарди. Фақат бир-икки янги чиққан томирлари ҳалиям тупроқ остида эди. Ниҳол гарчи суғуриб олинган бўлса-да, илдизи имкон қадар тупроққа қараб интилганидан, ниҳол қуриб қолмаганди. Демак, у яшамоқда! Аммо Мурод уни қўлига олмади, ҳатто ерга эгилмадиям. Оёқлари билан ерга шундай бир тепинди, ниҳолга зарб етди ва унинг қаҳр билан сўкингани эшитилди. Анча пайтгача ниҳол ёнида қимир этмай турган Мурод бирдан ортига бурилиб, шиддат билан ўқдек учиб кетди. У тўппа-тўғри чархпалакка қараб югуриб бормоқда эди.
– Мурод, Мурод ўғли! Эҳтиёт бўл!.. – дея ортидан овозлар эшитилди. Хотини уни тутиб қолиш учун қувларкан, ерга йиқилиб, тиззасининг кўзи шилинди, оёқлари қонга беланди.
– Мурод! Улар сенинг иниларинг эканини унутма!.. – дея қичқирди яна. Аммо Мурод бу гапларнинг ҳеч бирини эшитмаган, балки ўз-ўзига: «Атайлаб қилишади! Икковининг тили бир, мени ўз ҳолимга қўйишни хоҳлашмайди!» дея ўйларди.
Мурод ўғли ўша куни барибир бир фалокатни бошлади. Иниларининг иккисиниям чархпалакка тиқди. Каттасини ўлдирди. Кичиги қочаётиб, яраланди…
– Кейин нима бўлди, Мурод ўғли? Қолганини айт, чархпалакдан сени қандай қилиб тутишди?
– Кейин ҳеч нима бўлмади… Хотиним келди. Чархпалакнинг эшигини беркитди. У йиғларди… Аммо менинг кўзимга кесилган анжир ниҳолидан бошқа ҳеч нарса кўринмасди…
Сўнг оҳиста-оҳиста юриб ёнимга келди.
– Мурод, ташқарида отни тайёрлаб қўйдим. Агар истасанг… – деди.
– Йўқ. Шу ерда полициячиларни кутамиз! – дедим. Кейин… кейин полиция етиб келди… Мана шунақа гаплар, оғайнилар… Қани энди, ҳамма ишга! Тун киришига яна олти соат бор. Ҳар бирингиздан йигирматадан чуқур қазишингизни сўрайман…
Ниҳоллар ўн тўрт кундан кейин экилди. Уч йилдан сўнг барчаси улғайди… Беш минг ниҳол.
Мурод уларнинг барчасини танирди. Биттама-битта, ҳатто япроқларигача!.. Қуёш вақти-вақти билан уларни қанчалар ғалати қилиб кўрсатарди. Мурод ўғли денгизни мутлақо ёқтирмаслигига қарамай, уларнинг рангини денгизнинг рангига ўхшатарди. Анжир япроқлари ҳам худди денгиз сингари, чек-чегарасиз улкан денгиз каби саҳар ва шомда қуёш таъсирида рангини ўзгартирарди. Фақат, эҳ-ҳ, бу қушлар!.. Нега улар тумшуқлари билан анжир баргларига тегиниб қочишади, нега япроқларни илма-тешик қилишга уринишади?..
Мурод ўғли ана шунда ҳар доим ўз анжир ниҳолини ўйларди. Йўқ! Анжир ниҳолларини! Чунки озодликка чиқиб, ўз даласига қайтар-қайтмас, бутун тепаликни анжир ниҳоллари билан тўлдиришни орзу қиларди. Юзлаб ниҳоллар… Эҳтимол, бутун дала анжир ниҳоллари экилган далага айланар? Чунки у ернинг тупроқлари бунинг учун муносиб ҳосилдор ерлар эканини биларди. Шуларни ўйларкан, оролдан озод қилинадиган вақтни ҳисоблашга тушарди…
Тўғри, Мурод ўғлининг озодликка чиқишига ҳали яна бир ярим йил бор эди. Аммо бу вақт унинг учун кўп узоқ муддатдек туюлмасди. Имролида ўзи етиштирган ниҳолзорда ишлар, ҳар кун 25 қурушдан пул топарди. Зотан, бутун умидиям мана шу пулларда эди. Ҳозиргача сандиғида 405 лира тўплаганди. Бир ярим йилда яна 135 лира… 405+135… сигарет қутисининг орқасига ёзган рақамларини кўздан кечириб, қора қаламни қўлига олиб, янада аниқроқ қилиш мақсадида устидан бостириб ёзади: 405+135=540
– Беш юз қирқ лира… – дерди. 540 лира… Бу пул билан икки мингта анжир ниҳолини сотиб олиши мумкин. Ва ҳўкизларининг биттасини янгилаши мумкин…
Аммо шунда бошқа бир нарса бўлди. Бир ярим йил тугади. Йўқ, буни у бир кеча ётоқхонага кирмасидан аввал ўз-ўзига гапирди:
«Кечагина бир ярим йил дердинг, Мурод ўғли! Энди-чи! Озодликка чиқишинг учун роппа-роса қирқ беш кун қолди. Қирқ беш кун… Жудаям оз эмасми, Мурод Мурод ўғли? Шунингдек, пулларинг… Беш юз қирқ лиранг бор…»
Мурод ўша кеча ухламади. Шу пайтгача озодликка чиқариладиган дақиқалари ҳақида умуман ўйлаб кўрмаганди. «Бир кун!» Фақат мутлақо келмайдиган ва етишиб бўлмайдиган бир кун сингари унга узоқ туюлар эди. Ҳолбуки бугун… Қувончи ичига сиғмас, камайиб бораётган кунларни ҳар куни бирма-бир санаб, ўйларди: 44 кун… 43 кун… 42 кун… Сўнгра эса бирданига кунларни ўзидан жудаям узоқда ҳис қилдики, гўё озодликка эришадиган кунга қўлларини узатаркан, кунлар чўзилган бир резинадек ундан йироқлашиб, қўл етмас даражада олислаб кетгандек туюлди. Унинг хаёлида гўё соат миллари жойида қотиб қолгандек эди. Ва Мурод Мурод ўғли бир кун умуман ишламади. Ёхуд ишлаётгандек кўринди. Кечаси ўз ётоғига ҳолдан тойган кўйи узанди.
Шубҳасиз, шу ётишда ўз даласига экмоқчи бўлган ниҳолларни ўйларди. Икки минг ниҳол… Ўттиз ёшда эди. Демак, беш йилдан сўнг ҳамма нарса тайёр… Ажабо, япроқларнинг ранги яна денгиз рангидек бўлармикан? Эҳ-ҳ, бу қушлар!.. Ингичка тумшуқлари билан яна анжирларни чўқиб-чўқиб кетса-я!
Бир кун ўз-ўзига: «Яна уч ярим ҳафта бор…» деди. Роппа-роса йигирма беш кун! У лоқайдлик билан керишди ва эснади. Ўзининг бирданига ўша ерда бўлишини истаганди. Илк ниҳолни яна ўша ерга экмоқчи эди. Фақат чархпалакнинг йўлини ўзгартириш лозим эди. Ҳатто чархпалакни қайта бошдан қуриш ва ариқларни янада чуқурроқ қазиш керак… Фақатгина йигирма беш кун…
Шундай бир дақиқа келдики, бунга чидай олмаслигини англади. Гўё бир қўл унинг ёқасидан бўғиб судрамоқда, ташқарига чиқариб, эркинликка эриштирмоқда эди. Бир қўл! Шунда бирдан бу қўлнинг дарахт новдаси эканини ҳис қилди. Боши узра яшил япроқлар қимирлади. Устида митти қурт-қумурсқалар кезиб юрган яшил япроқлар… «Кетишим керак!» дея сўйланди ўзига-ўзи. Ва шундай ҳолатга тушдики, агар ҳозироқ кетмаса, ниҳоллар тутиб кетмайди… Янаям тўғрироғи, ниҳол экиш мавсуми тугаб бораётганди. Бир лаҳза уларга буюртма бериш учун хотинига мактуб ёзиш ҳақида ўйлади. Аксига олиб, почта ташийдиган улов бир ҳафтадан кейин йўлга тушарди. Мавсум бир бор ўтиб кетадиган бўлса… Яна ўйга толди. Эртаси кун оролдан қочишга қарор қилди.
Мурод Мурод ўғли ўзига анжир ниҳолларини экишда ёрдам берган гуруҳга бу қарорини билдирди. «Ниҳолларни экиб бўлишим билан қайтиб келаман!» деди. Улар ҳозирда балиқчилик қилишмоқда эди. Ва раислари Мурод ўғлининг қочишини беркита оларди. Уларнинг ичидан уч киши бу фикрга эътироз билдирди. Раисга қарши чиқишди: «Йигирма тўрт соат ичида ҳамма нарса ошкор бўлади!» Аммо Мурод ўғли уларга шундай нигоҳ билан қарадики, улар мажлисни ташлаб чиқиб кетишди. Унинг қўлида митти пичоқча бор эди. Агар унинг мақсади ҳақида кимдир хабар берадиган бўлса, у нима қилишини яхши билишарди. Уларни бирма-бир…
Гуруҳдан тўққиз киши Мурод ўғлининг фикрини маъқуллади: «Сен ҳақсан. Мавсум ўтадиган бўлса, ниҳоллар тутиб кетмаслиги мумкин!»
Мурод олдига қаради:
– Қайиқни Мете Бурнида қолдиринг, – деди. Тун ярмига қадар ҳамма нарсани тайёрлаб қўйишингиз лозим!
Мурод Мурод ўғлининг жазони ўтаб бўлишига бу пайтда фақатгина йигирма бир кун қолган эди. Мурод шундай қилди:
Тун ярмидан оққанда худди қурт сингари эмаклаб чиқди. Худди ерда судралган қуртдек… Сўнг қайиққа сакради. Қоронғу бир кеча эди. Қаршисидаги ниҳоллар экилган тепаликка боқди. Уларни кўролмас, фақатгина ҳис қиларди. Қалин ва қаттиқ япроқлар юзларига уриларди. Беш минг ниҳол! Барчасини ўз қўллари билан тупроққа қадаган… «Ўзимники ҳам бўлади!» деди. «Икки мингта ниҳол…» Тупроқ устида Мете бурнига келгунгача худди қурт янглиғ суринган Мурод сувда балиқ сингари оҳиста ҳаракат қиларди.
Аммо иш бутунлай чаппасига кетди…Қамоқхонадан қочган кечанинг тонгида, бир дона анжир ниҳоли туфайли тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилиб, қамоққа маҳкум этилган Мурод Мурод ўғлини ушладилар. Бир ярим йил яна қўшиб беришди. Ва бу бир ярим йиллик жазо муддатини олдинги жойида эмас, тош деворлар ортида ўтказди.
540 лирасига келсак… Бу пулни унга беришмади. Чунки Имроли низомларига кўра, қочишга уринган маҳкумлар пулларини олишолмасди. Мурод ўғли терлаган пешонасини артди. «Икки мингта ниҳол, менга икки минг дона ниҳол керак!..»
Бир ярим йилдан сўнг Мурод Мурод ўғлини қишлоқда хотини кутиб олди. Уни худди сомон чўпидек сап-сариқ ҳолда кўриб:
– Мурод! – деди, – ўзингга кел! Шуни унутмаки, ҳозир битта фарзандимиз бор — битта ниҳолимиз!..
Мурод Мурод ўғли тўққиз йилдан бери боласи-ни биринчи марта кўраётган эди. Уни бағрига маҳкам босди. Сўнгра:
– Ҳа… – дея шивирлади, – бизнинг ниҳолимиз!..
Кейин учаласи аста-секин чархпалак томонга кетишди…

Туркчадан Гулбаҳор Абдуллоҳ қизи таржимаси