Cундучанский оилада кўпайиш бўлишини кутаётганди. Сўнгги ҳал қилувчи дамлар яқинлашган кунлари у хизматдошларининг столлари орасида ўралашиб, синиқ товушда минғирлай бошлади:
— Ўғилми ёки қиз? Менга шуниси зарур, Марья Васильева! Агар қиз бўлса, исмини нима қўямиз?
Сундучанскийлар шонли авлодининг кўпайиш масаласи Марья Васильевнани унчалик қизиқтирмасди.
— Клотильда атайқолинглар, — тунд жавоб берди Марья Васильевна. Ёхуд билганингизни қилинг. Жамоат ишлари бўйича мен фақат машғулотлардан кейин қабул қиламан.
— Ўғил бўлса-чи? — тиқилинч қилди Сундучанский.
— Кечирасиз, мен бандман, — деди Марья Васильевна, — долзарб топшириқ олганман.
— Агар ўғил бўлса, — маслаҳат берди Отверстиев, — менинг шарафимга исмини Коля деб қўйинглар. Лекин ҳадеб оёғим остида ўралашаверма. Ўзи ишим бошимдан ошиб ётибди.
Бир бор Сундучанский ишхонага югуриб кирди, — зўрға нафас оларди.
— Агар эгизак бўлса-чи, унда исмлари нима бўлади? — деди ҳаллослаб. Хизматдошлари инграб юборишди.
— О, фалокат! Жонга тегдинг-ку! Билганингча атамайсанми? Истасанг Давид ва Голиаф деб.
— Ёки Брокгауз ва Ефрон. Ажойиб исмлар. Брокгаузни Отверстиев таклиф қилди. — У кесатишга уста эди.
— Сизларга ҳазил бўлса, — деди шикоятомуз Сундучанский, — мен бўлсам хотинимни туғруқхонага жўнатиб келяпман.
Тўғрисини айтганда, Сундучанскийнинг бу хабари ҳеч кимни қизиқтирмади. Хўжалик йилининг сўнгги ойи, ҳамма зарур иш билан банд эди.
Ниҳоят ғаройиб ҳодиса юз берди.
Сундучанскийлар авлоди яна биттага кўпайди. Бахтиёр ота хизматига шошилди. «Ҳеч нарса юз бермагандай кириб бораман, — ўйларди у, — атрофимни ўраб олиб, сўраб-суриштиравергач, балки бирор нарса гапириб берарман».
У шундай қилди ҳам. Ҳеч нарса бўлмагандай кириб борди.
— Ие! Сундучанский! — қичқирди Отверстиев.
— Қанақа? Тайёрми?
— Тайёр, — деди ёш ота қизариб.
— Қани, буёққа ол-чи…
— Қанақа қилиб оламан, ахир у уйда, хотиним ўғил туғди!
— Яна ўғил дейсан. Мен ўғлингни эмас, жадвални сўраяпман. Жадвал тайёрми? Ахир уни дарров топширишимиз керак…
Сундучанский ҳафсаласи пир бўлиб, жойига ўтирди ва жадвални тўлдиришда давом этди.
Ишдан қайтаётганда ўзини тутолмади. Марья Васильевнага шипшиди:
— Бир кириб ўтсангизлар бўларди. Ўғлимни кўрингизлар, менга жудаям ўхшайди. Саккиз ярим фунт келади, ярамас.
— Учу чорак кило, — деди беихтиёр Марья Васильевна. — Бугун мажлисга қатнашасизми? Оталиқ масаласи…
— Биласанми, Отверстиев, — деди Сундучанский, — менинг ўғлим зўр! Худди одамнинг ўзи: қорни, оёқлари. Қулоқлари ҳам бор. Лекин ҳали жудаям ушоқ. Балки кириб ўтарсан? Хотиним роса хурсанд бўларди!
— Энди мен кетдим, — деди шошилиб Отверстиев. — Бир ишни шатакка олишимиз керак. Шошиб турибман. Сираям вақтим йўқ, биродар. Қизчани ўпиб қўй! — Жўнаворди.
Шу куни Сундучанский ҳеч кимни кўндира олмади. Унинг ўғилчасини томоша қилгани уйига ҳеч ким бормади.
Вақт ўтиб борарди. Ўғилчанинг вазни ҳам анча оғирлашди. Ота-онаси ўғилчамиз «агу» деб айтди деган хабарни тарқатишди. Ҳолбуки, икки ҳафталик чақалоқнинг «агу» дейиши амри маҳол.
Бироқ бу фавқулодда янгилик ҳам Сундучанскийлар уйига хизматдошларининг оқимини жўш урдирмади. Шунда аламзада ота сўнгги чорани қўллади. У ишга барча хизматдошларидан эртароқ келди ва билдириш тахтасига эълон осиб қўйди:
“Сундучанскийнинг боласини текшириш бўйича гуруҳ бугун соат 6 да Сундучанскийлар хонадонида иш бошлайди. Отверстиев, Кусков, Имянинен, Шакальская ва Башмаков ўртоқларнинг келишлари шарт”.
Соат учларда Башмаков Сундучанский ёнига келиб шивирлади:
— Менга қара, Сундучанский! Мен бугун боролмайман. Бугун тўгарагим бор. Ундан кейин… ҳалиги… хотиним касал, худо ҳақи!!
— Нима ҳам қилардинг — деди совуққина қилиб Сундучанский, — ҳамма банд. Мен ҳам бандман. Йўқ, биродар эълонда аниқ қилиб ёзиб қўйилган: «Келишлари шарт» деб…
Гуруҳ аъзолари кечикишиб, соат еттига Сундучанскийлар хонадонига ҳовлиқиб келиб қолишди.
— Сал батартиброқ бўлиш керак-да, — эътироз билдирди уй соҳиби. — Бўпти, майли, ўтиринглар. Ҳозир бошлаймиз.
У шундай деб хонага аравачани ғилдиратиб олиб кирди. Унда ёш Сундучанский оғзини очганича лапшайиб ётарди. — Мана, — деди Сундучанский,— кўришинглар мумкин.
— Тартиб қанақа? — сўради Шакальская. — Аввал кўриб, кейин савол бериш керакми? Ёки аввал сўрайликми?
— Сўрашларинг мумкин, — деди ота ҳаяжонини яширмай.
— Маърузачи бизга айтиб беролмайдими, — сўради Отверстиев одатдаги товушда, — ушбу мавзунинг сифат кўрсаткичлари қандай?
— Йиғилишни олиб бориш тартиби бўйича сўз сўрасам майлими? — гапга аралашди ҳамиша ҳозиру нозир Шакальская.
— Чақалоқда тўлишиш ҳолати етарли эмаслиги сезилмаяптими? — сўради тортиниб Башмаков.
Гапга гап уланиб кетди.
Бахтиёр ота саволларга жавоб қайтариб улгурмасди.
Файзи Шоҳисмоил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 1998 йил, 3-сон