Уйдагилар уйғонмасин дея, калитни оҳиста буради. Яхшиямки, эшик ичкаридан тамбаланмаган экан. Акс ҳолда бўсағада анча кутгандан сўнг, хотинининг тўнғиллаган садолари остида эшик очилган бўларди. Хотинининг заҳил, норози қиёфаси кўз олдида дафъатан жонланди.
“Шуям ҳаётми, одамни ярим кечаси каллахуш қилади. Одамлар ҳозир уч уйқуни уриб бўлди”.
Одатда бунақа иддаоларга эри жавоб қайтармасди. Билади: бир оғиз гапирса, хотини ўн оғиз қилиб қайтаради. У аёли билан холаваччаси Дилоранинг туғилган кунида танишган. Танишувлари қанчалик оддий кечган бўлса, тўйлари ҳам худди ўшандай ўтди. Ўрталарида нима бор эди? Севгими? Йўқ, уларнинг севишга, тўғрироғи севгисини синовдан ўтказишга вақти бўлмаганди. Кейинги пайтларда ишдан кеч қайтгани учун хотинига ҳисобот бермай қўйган. Хотини ҳам минғирлаб-минғирлаб ётоғига кириб кетадиган бўлди. Деворда осилган соат тунги учни кўрсатиб турибди.
Ҳозир кеч қайтганининг сабабини айтганида хотини жавраши мумкин бўлган гапларни хаёлан ипга тизиб кўрди:
“Вой-воей! Кексаларга жон бунча ширин бўлмаса? Касал бўлса, бориб ётсин! Ана, қизи бор ёнида. “Тез ёрдам”га сим қоқсин. Сиз дўхтирмассиз-ку, ҳар қалай”. Шу сўзлари қулоғи остида жаранглаши билан Таваккалнинг муштлари тугилди.
Ҳамма маст уйқуда. Кийимларини алмаштирди. Негалигини ўзи ҳам ўйлаб кўрмади. Ахир одамлар “уч уйқуни уриб бўлди”. Бунинг устига, эртанги бюро масалаларини кўриб чиқиши керак. Қаҳваранг пижамасини кийди. Бу пижамани унга Калькутта шаҳри мэри совға қилганди. Кўз олдида 35–37 ёшлардаги хушбичим, худди таниқли актрисаларга ўхшаб кетадиган ҳинд аёли жонланди. “Пижамани кийганингизда мени эслаб юрарсиз!” деганди у ўшанда.
Мэрнинг исми Рани эди, янглишмаса! Эри муҳандис экан. Агар синфдоши Салмон “запорож”га мундир кийдириб қўйса, худди ўшанинг ўзи бўлади. Эр-хотинни ёнма-ён кўриб, бувисининг бир матали эсига тушган: “Қовуннинг яхшисини ит ейди!”
Юраги ёнаётганини ҳис этди. Музлаткични очди. Араб пивосидан тортиб, фин шаробларигача териб қўйилган эди. Негадир кўнгли ҳеч нима тусамай, музлаткич эшигини ёпди.
Ётоқхонага ўтди. Даҳлизда кўзи телефонга тушди, яна симини узиб қўйишибди. Хотинининг одати шунақа, соат саккиз бўлдими, дарров телефон симини узиб қўяди. Ўзи билмаган ҳолда телефонни қайта тармоққа улади. Худди шуни кутиб тургандек, телефон “сайраб” қолди.
Нега дастани кўтармаяпти? Нега жойида қотиб қолди? Телефон эса ҳамон жирингларди. Бор кучини тўплаб, дастакни қулоғига босди:
– Лаббай…
Нариги тарафдан аввалига тушуниксиз шовқин эшитилди.
– Ака, ўзингизни қўлга олинг! Лекин… тез етиб келинг!
Яна қандайдир йиғи товушлари эшитилгандек бўлди. Таваккалнинг ичида нимадир чирт этиб узилди. Икки қўли ёнига осилиб тушди. Дастак аввал маълумотлар китобига, кейин эса полга тарақлаб тушди. Юраги тўхтаб қолдими?.. Йўқ, юраги уришдан тўхтаган одамлар тикка туролмайдилар. У эса ҳайкалдек қотиб турибди. Орадан қанча фурсат ўтганини ўзи ҳам англамади. Балки бир дақиқа, балки бир соат, балки бутун умр…
Ҳушини йиғиб олди. Ҳали ҳодисанинг туб моҳиятига етиб бормасдан, хотини ётган хона томон одимлади, кейин ўғли ва қизининг хоналарига бўйланди. Улар ҳам маст уйқуда эдилар.
Кейин Читада юрган Илғорни эслади. У томонларда ҳозир пешин бўлса керак! Илғор бобосини жуда ёқтирарди. Агар шу ерда бўлганида, Таваккалнинг ярим юкини елкалаган бўлармиди?
Кўча эшикни очиб, ташқарига чиқди. Тугмани босиши билан лифт эшиги очилди. Лифт деворидаги кўзгуда аксини кўриб, уй кийимида чиққанини пайқади. Негадир эсига Калькуттанинг мэри эмас, боя кийим алмаштиргани тушди.
Бу пайтда лифт биринчи қаватда тўхтаганди. Яна тўққизинчи қават тугмасини босганида, лифт ҳам оғрингандек ғичирлаб, юқорилай бошлади. Лифтдан чиқиб, калитни олиш учун савқи табиий ҳолатда чўнтак ковлади. Жин урсин! Калит ҳам уйда қолибди. Ишқилиб, эшик қулфланиб қолмадимикин?
Елкаси билан эшикни ичкари итарди. Хайрият, очиқ экан. Кўйлагини алмаштириб, пастга тушди.
* * *
…У таниш йўллардан одимлаб борарди. Соҳил хиёбони тунги чироқлар нурига ғарқ бўлганди. Атрофда тирик жон кўринмайди. Икки томондаги анвойи гуллар ҳам сокин мудраётгандек.
У одатда, ҳар куни эрталаб соат еттида уйдан чиқар, қирқ-қирқ беш дақиқа хиёбонни кезарди. Хизмат машинаси уни хиёбоннинг нариги тарафида кутиб турарди. Яқинда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ялтоқлангани эсига тушди:
“Ҳар куни эрталаб сиз юрадиган йўлларга сув сепиб қўяман. Кўчаларга янги гул кўчатлари топиб эктирдим!”
Таваккалнинг эрталаблар хиёбон айланишини қандай билдийкин?
Соат саккизларда ишхонасига етиб борарди. Спорт залида бадантарбия қилар, нонуштани ер, соат тўққизга яқинлашганида кабинет эшигини очарди.
Мана, ҳозир ҳам ўша, икки четига гуллар экилган йўлакдан кетяпти. Хаёлида бир неча йил аввалги мулоқот кечгани учун гўё нотаниш йўлакдан кетиб бораётгандай эди. Йўл-йўлакай қуйидагилар ёдига тушди:
“Таваккал, болам! Анчадан бери Зангезурга бормадим. Жуда соғиндим-да, бир обориб келсанг!”
“Ўзингиз кўрган-билган Зангезур-да, ота! Ундан кўра Кисловодскка йўлланма олиб берай, бориб дам олиб келинг!”
“Горус дарасидан тушаётганингда катта каштан дарахти бор. Ҳалиям турганмикин?”
“Қўйиб берса, янтоқ-шувоқларни ҳам сўрайсиз, ота!”
“Ўша дарахтни мен экканман, болам! Минглаб одамлар унинг соясида дам олиб, отамга раҳмат айтиб кетган. Ўша дарахтнинг тагида бир чашма отилиб туради”.
“Униям сиз очганмисиз?”
“Йўқ, аввалдан бор эди. Суви кўз ёшидек тиниқ, муз каби совуқ. Битта қўйни еб, устидан ўша чашманинг бир қултум сувини ичсанг, яна қорнинг очқайди”.
“Э ота, сизга ўхшаб, ўз эрким ўзимдамидики, йўллардаги чашмаю каштанларни қидириб юрсам!”
“Қидирсанг нима қипти? Тошлар, қоялар, булоқлар, дарахтлар… ҳаммаси йўлингда-ку? Улар шоҳу гадога баробар. Айтишларича, ҳозир йўлларни тузатишибди, икки-уч соатда етиб борса бўлармиш…”
“Ундан кўра, Кисловодскка боринг!”
Ўз овозини ўзи эшитиб, ижирғанди. “Сенга ҳам, амалингга ҳам тупурдим, – деди ўзига ўзи овоз чиқариб. – Наҳотки бир кунгина вақт ажрата олмадинг, отанг учун? Дам олиш кунинг йўқмиди? Таътил кунлари-чи? Бор, ана иш куни бўлсаям, ярим кунда бориб келсанг, иш тўхтаб қолармиди? Биринчи ўринбосаринг бажариб турарди ўша “оламшумул” ишларингни? Лоақал хизмат машинангни жўнатсанг, ҳайдовчининг ўзи ҳам эпларди-ку! Тупурдим сенгаям, ишинггаям!”
Одимлари тезлаша бошлади. Отаси унинг ишхонаси тарафга тез-тез ўтиб туришини хотирлади. Лекин, бинонинг ичига кирмасди. Эшик олдидаги посбонлар темир панжара иҳотасида қад ростлаган чиройли бино атрофидаги паркда ишлайдиган қариялар таниш бўлиб қолган, улар билан тез-тез гурунглашарди. Кейин гап орасида ўғлини суриштирар, аммо отаси эканини айтмасди.
– У ўзи яхши одамми? Феъли қанақа? Одамлар билан муомаласи қанақа?
Гарчи ўзини хотиржам тутишга интилса-да, хоҳ яхши гап эшитсин, хоҳ ёмон, бари бир қизариб оларди.
Бир гал ёшгина, қоракўз сержант йигит қариядан сўради:
– Амаки, ўртоқ Каримлини жуда кўп сўрайсиз-да, қариндошингизми дейман?
– Йўқ, ҳамюртим бўлади, – деганди ўшанда қария.
– Ҳа, ишқилиб ҳозир шу юртдошингиз сизни кўрса, салом берармикин?
– Салом дейсиз-а, – гапга қўшилганди фаррош аёл. – Сизни танирмикин денг! Бир куни ҳузурига кирувдим. “Ўртоқ бошлиқ”, дедим. “Эллик йилдан бери қўлимдан шу супурги тушмайди. Ўзим бир ертўлада яшайман. Белим шамоллаганига ўттиз йилдан ошди. Ўғлимнинг юраги касал. Бир хонали бўлсаям, битта уй олишга ёрдам берсангиз, ҳеч бўлмаса, невараларим тузукроқ уйда униб-ўссин”, дедим. “Хола, уй масаласи билан биз эмас, шаҳар кенгаши шуғулланади”, деди. Кошки билмасам экан, бунақа ишлар унинг битта имзоси билан ҳал бўлишини.
Қариянинг ранги ўзгарди. Индамай ортига, ўғлининг уйига қайтди. Ўзи кейинги пайтларда ўғлиникига камқатнов бўлиб қолганди. Ўғлини кутиб ўтирди. Таваккал, ярим кечаси кириб келди. Отаси ҳамма гапни бир бошдан айтиб берди.
– Ота, нималар қилиб юрибсиз? Кимлардан мен ҳақимда суриштирасиз? Нима кераги бор эди? Мен эртага уларнинг кўзига қандай қарайман?
– Рост гапни ана ўшалар айтишади, болам. Қадимги подшоҳлар ҳам қаландар либосида юриб, халқдан ўзлари ҳақидаги фикрларни сўраб юришган.
“Ўша фаррош хотин уй олдимикин?”
Айни чоғда Таваккалнинг хаёлидан ана шундай ўй кечди.
Ўша ҳодисадан кейин ота ўғлининг ишхонасига яқинлашмади. Ўғил ҳам йилда бир-икки марта ота ҳовлисидан хабар олар, беш-ўн дақиқа отаси ва синглиси Салби билан ҳамсуҳбат бўлар, кейин ортига қайтарди. Охирги олти ойда отасининг уйидан бошқа ҳамма жойда бўлиб қайтди. Ҳар-ҳар замонда телефонда йўқларди:
“Ота, Ҳиндистонга кетяпман! Қайтишим билан олдингизга бораман!”, “Ота, Италияга кетадиган бўлиб қолдим!”, “Ота, эртага Индонезияга учяпман. Ундан Австралияга ўтаман…”
Қайтиши билан яна аллақандай мажлислар, кенгашлар, расмий учрашувларнинг кети узилмас, улар тугаши билан самолёти бошқа тарафга қараб учарди.
“Ўғлим, дунёнинг ҳар бурчагига боришга вақт топяпсан, фақат бобо юртинг Зангезурдан бошқа!” Бу отаси айтиши керак бўлган, аммо айтмаган гап…
Бугун эрталаб Салби телефон қилганди. Овози ҳаяжонли эди.
– Ака, отамнинг тоблари қочиб қолди.
– Доктор юборайми?
– Йўқ, шарт эмас, ишдан кейин вақтингиз бўлса, келиб кетинг.
– Нега? Докторнинг кераги йўқми?
– Маҳалламизнинг дўхтири бор-ку, ўшани чақирдик.
– Э, улар нимани билишарди… Ҳа, майли, бораман!
Кейин соғлиқни сақлаш вазирига сим қоқди. Консилиум ўтказишди. Пешин пайтида вазирнинг ўзи телефон қилиб, умид йўқлигини айтди.
“Шу пайтгача яшаганининг ўзи мўъжиза. Юрак шунча касалликни бошдан кечириб, яна уриб турганига ҳайронман!”
Вазирнинг айтишича, уч-тўрт ой илгари мурожаат қилинса, асраб қолишнинг иложи бўларкан. Демак, отаси уч-тўрт ойдан бери оғир касал экан-да? Нега бир оғиз айтишмади?
Ишдан яна кеч чиқди. Ҳайдовчисига борар манзилни айтди. Бу сафар машинани отасининг уйидан анча берида тўхтатмади, дарвозанинг олдигача ҳайдаттирди. Уни Ғаффор амаки қарши олди. Юзини тук босиб кетганига қарамай, ҳушёр эди. Хотини Сона холанинг айтишича, қариянинг тоби қочганидан бери ичмаётган эмиш, беморнинг бошида ўтириб, қизиқ-қизиқ ҳангомалар билан уни овутиб ўтирганмиш. Икки кундан бери тараддуд кўра бошлабди…
Тараддуд?.. Шундагина ҳовлининг усти брезент билан ёпилгани, темир харраклар келтириб қўйилганини кўрди. Тўй-маъракада ишлатиладиган қозон-ўчоқларни ҳам келтириб қўйишибди.
Отаси ётган хонага кирди. Уй икки хонадан иборат бўлиб, икковининг эшиги ҳам ошхона томонга очиларди. Отасига “Юринг шаҳарга олиб кетай, истасангиз мен билан яшанг, истанг бошқа шарт-шароит, яхши бир уй олиб берай”, деди. Отаси унамади. “Бу уйда мен ота-онам, ойингнинг исини туяман, шулар мени одам қилиб турибди” дерди.
Отаси ўзини бардам тутишга тиришарди:
– Э ўғлим, бу ёруғ оламда анчагина яшаб қўйдим. Сулаймон пайғамбарга вафо қилмаган дунёга биз устун бўлармидик? Сен кўпам ўзингни олдириб қўйма. Бир-иккита илтимосим бор, шуларни эсингдан чиқармасанг бас!
Отаси шу ерда ҳам ўғлини аяди. “£ил” демадими, “эсингдан чиқарма” деди, холос. Бажариш-бажармасликни ўзинг биласан, демоқчи-да!
Отаси ўнгланишга уринди, аммо кучи етмади. Салби ва Сонанинг ёрдами билан хиёл ўнгланиб олди.
Қариянинг кўзлари шифтга термилди, оғир бир гапни айтмоқчи бўлгандек, чуқур нафас олди:
– Мени… онангни ёнига қўй, болам. Ўша ердан жой ажратиб қўйганман. Биласан…
Сийрак киприклари орасидан ёш сизди. Салби унинг ёноқларини артиб қўйди.
– Мен-ку ёшимни яшаб бўлдим, – деди қария хирқираб. – Онанг шўрлик тушди эсимга! – бир оз нафасини ростлаб, қизига юзланди. – Салби, чой дамлаб кел, болам!
Қизи отасининг ниятини тушунди. Демак, ўғлига айтадиган бирор гапи бўлса керак. Қизининг қадам товушлари узоқлашгач, ота гап бошлади:
– Таваккал, ўғлим! Салбидан хабар олиб тур! Фақат шундан кўнглим тўлмаяпти. Бечора қизим… Мени деб… Мен унинг бахтига зомин бўлдим.
Албатта, биларди Таваккал. Ҳаммасидан хабари бор эди.
Салби отасини ўйлаб турмуш қурмади. Онаси вафот этгач, гоҳ илмий ишини баҳона қилди, гоҳ юрагини… Совчи юборганлар кўп бўлди. Ҳаммасига рад жавобини берди. Энди эса ёши қирққа қараб кетяпти.
– Қорнини тўйғиз, кийим олиб бер демайман. Худога шукурки, ўз юкини ўзи уддалайди. Маоши ҳам ўзига етиб ортади. Фақат келиб-кетиб, қўнғироқлашиб турсанг, бас. Мендан кейин яккаланиб қолмасин, дейман.
“Яккаланиб қолмасин!” Таваккал синглисининг келгуси ҳаётини кўз олдига келтириб, бирор ёруғлик топа олмасди. Оила қуриб, бола-чақали бўлармикин… Салбини оламан дегувчилар ҳозир ҳам топилади. Ақлли, самимий, чиройли қиз. Ёшлик тароватини йўқотганича йўқ. Аммо, унга уйланадиган эркакнинг ўзи қанақа чиқади? Салбига муносиб бўлармикин? Агар унга лойиғи учрамаса, Таваккал бир умр виждон азобида яшаши тайин. Негаки, оилада катта фарзанд бўлишига қарамай, шу оиланинг асосий ташвишини, кекса отанинг заҳматини, бевақт бу оламни тарк этган онаизорнинг маърака-маросимларини ҳам Салбининг ўзи елкасига олганди. Йўқ, у Таваккал учун сингил эмас, опа ўрнини босди.
Таваккал институтда ўқиб юрганида ҳам Салби ундан кўмагини аямади. У ўқишдан ташқари пайтларда уйда тикувчилик билан шуғулланарди. Таваккал Москвага академияга кетганида, Салби институтга ишга кирди. Шунда ҳам тикув машинаси тўхтамади. Шу тариқа акасига пул, совға-салом юбориб турди. Таваккал юқори лавозимларни эгаллаганидан кейин ҳам Салбининг совға-саломлари узилмади. Бир қараса, Эрон пайпоғи, бир қараса, фин совуни… “Салби, буларни қаердан топасан?” деб сўраганида, у индамай бош ирғаб қўя қолар, ўша пайтларда ўта камёб саналган бу молларни сотиб олиш учун соатлаб магазинларда навбатда турганини айтиб ўтирмасди.
Хўш, энди Салбининг қисмати не кечади? Таваккални бу оғир лаҳзаларда ҳаммадан кўра шу савол қийнарди.
Отаси эса хириллаб, тўхтаб-тўхтаб сўзида давом этарди.
– Иложи борича, – ҳансиради ота, – эртага… юқоридагиларга хабар қилиб ўтирма. – Кейин бир оз жим қолиб, бунинг иложи йўқлигини тушундими, илова қилди. – Агар жуда имкони бўлмаса, жума оқшоми ҳаммаси бир бўлиб, фотиҳага кела қолсин. Отамнинг васияти шунақа эди, дея қоласан…
Яна сукут…
– Менга уч кун аза тутсанг, етар. Пайғамбаримиз ҳам шундай деб марҳамат қилган эканлар. Майда-чуйда ишларга аралашма. Ҳамма нарсани Ғаффорга топширганман.
“Топширганман!” Отаси бу сўз ортида яна бир сирни яширганди: маърака харажатлари ҳам олдиндан тайёрлаб қўйилган!
– Салби, акангга чой дамлаб кел. Ишдан чарчаб келган.
Бу отанинг охирги сўзлари эди. Салби чой олиб келди. Ота жим. Ўғил жим. Чой совиб бўлди. Салби яна иссиқ чой келтирди. Кейин яна… Яна…
Ҳеч ким гапирмас, ҳамма сукутнинг чинқириғидан бошқа нарсани эшитмасди.
Оқшом шу тариқа эриб борарди.
– Таваккал укам, бир дақиқага мумкинми?
Ғаффор аканинг таклифи билан Таваккал ташқарига чиқди.
– Сиз ишингизга бораверинг! Қайтишда кириб ўтарсиз. Жуда зарур бўлиб қолсангиз, ўзимиз телефон қиламиз. Таваккал бир оз жим қолди, кейин эса машинасига ўтирди. Соатига қаради. Ўн олтита кам икки…
* * *
Хиёбоннинг нариги бошига етиб келди. Одатдагидек атрофига аланглади. Жин урсин! Машина чақиргани йўқ, бунинг устига эрталаб эмас, ярим кечаси бўлса. Кеча бўлганда ҳам аввалгиларига ўхшамайдиган, умуман бошқача кеча. Машина ушлашга тўғри келади. Қўлини чўнтагига суқди. Пул олиб чиқмабди. Ўзи одатда унга пул керак бўлмасди. Телефон қилиб, ишхона гаражидан машина чақирмоқчи бўлди. Автомат телефон учун ёнида икки тийинлик тангаси ҳам йўқ эди. Пиёда кетиш эса… камида бир ярим соат вақтни олади. Кейин мажоли ҳам қолмаган, бадани совуқдан жунжика бошлади. Сигарет чеккиси келди. Сигарети йўқ. Нима қилишни, қаёққа боришни билмасди. Беихтиёр отасининг бир неча бор айтган сўзларини хотирлади:
– Ўғлим, эркак кишининг ёнида ҳар доим пули бўлиши керак. Камбағалми, бойми, фарқи йўқ. Асло пулсиз юрмаслик керак. Бир кун пулга шундай эҳтиёж сезасанки, бошингдаги телпагингни ҳам сотишга мажбур бўласан, агар харидор тополсанг…
Отаси ҳар доим ёнида пул олиб юрарди. Ҳатто уруш пайтида, қаттол очарчилик йилларида ҳам чўнтагидан пул чиқараркан. Қаердан, қандай топишини ҳеч ким билмас экан.
Биттагина сигарет топилса эди… Қанақасидан бўлса ҳам фарқи йўқ.
Машина сигнали эшитилди.
– Ҳа, оғайни, бирор ёрдам керак эмасми?
Таваккал ҳайдовчига ўгирилди.
– Ие, Таваккалмисан? Танимадим, бой бўларкансан.
– Салмон!
Бу ўша Салмон “запорож” эди. Ўн йил бирга ўқишганди. Шаҳар атрофидаги қишлоқларда қудуқ қазиш билан шуғулланарди. Бир марта Таваккалнинг қабулхонасига ҳам борганди.
– Шаҳарда қудуқ қазимоқчиман. Шаҳар кенгаши қўймаяпти. Анави Валиев деганини бир қулоғидан чўзиб қўй, – деганди.
Валиев шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи бўлиб ишларди.
– Ие, шаҳарда қудуқнинг нима кераги бор?
– Оғайни, қудуқдан қандай сув чиқаришимни билсанг эди. Шаҳримизнинг таги бус-бутун сув экан, яқинда ўқиб қолдим.
– Қизиқ одамсан-да, нималарни ўйлаб юрасан, – кейин соатига қараганди. – Нариги хонада мажлисим бор. Бўпти, Салмон!
Шундай деб чиқиб кетганди.
Салмон бир-икки дақиқа хонада ёлғиз қолганди. Телефонларга тикилиб, ўзича хаёлга толганди: “Ўша мажлисини шу ерда қилса бўлмасмикан? Хонанинг катталигини қаранглар! Таваккал битта ўзи бу ерда зерикиб кетмасмикин?”
Бир куни Салмон Таваккалнинг уйига қидириб келди.
– Машина олдим. Ўртоқ! Шанба бирор ёққа борайлик. Машинани ювамиз.
– Қанақа машина? – сўради Таваккалнинг хотини истеҳзо билан.
– Запорожец! Зўр машина экан.
Ўшанда Таваккалнинг хотини ўзини кулгидан тўхтатолмаганди. Салмон “запорож” деган лақаби ҳам ўша кундан қолган.
Кейин Таваккалнинг уйига, ишхонасига кўп марталаб телефон қилди. Топа олмади.
“Таваккал, болаларинг билан бир келмайсанми? Хашни жа ёқтирардинг. Бир маза қилиб хаш ичардик”.
“Таваккал, қатиқли мантини роса туширардинг, эсингдами? Ойим бунақа овқатларга жа уста. Якшанба куни келишнинг иложи борми?”
Йўқ, Таваккал хаш ичишга ҳам, манти ейишга ҳам бормади. Ундан-да муҳим ишлари бор эди. Ҳар гал телефон қилганида, ё мажлисга тайёрланаётган, ё сафар тадоригини кўраётган бўларди…
– Ҳа, оғайни, ярим кечада қаёққа?
– Отамникига.
– Бўлди, юр кетдик.
“Запорож”нинг торгина салонидан жой олди.
– Ахийри шаҳарда ҳам қудуқ қазидим, – деди у машинани ўт олдираркан. – Бутун Сартепа маҳалласи яшнаб кетди. Кўз ёшидан ҳам тиниқ сув чиқди. Ичиб тўймайсан. Экин-тикинга ҳам етиб ортади. Бу дейман, Валиевни роса таъзирини берибсан-да?
– Мен Валиевга ҳеч нарса демагандим.
– Унақада нега рози бўлди?
– Сендан қутулолмаслигини билгандир-да!
– Қўйсанг-чи? Димоғидан қурт ёғаётганди. Ёнингга борганимни билган-да! Яна бир-икки жойдан қудуқ очсам деб юрибман. Ариза бериб қўйдим.
Таваккал жим эди.
– Ярим кечаси қаердан келяпсан, деб сўрамайсан ҳам.
– Сен сўрадингми?
– Сен ишли одамсан. Бир шаҳарнинг ташвиши бошингда. Кечаси ўн иккида телефон қилсам ҳам уйда бўлмайсан. Кўпинча ишда ҳам бўлмайсан. Қаерларда бўласан?
– Кўчаларда! Салмон, сигаретинг борми?
Салмон аввал “Космос” чиқарди. Кейин бир оз ўйлаб, чўнтагига солди. Анави ерни кўр, “Кент” бўлиши керак.
– Йўқ, беравер ўшани.
Машина салони тутунга тўлди.
– Онамнинг мазаси йўқ, Таваккал, – деди Салмон овози титраб. – Касалхонадан келяпман. Ҳозиргина уйқуга кетди. Болалардан хабар олай, деб кетяпман. Кундузлари Фарангиз қараб ўтиради. Кечалари мен.
Фарангиз Салмоннинг хотини эди.
– Қайси касалхонада? Телефон қилиб бир оғиз…
– Раҳмат, шарт эмас. Фаррух бор-ку, синфдошимиз. Ҳозир ўша ерда бош шифокор экан.
Фаррухни биринчи курс пайтида бир-икки марта кўрганди. Ўшандан бери алоқалари узилган.
– Ҳа, Фаррух юрибдими? Қалай?
– Кайфияти аъло! Димоғи чоғ! Яхши ҳурмат қозонганга ўхшайди. Сени кўп гапиради. Тунов куни сени телевизорда кўрибди. Роса қулоғингни қизитдик. Биласанми, нимани эсладик. Ўшанда саккизинчи синфда ўқирдик. Соҳилда Гулар сенинг кўйлагингни бекитиб қўйганди. Ўғирлаб кетишибди, деб ўйладик. Пул йиғдик, сенга шаҳардан янги кўйлак олиб келмоқчи бўлдик. Мен автобус бекатига кетаётганимда, Гулар сумкасидан кўйлагингни чиқариб, байроқдек ҳилпиратди. “Пулни энди менга беринглар!” деб қичқирди. Кейин ўша пулга дўкондан майда-чуйда олдик. Маза қилганмиз ўшанда. Эсингдами? Гулар сени ёқтирарди. Нега унга уйланмадинг?
Гулар билан севги можаролари ёдида эди. Аммо, кўйлак воқеасини унутган экан.
– Гуларни кеча касалхонада кўрдим. Қайнанаси онам билан бир палатада ётган экан. У Гуларни оғзидан бол томиб мақтайди.
Чамаси Таваккал ҳеч нарсани эшитмади. Яна битта сигарет ёқди. Машина кенг йўлдан чапга, тор, илонизи кўчага бурилди. Таажжуб, Салмон ҳалиям уларнинг кўчасини унутмабди-да! Ахир бу кўчаларни ҳали тез-тез бузиб, таъмирлашади.
Салмон машинасини уларнинг ҳовлиси олдида тўхтатди.
– Мен ҳам тушаман, – деди таклифни кутиб ўтирмай калитни чўнтагига соларкан. – Онам касалланганидан бери отангдан хабар олмагандим. Сен келдинг, энди уйғониб қолса керак.
Демак, Салмон бу ерга келиб-кетаркан-да! Таваккал жойида қотиб қолганди. Салмон Таваккал ўтирган тарафдан келиб, эшикни очди.
– Туш, кимни кутяпсан?
Таваккал жим эди.
* * *
Дарвоза очиқ эди. Ғаффор амаки билан таксичи Волод ҳовлида стол-стулларни жойлаштириш билан банд эдилар.
– Вой отам, – деди Салмон бошини чангаллаб. – Вой отам, нега менга бир оғиз айтиб қўймадинглар?
– Раҳматлининг жони ҳозиргина узилди, – деди таксичи Волод оҳиста.
– Салбига айтувди, – пичирлади Ғаффор амаки. – Бир фаррош хотинга уй тўғрилаб берар экансан. Исми эсимдан чиқиб қолди. Ким билсин, жон талвасасида алаҳсирадими?
Йўқ, бу алаҳсираш эмас, кекса отанинг бутун умри давомида ўғлидан ягона илтимоси эди.
Таваккал ўзини тутолмасдан ҳўнграб юборди. Ўзини ичкарига урди. Ҳамма жим, ичкаридан фақат Таваккалнинг бўғиқ йиғиси эшитиларди, холос.
Тонг отай демасди. Умрдан ҳам узун эди, бу кеча…
Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси